04:08 / 01.11.2010 · Кутубхона
Ғайратий (1902-1979)

Янги давр, совет даври ўзбек адабиётининг туғилиши ва шаклланишида улушини қўша олган адиблардан бири Ғайратий — Абдураҳим Абдулла ўғлидир. У 1902 йилда Тошкентнинг Дегрез маҳалласида ҳунарманд оиласида дунёга келди.

Унинг отаси ўқимишли, адабиётга қизиққан киши бўлган. Онаси эрта қазо этган бўлиб, ёш Абдураҳим маҳалладаги Ойимхон ая қўлида тарбия топади. Унинг адабиётга қизиқиши ҳам ая айтган эртаклар орқали пайдо бўлади.

1912-1915 йилларда у аввал эски мактабларда, сўнг мадрасаларда таҳсил олади. Шу йилларда у Навоий, Муқимий, Фурқат асарлари билан илк бор танинишади. Октябр тўнтаршидан сўнг Тошкентдаги (Хадра) «Намуна» номли мактабнинг ўқитувчилар тайёрлаш курсларида ўқийди, сўнг халқ маорифи соҳасида ишлайди. Бўлғуси адибнинг илк шеъри 1921 йилда «Болалар ҳафтаси» номи билан «Қизил Байроқ» газетасида босилиб чиқади.

1926 йилга келиб Абдураҳим — Ғайратий Озарбайжонга бориб, Бокудаги билим юртида ўқийди. У ердқа М. Урдубодий, М. Мушфиқ. С. Рустамий, Ж. Жабборий каби таниқли адиблар билан танишади ва мулоқотда бўлади. Бокудан қайтгач, Тошкеитдаги музикали драма театрида адабий эмакдош бўлиб хизмат этади. 1929-1931 йилларда Ўзбекистон Давлат нашриётида муҳаррир ва бўлим бошлиғи бўлиб ишлайди. Унинг биринчи шеърий тўплами 1927 йилда «Ерк товуши» номи билан нашр этилади. 1928 йилда «Яшаш тароналари» шеърий тўплами», «Қутилиш» номли ҳикоялар тўплами чоп этилади. Шеърий тўпламга кирган «Шеърим», «Шоир», «Танбурчи қизга», «Менинг туйғуларим» каби шеърларида шоирнинг дунёқараши гавдаланади, шунингдек, унинг «Темп» (1932), «Олов танлар» (1938), «Севги» (1939), «Олтин ёшлик» (1940) каби шеърий тўпламлари ҳамда «Онамга хат» (1933), «Жинаста» (1935) каби поемалари яратилди.

Ғайратий Улуғ Ватан уруши ва урушдан кейинги йилларда ҳам баракали ижод қилди. У Фурқат ва Ҳамза каби устозлари («Шоирнинг ўлими», 1957) ҳақида поемалар яратди. «Тепалик мозор» (1956), «Ҳилола», «Сабаби тириклик» (1958), «Махсум қочди» (1960) каби ҳажвий ҳикоялар ҳам яратди. «Довдираш» номли ҳажвий ҳикоялар тўплами нашр эттирди. «Танланган асарлар»и (1958, 1972) чоп этилди.

1972 йилда Ғайратийга Ўзбекистон халқ шоири унвони берилди. У 1979 йил 22 январда вафот этди. Бироқ, унинг ижоди ҳозирги давр тақозосига кўра танқидий ўрганишни талаб этади. Сабаб, олдинги замоннинг кўп ҳолларда у маддоҳи ҳам бўлиб қолганлиги ҳеч кимга сир эмас.