Тилини мумтозлик даражасига кўтарган сиймо


Академик Н. И. Конрад Алишер Навоий ижоди ва «Хамса»нинг миллий ва умуминсоний аҳамияти тўғрисида назарий жиҳатдан асосланган теран фикрлар билдирган. Унинг «Танланган асарлар»ида «Марказий шарқ Уйғониши ва Алишер Навоий» деган мақола босилиб чиққан. Бу мақолада «Амир Темур тузган давлат Александр Македонский руҳини қайта тиклагандай бўлди, — дейилади. — Фақат бу қайта тикланиш маданий соҳада Ренес-санс шаклини олади ва Алишер Навоий «Хамса»сида ўз мужассамини топади».
«Кутилмаган бир ҳодиса, — деб давом этади Н. И. Кон-рад, — бу улуғ ва мутафаккир шоир, этник жиҳатдан хил-ма-хил бўлган улкан оламга мансуб бўлгани ҳолда, ўзбек шеъриятининг классиги ва ўзбек адабиётининг асосчиси, деб тан олинди. Уни жуда катта кенгликлардан торроқ бир доирага олиб киргандай бўлдик. Навоийнинг қаҳра-монлари Фарҳод — Хитойдан, Искандар — Юнондан, Ширин — Арманистондан, Қайс — Арабистондан, Шопур — Эрондан. Бу образларни яратган Навоий эса ўзбек халқининг шоири.
Аввал бу ҳодиса кишини ҳайратга солади, хиёл ранжитгандай бўлади, лекин ўйлаб кўриб, бу ҳодисанинг қонунийлигини тушуна бошлаймиз. Нафақат тушунамиз, балки бу ҳодисада жаҳон адабиёти тарихининг ривожига хос энг муҳим нуқталардан бирини кўргандай бўламиз. XV аср Алишер Навоий яшаган минтақада Ренессанс асри бўлди. Ўрта асрлар ўтмишга айланган бу даврда миллий давлатлар пайдо бўлади, халқ миллатга айлана бошлайди... Ўзбеклар учун бу ҳодиса айнан Алишер Навоий ижо-дидан бошланади» (Н. И. Конрад. Танланган асарлар. М., 1978 й., 96-97-бетлар.).
Конрад ўзининг бу фикрига исбот тарзида «Фарҳод ва  Ширин» достонидан олинган машҳур сатрларни келтиради:
Агар бир кавм, гар юз, йўкса мингдур,
Муайян турк улуси худ менингдур.
Кўнгул бермиш сўзумга турк жон ҳам,
Не ёлғиз турк, балки туркмон ҳам.
Академик Н. И. Конрад келтирган бу сатрларга яна бир машҳур академик Садриддин Айний нозик нуктадонлик билан шундай изоҳ беради:
«Навоий бу байтдаги «юз» ва «минг» сўзларини ҳам пшоқ маъносида, ҳам маълум ўзбек қабилаларининг номлари маъносида ишлатган».
Чиндан ҳам, ўзбек халқи таркибига кирган тўқсон икки қавмнинг бири юз, бири минг, яна бири турк деб аталади.
С. Айний юқоридаги фикрни қуйидагича давом эттиради:
«Навоий асарларида «турк» сўзи кўп ишлатилади. Автор бу сўз билан кўпроқ Ўрта Осиёдаги бугунги ўзбекларнинг Ооболарини назарда тутади. Чунки агар унинг мақсади умуман туркий тилда гапирадиганлар бўлса эди, охирги икки мисрада туркмонни туркдан ажратиб кўрсатмас эди, «кўнгул бермиш сўзумга не ёлғиз турк жон, балки турк-мон ҳам» демас эди» (Алишер Навоий. Хамса, 1947 й., 190-6.).
Албатта, Алишер Навоий ўзбек мумтоз адабиёти ва адабий тилининг асосчиси бўлиш билан бирга унинг бар-ча туркий халкдар адабиёти ва адабий тили ривожига катта ҳисса қўшганлиги шубҳасиздир. Бошқа туркий халкдар ҳам уни ўзларининг буюк шоирлари деб эъзозласалар, биз бундан ифтихор қиламиз.
Алишер Навоий ижодини қадрлашда ва унинг буюк хизматларини сахийлик билан рағбатлантиришда Ҳусайн Бойқаро мустасно ўрин эгаллашини махсус айтиб ўтиши-миз лозим.
Навоий «Хамса» ёзишга қодир эканини ёшлик даври-даёқ сезган. Ҳиротни тарк этиб Самарқандга ҳижрат қил-ган кезларида устози Ҳасан Ардашерга ёзган мактубида қуйидагиларни айтади:
Мен ул менки то турк бедодидур,
Бу тил бирла то назм бунёдидур.
Фалак кўрмади мен киби нодире,
Низомий киби назм аро қодире.
Худо еткурур онча суръат манга
Ки, бўлмас битиришга фурсат манга.
Навоий «Шоҳнома»нинг ўттиз йилда ёзиб битирилганини, Низомий Ганжавий ҳам ўз «Хамса»сини ўттиз йиллик улкан меҳнатлар билан яратганини баён қилгандан сўнг шундай дейди:
Не «Шоҳнома»ким, «Хамса»га урсам эл (қўл),
Утиз йилки они Низомий демиш,
Қошимда эрур икки-уч йиллиқ иш.
Ҳусайн Бойқаро Навоийга бағишланган рисоласида шу маснавий байтларни келтиргандан сўнг ёзади:
«Ул вақтеки бу абёт унинг табъидин бош уриб эрди, эл қошида шоирона лоф ва модиҳона газоф (сохта мақтанишдек) кўринур эрди» (Шоҳ ва шоир Ҳусайн Бойқаро. 1995 й., 13-6.).
Табиатан ғоят камтар бўлган Алишер Навоий 23-24 ёшлик йигит пайтида устози Ҳасан Ардашерга дил ёриб кўнгил сирларини маснавий тарзида ёзиб юборганда бу шеърий мактуб эл орасида машҳур бўлиб кетади, деб ўйламаган бўлса керак. Тоғалари Султон Абусаид томонидан ўлдирилган, хонумонидан айрилиб бошпанасиз қолган ёш шоир замонадан ва жамиятдан истеъдодига яраша эътибор тополмаганидан куюнади:
Вале «айт» деб ким манга тутти юз
Ки, мен юз учун демадим икки юз.
Бу сатрлардан чиқиб келадиган маъно шуки, агар шоирга «Хамса» ярат деб юз тутадиган, яъни уни қўллабқувватлайдиганлар бўлса, шоир бу ишни улар кутгандан ҳам яхшироқ адо этишига ишонади.
Ниҳоят, фалакнинг гардиши ўзгаради, Султон Абусаид ўз иллатларининг қурбони бўлиб ўлиб кетади. Ҳирот тожу тахтини Навоийнинг мактабдош дўсти Ҳусайн Бойқаро эгаллайди. Мана шу тарихий ҳодисалар Алишер Навоий ҳаёти ва ижодида жуда катта ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади.
Шўро даврида Навоий ва Ҳусайн Бойқаро муносабатларига синфий нуқтаи назардан ёндашган кўпгина олиму эдиблар уларни бир-бирларига қарши турган қутблар каби қўрсатишга ҳаракат қилдилар. Албатта, мутлақ ҳокимият бор жойда сарой муҳитининг ички зиддиятлари ҳам бўлмай иложи йўқ эди. Лекин Алишер Навоий билан Ҳусайн Бойқаронинг қирқ йилдан ортиқ давом этган ўзаро муносабатларига холисанлилло назар ташласангаз, уларнинг бир-бирларига дўстона иззат-икромлари бошқа ҳамма ўткинчи можаролардан устун турганини кўрасиз.
Алишер Навоий Ҳусайн Бойқарога юксак баҳо бергани унинг кўпчилик асарларида, жумладан, «Хамса» достонларида ҳам кўзга ташланиб туради.
Ўрни келганда биз Ҳусайн Бойқаро шеъриятининг бадиий тилини ҳам баҳоли қудрат таҳлил қиламиз. Бу ерда эса унинг Навоий шахсиятига берган баҳосини кўриб ўтмоқчимиз.
Қуйидаги иқтибосни Ҳусайн Бойқаро китобини нашрга тайёрлаган А. Эркиновнинг бугунги адабий тилга ўгирган матнидан келтирамиз:
«Бу бахтли замон ва муборак давронда мендек нотавон билан кичиклигимдан бирга бўлиб кўкалдошлик қадрдон-лигигача етган, саройда хизмат қилиш даражасидан мусоҳиблик касбигача кўтарилган, подшоҳ чодирида сирдош дўст, ҳақ сўзни айтишга қўрқмас, яъни Мир Алишер...»
Буюк подшоҳ бўлган Ҳусайн Бойқаро камтарлик би-лан ўзини «нотавон» деб атагани, Алишер Навоийни эса «ҳақ сўзни айтишда далер (ботир)» деб улуғлагани тарих-да кам учрайдиган нодир ҳодиса эди. Ҳусайн Бойқаро бу даврни «бахтли замон ва муборак даврон» деб аташга ҳақли эди. Чунки ўзидан олдин подшолик қилган Султон Абу-саид даври билан Ҳусайн Бойқаро даври орасида ер би-лан осмонча фарқ бор эди. Бу замоннинг Ҳусайн Бойқа-ро учун ҳам, Алишер Навоий учун ҳам бахтли жиҳати шунда эдики, улар ёшлик йилларидан буён дилларига тук-кан кўпгина орзу-умидларини мана шу замонда рўёбга чиқаришга муваффақ бўладилар.
Ана шу орзулар орасида туркий тилда «Хамса» ёзиш Навоийнинг қалбидан алоҳида ўрин олган эди. Навоийдан олдин дунёга келган мумтоз «Хамса»ларнинг учаласи ҳам форс тилида яратилган эди.
Алишер Навоий туркий тилда «Хамса» ёзишга кучи етишини Ҳасан Ардашерга юборган шеърий мактубида илк бор очиқ айтган, аммо у пайтда шоир ҳали 23 ёшлик йигит бўлганлиги учун эл орасида буни лоф деб ўйлаганлари табиий эди.
Орадан йигирма йил вақт ўтади. Бу йилларда Алишер Навоий жуда катта ҳаётий ва ижодий тажриба орттиради. Навоий Самарқандда яшаган йилларида Туркистон томонларда ҳам бўлган, деб тахмин қилиш мумкин. Чунки «Насойим ул-муҳаббат»да Аҳмад Яссавийнинг маънавий ворислари бўлган Ҳаким ота, Исмоил ота, Занги ота, Хўжа Боязид каби тарихий шахсларнинг алоҳида эҳтиром билан қаламга олиниши, уларнинг ҳаётларига оид тафсилотлар ва шеърларидан намуналар келтирилиши Навоийнинг Аҳмад Яссавий ва унинг ворислари яшаган муҳит билан яқиндан таниш бўлганини кўрсатади.
Шу билан бирга Навоий Балхда, Марвда, Астрободда яшайди. Хоразмга сафар қилади. Ҳусайн Бойқаронинг яқин мусоҳиби сифатида бошқа сафарларда ҳам унинг йўлдоши бўлади.
Ҳусайн Бойқаро Султон Абусаид билан жанглар қилиб, ўн йилча «қозоқликлар»да, яъни қувғинда, саргардонликда Амударё ва Сирдарё бўйларида юрганда бутун Турон элининг тил бойликларини ўрганади ва кейинчалик бу бойликларни Алишер Навоий билан бирга баҳам кўради. «Муҳокамат ул-луғатайн»да Навоий Ҳусайн Бойқаронинг форс тилини ҳам яхши билишини, лекин ўз шеърларини фақат туркий тилда ёзганини айтади. «Бу заифи хоксор, -деб ўзини подшоҳга нисбатан ўта камтар тутиб ёзади Навоий, - ул ҳазратқа...бовужуди бандалиғ, шогирдликка дағи ўзимни мушарраф... қилдим. Ва йиллар турк тили назми қоида ва услубида билмаганларимни сўрап ва муш-килларимни арзга еткуруп, азим фоидалар топиб, куллий натижалар кўрдум» (Алишер Навоий. Асарлар. XIV жилд, 131-6.).
Дарвоқе, Ҳусайн Бойқаро ёш жиҳатидан ҳам Навоийдан уч ёш катта эди. Бутун умри эл-юрт ҳаётининг энг қайноқ ва шиддатли воқеалари орасида ўтган Ҳусайн Бойқаро туркий тилга астойдил ихлосманд бўлганлиги учун она тилимиз бойликларини эгаллаш ва улардан фойдаланиш бобида Навоийга яхши маслаҳатлар бериб турганлиги ҳақиқатга яқиндир.
Туркий тидда «Хамса» ёзишга уни қизғин даъват этган сиймо ҳам Ҳусайн Бойқаро бўлганлиги тарихдан маълум. Навоийнинг ёшликда орзу-армон қилиб айтган сўзлари, яъни «агар менинг қадримга етиб, ишимни қўллаб-қувватлайдиган мард топилса, Низомий ўттиз йилда қилган ишини икки йилда қилган бўлардим» деган маънодаги улкан нияти Ҳусайн Бойқаро даврида амалга ошади.

* * *

Навоий «Хамса»си ҳам миллий, ҳам умуминсоний маъноларни ўзида жамулжам қилган ва эпопея жанрига мансуб бўлган қомусий асардир. Унинг ҳаракат доираси ғарбда Юнонистондан шарқда Хитойгача, шимолда Россиядан жанубда Ҳиндистон ва Ямангача оламшумул кенгликларни қамраб олади.
Навоий лирикасида тасаввуф ғоялари қанчалик муҳим ўрин эгаллашини юқорида кўриб ўтдик. «Хамса»да ҳам тасаввуф талаб қиладиган инсоний камолот, пок муҳаббат, муқаддас бурчга садоқат муаммолари диққат марказида туради. Фақат энди бу муаммолар жаҳон миқёсига олиб чиқилади ва умумбашарий хусусиятга эга бўлган ёрқин инсоний тақдирлар орқали ҳал этилади.
Шарқ ва Ғарбнинг энг машҳур мамлакатларидан чиққан қаҳрамонларнинг номлари, ҳаракат доиралари, драматик тақдирлари Навоий «Хамса»сининг маъно ва мазмуни, бадиий тили ва тасвир воситалари беқиёс даражада бой ва ранг-баранг бўлишига имкон беради.
Юқорида биз тилшунос олимимиз аниқлаган статистик маълумотларда Навоий асарларининг сўз бойлиги А. С. Пушкин ва В. Шекспир асарларининг сўз бойлигидан ҳам кўпроқ эканига эътибор қаратган эдик. Навоий қўллаган ана шу тил бойликларининг энг катта кисми «Хамса» достонларидан жой олгандир. Чунки бу достонларда туркий, форсий, арабий сўзлардан ташқари юнон, ҳинд ва бошқа тилларга хос номлар ва атамалар ҳам муҳим ўрин эгаллайди.
Навоий «Хамса» орқали мумтоз адабиётимизни жаҳон миқёсига олиб чиқар экан, турк оламининг эпик достон яратиш борасидаги бой тажрибасини ва ўлмас анъаналарини ривожлантириб, умуминсоний қадриятлар даражасига кўтаради.
Олимларимиз «Хамса»нинг биринчи достони бўлган «Ҳайрат ул-аброр»да теран фалсафий умумлашмалар, инсоний камолотни тарғиб қиладиган ва ижтимоий иллатларни фош этадиган панд-насиҳатлар асосий ўрин эгаллашини тўғри қайд этадилар.
Туркий тилда яратилган қадимий панд-насиҳатлар китоби «Қутадғу билиг» Навоийга таниш бўлганми-йўқми, бу ҳақда манбаларда маълумот учрамайди. Аммо «Қутадғу билиг» таъсирида ёзилган «Ҳибат ул-ҳақойиқ» ва унинг муаллифи Адиб Аҳмад тўғрисида Навоий аниқ тасаввурга эга бўлган. Маълумки, «Ҳибат ул-ҳақойиқ»да Юсуф Хос Ҳожибнинг одоб-ахлоқ, таълим-тарбия ҳақидаги панд-насиҳатлари ўзига хос тарзда ривожлантирилган. Кўп ҳолларда бу панд-насиҳатлар оғзаки достонлардаги халқ до-нишмандлигига асосланган.
Масалан, «Қутадғу билиг»да сўз, тил тўғрисида шундай дейилади:
Ақл кўрки сўздир ва тил кўрки сўз,
Киши кўрки юздир, бу юз кўрки кўз.
Юсуф Хос Ҳожиб сўзни ақл кўрки ва кўзни юз кўрки деб, халқ мақолига яқин ҳикмат яратган бўлса, Навоий сўзнинг аҳамиятини янада теранроқ талқин этади:
Сўз гуҳарига эрур онча шараф,
Жон бўлиб ул, руҳ онинг қолиби
Ким, танида руҳи онинг толиби.
Бу ерда ҳам сўзнинг аҳамияти инсон жисмидаги энг азиз аъзолар билан қиёсланади. Юсуф Хос Ҳожиб сўз кўркини юз ва кўз кўрки билан киёс қилса, Навоий сўз гавҳарини, яъни унинг қиймати ва гўзаллигини танадаги руҳ қолипи ва унинг ичида яшайдиган тирик жон ўрнида кўради. Сўзга шакл берадиган қолип руҳ эканлиги сўзнинг инсон руҳида жон каби пайдо бўлишини ҳам англатади.
«Хамса»нинг ушбу нашрини махсус шарҳлар билан нашрга тайёрлаган Садриддин Айний Навоийнинг кейинги икки сатрини қуйидагича талқин қилади: «Бу мисрада шоир сўзни жон деган. Аммо шундай жонки, оддий жонлар унга жасад саналади»(Алишер Навоий. Хамса. 1947 й., 18-6.).
Қаноат ва очкўзлик ҳақида «Қутадғу билиг»да шундай сатрлар бор:
Қаю бек суқ эрса чиғай ул, чиғай,
Қаю қул кўзи тўқ бег ул, кўнгли бай.
«Қаю» қайси дегани. «Чиғай» — камбағал-гадо. «Суқ» — очкўз. Халқ мақоли даражасидаги маъно: очкўз одам бек бўлса ҳам, аслида у ўз нафсига қул. Кўзи тўқ, қаноатли одам гадо бўлса ҳам, кўнгли бой беқдир.
Халқ донишмандлигига асосланган бу маъно «Ҳайрат ул-аброр»да Навоийга хос тил ва услубда бошқачароқ ифодаланади:
Кимки иши бўлди қаноат фани,
Билки, они қилди қаноат ғани.
Шоҳ ул эмаски бошига қўйди тож,
Шоҳ ани билким йўқ анга эҳтиёж.
Навоий бу ерда «эҳтиёж» сўзини очкўзлик, тамагир лик маъносида ишлатган. С. Айний Навоийнинг сўнгги байтига берган шарҳида буни қуйидагича талқин қилади: «Тамагирлик қилмасдан, ўз ҳалол меҳнати билан топганига қаноат қилгувчилар - ҳақиқий подшоҳдирлар». Навоий махсус бир мисрада:
Билки, гадодур тамаъ этган киши! —
деб ўз фикрини янада аниқ ифода этган.
«Садди Искандарий» достони тўғрисида махсус китоб ёзган навоийшунос олим Азиз Қаюмов Навоийнинг келажакни олдиндан кўра билувчи донишмандлик салоҳиятини улуғлайди. Афсонавий одил подшо Искандар ўз атрофига Арасту, Файлақус, Суқрот каби энг буюк алломаларни тўплайди. Искандарнинг ўзи ҳам ғоят меҳнатсеварлик, қунт ва чидам билан илм таҳсил қилди:
Билиг таҳсилин қилди то жони бор,
Ҳунар билди, ончаки имкони бор.
Скандарки донойи офоқ эди,
Билиг ичра офоқ аро тоқ эди.
Бу ерда Алишер Навоий «билиг» сўзини икки қайта худди «Қутадғу билиг»даги каби ёзгани эътиборни тортади. Айни вақтда, А. Қаюмов ўз китобида очиб берган фикр — дунёни маърифатли, доно подшолар энг яхши олимлару фозиллар ёрдамида яъжуж-маъжуж каби балолардан қутқаради, деган гоя «Садди Искандарий» достонининг марказида туради.
Алишер Навоий «Ҳайрат ул-аброр»да ўз даврининг шоҳларига қарата шундай сўз айтади:
Эйки, қавий айлади давлат қўлунг,
Зулм сари тушди ва лекин йўлунг.
Зулминг эмас эрди халойиққа кам
Ким, қилодурсан они ўзингга ҳам.
Бил муни ким, сен доғи бир бандасен,
Кўпрагидан ожизу афгандасен.
Эрмас алар тупроғу сен нури пок,
Барча жавориҳ била аъзода тенг.
Сўнгги сатрда барча инсонлар яратилишда тўрт мучаси тенг деган маъно бор. Бу сатрларни ўқиганда Ҳусайн Бойқаронинг «Навоий ҳақ сўзни айтишда ботир» деган фикри эсга тушади. Подшоҳлар замонида яшаган шоир-нинг улар билан юзма-юз туриб, «сенинг қўлингни давлат узун қилган, аммо бошқа кўпчилик одамлар каби бандасен, бошқаларни тупроқ, ўзингни нури пок деб билмагин, халойиққа зулм килсанг, зулминг ўзингга қайтади» деган сўзларни айтиш учун довюраклик керак эди. Чунки шоирнинг ҳамма асарларини ўқиб борадиган Ҳусайн Бойқаро бу сўзларни ўзига олиши ва чаплашиб қолиши мумкин эди.
Лекин Ҳусайн Бойқаро ҳақ сўзни аччиқ бўлса ҳам тан оладиган танти одамлардан эканки, «Хамса»нинг ҳамма достонларига юксак баҳо беради.
Алишер Навоий ҳам мактабдош дўстининг бағри кенг-лигини ва тантилигини эъзоз билан қаламга олади. «Ҳайрат ул-аброр»нинг ўша учинчи мақоласи охирроғида
Ҳусайн Бойқаронинг адолатпарварлигидан гувоҳлик берадиган ҳаётий лавҳа келтирилади. Ҳусайн Бойқаро Абусаид Мирзо билан ёвлашиб юрган кезларида душман томонда жанг қилган бир йигитни ўлимга буюрган экан. Кейинчалик Ҳиротда Ҳусайн Бойқаро подшоҳ бўлган даврда ўлган йигитнинг онаси ундан ўғлининг хунини талаб қилади. Ҳусайн Бойқарони этагидан тутиб қозининг ол-дига бошлаб боради ва иккита гувоҳ ёрдамида унинг гуноҳини бўйнига қўяди. Ҳусайн Бойқаро оддий фуқаро каби ўзини даъвогар кампирга нисбатан тенг тутади. Қози кампирнинг фойдасига ҳукм чиқаради. Ҳусайн Бойқаро бу ҳукмга сўзсиз итоат этади, бўйнини рўмол билан боғлаб, кампирнинг қўлига қилич беради. Айни вақтда, унинг олдига хун баҳоси учун бир ҳамён олтин қўяди:
Қасос айласанг олингда бош,
Сиймни ол — гар ғаразингдир маош.
Мен эдим ул амрда беихтиёр,
Ҳар не сен этсанг менда не ихтиёр.
Кампир шоҳнинг тантилигига тан беради, хатарли жанг пайтида содир бўлган бу фожиада ихтиёр унда бўлмаганига ишонади ва даъвосидан воз кечади.
«Хамса»нинг биринчи достонида шоирнинг меҳри ва орзу-умидлари мана гаундай яхши одамларга қаратилганлиги учун достон «Ҳайрат ул-аброр», яъни «Яхши одамлар ҳайрати» деб аталади.
Навоийнинг инсонпарварлик ғоялари халқпарварлик туйғулари билан йўғрилади. У яхши одамларни халқ би-лан бир бутун ҳолда тасаввур қилади:
Одами эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами, —
деган машҳур сатрлар бу фикрнинг ёрқин исботи бўла олади. Шоир халққа жабру зулм ўтказувчиларни аёвсиз ҳажв қилади, риёкор ва баднафс шайхлар ҳақида камоли нафрат билан ёзади:

Бу эл эрур барча ёмондин ёмон,
Ҳар не йўқ андин ёмон, андин ёмон!
«Ёмон» сўзининг таъкид билан тўрт марта такрорланиши дин ниқоби остида беҳисоб кўп гуноҳлар, ҳатто жиноятлар қиладиган шайхлар ва муфтиларни, уларнинг ўзларига ўхшаш тамагир ва порахўр муридларини фош қилади. Навоий элга ёмонлик қилган одамга ёмонлик қайтишини образли тафаккур ёрдамида ифода этади:
Кимки фалак сори отар тошини,
Тош ила озурда қилур бошини.
Осмонга отилган тош эгасининг бошига қайтиб тушиши — ёрқин тасвир бўлиш билан бирга халқ донишмандлиги даражасидаги ҳикматли сўз ҳамдир.
Шоирнинг эзгу нияти — халққа нафъ келтиришдир. У одамларни доим шунга даъват этади:
Нафъинг агар халққа бешакдурур,
Билки, бу нафъ ўзингга кўпракдурур.

* * *

Ўша йилларда кўпчилик амирлар, шу жумладан, Навоийнинг ўзи ҳам Ҳусайн Бойқарони «Соҳибқирон» деб улуғлар эдилар. Навоий «Хамса»сини ўқиган Ҳусайн Бойқаро бу улуғ рутбага энди Навоийни муносиброқ кўради...
Хондамир ёзган эсдаликларда шундай воқеа келтирилади. Ҳусайн Бойқаро Навоий «Хамса»сини биринчи марта ўқигандан кейин, уни эъзозлаб, ўзининг яхши кўрган оқ отига миндиради. Подшоҳ оқ отнинг жиловидан тутиб, сарой аҳлининг кўзи олдида Алишер Навоийга жиловдорлик қилади ва ҳаммага эшиттириб айтадики: «Туркий тилда шундай «Хамса» ёзганлигингиз учун мендай подшоҳ сизга жиловдор мурид бўлса арзигай».
Бу сўзларни муболаға эмаслигини Ҳусайн Бойқаро ўзининг Навоийга бағишланган рисоласида тасдиқлайди. Рисолани якунлар экан, Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийни шундай улуғлайди:
Эрур сўз мулкининг қаҳрамони,
Эрур гар чин десанг — соҳибқирони.
Рисола охирида Ҳусайн Бойқаро шундай шоири бор мам-лакатнинг подшоҳи бўлгани учун Аллоҳга шукрона айтади:
Ёраб, қаю шукрингни адо қилғаймен,
Не тил била ани ибтидо қилғаймен.
Юз жоним агар бўлса фидо қилғаймен,
Десамки адо бўлди — хато қилғаймен.
Бу байтлар Ҳусайн Бойқаро шеъриятида унинг мардона феълу атворини эслатадиган тил ва услуб борлигидан далолат беради. Бобур Мирзо Ҳусайн Бойқарони «Шужоъ (довюрак) ва мардона киши эди, — деб ёзади. — Ҳар маъракада (жангда) қилич тегурубтур. Темурбек наслидин ҳеч ким маълум эмаским, Султон Ҳусайн Мирзочалик қилич чопмиш бўлғай».
Сўнгги сўзлардан шундай фикрга келиш мумкинки, баҳодирона қилич чопиш ва жанг килишда Амир Темурдан кейин ҳеч бир темурийзода Ҳусайн Бойқарочалик кўп жасорат кўрсатган эмас. Тарихий манбалар бу фикрнинг ҳакдигини тўлиқ тасдиқлайди. Айни вақтда, Ҳусайн Бойқаронинг бағри кенг баҳодир инсон бўлганлиги ёзган ри-сола ва шеърларидан ҳам сезилиб туради.
Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис»да Ҳусайн Бойқаронинг «эл можаросидин ториқиб, ўлимни орзулаб»
ёзган бир матлаини келтиради:    
Эй ажал, осуда қил ҳижрон балосидин мени,
Бир йўла қутқар улуснинг можаросидин мени.
Навоий кам учрайдиган «ториқиб» ва «орзулаб» сўзлари билан таърифлаган ушбу байтда биз Ҳусайн Бойқаронинг ўлимдан қўрқмайдиган, ажалнинг юзига тик қарайдиган ботир одам эканлигини яна бир марта ҳис қиламиз.
Алишер Навоийнинг Ҳусайн Бойқарога қойил бўлиб, унга юксак баҳолар берган сатрлари жуда кўп. Бу подшоҳнинг дарвишона бир камтарлиги ва ғурурга берилмаслиги унинг энг буюк фазилатларидан эди. Бу фазилатни Ҳусайн Бойқаронинг ўзи ҳам жуда қадрлар эди. Навоийга бағишланган рисолада у ортиқча ғурурга берилган баъзи бир подшолар билан ўзини қиёслаб ёзади:
«Агарчи баъзи салотинга (султонларга) бу шикаста бандасидин (мендан) кўпрак мамлакату жоҳ (юқори мартаба), хазинаю сипоҳ берди, ва лекин аларнинг кўнглига бу жиҳатдин ғурур йўл топти ва шукургузорлик ишида футур юзланди. Бу фақирға ҳиммате насиб қилдики, юз аларға бергунча шавкату мулк кўнглимни мағрур қила олмас эди ва убудият (бандалик) асбобига қусур солмас. Агар баъзидин салтанат уббаҳати (шон-шарафи) ва ғуруридин фақру фано аҳлиға истиғно (менсимаслик) ва сарбаландлик (такаббурлик) еткурди, бу нотавондин ул рафиъушон (юксак шон эгалари) гуруҳига хокисорлик ва яхшилик етди:
Гар олам элига шаҳ қилди,
Фақр аҳлига хокираҳ қилди».
Охирги сатрда эл-юртга шоҳ бўлган Ҳусайн Бойқаро «фақр» эли, яъни фуқаро ўтадиган йўлнинг тупроғи сингари камтар ва хокисорлигини айтади.
Бу сўзларда ўша замонга хос муболағали одоб қоидалари акс этади, айни вақда, Ҳусайн Бойқарога Худо ато қилган дарвишона феъл ва ноёб камтарлик ҳам кўзга ташланиб туради.
Агар у Султон Абусаид каби темурийзодаларга ўхшаган кибру ҳаволик шоҳ бўлганда эди, Алишер Навоийнинг эл-юрт орасидаги обрўси ва шуҳрати подшоҳникидан ҳам баланд кўтарилиб кетганига рашки келиши ва чидаб туролмаслиги мумкин эди.
Нафақат ижодда, балки ҳаётда ҳам Алишер Навоий Ҳусайн Бойқародан кўпроқ тарихий бинолар қурдиради. «Ихлосия» мадрасаси, «Халосия» хонақоси, «Шифоия» деб аталадиган тиббиёт мадрасаси ва шифохонаси, «Жамоатхона» ва «Зиёратгоҳ» хонақоҳлари — ҳаммаси Алишер Навоий маблағига қурдирилган. Хонақоҳларда ҳар куни мискин ва фақирларга овқат улашилган. Бир йилда бир марта кийим-кечак ҳам хайр-эҳсон тарзида тарқатилган. Бундан ташқари, Нишопурда Алишер Навоий томонидан Фаридиддин Аттор қабри устига мақбара ва ёнига хонақоҳ қурдирилган. У ерда ҳам хайр-эҳсон уйи ишлаб турган.
Машҳад халқи ичимлик сув танқислигидан азоб тор тар экан. Алишер Навоий Машҳадда Гавҳаршодбегим мадрасасида таҳсил олганда буни ўзи кўрган экан.
Кейинчалик имкон бўлганда Алишер Навоий узоқ тоғнинг ичидан чиққан шифобахш сувли катта бир чашмадан ўнлаб чақирим масофага ариқ қаздириб, Машҳад аҳолисига обиҳаёт келтириб беради. Яна Машҳадда қори ва ҳофизлар учун улкан дорул-ҳуффоз қурдиради. «Уни олтин ва ложувардлар билан ғоятда ҳашаматли қилиб нақшлаганлар, - деб ёзади Хондамир. - Шунингдек, ўша жойда ҳар куни фақир, ногирон ва етимларга овқат бериш учун ғалвурхона (махсус ошхона) ҳам қурилган». Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ» асарида Навоий қурдирган работлар, ҳовузлар, қўприклар, ҳаммомлар ҳам номма-ном санаб ўтилади. Работларнинг сони қирқдан ортиқ, ҳовузлар ўттизга яқин, кўприклар йигирмадан ортиқ, ҳаммомлар сони 9 та. Навоий қурдирган Нигору Тир деган кўприкларнинг қурилишига қимматбаҳо мармар ишлатилган. Ҳовузларнинг қурилишида ўнлаб сангтарош усталар ишлаган.
Алишер Навоий шунча кўп қурилишларнинг ҳаммасига етарли маблағ топа олгани сирли ва ҳайратланарли ҳодисадир.

* * *

Бу ҳайратланарли ҳодисанинг ички сирларини Алишер Навоийнинг ўзи «Вақфия» асарида ажойиб тил ва услуб билан очиб беради.
Бу асарни ўқиб идрок этганингиз сари, Навоий ҳаёти ва ижодида, жумладан, «Хамса» достонларининг яратилиши учун зарур вазиятнинг етилишида «Вақфия» жуда муҳим ўрин эгаллаганига амин бўласиз.
«Вақфия» Алишер Навоийнинг бунёдкорлик ва тадбиркорлик салоҳияти нақадар юксак бўлганини кўрсатади. Айни вақгда, бу асар Навоий билан Ҳусайн Бойқаронинг орасига ғубор солмоқчи бўлган мухолифлар иғвосидан ҳар икки дўстни ҳимоя қилган инсоний ҳақиқатлари билан ҳам ғоят қимматлидир.
Шу билан бирга «Вақфия» туркий тидда ёзилган юридик ҳужжатнинг мумтоз намунасидир. Чунки у пайтларда шариат пешволари вақф ҳужжатларини доим форс-араб тилларида ёзардилар. Алишер Навоий ўз «Вақфия»сини гўзал туркий тилда ёзиш билан бу соҳада ҳам янгилик яратади ва адабий тилимизнинг шариат қонунларига асос-ланган мумтоз шаклларини кашф этади.
Аввало, «Вақфия» асарида Навоий ўзига қарашли ер-мулк тўғрисида ҳаққоний маълумот беради. «Ул ҳазратнинг буйруғи ва таклифига биноан» деҳқончилик билан шуғулланганини айтади. «Вақфия»да келтирилган маълумотларга қараганда, Алишер Навоий 550 жерибдан ортиқ сувли ҳосилдор ерларнинг эгаси бўлган. Тушган даромадлардан катта бир қисмини деҳқонларнинг ўзларига бериб, уларни доим рози қилган.
«Вақфия»да шариат қонунларига биноан, Навоий ҳалолу пок мулк қилинган ерлар ва дўконлар номма-ном санаб ўтилади. Ўша замондаги хўжалик юритиш ишлари адабий тил нуқтаи назаридан қандай ифода этилганига ёрқин мисол тарзида Навоий :«Вақфия»сидан бир неча иқтибос келтирамиз:
«Олинжон бўлуки(да), Фаррошон мавзеъида йигирма беш жериб боғ, Хўжа Шихоб боғоти ва юз жериб ер, Сабғур бўлукида икки қитъа узум боғи — олти жериб, яна Сифлий маҳалласида неча боғот жамъи олтмиш жериб, яна мазкур маҳаллада йигирма олти жериб узум боғи. Яна бир қитьа ўн саккиз жериб ер ва дағи ўн икки жериб боғ. Яна қитъа ўн тўққиз жериб. Яна ток била боғот етмиш тўрт жерибким, ундан ўттиз тўрт жериби узум токи, ўзгаси ер бўлғай, яна неча қитъа ер туташ ўн тўрт жериб, яна бир қитъа ер йигирма тўрт жериб, яна бир қитъа ер бир ярим жериб».
«Даҳа», бўлук (ўзбекча бўлак) деб ёзилгани, «маҳалла», «боғ», «ток», «узум боғи» каби кўпчилиги жонли халқ тилидан олинган сўзлар ва иборалар «Вақфия» асарининг тили бугунги адабий тилимизга яқин бўлганидан далолат беради.
Шу билан бирга, «Вақфия»нинг тушунилиши қийин бўлган жойлари навоийшунос олим А. П. Қаюмов томони-дан бугунги тилимизга жуда яхши ўгирилган. Биз «Вақфия»дан келтирган барча иқгибослар А. П. Қаюмов таржимасига асосланганини махсус кўрсатиб ўтишга бурчлимиз.
Навоий «Вақфия»да аниқ ҳисоб-китобини берган барча ер майдонларининг асосий қисми боғлар, узумзорлар бўлганлиги учун катта даромад берганлиги ўз-ўзидан аён.
Ер майдонларидан ташқари, Навоийга қарашли савдо дўконлари ҳам анчагина кўп бўлган. Ҳиротнинг «Малик бозори ичиндаги растада бир-бирига муттасил (туташ) оешта дўкон, - дейилади «Вақфия»да... - Жанубий бо(орнинг ғарбисида яна бир пўстинфурушлик дўкони ҳам бор болахонаси била... Яна бир тимча ва тўрт дўкон бир-бирига муттасил... Малик дарвозаси тошида (ташқарисида) икки ошом (қават) иморат ва саккиз дўкон тимчага туташ. Яна икки дўкон Куҳундузда, яна икки дўкон Боғи Зоғон кўчасида воқеъдур».
Умумий ҳисобда жами йигирмадан ортиқ савдо дўконлари ҳам шаръий йўллар билан даромад келтириб турган.
Алишер Навоийнинг авлиётабиат сахий инсон бўлганлиги ҳақида замондошлари шундай гувоҳлик берадики, у вазир бўлган кезларида ҳам хазинадан маблағ олмаган. Аксинча, Ҳусайн Бойқаронинг уруш-юришлар пайтида харажатлари жуда кўпайиб кетганда ва аҳолига қўшимча солиқлар солганда бу солиқлар халққа оғир тушишини билган Навоий бир марта 25 минг динор солиқ пулини ўз хазинасидан тўлаб юборган.
Навоий «Вақфия»да ёзадики, улус ичида улуғлардан тортиб оддий одамларгача, минг қўйлик бойлардан тортиб йўқсизлик далаларида қўй боқиб беш эчки ҳақ олганига шукр қиладиган чўпонларгача «киши оз топилғайки, бу нотавон била иши тушмамиш бўлғай. Бу ишлар муқобиласида, музд (ҳақ) тилаб миннат қилмадим, муздлар... дағи тутдилар, қабул қилмадим».
Бадиий тил нуқтаи назаридан бугун биз «иши тушмаган бўлсин» деб ёзадиган иборани Навоий даврида «иши тушмамиш бўлғай» деган сўзлар билан ифодалаш одат бўлганлиги эътиборни тортади. Энг муҳими, бу каби сўз ва иборалардан чиқиб келадиган маъно ва мазмуннинг буюклигида.
«Вақфия» 1481-1482 йилларда Алишер Навоий ўз атрофида содир бўлаётган салбий ҳодисалардан ва иллатларга тўлган ижтимоий муҳитдан безиб, ҳаж сафарига кетишни ва муқаддас жойларда абадий қолиш ниятини кўнглига туккан кезларида ёзилади. Шунинг учун бу асарнинг васиятни эслатадиган жойлари ҳам бор.
Навоий ўзи қурдирган мадрасанинг маъмуриятига шундай топшириқ беради:
«Икки олиму муттақи (тақводор олимлар) мударрис бўлғай. Ҳар бирининг йиллик вазифаси (иш ҳақи) икки юз олтин нақди, йигирма тўрт харвор (юк, бир қоп) ошлиқ, ярми арпа, ярми буғдой бўлғай. Ҳар ҳалқа дарсда ўн бир толиби илмким, бориси йигирма икки бўлғай. Олти аъло (аълочи): ҳар бирига ойлик накди йигирма тўрт олтун, йилда буғдой - беш юк; васат (қониқарли ўқиганлар) секиз (талаба), ойлик ҳар бирига нақди ўн олти олтун, буғдой — йиллиқ тўрт юк; адно (ўртача ўкиганлар) секиз талаба -ойлик ҳар бирига ўн икки олтун, ошлиғ йилига уч юк».
Навоий ҳатто мадраса ошпази ва фаррошига ҳам катта саховат кўрсатади: «Табақчи (ошпаз)га йиллик нақди икки юз олтун, буғдой беш юк. Бир фаррош ва икки ходимдин ҳар бирига йилига икки юз олтундин жаъми олти юз ол-тун, буғдой беш юкдин ўн беш».
Алишер Навоийда тенгсиз бир сахийлик илмпарварлик ва инсонпарварлик билан доим бирга яшаганлигини мана шу ҳужжат яққол кўрсатиб турибди. Мударрисларга ҳар йили икки юз олтиндан маош белгиланганига қаранг. У замонларда беш олтинга бир қўй берган. Яна ҳар ойда икки қопдан буғдой ва арпа ўзининг нонига ва минадиган отининг емига. Талабаларни икки ҳалқа (гуруҳга бўлиб), бир гуруҳнинг сонини 11 дан оширмаганликлари ҳам теран билим олишга мўлжалланган тадбир. Агар ҳар гуруҳда йигирма ва ундан ортиқ талаба бўлса, мударрис уларнинг ҳар бирига етарлича эътибор беролмай қолади.
Навоий талабаларни қобилияти ва яхши ўқишига қараб уч тоифага бўлгани ва уч даража маош (бугунги тилда -стипендия) белгилагани ҳам ажойиб. Аъло ўқигани ҳар ойда йигирма тўрт олтин нақди ва йилига беш қоп ошлиқ олади. Бундай аълочи талаба олган маоши ва ошлиғидан бир қисмини орттириб, ота-онасига ҳам инъом қилиб туриши мумкин бўлган.
Бундан ташқари, «Шароит» деган сарлавҳа остида мадраса аҳлининг яшаш шароитини яхшилаш учун Навоий ижратган маблағлардан бир қисми уларнинг кийим-кечаги, рўза пайтлардаги ифторлиги, ҳайит кунларидаги ошионларига сарфланиши кўзда тутилади. Навоий буюрадики, «ҳар йили мадраса маъмурияти юз пўстин, юз жун чакмон, юз бўрк, юз кўйлак-иштон сотиб олиб, мударрислар, талабалар, ходимлар ва бошқа муҳтожларга улашсинлар. Мадраса ёнидаги масжид ва хонақоҳ саҳнига тўшаладиган кийгиз ва бўйралар учун ҳар йили тўрт юз олтун сарфланади». Қурбон ҳайитида Навоий ҳисобидан бир мол, беш қўй сўйилиб, мадраса аҳли ва унинг атрофида яшовчиларга улашилади.
Алишер Навоий мана шундай чексиз саховат ва инсонпарварлик билан «Вақфия» қоидаларини белгилагандан сўнг, уни жонли халқ тилига ҳамоҳанг бир рубоий билан якунлайди:
Бу қоидани кимки тузар — бор бўлсин,
Тенгри бори ҳолатда унга ёр ўлсин.
Ким бузса бузуқлиққа сазовор ўлсин,
Ҳақ лаънату қаҳрига гирифтор ўлсин.
Бу ерда вақф қоидаларига амал қилганларга қарата айтилган «бор бўлсин» сўзлари «ҳорманг, бор бўлинг» деган халқона ибораларни эсга солади. «Тенгри доим унга ёр бўлсин» маъносидаги мисра ҳам жонли тилда айтиладиган дуодек эшитилади. Кейинги икки мисра қоидабузарларга қарши қаратилган қатъий бир огоҳлантиришдай янграйди. Навоий бузғунчиларни аямайди: шундай савоб ишнинг қоидаларини бузганлар худонинг лаънати ва қаҳрига гирифтор бўлишини тилайди.
«Вақфия» асари Алишер Навоий ҳаётининг муҳим қирраларини аниқ тасаввур этишга имкон берадиган ноёб инсоний ҳужжатдир. Бу асар орқали биз унинг мулкдорлик салоҳияти ҳам бениҳоя буюк бўлганини кўз олдимизга келтирамиз. Шаҳарда ўнлаб савдо дўконлари, Ҳирот ва унинг атрофларидаги обод манзиллар, узумзор боғлар, экинзорлар... Навоий буларнинг ҳаммасига ҳассос ишбилармонлар каби яхши эгалик кила олгани учун улардан шунчалик катта даромадлар олган ва бу даромадларнинг деярли ҳаммасини инсонпарварлик, халқпарварлик ва ободончилик мақсадларига сарфлаган.
Шу ўринда Бобур Мирзонинг Алишер Навоийга берган ҳаққоний таърифларидан бири эсга тушади:
«Алишербекнинг мижози нозик била машҳурдир. Эл назокатини давлатининг ғуруридан тасаввур қилур эрдилар. Андоқ эмас экандур, бу сифат анга жибиллий (туғма) экандур».
«Вақфия» асари эл орасида пайдо бўлган нотўғри тасаввурга, яъни «Алишер Навоий давлатининг ғуруридан нозик бўлиб кетган» деган гап-сўзларга мутлақо асос қолдирмайди. «Вақфия»да санаб ўтилган барча ер-мулкларни Алишер Навоий савоб ишлар учун вақф қилиб беради. Вақт эътибори билан бу ҳодиса Алишер Навоийнинг вазирлик лавозимидан ихтиёрий равишда бўшаган пайтларига тўғри келади. Унинг ўрнига вазир бўлган рақиблари, Бобур Мирзо ёзганидек, уни «давлатининг ғуруридан нозиклашган» деб, подшога шоирни ёмон кўрсатишга интилганларини тасаввур қилиш мумкин.
Бундай гап-сўзларнинг асоссизлигини амалда кўрсатиш учун ҳам Навоий шунча ер-мулкини вақф қилдиради ва Ҳусайн Бойқародан ҳажга кетиш учун рухсат сўрайди.
«Вақфия»да яна нозик бир нуқта бор:
«Яна шарт улким, - деб ёзади Навоий, - ҳар ўттиз йилда мутавалли вақфияни муқаррар янги битгай ва асл била муқобала қилғондин сўнгра (аслига тўғрилагандан сўнг) қози муҳри билан тасдиқлатсин, токи вақт ўтиши билан чириб кетмасин».
Демак, Алишер Навоийнинг ҳажга кетиш ва қолган умрини муқаддас Каъба томонларда ўтказиш нияти жиддий бўлган. Акс ҳолда, «Вақфия»ни ўттиз йилдан сўнг унинг йўғида қайта қўчиртириб янгилаш шартини бу тарзда қўймаган бўлур эди.
Алишер Навоий билан Ҳусайн Бойқаронинг орасини бузишга ҳаракат қилган бахил кучлар бу ҳодиса қаршисида лол қолган бўлишлари керак. Чунки уларнинг «Навоий давлатидан ғурурланиб кетди» деган иғволари «Вақфия» туфайли чиппакка чиқади. Ҳусайн Бойқаро Навоийнинг камтарлиги ва фидойилигига «Вақфия» ҳодисасидан кейин яна бир бор имон келтиради. Илтимослар қилиб, уни ҳажга кетиш ниятидан қайтаради ва Ҳиротда олиб қолади.
Иғвогарлар орага солган ғуборлар тарқаб, муносабатлар аввалгидан ҳам илиқроқ бўлиб қолади. Бу илиқликдан кўнгли хотиржам бўлган Алишер Навоий «Вақфия»дан кейин «Хамса» достонларини ёзишга киришади. Ҳусайн Бойқаро доим уни бу улуғ иш жараёнида қўллабқувватлаб туради.
Шариат қоидаларига биноан вақф қилинган ер-мулклардан солиқ олинмайди. Шу сабабли, Алишер Навоийиинг вақф қилган улкан ер-мулкидан тушадиган даромадлар янада кўпаяди. Унинг ўзи ҳажга кетмай Ҳиротда қолганлиги сабабли бу даромадлар ҳисобига хайри эҳсон, ободончилик ва бунёдкорлик ишларини янада авж олдиради.
Е. Э. Бертельснинг 1948 йилда рус тилида чиққан «Наваи» номли китобида бир факт келтирилган.
«Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» асарини форс тилига таржима килган Фахри Ҳиротий китобнинг охирида ўз номидан хотима тарзида бир боб қўшади ва ўша бобда:
«Алишер Навоий хазинасига унинг ер-мулкларидан ҳар куни 75 минг динор даромад тушиб турган, шу даромад-лар ҳисобига Навоий томонидан 40 дан ортиқ работлар, йигирмага яқин кўприклар ва 380 жойда хайри-эҳсон уйлари қурилган, улар орқали минглаб муҳтожларга текин овқат ва кийим-кечак улашиб турилган» , — деб ёзади.
75 минг динор жуда катта маблағ ҳисобланган. Чунки динор — олтин пул эди. Беш-олти динор олтинга у пайтда бир қоп буғдой олиш мумкин бўлган.
Бахил иғвогарлар «бундай улкан қурилишлар ва хайри эҳсонларни Алишербек ўз обрўсини ошириш учун қилмоқда» деб гап тарқатмасликлари учун Навоий барча бунёдкорлик ишларини Ҳусайн Бойқаро билан бамаслаҳат қилади. Бу ҳақда «Вақфия»да шундай дейилган:
«Ул Ҳазратнинг қуллуғида бирор ишга киришганда ҳеч қачон ўз мақсадим ва манфаатим кўзга кўринмас эди. Нимаики қилган бўлсам, фақат Тангри учун, яна ул Ҳазратнинг муборак хотири учун, яна мусулмонларга яхшилик бўлиши учун эди».
Шу тарзда Навоий «Вақфия»да яна бир нозик ишни маҳорат билан амалга оширади: иғвогарларнинг оғзини бекитиш ва подшоҳ билан унинг орасига нохайрихохдар солиши мумкин бўлган ғуборларнинг олдини олишга муваффақ бўлади.
Бундай катта миқёслардаги савоб ишларни шу қадар донолик ва маҳорат билан амалга ошириш тарихда камдан-кам одамга насиб этадиган қаҳрамонликдир. Ҳусайн Бойқаро Алишер Навоийни оламшумул «Хамса»си, бутун ижоди, жумладан, «Вақфия» асарида тасвирланган саховати ва бунёдкорлиги учун ҳам «Қаҳрамон ва соҳибқирон» деб улуғлашга ҳакди эди.
Ҳазрат Алишер Навоийни бундай қаҳрамонона ишларга йўналтирган ички куч - унинг инсонга, халққа, ватанга бўлган чексиз меҳру муҳаббати эди. Унинг энг эзгу нияти - қилган ишлари ва ёзган асарлари билан эл-юртга, халққа яхшилик қилиш эди.
Буни биз «Хамса» достонларидан «Сабъайи сайёр»да Аллоҳга илтижо килиб ёзган қуйидаги сатрларида аниқ кўрамиз:
Деганимни улусқа марғуб эт!
Ёзғонимни кўнгулга маҳбуб эт!
Халққа зеби торак айла они,
Ўқуғанга муборак айла они.
Етти афлокни анга ёр эт,
Етти иқлим элин харидор эт.
«Марғуб эт» — «жозибали қил» деган маънони билдиради. «Зеби торак» — бошга қўииладиган тож.
Навоий «Хамса»сининг ёзилганига беш юз йилдан ортиқ вақт ўтди. Шу асрлар давомида унинг айтганлари чиндан ҳам эл-юртга марғуб, кўнгилларга маҳбуб бўлди. Айниқса, бизнинг давримизда унинг асарларини адабиётимиз гултожидек бошга кўтариб эъзозлайдиган одамлар кўпайди. Жаҳоннинг етти иклимида Навоийнинг номи ва асарлари етиб бормаган қитьа йўқ, десак бўлади.
Бу ҳаммаси улуғ шоирнинг эзгу тилаклари ижобат бўлганидан далолатдир.
Алишер Навоий асарларини бундай суюкли ва умрбо-кий қилган фазилатлар, аввало, унинг сўз санъатида, ба-диий тилида акс этади. Чунки тил мазмунга нисбатан шаклдир ва гўё мазмунга кийдирилган «либос»дир. Шунинг учун бизнинг нигоҳимиз энг аввал шу «либос» —тилга тушади.
Лекин оддий либосдан фарқли ўлароқ, бадиий тилни мазмундан ажратиб «ечиб» олиш мумкин эмас. Шунинг учун биз «либос» сўзини кўштирноқ ичига олдик. Асарнинг шакли мазмуни билан бир бутун ҳолда тирик вужуд каби яшайди. Масалан, атиргулнинг шакли ва ранги унинг илдизидан озиқланиб, барги ва бутоқлари билан бирга ўсиб етилади. Адабий асарнинг тили ҳам муаллифнинг дилидаги ҳис-туйғулар, фикрлар ва образларни ифодалаш учун шу ҳис-туйғулар ва образлар учқунидан олов олиб, «пишиб» етилади. Бу ҳодисани Алишер Навоий гўзал шеърий сатрларда шундай ифодалаган:
Агарчи йўқдурур дурлуқ талоши,
Эрур тош бўлса ҳам чақмоқ тоши.
Нечаким ўтлуқ ўлса лаъл пора,
Қачон бул тошдек бергай шарора.
Навоийшунос олим А. Ҳайитметов «Фарҳод ва Ширин» достонининг тили ва услубига бағишланган мақоласида ушбу тўрт сатрни шундай таҳлил қилиб беради:
«Навоий ёзган достоннинг услуби чақмоқтошдек ўт чиқариб, учқунлар сачратиб турадиган, ҳам иссиқ берадиган, ҳам ёрйтадиган бўлиши керак. Унингча, салафлари услубида ҳам нурлилик, оловга ўхшашлик бор. Лекин бу лаълдан чиқиб турадиган нурга ўхшайди, бу нурда куйдириш, ёндириш қуввати йўқ».
Алишер Навоий бу оддий чақмоқтошни қимматбаҳо лаълга қиёслаш орқали асар мазмунидан (яъни, чақмоқтош бағридан) чиқиб келадиган ҳақиқий олов лаълнинг совуқ ташқи ялтироқлиғидан кўра афзал эканини кўрсатади.
Навоийнинг бутун ижоди мана шу тамойилга, яъни мазмун ичвдан чиқиб келадиган бадиий олов билан инсонлар қалбига нур сочиш ва ҳарорат бериш тамойилига асослангандир. Биз буни унинг шеъриятида ҳам, «Хамса» достонларида ҳам, «Насойим ул-муҳаббат», «Мантиқ ут-тайр», «Хамсат ул-мутаҳаййирин», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», «Вақфия» каби асарларида ҳам кўриб ўтдик.
Бадиий тил муаммолари муайян асарларга назарий нуқгаи назардан ёндашувни талаб қилади. Шунинг учун биз асарларнинг яратилиш хронологиясига ёки жанрларига қараб ажратиб таҳлил қилишдан кўра, уларнинг ҳаммасига хос бўлган умумий тамойилларни аникдаш ва таҳлил қилиш йўлидан боришни афзал кўрдик.
Алишер Навоий бутун ижоди давомида улуғ бир мақсад — туркий тилни жаҳоннинг энг мукаммал ва мумтоз тиллари даражасига етказишга интилади. «Мезон ул-ав-зон», «Муншаот», «Маҳбуб ул-қулуб» асарлари ҳам мангу эзгу мақсад йўлида яратилади.
Масалан, аруз илмига бағишланган «Мезон ул-авзон»нинг ёзилиш сабабини Навоий қуйидагича изоҳлайди:
«Чун турк алфози билаким назм воқеъ бўлибдур, анга зобитае (қоида) ва қонуния йўқ эркандур ва ул фан ривожи учун киши аруз фаннида китобе ё рисолае битмайдур».
Алишер Навоий биринчи бўлиб туркий тилда аруз илмига тамал тоши қўяди. Кейинчалик у бошлаган ишни Бобур Мирзо давом эттириб, «Мухтасар» номли катта асар яратади. «Мезон ул-авзон» ўзбек адабий тилини аруз илмига оид юзлаб атамалар билан бойитди. «Вазн», «рукн», «баҳр», «ҳазаж», «рамал», «мутақориб» каби атамалар бугун ҳам арузшунос олимларимизнинг илмий ишларида қўлланилмоқда.
Навоий даврида «туркий тил аруз вазнига унча мос келмайди» деган нотўғри ақида бор эди. Бу ақида тарафдорлари тўққизта унли товуши бўлган «же»ловчи туркий шеваларда сингармонизм қонунларига қаттиқ риоя қилинишини ва аруз вазни талаб қиладиган узун-қисқа товушлар уйғунлигини бундай шеваларда таъминлаб бўлмаслигини далил қилиб келтирар эдилар.
Лекин Навоий асарлари сингармонизм қонунларидан фойдаланган ҳолда узун-қисқа товушлар уйғунлигини ҳам тўлиқ таъмин этадиган туркий шеваларнинг тил бойликларидан фойдаланиб ёзилганига биз юқорида қатор мисоллар келтирдик.
Мезон ул-авзон»да Навоий бундай мисолларга жуда катта ўрин беради. Ҳатто туркий халкдарнинг тўйларда айтиладиган «ёр-ёр»лари ҳам аруз вазнида яратилганига қуйидаги мисолни келтиради:
Қайси чамандин эсиб келди сабо, ёр-ёр,
Ким дамидин тушди ўт жоним аро, ёр-ёр.
Муфтаилун фоилун муфтаилун фоилун.
Сўнгги сатр Навоий келтирган «ёр-ёр»нинг қайси аруз вазнига мос келишини аниқ кўрсатиб беради.
«Мезон ул-авзон»да Навоий ўта ҳассос назар билан Ҳусайн Бойқаро ёзган кўпчилик ғазалларнинг вазни туркий тилда севиб айтиладиган халқ қўшиғининг вазнида эканини аниқлайди:
Эй саодат матлаъи ул орази моҳинг сенинг,
Аҳли бийниш қиблагоҳи хоки даргоҳинг сенинг.
Байтнинг маъноси шундай: «Эй, сенинг ой юзинг саодатга бошловчидир, даргоҳинг тупроғи кўзи яхши кўрадиганларнинг қиблагоҳидир».
Бу байт арузнинг рамали мусаммани мақсур вазнида ёзилгандир. Айни шу вазн халқ оғзаки ижодида ҳам, Ҳусайн Бойқаро шеъриятида ҳам севиб қўлланилиши туркий элларнинг подшосидан тортиб оддий фуқаросигача аруз вазнини азалдан яхши билганини ва ундан самарали фойдаланганини кўрсатувчи ёрқин далилдир.
Алишер Навоий шу каби юзлаб далиллар билан туркий тилнинг имкониятлари араб ва форс тилларининг имкониятларидан кам эмаслигини, балки ортиқ жиҳатлари ҳам борлигини исбот қилади. Туркий тилда «бармоқ вазни» деб аталган жуда ранг-баранг вазнлар тизими мавжудки, бундай эркин вазнлар тизими форс тилида йўклигини Навоий «Мезон ул-авзон»да махсус кўрсатиб ўтади.
Албатта, ҳар бир халқнинг тили ва шу тилда яратилган китоблари ўзига хос афзалиятларга эга бўлади. Масалан, форс тилида мактублар тўпламидан иборат бўлган ва «Муншаот» номи билан тартиб бериладиган китоблар Алишер Навоийда ҳавас уйғотади. «Форсий алфознинг иншолари дилписанд, макотибу (мактублари), имлолари аржуманд (ардоқли) эрди, — деб ёзади Навоий «Муншаот» асарининг муқаддимасида. — Хаёлга андоқ келдиким, турк алфозининг руқьалари (ёзишмалари) ҳамул (шу) мисол била битилгай ва бу тилнинг номаларини ҳам ўшул минвол (қоида) билан сабт этилғай (яъни, тўплам қилингай)».
Шу тарзда Навоий ўзбек мумтоз адабиётида «Муншаот» деб аталадиган янги бир жанрни ҳам бошлаб беради. Бу жанрда ўша даврга хос адабий тилнинг бир қанча янги хусусиятлари намоён бўлади. Аввало, мактублар бир одамнинг иккинчи киши билан бевосита суҳбати ва мулоқоти бўлганлиги учун расмий тил жимжималаридан холи бўлади.
Алишер Навоийнинг бетоб эканини эшитган Ҳусайн Бойқаро унга махсус мактуб юбориб, аҳвол сўраган бўлса керак. Навоий унга қуйидагича жавоб ёзади: «Иноят қилиб сўрдира йиборилган иншонгким, етти, айтса бўлғайким, баданда ҳарорат шуъласидин шараре ва кўнгулда изтироб шиддатидин асаре қолмади. Битикингдинки, саводини кўриб жон топдим»2.
Келтирилган иқтибос Навоийга хос поэтик тил ва ширингуфторлик билан ёзилган. Фақат иқтибос охиридаги бир мисра шеърда Навоий Ҳусайн Бойқарога «битигинг» деб, «сен» олмошида мурожаат қилгани эътиборни тортади. «32» деб рақам қўйилган яна бир мактубда:
Кўзум учарки, хумоюн юзингни кўргай бот,
Биайниҳ анга киприклар ўлмиш икки қанот, —
деган байт ҳам Ҳусайн Бойқарога қаратиб айтилган. «Ҳумоюн юз» подшоларга бериладиган сифатлардан бири. Лекин ҳаётда Навоий подшоҳга «сенсираб» гапирган бўлма-са керак. Масалан, «Хамсатул-мутаҳаййирин»да Навоийнинг Абдураҳмон Жомийга «сизлаб» мурожаат қилганини кўрсатувчи мисоллар мавжуд.
Аммо «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» асарида бевосита мулоқот пайтидаги диалогда икки дўст бир-бирларига «сен» деб мурожаат қиладилар:
«Фақир айтдимким:
—    Мавлоно Лутфий ҳоло туркий қавмнинг устоди, малик ул-каломидур.
—    Нечук, Сайид Насимий демадинг? — «сен» олмошида сўрайди Паҳлавон Муҳаммад. Навоий ҳам «сен» олмошида жавоб беради:
—    Хотирға келмади... Бу саволда сенинг ғаразинг мажоз тариқида айтур эл эрди».
Бу реалистик диалог бир-бирига чинакам қадрдон дўстнинг қиёфасини гавдалантириб беради. Улар қирқ йиллик қадрдон дўст бўлганликлари учун ёшликдан «сен» дсб мурожаат қилишга ўрганган бўлишлари керак.
Худди шу фикрни сал бошқачароқ талқинда Ҳусайн Бойқаро билан Алишер Навоийнинг мактаб ёшидан бошланган дўстлиги тўғрисида ҳам айтиш мумкин. «Ҳилолия» қасидасида ҳам Навоий Ҳусайн Бойқарога «сен» олмошида мурожаат қилади. Умуман, Худога ҳам «сен» олмошида муножот қилиш одат тусига кирган. Шеъриятда ҳам барча улуғларга «сен» олмошида арз қилиш жоиз ҳисобланади.
Фақат Алишер Навоий Ҳусайн Бойқарога шеърда «сен» деб сўз айтганда икки орадаги сирдошлик ва дўстлик меҳри сезилиб туради. Ҳусайн Бойқаронинг ўзи ҳам Навоийга бағишланган ва юқорида қаламга олинган рисоласида Алишер унга «пардасарой хилватида, Шабистон суҳбатида ҳамдам» бўлганини ёзадики, бу уларнинг чинакам сирдош дўст бўлганини тасдиқлайди.
Навоийнинг кичик замондоши Зайниддин Восифий «Бадоеъ ул-вақое» асарида шундай бир ҳаётий лавҳани келтиради. Алишер Навоий бир кун намоз вақгида Ҳусайн Бойқаронинг ҳузурига келади.
Намоз вақтида подшоҳ ҳузурига кириб арз қилиш ҳуқуқи фақат Алишер Навоийга берилган экан.
Ҳусайн Бойқаро нима ҳодиса бўлганини сўраганда, Мирҳожи Пир деған золим амир бойлик ва мартабадан қутуриб, ўзини подшодан ҳам баланд олаётганини, кўчалардан тахтиравонда улуғ султонлар муяссар бўлмаган нашъу намо ва тантана билан ўтганини Навоий шундай бўрттириб тасвирлайдики, Ҳусайн Бойқаро ҳовлиқиб кетган бу амирнинг ҳаром йўл билан орттирган молу мулкини мусодара қилишни буюради.
«Муншаот»га киритилган кўпчилик мактублар Навоий билан Ҳусайн Бойқаро орасидаги муносабатларнинг мана шундай дўстона ишонч билан суғорилганини кўрсатади.
Бахил кучлар Ҳусайн Бойқаро билан унинг катта ўғли Бадииуззамон Мирзо орасига низо уруғини сочади. Алишер Навоийнинг бир неча мактублари ота билан ўғилнинг орасида пайдо бўлган низони бартараф қилишга йўналтирилади.
Навоийнинг гувоҳлик беришича, бу низо кўпроқ ўғилнинг кибру ҳавога берилганлигидан келиб чиққан эди.
Астрободга ҳоким қилиб тайинланган Бадиуззамон Мирзо отасининг хазинасига вилоятдан юборилиши керак бўлган мол-маблағни юбормайди. Навоий ёзади:
«Яна битибсизким, «Астрободга киши юбормангким, бермагумдур»... Бу мазмунни ҳам мулойимроқ битаолур эрдингиз. Ва «Ироқ вилоятларин улашибмен» деб битибсиз. Ироқ... иликка кирмасдан бурун... Мирзо била бир-икки қатла сўзлашмай, арз қилмай бу иш қилилмиш бўлса... сиздан ажаб воқеъ бўлибдур».
Навоий ҳовлиқиб кетган шаҳзоданинг хатоларини аниқ далиллар билан исботлаб беради. Подшоҳ отасига «одам юборманг, мол бермагумдур» деб дағал сўз айтгани, ҳали қўлга киритилмаган Ироқ (Эрон у пайтда Ироқ дейилган) вилоятларини подшодан берухсат ўз амирларига улашиб юборгани—шаҳзоданинг кибру ҳавоси ажабланарли даражага етганини Алишер Навоий мулойим бир киноя билан «сиздан ажаб воқеъ бўлубдур» деб танбеҳ беради.
Мактуб самимият ва жонкуярлик билан ёзилгани унинг ҳар бир сатридан сезилиб туради.
37 рақам қўйилган иккинчи мактубда Навоий Бадиуззамон Мирзога «мажлис қуриб чоғир ичарга кўп ҳирс кўрсатилмаса, кутубхона аҳли билан машғуллик қилилса, таворих ўқумоқ буюрилса... батахсис (хусусан) «Зафарнома». Шу насиҳатлар орасида Навоий Амир Темурнинг Ҳусайн Бойқарога тўртинчи насаб эканини, шу сабабли ҳар ҳафта жума намозида Темурбекнинг номини хутбага қўшиб ўқитишини ибрат қилиб кўрсатади. «Сиз эса ин-шонгиз туғросидан Мирзонинг муборак отин чиқариб-сиз», — деб Навоий шаҳзоданинг яна бир хатоси отасига ҳурматсизлик қилгани эканини айтади. Ҳадиси шарифдан пайғамбаримиз айттан қуйидаги сўзларни келтиради: «Тенгри таоло ризоси ота ризосига вобастадир. Тенгри таоло ғазаби ҳам ота ғазабига вобастадир. Машойихлар «валедука раббука», яъни «отанг парвардигорингдур» деганлар».
Навоий бу сўзларни ота-болага жони куйганидан ёзгани унинг ўта таъсирчан сўз ва ибораларидан сезилиб туради. Мактубда ажойиб бир мақол ҳам келтирилади:
«Бу қулнинг жони куйганда ўзгаларнинг этаги куймас. Бу бир неча сўз густоҳлик қилилди, умид улким, қабул тушгай. Тушмаса бу банда айтур сўзни бўйнимдин адо қилмиш бўлғаймен»2.
Навоий камтарлик билан ўзини «қул» деб атайди. Мактубнинг тили орқали биз улуғ шоирнинг куюнчак қалбини тасаввур қиламиз. Бу ерда инсоннинг ички дунёсини очиб берувчи реалистик тил — жонли сўзлашув тилига асосланишини яна бир бор ҳис қиламиз.
Айниқса, Навоийнинг ёмон йўлларга кириб кетган асранди ўғли Шоҳқулидан кўнгли қолиб ёзган мактуби шоир қалбининг оловли эҳтиросларини баралла намоён қилади. Навоийшунос олима Суйима Ғаниева бу мактубни монологик нутқнинг ёрқин бир намунаси деб тўғри кўрсатади. Шу билан бирга С. Ғаниева Навоий насрий асарларида шеърий нафосат устун туришини, унинг насрда ёзилган илмий асарларидан ҳам улуғ шеъриятнинг нафаси келиб туришини таъкидлайдики, биз бу таъкидга тўлиқ қўшиламиз.
Алишер Навоий ўз ҳаёти ва ижодининг охирги йилларида романтик кўтаринки услубдан кўра ўша давр ҳаётий муаммоларини тасвирлаш ва ҳал этишга қаратилган теран маъноли реалистик услубга кўпроқ амал қилади. Бу даврда ёзган асарларининг тилида ҳам реалистик бўёкдар устун мавқени эгаллайди.
«Тарихи мулуки Ажам» асарида Эрон шоҳларининг ибратли ишлари қисқа, равон ва сермазмун иборалар билан тасвирланади. Масалан, «Ануширвони одил» тўғрисида: «Онинг боргоҳида (қабулхона) тўрт олтун курси доим қўиилур эрди. Бирида Бузурж-меҳр (бош вазир), бирида Қайсари Рум, бирида Қипчоқ хоқони...» Демак, шарқу ғарбдаги қўшни тождорлар билан муроса қилиб тинч яшаш учун Ануширвон уларни доим олтин курсига ўтқазиб, ҳурматларини жойига қўйган экан.
Лекин Ануширвоннинг ўғли Ҳўрмуз отасидай адолатли сиёсат юргиза олмади, «аркони давлат андин норози эрдилар, тутуб, кўзига мийл тортиб кўр қиддилар»2. Навоий ҳар икки подшонинг тарихидан энг муҳим нуқталарини топади, қисқа ва ёрқин иборалар билан уларнинг ибратли иш-лари ёки фожиавий тақдирлари тўғрисида ҳаққоний тасаввур беради. Навоийнинг сўз санъати «Маҳбуб ул-қулуб» («Қалблар суюклиси») асарида яна бир ўзгача тароват би-лан намоён бўлади. Бу насрий асар сажъ усули билан қофияланади. Маълумки, Қуръони карим ҳам қофияланган саждир. Навоий ана шу муқаддас анъанага амал қилиб ёзади:
«Ҳар кўи ва кўчада югурубмен ва олам аҳлидин ҳар навъ ўзимни элга еткурубмен ва яхши-ёмонлиғ аҳволин билибмен. Баъзи аҳбобки, бу ҳоллардин хабарсиз...» «...Ва ҳар навъ эл суҳбат ва хусусиятики, аларга ҳавас бўлғай, бу фақирнинг тажрибаси аларға бас бўлғай».
«Ҳавас» ва «бас» ажойиб қофия. «Суҳбат — хусусият» ҳам қофияланган сажъ. Бу ҳаммаси сўз санъатининг намуналаридир. Навоий қалбининг суюклиси - ҳалол меҳнати билан кун қўрадиган деҳқон ва ҳунарпешалардир: «Деҳқонки дона сочар, ерни ёрмоқ била ризқ йўлин очар. Ҳар қаён қилсалар ҳаракот, элга ҳам қут келтурур, ҳам баракот».
Энди шу деҳқонлар етиштирган нозу неъматларни шаҳарга олиб келиб сотувчилар зикрида сўз:
«Шаҳар савдогари... ўнғай олиб оғир сотмоқ онинг мақсуди... Бурёни (бўйро) зарбоф ерида сота олур. Дўконида барча матоъ мавжуд... ғайри инсоф».
Аммо карвонлар билан узоқ юртлардан мол келтириб сотувчи тужжорлар «савдо учун тенгизга кема сурмаса, дур учун наҳанг комига қадам урмаса» иши ўнгидан келмаслиги ам айтилади. Навоий уларни ҳам инсофга чақиради.
Айтилганларнинг ҳар бир сўзи фазлу ҳикмат нурлари билан йўғрилган. Бу сўзлар асрлар давомида ўз аҳамиятими йўқотмайди.
«Маҳбуб ул-қулуб»нинг иккинчи қисмида тасаввуф иазарияси оммабоп насрий усул билан тарғиб қилинади. «Тавба, зуҳд (нафсни тийиш), таваккул, қаноат, сабр, тавозуъ, зикр ва ризо» тушунчалари ажойиб ҳикоятлар ёрдамида очиб берилади. Учинчи қисмдаги «танбеҳ» деб аталган панд-насиҳатлар донишманд шоирнинг бой ҳаётий тажрибасидан келиб чиқади.
«Одамийнинг яхшироғи улдурким, порсо ва пок бўлғай ва ҳақ сўзни айтурда беваҳму бок бўлғай».
«Порсо» — ёмон йўлга юрмовчи, тақводор одам. «Бок» - қўрқув, яъни «беваҳм ва беқўрқув» одам - энг яхши одамий бўла олади. Бу мезонга Навоийнинг ўзи тўлиқ жавоб бера олган чин одамий эканлигини унинг бутун ҳаёти ва ижоди кўрсатиб турибди.
Навоийнинг буюк замондоши ва устози Абдураҳмон Жомий «Ҳафт пайкар» («Етти қиёфа, ҳайкал») достонининг хотимасида Алишер Навоийнинг туркий тилда яратган «Хамса»сини аввалги «Хамса»лардан баланд қўяди. Навоий назмини «мўъжизавий назм» деб атайди. «Сенинг қаламинг шундай калит қудратига эгаки, бу калит билан очилмайдиган қулф йўқдир» деган фикрни айтади. «Зи чарх офаринҳо бар он килк бод!», яъни бу қаламга фалакдин офаринлар ёғилсин!» деб тилак билдиради.
Чиндан ҳам, Алишер Навоий қайси ижодий муаммо-нинг қулфига ўз мўъжизакор қалами билан қўл урса, бу муаммо ечилмай қолмаган. У шеъриятнинг ўн етти тури-да етук асарлар яратган. Булар орасида энг машҳур ҳадис-ларнинг ҳар бирига алоҳида шеърий тўртлик бағишланган «Арбаъин» туркумининг алоҳида ўрни ва тарбиявий аҳамияти бор. «Арбаъин»ни махсус тадқиқ қилган А. П. Қаюмов туркий тилда яратилган Навоийнинг «қирқ шеърий тўртлиги комил инсонни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган сабоклардир», деб ёзади ва бу тўртликларни махсус луғат ёрдамида шарҳлаб, кенг китобхонларга тақдим этиш зарур эканини таъкидлаб айтадики, биз бу фикрларга тўлиқ қўшиламиз.
Алишер Навоий қаламига мансуб бўлган энг машҳур асарлардан бири «Насойим ул-муҳаббат» шўро даврида динга муносабат салбий бўлганлиги сабабли анбиё ва авлиёлар, машҳур шайхлар тарихига бағишланган бу асар тўлиқ нашр этилмай келинди. Биз унинг қисқартирилган нашрларидан Аҳмад Яссавий ва унинг издошлари ҳақида Навоий ёзган ажойиб лавҳаларни адабий тил нуқтаи назаридан юқорида кўриб ўтган эдик. Ниҳоят, 2001 йилнинг ўрталарида «Насойим ул-муҳаббат»нинг тўлиқ нашри Навоий асарларининг XVII жилди сифатида босмадан чиқди.
Асарни нашрга тайёрлаганлар қайд этганларидек, «Насойим ул-муҳаббат» Абдураҳмон Жомийнинг «Нафоҳот ул-унс...» тазкирасининг туркий тилдаги эркин таржимасидир. Навоий ўз устозининг асарига ижодий муносабатда бўлади, унинг айрим жойларини қисқартиради, лозим топган ўринларига қўшимчалар киритади. Бу қўшимчалар кўпроқ туркий эллардан чиққан авлиё ва шайхларга бағишланади.
Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат»дан кўзлаган мақсади туркий элларни анбиё ва авлиёлар тарихи билан яқиндан таништириш ва ўз ораларидан чиққан Аҳмад Яссавий, Адиб Аҳмад каби машойихларга эҳтиром уйғотиш эди.
Жомий тазкирасида бутун мусулмон оламида ўтган 618 нафар шайхлар қаламга олинган бўлса, «Насойим ул-му-ҳаббат»да улар сони 770 га етказилади.
Навоий биринчи бўлиб қаламга олган назаркарда шайхлар орасида Исҳоқ ота, Қўрқут ота, Қилич ота, Ҳубби Хўжа (Хоразмдан), Темирчи ота, Кўк шайх, Бобо Хушкелди каби кўплаб мўътабар номлар бор. Она тилимиздаги бу номларнинг ўзиёқ турк оламида қанчадан-қанча ажойиб авлиё ва шайхлар бўлганидан далолат беради.
Масалан, Навоий Бобо Хушкелдининг эл орасида қуйидаги бир сабаб билан машҳур бўлганини ёзади: «Чун иабо балоси ул вилоятқа кирибдур, барча кентларга ёйилибдур, кўп халойиқ ул заҳмат била борибдурлар, аммо Бобо Хушкелди бўлур кентга доримайдур. Одамлар дебдурларки, бало билан урушдук, бало бизни босди, аммо Хушкедди ўз ғанимини босди».
Бу сатрларда Навоий яратган мумтоз адабий тилнинг ёрқин бир намунасини кўрамиз. «Ул заҳмат била борибдурлар» ибораси «вабо заҳматидан ҳалок бўлибдилар» маъносини билдиради. «Доримайдур» деган сўз «йўламайди, юқмайди» маъносида келади.
Навоий ўта камтар бўлганлиги учун ўзининг шахсий ҳаётига оид тафсилотларни камдан-кам қаламга олади. Шу сабабданми ёки бошқа биз билмайдиган ҳодисалар ҳам бўлганми, ҳар қалай, Алишер Навоий ўз даврининг аёллари тўғрисида ёзишни одобдан эмас деб ҳисоблаган бўлиши мумкин. Навоий фақат ҳаётдан кўз юмган машҳур аёллардан Гавҳаршодбегимни «Вақфия»да алоҳида бир эъзоз билан эслаб ўтади: «... йўл Инжил ариғи ёқаси била Маҳди Улё (авлиё она) ва Билқиси узмо (Билқис — афсонавий оқила аёл, Сулаймон пайғамбарнинг суюклиси, узмо —улуғ) Гавҳаршод оғонинг (қабрлари Оллоҳ нурига тўлсин) мадрасаси томон бурулади. Бу мадрасанинг кошиси гиреҳкорлигидин (кошинлари безакларидан) акд меъмори ҳайрон ва шамсаси (қуёш каби тоқисининг) зарнигорлиги донолик муҳандисининг бошини айлантирадиган даражада юксакдир».
Тарихдан маълумки, Алишер Навоий ўсмир ёшида Гавҳаршодбегимнинг невараси Абулқосим Бобур саройида хизматда бўлганда Гавҳаршодбегимни яқиндан кўрган ва унинг фазилатларидан баҳраманд бўлган. Шунинг учун бу улуғ онани ва унинг саъй-ҳаракати билан қурилган мадрасани алоҳида эҳтиром билан эслаб ўтади.
Мусулмон оламида шуҳрат қозонган ориф аёллар ҳам кўп бўлган. «Насойим ул-муҳаббат» асарида уларга махсус бир бўлим бағишланади. Бўлимда бир шеър келтириладики, унинг бугунги адабий тилимизда берилган таржимаси шундай: «Агар аёллар биз айтгандай бўлсалар, эркаклардан афзалдирлар. Қуёшнинг муаннас (аёлсифат) исм эканлиги унга айб эмас, ойнинг музаккар (эркаксифат) исм эканлиги унга фахр эмас».
Араб тилида худди рус тилидаги каби сўзлар эркак ва аёл тур (род)ларига ажратилади. Келтирилган мисолда аёл турига мансуб қуёшнинг ойдан афзаллиги орқали ориф аёлларнинг баъзи эркаклардан афзал бўла олишига ишора қилинади.
Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат»да ана шундай ориф аёллардан 35 нафарини эҳтиром билан қаламга олади ва улар кўрсатган кароматлардан мисоллар келтиради. Мана, ўша мисоллардан бири: «757, Умми Муҳаммад, Шайх Абдулқодир Гилонийнинг аммасидур. Дерларки, бир қатла Гилонда қурғоқлик бўлди. Халойиқ истисқога (ёмғир тилаб осмонга илтижо қилиш) чиқдилар, ёғин ёғмади. Барча халқ Умми Муҳаммаднинг уйи эшигига келдилар ва ёмғир дуосини тиладилар. Умми Муҳаммад уйининг эшикин супурди ва деди: «Худоё, мен супурдим, сен сув сеп!» Оз вақт ўтмади, ёғин тутди, мешларнинг оғзини очиқ қўябердилар».
Бу ерда тилнинг равон ва таъсирчанлиги мазмуннинг фавқулодда бой ва тиғизлигидан келиб чиқади.
Биз бугун «қурғоқчилик» деб айтадиган сўзни Навоий «қурғоқлик» деб ёзади. Ёмғир қаттиқ ёққанда биз «челаклаб қуйди» деймиз. У замонларда челак ўрнига кўпроқ мешлар ишлатилган. Мешнинг оғзини очиб қўйса, сув ундан ҳам челакдан қуйилгандай бўлади. Мана шу манзара ўша замон тилига мос қилиб меш орқали тасвирланади.
Бу парчанинг энг ажойиб жойи — Умми Муҳаммад деган аёлнинг эшик олдини супуриши, «Худоё, энди сен сув сеп!» деб қисқагина дуо қилиши ва бу дуонинг ижобат бўлишидир.
Китобда ҳаммаси бўлиб саккиз сатрга жой бўлган бу ҳикоят Навоий асарларининг энг сара намуналари қаторидан ўрин олади.
Бугунги китобхон Навоийнинг шу каби содда тилда ёзилган ҳикоялари ва ҳикматларини тўлиқ тушуниб, севиб ўқийди. Аммо унинг ғазалларида ва илмий асарларида араб-форс сўзларидан таркиб топган мураккаб жумлалар ҳам оз эмаски, айрим ўқувчилар уларни тушунолмай қийналганларини айтадилар.
Бу қийинчиликни бартараф этишда қарс икки қўлдан чнқиши мақсадга мувофиқдир.
Биринчи томондан, навоийшунос олимлар Навоий асарлари матнини ва уларнинг тилига хос маъноларни китобхонлар оммасига тўлиқроқ изоҳлаб, тушунтириб беришлари лозим. Ҳозир бу йўналишда анча ишлар қилиняпти. Газета ва журналлар шоирнинг машҳур ғазаллари ва бошқа асарлари матнини сатрма-сатр шарҳлаш орқали батафсил талқинлар ҳам чоп этмоқдалар.
Лекин ҳали бу иш етарли даражада кенг кўлам ва теранлик кашф эттан эмас.
Иккинчидан, зукко китобхонларимиз Навоий асарларига фақат бугунги замонавий тил нуқтаи назаридан ёндашиш билан чекланмасликлари керак. Истиқлол шарофати билан тарихимиз янги асосда кенг кўламда ўрганилмоқда. Ана шу тарихнинг узвий бир қисми — тилимиз ва адабиётимизнинг тарихидир. Тилимизнинг тарихини ўрганиш ҳали бизда кўнгилдагидек ривож топган эмас.
Биз тушунишда қийналадиган теран маъноли мумтоз сўз санъатини Навоийнинг замондошлари бемалол тушунганлари учун юксак даражада қадрлаганлар. Абдураҳмон Жомийдек форсийзабон шоир Навоийнинг кўпчилик асарларини, жумладан, «Хамса» достонларини туркий тилда ўқиб, чексиз завқ олганлиги учун уларга юқорида келтирган юксак баҳони берган.
Навоийнинг кичик замондоши Зайниддин Восифий Навоий ғазалларига куй басталаниб, қўшиқ қилиб айтилганда кишиларга қанчалик кучли таъсир қилганини ёрқин бир лавҳада тасвирлаб беради.
Навоийнинг қуйидаги матла билан бошланадиган ғазали бор:
Дин офати ул муғбачайи маҳлиқодур майхораю бебок
Ким, ишқидин онинг ватаним дайри фанодир сармасту яқом чок.
Бу ғазалга Ҳиротнинг машҳур созандаси Хўжа Абдул-ла Марворид жуда таъсирли бир савт (куйнинг тури) бас¬талаган бўлади. «У вақтда Ҳиротда бу савт ўқилмайдиган уй йўқ эди» дейди Восифий. («Ўқилмайдиган» сўзини «Навоий ғазали шу савт куйи билан қўшиқ қилиб айтилмайдиган уй йўқ эди» деб тушуниш керак.) Бир базмда хушовоз хонанда ушбу ғазални савт оҳангида қўшиқ қилиб айтаётганда бутун мажлис аҳли қаттиқ таъсирланиб, жазава ичида ёқаларини йиртган эканлар. Бу ҳолни Навоий бир туйнуқдан қараб тасодифан кўрган экан. Кейин шу кўрганларига асосланган шоир куйга солинган сўзнинг таъсир кучи ҳақида «Хамса»да қуйидагиларни ёзади:
Чекса Навоий сўзидин бир нишон —
Ким, анга алфоз ўлиб оташфишон.
Базмда ул лахза алолони кўр,
Кўйи харобот аро ғавғони кўр,
Кўрки нечукдир яқо чок айламоқ.
Навоий бу ерда аввало «алфоз», яъни сўз олов сочишини, шу олов одамларнинг қалбидага туйғуларни алангалантиришини махсус таъкидлайди.
Демак, Навоийнинг оловли сўзларини замондошлари жуда тўлиқ ва теран тушунганлар. Фақат уларгина эмас, Машраб, Огаҳий, Муқимийлардан тортиб йигирманчи асрда яшаб ўтган А. Қодирий, Чўлпон, Фитрат ва С. Айнийлар ҳам мумтоз адабиётимиз тилини жуда яхши идрок этганлар. Бунинг исбот ва далшшарини улкан адиб ва олим Садриддин Айнийнинг «Хамса» достонларининг 1947 йилги нашри учун ёзган шарҳдарида кўриш мумкин.
Ҳозир биз келтирган «Сармасту ёқа чок» ғазалининг шарҳи ҳам биринчи марта С. Айний томонидан юксак савияда амалга оширилган.
Фақат собиқ совет даврида савод чиқарган авлодлар мумтоз адабиётимизнинг араб ва форс тиллари билан боғлиқ бўлган тил бойликларидан сунъий равишда маҳрум қилиндилар. Аввалги даврда истеъмолда бўлган минглаб сўзлар «эскирган», «архаик», «диний», «китобий», «хурофий» деган тамғалар билан истеъмолдан чиқарилди.
Умуман олганда, ўзбек адабий тилининг тарихини ўрганиш ишига рус туркологлари катта ҳисса қўшганлар. Жум-ладан, А. К. Боровков, Е. Э. Бертельс каби таниқли олим-лар Алишер Навоийни ўзбек адабий тилининг асосчиси сифатида қадрлаганлар. Уларнинг бу мавзуда олиб борган илмий тадқиқотлари ва чоп этган илмий ишлари ҳалигача ўз аҳамиятини йўқотган эмас.
Масалан, Е. Э. Бертельс 1925 йилда ёзган илмий ишида мумтоз ўзбек адабий тилига оид муҳим бир фикрни ўртага ташлаган. Биз бу фикрни юқорида келтирган бўлсак ҳам, ҳозир Алишер Навоий асос солган мумтоз адабий тилимиз ҳақида сўз бораётгани учун уни такроран эслашни жоиз деб ҳисоблаймиз.
«Қадимги ўзбек тилидан классик ўзбек тилига ўтишда «Ҳибат ул-ҳақойиқ» кўприк бўлиб хизмат қилган» (таъкид бизники).
Биз алоҳида таъкидлаган иборалар классик ўзбек адабий тили мавжуд бўлганини Е. Э. Бертельс фан оламида биринчилардан бўлиб қайд этганлигини кўрсатади. Унинг фикрини ривожлантириб айтишимиз мумкинки, Аҳмад Югнакийнинг «Ҳибат ул-ҳақойиқ» асари қадимги ўзбек тилидан классик ўзбек тилига ўтишда кўприк бўлиб хизмат қилган бўлса — ундан олдин ёзилган Аҳмад Яссавий ҳикматлари ва ундан кейинги асрларда дунёга келган Рабғузийнинг «Қисасул анбиё»си, Хоразмийнинг «Муҳаббатнома»си, Юсуф Амирийнинг «Даҳнома»си, Ҳайдар Хоразмийнинг «Гулшани роз» асари, Атоий, Лутфий, Гадоий каби шоирларимизнинг туркий тилда яратган лирик асарлари қадимги ўзбек тили анъаналарини давом эттирган ва Алишер Навоий даврида шаклланган классик ўзбек адабий тилига ўтишда илк мумтозлик босқичлари ҳисобланиши мумкин. Биз учун бу ерда муҳим бўлган нуқта Е. Э. Бертельс томонидан «классик ўзбек адабий тили» деган иборанинг илмий истеъмолга киритилганидир. Чунки ундан кейинги ўнйилликларда тилшунослар мустабид мафкура таъсирида бу тўғри илмий тушунчанинг ўрнига «Чиғатой адабий тили» ёки «Эски ўзбек адабий тили» деган тушунчалардан фойдаландилар. Биз Навоий асарлари тилига нисбатан «Эски ўзбек тили» деган иборанинг қўлланишига ҳам тарафдор эмасмиз. Чунки Алишер Навоийни «Ўзбек адабий тилининг асосчиси» деб тан олганимизнинг ўзи унинг даҳоси шакллантирган адабий тил эскирмайдиган қадриятлар қаторида туришини билдиради.
Навоийнинг мактаб дарсликларига кирган ва бугунги барча авлодлар ёд олган қуйидаги шеърлари тилига эътибор берайлик:
Билмаганни сўраб ўрганган олим,
Орланиб сўрамаган ўзига золим.
Ёки:
Оз-оз ўрганиб доно бўлур,
Қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур.
Бу шеърлар тилини «эски ўзбек тили» деб айтиш ҳеч қайси мантиққа тўғри келмайди. Алишер Навоий ҳақида энг ажойиб илмий ишлар яратиб кетган Мақсуд Шайхзода шоирнинг шу каби ўлмас асарларини «Классик шеърият» деб атагани бежиз эмас.
Энди «классик» ёки «мумтоз» деган сўзларнинг маъносига батафсилроқ тўхталайлик.
Ғарб тилларида «классика» деганда ҳар жиҳатдан ўрнак бўладиган етук, мукаммал асарлар назарда тугилади. «Классик» тушунчаси адабий тилларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
«Қадимги даврдага илм-фан ва бадиий адабиётнинг энг классик намуналари лотин ва юнон тилларида яратилган эди. Шунинг учун бу тилларни классик адабий тиллар деб аташган. Лотин ва юнон филологияси классик филология номини олган».
Шарқ илму фанида ва бадиий адабиётида «классика» тушунчасини «мумтоз» сўзи билан ифодалаш одат бўлган. Араб тили илму фанда, форс тили эса шеъриятда, умуман, бадиий ижодда мумтоз тиллар деб тан олинган.
Масалан, «Фарҳанги забони тожик»да «мумтоз» сўзи «ўрнакли, афзалиятли, сара, мукаммал» маъноларини билдириши айтилган.
«Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да «мумтоз» сўзига чекланган мафкуравий изоҳ берилади: «Бирор фазилати, яхши томони билан бошқалардан ажралиб турадиган афзалликларга эга бўлган одам...» Жумланинг охири мантиқан бош қисмини инкор этади. «Афзалликлар қандай қилиб бирон фазилатнинг яхши томони» бўла олади? «Мумтоз»
сўзи ерда фақат одамга нисбатан қўлланилади.
Мумтозлик — чиндан ҳам мисли йўқ нодир бир афзалиятки, ғарб адабиётларидаги «классика» деган тушунчаси мос келади.
Биз шу фикрдан келиб чиққан ҳолда, Е. Э. Бертельс илмий истеъмолга киритган «классик ўзбек адабий тили» иборасини «мумтоз ўзбек адабий тили» шаклида ишлатишни мақсадга мувофиқ деб топдик.
Адабий тилимизда асрлар давомида тўпланган тил бойликлари ва қоидалари Алишер Навоий ижодида умумлашиб, синтез ҳолига келди. Аста-секин юз берган миқдорий ўзгаришлар буюк даҳонинг қаҳрамонона меҳнатлари билан сифат ўзгаришига айланди. Навоий даврида тилимиз  мумтоз адабий тил талабларига тўлиқ жавоб берадиган юксак тараққиёт босқичига кўтарилди.
Шарқ оламида форс-тожик адабий тилини Фирдавсий, Низомий, Жомий каби достоннавислар, Саъдий Шерозий, Хўжа Ҳофиз каби ғазалнавислар, Фаридиддин Аттор каби тасаввуф устозлари ўз буюк ижодлари билан мумтозлик даражасига кўтарган эдилар. Туркийзабон адабиётда «Хамса» жанри тилини ҳам, ғазалнавислар ва тасаввуфий шеърият тилини ҳам, «Насойим ул-муҳаббат», «Маҳбуб ул-қулуб», «Муҳокамат ул-луғатайн» каби илмий-фалсафий асарлар тилини ҳам Алишер Навоий мумтозлик чўққиларига олиб чиқди. Она тилимизда «Муншаот» деган янги жанр ҳам, аруз илмига оид «Мезон ул-авзон» номли илмий-бадиий тур ҳам Навоий томонидан кашф этилди. Иш юритишга оид юридик тилнинг мумтоз намунасини биринчи бўлиб Алишер Навоий «Вақфия» асарида шакллантириб берди.
Албатта, Алишер Навоийнинг бир ўзи шундай улуғ ишларни амалга ошириши учун қулай тарихий шароит ва ижодий муҳит зарур эди. Амир Темур ва унинг маърифатли ворислари туркийзабон адабиётнинг ривожланиши учун яхши шароит яратиб берганликлари, айниқса, Ҳусайн Бойқаронинг Алишер Навоийга қандай яхшиликлар қилгани юқорида келтирилган қатор мисолларда кўриб ўтилди.
«Мажолис ун-нафоис» асарида номлари қаламга олинган ўнлаб истеъдодли фозил кишилар Алишер Навоийни қўллаб-қувватлаб турган тараққийпарвар ижодий муҳит вазифасини бажарди.
Шу омилларнинг ҳаммаси бирлашиб, Навоий даврида мумтоз ўзбек адабий тилининг шаклланишига имкон яратди.
Ўрни келганда айтиш жоизки, бутун дунёда мумтоз адабий тил яратган халкдар унча кўп эмас. Чунки мумтоз адабий тилнинг яратилиши ва ривожланиши Ренессанс деб аталадиган ва ҳар минг йилда бир неча мартагина юз берадиган мустасно маданий юксалиш ҳодисалари билан боғлиқдир.
Юқорида биз академик Н. И. Конраднинг Ўрта Шарқ Ренессанси ва унда Алишер Навоийнинг тутган ўрни тўғрисидаги фикрини келтирган эдик. Қадимги юнон тарихидаги маданий юксалишлар Искандар — Александр Македонский фаолияти билан боғлиқ бўлгани каби, Улуғбек ва Навоий давридаги маданий юксалишлар Амир Темур фаолиятига алоқадор эканини ҳам Н. И. Конрад тўғри кўрсатиб ўтган.
Александр Македонский ва унинг устози Аристотель даврида қадимги юнон тили мумтоз тилга айланган ва бу тилда Суқрот, Афлотун, Софокл ўзларининг улуғ асарларини ёзган эдилар. Аммо Александр Македонский вафот этгандан кейин «варварлар» деб аталадиган маданий жиҳатдан қолоқ кучлар давлат тепасига келади. Улар туфайли бошланган маданий инқироз узоқ асрларга чўзилади.
Шундай даврлар бўладики, Аристотель ва Платон каби қадимги юнон алломаларининг асарлари ўз ватанларида йўқолиб кетади. Аммо бу орада Аристотель ва Платон асарлари араб тилига таржима қилинган бўлади. Абу Наср Форобий даврида (IX аср) Арасту — Аристотель мусулмон оламида «устози аввал» деб улуғланади. Европа халқлари X асрларда Аристотель асарларини араб тилидан ўз тилларига қайта таржима қилиб ўқийдилар. Чунки маданий инқироз асрларида бу асарларнинг аслияти унутилади. Классик юнон тили янги Грецияда истеъмолдан чиқади. Классик лотин тили ҳам «ўлик» тилга айланади, фақат илм-фанда, тиббиётда, редептлар ёзишда қўлланилади.
Мана шу ҳодисалар «варварлар» деб аталадиган жоҳил кучлар ҳукмронлиги узоқ давом этганда мумтоз адабий тиллар тақдирида ҳалокатли узилишлар юз беришини кўрсатади. Кейинчалик Европада «Возрождение» — Уйғониш давнри бошланади, қадимги юнон мутафаккирларининг асарларини аслиятда ўқийдиган мутахассислар етишиб чиқади. Лекин энди классик лотин ва юнон тиллари одамлар кундалик ҳаётда фойдаланмайдиган, фақат китоблардан ўқиб-ўрганиладиган «ўлик» тилларга айланади.
Мана шундай ҳодиса Ҳиндистонда бир вақтлар кенг истеъмолда бўлган классик тил — санскрит тили тақдириди ҳам юз беради.
Алишер Навоий асос солган мумтоз адабий тилимиз шундай ҳалокатли ҳодисалардан омон қолиши учун бу тилни ҳаётга кенг жорий этадиган, унинг авлоддан-авлодга ўтгаан сари такомиллашиб боришини таъмин этадиган янги ижодий кучлар ва адабий даҳолар тарих саҳнасига чиқиши керак эди. Ўзбек адабиёти, тили ва тарихининг толеи, орадан кўп вақт ўтмай Заҳириддин Муҳаммад Бобур Навоийнинг буюк ишларини давом эттиришга қодир бўлган янги бир даҳо сифатида майдонга чиқди.

Пиримқул Қодиров