Минтақа маданиятида туркий шеъриятнинг ривожи

Алишер Навоий ўз ижодида Низомий ва Амир Хусрав, Аттор ва Фахриддин Ироқий яратган бадиий ва ирфоний оламлар ёғдусидан баҳраманд бўлди. Юқорида номлари эсланган Саъдий, Ҳофиз, Анварий, Хоқоний каби ўнлаб форс мумтоз адабиёти вакилларига татаббу-жавоблар ёзди. Ва ўз мустақил бадиий оламини яратди. Бу олам туркий шеърият оламига тааллуқли эди. Туркий адабиёт вакиллари эса азалдан ижтимоий-ахлоқий муаммоларга алоҳида эътибор бериб келадилар. Адиб Аҳмад (VIII-IX асрлар), Юсуф Хос Ҳожиб (XI аср), Аҳмад Яссавий ва Сулаймон Боқирғоний (XII аср), Қул Али (XII - XIII асрлар), Юнус Эмро (XIII аср), Рабғузий(XIV аср) каби буюк сиймоларни етиштирган туркий тилдаги адабиёт XIV асрдан бошлаб гуркираб ривожлана бошлади. Дастлаб Хоразм адабий мактаби шаклланди. Унда «Муҳаббатнома» муаллифи Хоразмий, Қутб, Сайфи Сароий каби улуғ ижодкорлар етишиб чиқди.
XIV аср 70-йилларидан минтақа сиёсий ҳаётида мўғуллар ҳукмронлиги тугаб, Темурийлар даври бошланди. Буюк Соҳибқирон Амир Темур таназзулга юз тутган ва парчаланган Чиғатой улусининг ўрнида ислом минтақасининг қалб қисмини ўз ҳудудига бирлаштирган улуғ салтанатни вужудга келтирди. Ғарбда Ироқ ва Сурия ерлари, Эрон, Афғонистон ва Марказий Осиё ўлкаларини деярли тўлиқ қамраб олган бу мамлакат ислом минтақа халқларининг ягона сиёсий ҳудудга охирги марта бирлашуви бўлиб, Темур минтақа миқёсида нуфузга эга бўлган охирги давлат бошлиғи эди. Унинг давлатни бошқариш ва улус осойишталигини таъминлаш йўлидаги хизматлари ислом минтақа маданияти давлатчилик соҳасидаги ютуқларининг юқори чўққиси бўлди.
Бу давр минтақа адабий ҳаётида ҳам сезиларли ўзгаришлар бўлди. Низомий ва Амир Хусравлар туркий элат вакили бўла туриб, форс тилида ижод қилган бўлсалар, энди туркий шеърият бутун минтақа ҳудудида ривож ола бошлади. Шерозда Ҳофиз Хоразмий шуҳрат қозонди. Ҳирот, Самарқанд, Бухоро, Табриз, Хўжанд шаҳарлари, Ироқ, Кичик Осиё, Миср, Волгабўйи, Фарғона, Хоразм ўлкаларида туркий тилда ижод қилувчилар етишиб чиқа бошлашди. Сайид Қосимий, Ҳайдар Хоразмий, Атоий, Саккокий, Гадоий, Лутфий, Юсуф Амирий, Яқиний, Сайид Аҳмад, Хўжандий, Муқимий, Сайид Насимий, Наимий, Камолий, Латифий, Суҳайлий, Мирзо Ҳожи Суғдий ва бошқа шоир ва адиблар туркий тилда ғазаллар, рубоийлар, қитъалар, қасида ва маснавий, достон ва насрий асарлар ёза бошладилар. Темурийзодалар, яъни Амир Темурнинг набира-эваралари кўпчилиги туркий назмга майл кўрсатдилар. Алишер Навоий «Мажолис ун- нафоис»да Султон Искандар Шерозий, Халил Султон, Иброҳим Муҳаммад Халил, Абубакр Мирзо, Шоҳ Ғариб Мирзо, Бадиуззамон Мирзо, Абулқосим Бобир, Сайид Аҳмад Мирзо, Султон Аҳмад Мирзо, Фаридун Ҳусайн Мирзо ва бошқа қатор амирзодаларнинг шеърларидан намуналар келтиради. Амир Сайфиддин Барлос, Арслон Хўжа Тархон каби нуфузли амирлар ҳам шеъриятга ҳомийлик қилар, ҳам ўзлари ижод билан шуғулланар эдилар.
Жами XV асрда ўтган 50га яқин туркий шеърият намояндалари Навоий асарларида тилга олинади ва шеърларидан намуналар берилади. Айниқса, Султон Ҳусайн Бойқаро бу соҳада алоҳида хизмат кўрсатди. Алишер Навоийнинг баракали ижодий фаолиятида ушбу улуғ туркий шеърият вакили ҳамда ҳомийсининг кўмаги ва далдаси катта аҳамиятга эга бўлди. Бу даврда Қутб ва Ҳайдар Хоразмийларнинг «Хамса» анъаналарини туркий шеъриятга ёйиш ҳаракатлари, Саъдий «Гулистони», Атторнинг «Илоҳийнома» (Сайид Қосимий) ва «Мантиқ ут-тайр» (Гулшаҳрий) асарларининг таржима ва татаббулари, Насимийнинг юксак ирфоний шеърияти, Атоий, Саккокий, Гадоий, Лутфийларнинг девонлари, Хоразмий, Хўжандий, Амирий ва Сайид Аҳмад «Ишқнома»лари (Муҳаббатнома», «Латофатнома», «Таашшуқнома», «Даҳнома»), Амирий ва Яқинийларнинг рамзий мунозаралари ва бошқалар туркий мумтоз шеъриятни минтақа адабиётининг юксак поғоналарига кўтарган эди. Бу даврда Қуръоннинг қатор туркий тафсирлари, туркий тилда пайғамбарлар қиссаcи, ахлоқий ва тарихий рисолалар, адабиётшуносликка оид асарлар яратилган эди.
Алишер Навоий бадиий ижод тариқи ҳақидаги ўз назариясини қисман туркий адабиёт вакилларига ҳам татбиқ этади. «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» асарида унинг ўзига ота қаторида меҳрибонликлар кўрсатган устози, куштигирлар пири билан бир суҳбати келтирилади:
Паҳлавон навқирон шоирдан сўрайдики, туркигўй шоирлар ичида энг яхшиси ким? Навоий жавобида мавлоно Лутфийни тилга олади. Шунда Паҳлавон Муҳаммад ҳайрон бўлиб, сўрайди:
-Нечук Сайид Насимий демадинг?
Фақир дедим:
- Хотирға келмади ва бар тақдир келмоқ, Сайид Насимийнинг назми ўзга ранг тушубдур, зоҳир аҳли шуаросидек назм айтмайдур, балки ҳақиқат тариқин адо қилибдур. Бу саволда сенинг ғаразинг мажоз тариқида айтур эл эрди.» (Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 15-ж. Т., 1999, с. 116)
Бу суҳбатдан икки нарса аён бўлади. Биринчидан, «мажоз тариқи» ва «ҳақиқат тариқи» йўналишлари фақат Алишер Навоий тахайюлининг меваси бўлмай, унинг ёшлик давридаёқ илм ва санъат аҳлига маълум бўлган. (Бунга ишоралар «Хамсатул-мутаҳаййирин»да ҳам учрайди.) Иккинчидан, Лутфий ва Насимий каби улуғ туркий тилли шоирлар танлаган бадиий ижод тариқларини бир-биридан фарқ қилиш билан Навоий навқиронлик давридаёқ бу масалада ўзининг аниқ-равшан қарашларига эга бўлганлиги ойдинлашади.
Аммо Паҳлавон ёш дўстига эътироз билдириб: «Сайид Насимийнинг назми зоҳир юзидин мажоз тариқига шомилдур ва маъно юзидан ҳақиқат тариқига» дер экан, бу билан Насимий ижоди ҳам Жомийники сингари мураккаб характерга эга эканлиги таъкид этилади.


«Бадойиъ ул-бидоя»да тавҳид ғояси

Алишер Навоий минтақа адабиётига шундай бир муҳитда кириб келди. Навоий бадиий олами бениҳоя кенг ва ранг-баранг. Унинг Борлиқни идрок этиши ижодининг турли даврларида ва турли йўналишларида ўзига хос аксини топган. Биз бир неча намуна келтириш билан чекланамиз. Аввало, шуни айтиб ўтиш жоизки, Навоий ижоди шу пайтгача кўпроқ таркибий жиҳатдан ўрганиб келинди, уни тадрижий жиҳатдан ўрганишга асосан Иззат Султон («Навоийнинг қалб дафтари») ва Ҳ.Сулаймонов («Хазойин ул-маоний» танқидий матни) ишларида ҳаракат қилинди. Ушбу ишларга таяниб хулоса қилганда, шоир бадиий камолотининг биринчи босқичи 1469 йил Султон Ҳусайн Ҳирот тахтини эгаллагандан кейинги бир неча йил орасида шоир ўз қўли билан тартиб берган биринчи девони «Бадойиъ ул-бидоя»да ўз аксини топган, дейиш мумкин. Биз шу мажмуадан икки асарни олиб қиёсий таҳлил қилиб кўрамиз. Буларнинг биринчиси  девонни бошлаб берувчи «Ашрақат» ғазали, иккинчиси ушбу девон таркибидаги «Кетур соқий, ул майки, субҳи аласт...» деб бошланувчи таржиъбанддир. Биз бу икки асар мазмунига диққат қаратмоқчи бўлганимиз сабаби улардаги бош тимсоллар билан боғлиқ. Бу тимсоллар «май», «жом» ва «синғон сафол» мажозлари бўлиб, улар бу икки шеър мазмунини бир-бирига боғлаб туради.
Биз доимо Навоийнинг бош қаҳрамони - Инсон деймиз. Менимча, шунга аниқлик киритилса, шоирнинг бош қаҳрамони оддий инсон эмас - Ошиқ инсон, деб қаралса, ҳақиқатга мувофиқроқ бўлар эди. Аммо бу қандай ошиқлик? Биринчи ғазалнинг илк сатрларини ўқийлик:

Ашрақат мин акси шамсил каъси анвор-ул-ҳудо,
«Ёр аксин майда кўр» деб жомдин чиқди садо.
Ғайр нақшидин кўнгил жомида бўлса занги ғам,
Йўқдур, эй соқий, майи ваҳдат масаллик ғамзудо.

Шеъриятнинг, бадиий адабиётнинг қудрати шундаки, ўз қаъридаги сирларни ўзи очади, тилсим ҳам ўзи, бу тилсимнинг калити ҳам ўзида, фақат
уни холис назар билан, синчковлик билан, меҳр билан ўқиш керак. Юқоридаги парчада ҳам кўриниб турибдики, биринчи сатрдаги тимсоллар иккинчи сатрда изоҳланган. «Ғайр» - бегона демакдир. «Ғамзудо» - «ғам зангини тозалагувчи» маъносини билдиради. «Май» - «майи ваҳдат» (бирлик, ягоналик шароби), яъни ирфоний ишқ, «жом» эса «кўнгил жоми» экан. Кўнгил жоми агар бегона акси тушиб занг оладиган бўлса, ушбу ғамдан фориғ этувчи энг мақбул восита ваҳдат майи дейилмоқда. Шеър давомига мурожаат қиламиз:

Эй, хуш ул майким, анга зарф ўлса бир синғон сафол,
Жом ўлур гетинамо, Жамшид ани ичган гадо.

«Гети» - жаҳон, коинот; «гетинамо» бутун жаҳонни, коинотни акс эттирувчи кўзгу. Ваҳдат майини ичган кишининг кўнгли бутун коинотни ўзида акс эттириш хислатини касб этади. Ҳеч нарсаси йўқ гадо агар ваҳдат майини ичса, Жамшид, яъни бутун ер юзининг подшоҳига айланади («жоми Жамшид» тимсолига ишора). Аммо «синғон сафол» тимсоли қандай сирни ўзида яширмоқда? Буни аниқлаш учун энди шоирнинг йигитлик айёмида яратган таржиъбандига мурожаат қиламиз :

Кетур, соқий, ул майки, субҳи аласт,
Анинг нашъасидин кўнгил эрди маст.
Майиким, қилур қуйсалар жом аро,
Ўзи масту, кайфияти майпараст...

Шеър давомида шоир бошидан кечирган бир саргузаштни ҳикоя қилади:

Эшит саргузаштеки, бугун менга
Неча майпараст ўлдилар ҳамнишаст...

Шоир майхонада бир неча майпараст билан бирга ўтиргач, қўлига яна май солинган сопол кўзани олиб, манзили сари йўлга чиқади. Йўлда бир неча «эҳтисоб аҳли» (яъни, шариат қоидаларига шаҳар аҳли қандай риоя қилаётганини текшириб борувчи муҳтасибнинг одамлари) шоирни майхўрликда айблаб, калтаклайдилар. Шоир баданига етган озорни сезмайди, аммо қўлидаги май тўла кўза синганига қаттиқ куюнади:

Шикастим менинг онча эрмас эди,                
Ки май зарфи топди арода шикаст.
Чу синди сабу, чорае топмадим,
Мени муфлису, уру, гирёну маст.

(Навоий қаҳрамони муфлис, яъни бозори касод бўлган, ур, яъни яланғоч, либослари пора, гирён - кўзларида шашқатор ёш ва маст.) Шу ҳолида -

Харобат аро кирдим ошуфтаҳол,
Май истарга илгимда синғон сафол.

Харобот - ҳам вайрона, ҳам майхона, ҳам муғ дайри, яъни оташпарастлар ибодатхонаси, ҳам бу фоний дунё - асли барчаси бир нарса - харобот.
Шоир май истайди, аммо май тўла кўза чил-чил бўлган, унинг қўлида  фақат синган сопол парчалари қолган. Ушбу сопол бўлакларини эҳтиёт билан йиғмоқ керак. Қадимги обидаларни тупроқ остидан парча-парча ҳолда топиб, тўплаб, ҳар бирини чанг-ғубордан, чиркдан
тозалаб, уларни кошинкор усталар каби бир-бирига мосини аниқлаб, тўғри жойлаштириб, нақшлар яхлитлигини тиклаб, кейин бир асосга тархини чизиб, ўша асосда бир-бирига ёпиштириб, етмаган, топилмаган жойини ўрнига қараб тасаввурда тиклаб, яхлит идиш ҳолига келтирадиган зукко атиқашунос вазифасини адо этмоқ керак.
Ана шундан сўнг бу идиш нима вазифа бажарган, унинг мазмуни, шакли, ундан фойдаланиш қонун-қоидаларини аниқлаш мумкин. Биз ҳам устоз адиб ижодига шундай муносабатда бўлсаккина, у яратган ёки ишлатган ҳар бир тимсол, ташбиҳ, атамаларга ғояти эътибор билан ёндошиб, уларни бир-бирига қиёсан ўрганиб, мағзини чақишга уринсаккина бир натижа чиқиши мумкин. Шеърга қайтамиз. Унинг бир банди тугаб, янгиси бошланади:

Сафол ичра бир журъа лойе манга,
Эрур жоми гетинамойе манга,
Кетармакка худбинлигим ранжини,
Қани бода янглиғ давойе манга.

Ҳақиқий ошиқ учун май кўзасининг синиғи - сопол парча юзида сақланган бир қултум май қуйқаси (лойи) ҳам бутун жаҳонни (балки коинотни) ўзида акс эттира олувчи ваҳдат майи тўла қадаҳ (жом) ўрнига ўтаверади, ўша вазифани ижро қилаверади.
Бу нима дегани? Борлиқ моҳияти воҳид ва ягона. Аммо инсон ушбу ягона моҳиятни кўз билан кўра олмайди, инсон фақат унинг мажозини - кўзгудаги аксини кўришга қодир. Мажозда, яъни табиат, воқелик кўзгусида тасвир парчаланиб кетган, ваҳдат (ягоналик) зоҳиран касрат (кўплик)га айланган, шу сабабли бу воқеий дунё хароботдир, вайронадир, бутпарастлар ибодатхонасидир, уни ошиқ майхона сифатида кўради, ҳар санамда ягона бир санамни кўриб унга ошиқ бўлади.
Инсон кўнгли ваҳдат майи билан тўла бўлган кўза (сабу)нинг синган бир парчаси, унда бир қултум лойқа аралаш май мавжуд. Ваҳдат майига ташна ошиқ шу май қуйқасини яхшилаб тинитмоғи лозим, шундагина у яхлит кўзгунинг бир парчаси сингари Ҳақиқат нурини ўзида акс эттира бошлайди. Ошиқ унга боқиб маст бўлади, ўзлигини йўқотиб, абадиятга дахлдор бўлиш имконини пайдо қилади. Бундай ошиқлик-мастлик инсон кўнглидан ҳирсу ҳавас зангини, худбинлик (эгоизм) зангини (ранжини, ғамини) ювиб ташлайди. Ғайр (бегона) шу худбинликдир, ширк шу худбинликка дилдан жой беришдир, кўнгил кўзгусини босган занг ҳам ушбу худбинликнинг ўзидир.
Ваҳдат майини ичган ошиққа ҳеч ким жафо қила олмайди, ўзи ҳам бировга жафо қилишдан холи бўлади:

Чун мен дайр пири вафосида мен,
Фалакдин етишмас жафойе манга.
Дайр пири - майхона соҳиби, Борлиқ ҳақиқатининг сақловчиси, эгаси. Ошиқ ягона Борлиқ ҳақиқатига, Олий ҳақиқатга хиёнат қилмайди, унинг асрорини англаб етишга интилишдан чекинмайди. Демак, унга ҳам
тақдирдан шикаст етмайди, дайр пирига вафодорлик сақлаган ошиққа фалак жафо етказа олмайди. Чунки у худбинлик ранжини енгиб ўтган, ваҳдат майи ёрдамида унинг кўнгил кўзгуси бегона соялардан (ғайр нақшидан) покланган. Бундай кўнгил кўзгуси фанодан бақога юзлангандир.
Бу тимсол ва тасвирлар нақшбандия ирфони доирасидан туриб илгари интилаётган ошиқ-шоир қалбида туғилиб келаётган мажоз тариқи унсурларидир. Улар келгусида янги пояларга кўтарилиш учун қўйилган илк қадамлардир. 15 ёшида кекса Лутфийни ҳайратга солган илоҳий истеъдод шу тариқа янги уфқларга кўз тикмоқда эди.


Хамсачилик анъаналарининг шаклланиши ва туркий «Хамса»нинг моҳияти

Маълумки, шайх Низомий «Хамса» ёзишни аввалдан махсус режалаштирган эмас. Аммо шеъриятда мутлақо янги бир йўналишга асос солаётганини ўзи сезиб турган. Унинг биринчи достони «Махзан-ул-асрор»(«Сирлар хазинаси») деб аталади. Асар илк сатрлари қуйидагича жаранглайди:

«Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим,
Ҳаст калиди дари ганжи ҳаким

(«Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим» калимаси
Ҳикматлар эгаси хазинасига калиддир)

Ушбу сатрлар биринчи - «тавҳид» бобига кириш бўлиб, унинг мазмуни яратганнинг ҳамдидир. Шундан сўнг икки муножот, Пайғамбар наъти, меърож тасвирига бир неча боб бағишланиб, кейин шоир замона подшоҳи Фахриддин Баҳромшоҳни мадҳ этишга киришади.
Маълумки, Саноий ҳам асари охирида ўша давр ҳукмдори Абулхорис Баҳромшоҳга мадҳия битган эди. Низомий шу баҳонада ўз достонини Саноий асарига қиёслаб ўтади:

Он заре аз кони куҳан рихта,
В-ин дуре аз баҳри нав ангихта.

(Ул эски маъдандан олтин қуйганди,
Бул янги денгиздан гавҳар чиқарди)

Ушбу қиёсда Саноийнинг шеърият камолида биринчи босқичнинг якунловчиси бўлгани, Низомий эса янги даврни бошлаб бергани таъкид этилмоқда.
Мадҳиялардан сўнг Низомий «кўнгилни англаш» («шинохтани дил») ҳақида бир қатор боблар яратади ва уларда инсоннинг руҳият иқлимлари ажойиб ташбеҳ ва тимсолларда теран таҳлил этилади. Бу ҳолатлар, яъни инсоннинг ўз кўнгил боғида сайр этиши тунда ва хилватда амалга оширилганлиги алоҳида қайд этилади.
Достоннинг асосий қисми йигирма мақолатдан ташкил топган бўлиб, улар Одам Атонинг, яъни Инсоннинг яратилиши, унинг асл моҳияти, бурч ва вазифалари, ҳукмдор адолати, дунёнинг буқаламунлиги, инсонларнинг бир-бирига ва умуман тирик мавжудотга муносабати, жамиятдаги қабиҳликлар, дўстлик ва вафо масалаларига бағишланган. Ҳар бир мақолат охирида ижтимоий ҳаётдан бир ҳикоят ибрат йўсинида илова қилинади ва ундан ахлоқий-фалсафий хулосалар чиқарилади. Бу достонда инсон ва жамият, Инсон ва Олий Борлиқ мунособатларини бир-биридан ажратмаган ҳолда, уйғунликда таҳлил ва тадқиқ этилади. Шу жиҳатдан унинг Саноий асарига мазмун ва мавзу таркибида ҳамоҳанглиги бежиз эмас. Аммо «Ҳадойиқ ул-ҳақиқа» Саноий ижоди учун якуний асар, хулоса бўлса, Низомий учун «Махзан-ул-асрор» ижодий режаларининг бошланиши, илк муқаддима эди. Агар Фаридиддин Аттор бутун умр Инсон ва Олий Борлиқ нисбатини таҳлил этишга уринган бўлса, Низомий ўзининг иккинчи достонидан бошлаб ижтимоий муносабатлар, инсонлар аро муносабатлар таҳлилига киришиб кетади. «Хусрав ва Ширин» шоҳлик ва ошиқлик, адолат ва муҳаббат масалаларини, «Лайли ва Мажнун» ишқ ва оилавий муносабатлар, ишқ ва инсонийлик, ишқ ва урф-одатлар, бир сўз билан айтганда, инсонлар жамоасида ишқ ва ошиқлик мартабаси масалаларини, «Ҳафт пайкар» ҳукмдор ва раият, адолат ва зулм, худбинлик ва фидоийлик, инсоннинг жамият олдидаги бурч ва маъсулияти, инсон бахти ва фожиаси масалаларини, «Шарафнома» ва «Иқболнома» достонлари эса афсонага айланган тарихий Искандар ҳаёти ва тақдири орқали умуман ўша давр ижтимоий ҳаётининг мураккаб ва долғали манзарасини, инсонлар жамиятининг фалсафий ва амалий қиёфасини, моҳиятини очиб беришга қаратилган. Низомий яратган олти достоннинг охирги иккитаси «Искандарнома» сарлавҳаси остида бирлаштирилиб, «Хамса» (Бешлик) га айланди. «Хамса» бадиий олами эса ислом минтақа маъавияти такомилида буткул янги босқичнинг ибтидоси эди. Тасаввуф ирфони ислом маърифатчилиги билан деярли бир пайтда (IX асрдан) бошланганидек, бу сафар ҳам Низомий асос солган янги йўналиш «ҳақиқат тариқи» (яъни, тасаввуф эпик шеърияти) билан деярли бир даврдан бошланди. Аммо «Хамса» йўналиши Низомий ижодида бироз «ўз вақтидан илгари» юз кўрсатган бўлиб, давр тасаввуф босқичи камолотини тақозо қилар эди. Шу сабабли XII аср иккинчи ярмида яратилган Низомий мероси 150 йил улуснинг диққат марказидан четда қолиб келди. Ҳатто XIII асрда ижод этган Саъдий Шерозий яна маълум маънода Саноий анъанасини давом эттириб, ўзининг «Бўстон» ва «Гулистон» асарларини «Ҳадиқа» йўналишда, ўша эркин услубда яратди. Фақат Ҳиндистонни Ватан деб билган форсийзабон турк Амир Хусрав Деҳлавийгина, XIII аср охирида уч девон ва бир йирик достон яратиб улгургач, 50 ёшга яқинлашганида, яъни XIV аср бўсағасида Низомий «Хамса»сига жавоб ёзишга бел боғлади ва 1302 йилга бориб (4 йил ичида) ўзининг жавоб-татаббусини тўлиқ ёзиб тугаллади.
Алишер Навоий «мажоз тариқи» ҳақида ёзар экан, Низомий Ганжавий номини тилга олишга журъат этмайди, бунинг сабаби улуғ шайхнинг тафаккур олами ҳар қандай қолипларга сиғмаслигини дилдан ҳис қилганидан бўлса керак. Аммо Амир Хусрав Деҳлавий исми сўзсиз «ҳақиқат асрорига мажоз тариқин махлут қилганлар» қаторида шайх Саъдийдан кейинги фахрли ўринни эгаллаган. Бу бежиз эмас, албатта. «Ҳинд сеҳргари» (соҳири ҳинд) нинг ўзига мурожаат этайлик:

Фидойи ишқ шав, гар худ мажозист,
Ки давлатро дар-у пўшида розист,
Ҳақиқат дар мажоз инак падид аст,
Ки фатҳи он хазина з-ин калидаст.

(Ўзингни ишққа бахш эт, агар у мажозий бўлса ҳам,
Чунки унда саодат сирлари яшириндир.
Ҳақиқат мажозда шундай ўзини намоён этадики,
Ул хазинани қўлга киритмоқ имкони ушбу калит орқали бўлади.)

Шоир мажозий ишққа шундай таъриф бериш билан ҳам чекланмайди, у ўз давридаги баъзи «ишқи ҳақиқий»дан лоф урувчиларни фош этишни ҳам лозим топади:

Ту к-аз «ишқи ҳақиқий» лофий, эй дўст,
Хароши сўзане бенмой дар пуст,
Ту к-аз бонги саге аз дин шави фард,
Надори шарм аз-ин имони бедард.

(Эй, сен «ишқи ҳақиқий» дан лоф урувчи дўст,
Баданингга бир игна қадалишини тасаввур қилиб кўр.
Ногаҳон ит «вов» деса чўчиб диндан чиқиб кетасану,
Яна бундай «дардсиз имон»ингни кўз-кўз қилгани уялмайсанми?)

Бундай мулоҳазалар туғилиши учун Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румийларнинг юксак ирфоний шеърияти, Ибн ал-Арабийнинг мукаммал ирфоний фалсафаси яратилиб, ўзлаштирилиб бўлинган, Абдуҳолиқ Ғиждувоний издошлари учун Мансур Халлож ва Боязид Бистомийларнинг тасаввуфдаги охирги мақоми биринчи мақомга, охирги қадами биринчи қадамга айланган бўлиши керак эди. Низомий даври учун эса «ишқи ҳақиқий» ва «ишқи мажозий»ни бир-биридан фарқ қилишга ҳали жуда эрта эди. Шу сабабли улуғ шайх меросида биз бундай тазодни учратмадик. Низомийни шоирларнинг ҳеч бир гуруҳига қўшмаслиги ҳам шу жиҳатдан Алишер Навоийнинг назарий хулосаларда ниҳоятда илмий эҳтиёткорлигига ишорадир. Биз эса «марксистик» таълим олганимизданми, анча ўзбошимча бўлиб қолганмиз. Ҳар ҳолда бу мулоҳазалар дастлабки йўналиш олиш ва тарҳ (лойиҳа) даражасида бўлиб, кейинги муфассал ва жиддий тадқиқотлар масалага аниқлик киритади, деб умид қиламиз.
Амир Хусрав Деҳлавий «Хамса»си онгли равишда мажозий ишқни куйлашга бағишланган. Ажабланарли жойи шундаки, Низомий Ганжавий достонларининг бизгача етиб келган энг қадимги қўлёзмалари XIV аср ўрталарига мансубдир. Амир Хусрав «Хамса»сининг сақланиб қолган энг биринчи қўлёзмаси вафотидан 30 йил кейин кўчирилган (баъзиларини Ҳофиз Шерозий кўчирган деб тахмин қилинади). Низомий Ганжавий «Хамса»сининг ҳозир илмий истеъмолда мавжуд тўлиқ нусхалари эса бундан ҳам кейинроқ, 1362-1365 йилларда кўчирилгандир. Улардан кўра қадимийроқ, айниқса, XII-XIII аср нусхалари ҳануз топилган эмас. Шу асосда Низомий «Хамса» сининг кенг урф бўлиши унинг салафи Амир Хусрав Деҳлавий фаолияти билан боғлиқ эмасмикан, деган фараз пайдо бўлади. Чунки Низомийнинг фикрий дунёси жуда мураккаб, уни англаб етиш осон эмас, Деҳлавий «Хамса»си эса, маълум маънода, Низомий бадиий олами учун ҳам калит бўла олади. Аниқроқ қилиб айтсак, Низомий маънавиятини тушуниш учун XII асрдан кўра XIV асрда мувофиқроқ фикрий муҳит ҳосил бўлган эди, дейиш мумкин. Амир Хусрав «Хамса»дан сўнг ёзилган тарихий ишқий достони «Дувалроний ва Хизрхон» қаҳрамонларининг муҳаббати ҳам мажозий эканлигини алоҳида таъкидлаб кўрсатади:

Чу ишқ андар мажозаш жилвагоҳ дод
Мажозаш бар пули таҳқиқ раҳ дод.

(Ишқ ўз мажозида намоён бўлгани сабабли,
Бу мажоз Ҳақиқатни англаб етиш учун кўприк бўлди.)

Амир Хусрав «Хамса» ғояларининг кенг ёйилиши учун улуғ хизмат қилди. Ундан кейин «хамсанавислик» ва кенг маънода «мажозий ишқ»ни куйлашга бағишланган достончилик анъанаси минтақа миқёсида кўлам касб этди. Навоий эслаган Хожуйи Кирмоний ва Салмон Соважий, Котибий ва Шоҳий Сабзаворийлар ушбу достончилик анъанасига мансуб шоирлардир. Ҳофиз Шерозий ва Носир Бухорий ғазалларининг мажозий ишқ тавсифига оидлиги яна махсус тадқиқотларни талаб этади.
«Мажоз» ва «ҳақиқат» нисбатлари туркий адабиёт доирасида кейинги асрларда Фузулийдан то Нодира шериятигача қўлланилиб келганлиги маълум.
Аммо бу масалага айрича аҳамият берган ва минтақа эмас, жаҳон миқёсида дунёни янгича идрок этиш анъанасига ҳам назарий, ҳам амалий (яъни бадиий ижодда) асос солган буюк зот - Алишер Навоий бўлди. Навоийнинг Амир Хусрав Деҳлавий ижодига ихлоси ҳам Амир Хусравнинг «мажозий ишқ»қа бўлган муносабатига боғлиқ, деб ўйлаймиз. Чунки Низомий асос солган «Хамса» анъанасининг алоҳида янгича йўналиш, бадиий идрок ва инъикоснинг махсус йўли эканлигини англаб етиб, ушбу йўналишга эл эътиборини тортган Амир Хусрав эди.
Навоий ижодий такомили иккинчи босқичининг таянч устуни - шоирнинг шоҳ асари «Хамса» десак янглишмаймиз. 888 (1483) йилдан Алишер Навоий ўзининг энг буюк асари «Хамса» туркумини ёзишга киришади ва уни 890 (1485) йилда тугаллайди. Беш достонни ўз ичига олган бу улкан бадиий қомус 50 минг мисрадан ошиқ бўлиб, Навоийнинг барча шеърий меросининг деярли ярмини ташкил қилади. Аммо гап ҳажмда эмас. «Хамса» Алишер Навоий ижодининг қалбидир. Буюк бобоколонимиз ўзи тузган биринчи девони «Бадойиъ ул-бидоя» биланоқ туркий тилдаги шеъриятни араб ва форс мумтоз адабиётининг энг пешқадам намуналари даражасига олиб чиққан эди. Аммо бу ишлар барчаси «Хамса»нинг дебочаси эди, холос. Агар туркий «Хамса» ёзилмаса, нафақат бизнинг, туркий халқларнинг адабиёти, маънавияти, балки бутун ислом минтақа маънавияти бугунги яхлитлиги, бугунги тугаллигига эга бўлмас эди, деб бемалол айтиш мумкин. Алишер Навоийдек аслий ошиқнинг дунёга келиши, унга берилган улуғ истеъдоднинг моҳияти «Хамса» учундир, бу буюк ижодкор меросининг аввали ҳам, охири ҳам «Хамса» туфайлидир.
Ислом маънавияти намоёндалари ўз ижодларида салафларини инкор этиш, илгари батамом кўрилмаган янгилик яратишга интилиш эмас, балки устозлар яратган маънавий бойликни янада такомиллаштириш, унга янги жило бериш, улар излаган яхлит ва буюк Ҳақиқатнинг янги ва тоза қирраларини кашф этиш, мазмуний бойитиш йўлидан борганлар. Бу том маъноси билан муқаддас анъана бўлиб, исломнинг илоҳий китоби «Қуръони карим»дан сарчашма олади. Деҳлавий «Хамса»си Низомийга ажойиб шарҳ ва ундаги мазмунларнинг янгича талқини сифатида ўзининг ҳам, салафининг ҳам шуҳратини оламга ёйди. Кейинги XIV- XV асрлар минтақа маънавияти «Хамса» анъанаси таъсирида ривож олди, шоирнинг салоҳияти ва иқтидори ҳеч бўлмаганда «Хамса»нинг бир достонига муносиб жавоб ёза билиш билан ўлчанадиган бўлди. Бу жаҳон маънавияти тарихида бетакрор ҳодисадир. Туркий адабиётда Қутб ва Ҳайдар Хоразмийлар бошлаб берган «хамсачилик» анъанаси ўзининг камолини Алишер Навоий ижодида кутаётган эди ва бу қутлуғ интизорлик бениҳоя эзгу самара берди. Низомий, Амир Хусрав, Алишер Навоий руҳиятлари «Хамса»нинг маънавият майдонида бирлашиб, ягона иқлим, ягона моҳият касб этдилар. Ушбу ягона моҳият бутун ислом минтақа маънавиятининг энг буюк чўққисидир. Низомий ва Амир Хусравсиз Навоийни тасаввур этиб бўлмаганидек, Алишер Навоий ижодий меросисиз Низомий ва Амир Хусрав бадиий оламини ҳам бутун кўлами билан идрок этиб бўлмайди. Шоир ўзи достонларини «зоҳир юзидан афсона» деган эди. Афсус, яқин кунларгача мактабларимизда XX аср авлодига «Хамса» достонлари ушбу «афсона» даражасида, юзаки талқин этилиб, тушунтириб келинди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида бу эски ёндошувдан қониқмаган баъзи ёш тадқиқотчиларимиз Навоийнинг исломий шоир эканлигини, унинг асарларидаги тасаввуф ирфони изларини янгидан «кашф» эта бошладилар. Ваҳоланки, барча жиддий навоийшунослар бу «янгилик»ларни аввал бошданоқ яхши билишган, тўлиқ идрок этишган, фақат «замона зўрлиги» туфайли, коммунистик мафкура тазйиқидан навоийшуносликни ҳимоялаш мақсадлари билан баъзи жиҳатларини пардалаб ўтишга, ишоралар билан чекланишга мажбур бўлишган эди. Бугунги мустақиллик, ҳурлик замонида энди маънавиятимизнинг асл моҳияти ҳақида очиқ-ойдин гапириш, фикр юритиш имконияти мавжуд экан, муаммолар моҳиятига чуқурроқ кириб бориш, теран таҳлилга ўзимизни ҳам, ёш авлодни ҳам ўргатиб бориш айни фарздир. Алишер Навоийнинг «Хамса» достонлари ҳар бири алоҳида неча-неча тадқиқотлар мавзуи бўлиб келди, яна бу иш давом этади. Чунки уларнинг мазмун қабатлари бениҳоядир. Бу достонлар шаклан қандай мукаммал бўлса, мазмунан ундан ҳам уйғун, коинот сингари муназзам ва ҳад-ҳудудсиздир.
Ислом ақидаларига кўра бир кеча-кундузда ўқиладиган беш вақт намоз «ал-Хамсату» дейилади, динимизнинг беш устуни (рукни) ҳам - тавҳид (имон), намоз, рўза, закот, ҳаж - ўзига хос «хамса» (бешлик)ни ташкил этади. Демак, Низомий достонларининг «Хамса» туркуми сифатида талқин этилиши, унга Амир Хусрав ва Навоий жавоблари бежиз эмас. Алишер Навоий «Садди Искандарий» достонининг муқаддима қисмида бу масалага махсус тўхталиб, «Хамса»нинг ҳар бир достони ёзилишини куннинг маълум вақтларида ўқиладиган саҳар (фажр), пешин (зуҳр), аср, шом ва хуфтон намозлари билан қиёс этади ҳамда «Хамса»ни буюк тоғ чўққисига кўтарилиш мобайнида беш ўринда тўхтаб, нафасни ростлаш учун бино этилган беш оромгоҳга ўхшатади.[6] Бу оромгоҳларни яратиш учун шоир «Билик тахти узра чиқиб ўлтурмаги», «Хаёл элчисини» ҳар тарафга чоптириши, «жон мулкидан» «маоний сипоҳини» (маънолар лашкарини) гуруҳ-гуруҳ (фавж-фавж) етказиб бериб туриши, маъно лашкарлари жам бўлгач, инсонлар дилини забт этишга киришмоғи, яъни маънавият оламида жаҳонгирлик санъатини намойиш қилмоғи лозим эди. «Хамса» достонлари ижтимоий ҳаётни, турли тоифаларнинг ҳаётдаги ўрни ва вазифаларини уларнинг бутун ички дунёси ва руҳияти билан боғлиқ ҳолда тадқиқ этади, шу билан бирга ундаги барча ботиний ришталар Тавҳид эътиқодига бориб уланади.
«Хамса»нинг бадиий олами, маълум мақсадга - инсон маънавий камолотини таъминлаш мақсадига йўналтирилган бўлиб, бу йўлда ислом маънавиятининг Сунна (исломий ибодатлар, ислом ахлоқи), Маърифатчилик (мантиқий тафаккурга таяниш, исломгача яралган меросни ўзлаштириш), Тасаввуф ирфони (тариқат мақом ва ҳоллари, пир иршоди, риёзат билан Ҳақ васлига интилиш, шу йўл билан маънавий покланиш) каби турли босқичларини босиб ўтиб эришилган даражадан кейинги, янги босқични англатар эди. Бу босқич ибрат, илм, ирфон йўналишларидан фарқ қилувчи янги йўналиш - бадиий тафаккур йўналиши доирасида бўлиб, Алишер Навоий ижодий такомилининг учинчи даврида ниҳоят унга алоҳида ном берилди.
«Хамса» туркуми алоҳида бир олам. Унинг ҳар бир боби ниҳоятда бой мазмун ва моҳиятларни ичига яширган тилсимдир. Айтишларича, меърож тунида Муҳаммад алайҳиссалом арши аъло остида қулфлоғлик бир хона кўриб Жаброилдан: «Бу қандай макон?» деб сўрабдилар. Жавоб бўлибдики: «Эй, расулуллоҳ, бу макон теран маънолар хазинасидир ва сенинг умматларинг ичидаги шоирлар тили ушбу хазинанинг калити турур». Ушбу ривоятдан келиб чиқиб, Низомий ўзининг биринчи достонини «Махзан ул-асрор», яъни (илоҳий) сирлар хазинаси, деб атаган эди. Навоий «Хамса»сининг биринчи достони «Ҳайрат ул-аброр»:

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим,
Риштага чекти неча дурри ятим -

деб бошланади. Низомий ушбу сатрларнинг биринчиси билан «Махзан ул-асрор» ни бошлаб, иккинчи сатрда:

Ҳаст калиди дари ганжи ҳаким

(Ҳикматлар эгаси хазинаси эшигининг калитидир) деган эди. Навоий аввало ушбу сатрни шарҳлаш учун алоҳида бир боб бағишлайди ва уни ажойиб ибратли тазод - «аҳли қабул» ва «аҳли рад» тушунчаларига нисбатан изоҳлаб беради. Комил инсон тарбияси ушбу илк бобдан бошланади. Инсонни «аҳли қабул» бўлишга даъват этиб, Навоий бобга шундай хулоса ясайди:

Истабон, эй хаста Навоий, наво,
Бўйла сафарга қилур эрсанг ҳаво,
Йўл ёмону яхшисидин ема ғам,
Бисмиллоҳ, дегилу қўйгил қадам.

«Ҳайратул аброр»нинг биринчи мақолати Имон ҳақида. Унга шундай  батафсил сарлавҳа берилган: «Аввалги мақолат имон шарҳидаким, «Ал-имону ан туъмина биллаҳи ва малоикатиҳи ва кутубиҳи ва русулиҳи ва бил-явмил-охири ва бил-қадари хайриҳи ва шарриҳи» демакдан мақсуд бу калимот эмас ва агар аҳли зоҳир муни имон деса, аҳли маъни демас ва улуҳият дарёсиға шинолиғ ажзин зоҳир қилмоқ, малоика ҳавосида бир неча қанот урмоқ ва
кутуб авроқида бир неча ҳарф сурмак ва русул жодасида неча қадам югурмак ва қиёмат қойим бўлурида қиём кўргузмак ва қадар бобида алоқадри ҳол тараннум тузмак.»[9] Ушбу сарлавҳани шарҳлашнинг ўзи неча саҳифа бўлиши мумкин, чунки унда зоҳирий имон билан ботиний имон, «зоҳир аҳли» (ташқи тақлид билан чекланувчи инсонлар) нинг имон ҳақидаги тасаввури билан «аҳли маъни» (Борлиқ моҳиятини идрок этишга интилувчи, ўзлигини англаган инсонлар) имонни қандай тушуниши орасидаги фарқ бадиий изоҳланмоқда. Мақолатда тирик (жонли, «ҳайвон») бўлса-ю, гапиришни билса («нотиқ « бўлса) демак, инсон деб ўйлаш ниҳоятда хато эканлигидан суҳбат бошланади:

Сен доғи инсон муни қилсанг гумон,
Билки ҳамон сен-сену ҳайвон ҳамон.
Муники инсон мутафовут эрур,
Тенгри каломи хабар андин берур.
Бас киши жазм айласа инсон ани,
Яхши-ёмон ичра тафовут қани?
Бўлмади бас ноқису комилда фарқ,
Топмагай эл олиму жоҳилда фарқ.

Алишер Навоий достони XV аср ижтимоий-маънавий ҳаётининг турли қирра ва жиҳатларини бутун ички мураккаблиги ва ўзаро қиёслари билан қамраб ола билган. «Ҳайрат ул-аброр»даги муаммолар воқелик сингари мураккабдир. Навоийнинг масалаларга ёндошуви ҳатто устози ва замондоши Абдураҳмон Жомий қарашларидан ҳам маълум даражада фарқ қилади. Маълумки, Жомий ўз бадиий ижодида диний ақидалар ва тасаввуф қоидалари таърифига атрофлича ўрин ажратган. Унинг «Ҳафт авранг» («Етти тахт») туркумидаги «Туҳфат ул-аҳрор» ва «Субҳат ул- аброр» достонларида намоз, рўза, закот, ҳаж, узлат, тавба, зуҳд, фақр, ҳавфу рижо, таваккул каби турли исломий ва ирфоний тушунчалар шарҳига алоҳида боблар бағишланган. Навоий ҳам биринчи достонининг асосий қисмини имон ва ислом шарҳидаги мақолатлар билан бошлайди. Аммо унинг бу борадаги мулоҳазалари анъанавий қарашлардан фарқ қилади.
Намуна сифатида Ислом ҳақидаги боб охирига берилган ҳикоят мазмуни билан танишайлик. Унда машҳур суфий шайхи «Иброҳим Адҳамнинг Каъбаға намоз била борғони ва Робияи Адавияға Каъбанинг ниёз била келгони» ривоят этилади. Зоҳидликни ихтиёр этган шайх ҳар қадамида икки ракаъат намоз ўқиб, 14 йил риёзат чекиб, Макка шаҳрига етиб келиб қараса, Каъба ўз ўрнида йўқ. Шайхнинг «Эй, Аллоҳ,» деб ҳайрат билан қилган нидосига ғойибдан Каъба Робияи Адавияни тавоф қилиш учун кетганлиги ҳақида жавоб бўлади. Робия эса тасаввуфда ишқ йўлини танлаган суфий аёл эди. Навоий ислом ва тасаввуфда зуҳд мақомидан ишқ мартабасини шу даража юксак қўйган. «Хамса» достонларининг ҳар бир боби шу каби инсоннинг руҳий, маънавий, ахлоқий дунёси, инсонлар аро ижтимоий мунособатлар хусусида ўта муҳим, ўта долзарб, ўта мураккаб муаммолар хусусида баҳс этади.    Уларда энг воқеъ ҳаёт тасвири юксак мажозий ишоралар билан ажойиб бир уйғунликда келади. «Хамса»нинг барча достонларида шу бадиий қудрат ҳар бир тимсол, ҳар бир қиёфа ва ҳодисанинг ич-ичидан уфуриб туради.
Иккинчи достон «Фарҳод ва Ширин»ни олайлик. Низомий ва Деҳлавий тарихий шахс Хусрав Парвиз атрофида суҳбат юритган бўлсалар, Навоий афсонавий ошиқ шаҳзода Фарҳодни достонига бош тимсол қилиб танлади. Низомий шаҳзода ва шоҳ тимсолида оддий инсонни тасаввур қилиб, унинг тантиқлиги, айбу қусурлари самимий ишқи туфайли аста-секин барҳам топиб, оқила Ширин таъсирида Хусравнинг камолот ва фозиллик касб эта борганлигини ибрат қилиб кўрсатишни ният этган бўлса, Деҳлавий ижтимоий мавқе ва муҳитнинг шахс маънавий қиёфаси ва хатти -ҳаракатига таъсирини очиб берди. Навоий, салафлари тажрибасидан тегишли хулосалар чиқариб, шоҳ Хусравни буткул салбий тимсол сифатида талқин этди ва олдинги достонларда идеал ошиқ, аммо иккинчи даражали қаҳрамон мавқеида турган Фарҳодга асосий диққатни қаратди. Ушбу ўзгаришнинг бош сабаби, Чин шаҳзодасининг маънавиятидаги етакчи фазилат - унинг ўзлиги (шаҳзодалиги ва отаси Хоқон мулкига ворислиги)дан буткул воз кечиб, пок ошиқлик ва элга наф етказиш йўлини тутганлиги (тошкесар ва наққошлик ҳунарини касб қилиб олганлиги) бўлди. Чунки фақат шундай тимсол Навоий ғояларини мукаммал ифодалай олиши мумкин эди.
Достон қаҳрамони Шириннинг ҳуснига мафтун бўлган Чин шаҳзодаси эканлигини мактаб дарсликларидан яхши биламиз. Аммо зоҳирий (ташқи) афсона билан чекланмаслик кераклигини шоир ўзи алоҳида уқдирган. Навоий инсоннинг, миллатнинг, башариятнинг маънавий камолоти ҳақида қайғуради. Шаҳзоданинг дилда ишқ билан туғилиши, унинг Хоқон мулкини қабул қилиб олишдан илгари сирли сандиқ ва ундаги кўзгу тилсимини ечиш қасдида Юнон сафарига йўл олиши, бу йўлда аввал аждаҳони, сўнг Ахриманни, охири темир танли камон отувчини енгиб, донишманд Суқрот билан учрашувга муваффақ бўлиши - бу афсонавий тасвирлар ортида башариятнинг, инсоннинг, айниқса, туркий элатнинг, ўз моҳиятини англаб етиш йўлидаги камолот босқичларини бир-бир босиб ўтиши бадиий-мажозий тасвир этилган эмасми?
Суқротнинг Фарҳодга пурмаъно насиҳатлари ушбу ботиний ишораларга калит бўла олмайдими? Асли сирли кўзгуда Фарҳод Ширинни эмас, аввало ўз тақдирини кўради. Аждаҳо ибтидоий жамоа кишисининг асотир (мифологик) тафаккурида жоҳиллик ва ёввойиликни, Ахриман Авесто маънавиятида зулмат, ёлғончи кучлар тимсолини, камон отувчи темир одам эса қабилалар аро, элатлар аро аёвсиз нифоқлар даври - худбин ва бешафқат талончиларининг мажозий қиёфасини эслатмайдими? Аждодларимиз ўз руҳиятларидаги шундай қаттол ёвларни енгиб, Суқрот қиёфасидаги исломгача башарият эришган илм ва ҳикматни эгаллаб, IX-XV аср ислом маънавиятига етиб келмадиларми? «Хамса» достонларида бунингдек ботиний маъно қабатлари ихлос билан, салафлар ижодига қиёс билан изланса, чексиз топилади.
«Лайли ва Мажнун» афсонаси форс ва туркий тилларда ўнлаб достонларга мавзу бўлган. Аммо уларнинг ҳар бири ўзига хос, бетакрор маъно қатламларини ифшо этади. Бу достоннинг энг асосий хислати - Мажнун ҳам, Лайли ҳам тенг ошиқ, тенг маъшуқ. Бу достон икки ошиқ Инсоннинг ҳақиқий ишқни англаб етмаганлар орасидаги фожеъ ҳолати тасвирига бағишланган дейиш мумкин. Аммо бу энг умумий таърифдир, ҳар бир достон талқини эса ўзига хос.
«Сабъаи сайёра» Инсоннинг ҳаёт ва хаёл дунёсидаги чексиз адашувларининг мажозий тасвиридан иборат. Бунда яна «аҳли қабул» ва «аҳли рад» орасидаги тазод (зиддият) биринчи ўринга чиқади. Муқбил ва Мудбир, Суҳайл ва Жобир, Жуна ва Жайсур, Маъсуд ва Маллу тимсоллари ушбу икки гуруҳга мансуб бўлиб, ҳаёт синовларидан қандай ўтишига қараб, «аҳли қабул» саодатга, «аҳли рад» эса қилмишларига яраша жазога эришадилар. Ички қиссаларидаги бу тимсоллар асар бош қаҳрамони Баҳромшоҳ учун ҳам ибрат сифатида келтирилади. Аммо ҳукмдор ўз хирсу ҳавасларини жиловлаб ола билмаганлиги, бегуноҳ жонзотлар қонини аёвсиз тўкканлиги касофатидан ўзи ҳам ер ютиб ҳалок бўлади.
Буюк жаҳонгир тақдири ҳақидаги охирги «Садди Искандарий» (Искандар девори) достони шаклан маълум даражада «Хамса» нинг биринчи достонини эслатади. Унда ҳам ҳар бобда турли ижтимоий-ахлоқий мавзудаги фалсафий мулоҳазалар, ибратли кичик ҳикоят ва ҳикмат-хулоса берилади. Шундан сўнггина Искандар ҳаётидан бир воқеа ҳикоя қилинади. Искандар тимсоли яқингача ҳам Е.Э. Бертельс талқинига биноан одил шоҳ тимсоли деб қабул қилиб келинди. Фақат Азиз Қаюмов 1975 йилда нашр этилган ушбу мавзудаги махсус рисоласида асли Навоий қаҳрамони мураккаб тимсол эканини, достонда Искандар қиёфаси тадрижий ўзгаришда очиб берилганини илмий исбот этди. Юнон шаҳзодаси аввал шоҳликка ўзини ноқобил деб билган журъатсиз ва камтар ўсмир бўлса, ҳаёт ва фотиҳлик сиёсати тақозоси билан аста-секин ўзбилармон ва шафқатсиз истилочига айланиб боради ва фақат ўлими яқинлашганини сезгач, жоҳ ва кибр йўлидаги бутун уринишлари сароб эканлигини англаб етиб, кўзи очилади.
«Хамса»да мажозий ишқ тасвирланади, инсоннинг инсонга муносабатидан, яъни ахлоқий муносабатларидан бошлаб, ҳукмдорнинг фуқароларга ва, умуман, ҳукмдорликка, тож-тахтга муносабати, ўз навбатида тож-тахтнинг, ҳукмдорлик мавқеининг инсонга таъсири, яъни инсонлар ҳаётига оид ижтимоий, ахлоқий муносабатлар мажмуи Тавҳид эътиқоди нуқтаи назаридан кўриб чиқилади.          «Хамсанавислик» анъанаси ислом минтақа маънавияти такомилининг бадиий тафаккурдаги ўзига хос маҳсули бўлиб, шунга яраша муносабатни талаб қилади. Бу анъана тадқиқотчидан ҳам, оддий китобхондан ҳам ҳар бир достонннинг шакл ва мазмунига алоҳида эътибор талаб қилади, чунки бир мавзуда ёзилган ўнлаб достонлар диққат билан ўқилса, асло бир-бирини такрор этмагани, балки ўзаро ижодий баҳсда ёзилгани маълум бўлади. Шу сабабдан ҳар бир достонни ўқиганда ҳам унинг ушбу мавзу силсиласидаги ўрнига, ҳам ҳар бир шоир ижодий меросидаги мавқеига аҳамият қаратиш лозим. Шундагина унинг тамомила ўзига хослиги ва мазмун қамровини англаб етиш мумкин.


Навоий ва Аттор. «Лисон ут-тайр» маънавияти

Ислом минтақа адабиётининг бу мураккаб хислати, унинг, масалан, Янги давр ғарб адабиётидан фарқи XX асрнинг 30-йилларидаёқ Е.Э. Бертельс томонидан Навоий ва Аттор, Низомий ва Деҳлавий ижодини қиёсий ўрганиш асосида илмий исботланган эди. «Хамса» дунёсида ижтимоий ҳаёт маънавиятдан ажралмас, бир бутундир. Аммо «мажоз тариқи»нинг ислом даври маънавияти тараққиётида янги алоҳида бир босқич, энг олий ва якуний босқич бўлиши учун очиқ-ойдин назарий якун лозим эди. Ушбу вазифани ҳам Алишер Навоий мукаммал адо этди. Бу юмуш шоир ижодий такомилининг учинчи босқичида бажарилди. Алишер Навоийнинг ҳаёт йўли ва ижоди ўзаро чамбарчас боғлиқдир. Бу масалада, айниқса, шоир ва ҳукмдор, яъни Навоий ва Султон Ҳусайн Бойқаро муносабатлари диққатга сазовор. Даврнинг бу икки улуғ шахси орасида дўстлик Алишер ва шаҳзода Ҳусайннинг гўдак ёшларидан бошланган бўлиб, умрлари охирига қадар давом этди. Алишернинг дўстларга садоқати («Жамолида вафо туғроси пайдо») ҳар қандай таъриф ва тасаввурдан ортиқроқ ва бу ҳам унинг Борлиққа муносабати ва эътиқоди билан белгиланади. Бу чин инсон нафақат дўстлари, яқинларига, балки барча инсониятга, ҳатто бутун атроф-воқеликка садоқат сақлар эдики, унинг эътиқодида бирор жонзотга, ҳатто буюмга хиёнат Аллоҳга хиёнат даражасида эди.
Султон Ҳусайн ҳақиқий дарвеш-шоҳ эди, маърифатли шоир эди. У ҳам дўстига хиёнат қилган эмас, кўнглида ғараз сақлаган эмас. Аммо ҳукмдорлик қоидалари баъзан аёвсиздир, Ҳусайн эса инсон.
Ҳижрий 892 (милодий 1487) йили қишда Навоий Астробод ҳокими этиб тайинланди. Бу шаҳар «дорулфатҳ» (Султон Ҳусайн илк ғалаба қозонган шаҳар) деб улуғланар ва кўпинча валиаҳд шаҳзода ҳукмида бўлар эди. Бошқа бек ва амирлар учун шарафли ҳисобланиши жойиз бўлган мартаба Амир Алишернинг нозик табиати учун муайян даражада озорли бўлди. Аммо шоҳ ҳукми вожиб, Амири Кабир ўлканинг хассос бир ҳудудини муҳофаза ва обод қилиш ниятида жўнаб кетди. Астрободда Навоийнинг икки йил чамаси ҳокимлиги бу шаҳар аҳли учун саодатли, Бойқаро салтанати учун хайрли бўлди. Ўша тарафдан хавф солган мухолифлар Алишер ҳурматидан хайрихоҳлик муносабатлари ўрнатдилар. Аммо шоир учун ўзи ўрганган муҳитдан ёвуқлик, дўстлар васлига интизорлик дил ранжи эди.
Султон Ҳусайн Шоҳруҳ мирзо замонидан вазирлар хонадонига мансуб бўлган Мажиддин Муҳаммадни ўзига яна яқинлаштиргани ҳам дўст рашкига сабаб бўларди. Амири Кабирнинг Мажиддин, Низомулмулк, Хожа Афзал ва бошқа аёнлар, Музаффар Барлос каби нуфузли беклар билан ўзаро муносабатларини холис ва дақиқ ўрганиш икки дўст - шоҳ ва шоир муносабатларидаги мураккаб эврилишларни теранроқ англаб етишга яқиндан ёрдам берса керак. Ҳануз даврнинг муҳим ёдгорликлари - Хондамир ва Мирхонд асарлари на ўзбек тилида, на асл ҳолида босилиб чиққан эмас. Қизиқувчилар фақат Иззат Султон каби баъзи навоийшунослар келтирган парчалар, баъзи тўпламлардаги иқтибослар билан қаноатланишларига тўғри келади.
Бу орада бирин-кетин Навоийнинг энг яқин устоз ва мусоҳиблари ҳаётдан кўз юма бошладилар. 1488 йили Сайид Ҳасан Ардашер, 1492 йили Абдураҳмон Жомий, 1493 йили Паҳлавон Муҳаммад вафот этди. Навоий анча ёлғизланиб қолди. Устозлар хотирасига бағишлаб «Ҳолоти Сайид Ҳасан Ардашер», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», «Хамсатул мутаҳаййирин» (Жомий ҳақида) асарларини ёзиб тугаллади. Бу асарларда ўша давр воқелигига оид жуда қимматли маълумотлар билан бирга Навоий яратган янги бадиий оламнинг назарий асосларига оид кўп далил ва мулоҳазалар ҳам баён этилган.
Бундай мулоҳазалар адибнинг 80-йиллар охири 90-йиллар бошларида тасниф этилган «Мажолисун нафоис» («Нафис мажлислар»), «Насоимул маҳабба мин шамойим ул-футувва» («Футувва бўйларини эслатувчи муҳаббат шаббодалари») каби насрий рисолаларида ҳам ўз ифодасини топган. Ундан ташқари шоир умри интиҳосида ёзилган форс тилидаги фалсафий қасидалари («Ситтайи зарурия», «Фусули арбаъ») ҳам шоир дунёқарашини равшан англаб етишга ёрдам беради.
Заҳириддин Муҳаммад Бобир ҳақиқатни очиқ баён этишда ўзини ҳам, бошқаларни ҳам аяган эмас. У Султон Ҳусайн Бойқаро ҳукмдорлигини барча ижобий ва салбий жиҳатлари билан тавсифлаб берди. Султоннинг мард ва шижоатли киши бўлганини, табъи назми борлигини қайд этиш билан бирга, айниқса, подшоҳлигининг кейинги йилларида айш-ишрат ва ичкиликка қаттиқ берилиб кетганини ҳам кўрсатиб ўтади. Умуман, Султон Ҳусайн Бойқародек нозиктаъб одам нега майхўрликка бунча берилиб кетди? Инсон бекорга ўзини ичкиликка урмайди. Биз султон қалбидаги мураккаб руҳий кечинмаларни ҳозир тўлиқ тасаввур қила олмаймиз, аммо темурийлар салтанатининг XV аср охиридан бошланган таназзули биргина ушбу хонадоннинг ёзмиши эмас, балки Ўрта асрлар давлат бошқариш усулларининг минтақа халқлари маънавий тараққиёт даражасидан анча-мунча орқада қола бошлаганидан нишона эканини эътироф этишга эҳтиёж сезилади.
Султон Ҳусайн ва ўғли Бадиуззамон орасидаги ихтилофлар ахийри бориб фожиа билан якунланди. 1497 йили Астробод ҳокимлиги жанжали ичида Мўъмин Мирзо (Бадиуззамоннинг ўғли, Навоий тарбиясини олган 14 ёшли ўспирин, шоир йигитча) аввал Ихтиёриддин қалъасида маҳбусликда сақланиб, кейин шоҳ бобосининг мастлик билан қўл қўйган фармони асосида қатл этилади. Салтанат келажаги учун ёмон фол даракчиси бўлган бу мудҳиш ҳодиса кекса Алишер Навоийни қаттиқ изтиробга солади. Бу ҳодиса асосида чиқарилган аччиқ хулосалар шоирнинг «васиятнома»си ўрнида ҳисобланган охирги уч асари мазмунига ҳам жиддий таъсир кўрсатди.
1498 йилда «Лисон ут-тайр», 1499 йилда «Муҳокамат ул-луғатайн», 1500 йили «Маҳбуб ул-қулуб» асарлари ёзилди. Бу уч асар буюк шоир ва мутафаккир ижодининг энг авж нуқталари эди. Адиб «Муҳокамат ул- луғатайн»да ўзининг бутун ижодий йўлини сарҳисоб қилади, туркий тилдаги шеъриятнинг қудратини таъкидлайди. Унда, жумладан, қуйидаги маълумот бор: «Чун «Лисонут тайр» илҳоми била тараннум тузупмен, қуш тили ишорати била ҳақиқат асрорини мажоз суратида кўргузупмен». Алишер Навоий гўдаклик чоғларидан тасаввуф шеъриятининг устоди Фаридиддин Аттор (1148-1229) яратган «Мантиқ ут-тайр» асарига меҳр қўйгани маълум. Умрининг охирида ушбу асарга татаббу-жавоб ёзар экан, Навоий ўзининг шунгача ёзган барча асарларига фалсафий якун ясайди. Аттор асари Борлиқнинг ягона моҳияти ҳақида, Ҳақ асрори ва инсон учун уни англаб етиш имкони қай даражада эканлиги ҳақида эди. Навоий асари ҳам асли шу ҳақда. Навоий устоз ва салафига зид фикр билдирмайди, аммо унинг фикрларини такрорламайди ҳам. Асарда Фоний (Навоий)нинг таржима ҳақидаги сўзлари шарҳ, талқин маъносини билдиради. «Лисон ут-тайр»нинг мутлақо мустақил асар эканлигини 1929 йилдаги «Навоий ва Аттор» рисоласида Е.Э.Бертельс қониқарли тарзда исбот этиб берган эди. Ўша рисолада зукко рус шарқшуноси Атторни тасаввуф шеърияти вакили сифатида ёдга олиб, «Лисон ут-тайр» муаллифи ҳақида эса «Навои не бўл суфием…, он представлял собой нечто большее» деб қайд этади. Навоийнинг дунёни идрок этиш ва бадиий акслантириши юзасидан Е.Э. Бертельс баён этган кўп мулоҳазалар қатори бу фикри ҳам кейинги тадқиқотчилар диққатини жалб этмади. Албатта, бунинг ўз сабаблари ҳам мавжуд, аммо ҳозир гап у ҳақда эмас.
Атторнинг бошқа достонларида яхши воқеабандлик мавжуд. Аммо қушлар тилидан ёзилган достонида ирфоний эҳтирос ниҳоятда жўшқиндир. Навоий эса босиқ воқеабанд тасвирга урғу беради, қушлар саргузаштида ва ички ҳикоятларда ҳаётийликни кучайтиради. Бу бежиз эмас. Охирги хулосада Навоий салафига қараганда олға кетади, масала моҳиятини теранроқ ҳис қилади ва бадиий тасвирни ҳам шунга муносиб яратади. Симурғ ва қушлар нисбати ҳақида Аттор:

Сурати мурғони олам сар-басар
Сояйи уст, ин бидон, эй бехабар -

(Оламдаги барча қушлар сурати,
Унинг соясидир, буни билгин, эй бехабар)

деб тушунтирса, Навоий:

Барча олам қушларининг сурати,
Билгил, онинг сояйи пурҳикмати -

деб оддий «соя» ўрнига «ҳикматли соя»ни ишлатади. Агар биз «пурҳикмат» (ички мазмунга бой) сўзи фақат «cурат»га қофия керак бўлгани учун ишлатилган деб шарҳласак, Навоий истеъдодига шак келтирган бўлур эдик.
Аттордан илгари «Қуш рисоласи»ни яратган Ибн Сино, Аҳмад Ғаззолийлар бош тимсолни «Симурғ» эмас, «Анқо» деб номлаган эдилар. Аттор «Симурғ» тимсоли билан жуда чуқур мазмунга ишора қилди. Аммо барибир энг масъул ўринда:

Чун шумо симурғ инжо омадид,
Си дар ин ойина пайдо омадид.
Гар чеҳел, панжоҳ мурғ ояд боз,
Пардаро аз хеш багушоянд боз. -                

(Сизлар ўттиз қуш бу ерга келганларинг сабабли,
Бу кўзгуда ўттизта кўриндиларинг.
Агар яна қирқта ё элликта қуш келса,
Яна ўзларининг юзларидан пардани кўтарадилар) -

деб ўзи топган тимсол қувватини кесиб қўяди. Навоий ундай қилмайди. Навоий 30 қуш (форсча - «си мурғ») ва Симурғ (жаҳондаги барча қушлар-нинг афсонавий ҳукмдори) ни бир сўз сифатида бир хил жаранглашига қайта-қайта эътиборни жалб қилади. Аммо бу мажозий талқинни яна жўнлаштириб, демак, ўттиз қуш ўзи Симурғ экан, яъни улар ҳукмдорини изламаса ҳам бўлар экан, деб тушуниш шоирни тўғри англаб етишимизга ёрдам бермайди. Навоийнинг тимсоллари ҳам, улар орқали англатмоқчи бўлган бадиий ҳақиқати ҳам бундай жўнлаштиришлардан беҳад юқори туради. Навоийнинг талқинлари тасаввуф адабиётининг ирфонини инкор қилмайди, балки инсон маънавиятини ундан-да юксакроқ босқичга етаклайди. Аттор XII аср охири XIII аср бошларидаги тасаввуф адабиётининг намояндаси бўлиб, унинг даврида ҳануз Ибн ал-Арабий (1165-1240) фалсафаси яратилмаган эди. Навоий эса Ибн ал-Арабий ирфонини Ироқий талқинида Жомий ёрдами билан чуқур ўзлаштиргач, кейин қушлар тилида достон ёзишга киришди. Шу сабабли, айтиш мумкинки, Алишер Навоий асари зоҳиран Аттор асарига таянган бўлса, ботинан, мазмун моҳиятига кўра Ироқий қарашларини ривожлантирган.
Олдинги бобдан маълумки, бадиий       адабиётнинг бош мавзуси инсон, унинг руҳий кечинмалари бўлиб, улар, асосан, икки йўналишда ўзлигини намоён этади: бири-инсоннинг Ҳаққа, Борлиқнинг моҳиятига нисбати доирасида; иккинчиси - инсоннинг ўзи сингари махлуқларга, яъни ўзга инсонларга, атроф-воқелик, мавжуд жамиятга муносабати йўналишида. «Мажоз тариқи»нинг моҳияти, унинг жаҳон бадиий тафаккур тарихида етишган улуғ мартабаси шундаки – унинг асосчилари юқоридаги икки йўналишнинг ўзаро теран уйғунлигини сеҳрли бир тарзда таъмин эта билдилар.
Навоий Низомий ва Деҳлавий каби забардаст устозлари яратган анъаналарни изчиллик билан давом эттириб, «Хамса» достонларида ўз даври ижтимоий муаммоларининг маънавий моҳиятини чуқур бадиий тадқиқ этган бўлса, «Лисон ут-тайр» достонида Атторнинг ирфоний мажозларига хиёнат қилмаган ҳолда уларга бир пайтнинг ўзида ижтимоий жило бахш этишга муяссар бўлди. Шу тарзда шоирнинг охирги достони ҳам мазмуний теранликда, ҳам шаклий мукаммалликда «мажоз тариқи»нинг энг авж нуқтаси даражасига кўтарилди.
Асарнинг минтақадаги бадиий тафаккур тарихи жараёни саҳнида «Мантиқ ут-тайр» билан батафсил қиёсий таҳлили ва орадаги фарқлар моҳиятини шоирнинг бутун ҳаёти ва ижод йўли билан қиёслаш орқали жуда ажойиб кашфиётларга эришиш мумкинлиги шубҳасиз. Бу йўлдаги дастлабки босқич тадқиқотларга таяниб туриб, ҳозирча ушбу ғоят қисқа мулоҳазаларни баён этиш мумкин:
Биринчидан, тасаввуф анъанасидаги соликнинг Олий мутлақ зот моҳиятида ўзликдан буткул фориғ бўлиши ғояси Навоийда шахс сифатида мутлақ ўзликни йўқотиш, ҳатто жисман маҳв бўлиш маъносида эмас, шахс маънавий камолотининг муайян даражаси сифатида талқин этилади. Иккинчидан, Навоий талқинида Симурғ тимсоли бир пайтнинг ўзида ҳам соликлар (қушлар) интилган Борлиқнинг Олий моҳияти, ҳам комил инсонлар жамоаси(«си мурғ» - ўттиз қуш) – Форобий тасвиридаги «фозил жамият» орзуси сифатида намоён бўлади. Шу йўл билан Навоий тавҳид ғоясининг Қуръон оятларига мувофиқ энг мукаммал ва теран мазмунини бадиий тимсол қудрати билан очиб бера олди. Инсон Халлоқи олам томонидан ер юзида халифа қилиб яратилган. Унинг масъулияти улуғ. Жумладан,        ер юзида ижтимоий адолат ўрнатиш масъулияти ҳам ҳар бир инсоннинг зиммасидаги бурч бўлиб, бунинг учун, аввало, у шахс сифатида шаклланмоғи, яъни маънавий камолот касб этмоғи керак. Шу нуқтаи назардан достоннинг ижтимоий мазмуни ҳақида қуйидагича тасаввур ҳосил бўлади:
Қушлар - инсонлар, аниқроғи, бутун инсоният. Уларнинг Симурғ сари машаққатли йўли - бахтли ва одилона жамият сари тарихий изланиш жараёни. Йўл бошида бу кўп асрлик орзу «одил шоҳ» излаш тариқасида намоён бўлади. Тарихий жараён давомида инсонлар жамияти олға интилиш билан чиниқиб, камолотда юксалиб борадилар, турли маънавий босқичларни босиб ўтадилар. Ва охири бориб «одил шоҳ» орзуси муаммони асосли ҳал қилиб бера олмаслиги равшан бўлиб қолади. Қушлар мардонавор парвозда давом этиб, «иккинчи фано» босқичига етишадилар:

Мунда гар яхши тахайюл айласанг
Ёки иш сиррин тааммул айласанг,
Муттасиф бўлсанг сифотиллоҳ ила,
Жазм этарсен хотири огоҳ ила -
Ким сен-ўқ сен, ҳар не ким мақсуд эрур,
Сендин ўзга йўқ неким мавжуд эрур.
Зотнинг ижмолиға тафсилсен,
Ҳам вужуд ишколиға таъвилсен.
Ўз вужудингни тафаккур айлагил,
Ҳар не истарсен, ўзингдин истагил.

Бунда шоир ҳар бир қушга мурожаат этиб, «агар сен улуғ орзу йўлида шахсан ўзинг фидоийлик кўрсатмас экансан, хаёл хаёллигича қолаберади; ҳар неки истар бўлсанг, ўзингдан иста, ўз кучингга, камолингга таян», демоқда.      Бир сўз билан айтганда, «Олий ҳақиқат мазҳари» сифатида олиб қаралаётган комил ижтимоий тартибни вужудга келтириш ҳам инсониятнинг ўз маънавий камоли ва фаоллик қудратига боғлиқдир:

Лек Симурғ истаган ул жамъи тайр,
Ким сулук ичра риёзат бирла сайр -
Айлабон чун ўзни қобил қилдилар,
Ул талабдин васл ҳосил қилдилар.
Сенда ҳам билқувва ул мавжуд эрур.
Феълга келса даво мақсуд эрур.

Демак, шоир фикрича, ҳар бир инсонда Олий ҳақиқат - уйғун ва бахтиёр ижтимоий тузумга етиш учун имкон сифатида барча жиҳатлар берилган, фақат бу имкониятни рўёбга чиқариш учун маънавий баркамоллик ва фидоий фаоллик лозим.
Навоий талқинидаги Симурғ - бутун Инсониятнинг яхлитликда эришуви мумкин бўлган Олий такомил босқичига ҳар бир киши, ҳар бир жамоа ўзича камолот ҳосил қилиб етиша олмайди. Бутун инсоният (жами қушлар) унга биргаликда интилмоғи, бирга-бирга парвоз қилиб, йўл машаққатларини бирга енгиб ўтиб эришмоқлари мумкин. Симурғ - бир қуш эмас, камолотнинг олий босқичи -Тавҳид босқичига кўтарилиб етган ўттиз қуш(«си мурғ»)нинг бирлиги - маънавий ягоналик ҳосил қила билган уйғун инсонлар жамоаси, яхлит инсоният. Ушбу уйғунликка эришувнинг ягона йўли эса инсонларнинг бир-бирига Ҳақ ризолиги йўлидаги пок ва самимий меҳридир.
Улуғ шоир асарлари замонамизгача омон етиб келди. Аммо улардаги мажозий қобиқ кўпинча теран ва эзгу фикрларни ўқувчи кўзидан яшириб келмоқда. Кўп ўринда улар анъанавий талқин қилинмоқда. Шу сабабли бўлса керак, биз - шоир ижодининг тадқиқотчилари - ҳануз унинг сатрлари қатига яширинган улуғ асрор ва рамзларни кашф этишга етарли журъат ва камолот топа олмай қолмоқдамиз, иккиланмоқдамиз, жўн таҳлиллар билан буюк ҳикматлар устоди олдида ўзимизни хижолатда қолдирмоқдамиз. Навоий нега ўттиз қушни бизнинг замонамизгача етказиб келди? Чунки бу «ўттиз қуш» - бу «Симурғ» инсониятнинг минг йиллик тарихидан бизгача тирик етиб кела олган, бутун инсониятга бўлган юксак меҳрини улкан қалбларига жо эта олган ва шу билан бақога-абадиятга эришган аждодларимиздир. Улар бугун ҳам тирик. Ва биз билан ҳамнафас, янги тараққиёт уфқларига қараб толиқиш билмай парвоз этиб бормоқдалар, ҳали ҳам бизни олға чорламоқдалар. Бугунги кунда уларнинг кўпгина армонлари кушойиш топа бошлади. Аммо биз - камолот сари интилаётган қушлар - бир нафас йўл машаққатларидан толиқсак, беғамлик, тараддуд ва ё тушкунликка берилсак, Олий ҳақиқат сари интилишдан бир нафас чекинсак, бутун инсониятнинг минг йиллик орзуларига хиёнат қилган бўламиз, боболаримизнинг табаррук умидига шак келтирган бўламиз. Бунга бизнинг ҳаққимиз борми?
Е.Э.Бертельс 1941 йилда « Навоий дунёқарашига доир» деб номланган мақола ёзиб, унда шоир ижодига Ибн ал-Арабий ва Фахриддин Ироқийлар таъсирини алоҳида таъкид этган ва бу масалани жиддий ўрганишга чақирган эди. Аммо ҳанузгача на навоийшунослар, на жомийшунослар ушбу муҳим муаммога эътибор бергани йўқ, Жомий асарларининг Душанбеда нашр этилган 8 жилдлик тўпламига «Ашаъот ул-ламаъот» мутлақо киритилмаганлиги ҳам шундан дарак беради.

Навоийнинг охирги асари «Маҳбуб ул-қулуб»ни шоирнинг бутун ижодий меросига ўзи томонидан ёзилган назарий хулоса ва якун, дейиш мумкин. Бу асар мазмуни ниҳоятда бой. Унда XV асрда мавжуд бўлган барча ижтимоий, ахлоқий ва маънавий ҳодисаларнинг ўзаро боғлиқлиги, яхлитлиги ишонарли таъкидланган. Ушбу китоб саҳифаларида бадиий тафаккурнинг назарий муаммолари, жумладан, олдинроқ эслаб ўтилган бадиий ижод тариқи масалалари бўйича ҳам олдинги рисола ва шеърий асарларда йўл-йўлакай айтиб ўтилган фикрлар умумлаштирилиб, хулосалар чиқарилган. Юқорида қайд этиб ўтилганидек, Саноий, Низомий, Саъдий, Амир Хусрав, Ҳофиз асарларида муайян даражада ўз аксини топган ва Алишер Навоий ижодида мукаммал даражага етиб, унинг томонидан назарий асосланган мутлақо янги мустақил бадиий тафаккур тарзи «мажоз тариқи» деб ном олди ва унда Ҳақ (Олий ҳақиқат) асрори «мажоз сувратинда» намоён бўлганлиги алоҳида таъкидланди. Бу Борлиқни ўзига хос идрок этиш тарзи «нақшбандия»нинг «Дил ба ёру даст ба кор» қоидасига мувофиқ бўлиб, унда ибрат, илм, ирфон ва амал бир нуқтада бирлашар ва янги дунёга кўз очарди. Тавҳид таълимоти ва эътиқодини идрок этишнинг энг юқори босқичи бўлган бу дунёқараш тизими «Хамса» ва «Лисон ут-тайр» асарларида, шоир лирикасида бадиий инъикосини топган бўлса, бир қанча рисолаларда муаммонинг назарий жиҳатларига эътибор берилди. Биз юқорида уларни ўз идрокимиз етган қадар шарҳлашга уриндик.


“Мажоз тариқи” ва Тавҳид моҳиятининг янгича талқини

Илоҳий китоблар орқали инсониятга аён этилган тавҳид ҳақиқати тасаввуф таълимоти туфайли инсон руҳининг мулкига айланди. Буюк cўфий шайхлари аввало инсонга ўзлигини англаб етишни ўргатдилар. Тасаввуф тарихий такомил жараёнида турли босқичларни босиб ўтиб, XIV аср Нақшбандия тариқати тимсолида яна соликни халққа, ҳаётга қайтарди, фақат энди сўфий ўзлигини, Ҳақни англаб етган, дилини худбинлик зангидан поклаб, “Ҳақиқат асрорининг ганжинаси” га айлантирган ҳолда ҳаётга қайтиб келди. У энди ўз шахсий манфаатлари учун эмас, балки Ҳақ учун, холис Аллоҳ йўлида моддий ҳаёт воқелигида фаол қатнаша бошлади. Абдураҳмон Жомий, Хожа Аҳрор Валий, Маҳдуми Аъзам каби улуғ сўфий шайхлари сиёсий ва ижтимоий ҳаётда юксак мавқе касб этдилар. Махдуми Аъзам сиёсатга оид қатор рисолалар яратди.
Марксистлар ўзларидан олдин ўтган барча инсонларни, улар қанчалик улуғ бўлмасин, барибир дунёқараши чекланган деб ҳисоблаб келдилар.Совет даврида ўтмиш алломаларнинг бутун “хизмати” келажакда яратилажак “диалектик материализм” назариясига қанчалик мувофиқ фикр юритганликлари билан белгиланди. Агар номувофиқ бўлса, демак, “реакцион”. Улар назарида, ўтмишнинг энг “прогрессив” алломалари ҳам, айниқса Шарқдан бўлса, “синфлар курашининг” моҳиятига етиб бормаган. Жумладан,”социалистик реализм” назариётчилари Алишер Навоий тафаккурини ҳам бу қусурдан холи эмас, деб ҳисоблашган. У “золим подшоҳлар” ва “риёкор шайхлар” ни қоралагани - ниҳоятда “прогрессив” ҳодиса саналса-да, аммо жамиятдаги икки мухолиф синф, дейлик, феодаллар ва деҳқонлар орасидаги “муросасиз зиддият”ни тўғри очиб бера олмагани - буюк шоир тафаккуридаги ноқислик сифатида баҳоланган. Аслида ақлимизни пешлаб, инсонлар жамиятини Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий каби буюк алломаларимиз тушунганидек тушунсак эди - аллақачонлар кўп муаммоларимиз ечилган бўлур эди. Буюк аждодларимизнинг маънавий мероси туганмас хазинадир. Уларда нафақат бир инсон, балки бутун инсоният ўтмиши, бугуни ва келажаги яхлит намоён бўлган.
Қарама-қаршиликлар бирлиги ва курашини воқелик моҳиятининг ўзак қонуни сифатида идрок этилиши барча нарса-ҳодисалар моҳиятини жуфтликда кўриб, уларни албатта бир-бири билан чексиз кураш ҳолатида тасаввур қилишга олиб келади. Назарияда албатта зид томонлар бир -бирини тақозо қилиши тан олинади, аммо инсон фаол зот, у бир ишни бошласа, ниҳоясига етказмай қўймайди: ҳаётнинг моҳияти курашми - демак, курашни бошлаб, охиригача олиб бориш керак, яъни мухолифни буткул маҳв этиш (йўқ қилиб ташлаш) керак. Агар мухолиф томон курашни ҳаётнинг моҳияти деб билмаса, бадтар бўлсин, уни енгиш қайтага осонроқ. Нега Россияда буржуазия енгилди, чунки ҳеч қайси “капиталист” ёки, ҳатто, “феодал” ишчи ёки деҳқонни буткул йўқ қилиб ташлаш керак деб ҳисобламайди, аммо ишчи назарида (аниқроғи, марксизм кўзи билан қараганда) “капиталист”лар синфи умуман жамият учун бефойда унсур, уни қанча тез йўқ қилиб ташланса, шунча тез “коммунизм” қурилади. Негадир ҳаёт бу фаразларни тасдиқламади, фақат инсон қони дарё-дарё бўлиб оққани қолди.
Фуқаролар жамиятининг асосий хусусияти - ижтимоий уйғунликдир. Ижтимоий уйғунлик эса инсонларнинг бир-бирини тушуниши билан бўлади. Коммунистик ғоянинг энг катта камчилиги ҳам турли ижтимоий тоифалар табиатидаги ўзига хосликларни англаб етишга ҳафсала қилмай, мураккаб воқеликни фақат икки синф орасидаги аёвсиз кураш сифатида талқин этганлиги бўлди. Масалан, Лениннинг энг кўп ғазабига икки тоифа: интеллигенция ва деҳқонлар дучор бўлишгани кўпчиликка маълум. Деҳқон меҳнаткашлиги учун табиатан ишчига иттифоқдош деб қаралса ҳам, унинг хусусий мулкка мойиллиги “доҳий” нинг кўп ғазабини қўзғатар эди. Бу “қусур”га барҳам бериш учун “содиқ шогирд”(Сталин) томонидан ялпи коллективизация ўтказилди, натижада деҳқонлар тўлиқ тоталитар давлат асоратига тушди. Бунинг хулосаси дунёнинг олтидан бир қисмини эгаллаган давлатда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари четдан нақд валютага сотиб олинишига ўтиш бўлди. Зиё аҳлини ҳам большевиклар тоталитар тузумнинг итоаткор хизматчиларига айлантирдилар.
Асли ҳаётда синфлар эмас, турли ижтимоий тоифалар мавжуд. Уларнинг ҳар бири жамиятда ўз аниқ мақом ва мавқеига эга. Шунга яраша ҳар бирининг ўз табиати, эҳтиёжлари, бурч ва вазифалари, ўз маънавий олами мавжуд. Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр”, “Маҳбуб ул-қулуб” асарларига мурожаат қилсак, бунга яққол ишонч ҳосил қиламиз.
“Лисон ут-тайр” бадиий асар, шу сабабли ундаги ғоя илмий таҳлил эмас, рамзий ишоралар воситасида баён этилган. Ўттиз қуш (Симурғ) тимсоли жамиятдаги ижтимоий тоифаларнинг кўплиги ва ранг-баранглигига ишора. Улар барчаси бир бўлиб, яхлит воқеликни ташкил этади. Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” да бу қарашни бевосита, очиқ ижтимоий таҳлил орқали ифодалаган. Унда ўша давр жамиятига хос қирқ тоифага таъриф берилади ва уларнинг турли жиҳатлари мукаммал тавсифланади. Ҳар бирининг табиатидаги фазилат ва қусурлар холис очиб ташланади.
Туркий тилдаги мумтоз адабиёт ижтимоий масалаларга доимо жиддий эътибор бериб келган. Биз тошбитиклар ва Юсуф Хос Ҳожиб асаридан буни яхши биламиз. Аммо Низомий “Хамса”сидан бошланган бадиий тафаккурнинг мураккаб изланишлари ижтимоий мавзуни - давлат, жамият ва шахс маънавияти орасидан уйғунлик масаласини бениҳоя теран таҳлил қилиб берди ва бу таҳлил Алишер Навоий ижодига келиб айтиш мумкинки, бир миллат ёки минтақа эмас, хатто жаҳон аҳли маънавияти ривожида буткул янги, юксак камолот босқичини мукаммал намоён қилди. Навоийнинг бутун мероси - девонларидаги ғазал, қитъа, қасида, таржеъбанд ва соқийномалар, достонлари ва насрий асарлари, илмий ижоди - барчаси яхлит бир манзара - Навоий давридан бир неча асрлар кейин - бизнинг замонамизда воқеликка айланиши мумкин бўлган Янги бир ижтимоий - маънавий уйғунликдан башорат қилади. Қонун устуворлигига асосланган, ҳақиқий фуқаролар жамияти деса арзийдиган, том маънода ижтимоий адолат ва халқ ҳокимияти амал қилаётган, давлат, жамият, халқ маънавиятининг юксак уйғунлиги асослари бундан 500 йил илгари шу даража ёрқин тасаввур этилгани ва бадиий ифодалаб берилгани инсонни ҳайратга солмай иложи йўқ.
Навоий яратган уйғун жамият манзараси қандай белгиларга эга?
Аввало, бу манзара хаёлий (утопик) эмас, воқеъ асосга қурилган манзарадир. Иккинчидан, бу манзара моддий тенглик ва беҳисоб тўкинчилик ҳолати эмас, маънавий воқеликдир. Учинчидан, Навоий яратган ижтимоий-маънавий уйғунлик манзараси зўрлик, муайян кичик бир гуруҳнинг зўравонлиги йўли билан жорий этилган мажбурий тенглик жамоаси эмас, умум башариятнинг чексиз адашувлар, оғир машаққат ва изтироблар аро неча асрлар давомида аста-секин ва ихтиёрий эришган маънавий камолот ҳолатидир. Унда ҳали ҳам адашувлар, қийинчиликлар, изтироблар, йўқотишлар бўлиши мумкин, аммо баҳамжиҳатлик, инсонларнинг бир-бирини тушунишга интилиши охир-натижада ғолиб чиқиш эҳтимоли кенгайган, шунга мувофиқ маънавий муҳит шаклланган. Бу жамиятда мулкдор ҳам бор, мулксиз ҳам, аммо ҳар иккови ҳам ўз ихтиёри билан ушбу ҳолатни касб этган.
Бу жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўзлигини англаб етган, ўз мавқеига эга: давлат арбоби ҳам, олим ҳам, деҳқон ҳам, савдогар ҳам; гўдак ҳам, кекса ҳам; эркак ҳам, аёл ҳам. Ҳеч ким бир-бирига хасад қилмайди, қўлидан келмаган юмушга даъво қилмайди, ўз юкини бошқага ағдармайди, кўтара олмайдиган юкни елкага олишга беҳуда уринмайди.
Чунки инсонларда борлиқнинг Олий Ҳақиқатини тушуниш бор, унга чексиз интилиш бор, нафақат ақл, балки бутун вужуд билан, бутун эҳтирос билан англаб етилган имон, эътиқод бор. Бу эътиқод барчада бир хил тусда эмас, яъни ягона мафкуранинг ялпи ҳукмронлиги тарзида эмас, балки ўзаро меҳр, бир-бирини тушуниш ва Ҳаққа интилишдаги самимият заминида шакллангандир. Риоя, андиша, меҳр-оқибат, ҳилм (муомалада ҳалимлик), сабр-тоқат ва Олий Ҳақиқат олдидаги масъулият ҳисси ушбу эътиқоднинг меваларидир. Бу жамият кишилари гўзалликка интиладилар, аммо покликка хиёнат этмайдилар; фидоийликка улар қодир, аммо мутаассиблик уларга бегона; ҳар бир кишига юксак эҳтиром билан ёндошадилар, аммо ҳеч кимга тилёғламалик қилмайдилар; ҳар бир шахс ўз қадрини билади, аммо такаббурликни билмайди; улар ҳар бири ўз эътиқодига содиқ, аммо бировни нодон деб ўйламайди, улар қалбида эҳтирос жўш уради, аммо улар эҳтиросларнинг қули эмас; улар ақлли, аммо маккорликдан ор қиладилар. Бундай хислатларни чексиз санаш мумкин, аммо Навоий яратган бу манзарани яққол кўриш учун нима талаб этилади, шоир ўзи бу даражада башоратга қандай эриша олган? - деган савол туғилиши мумкин. Сабаби битта - барча салафлари сингари Алишер Навоий ҳам ўзидан олдин яратилган буюк маънавий меросни имкони даражасида мукаммал ўзлаштирган, фақат ақли билан эмас, бутун вужуди, борлиги билан, меҳру самимияти билан ўзлаштирган, бут имон, эътиқод билан Ҳақиқатни излаган ва Ҳақиқат унга юз очган. Бу Аллоҳнинг инояти инсоннинг самимияти, ўзлигини англашга чексиз интилиши туфайлидир. Кимки ихлос билан, имон ва эътиқод билан, эзгу ният билан миллий ва умумбашарий маънавий меросни ўрганишга, унинг мағзини англаб етишга уринса, иншооллоҳ, унга ҳам Ҳақиқат жамоли насиб бўлгусидир.
Кўпинча биз инсон яратувчи деб гапирамиз, асли ягона яратувчи, яъни йўқдан бор қилувчи Аллоҳ таолодир, инсонга эса Аллоҳ яратган моддий ашёларни қайта ишлаб ўзгартириш қобилияти берилган. Навоий наздида, дунёни обод қилишнинг  ибтидоси зироатдадир. “Маҳбуб ул-қулуб”нинг бош ва суюкли қаҳрамонлари, бизнинг тасаввуримизга кўра, шоҳ ва cултонлар, мунажжим ва воизлар эмас, балки деҳқон ва дарвешдир: “Деҳқонки, дона сочар, ерни ёрмоқ била ризқ йўлин очар...” Дунёга дил кўзи билан қарашни ўрганган шоир деҳқонни Одам атога, ўзгаларни унинг қарамоғидаги фарзандларга ўхшатади, оламнинг ободлигини деҳқон меҳнатидан деб ҳисоблайди. Табиатдаги жуда кўп жонзотлар ҳам деҳқон меҳнати самараларидан баҳраманд бўладилар.Чорвадор ва боғбон ҳам асли шу тоифадан. Шоир таъкидича, улар инсонлар жамиятининг асос-замирини ташкил этувчи тоифадир. Бу тоифанинг яна бир буюк фазилати - инсонлар ва табиат орасидаги мувозанатни сақлашда кўринади.
Қадим аждодларимизнинг “Авесто”китобида табаррук ҳисобланган замин аёлга қиёс этилади, уни эркалаш, парвариш этиш улуғ ва муқаддас юмуш сифатида деҳқон зиммасига юкланади. Аждодларимиз ўзлигини танигандан бошлаб ер, сув ва оловни улуғлаганлар ва дастлабки иккисини пок сақлаш, эзгу ниятларда истифода этиш деҳқон учун ҳам ҳуқуқ, ҳам масъулият саналган.
Мутафаккир адиб жамиятдаги яна бир тоифага - дарвешларга ҳам алоҳида меҳр кўргазган. Афсуски, мустақилликкача ўтган 70 йил давомида Навоий асарларидаги айрим мафкурачиларга маъқул келмаган жиҳатлар кўплаб нашрлардан аёвсиз қирқиб ташланарди. Жумладан, “Дарвешлар зикрида” деб номланган 1-бўлимнинг 40-фасли ҳам шоирнинг 15-жилдли “Асарлар” тўпламидан “тушиб” қолган. Ҳолбуки, Навоий бу тоифа мисолида ҳақиқий зиёли қиёфасини яратади. Ҳақиқий зиёли, яъни дарвеш элга фақат маърифат, илм нурини тарқатиш билан кифояланмайди, инсонлар дилига поклик, меҳр-оқибат, эзгуликка интиқлик, ўз-ўзини англаш туйғуларини сингдиради: “Ичи таши билан мувофиқ, балки ариғроқ (покроқ), ботини зоҳир била мусовий (тенг мувозанатда), балки ёруғроқ...” Албатта, моддий ва маънавий қиёфа доим мутаносиб бўлавермайди: “Дарвеш тўни йиртуқ, андоқ турур ким, ганж (хазина) макони бузуқ”.
Форобий, Беруний, Ибн Синолар ҳукмдорни файласуф бўлишга даъват қилган бўлсалар, Навоий ўз асарларида Ҳусайн Бойқорони “дарвеш-шоҳ“ бўлишга ундаган. Ўша замонда дарвешлар деганда кўпроқ сўфийлар, тасаввуф аҳли тушунилган. Уларнинг яратувчилиги, аввало руҳий огоҳлик,
маънавий поклик тимсолларини ўзликларида тирик тажассум этишлари билан боғлиқ бўлган. Шу боис улар - маъно (яъни, Ҳақ моҳиятидан огоҳликка интилиш) ва сафо (покликка, маънавий қусурларни енгиб ўтишга жаҳд қилиш) аҳли сифатида улуғланганлар. Алишер Навоийнинг асл дарвешлар - маъно ва сафо, зиё ва ишқ аҳли - ҳақидаги мукаммал китоби “Насоимул-муҳабба мин шамоимул-футувва”дир.
Деҳқон ва зиёлидан ташқари яна икки асосий ижтимоий тоифа мавжуд бўлиб, улар ҳам жамият учун зарурийдир. Бири - барча ижтимоий соҳалардаги ташкил этувчилар, иккинчиси - косиб-ҳунармандлар, яъни саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилардир. Ташкил этувчилар гуруҳи ўз табиатига кўра, то қадим дунёдаги қабила бошлиғидан тортиб, ўрта асрлардаги шоҳ ва султонлар, янги даврдаги буржуа синфигача кўпинча ҳукмронлик мавқеини эгаллаб келганлар. Навоий бу табақа вакилларини биринчи бўлиб таърифлайди: султонлар, беклар, ноиблар, вазирлар, садрлар, шайҳул-ислом ва қозилар, лашкарбоши ва ясовуллар... Буларнинг аксарияти мутафаккир шоирнинг аччиқ гиналарига сазовор бўлади. Уларсиз жамият тўкис эмас, аммо уларнинг “ташкил этиш” усуллари давр тақозоси ва ҳукмронликнинг мураккаб ботиний қонуниятлари таъсирида ўта жоҳил ва аёвсиз шаклларда намоён бўлар ва шу сабабли Навоий сингари орифлар ва меҳр аҳли дилида изтироблар уйғотар эди.
Адиб асарида “бозор косиблари” ва ўзга ҳунар аҳлини ҳам аямайди. “Бозорда савдогар косиб - тенгрига хоин ва ваъдага козиб (ёлғончи). Бирга арзирни юзга сотмоқдин аларға минг мубоҳот, мингга тегарни юзга олмоқдин аларға йўқ зарра уёт. Ростлиқ била савдо аларға зиёнкорлиқ ва ваъдага вафо аларға бадкирдорлиқ...” Кўриниб турибдики, Навоий косибни бозорда, иқтисодий муомалада тасвир этмоқда. Бу ерда у хусусий мулкчи, ушбу ҳолатда унинг савдогардан, сармоясини кўпайтириш ғамида юрган корчалон (бизнесмен)дан фарқи йўқдир. Ҳунар аҳлининг деҳқондан фарқи - у яратувчи сифатида она-табиатдан узилиб қолганлигидир. У табиат билан эмас, бозор билан боғлиқ, бозорда ҳамма нарса нисбий - ё сен алдайсан, ё сени алдайдилар. Деҳқон эса табиат билан мулоқотда, табиатни алдаб бўлмайди, охир-оқибат ўзинг алданиб қоласан. Бу билимни деҳқон ва чорвадор минг йиллик амалий тажрибаси билан чуқур ўзлаштирган.
Яратувчи косиб, ҳунар аҳли ўз пухта маънавий асосини ишлаб чиқмаган, инсонлик моҳиятини англаб етмаган бўлса, оддий бозор товламачиси даражасига тушиб қолиши ёки хонавайрон бўлиши ҳеч гап эмас. Сабаби - инсон табиати ҳам барча воқелик ҳодисалари сингари ўз ички зиддиятига эгадир. У бир тарафдан ҳайвонот оламига, иккинчи томондан Ҳаққа, борлиқнинг маънавий моҳиятига туташдир. “Лисон ут-тайр”да таъкидланишича, инсон жисмида тўрт бир-бирига зид моддий унсур бирлашган, дили эса ҳақиқат асрорининг ганжинасидир. Ҳайвонларнинг ҳар қандай тоифаси, аввало қориннинг қули, қолаверса ўз наслидан авлод қолдириш вазифасини, табиат буюрган вазифани бажарадилар, яна бир-бирига емиш бўладилар. Инсонда ҳам ҳайвонларда бўлган барча табиий эҳтиёжлар мавжуд. Агар инсон ўз ақлини маърифат зиёси билан ёритмаса, яратувчилик вазифасини адо этишга онгли муносабатда бўлиб, астойдил шуғулланмаса, дилида ўзгаларга меҳр-шафқат туйғуси ёлқинланмаса, у ҳам икки оёқли маҳлуқ, қориннинг қули бўлиб қолаберади.
Инсонга ақл Ҳақни таниш учун берилган. Агар ақл вазифасидан адашса, дорилик учун мўлжалланган жавҳардан заҳар сифатида фойдаланиш каби ҳолат вужудга келади. Заҳар вазифасини бажара бошлаган ақл қудрати бутун инсониятни заҳарлашга қодирдир. Ўтмиш “лисон ул-ғайб” эгаларининг асосий фаолият мазмуни ушбу фалокатнинг олдини олишга қаратилган эди.
Собиқ шўролар даврида биз соф материализм ва жанговар атеизм позицияларида собитқадамлик кўрсатиб, аждодларимиз меросидан ҳам даҳрийлик унсурларини қидирар эдик. Мўлжалимизга бир оз мос келадиган фикр ё жумла топсак, уни ҳар томонлама кўз-кўз қилардик. Борди-ю, аксинча бўлса, уларни оммавий нашрлардан тушириб қолдирар, мураккаб ўринларни кўриб-кўрмасликка олиб ўтиб кетар эдик. Мустақиллик шарофати туфайли исломга умумий қайтиш жараёни ривож олиб, биз ҳам буюк аждодларимиз асарларидаги динга алоқадор ўринларга айрича аҳамият бера бошладик. Ўтмиш алломалар учун ўз-ўзидан табиий бўлган эътиқодлилик кўзимизга тўтиё бўлиб, “Мана фалончи ҳам эътиқодли мусулмон бўлган, Аллоҳга муножот этган”, деб таъкидлаш бугун бизга фахр туйғуси бахш эта бошлади. Тасаввуфни улуғлаш, барча ўтмиш алломаларимизнинг мутасаввиф эканлигига эътибор қаратиш ҳам ушбу жараённинг узвий қисмидир. Ҳар ишда меъёр тузук. Инсон табиати фақат руҳий дунёдан иборат бўлмагани сабабли, у агар тўлиқ моддий дунё эҳтиёжларини рад этса, ё бу фоний дунёни тарк этмоғи, ё иккиюзламачиликни, яъни риёкорликни касб этмоғи лозим. Аҳли футувва ушбу зиддиятни енгиб ўта олган жамоадир. Футувва маънавиятини ўзлаштирган киши амалда яратувчи ва руҳиятда дарвешдир. Унинг ахлоқий жиҳатдан сифати - жавонмардлик, яъни саҳоватлилик, олийҳимматлик, камтаринлик, тўғрисўзлик, мардлик каби хислатларнинг узвий яхлитликда намоён бўлишидир. “Бу гуруҳ меҳнат билан топган нонини бойлик деб билгай”, деб ёзади Унсуралмаолий Кайковус.
Дарҳақиқат, Алишер Навоийнинг “Насоим ул-муҳаббат мин шамоим ул-футувват” асарида тилга олинган машойих ва авлиёнинг ҳаёт тарзидаги асосий хусусиятлардан аввали уларнинг ҳар бири бир касб билан машғул бўлиб, ҳалол меҳнатлари ҳисобига рўзғор тебратишларидир: Абу Саид Харроз - этикдўз, Муҳаммад Саккок - пичоқчи, Абу Ҳафз Ҳаддод - темирчи, Абулаббос Омилий - қассоб, Иброҳим Ожирий - ғишт қуювчи, яна бирлари ҳаммол, бошқалари нажжор, ҳеч бўлмаса, ўтин ташувчи ва ҳоказо.
Маънавият - ўзликни англашдир. Шу нуқтаи назардан қараганда, миллий маънавият тарихи миллатнинг ўзлигини англаш йўлидаги такомил босқичларидан иборат. Аввало инсон уруғ жамоаси, қабила даражасида, сўнг халқ, миллат даражасида ўзлигини англаб етди. Инсоният такомилидаги неча минг йиллар давом этган бу биринчи катта давр миллатимиз учун VI-VII асрларда Буюк турк хоқонлигининг ташкил топиши билан якунланди.
Кейинги давр миллатимизнинг ислом минтақа маданияти доирасида босиб ўтган такомил йўли бўлиб, VIII асрдан XVI аср бошларигача давом этди. Илоҳий китобларда аввал бошданоқ бутун инсоният, табиат ва коинотнинг яхлитлиги, бирлиги ҳақида хабар берилган бўлса ҳам, «ер юзидаги халифалар» аталмиш инсонлар умумбашарий миқёсда ўзаро бир-бирига нисбатини мукаммал англаб етиши учун не-не замонлар керак бўлди.
XIV-XV асрларга келиб тавҳид таълимотини тушуниш энг юксак босқичга кўтарилди. Шу асрда Европа христиан дунёси билан бизнинг минтақа орасида ҳам тарихий-сиёсий, ҳам руҳий-маънавий яқинлашув кузатилади. Сиёсий жиҳатдан бу ҳодиса Амир Темур давлатининг халқаро алоқаларида кўзга ташланса, маънавий жиҳатдан Шарқда Алишер Навоий, Ғарбда Пико делла Мирандола (1463-1494) каби буюк сиймолар ижодида ёрқин намоён бўлди.
Шу жиҳатдан Алишер Навоий ижодий камолотининг учинчи, энг юксак босқичи ҳақида яна бироз тўхташга тўғри келади. 1497 йилда темурийзода ўсмир, 14 ёшли Мўъмин Мирзо хоинона қатл этилди. Бу ҳодиса VIII-XV асрларда минтақа миқёсида эришилган буюк маънавий камолот билан сиёсий ҳаёт соҳасидаги ҳануз сақланиб келаётган хурофий анъаналар орасида борган сари чуқурлашиб бораётган зиддиятнинг ҳалокатли тус ола бошлаганига яна бир жиддий ишора бўлди.
Мастлик ғафлатида ўз севимли набираси қатлига имзо чеккан Султон Ҳусайн дину имон нималигини билмаган жоҳил ва мутакаббир, худбин ва мустабид шахс эмас, балки Форобий ва Юсуф Хос Ҳожиб тавсиф этган маърифатли ҳукмдор, Навоий орзусидаги дарвеш-шоҳ тимсоли эди.
Бу фожиа ортидаги теран моҳиятни бутун кўлами билан Алишер Навоий тушуниб етди. Навоийнинг васиятномаси ҳисобланувчи сўнгги уч асари: «Лисон ут тайр» (1498), «Муҳокамат ул -луғатайн» (1499) ва «Маҳбуб ул-қулуб»(1500) ўз мазмун-моҳияти билан, бир жиҳатдан,VIII-XV асрлар ислом минтақа маънавияти такомилига якун ясаса, иккинчи жиҳатдан, ҳам миллатимиз, ҳам умумбашарият маънавий такомилида учинчи - Янги даврни бошлаб беради. Алоҳида жиддий таҳлил талаб қилувчи бу масалани ҳар томонлама ёритишга интилмаган ҳолда бир неча муҳим нуқталарига тўхталиб ўтамиз.
Алишер Навоий бутун ижодида салафлар анъанасига таянди. Аммо ушбу анъаналар чегарасида турган ҳолда уларга ўз ижодида шундай назму тартиб бахш этдики, бунинг натижасида мутлақо янги моҳиятлар кашф этилди. Биринчидан, «Лисон ут-тайр»да «мажоз тариқи» воситасида инсониятнинг яхлитлиги ва буни англаб етиш ҳар бир инсоннинг маънавий камолот сари чексиз интилиши орқали юз бериши мумкин эканлиги яна бир карра таъкидланди. Шу билан бирга башарият миқёсидаги мукаммал ижтимоий тизим шаклланиши ундаги ҳар бир шахснинг маънавий баркамоллиги билан боғлиқ эканлиги, бу баркамоллик башариятнинг ҳар бир аъзосига (узвига) нисбатан беғараз ва самимий меҳр масъулияти билан ўлчаниши ёрқин тимсолларда очилди. Айниқса, Шайх Санъон қиссасида бу ғоя муҳим ва муайян бир муаммони - ҳар иккиси ҳам «аҳли китоб» бўлмиш ислом ва христиан дунёси кишиларининг ўз ички руҳиятидаги турли хурофотларни енгиб ўтиб, беғараз ва фидойи меҳр асосида ўзаро яқинлашувлари мумкинлигини кўрсатиш билан ифодаланди. Энди  инсониятнинг яхлит моҳият сифатида бирлашуви зўрлик ва босқин асосида эмас, ўзаро меҳр ва бир-бирини тушунишга интилиш, ҳар бир шахснинг маънавий камолоти орқали эришиладиган воқелик экани - Янги даврнинг бу буюк ҳақиқати - 500 йил илгари шундай башорат этилди.
Иккинчидан, «Муҳокамат ул- луғатайн»да Алишер Навоий давр тақозоси билан минтақа бўйлаб сочилиб кетган туркий қавм вакилларининг яхлит маънавий қиёфасини тугал сақлаб қолиш йўлидаги баракали фаолиятига назарий якун ясади. Амир Темур яратган сиёсий-ҳудудий яхлитлик охирги уриниш эканлигини дилдан сезган улуғ шоир Янги давр шароитида маънавий умумийликка интилиш хайрли эканлигини англаб етди ва шуни аниқ назарий асослади.
Учинчидан, «Маҳбуб ул-қулуб»да ўша давр жамиятидаги турли тоифалар ўз салбий ва ижобий хислатлари билан тўлиқ таъриф этилиб, уларнинг ҳар бири жамият тараққиёти ва давлат тизимида қандай ўзига хос вазифа эгаси эканликлари тушунтирилди. Бу жиҳатдан, Алишер Навоий Юсуф Хос Ҳожиб, Низомулмулк ва бошқаларнинг сиёсий-ижтимоий қарашларини ижодий ривожлантирди. Агар «Қутадғу билиг» муаллифи биринчи ўринга «хос аҳли»нинг тўрт етакчи намояндаси –элик, яъни ҳукмдор (Кунтуғди - адолат тимсоли), вазир (Ойтўлди - бахт, давлат тимсоли), унинг ўғли ва ўринбосари (Ўгдулмиш - ақл, билим тимсоли) ва зоҳид (Ўзғурмиш- қаноат тимсоли)ни чиқариб, қолган ижтимоий тоифаларни уларга тобе тарзда тасвирлаган бўлса, Алишер Навоий 40 бобда барча тоифаларга тенг ўрин ажратибгина қолмай, асосий моддий бойлик яратувчи куч - деҳқонлар ва маънавият аҳли - зиёлилар тимсоли - дарвешларни алоҳида меҳр билан тасвирлади. Яна алоҳида қисмларда энг муҳим ижтимоий-ахлоқий хислатлар моҳияти ва шахс тарбиясига оид ибратли танбеҳлар жой олди. «Маҳбуб ул-қулуб» мундарижаси, «Лисон ут-тайр» достонидаги ижтимоий-сиёсий талқин қатлами билан биргаликда, янгича ижтимоий тизим - фуқаролик жамияти маънавий талабларига ишора этувчи илк куртаклардан бўлиб чиқди.
Хулоса қилиб айтганда, Алишер Навоий «васиятномаси» Янги давр маънавиятининг ўзак томирларни ўзига хос бадиий ва илмий шаклларда илк бор изчил ифода этиш билан ислом минтақа маънавияти ва Янги давр ўртасида мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қилди.
Алишер Навоий ижодининг бу «кўприк»лик хусусияти яхлит олганда шоир илмий изоҳлаб берган «мажоз тариқи» тушунчасида мукаммал ифодасини топди. Биринчи навбатда бадиий ижод сифатида мужассамлашган бу тушунча моҳият жиҳатидан бадиий тафаккур доираси билан чекланмас, балки «Ал-мажозу қантарат ул-ҳақиқа» (Мажоз ҳақиқатнинг кўпригидир) ҳадисига таянувчи алоҳида дунёқараш тизими сифатида инсон ҳаётининг барча жабҳаларига тааллуқли эди. «Мажоз тариқи» намояндалари Ҳақиқат асрорини мажоздан изладилар, «мажоз»да Ҳақиқат изларини кўрдилар ва фано орқали бақога интилдилар. «Мажоз тариқи»да Тавҳид моҳияти Янги давр қадриятларига мувофиқ келувчи янгича талқин олди. Бу оламшумул кашфиёт эди.
Сунна ибрат орқали эътиқод бўлиб, Борлиқнинг ягона Олий Ҳақиқати мавжудлигини тан олиш ва унга чин дилдан эътиқод қилишни тақозо этган, маърифатчилик - инсоният англаб етган барча мавжуд билимлар моҳиятан Тавҳид эътиқодига мувофиқ эканлигини илм ва мантиқий таҳлил воситасида исбот қилишга қаратилган, Ирфон Ҳақиқат ишқи алангасига тик кириб бориб, нафсни худбинлик зангидан поклаш ва шу орқали шахснинг Олий Ҳақиқатга дахлдорлигини амалда таъминлаш йўли сифатида ўзини кўрсатган бўлса, «Мажоз тариқи» Ҳақиқат изловчиларни яна бақодан фанога юзлантирди. Ўзлигини англаб етганлар энди ўзгаларни англашга интилиб, ўз қалбига сайқал бериб, унда Ҳақиқат нурининг акс этишига эришганлар. Энди ўзгалар қалбига зиё бахш этишни ҳаёт мазмунига айлантирмоқлари асосий мақсад йўналиши қилиб белгиланди. Навоий ақидасига биноан етакчи қоида «нафърасонлик», инсон кўнглини англаб етиш ва инсонни меҳр воситасида тарбиялаш эди.

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

Яъни, бу фоний дунёда бир кўнгли ўксик инсонга шодлик бағишлаш Аллоҳ Каъбасини, бузилиб кетган бўлса, қайтадан обод қилишга тенгдир. Орифлар кўнгил Каъбасини тошдан тикланган Каъбадан улуғ билдилар. Чунки Иброҳим ва ўғли кўнгилларида нурланган Ҳақ ишқи туфайли Каъба қайта тикланди. Тош Каъба тавҳид эътиқодининг тимсоли бўлса, кўнгил Каъбаси унинг асл макони этиб мўлжалланган. Аммо инсон кўнглини обод этиш осон юмуш эмас. Бунинг учун фоний дунё қонуниятларини янгидан кашф этмоқ керак. Энди фақат Борлиқнинг асл моҳиятини излаш кифоя қилмайди. Фоний дунё унсурларини сурат ва маъни яхлитлигида тадқиқ ва таҳлил этиш талаб этилади. Илоҳий китоблар Борлиқнинг асл моҳияти ва Тавҳид Ҳақиқатидан хабар беришади. Фоний дунё унсурларининг тадқиқи эса инсонларнинг ўз вазифаси доирасидадир. Фақат дилда Ҳақиқат ишқи билан ҳалол ва холис ёндошув лозим. Ҳалоллик ва холислик бўлмаса, ҳақиқат юзага чиқмайди. Инсон йўлдан озади ва ўзгани ҳам ҳалокатга элтиши мумкин. Холисликнинг асосий шарти кибр балосидан истиғфор этишдир. Кўнгилда Ҳақиқатдан ўзга зарра ғубор ҳам бўлмасин. Аммо Ҳақиқат фақат менинг кўнглимда, деб ўйлаган инсон ҳам янглишади. Аҳли башар барчаси Аллоҳнинг халифаларидир. Демак, Ҳақ ягона, аммо унинг турли қирралари турли кўнгилларда қарор топиши мумкин. Агар ушбу асосни сиёсатга татбиқ этсак, ер юзида давлат ҳокимиятининг ҳам ягона манбаи умумхалқ ирода-си бўлиб чиқади.
Янги даврнинг моҳияти ушбу икки асос - дунёни сурат ва маъни яхлитлигида ўрганиш ва баҳамжиҳатликда бошқаришга интилиш билан ўзлигини намоён этади. Бу икки асос бир-бири билан узвий чатишиб кетган.
Янги давр маърифатчилиги хос ва авом орасидан чегарани олиб ташлашга қаратилди. Бунинг, албатта, ўзига яраша хавфи ҳам йўқ эмас эди. Навоийнинг деҳқон-ларга берган баҳоси, ижтимоий тоифалар ҳақи-даги мулоҳазалари ушбу муаммони тўғри ҳал қилишнинг, назаримизда, энг мақбул йўли эди.
Фоний дунёни сурат ва маъни бирлигида тадқиқ этиш ижтимоий воқелик тадқиқини ҳам тақозо этади. Бу ҳаракат ислом дунёсида Форобийлар давридан бошланган бўлиб, Ибн Халдун ижодида ўз чўққисига эришди. Бу улуғ тарихчи-файласуф тақводор ва художўй киши эди. Унинг ижтимоий-сиёсий тараққиётга оид қарашлари инсониятнинг ибтидоий жамоа тузуми даражасидан шаҳар жамоаси тузуми даражасига қараб юксалиши ва бу икки ижтимоий тузум босқичларининг ўзаро қиёси асосига қурилган эди.
Баҳоуддин Нақшбанднинг «дил ба ёру даст ба кор» қоидаси, Ибн Халдуннинг тарихий тараққиёт ҳақидаги назарияси XIV асрда Амир Хусрав ва Ҳофиз Шерозийлар шеърияти билан бир пайтда шаклланди ва улар барчаси ўзаро уйғунлик касб этди. Шу даврда ҳукмронлик қилган Темур ўзини шоҳ ёки cултон атамади, ўлгунича бошқа амирлар қатори Амир Темур бўлиб қолди. XV аср маънавият замони, Хожа Аҳрор ва Алишер Навоийлар замони бўлди.
Аммо, афсус, на сарбадорлар, на темурий мирзолар Янги давр давлатчилиги асосларини узил-кесил амалга тадбиқ эта билмадилар. Маънавиятда англаб етилган Ҳақиқат сиёсатга тўлиқ жорий этилмади. XV асрда Хожа Аҳрор ва Алишер Навоийлар ижтимоий мўътадилликни сақлаб туришга астойдил интилган бўлсалар ҳам, XV аср иккинчи ярмида Шоҳруҳ ва Улуғбек мирзолар ҳукмдорлик давридан кейин бошланган сиёсий парокандалик жараёни борган сари кучайиб борди. На Султон Ҳусайн, на Бобур бу жараённи тўхтатиб қола билмадилар.

Муҳаммаджон Имомназаров