Самолётимиз Деҳли шаҳрига қўнганида ҳаво очиқ, ҳарорат 27-30 даража иссиқ эди. Деҳли кўчалари ям-яшил дарахтларга бурканган, кўча бўйларида эринчоқ маймунлар галаси тамшаниб ўтган-кетганларни томоша қилиб ўтиришади. Бизни кутиб олишга чиққан ҳинд дўстларимиз бўйнимизга шода-шода мойчечаклар гулдастасини осишди. Уларнинг ҳушбўй ва муаттар ҳиди димоғимизга урилиб беихтиёр ҳинд киноларини ёдимизга туширди.
Дарҳақиқат кўнглимда туғилган биринчи савол ҳам шундай эди: - Ҳиндистондаги хаёт ҳинд киноларига ўхшайдими?
Гуруҳимизни шаҳар марказидаги меҳмонхоналардан бирига жойлаштиришди. Эрта тонгда балкондан шаҳарни томоша қилар эканман, бу ер ўн миллион аҳоли яшайдиган жой эмас, қуюқ ўрмонзорга ўхшашини кўрдим. Албатта, Ҳиндистоннинг Деҳлидан кўра аҳоли кўп яшайдиган шаҳарлари ҳам бор. Масалан, Бомбейда 13 млн. Колгуттада 12 млн. аҳоли яшайди. Ҳиндистонда 25 та миллионер шаҳар бор. Умуман олганда, Ҳиндистонда тўрт мингдан ортиқ шаҳар бўлиб, жами мамлакат аҳолисининг 26 фоизи шаҳарда истиқомат қилади.
Меҳмонхона атрофи катта гулзор бўлиб, турли ва ранг-баранг гуллар чамани гиламдай қопланиб ётар, балкондан туриб бу манзарани томоша қилар эканман, ҳинд киноларидаги гуллар водийси ёдимга тушиб уларни тасвирга тушира бошладим.
Айтишларича, Ҳиндистонда бир соатда 4 млн. дона гул ҳадя этилар ёинки уйлар меҳмонхонларни безаш учун узилар экан.
Бир кун меҳмонхона деворига тақаб қурилган кападан бир болакай имлаб мени чақираётганига кўзим тушди. Эътибор берсам у турли ўйинлар кўрсатмоқчи ва уларни тасвирга туширишим мумкинлигини имо-ишоралари орқали тушунтирмоқчи бўлаяпти.
“Дайди” фильмидаги болакай ёдингиздами, ёинки “Зита ва Гита” фильмидаги қизалоқни эслайсизми? Уларни кийими, ноғора чалиши, дорда ўйнаши, ҳайратланувчи жисмоний машқлари худди мана шу болакайни эслатар ва уларнинг оиласи суратга олингандай эди. Шаҳарда бундай болакайлар ва бундай оилалар минглаб учрарди.
Уларни тасвирга туширар эканман, болакай билан ҳам танишиб олдим. Исми Мукеш экан.
Болакай ҳар гал меҳмонхонага келганимда ёки кетаётганимда қўл кўтарар, «Мистер янги ўйинларимдан кўрсатайми” дея сўрарди. Мен унга ўн рупий узатар ва тасвирга олишни бошқа кунга қолдирардим.
Ҳиндистон аҳолиси кейинги юз йил ичида 240 млн.дан 1 млрд. кишига кўпайди. Аҳолининг 80 фоизи индуизм динига мансуб. 140 млн. мусулмон яшайди. Бу ерда бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг сулоласи 350 йил мобайнида ҳукмронлик қилган.
Ҳозирги вақтда Ҳиндистон чой, шакар, ерёнғоқ, мурч етиштириш бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради. Ҳиндистонда 200 млн. бош қорамол бўлиб, бу жиҳатдан ҳам у жаҳонда биринчи ўринда туради. Лекин ҳинд халқи жон бошига йилига атиги 1,5 килограмм кг. гўшт, 1 кг. қорамол ёғи, 55 литр сут, 24 дона тухум истеъмол қилади, холос.
Ҳиндистонда 30 дан ортиқ машина ишлаб чиқарувчи заводлар ишлаб турсада, кўчаларда асосан велосипедлар, мотоцикллар, рикшаларни кўриш мумкин. “Бобби” фильмидаги Чопра минган рикша ёдингиздами? Ёинки Ражу Боббининг ортидан излаб миниб кетган автобусчи? Ҳа, Ҳиндистонга келиб ўз болалигингизни хотирлайсиз.
Ҳиндлар ҳам ўз киноларини севишармикан деган хаёлда бир куни кинога тушдим. Кинотеатрда одам гавжум, чипта нархи осмонда. Шохруххон ижросидаги янги фильмни томоша қилар эканман, бир неча қатор олдинда йиғлаб ўтирган Мукешга кўзим тушди. У кинога берилиб кеган, чақиришимга ҳам қулоқ солмасди. Кино тугагандагина, ёнимга чақириб олдим.
- Нима, сен ҳам бировни яхши кўриб қолганмисан дедим ярми ҳазил, ярми чин аралаш.
У менинг таажжубимга жавобан тасдиқловчи равишда бошини қимирлатди.
- Кимни?
- Кўрсатайми?
- Мен ҳа, дедим ва:
- Нима у сенга рад жавобини бердими? - дедим.
- Ҳа, - деди у.
- Мен ўзим айтиб қўяман, сен яхши бола экансан. “Йўқ” демайди, – дедим.
Мукеш кинотеатрдан чиқаётган одамларни кўриб тиланчилиги эсига тушиб кетди шекилли, кетишга шайланди.
Қизиқ, кинога чипта олиш учун у неча кун тайёрланди экан? Умуман тиланчининг кинога тушиши ғайритабиийми ёки оддий ҳолми?
Шундан сўнг меҳмонхона эшиги олдида ҳар тонг Мукеш мени пойлаб турадиган, яхши кўрадиган қизининг олдига олиб боришини тайинлайдиган бўлиб қолди. Гўёки мен бориб, Мукеш севиб қолганини айтсам, у қиз кўнадигандай эди. Лекин мен қизни олдига боришни ҳар гал орқага сурар, албатта боришимни, Мукешнинг кўнгил изҳорларини етказишга ваъда берардим. Мен, яримяланғоч бу болакайнинг қаби ниҳоятда тозалигига аллақачон иқрор бўлгандим. Авлиё Махатма Ганди ҳам, ярим яланғоч кийимда қалбининг тозалиги, тафаккурининг буюклиги билан миллиардлаб одамларни ўз ортидан эргаштирмаганмиди? Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Ананд ҳам, чемпионлик тожини кийиш учун ФИДЕ минбарига чиққанида оёқяланг эмасмиди? Нобель мукофоти лауреати Рабиндранат Тагор ҳам оилаа ўн тўртинчи фарзанд бўлиб туғилган ва кейинчалик Шантиникетонда университет ташкил қилганида, ярим-яланғоч болаларни талаба қилиб олмаганмиди?
Ҳиндистион бугунги кунда ўз ядро қуролига эга қудратли давлатлардан бири. Фазода ўзининг бир қанча сунъий йўлдошлари бор. Компьютер ишлаб чиқариш бўйича ҳам у дунёда биринчи ўринларда туради.
Ҳиндистон дунё бўйлаб, бетарафлик ва тинчлик сиёсатини ишлаб чиққан ва бугунги кунга келиб ўз атрофига 120 давлатни бирлаштирган энг буюк мамлакатлардан ҳисобланади.
Ҳиндистон билан хайрлашар эканмиз, буюк бобомиз қуриб кетган Тожимаҳал яна қалбимизга ғурур ва ифтихор туйғуларини солди. Дунёда бобомиз сингари ўз севгилисига мана шундай буюк ёдгорлик қолдирган яна бир инсон борми? Ўзининг буюк муҳаббатига боқий тимсол ўрнатган, муҳаббатнинг мангулик қасрини қуриб, улуғлай олган, Ўзбекнинг муҳаббати абадул-абад яшашини кўрсата олган яна ким бор? Ўзбекнинг қалбини, ўзбекнинг муҳаббатини, ўзбекнинг буюклигини Тожмаҳал тимсолида қайта-қайта кўриб, ким ҳайратга тушмайди, ким тасанно айтмайди.
Деҳли аэропорти одамлар билан гавжум. Бу ерга бутун дунёдан оқиб келаётган турли хил миллат ва элат вакилларини оқ, сариқ, қизил, қора танли одамларни кўриш мумкин. Улар Тожмаҳални кўриш учун келаётган, ёинки зиёратлари тугаб қайтишаётган сайёҳлар эди.
Мен ҳам кинода кўрганларимни ўз қўлларим билан тасвирга туширганимдан, Ҳиндистондаги хаёт, ҳинд киноларидаги хаёт билан бир хиллигига амин бўлганимдан, хурсанд эдим.
Бир пайт аэропорт ойнасини қаттиқ-қаттиқ уриб, мени чақираётган Мукешни кўриб қолдим. У мени имлаб чақирди-да, бақириб сўроққа тута бошлади:
- Қачон у қизга мен ҳақимда айтасан, мен билан нега хайрлашмай кетаяпсан, унинг олдига борамиз деб ваъда бергандинг-ку?!
Мен нима дейишни билмай қолдим. Мукешнинг кўзидан дув-дув ёш тўкила бошлади:
- Ахир бориб айтаман, дегандинг-ку?
- Нима, у менинг гапимга кирад деб ўйлайсанми?
- Билмадим. Ўзим айтолмасам нима қилай?
- Мен янаги сафар келганимда анча катта бўлиб қоласан, балки ўшанда айтармиз.
- Фақат мени алдаб кетма. Келишингни интиқиб кутаман.
- Хайр, Мукеш. Албатта кўришамиз.
Микрофондан, Деҳли – Тошкент йўналиши бўйича йўловчиларни рўйхатдан ўтишларини сўраб, чорлай бошлашди. Мукеш билан шу ерда хайрлашдик. Хайр, Мукеш! Хайр, Ҳиндистон!