Озод инсон ҳақида қўшиқ ёхуд Мирзакалон Исмоилийнинг сўнгги нафаси (ҳужжатли қисса)
Атоқли адиб Мирзакалон Исмоилий
таваллудининг 100 йиллигига бағишланади
Мазкур китобни нашр этишда моддий ва ижодий ҳамкорлик қилган
“Эрудит” ижодий жамоаси раҳбариятига, хусусан, “Бекажон”
газетаси таҳририяти ходимларига миннатдорлик билдираман. (Муаллиф)
Тақризчилар: шоир Турсунбой Адашбоев, филология фанлари номзоди Зуҳриддин Исомиддинов. Муҳаррир Эркин Малик
ХХ асрдаги машҳур асарлардан бири “Фарғона тонг отгунча” романи қамоқхонада ёзилган эди. Ёзувчи китобхонга ёзган мактубида: “мен бу китобни ёза туриб қанчалар йиғлаганман, қанчалар қон ютганман!.. Билсангиз, пешанамда темир панжара, тепамда ўлимтик чироғнинг ўлиб бўлган қора нури, остимда зах, совуқ бетон, эшигида отнинг калласидек қулф!.. Қўйинг, бошқа тафсилларнинг қораси ўчсин! Бу шунчаки бир китоб эмас, йўқ, шахсга сажда даврининг қора кунларида минг азоб, минг тўлғоқ билан туғилган бир ғариб хилқат. Ҳа, хилқат!.. Бу менинг йиғлай-йиғлай топган болам!” деб таъриф берган эди. Китобхонларнинг адиб ҳаётига бўлган қизиқишлари инобатга олиниб, мазкур ҳужжатли қисса ёзилди ва талабчан ўқувчилар ҳукмига ҳавола этиляпти.
“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Роббана тоқаббал минна иннака анта-с-самиуъл
алийм ва туб аълайна иннака анта-т-таввабур роҳийм.”
Боқчаларда гуллар сўлди, сезмадим,
Ўстирганлар етим бўлди, сезмадим.
Кўнгилларга қора тўлди, сезмадим,
Сездим сенинг кетганингни,
кўнгилдан...
Абдулҳамид Чўлпон.
Қўнма, булбул, қўнма, булбул,
Мозор тошига.
Налар келди, налар келди
Юртим бошига!..
Халқ қўшиғи.
Юрагимда хўрлиқларнинг алами,
Сўрсам, дерлар: “Ёзмиш Қудрат қалами”.
Нечун қалам бахтимни қаро ёзди?
Не қилдим, йўлимни ғамаро ёзди?!
Толеимдин кимга йиғлай, дод этай?
Дунё келиб, нени кўрдим, ёд этай!
Мирзакалон Исмоилий.
Муаллифдан:
Оламларнинг роббиси Аллоҳга ҳамдлар ва шукурлар, оламларга раҳмат этиб юборилган зотга саловат ва саломлар бўлсин.
Муҳтарам адабиёт муҳибларига кичик бир хизмат қилиш ниятида Тангри таолодан мадад сўраган ҳолда яна қўлга қалам олиб, оқ қоғоз устига дастлабки сатрларни битмоқдаман. Кишининг қадри ҳаётлик чоғидагига нисбатан вафотидан сўнг аниқроқ билинишини донолар айтиб ўтганлар.
Вақт – ҳакамдир. Йиллар бир тарозудир гўё. Қилинган амаллар ўлчанур. Агар инсон тарозу палласида арзирли амаллар қолдирган бўлса, унинг номи фоний дунёда яшайверади. Бундай инсонларнинг номини эслаб юриш ёки ўчириб ташлашга банда қодир эмасдир. Бу Илоҳнинг марҳаматига, хоҳиш-истагига хосдир. Бу марҳаматга эришмоқ учун эса иймон йўлидан борилади. Гувоҳ бўлайликким, бу марҳаматга, лутфу карамга ҳамма ҳам эриша олмайди.
Мирзакалон Исмоилий виждонларига хиёнат қилмаган инсонлардан бири эдилар, валлоҳи аълам! Шу боисданми, халқ бу адибга кўнгил қўйди. Вафотларига салкам ўн беш йил тўлса-да, у зотнинг мўътабар номлари ҳануз қалб ардоғида. Мирзакалон Исмоилий менга меҳрибон тоға, талабчан устоз эдилар. У зот устозлик ҳаққини адо этиб кетдилар, Аллоҳ рози бўлсин! Энди менга шогирдлик ва жиянлик бурчини адо этиш фурсати келди. Яратганнинг мадади, Сиз – азизларнинг дуоларингизга суянган ҳолда бу бурчни адо қилмоққа журъат этяпман.
Сизларнинг эътиборингизга ҳавола этилаётган асар тўқилган, ҳавойи гаплар эмас. Унинг асоси, пойдевори – Мирзакалон Исмоилийнинг қамоқхонада терговчи учун махсус ёзган, гўё тавба услубидаги “Виждон тавбаси” деган баённомаларидир. Бу номани “Виждон тавбаси” эмас, аслида “Виждон азоби” демак дуруст бўлур эди. Унда ёзувчи “халқ душманининг фарзандлари” деб номланмиш лаънат тамғаси билан болаларимга зарар етказишмаса эди”, деган ҳавотирда кўкракларини виждон азоби ўқига тутган, ўзларини ўзлари чиндан ҳам “миллатчи” ва “халқ душмани” эканликларини исботламоққа тиришган эдилар.
Яна бир-икки изоҳ шуки, асарда Мирзакалон Исмоилийнинг турли китобларида баён этилган айрим жумлалардан ҳам фойдаландик. Адиб мураккаб ҳаётлари давомида кўп адолатсизликларни кўрдилар, дўстларнинг хиёнатларига ҳам гувоҳ бўлдилар. Хиёнаткорларнинг айримларини “Виждон тавбаси”да тилга олганлар. Хиёнаткорларнинг авлодлари мазкур асаримизни ўқигудай бўлсалар иснодга қолмасликлари учун уларнинг номларини ўзгартириб баён қилдик. Энг муҳими, дўстлар хиёнат қилган бўлсалар-да, тоғам қамоқдан чиққанларидан сўнг уларни кечириб, биродарликларини давом эттирган эдилар.
Ёзганларимизни охирги сатрига қадар тоқат билан ўқий олсангиз, бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўларсиз. Улуғ адибнинг ҳаётига бефарқ эмаслигингиз учун Сиз – азизу меҳрибонлардан беҳад миннатдорман.
Тарих 1998 йилнинг Наврўз арафаси, Зулқаъданинг Ой тўлишган кечаси хайрли ният ила бошладим.
Аллоҳ оқибатни хайрли қилғай, омийн!
Тошкент, Дархондаги уч хонали уй.
1986 йил, 4 феврал, сешанба, соат 15.15.
Қиш ўзининг аввалги ҳовуридан бирмунча тушиб, баҳор сиқиғи билан чекина бошлаган бўлса ҳам, ҳануз ўз йўлларида алам заҳрини сочиб боради. Унинг аччиқ изғиринлари илиқ баҳор елларига баъзан ҳамла қилади, тамом қўзғалиб, кучга кира бошлаган дилкаш ҳаётни бўғмоқчи бўлади. Лекин борлиқни уйғотган баҳор ўз ўжарлигини қўймайди.
Баҳор ўжар.
Баҳор нафасида ҳуруж қилаётган хасталик ўжар.
Бемор унданда ўжар...
Табиатан серғайрат бўлган, паст бўйли, жиккакдан келган бу одамнинг хасталик олдида бўш келишини яқинларидан ҳеч бир киши кутмаган эди. Гарчи ёши саксонни қоралаётган бўлса-да, шахдам ва тетик юриши гўё унинг камида юз йил умр кўришидан дарак берарди.
Бир ой аввал шифохонадагилар “узоғи билан икки кунлик умри қолди, истасангиз олиб кетинглар”, дейишган эди. Унда келган-кетганни танирди, уч кундан бери эса ҳушсиз. Эти суягига ёпишиб, худди ёш болага ўхшаб қолган.
Атрофдагилар уни ҳушсиз деб ўйлашади, секин-секин гаплашишади. У эса ҳамма нарсани эшитиб, англаб ётибди. Фақат бош оғриғи хуруж қилганда гапларга қулоқ солгиси келмай қолади. Меҳрибонларининг бир-бир кириб юзларини силашлари, айниқса пешонасини уқалашлари хуш ёқади, оғриқлари сал аригандай бўлади. Пешонасига узоқ вақт қўйилиб турувчи кафтни бошқаларидан ажрата олади. Бу кафтнинг тафти мияни кемираётган оғриқни боса олади.
-Дадажон, бугун биз билан бирга уйга кетасизми?
Қулоғига жаранглаб урилган бу гапдан сесканиб кетди.
Қаердан келди бу овоз? Уни ким чорлаяпти?
Унинг безовталанганини атрофдагилар сезишди, лекин оғриқнинг таъсири деб ўйлаб, юзларини силашди. У эса аланглаб, овоз эгасини қидирди. Бемор ўзича атрофга жавдираб қараётгандай бўларди. Аслида эса қорачиқлардан нур қочган, керилган бурун катакларидан эса нотекис нафас чиқарди.
-Дадажон, уйга кетмаймизми?
Яна жавдиради ва... кўрди: рўпарасида енгли оқ кўйлак кийиб олган Ойзуҳраси жилмайиб турибди. Урушдан қайтганида шу кўйлагида, шундай кулгу билан кутиб олган эди дилбанди. Бирам ширин куларди... бирам ширин куларди бу жон қизи! Лекин у ҳозир қаердан келди? Ахир у вафот этган эди-ку? Қамоқдан қайтганида Ойзуҳрасининг ўлимини эшитиб “Бу кўргуликни кўргунимча қамоқда ўлиб кетганим минг марта яхши эди”, деган эди-ку? Сўнг Минор қабристонига борган, фарёд уриб, кўкрагини зах ерга бериб ётиб олган эди-ку? Тўрт йиллик уруш ваҳшатларига чидаган, қамоқ адолатсизликлари буколмаган қаддини шу айрилиқ букиб қўйган эди-ку? Қамоққа олишларидан олдин, 1950 йилнинг ёз чилласида бу қабристонга отаси Исмоилхўжани қўйган эди. Ойзуҳрасини бобоси ёнига қўйибдилар...
-Дадажон, кетайлик...
Қизиқ... рўпарасидаги оқ кўйлакли Ойзуҳра гапираётгани йўқ, фақат жилмайиб турибди. Овоз ҳам уники эмас. Уч ёшли қизалоқники... Ҳа... Ойзуҳра эмас, Маликахони чақиряпти.
... Аяси билан қамоқхонага борган эди ўшанда.
Тан азоблари билан муддаосига ета олмаган терговчи руҳ азобига ўтганди. Ўзича марҳамат қилиб, яқинлари билан учрашувга рухсат берганди. У кун аниқ эсида: эллик иккинчи йилнинг ўн олтинчи август куни эди. Бир неча дақиқалик дийдор кўришуви бир нафасда ўтгандек бўлди. Айниқса қизчаси отасининг дийдорига тўймади. Маликахон дадаси билан кўришувга келганда у билан бирга қайтишни умид қилганди. Унинг жажжи юраги шу бахтга эришишни истарди. Соқчи айрилиқ они етиб келганини билдиргач, қизча:
-Дадажон, бугун биз билан бирга уйга кетасизми?-деб сўради.
Қўланса ҳидли ва зах қамоқ хонасига қайтиш учун ўрнидан турган маҳбус бу саволни эшити-ю қадам босишга ҳоли қолмади. Жавоб қайтаришга қурби етмади.
Юрак-юрагини жизиллатган бу жонажон овозни – қушчаси сайрашини эшитгани ҳамон ялт этиб қизчасининг ақлли кўзларига тикилди; тикилди-ю уч ёшга тўлган кунида ўз қувончини отаси билан баҳам кўрмоққа келган маъсума кўзларида ҳасрат соясини кўрди. Юраги шув этиб кетди. Қизча онасидан отаси қўлига ўтмоқ, унинг қўлларида уйга кетмоқни истарди. Дилбандидан кўзларини узолмаётган ота, унга узоқ қараб турди. Ниҳоят, ота меҳри ва ардоғини кўрмаган гўдакнинг она қўлларида толпиниб айтган сўзларига:
-Сал кейинроқ бораман, жон қизим,-деб жавоб берди.
Шу он қизгинасининг ингичка қошлари бирдан чимирилди, умид тўла чарос кўзларига ғам тўлди, хайр адосила силкиб турган қўлчасини тортиб олди.
Қизгинаси кетди! Аммо хафа бўлиб кетди. Ким хафа қилди ҳали кетмон қанот бўлмаган бу қушчани? Ким уни ота меҳри ва ардоғидан маҳрум қилди? Унинг ўзи сингари кичкина дугоналари оталарининг бўйинларига осилиб, ота қучоғи ва қўлларида яйраб-яшнар экан, унинг жўжасини ким бу бахтдан жудо қилди? Ахир ким унинг ширин ҳаётини заҳар қилди?
Бу саволларга аниқ жавоблар мавжуд, аммо тил изҳор этмоққа ожиз, “Ҳайҳот, мен, унинг ўз отаси, менинг ўзим!” деб сассиз наъра тортмоқдан ўзга чораси йўқ эди.
Нажот борми эди ўшанда? Бор эди. Нажот йўлининг номи хиёнат эди. Бу йўлни эслаши ҳамон тириклик билан хайрлашиш арафасида турган заиф вужудига титроқ кирди. Атрофидагилар буни жудоликдан нишона деб билиб, кўзларига ёш олдилар.
Қамоқхона. 1952 йил, 16 август.
Уни қаттиқ ўйлатган, ҳаяжонга солган ўша куни ҳарким ўзига ярашган йўл билан кетди: болалари уйига, у эса турмага! Аммо Маликахони истеҳзо ва киноя билан берилгандек туюлган ўша ништарли саволи билан кўз ўнгидан сира кетмади.
“Қоронғи зулмат ва қўланса ҳидлар ичида шунчалар қолиб кетганинг етар! Бас!!”
Бу овоз қамоқхонанинг тош деворларини жаранглатиб юборди. Бу иблис даъвати ҳибсга олинган кунидан бери уни таъқиб этади. Терговчи истаган йўлга тушиб юришини истайди. Терговчининг истаги – миллатчи эканини тан олиш, миллатчи тўдаларни фош этиш. Миллатчи эканини тан олиши мураккаб масала эмас. “Ҳамонки, миллатчи экансан, демак, атрофингдаги маслакдошларинг ким, айт уларни”, деб талаб қиладилар. Сўнг ҳуфялари томонидан тақдим этилган номларни санайдилар: Фалончи, Писмадончи... уларни туҳмат чодирига ўраб бериши керак...
Лекин калтаклар зарбидан мўматалоқ бўлиб кетган бу танада ҳали ўлмаган виждон садоси ҳам мавжуд эди:
“Қилмаган жиноятларингга иқрор бўлсанг, дўстларинг бошига туҳмат жандасини илсанг ўзингга ҳам, болаларингга ҳам жабр қиласан, хонавайрон бўласан, то қиёматга қадар исноддан қутула олмайди авлодинг!”
Иродаси қанчалар мустаҳкам бўлмасин, вужуди нақадар азобларга бардошли бўлмасин барибир ҳақиқатни айтишга журъат қила олмас эди. Бу қўрқоқликдан эмасди, ҳақиқатни айтган тақдирда ҳам муддаога ета олмаслигига аминликда эди.
Унинг қаршисида икки йўл мавжуд, шу икки йўлдан бирини танлашга мажбур: ё бор бўлиб, шарафларга эришиши ё йўқ бўлиб, лаънатларга кўмилиши керак! Ёрқин эрта сари интилиб, бор бўлиб қолсинми ё қора кеча сари юз ўгириб, йўқ бўлиб кетсинми?
Ажабо, қайси бири шарафли?
Кундуз билан кечани, оқ билан қорани фарқлаганига кўп йиллар бўлган. Урушдан аввал қамалганидаёқ кўзи очилганди. Ҳақиқатни бўғиб турган газанда рўпарасида ожиз эканига ҳам ақли етганди ўшанди. Қамалмасидан илгари, газандага тиғ санчмоқ қасдида қўлига найза олган дамларда миллатни эзаётганларни шафқатсиз янчиб, эзиб ташлашни, қоронғи зулмат ва қўланса ҳидлар салтанатидан ташқарига отилиб чиқишни, мунаввар замонга етишни орзу қилган эди.
Орзу ўша йиллар бўғилган бўлса-да, виждон кемирилишлардан, емирилишлардан қутилишни, соф ҳавони ҳанузга қадар истайди. У ўзини ҳамиша булғаб ётган кирлардан, бўғиб ётган оғир юклардан нажот истайди. Яшаш қобилиятини йўқотмаган, ўлмаган виждоннинг ҳаққоний овозини тинглашни талаб қилади кўнгли. Дам бадам уйғониб, хиёнатга даъват этувчи кучни энг майда, кўзга кўринмас томирларигача бағридан юлиб олиб, ўз қўллари билан бўғиб, янчиб ташлашни, тишлари билан ғажиб ўтга ташлашни хоҳлайди.
Нимқоронғу даҳлиздан терговга бориб-келаверганидан ўттиз икки қадам босгач, ертўла томон бурилишини, сўнг ўн сакиз зинани босиб пастга тушишини билади. Терговчининг зуғумларидан хаёлини чалғитиш учун қадамни ҳам, зинани ҳам санайверарди. Бўлмаса бунинг унга нима зарурати бор экан? Ҳозир эса санамади... даҳлиз ғоятда узун туюлди. Ертўлага эмас, лаҳадга тушаётгандай вужуди музлади. Сўнг... қамоқхонанинг темир эшиги аввалига юракни эзадиган даражада ғижирлади, остона ҳатлаб ичкарига ўтгач, шиддан билан шарақлаб ёпилди. Унинг назарида темир эшик шарақламади, балки моғор ҳиди анқиб турган бу зах бино тарс иккига ёрилиб, ажралиб, кейин шу заҳотиёқ уни ютиб юборгандай бўлди. Узунасига уч қадам, эни икки қадам келадиган нимқоронғу хонада ёлғиз қолгач, совқотаётгандай баданида титроқ турди. Аслида бу совуқ таъсиридаги тан титроғи эмас, балки руҳ титроғи эди.
У ичкарига икки қадам ташлаганича қотиб тураверди. Кўз олдини қора парда қоплаган, назарида оёқларидан жон буткул чиқиб кетгандай эди. У ўзи билмаган ҳолда чўка бошлади. Аввалига чўнқайди, сўнг чўккалади. Тиззалари музлагандай бўлди. Титроқ кучайди. Кейин...
Қоронғи хона бирдан ёришиб кетди. Шундай ёришдики, ҳатто кўзларига ҳеч нима кўринмай қолди. Назарида, қамоқхона томини икки ёнга суриб кўринган қуёшга қараб кўзи қамашгандай эди. Ажаб, неча ойлардан бери қуёш нурини кўрмай, соғинган эди, энди эса қарай олмаяпти... Йўқ, бу қуёшнинг жонбаҳш нурлари эмас экан. Дам ўтмай хона қизара бошлади. Бирпасда қондек тўқ қизил тусга кирди-ю чайқала кетди. Қамоқхона бино эмас, балки улкан қон денгизида қалқиб турган кема эди унинг хаёлида. Мавжлар бора-бора пўртанага айланди. Тиз чўкканича қалтираётган бу одам ўроқ солинган буғдой поясидай шилт этиб ёнга қулади. Чаккаси бетонга тегиб, кўз олдини қоплаб турган қип-қизил қон денгизи энди қоп-қора зимистон чоҳга айланди. У зимистон чоҳга гўё учиб тушди. Қалтироқлари ҳам қолгандай, бадандаги зирқироқ оғриқ ҳам кўтарилгандай эди. У ўзини гўё енгил ҳис қилар, қушдай учарди.
Белига энли камар боғлаган назоратчи унинг жимиб қолганидан ҳавотирланиб, эшик туйнукчасини очиб қаради.
-Ие, Исмоилийнинг пачағи чиқибди-ку? Қизиқ, бугун тепки емади шекилли? –деди у шеригига ўгирилиб қараб.
Рангпар шериги ҳам қаради-да:
-Ўлмайди, ётаверсин. Ёзувчи зотининг жони қаттиқ бўлади. Урушдан олдин бунақаларни кўп кўрганман. Беш-олтитасини отишга ўзим олиб борганман. Чўлпон деганлари бўларди, ўз қўлларим билан учта ўқни кўкрагига қадаб қўйсам ҳам ўлмайди-я, баччағар! Командирим “мўлжаллаб отолмагансан”, деб сўкиб қолди. Тўртинчи ўқни пешонасига қададим. Ўлмас экан-а! Кўзларини юмишга ҳам улгурмай қолди. Кўзи очиқлигича устига тупроқ тортвордик.
-Чўлпон дедингизми? Бунақалар исмни ҳам топиб қўяди-я? Буники Мирзакалонми?
-Ҳа, мирзаларнинг каттакони дегани. Ўзи кичкинагина бўлса ҳам даъвоси каттагинага ўхшайди.
-Отаси шунақа исм қўйганмикин ё ўзи ўйлаб топганмикин?
-Сен билан менга бунинг нима фарқи бор. Бошингни оғритма. Биз буйруқ бажарадиган одаммиз. “Ҳайда!” десалар ҳайдаймиз, “ўлдир!” десалар жонини суғуриб кафтига тутқазиб қўямиз.
Шундай деганларича нари кетдилар. Қадам товушлари акс-садо таратиб узоқлашди. Назоратчилар эшик тагида гаплашишган бўлса-да, уларнинг гаплари узоқ-узоқлардан келгандай туюлди. “Ўлдир!” деб буйруқ берилса бажонидил бажарувчи назоратчининг овози унга яхши таниш. Эҳтимол, юзларча овозлар ичидан ҳам ажратиб олар. Қайси бир куни шу назоратчи эшик даричасини қиялаб очиб: “Исмоилий, зап меҳрибон синглинг бор экан-да, қўй гўшти, қўй ёғидан сенга плов дамлаб келибди. Ҳиди нафсимизни қитиқлаб, ўзимиз паққос тушира қолдик. Бизни очкўз, деб орқамиздан сўкиб юрма. Сенга раҳмимиз келганидан шундай қилдик. Бу қамоқда пловга тўйган одам жонидан тўйган ҳисобланади, кўп яшамайди, уйингга хат-пат чиқарсанг, синглингга раҳмат айтиб қўй”, деган эди. Ўшанда маъсума синглисини кўз олдига келтириб, “Санобар, Сановбарим...” деганича йиғлаб юборганди. Етимлик хорлигидан қочиб, Тошкентга келганидан бери кичкинагина, нозиккина жуссасига тушган не-не турмуш азоблари юкини ортган сингилисини кўргиси келганди. “Палов пишириб келибди... Тунлари билан дўппи тикиб орттирганига ҳаражат қилиб, беш боласининг ризқини қийиб, менга илиндими?” деб кўнгли ўксиганди.
Қадам товушлари узоқлашиб тинди. Энди жим-житлик даҳшати уни ўз чодирига ўраб, даҳшатга солди. Урушда эканида, айниқса тонг чоғи чор-атрофни сукут қопларди. Ҳатто қушлар чуғури ҳам эшитилмасди. Бу сукунат ҳадемай жанг бошланажаги, ариқларда инсон қони оқажагининг даракчиси эди. У қанча ётганини билмайди. Жим-житликнинг нақадар даҳшат экани унга маълум бўлса-да, бу сафар қўрқди. Бир вақт синглисининг овозини эшитди:
-Ака, тура қолинг, шамоллаб қоласиз. Бугун Маликахоннинг туғилган куни-ку? Ҳаммамиз тўпланиб, сизни кутяпмиз. Кенжамга опалари янги шеър ёдлатишибди. “Тоғамга ўқиб бераман”, деб анчадан бери интиқ кутяпти...
У сесканиб, бошини кўтарди. Қулоқ тутди – синглиси бошқа гапирмади. У телба одам сингари атрофга аланглади: тўғрида темир каравот қорайиб турибди. Тепада хира чироқ. Бир томонда темир панжарали дарча. Бу хонага дастлаб кирганида шу дарча унга умид дарвозаси каби туюлган эди. Лекин қуёшга тескари бўлгани учун бу дарчадан офтоб нури тушмади, умиди эса сўнди.
У қаддини ростлади-да, музлаб қолаётган ўнг қўлини, ўнг биқинини силади. Мажолсиз оёқларини бир-бир судраб босиб каравотга бориб ўтирди. Бу қамоқхона ашёлари рўйхатида “кўрпа” деб шарафланган бир увадани олиб ўранди. Баданига сал иссиқлик югурди. Совуқ чекингач, энди очлик ҳуруж қилди.
Дарчадан тушиб турган заиф ёруғлик сўниб, шаҳарнинг шом қоронғулигига чўмганидан огоҳ этди. Тирикчилик ташвишларидан тинган шаҳар аҳли ором истагида, кўп эмас, озгинагина бахт илинжида уй-уйларида ўтирибди. Бировининг дастурхони атрофидаги қаторда хато йўқ, бироқ, бу тун кимнидир қамоққа олиб кетишлари мумкинлиги ҳавотири кезиб юради. Аллақанча хонадонлар қамоқхоналардаги яқинлари ташвишида ҳавотирли нафас оладилар.
Унинг хонадони ҳам шундай...
Салкам икки йилдан бери аҳвол шу...
Фарзандларини соғинади, ҳатто Дархондаги боғида мевалари ғарқ пишган дарахтларни ҳам соғинади. Дарахтларнинг аксарини дадаси эккан эди. Дарахтларнинг баргларига қараса, ҳар бирида дадасининг чеҳраси кўрингандай бўлаверади. Урушда эканида ҳам шундай эди. Лекин ундаги соғинч туйғуси ўзгача эди. Ундан душман ўқидан омон қолиб, уйига эсон-омон қайтишига умид бор эди. Урушдан тирик қайтиб, уйида бир соатгина бўлса-да, тинч яшашни орзу қиларди. Бунда эса...
Неча йилдир зор-афғон бирла ўтмоқда туним,
Етмайин комимга асло тун қора бўлди куним.
Минг жафо бирлан эзиб қалбимни, тўкдилар хуним,
Не қора даврон экан бу, тингламас ҳеч ким уним!
Хору зорлик топдиму, хўрлик адосин топмадим...
Кечагина хаёлида туғилиб, хотирасига муҳрланган, қоғозга тушишини яна йиллаб кутадиган бу сатрлар лабларидан беиҳтиёр учди. Ҳибсга олингунга қадар бир роман ёзишни бошлаш орзусида эди. Ўзини қамоққа олдилару ниятини занжирбанд этолмадилар. Қўлида қоғоз-қалам бўлмагани учун роман сатрлари хотирасига ёзиларди...
Кечки таомни беришмади. Бермаганлари ҳам маъқул бўлди. Алҳол, бир тишлам таом томоғидан ўтмайди. Таҳмини бўйича тун яримлаганда сўроққа чақирилди. Терговчи хонасига кириши билан девордаги осма соатга қаради: адашмабди – тун ярмидан оғибди.
-Қизингни кўрдингми, жуда ширин экан, Германияда туғилганми?-деди қошу кипригигача малла терговчи.
Қизчанинг Тошкентда туғилганини у яхши биларди. Гапни Германия томон буриши эса бежиз эмас, шу баҳонада бир қармоқ ташлаб, шу пайтга қадар номаълум бўлган қандайдир маълумотни илинтиришга умидвор эди. Неча ойлар давомида унинг бу қилиғига тушуниб қолган маҳбус найрангни англамагандай соддалик билан:
-Тошкентда туғилган,-деб қўйди.
-Ҳа-я, мен адаштирибман. Германиядаги қизинг эсэсчининг ташлаб кетган хотинидан туғилганмиди? Исми нима эди? Эрикамиди ё Моникамиди?
-Германияда хотиним йўқ эди. Ғалабадан кейин Берлинга оиламни олиб бориб яшаганман.
-Буни биламан. Лекин... ҳа, майли, кўнгил дегани ёмон-да! Ўшанда Берлинда Марийка деган офатижон қўшиқчи бўларди. Қизингнинг исмини ўшанинг шарафига қўйганмисан? Газандаларнинг санъатига шунчалик ишқибозмидинг?
-Қизимнинг исми Марийка эмас, Маликахон. Берлин қаердалигини билмайдиганлар ҳам қизларига шунақа чиройли исм қўядилар.
-Менга ақл ўргатяпсанми? Подшонинг хотинини “малика” дейишганини билмайдиган аҳмоққа ўхшайманми? Сен эса... подшолик замонини қўмсаётганингни тан олиб қўя қол.
Янги айб сиртмоғи тасодифан ясалдими ё олдиндан тайёрлаб қўйилганмиди, англай олмади. Бу каби қалтис саволларга жавоб бермаслик ризолик аломати сифатида ҳужжатларда қайд этилишини билгани учун ҳам жим туролмади:
-Менда ҳеч қачон бундай фикр бўлмаган.
-Фикр бўлмаслиги мумкин, лекин истак ва хоҳиш мавжудлиги аниқ. Қўқон мухторияти учун жон беришга тайёр Абдулҳамид Чўлпон устозинг эмасмиди? Наҳот, ғояларини сен билан баҳам кўрмаган бўлса?
-Биз бу ҳақда гаплашмаганмиз. Гаплашганимизда ҳам мен хонликни тиклашга қарши фикр айтган бўлардим. Етимлик жабрини тотган одам подшолик нонини қўмсай олмайди ҳеч қачон.
-Етимхонада ўсганинг сени бу ишда маълум балолардан сақлаб қолиши мумкин. Сен айёрсан, Исмоилий, буни яхши биласан, ҳар сафар менга рўпара бўлганингда буни таъкидлайсан. Тўғри, сенга “бойнинг боласи”, деган айбни қўя олмаймиз. Лекин... амакингнинг Украинага қулоқ қилинганини ҳам эътибордан соқит қилмаймиз. Сенинг етимхонада тарбия топганинг тарозунинг бир палласига, бу далил эса иккинчи палласига қўйилса, қай томони босиб кетади, билмайсанми? Етимхонада ўсган бўлсанг, етимликнинг аччиқ қисмати сенга маълум бўлса, нима учун фарзандларингни бу балога ўзинг рўпара қиляпсан? Эртами-индинми хотининг ҳам қамалса, болаларинг қаерда сарғайишади?
Қисматида шундай азоб бўлиши мумкинлигини кўнгли сезаётганди. Аммо хотинининг сиёсат у ёқда турсин, адабий жараён ишларига ҳам фарқсизлиги, ҳеч бир ишларга, йиғинларга аралашмаслиги унинг кўнглини ҳотиржам қилиб турарди. Терговчининг ҳозирги гапи қалбини тилиб-тилиб ташлагандай бўлди. Айбсиз ва муштипар бир аёлни туҳмат занжирига ўраб ташлаш булар учун ғоят осон иш эканини билмаганида бу таҳдидга аҳамият бермаса бўларди. “Хотинингни қамашимиз мумкин”, дедими, демак, қайтмайди бу разилликдан. Аҳдида туриб Зуҳраҳонини қамаган тақдирда болалари кўчада қолмайди, етимхонада ҳам сарғаймайди. Санобари ўзининг беш боласи қаторига олти жиянини қўшиб, ўзи емаса ҳам едиради уларга, киймаса ҳам кийдиради. Бу жиҳатдан унинг кўнгли тўқ. Аммо буни тилга кўчира олмайди. Агар синглисидан умидвор эканини бу малла терговчи сезиб қолса муштипар Санобарнинг пайига ҳам тушиши ҳеч гап эмас.
Унинг ўйланиб қолганини кўрган терговчи буни яхшиликка йўйиб, энди юмшоқроқ оҳангга кўчди:
-Исмоилий, сен бошқаларга ўхшаган жоҳил эмассан. Толстойни таржима қилган одамсан. Толстойни билган одамнинг дунёқараши бой бўлади. Сен ўзингни қийнама. Мен сезиб турибман, ҳақиқатларни англагинг келяпти-ку, лекин юрагингда кулча бўлиб ётган миллатчилик газандаси ўз қора гавдаси билан тўсқинлик қилиб онгингни хиралаштиряпти. Душман тегирмонига сув қуяётганингни сезмаяпсан. Ўзбекистонни севишингни айтяпсан. Хўп, мен бу туйғуларингга ишонай, лекин доллар Америкасининг итялоғи Вали Қаюмхонни унутолмаслигингни ҳам биламан. Агар унга муҳаббатинг бўлмаганида суратини Берлиндан олиб келиб, уйингда сақламас эдинг. Кеча Гитлернинг ялоғидан ювинди ичган одам бугун Труменга ялтоқланиб, сенга қандай озодлик бериши мумкин? Эронга ёки Ҳиндистонга ўхшаган харобазорга айлантиради, бошқача бўлиши мумкин эмас!
Бунга ўхшаган гапларга унинг тоқати йўқ эди. Шу боис эгик бошини кўтариб, хазин овозда:
-Нима қилишим керак?-деб сўради.
-Бу саволни биринчи учрашувимизда сўрашинг керак эди. Ҳақиқатни англашинг учун жуда узун кунларни сарфладим. Агар астойдил сўраётган бўлсанг айтаман: кундуз билан кечани, оқ билан қорани фарқ қилиш пайтинг келди. Ё миллатчилик газандасини ардоқлаб шарафсиз курашда йўқ бўлиб кетасан ё бўлмаса у газандани ўзингда ва ўзингдан ташқарида шафқатсиз янчиб, эзиб ташлайсану озодликка чиқасан. Болаларинг бағрига борасан.
Озодлик ҳавоси... Кўксида ҳамиша қуёш чарақлаб турган ёруғ дунёга, чаман гуллар атри буркаб турган ҳаётбаҳш сарин сабоҳга чиқиш – янгидан туғилиш демак! Бор бўлиб қолиш демак! Ким истамайди бу саодатни?
Лекин бу саодат ниманинг эвазига насиб этаркин?..
-Қароринг қатъийми?
У ҳеч қандай қарор қабул қилмаган, ваъда ҳам бермаган эди. Терговчи нимани назарда тутяпти? “Ҳа, мен миллатчиман! Ҳа, мен халқ душманиман!” деб ёзиб берса кифоями? Шу фикр оғушида бош силкиб, тасдиқ ишорасини қилди.
-Исмоилий, бир нарсани тушун: йигирма беш йиллик озодлигингни ўзинг топтамоқчи бўляпсан. Агар буни англаб етган бўлсанг, тамом, миллатчилик ғояларинг билан ҳатто бир лаҳза ҳам кўришмайдиган душман бўлишинг керак. Сенинг бугунги аҳдинг, қароринг ўзгармас аҳд, ўзгармас қарор – қатъий қарор бўлиши шарт! Олти болангнинг номини тилга олиб қасам ичишинг керак.
Қасам ичиш... Яна олти болани ўртага қўйиб-а?! Қандай қасам бу? Қайси дўстларимга хиёнат қилишим керак бўлади?
-Нима дейишим керак?-деб сўради хаста овозда.
-Демайсан, ёзиб берасан. Гапларимни диққат билан эшитиб хонангга қайтасан-да, эрталабга қадар ёзиб, менга топширасан. Келишдикми?
У яна овоз чиқармай тасдиқ ишорасини қилди. Терговчи укки кўзларини унга тикканича дона-дона қилиб гапира бошлади:
-Жонажон Ватаним олдида, шонли совет халқим олдида, гуноҳсиз болаларим олдида қилган ўз жиноятларимни, шунингдек, бошқаларнинг менга маълум бўлган жиноятларини катта-кичиклигига қарамай, оқизмай-томизмай, заррача ҳам қолдирмай, бир-бир айтиб бераман. Мен чин қалбимдан истайманки, мени тоғ вазнила босиб ётган жиноятлрим елкамдан қуласин, қаддим ростлансин, миллатчилик каби энг қабиҳ мараздан вужудим софлансин, токи умримнинг қолганини социалистик Ватанимга, совет халқимга охиригача садоқат ва муҳаббат билан қувона-қувона хизмат этишга бағишлай! Шунинг учун мен сизни, Александр Александрович, сиз орқали Давлат ҳавфсизлик органларини ишонтириб айтаманки, баданда пайдо бўлган ракни кўринган ерида кесиб ташлаш билан шифолаш мумкин бўлганидек, лаънати миллатчилик газандасидан ҳам даставвал шу ерда, Давлат ҳавфсизлиги органида, барча жиноятарга иқрор бўлиш, барча саволларга тўғри ва асосли жавоб бериш билан, миллатчиликка қарши ғазабли ва амалий кураш очиш билан қутилиш мумкин. Мен шундай қилажакман!
Терговчи бошқаларга ҳам шундай қасамёд ёздирганмиди, ҳар ҳолда гапларида тутилмади. Бошини эгганича тинглаётган маҳбусдан кўзини олмай ундан садо кутди.
Мирзакалон ҳозир гўё бошқа оламга кўчган эди. Терговчи шармандали қасамёд матнини айтиш билан гўё уни иснод ботқоғига ташлаб, бўға бошлаган эди. “Ҳа” дейишга ҳам, “йўқ” дейишга ҳам қурби етмай қолганди.
-Сен истеъдодли ёзувчисан. Қолган-қутганини ўзингдан қўш. Шундай ёзгинки, менинг раҳбарларим ҳам қойил қолишсин.
Шундай деб қоғоз-қалам узатгач, назоратчини чақирди.
Қандай ёзсин буни? Кўз ёшларини тўкиб ёзсинми ё қон ёшлариними?
Онги ўжарми, қалби ўжарми? Ёки уларга бўйсуниши лозим бўлган қўли ўжарми?
Вақт ўтяпти. Тонгда қасамёд матнини терговчига топшириши, сўнг шу аҳдга кўра хиёнатини бошлаши керак. Бу балки унга берилган сўнгги имтиёздир? Эрталабга қадар қасамёдини ёзиб бермаса, пешинга қолмай хотинини ҳибсга оларлар?..
Темир каравотга, увада кўрпа устига эмас, зах бетонга бағрини бериб ётиб олди.
Бир маҳал онгини хайрли фикр ёритиб ўтди-ю, қаддини кўтарди. “Қасамёдни эмас, бошимдан ўтганларни ёзаман. Бу ерларда ўлиб кетсам, қачонлардир авлодларимдан бири топиб ўқийди, менинг азобларимдан хабар топади”, деб ўйлади.
Тошкент, Дархондаги уч хонали уй.
1986 йил, 4 феврал, сешанба, соат 16.10.
Гоҳ ҳуд, гоҳ беҳуд ётган ҳолида ўтмишини эслаётган беморнинг қулоғига таниш овоз урилиб, кутилмаган қувонч эпкинида енгил сесканди. Ҳатто кўзларини бир неча сонияга очди. Овоз эгасини қидириб, аланглади. Орадан йиллар ўтган бўлса-да, ўн саккиз ёшида йигит кўнглини овлаган бу ширин овоз ҳали ҳам тотли эди. Лекин... жон олғувчи бу овоз эгаси чиндан ҳам йўқлаб келдими ё Билим юртидаги воқеалар ҳаёлини ёритгани учун қулоғи остида ғойибона жарангладими?
-Ҳамидахон, дўхтирлик қилмай қўйганингиз чакки бўлибди-да, Санобархон икковимизга бинойидек тиш қўйиб берувдингиз. Ясама тишларим ҳам ўзимга ўхшаб қариб кетди. Янгилаш баҳонасида яна олдингизга бормоқчи бўлиб юрувдим.
-Яп-янги тиш сиздан айлансин, бувижон, ўзим бўлмасам, ўзимдан ҳам зиёда шогирдларим бор.
-Мирзакалон тузалиб қолса, бораман...
“Ҳа, эшитиб келибди. Ё кимдир чақиртирганми? Эҳтимол кампир тушмагур йўқлатгандир. Ҳа... бу унинг иши. Армонда кетмасин, деган. Юрагимнинг бир учи кемтиклигини яхши биларди...”
Отаси Исмоилхўжага хотин чидамасди. Агар адашмаса, ўн мартадан ортиқроқ уйландиёв. Фақат ўн иккинчи ёки ўн учинчи ҳисобдаги Ҳикматхон унга бас келади олди. Ҳар қандай хотинни калтаклай-калтаклай талоқ қилиб юборувчи бу одам шу хотин билан яшаб қолди. Икки ўғил, бир қиз кўришди. Деҳқонларни қулоқ қилиш бошланганида Исмоилхўжа Тошкентга кўчиб келди-ю, Мирзакалон ҳам, синглиси Санобар ҳам ўгай онани ҳеч иккиланмасдан “буви” деб атай бошлашди. Укаларини ҳам ўз туғишганларидай билиб, ардоқлашди. Ҳикматхон ҳам уларни ўз фарзандларидан аълороқ кўрарди. Биринчи марта қамалганида унинг бир неча туну кун қамоқхона атрофида бўзлаб юрганини эшитиб, кўзларига ёш олган эди. Иккинчи қамалишида Қарағандага ҳам келди. Энди... айрилиқ аниқ эканини сезган. Дийдор қиёматга қолмасин, деб яқинларига хабар берган.
Мирзакалон шуларни ўйлаб кўзларини очиб кампирни сўнгги марта бир кўргиси келди, унинг беозор ва шодон қаҳқаҳасини эшитгиси келди. Меҳнат туфайли қотиб кетган бармоқларини кафтлари орасига олиб силашни истади... Бироқ, ҳарчанд ҳаракат қилмасин, мижжаларга ҳукмини ўтказа олмади. Жон тарк этаётган қўллари ҳам ўзига бўйсунмади...
Аёлларнинг уйга кирганларини сезди. Ҳамида энгашди. Ёқимли нафаси Мирзакалоннинг юзига урилиб, юраги гупирлаб ура бошлагандай бўлди. Бу юрак ҳозир саксон йил кўкрак қафасини тепа-тепа чарчаганини, вазифасини адо этиб бўлиш арафасида эканини унутди. Муҳаббат майидан маст кезларидаги каби дадил-дадил урди.
“Ўликлар” ёхуд биринчи муҳаббат можароси
... Ўша пайтларда “Ўликлар” деган ваҳимали ном билан машҳур бўлган воқеани унутиш мумкин эканми? Гап номда ҳам эмас, ишқий можарода ҳам эмас, орага қурол, имзосиз хатлар аралашганида ҳам эмас. Бу можароларни эсдан чиқариб ташлаш ҳам мумкин. Лекин қалбга муҳрланган бир хотирани ўлимдан бошқа ҳеч қандай куч ўчира олмайди. “Ўсма кетар, қош қолар”, дейиланидек, биринчи муҳаббат эҳтирослари бу вужудни жондан илгари тарк этишни истамасди.
Ўша йиллари Эрлар билим юрти билан Қиз-жувонлар билим юрти ўртасида бирлашган ҳаваскорлик драмтўгараги ташкил этилган эди. Мирзакалон бир неча дўстлари билан бирга бу тўгаракда иштирок қиларди. У ўшанда жуссаси ўзига ўхшаган кичкинагина, кўзлари ўйнаб тургангина, ўзи оқишдан келгангина бир қизни севиб қолди. У - Ҳамидахон эди. Мирзакалон ундан севги тўла кўзларини асло узолмас, ёнига бориб ишқ дафтарини очишга эса ҳеч ботинолмас эди. Қиз ҳам майлдор боқишлар ва жон олғувчи жилмайишлар билан йигитнинг севгисини ардоқлар, саҳнада ўйинга тушатуриб пинҳона ташлаган нигоҳлари билан унингсиз ҳам ёниб турган қалбини бешбаттар ёндирар эди. У ошиқликнинг кўзга кўринмас чайир иплари билан кун сайин маҳкамроқ боғланиб борарди. Қалби севгисини икки йил ўз бағрида пўпалаб ўстирди ва, ниҳоят, йигирма еттинчи йилнинг ёзги таътилида иқрорга келтирди. Мирзакалон билан Ҳамидахоннинг севгиси, майли ҳаммага ошкор бўлди. Бу севгини, бу бахтни кўролмаган, уларни бир-бирларидан айиришга ҳаракат қилган кишилар ҳам пайдо бўлди.
Уларнинг севгисига қаратилган ҳужум замирида маҳаллийчилик чўғи мавжудлиги миллат тақдири хусусида жон қайғурувчи йигитни тамоман гангитиб ташлади. Миллатни хароблик ботқоғига айнан маҳаллийчилик ботиришини у Ботунинг суҳбатлари орқали англаганди. Англагач, Билим юрти талабалари орасида айнан шундай хасталик борлигини билиб юраги эзилди. Тошкентлик фарғоналикни, самарқандлик хоразмликни, термизлик бухороликни кўролмаслиги уни афсус булути билан ўраб турарди. Бугун билим олиб, эртага халқни ғафлат уйқусидан уйғотиши лозим бўлган йигитларнинг бу аҳволи миллат келажагига қора парда тортаётгандай бўларди. Айнан шу хасталик билан оғриётган йигитларнинг ўзига ҳужум қилиб қолишларини эса ўйлаб кўрмаганди. Ҳа, шундай бўлган эди. Севгилари ошкор бўлгач, Яқуб деган йигит биринчи бўлиб бош кўтарди. Бир у эмас, яна кўпгина йигит бу қизга ошиқ эди. Лекин улар орасидан биргина шу Яқуб ҳужум қилишга журъат этди. У “Мен бу қизни севаман!” деб майдонга чиқмади, номардлиги ҳам айнан шунда эди. Атрофига ўзига ўхшаган ўсмирларни тўплади-д: “Тошкентлик қизни андижонлик келгинди олиб кетаверадими?” деган даъво билан чиқди. Бу шунчаки пўписа эмас, икки севишган қалбнинг ишқига очилган уруш эди. Улар аввалига Ҳамидахонни Мирзакалондан қайтариш учун қизга хилватда насиҳат қилиб кўрдилар. Қиз аҳдида қатъий тургач, Мирзакалон қора хатжилдларда мактублар ола бошлади. “Ўликлар” деб имзо чеккан мактуб эгалари Ҳамидахондан даҳол воз кечишини талаб қилар, кечмагани тақдирда ўзинигина эмас, қавм-қариндошлари ва уруғ-аймоқларини ҳам битта қўймай қириб ташлаяжакларини ваъда этар эди. Бу аянч, айни замонда кулинч воқеа тез орада Билим юрти деворларидан ташқарига ёпирилиб чиқиб, “Ер юзи” деб номланган журналда “Ўликлар” сарлавҳаси остида оламга машҳур бўлди. Бу ҳам етмагандек, Москвада нашр этилувчи “Комсомольская правда” газетида ҳам эълон қилинди.
“Ўликлар” ўз номи билан ўлимга маҳкум эдилар, улар севишганларни бир-бирларидан айиролмадилар. Ҳамидахоннинг ота-онаси Мирзакалонни келгинди, уй-жойсиз, асранди деб қизини бермаганига, “Ўликлар” ҳар қадамда севгиларига тўсқин бўлганларига қарамай, Ҳамидахон икковлари бирга яшаб кетдилар. Улар ўзларини ғолиб ҳисоблаб, масрур эдилар. Бироқ... масъудлик узоқ давом этмади. Улар учун ҳеч кутилмаганда комсомол ташкилоти бу масалани муҳокамага қўйди ва “шунча шов-шув кўтаргани учун” Мирзакалонни комсомолдан чиқарди. Шов-шувнинг асл сабабчиси, ишқ аҳлига суиқасд тайёрлаган “Ўликлар”нинг ташкилотчиси эса сувдан қуруқ чиқди.
Масаланинг бир ёқлама ҳал этилгани йигитни қаттиқ ранжитди. Оқшом чоғи юраги ёрилгандай бўлди-ю, севгани Ҳамидахон билан айтишиб қолди. Комсомолдан чиқарилиши кўнглини оғритгани билан бу ҳолни фожеа деб билмади. Бу ондаги жаҳонининг қоронғулиги мажлисдаги адолатсизликдангина эмасди. У ғанимлар қўлининг баландлигидан эзиларди. Ҳамидахоннинг уларга қарши қатъий бир гап айтолмаганлигини айб деб билиб, оғир гапларни айтиб юборишда тийила олмади. Ўша аразлашиш онларидан бери орадан ярим асрдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, Мирзакалон тилидан учган сўзлари учун ҳали ҳануз ўзини кечира олмайди. Ҳозир, боши ёстиқда, жони ажал ҳукмида эканида Ҳамидахоннинг келганини сезиб, ундан яна бир бор узр сўрашни истади. Аммо тили айланмади...
Ўшанда “Сени кўрарга кўзим йўқ”! деб юборган эди. Қайси шайтоннинг измида эди ўшанда бу тил?! Юзлари ширмондай чиройли севгилисига шундай дейиши адолатсизик, инсофсизлик эканини ўшандаёқ фаҳмлаганди. Лекин ўша дамдаёқ айбига иқрор бўлишга йигитлик ғурури йўл қўймаган эди. Ҳамидахони эса... юм-юм йиғлаб, бир сўз ҳам демасдан уйига кетган эди. Аҳмоқлик булоғидан сув симирган ғурур яна ўз ишини қилди: йигитнинг ўрнидан туришига, севгилисини ушлаб қолишига йўл бермади. Мирзакалон Ҳамидахонини икки кун кўрмади, ўзи ҳам ҳужрасидан чиқмади: одамларга кўринишдан уялди.
Истагингга етар экан қанотларинг синдими,
эй кўнглимнинг булбули?
Сенга қарши кулиб турган гўзал чечак тиндими,
ташладими бир йўли?
Ҳаво ёрган кўкрагингни севги ели тилдими
қон тўлами ҳар томон?
Кўзларингга айрилиқнинг ипларини илдими?..
шу қилиғи кўп ёмон.
Ё эркинлаб ҳидлагани бермайларми гулингни,
тўсаларми йўлингни?
Гул ўзими кўзларингдан кўзларини қочирди,
йўқликларга ёширди?
Шу юлинган парларинг-ла
учолмассан, йўқсил қуш,
У умидлар ҳавосидан
энди бир оз тубан туш!..
Икки кун давомида у устознинг шеърлари билан бирга бўлди. Гарчи туркий миллатларнинг маънавий оталаридан бири ҳисобланган Абдулҳамид Чўлпон ҳазратлари у дамларда фақат шеърлари орқали таниш бўлса-да, шоирни ўзига устоз деб билар, унинг номини қалби тўрида ардоқларди. Атрофдаги воқеалардан кўнгли озор чеккан пайтларда устоз шеърларидан далда оларди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Уни икки кун ёлғиз қолди, демоқлик ҳам унча тўғри эмасди. Маънавий отасининг шеърлари бор экан, шогирдни воҳид демоқлик ножоиз.
Ҳужрасига шом қиронғилиғи бостириб кира бошлаганда сурмаранг самога дераза орқали қараб Ҳамидахонига ғойибона бўзлади:
Йироқлашдим, узоқлашдим бир неча кун сендан,
ҳол сўраб кўр мендан,
Нега мунча оғир келди бу йироқлик менга,
англатайин сенга!
Чунки сенинг қаршингда мен айрилиқдан ўйламай,
кўзларингга тикилдим,
Ўзлигимга, борлигимга баҳо қўймай, санламай
ерга қадар эгилдим.
У кўзларинг тошқинида балиқ каби сузган мен,
айрилиқни ўйлайми?
Бошқа дунё, бошқа ўйдан боғланишни узган мен,
сенга қараб тўяйми?
Мана энди бир неча кун сендан йироқ қолдим-да,
қайғуларга кўмилдим.
Айрилиқда – қайғу ичра улушимни олдим-да,
кўзларингни хўп билдим!
Энди сенга кўнгил дардин буткул очиб берайми,
истайсанми сен шуни?
Истамасанг, қистамайман... олдин сени кўрайми,
сўнг айтайми мен уни?
Яхши... энди қанотимни ростлайин,
Учиб бориб олдин сени топайин,
сўнг дардимни очайин!..
Дардини очмоқ учун бормади... Боролмади... Қизнинг ўзи келди. Учинчи кун оқшом ғира-ширасида, эшиги аста тақиллади. Юраги қинидан чиқиб кетаёзди: бу уни икки кундан бери интизор қилган таниш тиқиллаш эди. Ўрнидан сапчиб туриб, эшикни очди: остонада юзи сўлғин, ўзи ғамгин, кўзлари қизарган, қўлида рўмолчага ўроғлиқ бир нарса билан Ҳамидахон турар эди. Буюк шодлик билан ичкарига таклиф қилди. Кирди, аммо юзидаги сўлғинлик кетмади. Қовоқлари солиқ, даҳшатли бир қарор билан келгандек эди. Ўтирмади-ю, тик турганича гапирди:
-Мен... тушундим... мени кўрмасликка ҳаққингиз бор... мендан нафратланишга ҳақлисиз... чунки... шунчалар шарманда бўлишингизга менгина сабабчиман... энди бу доғимни ўз қоним билан ювишга, сизнинг ҳузурингизда жон беришга келдим!-деди-да, рўмолчаси ичидан темир дастаси ялтиллаб турган қора “брауннинг” – тўппонча чиқарди.
Бу аҳддан, бу ҳаракатдан Мирзакалон довдираб қолди. Бироқ, тезда ўзига келиб, қизнинг тўппончани ўқталишини ҳам кутиб ўтирмай, кескин човут билан қўлидан тортиб олди. Сўнг энг ширин сўзлар билан юпатиб, ноҳақ хафа қилгани учун узр истади. Гап орасида “тўппончани қаердан олдингиз?” деб сўраганида қиз титроқ лаблари билан “поччамники”, деб қўйди. Мирзакалон Қудратилло қорини яхши танирди. Лекин уйида тўппонча сақлаши, айниқса, қурол сақлашдан мақсади унинг учун сир эди. Ўша куни бу сирни аниқлашга уриниб ҳам кўрмади. Кейинчалик бу тўппонча бошига бало бўлишини эса билмади. Узрҳоҳликдан сўнг соғинч қалблар таскин топди. Айрилиқ ўз совуқ гавдаси билан яна ораларига суқилиб киргудек бўлса, жафо кўрган томон қўлга олади, деган ўзаро ваъда ва қатъий қарор билан тўппонча Мирзакалонда қолди...
Тўппончадан ўқ отилмади...
Тошкент, Дархондаги уч хонали уй.
1986 йил, 4 феврал, сешанба, соат 15.15.
...Ҳозир, лабига сув томизилаётган пайтда, ўқ қарсиллаб отилгандай бўлиб, бемор сесканиб кетди. Юзига урилаётган таниш ва ёқимли нафас тинди. Аёлларнинг овозлари ҳам узоқлашди. “Кетди,-деб ўйлади, армон билан. Юрагидаги сўнгги томирлардан бири узилганини ўзи ҳам сезди. -Эндиги дийдор қиёматга қолди. Чақиришгани яхши бўлди, мени кўрди, армон қилмайди. Мен кўролмадим... Бултур учратганимда юзидаги ажинлари билан ҳам кўзимга чиройли кўринган эди. Йўқ... ажинларини сезмаган эдим... Юзи эллик йил аввалги чиройда эди... Ажаб...”
Шу пайт очиқ деразадан ёпирилиб кирган елвизак унинг юзини силаб ўтди-да, хона эшигини тарақлатиб ёпди. Бу овоздан уйдагилар ҳам чўчиб тушишди. Набираларидан бири шошилганича кириб, деразани ёпди.
Елвизакнинг бевошлиги туфайли барчани чўчитган бу товуш ўлим тўшагида ётган беморга қамоқхона темир эшигининг қарсиллаб ёпилиши бўлиб эшитилди гўё. Бу товуш тотли хотираларини қувиб, уни яна ўша нимқоронғу, зах хонага қайтарди. Хонанинг захлигидан эти жунжикди. Оёқлари совқотди. Бу совқотиш қамоқхона захлигидан эмас, оёқни жон тарк эта бошлаганидан эканини у билмади.
“Ўзимдан ташқари бир дунё кўрдим...”
Бир соатлардан сўнг яна терговчи ҳузурида ҳисоб бериши лозимлигини эслаб, қўлига қаламни олди. Терговчи ундан Чўлпон ҳақида маълумот истаб эди. Бу талабни бажармай киришининг оқибати ёмон бўлишини фаҳмлаб, ёза бошлади:
“Йигирма саккизинчи йил Билим юртини битириб, мустақил ҳаёт оғушига отилдим. Мен Билим юртига соф юрак ва яхши тилак билан кирган эдим, аммо у менинг қалбимга миллатчиликнинг қора уруғини сепиб чиқарди. Баъзан, Билим юртида ўтган умримга ва у ерда олган таассуротларимга холис кўз билан қарасам, Билим юрти – темирчиликка, талабалар эса миллатчи-темирчи қисқичига олинган ва у хоҳлаган шаклга тушиш учун сандонга қўйиб болғаланаётган юмшоқ металлга ўхшаб кетади.
Республикада ўзбек ёзувини араб алифбесидан лотин алифбесига кўчириш тайёргарлиги бормоқда эди. Шу муносабат билан Маориф халқ комиссарлиги Самарқандда лотинлаштириш инструкторлари тайёрлайдиган уч ойлик курс очди. Комиссарлик мени ана шу курсга юборди. Самарқанднинг Қўшҳовузида жойлашган ушбу курсда уч ой ўқиб, уни йигирма саккизинчи йилнинг куз ойларидан бирида битириб чиқдим. Ғози Олим Юнусов, Фитрат, Қаюм Рамазон ва номлари хотиримдан чиққан яна бошқа миллатчилар бу ерда ҳам ўз кирдикорларини баҳузур давом эттирардилар. Ғози Олим Юнусов Шайбонийхон кабиларни идеаллаштирса, Фитрат Бедил каби мистик, Ҳусайн Бойқаро каби мустабид шоирларни адабиёт дунёсининг кўкларига кўтарар эди. “Лотинлаштириш инструкторлари тайёрлаш курси” деб аталган ва исми жисмига тўғри келмаган бу муассасада аслан миллатчилар тайёрланар эди.
Мен Самарқандда Ўзбек давлат нашриётидан болалар учун ёзилган кичик-кичик русча китобларни олиб, таржима қила бошладим. Бир куни Наим Саидий мени кўриб: “Чўлпон кўчирувчи ахтариб юрибди, хоҳласангиз учранг”, деди. Ўша вақт ўзбек адабиётининг ерида юрмай, кўкида учаётган Чўлпонни кўриш, унинг хизматини қилиш – менга катта мартаба кўринди. Мен дарҳол рози бўлдим ва, адресини олиб, ўша куниёқ Чўлпоннинг уйига бордим. У ҳам Қўшҳовузда, курсимиз биқингинасида турар экан. Чўлпон мени қабул қилди, тариф бўйича ҳақ тўлаяжагини айтиб, бир тутам қўлёзмасини кўчиришга берди. Бу қўлёзма араблар ҳаётидан олиб ёзилган “Расулий” номли романнинг ўзбекча таржимаси эди.
Шундай қилиб, мен Чўлпоннинг котиби бўлиб қолдим. Энди биз тез-тез учрашар, ишга оид, ишдан ташқари ҳориж масалалар ҳақида ҳам гаплашар эдик. Чўлпон, янги ёзган шеърларини баъзан ўқиб туриб, йиғлаб юборарди. Мен авваллари бу йиғиларнинг сабабига тушунмай юрсам ҳам, кейинча бу кўзёшларининг асл маънисини фаҳм қиладиган бўлдим. Кўчирувчилик вазифам кун сайин қариб борди. Чўлпон ҳам мен билан анча эркин гаплашадиган бўлди. Кунлардан бир кун Чўлпон одатдагича йиғлаб туриб, менга шу сўзларни айтди:
“Миллат хароб бўлди. Унинг энг муқаддас нарсалари: ҳурлиги, шаъни-шарафи қўлдан кетди! Ҳар қадамда юрагимиз қуш ҳадиги билан уради. Энди бизнинг вазифамиз, келажак авлоднинг вазифаси – миллатни шармандаларча қулликдан, ҳақорат ва хўрликдан қутқазиш бўлиши керак!
Чўлпоннинг йигима беш йил бурун айтган ва мен жумлама-жумла ҳозир эслай олмаган сўзлари асосан юқорида зикр этилган мақсадларни олдинга сурар эди. Аммо Чўлпон бу вазифани ўзи қандай бажараётганини, бошқалар қандай бажариши кераклигини айтмади. Мен ҳам сўраш даражасига кўтарилган етук “авлодлар”дан эмас эдим.
Курс тамом бўлди. Мен Тошкентга қайтдим. Аммо Билим юрти юрагимга сепган миллатчиликнинг уруғини Чўлпон Самарқандда суғориб, ундириб қайтарди...”
Мирзакалон бармоқларида оғриқ сезиб, қаламни қўйди. Юрагида ҳам санчиқ турди. Қамоқхонанинг ҳавоси суғуриб олиб ташлангандай нафаси сиқилди. Ўрнидан туриб, у ёндан бу ёнга юра бошлади. Боши айлангач, каравотига ўтирди. Кафтини пешонасига қўйди. Анчагача ҳаракатсиз ўтирди. Қамоққа олинганича дом-дараксиз кетган устозини эслаганда юраги ҳамиша безовта тепа бошлайди. Хаёлига эса устознинг сатрлари қуйилиб келаверади. Биринчи марта қамалганида ғалати ҳолат юз берган эди. Бундан ҳам торроқ, бунданда захроқ ва сассиқроқ камерада ёлғиз ўтирганида шеър ўқиш билан ўзига ўзи далда берарди.
Сенинг эркин тупроғингда ҳеч ҳаққи йўқ хўжалар,
Нега сени бир қул каби қизғанмасдан янчалар?
Нега сенинг қалин товшинг “кет” демайди уларга?
Нега сенинг эркли кўнглинг эрк бермайди қулларга?
Нега тағин танларингда қамчиларнинг кулиши?
Нега сенинг турмушингда умидларнинг ўлиши?
Нега ёлғиз қон бўлмишдир улушинг?
Нега бунча умидсиздир туришинг?
Нима учун кўзларингда туташгувчи олов йўқ?
Нима учун тунларингда бўриларнинг қорни тўқ?
Нима учун ғазабингни уйғотмайди оғу-ўқ?
Нима учун борлиғингда бу даража бузғунлик?
Нима учун ўч булути селларини ёғдирмас?
Нима учун куч тангриси бор кучи-ла солдирмас?..
Эй, ҳар турли қулликларни сиғдирмаган ҳур ўлка.
Нега сенинг бўғизингни бўғиб турар кўланка?
Бу ҳам дардли, ҳам оловли сатрларни Ўшдаги етимхонада эканида, Тошкентга отланаётган кезлари ўқиб, дарров ёдлаб олган эди. Билим юртида ўқишни бошлаган кезлари бу асарга раддия сифатида шоир Ғайратийнинг “Тузалган ўлкага” деган шеъри газетада босилганини билди. Яна катта ёшли талабаларнинг ўзаро суҳбатларидан билди-ки, Чўлпон бир мажлисдан кейин Ғайратийга дуч келганида дебдики: “Ҳозир сенга ўхшаган комсомолларнинг замони куляпти. Кейинроқ бориб шарманда бўлишдан қўрққин”...
Биринчи қамалган кезлари устози ҳаёт эди. Боши узра туҳмат булутлари қуюқлаша бошлаган бўлса-да, ўзини дадил тутарди. Унинг шу матонати Мирзакалонга биринчи жазодан эсон-омон қутилиб чиқишида далда берган эди.
Турманинг бир кишига мўлжалланган хонасида хотирасига муҳрланган ўнлаб шеърларни такрорлай-такрорлай, ажиб бир қуйма сатрлар тизмаси ҳосил бўлганидан ўзи ҳам ажабланди. Ҳар бир шеърдаги юрак сингари безовта уриб турган икки-уч сатр ажралиб чиқиб, бир-бири билан қовушгач, гўё устоз билан мулоқот яратилгандай туюлди. Ўшандан бери йиллар ўтди. Бу мулоқот хаёлидан ўчмади. Урушнинг ҳалокатли кунларида ҳам бу сатрлар ҳамроҳ эди. Ҳозир, терговчи сўроққа чақируви арафасида яна ўша суҳбати бошланди:
“Азиз отам, қўлимдаги гулларнинг мотам бўлғонини билмайсан. Шодлик гули кўпдан бери сўлғонин ер остида пок руҳинг-ла сезмайсан. Белгисиз қабрингни қора тунларда амалимнинг шаъмин ёқиб изладим. Савол бердим: “Йўқотганим қайда?” деб ўзимни ҳам ютмоқ бўлган ерларга... хаёл, хаёл... Ёлғиз хаёл гўзалдир, ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқаман. Сездим сенинг кетганингни кўнгилдан. Кетган йўлинг йироқ йўлдир, кети йўқ. Қуриб ётган ариқларнинг кўзи сенда. Бош учида айланур бир тўп фаришта жимгина. Кимсасиз ерларда сирлар айтилди. Оғиз очсанг, йўқсил элни эзмакка, қон қилмакка ҳасратларинг кўп эрур. Ҳар сўзингни бир фаришта қанотига ёзадур. Айтмадинг, оғзингни юмдинг-да кетдинг...
Ўксиз кўнгил қуши тушди қафасга, сира етолмайдур эркин нафасга – қора кунлар тушди меним бошимга. Қип-қизил қон бўлиб кунлар ботадур, ёмон ҳидга тўлиб тонглар отадур – оғир кунлар тушди меним бошимга. Жаннат каби боғлар булбулсиз қолган. Осмон бўйи тоғлар қулунсиз қолган – қийин кунлар тушди маним бошимга. Ҳасратим кўп, элга айта олмайман. Армоним кўп, дилга жойлай олмайман – ўтли кунлар тушди меним бошимга.
Ҳеч жойдан мен кутган зарварақ чиқмади. Кўзимда оғир бир таслим нури бор – тутқун оталарнинг эркин авлоди. Нечун юзинг яна сўлғин, нечун узун ўйлар? Тун ёмон, тун қоронғи. Тун қўрқинч, тун азоб. Оҳ, йўллар қанча узоқдир. Ёзилмаганми бу тунлар сўнгида тонг отмак?
Бизнинг йўлимизда оғирлик сонсиз. Меним йўлларимда чўзилган тоғлар, қорга қўйин очган қатор довонлар. Кўзларим йўлларга тикилган чоғлар кўнгилда йўл юриш истаги қайнар. Ўзимга завқ ила судраган ҳамият! Ўлимдан ўзгани кўрмаган ҳамият! Чарчаган, толган, умидсиз кўзларим тўймай қарар. Нечун очилди кўзим, қайга кетди уйқуларим?
Бир кеча худди бир йилдир. Сабрнинг косаси тўлгандир, бу оғир айрилиқ тўлдирган. Кўзларимда ҳар қайғудан бир йиғи, юзларимда алданишнинг белгиси. Турмушда, хаёлда... Турмушда, хаёлда... Ҳар бир нарсада ёлғиз алданишни кўрган бир банда. Ўйланган ўйларга кўнгил юпанмас, кўнгилнинг истаги ўй билан қонмас. Билмадим, кўнглимни юпатгай кимлар? Эҳ, кўнгил, янги дардлар тағин сени ёқажак. Қилич синган, қалқон тешилган. Темир кишанларнинг даҳшати еди. Бу дунё деб у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку?! Ҳар етим кўзда томчи-томчи заҳар, ҳар фақир уйида инграйиш ва йиғи. Ҳар сориғ юзда сўнгги шуъла сўнар, ҳар томон, ҳар тарафда бир қайғи. Меним уйимми қора ёки юрт кўкида булут? Қиличнинг тилларида қизил қон.
Ўзимдан ташқари бир дунё кўрдим. Кўм-кўк экан, сарғайдилар япроқлар – оғриқ, мағлуб, тутқун Шарқнинг юзидек. Бўронларнинг кўзлариким, ўйноқлар ғолиб Ғарбнинг қонга тўлган кўзидек. Бу боқчада гул кўп эди – сўлди амалимдек. Энди турмушимда ойдин кечлар йўқ. Бу қафаслар ичида қачон тонг отар? Кулган бошқалардир, йиғлаган менман. Эрк эртакларини эшитган бошқа, қуллик қўшиғини тинглаган менман. Шу ожиз ҳолимда шоирманми мен?
Дилларимда ғам тўла бечораларга ёрман, вақти хуш, ғам кўрмаганлардан тамом безорман. Йўқ ишим ҳоким, амалдор, шоҳу ҳоқонлар билан! Ҳақиқий бирликка шунда йўл бурдим. Чарчаган қанотим куч сезди. Кўнглимга алам олдим, қўлимга қалам олдим – яна жонланмакчиман! Ёзаркан, қаламим на ҳазин англар. Етар, бас, чекдан ошгандир бу қарғиш, бу ҳақоратлар. Тўлуғдир, балки тошгандир тубанлик ва сафолатлар.
Қўлимда сўнгги тош қолди, кўнгилда сўнгги интилмак. Кўзимда сўнгги ёш қолди, кучимда сўнгги талпинмак.
Қўзғолиб кетганингни бир кўрсам. Янги нашидалар дилга битилди. Ёлғон хаёлларга кўчиш йўқ энди. Кўнгил шу чоққача тирикми эди, жоним кўклардами, тандами эди? Ўзимда бир турлик эркинлик сезаман. Кўклам билан юртимга ҳам бир кўкариш келсайди. Кўнглимдаги сўнг умидим йўқ этма.
Улуғ, қаттиғ ағдаргувчи бир кураш, ё бор бўлиш, ё йўқ бўлиш, йўқ яраш! Ҳайвонларга, инсонларга золим эга бўлмай қолмас. Фақат эркин виждонларга эга бўлмоқ мумкин эмас!
Узоқ, оғир йўлга чиққан йўлчиман, тўхтасам – сўнгги тинимда тўхтайин. Мен юртимнинг пок истакли кучиман. Йўқ, ўлим йўқдир! Бир ўчиб, сўниб, яна ёниш бор. Чунки мен кўрдим, кўриб қолдим керакли белгини. Энди ҳар нафасда яна куяман, фақат Мажнун бўлиб элни суяман. Унга ҳурмат билан бўйин эгаман, бошимни ул учун дорга қўяман!..”
Қамоқхона. 1952 йил, 21 август.
Устоз билан мулоқотини темир эшик дарчасининг шарақлаб очилиши, сўнг соқчининг “Исмаили, на виход, к следователю!” деган амри бузди. Эшик очилгач, ёзганларини олиб даҳлизга чиқди. Соқчи эшикни ёпгунига қадар девор томонга мутелик билан қараб турди.
Терговчи унинг баёнини ўқиб, қошларини сал чимирди. Сўнг арзимаган қоғоз сингари столи устига ташлаб қўйди-да:
-Исмоилий, сен менга велосипедни қайтадан ихтиро қилиб бермоқчимисан?-деди.
-Мен билганларимни ёзяпман,-деди Мирзакалон паст товушда. Терговчининг қош чимириши яхшилик аломати эмаслиги маълум бўлгани учун гапни кўпайтирмади. У терговчининг уриб юборишидан ёки тепиб қолишидан қўрқмасди. Калтак зарби оғриқ бергани билан ўткинчи бир ҳол. У ўзини ҳимоя қила олишга журъат этолмаганидан, хўрлик азобидан қийналарди.
Терговчининг қош чимириши алдамчи эдими, ҳар нечук муштлари ишга тушмади. Маҳбусга тикилиб турди-да:
-Наҳот Чўлпон ҳақида билганларинг шуларнинг ўзи бўлса?-деди.
-Орадан кўп вақт ўтди...-деди Мирзакалон овозини баландлатмай.
-Ҳа, жуда кўп вақт ўтди,-деб тасдиқлади терговчи.-Лекин вақт ҳамма нарсани ўчириб ташлашга қодир эмас. Масалан, нима учун романнинг муҳокамасини эсламадинг?
-“Кеча ва кундуз”ними?
- Унинг фақат битта романи бор шекилли?
-Ҳа, биттагина,-деди афсус билан Мирзакалон.-Лекин романнинг муҳокамасида мен йўқ эдим.
-Ёзувчилар союзидаги муҳокамада бўлмагандирсан. Лекин сени уйига олиб кириб ўқиб бермаганми? Эслашингга ёрдам берайми? Сен уни доҳий Сталин ҳайкали яқинида учратгансан.
-Ҳа,-деди Мирзакалон иложсиз одамнинг эзгин товуши билан,-ўтиб кетаётган эдим, тасодифан кўришдим. “Романнинг муҳокамаси ҳақида фикринг қандай?” деб сўрадилар. Мажлисда иштирок этолмаганимни айтиб, узр сўрадим. “Ие, ундай бўлса юр, сенга ўқиб бераман”, дедилар. Йўқ дея олмадим.
-Қизиқ, у катта ёзувчи бўлса, сен “кичкина ёзувчи” деган номдан ҳам узоқ бўлсанг? Нега айнан сенга ўқиб бергиси келди? Эҳтимол, сени ёш ёзувчи эмас, маслакдош сифатида қабул қилгандир?
Терговчи нозик жойидан илган эди, Мирзакалон баёнида шунга яқин айбни бўйнига олгани сабабли терговчининг фикрини рад этолмади:
-Шунақа бўлса керак.
-Роман миллий маҳдудлик руҳида эди, Совет Иттифоқига қаршилик руҳи жўшиб турарди. Бундай асарлар ёшларга мойдек ёқади, шундай эмасми?
-Шундай-ку... лекин роман тарихий мавзуда эди, мен унда сиёсатни эмас, барбод бўлган муҳаббатни кўрган эдим.
-Хўп, балки сен рост айтаётгандирсан. Унда бизларни у кимга ўхшатган?
-Сизни?- Мирзакалон бу саволдан ажабланди, терговчининг мақсадини фаҳмлай олмади.
-Китобда ёзилган қанжиқ юзидан чачвонини олмаганда унга нима дейишади? “Ахир юзингни итлардан яширмайсан-ку, булар ҳам шу-да!” демайдими?
-Айнан бундай дейилмаган.
-Буни биламан, мен гапнинг маъносини айтяпман.
-Бу бир персонажнинг гапи, ёзувчининг ақидаси эмас. Бадиий адабиётда бу кўп учрайди. Айниқса Лев Толстойда.
-Менга адабиёт дарсини ўтмай қўя қол. Сенга ҳайрон бўляпман, Исмоилий, кеча айбингга иқрор эдинг, бугун миллатчининг ёнини оляпсан.
-Мен сиёсий айбимга иқрор бўлганман. Чўлпоннинг миллатчилигини тан оламан. Лекин адабиёт бошқа нарса.
-Бекор айтибсан!-Терговчи овозини баландлатиб, унга ғазаб билан тикилди:-Бекор айтибсан!-деб яна такрорлади.-Адабиёт бошқа нарса эмас! Сен буни яхши биласан. Бўпти, бу масалани ҳозирча очиқ қолдираман. Сен менга биринчи қамалишинг сабабларини ёзиб кел. Нима эди: “АҚД”ми? Ўша пайтдаги терговда минг марта такрорлаган гапларингни ёзиб овора бўлма. Менга янги гап керак. Балки “АҚД” билан “Ундирком” ўртасида узилмас занжир бордир? Ўша занжирнинг ҳалқалари кимлар? Шу саволга аниқ жавоб керак. Энди жўна, жонимга тегдинг!
Назортчи кўрингач, Мирзакалон қандай мутелик билан кирган бўлса, ўшандай аҳволда бош эгиб чиқди.
Тун яримлади. Кечалари терговга чақирилаверилганидан қуш уйқусига қаноатланиб қолганди. Шу сабабли ётгани билан уйқуси келмади. Терговчи яна эски гапни кавлаяпти. “АҚД” ҳақида тўлиқ маълумотни берган. Ўша йиллари ҳам яширадиган сир қолмаган эди. Аслида, яширишга арзийдиган маҳфийлик ҳам йўқ эди.
“Дўст”лар...
Ўқишни давом этдириш учун Ўрта Осиё Давлат университетининг Шарқ факультетига кирган, айни замонда Юсуф Тоҳирийнинг таклифи билан у илмий мудирлик қилиб турган Ўзбек ишчилар факультетида она тили дарси ўқитиб юрган кезлар эди. Ўттизинчи йилнинг илк баҳор кунларидан бирида кечқурун факультетда ўқиб турганида Фозил деган ўртоғи келиб, уни ҳилватга чақирди-да, колхозлаштириш муносабати билан қулоқлар кўтарган тўпалонни пеш қилиб, жим туриш мумкин эмаслигини, бу зўрликка қарши курашиш кераклигини айтди. Мирзакалон ундан қандай курашишни сўраган эди, Фозил уюшиш, ташкилот тузиш лозимлигини билдирди. Мирзакалон дўстидан гумонсирамаган бўлса-да, бу каби фитналар тез-тез учраб тургани сабабли дарҳол розилик бера қолмади. “Ўйлаб кўраман”, деган баҳона билан бу таклифни рад этди.
Фозил кетди. Лекин бутунлай кетмади. Орадан бир неча кун ўтгач, факультетга келиб, “уюшайлик!” деб, Мирзакалонни яна қистади. Мирзакалоннинг “Қандай бўларкин?” деб ижирғанганини кўриб “Биз ёлғиз эмасмиз!” деди. Мирзакалон яна кимлар борлигини сўраганида Абзал билан тил бириктириб қўйганини, керак бўлса, бошлаб келажагини айтди. Мирзакалон бу сафар ҳам рўйхуш бермаганидан кейин, Фозил учинчи марта энди Абзал билан келди ва икковлашиб унинг розилигини олдилар.
Биринчи марта қамалганида ҳам, ҳозиргисида ҳам бу воқеани баён қила туриб “Мен ана шу кундан тортиб Совет давлатига, совет халқига қарши жинояткорона кураш бошладим”, деган иқрорномани ёзиб берган эди. Терговчи яна шу масалага қайтяпти. Мақсади аён: унга янги номлар керак. Мирзакалон янги номларни қаердан олади? Айб уларнинг ўзларида: фитнани охирига етказишда шошилишди – ўзларининг иғвогар одамларидан ташқари ҳеч ким бу ташкилотга қўшилишга улгурмади. Ҳозир аниқ эслолмайди, ўша ўттизинчи йилнинг май ёки июн ойлрида эди шекилли, Фозил, Абзал, Қурбон – тўртовлон бўлиб шаҳар боғида тўпланишиб, уюшиш ҳақида шу ерда қатъий қарорга келдилар. Ташкилий мажлисни хотин-халаж бўлмгани учун Мирзакалоннинг уйида ўтказадиган бўлдилар. Орадан бир ҳафта ўтмай яна уч ўртоқ Мирзакалонникига келиб, ташкилий мажлисни бошлаб юбордилар. Мажлисни Абзал, котибликни Фозил зиммаларига олдилар. Мажлис кун тартиби катта эмасди: ташкилотнинг номи; ташкилотнинг мақсад ва мароми; ташкилотнинг олдида турган энг яқин вазифалари; ташкилий масалалар.
Ташкилотнинг номи устида узоқ тортишув бўлмаган эди. Совет Конституциясида “СССР ўз ихтиёрлари билан уюшган миллий республикалар иттифоқи” дейилган модда бўлгани учун, “ўз ихтиёри билан чиқиши ҳам мумкин”, деган қарор билан ташкилот номини “Асосий Қонун Дўстлари”, қисқаси – “АҚД” деб қўйишга қарор қилинди. Ташкилотнинг мақсад ва мароми эса Ўзбекистонни СССРдан ажратиб, унинг тупроғида Туркия сингари буржуа-демократик давлати қуришни ўз ичига олди. Ташкилотнинг асосий вазифалари сирасига миллатпарвар ёшу қарини бу кураш йўлига тортиш, маориф ва маданият идораларига ўз одамларини кўпроқ жойлаштириш орқали мактаблар ва маданий муассасаларда ўз ғояларини кенгроқ ёйиш, варақалар нашр этиш, бирон чет эл капиталист давлати билан алоқа боғлаб, ундан моддий ва маънавий ёрдам олиш киритилган эди.
Янги аъзолар масаласига ўтилганда Фозил дабдурустдан “Биринчи галда Чўлпон ва Юсуф Тоҳирийларни жалб этиш керак”, деб қолди. Кейин бу таклифини изоҳлади:
-Чўлпон барчаларимизнинг маънавий отамиз. Ташкилотни у бошқарса, халқ унга эргашади. Юсуф Тоҳирий ҳанузгача хотинини паранжи остида тутади. Сингилларининг ҳам руҳоний отаси таъсиридан қутқариш чорасини кўрмайди. Демак, эътиқоди мустаҳкам, миллатпарвар одам. Бизга шундай одамлар жуда керак. Бу икки кишини тортишни Мирзакалонга топширайлик. Чунки у Чўлпонга котиблик қилган, мақсадимизни тўғри тушунтира олади. Юсуф Тоҳирий билан эса бирга ишлайди.
Бу таклифни эшитиб, Мирзакалон ўйланиб қолди.
-Гапим ёқмадими?-деди Фозил.
-Ёқишга ёқди. Агар ташкилотимизни устоз бошқарсалар нур аъло нур бўларди-я! Лекин Юсуф Тоҳирийни тортиш... Кўнмасалар керак. Чунки, хотинларини паранжида сақласалар ҳам сиёсатга аралашадиган тоифадан эмаслар. Тоҳирий – маърифатпарвар одам, сиёсатчи эмас.
Чўлпонни ташкилотга тортиш ғоят муҳим ва шарафли вазифа экани яна таъкидлангач, Мирзакалон бу таклифни рад этолмади. Кейинги мажлисга қадар вазифани бажаришга ҳаракат қилажагини билдирди. Лекин улар билан бу ҳақда суҳбатлашишга улгурмади, кейинги мажлис ҳам бўлмади. Бу фитнани ўйлаб топиб, амалга ошираётганларни каттароқ раҳбарлар шоширишди шекилли.
Бир куни Фозил шошилиб келиб Чўлпоннинг Тошкентда эканини, Ғози Олимнинг уйида меҳмон бўлиб турганини айтиб, бирга бориш қистади. Чўлпон Фозилни танимас, нотаниш йигит иштирокида сиёсий масалада суҳбатлашиши ҳам гумон эди. Мирзакалон буни айтса ҳам Фозил “Мен четроқда тура тураман”, деб ёпишиб олди. Бордилар. Аммо Чўлпон йўқ экан.
Эртасига, аниқ эсида – йигирма учинчи сентябр куни Мирзакалон уйида дарс тайёрлаб ўтирган эди. Фозил яна йўқлаб келди. Қават-қават газетага ўралган оқ “наган”ни кўрсатиб:
-Беркитиб қўяйлик, ишимизга ярайди,- деди.
-Нега бу ерга олиб келдингиз, ўзингизникига беркитсангиз бўлмасмиди?- деди Мирзакалон норози қиёфада.
-Сизники хилват, шу ерга яширсак яхши бўлади. Сиз қўрқманг, бу тўппонча бузуқ, биров сизга даъво қилолмайди. Вақти келганда тузаттириб ишга соламиз,-деди Фозил.
Мирзакалон унга ишонди. “Дўстим менга хиёнат қилиши мумкин”, деган гумон уйғонмади. “Наган”ни ўтинхонага яширдилар. Фозил зарур ишлари борлигини баҳона қилиб, шошилганича чиқиб кетди. Орадан икки соат ўтмай, “орган ходимлари” кириб келишди. Биринчи берган саволлари қурол ҳақида бўлди. “Қуролларни ўзинг топиб берасанми ё бизларни қидиришга мажбур қиласанми?” дейишгач, Фозилнинг шошилиб чиқиб кетиши сабабини англади. Ўзини оқлашга уриниш нодонлик эканини ҳам фаҳмлади. “Ҳамонки, мен дўст деб юрган одам хиёнаткор экан, уни ҳимоя қилишимдан манфаат йўқ”, деган қарорга келиб, аввал ўтинхонадаги “наган”ни, кейин Ҳамидахонидан олиб қўйган оқ “брауннинг”ни олиб берди. Ажабки, Фозил “наган”ни бузуқ деб ишонтиргани билан, тўппонча ишга яроқли, мойлаб, тозаланган жанговар ҳолатда эди. Аксинча, Ҳамидахони ўзини ўлдириш учун олиб келган “брауннинг” яроқсиз, ҳатто занглаб кетганди.
Сўроқ жараёни бир йилга яқин давом этди. Изтиробли кунларнинг чеки йўқдай туюлганди. Ҳозирги қамоқ азоблари олдингисига нисбатан бешбаттар ёмон бўлса-да, у кунлар исканжасида кўпроқ қийналганди. 1931 йилда “АҚД” юзасидан бўлган тергов тамом бўлиб “Иш”и “тройка” деб номланувчи уч кишилик ёпиқ суд ҳайъатига юборилганда, Мирзакалонни “Тошкент ДПЗси” деб аталувчи қамоқхонага иккинчи марта чиқариб қўйдилар. У умумий камерага жойланган эди. Борган кунининг эртасига камера эшигида Сиддиқ Ходиевга дуч келиб қолди. Саломлашиш ўрнига у Мирзакалонга:
-Мен қачон сизларнинг ташкилотингизга аъзо эдим?-деди нафрат билан. Мирзакалон, ҳақиқатан ҳам, унинг “АҚД”га аъзолигини билмас эди. Елкаларини учириб:
-Қайдам?-деди ва бу туҳмат билан бошқалар ҳам қамалганини англади.
Ўшанда терговчи талаб қилган уйдирма гапларни ёзиб бермаган эди. “Тройка” судида ҳам “АҚД”нинг бир неча кунлик тарихи бўйича билганларинигина сўзлаганди. Энди, орадан йигирма йил ўтгач, нималарни ёзсин? Нима деб ёзса, терговчининг кўнгли ўрнига тушади? Қамоқдан чиққанидан кейин Фозил билан учрашганини ёзсинми?
Бу кунни унутиб бўлмайди. Мирзакалон ҳали қамоқда ўтирганидаёқ озодликка чиққанида Фозил билан қандай кўришишини, унга нималар дейишини кўп ўйларди. Ҳар ҳолда Фозил осмонга учиб чиқиб кетмагандир. “Тоғ тоғ билан учрашмайди, аммо одам одам билан учрашади”, дейишганидек, қамоқда ўлиб кетмаса хиёнаткор дўсти билан учрашиши тайин. Хўш, учрашган онида уни урсинми, тепсинми ё хумордан чиққунича сўксинми? Ўйлай-ўйлай бу режаларнинг барчаси пуч эканига ишонч ҳосил қилади. Энг тўғри йўл – индамаслик. Агар одамийлик либосидан тўлиқ чиқиб кетмаган бўлса, виждони қийналади. Хиёнаткор учун энг одил жазо шу! Ўч олиш режасидан кечган Мирзакалоннинг хаёлини “Фозил менинг қамоқдан чиқиб келишимни, менга рўпара бўлишини ҳеч ўйлармикин?” деган муаммо ҳам банд қилиб турарди. Ҳаётда бевафолик кўп, хиёнат кўп, адолатсизлик ҳам кўп. Бевафо, хиёнаткор, зулмкорлар ёмонликларини онгли равишда қиладилар. Айримлари фош бўлган тақдирларида ўзларини оқловчи баҳоналарни ҳам тайёр қилиб қўядилар. Баъзилари эса бу ҳақда ўйламайдилар ҳам, ўзларини оқлаш чораларини изламайдилар ҳам. Мирзакалонни қизиқтирган нарса: Фозил қай тоифага кираркин? Шунча йил дўст бўлиб юриб, унинг феъли атворини кузатмагани, юрагидаги қорани сезмагани учун у фақат ўзини айбларди.
Қамоқдан кейинги учрашув кутилмаганда юз берди. Шаҳарнинг марказий кўчаси гавжум эди. Мирзакалон Давлат нашриётига бораётган эди. Ҳашаматли дўкон ёнидан ўтаётганда Фозилга қўққисдан учраб қолди. Фозил хотини Сорахонни Европа маданияти таомилига кўра, қўлтиқлаб олган эди. Мирзакалон у билан кўришмаслик учун ўзини бошқа ёққа бурмоқчи бўлди, лекин вақт кўчган эди. Юзма-юз келиб, кўришишга мажбур бўлди. Фозил оп-оқариб кетди. Юрагининг қаттиқ ўйнашидан Мирзакалоннинг ранги ҳам ўзгарди. Бир неча дамгача нафаси бўғзига тиқилиб, айтарга сўз тополмай қолди. Ажабо, нега бундай бўлди? Бунинг сабабини ўзи ҳам билмайди. Фозил хотинини жўнатиб юбориб, Мирзакалон билан бир муддат қолди. Унинг топган гапи шу бўлди:
-Ҳар бир коммунист шундай қилиши керак, иложим йўқ эди.
Бу гапдан Мирзакалоннинг ғаши келиб, уни сўз билан чимчиб, юлиб олмоқчи бўлди:
-Ўлдириб қўйиб, “кечирасиз, мен сизни ўлдириб қўйдим”, қабилидами?
-Нега? Мен сизни тўғри йўлга солдим,-деди Фозил Мирзакалонни қалтироқ босганини кўриб. Унинг бу сўзларини Мирзакалон риёкор кишининг тилёғламалиги сифатида қабул қилди-да, истеҳзо аралаш ништарлаб деди:
-Тўғри йўлга – қамоқ орқали!..
Ортиқча гап-сўзга ҳожат йўқ эди. Фозил ярашиш учун қўл узатди. Мирзакалон жавобсиз қолдирмади. Хайрлашиш пайтида Фозил қаттиқроқ у эса секинроқ қўл сиқишдилар.
Эртасига эрталаб Фозил Мирзакалоннинг уйига кириб келди. “Ҳозир камҳаржсиз, шуни ишлатиб туринг”, деб пул узатди. Мирзакалон қатъий рад этгач, пулни каравот устига ташлаб, чиқиб кетди. Ҳовлига чиқа туриб ўтинхона тарафга қараб олди. Бу Мирзакалонга ғалати туюлди. “Қилган ишини эслаб, пушаймон бўлди шекилли”, деб ўйлади. У ўзини гуноҳкор деб сезиб, гуноҳини шу пул билан ювмоқчимиди ёки “адашганингда сени тўғри йўлга солиб юборган эдим, қийналганингда ҳам мушкулингни осон қилиш дўстлик бурчим”, демоқчи эдими – Мирзакалон бу ҳақиқатнинг тагига ета олмади.
Кейинги қамалганида терговчи “АҚД”ни эсга олганида дўсти билан қай ҳолда учрашгани билан ҳам қизиққан эди. Шунда Мирзакалон “Мен уни ҳозир қулаб ётганим ҳалокат жаридан ўша йиллариёқ астойдил қутқазишга интилган соф кўнгилли дўстим деб эмас, аксинча, қабиҳ миллатчилик жиноятларимизни фош қилиб, бизни душман қўлига тутиб берган хоин деб билар, ўзидан, сўзидан, юзидан нафратланардим. Ўша дамда адашиб, хато қилганимни кейинроқ англадим...” деган эди. Бу иқрорига терговчи ишонмадими? Унга яна қанақа гап керак? Мирзакалон уни кечирган эди. Урушдан кейин уйига келиб-кетиб юрарди. “Ундирком”дан ҳам хабари бор эди. Наҳот эски хиёнаткорлигига қайтди? Ахир “ундирком”дан сиёсий маъно қидириш кулгили-ку?
Берлиндан қайтгач, “Қизил Ўзбекистон”да бир йил ишлади. Кундузи уйга бориб дам олиш, овқатланишга кўп вақт фурсат бўлмасди. Бошқалар учун иш вақти тугаганда масъул котибнинг босмахонага доир вазифалари бошланиб, газета саҳифаларидан қуйма қолип олингунга қадар озгина бўш вақти бўларди. Шу вақтдан фойдаланиб, редакция ходимлари самоворхонада ташкил этган ошхўрликка бориб турарди. Мирзакалон асли паловхўрлар тоифасидан бўлгани учун, Мелиевнинг гапи билан бу тўпга қўшила қолган эди. Уларнинг давраси Риқси Соҳибов, Ҳолбек Ёдгоров, Баҳром Раҳмонов, Абдулла Олимжоновдан иборат эди. Раҳмат Файзий, Акмал Пўлат, Аҳмад Исмоилов оралаб қатнашишарди. Адҳам Раҳматов билан Хотам Икромовлар редакцияда бўлганларида товоқ атрофидаги ўринларини сира бўш қўймас эдилар. Салоҳ Ҳасанов бошчилигидаги ходимларнинг ўз давраси бор эди. Бу ошхўрликларда ким қандай мақола ёзгани, газетада қандай яхши ё саёз мақола босилгани, бугун ким қандай мақола топшириши лозимлиги, босилган шеър, фелъетон ёки ҳикоянинг сифат ва фазилати ҳақида сўзлашиш билан бирга аскиялар, ҳазил латифалар ҳам айтилиб туриларди. Сиёсат билан боғлиқ жиддий гапни биронталари тилга олмас эдилар. Бу ошхўрликлар масъул редактор Шароф Рашидовнинг қулоғига етиб бориб, “чойхонадаги ўтиришларни битириб, керак бўлса уй-уйларингизда маданий равишда гурунг қилинглар”, деб тайинлади.
Шундай қилиб, чойхонадаги санқишларга барҳам берилди-да, ҳар ўн беш кунда бир марта тўпланиш шарти билан навбатма-навбат бир-бирлариникига борадиган бўлдилар. Бу ҳам шакл, ҳам мазмун жиҳатдан “гап”нинг ўзи эди. Урушдан соғ-саломат қайтиб келгани ва масъул секретар бўлгани учун биринчи зиёфатни Мирзакалоннинг зиммасига қўйдилар. У қабул қилди. Кимларни чақириш масаласини эса рўйхат тузиш билан ҳал этдилар. Гап ташувчи, чақимчиларни даврага қўшмадилар. Ҳар соҳада ҳамиша бўлганидек, Худо бу идорани ҳам чақимчилардан қисмаган эди. Шулардан бири ҳақида ўзларича латифа тўқиган ҳам эдилар. Редакцияни “гуллатиб” юрган чақимчи шу қадар уйдирмачи, ёлғончи ҳам эканки, агар у бир кун биров устидан редакторга кириб иғво қилолмаса, яъни баҳона тополмаса, ўзининг устидан иғво қилиб бўлса-да, шу кунги иғвогарлик нормасини бажариб олар экан. Шу одамга “Ленин учқуни” газетаси редакторлигини таклиф этибдилар. У “қачонгача “Қизил Ўзбекистон”да масъул секретарликка орзуманд бўлиб юраман, кичкинароқ бўлса ҳам ҳар ҳолда “редактор” деган номи бор”, деб аввал розилик берибди. Кейин ўйлаб қараса, чақимчилик қилиш учун газетада ўзидан катта одам бўлмас экан. Ана шундай қилиб, азбаройи чақимчиликдан ажраб қолмаслик учун, редакторликдан воз кечибди!
Хуллас, саралаб-саралаб, улфат давраси туздилар. Навбатма навбат зиёфат давом этаверди. Бу ўтиришларга уй эгаси редакция ходимларидан ташқари ўзи хоҳлаган кишиларни ҳам чақирарди. Шу туфайли бу улфат маданият аҳлининг ширин даврасига айлана борди. Шоҳида Мағзумова ва Олим Хўжаев каби артистлар, академик-шоир Ғафур Ғулом, шоир Ҳамид Ғулом, ёзувчи Саид Аҳмад иштирок этган давралар ғоят қизиган эди. Саид Аҳмаднинг ичакузди ҳикоялари, рақсга тушиб кетиши давра чиройини янада очарди. Бу ўтиришларда советга қарши гап айтиш учун фурсат ҳам йўқ эди. “Ундирком” деган гап эса учинчи ё тўртинчи зиёфатдан кейин чиқди. Мирзакалон, ундан кейин Баҳром Раҳмонов, Акмал Пўлат ҳеч кимга ялинтирмай, қистаттирмай, белгили кунда зиёфатларни қилиб бердилар. Навбат Абдулла Олимжоновга келганда у “пулим йўқ” деб туриб олди. Ана шундан кейин бу номард улфатдан зиёфатни ундиришга тўғри келди. Бунинг учун ортиқча заҳмат чекишга тўғри келмади. Мирзакалон қанча пул кераклигини сўраган эди, у “минг сўм”, деди. Мирзакалон Гальдонининг “Икки бойга бир малай” пьесасини Ҳамза театрига таржима қилиб бергани учун олган қалам ҳақининг бир қисмини сақлаб қўйган эди. Шарт туриб, пўлат сандиқдан минг сўм чиқариб берди. Ана шунда Абдулла Олимжонов кулиб юбориб, ҳазиллашди:
-Оббо Мирза акаей! Қўймадингиз, ахири ундирдингиз-а! Ундирком, ундирком!-деди.
Ўша ондан бошлаб Мирзакалоннинг даврадаги лақаби “ундирком” бўлиб қолган эди.
Мана энди бу ҳазил “бир юмалаб” сиёсий маъно касб этибди-ю, “Совет Иттифоқига қарши иш олиб борувчи сиёсий ташкилот”га, Мирзакалон эса бу комитет раҳбарига айланибди. Тинтув пайтида уйидан чиққан Вали Қаюмхоннинг сурати бу даъвони исботлайдиган ягона далил эди. “Ундирком” ҳақидаги гапни терговчи тилидан дастлаб эшитганда Мирзаклон кулимсираб қўйиб, русчалаб тушинтирганди. Орадан ойлар ўтяпти, терговчи буни тушунишни истамайди. “АҚД” билан “Ундирком”ни сиёсий занжир билан боғлашга зўр бериб уринади. Мирзакалон унга бу занжирни ясаб бериши керак...
Терговчи занжирнинг айрим ҳалқаларини ўзича топган.
Шуларнинг бири Вадуд Маҳмудий эди. Мирзакалон у билан қамалган куни ички турма камерасида танишган эди. Қўрқув исканжасида кириб келган йигитни кутиб олиб, далда берган бу зиёли одам ўз тақдиридан сўз очиб “Мен қандай миллатчи бўлай? Мен ўзбек эмас, тожик бўлсам! Мени ўзбек миллатчиси деб айблаётирлар”, деганди. Сиёсий гапларни деярли тилга олмай, тарихдан, диний мазҳаблардан сўзлаб ўтирарди. У билан суҳбатларда Мирзакалон қамоқхонада эмас, шарқшунослик институтининг ўқув хонасида ўтиргандай ҳис қиларди ўзини. Вадуд Маҳмудийнинг гаплари билан ўша пайтдаги терговчи ҳам кўп қизиқди. “Давлат тўнтаришига қандай тайёргарлик кўраётганини сўраб, бил”, деган топшириқни ҳам берди. Бу топшириқни бажармагани учун Мирзакалон тепки ҳам еди. Йигирма йилдан сўнг бўйнига яна туҳмат сиртмоғини ташлаб бўғаётган бу терговчининг дарди ҳам шу. Йигирма йил муқаддам Вадуд Маҳмудий давлат тўнтариши ясашни ўйлаган бўлса ўйлагандир. Бунинг учун қамоқда ўтириб чиқди. Буларга яна нима керак?
Мирзакалон буларнинг ўтмиш билан қизиқишлари сабабини қанча ўйламасин, топа олмаётган эди. Ўтмишда бир қармоққа илинганларни яна қайта қамаётганлари асоссиз эканини билганлар ҳам мўм тишлаб туришарди. Бунинг асл сабабини эса кўпчилик билмасди. Гап шундаки, урушдан кейин ғарбий ўлкаларда, Болтиқ денгизи бўйидаги жумҳуриятларда “Советларга қарши унсурларни”, уруш йиллари фашистларга хизмат қилган ёки ҳайрихоҳ бўлганларни ушлаб қамаш авжига чиқди. Табиийки, Москвадаги юқори идоралар қайси жойда, қанча одам қамоққа олингани ҳисобини қилиб турганлар. Янада табиийки, жойлардаги ходимларнинг қандай жонкуярлик ва фидойилик билан ишлашлари қамалганлар сони билан баҳоланарди. Украинада ҳар ой бир неча минг душман қўлга олиниб, қамалганда Ўзбекистонда бу рақам бир неча юзни ташкил қилгани, бу ердаги ходимларнинг сустлигидан далолат сифатида баҳоланарди. Бу паст баҳодан қутулишнинг бирдан бир йўли эса - қамаш бўйича рақамларни талаб даражасига етказиш эди. Бунинг энг осон йўли аввал қамалганларни яна бир элакдан ўтказиш, сўнг эса “Совет ҳокимиятининг олижаноблигига шукр қилиш ўрнига яна жиноий ҳаракатларини давом эттираётганликлари учун” қамоққа тиқиш эди.
Қамоқ камерасида ўтирган Мирзакалонга, нафақат унга, балки юз мингларча жафокашларга бу оддий ҳақиқат қоронғу эди. Ажабки, орадан йиллар ўтгач ҳам қоронғулигича қолаверади.
Мирзакалон ўзини зўрлаб бўлса-да, “АҚД” тарихини қайтадан ёзди. Аввалги маълумотларга ҳеч қандай янгилик қўшмади. Ошхўр улфатларнинг ҳазили туфайли юзага келган “ундирком”га сиёсий либос кийдиришни хаёлига ҳам келтирмади. Шу “ундирком” баҳонасида бегуноҳ ошхўрларнинг жазога тортилиши мумкинлигини билгани учун ҳам ҳар бир сўзни ёзишда эҳтиёт чорасини унутмади. Гарчи, терговчи Александр Александрович ўзбек тилини билмаса-да, унинг ҳар бир ҳарф нима экан, ҳар бир белгини кавлаштириб, сиёсий хато топиб берадиган ёрдамчилари борлигини билмаслик нодонлик бўлур эди.
Беш тун тинч ўтди. Мирзакалонни сўроққа чақирмадилар. Терговчи касалмиди, ё сафарда эдими ё муҳимроқ иш билан бандмиди, ҳар ҳолда бу кунлар ва тунлар мобайнида унинг ёзаётган иқрорномаси билан қизиқмади. Мирзакалон унинг йўқловини кутмай, баёнини давом эттирди. Терговчи дастлабки сўроқ кунлари унинг урушдаги иштирокини “ватанпарварлик бурчини бажариш” деб эмас, фашистларга асир тушиб, хорижга қочиб қолишга баҳона эди, деб баҳолаганди. Сталинграддан то Берлинга қадар босиб ўтилган мингларча чақирим йўл давомида фашистлар томонга ўтиб кетишга мингларча шароит туғилган пайтларда нима учун ўтиб кетмагани билан қизиқмади. Терговчи учун айбноманинг мантиққа асосланган бўлиши шарт эмасди. Унинг учун муҳими – маҳбус айбномага иқрор бўлиши ва ўзининг малъун эканини асосли равишда исбот қилиб бериши шарт эди.
Уруш гўё ҳаёт элаги эди: одамларни эларди. Ким элакнинг тирқишларидан тушиб, қўлига қурол олганича жангга жўнарди. Ким элакнинг симларига ёпишиб олиб иссиқ ўрнида қолишни хоҳларди. Мирзакалон мухбирлар кўп ёзгани каби “қалб амри билан, кўнгилли равишда” фронтга отланмади. Кўп қатори унга ҳам ҳарбий комиссариатдан чақирув қоғози келди. Номдор ёзувчиларнинг бу сафарбарликдан олиб қолиниши аниқ эди. Партия учун уларнинг милтиқ отишидан кўра, бомбадан ҳам кучлироқ ҳисобланган сўз қуроли билан жанг қилишлари, таъбир жоиз бўлса, “партиянинг содиқ жарчилари” сифатида бунда қолишлари муҳимроқ эди. Мирзакалон номдор ёзувчи даражасига етмаган, таржима китоблари, мақолалари инобатга олиниб, унга “бронь” – фронтга боришдан озод этилувчи имтиёз қоғози берилиши гумон эди. Чақирув қоғозини олиши билан сафарга ҳозирланди. У урушга боришдан, у ерда ўлиб кетишдан қўрқмасди. Уни беш фарзандининг мўлтиллаб қараб турган кўзлари изтиробга соларди ҳалос. Фаррух, Флора, Фаридаси анча улғайиб, онасига ёрдамчи бўлиб қолишди. Лекин Ҳасани билан Ойзуҳраси энди-энди тетапоя қилиб юрибди... Беш болани боқиш Зуҳрахонига осон бўлмас... Мухбирлар халқни “душманни тез кунларда янчиб ташлаймиз”, деб ишонтиришмоқчи бўлишяпти. Деҳқон ёки чўпон бу гапларга ишонаётгандир балки. Лекин дунё воқеаларини сергак кузатувчи зиёли аҳли, жумладан, Мирзакалон ҳам, бу урушнинг узоқ давом этишини сезиб туришади. Бугун фарзандлари, яқинлари билан видолашаётган йигитлар тирик қолган тақдирларида ҳам айрилиқлари ойлар, йиллар давом этажагини билишмайди. Қўлида бирон марта ҳам милтиқ ушламаган бўз йигитнинг урушдан тирик чиқиши ҳам маҳол... Уруш – айрилиқ, уруш – азоб... уруш – ўлим, ҳамма айрилиқ дарди билан азоб чекади, лекин ҳамма ўлмайди. Урушни ўлим деб урушдан қолиш чорасини топганларнинг қанчалари Ғалаба кунига етиб бормай ўлиб кетдилар. Мирзакалон ҳарбий комиссариатда “бронь” олиб қувонганларнинг машина ҳалокати туфайли ўлганларини эшитиб, “ажалдан қочишнинг ҳечам иложи йўқ, ажалнинг “брон”и бўлмайди”, деб қўйган эди.
Урушда эканида “урушдан кейин уйимга қайтиб фақат бир кунгина яшасам ҳам армоним қолмас эди”, деб орзу қиларди. Сталинградда қиёмат олови ичида қолганида “уйимда бир соатгина яшасам эди”, деб Худога илтижо қилганди. Бир соат, бир кун эмас, салкам беш йил яшаш насиб қилган экан. Бунинг мукофотигами, қамоқ азоблари ҳам қисматида бор экан. Ё пешонасига шу қамоқ азоблари ёзилгани учун урушдан тирик қайтдимикан? Худо урушда миллионларча отилган ўқлар ёмғиридан уни омон сақлади. Бу ерда биттагина ўқ кифоя... Ўша ўқ отиладими? Уйига қайтиш насиб этадими? Бир кунгина... бир соатгина... бир дақиқага бўлса ҳам майли. Сўнгги нафасини уйида, озод ҳолида олса бас...
Терговчи немислар томонга ўтишга интилгансан, деб даъво қиляпти. Уч йил мобайнида фарзандларини соғиниб яшаган одамга бундай даъво қилишнинг ўзи аҳмоқлик эди. Агар йигитлик чоғи шу имкониялар бўлганида эҳтимол, ўтиб кетарди. Шунда ҳам Ватанга хиёнат қилиш учун эмас, Ватан озодлиги учун четда туриб курашмоқ мақсадида ўтарди. Энди беш болани қақшатиб кетиш... Фарзандлари кўзларидан томган бир томчи ёшнинг уволи тутмайдими? Дунёни қонга белаётган фашист берган бир тишлам нон томоғидан ўтар эканми?
Буларни терговчи тушуниши қийин. Тушунтиришга ҳаракат ҳам қилмаслик керак. Унга иқрор керак бўлса, ёзиб беради ўша иқрорни. Ёзмаса... биринчи галда хотини Зуҳрахонга даф қиладилар. “Халқ душманининг хотини” деб қамалганлар қисматини Мирзакалон билади. Ҳатто ўсмирларга ҳам “душман боласи” деб айб тақаб қамашлари ҳеч гапмас. Айниқса, Зуҳрахонга қўшимча айб сиртмоғини осонлик билан ясайдилар. То йигирма тўртинчи йилгача Ўшда қозилик қилган Охунжон қозининг қизини душманликда айблаш улар учун қийин иш эмас...
Шуларни ўйлаб ётган Мирзакалоннинг юраги ўйнаб, туриб кетди. Ҳудди ҳозирнинг ўзида яқинлари қамоққа олинаётгандай, шошилди. Қўлига қалам олиб ёза кетди:
“Гитлер Германияси СССРга хиёнаткорона ҳужум қилди. СССР халқлари олдида абадий озод бўлиб қолиш ё фашизм қуллигига тушиш, бор бўлиб қолиш ё йўқ бўлиб кетиш масаласи турар эди. Ана шу хатарли пайтда совет халқининг кўп фарзандлари қатори мен ҳам Социалистик ватанимиз мудофаасига чақирилдим. Мен билан бирга Мумтоз Муҳамедов, Маъруф Ҳакимов ва бошқа ёзувчилар Тошкентдаги Пиёда аскар офицерлари тайёрлаш мактабига юборилдик. Биз у ерга 1942 йилнинг май ойида кириб бордик. Мен билан Мумтоз пулемёт ротасига, Маъруф Ҳакимов бошқа батальоннинг ўқчи ротасига жойландик. Бизнинг ротамизда Мумтоздан бўлак ўзбеклар ҳам бор эди. Уларнинг бир қанчаси билан апоқ-чапоқ бўлиб кетдим. Аммо уларнинг исм-фамилияларини унутганман ёки тўлиқ билмайман. Бир йигитни “Мамат бола” деганимиз, яна Расул деган йигит ёдимда қолган. Дам олиш дақиқаларида мен уларга ўн олти мамлакатнинг техника ва жонли кучи билан устимизга бало-қазодек ёпирилиб келаётган Гитлер ўрдуларини қайтариш у ёқда турсин, тўхтатиш мумкин эмаслиги ҳақида гапирдим. Ўшанда орамизда таҳминан мана шу мазмунда гаплар бўларди:
-Немис бало экан, бизнинг уруғимизни ўйнатиб юборди-ку!
-Ҳозир фронтга бориш – лаққа гўшт бўлиш-да!
-Боришга-ку, борамиз-а, лекин жонни жабборга бериб урушадиган гўсхўр топилармикин?
-Ие, борганингдан кейин урушмай чоранг қанча?!
-Чораси йўқ нарса йўқ.
-Нима демоқчисан? Ё секин...
-Шу-да, секин ўтамиз-кетамиз.
-Рост айтасан, ўтиш-кетиш – бошқа гап йўқ!
Бундай суҳбатларда Мумтоз кам бўларди, бўлган пайтларида эса бизга танбеҳ берарди. Душманчилик, сотқинчилик мақсадида айтилган бу фикрларнинг конкрет эгаларини орадан кўп йиллар ўтиб кетганлиги учун ҳозир эслай олмайман. Ҳозир айтишим мумкин бўлган аниқ гап: ҳарбий мактабда бир группа ташкил қилиб, фронтда душман томонга хиёнаткорона ўтиб кетиш ҳақидаги режамиз шу сабаблар билан амалга ошмай қолди:
1. 1942 йилнинг июль ўрталарида ҳарбий мактабнинг курсантларидан “курсантлар полки” ташкил этилиб, фронтга жўнатилди. Менга ҳамфикр бўлган Мамат бола ва Расуллар шу полк сафида фронтга кетишди. Мен уларнинг тақдирлари нима бўлганини ҳозиргача билмайман. Мактабда Мумтоз билан мен қолдим. Ҳамфикрлар кетишгач, Мумтоз билан бу ҳақда гаплашмадик.
2.Мен ҳам узоқ турмай, 1942 йилнинг 15 августида фронтга жўнаб кетдим. Мактабда Мумтознинг ўзи қолди.
Урушдан сўнг уйга қайтганимда Мумтозни ЎзТАГда кўрдим. У раис муовини бўлиб ишлар экан. Ҳарбий мактабда эканимизда дилимда туғилган режа ҳақида гаплашмадик. Мумтоз Октябрь райкомига секретарь бўлгандан кейин ҳам мени эсдан чиқармади. 1949 йилда, Ёзувчилар союзининг учинчи пленуми бўлиб турганда, союзга машинасини юбориб, мени уйига олдириб кетди. Борсам, у ерда Адҳам Юнусов, унинг хотини Ҳасана, менинг хотиним Зуҳра ўтиришибди. Мумтоз мени қувониб қарши олди. Пленумда бўлган гаплардан сўради. Усмон Юсупов ўзини яхши кўрганлигини, яқинда Министрлар Совети ҳузуридаги Санъат ишлари бошқармасига бошлиқ бўлиб кўтарилажагини айтиб, қўлбола мусаллас билан хўб меҳмон қилди. Мумтоз Муҳамедовнинг Адҳам Юнусов билан қандай алоқаси борлигини мен фаҳмламадим. Бу ерда органни қизиқтирадиган гаплар бўлганини эслай олмайман.
Ёзувчилар союзининг шу пленумида, пленумдан кейин жамоатчилик мени ишдаги камчиликларим туфайли қаттиқ танқид қилиб юрган кезлари, 1950 йилнинг сентябрида Санъат ишлари бошқармасининг бошлиғи Мумтоз Муҳамедов мени ўз бошқармаси ҳузуридаги Репертуар комитетига бошлиқ қилиб олди. Бир куни, унинг хонасида, орамизда шундай гап бўлиб ўтди: у вақт Корея халқ демократик республикасининг территориясини Америка аэропланлари йиртқичларча бомбаламоқда эдилар. Мен шу туфайли халқаро ҳавонинг бузилаётганини, яна уриш бошланиши эҳтимоли борлигини айтдим. Шунда Мумтоз истеҳзо билан кулиб туриб:
-Намознинг қазосини ўқир экансиз-да?-деди.
Мен унинг киноясини тушунган бўлсам ҳам аниқлаб олмоқчи бўлдим:
-Яъни?
-У сафар ўтолмовдингиз, бу сафар ўтар экансиз-да...
Мумтоз менинг ҳарбий мактабдаги нодонларча тузган режамни ёдимга солиб, танбеҳ берган эди. Мен ёшликда каллага ҳар турли аҳмақона фикрлар келишини рўкач қилиб, ўшандан бери астойдил пушаймонда эканимни айтдим...”
Бу сатрларни ёза туриб, қўли толгандай, қаламни қоғоз устига ташлади. Аслида қўли эмас, қалби толган эди. Хаёлни чалғитиш, руҳ хордиғини чиқариш мақсадида бадантарбия қила кетди. Одатда бадантарбия эрталаб қилинар эди. Бу ерда эрта ва кечнинг фарқи йўқ, ҳафта кунларидан қай бири ўтаётганини ҳам билмайди. Шундай экан, қачон хоҳиш бўлса, бадантарбияни бошлайверади. Нафас олиши тезлашиб, пешонасидан муздек тер чиққач, ҳаракатларини бас қилиб, каравотига ўтирди. Темир эшик дарчаси очилиб, пешинлик таомни узатишди. Бир бурда қора нон билан бўтқани ейиш ҳам унинг учун оғир вазифа. Қўл – итоаткор, қошиқни олади, бўтқани оғизга олиб боради. Оғиз ҳам итоаткор – очилади, таомни қабул қилиб олади. Аммо томоқ ўжар, бу бемаза таомни ўтказмайман, деб қайсарлик қилади. Тил бўтқани оғиз бўшлиғида айлантираверади, гўё томоқни алдамоқчи бўлади. Пастроқда ошқозон ҳам нолиб, “бемаза бўлса ҳам ўтказиб юборавер, менга барибир”, дейди. Томоқ бу талабларга бўйсунади... Уруш давридаги таомлар бемазаликда бунисидан қолишмасди. Лекин уни ейишда бунчалик қийналмасди. Бемаза бўлса ҳам таомни озодликда ейишнинг гашти бўлакча эканини бу ерда ҳис қилди.
Ҳарбий мактабдан уни тўғри жанггоҳга юбормадилар. Улар шаҳардан ташқарига чиқиб, Ғазалкент яқинидаги Озодбаҳшда амалий машғулотлар ўтказишаётган эди. “САВО” деб аталмиш Сиёсий бўлим вакили келиб, Мирзакалонни чақирди-да, Тошкентга олиб қайтиб Жалолов иҳтиёрига топширди. Жалолов “политрук” – сиёсий раҳбар унвонида эди. Сталинград фронтида ташкил этиладиган ўзбекча фронт газетаси “Қизил Армия”га редактор ўринбосари қилиб тайинланган Жалолов бопта ходимлар танлаш билан банд эди. У Мирзакалондан фронтга бориш истаги борми-йўқлигини сўради. Аслида уруш чоғи ҳарбий кийимдаги одамдан бундай савол сўралиши қизиқ эди. Мирзакалон бу саволни расмиятчилик учунгина берилганини англаб: “Эл бошига тушган тўй, истакка ўрин йўқ”, деб қўйди. Жалолов вазифаларини тушунтирган бўлиб, сўнг таҳририят ходимлари билан орқаваротдан таништирди:
-Мен ва сиздан бошқа машҳур тил олими, ҳамшаҳрим, лейтенант Улуғ Турсунов, Эрберг деган яҳудий олими, корректор Солиҳ Абдукаримов, машинистка-котиба Зефо Шамсуддинова, метранпаж Абдураҳим Ўрозов, линотипчи Зикрилло Умрзоқов, ҳаммаси бўлиб етти кишимиз. Очиғини айтсам, сизнинг ўрнингизга Абдулла Қаҳҳорни мўлжаллаган эдим. Лекин САВО кўнмади, унинг фронт ортида қиладиган ишлари кўп экан.
Икки кундан кейин йўлга тушишди. Улар фельдмаршал Паульс қўмондонлигидаги қўшин Сталинградга таҳдид солаётганини ахборот оқими орқали билишарди. Лекин дўзахнинг ер устига кўчганини ўша ерга бориб кўришди. Оламнинг чумолидан ҳам ҳақирроқ эканига ҳам шу ерда гувоҳ бўлишди. Уларнинг таҳририятлари жойлашган вагон жанггоҳдан нарироқда бўлса-да, портлаётган бомбаларнинг гумбур-гумбур товуши яққол эшитилиб турарди. Баъзан эса адашган бомбалар шу яқин атрофда портлаб, барчанинг жонини ҳалак қиларди. Оқшом чоғи спиртга сув қўшмай ичиб, қизишиб ўтиришганда портлаган бомба вагонни ҳам қалқитиб юборди. Жалолов жонҳолатда сакраб туриб кетган ҳамкасбларига қараб кулди:
-Буниси ҳолва, ҳали немис бир бомбаласин, бир бомбаласин-ки, сичқоннинг ини минг тилла бўлиб кетсин. Кейин қарабмизки, Улуғ Турсуновнинг икки қўли йўқ, Мирзакалоннинг икки оёғи йўқ!-шундай деб кўзларини айёрона қисди:-Тошкентга қайтишади-ю, кўчада тиланиб ўтиришади!-У кулгидан тўхтаб, юпатиш оҳангига кўчди:-Хафа бўлманглар, ўтган-кетганда бир сўм-ярим сўм садақа бериб тураман.
Бу совуқ гап ҳазил тариқасида айтилган бўлса-да, бадандан муз югургандай туюлди.
-Нафасингизни иссиқроқ қилинг, яхши гапга ҳам, ёмонига ҳам фаришталар “омийн” деб туришаркан.
-Мен-ку, яхши нафас қиларман-а, лекин Гитлернинг бомбалари фаришталарингизнинг “омийн”и билан ҳисоблашиб ўтирмаса керак.
Улуғ Турсунов бу гапдан аччиқланиб, ташқарига чиқиб кетди. Жалолов эса уруш фалсафаси ҳақидаги фикрларини Мирзакалонга баён қилиб, унинг бошини қотирди. Аввалига Қамишинда кўрганларини айтиб, кўзларига ёш олди:
-Қамишинда нуқул ўзбек ярадорларини кўрдим. Бечора ўзбек аллакимларнинг дашт-саҳросини сақлайман, деб қўйдек қирилиб кетяпти! Урушга бўйиндан боғланган итдай келтириб солинаётган, таълим кўрмаган аскар билан ғалаба қозониб бўлмайди. Ҳадемай Сталинград ҳам пайҳон бўлади, совет ҳам инига кириб кетади. Совет жангчиларининг фидойилигини мақтаган сиз билан мен эсам аҳмоқ бўлиб қолаверамиз. Дунёд аҳмоқ бўлиб ўлишдан азоблироқ нарса йўқ.
Мирзакалон уни кайфи ошиб қолган, деб гумон қилгани учун ортиқча баҳслашмади.
Эртасига Жалоловни таҳририят партия ташкилотига шошилинч равишда чақириб қолишди. Орадан уч соатча вақт ўтгач, у руҳи синиқ ҳолда қайтди. Мақола ёзиш билан банд бўлган Мирзакалон унга қараб қўйди-ю, аҳволини сезса ҳам, сабабини сўрамай, ишини давом эттирди. Орадан бир неча дақиқа ўтгач, Жалолов чуқур “уф” тортгач, эзгин оҳангда гап бошлади:
-Мирзакалон, бу вагон нимадан ясалган, биласизми?
Мирзакалон саволнинг нўноқлигидан ажабланиб, бошини кўтариб унга қаради-ю, лекин жавоб бермади.
-Ғилдираклари темирдан, тепаси тахтадан, дейсиз-да, шундайми? Мен ҳам шу фикрда эдим. Ғилдираклари темирданлиги рост. Лекин тепаси қулоқдан ясалган, билмасангиз билиб олинг.
-Бир гап бўлдими?
-Бир эмас, анча гап бўлди. Яхшиям бу қулоқ эшитганларини Конотопга етказибди, ундан нарига ўтганида мен ҳозир бошқа жойда дабдалам чиқмаган тақдирда ҳам сўроқ қилинаётган бўлардим.
-Бирон иғво чиқибдими?
-Иғво эмас, бор гап. Кечаги ҳазилим редакция ходимларининг душманга нафратини сусайтириб, ғалабага бўлган ҳароратини совутиш мақсадида айтилган экан. Қисқаси, “қўпорувчи” деган жандага ўраб қўйишларига оз қолди.
-Ўша “қулоқ” мен эмасманми, ишқилиб?-деди Мирзакалон.
-Сиздан гумоним йўқ. Агар сиз бўлганингизда уруш сиёсатида катта хатоликларга йўл қўйилаётгани ҳақидаги гапим билан асфаласофилинга жўнаб қолардим. Умуман... ҳеч кимдан гумоним йўқ. Тошкентдалигимда чиройли, силлиқ қаламингиз учун эмас, миллат учун ёна олишингизни, юрагингизнинг тозалигини ҳисобга олиб, сизни танлаган эдим. Сизни тавсия қилганларнинг ҳам юраги покиза. Бизни бир дард бирлаштиради. Аммо дардкаш бўлишдан қўрқамиз. Ҳозирча сиз ҳам “қулоқ”дан эҳтиёт бўлинг. Бу дўзахдан омон чиқиб олсак бас.
Кутилмаган учрашувлар
Мирзакалон ўшанда “фаришталар “омийн” деб юборади”, деб бекорга огоҳлантирмаган эди. Орадан бир йил ўтмай, поезд-редакциялари Днепр соҳилида турганда немис аэроплани ташлаган бомбадан портлаб кетди. Зефо ҳалок бўлди. Жалолов эса яраланиб, мажруҳ ҳолатида уйига қайтди. Айни пайтда юзлаб бомбалар портлаётган жанг майдонида бўлган Мирзакалон эса омон қолди. “Юз йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади”, деб шунга айтадилар.
Бу фалокат Мирзакалонни оғир аҳволга солиб қўйди. Аввал Улуғ Турсунов, кейин Эрберг бошқа хизматга юборилган эдилар. Газетанинг барча ташвиши икки кишининг зиммасида эди. Бу ҳам ҳолва экан, Жалолов кетгач, бош муҳаррир ўринбосари ҳам, таҳририят котиби ҳам, таржимони, ҳарбий мухбири ҳам, ҳатто техник ходими ҳам ёлғиз ўзи эди. Шундай кезларда барча газеталарнинг муҳаррирлари Москвага чорланди. Гарчи Мирзакалон бу лавозимда бўлмаса-да, бошқа одам йўқлиги учун у ҳам сафарга жўнатилди. Бош Сиёсий Идора томонидан Москвада чақирилган фронтлардаги миллий газеталар редакторларининг кенгашмасида ўзбекистонлик газетачилардан Рустам Абдураҳмонов, Адҳам Раҳматов, Шариф Бўлатов, Расулжон Муҳамедовларни кўриб боши кўкка етди. Улар билан аввалдан таниш бўлгани билан, сирдош, дардкаш эмас эди. Шу боис ўзаро ўтган суҳбатларда сиёсатга алоқадор гап-сўз бўлмаган эди. Фақат бир марта, чой ичиб ўтиришганда Адҳам Раҳмат адабиётдан сўз очиб қолди:
-Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикояларини ўқияпсизларми? Ёзилиши ёмон эмас-ку, лекин жанг тафсилотлари тасвирлари анча саёз-да.
-Уруш кўрмаган одамдан яна нимани талаб қиласиз?-деди Рустам.
-Жанг тафсилоти, жангчи кечинмаларини беришга чиройли сўзлар тизими етарли эмас, дўзах азобини ҳис қилиш керак,-деди Мирзакалон Адҳамнинг фикрини қўллаб.
-Урушни ўз кўзи билан кўрмай туриб ҳам ҳис қилиш мумкинми?- Рустам шундай деб ўз фикрини қатъийлик билан ҳимоя қилди.
-Мумкин,-деди Мирзакалон ҳам бўш келмай,- Лев Толстой Наполеон босқинини кўрмаган эди-ку? “Уруш ва тинчлик”да ҳис, туйғу йўқ, деб ким айта олади?
-Бунинг учун урушни кўрмай туриб ёзадиган одамда Лев Толстой қалами бўлиши керак.
-Толстой қаламини ўзи билан гўрига олиб кетган деб ўйлайсизми? Навоийни берган халқдан Толстойдан ўтиб кетадиган ёзувчи чиқмас эканми?
Мирзакалоннинг бу гапи ўтирганлар учун баландпарвоз бўлиб туюлишидан ташқари, ўтмишни соғинишдан ҳам ташқари, сиёсий хато мавжуддай туюлиб, кулимсираб қўя қолишди, мавзуни давом эттиришмади. Ўзбеклар орасидан улуғ рус халқининг буюк ёзувчисидан аълороқ адиб етишмоғи орзуси замиридан ўзгача маънолар оқиб чиқишини барчалари сезиб, суҳбатни бас қилганлари бир томондан яхши ҳам бўлган эди. Мирзакалон буни сезиб, чекиш баҳонасида ташқарига йўл олди. Адҳам Раҳмат ҳам шу баҳонада унга эргашди.
-Жангда ўлаётганлар бизнинг зиммамизга катта вазифа юклаб кетишяпти,-деди у папиросини тутатиб.-Агар уруш ҳақиқати ҳақида романлар ёзилмаса, халқ ёзувчилардан рози бўлмайди. Шуларнинг бир нечасини сиз ёзишингиз керак бўлади.
-Нима учун мен? Нима учун Адҳам Раҳмат эмас?-деди Мирзакалон ҳазил оҳангида.
-Сиз бадиий адабиёт майдонига кириб келгансиз. Мен эса публицистман. “Уруш ва тинчлик” даражасида асар ёзиш учун Қодирий қалами керак, Чўлпоннинг эҳтироси билан қалби керак. Сизда иккови ҳам бор. Чўлпоннинг шогирдидан талаб катта бўлади.
-Қайси Чўлпон? Миллатчи, халқ душмани Чўлпонни айтяпсизми?
Бу гапни эшитиб Адҳам Мирзакалонга норози қиёфада қаради. Сўнг бош чайқаб, деди:
-Биз ҳозир икки киши гаплашяпмиз. Орада учинчи одам бўлса, шундай десангиз айб ҳисобланмасди. Биламан, оғзингиз куйган, қатиқни ҳам пуфлаб ичасиз. Лекин ҳақиқат битта – кўз юмишга ҳаққимиз йўқ. Демак, уруш ҳақидаги романни биринчи бўлиб сиз ёзасиз.
-Нима, роман ёзишга сизнинг кучингиз етмайдими? Ўзингизга ўзингиз ишонмаяпсизми?
-Гап кучда, ишонишда эмас. Мен бир қарорга келиб қўйганман. Тирик қолсам, урушдан кейинги вазифам тайин: ўзингиз ҳам кузатаётгандирсиз, юзлаб аскар йигитларимиз номсиз қабрларга кўмиб ташланишяпти. Уйларига “бедарак йўқолди” деган икки сатр хабар юборишяпти. Урушдан кейин ўша “бедарак” қаҳрамонларнинг номини тиклашга ҳаётимни бағишлайман.
-Адҳамжон, агар малол олмасангиз вазифангизга жиндек таҳрир киритсам,-деди Мирзакалон қувлик билан,- Урушдан кейинги биринчи вазифангиз, уйга қайтишингиз билан тўхтовсиз равишда тўй қилсангиз-у, ҳаётингизни биринчи галда умр йўлдошингизга бағишласангиз. Қайлиғингиз сизни соғингандан соғингандир, хат ёзавериб чарчаб ҳам кетгандир.
-Кунда бўлмаса ҳам ҳафтада икки-уч хат ёзиши рост,-деди Адҳам маъюс кулимсираб,-ўзим ҳам қанот чиқарсаму учсам деб яшаяпман.
Шундан сўнг мавзу оила соғинчларига кўчди. Уларнинг суҳбати қоронғулик бағрига сингиб кетди, ҳеч кимга ошкор бўлмади.
Қалам аҳли орасида сиёсий мавзуда гап очилмагани терговчига маълум экан шекилли, сўроқ пайтида “улар ким эди, миллий масалада нималар дейишди?” деб қийин-қистовга олмади. Уни кўпроқ Мелиев, айниқса Фозил билан бўлган учрашувлар тафсилоти қизиқтирарди.
Мелиевни кўргандаги қувончи рост. Қучоқлашиб кўришгани ҳам рост. Москвага йўл олганида фронтчи газетачилар орасида ватандошларини кўришга умиди бор эди. Лекин Тошкентдан келган қалам аҳли билан учрашуви етти ухлаб, бир тушига кирмаганди. Биринчи қамоқ муддатини ўтаб чиққанидан кейин Ўзбекистон Давлат нашриётида ишлаб юрганида орттирган қадрдони шу Мелиев эди. Мелиев билан хизматдагина эмас, ишдан сўнг ё иш ораларида палов сузилган товоқ атрофида ҳам ҳарвақт бирга бўлишарди. Терговчи “Мелиев билан қачон танишгансиз, у ҳақда фикрингиз қандай?” деб сўраганида “Мелиев “Ўздавнашр” партия ташкилотида секретар бўлиб турган кезларида ҳам, кейин “Қизил Ўзбекистон” газетаси редакциясининг партия ҳаёти бўлимида ишлаб юрган пайтларида ҳам, миллатчи деган шаъним борлигига қарамай, менга ўзини ҳамиша яқин тутар эди. Ҳақиқат, адолат хотири учун эътироф этишим керакки, Мелиевдан, у билан танишганимиздан то Совет Армияси сафида чет элга ўтганимизгача, бирон “антисовет” гап эшитган эмас эдим. Москвада бахтли тасодиф туфайли кўришганимизда ҳам фақат Тошкентдаги шўхликларимизни, бирга қилган паловхўрликларимизни эслашдик”, деб жавоб берган эди.
Мелиев “ўлдирса ҳам ош ўлдирсин”, дегувчи тоифадан эди. Урушдан кейинги улфатда ҳам ҳозиру нозир бўлган бу дўст “ундирком” деган ҳазил атамани эшитиши билан хахолаб кулиб, шу-шу тилдан қўймайдиган бўлган эди. Эллигинчи йил адоғида қамоққа олингунига қадар “ундирком” Мирзакалон учун ҳазил атама эди. Бу ҳазилнинг сиёсий атамага айланиши ҳам ўша айни ижодкорнинг “хизмати” эканини дастлабки сўроқлар даврида у тасаввур ҳам қила олмас эди.
Қирқ учинчи йил охиридаги ўша қувончли учрашувда бирон бир фолбин келиб, ҳали бу дўстингдан ҳам хиёнат кўрасан, деса Мирзакалон уни иғвогар ва фитначи деб билиб, уриб ташлаши ҳам мумкин эди. Мирзакалоннинг омади кулиб, Ўзбек совет адабиёти ўн кунлиги байрамининг охирги тадбирларида иштирок этиш бахтига эришди. Биринчи учрашув куниёқ Мелиев уни қалам аҳли жойлашган “Москва” меҳмонхонасига бошлади. Деразаларидан Кремль, Ленин мавзолейи кўриниб турадиган меҳмонхонада Ғафур Ғулом, ўшлик дўсти Иззат Султон, хонанда Карим Зокировларнинг ширин улфатига қўшилишди. Мирзакалон сувдонидаги спиртни ўртага қўйгач, улфат янада жонланди. Мелиев чўнтагидан карта чиқаргач, “йигирма бир” қимор ўйини бошланиб, ҳамманинг диққат-эътибори ўртадаги пулга қаратилди. Гарчи ўйин, жиддий қимор эмас, ҳазил-ҳузул, дўстона тарзда бўлса-да, ютган одам ютқизганга қайтариб бериши шартлиги таъкидланиб турилса-да, эҳтирослари ҳақиқий эди. Мирзакалоннинг қўли баланд кела бошлагач, Ғафур Ғулом “Бу капитан икки қултум спирт қуйиб бериб шўримизни қуритяпти-ку? Иззат, Тошкентга пиёда жўнаймиз шекилли?” деб кулди. Мирзакалон ютиб олган пулларини ўртага қўяётганда Мелиев Ғафур Ғуломга қараб жилмайди-да, эркалаш оҳангида хиргойи бошлади:
Зумуррад чамбар ичра қатра олмосдир қулоғида,
Суман баргида шамбнам аксидир, ё кўз булоғида
Демам шабнам, қамар атрофида зийнатли кавкаблар,
Иқомат тузмиш ул юлдуз ики абру қирғоғида.
Карим Зокиров қўшиқ сўзларини билмагани учун хиргойига қўшила олмади. Бироқ, тек ўтиролмай, ликопчани олганича чертиб, жўр бўлди. Бундай ўзбекона улфатни соғинган Мирзакалон Мелиевга қўшилди. Санъат ишқи унга отасидан ўтган. Исмоилхўжа дутор чертишда Андижону Ўшга донг таратган эди. Тўнтаришлар бошлангунга қадар Холхўжа жўрабоши бўлган улфатнинг булбули саналарди. Холхўжа қўлига қурол олгандан кейин ҳам кўнгли тусаган кезлари Исмоилхўжани қароргоҳига топдириб келарди. Четга ўтиб кетишда уни ҳам даъват қилди, лекин “деҳқон одамга четда нима бор?” деб Исмоилхўжа унамаган эди. Турли улфатларга чорланавериб жонига теккач, охири дуторини бир уриб синдирган, шундан сўнг унинг таронасини, хиргойисини биров эшитмаганди. Гарчи дуторни уриб синдирган бўлса-да, санъати ўғли Мирзакалонга, қизи Санобарга ўтганди. Исмоилхўжа фарзандларининг Тошкентда ўқиб юрган кезлари ҳаваскорлик саҳнасида олқиш олаётганларидан бехабар эди. Мирзакалон Кремль ёнидаги меҳмонхонада сархуш ўтирган онда ўша ҳаваскорлик саҳнасини, унда оққуш каби сузувчи биринчи муҳаббати Ҳамидахонни эслаб, Мелиевга беихтиёр жўр бўла бошлаган эди. У қўшилгач, Мелиев жим бўлди. Мирзакалоннинг ширали овози Карим Зокировни сеҳрлаб, ундан кўзини олмади. Мирзакалон давра аҳлини мафтун қилаётганини сезмай, кўзларини ярим юмиб куйларди:
Шарафли бахт эрурим, ҳар нафасда ёр юзин ўпгай,
Агар тун бўлса нозик ҳалқалар икки яноғида.
Ҳамиша мен Ғуломий сирғага соҳиб у дилбарнинг,
Неча кундирки, Чустий икки балдоқнинг сўроғида...
Қўшиқ ниҳоясига етгач, Карим Зокиров ликопчани доира каби чертиб, завқ билан “Дўст! Яш-шанг, капитан!” деб қўйди.
Ғафур Ғулом ҳам ҳузурланиб, тебранди-да, кўзларини айёрлик билан қисиб ҳазиллашди:
-Бу эротик шеърни қаердан кавлаб топдиларинг? Ўзимнинг ҳам эсимдан чиқиб кетувди.
-Андижонда ёзилган шеърни андижонликлар унутишмайди,-деди Мирзакалон қувлик билан.
Ўзаро ҳазил оҳангини Иззат Султоннинг кескин ва жиддий гапи бўлди:
-Ғафур ака, сиз бағрикенг одамсиз. Лекин дуч келган одам билан мушоира қилишингиз ярашмайди. “Тенг тенги билан” бўлиши керак. Мушоира қилган шоирингиз сиздай покиза бир одамнинг шаънига балчиқ чаплаб қўйиши мумкин.
Бу гапни эшитиб, Ғафур Ғулом қошларини чимирди:
-“Тенг тенги билан” бўлгани яхши. Лекин “кенгга кенг дунё” деган гаплар ҳам бор. Кенгроқ бўлаверинг Иззатвой.
Бу сўз олишуви Мирзакалонга ўткинчи гапдай туюлган эди. Бу ердан чиқишгач, Мелиев уни яна бир хонага бошлади. Хона соҳибини “Республика соғлиқни сақлаш халқ комиссари” деб танишдирди-да, “Ака, Қизил Байроқ ордени билан мукофотланганингизни эшитиб, дўстимиз Мирзакалон сизни фронтчи ўзбек жангчилари номидан табриклаш учун атай келибдилар” , деди. Мирзакалон бу кишини биринчи марта кўриши, янгиликни ҳам энди эшитиши эди. Шу боис бир оз гангиб турди-да, кейин совуққина қилиб “Ҳа, табриклаймиз, қутлуғ бўлсин”, деди. Хона соҳибини танимаса-да, унинг меҳмонини яхши биларди. “АҚД” баҳонаси билан уни турмага тиққан Фозилнинг Халқ комиссари билан конъяк ичиб ўтириши уни лол қолдирди. Фозил қизишиб ўтиргани учунми ё Мирзакалонни кўриб, эски хотиралар юкидан юзи қизариб кетдими, билиш мушкул эди. Мирзакалон кўришгач, ундан сал наридаги бўш ўринга ўтирди. Фозил бир неча дақиқа бошини қуйи солиб ўтиргач, ўрнидан қўзғолиб, унинг ёнига келиб, меҳрибонлик билан ҳол-аҳвол сўради. Мирзакалон эски адоват, эски кек ўтини ўчиришга ҳаракат қилиб, яхши муомала қилди.Фозил унинг очиқ-чочиқ гаплаша бошлаганидан қувониб, Ёзувчилар союзи бераётган зиёфатдан кейин “Метрополь” меҳмонхонасига келиб, у билан кечалашини илтимос қилди.
Халқ комиссарининг орденини “ювиш” зиёфатида конъяк билан кайфни чоғлаб, даҳлизга чиқишганда Мирзакалон ҳамшаҳри Комилни кўрмоқчи бўлди. Комил Яшин билан Ҳалима Носирова қўнган хона эшиги очиқ эди. Мирзакалон аста тақиллатишига жавобан ичкаридан “кираверинг”, деган таклифни эшитиб, ҳижолатсиз кириб келди. Эр-хотин қутилардаги меваларни саралаш билан банд эдилар. Йўлда уриниб қолган олма-ю, нок, анорларни алоҳида ажратиб қўйишган эди.
-Зиёфат қуюқ бўлади шекилли?-деб ҳазил қилди Мирзакалон, улар билан сўрашиб олгач.
-Зиёфатмас,- деди Яшин қаергадир шошилаётганини яширмай. –Ҳалимахоннинг устозларини бир йўқлаб қўяйлик.
-Мирза ака, мевалардан олинг, олмаларни соғингандирсиз?-деди Ҳалима уринган олмаларга ишора қилиб. Хотинининг лутфини амалга ошириш учун Яшин қуртлаб, эзилган иккита олмани олиб дўстига узатди. “Катта ҳурмат билан қилинган бу меҳмондорчилик” Мирзакалонга малол келди:
-Мен ҳамшаҳарларимни соғинувдим. Олма Украинада ҳам кўп. Шираси бизникидан қолишмайди. Айтмоқчи, бу йил Ўзбекистондаги меваларга қурт тушиб кетганмиш, деб эшитувдим. Тағинам, омадингиз чопиб, битта-иккита яхшисини топибсизлар. Устозингиз ҳурсанд бўлади.
Шундай дегач, бу ерга кирганига афсусланиб, совуқлик билан ҳайрлашди-ю, чиқди. Ёзувчилар союзига аъзо бўлгани учун уюштирилаётган зиёфатга тортинмай борди. Юртдошлари билан чақчақлашиб, соғинч ўти ҳароратини бир оз бўлса-да, пасайтириш илинжи билан даврага қўшилди. Зиёфатга олий мақомда тайёргарлик кўрилган эди. Тўкин дастурхонни кўрган одам бир неча юз чақирим нарида қирғин бўлаётганига, атрофда одамлар очликдан қақшаётганига ишонмаслиги мумкин эди.
Бўш жойга ўтирган Мирзакалон ёнидаги одамни кўрди-ю, яқиндагина Ғафур Ғулом даврасида тилга олинган шоирга қўшни бўлишдан негадир юраги ғашланди. Ёзувчилар, айниқса фронтдаги адиблар оиласининг моддий таъминотига ғамхўрлик қилиши лозим бўлган Адабиёт фондини бошқарувчи бу шоирнинг хотинларга шилқимлиги кўп қатори унга ҳам маълум эди. Лекин урушгача бўлган давр мобайнида улфатчилик қилмаган, ораларида гап-сўз қочмаган эди.
Кўнгил ҳеч қачон алдамайди, бу сафар ҳам шундай бўлди. Ёнма-ён ўтиргандан кейин гаплашиш керакми – керак! Уёқдан-буёқдан гаплашдилар. Гап орасида Мирзакалон оиласини соғинганини, болаларини кўргиси келаётганини айтди. Шунда у шоир маънодор қилиб кулимсанди-да, ё мастликдан ё безбетликданми деди:
-Хотинлар у ёқда жудаям сарғайишиб қолгани йўқ, хурсанд қилиб турибмиз...
Бу гапни эшитган Мирзакалоннинг қони миясига урилди, кўзлари ғазабли нафрат билан ёнди:
-Кимларнинг хотинини хурсанд қилиб турибсиз?-деди қалтираганини сездирмасликка тиришиб. Шоир унинг човутга хезланган қоплондек ҳолатини сезмади шекилли, ошкор тубанлик билан:
-Умридан барака топсин, Адҳам Раҳматнинг чаросдек ширингина қайлиқчаси бор экан...
Бу ҳақоратли сўзлар Мирзакалоннинг эс-ҳушини олди. “Биз, азиз болаларимизни, севгили хотинларимизни ташлаб, фронтда не-не азоблар чекиб юрсагу, бунга ўхшаган бир тўда бузуқи энг разил пасткашлик билан овора бўлса?! Бузуқлиги етмагандай, ўз оғзи билан фронтчига мақтаниб ўтирса?!” Шу ғазаб ўтида ўзини йўқотиб, тўппончасини қинидан қандай суғурганини, чап қўли билан шоирнинг ёқасидан олганини ўзи ҳам сезмай қолди. Тўппонча тепкисини босишга улгурмади. Уни тез ажратиб олдилар. Меҳмондорчиликда ҳурматли кишилар кўп эди. Айниқса тўрда ўтирган генерал Собир Рҳимовнинг ажабланиб қараши Мирзакалонга таъсир қилди. У ўтирганларга вазиятни тушунтира олмасди. Қилган тезлигидан ва эътиборли жойда кўтарган хунук жанжалидан уялиб, зиёфатдан чиқиб кетди. Совуқ кўчада бир оз дайдиб юрди. Кейин кундузи ичилган спирт кайфи тарқаб, Фозилнинг таклифини эслади-да, “Метропол” меҳмонхонаси томон юрди. Фозил уни кутаётган эди. Шу учрашув баҳонасида ўтмиш доғларини бутунлай ювиб юбориш мақсади бормиди, ҳар ҳолда, шоҳона бўлмаса-да, икки кишилик дастурхонни шай қилиб қўйганди. Унинг ёзувчилар зиёфати ҳақидаги саволига Мирзакалон тайинли жавоб қилмади. Нохуш воқеани ҳам тилга олмади. Бунинг ўрнига яқинда ВКП(б) аъзолигига номзод бўлиб қабул қилинганини айтди. Фозил уни қучиб, астойдил табриклади. Сўнг ичиш бошланди. У учрашувдан Мирзакалон фақат шуни эслайди ҳалос. Алам билан ичилавергач, қайси эс-ҳуш эгасига итоат эта оларкан? Ўшанда Фозил келажакда юқори мартабалар кутаётганини башорат қилган эди, агар турмадаги бу хонада якка-моховдек кун кўриш юқори мартабага кирса, демак, тўғри айтган экан.
“Дастаси ўзимиздан...”
Дастлабки сўроқ кунлари терговчини ўша учрашув кўп қизиқтирди. Мирзакалон ичиб, маст бўлиб қолишига шоирнинг гапи сабаб эканини айта бошлаганида терговчи унинг юзига бир тарсаки тушириб, гапини бўлган эди:
-Бу шоирингни менга пеш қилаверма. Унинг кимлигини яхши биламиз. Бесоқолбозлиги учун у бошқа ерда жавоб беряпти. Дўрмондаги боғдан Тошкентга қайтишда Ҳамдамов ҳам ўша шоирни отиб ташламоқчи бўлгани ҳам бизга маълум. Лекин биз бунақа иркит ишлар билан шуғулланмаймиз. Бизга “АҚД”даги дўстинг билан нималарни гаплашганингни айтиб бер!
Бу шунчаки таҳдидми ё биронтасидан чақув бўлганми? Ё Фозилнинг ўзи эски ҳунаридан тонмай, тўқиб-чатиб етказганми? Унда нималарни тўқиган экан? Уйдирманинг маъносини билганида айтмаган гапларини “айтдим” деб иқрорнома ёзиб берарди. Энди нимани ёзсин? Ҳарбий сирни ошкор қилдим, десинми ё “Туркистон легиони”га қочиб қолишга даъват қилдим” десинми?
Москвадаги ҳам қувончли, ҳам ғашли кунлар ортда қолиб, фронтга қайтди. Унинг кўнгли фақат бир нарсадан ҳотиржам эди. Мелиев билан хайрлашаётганида таҳририятда бир ўзи қолиб қийналаётганини айтиб “Агар сизга ҳам чақирув қоғози келаётган бўлса, газетамиз иҳтиёрига чақириб олайликми?” деганда Мелиев бу таклифни қувонч билан қабул қилганди. Мирзакалон поезд-редакциясига етиб келиши билан “Красная Армия” газетасининг Бош редакторига таклифини етказди. Мирзакалон билан синашта бўлган Потапов ўша куниёқ Фронт Сиёсий бўлими орқали Меливни таҳририят иҳтиёрига чақиртирди.
Мелиевнинг келишини кутиб юрган кезлари, қиш кунларининг бирида газетанинг янги сонини тайёрлаб ўтирганида тиббий хизмат капитани кийимидаги бир одам кириб келиб, ўзбекчалаб саломлашди.
-О-о, Мирзакалон, эсон-омонм бормисиз? Кўришган жойимизни қаранг-а! Қор тиззадан, совуқ елкадан,-деб чақчақлашиб кўришди.
Мирзакалон танимагани бу кишига одоб билан муомала қилди, уни “Қизил Армия”га редактор ўринбосари бўлиб келган кишидир, деб ўйлади. Капитан ўтирди, исмини айтди: Қодир Тоҳиров.
-Юсуф Тоҳирийнинг авлодларидан эмасмисиз?-деб сўради Мирзакалон, ундан кўз узмай.
-Ҳа, мен у кишининг амакиваччалари бўламан. Мени танимадингизми? Мен эса сизни яхши танийман.
Мирзакалон уни аввал кўрмаган эди. Шунга қарамай, Юсуф Тоҳирийнинг қариндошини ўзига яқин олиб суҳбатлашди. Фронт орқа томонида санитар назоратида хизмат қилаётган Тоҳиров эртасига ҳам келди. Икки-уч кундан кейин яна келишга ваъда бериб хайрлашди-ю, бироқ, ваъдасини бажармади. Уруш шароитида ихтиёри ўзида бўлмаган офицердан бунинг учун гина қилинмайди. Мирзакалон кутилмаганда учрашиб, тез ажрашган юртдошини кўриш умидида юрди. Орадан ойлар ўтиб, фронт чизиғи Полша ерларига кўчган пайтда Мирзакалоннинг ўнг қўли ўз-ўзидан ишламай қолди. Тиббий бўлимга мурожаат қилган эди, хасталик сабабини асабдан деб билиб, Белая Подляскага жойлашган госпиталга шошқич равишда жўнатишди. Даволаниб ётганини бировдан билдими ё ўз иши билан госпиталга келиб, иттифоқо кўриб қолдими, ҳайтовур Тоҳиров Мирзакалоннинг рўпарасида кутилмаганда пайдо бўлди. Мирзакалон туғишганини учратгандай қувонч билан кўришди. Госпитал йўлкасида кезишиб, узоқ гаплашди.
Тоҳиров Чўлпоннинг кўп шеърларини ёд билар экан, кўзларини ярим юмиб, ҳаяжон билан ўқиди.
Менинг ўйимми қора? Ёки юрт кўкида булут,
Қуюқ булут тўдаси қонли ёш тўкиб йиғлар?
Менинг бу хаста дилимни яна нечун тиғлар?
Меним-да кўксима боқмоқчи истар ул бир ўт?
Бўғиқ, қисиқ бу кўнгил кучли ўт билан ёнадир.
У ўт орасида юртнинг хаёли жонланадир...
Сатрларни ўқигач, бир зум тин олди, хўрсинди, сўнг деди:
-Чўлпон ўз номига муносиб – ёруғ юлдуз, шеърият оламида ҳамиша чарақлаб турган қуёш!
Мирзакалон сўз айтишга улгурмай, у яна шеър ўқий бошлади. У Чўлпон шеърларини ўқиганда, ўзи ҳам шоирдай, сўз торининг юқори пардаларига кўтарилар, сўнг эса фикрини баён қиларди:
-Чўлпон Навоий, Фузулий, Фирдавсий, Низомий каби ўлмас, абадий ҳаёт шоирлари ичида бизга яна ҳам яқин, биз учун яна ҳам ширин, қадрдон, жонажон шоирдир! Чунки у бизнинг қуллик кунларимизни буюк ҳасрат, зўр фарёд билан ҳардам ёдимизга солиб турган, озодлик йўлида азиз жонини аямай курашга чорловчи созини қўймаган улуғ инсондир!
Мирзакалон Тоҳировнинг қизишиб, куйикиб айтган сўзларини батамом тасдиқлаб:
-Шундай улуғ инсон кетди-я!-деди афсус билан.
Бу тасдиқ Тоҳировнинг бошқа дардларини очиб юборди. Энди у бошқа миллат фидойиларини ҳам эслай кетди:
-Э-э, Чўлпонгинам! Миллат отахони Мунаввар қори, Абдулла Қодирий, Фитрат, Боту, Элбек... булар қани? Қайси ялмоғизга ем бўлди булар?
Орага тушган ҳаяжонли қисқа сукунатдан кейин Қодир Тоҳиров аччиққина кулди-да, тишларини ғижирлатиб деди:
-Русчасига “По шучьему велению” деганидек, “оғамиз”нинг буйруғи билан ўлдирилди.
Тоҳировнинг бу гапларни қўрқмасдан очиқ айтиши Мирзакалонда “бу одам махсус бўлимнинг ҳуфяси эмасми?” деган шубҳа уйғотди. Тоҳиров ундаги бу ўзгаришни сездими, аянч билан жилмайди:
-Мендан ҳавфсираманг, қўрқманг,-деди.- Сизнинг кимлигингизни билганим учун дардимни тўкяпман. Агар дардимни тўкмасам ёрилиб кетишим керак. Одам одамга ишонмаса... қандай замон бўлди! Ўлганимизда ичимизни ёриб қарашса, дарддан ириб-чириб кетганини кўришармикин? Осмоннинг устуни йўқлиги маълум. Лекин миллатнинг устунлари бўлади. Бу устунлар кесилди... Мирзакалон, сиз уларга яқинроқ эдингиз. Нега кесилди бу устунлар? Бир-бирларининг илдизларига болта урдиларми? Эшитганмисиз: бир ўрмонда болта пайдо бўлиб, дарахтларни бир бошдан кеса бошлабди. Шунда дарахтлар нажот илинжида қари эманга бориб, маслаҳат сўрашибди. “Болта деганларинг нимадан ясалган?”-деб сўрабди қари эман. “Темирдан”, дейишибди. “Дастаси-чи?”, деб сўрабди қари эман. “Дастаси оғочдан”, дейишибди. Шунда қари эман афсус билан “Дастаси ўзимиздан экан, нажотдан умид йўқ”, деган экан.
-Дастаси ўзимиздан бўлганлар ҳам бор эди. Бироқ, улуғларимиз орасида нифоқ бўлмаган. Устоз “Кеча ва кундуз”ни менга ўқиб бериб фикримни сўраганларида ҳаяжонланиб “Қодириёна ёзилибди”, девдим. Шунда устоз бош чайқаб, эътироз билдирдилар. “Қодирий қўл узатиб етиб бўлмайдиган юлдуз, Худо бунақа улуғ зотни улуғ халққа неча юз йилда бир беради”, деганлари ҳозиргача қулоғим остида жаранглаб турибди. Бир-бирларини бу қадар улуғлайдиган улуғ зотлар қўлларига болта оладилар, деб ўйлашлик хато. Уларнинг қўллари болта учун эмас, қалам учун яратилган эди. Вазифаларига хиёнат қилмадилар.
Урушдан кейин Тоҳиров билан Юсуф Тоҳирийнинг уйида кўришишди. Бироқ, атрофда одамлар кўп бўлгани учун дардлаша олмадилар. Фақат кўз қарашлари билан госпиталдаги учрашувни эслаган бўлдилар.
Уруш йиллари кўнгилни эзадиган воқеалардан ташқари хуш ёқадиганлари ҳам бўлган. Лекин турманинг бир кишилик камерасида ўтирган Мирзакалон алҳол буларни ёдга олишга уринмайди ҳам. Унинг хаёлини фақат терговчини қизиқтираётган воқеаларгина банд этган. Терговчи Тоҳировга доир гаплар билан кўпам қизиқмади. Демак, госпиталдаги учрашув баёнини четлаб ўтса ҳам бўлади. Балки, “Янги Туркистон” журналига кўпроқ тўхталгани маъқулмикин? Лекин бу журналга тегишли маҳфий гап йўқ. Ўша кунларнинг ўзидаёқ маълумот тегишли идорага берилган эди-ку?
Сиёсий бўлим аралашган иш битмасдан қолмайди - қирқ тўртинчи йилнинг эрта баҳорида Мелиев фронт газетасининг таҳририяти ихтиёрига келди. Ярим йил мобайнида катта фронт газетасини бир ўзи чиқариб қийналиб кетган Мирзакалоннинг юки енгиллашди. Мелиев ошхўрликда тенгсиз улфат эди, бироқ миллат тақдирига доир масалада ҳамфикр, ҳамдард эмасди. Шу боис, бу мавзуда сира гаплашмас эдилар. Мелиев тажрибали газетачи, садоқатли комунист сифатида вазифасини аъло даражада бажарарди. Полша ўрмонзори ёқасидаги кичик бекатга жойлашган вагон-редакцияларида мақола ёзиб ўтирганида рус редакциясининг рассоми Мирзакалонга бир журнал ва бир китоб узатди:
-Фашистлар ташлаб қочган ертўлада ётган экан, назаримда сиз тушунадиган тилда ёзилганга ўхшайди, кўринг-чи,-деди у.
Рассом келтирган журнал ва китоб, ҳақиқатан, у тушунадиган тилда, яъни “туркистонча” ёзилган, немис алифбосига мослаштириб лотинча ҳарфларда босилган эди. Бундай топилдиқнинг ўзича ўрганиши, қизиқиши ёмон оқибатларга олиб келиши мумкинлигини билгани учун Мирзакалон варақлаб ўтирмай, тўғри редактори полковник Потапов ҳузурига кирди-да, расмий равишда, ҳарбийчасига воқеани баён қилди. Потапов аввал журнални, сўнг китобни варақлаб кўргач, ҳеч нарса тушунмагани учун Мирзакалонга қайтариб, синчиклаб ўқиб чиқишни ва қисқа мазмунини рус тилида баён қилиб ёзиб беришни топширди.
“Янги Туркистон” журнали қирқ тўртинчи йилнинг июлида Берлинда чоп этилган эди. Унда асосан миллий-сиёсий масалалар ўрин олганди. Уларда Мирзакалоннинг кўнглидаги гаплар ёзилган, ҳақиқат акс этган бўлса-да, “Ватан хоинлари, бир тўда қочқинди, Гитлер ювиндихўрлари, сотқин миллатчилар шайкаси томонидан тўқилган туҳмат сатрлари”, деб баҳолашга мажбур бўлди. Рассом бу журнал ва китобни ертўладан топиб олдим, дегани билан Мирзакалон унинг самимийлигига ишона олмас эди. Фронт маҳсус бўлими унинг “АҚД” бўйича қамалганини билади. Турли масалаларда бир неча марта “ширин суҳбатга” чорлаган. Яна бир фитна, бир иғво билан синаб кўрмайди, деб ким айта олади? Шубҳасизки, Мирзакалон ёзиб берган баён уларнинг қўлига бориб етади. Ўртада фитна бўлмаган тақдирда ҳам, улар журнал билан китобни бошқаларга ҳам кўрсатадилар ва икки (ёки уч) фикрни таққослаб ўрганадилар.
Китоб “Равшан” имзоси билан ёзилган воқеий ҳикоялар тўпламидан иборат эди. Мирзакалонга ёзувчининг услуби танишдай туюлди. Бу таҳаллус ҳам унга янгилик эмасди. Бу борада бир фикрга келишга иккиланиб турганида Мелиев сафардан қайтди. Жалолов жанггоҳга қилган сафаридан қайтган кезлари жангчиларнинг аҳволидан эзилиб гапирарди. Мелиев эса унинг акси, сафар таассуротлари кўтаринки руҳда бўларди. Ёзган мақолалари ҳам шу мартабада эди. Мелиев бу гал ҳам одатига хиёнат қилмади. Ўзбек жангчиларининг қаҳрамонлик намуналари кўрсатаётганини жўшиб гапирди. Мирзакалон ўзбек жангчиларининг мардлигини ҳеч қачон инкор қилган ёки гумон остига олган эмас. Юзларча ўғлонларнинг қаҳрамонлик мартабасига лозим кўрилгани ҳазилакам гап эмас. Унинг ўзи ҳам ёзган мақолаларида бу ботир ўғлонларни самимий тарзда олқишлаган. Жанггоҳларда содир бўлиб турадиган адолатсизлик эса қалбига тикандек санчилганича қолаверган. Жалолов билан бу ҳақда гоҳ-гоҳ дардлашиб турарди. Бироқ, “Бедарднинг олдида бошимни оғритма”, деган ҳикматга амал қилиб, улфати Мелиев билан бу масалада сўз юритишга кўнгли бормасди.
Мелиев таассуротларини мухтасар қилгач, стол устида турган журнал билан китобга диққатини қаратди. Журнални олиб варақлади, қаердан ва қандай келиб қолганини сўраб билгач, китобни ўқишга киришди.
Бу онда Мирзакалон каравотига чалқанча чўзилиб, қўлини бошига болиш қилганича ўйга толди: худди шу ерда бир неча кун аввал унинг ватандошлари бўлишган. Мирзакалон уларни эҳтимол танир. Эҳтимол, урушдан олдин қаердадир қайси бири биландир чой ичишгандир. Энди уруш тарозусининг бир палласида ўзи, бошқа палласида эса “Равшан” деб имзо чекувчи адиб турибди. Мирзакалон ҳамиша миллат озодлигини орзу қилган. Лекин бу орзуга етишмоқ йўлини билмаган. “АҚД” туфайли қамалиб чиққач, сингандай бўлди, аммо қалб тўридан ўрин олган орзусидан воз кечолмади. Гарчи томирларида сиёсатчи қони оқмаса-да, ҳар бир масалага ижодкор сифатида эҳтирос билан баҳо бериб, қизиққонлик билан хулоса чиқарса-да, урушга келгач, адолат қай томонда эканини фарқлай олди. Юз минглаб ўзбек ўғлонлари юрак қонини тўкаётган кунларда, ота юртда миллионлаб юртдошлари қон қусиб ишлаётган кезларда бу уруш сабабчиси фашизмни ёқлаши мумкин эмасди. Фашизмда ўз миллати озодлигини кўриш нодонлик эканига аллақачон иймон келтирганди. У бир тобеликни иккинчи тобелик билан алмаштиришни эмас, чинакам юрт озодлигини орзу қиларди.
Мелиев китобни бош кўтармай ўқиб чиқди-да:
-“Равшан”нинг кимлигини билдингизми?-деб сўради.
Мирзакалон “мен билолмадим, билсангиз айтинг”, дегандай қараб қўйди.
-“Равшан” деганлари уруш бошларидаёқ бедарак бўлиб кетган хоразмлик шоир Матёқуб Абдуллаев бўлади,-деди Мелиев, катта бир кашфиёт қилиб шодланган одам каби фахр билан.
-Гапингизнинг оҳангидан бунга ишончингиз қатъийга ўхшайди. “Особист”га буни исбот қилиб бериш керак,-деди Мирзакалон қаддини кўтариб.
-Исботи қийин эмас. Матёқуб урушдан аввал шу таҳаллусда “Муштум”га мақолалар ёзиб турарди. “Равшан”нинг айнан Матёқуб эканини мана бу тўпламдаги Мажидий ҳақида ёзилган ҳикоя ҳам тасдиқ этади. Матёқуб Мажидийнинг яқин ўртоғи эди. Мажидийнинг қамоққа олинишида иштирок этган бўлса ажаб эмас.
Мелиев ҳеч қандай кашфиёт қилмади, фақат Мирзакалоннинг таҳминини тасдиқлади халос. Мирзакалон туни билан ўтириб, Потаповнинг вазифасини бажарди: нонуштадан сўнг таҳлил баёнига қўшиб китоб билан журнални ҳам топширди. Ўз вагонига қайтганида Мелиев сафарда тўплаган маълумотлари асосида мақола ёзишни бошлаган эди. Мирзакалон киргач, унга ўгирилиб қараб сўради:
-Редактор нима деди?
-Нима дерди? Дарров махсус бўлимга жўнатди. Унга бош оғриғининг нима кераги бор? Бош оғриғи, оғайнижон, бизга аталган. Эрта ё кечи билан индинга “особист” билан учрашувга тайёрланаверинг. Ё биронтаси келади ё чақиртиришади. Чақиртиришса билингки, масала жиддий. Бу едагилар, шундай ҳол юз берса, йўлга отланишганда эҳтиётдан хайрлашиб, сўнг кетадилар. “Особист”нинг бошида нима гап, қандай режа борлигини ҳеч ким билмайди. Агар сизни чақириб қолишса, Матёқубни танимаслигингизни айтганингиз дуруст.
-Мен коммунистман, тўрисини айтаман. Менга бало ҳам урмайди. У билан ошхўрлик қилмаганман, хиёнатига ҳам шерик эмасман. Ундан нафратланаман.
Мирзакалон буни эшитиб, урушдан аввалги улфатчиликларда Мелиев тез-тез такрорлашни яхши кўрадиган гапни эслади. Ош сузиб келингач, Мелиев лаганга қўл узатишдан олдин “Коммунистчасига ишлаймиз ва коммунистчасига ошалаймиз”, деб қўярди. Буни ҳазил деб қабул қилишса-да кулишмас эди. Мелиевнинг ҳозирги гапи ундаги оҳангдан анча фарқ қиларди.
-Бу гапингизга мен юз фоиз ишонаман. “Особист” ҳам ишонар, деб умид қилишдан ўзга чорам йўқ,-деди Мирзакалон.
Мелиев унинг бу ҳақда гаплашиш истаги йўқлигини сезиб, ишини давом эттирди. Беш-ўн сатр ёзгач, тўхтаб, яна Мирзакалонга ўгирилди-да, воқеий ҳикояларнинг бадиий савияси ҳақида гапира кетди. Мирзакалон уни диққат билан эшитгач, фикрини лўнда ва қисқа баён қилиб қўя қолди:
-Асарнинг тили тил эмас, тили кесилган кишининг дулдираши. Чулчут тили бундан аъло!-деди.
-Сиз ёзувчи кўзи билан ўқиб, танқид қиляпсиз. Лекин оддий ўқувчи сиз кўрган камчиликларни сезмайди ҳам. Унинг учун тасвирланган воқеа муҳим, айтилаётган гап муҳим.
-Агар тасвир гўзал бўлса, гап ифодаси ёқимли бўлса ўқувчи ҳам унга кўнгил қўяди. Чулчит тилидаги баённи эса бир марта ўқиса ўқир, кейин кўнгли айниб қарамай қўяди. Ўқувчини дидсизликда айбламанг. Сиз ош дамлашга уқувсиз бўлсангиз ҳам паловхонтўранинг сифатини яхши ажрата оласиз. Тузи паст ёки шўр бўлса, пиёз қизимаган ёғда қовурилган бўлса, иштаҳа билан ермикинсиз?
Мирзакалоннинг бу ўхшатиши маъқул келиб, Мелиев хахолаб кулиб юборди. Кейин яна ўз фикрига қайтди:
-Аммо, барибир “Қизил шапкалилар” билан “Мўйловли киши”ни боплапти, қизиталоқ!-деди фахр билан.
Дарҳақиқат, “Қизил шапкалилар” ҳикоясида Раҳмат Мажидийни қамашга келган ГПУ ходимларига нисбатан қизалоқнинг нафрати таъсирли баён этилган эди. Мирзакалонга китобдаги бошқа ҳикоялар ҳам ёққан эди, лекин Жалолов огоҳлантирганидай, деворлари “қулоқ”дан иборат бўлган бу вагонда ҳатто ишонган дўсти билан ҳам очиқ гаплашишни истамаётганди. Равшаннинг ижоди ҳақидаги гап бир суҳбат билан якун топмади. Мелиев бу ҳақда тез-тез гап қўзғаб, оқибатда Мирзакалонда шубҳа уйғотди. Икковлон журнал ва китобдаги “Завқий”, “Боқизода”, “Обер-лейтенант Бек Олмон” имзоларининг эгалари ким эканини аниқлай олмадилар.
Бир куни Мелиев вагонга хурсанд ҳолда кириб келиб, хушхабар айтди:
-Мендзижецка артистлар келишибди. Бир доирачи билан бир хурилиқо раққоса ўзимиздан экан. Мен уларни таклиф қилиб келдим. Зиёфат сизнинг елкангизда.
-Шу ерда кутамизми?-деди Мирзакалон ажабланиб.
-Бе, бу ерда босмахона буёғини хидлаб кетишадими? Ошнангиз Казимир билан гаплашиб кўрмайсизми? Кечаги кунги ўтиришимиз жуда-а жонон бўлувди-да!
Мелиев чиндан ҳам Казимирнинг уйидаги зиёфатда яйраб-яшнаган эди. Мирзакалон шу шаҳарлик баққол Казимир билан оқ батон нон сотиб олиш баҳонасида танишган эди. Асли Брест шаҳридан бўлган бу одам нечундир батонхўр мижози Мирзакалон билан чиқишиб қолганди. Ҳамшаҳарларни дурустроқ меҳмон қилиш мақсадида Мирзакалон Мелиевнинг таклифига кўнди. Икки литр спирт олиб Казимирникига борди. Зарур иши бўлмагани учун Мелиев унга эргашди. Казимир Мирзакалоннинг илтимосини ортиқча гап-сўзсиз қабул қилиб, зиёфат тайёргарлигини бошлаб юборди. Мирзакалон келтирган спиртга сарёғ, сут, қант аралаштириб хушхўр ичимлик тайёрлади. Ичимлик тотли туюлиб, Мелиев меҳмонлар етиб келгунича сархуш бўлиб олди.
Дастурхон тарофида ўтирганларида Казимир Мирзакалондан:
-Сталин Львовни бизга қолдирмай олиб қўярмикин?-деб сўради.
Мирзакалон жавобга тараддудланди. Аслида жавобни ўйлаб топишга ҳожат йўқ, бу ҳақда матбуот тинмай ёзаётганди: “Совет ҳукуматининг беғараз сиёсати, поляк халқини пильсудчи-миколайчикчи буржуа реакционерлар зулмидан, фашизм қуллигидан озод қилиш учун жанг майдонларида азиз қонларини тўкиб, Европа халқларига, шу жумладан, славян поляк халқига ҳам озодлик, мустақиллик, ҳур ва эркин ҳаёт келтираётган Совет Армиясининг холис, олижаноб нияти”ни айтиб, кутилмаган суҳбат мавзуига якун ясаши мумкин эди. Лекин Казимир бу гапларни ҳар куни эшитавергани учун бошқачароқ тушунтириш йўлини ўйлаб турганда Мелиев суҳбатга қўшилди:
-Ҳали Львов экан-у, керак бўлса бутун Полшани ҳам олади-қўяди!-деди томдан тараша тушгандек қилиб.
Бу гапдан сесканиб кетган Казимир, олдидаги ликопни нари суриб тўнғиллади:
-Нима, Совет Иттифоқида шаҳар камми? Битта Львовни қолдирса нима қилибди?
Яна Мелиев гапни илиб кетди. Йўқ, Львов шаҳрини аслда украин шаҳри эканини, уни поляк шляхлари босиб олганларини, ҳозир шаҳарни асл эгалари – украинларга қайтиб бериш тўғри бўлажагини уқтирмади, аксинча, Мирзакалон кутмаган гапни айтди:
-Ҳали шошманг, сизнинг Полшангизга ҳам бизнинг Ўзбекистоннинг куни тушади!
Мелиевнинг гапи тугар-тугамас, Казимирни хотини чақириб, чиқиб кетди. Мирзакалон Мелиевга маънодор қаради ва дудмал қилиб шундай деди:
-Хўб гап қилдингиз-да!
Бу зоҳиран: “Бемаъни гап қилдинг!” деган маънони билдирса ҳам, замирида “яхши гапирдинг” деган маънони кавлаб топиш ҳам мумкин эди. Орадан бир неча йил ўтиб, ҳибсга олинганда бу гап айнан миллатчилик либосида етказилишини Мирзакалон у дамда ўйлаб ҳам кўрмаган эди. У бир муаммога жавоб топа олмади: у суҳбатда уч киши иштирок этган эди. Казимирнинг ГПУга ахборот бермоғига ақл бовар қилмайди. Миллатчилик руҳидаги ўша гап Мелиевнинг оғзидан чиққан эди. Агар ўша суҳбат баёнини Мелиев етказган бўлса, ўзини ўзи миллатчилик сиртмоғига рўпара қилишида қандай маъно бор? Бунга ҳам кишининг ақли бовар қилмайди.
Ўшанда Казимирнинг кўнгли озор чеккан бўлса ҳам, сир бой бермай, меҳмонларни чиройли кутди. Фақат хайрлашар маҳалида бошқаларга сездирмай Мирзакалонга шипшиб қўйди:
-Мирдза, сиз истасангиз ҳар куни келинг, бироқ, бу дўстингизни бундан кейин ёнингизга олманг. Мен гап кўтаролмайдиган одамман, бирон нима деб қўйиб, тилимнинг балосига қолиб юрмайин. Агар хоҳишингиз бўлса, майли, пан Гариф билан келинг, қаршилигим йўқ.
Мирзакалон Казимирнинг ҳавотирини тушунгани учун гапни чўзмади. Эртасига Ғариф Галиев билан бирга сафарга чиқиб кетди. Йўлда кетатуриб Казимирнинг таклифини айтиб “Сиз унга ёқиб қолибсиз, сафардан қайтганимиздан кейин зиёфатига борамиз”, деб қўйди. Татар тилида чиқадиган газетанинг ҳарбий мухбири билан биргаликда то Варшава бўсағасига қадар бирга борди. Сафарлари қарийб икки ойга чўзилди. Жанггоҳда ўқ дўллари тинган маҳалда уларнинг иш фаолиятлари бошланарди. Жангда ҳориб, толган аскарлар билан суҳбатлашиб, газетада эълон қилинадиган мақолалари учун маълумотлар тўплар эдилар. Полша қишлоқлари ва шаҳарларида юрганларида, Ғарифнинг ётишдан аввал бир нарсани олиб, уни похол орасига ёки эски латта-лутталар орасига яшириши, эрталаб эса яна олиб, чўнтагига авайлаб солиши Мирзакалонни ажаблантирди. Шу пайтга қадар у Ғариф билан бирга кўп юрган, бироқ, бунақа сирли ҳаракатига сира гувоҳ бўлмаган эди. Мирзакалон унинг бу ғайритабиий ҳаракатини бир неча марта кузатгач, охири Висла дарёси соҳилидаги бир поляк деҳқонининг ҳовлисида ётганларида “Ғариф, похол орасига нима яширдингиз?” деб сўради.
Ғариф бу саволдан гангиб, нима дейишини билмай, шошиб қолди. Кейин ҳечнима беркитмаганини айтди. Мирзакалон унинг яширган жойини кўз остига олиб қўйган эди. У ҳамрохи яширган нарса бирон севганининг суратидир, деб гумон қилган, унинг гўзали чеҳрасига бир назар ташлагиси келган эди. Ғарифнинг кўзини шамғалат қилиб, яширилган нарсани похол орасидан олди. Барибир тополмайди, деган ишонч билан ҳотиржам ётган Ғариф сапчиб ўрнидан турди-да:
-Нега бировнинг нарсасига тегасан! Қўй, бу сен ўйлаган нарса эмас, кандидатский книжкам!-деди ранжиб.
Мирзакалон унинг гапига ишонмай, қоғозни ой ёруғига тутиб қаради: тўғри айтибди, яширган нарсаси унинг ВКП(б) азъолигига номзодлик дафтарчаси эди.
-Партиянинг дафтарчасини бунчалик авайлаш кераклигини билмас эканман. Меники чўнтагимда турибди,-деди Мирзакалон унинг бу қилиғига тушунмай.
-Эй Мирза, ақлли одамсан-у, лекин баъзи нарсаларни тушунишда онгинг хиралик қилиб қолади,-деди Ғариф дафтарчасини унинг қўлидан олиб.-Бу ерларнинг одамларига ишониб бўладими? Славян деганлари билан булар русларни немислардан ҳам баттар ёмон кўрадилар. Руслар қанча йиллар босиб ётди буларни ахир? Аввал оқ подшо эзган эди, энди қизил подшо эзади деб қўрқадилар. Кечаси бизларни қўқис босиб қолишса, чўнтагингдан партия билети чиқиб қолдими, тамом, ўлдирмасдан қўймайдилар. Ёнимдан бу палакат чиқмаса, “мен рус эмасман, аксинча, мен-да сизлар каби руслар оёғи остида эзилиб келган татар молайи”, деб қутулиб қолишим мумкин. Дафтарчани нега беркитишимни энди билдингми? Эсингни ишлатиб, сенам мен қилган ишни қилавер.
Мирзакалон унинг қўрқоқлигидан кулди. Ҳар қадамда ажалнинг соясида юрган одамнинг ўлимдан қўрқиши чиндан ҳам кулгили ҳол эди.
Сафар чоғи қоғозга тушган “Озодлик гулини ҳидлаган киши” деган очеркини Ғарифга ўқиб берганда у чуқур ўйга толди. Ўзбек йигитининг қаҳрамонлиги мадҳ этилган сатрлар унга таъсир этган эди. Бироз мулоҳаза қилиб кўргач, у тилга кирди:
-Яхши ёзибсан, чиндан ҳам озодлик ҳолида жон бериш кишига ярашади. Мен ҳам берар эдим, лекин бизда озодликнинг ўзи борми?- у бир оз тин олиб ўз саволига ўзи кескин жавоб қайтарди:-Йўқ! Мутлақо йўқ. Энди ким учун жон беришим керак? Ўруслар учунми? Йў-ўқ!.. Менинг жонимсиз ҳам татарларнинг жонини олиб битирдилар. “Татаристон” десалар кулгим келади. Қайда ўша Татаристон?!
-Тўғри айтасан. Татаристоннинг оти қолди-ю, ўзи қолмади,-деди Мирзакалон унинг сўзларини қувватлаган бўлиб. Кейин савол берди: -Татаристон нега бу ҳолга тушди?
-Ўзбекистон ҳам,-деб Ғариф аниқлик киритиб, саволни Мирзакалоннинг ўзига қайтарди.
Мирзакалон жавоб бериши мумкин эди. Бу ҳақда узоқ йиллардан бери ўйлайвериб, истибдод сабабини излаган, ўзича тўғри жавоблар топиб қўйганди. Шулардан бири – “Бизларда Артурлар йўқ”, дегиси келарди. Войничнинг “Сўна” романини рус тилида дастлаб ўқигандаёқ хаёлига шу фикр келган эди. У ўзини Артур мартабасида кўришни истарди. Биринчи муҳаббати Ҳамидани эса Жемми тимсолида кўрарди. Агар иродаси, журъати, ботирлиги Артур қадар бўлганда эди, Ҳамида ҳам Жемми каби бўла оларди, шубҳасиз. Артурдаги озодликка интилиш туйғусини ўзбек йигитлари қалбига кўчириш мақсадида асарни таржима қила бошлади. Ёниб-ёниб, ўртаниб-ўртаниб, жўшиб-жўшиб, йиғлаб-йиғлаб таржима қилди. Сиёҳдан қоғозга кўчаётган ҳар бир ҳарф, ҳар бир белги орзу-умид ёмғирининг ҳаётбахш томчилари каби туюларди назарида.
Ҳозир Ғарифга “Артурлар йўқ”, дегани билан бу ҳамкасби унинг ниятини англай олмаслиги мумкин эди. Ўз жони ширин кўриниб, қўрққанидан партия дафтарчасини беркитиб юрган одам Артурнинг шижоатини ҳис қила олмаслиги аниқ. Ватани ҳақидаги баландпарвоз гаплари эса бир неча дақиқада сўнадиган ожиз туйғудан бошқа нарса эмаслигини Мирзакалон тушуниб турарди. Шу боис гапни кўпайтирмасдан “Мен билмайман”, деб қўйди.
Шу билан уларнинг озодлик ҳақидаги гаплари ниҳоясига етди. Гарчи Мирзакалон Ғарифни қувватлаган бўлса-да, фикрига эътироз билдиргиси ҳам келганди. Бу урушнинг русларни ҳимоя қилувчи уруш эмаслигини, дунё тараққийпарвар кучлари қонли фашизмга қарши бирлашганларини айтиш билан Ғарифнинг ғашини келтиришини билди. Иван Грозний давридан бери истибдод исканжасида яшаган халқ вакилининг дардини ҳудди шундай исканжада яшаган қариндош халқ вакили тушунмаслиги мумкинми? Бу ҳақда узун кечалар мижжа қоқмасдан дардлашса арзийди. Озодлик йўлидаги ўғонлар ҳақида фикрлашиш, баҳслашиш ҳам мумкин. Чорак асар муқаддам озодлик эшиги очилай деб турганда халқни бирлаштириб, оёққа турғизиши лозим бўлган зиёли аҳлининг ўзлари бирлаша олмай, иттифоқ қила олмай эркни қўлдан берганларини қалб азоби ила эслаш ҳам мумкин. Лекин ҳозир бунинг ўрни эмас. Гарчи Ғариф билан кўп вақтлар бирга сафарларда бўлса-да, унинг ичида халқ дарди борми ё дўст кўксига заҳар солувчи илонми – аниқ билмайди. Ҳозирги ғамли сўзлари дардли юрак ноласими эди ёки ўша илоннинг овозими? Буниси ҳам унга қоронғу...
Поезд-редакция Овруч шаҳри ёнидаги ўрмонда турганида ўзбек таҳририятига “Қизил Армия” газетасининг муҳаррир ўринбосари бўлиб капитан Йўлчиев келди. Бу Узоқ Шарқда ёпилган “Тревога” номли ўзбекча фронт газетасининг муҳаррир ўринбосари эди. Мирзакалон у газетанинг фронтларда чиқадиган ўзбекча газеталар орасида энг саводсиз, энг қолоқ газета эканини Москвадаги кенгашмада эшитганди. Маърузачи газетанинг камчиликларини айта туриб “ҳар қандай танқиддан тубан”, деб таъкидлаганди. Ўша газетани чиқарган муҳаррир ўринбосарининг ўзига бошлиқ бўлиб келишини Мирзакалон малол олди. Сталинград бўсағаларидан то Германия чегарасигача бўлган йўлда газета ташвишларини ўз елкасида кўтариб келишига қарамай, фақат ВКП(б)га аъзо бўлмагани учун суриб ташлаб, ўрнига қарийб чаласавод одамни қўйишларини адолатсизлик деб билса-да, дардини ичига ютди. Партиянинг бу адолатсиз сиёсатига қарши бўлгани билан, адолат талаб қтлган тақдирда ҳам ҳеч нимага эриша олмаслигини яхши билгани учун тили тиш ҳатламади. Уруш Германия чегарасидан ўтган кунларда таҳририятга Илёсов ҳам қўшилди. Чаласаводлик масаласида у Йўлчиевдан батарроқ бўлгани сабабли, газетанинг асосий ижодий ишлари барибир Мирзакалон билан Мелиевнинг зиммасида қолаверди.
Берлин
Неча ҳафталардан бери терговчини қизиқтираётган воқеалар Берлин атрофида юз берган эди. Терговчи қўлидаги ғайримаълумотларнинг асосийлари ҳам айнан урушдан кейинги дамларга хос эди.
Уруш совет қуролининг ғалабаси билан тамом бўлгач, улар Берлин яқинида, Эберсвальде деган шаҳарда бир ойча турдилар. Энди ўқ ёмғирлари ёғилиб турган жанггоҳларга сафарга чиқишмас, таҳририят жам бўлиб ўтириб газета чиқаришарди. Бўш вақтларида аҳолиси сийраклашиб қолган, вайрон шаҳарни кезиб, “сайр” қилишарди. Шундай кунларнинг бирида Йўлчиев билан Мирзакалон соатсоз дўконига киришди. Икковининг ҳам соати бузилган эди. Бу соатларни хўжайиннинг лаб-лунжини бўёқ билан қуюққина чаплаган, қулоқларига ҳайбатли, оғир шақулда, қўлларига қатор узук таққан, кўзлари сузилиб, ниманидир ваъда этаётган офатта хотин қабул қилди. Мирзакалоннинг соатида баъзи қисмлар йўқ бўлгани учун “уста билан гаплашиб кўраман, эртага келиб, хабар олинг”, деди. Шу он эшакдек келадиган баҳайбат итни етаклаб, ичкаридан баланд бўйли, онаси каби безадоқли немис қиз чиқиб келди. Йўлчиевга тикилди-ю, кўзлари билан кулиб қўйди. Узоқ Шарқни “гуллатиб” келган Йўлчиев учун шунинг ўзи кифоя эди. Ўзи билмаган тилда жуғурлашиб қолгач, Мирзакалоннинг ғаши келиб, дўкондан чиқиб кетди. Йўлчиев анчадан кейин қайтди. Унинг кайфи чоғ, руҳи баланд эди. Қувончини ичига сиғдира олмай, таассуротини ўртага тўкди: соатсознинг уйига кирганмиш, уйи бой, сербисот эканини, чинакам ҳаётни энди кўрганини ҳаяжонланиб гапирди. Шундан сўнг у ўша сербисот уйга ичкуёвдек бўлиб қолди. Таҳририят Берлинга кўчиб ўтганидан кейин ҳам бу оилани зиёрат этишни канда қилмади.
Мирзакалон биринчи ташрифдан сўнг, хотиннинг таклифига биноан эртаси куни соатининг тақдирини билиш мақсадида дўконга яна келди. Хўжайиннинг хотини устани чақирди. Кўзлари самимий кулиб турувчи, йигирма беш ёшлардаги бир йигит чиқди-да:
-Здрас товариш официер!-деди. Кейин русча-немисча-французча аралаштириб бир нималар гапирди. Сўз топилмаганда, қўл ҳаракатлари билан уқтирди. Мирзакалоннинг зўрға уқишича, у француз экан, гитлерчилар лагеридан совет солдатларини озод қилишда иштирок этганмиш. Уста сўз орасида севиниб, қувониб: “Вива, совет золдат”, деяр эди нуқул. Хуллас, соатни албатта тузатиб беражагини айтиб, “оне гельд работа” , яъни “текинга тузатиб бераман”, деди. Икки кундан кейин соат тайёр бўлгач, у соатга қўшиб бир фотосуратни ҳам узатди. Мирзакалоннинг минг азоб билан уқишига қараганда, у: “Мана шу суратдаги одам осиёлик эди. Биз уни Гитлер лагеридан озод қилганмиз, кўрганингизда қувониб юрарсиз, балки у сизнинг ҳамшаҳрингиздир, балки уйга қайтганингизда учрашиб қоларсиз”, деган эди. Мирзакалон унинг лутфини рад этмади.
Қирқ бешинчи йилнинг июлида таҳририят Берлинга, Шоссештрассе кўчасига кўчиб келди. Бу ер тураржойлари бўлиб, ишлайдиган хоналари ва босмахона бир ярим чақирим жануброқда – Инвалиденштрасседа эди. Шаҳар транспорти ишдан чиққани учун эртаю кеч пиёда қатнар эдилар. Берлинга келишгач, Мирзакалон кўпроқ Йўлчиев билан бирга бўлиб, Мелиев билан Илёсов эса меҳрибон божалар каби яқинлашиб кетдилар. Икковлашиб ишга барвақт чиқиб кетсалар-да, Мирзакалон бир-икки соат кейин борганда ҳам улар ҳали идорага етиб келмаган бўлардилар. Баъзан тушликда кўринмай қолардилар. Айрим кунлари ишдан барвақт чиқиб, ётоққа ярим кечада қайтардилар. Бу ҳол замирида маҳфийлик бўлмаса-да, Йўлчиевнинг “қаерларда санқиб юрибсанлар?” деган саволига ҳар сафар “бичиқчиникида эдик”, деб жавоб қайтаришарди. Лекин нимани бичтираётганларини айтмасдилар, бичтираётганлари ҳам тикилиб адо бўлмасди. Ишга доим кечикиб келишлари, вақтли кетиб қолишлари жонига теккач, Йўлчиев улардан тўғри гапни талаб қилди. Шунда Мелиев чақчақ уриб кулди-да:
-“Бичиқчи” деганимиз шунчаки гап. Биз бир жононникига борамиз. Ўзи немис майорининг хотини. Уйини, кийинишини, ўзини кўрсаларинг – эсларинг оғади. Берлинда бунақа танноз ойимни ҳали кўрганим йўқ, кўрмасман ҳам! Ана шу ҳурилиқо шоир Илёсовга ошиқу-беқарор, ҳар куни кўриб турмасалар Илёсов бояқишни тириклайин ебгина ташлайди. Ана шуникида бир-икки соат ўтириб келамиз,-деди. Илёсов бу гапга бирон нарса қўшмаганидек, ё ҳазил, ё ёлғон деб рад ҳам қилмади. Кейин бир-икки оғиз сўз бермай, у хотиннинг чинакам дилбарлигини, эркалиги-ўктамлигини, уйида овқат, кийим-кечак кўплигини мақтай кетди. У гапини охирига етказмай, Мелиев қўшимча қилди:
-Илёсов уни кунда бир кўрмаса хуммор қиладиган бўлиб қолибди...
-Сизнинг вазифангиз-чи? Илёсовни герр-майор хонимга қўшиб қўйиб, кўчада қоровуллик қилиш бўлиб қолдими?-деб истеҳзо қилди Йўлчиев.
-Йўқ, бизга насиб қилгани ҳам бор, биз ҳам қуруқ эмасмиз,-деди талтайиб Мелиев.
Бу таърифу-тавсифлардан таъсирланган Йўлчиев “биз ҳам бир кўрайлик”, деб кўнгли суст кетди. Икки ошна бу илтимосни қабул қилсалар-да, “эрта-индин”, деб галга солишаверди.
Потсдамга кўчишларидан олдин, босмахонага қараб бораётган Мирзакалон кўчада кутилмаган қувончли воқеага дуч келди. Икки совет аскари билан тўрт немис йигитнинг муштлашаётганини кўриб, уларни ажратишга шошилди. Аскар йигитларнинг қуролни ишга солмаётганларидан билди-ки, жанжалга арзимаган нарса сабаб бўлган. Дарҳақиқат, шундай бўлиб чиқди. Муштлашаётганлар ажратилгач, аскарлардан бирининг немис йигитидан велосипедни тортиб олмоқчи бўлганлиги аниқланди. Мирзакалон учун бу муҳим эмас эди. Уни аввалига лол қолдирган, сўнг қалбини қувонч сели билан тўлдиргани – велосипедни тортиб олмоқчи бўлган сержант унинг укаси Умиджон эди!
Ҳунар билим юртида чилангарлика ўқиётган Умиджон амалиётни ўташ учун Таганрогга борган кезлари уруш бошланди. Таганрогга дастлабки бомбалар ёғдирилганда ҳам у шу шаҳарда эди. Ҳаммаёқ ағдар-тўнтар бўлган кунларда ҳали у, ҳали бу поездга чиқиб, пулсиз, ош-овқатсиз бир амаллаб Тошкентга қайтиб келди. Келди-ю, яқинлари билан дийдорлашишга улгурмади – кўчадаёқ қўлга олиниб, урушга жўнатилди. Шундан бери ака-ука хат орқалигина хабарлашишарди. Ғалаба кунидан бери икковлари бир шаҳарнинг ёнма-ён икки кўчасида яшашларига қарамай, ёзган хатларини бир ярим, икки ой деганда олишарди. Манзилга “Полевая почта” деб рақамланувчи мактубда қаерда эканликларини маълум қилиш мумкин эмас, ҳарбий сир эди.
Умиджон билан дийдор кунлари узоқ давом этмади. Армия разведкасидаги хизматлари юқори тақдирланган, “Шуҳрат” орденлари билан мукофотланган, баланд бўйли, келишган сержант Исмоилов Берлиндаги Фахрий қоровул сафида хизматга олиб қолинган эди. Таҳририят Потсдамга кўчгач, уларнинг дийдорлашувлари қийинроқ бўлиб қолди.
ХОТИМА ЎРНИДА
Ҳануз армондаман...
Орадан йиллар ўтяпти. Одамзот ҳар қандай айрилиқ, ҳар қандай ҳижронга чидайди. Кунлар ўтгани билан хотиралар хира тортмай, аксинча, тиниқлашиб, юракни қон қақшатиб бир ўксик уйғотади. Суянган тоғингиз, ишонган одамингиз, доно маслаҳатгўйингизнинг бу дунёни ташлаб кетганига ишонгингиз келмайди. Сўнгги суҳбатлар қулоқ остида қайта-қайта жаранглаб, сўнгги дийдор кўришувлар ва ниҳоят, энг охирги учрашув кўз олдингиздан кетмас экан...
Ҳануз армондаман...
Мирзакалон Исмоилий... Бу одамнинг истарали сиймоси, кулиб турувчи кўзлари уни кўрган, билганлар хотирасидан ҳали ўчмади. Бу одамнинг номи адабиётга кўнгил қўйганлар тилидан тушганича йўқ. Мирзакалон Исмоилий менга ҳам тоға, ҳас устоз эдилар. Шу сабабли мен учун улуғ бир зотга айланган одамнинг бу дуёндан кетганига ишонгим келмайди.
Маъзур тутинг, қўлга қалам олмоқдан мақсадим бўлак эди. Муддао ҳасрат эшигини очиш эмас, балки умрини фақат эзгуликка бағишлаган одам ҳақида бир-икки оғиз сўз айтиш. Халқимиз Мирзакалон Исмоилийнинг ёзган асарларинигина билади. У муҳтарам зотнинг шаҳсий ҳаёти, асарларининг дунёга келиши тарихи кўпчилик учун сир. Шунинг учун ёзувчининг асарларига қайта тартиб бериш чоғида ана шу сирни ошкор қилишга журъат этдим.
Ҳануз армондаман...
Эрталаб келиш нияти билан кетган эдим...Уйимга кеч соат ўн бирдан кейин қайтдим. Остона ҳатлашим биланоқ бўғзимга йиғи келди. Аҳли аёлим буни сезиб “ўтдиларми?” деб сўради ҳавотир билан. “Йўқ” деган маънода бош чайқадим. Аммо бу савол йиғи йўлидаги тўсиқни олиб ташлади. Аҳли аёлим мени юпатишни ҳам, бирон нима деб кўнглимга далда беришни ҳам билмай иккиланиб тураверди. Дадам билан аям ухлаб қолишганди.
-Оғирлашиб қолдилар, қайтиб бормасам бўлмайди,-дедим.
-Аямни уйғотайми?
-Йўқ. Бу аҳволда ётишларини кўрсалар юраклари кўтара олмаслиги мумкин...
Бу ҳам оғриқли армон бўлиб қолди. Акаларининг оғир хаста эканликларини яширмаслигим керак эди. Тирикликларида олиб боришим керак эди... “Тоғангни кўряпсанми, яхшимилар?” деб сўраганларида “Яхши юрибдилар”, дердим. Алдамаслигим керак экан...
Аямни уйғотиб юбормаслик учун автомашинанинг моторини ўт олдирмай, кўчага итариб чиқардик. Дархонга йўл олдим. Беш қаватли уй олдида тоғамнинг набиралари Равшанни кўрдим. Юрагим “жиз” этиб кетди: кечикибман! Бу уйдан чиқиб, қайтиб келгунимча узоғи билан қирқ дақиқа ўтгандир. Кейин ўйласам, уйимга кириб бораётганимда бўғзимга бекор йиғи келмаган экан. Ўша онда жон таслим қилган эканлар.
Уйга кирдим... Гўё ширин уйқуга кетганлар. Танани жон тарк этган бўлса-да, юзларидан нур ёғилиб турарди. Қамоқ асорати беиз кетмаган, юз-қўлларига оқ доғлар тошган эди. Тиб аҳли қанча уринмасин, бу хасталик чорасини топмади. Тоғамнинг тўй-ҳашам, турли анжуманлардан ўзларини тортишларига ҳам шу доғлар сабабчи эди. Бу доғлар гўё қамоқхонанинг тамғаси бўлиб қолган эди. Жон чиқиши билан бу доғлар ҳам йўқолибди...
Мен шу онга қадар ўзимни қариндошлар орасида ёш йигит фаҳмлаб, маслаҳат бериш ҳуқуқига ҳали етишмаганман, деб ҳисоблардим. Чунки, ёшлари мендан анча улуғ яқин қариндошларимиз кўп эди.
Йиғи-сиғидан сўнг дафн маросимини ўтказиш маслаҳати бошланди.
-Қайси театрга қўйилади?-деган саволга “марҳумнинг жасади “Ҳамза” театрига ё Муқимий номидаги театр биноси қўйилиши керак, Навоий театри биносига қўйилса яна ҳам яхши”, деган таклиф айтилди. Муҳокамага қўшилмай, индамай ўтирган эдим, савол назари билан менга қарашди, кейин:
-Ҳукумат катталарига хабар қилиш керак,-дейишди.
-Эрталабга қадар раҳбарларга хабар беролмаймиз. Уларни топиб айтгунимизча, шундай ётадиларми? Умуман, ҳафа бўлманглар-у, бирон жойга қўйишга мен қаршиман. Мусулмонларда бунақа одат йўқ. Агар тоғам коммунист бўлганларида бошқа гап эди. Майитни томошага қўйиш яхши эмас, ювиб, кафанлангандан кейин бировнинг назари тушмаслиги керак,-дедим.
Қариндошлар, айниқса тоғамнинг оилалари мусулмонларга ҳос одатларни яхши билишмасди. Шу боис, гапимни тасдиқлашни ҳам, инкор этишни ҳам билмай бир-бирларига қараб қолишди.
-Унда Чиғатойдаги коммунистлар мозорига қўйилмайдиларми?-деб сўрашди.
-Тоғам ўзларини қаматган, хорлаганлар билан ёнма-ён ётишлари керакми?-дедим ғашланиб. Мен бундай демаслигим керак эди. Хиёнаткорларни тоғам кечирган эканлар, мен таъна қилишга ҳақли эмасдим. Бу гап мотам туфайли эзилган юракда беҳос туғилиб, иҳтиёрсиз равишда юзага чиққан эди.
Чиғатой қабристонига қўймаслик ҳақидаги гапимни ўйлаб туришганда хаёлим бирдан ёришиб кетди. Тоғам томонидан бир мартагина айтилган, кейин узоқ йиллар давомида унутиб юборганим васиятни эсладим! Беш йил муқаддам тоғамнинг катта ўғиллари Фаррух ака бедаво касалликка чалиниб, аввал икки оёқлари кесилган, сўнг вафот этган эдилар. Тоғам бошқа шифохонда даволанаётган эдилар. Врачлар жанозага келишга ижозат беришмади. Даволаниб чиққанларидан кейин тоғамни “Минор” қабристонга олиб бордим. Йиғладилар. Дуо қилдилар... Сўнг қабр атрофига кўз югуртириб, ниманидир чамаладилар:
-Яхши жойга қўйибсизлар. Қарагин, ёнида яна икки кишилик жой бор экан...-дедилар.
Бу гапнинг ўзига хос васият эканини айрилиқ кечаси эсладим-да, қариндошларга айтиб, яна илова қилдим:
-Опоқ дадам ҳам, Ойзуҳра опам, Фаррух акамлар ҳам ўша қабристондалар... бирга ётишни истаганлар... Бу истакни ўзгартириш мумкинмас...
Масала ўз-ўзидан ҳал бўлди. Айримлар марҳум билан хайрлашиш учун жасадни бирон театр биносига қўйиш фикридан воз кечмай, Ёзувчилар уюшмаси раҳбарларига қўнғироқ қила бошладилар. Лекин ҳеч ким бу қўнғироқларга жавоб қилмади. Шу кечанинг ўзида жамланган қариндошлар дафн маросимига тегишли нимаики масала бўлса негадир менга мурожаат қила бошладилар. Шу кеча ўзимни анча улғайиб қолган ҳис қилдим.
Ўша йили комфирқа раҳбарияти диний урф-одатларга қарши курашни авж олдирган эди. Коммунистнинг ўзи ёки бирон яқини вафот этса жаноза ўқитилмас, айрим довюраклари яширинча ўқитиб қўйишарди. Мозорларда қуръон тиловат қилинмасин, деб ҳатто ўриндиқларни суғуртириб ташлашганди. Ана шундай шароитда атоқли адибнинг қандай равишда дафн этилиши масаласини ҳал этиш осон эмасди. Эрталаб, раҳбарлар уйғонишгач, каттами ё кичикми ғавғо уйғониши мумкинлигини ўйлаб, майитни кечасиёқ ювиб, кафанлаб қўйиш керак, деган тўхтамга келиб ҳаракатни бошладик.
Ёзувчилар уюшмаси партия ташкилотининг раҳбари хабар олгани келганда тўпланган жамоа “коммунистчасига дафн этиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкинмас”, деган кайфиятда эди. Ҳайрият, ортиқча гап-сўз чиқмади. “Бодомзор” масжидининг имоми жанозани “Минор” қабристонида ўқийдиган бўлди. Тобут қабристон ҳовлисига қўйилгач, ёши катта ёзувчилар, тоғамнинг тенгдошлари “Мотам митинги қиламиз”, дейишди. Имом буни эшитиб гарангсиб қолди. Бу таклифга монелик қилса балога қолишини билиб, жамоадан нажот кутгандек жавдирай бошлади.
-Митинг шарт эмас, ҳозир жаноза ўқилади, бошланг тақсир,-дедим. Камина коммунист бўлмаганим сабабли шундай дейишга журъат қилдим шекилли.
Тоғам менга кўп насиҳатлар қилардилар, кўп гапларини қулоққа олардим. Лекин икки насиҳатларини бажаришни истамадим. Биринчиси – “Диссертация ёқлаб ол, қариганингда асқотади”, дердилар. Олимларнинг маошлари кўпроқлигини назарда тутиб, илмга даъват қилардилар. Мен илмдан кўра ижодни маъқул кўрардим, диссертация ёзишдан кўра, унинг атрофидаги кераксиз ҳаракатлар, ташвишлар, югур-югурларга тоқатим йўқ эди. Шу ишга куч сарфламай тўғри қилганман, деб ҳисоблайман. Иккинчиси - “Партияга ўт”, деб қистайверардилар. “Партиясиз бўлсанг юқори мансабларга эриша олмайсан”, дердилар. Навбатдаги даъватдан кейин: “Сиз уруш пайтида ўтган экансиз, қамалиб чиққанларнинг кўпчилиги партия аъзолигига қайта тикландилар. Сиз нима учун тикланмадингиз?” деб сўрадим. Саволим тоғамга ёқмади. Қошларини чимириб: “Мени қамоққа тиққан партияга яна аъзо бўлишни истамадим”, десам кўнглинг жойига тушадими?” дедилар. Мен кулимсирадим. “Нега тиржайяпсан?” дедилар, кескин оҳангда. “Жавобни ўзингиз айтдингиз: тоғамни қаматган партияга аъзо бўлишни истамайман”,-дедим. “Бу баҳонанг ўтмайди,-дедилар энди юмшоқроқ оҳангда,-менинг тақдирим бошқа, сеники бошқа”. “Унда бошқа баҳонам бор,-дедим ҳазил оҳангида.-Партияга аъзолик бадали тўлашни ёқтирмайман”. “Бу баҳонанг ўринли”, дедилар жилмайиб. Шундан сўнг бу мавзуда гап бўлмади. Тоғамнинг гапларига кирмаганим учун ҳозирга қадар ўзимдан ўзим хурсанд бўлиб қўяман.
Ким билади, агар мен ҳам урф-одатларни бўғаётган партияга аъзо бўлганимда тоғамни ёғоч қутига солдириб кўмдирармидим... Астағфируллаҳ!
Имом жанозага сафланишни буюрганда жамоа бирдан иккига бўлинди. Бир гуруҳ ҳудди адашган сел оқими сингари тобутдан узоқлашди. Бир гуруҳ жанозага сафланди...
Бу тасодифий ҳол эмасди. Бу ҳаёт ҳақиқатининг амалдаги кўриниши эди. Кундалик тирикчилик ташвиши билан банд бўлган одамлар ҳудди бир оқимда юраётгандай бўладилар. Аслида эса ундай эмас...
Вафотларидан икки йил кейин, инсоф ва адолат юзасидан қаралса, саксон йиллик тўйлари тантана билан нишонланиши керак эди. Лекин Ёзувчилар союзи бу қутлуғ санани унутгандай юраверди. Марказқўм раҳбариятига мурожаат қилингандан кейин, уларнинг кўрсатмаси билан юбилей маросими, енгил-елпи бўлса-да, ўтказилгандай бўлди. Ўша пайтда Марказқўмда ғоявий масалалар билан шуғулланган раҳбар узоқ йиллар Москвада яшаган эди. “Ёзувчиларни билармикин ё йўқми?” деган шубҳа билан Мирзакалон Исмоилий туғилган кунига саксон йил тўлгани айтилганда унинг кўзлари чарақлаб кетди.
-Мен бу устозни жуда яхши биламан. Москвада юриб ўзбек тилини унутиб юбормаслик учун “Фарғона тонг отгунча” романини қайта-қайта ўқирдим.
У кишининг айтганлари биз учун катта баҳо бўлди.
Булоқбошиликларнинг ташаббуси билан тўқсон йиллик тўйлари она қишлоқларида ўтказилди.
Бу йил туғилганларига юз йил тўлади. Эътиборингизга ҳавола этилаётган бу баёнимизни шу қутлуғ санага атадик. Аслида бу асарни анча илгари ёзишим керак эди. Асар аввалидаги санага эътибор берган бўлсангиз, ёзишни ўн йил аввал бошлаганман. Унга қадар неча йил турли фикр-мулоҳаза билан қўлга қалам олишга журъатим етмади. Таъбир жоиз бўлса, бу энг узоқ ёзилган асар бўлди. Асарга ёзувчи ҳаётидаги энг оғир дамлар асос қилиб олинди. Қамоқдан кейинги ҳаётлари кам тилга олинди. Эҳтимол, бу мавзу алоҳида бир асарга кўчар, валлоҳи аълам! Ардоқли ёшларимиз баёнимиздаги дўстлар ва уларнинг хиёнатига эътибор беришса фойдали бўларди. Зеро, асарни ёзишдан мақсад, фақатгина ёзувчи ҳаётидан бир-икки лавҳа ҳикоя қилишгина эмас. Баён қилинувчи лавҳалар бизларга ибрат бўлиши керак. Шу ўринда Аллоҳ ёшларимизни садоқатли дўстлар билан сийласин, деб дуо қиламиз. Садоқатли дўстдан фақат бир ёки икки киши манфаат кўрмайди. Садоқатли дўст – жамиятнинг қудрати ҳисобланади.
Ҳужжатли қисса доирасига кирмай қолган айрим воқеа, фикр ва мулоҳазаларни хотима бобида бўлса ҳам айтиб ўтиш зарурга ўхшаб қолди.
Мирзакалон Исмоилийнинг номини элга машҳур қилган асар – “Фарғона тонг отгунча” романи. Адибнинг мўлжалича, асар уч китобдан иборат – трилогия бўлиши керак эди. Романнинг икки китоби ёзилди. Учинчиси қоғозга кўчмади. Ёзувчига “Роман қандай ёзилди, учинчи китоб қачон битади?” деган саволлар жавобсиз қоларди. Радиода ишлаб юрган давримда, бир куни “Одамлар романнинг ёзилиш тарихи билан қизиқишяпти”, деганимда, тоғам маъюсгина жилмайиб: “Қандай жавоб бераман, китобни қамоқдалигимда ёзганимни айтганим билан эълон қила олишмайди-ку?”-дедилар.
“Фарғона тонг отгунча” романи навбатдаги қайта нашрга тайёрланаётган кунларда тоғам мендан: “Асқар Қосимов деган йигитни танийсанми?” деб сўраб қолдилар. Асқар билан яқин дўст эканимни айтганимдан кейин қувониб: “Ажойиб йигит экан, Чўлпонни ёддан билар экан!” деб хитоб қилдилар. Ўша кунлари романнинг муҳаррирлиги топширилгани учун Асқар асарни синчиклаб ўқиб чиқибди-да, тоғамга Чўлпон услубида ёзилганини айтибди. У пайтларда мен “Кеча ва кундуз”ни ўқимаган эдим. Асқар лотин ҳарфларидаги нашрини қаердандир топиб ўқиган экан. Шеърларини ҳам ёд олган экан. Асқарнинг руҳиятида ҳам, шеърларида ҳам Чўлпон нафаси сезилиб турарди. Шу туфайли ҳам тоғам уни ёқтириб қолган эдилар.
Романнинг қамоқхонада ёзилгани рост. Қўлёзмаларини мен кўз қорачиғидай сақлаяпман. Юз йилликларига бағишланган тадбирлардан кейин бу қўлёзмаларни, турли мактубларни Адабиёт музейига топшириш ниятим бор. Шулардан бири қўқонлик китобхон Носиржон Поччабоевга ёзилган. Мактубда асар тарихига доир сатрлар мавжудлиги учун танишиб чиқсак зарар қилмас:
“Ассалому алайкум, ҳурматли Носиржон ака!
Кейинги вақтларда Сизни тез-тез эслар, катта ғамхўрлик билан ёзиб турган мактубларингиз узилиб қолганидан ховатирланар эдим. Худога шукр, саломат экансиз, биз ғарибларни эслаб, хат орқали йўқлаш илтифотида бўлибсиз. Бунинг учун минг-минг раҳмат!
Носиржон ака, “Фарғона тонг отгунча” романимнинг иккинчи китоби Сизга кўп манзур бўлганини ҳаяжон билан ёзиб, ундаги мактублар, шеърлар, айрим сўзлар, умуман, китобда мавжуд яхши-ёмон гаплар ўзим ўйлаб топган гапларми ё архивлардан, эски манбаълардан йиғиштириб олинган термаларми, деб сўрабсиз. Нима дейин? Инсон қалби бамисоли денгиз –таги-туги йўқ бир нарса бўлар экан. Кўрган-билганларимиз, эшитган-ўқиганларимиз қанчалик катта, қанчалик ҳаяжонли ё аянчли бўлмасин, қалб денгизи ўзига сиғдирар, асрар, бетиним мавжи билан бизни тўлқинлантириб турар экан! Биз эсак керагида бу бемисл денгиз тубидан фикрат дурларини терар, шу дурлар туфайли ўзимизни ҳам, ўзгаларни ҳам қувонтириш, ҳаяжонлантириш, ўйлантириш бахтига муяссар бўлар эканмиз. Шундоғ, Носиржон ака, агар ҳазрати Навоийдан ва бошқа донои замонлардан қиртишлаган баъзи шеърлар, ҳикматли такбирлар ҳисобга олинмаса, китобнинг бошидан охиригача ҳамма шеър, мактуб, ҳикматли гап – ҳаммаси камина қулингизнинг ғариб қаламига мансуб ожиз фикрлардир.
О, Носиржон ака-я, китобнинг ёзилиш тарихини сўрабсиз! Буни мендан эмас, китобдаги кўзёшларидан сўранг эди! Сиз “Китобни ўқиб туриб ҳўнграб йиғлаб юбордим”, дейсиз. Неажаб, ерга қандай уруғ ташласангиз, ҳосили шундай бўлади. Носиржон ака, мен бу китобни ёза туриб қанчалар йиғлаганман, қанчалар қон ютганман!.. Билсангиз, пешанамда темир панжара, тепамда ўлимтик чироғнинг ўлиб бўлган қора нури, остимда зах, совуқ бетон, эшигида отнинг калласидек қулф!.. Қўйинг, бошқа тафсилларнинг қораси ўчсин! Бу шунчаки бир китоб эмас, йўқ, шахсга сажда даврининг қора кунларида минг азоб, минг тўлғоқ билан туғилган бир ғариб хилқат. Ҳа, хилқат!.. Бу менинг йиғлай-йиғлай топган болам!
Носиржон ака, мактубимнинг охири кўзёшига айланмай туриб гапни тамом қилай, кечиринг мени. Энди мактубингизнинг иккинчи қисмига ўтайлик. У масала (учинчи китоб назарда тутиляпти.Т.М.) очиқлигича турибди. Ёш бўлса олтмиш саккизга етиб қолди. Худо саломат қилса, ҳадемай етмиш-да! Уёғи бир гап бўлар...”
Мазкур мактубдаги ифода гўзаллигига эътибор қилайлик. Адиб матбуот учун ёзаётгани йўқ, оддий ишчига қалбини очяпти. Носир ака 24 июнда йўллаган хатида “Сизнинг менга йўллаган жавоб мактубингизни олмадим. Чунки мен иккинчи қаватда истиқомат қиламан. Почта қутиси эса пастда, биринчи қават деворига михланган. Ҳар куни 15-16 бола худди шу ерда тўпланиб ўтиради. Шундай шўх ва ёмон болалар кўпки, келган хат ва газеталарни ўз вақтида оломаймиз. Яқинда почтачи хотин мени кўриб: “Сизга Тошкентдан хат келган эди, бир ёзувчидан. Конвертдаги адрес машинкада ёзилган эди, шу хатни олдингизми?” деб сўради. Мен сизнинг у хатингизни олмаган эдим”. Ёзувчи бу ҳолдан ғашланмасдан “Хатим қўлингизга тегмагани ҳақидаги мактубингизни олиб, ўзимда қолган нусҳасидан бошқалатдан кўчириб юбордим. Буниси тегар, а?” деб 30 июн куни жўнатганлар.
Роман, гарчи қамоқда ёзилган бўлса-да, унинг муҳокамаси ёзувчи озодликка чиққанларидан кейин Ёзувчилар союзида бўлиб ўтган, салбий баҳо берилиб, нашрга тавсия этилмаган эди. 1956 йили 15 октябр, ёзувчи қирқ саккиз ёшга тўлган куни Ўзбекистон ёзувчилари союзи правлениеси президиумига хат билан мурожаат қилади. Рус тилида битилган аризада бу сатрларни ўқишимиз мумкин:
“Ўзларингизга маълумки, мен узоқ йиллар рус ва ҳориж буюк адибларининг, жумладан, совет ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилиш иши билан шуғулланиб келдим. Бу иш то шахсга сажданинг малъун туҳматчилари қурбони бўлгунимга қадар давом этди. Бериянинг мустабидлари мени озодликдан маҳрум қилишди, аммо Ватанга муҳаббат ҳақида гап кетганда ҳар қандай қуролдан аълороқ, ўткирроқ ишловчи адибнинг қаламини тортиб олишолмади. Ҳибсда эканимда мен хаёлан йирик асар устида иш бошладим. Мўлжалим бўйича, бу асар ўзбек халқининг 1905 йилдан то бугунги кунга қадар босиб ўтган тарихий йўлини кўрсатиши керак эди. Ёлғизликда, маҳрумликда ўтган кунларим, йилларимни беҳуда совурмадим. Мен лагерда ўйлаб қўйганим уч китоб-трилогиянинг асосий йўналишларини миридан сиригача хаёлимда пишитдим. Ижод билан шуғулланиш ман этилганига қарамай, мен яширинча қоғоз парчаларига трилогиянинг бир қисмини ёздим. Дунёга келаётган асаримни уч йил бадалида туну кун қалбим тўрида асрадим, энг ардоқли, энг севимли фарзанддек суюб, эркалаб, вояга етказдим. Шу зайлда мен озодликка “Фарғона тонг отгунча” трилогиясининг биринчи қисми билан биргаликда чиқдим.
1955 йил июнининг бошларида мен китоб қўлёзмасини (22 босма табоқ ҳажмида) Ўзбекистон совет ёзувчилари президиумининг собиқ раиси ўртоқ Абдулла Қаҳҳоровга муҳокама учун топширдим. Қаҳҳоров ва Яшин ўртоқлар китоб билан танишиб, унинг камчиликларини кўрсатдилар ва фойдали маслаҳатлар бердилар. Китобда камчиликлар бўлиши табиий. Чунки у ташқи оламдан узилган ҳолда, ўтмиш воқеалари, далиллари яхши ўрганилмаган тарзда, аҳли қаламнинг доно гурунгларидан бебаҳра бир ҳолда ёзилди. Мен Фарғона водийсини кезиб чиқмай, асарда акс этган воқеаларнинг гувоҳи бўлган ёки билган одамлар билан мулоқатда бўлмай туриб, иш хонамда ўтириб олиб китобни меёрига етказа олмайман. Аммо озодликка чиққанимдан кейинги моддий муҳтожлигим мени, таъбир жоиз бўлса, оёқ-қўлларимни кишанлаб қўйди.
Жонажон адабиётимизга хизмат қилиш иштиёқи мени Ўзбекистон ёзувчилари союзи правлениеси президиумига мурожаат этиб, юқорида зикр этилган китобни якунлаш учун ёрдам сўрашга мажбур қилди. Мен Фарғона водийсига бориш учун икки ой муддатли ижодий отпуск беришингизни ҳамда китобни маромига етказиш, издан чиққан сиҳатимни даволаш учун Москва атрофидаги ижод уйига уч ой муддатга йўлланма ажратишингизни сўрайман”.
Романнинг муҳокамасида бўлган гаплар, бу гапларга ёзувчининг муносабати бизга қоронғи. (Тоғам бу ҳақда менга ҳеч оғиз очмаганлар. Яна бир армоним ҳам айнан шунда: тоғамнинг яраларини янгиламай, деб ўтмишдан сўз очишга, нималарнидир сўраб, аниқлаб олишга истиҳола қилардим). Лекин бир нарса аниқки, муҳокама холис бўлмаган. Чунки яқиндагина қамоқдан чиққан ёзувчи ҳали шубҳалар чодиридан буткул қутилмаган эди. Ўша йиллари роман ёзган адиб энг юқори мартабага етган ҳисобланарди. Чунки ёзилган романлар саналадиган бўлса, бармоқлар ортиб қоларди. Ундан ташқари ўзбек адабиётида ҳали ҳеч ким трилогия ёзмаган эди. Жаҳон адабиёти тарихида ҳам бундай ёзувчилар кўп эмасди. Қамоқдан чиқиб келган адибнинг бу маррани эгаллаши бошқа “устун”ларга эриш туюлган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Ҳар ҳолда ўртада шайтон бор, унинг “ҳасад” деган кучли қуроли бор. Ажабки, чумчуқ, мусичанинг... бойқушнинг ҳам қаноти бор, лекин қушларнинг ҳеч бири бургут ёки лочин каби учолмайди ёки бўрон қуши каби ўзини тўлқинларга уролмайди... Нима бўлганда ҳам Мирзакалон Исмоилий Ёзувчилар союзига раҳбарият ўзгаргандан кейин илтимос билан мурожаат этяпти. Муҳокама билан бу ариза орасида бир йилдан ортиқ вақт ўтган. Муҳокамадаги ҳар қандай танқид ижодкорга оғир таъсир қилади. Айримларни бир неча ойлаб, хатто йиллаб ижоддан совутади. Тоғамда ҳам бу ҳол юз берган бўлиши мумкин. Лекин танқидларни бутунлай инкор этиб, асарни шу ҳолда нашр этишни талаб қилмаганлар. Сайқал бериш истагида бўлганлар. Романнинг биринчи китоби дастлабки кўринишда, аризада айтилганидай, 22 босма табоқ бўлса, босилиб чиққанда 26 босма табоқни ташкил қилган эди. Демак, ёзувчи енгил-елпи таҳрир билан чекланмай, кўп қўшимчалар киритган. Асарни яхшилашга қаратилган фикрларни тоғам тартиб билан қоғозга туширган эканлар: юздан ортиқ таклиф!
“1-саҳифа. Бағишлов керак эмас ёки бошқача (жиддийроқ) бўлсин. Бошдаги табиат тасвири узун. 15- саҳифа. Иккинчи боб биринчи боб “кайфияти”ни такрорлайди, қисқартиш керак. 34-саҳифа. “Бир кўзда ҳам ўйин, ҳам ташвиш...” Жумла, тасвир содда, аниқ эмас. Мураккаблик тасвирга ёрдам бермайди. 47-саҳифа. Кулгулик учун ҳақиқатни бузиш: домла қози ҳоким олдига салласиз боролмайди. Тўхтаб, ўзи олиши керак. 108-саҳифа. Қудратни кейинроқ таниймизми? Ҳозирги гапларда ишонтириш кучи йўқ. 109-саҳифа. Яна замонавий ифода: “ўйнаб турган қарталарини...” Айниқса қори айтиши мумкин эмас. Қорининг узун исботи, далили энди ўқувчи учун ортиқча. Умуман қорининг тили ортиқча замонавий. 429-саҳифа. Кераксиз патетика: “Ғаффор нима учун йиғлади?” саволига автордан жавоб... Ғулом охирида кўринсин, ёнаётган бой уйига тикилиб қолсин. Жўрахон билан Тўрахон бирлаштирилсин...”
Ёзувчи муҳокамада билдирилган мулоҳазалар билан кифояланиб қолмаганлар. Душанбеда яшовчи Водуд Маҳмуддан фикр билдиришларини сўраганлар. 1958 йилнинг 9 август куни ёзган хатларида бу сатрлар бор:
“Ассалому алайкум, муҳтарам Водуд ака!
Сизнинг 3 август тарихли мактубингизни олиб ниҳоятда қувондим. Шунчалик илтифот қилганингиз учун миннатдорман.
Сиз мактубингизда санаб ўтган камчиликларни Тошкентдаги бир араб тили ва ислом дини олими ҳам айтган эди. Сизнинг мактубингиз у кишининг мулоҳазаларини тасдиқлаб тушди. Китоб шаклида чиқадиган роман қўлёзмаси нашриётга, яъни босмахонага тушиб кетган, шунинг учун зарур тузатишларни биринчи корректурада киргизишга тўғри келади. Биринчи корректура сентябрсиз чиқмас деб ўйлайман. Унгача яна бошқа мулоҳазаларингиз билан ҳам оғалик қиласиз, деб ишонаман.
Водуд ака, сизга эриш туюлган форсча, арабча сўзларни албатта тузатаман, бу жиҳатдан кўнглингиз тўқ бўлсин. Оятларнинг тўғри ёзилишига, “анбиё”ни “саҳоба” билан алиштириш зарурлигига, иккита гувоҳни тўрттага чиқариш, Ғуломжонни олим ва фозилликдан тушириш кераклигига алоҳида эътибор бераман. Аммо 49-бетдаги шеър сатрларидан биридаги 12 ҳижони қандай қилиб 11га туширишимга ҳайронман. Сиз-ку, танилган шоирсиз, балки ўша фикрни 11 ҳижо билан ифода этишга ёрдам қиларсиз? Менинг бу муомалам салом бериб ўтаётган бир бечоранинг аравасига сўрамасдан чиқиб олган сурбет кишининг одобига ўхшаса ҳам, ҳар ҳолда яна шунга журъат қилдим.
Бир ерда “ҳамшўр” деган сўзга тушунмаганингизни айтибсиз. Наҳотки? “Ҳамдард” қабилидаги сўзлардан бири-ку? Балки ноўрин ишлатилгандиру, Сизга англашилмай қолгандир.
Водуд ака, журналда босилаётган қисмларини номерма-номер ўқиб борсангиз-да, иложингиз ва фурсатингиз бўлса, фикр ва мулоҳазаларингиз билан мени хабардор қилиб турсангиз. Улгурганимизни тузатиб юборардик, бу эса романнинг ҳам маданий, ҳам адабий палласига тош босар эди. Бу бир илтимос. Иккинчи илтимос шуки, агар роман Сизнинг дидингизга ёққан бўлса, уни тожикчага таржима қилиш заҳматини устингизга олсангиз, негаки таржима маҳалида ундаги камчиликларни тузатиб юборишда катта ёрдамингиз тегар эди. Зеро, романда баҳс этилган шахсий ва ижтимоий бахтсизликлар тожик меҳнаткашининг ҳам бошида бор эди.
Салом ва эҳтиром билан Мирзонгиз”.
Устоз қаторида меҳрибонлик қилган Водуд Маҳмуд танбеҳ берган ғазал 11 ҳижога туширилган. Ғуломжоннинг “дилидан ўпирилган фарёд”нинг қоғозга кўчган сатрлари қамоқхонада туғилгани учунми, мен унда ошиқ йигитнинг эмас, маҳкумнинг зорини эшитгандай бўламан:
Кўнгил, йиғла, фиғонинг кўкка чиқсин!
Ўтинг олсин фалакни, осмонни йиқсин!
Ёвуз тақдир тиғ урди қалбима, дод!
Нетай энди тугалди сабрим, ҳайҳот!
Дилим дардли, тилимда оҳу-зорим,
Қарорди толеимдин рўзгорим.
Сафолат бошимни ерга қаратди,
Ширин орзу-умидларни таратди.
Қаён урсам фиғон бирлан бошимни?
Қаён борсам тўкиб кўздан ёшимни?
Севарга севдириб, Тангрим қилиб хор,
Очиқ кетгизмагил кўзимни зинҳор!
Агар аруз санъати талабларига кўра назар солсак, ғазал анча саёз кўринади. Лекин буни комил ва нуктадон шоир эмас, назмга ҳавасигина бор Ғуломжон ёзганини эътиборга олсак, бу даъводан воз кечишимизга тўғри келади.
Асарнинг ёзилиш тарихини ўйлаганимда ёзувчининг иродасига қойил қоламан. Кичкина жуссали бу одамнинг қудратидан ҳайратга тушаман. Тоғамнинг жанггоҳда ёзилган “Озод инсон ҳақида қўшиқ” деган воқеий ҳикоялари бор. Фронт газетасида эълон қилинган бошқа лавҳа ва ҳикояларида ҳам асосан озодлик ҳақида фикр юритилади. Фашизм – қуллик демак. Қул бўлиб яшагунча озод инсон сифатида ўлмоқ афзал, деган ғояни ўзларига байроқ қилиб олганлар. Шундай одам, озодликни ҳамма нарсадан афзал билан одамнинг ўзи бу неъматдан бебаҳра бўлса?! Озодликдан маҳрум бўлган чоғида ҳам тушкунликка тушмай, қўлига қалам олиб она халқи учун меҳнат қилса. Халқнинг озодликка чанқоқлиги, озодлик истаги ва йўли ҳақида асар битса?! Энди ўзингиз ўйланг-а, шундай одам халқнинг душмани бўлиши мумкинми? “Мен ноҳақ қамалдим, мен бесабаб жабр кўряпман”, деб жамиятдан нафратланмай, аксинча, қўлига қалам олиши жасорат эмасми? Баъзан одам машаққатга дуч келса, айниқса ноҳақлик, адолатсизликдан азоб чекса, ўзини йўқотиб қўяди. Тўғри йўл топа олмайди. Онги хира тортади. Аммо Мирзакалон Исмоилий бундай тушкунликка банди бўлиб қолмаган.
Ёзувчи озодликка чиққач, романга сайқал бериш, нашрга тайёрлаш баробарида урушдан илгари бошланган хайрли ишни давом эттирдилар – Лев Толстой асарларининг таржимаси билан шуғулландилар. Урушдан аввал “Тирилиш”ни таржима қилган адиб энди “Анна Каренина” романини ўзбек тилига ўгирдилар. Чехов ва Горкий ҳикояларини, сўнг “Чолиқуши”ни таржима қилдилар. “Фарғона тонг отгунча” романининг иккинчи китоби, сўнг ахлоқий қиссалар, мақолалар... Ёзувчи иродасининг мустаҳкамлиги, меҳнаткашлигининг исботи учун яна қандай мисол керак? Энди: “Хўш, шундай меҳнаткаш одам нима учун романнинг учинчи китобини ёзмади?” деган савол туғилиши табиий. Тоғам бу саволга тайинли жавоб бермаганлар. Лекин суҳбатларидан, қариндошлар орасидаги гап-сўзлардан бир-икки нарсани англаганманким, булар билан китобхонларни ҳам таништириш мумкин, деб ўйлайман.
Аввало, биринчи китобни қамоқда ёзган бўлсалар-да, қолганларини ҳам хаёлда пишитиб чиққанлар. Иккинчи китобнинг охирида келадиган Тўтининг Дилшодга мактуби айнан қамоқхона дафтарига, яна сиёсий машғулот дафтарига ёзилган. 1969 йил, Ёзувчининг олтмиш йиллик тўйларига тайёргарлик арафасида “Гулистон” журнали учинчи китобдан парча эълон қилган. (Юбилей номаълум сабабга кўра бир йил кечикиб ўтказилган.) Мухлислар учинчи китоб билан қизиқаверишгандан кейин 1972 йил 19 мартда Республика радиосига ҳам бир парча бериб мана бу кириш сўзини ҳам илова этганлар:
“Иккита китобни беришга бериб қўйиб, учинчисига келганда сусткашлик қилиш – ёзувчига ярашадиган гапми?”-деб ёзибди китобхонларимдан бири, менга юборган мактубида.
Дарҳақиқат, аввалги икки китобда бир ёқлик бўлмаган, бири у аҳволда, бири бу аҳволда қолган қаҳрамонларнинг тақдирлари китобхонни қизиқтирмай қўймайди албатта. Ёзувчи ҳам қарийб чорак асрдан бери игна билан қазиб келаётган қудуғининг тагига етолмаётганидан доғда. На чора, мева вақти-соати келганда пишар экан. Бадиий асар ҳам шунақадир-да... иқрор бўлишим керак, учинчи китобнинг тезроқ тугалишига ўзим ҳам интизорман. Лекин фақат вақти-соати келгандагина пишадиган бизнинг мевамиз ранг олиб, пишиб қолаёзган бўлса ҳам, минг афсус, ҳали дастурхонга тузалгани йўқ. Шунинг учун ҳурматли китобхонларимга яна бир оз қаноат тилаб, уларга янги китобимдан бир бобини ўқиб эшиттиришларини илтимос қиламан”.
1965 йил 6 октябр куни шогирдлари, таниқли ёзувчи Рустам Раҳмонга Москвадан йўллаган мактубларида бу сатрлар бор:
“...лекин қарибманми, илгариги вақтлардагидек кўп ишлаёлмай қолдим. Тез чарчайман, бошим оғрийди. Лекин, бунга қарамай, кўп иш қилиб қўйдим. Иккинчи китобни тамом қўлдан чиқариб, журналга юбордим. Китобнинг учинчи қисмини бошқалатдан ишладим. Энди яхши бўлди. Тўтиқизнинг Тешабой харамидан ёзган шеърий мактуби ҳам қўшилди. Шу сафаримда учинчи китобнинг ярмини қоралаб кетаман, деган ҳаракатдаман. Декабрда қайтиб борсам, уйда оққа кўчираман. Унгача босиб ишлаш биздан, куч тилаш – дўстлардан...”
Бошқа бир мактубларида бу сатрларни ўқиймиз:
“Ассалому алайкум, Рустамжон, азизим!
Сиздан иккита хат олиб, катта қарзга ботиб қолдим. Вақтида жавоб қила олмаганим учун маъзур кўрасиз. Ростини айтсам, Сиздан хат эмас-у, ҳамиша кулимсираб турган ёқимли чеҳрангиз келди. Худди ўзингизни кўргандай қувондим. Қувонч катта бўлса, уни ҳазм қилиш учун вақт ҳам керак экан.
Телефонда хабар қилганимдек, ишимни шу ой охирларида тугатиш умидида эдим. Лекин ўртада афсус ейдиган бир иш чиқиб қолди. Ой бошларида Ўзбекистон ёзувчилар союзининг илтимоси билан Вильнюсга, Литва адабиёти классиги Доналайтиснинг 250 йиллик тантанасига бориб, бир неча ғанимат кунлардан ажралдим. Бунинг устига Вильнюсдан қайтганимдан кейин, иш суст кета бошлади. Бу ҳам сабабсиз эмас, албатта. Аввало, қаттиқ чарчаганман, қолаверса, қайтар куним яқинлашгани сиқилган юрагимни ўйнатиб қўйди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, темир йўл билети чўнтагингда бўлса, 28 январда жонажон шаҳрингда севгили болаларинг, азиз дўстларинг даврасида ўтириш бахти турса, қанақа иш юришади? Келинг, чаласи Тошкентда битар...”
Биринчи китоб қўлёзмасининг муҳокамасидан то китоб дунё юзини кўргунига қадар уч йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Асар энг кам нусҳада – 15 мингта босилди. Ҳолбуки, бошқа асарлар муҳокама қилинган йилиёқ 60 минг нусҳада босиларди. Гарчи кам нусҳада босилган бўлса-да, шуҳрати ҳавас қиладиган даражага етди. Китоб муҳибларининг айтишларича, “Ўтган кунлар” романидан кейин ҳеч бир асар бу каби суюб ўқилмаган экан. Демак, учинчи китобнинг ёзилмаслигига бошқалардан хафалик сабаб бўлган, деган тахминни рад этсак ҳам бўлади. Тўғри, хафаликлар ҳам бўлган. Масалан, Мирзакалон Исмоилий ҳаёт эканларида асарлари
мажмуасини нашр эттириш орзуси билан яшаганлар. Кимларнинг кўп тўмликлари чиқмади, дейсиз? Аммо Мирзакалон Исмоилий учун бу йўл тақа-тақ берк эди. Ёзувчи мукофотлар олиш ёки унвонга эга бўлишни орзу қилмасди.
1983 йилда адиб Ёзувчилар союзига мурожаат этишни лозим кўриб, аризани ёза бошлаганлар:
“Мана, ниҳоят, шу йил октябрнинг ўн бешида 75 ёшга тўламан. Шу муносабат билан юбилейим қилинса, бадиий асарларим “Танланма” ё “Тўпланма” шаклида махсус нашр этилса, шундай ёруғ кунни қаноат билан кутиб келаётган мен каби мушфиқ оқсоқолга катта илтифот бўлармикин, деб ўйлайман. Агар элликка, олтмишга, борингки, етмишга тўлганимда ҳам менинг на “Танланма” ва на “Тўпланма” асарим нашр этилмаганини ҳисобга олинса, бошим осмонга етар эди.
Мен истардим, асарларим беш томда чоп этилса...”
Ариза шу ерда тўхтатилган, сана ҳам қўйилмаган, имзо ҳам чекилмаган. Ёзишни бошлашга бошлаб қўйиб, аввалги муомалалар эсларига тушган бўлса, умид юлдузлари сўниб қўя қолгандир. Вафотларидан бир неча ой олдин қўлтиқларига кириб, нашриётга бошлаб бордим. “Кўп томлик масаласида неча йиллардан бери мени алдаб келасизлар. Олдин Рашидовдан қўрқардинглар, унинг ўтганига ҳам анча бўлди. Энди кимдан қўрқасизлар? Саволимга жавоб излаб овора бўлманглар. Сизларни қийнамаёқ қўя қолай. Сизлардан битта ўтинчим бор: мен таржима қилган “Тирилиш” романи қамоқдалигимда бошқа кишининг номида нашр этилган. Шу хато тузатиб, ўзимнинг номимни тиклаб чиқариб берсанглар, ўлсам ҳам кўзим очиқ кетмасди...”
Шу гапдан кейин ҳам адолат тикланмади. Ёзувчининг илтимоси ерда қолди. Ўша куни нашриёт даҳлизида Шароф Рашидовнинг укаси Асил Рашидовни учратдик. Тоғам у киши билан кўришиб, “орадан анча вақт ўтган бўлса ҳам, таъзиямни қабул қилинг, акангиз жуда яхши одам эдилар”, дедилар. Назаримда Рашидов тоғамга қаршилик қилмаган бўлса керак. Етмишинчи йилларнинг охирида эди шекилли, уйларига борсам, Рашидовга хат ёзиб ўтирибдилар. “Кеча бир мажлисда Рашидов тепада, мен пастда эдим. Менга кўзи тушиб “Мирза ака қариб қолибдилар, аҳволларидан хабар олиб туринглар” , дебди. Яшин шу хатни ёзинг, деб маслаҳат берди. Ўз қўлига етказиб бераркан”, дедилар. Бу хат ёзилгандан кейин бир неча йил вақт ўтди. Акс-садо бўлмади. Кейин маълум бўлишича, Яшин хатни столи ғаладонига ташлаб қўя қолган экан. У киши ишдан кетгач, янги раис тоғамни йўқлаб чақирдилар. Оқибатда “Санъат арбоби” деган унвон берилди...
Бир куни уйимизда учинчи китоб ҳақида сўз очилганда аямнинг “Тоғанг учинчи китобни ёзмайман, шунча меҳнат қилиб рўшнолик кўрмадим”, дедилар. Тоғангинг иродасини уруш буколмаган эди, қамоқ буколмаган эди, хорлик, қадрсизлик букди”, деганларини эшитиб, бунга ишонган эдим. Қадрсизликни инкор этмаганимиз ҳолда, буни учинчи китобни ёзмаганларига сабаб, деган тахминдан юз ўгирамиз. Чунки бу ёзувчи аразлайдиган тоифадан, бошқача айтсак, “бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдирадиган”лардан эмасдилар.
Олтмишинчи йилларнинг бошларида Республка радиосининг “Ёшлик” таҳририятида Рустам Раҳмон, Саъдулла Сиёев ишлашарди. Улар Мирзакалон Исмоилийни таҳририят ишларига тортишди. Шу тариқа ёзувчининг ахлоқ-одоб мавзуидаги суҳбатлари бошланиб, бу эшиттиришлар катта шуҳрат қозонди. Мактуб кўп келарди. Тоғам хат ёзишга улгуролмас эдилар. Ёзув столлари доно маслаҳатга муҳтожларнинг мактублари билан тўла бўларди. Бу мактубларнинг айримларини кулиб, баъзиларини ғазабга тўлиб ўқиб берардилар. Халққа одоб мавзуида гап айтиш учун киши аввало маънавий ҳуқуққа эга бўлиши лозим экан. Покизалик ҳақида гапирувчи одамнинг ўзи покиза бўлибгина қолмай, ифлосликка қарши кураша олувчи қудрат соҳиби бўлиши керак экан. Бирор кимсага “Сен виждонли бўл!” демоқдан аввал ўз виждонига қараб олмоғи лозим экан. Бирон бир ёшга “Тўғри йўлдан юр”, дейишдан олдин ўзи босиб ўтган йўлга қараб олиши зарур экан. Кишига ана шундай маънавий ҳуқуқ зарурлигини ўзим ҳам кейинроқ англаб етдим.
Радио орқали олиб борилган ахлоқ мавзуидаги туркум суҳбатлар ноширларда китоб чиқариш фикрини туғдирди. “Ўзбекистон” нашриётининг таклифи билан “Инсон ҳусни” деган китобча юзага келди. Китобча жуда тез тарқалди, ўқувчилар эътиборини қозонди. Орадан кўп ўтмай, бу мавзу тўлдирилиб, “Одамийлик қиссаси” юзага келди. Мухлислар орасида тоғамни “маънавий отам” деб ардоқловчилар кўпайди. Тоғамнинг вафотларидан икки ой ўтгач, бир аёл менга учрашиб, қаерга дафн этилганларини сўради. “Мирзакалон Исмоилийнинг ўзларини кўрмаганман, лекин китоблари орқали мен у кишини ўзимнинг “маънавий отам”, деганман. Вафотларидан энди хабар топиб, келяпман. Вақтида билганимда қизлари қаторида туриб видолашган бўлардим”, дегач, уни қабристонга ўзим бошлаб бордим. Аёл қабристон дарвозасидан ўтибоқ йиғлаб юборди. Худди ўз отасиинг зиёратига бораётгандай бўзларди. Қабр тепасида ҳам шундай бўлди...
Тоғам ахлоқ-одоб мавзуига бутунлай берилиб кетдилар. Радиодаги суҳбатлар, матбуотдаги чиқишлардан ташқари мактуб йўллаган мухлисларига иложи борича жавоб қайтаришга уринардилар. Мухлисларнинг айримлари ёрдам сўрарди ёки маслаҳатга муҳтожлигини айтарди. Ёрдамга муҳтожларнинг ё отаси-онасига, ё ўзи ўқийдиган факультет деганига... хат ёзардилар, ёшларнинг мушкулини осон қилишларини сўрардилар. 1976 йили Ўш вилоятининг Жалолобод шаҳридан бу хат йўлланган:
“Ассалому алайкум, ҳурматли домла. Бу хатни қўлингизга олганда ҳар бир нотанишнинг хати сингари таажжубланаётгандирсиз? Ҳа, таажжубланишга ҳақлисиз, албатта. Чунки мен бирон маротаба ё хат орқали ё тик сиз билан учрашмаганман. Мен фақат сиз билан китобларингиз орқалигина танишман. Ҳурматли домла, китоблар ичида сизнинг “Одамийлик қиссаси” китобингиз барча китоб шинавандалари сингари менга ёқди. Мен сизнинг шу китобингизни ўқиганимдан кейин, баъзи бир дугоналарим билан биргаликда бир қанча ҳаётий саволларга тўхталдик ва шуларни ҳам билмоқчи бўлдик. Бу хатда буни сизга маълум қилмадик, чунки шу хатимизга жавоб ёзиб, оз бўлса-да, бизга вақт ажрата олишингизни маълум қилсангиз, биз кейинги хатимизда батафсил, тутилмайроқ ёзишга келишдик. Барча тенгдошларим номидан завод ишчиси Алишерова Майрамхон”.
“Қизим Майрамхон, ассалому алайкум!
Қаранг, шу йил 14 майда юборган хатингиз ёзувчилар союзида ётиб қолибди. Бугун олдиму жавоб ёзишга ўтирдим. Майрамхон, китобим Сизга, дугоналарингизга ёққан бўлса, бу менинг учун катта мукофот. Демак, узоқ вақтлар тинмай қилган меҳнатим зойи кетмабди. Қаранг-а, Майрамхон, июннинг 21-22 кунлари Сизнинг гўзал Жалолободингизда, бир қариндошимизникида эдим. Билсак ўша ерда кўришар, саволларни ҳам бирга-бирга ҳал қилишар эканмиз. Аттанг! Шундоғ бўлсин, Майрамхон қизим, қанча, қанақа саволлар туғилган бўлса ёзинг. Ҳаммасига қадри ҳол жавоб бераман. М.Исмоилий. 30.06.76”.
Яна бир хат алоҳида эътиборга молик экани учун, узунроқ бўлса ҳам тўла баён этишни лозим кўрдик:
“Ассалому алайкум, сиз ҳурматли шоиримиз Мирзакалон Исмоилий!
Мен сизнинг ёзган китобларингизни зўр қизиқиш билан ўқиб келмоқдаман. Яқинда “Одамийлик қиссаси” деган китобингизни олиб ўқиб, хурсанд бўлдик. Сиз тўғри ёзибсиз шу китобни. Шу китобда бизларнинг номимиз ҳам бор экан, раҳмат сизга. Мен бу китоб асосида хат йўллайман. Сиз Тошмурод бобо тўғрисида кўп фикр ёзибсиз. Мен шу бобо тўғрисида озгина бўлса ҳам ёзиб юбормоқни лозим топдим. Тошмурод бобо 1950 йиллари Оқдарё қишлоғига иш ахтариб келган эди. Шу пайтда ёши 85га кирган бўлса ҳам у киши бардам-бақувват эди. Тошмурод бобо томорқамизда ишлаб икки халта дон олди. Сўнг отам билан маслаҳатлашиб, қишлоғимизга кўчиб келиб Мусаллам хола, қизи Муқаддас ва 7-8 ёшли Қаршивой ўғли билан бирга бир кулбада яшай бошлади. Қиш чиқиб,кўклам келгач, Абдулла акамлар ертўла қазиб, кулбахона қилиб беришди. Улар кўп йиллар кулбахонада яшашди. Сўнг ўзлари ғишт қуйдириб, янги уй қуриб олишди. Бобо оиласини боқиш учун ўтинфурушлик, чўпонлик қилар эди. Болалари улғайиб, вояга етишди. Қизлари турмушга чиқиб кетишди. Қаршивойга хотин олиб беришди. Тошмурод бобо йилдан йилга қариб, кўзи ўтмай, ўзи нимжон бўлиб қолди. Муқаддам ва Қаршивой бошқа отадан экан. Қаршивой отани менсимас эди. Бир куни бобо чой ичиш маҳали унга ҳазил гап айтдилар. Қаршивой ҳазилга жавобан отасига бир олайиб қараб: “сенинг кўзингга кўрсатаман!” деди. Қаршивой қиморвозлик қиларди, отасига қарамас эди. Бир куни борган она-бола менга “бобонг сизларникига меҳмонга бормоқчилар, яхшилаб меҳмон қил”, дейишди. Мен у пайт ҳали уйланмаган эдим. Бобо бизникида уч ой турдилар. Кўкламга чиқиб, “бобо келсинларми?” десам, “Йўқ!” дейишди. 1964 йили мен ҳарбий хизматга кетдим.Уч йил деганда қайтдим. Рўза пайти эди. Бобо юз ёшга етган бўлса ҳам рўза тутаркан. Бир куни бобо таҳорат оламан, деб ҳовлига чиқиб, уйга қайтолмай адашиб, оқ иштон, оқ кўйлакда кўчага чиқиб кетибди. Қаҳратон қиш эди. Овозларини эшитиб, у кишини уйга қайтардик. Қаршивой чиқиб хабар ҳам олмади. Бобо юз уч ёшга кирган пайти эди. Рўзани очаман, деб бир қултум сувни юта олмай, юраги уришдан тўхтабди. Муллахўжа қишлоғи халқи 4-5 сўмдан пул йиғиб, Тошмурод бобони дафн қилди. Қаршивой ҳаялламай, уйни сотиб, кўчиб кетди. Онаси билан кичик синглисини ташлаб кетди. Сиз ёзган Тошмурод бобо тақдири шундай тугади.
Ҳурматли редактор ходимлар, менинг бу арзимас хатимни Мирзакалон Исмоилийга йўллангизлар, деб илтимос қиламан. Шоназар Саломов, Самарқанд область, Оқдарё район, Ленин номидаги колхоз, 11-бригада”.
“Ҳурматли иним Шоназар, ассалому алайкум!
Шу йил август ойида менга бир мактуб йўллаган экансиз. Кўп раҳмат. Лекин мактубингиз шу бугун қўлимга тегса-я!
“Одамийлик қиссаси” номли китобимни ўқиб, Тошмурод бобо, Абдулла ака, Эркин Ҳожиқурбоновлар ҳақида, ўзингиз ҳақингизда ҳам батафсил хат йўллаганингиз бошимни осмонга етказди. Ёзувчи бирон одамни қаламга олса, уни ҳеч қачон эсдан чиқармайди, тақдирига ҳам бефарқ қолмайди. Мен Қаршивойнинг бетамизлиги, Тошмурод бобонинг шўри-андуҳи ҳақида бирон хабар эшитсам, деб орзу қилар эдим. Мактуб қанчалик оғир бўлса ҳам Сиз мени бир мунча тинчитдингиз, раҳмат.
Иним Шоназар, қани энди Қаршивой сингари бетамиз ўғиллар, қари отасига қарашдан қочган номардлар, текинхўр аблаҳлар уруғи қуриб, юздан ошса ҳам ўз номини меҳнатдан топган марҳум Тошмурод бобо сингари ҳалол инсонларгина қолса дунёда! Яхшилар орзу қилган ана шундай пайт ҳам келар бир кун. Лекин ўзи келмайди у пайт. Уни келтириш керак. Келтириш учун эса юзи қора, худбин, батарин қаршивойларга қарши тинмай курашмоқ лозим!
Шоназаржон, Тошмурод бобо ҳаётлигида унга ёрдам қўлини чўзган, вафот этгандан кейин эса дафнига қадрҳол кўмакда бўлган ҳамқишлоқларингизга, у олижаноб инсонларга мендан беҳад миннатдорлик билдириб, Абдуллажон, Эркинбой ва бошқа яхшиларга саломимни етказсангиз. Менга ғойибона таниш ҳамқишлоқларингиз, қариганда жафо чекиб ўтган Тошмурод бобо тақдири ҳақида батафсил мактуб ёзишдан эринмаганингиз учун ўзингизга раҳматлар айтаман. Фарзандларингизга, умр йўлдошингизга, ўзингизга сиҳат-саломатлик, фақат бахт, қувноқлик тилаб қоламан.
Салом ва эҳтиром билан, М.Исмоилий.
Тошкент, 1975 йил,12 октябр”.
Мухлислар ёзувчининг турар жойини билмаганлари учун мактубларини ё таҳририятга ёки ёзувчилар уюшмасига йўллардилар. Табиийки, турли сабаб билан мактублар ёзувчининг қўлига вақида етиб келмас эди. Шу боис, жавоб хатларининг охирида адиб турар жойларини, ҳатто телефонлари рақамларини аниқ кўрсатишдан эринмас эдилар. Бу муҳлисларга бўлган ишонч ва муҳаббатларининг рамзи эди, десак, янглишмаймиз.
Ахлоқ-одоб мавзуига бутунлай берилганлариданми, йирик асар ёзиш фикридан узоқлашдилар. Мен дамба-дам романнинг учинчи китобини эслатардим. Аммо тайинли жавоб ололмас эдим. Ёрдам берай, бирга ёзайлик, дейишга журъат этмасдим...
Учинчи китоб ҳақида яна сўз очганимда “Тўхта, бошқа нарса хаёлимга келди. “Бизнинг роман”ни давом эттирсам-чи?” деб қолдилар. Тоғамнинг ўсмирлар тарбияси муаммолари жиддий равишда ташвишга солаётган эди. Бунга кичик тоғамнинг азамат ўғлини ўртоқлари уриб ўлдириб қўйиши сабаб бўлса керак. Жиян бўлмишнинг дафн маросимида ёзувчининг фарёдлари, суд жараёнидаги изтироблари ҳали-ҳали ёдимда. Сиҳатларининг нобоплигига қарамай, ишга киришдилар. Болалар ахлоқ тузатиш меҳнат колониясига бордилар. Биз ҳар куни ё кўришардик ё телефонда гаплашардик. Тоғам эринмай ҳисоб берардилар: “Шунча бет ёздим, шунчасини машинкада кўчирдим. Шундай яхши фикр келди хаёлимга, эртага қоғозга тушираман...” Иш билан банд эканликларида хасталик узоқлашгандай бўлди. Орадан ойлар ўтиб, “Ўзингдан кўр” деган ахлоқий қисса юзага келди. Бу ёзувчининг сўнгги асари эди. Тоғам бу китобларини кўролмай кетдилар.
Асар якунига етиб, нашрга топширилгач, касаллик яна тез-тез хуруж қила бошлади. Шунда “Фарғона тонг отгунча”нинг учинчи китоби ҳақида сўз очиб, таклифимни айтдим. “Ҳа, шунақа қарзим бор. Сен ёрдам берсанг ёзаман... Фақат биринчи, иккинчи китобларни топиб кел. Кўп нарсалар хаёлимдан кўтарилди”, дедилар. Иккита китобни топиб, олиб бордим. Ҳеч унутолмайман: тоғам китобларни худди синиб кетадиган нозик чиннидай эҳтиётлаб олиб, стол устига қўйдилар. Кейин мадорсиз қўллари билан худди гўдак бошини авайлаб силагандай, китоб юзини силадилар. Менга қараб-қараб қўйдилар-да, кейин “Шуни мен ёзганманми, а?” дедилар. Бу савол замирида ҳам фахр, ҳам ўкинч бор эди. Ўшанда тоғамнинг кўзлари намланганини сездим. Кейин-кейин ўйлаб қарасам, “йиғлаб-йиғлаб топган болалари” билан видолашаётган эканлар. Мен нодоннинг бу ҳақиқатга ўша пайтда ақлим етмабди…
Мен сафарга, тоғам тўрт йил жанг билан борган шаҳарга – Берлинга жўнашим керак эди. “Қайтгунимча ўқиб қўйсангиз, ишни бошлаб юборардик”, дедим. Мўлжалим: тоғам асосий воқеалар баёнини берсалар, қолганини қўлимдан келганича қоғозга туширмоқчи эдим. Воқеа содир бўладиган жой аниқ – Фарғона водийси, асосан Андижон атрофлари. Вақт аниқ – ўн еттинчи йилнинг феврал ва октябр тўнтаришлари оралиғидаги саккиз ой. Қаҳрамонлар ҳам аниқ. Ўша даврни, олатасир замонни ҳам яхши ўрганганман. Мана шулар менга далда берди.
Аммо ўйлаганларим рўёбга чиқмади. Қайтгач, тоғамни шифохонада ҳушсиз кўрдим.
Учинчи китобнинг ёзилмаганига яна бир асосий сабаб бор, деб гумон қилардим. Мустақиллик офтоби қалбларни ёритгач, гумоним ҳақиқатга айлангандай бўлди. Асар, Асқар Қосимов тўғри таъкидлаганидай, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи таъсирида ёзилган. Буни ёзувчининг ўзлари ҳам инкор этган эмаслар. Унга “Фарғона тонг отгунча” яъни “Кеча…” мазмунида ном қўйилиши ҳам шундандир. Романнинг дастлабки саҳифаларини эслайлик: ёзувчи Қорабулоқ манзараларини қандай меҳр билан тасвир этади. Сўнг қаҳрамони Ғуломжон номидан: “Жаннат, жаннат дейишади-ю, жаннат деганлари Қорабулоғимиздан яхшимикин?” дейди. Энди тасаввур этайлик: қамоқ азобида турган ҳолда болалик дамлари ўтган Андижоннинг Булоқбошисини қандай қўмсаш билан ёздилар экан бу тасвирларни...
Ёзувчи ўн еттинчи йил арафасидаги Фарғона вилояти ҳаётини тўғри акс эттирганлар. Ҳозирги кунда тарихни қайта кўриш жараёнида баъзан бирёқламаликка йўл қўйиляпти. Яъни, “ўн еттинчи йилгача ҳаёт яхши эди, кейин ёмон бўлди”, деган фикрлар ҳам учраяпти. Тарихни қоралаш касалидан қутилиш қийин кечяпти. Ахир яхшими, ёмонми ўтмиш – бизники, ўтмиш – ота-боболаримиз ҳаёти демак. Шундай экан, ҳуда-беҳудага қоралайвермасдан холис баҳо беришни ўзимиз учун қоида қилиб олсак чакки бўлмас эди.
Йигирманчи аср бошларида меҳнаткашнинг аҳволи оғир эдими? Ҳа, оғир эди. Ўша даврда яшаб, ижод этган зиёлиларнинг, маърифатпарварларнинг асарларини эслайлик. Йиғлаб ёзилган сатрларни яна бир қайта ўқийлик. “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён” романларида тасвир этилган фитна-фасодлар бу даврга келиб авж олмадими? Халқ жоҳиллик ва камбағаллик ботқоғида азоб чекмадими? Зиёлилар халқни ғафлат уйқусидан уйғотиш учун ҳаракат қилмадиларми? “Фарғона тонг отгунча” шулар ҳақида эди. Аммо ёзувчи аввало қамоқ шароитида, сўнгра давом этган таъқиблар даврида барча ҳақиқатни очиқ ёза олмас эдилар.
Бир куни тоғам “Сен жадидлар ҳақида каттароқ асар ёзсанг бўларди”, дедилар. Мен “Бу ҳақда ёзганим билан чиқаришармикин?” деганимда ўйга толиб: “Сен уларнинг ҳаётларини ўрганавер. Ёзадиган, нашр этадиган вақт келади”, деган эдилар.
Ўзлари вақтида айтолмаган гапларини менга вазифа қилиб қўйганларини кейинроқ тушундим. Асар чиққан пайтда ёлғонлиги унча сезилмаган саҳифалар, хусусан, рус ишчилар синфи вакилларининг ўзбек меҳнаткашлари синфий онгининг шаклланишидаги хизматлари баён этилган саҳифалар энди ўқувчи ғашига тегиши мумкин эди. “Виждон қули, ирода беги бўл!” деган ўз ақидасига содиқ яшаган ёзувчи асарнинг шу ўринларида чекинганмилар? Иродалари заифлашганми? Балки... тирик жон... бегуноҳ – Парвардигор... Лекин тушуниш керак: бу баёнлар бўлмаса асар нашр этилмас эди. Ойбек домланинг “Қутлуғ қон” романлари бошига ҳам шудай кун тушган экан. Асар қўлёзмаси муҳокамасида ёзувчи рус ишчилари образини тасвир этмаганликда айбланган экан. Шундан сўнг Йўлчини тарбия этувчи рус ишчиси образи пайдо бўлган экан. Мирзакалон Исмоилийнинг вафотларидан сўнг “Фарғона тонг отгунча” “ХХ аср ўзбек романи” туркумида қайта нашр этиладиган бўлганда мажбуран қўшилган саҳифаларни қисқартириш нияти туғилди. Кейин ўйлаб қолдим: бу иш аввало ёзувчи меҳнатига беҳурматлик бўлади. Қолаверса, доно, фаросатли ўқувчи қаер чин, қаер ёлғон – ўзи ажратиб олади, деган тўхтамга келдим. Бундан ташқари, зийрак китобхон асар ёзишдаги ёзувчининг заҳматини хис қила олади.
Хуллас, феврал ва октябр тўнтаришлари орасидаги воқеалар тасвирида энг кўп ёлғон ишлатиши лозим бўларди. Чунки совет тарихчилари айни шу даврни уйдирмалар билан безаб-бежашган эди. Тоғам эса бу даврни ўз кўзлари билан кўрган эдилар. Биринчи ва иккинчи китобда мажбуран ёзилган саҳифалар сонини оширишни лозим кўрмай, ишни давом эттирмаганлар. Агар ёзувчи бугунги кунларимизда яшаганларида, шубҳам йўқки, учинчи китоб ёзиларди. Ёзилганида ҳам ҳақиқат йўлида, ажойиб тарзда ёзиларди.
Тоғамнинг вафотларидан кейин зиммамда бир қарз сезиб “учинчи китобни ўзим ёзишга ҳаракат қилсаммикин?” деб устоз Пиримқул Қодировдан маслаҳат сўрадим. “Ёзманг, лозим топсалар Мирза акамнинг ўзлари ёзган бўлардилар”, дедилар. Тўғри маслаҳат берган эканлар. Ёзишга уннаб кўрган тақдиримда ҳам, воқеалар баёнини улай олганимда ҳам улуғ адибнинг услубини сақлай олмасдим, айниқса тил гўзаллигини беришда қаламим ожизлик қилиши тайин эди.
Дарвоқе, тил... Бу борадаги маҳоратларини кўпчилик Абдулла Қодирий, Чўлпондан кейинги сафга қўярди. Чиндан ҳам ифодадаги гўзаллик бетакрор эди. Лекин, иккинчи китоб чиққанда бир-икки ёш адабиётшунослар айнан шу гўзал ифодаларни “бекорчи жим-жима”га йўйиб танқид қилдилар. Улар жаҳон ва рус мумтоз адабиёти намуналарини эмас, совет ишчи-ёзувчиларининг хом-хатала асарларини ўқиб илм олган бўлсалар керак. Цвейгни, Диккенсни, Толстойни, Тҳакурни ўқиган одам қаҳрамон руҳиятини очишдаги бадиий тасвирни инкор этмаган бўларди. Ўрни келганда шу тасвирлардан баҳраманд бўлайлик:
“Ғуломжон онасининг нимага йиғлаётганини, нимага бетоб бўлганини билади. О, бола шўри нақадар даҳшатли зарбаки онага! Жигаргўшасининг бахти қоралигини кўрганда – она дили ҳамиша қон, юзи заъфарон! Мана, иззат тўшагида пийрона чеҳрасидан бахт нурларини тўкиб ўтириш ўрнига мусибат кўрпасини дилпора бўлиб ётибди!..
...Ғуломжон тилга олинмаган, лекин ҳаммалари тушуниб турган даҳшатли зарбанинг оғир юкини ҳужрасига кўтариб кирди...”
“Жамолиддин мулойим кулди. Бу кулгида ҳам Фосиҳ афандининг юзига тортилган шапати қарси бор эди”.
“Илон тилида заҳар бўлмаса, уни ҳамма севиб қўлга олган бўларди. Афсуски, пўстининг ялтироқлиги ҳеч кимни илитмайди...”
Бундай мисолларни юзлаб келтириш мумкин. Эҳтимол, ёзувчи айрим сатрларда бўёқни қуюқлаштириб юборгандир. Тоғамнинг асарлари камчиликлардан мутлақо ҳоли, деган даъводан узоқман. Бадиий асарга нисбатан кишиларнинг диди бир ҳил эмас. Кимгадир жимжима ифодалар ёқади, кимгадир қуруқ тафсилот. Бу жиҳатдан баҳслашиш ноўрин. Лекин, менингча, сувоқ қилинмаган хонада ўтиргандан кўра, нақшлар билан безтилган уйда яшаган ёқимлироқ бўлса керак.
Бу кунларда ёшлар ижодига кўзимиз тушганда ифодаларида сеҳр-тароватни кўрмай бир оз афсусланамиз. Қаҳрамоннинг ички дунёси, табиат тасвирлари уларнинг диққатидан четда қолиб, фақат воқеалар баёнига бериладиган бўлиб боряптилар. Илгарилари “адабиёт” атамасига “нафис” сифати қўшиб айтиларди. Афсуски, ҳозир шу нафисликдан узоқлашяптилар. Бунинг асосий сабаби шошма-шошарлик, тезроқ китобни чиқариш ҳаракати бўлса, иккинчиси ўша адабиётшуносларнинг ҳамфикрлари кўпайиб қолгани натижасидир. Бизнинг халқимиз лутфни, нафисликни, гўзал ифодаларни севади. Булардан бебаҳра, таъбир жоиз бўлса, “қуруқ” асарларнинг умри қисқа бўлади. Агар ёшларга насиҳат қилишга ҳаққим бўлса, Қодирий, Чўлпон, Исмоилийга ҳос гўзал ифодаларни қунт билан ўрганиб, ўрганганларингизни асарларингизга олиб киринг, деган бўлардим.
Шу ўринда яна бир изоҳ лозим: ўтган йили бир киши менга мактуб йўллаб, ёзувчилар “дин устидан куладилар”, деб эътироз билдирибди ва бир қатор ёзувчиларнинг асарлари қаторида “Фарғона тонг отгунча”ни ҳам тилга олибди. Мен бу масала бўйича бир неча марта фикримни баён этганман. Такрор бўлса-да, яна таъкид этишга мажбурман: азизлар, бошқа ёзувчилар сингари Мирзакалон Исмоилий ҳам динни ҳақорат қилишдан узоқлар. Динга тош отишдан ҳар бандани Аллоҳнинг Ўзи сақласин! Ёзувчилар диндор либосидаги, қилмишлари динга зид бўлган айрим жоҳил, мутаассибларни ҳажв қиладилар. Ахир диндорлар орасида ҳам турли-туман одамлар бор. Тақво эгаларини, нафсига зулм қила олувчиларни, уламоларни ҳар бир ёзувчи эъзозлайди. Билиб-билмай фатво берувчи, дарди тугун ва тугун учига тугилган пулда бўлган, Ислом илмидан узоқ одамларни эса камчиликларини ёзадилар. “Фарғона тонг отгунча”да ҳам шундай қилинган.
Кунларнинг бирида, ҳали жуда ёш эканимда машқ тарзида ёзилган навбатдаги ҳикоямни ёзиб, тоғамга ўқиб бердим. Ҳикоя қаҳрамони – боксчи йигит бувисининг гапига кириб рўза тутади ва оқибатда мусобақада ютқизиб қўяди. Одатда тоғам ёзганларим билан танишгач, асарни яхшилаш йўллари ҳақида гапириб, тилни таҳлил қилиб, камчилигини кўрсатар эдилар. Бу сафар ундай бўлмади. “Сен динни билмайсан, диний одатларни ёмонлаб ёзма”, деб гапни калта қилиб қўя қолдилар. Ёзув столларида биргина чала иш қолди. Аниқроғи, бу иш ҳали бошланмаган эди. “Қизлар дафтарига” китоби чиққач, яна хатлар олдилар. Шундан сўнг бир куни “Йигитларга ҳам айтадиган гапларим кўп экан”, деб “Буниси сизларга, йигитлар!” деган китоб ёзиш ниятлари бор эканини айтдилар.
Ахлоқий қиссаларга, мақолаларга, суҳбатларга кўп ҳолларда мактублар асос бўларди. Ахлоқий китоблардаги воқеалар тўқиб чиқарилган эмас. Ундаги айрим воқеаларга мен ҳам гувоҳ бўлганман. Қариндошлар, таниш-билишлар оилавий можароларни тоғамсиз ҳал этишмас эди. Бу можароларга аралашиш, муросага келтириш ёзувчига руҳий азоб берарди. Қариндошлардан бирининг қизи аразлаб, қайтиб келган экан. Узоқ йўл юриб бориб, жияннинг қайнотасига учрадик. Қайнота ичишни яхши кўраркан. Биз борганимизда ҳам ширакайф эди. Келиндан, яъни тоғамнинг жиянларидан нолиб, уни ёмонлаб, “кийимларимни ювиб бермайди”, деб, даъвосининг исботи учун иркит кўрпача остидан иштонини олиб, тоғамнинг олдига ташлади. Тоғамнинг баъзан ўзларини тутолмай, кескин гапириб юбориш одатлари ҳам бор эди. Мен бу нодон қайнотанинг кўнглини оғритиб, масалани янада чигаллаштириб қўймасалар эди, деб ҳавотирландим. Лекин ўзларини тутдилар. Кўзларини мўлтиллатиб, худди “бу аҳмоқдан қутқар”, дегандай менга қарадилар. Бунақа одамни фақат дўппослаб уриб, тинчитиш мумкин эди. У тинмай жаврайверди. Тоғам сабр билан ўтиравердилар, аммо менинг тоқатим етмади. Чиқиб кетдим. Ярим соатлардан кейин қайнота тоғамни кузатиб чиқди. Сал кайфи тарқаган шекилли, гапи оҳанги ҳам ўзгарибди. “Келиним ёмон бўлса ҳам сизнинг ҳурматингиз бор, ўғлимга айтаман, бугун бориб олиб келади”, деб ваъда берди. Ўзи майхўр, қилиқлари хунук бўлса ҳам, тоғамга берган ваъдасини бажарди.
Жияннинг бу бахти ниманинг эвазига қўлга киритилганини менгина биламан. Бундай ва бунданда баттар ҳоллар тез-тез бўлмаса ҳам учраб турарди. Хотини кетиб қолган бир ёш ёзувчи қайнонасига тоғам билан Шуҳрат домлани рўпара қилибди. У хотин буларнинг ёзувчилиги у ёқда турсин, оппоқ сочларини ҳам ҳурмат қилмай, ҳайдаб солибди...
Бундай можаролардан кейин тоғамнинг аччиқланганларини сезиб турардим. Аммо бу оддий аччиқланиш эмас, юракни темир тирноқларида тирновчи азоб экан. Бундай пайтларда тоғамни чалғитишга ҳаракат қилардим. Тоғамнинг нимага қизиқишларини яхши билардим. У киши боғбонликни хуш кўрардилар. Қибрайдаги қаровсиз, тошлоқ жойнинг бир бўлаги тоғамга ҳам дала-ҳовли учун берилганди. Тошлоқда бир туп гул ўстириш ҳам мумкин эмасди. Тоғам тупроқ тўкдириб, шу ерларни обод қилдилар. У ерга одам олиб чиқиб ишлатганларини кўрганим ҳам, эшитганим ҳам йўқ. Қариликларига қарамай у ёққа йўловчи автобусларда борардилар, ўзлари ишлардилар. Бир термосда чой билан нон ҳамроҳлари бўларди...
Бирон можаро таъсиридан ранжиб ўтирганларида мен ўша боғдан гап очардим. Шунда тоғам бутунлай ўзгарардилар. Эккан дарахтларини таърифлаб кетардилар. Вафотларидан икки-уч йил олдин ярим асрдан ошиқ умрлари ўтган Дархондаги уйлари бузиладиган бўлди. У ерга ҳар куни борардилар. Йиғлаб-йиғлаб қайтардилар. Айниқса, пайхон бўлаётган дарахтларга ачинардилар. Бу жойларга кўп қаватли турар-жой қурилгач, шаҳарнинг қоқ марказидаги тўрт хонали шинам уйларини топшириб, шу ердаги уч хонали уйга кўчиб келдилар. Уй янги бўлгани билан ҳаражатлари кўп эди. Шу кунларда Ёзувчилар союзига раис бўлиб сайланган Ўлмас Умарбеков тоғамнинг аҳволларини суриштириб, “бу йил ёзувчиларга ажратилган “Волга” автомашинасини Мирза акамга бермоқчимиз”, дедилар. Мен тоғамнинг машина сўраб ариза ёзганларини, навбатда турганларини эшитмаган эдим. “Навбатда турганлар сизни замбаракдан ўққа тутворишмайдими?” деб ҳазиллашдим. Ўша йиллари айниқса “Волга”ни талашиб, айрим ёзувчилар бир-бирининг устидан мағзава ағдаришга ҳам тайёр турардилар. Ўлмас ака гапларида туриб, қарор чиқардилар. Мен ёрдамчиларини тоғамникига бошлаб бордим. Улар хушхабарни айтишди. Тоғам раҳмат айтиб, кулимсираб қўя қолдилар. Улар кетишгач, қувонмаганлари сабабини сўрадим.
-Сенинг ёшингда бўлсам қувонсам ярашарди, мен бу машинани нима қиламан? Ҳар ҳолда машинани текинга беришмаса керак. “Тоғамнинг “Волга” сотиб олишга етадиган пули бор”, деб ўйлайсанми?
“Волга” олиш масаласи оила даврасида ҳам муҳокама қилинганда тоғам ўжарлик билан рад этаверганлар шекилли, улар менга мурожаат қилиб, кўндириб беришимни сўрашди. Оилавий маслаҳатга кўра, машина қарзга олиниб, сўнг сотилиб, фойдасига уй таъмирланиши керак эди. Мен бу режани айтиб, балога қолдим.
-Сенам шу аҳмақона фикрдамисан? Қариганимда “машина чайқовчиси” деган лаънат олиб юрайинми?-деб Ўлмас акага телефон қилиб, эътиборлари учун раҳмат айтгач, “шу машинага муҳтожлиги бор истеъдодли ёзувчилардан бирини қувонтиринг, катта ўғлимнинг “Москвич”и бор, кунимизга шу асқотиб турибди”, дедилар.
Тоғам футболга бениҳоя қизиқар эдилар. Мен кайфиятлари йўқлигини сезсам, ташвишли фикрлардан чалғитиб, гапга солиш учун сўзни футбол янгиликларига бурардим. Агар “Пахтакор”нинг аҳволи дуруст бўлса хўп-хўп, йўқса худди мен тренер ёки етакчи ўйинчиман-у, ютқизиқ менинг айбим билан бўлгандай сўкиш эшитардим. Футболни спорт эмас, ижод деб билардилар. Талабни ҳам шу асосга қурардилар.
Шахматни ҳам яхши кўрардилар. Таъкид жоизки, унча-бунча одам тоғам билан беллаша олмасди. Баъзан мен ҳам шахмат ўйнашни таклиф этардим. Аҳволим ўзимга маълум, дурангни ҳам орзу қилмасам-да, тоғамни чалғитиш учун дона сурардим. Тоғам буни сезсалар ҳам билмаганга олар эканлар.
Тоғам табиатан содда, камтарин, меҳнаткаш одам эдилар. Иродалари мустаҳкам, ўжарликлари ҳам бор эди. Кимдир менга “Ёзувчи камтар бўларди, танлаган таҳаллусини қаранг, “Мирза Калон” - “Катта мирза” эмиш”, деб таъна қилган эди. Бу бўлмаган даъво. “Мирзакалон” таҳаллус эмас, бобомнинг қўйган исмлари. Тоғамнинг “Мен ёзувчиман!” деб керилганларини ёки бировга дўқ қилганларини эслолмайман.
Менга фақат бир нарса таскин беради: Мирзакалон Исмоилий бировларга қуллиқ қилиб яшамадилар. Ўз халқининг содиқ ва виждонли фарзанди сифатида барча уқубатлардан юқори турдилар, виждонларига хилоф иш қилмадилар. Ижодкорнинг энг буюк бахти шу. Бу бахтга эришган ёзувчи барҳаёт бўлиб қолади.
Мирзакалон Исмоилий шундай ёзувчи эди.
Йиллар бу ҳақиқатни ҳали кўп марталаб исбот этади.
***
Мазкур асарда хато ва камчиликларга йўл қўйган бўлсак, баёнимиз зерикарли ёки қизиқарсиз чиққан бўлса, сиз азизларнинг вақтингизни исроф қилганимиз учун аввало Аллоҳ ҳузурида тавба қиламиз ва сизлардан узр сўраймиз. Яна бир узрим борки, тоғамнинг ҳаётларидан ҳикоя қилувчи аввалги мақолаларда “АҚД” нинг йили, “Ундирком” тафсилотида, ўша пайтларда архивни тўла ўргана олмаганим сабабли, озгина ноаниқликка йўл қўйган эканман. Бу баёнда ўша камчиликларга барҳам берилди.
Ғойибона учрашувимиз сўнгида дуога қўл очиб улуғ адиб Мирзакалон Исмоилий ҳақларига, истиқлол илинжида ўтган барча миллатпарвар устозлар ҳақларига дуо қилишларингизни сўраймиз. Валлоҳи аълам, биссавоб!
Фоний дунё азобларини кўп тотган устозни Аллоҳ боқий дунёда дўзах азобларидан асраб, жаннатда Ўзининг васлига етказсин. Омийн!
Тоҳир МАЛИК