Тор, қийшиқ кўчанинг ўксик оқшомини Турсунқул аканинг чурук даивозаси тепасига ўтқизилган бир фанорнинг титрак нурларигина ёритар эди. Уни ҳар кун кечқурун паст бўйли, бурушиқ юзли бир чол келиб, ёқиб кетар эди. Биз уни «Фанорчи ота», дер эдик. У жуда юввош, индамас кишийди, кичкина нарвончасини чаққон қўйиб, аллақандай усталик билан чиқар, қўлтиғидан кир рўмолчасини олиб, авайлаб фанор ойналарини артарди. Фанорни ёққач, ерга тушиб, обкашдек букилган елкасига нарвончасини қўйиб бирпасда кўздан йўқолар эди.
Фанор қурилган вақтларда бутун маҳалла қувониб, унга аллақандай меҳр ила қараган бўлсалар-да, вақат бу меҳр узоққа чўзилмаганди. Кейинча ҳар ким унга парвосиз бўла бошлади.
Айниқса, маҳалла болалари ила фанор орасида англашилмас душманлик уйғонди. Тўпланишиб, аввало бир-биримизнинг дўппимизни отишар, фанорга дўппи кийгизган ўртоқ мерганлиги ила керилар эди. Кейинча бу ҳам бизни зериктира бошлади. чунки пистон қадалган ёки ҳар турли ипаклар билан безалган дўппини кийиб олиб, фанор чиройли бир тус олар, бизни хафа қилгандек бўлар эди. Шунинг учун қўлимизга тош, кесак олиб, фанорга ҳужум қилишни ўргандик. Бунда у жуда кучсиз эди: кичкина бир кесак ёки тош парчаси бечора фанорнинг ойна кўзларини ўпириб туширарди. Кейин-кейин Фанорчи ота ҳафтада уч-тўрт марта унга «янги кўзойнак» тақиб кетишга мажбур бўларди. У кетди, дарров биз янги «кўз»ини ўйиб олардик. Шундай бўлса-да, Фанорчи ота «Лом» деб оғиз очмасди. Унинг бу қилиғи бизга сира ёқмас, тутиб олиш учун пойласа, ҳатто биронтамизни тутиб урса экан, дер эдик. Аммо шу тилаклардан биттаси ҳам юзага чиқмасди.
Бир кун, намозшом вақти, кўчада болалар кўп эди. Ичимизда энг кўп қўрқмайдиган, энг баттол Қосим чўлоқ:
«Болалар!» — деди. Чангга ботган юзларимиз янги бир нарса кутиб, унинг кўзларига тикилдик.
— Фанорчи ота келадиган вақт яқин. Синдирамиз. Нима қилар экан? — деди-да, қўлга илинадиган бир нарса қидира бош лади.
Қўлларимиздан ғизиллаб учган тош-кесаклар фанорнинг ҳамма кўзларини тешиб ўтган эди. Узоқдан Фанорчи отанинг букилган кичкина қомати яқинлаша бошлади. Нарвонча елкадан тушиб, таъзим ила деворга суянди. Фанорчи ота унинг устига чиқди-да, «чирт» этиб, гугуртни ёқди: фанор тўрт тарафдан қулаган уй каби ажава тусда, яна бир томонга қийшайиб турар эди. Биз ҳаммамиз керилиб турар эдик. Баъзилар «пиқ-пиқ» кулишди. Чол касал одамга ўхшаб, секин-секин пастга тушди. ўсиқ қошлари тагида қисилиб ётган кўзлари ила ҳаммамизга ялингансимон қаради-да, майин бир товуш билан:
— Тентак болаларим, бу қандай гап? Фанорга тегмасанглар, бир нарса бўладими? У юқорида, сизлар пастда
ўйнай беринглар-да.
Болалар жим бўлган эди.
— Сизлар ҳали ёш, кўзларингиз ўткир. Қоронғи ҳам, ёруғ ҳам баравар. Хуфтон бўлмасдан оналарингизнинг
қучоғида пиш-пиш ухлаб қоласиз ҳаммангиз. Бизга ўхшаш қари-қартанглар учун чироғ жудаям керак, — деди.
Болаларнинг кўзи чолда эди.
— Тунов куни кечаси қаттиқ ёмғир ёғиб турган эди. Бу ёққа келсам, кўча қоп-қоронғу. Фанорнинг тешик ойнаси дан шамол кириб ўчириб қўйган. Ана у ариқнинг бўйига бор ганимда бир нима сувни шапиллатарди. Ёпирай, нима экан, деб фанорчамни ариққа тутсам, мендан ҳам қари бир киши ариқ дан чиқолмай ётган экан. Дарров қўлидан тортдим, бир амаллаб четга чиқардим, ҳамма ёғи лой, жиқ-жиқ сув.
Болалардан бири:
— Вой, бояқиш, соқолиям, юзиям лойми?
— Ҳамма ёғи лой бўлган... Кейин етаклаб уйига элтиб қўйдим, — деди чол.
Менинг кўзимга Фанорчи отанинг дегани шундай кўриниб келганди, Қосим чўлоқ:
— Ёлғон-ёлғон! — деб бақирди. Болалар бирдан:
— Рост! — деб жавоб қайтаришди.
— Ким энди синдирса, шуни тутиб берамиз отамга, — деди Аҳмад.
Фанорчи ота:
— Ҳа, баракалла, энди синдирмайсизларми? — деди.
— ЙЎқ-йўқ, — жавоб бердик биз шу замон. Кичкина нарвонини яна елкасига илиб, чол қоронғиликка
кириб йўқолди.
Шундан бери, ҳақиқатан, фанорга ҳеч шикаст тегмади. Ҳозир шу фанорнинг ўрнида сим тўр билан ўралган тухумдан каттароқ электр лампочкаси ёниб туради. Унинг учун на ёқувчи, на гугурт, на мой керак. Ҳеч бир бола тегажаклик қилиб тош ҳам отмайди. Унинг ёруғида юрганда ёшлигимнинг бир парчасини ва Фанорчи отанигина хотирлайман.