(Кенгашли тўй тарқагандан кейин содир бўлган ҳангома)
Ҳазрат Алишер Навоий «Эсиз тақдир экан, қайдин билибмиз, азизим, дунёга бевақт келибмиз», деган эканлар. Ҳазрат бу дунёда «бадиий кенгаш», «таҳрир ҳайъати» деган нарсалар борлигини билганларида эҳтимол бундай демасдилар. Тасаввур қилиб кўринг: «Фарҳод ва Ширин»ни ёзиб, ҳар саҳифасини кўчиртиришга битта бўлка нон нархида ҳақ тўлаб, нашриётга ёки пьеса шаклида театруга олиб келдилар. Нашриётда «таҳрир ҳайъати», театру ва кинода «бадиий кенгаш» деб аталмиш сергак посбонлар гуруҳи борким, ҳар қандай зотга ақл ўргатмак уларнинг юмушидир. Африканинг қайси бир бурчагида жон сақламакда бўлган «цензура» аталмиш идора ходимлари ҳам бу посбонларни кўрганларида қуллуқ қилиб турарлар деган афсоналар ҳам бор. Демак, ул азизларимиз «Фарҳоду Ширин»ни ўқуб чиқдилар ва муаллифга дедиларким: «Алишер ака, сизнинг кўп ашъорларингизни ўқиганмиз, айрим шеърларингизни санъатимиз юлдузлари қўшиқ қилиб айтадилар. Сизга ҳурматимиз баланд, аммо-лекин бу янги асарингизда бир оз шошибсиз. Унда кераксиз қаҳрамонлар кўп. Масалан, Ёсуман хола образи. Икки севишганларни ажратувчи ёмонлар бизнинг жамиятимизда йўқ. Аксинча, ким бир-бирини севиб қолса, дарҳол тўю томошалар билан қовуштирилади. Демак, Ёсуман хола образи ҳаётий эмас. Ундан ё воз кечинг ё ажратувчи эмас, қўшмачига айлантиринг». Ҳайъат ёки кенгаш ўн кишидан иборат бўлса - шу тарзда ўнта, йигирмата бўлса - йигирмата танқидий фикр айтилади-ю шоир ҳазратлари асарларини қўлтиқлаб, минг пушаймон билан изларига қайтадилар. Беш юз йил аввал ўлиб кетганим яхши бўлган экан», деб Худога шукроналар айтадилар.
Биз таъриф қилаётганимиз посбонлар ҳамма соҳада донодирлар. Дейлик, уларнинг ҳукмига «Уч мушкетёр» деган роман қўлёзмаси келди. Албатта, уларга Александр Дюма деган ном таниш. Гап бошлайдиларки: «Ҳурматли Дюма ака, аввалги асарларингиз бизга жуда-жуда ёққан. Лекин бунисида анча шошибсиз, ҳатто халқаро миқёсдаги сиёсий хатоларга ҳам йўл қўйибсиз. Масалан, Франция қироличасининг аллақандай чет эл эркаги билан муҳаббатини қандай изоҳлайсиз? Сиз муаллиф сифатида қироличанинг эрига бундай ишончсизлик билдиришга ҳаққингиз йўқ. Сиз бевафо қиролича тимсолида кимни назарда тутяпсиз? Малика Диананими? Унда Дартаньян ким? Унинг ҳайдовчисими? У ҳолда асарингизда автомобил ҳалокати ҳам бўлиши шарт. Асардаги сиёсий хато шундан иборатки, қироличанинг бундай бемаъни муҳаббатини ўқиган ўқувчи барча қироличалар шунақа экан, деган хато қарорга келади. Ҳолбуки, Европанинг кўп мамлакатларида ҳозир ҳам қироличалар яшаяптилар. Ундан ташқари давлатлар раҳбарларининг аёллари ҳам қиролича мақомидадирлар. Тўғри, Россия Президенти бу масалага жиддий эътибор бермаслиги мумкин. Аммо Германия Канцлери ёки Италия Бош министри бундан ранжишлари табиий. Сиз бу асарингиз билан Германия ва Франция ўртасидага дўстлик муносабатига раҳна соласиз. Ўйлаб кўринг: нима учун Франция қироличаси немис ёки итальян йигитини севмади? Асарда ортиқча қаҳрамонлар ҳам бор: Арамис, Атос, Портос деганлар асарда нима қилиб ивирсиб юришибди. Ҳамма вазифани Дартаньянга юклайверинг ва асарни жиддий равишда қисқартирсангиз, ундан ширингина ҳикояча чиқиши мумкин. Кейин асарни кўчиришда хато ҳам ўтибди, сиз бунга эътибор бермабсиз. Биз «мушкетёр» деганингизга тушунмадик. Аслида «Пушкатёр» бўлса керак. Яъни, «пушкада отувчи», шундайми?
Умуман, ҳозирги ёзувчилар калта ўйладиган бўлиб қолишган. Мана, ўтган ҳафтада Лев Толстоев деганлари ёстиқдай китоб кўтариб келди. Бошқа гап қуриб қолгандай унда ҳам муҳаббат машмашаси. Анна Каренинова деган хотин биттасига ишқибоз бўлиб қолади. Во ажаб, агар хотин юраман, деса бўйдоқлар камми? Яна ўзини поездга ташлайди. Бу қанақаси? Бу китобни ўқиган хотинлар Карениновага тақлиб қилиб, поездга ташланаверишса, поездлар графиги бузилиб, халқ хўжалигига зарар етмайдими? Хуллас, Дюма акажоним, сизга маслаҳат: кўп ўқинг...»
Бу маслаҳатлардан сўнг Александр Дюманинг аҳволини тасаввур қилаверинг.
Айтинг-айтинг, у дунёда ҳам «ҳайъат» ва «кенгаш» деганлари бўлмасин-да...