Ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби, халқаро тинчлик учун кураш жарчиси Зулфия Исроилова 1915 йили Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилган. Шоира Хотин-қизлар билим юртида ўқиган вақтларида (1931-1934) адабий тўгаракларда шеър машқ қила бошлади. 1935-1938 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг А.С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди.
Сўнгра 1938-1948 йилларда Болалар нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Давлат нашриётида бўлим бошлиғи, 1950-1953 йилларда эса «Ўзбекистон хотин-қизлари” ойномасида бўлим бошлиғи ва ниҳоят, 1953-1980 йилларда «Саодат» ойномасининг бош муҳаррири бўлиб ишлади.
Зулфия 17 ёшида ёзган «Ҳаёт варақлари» (1932) номли биринчи шеърлар тўплами билан Ойдин, Музайяна Алавия, Хосиятхон Тиллахоновалар сафига кириб келди. Ёш шоира поезияси замонавий, актуал мавзуларга бағишланади.
Зулфиянинг ижодий камолотида ўзбек ва рус классиклари, халқ оғзаки ижодиёти ва жаҳон адабиёти анъаналарининг роли бениҳоя бўлди.
Шоира «Шеърлар» ва «Қизлар қўшиғи» (1938) каби поетик асарларини она-Ватан ва унинг дала, чўлларида меҳнат қилаётган пахтакорлар, механик, тракторчи қизларнинг қайноқ ҳаётларига бағишлайди. Айни чоқда мазкур тўпламлардаги шеърлар ёш шоиранинг шеърий маҳорат сирларини эгаллаётган даврини характерловчи асарлар сифатида ҳам муҳим эди.
Улуғ Ватан уруши даврида шоиранинг «Уни Фарҳод дер эдилар» (1943), «Ҳижрон кунларида» (1944) каби тўпламларининг нашр этилиши Зулфиянинг пешқадам шоирлар қаторига дадил кириб келаётганлигидан нишона эди. Тўпламдаги шеърлар Ватанга муҳаббат, душманга нафрат ва ғалабага ишонч руҳида яратилганлиги билан характерлидир. Зулфиянинг «Менинг Ватаним», «Қўлимда қуролу устимда шинел», «Бизни кут» каби умидбахш шеърлари уруш даври ўзбек шеъриятининг жанговар руҳини англатувчи асарлари қаторидан мустаҳкам ўрин олган.
Ҳозиржавоб шоиранинг урушдан сўнгги йилларида ёзилган «Чоржўй—Қўнгирот» (1947), «Далада бир кун» (1948), «Зоотехник қиз» (1952), «Тонг қўшиғи» (1953) каби бир қатор шеърлар туркуми, «Мен тонгни куйлайман», «Юрагимга яқин кишилар» (1958), «Куйларим сизга» (1965), «Салом, сизга эркпарвар эллар», «Ўғлим, сира бўлмайди уруш» каби шеър ва тўпламларида Ватан мадҳи, меҳнат жараёнида фидокорлик кўрсатаётган кишилар ҳаёти жўшиб куйланади, хунрез урушларга лаънатлар ўқилади. Унинг «Сўроқлайди шоирни шеърим» (1960), «Ойдин» (1953), «Қуёшли қалам» (1967) кабиъ очерк, поема ва достонлари Ҳ. Ҳакимзода, Ойбек, Ойдин, Ҳамид Олимжон каби устодларнинг ёрқин хотираларига бағишланган. Серқирра ижод эгаси Зулфия Ҳ. Олимжо нинг «Семурғ», «Зайнаб ва Омон» достонлари асосида пъеса ва опера либреттолар ҳам яратди.
Зулфия «Ўйлар», «Шалола» каби шеърий мажмуалари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти совриндори бўлган. «Сайланма»лари учун Иттифоқ Давлат мукофоти, ҳинд мавзуидаги шеърлари учун Жавоҳарлал Неру номидаги умумҳиндистон соврини, Тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун халқаро «Нилуфар» мукофотларига сазовор бўлган. Айни чоғда Зулфиянинг халдаро дўстлик, тинчлик ва байналмилал руҳида ёзилган бадиий ва публитсистик асарлари унинг катта жамоатчилик фаолияти билан қўшилиб кетади. Шоира Ҳиндистон, Югославия, Шри Ланка, Миср, Бирма, Австрия каби мамлакатларда бўлди. Совет хотин-қизлар комитетининг аъзоси Зулфия 1956 йилда Осиё ва Африка ёзувчиларининг Деҳлида ўтказилган биринчи Конференсиясида қатнашиб, катта анжуман хотирасига бағишланган машҳур «Мушоира» (1958) асарини яратди.
Унинг шеърлари рус, инглиз, немис, ҳинд, болгар, хитой, араб, форс ва бошқа тилларга таржима қилинган. Шоира Некрасов, Лермонтов, С. Шчепачев, В. Инбер, Леся Украинка, Эди Огнесвет, М. Дилбозий, Амрита Притам асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилди.
Йирик жамоат арбоби, шоира Зулфия — Ўзбекистон Олий Советининг депутати, Осиё ва Африка мамлакатлари билан алоқа қилувчи совет комитетининг раиси (1962) бўлган.
Ҳукумат Зулфиянинг самарали ижоди ва актив жамоатчилик фаолиятини Меҳнат Қаҳрамони унвони, Ленин ордени ва уч марта Меҳнат Қизил Байроқ ордени ва медаллар билан тақдирлади.
У Болгария Халқ Республикасининг биринчи даражали «Кирилл ва Мефодий» ордени билан мукофотланган. Шоира 1975 йилда 60 ёшга тўлиши муносабати билан Халқлар дўстлиги орденини олишга сазовор бўлди. Айни чоғда у собиқ Иттифоқ Давлат мукофоти лауреати ва Меҳнат Қаҳрамони ҳамдир.