(Фарғона ҳаётидан)
— Ҳаҳ, тангримга шукр, оҳ, ухлаб кетди! — деди ва эски тўшаклар орасида тўлиб-тошиб ухлаб ётқан боласиға она муҳаббати билан узоқ-узоқ тикилиб қарағандан кейин:
— Жиндак мизғиб олай,— деди ва бошини секингина болишқа қўйди.
Бу каттагина бир қишлоқда ўтиб ётқан бир рўзғор, у боласини ухлатған Хадичахон деган ёш бир жувон. Ухлаб ётқан бола бўлса, унинг кичик ўғли Исҳоқжон эди.
Исҳоқжоннинг отаси Розиқжон ўша қишлоқлик бир деҳқон йигит бўлиб, тўрт-беш таноб ерига ўзи ишлаб, беш-олти йилдан бери шу рўзғорини айлантириб келар эди.
Рўзғор катта эмас: бир хотуни, бир онаси, икки ўғли ва бир ўзидан иборат кичкинагина бир йиғин эди.
Инқилобдан бир-икки йил бурун янги уйланган вақтларида рўзғори яхши, тинч, бир хилгина ўтиб турган эди. Инқилоб бўлиб, мана, ички урушлар бошланиб, юрт уруш майдониға айлангандан кейин талаға чиқиб деҳқончилик қилиш қийинлашиб, рўзғорни келдиратиб олиб бориш ҳам жуда оғир бўлиб қолди. Шундай бўлса ҳамки, ёш, ғайратлик, лекин ёшлиғидан бери тинчликни севиб катта бўлған Розиқжон куч ва қувватини, ғайрат ва ҳаракатини бирга ўн ошириб, бир қарич тупроқ устида ишлади. Сўнг чоғларғача рўзғорини тебратиб келди.
Рўзғорнинг ички ҳожатлари учун иккита соғим сигир, битта қўшчи от орттирди. Шундай қилиб, бу турмуш ўтган йили шу чоғларғача бир хилда давом этиб келди.
Бултур шу вақтларда Розиқжон у... хуфтонғача таладан қайтмасдан, кечикиб қолди. Хадичахон замоннинг тинчсиз вақтпарида эрининг кеч қолишидан қўрқса ҳам, «бугун ўроқни бўлса, нариги жўгари томонға сув боғламоқчи эди», деб шу билан ўзини юпатди.
Ярим кеча — саҳар бўлди. Розиқдан хабар бўлмади. Хадичахон билан қари кампир оғир бир изтироб остиға тушган эдилар.
Эшикни қоқдилар.
Эшик очмоқ учун чиқиб кетган кампир: "Вой болам"лаб йиғлаб кирди. Кўнгли бузулғон Хадичахон ирғиб ташқарига чиқиши билан уч эркакнинг қўллари устида қора қонға бўялиб ётқан Розиқни кўрди!
Бир нафас тўхтади, на йиғи келди, на бошқа, бош қотди. Кейин ўликни бўйранинг устига қўйиб кетаёткан кишилардан:
— Вой, бу нима гап? — деб сўради.
Қишлоқ кишилари шошилмасдан, ҳовлиқмасдан, вазминлик билан:
— Келин, бу таладан келаётиб йўлда беклар отиб кетибдур,— деб жавоб бердилар...
Шунга бир йил бўлиб ўтди.
Розиқжон эсдан чиқаёзиб қолди. Хадичахон боласи Исҳоқни ухлатиб бўлиб, ўзи болишқа бошини қўйған вақтида Розиқжон хаёлиға тушди. Ундан кейин ухлай олмай, узоқ-узоқ ўйланиб ётди.
Кун чиққан, тиғлари панжара орқали чўзилиб уй ичига кирганлар эди. Ухлай олмади, боласига яна бир тикилиб олғач, бошиға калта камзулини ёпиб, тўппа-тўғри кўчага чиқди. Беш қадам юриб, чап қўлдағи тор кўча билан талаға чиқди. Талада ишлаб ётқан деҳқонларга қараб, Розиқжонни тугалгина эсига солмоқчи эди.
Бу йил бир мунча ерга пахта экилган, ана шу Турдиали ўз ерида пахта чопиб турадур. Тутнинг тагига ўт ёқиб, кичкина човгунчани қайнатиб қўйған: тўнини тутқа илган...
Оҳ, агар шу Розиқжон бўлса эди, чойдиш қўйиб чой дамлаб, зоғора нон билан олиб чиқар эди... Кўнгли тўлди, кўзига хоҳлар-хоҳламас бир томчи ёш келди. Кўз ёшларини кир-моғор енги билан секингина артиб, яна уйга қайтди. Кўча тарафдаги эшикни очиб, ичкарига кириши билан кампир йўлиқиб:
— Собиржонни икки хурмача қатиқ бериб, шаҳарга юбордим: «Дарров сотиб, бир қадоқ-ярим қадоқ гўшт олиб кел!» — дедим, болам бечора кетди,—- деди.
Келиннинг ақли талада, бир вақтлар талани яшнатқан Розиқжонда эди. Англар-англамас бир аҳд билан, бўшангғина, эшитилар-эшитилмас қилиб:
— Яхши қилибсиз,— деди.
Шу билан индамасдан уйга кириб кетди.
Пешин бўлди, кеч кирди. Собиржондан дарак бўлмади. Кампир билан келин талвасаға тушдилар. Дарҳол қўни-қўшниға хабар бериб, қўшнининг катта ўғли Холматни отқа миндириб шаҳарга юбордилар. Холмат у кеча қайтмади.
У кечани кампир билан келин бир дўзах азобида ўтказдилар, чой ҳам ичмадилар, овқат ҳам емадилар.
Эртаси эрта билан Собиржоннинг ўлигини кўтариб Холмат келди. Йиғи-сиғи орасида сўрағанларға Холмат йигит сира пинагини бузмасдан:
— Шаҳарда отиш бўлған экан... Ўқ теккандур, ё арманлар отиб кетгандур,— деб жавоб берди...
Хадичахон 23 га қадам босқан. Локин ҳеч ким уни 23 да демайдур; билмаган кишилар уни қари жувон, 35 ларга кирган бир хотун дейдурлар. Унинг ақли, ҳуши ҳам жойида эмас, қишлоқ болалари: «Хади жинни» деб от қўйғанлар. Мунинг аҳволини яхши билган кишиларнинг ҳамма вақт унга раҳмлари келадур, «бечора жувон» дейдурлар.
Бечора жувоннинг кичик ўғли Исҳоқжон ҳам касал. Мундай замонда табиб, дору дармон ҳам топилмайдур.
Бечора хотун безгак чангалида қалтираб ётқан боласини заҳарлик кўз-ёшлари тўкуб туриб, қуруб-қотиб кётган бағрига босадур-да:
— Битта-ю биттам, ёлғуз қўзичоғим, худойим сенигина кўп кўрмасин!..— дейдур. Ва тиқилган, бўғулган нафаси билан узулуб-узулуб йиғлайдур...
1923 йил.