Русия мусулмонларининг «Тарихчайи адабиёт»ини ёзадиган киши бўлса, ушбу 1906 йилни «тил йили» деб билади.
23 йилдан бери «Таржимон» қўллаётган содда ва очиқ туркий тили қалам ва мажлис тили мақомига кирмоқда эди. Лекин бу йил ҳар вилоятда бир-икки маҳаллий газеталар таъсис қилиниб, ҳар бири бирор турли шевада қалам юргиза бошладилар. Ҳар тарафда вилоят ва тараф одимлари кўрилди. «Умумий лисон», «Лисони адабий» маслаки буюк ва илмий бир тажрибага солинди. Озарбойжон, Туркистон ва Қозон бирор шўъбага, бирор шевайи адабияга ажратиладими ёки тавҳиди лисон (тил бирлиги) масаласи собит қоладими?
Маслаки умримиз бўлган тавҳиди лисон масаласида биз бир нуқта ортга чекилмадик ва чекилмаймиз... Ҳам ортга чекилишга на эшик, на йўл қолди. Миллат яшасун!.. Мурод ва ҳукмни қатъиян бу йил англанди. Вилоятларнинг хусусий фоидалари ёки маорифи ибтидоийянинг осонлик билан ёйилиши учун, мувакқат ўлароқ, шевайи маҳаллия истеъмоли жоиз кўрилса-да, «тавҳиди лисон», «лисони умумий ва адабий» кераклиги ҳозирни ўзидан ҳукм қилинди.
Умумий «Иттифоқи муслимин» мажлисларида сўзлашув «лисони умумийи туркий» билан олиб борилганидан ҳар тарафдан келган вакилларнинг бир-бирларини тушунишлари бу лисон соясида воқеъ бўлиши, Иттифоқи миллия қарорлари барчаси лисони туркий ила ёзилиши, бу йил маҳаллий шева ёки тоторча номи-ла қалам юритган аксар муҳаррир биродарларимизинг тиллари тўққиз ойда юзда тўқсон даража «турклашгани» ва йигирма турли газеталар пайдо бўлганда ҳам «Таржимон»нинг ҳеч муштарийси озаймай, баъзи ерларда кўпайгани тил бирлиги маслагининг миллат томонидан қатъийян қабулининг самарасидир.
«Таржимон» умум миллатнинг таржимони, лисони турк умум миллатнинг тили эканлигига шак ва шубҳа йўқдир.
Яшасун миллат! Бу миллат яшаши керак! Чунки тушунадиган тили ва тил бирлиги фикр ва адабиёт бирлигига сабаб бўлиб, бу эса, иш, амал ва ҳаракат бирлигини пайдо қилиб, натижаси нажот бўлади.
Қавказда, Туркистонда, Русия ичкарисида 24 йилдан бери «Таржимон»ни ўқиб келганлар юзларча бор. Ўн, ўн беш, йигирма йилдан бери ўкиб келганлар мингларча бор... Тавҳиди лисон, иттифоқи миллия афкорига, мактаблар ва ўқитиш ислоҳига буюк ва жиддий хизмат қилиб келганлар булардир. Нима дейишимиз мумкин, яшасин таржимончилар!
Боғчасарой, 18-декабр «Таржимон» г., 1906 й., 142-сон