18:28 / 21.09.2010 · Кутубхона
Сайланма. Шавкат Раҳмон

«Сайланма» — оташнафас ҳам миллатпарвар шоиримиз, марҳум Шавкат РАҲМОН (1950—1996)нинг ҳаётлик чоғида ўз қўли билан тартиб бериб кетган энг сўнгги китобидир. Китобдан фақат  илгари  чоп  этилган  тўпламлардан  сайланган  лирик-фалсафий шеърларгина  эмас,  балки Ўзбекистон  мустақиллиги  арафасида  ва  ундан  кейин,  ўлим  тўшагида  қоғозга  туширилган (шундан баъзилари илк бора эълон қилинмоқда) бадиий мўъжизалар ҳам ўрин олган.
Ўйлаймизки,  видо  китоби XX  аср  ўзбек  шсъриятида,  умуман,  умумтуркий  адабиётда чинакам  ҳодиса  бўлган  ШОИР  шахсияти  ва  унинг  кўнгил  кенгликлари-ю  юрак  қирралари тўғрисида ўқувчига тўла-тўкис тасаввур беради.

ЁРИЛГАН ҲАРАКАТ БАЁНИ

Бир одам изладим...
изладим ғариб,
жуфти йўқ бургутдай хунук қишладим.
Кездим армон тўла бир жом қидириб,
малаклар йиғлади,
итлар тишлади...
Умринг узоқ бўлсин,
эй дарёжоним,
ҳуснингга ҳирс билан назар солмадим.
Занжирлар товшига тўлганда ёдим
ўзингдан ўзга бир дилдор қолмади.
Қолмади бир илинж,
ишонч қолмади,
ваҳший даҳоларнинг макри билинди.
Ит базми қизиган ойсиз шомлардан
қизғониб опқочдим дарё дилимни.
Бу чиркин оғизлар...
синган каллалар...
иғводан, бўҳтондан осилган тиллар...
ҳирслар лашкарлари босган паллада
шоҳларин бўғизлаб тишлаган диллар.
Бу қуёш хўрланган...
бу ой зўрланган...
зарлари таланган бу содда жабал.
Қон, ароқ, пешобни эмиб тўралган
буваклар бўкириб йиғлаган маҳал
ё худо дедиму
нурлар ўйнаган
пешонам илк бора тупроққа тегди,
ё худо дедиму
эркин гуллаган
дарёдил самога дилимни бердим.
Умринг узоқ бўлсин,
ей, дарёжоним,
кечалар қаърида бир гул йиғлади,
юзимга сачради бир булбул қони.
кўнглимга бу дунё
нечук сиғмади?!
Нечук бағрингдаман,
кимнинг ишқида?
Нечук ёлвораман умрингни тилаб?
Улкан жасадимни тошлар ичида
юварсан энг нозик қўлларинг билан.
Айтгил, эй дарёжон,
бормиди зулм?
Тоғлар силсиласин бузворди нола:
"Гулларнинг баргини емаган, гулим,
булбуллар қонини ичмаган, болам".



- ИЛК ШЕЪРЛАРИДАН -

ОРЗУ ТАСБЕҲИ

Ажойиб кунларнинг бирида 
уйғониб кетаман уйқудан, 
юракнинг энг чуқур ерида 
оғриққа айланган туйғудан.

Бир қўшиқ бўламан дарёдай 
юракнинг энг чуқур ерида, 
боқаман дунёга дунёдай 
ажойиб кунларнинг бирида...


МАНЗАРА

Оқ сукунат портлар саҳарда, 
кун нурида ёниб, ярақлаб, 
чопиб кирар совуқ шаҳарга 
ялангоёқ яшил дарахтлар.
Бир зумдаёқ девор.тар ошиб, 
Кўчаларга тарқаб кетдилар. 
Дарчаларга юзларин босиб, 
болалардай қарар катталар.


ШИМОЛ КУНИ

Ечинади милашлар яна, 
тор йўлаклар яна сарғарар. 
Қовжираган куз тепасида 
айланади қора қарғалар. 
Тўлиб кетди қарғага осмон, 
ҳатто аранг кўринади кун. 
Қарғалармас, 
гўё қағиллаб, 
учиб юрар парчаланган тун.


ЭСДАЛИК

Унуттаним йўқдир ҳали 
ўрикзорни, асов сойни, 
сой бўйида кўздан холи 
бақатерак ўсган жойни.

Унутганим йўқдир ҳали 
ўйинқароқ зилол сувни, 
тол тагида шом маҳали 
ғира-шира икки қувни
.
Ёдимдадир ўшал дамлар,
кулгуларинг эди сўлим, 
ҳали йироқ эди ғамлар,
дунёда йўқ эди ўлим.

Қовжирадим ёз гулидай
соғинганча ўшал жойни,
холи кеча, етим ҳулво,
ярқираган улкан ойни...


МАШҚ

Қоронғи бог,
хилватда
ўт-ўланлар шовиллар,
гўё зулмат гирватида
юзлашгандай довуллар.
Қоронғида йиғлар ким,
ким келадир йироқдан?
Чарақлайди йилдирим
тўқнашгандай пичоқлар.
Телбадай жим бораман,
юракка қон сиғмайди,
шум довуллар қорнида
ажиналар йиғлайди...
Гуё зулмат босгандай
янграр бойқуш нидоси,
шамол ўйнар тошларда,
бу — дунё ибтидоси,
бу — дунё интиҳоси.


ҚУМАРУ

Кўкмак дала,
осмон қорайган,
чўкаётгандай булут карвони.
Сескантирар жийдазорлардан
қочаётган қушлар фарёди.
Йўллар қадим...
тутлар қариган...
сувлар симоб каби ялтирар.
Сукунатнинг теран қаърида
уйғонмоқда саслар қалтираб.
Асов кўнгил...
эргашар андом,
қадим йўлдан қайга етаклар.
Қоронғилик қуюлар қандоқ,
қандоқ титрар эди чечаклар.
Ўсиб борар қон-қора беша,
совиб борар йўллар турпоғи.
Кўнгил ташна..
Қондирай десам,
қайнаб турар ғамлар булоғи.


ЎШКЕНТ ЛАҲЗАСИ

Оқ чўққилар,
шавақи сойлар
яшилликка кўмилган моҳтоб.
Мовий осмон ёйилмасида
сузар улкан олмадай офтоб.
Хаёлимнинг тиришларига
гуллар оқиб келар қаёқдан —
рўмолларнинг тирқишларидан
йилт эткизиб қарар аёллар.
Бир дақиқа ўйга ботибман,
жодуланиб шивирлар лабим.
Бир қарасам тошдай қотибман,
оёқларим илдизлар каби..


БИР КЕЧА ЁДИ

Ёғилади майин сас, садо,
ёғар, егар шомурут қори,
нақадар хуш жодугар наво,
озод, қора сочлар ифори.

Шомурутлар оппоқ гулидан
кузатаркан фонуслар ёқиб,
юлдузларнинг олов селида
эртакларга кирамиз оқиб.

Туйғулардан девона кўнгул,
саҳаргача юрармиз дайдиб.
Келармикин бу жодули тун,
келармикин дунёга қайтиб?!


НИГОР

Катталарга қарардинг сирли,
катталарга тутдинг гулингни,
катта бўлдим мен бола шўрлик,
кечалари пойлаб йўлингни.

Энди сени кутмасман ортиқ,
деразангга боқмасман маҳтал.
Кўзларингга қарайман қаттиқ,
белларингдан қучаман дағал.

Бироқ жисму жонингни ёққан
девонаваш қудратни енгиб,
деразангга жовдираб боққан
болакайга қарайсан ғамгин.


ДАСТХАТ

Гўзаллик, покликдан уялиб,
қисилиб, қимтиниб турасан,
қоп-қора деворга суяниб,
ёп-ёруғ хаёллар сурасан.

Илоҳам, тонг каби юзингга
ҳирсланиб, ҳезланиб боқарлар,
кўзларин қоқарлар кўзингга,
қалбингни азоблаб ёқарлар.

Йиқилма, ўзингни ушлагин,
отсинлар жаҳолат тошини,
лабингни қаттиқроқ тишлагин,
кўрсатма кўзларинг ёшини.


ВИСОЛ

Аста-аста эриб боради
нарсаларнинг зарралари ҳам,
икки қушча бир-бирин суяр
япроқларнинг ораларида...
Шаббодалар олиб келади
райҳонларнинг ўткир нафасин,
япроқларнинг ораларида
икки кушнинг бахтиёр саси.
Кеча узун,
хаёлдай узуи,
ундан узун қоронғи сукун,
ҳадиксираб тураман фақат,
ногоҳ келиб колмасайди кун. 


* * *

Кўп йиғлама,
оғрийди бошинг,
ахир бахтли бўлмоғимиз шарт.
Ёмон бўлар агар кўзёшинг
тугаб қолса, келгунича Бахт.

Кўзёшингни сочма тунларга.
асраб қўйгин яхши кунларга.


* * *

Кел, яшириб қўяйин сени
юракнинг энг чуқур ерига.
Кейин сен ҳам яширгин мени
юракнинг энг чуқур ерига.

Тополмасин бизларни биров!


* * *

Дунё ҳали норасо, ҳали
ўртамизда чопар айрилиқ,
чақирамиз бир-биримизни,
оғзимизни ёпар айрилиқ.
Нафрат яшар дунёда, ҳали
ёзилгандай қайси китобда
Муҳаббатнинг асрини кутиб,
ўтирибмиз икки қутбда...


МУҚАДДИМА

Бутун умрим тайёргарликдир,
ҳали кўпдир битмаган итним,
англанмади ҳозирча кўп сир,
ҳали вужуд ичида ишқим.
Йилдиримдай лаҳза сувратин
яширинча асрар хотира.
Мени бор ҳам йўқ қиладиган
лаҳза порлаб турар олдинда.


УММОН

Агарда бу уммон тагида
қудратли дарёлар бўлмаса,
тублари гоҳ иссиқ, гоҳ совуқ,
навқирон сувларга тўлмаса,
бўлмаса хилма-хил ҳаракат,
бу қадар уммонлик қаёқда,
поёнсиз бир кўлмак бўларди,
ботқоққа дўнарди,
ботқоққа.


ОЗОДЛИК ҚЎШИҒИ

Бу қўшиқ ажойиб қўшиқдир,
сўзлари куйдирар томоқни,
ўлимни назарга илмайсан,
сезмайсан сургуну қамоқни.

Шалдироқ кишанлар ҳукмига
ачинмай берарсан ёшлигинг.
Юзларинг буришмас оғриқдан,
фароғат бағишлар очлигинг.

Куйласанг, чекинар разолат,
чекинар кадарлар, нолалар.
Унчалик қўрқинчли эмасдир
кўксингда эзилган лолалар...


УРУШ СУВРАТИ

Сув ўрнига қон шимаётган
ҳаловатсиз, бечора замин.
Ҳасрат билан ерга қарайди
чиқармасдан худолар дамин.

Қонга ботган дунёни кўриб,
азобларга беролмасдан дош,
улкан, қизил қуёш ҳар куни
олиб кетар узоқларга бош.

Кетаётир тубсиз мозийга
кўланкасиз йигитлар сафи,
қизлар қолар куз оғушида
унутилган мевалар каби.


ЭСКИ ЖАНГ МАЙДОНИ

Замбараклар музейда қолди,
саркардалар кирди тарихга,
гавдалардан бўшатиб қонни,
аскар кирди замин қаърига.

Қалин майса қоплади қадим
кунда каби жанг майдонини,
энди эркин қушлар беҳадик
териб юрар ризқи — донини.

Чумолию қушлар, майсалар
бузган мудҳиш чегараларни,
шу абадий тоза масканнинг
мангу ғолиб,
чин эгалари.


ХАЁЛ

Дунё...
дуне...
кўп кадим дунё...
на туби бор. на чегараси.
Сомон йули бузилган зиё —
сайёранинг тилло зарраси.
Хаёл ўсган ёруғ лаҳзада
эҳтиёт бўл фосиқ дунёдан.
йиқилмагип оний ларзадан
самоларга талпинган одам.
Эҳтиёт бўл
номард жўрангдан,
синаб кўриш учун дошингни,
олмасин-да тағин мўлжалга
пистирмадаи ёруғ бошингни.


ЖАБР

Киролмасди бу уйга ўлим,
бўлмасайдик кибрли, олғир,
бўлмасайдик тошбағир, пўрим,
агар одам қолмаса олғир.

Кириб кетди шарпа аёзда.
жабр кўрди яна бир шўрлик,
очиқ колган эди дарвоза,
бирор кимса тўсмади йўлин.

Биргалашиб жойига ўқйдик,
ҳол сўрашдик кўз қиримизда,
жабрланган шўрликни кўриб,
уялмадик бир-биримиздан.


ЎЗГАЛАР ДАРДИ...

Қушчалар,
сайроқи қушчалар
қафасда бўғилиб сайрашар,
бетоқат потирлаб симларга
ўралган оламга карашар...
Қушчалар,
озодруҳ қушчалар
оламдан кўзларин узмайди,
чирқираб ўзларин ҳолимас,
ўзгалар ҳолига бўзлайди.


* * *

Чакин бўлма,
бўлма гулдирак,
ердан кўпам узоқлаб кетма.
Овозингни йиртмагин бекор,
ерни қучма — қулочинг етмас.

Ундан кўра бирор одамнинг
макони бўл — ирмоқли, сойли,
шамолларни тўсган тоғи бўл,
осмони бўл — юлдузли, ойли.


ХЎРСИНИҚ

Тоғ хўрсиниб юборди оғир —
водийларга югурди шамол,
юзларини яширди ҳилол.

Тоғ хўрсиниб юборди оғир,
теран хобдан уйғонди юрак,
тоғлар каби хўрсинмоқ керак.


- БИРИНЧИ ФАСЛ -

ҲАМАЛ

Эриб битди поёнсиз қорлар,
яна кўҳна замин туллади.
Водийдаги улкан ўриклар
бир кечада оппоқ гуллади.

Оқ булутлар ерга қўндими,
мўъжизалар бўлдими содир?
Оҳ, нақадар ажойиб тунда
оқ машъала экилган водий.

Энди сафсар кечаларда оқ
машъалалар тутиб, улуғвор
кенгликларда кезар чиройли
кундузларни ахтариб баҳор.


* * *

Кунлар пиша бошлайди яна,
рангларини бошингда элар,
Хаёлингни чақмоқлар каби
ёритгувчи лаҳзалар келар.
Яна япроқ ёзган дарахтга,
атиргулга дўнарсан нуқул.
Кечалари чап кўкрагингда
қафасини синдирар булбул.
Бор кадарни енгмоққа яна
етиб ортиб қолар бардошинг.
Энди ўзинг истамасанг ҳам
юлдузларга тегади бошинг.


* * *

Ечиб оппоқ кўйлагани вақт,
кийди яшил гулли кўйлагин.
Юрак, уйғон, капалак каби
чечакларга қўниб ўйнагин.

Майсаларин тараб, парвозга
шайланади чексиз далалар.
Ўспиринлар қучоғида маст
Қирда асир тушган лолалар.

Боғларда оқ аланга гурлар,
телба қилар шамоллар иси,
гилос гулин кийган кўчада
оқиб борар қизлар кулгиси.

Гуркираган бу рангин олам
туйғуларни ўйнатиб ташлар
ва ажойиб кунлар умримда
атиргулдай очила бошлар.


* * *

Субҳидамда ям-яшил дарахт
деразамга юзини босди,
керишгандай ойнак сатҳига —
гулларини оҳиста ёзди.

Қирчиллаган шабада келди,
кўпирганча шошиб, қувониб,
Баҳор, жисми очилиб, яшнаб,
босиб кетди атир тумани.

Кўтарилар заминдан қудрат
шаббаларнинг учига қадар,
бирдан яшил шохларда тилло
ғўралар ҳам товланиб кетар.

Гўё қуеш парчалангандай...
Гарқ қилади оламни фараҳ.
Ҳар баҳорда менга эринмай
яшамоқни ўргатар дарахт.


* * *

Ишон, одам, баҳорга ишон,
қара, гўдак каби беғубор —
мингинчи бор оловдай порлоқ
гулларини кўрсатар баҳор.

Баҳор сенга ишонар, қара,
сузиб чиқди кўзига юрак —
қараб турар сенга интизор,
сен баҳорни севишинг керак.

Кўзига боқ, ҳайдама уни —
мингинчи бор қилмагин хато.
Остонангдан кетмайди баҳор,
сен аслингга қайтмагунча то.

Шарқиратар асов сойларин,
нафасидан ранглар уфурар,
ўйнайверар яшил қушларин,
гулларини ёндираверар...


ВИДОЛАШУВ

Хайр, Баҳор! Алвидо, Баҳор!
Раҳмат, оппоқ гулларинг учун,
шохларимга зумрад ғўралар
қадаб қўйган қўлларинг учун.

Хайр, Баҳор! Алвидо, Баҳор!
Ушалмасдан қолди армоним.
Бироқ кутгил, дедию Баҳор
лабларимга босди бармоғин.


ҒАМГИН ҚЎШИҚ

Аям Офтоб Мамажон карвон изига

Гўзаллашиб кетарди борлиқ
Шаҳрихондан ўтганда Офтоб,
тўкиларди кулган чоғи дур,
нур уйнарди кўзларида соф.

Уни кўриб тўхтарди сувлар,
кетолмасди қушлар пойидан,
мажнунтоллар кўтарарди бош
Шаҳрихоннинг эски сойидан.

«Оқ ипакдай қўллари узса»,
эзиларди шўрлик райҳонлар.
«Оёқларин бир бор ўптирса»,
хўрсинарди яшил сайҳонлар.

Сувлар уни севарди қандоқ,
гуллар ёниб қиларди хитоб,
ғўзалликка кўмиб борлиқни,
Шаҳрихондан ўтганда Офтоб.

«Офтоб, Офтоб, ёпма паранжи,
тиниқ ойлар қорайиб кетсин,
Офтоб, Офтоб, бир бора ранжиб
бир хўрсиниб ўлишга етсин...»

Кузатдилар сувлари йиғлаб.
кузатдилар чечаклар сўлиб,
ўттиз йилки йиғлади Офтоб
Шаҳрихондан йироқда тўлиб.

Энди унинг сочлари кумуш,
оқ инакдай қўллари қадоқ.
Кўзларида лиммо-лим кадар
бағри доғли, юраги адоқ.

Сувлар уни севарди қандоқ,
гуллар ёниб қиларди хитоб,
гўзаллашиб кетарди борлиқ
Шаҳрихондан ўтганда Офтоб!


ДАРЁ

Қўйвормайди кўҳна ўзаним,
кундуз яшар самарларимда.
Сайрагандай қумри, булбуллар
товлангувчи камарларимда.

Тоғлар тиниқ қорини берар,
яшил водий — ёниқ гулларин,
кечаларнинг бағрини ёқдим,
мазахладим сассиқ кўлларни.

Сув ичгани келган қўйлардай
қирғоқларим тўлдирган тошлар.
Мажнунтоллар майда ўрилган
кокилларин бағримга ташлар.

Тирик сувман — гажир, ўйноқи,
кунлар ухлар қучоқларимда,
бекор боқмас ҳамиша мафтун
дарахтлару ўт-гиёҳлар ҳам.


ҚАСИДА

Тун дедим, ярашди бу исм,
мен сени бир сўздан яратдим.
Кийдирдим ярқироқ кўйлакни,
ҳуснингга оламни қаратдим.

Сен марол кўзидан чиройли,
оҳанглар таралар исмингдан,
сен гўзал тонгларни туғасан,
настарин бўйлари жисмингда.

Ойларни жойладим бағрингга,
сен барча тунларнинг ёшисан,
сўнг ўзим йиқилдим ҳайратдан,
милёнта сулувнинг сочисан.

Қададим қоп-қора кўксингга
чўғ каби қип-қизил ғунчалар.
Агар мен бўлмасам, эшит, тун,
чиройли бўлмасдинг бунчалар.


СЕҲРГАР

Деразангдан боқасан сирли,
титроқ солиб кундуз жонига.
Сочларингни ёзасан — тунни
киргизасан аста хонангга.

Бирданига барча дарахтлар
қовжиратиб тўкади баргин,
ухлаб қолар шўх ўспиринлар
хафа булган болалар каби...

Саҳаргача табассум бўлмас,
шамол кезар зерикиб, уфлаб,
Хайр, эй қиз, эй сеҳргар қиз,
яхши тушлар кўрганча ухла!

Жуда зарур саҳардан бошлаб
кўчаларни суйиб босмоғинг,
қотиб қолган совуқ юзларга
илиқ табассумлар осмоғинг.


МУҲАББАТ

Муҳаббат — чиройли капалак,
қўрқаман шўрликни тутгани.
Капалак қувганим ёнимда,
ёдимда йўқ аммо етганим.

Юрагим ранжиган боладай
на эрмак, таскинга кўнади.
Муҳаббат — чиройли капалак,
ҳали ҳам гулларга қўнади.

Ортидан ҳаллослаб чопаман,
хижолат бўламан ғўрликдан —
қанчалик югурмай, барибир
орқада қолардим шўрликдан.


МАНЗАРА

Хиралашар зирвалар қори,
сўлар улкан лоладай офтоб,
битта ўзим майса ёйилган
тепаликда ўқирдим китоб.

Кабутарлар учгандай бўлди,
шундоққина ёнимдан сарин
шаббодадай ўтарди ўйнаб,
шоҳи кўйлак кийган настарин...

Сочи қумрол, дудоғи лола,
юзлари оқ, ёноқлари ол,
ўйнаб ҳарир этакларини,
қучоқларди болакай шамол.

Қорайганди зирвалар қори,
аллақачон сўлганди офтоб,
болашамол энди мук тушиб,
тепаликда ўқирди китоб.


КАПАЛАК

Қизиган садолар сўнади,
қуш каби чўчийди хаёли.
Кўксига капалак қўнади,
қитиғи уйғонар аёлнинг.
Ёноғи ловиллаб қизийди,
капалак айланар рўйида,
оҳлари бўғзига тизилди,
паришон соялари бўйнида
Атирли ўтларга кўмилар,
тикилиб қолади осмонга,
мастона кўзлари юмилар,
капалак ёқарди жувонга.


ДЕНГИЗ

Ечар мовий кўйлагини қиз,
нафаси-ла маст қилар ёзни,
қумкўйнагин кияру ҳолсиз,
сочтурмагин соҳилга ёзди.

Тикилмаса қуёш мунчалар —
май мисоли кўпирар қони,
лаб босади қизил ғунчага,
сўнг унутиб қўяр дунёни.

Пистирмада турган шамол-чи,
тусатдан бир фитна ўйлади,
рақсга туша бошлар ҳаёсиз,
кийиб олиб мовий кўйнакни.


ҚИЙИҚ

Унча қув эмасди шекилли, фақат
кўзлари ғалати кулиб турарди,
ўзини хотиржам тутарди, аммо
негадир юраги каттиқ урарди.

Гоҳо оқ, гоҳида қизил кўйлакда
бир неча кунимга кириб чиқди у,
кўзларин ўйнатиб кулган чоғида
жуда ҳам ярашиб кетарди кулгу.

Мен сезмай қолибман, ўйноқи кўзи
юракнинг тубига бориб етибди,
жарангдор ва сирли кулгисин, айёр
дағал кунларимга осиб кетибди.



- ИККИНЧИ ФАСЛ -

ЁЗ РАВИШИ

Нурларини йиғиб олар кун,
осмон ерга ташлар соясин.
Юлдузларин ёқиб қўяр тун,
кесиб қўяр ойнинг поясин...

Шуълаланиб, шарқираб ётар
кўк сувларда ой синиқлари.
Етиб келар муздай шабада —
қари тоғнинг хўрсиниқлари.

Ялпизларнинг бўйин уфуриб
шўх жилғалар водийга чопар.
Ҳовузларни ёпиниб олган
қурвақалар жимликни қопар.

Қизиб кетар ер томирлари...
Тунга илиқ бўйлар таралар.
Бирдан кайноқ ёз оқиб келар
жимиб қолган боғлар оралаб.


* * *

Тонг кўксида қушча сайради,
куйлайди кўп сувлари синиқ.
Ювош нурлар ўйнайди, осмон
гулдай яшнар тобора тиниб.

Ўтиб кетар ҳаллослаб шамол,
беҳиларнинг хуш бўйи анқир.
Қизлар ўтар — кўзлари армон,
дурраларда сочларин танғиб.

Тонг кўйлаги унсиз йиртилар,
чақнаб кетар офтоб тиғлари,
ит ҳуради, ҳанграйди эшак,
қай ҳовлида гўдак йиғлади.

Тонгги қишлоқ кўчаларидан
чиқиб кетар овлоққа сукун,
далалардан ўтар шошилмай
ола-була сигир каби кун.

* * *

Суронларни оралаб ўтдим,
теракзорлар сафи бошланди.
Қуёш ўчди, ёнди булутлар,
майсалариинг кўзи ёшланди.

Аламзада итларнинг сасин
адаштириб кетдим хотиржам.
Ҳўкизларни ортда қолдирдим,
ҳанграётган эшакларни ҳам...

Кетавердим, мажнуна толлар
сув ичаётган сойни ёқалаб.
Қип-яланғоч ойга бақрайиб
сайрар эди шўрлик бақалар.

Вақт оғади, улкан сукунат
ёбонларни босадир тошдай.
Бирор садо қолмас оламда
юрагимнинг зарбидан бошқа.


* * *

Ёз туни. Боғ шира уйқуда.
Кекса чинор суради хаёл.
Кириб қолар боққа адашиб,
телвакезик, яланғоч шамол.

Довдирайди ухлаётган боғ,
бошланади оғир оҳ-воҳлар.
қоматларин эгишиб, саннаб,
кўзёшларин тўкар гиёҳлар.

Хаёл суриб, кузга бораётган
бир ёшгина олма қўрқувдан
қоқилару шарбатга тўлган
меваларин тўкворар сувга.

Телвакезик, саёқ шамолдан
ғазабланиб, улкан, улуғвор
бошин чайқаб қўяр-да, узоқ
ғижирлатар тишларин чинор.


* * *

Тун гуркираб ўсар ёбонда
ўсганидай бир тўп гулхайри.
Бошланади синган сувларда
ялангоёқ ойларнинг сайри.

Майсаларнинг бағрига кирар
қизиб кетган тоғлиқ шабада —
шивир-шивир бошланиб кетар
бу юлдузли, ойдин капада...

Ёнарқуртлар сомон йўлидай,
чириллайди — қайда саратон.
Ағдарилиб баҳайбат, тарғил
сағрисини кўрсатар осмон.

Қушлар дўнар қора баргларга,
нурлар сўнар шаб намларида.
Қурбақалар ёрила бошлар
йўловчи — вақт қадамларидан.


АФСОНА

Кўкрагимни майсага босиб,
буталарнинг панасида жим,
кенг камарда чўмилаётган
юлдузларни узоқ кузатдим.
Икки кўзим ўйнар мириқиб,
афсонавий хилқат очилар.
Касирлатиб куруқ шохларни
чакалакдан чиқар овчилар.
Вужудимга тарқалар титроқ,
юрак тошга айланиб қолди.
Хайриятки, бу ойдин тунда
юлдузларни бўлмайди отиб.


* * *

Боғларда кўзларим қамашар
шохларга илинган ойлардан...
Тошларга урилиб, шарқираб
юлдузлар оқадир сойларда.

Тўлин ой очилган кўксига
булутдан бағирдош топади.
Шабада — шўх жувон юракни
ўйнаркан гоҳ очиб, ёпади.

Булутлар ўтлаган адирда
чиройли кундуздан кечаман.
Шаробдай тотимли бу тунни
томчилаб, томчилаб ичаман.


* * *

Ичар қуёш нурларин жувон,
кўйлагини, сийнасин ечар —
потирлайди яйраб шамолда
икки тутқун оппоқ мусича.

Ичар қуёш қурларин жувон,
настариндай жисми қорайди.
Қариб қолган қуёш найзадан
бир дақиқа ёмон қарайди.

Денгиз ўпар жувон оёғин,
шамол ўйнар қумрол сочини,
ҳувиллаган соҳилда танҳо
жувон ётар гулдай очилиб.

Бу атрофда бирор шоир йўқ.
Жувон мангу ётар бу ерда,
мангу ётар осмонга қараб,
унутилган, ажойиб шеърдай.


* * *

Тонг очар кўзларин эриниб,
севинчдан йиғлайди қиёқлар,
чечаклар жилмаяр севиниб,
шамолда чўмилар гиёҳлар.

Ўйноқи шуълалар — болалар
жимгина тарқалар сайҳонга,
ўргимчак тўқийди толалар,
хонқизи боради меҳмонга.

Қурбақа варақлар баёзин,
гулдан бол сўради арилар,
чигиртка қайрайди овозин,
парвозда ниначи — нарилар.

Чумоли, меҳнаткаш чумоли,
куйинма, атрофга бир қара —
майсалар, оҳ, қандай ҳумоли,
дунёни қилма кўп масхара.


* * *

Яшил сочли санновчилар —
сингилларим, мажнунтолларим
Қайрилдиму рангим бўзарди,
қалтиради кучли қўлларим.

Ўттиз йилки тинмай эргашиб,
яширинганча зийрак кўзимдан,
сарсон бўлиб тоғу тошларда,
келар эмиш йиғлаб изимдан.

Ҳали ёшман, ҳали куз узоқ,
гуллар ҳамон порлар ёдимда.
Бироқ нега бу жинни толлар
йиғлаганча келар ортимдан?!

Гап уқтириб бўлмайди бироқ,
йиғлайдилар саннашиб, тўлиб,
оқиб борар зангор водийдан
кўзёшлари бир дарё бўлиб...


* * *

Ой синиғи тўла сувлоққа
шаршарадай қуйилган ёллар.
Бу ёлларни силар меҳрибон
шабадалар — маъюс аёллар.

Кўк елларин сувга ботириб
не замонки сув ичар отлар.
Атрофдаги кўм-кўк адирлар —
ўтовларда ботирлар ётар...

Бироқ тунда ўт-майсаларга
тўкиладир кимнинг ёшлари?
Нега сувдан бечора отлар
кўтаролмас оғир бошларин?

Нима бўлган уларга ахир
ё сеҳрлаб қўйганми сувлоқ?
Нега жимлик босган воҳада
беғам ухлар ботирлар узоқ?


* * *

Не даврлар қори тагида
музлагандай қари қўтослар —
сокин ётар Олой тоғлари,
бағри тўла ғалаён, саслар.

Аммо сезар ҳар бир шарпани,
бўлса ҳамки хоблари ҳадсиз,
ўз тинчини бузган ёвларни,
ўлдиради тоғлар шафқатсиз.

Ишонмасанг, ўқ отиб кўргин -
бўкирворар саноқсиз қоя.
Ўта мағрур, феъли кўп ёмон,
тоғлар ўзин севар бағоят.

Эҳтиёт бўл бунда юрганда,
буюкман деб хос хаёл сурма.
Милтиқ отиш у ёқда турсин,
овозингни кўтара кўрма...


* * *

Ибтидоий, ўткир қоялар...
Бу тоғларнинг осмони мовий,
бунда гуллар фариштасимон,
бунда ҳатто тошлар самовий.

Ўзим тоғда, юрагим тоғда,
қояларнинг тагида юрдим.
Кун нурида товланган қорда
одамларнинг изларин кўрдим.

Сақлаб қопти одам изларин
бу тоғларнинг мусаффо қори.
Олиб борар эди бу излар
мени борган сари юқори...

Аммо тоғдан тушганим сари
сезар эдим бадбўй исларни,
кўрар эдим тулки, қашқирлар,
тўнғизлару илон изларин...


* * *

Тоғ ўтирар водийда танҳо,
оқ сочлари қоплаган кўксин,
минг йилларки бу нуроний тоғ
асрларга киради ўксиб...

Атрофида сон-саноғи йўқ —
қовжираган, сариқ адирлар —
қачонлардир юртим деб ўлган
паҳлавонлар ётган қабрлар.

Узоқ юрдим кекса тоғ сари,
гоҳ одимлаб, гоҳида чопдим,
нураган тош, қоя тагидан
гўёки тоғ кўзларин топдим.

Сўйлагандай бўлар эди тоғ,
тушунмасдим аммо сўзларин.
Қандай ғамгин эди бу кўзлар,
қандай йиғлар эди кўзлари!..


ТУНГИ МАНЗАРА

Ўрмонлар жим йиғламас шамол,
сой сайрамас, бақалар жимдир,
ингроқларга тўлиб кетган тун —
ғамгин қўшиқ айтади кимдир.

Отим ўлган, қиличим синган,
мажақланган совут, қалқоним,
ким ташлади мени бу чоҳга,
қайда қолди ёруғ осмоним!

Қаерданман, қайга борарман,
қора зиндон нақадар чуқур,
фақат тоқнинг буржидаги ой —
туйнукчадан тушар хира нур.

Барча азоб камлик қилгандай
сой сайрамас, бақалар жимдир,
гуё мазах қилгандай гоҳ-гоҳ
ёпиб турар туйнукни кимдир...


САЁҲАТ

Табиатнинг хилват бурчаги:
унутилган, ёввойи тупроқ,
ҳувиллаган тоғу топшарни
қари қуёш севади кўпроқ.

Хабар бериб шамол югурди
бу диёрга келганим ҳақда,
узлатдаги тоғлар қўзғалди,
саросима қўпди ҳар ёқда.

Оҳу қочди, бошимга ногоҳ
улкан бургут соя ташлади.
Қоялардан тўзғиди қушлар,
сувлар қочиб кета бошлади.

Атрофимга қарадим ҳайрон:
булутларга бурканар ўтлоқ,
сув ичмоқчи бўлиб эгилдим,
ногоҳ музга айланди булоқ.

Қўл узатсам, булутларгача
ўсиб кетар қирмизи олма!
Нима бўлди сенга эй, диёр,
юрагимга ғулғула солма?!

Забт этгани келмадим сени,
енг ичида йўқдир пичоғим.
Мен Искандар, Чингизхон эмас,
осмон каби очиқ қучоғим.

Ишонмасанг, қара кўзимга,
кўзларимда яшайдир Ҳотам,
мен тегмадим ҳатто илонга,
ниши тўла заҳар бўлса ҳам.

Жимлигини бузмади тоғлар,
ўз бафини очмади, зимдан
ҳадиксираб, мишта кўзи-ла
фақат қараб турар изимдан.


ЎРМОНДА

Қалин шохлар аро ялтираб
кун нурлари оқаёттан дам,
елкасида қўшоғиз милтиқ —
кириб келди ўрмонга одам...

Афсонавий, зангори диёр,
бағри тўла жодули сукун.
Шохлар аро тобора кўпроқ
нурларини оқизарди кун.

Чор-атрофни кузатар одам,
ҳар садони пойлар атайлаб,
дарахтларни паналар, бирдан
майсаларни босар авайлаб...

Уйқудаги ўрмон тўсатдан
кўрмай қўяр кўҳна тушларни
ва қаттиқроқ бағрига босар
сайраётган митти қушларни.

Жимлик чўкар орага бир зум,
оҳ, бу кутиш лаҳзаси ёмон!
Варанглаган ўқдан айиқдай
бўкирворар баҳайбат ўрмон.

...Она бўри инграб қулайди,
кўзлари — лим қотган жоласи.
Шошилмасдан милтиқли одам
қонга солар бўри боласин.

Чор атрофга қарамас энди,
майсаларни босар хотиржам.
Титроқ босган ўрмон ичида
узоқ инграр ярадор одам...

Ғарқ қилади қалин шохларни
куннинг қонга ўхшаган нури
елкасида қушоғиз милтиқ,
чиқиб кетар ўрмондан бўри...


МАШҚ

Тун.
Олмазор элас илғанар
далаларнинг кенг оғушида.
Оқиб ётар олтин жилғалар
олмаларнинг сокин тушида.
Шоввасида нурлар қайнаган
хилватдаги жилғага бордим,
тақдиридан ҳасрат айланган
хаста дилни қўйиб юбордим.
Қариқизлар,
етим ялпизлар
қучоғида кетдим ҳушимдан,
чўмилётган ситора қизлар,
олмазорни кўрдим тушимда.
Даф қилди кун
милён йилдирим
қудратин жамлаб зарбига,
воҳ, ўйнарди ғамзада дилим
жилғаларнинт зумрад лабида.
Тушимни ё ўнгимни билмай
қараб қолдим — кўзимда вола,
кўз ўнгимда кечаги дилмас,
уйнарди бир жонсарак бола.
Дилим,
дунё даъюсларидан
қора терга ботган ғуломим,
настариндай пок ҳисларидан
туфдонларни қилган кулолим,
жудо бўлдинг табиатингдан,
бўғзингда бор бир шода мўлдир,
жудо бўлдинг тариқатингдан,
энди тинчиб қафасда ўлтир.
Далалардан
шаҳарга қайтдим,
унда касга каслар ғанимдир.
Йўл бўйича кўкрак қафасим
қаттиқ-қаттиқ муштлади кимдир


ЧЎЛ

Ёввойи чўл очилиб ётар —
қип-яланғоч, чиройли, равон,
тепасида тобора беҳол
ҳансирайди ҳайбатли осмон.

Оғушига босиб вақтни
эритарди чўл — соҳибжамол.
Қашқир каби увлар ваҳмали
ёвшанларда йиртилган шамол.

Ёввойи чўл буюк кенгликда
менга борин очиб ташлади,
гўл-девона икки кўзимни
шошилмасдан ўйнай бошлади.

Бургутларин осмонга отди,
мақтанди хос гуллари-ла чўл,
турдим билмай қайга юришни —
қайга боқмай, кўринарди йўл.

Чўл қитиқлар товонларимни,
борган сари бошлар ичкари,
кўрсатмоқчи бўларди гўё
хазинага лиммо-лим бағрин.

Бир сония хаёлга чўмдим,
буюк тоғлар, боғлар изларин,
қотган денгиз, тўзган шаҳарлар
шарпасини кўрар кўзларим.

Чўл гўзалдир.
Ортимга аммо
ўгирилдим бир сезги билан,
изларимда ваҳма-ла шитоб
ўрмаларди қоп-қора илон.

Чўл, мунчаям бўлмасанг айер,
мунча бағринг севгидан холи,
гўзалсан-у, ғоят маккорсан
доғули, шўх жувон мисоли.



- УЧИНЧИ ФАСЛ -

ОДАМДАРАХТ

Ўсаётган
кучли дарахтман,
шохларимда пишар сўзларим,
ўйчан кузак келгувчи йўлга
икки тоғдай боқар кўзларим.
Фурсат эса —
шошқалоқ бола,
меваларнинг хуш бўйин туйиб,
атрофимда тинмай айланар,
гоҳ кундузни, гоҳ тунни кийиб...


* * *

Узум йиғлар,
йиғлар буралиб,
йиғлайверар қишгача дилдан,
биллур каби мўлдир турланиб,
кузда дўнар олтин шингилга.
Поёни йўқ куз оғушида
қандай гўзал йиғлайди узум!
Шундай бўлар ҳақиқий йиғи.
кўриб қўйгин,
эй, ношуд кўзим!


* * *

Сафсарлашар оқшомги осмон,
кун чекинар қорли тоғларга,
сукунатнинг мунис қушлари
учиб келар кузги боғларга.

Келар қора ридо кийган тун,
сукунатнинг қушларин суяр,
суронлардан ҳорган шаҳарни
силаб-сийпаб ухлатиб қўяр.

Сўнг пойида вафодор итдай
эркаланган шамол-ла бирга,
ёндирмасдан фонуси — ойни
чиқиб кетар поёнсиз қирга.

Ухлар кўҳна оғушда борлиқ,
фақат гоҳо йироқ-йироқдан
ҳуриб қўяр дайди итлардай
қоронғида ётган қишлоқлар.


* * *

Бобочинор сергак мудрарди
кар, вайсақи шериги билан.
Аллақайдан келар судралиб,
кузак — худди уч сариқ илон.

Бобочинор уйғонди чучиб,
таниб қолар илонларни, оҳ,
тунги елга сийнасин очиб,
дам оларди ҳомиладор боғ.

Ғижирлайди безовта чинор,
огоҳ этиб шовиллайди: ку-у-з,
аммо учта сап-сариқ илон
оғочларга ўрларди, афсус.

Ожиза боғ уринди ҳар ен,
изиллатиб сўнгсиз тонгларни.
Ногоҳ қутилар кўтарди фарёд —
оғочларнинг пгўрлик жонлари.


МАВЗУ

Болталарнинг бўғиқ зарбаси,
сирқирайман ургандайин барқ.
Оғочларнинг улкан шарпасин
ой нурлари қилолмайди ғарқ.

Болталарнинг бўғиқ зарбаси...
етиб келди бу ерга душман.
Ҳалок бўлар фақат бир лаҳза
ерга қўнган баҳайбат қушлар.

Болталарнинг бўғиқ зарбаси...
яйдоқ чўлга ташлайман одим.
Оғочларнинг додин кўтариб,
изларимдан келар зил едим.

Хотирамдан чиқмайди душман,
ҳар зарбадан гўё барқ урар.
Потирлайди бағримда қушдай
илдизлари қирқилган юрак...


* * *

Ой гуллади. Осмон тоқига
юлдузларни кимдир қоқади.
Ўзанларда сокин тўлғаниб
тағин қуюқ кундуз оқади.

Осмонларда ўтлаган булут
подасини шамоллар ҳайдар.
Суронлардан ҳориган дала
ибтидоий жимликка қайтар.

Юрак сокин қарар атрофга,
синдирмайди энди қафасин,
фақат сезар поёнсизликда
ўлаётган кузнинг нафасин.

Ҳувиллаган сариқ водийда
қариган куз ётади беҳол —
кўзларига осмонни жойлаб,
ўлса бўлар энди бемалол...


ЛАҲЗА

Хазонга айланди кунларим...
Мотамда тургандай боқаман.
Фасллар тўқнашган лаҳзада
хазонлар тўпини ёқаман.
Кўзларим ачишар, бехосдан
юрагим, қўлларим тутрайди.
Аланга олмайди кунларим,
тутайди, оҳ, мунча тутайди.


ИШҚ

Бир кун осмон олмазорида
уйнаётган фаришта қизлар
икки дона қизил, тотори
олма отиб ўтгандай бизга...

Пориллади кўзимизда нур,
боғланди жон ришталарига.
Ўхшар эдик иккаламиз ҳам
ўша маҳал фаришталарга.

Олмаларни ичи қора вақт
олиб қўйди қўлларимиздан,
шундан бери чақиртикандай
фироқ ўсар йўлларимизда.

Ўша онлар ҳамон порлайди,
ҳамон тирик ўша нашида,
ҳамон сузар қизил олмалар
хаёлимиз ёйилмасида...


ФАРИШТАЛИ...

Чолу кампир
шошилмай салкам
бир асрни ҳам яшаб қўйишди.
Кунжарага, зоғора, патир,
томошага роса тўйишди.
Кампирини эшитмайди чол,
эшитмайди чолни кампири.
Бир-бирига суяниб қолган,
бири кетса,
йиқилар бири.
Лек кўзлари ҳамон кулади,
юзларида айланар зиё.
Бузилади дунё тасвири
чолу кампир бўлмаса гўё.
Ҳар нарсага қодир табиат
асрамагин бундай қаришдан!
Иккисининг кифтидан кетмас,
саксон йилдир
икки фаришта.


- ТЎРТИНЧИ ФАСЛ -

АРМОН

Куйлолмадим,
япроқлар каби,
қуруқ шохдай титрар овозим —
сўлиб қолди баҳорим тағин,
сувга чўкди яна бир ёзим.

Кузак келди
бағримни доғлаб;
қўлин чўзди гиёҳга, гулга,
сайрадилар сўнг бора, боғлар
тўлиб қолди ўлик булбулга...

Қорлар ёғди,
оғриди жоним,
ухлаётган боғлар пойида
куйлолмасдим, ундан ёмони
яшил эдим қантар ойида...


ВАҚТ

Вақт сенга қул бўлмас асло,
ундан кутма мурувват, таъма.
Сиғин унга, ёлворгин, авра,
бир амаллаб вужудга қама —
Қул бўлолмас сенга, барибир,
вақт ҳамиша ҳушёр, жангари -
ериб ташлар жисмингни ногоҳ,
чиқиб кетар сендан ташқари.


* * *

Алдаб қўяр кўзларим сени,
гоҳо ўйнар, гоҳ термилар жим,
сокин кўлга ўхшайди гоҳо,
гоҳ тубида чақнар йилдирим.
Бу алдоқчи ўсмир кўзларим
ёдгорликдир яқин дўстимдан —
кўзёшини кўрсатмай мангу
йиғлайдиган кўзим кўксимда...


* * *

Кун сайин озади юрагим,
кун сайин вужудим семирар.
Юракни ёлғизлик эзади,
вужудни лаҳзалар кемирар.
Соғинчлар
шамолдай оқади
юракка кўринмас роҳлардаи.
Қайси бир қаватда — вужудим,
юрагим тунайди тоғларда.


* * *

Совқотдим,
қўлларим музлади,
осмондай сидирға ялангда
гулханга қўлларим қалайман
кўккача ўрласин аланга.
Ёнмоқлик мунчалар ёқимли!
Аланга, ўсавер, ўс тағин.
Ачинма,
чинакам дўст бўлсанг,
нари тур, шамолни тўсмагин.


ЁЛҒИЗЛИК

Уч ажойиб ўғли бўларди
қачонлардир бечора чолнинг -
бири шуҳрат ортидан кетди,
бири ҳақнинг, бири хаёлнинг.

Қандай эрта кетишди улар!
кетди қўрси, шўхи, дилбари,
чол бир умр кутди қовжираб
сувсиз қолган ўзан сингари.

Кутавериб чарчар, ниҳоят
ўйлаб қолар илк бор ўзини,
чақирволар кўпдан кўчада
йўл пойлаган икки кўзини...

...Ухлаб қолар, болалик чоғи.
қишлоқ пайдо бўлар тушида,
дўсту ёрнинг таниш юзлари,
келинчакни кўрар тушида.

Уч ажойиб ўғли қиқирлаб,
тиззасида ўйнаб-куларди.
Бирдан улар улғайиб кетди,
сўнг йўқотиб қўйди уларни...

Волидаси оппоқ рўмолда
енги билан артармиш кўзин:
«Болам олиб кетгани келдим,
қийналибсан бунда бир ўзинг...»

Ва уйғонди, юрак тобора
узоқлашиб кетётган эди,
чол кўксига кафтини босиб,
«раҳмат сенга, оғайни», деди.

Сўнг яшамай қўйди, чарчади,
чол юзгача яшарди, бироқ
ёқтирмасди, истамасди ҳам
битта ўзи яшашни узоқ...


САФАР ОЙИ

Сен ётасан юмшоқ тўшакда,
деразангдан кўринар юлдуз.
Ҳамон ўйчан кўзинг олдидан
оқиб ўтар баҳору ёз, куз.

Даданг эса улкан адирда —
тўшаксиз, тор, қоронғи жойи.
Ҳатто парча осмони йўқдир,
йўқ офтоби, юлдузи, ойи.

Ўн йил аввал сени дунёга
берганди у ранжиб, оғриниб,
хавотир-ла кузатди ўн йил,
ўн йил сени кутди соғиниб.

Шамолларга бердинг ёшликни
ерга эмас, боқдинг осмонга,
бир одамга зарурроқ эдинг,
керак эмас эдинг жаҳонга.

Минг бор сени кечира олар,
кўзларингни вазмин нигоҳи
чавақлашга ҳақли бўлса ҳам
ҳамон турар меҳрли боқиб.

Ўйланасан, ўйлаган сайин
оғирлашган хотиранг оғрир,
бу меҳрибон, бу теран нигоҳ
оғир, оғир, нақадар оғир!

Ҳамон сени севар самимий
азобланар тўккан ёшингдан.
Кечалари сездирмай келар,
саҳаргача турар бошингда.

У шу қадар улуғ, камтарин,
унга ҳамон ярашар хўрлик —
тинч ухласин ўғлим деб ҳатто
тушларингга кирмайди, шўрлик.


ОЙИММОЗОР

Адирлар, адирлар, адирлар —
ҳорғин, оқ туялар карвони.
Судралиб йўл олар мозийга,
олдинда оқ кийган сарбони.

Олислаб борадир бу карвон,
изидан боқарман тош бўлиб.
Оғзимни ёпарман, кўзимдан
лаҳзалар қуйилар ёш бўлиб.

Янги қор қоплайди атрофни,
кўмилар карвоннинг излари.
Мен энди юраман олдинга —
мозийга қадалган кўзларим.


АВЖ

Мен, шубҳасиз, парчаланаман, —
шундай тугар буюк хизматим.
Кимга, кўзим, кимга пешонам,
кимга тегар қизиқ қисматим.

Ғалаёнга тўла вужуддан
охир дунё бўладир халос.
Ер остига кириб кетарман
барча мўмин бандаларга хос...

Бироқ ерда мангу яшайдир
кўҳна юзим, ўйчан кўзларим, —
демак, ўлмас бу дунёда ҳеч
худо берган эзгу сўзларим.

Улар янграб тинмай айланар
разолатнинг теварагида.
Мен-чи, мангу кулиб ётарман
қулоқ солиб ернинг тагида.


ХОТИМА

Хотиржамлик,
вазминлик керак
чизган маҳал олам тасвирин,
ҳар бир рангда ҳақиқат бордир,
ҳар чизиқда сирлар яширин.

Худо яшар
ҳар бир гиёҳда,
ҳар дарахтда бордир диёнат.
Айирмагин ранглардан рангни,
сен рангларга қилма хиёнат.

Дунё қизил,
дунё сариқ деб,
бекор бизга беришган сабоқ.
дунё азал рангиндир ва биз
ўйлагандан кўра рангинроқ.

Чиза олсанг
рангин дунёни,
рангин бўлса қуёши, ойи,
сендан буюк мусаввир бўлмас,
бўлмас сендан буюкроқ шоир.



- ЙЎЛ МАНЗАРАЛАРИ -

МИНОРАИ КАЛОН

Минг йиллар қаъридан келади,
кулфатга йўлиқиб минг бора.
Тинимсиз тошбўрон, қирғинга,
хўрликка дуч келган минора!

Неча бор тўпларга тутилди,
у жудо бўлди бош қисмидан...
Ва лекин жон қолди шарқона
безаклар битилган жисмида.

Тасанно айтаман тупроқнинг
метиндан кучлироқ дошига.
Ҳар йили ин қурар лайлаклар
минорнинг нураган бошига.

Бу йил ҳам минорда, хайрият,
шарқона безаклар сўнмапти.
Минорнинг бошига бу йил ҳам,
хайрият, карғалар қўнмапти.


ТАРИХИЙ ОНГ

Чумолидан баттарроқсан сен,
вақт ўтар жисмингни янчиб.
Икки кўзинг — иккита кучук,
қаролмайсан атрофга ранжиб.

Кўксингдаги Муқанна билан
ўзлигингга қарадингми, айт?!
Мушт зарурроқ, бўлган маҳалда
ёздинг гўзал шеърларни фақат.

Сен бечора, нотавон кимса —
макон қилдинг гуллар ортини,
кўзинг юмиб, тилингни тишлаб,
тинглаяпсан одам дардини.

Сен ботирлар наслидан эмас,
қандай чидар пойингда роҳлар!?
Ҳалок бўлган ботирлар жангда.
тирик қолган фақат қўрқоқлар!


ЛОРКА

Қовирғада қисиб ханжарни,
ўлиб ётар ёлғиз тошйўлда,
чўққилардан излар ажални,
ўрмонларда адашган, кўлда.

Сакро-Монте ғорида ўлар,
лўли қизнинг аччиқ оҳидан.
Корридада ерпарчин бўлар
қора ўлим — буқа шохидан.

У чалқанча ётар майдонда,
оқиб кирар оғзига ёмғир,
ўзи суйган ёмғир дарёдай
олиб кетар жисмини охир.

Ёвларига соҳилда дафлаб,
юнус балиқ каби отилар,
пўлат жисмин дарёга ташлаб.
Бенамехга қочар қотиллар.

Хаёлимдан сира кетмас бу
улуғ ўлим — абадий фироқ,
ёт ўлимга келаверар дуч,
ўз ўлими йўқ эди бироқ...


САВОЛ

Ким эдиму
ким бўлдим энди,
қайга кетар ёшлигим, кучим,
исёнларга, ғазаб, нафратга,
оғриқларга тўладир ичим...
Кўпроқ яшаб қўйдим шекилли:
ой, кун сайин хотирам — оғир,
етти қават осмон тепамда,
елкаларим сирқираб оғрир.
Ташладими ёки бир умр
кўзимга ғам кўлкаларини,
парвардигор,
бор бўлсанг агар,
эзма ўғлим елкаларини...
Ким эдиму
ким бўлдим энди,
кўриб турар қуёш, сув, тупроқ.
Кўзларимдан кўра ҳаётни
елкаларим кўрибди кўпроқ...


ЯНА САВОЛ

Оёғимга 
ботмон тошларни
болаликдан боғлаб қўйди ким?
Eнди халос бўлмоққа етмас
ёвузлардан асраган умрим.
Худо берган сонияларни
хароб қилди қайси ғаламис?
Агарда шу тоғлар бўлмаса,
Учар эдик самоларда биз.


- ИСПАН ШЕЪРИЯТИДАН ТАРЖИМАЛАР -

ХУАН РАМОН ХИМЕНЕС
(1881—1959)

* * *

Кифтга кўйиб ирғай таёғин,
кунботарда туманлар мисол
қора тортган карағайзорга
хомуш қараб юрар қўйчивон.

Қоронғилик босған олдинда
сурув йўлни чангита борар,
кўнғироқлар товши ойдинда
қайғулирок, янграр тобора.

Кўринмайди қишлоқ олисдан,
кўринмайди сайҳон, чироғи.
Фақат изғиб юрар борлиқда
кимларнидир аччиқ фироғи.

Йўқолади сойнинг шов-шуви,
билинмас қай тарафга юрар.
Аллақайда оқётган сувнинг
чуқурлиги сезилиб турар.

Коронғига қўшилар борлиқ,
кўринмайди бирорта кимса.
Улкан ойнинг тагида ёлғиз
кўнғироқлар ноласи тинмас.


* * *

Қайтолмасман. Абадулабад
майин тўлқин сингари энди
ёлғиз ойнинг тагида фақат
тун эркалаб тебратар ерни.

На бир изим, соямдан асар
қолмаган бу қаровсиз уйда
энди шамол кезар дарбадар,
кезар руҳим излаб беҳуда.

Излайдими биров ортимдан,
қилармикин биров мени ёд,
худо билар, ўзи бормикан
мени эслаб йиғлагучи зот.

Аммо гулу юлдузлар бордир,
тағин жафо, севинчу баҳор,
дарахтларнинг тагида холи
ногаҳоний учрашувлар бор.

Гоҳ эскирган пианино ҳам
бўшлиқларга таратар садо,
аммо энди қрронғи босган
деразамни очмасман асло.


РАФАЭЛ АЛБЕРТИ
(1902—1974)

ДЕНГИЗДАГИ БУҚА

Бу ўлкани шундай деб,
атардилар кадимдан.
Қара, буқа териси
кўринади баҳрдан.
Гўё мовий уммонга
бошсиз жасадин суқа,
ялпайганча ётибди
ям-яшил ўлик буқа.


* * *

Ҳали оёқда туриб, сукунатни хўрлайсан,
ёввойи, тағин қайсар, шохларинг кўкка суқа,
майсаларни топтайсан, адирларга ўрлайсан,
тирилган яшил буқа.

Шунда барча қишлоқлар
йўлларидан қочиб келар сен билан кўришгани.

Қадларин ростлаб қолар букчайган дарёлар ҳам,
чиқажак ер қинидан ирмоқлар ханжарлари,
шодликдай гулласин деб, қуриган оғочларнинг
жони йўқ панжалари.

Шунда барча куйлар
чўпонлардан қочиб келар сен билан кўришгани.

Денгизлар юва туриб сенга олқиш айтажак,
тағин эркин ўтларсан тоғлар, дузларда такрор,
эркин буқа, сен тағин ўз ҳолингга қайтасан,
ўз-ўзингга ҳукмдор.

Шунда барча йўллар
шаҳарлардан қочиб келар сен билан кўришгани.


* * *

Очлик олиб кетар орзуни,
аммо доим куйламоғим шарт.

Турма тўсиб қўяр орзуни,
аммо доим куйламоғим шарт.

Ўлим ҳалок қилар орзуни,
аммоки мен
ўшандаям куйламоғим шарт.


* * *

Қичқирворди уйғониб тонгда:
мен гиёҳман,
бир ҳўл гиёҳман.

Мен гиёҳман,
қат-қат япроқли,
гултож бўлгум улғайганимда.

Мен гиёҳман,
сакрасам агар
шовиллашим мумкин дарахтдай.

Мен бақириб қушга дўнаман,
агар учиб чиқсам...

Шу кечаси нозик гиёҳнинг
товушини эшитди осмон.


ФЕДЕРИКО ГАРСИА ЛОРКА
(1898—1936)

ОЙ ҲАҚИДА РОМАНС

Келди налғар ғорига ой
настариндан ўраб рўмол.
Карар, қарар бола фақир.
Бола фақир тикилар лол.
Ой қўлларин ёзиб, ўйнаб,
сўлқиллатиб қалай тусли,
беору пок кўкракларин,
олар тунги шамол ҳушин.
Беркиниб ол, ойим, ойим!
Келиб қолса лўлилар магар,
юрагингдан сандонларда
оқ ҳалқалар зарб қилишар.
Қўрқма, бола, қўрқма сира,
сен лўлилар келган тобда
сандонга бош қўйиб ётгин,
уйғонмассан сира хобдан.
Беркин, ойим, ойим, ойим!
Туйдим олис от дупурин.
Қўрқма, бола, бироқ босма
оҳорланган ипак нурим.

Отлиқ елар йироқлардан
ноғорадай чалиб дузни.
Шўрлик бола муз сандонга
бош қўйганча юмар кўзин.

Зайтунзордан бринжа туш —
лўлилар ҳам чиқиб келар,
бошларини тутиб баланд,
кўзларини қисиб келар.

Ўҳ, қайси бир оғоч ёқдан
додлаворар бойқуш ғариб.
Ой боланинг қўлчасидан
ушлаб кетар осмон сари.

Ногоҳ ғордан янграр фарёд,
хотин-халаж қий-чувлари.
Шамол эса кезар бедор.
Шамол кезар увлаб-увлаб.


ПРЕСИОСА ВА ШАМОЛ

Дафназору биллур тўла
ғира-шира ойдин роҳда
ойдай дафни Пресиоса
даранглата уриб ўйнар.
Ситораси ўчган жимлик
суронлардан қочар нари —
балиқ тўла тунни ўйнаб
шопирётган денгиз сари.
Олис қорли чўққиларда
инглистонлар яшаган оқ
қўрғонларни гир қуршаган
соқчиларни босар мудроқ.
Ўйнашиб сув лўлилари,
ҳамлаларга чоғла нишиб,
эгар нақшин ғорлар сари
санобарнинг шохларини.

Ойдай дафни Пресиоса
даранглатар экан ногоҳ
пайдо бўлар кўз ўнгида
баҳайбат бир ёмон шамол.
Бу яланғоч Христофордир,
самовий тил, жисми кабир,
карар қизга ҳам вишиллар
найнинг хунук саси каби.

Ҳой, лўли қиз, этагингни
бир кўтариб, қайра ташлай,
қорнингдаги кўк атиргул
қўлларимда турсин яшнаб.

Пресиоса ойдай дафни
ташлаб қочар жонҳолатда.
Ўйнаб чўғдай шамширини
шамол қизни қува бошлар.

Совир денгиз тўлқинлари.
Бот бўзарар зайтунзорлар.
Куйлар ғорлар сурнайлари,
оғир зангин чалар қорлар.

Пресиоса, тезроқ, югур,
ахзар шамол етиб олар!
Пресиоса, тезроқ, югур,
кифтларингга човут солар!
Юлдузлардан ерга тушган
ярқираган тилли Сотир.

Пресиоса санобарзор
узра савлат тўкиб турған
инглистонлар консулининг
қўрғонига ўзин урар.

Қиз додини эшитган чоқ
чопиб келар апил-тапил,
беретларин қийшиқ кийган,
қора тўнли учта ҳарбий.

Бир бордоқда сут обкелиб,
лўли қизга тутар биров,
биров майли финжон тутар,
бечора қиз ичмас бироқ.

Йиғлаб-сиқтаб одамларға
не бўлганин суйлар беҳол,
ташқарида том сополин
аччиғидан ғажир шамол.


ДАСАРРА

Ваҳимали жарлик узра
ёвузлашган қон барқида
Албасетнинг пичоқлари
балиқлардай ярқирайди.
Ёритворар чўзилган нур
қояларнинг яшил бағрин,
ялт-юлт этар суворилар
ёноқлари, отлар сағри.
Қари зайтун авжларида
икки кампир солади дод.
Адоватнинг новвослари
четанларни бузади бот.
Қанотлари Албасетнинг
тиғларига менгазиб кетар
қора, хомуш малаклар-да
рўмолу қор сувин элтар.
Хуан Антонио Монтиля
отдан жарга қулар ногоҳ,
сафсаргулга тўла жисми,
чаккасида норлар анор.
Ўлимнинг тик йўлидан у
учар мисли олов зуннор.

Жандармалар гурас-гурас,
зайтунзордан елар буйлаб.
Тўкилган қон эса инграр
илондай жим қўшиқ куйлаб.
Энди сенёр жандармалар:
дунё шундоқ кўп қадимдан.
Карфагендан бешта одам,
тўртовлон ўлган Римдан.

Телба бўлиб анжирлару
лаҳча чўғдай садолардан,
ҳолсиз оқшом аста чўкар
қонталашган жароҳатга.
Гир айланиб учиб қолар
жарлик узра, фалакларда
кокиллари узун-узун,
зайтун жонли малаклар ҳам.


ТЕЛВАКЕЗИК РОМАНСИ

Яшил, сени суйди, яшил,
Яшил шамол. Яшил шохлар.
Денгизда бўш сузар қайиқ,
тоғда ўтлаб юрар от ҳам.
Белга қадар шомга туман
зулматига чўкиб уйлар.
яшил сочли, яшил танли.
нуқрадайин совуқ кўзлар.
Яшил, сени суйдим, яшил.
Лўли моҳи қизарган чоқ,
бор нарсалар унга қарар,
у борлиқни кўрмас бироқ.

Яшил, сени суйдим, яшил.
Юлдузларни қиров босган,
балиқ каби силлиқ зулмат
тиниқ тонглар йўлин очар.
Ғадир-будур япроқларин
анжир бодга ишқаб қолар.
Тоғ баҳайбат жайра каби
бир лаҳзада ҳурпайволар.
Ким келади? Қайдан келар?
Турар четан довни буйлаб,
яшил сочли, яшил танли,
ёвуз денгиз ҳақда ўйлаб.

Ошна, жон деб алишардим
шу отимни ҳужрасига,
кўзгусига жабдуғим бор.
Пичоқ берай кўрпасига.
Ошна, қара, қонга ботиб,
келадирман Кабра ёқдан.
Гар ихтиёр менда бўлса,
алишардим ўйлаб турмай.
Аммо менам мен эмасман,
меникимас бу ҳужра ҳам.
Ошна, жуда ўлгим келар
ўз уйимда, ўз катимда,
бўлсайди ўз шамчироғим,
яна ҳолланд чойшаби ҳам.
Ошна, қара, томоғимдан
тўшимгача тиғ ёрворган.
Кўрдим, оппоқ кўкрагингда
уч юз абраш гул қорайган.
Белбоғингда қон ивиган,
қон ҳидига тўла дуз ҳам.
Аммо менам мен эмасман,
меники ҳам эмас уй ҳам.
Ҳеч бўлмаса, чиқайин бир
манов баланд панжарага,
оҳ, чиқайин, кўройдинда
нурлар жавлон уриб етган
панжарадан ларзон-ларзон
сувлар рақсини кўрайин-да.

Мана, баланд панжарага
якин келар икки ошна.
Изларидан судралар қон,
изларидан қолар ёшлар.
Ғира-шира чироқлар ҳам
милт-милт ёнар томлар узра,
юз минглаган биллур дафлар
тонгнинг тотли хобин бузар.

Яшил, сени суйдим, яшил.
Яшил шамол. Яшил шохлар.
Мана, икки ошна ётар.
Олиб келар бод йироқдан —
оғизларда таъми қолар
шувоқ, эрман ва ялпизнинг.
Ошна, қани ялпиздан ҳам,
сафродан ҳам аччиқ қизинг?!
Неча тунким кўргам келди,
неча тунким шажарадай —
бир парча юз, қора танли —
боқди яшил панжарадан.

Лўли қизнинг юзи ойдай
сузар яшил ҳовуз узра.
Яшил сочли, яшил танли,
нуқрадайин совуқ кўзлар.
Сув мавжида қиз юзини
тутиб турар ой синиғи.
Кеча уйлар ўраб олган
майдончадай холи, сирли.
Шунда даста маст жандарм
эшикларни муштлаб урди.

Яшил, сени суйдим, яшил.
Яшил шамол. Яшил шохлар.
Денгизда бўш сузар қайиқ,
тоғда ўтлаб юрар от ҳам.


ЛЎЛИ РОҲИБА

Мўрду оҳак жимжитлиги.
Гулхайризор, сайҳон чети.
Роҳиба қиз зард шойига
гулашаббуй тикар бетин.
Фонуснинг оқ қалпоғида
етти мойил қуш пириллар.
Олис черков қорни катта
айиқ мисол тик ириллар.
Мунча яхши! Мунча нозик!
Ёнар гуллар зард шойида.
Ҳофизанинг бор гулларин
тикиб олсам деб шошилар.
Рангин пистон тасмасидан
шомурт гули, кунгабоқар!
Шийпон, қамар, тағин гули
заъфарон ҳам кўзни ёқар.
Ўчоқ ёқдан бешта норанж
тотли ширин бўй тарайди,
Бу Алмерий ёқда пишган
Исонинг беш ярасидир.
Ўтар кўркам икки отлиқ
роҳиба қиз кўз ўнгидан.
Бир тўлғаниб тушди кўкси
эриган энг сўнгги сасдан.
Бирдан қотди зор нигори
олис қирлар сари боқиб.
Ногоҳ шакар, ҳулво тўла
қалби титраб, синди охир.
Ўҳ, йигирма офтоб билан
қандоқ қалқиб кетар воҳа!
Хаёлнинг гож сойлари ҳам
мунча жавлон уриб оқар.
Бироқ тағин кашта тикар,
катак-катак пардада ҳур
эпкин билан шахмат ўйнар
уйқу босган оқшомги нур.


ҒАР

Олиб кетдим сой бўйига,
ишонибман ҳали қиз деб,
кўпни кўрган жувон экан.

Сант-Ягонинг хушбўй туни,
таранг қилиб, ийган чоқда
бирдан ўчди бор фонуслар,
ёнди минглаб чирилдоқлар.
Ўтиб сўнгги муюлишдан
қўйнига қўл солдим аста,
яшнар қайноқ эмчаклари
настарингул каби кафтда.
Оҳорланган калта лозим
шир-ширидан юрак ўйнар,
худди ўнта пичоқчадан
йиртилади шойи кўйлак.
Қора тортган оғочзорлар
авжлари ҳам тунга сингар,
сойдан нари, йироқларда
осмон ҳурар минглаб итдай.

Маймунжонлар ўраб олган
қамиш қалин ўсган гумда
тушмиш фитна сочлари ҳам
қолип каби намчил қумга.
Силтаб ечдим бўйинбоғим,
чит кўйлагин ечди сулув.
Тўппончали камарни — мен,
тўрт белбандин ечворар у.
Ялтир-юлтир кофур бадан —
нард гулидан форам, нафис —
шандир шабий ойнакларда
сузган ойнинг нури каби.
Тўрга тушган балиқлардай
типирчилар оппоқ сонлар,
гоҳ оловдай гурлаб ёниб,
гоҳо муздек бўлиб қотар.

Гўзал тунда саҳар ёққа
олиб кочди мени қайсар —
узанги ҳам жилови йўқ —
садаф каби оппоқ байтал.
Ёвуз ишқдан телба бўлиб,
айтган ширин сўзлари сир.
Ўша тунги ишлардан сўнг
сал одобли бўлсам арзир.
Ўпич ва қум тўла жисми,
қолганини бўлмас айтсам.
Қўпиб кетган шамол билан
қиличвозлик қилди сафсан.

Ўзимни сўнг лаҳзагача
жўмард лўли каби тутдим.
Совға қилдим айрилар чоғ
заррин гулли катта қути.
Учратмадим кайтиб сира —
кезиб бошқа гўшаларни,
гўзал тунда сой бўйида
қизман деган ўша ғарни.


ҚОРА ҒАМ ҲАҚИДА РОМАНС

Ғира-шира тоғдан пастга
Соледад киз тушар чоғда
тонгни излаб ҳадеб кора
ерни чўқир хўрозлар ҳам.
Мисдай сариқ танидан от,
туман, зулмат бўйи келар.
Сархуш сандон кўкраклари
бутун чўлга куйлаб келар.
Бемаҳалда, ҳой, Соледад,
кимни излаб юрибсан, айт?
Керак бўлса, излайман-да,
сенга нима, не ишинг бор?
Балки излаб юргандирман
ўтган шодлик, ўзимни зор.
Ай, Соледад, шўришим, ай!
Агар қайсар бўлса байтал,
ташлар ўзин шум денгизга,
чиқмагай ҳеч ундан қайта.
Эсга солма денгизни, қўй,
қора ғам ҳам зотан гўзал
баргаклари даҳшат сўнган
зайтунзордан пастда ўсар.
Ай, Соледад, шўришим, ай!
Сени эзган қандай ғамдир,
ёшинг — трунж суви, оғзинг
қанотдан аччиқ таъмдир.
Қандай буюк ғамдир! Уйда
телбадай бош урдим садга,
икки ўрим соч судралди
ташдан ичга, ичдан ташга.
Қандай ғамдир! Адо бўлдим,
жулдур кийган либосларим.
Нафис кўйлак, лозим қайда!
Қизғалдоқдай тар сонларим!
Хўжағатнинг сувин ичиб,
шабнамларда чўмил фақат
ҳам нотавон юрагингни
ўз ҳолига қўй, Соледад!
Пастда куйлаб оқар дарё,
чайқалади осмон, боғлар.
Гуллар эса ошқовоқранг —
янги нурдан кияр тожлар.
Ай, лўлининг қора ғами!
Мангу узлат, ноклар ғами!
Яширинган сирли сойлар,
милтираган тонглар ғами!


САН-МИКОИЛ
(Ғарнота)

Қават-қават панжаралар,
тоғлар, тоғлар, яна тоғлар,
оқ хачирлар, кўлкалари
ёнбағирдан ўрлаб борар.

Чексиз тунлар зулумоти
кўзларини ўраб, қийнар.
Сокин ҳаво қаърларида
ғижирлаб шўр тонглар синар.

Осмон оқёл хачирлардан
юмар тиниб кетган кўзин,
лаҳза сайин музлаётган
кўлкаларга тилар тўзим.
Ҳеч ким қўлин урмасин деб,
сойлар кийди муздан кўйлак.
Тоғлар, тоғлар, тоғлардаги
ёввойи ҳам очиқ сувлар.

Сан-Микоил баланд минор
токчасида қомати шан,
пойин байроқ ва чироқлар
чамбараги ўраб олган.

Бир малакки, ўргатилган,
соат тунги зангин чолур,
қаҳрин ечиб, андалибнинг
болу парин кийиб олур.
Тағин туюб олис кенту
гуллар бўйин нафасида,
куйлар уч минг шом ўсмири,
куйлар ойна қафасида.

Денгиз эса ойли манзар
қўшиқларин айтар форам,
ойдин соҳил бўйлаб сирли
шивирлайди қамишзорлар.
Мана, Мадрид қизлари ҳам
там-там юриб борар, шабий
туман аро думбалари
сайёралар каби кабир.
Келар ўктам йигитчалар,
ғамгин юзли аёллар ҳам,
куйиб қўмсар ўтган кунги
булбулларни хаёлларда.
Ва оқшомги ибодатда
захил юзли, қари, сўқир,
манилалик озғин роҳиб
бандаларга ваъзин ўқир.

Сан-Микоил миноранинг
токчасида олар ором,
порлоқ ипак юпқасида
тунги осмон суврати бор.

Сан-Микоил бир қиролдир
тоқ рақамлар, самовотга,
фарёдлару нигоҳларнинг
арабий бир назокати.


САН-РАФОИЛ
(Қурдоба)

I

Дилижонлар тезлаб борар
қип-яланғоч румий андом
қатларини мавжлар ювган
қамиш ўсган соҳил томон.
Гвадалнаҳр очур бағрин,
ўйма баргу биллур тошлар,
кирчил булут кўлкасига
ёндош чўкар дилижонлар.
Ғилдираклар изларин тун
яширган чоқ қайта-қайта
фоний дунё ғам-ғуссасин
тўқиб куйлар болакайлар.
Қурдобани қўрқитмас ҳеч
оқшом билан келар ғафлат,
шом қўрқинчли қасрларни
қурса ҳамки қават-қават,
тамал тошин беркитолмас -
анвор сочур тоза мармар.
Заъфар тоқи теппасида
кулранг осмон токларига
тикиб чиқар сабук шамол
нафис, митти япроқларни.
Кўприкда ўн зарби билан
баҳр берган чоғда хабар.
вайрон садлар аро наша
олиб ўтар савдогарлар.

II

Сувда тикиб қўяр икки
Қурдобани ёлғиз балиқ,
қамишзорнинг Қурдобаси
билан санган Қурдобани.
Ориқ, захил болакайлар —
Товит, Мерлин толиблари
либосларин отар ҳарён
сув бўйида ҳолсизланиб.
Улар қитмир савол бериб,
яъни, гуллар ранги билан
ой рангида фарқ борми деб,
балиқни хўп мазах қилар,
Бироқ балиқ зарлаб сувни,
мармарларга кўлка ташлаб,
қачонлардир сарандиблик
нарча либос кийган малак
қават-қават тўлқинлардан
бешик, сурон топган ерда
болаларга бир устундай
турмоқликка имкон берар,

Сувнинг ёлғиз балиқчаси.
Қурдобалар гўзал, лобар.
Бир Қурдоба мавжлар узра,
нилий кўкда бир Қурдоба.


САН-ЖАБРОИЛ
(Севилла)

I

Ойдин қамиш каби гўзал,
елкадору қизбел, шабий
тош олмадай юзи равшан,
шаҳло кўзи, ҳазин лаби,
асаблари тордай таранг,
кўчаларда танҳо дайдир.
Амирконий чуваклардан
синар мийно гулдай ҳаво,
кўкнинг фоний мотаминда
қарсиллатиб юрар равон.
Турса денгиз қирғоғида,
ўсал бўлур ўктам хурмо,
маҳобатли қироллар ҳам,
ҳатто йўлчи юлдуз Зуҳро.
Агар бошин қўймоқ бўлса,
яшма тошдай сийнага ул,
бир воҳани излаб қолар
эгилиб тиз чўккани тун.
Тунлар малак Жаброилни
гитаралар олқаб қолар,
у каптарлар ҳамроҳидир,
нафрати бор мажнунтолга.
Сан-Жаброил, гўдак она
қурсоғида йиғлар кезда
сенга либос олиб келган
лўлиларни қўйгин эслаб.

II

Анунсасон де лос Рейес
камар, жанда кийиб юрган,
қопқаларни очар пешвоз
ташқаридан келган нурга.
Яқин келар жилмайиб оқ
гунафшалар тутган нойиб,
бошин эгар Ҳиралданинг
жигарбанди Сан-Жаброил.
Заррин камзул гулларида
чирилдоқлар сайрагандай.
Ситоралар буржи бирдан
чучмўмага айлангандай.
Сан-Жаброил, учта севинч
кўкрагимни паррон бузди.
Юзларимга суман гулдай
тароватин сочди нуринг.
Тангри шоҳид, Анунсасон,
қорамағиз, ажойиб ой.
Насиб қилгай сулув ўғил —
сабодан ҳам хушбичимроқ.
Сан-Жаброил, айланайин!
Жаброилжон, кўзим нури!
Сенга лойиқ жой топилмас,
курси тўқий чиннигулдан.
Тангри шоҳид, Анунсасон,
жанда кийган бир ситора.
Бўлгай ўғлинг кўкрагида
битта хоч ҳам учта яра.
Сан-Жаброил, айланайин!
Жаброилжон, ҳушим оғди!
Ҳалитданоқ илиқ сутдан
чап эмчагим ёмон оғрир.
Тангри шоҳид, Анунсасон,
сулолага она ўзинг,
лўлиларнинг йўлларини
тунда ойдин қилур кўзинг.

Гўдак куйлар қурсоғида,
Асунсасон ҳушсиз турар.
Титрай бошлар чақалоқнинг
оғзида уч бодом ғўра.

Юксалар кўк зинасидан
Сан-Жаброил малаклардай.
Дасторгуллар каби ёнғай
юлдузлар ҳам фалакларда.


СЕВИЛЛА ЙЎЛИДА АНТОНИТО ЭЛ КАМБОРОНИНГ ҲИБС ҚИЛИНИШИ

Антонито Торрес Эрредя,
Камборонинг жўмард ўғли,
чивиқ ўйнаб Севиллаға
корридани кўрмоқ бўлиб
борар, яшил ойдан ҳатто
қорамағиз, хушруй, дароз.
Жингалаксоч ҳалқалари
манглайида ярқирар соз.
Ярим йўлда тасма қилиб
трунж кесар, тағин узиб
кесар, отар, тилло каби
сарғаргунча сувнинг юзи.
Ярим йўлда паноҳ бермас
унга калин, бута-шохлар,
жандармнинг тўрт соқчиси
қўлларини қайриб боғлар.

Кифтларида шомни судраб,
уфққа аста қайтади кун
торреродай пўшин ёйиб,
қора тортар баҳрул очун.
Зайтунлар жад нафасини
сабот билан кутар ҳамон.
Руҳ тоғлардан етиб келар
йўрға отни минган шамол,
Антонито Торрес Эрредя,
Камбороиинг жўмард ўғли,
беш учбурчак қуршовида
зуннор каби боғлиқ қўли.

Антонито, наҳот, бу сен!
Отанг ўғли бўлсанг зора,
очар эдинг тиғинг билан
бешта қонли фавворани.
Сен Камборо ўғли эмас,
ор-номусин йўқотган кас.
Бир пайт тоғда лўлиларга
ҳатто ажал қоларди танг!
Эҳ, ўтибди ўшал мардлар,
ул тиғларни босибди занг!

Очилар бот турма-ҳужра
шомги соат тўққиз пайти.
Бешта соқчи шарбат ичиб,
тун қаърига кетар қайтиб.
Ёпилар бот турма-ҳужра
соат тўққиз бўлган ҳамон.
Ярқирарди қора байтал
сағри каби тунги осмон.


АНТОНИТО ЭЛ КАМБОРО ЎЛИМИ

Гвадалнаҳр қирғоғида
янграр ўлим доди бехос.
Кўҳна додлар аро учар
чиннигулдай ёниқ овоз.
Қобон каби ёв пойларин
жон-жаҳди-ла тишлар қумда.
Кўпикланган делфин мисол
гир айланар сўнг ҳужумда.
Ёв қонига ол ёшлигин
чилаб олар жон ҳалпида.
бироқ ҳолсиз йиқилар у
тўртта ўткир тиғ зарбидан.
Ситоралар тунги сувга
санчган маҳал найзаларин,
бузоқларнинг тушларига
кирган маҳал гул, майсалар.
Гвадалнаҳр қирғоғида
янграр ўлим доди ногоҳ.

Антонито Торрес Эрредя,
Камборонинг мард эркаси,
яшил ойдан ҳам қорача,
чиннигулнинг ёниқ саси.
Гвадалнаҳр қирғоғида
жонингга ким қасд айлади.
Оға-ини Эрредялар,
бенамехлик тўртта хешим
қасд айлади кўролмасдан,
пайт пойлади эрта-кечин,
чунки долчин чувак кийдим,
узук тақдим бармоғимга,
жисмим суман ва зайтундан
қорган эди худойим ҳам.
Ай, Антонито Камборо, ай,
лойиқмидинг маликага!
Сиғин Биби Марямга тез,
жонинг қолди таҳликада.
Ай, Федрико Гарсиа, ай,
соқчиларга қилгин аён.
Узолмасман ердан бошим
узилган бир бошоқсимон.

Учта зарба, учта қизил
жароҳатли рўйи сўлмас.
Тирик нишон, бунақасин
энди сира қўйиб бўлмас.
Бир фаришта ғамгин келиб
болиш қўйиб кетар шу чоқ.
Ҳолсиз бошқа бир фаришта
ёқиб қўяр қорачироқ.
Бенамехга қайтган маҳал
тўртта қотил, оға-ини,
Гвадалнаҳр қирғоғида
ўлим саси буткул тинди.


ИШҚДАН ЎЛГАН ЎСМИР

Эна, айтгил, анов баланд
йўлакларда қандай ёлқин?
Қопқаларни ёпгин, болам,
соат ўн бир бўлди, ётгин.
Эна, кўзим, ишқсиз кўзим
куйдирар хўп тўртта шуъла.
Болам, балки баландликда
хотинлар мис лаган ювар.

Ой — саримсоқ бўлагидай -
бўзариб марг қийноғидан,
ташлар сариқ жомминорга
сарғиш сочлар қўнғироғин.
Тун бўйлайди манзарларни,
ойналарни чертиб турар,
тун шарпасин таниб қолган
минглаб итлар бирдан ҳурар,
қоп-қоронғи манзарлардан
май сарғимтир бўй уфурар.

Шамолнинг ҳўл қамишлари,
яна қари додлар, саслар
бузилган тун осмонининг
тоқларига тегиб қайтар.
Ухлар ҳўкиз, гуллар, фақат
тўртта шуъла ғазабланган
Георгийнинг қаҳридай шан
порлар баланд манзарларда.
Хотинлар ҳам йиғлаб тушар,
музлаб борар қурбон қони,
узилган бир гулдай сўлғин,
қаттиқ гўё ўсмир сони.
Фарёд қилар оқсоч сойлар
қараб туман тўнган тоққа,
саннаб айтар эрлар исмин
ғовларга дуч келган чоқда
Тун кўринмиш катак-катак
оқ деворлар, манзарлардан.
Тор кўчалар гармон мисол —
ўйнар лўли, малаклар ҳам.
Эна, жоним чиққан маҳал
синерларга қилгин аён.
Шимолга ҳам, жанубга ҳам
жўнатворгин кўк дилгиром.
Етти фаред, еттита қон,
етти сафсар ёвон кўкнор
долонларда ой нурларин
қорайтириб, айлади хор.
Кесилган минг қуллар билан
гултожлардай тошиб тенгсиз,
даҳшат солиб гумбурлади
қасам ичиб қўйган денгиз.
Қопқаларни бузмиш осмон
мудҳиш ўрмон шов-шуви-ла,
тунда баланд манзарлардан
чорлаб турар тўртта шуъла.


ЎЛИМГА МАҲКУМ ЭТИЛГАН ҲАҚИДА РОМАНС

Э воҳ, чексиз ёлғизлигим!
Менинг кичик кўзларим ҳам,
отнинг катта кўзлари ҳам
тунлар ором билмай бир дам
хобнинг ўн уч қайиқчаси
сузган жимлик кишваридан
ўзга ёққа ҳеч қайрилмас.
Қиёматимнинг покиза ҳам
қаҳри қаттиқ қароллари
мен-ла хомуш турар қараб
зирва, маъдан шамолига,
унда дарё узра руҳим,
жонсиз қўлда муз қарталар
дастасини чийлайди жим.

Сойнинг оғир новвослари
ойнинг мавжли мугизлари
узра қувнаб чўмилётган
болаларни туртиб сузар.
Босқончалар сандонларда
тушдагидай янграр ҳорғин,
келар, дейди, бедор отда
кўз юммаган бир сувори.

Йигирма бешинчи июнда
Амаргога келди мактуб:
ҳовлингдаги ўсиб кетган
толгулларни қўпорсанг, оз,
дарвозангга зуннор чизиб,
тагига ўз исмингни ёз.
Биқинингдан ўсиб чиқур
газанда ўт ҳам тиканак,
чувакларинг кемирай деб,
игналарин санчар оҳак.
Бу рўй берур қаро тунда —
оҳанрабо тўлган тоғда
қамишзорнинг тушларин сув
новвослари ичган жойда.
Қўлларингни зуннор қилиб,
шам, мойчироқ жамлаб тургин,
дафина ҳам маъданлардан
совуқ сувдан ичиб юргин.
Сенга икки ойлик муддат,
шайланиб тур ўшал кунга.

Ялтираган оқ шамширин
Сант-Яго ҳам қиндан олди.
Оғир жимлик эзган осмон
бир лаҳзада пастлаб қолди.

Йигирма бешинчи июнда
сўнг бор кўкка боқди Амар,
йигирманчи август куни
кўзларини юмар абад.
Одамларга тўлди кўча,
девор таги, тош майдонда
ёлғизликнинг чексиз юкин
кифтларидан отган онда.
Мана, Руммон рақамлари
каби аниқ, тағин тўғри
оппоқ чойшаб чеккаларин
тенглаштириб қўйди ўлим.


ИСПАН ЖАНДАРМЛАРИ ҲАҚИДА РОМАНС

Қора гулдур каби отлар.
Тақалари ҳам қорадир.
Йилтиллайди пўшларида
бўёқлару шам доғлари.
Кўзларида ёш қолмаган,
қўрғошиндан каллалари.
Лок сирилган жонлариям
ўралгандир тасмаларда.
Камоншакл, шабий шарпа.
ёвуз сафлар ўтар хунук —
қолур мумдай сукунат ва
ваҳиманинг чексиз қуми.
Ўтар, тасир-тусир ўтар
тилка-тилка тун қаъридан,
ғира-шира буржлар ёнар
тўппончалар сумбатидан.

О, лўлилар шаҳристони!
Ясангансан байроқлар-ла.
Олча сувли шиша хумлар,
ой нурлари қовоқларда.
О, лўлилар шаҳристони!
Кўриб сени, унутар ким?
Ўктам долчин миноралар,
анбару ғам-ғусса шаҳри.

Нуқра тун, оқ-ойдин тун
тушар чоги осмонлардан,
лўлилар кун, новак ясар
лангиллаган сандонларда.
Бошин уриб ҳар қопқага
кишнаб турар ярадор от.
Херес де ла Фронтерада
қичқирворар чинни хўроз.
Яланғоч бод гир айланар
бир чеккада шоду мафтун:
нуқра каби оппоқ-ойдин,
чиройли тун, ажойиб тун.
Юсуф билан Биби Марям
излаб қайроқ тошларини,
суриштириб келар ногоҳ
лўлиларнинг ошёнига.
Марям кўркам кўйлагида
ойимқиздай сузар ларзон.
бодоммағиз, зарқоғоздан
бўйнидаги қат-қат маржон.
Бир кифтида заррин пўши,
Юсуф тўхтар тўкиб виқор,
сал наридан Педро Домек,
ҳам уч эрон султони бор.
Чўчиб кетар лайлак каби
томда хаёл сурган қамар.
Босар баланд айвонларни
фонуслар ва байроқчалар.
Кўзгуларнинг қаърларида
додлар пойсиз раққосалар.
Херес де ла Фронтерада
соя ва сув, сув ва соя.

О, лўлилар шаҳристони!
Ясангансан байроқлар-ла.
Сўндир яшил дарчаларни,
келди ёвуз айғоқчилар.
о, лўлилар шаҳристони!
Кўриб сени унутар ким?
Денгизлардан олис ерда
сочинг ёзиб ётасан жим.

Кириб келар гурас-гурас,
шаҳар байрам қилади шод.
Эрмангулнинг қари товши
ўқдонларда қўзғалар бот.
Кириб келар гурас-гурас,
пўшлари-да қора, қўшқат,
улар учун ҳатто буржлар
қаболлардай порлар фақат.

Хавф-хатарга очиқ шаҳар
чийлар экан бетин қопқа,
бирданига қирқта қаттол
кириб келар улкан қопга.
Тўхтаб қолар соатлар-да,
ногаҳ тўнар шиша хумлар,
синчиклаган ёв кўзлардан
сувлар музга дўнар зумда.
Сиртмоғидан парпираклар
ерга қулар чўзиқ доддан.
Қиличлардан қиймаланган
бодни топтаб ўтар отлар.
Изғиб лўли кампирлар-да,
обкетар от, жандаларин,
сочларини шамол титган,
жиринглар мис тангалари.
Ёпинчлар тор кўпаларни
тўсар тиғиз тиқин мисол,
қора бўрон қайчиларин
ортларидан ёпар беҳол.

Байтуллаҳм қопқасини
кўзлаб борар авом лўли,
Юсуф пўшин ўлган қизга
кафан мисол ёпиб қўйди.
Туни билан ўқ товшидан
таранглашиб турди ҳаво.
Марям буржлар сўлаги-ла
гўдакларга берар даво.
Жандармлар изғийди оч
тунга тағин экиб олов,
гулхан ичра ёнар ўсмир
ва яланғоч гўзал хаёл.
Сўйиб Роза Камборонинг
маммаларин жандармлар,
қўйиб кетар дарвозасин
токчасига лаганларда.
Бошқа қизлар эса қочар,
жонҳолатда қочар войлаб —
портлаб қора атиргуллар
яшнаётган мудҳиш жойдан.
Шудгорларнинг қатламидай
чўккан чоғи сопол томлар,
тошдай совуқ чеҳрасини
эгилганча тўсар тонгда.

О, лўлилар шаҳристони!
Жандармлар кетар санғиб
сукунатнинг шум ғоридан,
қамраб олди сени ёнғин.

О, лўлилар шаҳристони!
Кўриб сени, унутар ким?
Юзларимдан изласинлар
ой ҳам саҳро жилвасини.


- УЧ ТАРИХИИ РОМАНС -

АВЛИЁ ОЛИЯ АЗОБИ

I
Мерида манзараси

Тор кўчадан тўлғанганча
кочар узун думли ол от,
эснаб ошиқ отар римлик
беш-олтита қари саллот.
Минерватоғ снндираркан
қуруқ дарахт шохларини,
бир қиррадан отилар сув,
ўлик қушдай жарлик сари.
Йиртиқ буржлар тўзонлари
тун қаърларин қилиб очун,
сув аралаш тонг ёриғин
кутар бирдан ёғиш учун.
Гоҳо босиб қизил тўлқин
каби сурон, тағин тинар.
Авлиё қиз нолалари
биллур кадаҳ каби синар.
Ғариллайди чарх тошлари.
чангакларни букиб оғир
инграр сандон буқалари.
Меридага кийдирар тонг
маймунжоннинг новдалари
ила хушбўй гуллардан тож,

II
&атл

Яланг оғоч шохлари сув
зинасидан шитоб сакрар.
Консул сўрар Олиянинг
кўкси учун икки баркаш
Хирқироқдан сўнг бўйнида
бўртиб кетар яшил шохлар.
Қушқўнмасда қолган қушдай
чайқалади жисми дорда.
Ва кесилган бармоқлари
ўйнар бошлар тоштахтада —
сажда қилиш учун қўлга
бирикмоқчи бўлар қайта.
Кесволинган икки кўкрак
тагларидан икки хунук
кичик осмон кўринар ҳам
томчилар кон аралаш сут.
Жисмидаги минглаб қонли
шохчалар ҳам жон талашиб,
ваҳший гулхан наштаридан
асраб турар ҳўл танасин.
Қуролларин жаранглатиб,
қатор-қатор, дабдаба-ла
утар қурбон қаршисидан
сўник юзли сариқ сафлар.
Шунда узун сочли консул
метин сафлар кўригидан
олиб ўтар мис баркашда
ҳовур чиққан кўкракларни.

III
Жа)аннам ва )амду сано

Тўлқинланиб чўкади қор.
Чайқаладир жасад ҳамон.
Кўмир каби юзин силаб
қора бўлар совуқ шамол.
Таранглаша товланар тун,
дарахтда у чайқалар, оҳ.
Тағин шаҳар довотлари
ерга тинсиз тўкар сиёҳ.
Қорли дузни босиб кетар
сукунатга қўшиқ айтган
тўда-тўда майиб-мажруҳ —
митти-митти қора ҳайкал.
Сийраклашиб етар қор-да.
Жасад турар оқарганча.
Ярқироқ муз лашкарлари
вужудига найза санчар.
Куйган фалак равоғида
булбул тўла боғлар узра,
ғудурлаган сойлар аро
Граал жомин нури сузар.
Сачрайди ранг синиқлари:
Олия оқ, оқликда оқ.
Малаклар ҳам авлиё деб,
тепасида учар узоқ.


ДОН ПЕДРО ВА УНИНГ ОТИ ҲАҚИДА УИДИРМА

Ёлғизоёқ сўқмоқдан
тушаётир Дон Подро.
Ай, мунчаям куйиниб
йиғлар бу кабальеро.
Эгарсиз ҳам жиловсиз.
Гижинглаган бир отда
нон билан бир ўпични
излаб юрар дунёдан.
Деразалар шамолга
шошилиб савол берар:
нечун бунча куйиниб,
йиғлар бу кабальеро.

Сув тагида оҳиста
сўзлар сузар лўмиллаб.
Сув устида тўлиной
ўйнаб-ўйнаб
чўмилар.
Бошқаси ҳавас қилар,
мунча юксак!
Соҳилда
«Товоқларни жуфтли тун»,
деб бир бола ёлборар.

Осмонларга туташган
болутзор ўрмон аро
ухлаётган заркентга
келиб қолар Дон Педро.
Байтуллаҳмми ? Ҳулво
руморан бўй уфурар.
Қизғиш сопол томларда
ярқирайди булутлар.
Дон Педро ҳам йиртилган
тоқлар тагидан ўтар.
Икки аёл ва бир чол
чиқар ёқиб шамларин.
«Йўқ-эй», дейди сапидор.
«Кўрамиз», дер андалиб.

Сув тагида оҳиста
сўзлар сузар сочила,
қушлар ва алангалар
айланар сув сочида.
Қандай хато бўлганин
фақат билар қамишзор,
оғочтан гитаранинг
туши бодсиз, бнозор.

Равон йўлдан оҳиста
чолу икки жория
қўлларида шам тутиб,
қабристонга боришар.
Бечора Дон Педронинг
ухлаб ётган оти ҳам
сезиб ўлим шарпасин,
зумдаёқ ҳушёр тортар.
Ўқдай учар осмонда
шомнинг ботин овози,
шохин урмиш ойнага
йўқликнинг яккашохи.
Олисда катта шаҳар
қолар олов бағрида,
фарёд қилиб одам ҳам
кетар замин қаърига.
Шимолда битта юлдуз,
бир денгизчи жанубда.

Сув тагида
ётар сўзлар.
Саслар балчиққа чўккан.
Қунишган гуллар аро
ай, ётар эрмак бўлиб
бақаларга Дон Педро.


ФАМАР ВА АМНОН

Ой қақраган ерга боқиб,
фалакларда кезар экан,
ёз паланглар, аланглар
нафасларин тинмай экар.
Томда куйиб кетган ҳаво,
асаблар-да таранг тордай.
Шамол юнгли марашлардан
жингаласоч бўлиб борар.
Юксаларкан кўрсатиб ер
яра босган тиртиқларин,
қиздирилган игналардай
оқ нурлардан зир титрайди.

Кирар Фамар тушларига:
томоғида қушлар сайрар,
тўниб қолган чирмандалар
билан ойдин гитаралар.
Пешайвонда турар яланг —
хурмо каби хушбичим бод,
нолиб қайноқ кифтларига
сўрайди дўл, сўрайди қор.
Фамар ҳазин куйлар экан
пешайвонда туриб луччак,
теваракдан қулаб тушар
пойига тўрт қор мусича.

Амнон равшан кўринади -
минорадан турар қараб,
титрар қора соқоли ҳам
белларида кўпик қайнар.
Яланг ҳолда панжарадан
қараб турар экан ногоҳ
қулаётган ўқ товшидай
қиз оғзидан чиқади оҳ.
Амнон ҳамон еб қўйгудай
ойга қарар, тушар пастга,
қайга боқса, кўраверар
ҳамширасин маммаларин.

Ярим тунда қулар Амнон,
қулар ҳолсиз ўз жойига.
Тирнар бўм-бўш хобхонани
қанот тўла кўзларида.
Кўмиб қўяр кентни зумда
кулранг қумга оғир саҳар,
гоҳ очади варта рўйин,
яшнар гоҳо гули настар.
Кўзаларга хомуш қудуқ
томиридан жимлик тўлар.
Эгри-бугри, моғор босган
илдизларни илон ўрар.
Амнон инграр тўшагида,
гоҳо тиштир, гоҳо тағин
чирмар безгак печакгули
босириқдан куйган танин.
Фамар кирар хобхонанинг
жимлигига шарпадай жим,
шоҳтомирдай иссиқ тани,
олис туман пардасидай.
Фамар, собит саҳаринг-ла
кўзларимни буткул ёндир.
Ришталарин оқ барингга
қўшиб тўқиб қўйди қоним.
Қўйгил, азоб берма, ака.
Кифтларимни ўпма, бўлди.
Жисму жоним чақар худди
ғуж-ғуж ари билан мўлдир.
Бармоқларинг учи, Фамар,
гулгунчадай таранг ҳали.
Кўркам сийнанг тўлқинида
ўйнаб турар икки балиқ.

Шоҳнинг юзта оти сапчир,
сурон ерни бир тебратар.
Сурх новдани офтоб сели
эгиб ташлар тупроқ қадар.
Тутамлайди сочларни қўл,
йиртилгандай шойи либос.
Эгри-бугри чизиқлардай
маржон оқар сариқ тошда.

Ўҳ, ёввойи доддан қандай
еру осмон кетди титраб.
Шилдираган калта кўйлак
узра чақнар совуқ тиғлар.
Хомуш қутлар зиналардан
чиқиб тушар жонҳолатда.
Тўнган осмон тагларида
ярқирайди мисдай сонлар.
Фамарнинг чор атрофидан
фарёд қилиб лўли қизлар
эзилган гул томчиларин
териб юрар битта-битта.
Хобхоналар чойшабларин
кун қизилга белар экан,
тонг алишар сўлишларин
нуқра балиқ меваларга.

Амнон шоҳнинг жазосидан
қочган маҳал тоти отда,
минорларнинг шинагидан
занжи қуллар новак отар.
Тўрт садони тўртта туёқ
гулдиратган маҳал даштда,
Довуд қайчи билан чилтор
ришталарин кесиб ташлар.


- МУСАВВИРОНА -

* * *

Шарқ уйқудан
уйғонар гўзал,
қуёш чиқишига ўхшайди бу ҳол,
ҳозирча у ёзги жазирамада,
ҳозирча дунёга боқади мудроқ.

Бузилган дунёнинг бир чеккасида
Шарқ гўзал ухлайди,
йогларга ўхшаб —
кўмиб ташласалар ҳамки, барибир,
руҳи ўсаверар,
идроки ўсар.

Аммо уйқусидан
уйғонар гўзал,
ҳайрат қамраб олар ҳамма нарсани.
Шарқ қуёш сингари уйғонган маҳал
дунё сезиб қолар ухлаётганин...


ҚЎШИҚ

Ганг дарё бўйида
ҳинду қизлари
кўзларин музлатган тоғларга қараб,
бир қўшиқ айтади қадим-қадимдан,
бир қўшиқ айтади дунёга қараб.
Улуғвор,
нуроний тоғлар ортида
теран томирларин узган гуноҳкор —
зилол булоқлардан бенасиб дунё,
адашган, йиғлаган
битта дунё бор.
Меҳру муҳаббатга, соғинчга тўлиқ
қўшиқлар учади тоғлардан ошиб —
адашган дунёни чақирар қизлар,
ларзага тушади тоғларнинг тоши.

Неча минг йилларким
ҳинду қизлари
тангрилар туғилган ҳинд тупроғида
бир қўшиқ айтади,
ишониб фақат
қўшиқлар дунёни асрамоғига...


ЙЎЛОВЧИ

Ўттиз уч ёшимда
ўттиз уч минг йил
ҳасрати, доғи бор қарашларимда,
сангтарош хўрсинар қадимдан буён
олам тошларини тарошлар экан...
Қадам босганимда чайқалади ер,
чайқалар ёдимнинг оғирлигидан.
Бирор аср ухлай,
ичайин чоғир,
бергин, ер, минг йиллик чоғирларингдан.
...Вирдан афсонавий кишвар очилди,
симирдим қип-қизил гулларнинг исин.
Олам гўзал экан —
шунда илк бора
эшитдим қалбимнинғ теран йиғисин.
Борлиқни унутиб ухладим лаҳза,
руҳимдан увалиб кетгандай ғуллар.
Сўнг чучиб уйғондим куз нафасидан,
сарғайиб қолганди
қип-қизил гуллар.


ФИКР

Дарёга айландим,
ўйчан дарёга,
руҳимда қадимги осойишталик.
Қаъримга беркитдим долғаларимни,
руҳимга бўйсунди дунё ишлари.
Ўйлайман яшамоқ моҳиятини,
қаттиқ нигоҳларим осмон хатида.
Вужудим сезмайман,
лаззат оламан
ҳар фикр — руҳимнинг ҳаракатидан.
Бироқ ўжар кундуз
товланар экан,
яшил замзамали йироқ тоғлардан
ирмоқлар — жодугар пари қизларни
бошлаб келар тошлоқ қирғоқларимга.
Қизлар кўйлакларин
ўтларга ёйиб,
ўйнатиб жарангдор товушларини,
хаёлчан юзимга оқшомга қадар
отиб ўтиришар майда тошларни.
Руҳим ҳаракати тўхтамас, бироқ
ҳар кун давом этар бу гўзал ёвлик.
Менга осойишта лаҳзалар керак,
жодугар қизларга —
шўхлик, асовлик.


ҚИЗГУЛ

Қизил атиргулни
тишлаб олган қиз,
тизларин қучоқлаб ўтирар хумдай.
Асрий музликларнинг ғулларин янчиб,
саҳройи самумга айландим зумда.
Шунда у жилмайди.
Ўжар сочларин
шуълавий қўллари аста бойлади.
Булбулдай сайроқи булоққа дўниб,
синиқ кўзларимга расмин жойладим.
Қиз чўзди ҳориган оёқларини,
зангори сайҳондай бағримни очдим,
улкан чинор каби олтин офтобдан
тангачалар ясаб,
кўксига сочдим.
Шунда юрагимга умрини қўйди,
унутди кунларнинг зил тошларини,
бутун ганжинасин
тўкди кафтимга —
биллур заррасидай
кўзёшларини.


БИРОВНИНГ ГУЛИ

Девор-ла ўралган ҳовли ичида,
ариқча лабига эгилган кўйи,
атиргул ўртанар кимни ишқида,
эпкиндан қалтирар,
тўзғиган ўйи.
Эй, десам,
атиргул ёмон титради,
тўкилиб қотдими дедим ҳидлари.
нураган деворнинг берги ёғида
бузилган юрагим нозик титради.
Шундоқ гул...
кимсасиз ҳовли ичида,
бегона нигоҳдан титрайди мунча.
Мунчалар хокисор кимнинг ишқида,
авжида очилган,
эмасди ғунча...
Шундоқ гул...
ҳалиям боқар ҳаёсиз,
ахир, сал яширса дейман дардларин,
эҳ шўрлик,
Тобора қуёш аёвсиз,
ҳадемай тўкилар бахмал барглари.
Бир ўтли нигордан титрайди ёмон,
журъатли бир қўлнинг садқаси, қули.
Ўзиям гулмисан гул эди аммо,
бировнинг гулийди.
бировнинг гули...


ТОР КЎЧАЛАРДА

Ҳамал — бол нафасли,
тонглари — пушти,
қуёш қаҳрабо май тўла косадир.
Гуллаган ўриклар
жон ўртагувчи —
оқ ҳижоб ёпинган шўх раққосалар.
Садлари оқ, мовий рангга бўялган
ҳовлилар устидан тошган булутлар.
Гўё сен ширакайф турк султонидай,
тагингда ўйноқлар чақмоқдай тулпор.
Ўтасан гўёки афсоналардан,
ним қараб тор кўча гўзалларига,
лабларинг чўзилар
дудоқларида
ғунчадай яшринган бўсаларига.
Ҳамал ўт нафасли милёнта қизлар,
гуллаган ўриклар каби тизилган.
Капалаклар каби қизғиш табассум
тинмай қўнаверар
рангпар юзингга...


ҚИЁС

Кузатдим —
ҳар олма рангин сайёра,
солланиб турар ҳур шаббодаларда,
лимиллаган анҳор эшилиб оқар —
шамолда тебранган
шалаббо парда.
Тун келар,
қадимий осойишта тун,
ой ҳайдар булутлар —
теваларини,
саноқсиз қорамтир қалқонлар билан
дарахтлар яширар меваларини.
Ердаги коинот парчаси — боғда,
бузила бошлайди тўсатдан сукун,
тинимсиз тўпиллар...
Саҳарга қадар
рангин олмаларни ўйнаб отар тун.


ҲОЛАТ

Қиёқли,
ялпизли хўб ўзанида
товусдай товланиб роса яйрарди,
қуёшдан қамашган кўк кўзларига
мажнун кўзларим-ла узоқ қарадим.
Тиз чўкиб,
қуёшни шарт тўсганимда
нафасини чиқармай тикилгандай сув,
сўнг ўпа бошладим:
ҳар ўпганимда
қиқирлаб-қиқирлаб куларди бу қув.


ҚАСИДА

Тутилган ой, қадимги
фанорсан, анор.
ёқут тула қип-қизил
қанорсан, анор.
Гоҳо қорол, гоҳида
пуштисан, анор.
Ернинг қонга бўялган
муштисан, анор.


- МУЖОҲИДОНА -

БАШОРАТ

Сурилар бу темир пардалар,
истибдоднинг тоғлари қулар,
моғор босган қора қаърлардан
милён озод руҳлилар турар.
Тўсиб бўлмас сохта ваҳий-ла,
ёлғон шиор,
сафсата билан,
ҳур фикрни босган ваҳима,
дабдабаю асъаса билан.
Қулар қонда сузган қасрлар,
жудаб йитар сангин салтанат,
сўқир бўлар асрий наҳсдан
бино бўлган ёвуз шайтанат.
Келар,
келар буюк меҳрдан
кифтлар кифтга босилажак кун,
ғамдан фориғ жез каллалар ҳам
кўкракларга осилажак кун.
Порлар тошга дўнган сўзларим,
порлар мангу одамий руҳим,
порлар Ҳаққа ташна кўзларим,
худо берган мангу андуҳим,
ёруғ андуҳим...


ОЗОДЛИК

Қорли уваларда қора қўтослар,
темир ҳалқалар бор бурунларида.
Бир жойда айланар бутоқ чўлларнинг
дарага қамалган қуюнларидай.
Қамчинлар тарсиллар,
ёрилар ҳаво,
қий-чувлар,
ҳуштаклар,
суронлар жўшар, ҳарсиллар,
гулдирар ўжар қўтослар,
жон кириб қутурган тоғларга ўхшаб.
Қорлар қораяди...
орқада қолар
қамчинлар овози,
шавақи саслар.
Энди бирин-кетин кенгликка эмас.
қорли чўққиларга ўрлар қўтослар.
Бу йўл сўнгги йўлдир,
ягона йўлдир,
уларни на шамол,
на қоя тўсар.
Қўтослар ўрлайди тик чўққиларга.
поёнсиз борлиқда чўққилар ўсар...


ГЎЛ

Бу гўл ердир,
дангаса эмас,
гўл бўлсаям ерларнинг зўри,
кузни кузу қишни қиш демас,
кўзларини бўлмайди кўриб.
яъни, ишдан кўтармайди бош,
берар ипак, қоракўл, пахта,
олтин, кумуш, яна мармартош,
тағин ҳақин сўрамас хардай.
Бу гўл ердир,
ҳамма ёғига
фақат қизил шиор осилган,
ҳеч очилмас милярд оғзига
босқинчилар муҳри босилган.
Қиёфати тағинам қизиқ,
кўрай десанг жисму рангини,
шошилмасдан сувратин чизгин
терга ботган милён занжини.



ХОНАДОН

Бунда ҳамма ўзини севар,
тағин севар нозик гулларни...
Чақмоқ кўзли болалар эмас.
ўстиришар фақат қулларни.

Бу шўрликлар хонадонида
ғараз, фосиқ ниятлар тунар,
ҳалок бўлар қанча даҳолар,
муттаҳамлар, ўғрилар унар.

Ҳалиям кўз очмаган халқ-да,
ҳали камдир имон, эътиқод,
яшайдилар бир-бирин алдаб,
бир-бирининг мотамидан шод.

Нафас олмай ўтаман ҳар гал,
уф-ф, нақадар ўткир анқийди
ириб кетган орзу-хаёллар,
чириб ётган туйғулар ҳиди.


ҲАММА

Бунда чумчуқ
ерга қўнмайди,
бунда парвоз қилмайди нағма,
кулгани ҳеч кимса кўнмайди.
қўрқиб яшар ҳаммадан ҳамма.

Ҳамма хомуш,
ҳамма бир ғамда,
аланглайди атрофга нуқул.
Хуллас, сен-да яша ҳаммадай,
ҳамма кулган дақиқада кул.


ШАХС ҚИСМАТИ

Хаёли шан.
андоми ўктам,
дарё каби жушқин зот эди,
энди пода босган бу йўлда
сариқ кўлмак каби ётибди.
Асилзода,
асли бек эди,
қўлдай тузди қуллар ичида,
бутун умр тирнади ерни,
пахта деган ойим ишқида.
Қочиб кетди,
оҳ, кетди қочиб,
қоровуллар чалғиган дамда.
Қўли очиқ,
юраги очиқ,
кўзи очиқ улуғ одам-да.


ТЕНТАК

Неча йилки
эринмай тентак,
нағмасини минғирлаб айтар,
икки қўшин тўқнаш келганда,
бир чеккада қиличин қайрар.
Юз йил ўтди,
фоний ҳилқатга
келиб-кетди неча бор ёвлар,
бир нағмани чайнаб хилватда
қайрайверар қиличин овсар.
Бундай қизиқ одамни рости
биринчи бор кўришим эди,
кифтларидан оҳиста босдим,
соғмисан-е... оғайни дедим.
Кўзларида қайнарди ғиж-ғиж
ажиналар, эс ҳушим учди.
Афсус, шунча қайралган қилич
шўрликкина бошимга тушди.


СОЯ

Кўп нарсага
кўникса бўлар,
лоқайд караб ёлғону чинга,
руҳнинг буюк изтиробларин,
қудратларин қамаб ичингга.
Кўзингни юм,
қулоқни беркит —
кундуздан-да ёруғдир йўлинг.
Бир кун келиб алқару сени
юксакларга кўтарар кўрлик.
Бироқ қийин,
Кўникмоқ қийин —
ҳаракатга кўнгил ташнадир.
Отиласан бу тор оламдан
калтакланган итдай ташқари.
Югурасан,
баҳайбат ойнинг
ёғдусида, мана, ниҳоят,
кувиб келиб изингдан сени
босиб кетар баҳайбат соянг.


НУР

Коинотнинг совуқ қаъридан
келар биздан хабар олгани,
келар чексиз бўшлиқда кезган
сўқир ерда мангу қолгани...

Ҳар гал ўзга сайёралардан
бизга ёруғ саломлар айтар,
бироқ нечун ерни зулматга
ташлаб, тағин ортига қайтар?

Нечун ерда мангу қололмас,
хомушланар нечун кетар чоқ?
Зулмат босган калбларимизда
қадр-қиммат топарми камроқ?

Ёхуд кўрмас ростликни асло,
ёхуд кўрмас диёнат, ғурур,
балки шундан мангу қололмас,
балки шундан кайтиб юрар нур.


ТОР КЎЧА

Кун чиқади — ҳураверар ит,
кун ботса ҳам ҳураверади.
Ярақлатиб тиғдай тишларин,
тор кўчада тураверади.

Юраксизлар турар бўзариб,
жасурларнинг тугар бардоши,
неча йилки бировлар кирар
ўз уйига девордан ошиб...

Бироқ барча ваҳму гумонлар
тугайдиган пайтлар келади.
Мана, бир кун ит овловчилар
варанглатиб отди ўлатни.

Хайриятки, қутулди ҳамма.
йўқса аҳвол нима кечарди?
Хайриятки, ит овловчилар
ногоҳ кирди бу тор кўчага...


БУҚАЛАМУН БИЛАН УЧРАШУВ

Кўзларингдан танидим сени,
йўлиққандик мозийда бисёр,
кўнгли очиқ паҳлавон эдим,
сен ботиний мунофиқ, айёр.

Шоҳ қизининг шартига кўра
не девларга солдим таҳлика,
чавақладинг ухлаган чоғим,
хотин бўлди сенга малика.

Ўлдиргансан кўп бора мени,
гоҳ оғулаб,
гоҳо пичоқлаб,
уйғотарди ҳар гал ўлимдан
ўжар ерим қаттиқ қучоқлаб.

Жоним ўлди савашларда кўп,
сен Ватанни сотдинг тонггача;
ёнди кўп бор,
қиличдан ўтди
етти ёшдан етмиш ёшгача.

Бугун ногоҳ учрашиб қолдик,
сен — нафсини ўйлайдиган зот,
мен — юраги ланг очиқ шоир —
доим кезиб юргувчи фарёд.

Олдинда кўп учрашувлар бор,
вақт шамоли тинмай айланар,
учрашармиз минг йилдан кейин
жангоҳларда ўқталиб найза.

Э, йуқ,
ўша пайт ҳам изимдаи
ўрмаларсан бамисли илон.
ё етарман ойдин водийда
курагимда дудаманг билан.


ТОҒАМ...

Тоғам боплаб иморат қурди.
сайқаллади ҳар бир ғиштини.
Кўролмаган қўни-қўшнилар
ижроқўмга бориб айтишди.

Тоғам эса парво қилмади,
ўртанмади пичир-пичирдан,
кулиб турса ҳамки кўзлари,
бироқ ёнар эди ичидан...

Жаҳли чиқиб, уй садларига
атай ганчдан нақшлар солди.
буни кўриб баъзи қўшнилар,
кечалари ухлолмай қолди.

Ишлайверди тоғам хотиржам,
фарқламасдан кундузу тунни,
шошилмасдан, вақт ҳам оққа
бўяб қўйди сочларин унинг.

Мана, охир битди иморат,
ҳовлисида олма, шафтоли,
ётар эски сўрида тоғам,
гапиришга келмай мажоли.

«Жиян, ўзинг яхши биласан,
уй қолмаган отам номидан,
умрим кичик ҳужрада ўтди,
чакка томар эди томидан...»

Гул умрини хазон айлаган
уйга узоқ қарар-да тоғам,
даст ўрнидан турару айтар:
уй бўптими милтиқсиз уй ҳам!?

Сўнгра эски бешотарини
осиб қўяр уйнинг тўрига,
гарчи шаҳар,
гарчи атрофда
кезмаса ҳам чиябўрилар...


СУВБОШИ

Ёз чилласи.
Офтобнинг сели қиёмига етган паллада
чангга ботган йўловчи келди
сувбошига аллақаердан.

Сувбоши — бу
сойнинг бошидир,
Макка каби покиза бир жой,
не қиларкин дейман ҳозир у,
чанқоғини босар, эҳтимол.

Инсофлими,
бутми имони,
хаёлимни кемирар ғулув,
энг охирги хонадонга ҳам
етармикин поклигича сув.

Не қиларкин?
Шу бир лаҳзада
не гумонлар бошимдан кечди.
Салқинланди йўловчи аста,
этикларин ниҳоят ечди.

Тасаввурда жонланди ҳолат:
сувга челак ботирган келин,
ҳовучида сув ичган бола,
сой бўйида яшаган элим.

Йўловчи чор ёққа қарайди,
мана, тўйиб босар чанқоғин,
этикларин кияр, хайрият.
минг ҳайрият,
ювмас оёғин...


ДАВРА

Бу ғаройиб давра қизиган —
улфатларнинг кайфлари чоғ,
гап сотишар кжсак аъмолдан,
ичларига қуяркан ароқ.

Гоҳо ўтмиш, гоҳ келажакка
йўл-йўлакай кириб чиқишар,
ҳал қилишар олам тақдирин,
кимни қуйиб, кимни йиқишар.

Оғизларда булутдай кўпик,
юзлари оқ, ичлари — қора.
қизиғи, бу зотлар қайларда
кимларнидир қилар идора.

Гапирмасди фақат бир одам,
на ош ерди, на ичар ароқ,
бу ғалати даврага қараб,
кўзларини очар каттароқ.

Рўй берарди ажаб ҳодиса:
ҳатто сиғмас инсон ақлига —
даврадаги оёқлар аста
кирар туёқ човут шаклига.

Бирида мол, бирида эшак,
биттасида тўнғиз туёғи,
бўри панжа ўсар бирида,
бошқасида тулки оёғи...

Титраб кетди тўсатдан Одам,
мана, навбат келди ўзига —
ҳайрон бўлиб тикилиб қолди,
ишонмади одам кўзига.

Сўнг ўрнидан турди, тупурди,
бу ўтириш ёқмади чоғи,
олиб кетди оёқларини,
одамники эди оёғи...


НОДИРАНИНГ ШЕЪРИ

Болаларга

Катта шаҳар уйқуда,
кўрар рангин тушчалар.
Пайдо бўлди саҳарда
яшил, сариқ қушчалар.

Бўғотларни талашиб,
сайрадилар галма-гал,
Катта шаҳал ғўлдираб,
кўзларини очди сал.

Сайрадилар тинимсиз.
мазах қилиб ғурракни.
Катта шаҳар мириқиб,
варанглатар ҳурракни.

Бирон бало бўлганми
ё жонидан тўйганми
ё кечаги байрамда
кўпроқ ичиб қўйганми?

Катта шаҳар ҳалиям
ётар эди сўлжайиб.
Етиб келди Қуёшвой.
қараб турди илжайиб.

Ахир, рангин қушчалар
сайрамас ҳеч беҳуда.
Катта шаҳар сўкиниб,
бош кутарди уйқудан.

Мошинларин юргизар,
қўзғалади суронлар.
Яшил, сариқ қушчалар
учар Мағриб томонга.

Улар пешвоз боришар
қанча-қанча саҳарга.
Кўп эди-да дунёда
ухлаётган шаҳарлар...


РИВОЯТ

Бир амалдор узоқ ўтирди
хешдан қолган тахти равонда.
Қолмаганди бирор поя ҳам
тахтга туташ темир нарвонда.

Хоҳлаганин қилар амалдор,
қор ёғдирар, ёмғир ёғдирар.
Ўзин буюк қудрати билан
кўпчиликни эсдан оғдирар.

Суриб қўяр вақт кафтгирин,
кундузларни дўндирар тунга,
пастда шўрлик меровлар эса
сиғинарди худодай унга.

Аммо кимдир анчадан буён
чидаб-чидаб, охири тўйди,
тахти-пахти билан кўтариб,
бир кун ерга тушириб қўйди.

Сингиганди жисмига амал,
уни турли кўйга солдилар.
Ул-бул жойин оғритиб, кесиб,
амалини шилиб олдилар.

Бирдан содир бўлди мўъжиза:
у айланди митти одамга,
тили чиқди, «нанна» ҳам деди,
ҳайратланиб боқди оламга.

Гул ўйнади, капалак қувди,
асто ақли тўла бошлади,
эркалатиб қитиқлаб қўйдим,
шарақлатиб кулиб ташладим.

Келаверинг, дўстлар, яқинроқ,
ёқа ушлаб, бўлаверманг лол,
энди барча болалар каби
суйса бўлар уни бемалол.


БЎРИЛАР

Қирғин келди
вабо келгандай,
мурдалар ҳам турди гўрида —
кўпикланган қора селлардай
урчиб кетди қонхўр бўрилар.
Очлик ўрган туркий ўлкада,
офат чиққан маконларда ҳам
парчаланган зулмат кўлкаси
пайдо бўлар эди дафъатан.
Кунлар —
очиқ ярадай қонли,
тунлар —
ойдин харобазорлар,
жасадларга тўла тонгларни
сирқиратар фарёди борлар.
Eл қирилди туркий ўлкада,
ер қолмади — келди ажали,
ким қонига ботди йўлкада,
ким ғижилди намоз маҳали.
Йиллар ўтди.
Гўё ҳаммани
чалғитгандай вақтинча кулфат,
қонга ташна милён шарпани
яширгандай қаърида зулмат.
Аҳли муслим,
энди огоҳ бўл,
қонхўр гала ҳали тирикдир,
ўлар бўлсанг озодлардай ўл,
қолар бўлсанг энди бириккин.
Токим ёвуз тумшуғин суқса,
аждодларнинг азиз гўрига,
жим турмасин қўй мижозли халқ,
бас келолмай битта бўрига.
Кўрсам дейман —
қаҳру ғазабдан
гўрларида турсин мурдалар,
руҳи озод бўлсин азобда
гулларини суйиб юрганлар.
Токим
ҳар бир муслим қабрига
ҳеч яширмай кўзда ёшини,
авлодлар ҳам лаънат лавҳимас,
қўйса дейман қабр тошини.


БОБУРИЙЛАР

Икки дарё оралиғида
ҳақ-адолат топмади қарор —
бари кетди
юртни соғиниб,
ғурбатларда йиғлағани зор.
Тангри бунёд этгандан буён
қанча олчоқ,
қанча ётларга
қучоқ очган юрт торлик килди
канча одил,
фозил зотларга.
Кимни айтай,
кимни эслатай,
санай кайси улуғ номларни,
қай иқлимдан кўрсатай бугун
ул зотларни ютган комларни.
Мозий тўлган мунгли садога,
бир садоки,
улуғвор, кабир,
саҳроларда адашиб кетган
карвонларнинг садоси каби.
Мана, бугун
мозий қаъридан
ўз юртидан айрилган, сағир —
буюк зотлар сирли ҳадикда
келаётгандай бўлар бирма-бир.
Улар келар...
Наҳот, эшитган,
наҳот, улар бўлган хабардор
икки дарё оралиғида
ҳақ-адолат топди деб қарор.
Биродарлар,
бўлинг эҳтиёт,
биродарлар,
йўлларга боқинг —
тангри каби кекса очунда
сиз учинчи дарёдай оқинг.
Ҳақ-адолат дилингиздадир,
авайланг, ҳеч завол етмасин,
улар келар...
тағин мозийга
ярим йўлдан қайтиб кетмасин.


СУЛАЙМОН ТОҒИ ЭТАГИДА ЎЙЛАГАНЛАРИМ

Диёнатли, орли аждодлар
бу ҳайбатли тошлар тагида
бирор лаҳза хаёл сурмаган
сохта шуҳрат, таъма ҳақида...

Яшарканлар юртда саргардон,
кезарканлар ғурбатда ёхуд,
Сулаймон тоғ пойида бир кун
кўмилмакни қилганлар орзу.
Бундан не-не аллома ўтган,
не жаҳонгир, нечалаб шоир.
Бироқ азиз тоғ тошларига
ёздирмаган ҳеч бири номин.
Сулаймон тоғ юксалиб турар
бир элатнинг буюк ёдидай,
ҳайрон бўлиб пойига бугун
келгувчилар эътиқодидан.

Бугун келар истаган кимса,
бериб таъма илинжиға зеб,
номин ёзар тоғ тошларига,
палончилар келиб кетган деб.
Кузатаркан орсиз, виждонсиз
кимсалардан тўйган кунларни,
бир ҳаяжон,
титроқда тўйдим
ер тагидан келган унларни.
Сулаймон тоғ,
муқаддас ёдим,
кўрсам юрак-бағримни доғлар,
бетайинлар номин кўтариб,
соат сайин ўсар қоялар.


КЎЗЛАР

Гўё бунда
ҳар бир нарсанинг
кўзлари бор — хотираси бор,
яйраб-яшнаб қарашлари гоҳ
шафқат сўраб жовдираши бор.
Кўзи бордай кузги даланинг,
кузи бордай нуроний тоғнинг;
хотирамга санчилиб қолар
нарсаларнинг ўткир нигоҳи.
Қарагандай
ҳар битта нарса
ҳар бир шарпа товушларимга,
сув ичаман,
ёруғ нигоҳлар
тўлиб кетар ҳовучларимга.
Гуё шу ер,
шу безабон ер
курмайди деб ўйламоқ хато.
Гўёки ер улкан бир кўздир,
илғаб турар ўйингни ҳатто.
Гўё шу ер,
шу хокисор ер
фарқлар яхши, ёмон — барини,
таниб олар бир кун барибир
ўзин асл жаллодларини.
Тўлқинланар улкан адирлар,
дов-дарахтлар ёприлар лак-лак,
қаттол давр, асрларни у
салобати билан эзажак.
Неки ёлғон,
омонат бўлса,
ҳалок бўлар бари бир зумда.
қулар, чўкар, тўзонга дўнар
энг одил ва қатъий ҳукмдан.


АФШОНАДАГИ ИБН СИНО ҲАЙКАЛИ

Буюк ҳаким ўйланиб қолди
Афшонанинг қоқ ўртасида —
гўё ушлаб жон томирини
қулоқ солар
ернинг сасига...
Саратоннинг осмони эзган,
ҳолдан тойган,
далв ойидай
ранги рўйи қумдай бўзариб,
ер ётади ҳаким пойида.
Минг йилки, ер
бор орзусини,
бор ҳавасин кўксида ёқди,
қора терга ботиб минг йилки
диёнатсиз касларни боқди...
Ўз ҳолига қўйсалар агар,
қилмасалар зўрлигу зино,
тугармиди тулғоқдаги ер
ҳар йилида биттадан Сино.
Тилсиз ернинг азобларини
сигдиролсам қанийди шеърга —
ҳамон кўплар тупуриб юрар
буюкларни яратган ерга.
Бу кимсалар сувнинг ўрнига
заҳар-зақкум бермоққа ярар.
Ернинг дарди шу қадар оғир,
гўё етди Синога хабар.
Мана, ҳаким...
Нечун ҳаяллар,
нечун узоқ тинглар сасини,
қай усулда даволай олар
ернинг буюк хотирасини.
Юз йил, минг йил,
балки узоқроқ,
керак бўлар мангулик балким —
ушлаб ернинг жон томирини,
хаёл сурар нуроний ҳаким.


БИР ХОИН ХУСУСИДА

Азалий кўзлари 
ит кўзларидай...
Юзида азалий дарди бор эди.
Қомати ҳамиша калтабинларга
эгилган бошига сайёр дор эди.
Ҳар нокас келару борини олар,
қўйнида тўлғонган ёрини олар,
қовушган қўлига кулиб қарару
оғир нигоҳ билан жонини олар.
Сарбоз этиклари остида дунё —
дунё келажакка кирмакда ёниб.
Турар у қўлларин қовуштирганча,
оқар санжоқдаги руҳидан қони.
Жоним-жигаримсан,
сен-да одамсан,
лоақал кўзингда бир ёш кўрсайдим,
лоақал қовушиб қолган қўлингда
ёвларга аталган бир тош кўрсайдим.
Қай бир қаро кунда туғилган эдинг,
сени четлаб ўтар ишқдир, иқболдир.
Уммон чўлга дўнар,
чўллар уммонга,
тоғлар қумга дўнар,
фақат сен қолдинг.
Турасан келажак бўсағасида
булғаб пок қуёшнинг зиёларини,
ўз сувратинг билан бузмоқлик учун
бахтли болаларнинг дунёларини.

Э, йўғ-ей,
мен сени бўғиб ташларман,
келажак кўрмаган сендай беорни.
Нимадир қарс этди,
бир оҳ дедиму
юзтубан йиқилдим 
чангаллаб қорни.
Бўрилар ҳидсираб келди дунёдан...
Юзтубан ётганим кўрмади ҳеч ким —
ўз қўлим ўзимни маҳв этди бугун,
ўз ерим ўзимнинг қонимни ичди.

Қотилим билмадим,
кўрдим ҳаммадан —
юз бора, минг бора ботдим гуноҳга.
Сен ўтдинг келажак бўсағасидан,
мендан-да керакроқ эдинг дунёга.
Сени алқадилар,
кифтингга қоқиб,
мақтовлар ёғилди оққуш паридай,
мен эса йиғладим эна еримнинг
топталган қоронғи оғушларида.
Эна-ей,
Эна ер,
қонимни ичгил,
тезроқ адо бўлсин жисмимда хўрлик.
Эшитдим тоғларнинг гулдиросини,
кўкатлар кўккача ўсганин кўрдим...


ЧИНОР КЎРИНИШЛАРИ

Водил гузарида бир чинор кўрдим,
бўронлар қўпгудай ҳар нафасидан,
таралгудай баҳор қалдироқлари
паҳлавон келбатли чинор сасидан.
Ернинг шохлаб кетган
нидоларими
ё ерга санчилган даста чақинми,
ойдин шарпалари сочилган маҳал
алвастига ўхшар —
бўлмас яқинлаб.
Кўрдим азим филдай бужур танида
қиличлар изларин,
ўқлар изларин.
Соатлаб тингладим,
бироқ беҳуда,
чинордан беҳуда садо изладим.
Ёпирай,
бу қандоқ кўриниш бўлди,
қурсоғи ўйилган, руҳи эзилган.
Гавжум йўл бўйида қадалган дарвиш
қулоқлари кардай,
тили кесилган.
Томирлари,
тупроқ юзида бўртган
чайир томирлари шартта чопилган.
Бу қандоқ сувратдир,
қани, йигитлар,
ўйлашиб кўрайлик,
қандай топилма?!
Балки бу азамат —
чинор эмасдир,
бирор алпнинг дайдиб юрган руҳидир
ё бирор жаҳонгир,
юрт таловчининг
унутиб қолдирган мудҳиш туғидир.
Ва ёки бу чинор бирор валининг
ерга санчиб кетган таёғимикин?
Булутлар устида дам олаётган
баҳайбат девнинг бир оёғимикин?
...Замонлар яратган чинор суврати
бир асрий тимсол бор,
катта қисмат бор.
Кўрармиди шундоқ тарихни, агар
катта йул бўйида
ўсмаса чинор.


КУЗГИ ЕР КЎРИНИШИ

Қуриган,
баҳайбат япроқдир ерим,
ерим,
ўзим каби гиёҳванд ерим,
ётибман кузакнинг бир парчасидай,
ётибман,
бағрига бағримни бериб.
Тагимда сомондай сарғайган майса,
кузатдим бўзарган осмонларингни,
хотирлаб жаннатий гиёҳларингу
бағрингда бўғилган
ўрмонларингни.
Зилол сувларингни қўмсаб ётаман.
қўмсайман ранг-баранг чечакларингни,
қушлар, ситоралар, саратонларга,
эртакларға тўла кечаларингни.
Ногоҳ садо келди
қалбинг қаъридан:
интизор турибди поёнсиз олам,
майсамни ҳидлама,
ичма сувимни,
сарғайған бағримда ётмагин, болам.
Ерим,
Бор-будидан айрилган, ерим,
жоним жонингдадир —
ўжар болангман
мен сенинг осмонга етмасдан тағин
бағрингга гуп этиб тушган нолангман.
Кечмоқ ва унутмоқ мумкиндир балки
кичкина касларнинг шаҳарчасидан.
Сендан кетиб бўлмас,
ётмасам бўлмас
бағрингда кузакнинг бир парчасидай.
Шу маҳал
чечаклар излаб топмаган,
қачондир, бир ваҳший гўзал қаҳримдан
яралган жон ўғлим —
осмонга қадар
ўстирган бир орзум ёғди бағримга.
«Болакай,
ҳидлама гиёҳларимни,
сувларимни ичма,
дунёлар гўзал,
кимсасиз бағримда ётмагин», дедим,
бағримга қаттиқроқ ёпишди, ўжар.

Ётибмиз,
еримнинг қоқ ўртасида,
ётибмиз еримнинг парчаларидай,
тинимсиз чорласа ҳамки юлдузлар —
ўзга дунёларнинг даричалари...


ТУТЗОР ХОТИРАЛАРИ

Тутлар —
каллакланган биродарларим,
осмонга бош тираб турибсиз ҳамон,
майишган тимсоҳдай баданларингиз,
даҳшатли қудрат-ла эзгандай осмон.
Турибсиз
ҳабаший қуллардай маҳзун,
йўқ, туркий шевали паҳлавонлардай,
кадимдан боболар қолдирган дузни
ҳар турлук балодан сақлаётгандай.
Тилимни,
дилимни билган ўзларим,
дузларда қопкетган содда нарларим,
шамол бўлай дердим тўзғитайин деб
бошингиз устида сузган дардларни.
Бугун-чи,
бир зумга тут бўлгим келди,
осмонни кўтариб турай бир нафас,
сиздай посбон бўлиб асрайин элни,
мен-да замин билан пинҳон сирлашай.
...Тўсатдан қоматим қисирлаб кетди,
сизлардай майишдим, бироқ синмадим.
осмоннинг бўлаги тушди елкамга.
тупроққа ботдиму буткул сингмадим.
Воҳ, ер тагидаям боболар эрдир,
шу лаҳза тиғ мисол илдизларимга,
кафтларини тираб тасалли берди,
кўзингни узма деб юлдузларингдан.
Энди мен ҳам тутман,
қувват берар ер,
шоҳларим гуркираб ўсган чоғида,
енгилроқ бўлсин деб,
қийналмасин деб,
каллаклаб туришар мени гоҳида.
Аммо мен —
азалдан исёнкор бола,
қанчалик тутақиб чопқи урсалар.
ҳар чопқи зулмидан янги руҳ ола
шохларим шунчалик ўсар гуркираб.
Айтарсиз,
бу қадар исён қаёқдан,
аммо тут дардини билажак тутлар,
фақат темир косов турар таёқдай
одамлар ит каби бойланган юртда.
Боболар хокларин тўнғиз босипти,
қум каби тўзғиган қадим ҳудудлар,
золимга басма-бас ўсмоқ лозимдир
одамлар тупроққа айланган юртда.
Кессалар кессинлар,
чандон ўсармиз,
эркимиз борлигин кўриб қўйсинлар.
Ҳар баҳор чоғида чандон жўшармиз,
золимлар зулмга қараб тўйсинлар.
Ўсмасак,
келипти балоғат гали,
тиғ каби илдизлар ердан узилар,
бу ғариб масканда асқотар ҳали
девюрак ботирлар учун гурзилар.


* * *

Муроса, мадора ташвишлари-ла
кўз очиб, юмгунча ўтади фурсат.
Ажабланиб юрманг, башарангизга
эртага биронта бола тупурса.

Чунки сиз
ўсишдан тўхтаган одам,
дидига оламни мослаган кимса,
келажак ташвиши бир ёқда қолиб,
ўзининг ташвишин ростлаган кимса.
Биламан,
бу хилда ҳақоратланмоқ —
барча нохушликдан оғир нохушлик.
Бироқ болаларни тўхтатиб бўлмас,
чунки болаларнинг кўзлари кучлик.
Йиртилур чиройли сўзлар ниқоби,
энди наф бермайди қувлик, овсарлик
болалар ёдида қаерда, қачон
каззоблик қилгансиз,
қилгансиз ғарлик.
Болалар ёдида
аждодлар ёдин
қаердадир булғаб ташлаганингиз
ё умум бахтидан сафсата сотиб,
чўнтак қаппайтириб яшаганингиз.
Демак, сиз,
келажак — болалар учун
кўп қингир йўлларни тузатмадингиз.
Демак, сиз,
келажак чукётган маҳал
кучли қўлингизни узатмадингиз.
Ажабланиб юрманг, эртага агар,
дидига оламни мослаб олган зот,
биронта ўспирин башарангизга
осиб қўядиган бўлса мукофот.
Шундоқ қилмасалар агарда улар,
билингки,
орқалаб ўз юкларини
ё сизга эргашган ва ёки сиздан
қизғанган ҳаттоки тупукларини...


* * *

Умр — қумсоат ҳам 
яримлаб қолди,
кўнглим тўлгани йўқ билганларимдан.
Ёдимни оғритар кечирганларим,
кўпдир қилмаганим қилганларимдан.
Кечалар тобора ойдинлашади,
кўзингда қуёшнинг чечаги сўлмас,
яшагинг келади,
фақат умрни
қумсоат сингари тўнкариб бўлмас.
Гўзаллар ёдимдан ўчдилар бир-бир,
дўстларим бағримдан кўчдилар бир-бир,
йилларим узилиб тушдилар бир-бир,
фақат бу кўнгилни
тўлдириб бўлмас.
Кун келди,
оҳларинг учадиган кун,
юрагинг оламга сиғмайдиган кун,
юзингни босганча ернинг юзига,
силкиниб-силкиниб йиғлайдиган кун.
Кимни бахтли қилдим,
кимни умидвор,
кимларга кўнглимни ёриб сўйладим.
Қўлимни бердимми мозий қаъридан
чўзилган саноқсиз ожиз қўлларга?!
Қуёш далдасида эгилганларнинг
енгилроқ қилдимми оғирлигини?
Айтдимми кимларнинг асл дўстлигин,
кимларнинг ҳақиқий ёғийлигини?!
Кун келди,
бошингни эгадиган кун,
ҳаттоки ўзгалар гуноҳи учун
юзингни босганча ернинг юзига,
силкиниб-силкиниб йиғлайдиган кун.
Мендан нима қолур,
абадий нурлар
барқ уриб яшнаган дунё томонда?
Уриниб-суриниб, сира тўлмаган
бир кўнгил қолади
қолса ҳам мендан.


ЎШНИ КЕЗГАНДА ЎЙЛАГАНЛАРИМ

Баҳайбат япроқлар диёридаман,
улкандир бу ернинғ гулу тошлари.
Айланар кўк осмон ёйилмасида
баҳайбат сувларнинг
гулдурослари...

Сабру иродадан тўралган тоғлар
улкан даврларнинг йўлчиларидай.
Адирлар —
уммоннинг бир кўтарилиб,
мангу тўхтаб қолган тўлқинларидай.

Бунда ҳар бир чечак,
ҳар бир гиёҳнинг
осмонни тўсгудай ҳайбати бордир.
Қадим оҳанглардай улуғ диёрнинг
ўзидан улуғроқ ҳасрати бордир.

Мен буни уқаман
ҳар бир нарсадан
ёғилган чоғида баҳайбат бир нур,
чўян ўзанларга сиғмасдан сувлар
гулдираб чопганда уюр ва уюр.

Мен буни уқаман
эркалаб замин,
ҳам асраб бағрида куз қароғидай,
баҳайбат бўлгин деб,
ҳар бир боланинг
митти товонларни ўпган чоғида.

Аммо, қани улар,
замин алқаган,
умидвор тикилган митти даҳолар?
Бирининг кўзида ғалат дард кўрдим,
бирининг кўзида кўрдим жаҳолат.

Тобора кичрайиб кўринар улар
кичкина ташвишлар исканжасида.
Шундоқ сўниб борар ер орзулари
ҳирсу таъмаларнинг кир панжасида.

Наъра тортаймикин
туқсон тўққиз минг
паҳлавон бобомнинг овозин йиғиб,
даҳмалар қопқоғин тақиллатайми,
фарёд қилаймикин осмонни йиртиб?!

Қўпордим
юрагим ҳайқириғини,
ҳайқириқ замину кўкка сиғмади.
Бу ёмон ҳолимдан ёрилди тоғлар,
«Сувлари сирқираб тошлар йиғлади».

Мана шу лаҳзада полапонларин
парвоздан, осмондан йироқ гўшада,
суйибмас, чўқилаб улғайтаётган
бир йиртқич,
бир ваҳший қушга ухшайман.


БАЛАНД ДАРАХТЛАР

Баланд дарахтлар бор,
баланд дарахтлар —
ернинг юрагидан куч-қувват сўрган,
бақувват, чатишган шох-шаббаларда
Дабуру Пўйироз йўлини тўсган...
Чексиз гам-ғуссалар келтирар Дабур,
мислсиз қийноқлар юборар Пўйроз.
Пастда паст дарахтлар ораларида
Самум Сабо билан ўйнашади соз...
Самум — олов шамол,
Сабо нафисдир,
кезаркан водийнинг боғ-роғларини,
ҳарорат, нафосат домида тоблар
пастак дарахтларнинг ғўр шохларини.
Паст дарахтлар эса
кунни тўсди деб,
эгаллаб олди деб юксак оламни,
баланд дарахтларнинг ғийбатин қилар
ҳар ўтган йўловчи елга зорланиб.
Шўрликлар,
билмаслар ўша юксакда
ёвуз шамолларга тутиб бошларин.
водийда гул туккан паст дарахтларнинг
умрини асраган мард қардошларин.
Осмон — қасирғалар,
музлар маскани,
буюк олишувлар қизиган майдон,
дунёда бор экан баланд дарахтлар
юртимиз боғлари бўлмайди вайрон.
Баланд дарахтлар бор,
қулаганда ҳам
ҳеч кимга айтмаслар қийноқларини.
Ҳеч кимса эшитмас,
эшита олмас
баланд дарахтларнинг ингроқларини...


ҒЎЗА

Бир парихон
каби сўзладим
тупроқ ёрган гўзага қараб:
«Авлодларнинг ҳаққи-ҳурмати
ўсгин,
ўсгин,
пакана дарахт».
Шундай ўски,
ҳатто энг баланд
дарахтлар ҳам қолсинлар доғда.
Шундай ўски,
лўппи момиқлар
булутлардай тошсин чаноқдан.
Ахир сенга эгилавериб
ё айтолмай кўнгил дардини,
қанча авлод қадимдан буён
ростлаёлмай ўтди қаддини.
Ғўза,
улкан дарахтга айлан,
осмон қадар юксалгин ердан,
ўйнаб пишиқ шохаларингдан
паға-паға булутлар терсак.
Қўшиқ айтсак,
қўшиқларимиз
тўлқинланиб, текис таралса,
куйлаганда кўринса осмон,
куйлагандан қайта яралсак...
Бир парихон
каби бирпасда
зўр дарёлар йулини тўсдим,
авлодларнинг ҳаққи ҳурмати
ўсгин гўза,
ғўзажон, ўсгин.


ОРОЛГА САВОЛ

Оловланиб,
жизиллаб куйган
қумтепалар ичида Орол
талвасада тўлғониб ётар,
борган сайин аҳволи хароб.
Теграсида маъжусий каби
гир айланар саҳройи самум,
тўлиб-тўлиб келар Сирдарё,
маст туядай лўкиллар Аму.
Саҳро ўраб келар Оролни,
Орол гўё
ернинг бўғзида,
эриётган осмонга боқар —
жон берётган одам кўзидай.
Жазоларми уни табиат,
аммо унинг недир гуноҳи?
Тиним билмай оҳ урар Орол
денгизларга етмайди оҳи...

Нима бўлган
сенга, эй Орол,
ҳайратларга солиб ҳар ённи,
минг йиллардан буён ютоқиб,
симирасан икки дарёни...


ЭСКИ РАСМ

Тарих дарслигида
қизиқ расм бор:
чипта чориғли чол — битта оёқда,
бирини кўтарган,
бошини қашир —
бошқа оёғини қўйсин қаёққа?

Унинг яғирлаган бўйнига минган
дунёнинг қориндор амалдорлари,
чол эса илжайиб,
битта оёқда
тарих дарслигида турар зорланиб.

Бутун эслаб қолдим
ўша шўрликни,
нотавон лақмавой қолди қаёқда,
тарих дарслигида бормикин омон,
ҳамон турармикин
битта оёқда?

Ёки у тарихни ҳайратга солиб,
бўйнидан юкини отган, ҳойнаҳой,
ўзига тегишли экинзорлардан
топгандир иккинчи оёғига жой.

Шундай деб,
қизимнинг китобин очдим,
мана, ўша расм, ўша «айёр» чол,
бир оёқлаб турар,
бошини қашир
ва ҳамон илжаяр айбдорларча...


ЮЛДУЗЛАР ҚУЛАГАН ТУНЛАРИ

Юлдузлар қулаган тунлари
еру кўк бир сирли ларзада.
Хавотир, ҳалокат сафлари
оралаб югурар лаҳзалар...

Юлдузлар қулаган тунлари
гўё бир даҳшатли он яқин,
гўё бир саҳарсиз, садосиз,
чеҳрасиз, абадий шом яқин.

Қитъалар устида айланар
ҳалокат ташиган қузғунлар.
Дунёнинг эриган суврати —
ҳофизам арқоғи узилар...

Қонимга, қадимги қонимга
бақирдим, кетайлик мозийга,
кетайлик туркулар айтишиб,
яшайлик Юсуф Хос Ҳожибдай.

Ё мамлук бўлайлик, э қоним,
кетайлик ё ундан нарига,
тушайлик одамзод қонининг
ҳамиша мусаффо қаърига.

Жоҳиллар,
жаллодлар еридан
йироқда яшайлик уйланиб,
...Бир тирик панжара мисоли
юксалар болалар қўллари...

Шиддатли нолалар, садолар
гуркираб юксалар ёнимда.
Гуркираб юксалар самовий
арганун мусиқа қонимда.

...Юлдузлар тинимсиз қулайди
бўшлиқни кесароқ ловуллаб,
қайдадир баҳайбат қўлларда
учганини сезаман повиллаб.

Ё тинсиз чекарми заминнинг
бу забун ҳолидан гангираб,
саноқсиз сайёра — тошларда
кенгашиб ўтирган тангрилар?


* * *

Ҳар қандай ҳиммат-да
чегаралидир —
чегараси бордир нафсониятнинг —
қай бир айби учун
парвардигорлар
ерга қамаб қўйган инсониятни.
Инсоният сиғмай
тошболталарда
йўнилган қитъалар — гил солларига,
азалдан тикилар сайёраларга
фарёди, хаёли, лисонларидан.
Қайдан келган улар —
азал-азалдан:
урушиб тўймаган жинояткорлар?
Бу қадим низолар, уринишларда
гўё бир ғалати синоат бордай.
Чайқалиб сузаркан мудҳиш солларда
ҳалокат, хавотир сувлари аро,
бир элат Миррихга,
бири — Зуҳалга,
бир элат тикилиб ётар Зуҳрога.
Чегарасиз бўлса инсон имкони.
табиат одамга бир қанот берса,
ерда қолармикин бирорта одам,
абадий кулфатлар маскани — ерда?


ИНСОНЛАР ОВОЗИ

Жисмимиз ўраган
тиконли симлар,
тиконли фикрлар ичра руҳимиз,
нигоҳимиз калта,
нурсиз зиндонлар —
юракларда чирир ғам-андуҳимиз.
Замин парча-парча,
қайга бурилма —
кўксингга ғарчиллаб қадалар тиғлар.
Қачон эллар танир бир-бирларини,
қачон бу қитъалар
топишиб йиғлар?
Ҳозирча поёнсиз чегараларда
элатлар бир-бирин тинмай чавоқлар.
Ғофил ер устида тунлари тинмай,
тинмай айланади
учар товоқлар.


- СЎЗ -

БАХТ СЎЗИ

Бахтиёрман деган биргина сўзни
айтиш учун керак қанча куч-чидам,
гарчи бахт сўзларнинг энг ёқимлиги,
гарчи турса ҳамки тилнинг учида.
Оғир ботмасмикин
бу сўз кимгадир,
тегиб кетмасмикин оҳ-воҳларига,
қандоқ бардош бериб яшайман кейин
бахтсиз кимсаларнинг нигоҳларига.
Аввало бу сўзни ўзгалар айтсин,
айтсинлар кўзлари севинчга тўлиб,
элнинг бахти учун умрини тиккан
шоирлар айтмасин биринчи бўлиб.
Бу сўзни бир умр айтмай яшадим,
ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ.
Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
бахт сўзин айтаман,
элдан кейинроқ.


* * *

Ҳали бирор ишни уддаламадим,
ҳали ҳеч кимсани қилмадим рози,
беҳуда ўтибди гўзал умримнинг
қанчалаб чиройли баҳори, ёзи.
Фароғат борлигин унутиб қўйдим,
бағримга чақинлар тегди дафъатан,
Сендан-да улуғроқ нарса йўқлигин
сочим оқарганда англадим, Ватан!
Бунча кеч англадим,
нега мунча кеч...
англасам лоақал ўттиз йил аввал,
лоақал туғилмай туриб англасам...
Кўрган бўлармидим сени мукаммал.
Ҳали асл Ватан бўлмоғинг учун
овози тошларни ёрар куйчилар,
қанчалаб сеҳргар шоирлар керак,
қанча билим керак,
қанча куч-чидам.
Умрим кўчкилардай жимжит, шиддатли,
буткул тинмоқ учун бир кун бемалол
фақат яхши бўлмоқ жудаям камдир,
жуда камлик қилар яшамоқ ҳалол.
Нақадар кечикиб англадим сени,
чақинлар йўқ қилса мени дафъатан,
айт, қандоқ чидайман бундай хўрликка,
айт, қандоқ ётаман қаърингда, Ватан!


ҚАСАМ

Шавкат Раҳмон деган 
бир ўжар шоир,
бир куни қайтадан яраладими?
Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб,
сайладим сўзларнинг
сараларини.
Ҳар бир сўз 
юз сўзнинг ўрнини босар —
Ватан, Халқ, Жасорат, Кураш, Озодлик.
Ҳар бир сўз етажак юзта умримга,
ҳар бири бахш этар
руҳимга шодлик.
Ҳозирлик кўраркан буюк сафарга,
пуштиранг пардали минглаб дарчадан
мўралаб ўтирган гўзал сўзларни,
қолдириб кетаман энди барчага.
Аслида атиргул бўйин таратган
бу ўйноқи сўзлар меникимасдир.
Менга нондай зарур, қиличдай кескир,
заҳардай мард сўзлар бўлсаёқ басдир.
Сайладим сўзларнинг сараларини,
курашлар шамоли кирди назмимга.
Юртимни кезаман, 
энди ҳар нарса —
эгилган нарсалар тегар ғашимга.
Энди ишлаш керак бу кенгликларда,
токим сўйламасин ёлғонни ҳеч ким,
токим буюк тоғлар салтанатида
эгилган бошларни
қиличлар кессин.


ЁШ ЎЗБEК ШОИРЛАРИГА

Сўзларни қайрайлик,
обдон тоблайлик,
идрок-ла совутиб тағин қайрайлик,
Ўзбекнинг қоракўз болаларига
битта дунё қолсин ҳайратлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам,
эшилган пўлатдай дарёлар қолсин,
Чақилмас тошлардай бир тоғлар қолсин,
мусаффо хаёллар,
самолар қолсин.
Сўзларни қайрайлик,
дўстлар, жўралар,
ғафлат тўшагида ётмай, шошайлик:
яшамоқ, курашмоқ, ўлмоқ сирларин
болакайлар учун очайлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам,
унга посбон бўлсин ўткир шеъримиз,
токим бу дарёлар бемалол оқсин,
болаларга қолсин жаннат еримиз.

Сўзларни қайрайлик,
тағин қайрайлик,
токим кескир бўлсин бамисли олмос.
Ўткир сўз қолмаса шоирларидан,
ўткир сўз қолмаса...
ҳеч нарса қолмас.


ҚАРСАК

Қарсак нима ўзи?
Иккита кафтнинг
орасидан потраб чиқадиган сас,
хоҳласам чаламан, хоҳламасам йўқ,
қарсак меникидир, сизники эмас.
Қарсаклар ҳозирча қўлтиқларимда
митти мушуклардай мудрайди тафтдан.
Ахир, ўзбекнинг бир ўжар шоири
қарсак чалармиди бемаъни гапга.
Виждонсиз шоирлар кўпайган жуда,
юракни сўз билан ёндиргувчи кам,
халқимас,
шуҳратни ўйлаб сўйлаган
аҳмоққа бермайман қарсагимни ҳам.

Қарсак нима ўзи?
Арзимаган гап,
керак бўлса топилар қоплаб,
Титроққа тўлдириб осмон гумбазин,
қарсаклар чалишни биламан боплаб.
Ғирромлик қилмаса нотиқ агарда,
ёлғон шеър айтишдан қайтсайди шоир,
милтиқ ўқларидай гумбиргум қилиб
ҳаводан қарсаклар ясардим доим.
Ўжар шоирликни ташлаб ўшал пайт,
эпчил бир югурдак каби замонда
қарсак чаладиган хизматчи бўлиб,
ишга кирар эдим Ўзбекистонга.


МЕҲМОНДЎСТЛИК

Ўзбеклар азалдан меҳмончи элдир,
меҳмон отангдан ҳам улуғ, дейдилар.
Бир кунлик меҳмонга бор-йўғин қўйиб,
ўзлари анча вақт туршак ейдилар.
Бу гўзал хислатдир,
ноёб хислатдир,
айниқса, меҳмонлар бўлса муносиб.
Бироқ ҳар хил бўлар меҳмоннинг феъли,
бири сўраб кирар,
бириси босиб.
Уйдаги тартиблар ёқмас бирига,
ёқмас тарбиясиз болалар хулқи,
ялиниб-ёлвориб сийлаганингиз,
таомил, одатлар қўзғатар кулги.
Бола-чақаларнинг ризқини қийиб,
ғордай дастурхонга айни қиш чоғи
бор нарса қўясиз ўлимдан бошқа,
кўчириб келасиз жаннатнинг боғин.
Шунда ароқ ичиб бўз пиёладан,
газакка шўр бодринг ейдиганлар бор.
«Бизларга аталган бор неъматларни,
ҳамманг еб ётибсан»
дейдиганлар бор.
Дерлар чойхонада салла ўраган
чолларга ўқрайиб қараркан шердай:
«Манов босмачилар ҳамон тирикми,
Совет ҳокимияти борми бу ерда».
Бирдан музлаб кетар товонларингиз,
хижолат бўласиз дадил қарашдан,
ўйлайсиз, меҳмон-да, кайфи ошибди,
бу разил сўзларни айтмади қасддан.
...Тўкин куз кезади Ўзбекистонда,
гоҳида ён элдан.
гоҳо чет элдан
суҳбат ё туҳматга бир сабаб излаб,
ҳар куни ўн минглаб меҳмонлар келар.
Меҳмон хабарини беради минглаб
босиқ карнайларнинг овозалари,
шаҳарлар қўпориб ташлайди бирдан
юз минглаб шарқона дарвозаларин.
Шоирлар тушига кирмаган қизлар
кимларга им қоқиб,
қулоч ёзганча
буюк бир хазина устида ўйнар,
шўх шўх юриб,
гўё чўтни босгандай.
Меҳмон кутиш ўзи буюк санъатдир,
бунда бизнинг элга етадиган кам.
Меҳмон кутишни-ку қойиллатамиз,
қанийди ўргансак кузатишни ҳам.


ИСПАПИЯДА ЯНГИ ЙИЛ

Испанлар
жудаям эринмаган халқ,
ҳар йили бир марта яшариб олар,
картондан ясаркан жами ёмоннинг
қийшайган, буришган
башараларин.
Бутун Испапия — аччиқ кулгисин
милёнта қўлига жамлаган рассом.
Чексиз устахона — тор кўчаларда
буюк асарларин яратар ҳар шом.
Мана, янги оқшом,
жаранглар ногоҳ
милён деразалар шўх қаҳқаҳадан —
улкан сувратларни шоирлардай халқ
кутариб чиқади мингта даҳадан.
Испанлар гуёки бор ғуборини
ситиб чиқаргандай пок қонларидан,
дунё куз олдида
минглаб разилга
ўт қўйиб юборар майдонларида.
Улуғдир ўзидан куладиган халқ
дунёга кўз-кўзлаб ноёб хислатин,
кавшларин артаркан эски йилларга,
куйдириб йўқ қилар
барча иллатин.
Бир ҳавасим келди,
қани биздаям
бўлсайди шу халқнинг руҳий қуввати,
биз ҳам майдонларда куйдирсак ҳар йил
ёмон иллатларнинг хунук сувратин.
Аммо вақтимиз йўқ,
гарчи кўп ҳали
мириқиб кулгудай ажиб иллатлар —
халқимиз қировли пахта чангаллаб,
бошин уриб олар янги йилларга.
У янги йилларнинг бўсағасида
таомилга кура бир оз тўхталар,
ёлғончи, олчоқлар сувратин эмас,
буюк ташвишларни бошда кўтарар...
Ҳатто имонига кир назар билан
қараб, бисотига кўзин олайтган
кимсалар билан ҳам тантилик қилиб
чўқиштириб ичар бўз пиёладан.
Сўнг тағин тоғлардай
чўиг кифтларида
бир дунё ташвишни олиб юради.
Англаган жилмаяр...
Англамаганлар
бундай соддаликдан кулиб туради.
Менимча,
халқимиз муносиб кўрмас
пойига бошқадан қолган изларни...
Ҳозирча испанлар тан берадиган
Кулгили жазони тинмай излайди.



ҚОДИРИЙ ВА ҲОЗИРГИ ЁШЛАР

Ҳозирги ёшларда
покизалик бор,
тирик қалбларига диёнат эга,
гўё пок табиат ёмон кўзлардан
асраб қўйганларин шуларга берган.
Агар тирик бўлса, бир четда турмай,
ҳозирги ёшларга сардор бўларди,
гоҳ кўкдан ёғилган,
гоҳ ердан чиққан
туҳмату балога қалқон бўларди.
Ҳозирги ёшлар ҳам турармиди жим,
йиғишитириб қўйиб шахсий ҳасратин,
ўз нафси йўлида ҳар нега қодир
ювуқсиз каслардан уни асрарди.
Синдириб ташларди
унинг бўғзига
ўрлаган қўлларни биттама битта,
бор овози билан полончилармас,
халқнинг боласиман деган йигитлар.

Қодирий ўйланар юксак-юксакда,
пайқамай вақтнинг тўсу тўсларин,
пойига қўяди қўллари титраб
қариган гулларин
содиқ дўстлари...
Аммо у юксалган улуғвор тошдай,
кўрмас дўстларининг йиғинларини.
Эшитмас жомларнинг жаранглари-ла
оташин алёру йиғиларини.
Билмадим,
дўстларин танирмиди у,
пойига барини ҳайдаб келди вақт...
Бас, эй, Қодирийнинг пойидагилар,
у дўстлар овозин эшитар фақат.
Вақт келиб,
қариса ҳозирги ёшлар,
тўла узмоқ учун умрлик қарзин:
вой, дўстим, жигарим, биродарим
Қодирий пойида йиғласа арзир.
Шунда бир сесканиб,
чин дўстларига
ўзининг мозийдек қучоғин очиб,
юксакдан эгилар,
минг бор эгилар,
тупроққа теккунча нуроний боши.


ГУРЖИСТОН МОЗАИКАСИ

Ким сени бунчалар
суйиб асраган,
ўткинчи давронлар човутларидан,
пориллайсан қонмас,
шудринг сачраган
навқирон аскарлар совутларидай?!
Бунда борлиқ ўйлар гуржи тилида,
шу тилда сўйлайди бунда ҳар нарса.
Минг-минглаб йилларки гуржи кўзи-ла
оламга қарайди саноқсиз харсанг.

Гуржистон,
ўйноқи дарёларинг бор,
саслари жаранглар қизларникидай,
минг битта ташвишнинг оғирлигидан
ҳарсиллаб оқмайди бизларникидай.
Беғам ва бокира далаларинг бор,
юзларини тўсган ёмғир — тўрлари,
Милён йил кутсанг ҳам
манглайларидан
оқариб, бўзариб чиқмас шўрлари.
Жаннатсан —
яшайсан афсоналарда.
шоирлар дилидан чиқмаган шеърсан.
Милёнта гуржини битта гуржидай
бошингга кўтарган бақувват ерсан.
Гуржистон,
кўп қадим қўшиқларинг бор
ҳар битта гуржининг юрак кўнжида,
шодлик келганда ҳам
қайғу келганда
бир гуржига дўниб куйлар гуржилар.
Куйлашар —
ўрмондай гуркирар ўтлар.
Куйлашар —
минглаган қуёшлар балқар.
Нақадар бахтсиздир,
нақадар гўлдир
ягона қўшиғи бўлмаган халқлар.

Куз эди,
Гуржистон бир олма каби.
Мармар кўчаларда нурлар шарқирар.
Кезардим, кезардим,
аммо ёдимдан
кузги Ўзбекистон чиқмасди сира.


АМУДАРЁ ҚИРҒОҚЛАРИ

Аму гулдирайди маст туялардай...
Бир ваҳший қудратга тўла комлари.
Кўринар ҳов олис тепаликларда
Хоразм шоҳларин истеҳкомлари...
Бир ёқда яшиллик кўпирган воҳа,
бир ёқ саксовулзор —
саҳро фарёди.
Сарҳадсиз осмондай очиқ кенгликда,
билмайсан,
шамоллар келар қаёқдан...
Ахир ногоҳ қўпган ваҳший шамоллар
ўтган-ку воҳани қумларга қориб.
Гўё дарёданмас,
оғир ўйлардан
кемамиз чайқалиб сузар юқори...
Шунда бир қирғоқдан гўё ҳозироқ
узилиб тушгандай Момо Қуёшдан,
болалар қийқирди,
оқ кўйлакларин
банди оққушлардай силкитиб бошда.
Болалар,
мунчалар содда, тўпори,
тиниб-тинчимас оқ капалаклардай...
Юқори сузётган кемага қараб
худди жон киргандай тепаликларга...
Эй, улуғ дарёнинг болакайлари,
дарёдек жўшқиндир ғайратларингиз.
«Жисму жонларингиз муҳаббат бўлсин,
унга қалқон бўлсин
нафратларингиз».
Ваҳший Амударё қорайиб борар
гоҳ очиб, гоҳ ёниб ўпқон-домларин.
Кўринмас энди ҳов тепаликларда
Хоразм шоҳларин истеҳкомлари...
Уларнинг ўрнида
энди тирик саф —
узилиб тушгандай Момо Қуёшдан —
болалар... болалар...
Оқ кўйлаклари
оққушлар сингари айланар бошда...


ҚИЗИЛҚУМДА БИР КУН

Жайхундарё соҳилларида
назарида қолиб улуғвор сувнинг,
шамол эсноғидан шув этиб кўчиб,
буралиб, увалиб ётибди қумлик.
Улкан қуёш пастлаб,
олов бургутдай
қумлик тепасида айланиб сузар.
Жимликни занглаган саксовуллардан
йиртилган шамолнинг овози бузар.
Учардинозавр — қумтепаларда
ёнаркан трилён зарра йилтираб,
оёқ босиб бўлмас,
суяниб бўлмас —
қумлик оқаверар сувдай жилдираб.
Эсиз, шундоқ воҳа,
эсиз, улуғ сув,
эсиз, очиқ осмон, эсиз, минг карра,
кенгликни қўмсаган шоир юрагим
шоқолдай увлади бу кенгликларда.
Эй, қум,
бармоқларим ораларидан
зарра-зарра бўлиб тўзғиётган қум,
бирлашсанг на бўлғай,
муштдек тошга ё
тупроққа айлансанг бўлмасми бир зум.
Эй буюк саҳронинг заррачалари,
кафтимда тўзғимай турсанг бўлмасми.
дил хурсанд бўлмасми,
тумса бағрингда
гиёҳлар потирлаб унса бўлмасми?
Токай занглаб кетган бу саксовуллар
тирик бир имондай туради ахир —
турар Жалолиддин Мангубердининг
саҳрога сочилган ўзлиги каби.

... Жайхундарё соҳилларида,
икки ёқдан қисиб қудратли сувни,
шамолда эланиб.
қуёшда қуриб,
зарра-зарра бўлиб ётибди қумлик.

Орзулар сурарман энди абадий,
кучли замин керак оёқларимга.
Кўзларим ўнгида тўзғиган қумлик,
боғлар гуркирайди хаёлларимда.

Эй, қум,
кучли замин ахтарармидим,
шу буюк кенгликда агар қўлласанг,
кўзларим узоқда тикилмаса гар,
агар кифтларимда тоғлар бўлмаса.


ХОРАЗМ ҚИШЛОҚЛАРИ

Хоразмда деярли )ар бир туман марказида урушда урбон бўлган юзлаб аскарларнинг номи битилган тошлав)аларни кўрдим.

Бўз йўллар бўйида
ёз нафасидан
мудраган боғларнинг паноҳларида
ердан ўсиб чиққан қишлоқлар яшар
қуёшнинг абадий ҳамроҳларидай.
Бир қарасанг.
бегам хиргойи қилиб,
қайроқларин ўйнаб кўзлардан четда.
Жайхундай улуғвор дарё ёқалаб,
хилват кечаларнинг каъридан кетар.
Танбал деб ниқтаманг бармоғингизни,
кўзингизга қараб, сўкиниб кулар.
Саноқсиз олифта шаҳарвойларни
тинмай кийинтириб,
боқади улар.
Бироқ керилмас ҳам кўрсатавермас
зорланиб ҳар кимга манглай шўрларин.
Шу қадар тер тўкар кенгликларига,
оқариб туради ҳатто гўрлари.
Илондай чиройли кечалари ҳам
ўйнатиб бир пудлик босқонларини,
тоблар шўх қизларнинг сандонларида
минглаб Жалолиддин,
Ҳожихонларни...
Бу пахса вужудли йўловчиларнинг
умрига боқсангиз теранроқ ўйлаб,
кўрасиз — кўзёши товонларида,
ичкарида йиғлаб,
кўчада ўйнар.
Кўрдим ҳар бирининг қоқ юрагида
тошга дўниб кетган оғриқ-дардларни,
Ҳар бирин кўксида юзтадан Шермат,
уч юз Жуманиёз,
беш юз Матлари.
Йиғласа бўлар-ку азалар очиб,
бевақт хазон бўлган мард эрларига,
йиғласа бўлар-ку азалар очиб,
бошларини уриб шўр ерларига.
Бироқ чаҳ-чаҳлайди қайроқ тошлари,
ер ларзага тушар рақсларидан,
кўзёши бўлсаям вужудларини
ўн карра,
юз карра ғарқ қиладиган.


АРАВОН КЎРИНИШЛАРИ

Турсунбой Адашбоев ва Абдуа))ор Манноновларга

1

Тоғлар —
нортуялар абадий чўккан,
қуриган йилларни чайнаб, кавшаниб.
Қани ясовуллар, туякашлари,
тиллоли, жавҳарли сандиқлар қани?
Бариси таланган,
қароқчиларнинг
изларин яшириб юборган мозий,
яширган йилларнинг чангалзорлари
сарбонни ўлдирган қотил овозин.

2

Музликдан
юҳодек келган шамоллар
туялар жисмини ялаб-ишлаган,
асрлаб тоблаган темирчи Қуёш,
ёмғирлар чўқиган,
қорлар қишлаган.
Шу қадар метинки туялар жисми,
чарсиллаб қайтади отилган ўқлар.
Минг йиллаб тинимсиз бўкирса ҳамки
метин туяларни йиқолмас тўплар.

3

Сарбонни кўмдилар
сангзор соҳилга,
қабридан юксалди сўнгги сўзлари:
«Элимдан ўзга бир дардим йўқ эди,
элим, деб йиқилдим,
эл, деб бўзладим».
Хотинлар соч ёзиб «вой»лаб йиғлади.
мардлар ерга ётиб ойлаб йиғлади,
дўст, ёвни билмаган қур кечаларда
«булутга яшриниб ойлар йиғлади».



Бир дарё,
тепадан бўғилган дарё...
шаштини синдирган метин тўсиқлар,
саноқсиз тошларни оралаб оқар
элнинг тилидаги ўлмас қўшиқдай.
Балки шунданмикин
уйлар зичлашиб
дарёдан сув ичар подалар каби.
Юлдузлар келади чўмилмоқ учун,
бир қирғоқ туркийдур,
бири — арабий.

5

Исёнкор тутзорлар ораларидан
чиқар афсонавий жангчилар каби
нигоҳлари ўткир,
одими шаҳдам,
барваста, қорача йигитлар сафи.
Қишлоққа киришар,
Момо Қуёшнинг
энг сўнгги нурлари тўкилиб ётган
гузардан ўтаркан,
қиз кузатгандай
суқланиб қарашар сувлаган отга.
Жиддий қатъият бор чеҳраларида,
мардона кўзларин
қисиб қарашар...
Зулматда юз йиллаб сургунда ётган
заҳардай шаробдан ичмоқ ярашар.

6

Болазор,
мевазор,
толзор кўчалар,
шохлар ерга тегар шиғил ҳосилдан.
Мовий дарвозалар равоқларида
тамаки барглари
ипга осилган.
Баркашдек соқолин силаган чоллар
ўй сурар қўл ташлаб таёқларига,
саслари гуллаган болакайларга
тикилиб тўймайди ҳаёт қаъридан.
бекинмачоқ ўйнар шўх болакайлар.
Ҳозиргина сўнгган қуёш қўрлари.
Ч
айқалган шаббода тўлқинларида
товланар қизларнинг
ҳарир куйлаги.
Хинодан қизарган кафти-ла қизлар
ёноқларин тўсар,
ерга қарайди.
Ёш қонинг тўлғонар томирларингда,
тилингда уйғонган булбул сайрайди.
Юз оёқ, юз қўлли,
минг бир иболи.
пардага ўралган ёноқларида.
Эҳ, қандай сеҳрли садолар ухлар
бу ҳулво қизларнинг томоқларида.

7

Анжирзор
оқ ойнинг шуълаларида...
Қадлари майишган,
гўё фалажруҳ.
Йиқилар чоғида бир-бирларига
мустаҳкам суянган элдир ҳалажруҳ.
Улкан, дағал кафтлар —
япроқларида
олтин анжирларни тутар анжирзор.
Кўр нурлар дайдиган бу салтанатда
сабр-қаноатли қанча занжи бор.

8

Шамолзор дарада чайқалади тун,
оқаришиб борар ойнинг палласи.
Қонимни қонимга танитиб қўйди
қоронғи тунларнинг
ўт мусалласи.
Энг асил дўстларим ёнимда экан,
ёнимда, жонимдай жонимда экан,
дўст излаб ўткардим баҳорни, ёзни,
эй воҳ, улар менинг қонимда экан.
Мана, юрагида диёнатини
бокира қизларнинг номуси каби
сўнгги нафасгача пок асрагувчи
вазмин, иродали одамлар сафи.
Қудратли юраклар зарбини уқдим,
уқдим тоқатларин,
уқдим кўзларин.
Ҳар бирин дилида гўзал сўзлар бор,
мўйсафид сарбоннинг
сўнгги сўзлари.

9

Аравон
бўзарган тонг қучоғида,
кўпирган боғларин тебратиб ётар,
гоҳ мовий,
гоҳ пушти пардаларида
қуёшдай уйғониб, ой каби ботар.


АВТОБУСДАГИ УЙЛАР

Катта йўл бўйида
гўё ўзларин
олис бир саёҳат, сафарга чоғлаб,
писта, қурт сотувчи чоллар сингари
ўйланиб ўтирар содда қишлоқлар.
Қайга борадилар,
лойгарчиликда
қай орзу-истаклар бағрини эзар?
Бироқ йўл сездирмай ёдингда қолган
нохуш сувратларни ўчирар тезда.

Пахтазор бошланар,
кирза этикли,
юзларин қуёшлар ялаган қизлар
минг бора эгилиб,
минг бор ялиниб,
ҳар митти ғўзани уйғотар сизлаб.
Бир зум бош кўтариб,
ерга ўхшаган
қўлларин силкитиб ненидир сўйлар,
Гўёки қўллармас,
қўллар шаклида
ростланиб ҳавода титрайди ўйлар.

Туркона ҳовлилар кунга қараган,
аччиқ мевасидан ширин боли кўп,
кўримсиз эшиклар мангу ёпилмас,
терагидан кўра мажнунтоли кўп...
Сабр дарахтидай ўсган одамлар —
саксовул сингари чидамли, чайир,
ерга ботиб кетган баҳодирлардай
кунларга қарайди
синиқ илжайиб.

Майхонага ўхшар
автобус ичи,
ёш-яланглар чайнар нағмаларини.
Бир бутун одамни кўрмадим бунда,
курдим мен одамнинг зарраларини.
Кўнгил ағдарилар
латифалардан,
орзулар, қарашлар нақадар калта.
Нега гапиришмас сепаратчилар
Индира Гапдини отгани ҳақда?!

Булар яшайдилар
қайси кунларда,
қайга борадилар, кимга юкиниб?
Шулар ўйлармикин тупроғимизни,
шулар кўтарарми элнинг юкини!?
Қани бирортаси
битта сўз айтса,
сўқимлар даврасин ногоҳ тўзитиб.
шоир юрагимни юлиб берардим
биргина Туркистон деган сўз учун.
Қарашар
автобус деразасидан
охирлаб қолганда ҳамки саёҳат,
билишмас, не учун хўмраяр тоғлар
бу азим дарёлар оқар қаёққа...
Болалар, кампирлар.
чоллар мудрайди,
меҳнаткаш қўллари ёзиқлигича,
бу доно йигитлар,
бу доно қизлар
ухлайди кўзлари очиқлигича.


- ГУЛЛАЁТГАН ТОШ -

ЧАРХИПАЛАК

Ғичир-ғичир,
ғичир-ғичир,
айланасан — жонинг ҳалак,
айланасан кун-тун демай,
чархипалак,
чархипалак.

Шар-шур этиб,
тар-шур этиб,
қуйилар сув чирик новга,
не азоб-ла олган сувинг
тешик новдан оқар сойга.
Чанқаган ер куйиб ётар,
бу аҳволни кузатмаслар,
ғайрат қилиб тешик новни
ямаб-ясқаб, тузатмаслар.

Ғичир-ғичир,
ғичир-ғичир,
айланасан — жонинг ҳалак,
айланасан азал-абад,
чархипалак,
чархипалак.


АСОТИРЛАР КИТОБИ

Жавшанларин ечмаёқ,
ечмай қурол-яроғин,
ухлаб ётар ботирлар
водийларда қорайиб...
Очсанггина китобни
ногоҳ бари уйғонар,
уйғонар булут ёлли,
яшиндайин тулпорлар.
Бир ғурурми ё ҳайрат
пайдо бўлар кўзингда,
ботирларни уйғотиб,
уйғонасан ўзинг ҳам.
Уйғонасан, ўзгача
ёлқинланар тонгларинг,
тўқсон икки томирда
потирлайди қонларинг.
Аммо кетар чоғингда
унутмагил инсофни —
болаларнинг олдида
очиқ қолдир китобни.


* * *

Жангда ўлган эмас
бирор баҳодир,
бари ҳалок бўлган хиёнатлардан,
тошдай ухлаганда тўшларин очиб
ё заҳар қўшилган зиёфатлардан.
Бирор асотирда
баҳодирларни
ҳаттоки юзбошли аждар емаган,
минг бир синоатли ялмоғизлар ҳам,
тоғларни ўйнаган, девлар енгмаган.
Бари ҳалок бўлган хиёнатлардан,
барига орқадан санчилар ханжар.
Шундай бўлиб келган азалу азал
мана шу жафокаш,
кўҳна Ватанда,
Ҳар гал баҳодирлар йиқилар экан
куракка санчилган номард тиғидан,
қайта тирилганда бўларди ногоҳ
ҳар бир болакайнинг қорачиғида.
ишонгил,
ҳеч қачон сени алдамас
софдил элатларнинг асотирлари,
бирорта баҳодир ўлганмас жангда,
қўрқоқлар ўлдирган баҳодирларни.


ЁШ ТОҒЛАР

Куч ёғилган
гавдаларини
саратоннинг ўтига тоблаб,
очиб қўйиб хазиналарин,
ухлаб ётар ўспирин тоғлар.
Гўр мангу сафарга чиққан
йўловчилар ҳорган кўйича
ўтиргану
бирпас мизғиган
сирқираган сувлар бўйида.
Бир нафасга кўз юмгандилар,
миллион йиллар ўтди орадан,
ухлаб ётар юракни ўртаб,
ухлаб ётар
содда болалар...


СУВЛАР ИЛА МУЛОҚОТ...

Улуғвор қоялар салтанатида
офтобнинг йиғилган шуълаларидай
сирқираб ётибсиз тошлар оралаб,
бокира сувларим,
гўзал сувларим.
Туташди нафасим нафасингизга,
узоқ титраб турди жисмим торлари,
қушдай потирлади ҳовучларимда
қадимги дунёнинг
тирик қорлари...
Тоғлардан сирғалиб тушар оҳиста
чексиз воҳаларнинг қоронғилари.
Қаерга шошасиз бағримни ўртаб,
бинафша,
нилуфар,
ёронгулларим...
Мен ким — эзгуликнинг
элчиси шоир,
Сиз ким — гўзалликнинг
миллён оҳуси.
Айни шу лаҳзада тангрилардан ҳам
улуғдир
гўзаллик тўла ҳовучим...
Бироқ нега ёлғиз,
нега ҳазинмиз
шу мангу, шу ёруғ, содда дунёда?
Қачон келар экан бу қирғоқларга
қачон келар экан мажруҳ одамзот.
У дайдиб юрибди аллақайларда,
мангуликни бўлиб,
ўраб симларга,
бир ваҳший шиддат-ла бузиб борлиқни,
беҳуда сиғиниб аллакимларга.
У ҳали бу ерга етганича йўқ,
ташлагани йўқдир ҳали туғларин...
Сиз эса кутасиз уни интизор
бокира сувларим,
гўзал сувларим.

Бир куни
ҳис қилиб алданганини,
одамзот, албатта, йўл топиб келар,
ногоҳ сизни кўриб ҳовучларида
асрлаб-асрлаб йигласа керак.


ОФТОБ ВА ОФТОБ НУРЛАРИ ҲАҚИДА АФСОНА

Милёнта йилдирим
чақнар тўсатдан,
булутларга дўнар абадий қорлар.
Нурларга ғарқ бўлиб,
чайқалган ерга
Офтобнинг бағридан тушди тулпорлар.
Гуркираб юксалган бир яшил олам
яшил кўлкаларин ташлар қирларга.
Чўнг тоғлар уйғонар,
сайрайди сувлар,
дунё тўлиб кетар ёруғ сирларга.
Офтоб салобат-ла,
чеҳраси яшнаб,
боқаркан самовий тоқдан пастларга,
ногоҳ бир чайқалди бор коинотни
титратган даҳшатли ўткир саслардан.
Не кўз билан кўрсин,
қалайи нигоҳ
ҳам темир човутли қаҳҳор сайёдлар
тинсиз арқон ташлар,
кўкка сапчийди
бир олов оқимдай айланган отлар...

Наҳот кечагина ғорлар тубида
бир томчи ҳарорат,
бир томчи шуъла
сўраб ёлборганлар,
буюк Офтобни
коинот қаъридан чорлаган шулар.
Офтоб ўйлаганди пок ният билан
бағридан бераркан мўл-кўл ҳарорат:
«Ҳурликка интилсин,
тулпорларимда
гўзал оламларга қилсин саёҳат».
Истаги пок эди,
аммо қасамхўр
сайёдлар қўлида айланар арқон.
Заминга яхшилик, нурдай ёйилган
тулпорлар изидан  ёлқинланар қон...
Маконлар хор бўлди,
миниб отларни
учқур шамолдан ҳам жадал еларкан,
кўҳна кекларини туғдай кўтариб,
бир-бирин шафқатсиз қирди элатлар.

Офтоб айланаркан,
четлаб ўтади
заминга уюлган муз тоғларини...
Ташлаб ҳам кетолмас буюк бағридан
абадий узилган тулпорларини.
Тулпорлар,
ёллари тирик аланга,
совуқ ярақлаган кўзлари ғамгин.
Бу чексиз заминдан буюк офтобга
қайтмоқчи бўлгандай чопади мангу.
Неча минг йилларким
Офтоб изидан
тинимсиз талпиниб чопади отлар.
Офтоб ўша-ўша,
замин ҳам ўша,
тинимсиз алмашар фақат сайёдлар...


ГУМАНОИДЛАР

Уларни биламан, улар пок бўлар,
юраги гўдакдай беғубор бўлар,
сезмасдан яшаймиз,
ёнгинамизда
бу олий кишилар хору зор бўлар.

Бир лаҳза ўтрилиб,
теранроқ қаранг,
қайси бир кўзларда оғир ёш қолди,
сўлиган гуллардай очиқ юраклар,
кафтларга тиралиб неча бош қолди?
Қаерга борасиз
кунларни янчиб,
йилларни тўзғитиб қайга борасиз?
Юксакка қараб бу кетишингизда
ҳали қанча-қанча
қалбни ёрасиз.

Бир қизнинг юлдуздай
кўзларин кўрдим,
само гулларидай қўлларин кўрдим,
агар йиллаб учсам нур тезлигида,
сира етиб бўлмас ўйларин кўрдим.
Қанча жасад кўрдим,
гўё бир куни
ёруғ орзуларнинг баҳридан кечиб —
шошилиб кетгандай олий кишилар
азобдан буришган либосин ечиб.
Нега юлдузларга қарар одамлар,
қандай садоларни уқар ғойибдан.
Оламни ғафлатдан огоҳлантирган
валилар сингари
бедор шоирлар.
Улар яшагандай ёнгинамизда,
ўзлари кўримсиз, диллари кабир,
астойдил суяйди йиқилганингда,
ўлимгача борар содиқ дўст каби.
Ногоҳ тақиб кетар хаёлларингга
бир куни кетар чоғ сафари қариб -
бир парча осмондай пок хотирасин
ўзга дунёларнинг
хабаргирлари.


ВАҚТ

Ўлдириб қўйдингиз
вақтни бугун,
гўёки ўзингиз сезмаган ҳолда,
тилингиз титрамай соддадилларга
кулиб узатдингиз ёлғонни болдай.
Сўнг қараб қўйдингиз атрофингизга,
ҳеч ким сезмадими,
пайқамадими?

Биров қийшиқ кулиб қўйвормадими
савил-павилию пойқадамини.
Жуда нозик усул,
тўғримасми-а,
қотиллик қилганинг ҳеч ким сезмаса,
сазойи қилмаса эшак миндириб,
халойиқ олдида тилинг кесмаса.
Ўтган асрларда шўрлик вақтни
сўйиб қўйишарди қўзичоқлардай,
қозиққа ўтқазиб
ё осиб дорга,
тириклай кўмишар эди чоҳларга.
Нозиклашиб кетган усуллар бугун,
қотил ҳам қурбон йуқ бир қараганда.
Бироқ аён бўлар соф ақлларни
бўғувчи бадбўй ҳид таралганида.
Вақт келар —
беҳуда гапга тоби йўқ,
умид-ла қарайди одамиятга:
«Башарнинг энг буюк ташвишларини
шиордай кўтариб юрсин ниятлар».
Биров ўлдиради бекорчиликдан,
бири — жаҳолатдан,
бири — тўқликдан,
қопдаги мушукни сувга отгандай
бировлар ўлдириб юрак шўхликдан.
Гоҳо ўлдиришар кўпчилик бўлиб,
шунда вақт бўялиб қора қонига,
гумбирлаб қулайди ҳар куни мозий —
ададсиз вақтлар қабристонига.

Ўҳ-ҳу,
қанча вақт чирийди унда,
хўрланган,
зўрланган ёки кесилган,
бедарак йўқолган,
бир зўравоннинг
темир човутлари аро эзилган.
Ўҳ-ҳу,
қанча вақт,
ишга солинса
қанча эллар мангу яшарди озод
ё қурса бўларди оддий қўлларда
бундан ҳам гўзалроқ битта коинот.


ОЧИҚ ҚОЛГАН КЎЗЛАР

Аскарлар йиқилди —
кўзлари очиқ,
йўқ эди кўзларин ёпадиган қўл,
на тупроқ,
на фурсат қўли ёполмас,
ёполмас ҳаттоки босиб ўтган йўл.
Шўрлик Осиёдан Оврупо бўйлаб
Олмон ерларига туташган йўллар,
сўнгсиз тепаликлар,
қора ўрмонлар
абадий очилган кўзларга тўлган.
Майсадай гуркираб ўсар нигоҳлар,
машаққат-ла ёриб ернинг қатини,
шамолда тебраниб,
узатар гўё
авлодларнинг ҳар бир ҳаракатини.
Гиёҳлар кирмасми тушларингизга,
безовта қилмасми кўзлар овози?!
Мудҳиш бир сувратдир аччиқ Оврупо —
тирик нигоҳларнинг буюк мозори.
Товонларим қақшар
босгандай гўё
милён аскарларнинг очиқ кўзларин,
жасадим кўради агарда ётсам,
шеър ёзган чоғимда
кўрар қўлларим.
Адашар ўлганлар кўрмайди дея
инсонлик номини сотиб юрганлар,
ишратни суйганлар,
учқур вақтдан
қўрқоқ кўзларини юмиб турганлар.
Юлдузсиз осмондай бу чуқур кўзлар,
сўнган юлдузлардай сон-саноғи йўқ.
Топилмас,
топилмас абадулабад
бу очиқ кўзларни ёпадиган қўл.


ГУЛЛАЁТГАН ТОШ

Манови қора тош —
Вақт кафтларида
триллион маротаба кичрайтирган тун
жонсиздай ётаркан, ўткир кўзимга
тобора шубҳали кўринар ҳар кун —
гўёки жонлидай,
гўё бир куни
тўсатдан гуркираб гуллайдигандай,
гўёки ҳозирча ўтмас кўзлардан
сирларин яшириб ухлаётгандай.
Гўёки кузатиб ўткинчиларни
мангу ҳаракатнинг юкин таширкан,
зўр бериб ўйлайди «қай аср қулай,
сирин очса бўлар қайси асрга?..»

Тош ҳам гулларми деб,
минглаб калтабин
гурзисин дўлайиб йиғилган пайтда,
мардона илжайиб, кўрасиз, дедим,
бир куни гуллайди бу тош, албатта.
Балки тош ҳозироқ
гуллаётгандир,
минг рангли жилода яшнаб, ўзгариб,
балки бу гулларни кўрмаётгандир
ҳатто шоирнинг ҳам ўткир кўзлари...


ОҚ ДЕВОР ТАГИДАГИ СУҲБАТ

Гапириб бўлмайди мозий ҳақида,
мозий юки оғир, —
ташлаб кетарли,
ҳали бузғунчи деб,
қўпорувчи деб
ёқангдан олгувчи гумроҳ етарли.
Яхшиси, мозийни тошбўрон қилиб,
фарзанд ўстирганлар қавмига эргаш.
Эслама, қачондир Яссавий каби
даҳолар қай сабаб кирганин ерга.
Мозий қора маскан —
заррача нур йўқ.
ҳайратга солувчи бирор шуур йўқ,
жаҳолат, ҳамоқат —
бари мозийда,
дилни ёритгувчи зарра сурур йўқ.

Мўъжиза юз берди,
кўз ўнгимизда
бирдан оппоқ девор кетди қизариб,
ҳеч ким кўрмасин деб оқлаб ташладик,
амаллаб яширдик қизил изларин.
Эртага ҳам оқлаб қўямиз, агар
қизиллик кўринса оқлик ўрнида.
Агар индингача...
унгача вақт бор,
балки қизармайди,
балки кўникар.


СЎЗ ҚУДРАТИ

Ариқ бўйидаги
сарғиш чимзорда
пашшага таланиб ётган майхўрга
ўзингни валига сиғинадиган
авом бир қул каби
қарашга ўргат.
Ичир Сирдарёдай улуғ меҳрингни
ҳовучлаб-ҳовучлаб очиқ қалбингдан.
Кўксингга қўл қўйиб,
таъзим қилавер,
буюксиз деявер ҳар бир гапингда.
Синамоқчи бўлсанг сўз қудратини,
ўзингни мажбур қил,
ўзингга буюр,
ичиб Сирдарёдай улуғ меҳрингни,
эсипаст, албатта, бўлади буюк.
Сўнгра ғолибона тикилишидан
сен титрай бошлайсан томчи симобдай,
гўё сен ётгандай куппа-кундузи
пашшага таланиб
сарғиш чимзорда...


* * *

Ҳар кун катта йўлинг
сўқмоққа дўниб,
тош шаҳардан сени чиқариб ташлар.
Ҳар оқшом қадимги оёқларингга
қўрқинчли бир кенглик
очилар даштдай.
Гоҳ кулгинг келади,
гоҳ... йиғи келмас,
кўзларинг қуриган ўзанлар каби.
муштларинг оғрийди чўнтакларингда,
сен ҳамон кичиксан,
бу олам кабир.
Кўрдинг ишқ, дўстликнинг савдоларини,
Гўёки ишончни юлиб олганлар,
тилингнинг ўрнига бир бўлак темир,
дилингга шубҳаю гумон солганлар.
Нега бундай бўлди?
Бир ҳайкал каби туйғусиз тикилиб гўзал тонгларга,
фақат Жумавойи бўлгани учун
ҳавасларинг келар робинзонларга.
Ахир қизиқмасми,
иш режасимас,
хаёлан ғалати қасрлар қурсанг,
одамлар қайнаган катта шаҳарда
одамларни соғиниб юрсанг.


* * *

Табиат —
қўли гул ҳунарманд,
Табиат —
минг ҳунар соҳиби —
муз эритиб, тоғ тошларига
тонгга кадар лола қоқибди.

Бир кечада
бор дарахтларга
кийдирибди яшил либослар,
уйғотибди ёш жилғаларни,
қушчаларнинг овозин созлаб.

Тўрт раққоса —
Пўйрозу Дабур,
Самум, Сабо — бодин ўйнатиб,
жисми асал, ишқдан қорилган
бувакларни ўпиб сўйлатди.

Табиат —
кўли гул ҳунарманд,
гавҳарларда ишлар берилиб,
ойлаб ором билмаса ҳамки,
минбарларга чиқмас керилиб.

Кўзим тушди,
корхонасида
бир заргардай азобланарди,
боларилар ясарди, борлиқ
уйғунлигин расолар эди.

Бир дақика
кузатдим кулиб,
мен ким — етти иқлим султони,
ишчан қарол — гўл Табиатдай
ҳайрон килиб қўяй дунёни.

Зумда йиқдим қўпорувчидай
харсангларни илдизи билан,
ўрмонларни кесдим эринмай,
дарёлар ҳам чиқди изидан.

Ишга тушдим устахонада,
аён бўлди меҳнат сирлари.
Аммо минг йил ишласам ҳамки
ясолмадим бир тирик ари...


- САНЪАТ -

ОВОЗИМ

Наҳот, шеърлар айтдим 
бўшлиққа қараб, 
наҳотки, соврилди олов сўзларим,
наҳотки ҳақ бўлса, эл-у юрт асли,
қуруқ сўзлар деган гумроҳ дўстларим?!
Наҳот, бекор ўтди 
гулдай умримнинг
минг йилга татирлик олтин чоқлари,
наҳот бирор руҳни уйғотолмади
шоир юрагимнинг қалдироқлари?!
Наҳотки, бирорта дилга етолмай,
беҳуда сарфланиб қанча куч-чидам,
келиб кетаверар ёруғ дунёга,
келиб кетаверар мендай куйчилар?!
Менга минбар эмас, 
унвонлар эмас,
латта чечаклару 
эҳсонлар эмас, 
олов бир саҳрони,
юртим хаёли
нурга гуркираган саҳро беринг, бас.
Эрку муҳаббатнинг мухтор элчиси —
ётмасман тупроққа дўниб, тинчланиб,
жасадим тирикдир ёруғ дунёда,
ойнинг синиғидай чақнар синчларим.
Агар етти қават ернинг қаърида
ётсам-да ларзага солиб ҳавони,
элимнинг юрагин 
топар барибир
жисмимни куйдириб учган овозим.


* * *

Энди жим турасиз,
сира илож йўқ — 
дунё ўзгармади сиз айтган сўздан,
сиз қурган қасрлар вайрона бўлди,
алафларга тўлди сиз оққан ўзан.
Энди жим турасиз,
оғир, биламан,
аммо ҳар кимсага тақдир насибдир,
билмоқчи бўлсангиз агар, шоирлик
жасорат сўзининг таржимасидир.
Энди жим турасиз,
Эшитинг элни,
эл асло демайди, зоғлар куйласин,
энди кенгликларда ҳақ сўрамасдан,
ерни безаб ётган боғлар куйласин.
Куйласин,
келди-да куйламоқ гали,
куйласин мангулик қўшиқларини,
бузсин-да сиз каби ақли қисқалар
хатарсираб турган тўсиқларини.
Ана... қулоқ солинг...
эшитяпсизми,
куйлар шоир шамол, куйлар шоир қор,
шоир қоронғилик, шоир тоғларда
шоир дарёларнинг шовиллаши бор.


ЎГИТ

Қўрқоқнинг кўзига тик қара доим,
бирор сўз демасдан
узоқроқ қара,
титроқ етиб борсин нигоҳларингдан
юзлаб аждодининг жон-жони қадар.
Етсин,
аждодлари тирилсин қайта,
тирилсин, сўнг яна қайтадан ўлсин,
сенинг нигоҳингда аждодларингнинг
кескир нигоҳлари жамулжам бўлсин.
Қўрқоқ лозим бўлса қадаминг бўлар,
энг яқин дўстинг ё одаминг бўлар,
қўрқоққа тик қара —
одамиятга
бу сенинг энг зарур ёрдаминг бўлар.
Қўрқоқ ойлаб, йиллаб,
ҳатто бир умр
кўз-кўзлаб минг турлик сувратларини,
энг нозик — энг ожиз жойингни кўзлар,
ожиз жойинг эса куракларингдир.
Шу ёруғ дунёга бўлиб орзуманд,
қонингдан бақирар қанчалаб доҳий.
Қўрқоққа кўрсатма куракларингни,
кўзига тик қара,
тик қара доим.


ҚАСИДА

Дарахтлар
заминнинг очиқ жонлари,
заминга булутдай соясин ташлар,
дарахтлар осмоннинг бошланишида
қўрқувдан кейинги умрини яшар.
Дарахтлар
қўрқмаган метин шамолдан,
кимдир кесиб кетар демай кўкарган,
улуғвор бошларин она-заминдан
кучи етганича юксак кўтарган.
Дарахтлар —
хатарга очиқ очунда
қуёш қаршисида расмга тушар.
Узоқ-узоқлардан хилват шохларин
соғиниб келади толиққан қушлар.
Кўп кўрдим,
кимсалар бўғизларида
мумдек қотиб кетган сасларни кўрдим,
минг йиллаб улуғвор бошларин ердан
кўтаролмай ётган касларни кўрдим.
Қанча синоат бор,
қанча тилсим бор
нурлар салтанатин ҳар гирватида,
маъниси жамики тирик зот борким,
хиёнат қилмасин табиатига.
Дарахтлар —
мен итдай сездим ўзимни,
гўё тирик жонмас, кесилган дастман,
бошимни кўтариб сизга қарайман,
нақадар баландсиз,
нақадар пастман.


ТИЛГА КИРГАН БАЛИҚЛАР...

Балиқ тутаймикин энди умрбод,
ўйласам, шоирга жуда соз иш-да,
ҳар ҳолда тузукроқ
каттабинларнинг
ғашига тегувчи шеърлар ёзишдан.
Ўйладим: «шеър билан дунё ўзгармас,
ўзгармас ҳар тошни босган сарварлик,
ҳар бир ҳайқириқда таъмаи нафс бор,
баъзан жўн ниқобдир одампарварлик».
Ҳар ҳолда балиқдай жимжит яшасам,
кимдир хурсанд бўлар,
кимдир — хотиржам.
Ҳаттоки қаттиқроқ эслаб қолганлар
исмимни ўчириб ташлар хотирдан.
...Мана, қармоқ ташлар кўҳна сувларга
кеча тўс-тўпалон шеър айтган шоир,
бироқ сал қўзғолган кўл тубларидан
ғалат саслар келар:
«хоин, о, хоин».
Бир чўкиб кетгандай орқадош тоғлар,
дарахтлар кетгандай мендан нарига,
юрагим бир куйди: «хоин, о, хоин»,
тинмай садо келар кўлнинг қаъридан.
Ўтлар ўсмай қўйди,
униқди қуёш,
сув чақа бошлади оёқларимни,
«хоин, о, хоин» деб бир гала балиқ
бақирар,
тортқилаб қармоқларимни.
Ёқамни ушладим шунда илк бора:
ё тавба,
балиқлар... балиқлар ҳатто...
«Қармоқни ташлагин, о, шоир, о-о...»
Сувдан бош чиқариб қарашар қатор:
«Қайтаргил тоғларнинг салобатини,
ўстир майсаларни,
қайтсин, дарахтлар,
қуёш қийналмасин, эзгулансин сув,
қайтиб кет, қайтиб кет,
ўзингга қайтгин...»
... Қармоқни ташладим,
бирдан гумбирлаб,
ердан ўсиб чиқди тирик тоғларим,
тағин тилим қонар кескир сўзлардан,
бағримни эзади эски доғларим.
Қайтаман,
ер тинглар одимларимни,
қувончим ичимга сиғмас ҳали ҳам,
бир янги сўз айтгум одамиятга:
«гапира бошлабди ҳатто балиқлар»...


ОТГА ҚИЁСИЙ ҚАСИДА

Шаклга қамалиб қолган аланга,
жисмида чайқалиб пишган қони бор,
қуввату ғуссанинг қоришмасидир,
баҳайбат нафасли,
ҳорғин жонивор.
Сувлиқдан йиртилган оғзи тегару
майсалар қовжираб қолар адирда...
Учолмас юкининг оғирлигидан —
улкан қанотлари бўлган қадимда.
Мен сени эсладим
катта гўдак ҳам
тўрт бола ташвишин кифтига ортиб,
ҳамиша парвозни қўмсаб яшаган,
кўзлари ғуссали,
чиройли отим.
Ўзим ҳам анови қорабайирдай,
қоним-да совиган, ўйчан, беқанот,
яғир кифтларини пашшалар талар,
кимларнинг юкини тортмаган бу от.
Сағриси ялт этар
хира ойдинда...
оқарган далалар, куйган адирлар,
улар ҳам қачондир парвозлар қилган,
улкан қанотлари бўлган қадимда.
Ўхшатиб...
ўйласанг ойлар етмайди,
от каби ўтласанг жойлар етмайди,
ўлгудай ташнасан,
чанқоқ босдига
чат-чил синиб оққан сойлар етмайди.

Оҳ-ҳ, кўнгил,
бир нафас отга айлансак,
энг кўркам байталга маҳкам бойлансак,
бир шоир келсаю
унинг шеърида
энг бахтли, энг эркин зотга айлансак.
Ҳўй, от деса,
ҳўй, бахтиёр от,
сиз — шоир, мен отга айлансак деса,
оҳ-ҳ, кўнгил,
ҳаҳ, кўнгил,
яна нималарни тусайсан бесар.

Буюк тун тўлади ҳансироқларга,
уларга қўшилар шоир саси-да,
айланар, айланар,
мангу айланар
нафаслар тўрт фасл доирасида.


ҚАЙТАР ДУНЁ

Эссиз, шундоқ умр,
уқиб етмабсиз,
азалдан нодонга дунё торлигин,
лоақал кексани ҳурмат қил деган
оддий бир мақолнинг борлигин.
Кеча итлик қилиб, 
донолигидан
сиздайин нодонга пастдан қараган
нуроний одамни абгор қилдингиз,
қилдингиз нодонга хос бир ҳаракат.
Энди хавфсирайсиз орқага қараб,
не бўлди, бошдан ё ҳумо учдими?
Юрса, юрибти-да изларингиздан
саноқсиз болалар
тугиб муштини.


САНЪАТ

Содиқ қолдим табиатимга,
яшамадим юз хил турланиб —
кўрган эдим бир пайтлари
ҳимоясиз атиргулларни.
Гарчи гуллар кўркини тўкиб,
қовжиратиб, тўзғитса-да, куз
атиргуллар ичига ўткир
пичоқларни жойлайман ҳануз.


- ВИСОЛСИЗ ИШҚ -

ПОКИЗА ГИЁҲЛАР

Бир ойким
арчазор тоғлар бағрида
бир ўктам арчадай яшнадим қасддан.
Бир синиқ булоқдай кунга қарадим,
файласуфлик қилдим
бамисли харсанг.
Майсалар селида кўрдим ўзимни,
руҳимнинг ҳурлиги ҳақда ўйладим.
Дилимнинг дилидан чиққан сўзимни
тилимга қўндириб,
равон суйладим.
Зулмсиз боладай беғубор кунлар.
на ғийбат, на ҳасад, на бор хиёнат.
Бузмасдан табиат расолигини,
мангулик юргизар одил сиёсат.
Қарасам — йўл бўлди.
одимларимдан
йиғлаб чинқирмади бирорта майса,
додлаб бўкирмади қоя ортимдан.
улуғвор тоғларга бермади хабар...
Бошим-да минг бора фалакка тегди,
нурдан тўқилгандай бутун борлигим.
Бир йилдир соғиниб.
яшайман энди
донишманд тоғларнинг улуғворлигин.
Бир йилдир хаёлим бўшлиқларида
оний йилдиримдай чарақлар роҳлар,
шовиллар мангулик қўшиқларидай
юмалоқ хат ёзмас
гўзал гиёҳлар.


ДЕНГИЗ БИЛАН УЧРАШУВ

Нафасини туйдим,
жисмимга
юрагимдан таралар титроқ.
Сангин ғафлат аро қисилган
бу денгизда яшар қалдироқ.
Гўё бузиб ернинг ҳаддини,
етгандайман бошқа оламга,
гўё бунда ташлаб қалбини
ўтиб кетган жўмард одамлар.
Сангин қирғоқ
гангиб туради
зарбалардан тоши ёрилиб.
Мунча қаттиқ урдинг,
юрагим,
танигандай ошиёнингни.

...Ярқираған эркнинг соҳили,
қудрати-ла этаркан сархуш,
ёвуз осмон сари отилиб,
қафасида уринар бир қуш...


ЖОДУ

Чалғиб қолдим
бир зумга — ногоҳ
кўзларимга ранглар урилди,
ҳовлилардан кўпирган оппоқ,
пушти гулли боғлар кўринди.
Кун товланиб
айланар экан,
ранглари-ла боғлаб кўзимни,
ғўзаларнинг қулоғин терган
қизлар аро кўрдим ўзимни.
Қийиқ қизлар
қаҳқаҳаларин
лаблари-ла зўр-базўр ушлар.
Кўтарганча сал даҳанларин,
ҳозир титраб учгучи қушдай.
Ялт-юлт этар ноёб сувратлар,
яшил... яшил...
вой, жоним яшил.
Амонатман бир ютим сувдай,
баҳор, яшил кўзларинг яшир!
Бир сескандим,
айтган сўзимдан,
тошдай оғир гуллари-ла бот,
сездирмасдан асло ўзимга,
хотирамни безарди ҳаёт.


БЎСАҒА

Сўнгги томчимгача
ўзимни бедор
саҳродай чўллаган дунёга бердим.
Қанча оғир бўлса,
шунча телбавор
куладиган бўлдим яқиндан бери.
Энди олов баланд — музларни ёқсам,
нигоҳимдан юмшар ёвуз тошлар-да.
Баҳор ҳақда ўйлаб,
қай томон боқсам,
айни қиш чоғида баҳор бошланар.
Энди қўним топмай боғчаларида
мўмин мусичалар,
кўркам каптарлар —
очиқ деразамнинг токчаларида
мажлис қиладиган бўлди ҳафталаб.
Ўй суриб дунёнинг камоли ҳақда,
минг бир фидо бўлиб, ўзим ўзгардим.
Гўёки руҳимнинг ботин қаъридан
умрлик қувватим
бирдан қўзғалди.
Энди маъшуғининг бир нигоҳидан
ойгача югурган тентак ошиқман.
Энди бир юракман,
хомуш жоҳиллар
кўзлари ўнгида буткул очилган.
Паноҳ сўрадимми боримни ечиб,
ўзни урдимми ё бирон эшикка?
Қалтис лаҳзаларда оримдан кечиб,
кирдимми сичқонлар кирган тешикка?!.
Қалтис лаҳзаларда синалар пайтим,
тўғри сўзи учун ўлган қайсардай,
дунёнинг кўзига қарадим қаттиқ,
жисмимга санчилди
минглаб найзалар.
Болам, жоним болам,
бу гўзал ҳурлик,
унутма, бу ҳурлик,
унутма, бу ҳурлик тўралган кунни —
ёнётган саҳрога юзимни бурдим,
баҳайбат чечаклар потирлаб унди...


ҚИЗАЛОҚНИНГ ЭРМАКЛАРИ

Дунё тез ўзгарар,
одам ўзгарар...
Кечагина ҳар хил эрмак топарди.
Узоқ жим туришдан гаров ўйнаймиз,
деб гулдай кафти-ла оғзин ёпарди.
Ахир, билмасди-да
додлайдиган пайт
сукутнинг мозийдан қолган қасрида
дунёнинг аксига тикилиб лоқайд,
яшаш мумкинлигин ҳатто асрлаб.
Жимликни хушлардим,
барсий фарёдни яшира билардим бир табассумда.
Чидолмай бу қадар жимликка доим
қизалоқ ютқазиб қўярди зумда.
Дунё тез ўзгарар,
Одам ўзгарар...
Бузар қасирғалар сукут қасрини.
Энди жим туришдан ўйнар ўзгалар,
ҳайратга солганча сурон асрини.
Кўзида даҳолик нури барқ урган
қизалоқ эрмаги бўлдими сабаб,
жимлик лангарида
чайқалиб турган
кунлар сувратидан қақшайди асаб.
Ў, бу кунлар,
ҳар бир лаҳза қаърига
ўлим ё ҳаётни жойлаган кунлар,
нур, зулмат, рангларнинг гирватларини
соғиниб тошларга айланган унлар.
Мен энди дунёнинг аксига эмас,
кўзига қарарман девона бўлиб,
оташин бўрондай айланар нафас,
ҳар лаҳза ҳаётдир,
ҳар лаҳза — ўлим.
Безовта руҳдайман ўзга ёқлардан...
Ғафлат тўрларида қолганда борлиқ,
бир нолам янграйди сукутгоҳларда:
ҳой, одам, бормисан,
овозинг борми?!


ШАБИ ХАЁЛ

Жисмингда жон бўлса,
ундан ҳазар қил,
ҳақорат — хотирга санчилган найза.
Сезаман — поёнсиз қоронғиликда
чинқириб ўсади хўрланган майса.
Сезаман — бевақт кесилган дарахт
баттар кўкаришни ўйлаб шайланар.
Сезаман — не йилдир заҳардан карахт
замин ўз ўйида
даштга айланар.
Хавфлидир хотирот ўрамалари,
не-не ҳақоратни ютса қаъриға,
жим ютиб юрсаю
минглаб йилдан сўнг
юзага чиқарса анча наридан.
Ҳазар қил
ҳақорат зарраларини
мукофот санаган хотирасиздан.
У қайси томонга юрса, барибир,
дод ёки ҳақорат қолар изидан.
Мана, хотирасиз,
хаёл кучини
бутун борлиги-ла топтаган дажжол,
у гулдек аёлнинг ўт оғушига
ҳақорат уруғин экар бемалол.
Дунё нима ўзи,
дунё — юксаклик,
юксак манзилига қайтади хаёл
ва лекин бу аёл хокисор нега,
нега ҳақоратга чидар бу аёл?!
...Юлдузлар бақраяр...
Ёғду бодида
солланиб чайқалар қамар — беланчак
Ўҳ, қандай ҳақорат,
ўҳ, шаби золим,
овозсиз чинқириб келар келажак.



БИР УМР ТОҒ ЭТАГИДА ЯШАБ, ТОҚҚА ЧИҚМАГАН ОДАМНИ УЧРАТГАНИМДА

Қорлари қиличдай ярқираб ётган
тоғларга боқарсиз,
сувдай оқарсиз.
Ёшин яшаб бўлиб уйғонган одам,
куйиб бўлган дилни қандоқ ёқарсиз.
Хўрсиниқ,
нақадар баланд хўрсиниқ,
оралиқ ойида сиздай чўллайин.
Юраги — вайрона,
кўзлари — синиқ,
армон-ла қайтётган одам бўлайин.
Гирялар тўлқини босиб келганда,
бўғзимда қушлардай куйласин титроқ.
Ёмғирлар бўзласа елкаларимда,
мушукдай суйкалса
қопағон итлар.
Илк бора — сўнг бора кўриб дунёни,
қўллар муштга дўниб,
инграмоқ бахтдир.
Жимлик саҳросида бир зум қувониб,
бўшлиққа суяниб, йиғламоқ бахтдир.
Сой соймас,
булбуллар оққан ўзандир,
зулмат салтанатин ўпирган қуёш.
куннинг оғозида қандоқ гўзалдир
фазога қуёшдай кўтарилган бош.
Энди ният қилинг,
ният соф бўлса,
тупроқ-да одамга дўнажак бир кун,
тошдан-да одамлар унажак бир кун,
қайта тирилажак агарда ўлса.
... Кунларга чўкаркан
мисли ҳофиза,
борлиққа кечиккан розини айтиб,
ишондим, бу одам нурдай покиза,
ишондим, бу одам келади қайтиб...


БАҲОРНИНГ ИЛК КУНИДА АЁЛИНИ КЎРГАН ШОИР КEЧИНМАСИ

Бу аёл...
Кўзимга қушдай кўринди,
мусича, каптардай — сурганда хаёл.
Қайданам созладим тасаввуримни,
қушга ўхшайверар ҳадеб бу аёл!
Гўё хоб элитган...
Суврати сўлғин,
сездирмай жилмаяр гўё ҳумойлик.
Сўлиш ё гирями — ғалати тўлқин,
кўзлари ҳазинлик ёхуд хуморлик.
Баҳорга ўхшатсам...
баҳор ярашмас —
бу аёл баҳордан минг бора гўзал.
Пойига ташлашга — қалбни тарашлаб,
ёниқ сўзлар керак,
самимий сўзлар.
Баҳорнинг бир зумрад бўсағасида
кафтлари қушлардай...
Овозсиз сўйлар.
Дунё, бу аёлга ўхшатадиган
борми бирор тимсол қушингдан бўлак.
Ҳадикли нигоҳни сирли қирида
осмонни чоғларкан қушдай беғубор,
сезаман,
аёлнинг нозик кифтида
қандай оғир сўзлар,
ғамгин сўзлар бор.
Кўринмас сўзларни аёл кифтидан
бирма-бир оламан сеҳргар каби.
Қўллари титрайди аёлнинг бирдан,
кўзлари титрайди,
титрайди лаби...
Гўёки парвоздан олдинги ҳолат;
нозик кафтларида энг сўнгги малол —
гўёки сўнгги сўз,
оғир сўз қолган,
сўнгги сўзни олсанг,
учгудай аёл...


РЎМОЛЧА

Ёмғирнинг узилган
торлари каби
туйғулар қуйилар теран ўзанга...
Кезаман бамисли бедор бир наби —
бошимда дунёлар нурли тўзондай.
Бу кунлар суврати қолур ёдимда,
титроқни билмаган фикрим зарбадор.
Зулматнинг кўмирдай куйган бодида
лабларимдан учган
ҳар сўз — сарбадор.
Эшитдим минглаган садолар аро
чақнаган ҳур қизнинг ҳумой сасини.
Шоҳ эдим, олай деб бўлдим фуқаро
ногоҳ тушиб кетган рўмолчасини.
Бир ёруғ табассум,
бахшида назар,
салгина эгилган хушбахт ниҳолжон.
Оҳ, энди ёнимда ўтган лаҳзада
ҳар гал қўлларидан тушар рўмолча.
Ҳар гал кенгликларда сузар бежирим,
ўзанларни бузган жинни дарёман.
Битта рўмолчани
минг бор эгилиб,
олиб борадиган битта сайёҳман.
Кимлар англаб етди ошиқлигимни,
оламнинг кўзидан нечун ниҳонман.
Бутун борлиғимни бор коинотдан
битталаб-битталаб
терган инсонман.
Битта фидойиман,
гул япроғидан
ўзига уй қурган битта фақирман.
Гоҳ қушдай тунайман олма шохида,
гоҳ овозим келур теран наҳрдан.
...Алангага кирдим,
шундоқ ёнимда
бирдан пайдо бўлди куйган ниҳолжон,
салгина эгилди,
олов домида
оёғим остига тушди рўмолча...


ҚИЗИЛ ОЛМАГА ҚАСИДА

Йиқилдим кузакнииг қоралиғида,
тун-да бир чайқалди,
аста тинчланди.
Борлиғу йўқликнинг оралиғида
кўзимга кўринди олам синчлари.
Ётардим тошдайин жимлик тубинда,
хаёлим — бемаҳал сўлган ғунчадир.
Вой, кўнглим, десамми
жимлик сувинда,
айт, кўнглим,
кимларга куйдинг бунчалик?
Вақт ҳам тун бўйи юлдуз қони-ла
уларкан кўнглимнинг синиқларини,
тирилди бир дилбар сабоҳ ёнида
толғин қуш галаси —
хўрсиниқларим.
Шунда димоғимга бўйинг урилди,
тағин юрилмаган йўл бўлди олам —
улкан бир сайёра каби кўриндинг,
мендай бир фақирга, олмажон, олма!
Маним, кичик кўнглим,
ай, шоир кўнглим,
нокаслар раъйига тушмаган, кўнглим,
дунёнинг миллион хил ноз сувратидан
бир қизил олмани хушлаган, кўнглим!
Олмажон,
тушдингми осмон боғидан,
қайси бир дунёдан элчи бўп келдинг.
Кўнглим сўлар чоғи тун қийноғидан,
наҳотки, фазода оловдай елдинг.
Маним кичик кўнглим,
ай, шоир кўнглим,
тағин кундузларнинг ишқидан бедор.
Олмани оламга отаман тўлиб,
бормисан,
бормисан бу дунёда, ёр...


ВИСОЛСИЗ ИШҚ

Оловранг
баргларнинг салтанатида
япроқдай қовжираб ёнганда бағрим,
фазо жимлигидай куз талъатидан
меҳрга айланди ҳаттоки қаҳрим.
Дилимда нола йўқ,
чашмимда — жола,
сокин ишқ оташи ёқар жисмимни.
Хайлим шу қадар кетди ҳаволаб,
ҳаттоки унутиб қўйдим исмимни.
Исмим нимайди деб, кундан сўрадим.
порлаб суйлаб кетди энди исминг йўқ.
Шамол гулханлари кўкка ўрлади:
биз каби руҳинг бор,
аммо жисминг йўқ.
Руҳимни дунёга қўшиб ўстирдим,
энди табиатнинг доно тошиман.
Қаландар шамол ҳам суйган дўстимдир,
ҳар бир чумолининг қариндошиман.
Заминга санчилган бир терак каби
ўйимда титрайди мозий — хотира.
Агарда қўзғалсам,
оғочлар сафи
илдизин қўпориб келар ортимдан.
Оловранг
баргларнинг жим даврасида
нақадар юксалиб кетдим ўлимдан,
бағрим куйиб кетди жозиб сасидан
бахтиёр бўлганда само йўлида.
Оний жамолидан кўзим камашди,
лаҳзада қорайиб қолди қорликлар.
Йилдирим сингари ўткир қарашдан
заминга қуладим бахтиёрликдан.

...Эй қиз,
қуёш янглиғ ботарман энди,
қуёшдай ёғдулар тўкарсан, эй қиз.
Эй қиз,
тупроқ бўлиб ётарман энди,
осмонда осмондай ўтарсан, эй қиз.


КУНЛАРДАН БИР КУНИ

Гўё бир фалокат бўлди дунёда —
қалбнинг инжа тори титради ёмон —
минг оғоч нарида
кўм-кўк чимзорда
чирқираб ётарди битта полапон.
Шамол буздимикин шўрлик инини
ё бирон шумтаканинг отган тошими?
Эҳтимол, улуғвор осмон ишқида
қанотлари қотмай,
учган шошилиб.
Билмадим,
титрайди инжа торларим,
митти кўзлари-ла жовдираб ҳар ён,
қари тол тагида,
кўм-кўк чимзорда
чирқираб ётарди битта полапон.
Шўрлик ноласидан кўнглим эзилди,
мушук ё калхатдай келмасдан ўлим,
минг оғоч нарига
нур тезлигида
чўзилди титраган одамий қўлим.
Қушгинам,
шу қўлим ин бўлсин сенга,
ҳали довулларни енгиб учарсан.
Жоҳил кимсаларнинг умрини безаб,
балки қафасга-да
бир кун тушарсан.
Шундаям зорланма,
севин зиёда,
шоир юрагига ўхшаган, қушим,
калхатлар, қафаслар тўла дунёда
кучли қанотларинг борлиги учун.
Ожизлар дуч келса,
тилагин сабот,
бир шоир сўзларин дадил сўйлагин:
«Кучли қанотларинг бўлса умрбод
қафасни кўтариб учсанг бўлади».


АТЛАНТИКА ДОВУЛИ

Бискай кўрфазининг қирғоқларида
бир тоғ кулласида
ногаҳон танглиғ —
турардик довулдан бир-бирларига
жон-жаҳд-ла интилган оғочлар янглиғ.

Буюк Атланта ҳам
миллион қалдироқ
овозини бўғаркан нурсиз қаърида,
безовта симобий рангда ялтираб,
осмонга қоришиб келар наридан.
Тайрлар гирянинг парчаларидай
бир нажот изларкан
гирлаб ғойибдан,
вақтнинг бу нотинч лаҳзаларида
даҳшат тўхтагандай одам пойида.
Гўёки лондонлар,
парижлар йўқдир,
одамзот тургандай бир ёққа қараб.
Қалтис лаҳзаларда бир ҳолни кўрдим
инсонлар бир тараф,
даҳшат бир тараф.
Ёлғондир,
бир гуруҳ сафсатабознинг
одамни одамдан бўлгани ёлғон.
Бугун бирлик сўзин дилимга ёздим,
бирликсиз замонмас энди бу замон.
Инсонлар тўйгандир
ёлғон — овунчдан,
чексиз бир ғазабдан титрар лаблари.
Тарихга айланур буюк соғинчдан
Саҳрои Кабирдай куйган қалблари.
Бирлик бор —
қитъалар қирғоқларида —
замину замонни босганда танглиғ —
инсонлар туражак бир-бирларига,
жон жаҳд-ла интилган оғочлар янглиғ


БАХТЛИ ДАҚИҚА

Машҳур мусаввирнинг
шоҳ асарини
таъмирлов пайтида очилди бир сир —
фош бўлди юз йиллаб ним қоронғида
асрдан-асрга ўтгувчи тилсим.
Қиролнинг гердайган қиёфасидан
йилларнинг изларин артаётган чоқ
ялт этиб кўринди ёрилиб кетган
бўёқнинг тагидан бошқа бир бўёқ.
Шунда таъмирчининг титроқ дастидан
хиралашган қатлам йитаркан, тўзиб,
чорчўпдан қиролмас,
боқарди ўйчан,
улуғвор сиймоли мусаввир ўзи.
Қани у дабдаба,
кибру шон, қани
Дурру забаржадлар қадалган либос?!
Қани у салтанат равоқларидан
оламга таралган қалдироқ овоз?!
Бари зумда тўзди,
гўё мусаввир
мустабид қисматин олдиндан билган.
бир эзгу иш қилмай, абадийликка
интилган қиролни масхара қилган.
Гўзал ҳақиқатнинг бир дақиқаси
буюк мусаввирга бўлди мададкор —
демак, бу дунёга зарурроқ экан
мустабид қиролмас,
зукко санъаткор.
Бу буюк қувликдан уқдим бир маъни,
бир доно лаҳзани очди синоат:
қироллар,
давронлар ҳамиша ожиз,
кимда кучли бўлса агар диёнат.
Аммо айтиб қўяй
бу суврат битта,
минг йилда бир бўлар бундай мусаввир
Сувратлар тагидан сурат ахтариб,
бекор куч сарфламанг дейман-да, ахир,
чинданам берилиб таъмирчиликка,
не-не музейларга келтириб ғорат,
бошқа суврат излаб суврат тагидан,
қанча шоҳ асарни бузмоқ на ҳожат?


УЧАЁТГАН ОДАМ

Тобора тушларим қизиқ тус олар,
тобора қисқарар қуш тушларидай.
Кўпинча учаман,
узоқ учаман
шундоқ теракларнинг уч-учларида.
Сезаман,
тиғдайин шохлар жисмимни
ўзимнинг қонимга бўяр, алҳазар.
Юрагим қамалган қушдай потирлар,
қувар қон ҳидини олган калхатлар.
Шундоқ бир шум ҳолат исканжасида
ернинг тортиш кучин енгмоқчи бўлиб,
силкийман қонталаш қанотларимни,
минг бор тириламан,
минг бора ўлиб.
Юксакда бир олам — мовий рангларда,
озод руҳлар учун бошпана берган.
Учиб кетолмасдим,
гўё жисмимни
кўринмас ришталар боғлаган ерга.

Шундоқ бир шум ҳолат исканжасида
юрак ўйноғидан совуқ тер босиб,
уйғонар эканман,
ойлаб ўйлайман
ғаройиб тушларнинг таъбир, маъносин.
Нега мен учаман,
қайга учаман,
нега такрорланар ғаройиб тушлар?
Демак, қачонлардир қанотим бўлган,
демак аждодларим тўралган қушдан.
Ҳафталаб ўйлайман,
ойлаб ўйлайман,
не учун қушларга тортар қонларим?
Қачондир баҳайбат қуш эдим, десам,
нега сиз куласиз, оғажонларим!

Қуш эдим,
ўт билан ўйнашган бир қуш,
балки ўт куйдирган қанотларимни.
Шу холос, йилларча уриндим бекор
ўқийман деб, куйган ёдим хатини.

Мен қушман,
қачондир ерга қулаган,
кейинча заминга мослашган жисмим.
Ғаройиб тушларим эса, шубҳасиз,
ёдимнинг куймасдан қолган бир қисми...
Гоҳ эса ўнгимда
куймасдан қолган 
хотирам парчаси сабаб бўларми,
гавжум шаҳарларнинг кўчаларида
қанотдай ёзилиб кетар қўлларим.
Қайга учис керак,
билмайман, аммо
биларсиз бемалол ухлаётганлар —
силкиниб-силкиниб кулаётганлар?!
Билсангиз, 
шу тобда жисму жонимни
заҳарга айланиб, ёқар қонларим.
Қушдай бўзлаб учдим бошларингизда,
қушлигин унутган, оғажонларим!
Зора эсласангиз,
зора тилагим,
балки насиб бўлар сизлар-ла учмак.
Ҳозирча кечирдим, сақламадим кек,
чунки мен одаммас,
чунки мен қушман.


* * *

Узоқдан қарасанг —
мовий сайёра
ранг-баранг товланма нурдан яралган.
Яқиндан қарасанг —
бошидан-оёқ
тиконли симларга чирмаб ўралган.
Сайёра коинот оғушларида
еларкан чириган ўйларни тортиб,
янграр қафасбанди қушларникидай
дунёлардан ниҳон башар фарёди.
Бу осмон тагида,
сеҳрга қодир
мўъжизалар юрти — осмон тагида
башар юрагида бир соғинч бордир,
бордир соғинчдан-да
аччиқ ҳақиқат.
Эй, шоир,
башарнинг дардини олиб,
умрбод хор бўлиб яшаган шоир,
фақат сен биласан — дард гирдобида
яшамоқ гўзалдир,
яшамоқ оғир.
Сув каби оқарсан — дарёлар ёнар,
шамолга дўнарсан — дунёлар ёнар.
Сангин кўзларингни қадарсан сокин,
гуриллаб-гуриллаб яловлар ёнар.
Қуёш нур сочади,
нимага, кимга?
Ер узра айланар бир пок ниятдан.
Соғиниб қарайсан тиконли симга
ўралиб яшаган инсониятга.
...Атайлаб ёпмайсан деразаларни,
эшиклар илмоғин солмайсан атай.
Тинглаб қалбингдаги теран сасларни
ётасан нарсалар аро нарсадай.
Мана, деразалар ёпилган тонгда,
солинган эшикнинг темир илмоғи.
Болишинг тагида
қайси бобонгдан
қолган ваҳиманинг нақшин пичоғи...


* * *

Агар учолсайдим
нур тезлигида...
Насиб бўлармикин шу буюк имкон?
Сирли титроқлар бор ботин сезгимда,
самовий муждалар титроғисимон.
Бир йиллик,
ўн йиллик масофалардан
кўз очиб юмгунча ўтмак имкони
буюк келажакнинг қайси асрида?
Оғрир қай асрни соғиниб жоним!
Кўзларим осмонда,
маъшуғин кутиб,
оламдан ўтаеттан битта одамман.
Гоҳо шивирлайман ерни унутиб:
«бошқа оламлар бор,
бошқа оламлар».
Тилимга чиқмаган илтижолар бор,
дунёлар титрагай агар кўрсатсам.
Шу гўзал лаҳзада
ёқамда ногоҳ
жаҳолат дастини кўрдим тўсатдан.
Қарадим,
шилимшиқ ўлик даст эди,
ботқоқ гирватидан келган сас эди,
хаёлнинг қонини сўрган кушанда,
калласиз,
минг қўлли маккор кас эди.
Мен ахир хаёлман,
нур арқоғидан
юксакка ўрлаган инсон хаёли.
Юлдузлар жаранги қулоқларимда,
бағримни куйдирар нурлар шамоли.
Сезаман,
дунёлар тўзони аро
буюк бир ҳижрондан куйган одамлар
мовий бўшлиқлардан берарлар садо:
«бошқа оламлар бор
бошқа оламлар».
Эй, осмон,
эй, кадим сирлар маскани,
орзулар инига дўнди кўзларим.
Лаҳзадай ўтарман,
қолур заминда
сўнгги тилакларим — сўнгги сўзларим.
Эй, осмон,
эй, буюк ошиқлар йўли,
бағрингда ҳамиша қуёшинг бўлсин.
Сенинг ошиқларинг ўзингдай улуғ,
ҳамиша ўзингга муносиб бўлсин.


БУДДАГА БИР НАЗАР

Тўғри яшамасанг, дер эди Будда,
маънининг мағзига етган одамдай:
демак, сенинг руҳинг ҳали уйқуда,
демак, узилгансан улуғ одамдан.
Демак, сен қайтарсан
минг йиллар ўтиб,
бу рубъи маскунга бир жонивор бўлиб.
рафторга яраша булбул ё тўти,
ожиз бир чувалчанг ёки сор бўлиб.
...Балчиққа беланган тўнғизни кўрдим,
бир эшшакни кўрдим —
икки кас минган.
Беғам кавш қайтарган ҳўкизни кўрдим,
меҳрибон ит кўрдим —
кузлари синган.
Ғофилларни кўрдим —
нафсониятни
зарқ нафснинг домига ташлаб хўрлаган.
Жобирларни кўрдим —
ҳар сонияда
сайерага боғлаб нурни зўрлаган.
Қушдай потирлаган
бир жоним қолди,
мингтайди — барини фидо қилдим мен.
Фосиқ машваратга борҳо дод солдим,
минг йилча олдинроқ кўра билдим мен.
Бағрим бир маҳзандир,
қуш афғонларин
зулматда ўйнаган битта гирдоб бор.
Тийрак кўзлари-ла азоб онларим
хотиржам санаган қаттол бир хоб бор.
Бутун адолатдан дамон сўз қотиб,
ёвар қалбларда ким уйғотса нола,
билингким,
қайтибди минг йиллар олдин
қиличлар дамига панж урган бола.
Бу хотиржам юзлар,
ғулом андомлар,
бу содда тафаккур, бу талх нисонлар.
Бу мастлик аралаш жунун айемдан
юксалиб қараган тамкин инсонлар.
Ложарам қайтарман,
қўзғалур хоким,
жоним омон ўтса ибтилолардан,
бир жобир қоларкан равзада токим
сўйларман жовидон ибтидолардан.
Кўзлари чилпарчин
итдай қайтарман,
етарман интиқ-зор бўлиб ройига,
минг йил ўтса ҳамки хаёлоти шан
инсондай қайтолган инсон пойида.


* * *

Нечун бахт сўзини
айтмайсан мафтун,
нечун терс қарайсан мартабаларга.
Кун бермас қафасдан қочган бир маймун —
душманни топдим деб маҳкамаларга.
Дош даври қўзғалур —
новакларини
булғаб энг қадимий интиқомларга.
Онгнинг моғор босган ғовакларидан
сасиган бод оқар издиҳомларга.
Бахт — чексиз юксаклик,
бахт чексиз йўлдир,
ёлғонга кўнмаган тилинг бир тошдир.
Илло, етганмидинг йўлнинг сўнгига,
илло, текканмиди юксакка бонгинг.
Қорнинг тўқ, эгнинг бут — аммо махлуқсан.
Дилинг оч, онгинг оч — инсонсан кабир.
Жаҳолат кунжида адашган руҳсан,
кўрларни уйғотган
дарбадар наби.
Ким осмон юзига қоплаган сипар,
ким холис қуёшдан қидирган ғоя.
Хаёлот тап-тақир бодия сифат,
суғро чархи дунга борми ниҳоя.
Борми бир ниҳоя
бу заҳаролуд,
бу сангин нигоҳлар истилосига,
бу морзор хаёлот,
бу маҳин золим,
бу шаба дилларнинг истиғносига.
Бир тундир —
инсонлар жароҳатини
ойлар ёғдуси-ла безаган бир тун.
Зулматда бу оддий сўздан тортиниб,
минг йилдир ўй сурар сангин Афлотун.
У ҳам душманмикин,
сирли ҳалқада —
кузларинг тубинда башарнинг доғи.
Битта сўз дилингни куйдирар талхдай,
айтмасанг ёруғдир,
айтсанг — ул ёғий.
Ердан Миррихгача қазганча лаҳм,
хаёлинг қудратин айладинг нисор —
сендан минг мартаба комил бўлса ҳам
бахт сўзин айтмаган
мавжудотлар бор.
Кетарсан,
лаҳзама-лаҳза кетарсан,
қолмиш тубанларда лода савдолар.
Сезарсан — ортингдан келар тўсатдан
ўзанларин бузиб далли дарёлар.

Тубанда
сен учун мартабалар йўқ,
фақат бор дунёдан ранжиган малъун —
тошлар отай деса — маҳкамалар йўқ,
ўлтирар пашшасин қўриб бир маймун.


* * *

Ҳалиям кеч эмас,
ҳали бор фурсат,
қуёш беминнат нур улашар ҳали.
Ҳали саҳроларда жон берар сувлар,
бағри кенг мезбондай кечирар замин.
Демак, асло кечмас,
демак, вақт бор
телба дарёларни бориб кўришга,
калтабин кимсалар дастидан бемор
далалар бошида пашша қўришга.
Ўйлайлик,
хотира қолсинми биздан
хўрланган хаёлнинг бурдаларидай.
Кесилган чинорлар — ҳаётимиздан —
буюк даврларнинг мурдаларидай.
Узоқроқ тикилгин ўзингга, одам!
Нечун ўз-ўзингни хўрлайсан бекор,
ахир, қадимлардан не дунёларни
ҳайратларга солган битта юзинг бор.
Ҳалиям кеч эмас,
ҳали бор фурсат.
илдамроқ юрмоққа тағин илгари.
Ўйлайлик,
чордона қурган бўйича
биздан ўзиб кетган Будда сингари.
Нега мен қўрқаман мозий сасидан,
нечун юрган чоғи эзилар кўнглим?
Вақтнинг шафқатсиз алангасида
наҳотки ўзимни унутиб қўйдим.
Ҳалиям кеч эмас,
ҳали бор фурсат,
ахир, вужуддамас, қалбдадир қувват.
Лаҳзада ўзингни ўзингга кўрсат.
эҳтимол, бўлмайди эртага бу вақт.


ШОИРЛАР ХИЁБОНИДА

Ҳар маҳин лайлида
жонланар ҳайкал,
жон кирар Навоий ҳазратларига.
Тонггача дунёни айланиб қайтар,
безиб ҳайкалларнинг ҳасратларидан.
Айниқса,
баҳорни хўб кўрар ҳазрат,
жаннатдай шаҳарнинг ҳарир шаблари,
булдуруқ шуълалар ёшартган равза
анча равшан қилар нозик таъбларин.
Истаклар
шабистон қаватларида
ишқу ноз майидан бўлганда луччак,
хўбрўйлар зулумот валатларига
баргак лабларида тутганда муччи,
ҳазрат дунё кезар,
кўҳсору ёвар
мазгилдан ўтаркан бамисли шарпа,
гўёки тагида чақмоқ таковар,
бир кеч Ҳирот жониб,
бир кеча — Машҳад.
Доим тонглаб қайтар,
чиқару тахтга
тинглар ҳайкалларнинг ҳасратларини.
Юраги эзилар бўлганча карахт —
оёғи йўқ эди пастдагиларнинг...
Аммо осмон йироқ,
замин қаттиқ-да
тағин андомига қайтар толғинлик.
Тағин хаёл сурар турганча тикка,
ҳазратни қийнайди ҳамон ёлғизлик.


АГАР...

Туҳматдан йиқилса
бирорта дўстим,
мен-чи хилватларда беркиниб ётсам.
Бу ҳам етмагандай анча вақт ўтиб,
покликдан сўйласам,
хотира сотсам.
Йўқ, бўлмас,
яшардим бошимни эгиб,
кезардим умрбод юртма-юрт ошиб.
Одамзот кўзига қаролмасам тик,
кўксимга осилган бўларди бошим.
Йўқ, йўқ, йўқ...
Албатта бирга бўлардим
тамуғ малайлари ишга тушган чоқ.
Дўстим-ла ёнма-ён туриб ўлардим,
эҳтимол, ўлардим ундан олдинроқ.


* * *

Титроқ сездингми ҳеч
бир шум лаҳзада —
хатар-ла юзма-юз турган чоғингда.
Тубсиз жар лабида оний ларзадан
титраб келганмиди жонинг оғзингга.
Нопоклар покларга қилганда туҳмат,
титрамай айтдингми кескир сўзингни.
Болангнинг ёдига не қилдинг туҳфа,
асраб қололдингми ўзинг ўзингни?!
Қалтис лаҳзалар бор —
дош бермак мушкул,
бироқ чидаганлар тирик хотирда,
гоҳо элитарлар — нафаси мушкин,
гоҳо кўринарлар кўзингга тиғдай.
Осмондан келганда тубан одамлар —
бири чиноркесар,
бири кесар тил.
Бутун қилмишларин қарасанг жамлаб,
намоён бўлади суврати қотил.
Қалтис лаҳзалар йўқ,
қалтис умр бор,
мўр-малах ном аро ёлғиз номинг бор.
Лаҳзада титроққа айланиб турсанг,
демакки, ичингда битта хоин бор.
Ўлдир,
ичингдаги хоинни ўлдир,
волида кўзига боқишдан аввал,
маъшуқа қўйнида ётишдан аввал,
зулмат уммонига ботишдан аввал.
Йўлдир бу,
нафснинг ботқоғи эмас,
қиличнинг дамидай чақнаган йўлдир.
Бу йўлга юзингни буришдан аввал,
ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир.


МАСЛАҲАТ

Ўлмас Кошчей каби бу жаҳолатнинг
мингта калласи бор,
вужуди — битта.
Қаранг, эринмасдан бу касофатнинг
каллаларин чопар ўжар йигитлар.
Эртаклар қўзғолар,
кўҳна узлатдан
вазмин садо берар асотирларим.
Сангин даҳмалардан файласуфлар ҳам
бошини кўтарар хавотирланиб.
Эҳ, ўжар йигитлар,
вужуд қувватин
бу жирканч махлуққа сарфлаб нетарсиз
Нечун кўзларингиз кўрар сувратни,
сийратнинг мағзига қачон етарсиз?
Айланманг жаҳолат теварагида.
жаҳолатнинг жони бошка жойдадир.
Кошчейнинг жонидай денгиз тагида,
балки Зуҳалдадир,
балки ойдадир.
Кўнгилнинг кўзи-ла кўринг оламни,
жаҳолат макридан қолманг алданиб.
Китобга мук тушиб ётган боладай,
каллани ишлатинг,
фақат каллани.


ЛОДА ҲАЗРАТИ ОЛИЙЛАРИГА

Ёвуз девларимни ухлатдим зўрға.
Неча юз минг йиллар ўтди орадан,
ниҳоят дилимнинг сувратин кўрдим,
ниҳоят ортимда кдтди қора ранг.
Ниҳоят тош каби
ухлар девларим,
коинот сирлари хушдир юракка.
Девларим бутунлай уйғонмасин деб,
лаҳза поясиндан юрдим юракка.
Не аср зулматнинг тубида ётган
кўзларим қамашди ўткир зиёдан.
Нечун қитиқлайсан энди донг қотган
ёвуз девларимнинг пойини, Лода...


* * *

Болалар тобора ўсар серзарда,
димоқларни ёрган ҳаволарга мос.
Каттароқ очилсин барча дераза,
шамоллатиш керак
дунёни бир оз.
Бир дунё чайқалар
чархга сиғмасдан,
ёғду тирқишлардан мўралайди зор.
Барча деразаси қаттиқ михланган
маъводан юксакроқ маъволар ҳам бор.
Тоза ҳаво бўлса,
ёғду бўлса мўл,
болалар соғ ўсар, дерлар эскилар.
Нечун қоронғида тебранар дўқ-дўқ
ой каби болалар ётган бешиклар.
Очиб ташланг ахир,
нечун нур майин
тўсган туйнукларда ифлос латталар.
Норози бош чайқар,
ёшларни койиб,
шамоллаб қолишдан қўрққан катталар
...Минглаб қорачиқлар
ялтирар ёвуз,
дадил олдга чиқар серзардалари —
қоронғида тошлар ярақлар совуқ —
чил-чил синар
дунё деразалари.


* * *

Тунов кун
бир кекса саллотни кўрдим,
куюниб сўйлади дардини бошдан,
мана, биз кўрганмиз ёвларнинг зўрин,
нимани кўрибди ҳозирги ёшлар.
Оғринган бўлсам-да
хўшлашдим хурсанд,
ўйладим қанийди очиқ бўлса жанг.
Мўр-малах бўлса-да қаршингда турса,
бир гал ёвлар отса,
бир гал сен отсанг.
Лек кўзга кўринмас бугунги ёвлар,
кийгандай сеҳрли дўппи ё қалпоқ.
Ҳимоя қилолмас бетоний довлар,
қадаминг қаричлаб ўлчарлар ҳар чоқ.
На гумбир-гумбиру
на қарса-қурса,
фақат шивир-шивир синайди дошинг.
Кўринмас куч бордай гуё ҳар фурсат
тирик нишон бўлур зарбларга бошинг.
Фақат висир-висир...
уйдан кўчага
чиқишинг биланоқ остона ҳатлаб,
турли идорага мавҳум «точка»дан
ёғила бошлайди юмалоқ хатлар.
Кимгадир қўлингни чўзганинг учун,
кимдандир йулингда ўзганинг учун,
тағин бир оз ғамгин кўзларинг учун
ёғила бошлайди юмалоқ хатлар.
Ёв деган мард бўлса...
Аммо номард кўп,
сени руҳан яксон қилмоқ мақсади.
Қай бир бурчакларда севинарлар хўб,
жўмард дўстларингни зор-зор қақшатиб.
Бу жангда оғирроқ —
ўлчаб ҳар қадам,
панадан зарб бермоқ номард ҳарбидир.
Шундан айланасан сирли ҳалқада
қафасда қутурган йўлбарс каби жим.


АЙТАР СЎЗИМ

Уруш худолари сочганда ўлим,
ўқлар ер бағирлаб учганда дайдиб,
хоинлар сўйлади ерга бош қўйиб,
«бошингни кўтарма,
кўтарма ҳаргиз».
Хатар ўтди-кетди,
ёвлар енгилди,
мардлар-да тин олди дардлари ариб.
Бироқ, хоинларнинг қадди эгилди,
бошин кўтаролмай қолдилар ҳаргиз.
Вақт ўтиб, хаеллар бўлганда вайрон,
қалбларни бузганда сохта ноиблар,
тағин ҳақ сўзини айтолмай ҳайрон —
бош кўтармай етди
фақат хоинлар.
Туҳмат тоши тегди қайси бир мардга,
айтайин дунёнинг қай бир тошини.
Билмадим,
учраган улар қай дардга,
нечун кўтаролмас ҳамон бошини?
Бир муртад мустабид,
бир жобир қаттол
қатағон қилганда не пок сасларни,
нечун айтмадилар «бу ишинг хато»,
нечун чўзмадилар кучли дастларин.
Бугун ер тагидаи қадаб кўзларин,
кўксин ҳақиқат деб йиртган одамга,
«бошингни кўтарма» деган сўзларни
инъом қиладилар нечун оламга?
Гоҳ тўрга чиқарлар,
бошлари қуйи,
уҳ, парвариш кўрган юзлар қизарган.
Бошимни кўтариб,
сўйларман куйиб,
нечун, нечун улар ҳамон иззатда?!


КАТТА КУН

Бу қандай кун ўзи,
қандай кун ўзи,
ҳаттоки мушуклар, итлар ишшайди.
Сохта қаҳрамонлар кетдилар тўзиб,
ёлғон даҳоларнинг оғзи қийшайди.
Элнинг бошиман деб юрган касларда
бош ўзи йўқлиги хўб бўлди аён.
Покиза кўринган не-не дастлардан
паррон бир ёғдуда ёлқинланди қон.
Бу қандай кун ўзи,
қандай кун ўзи,
жой-жойига қўяр ҳамма нарсани,
қай бир мунофиқнинг ўйнатиб кўзин,
бир неча юзига тортар тарсаки.
Чекка-чеккаларда қилганча ғийбат,
ишратни омол деб билган ўйсизлар
қўймижоз бу элнинг тили йўқ дерди,
оғзингни оч элим,
кўриб қўйсинлар.
Филодим бу куннинг сасин эшитиб,
сохталар зириллар — паноҳ топилмас.
Нарҳи кўтарилар сичқон тешигин,
ҳайратдан оғизлар энди ёпилмас.
Эй, дилим,
дунёдан озурда бўлма,
келажак кунларга ишонмоқ хўбдир.
Битта катта кунни кўрдинг ҳозирча,
бу элнинг каттакон кунлари кўпдир.


ЭЛЛИККА КИРГАН ОДАМ

Бир нечта юзи бор...
Хатар чоғида
юзин алмаштирар худди терликдай,
зиён-заҳмат кўрмай — баҳор боғидай —
бир кун кириб келди элликка.
Мана, у ўлтирар...
Кўзлари гуллаб,
юзлари қип-қизил янги олмадай,
Ҳисоб-китоб қилар, дўндирар пулга,
у етмаган бирор нарса қолмади.
Ҳаммаси жойида
қалтис пайтлари
юзин алмаштириб улгурар зўрға,
фақат битта юз-ла хавфу хатарни
босиб келаётган ёшлардан қўрқар.
Унингча рўй берар адолатсизлик,
ёшлар ўта хавфли,
тағин бетамиз.
Қизғаниб гапирар, «наҳотки, энди
дунёни шуларга ташлаб кетамиз».
Ўҳ-ҳ, қандоқ азоб бу,
шўрликка қараб,
ўзимни сезаман бошқа ерликдай.
Қандай устомонлик,
қандоқ жасорат —
шу ҳолда бемалол кирмоқ элликка.


- РИВОЯТЛАР -

ОДДИЙ ВАЗИФА
(Замонавий эртак)

Куйдирилган
учли ходада
ёвуз девнинг кўзларин ўймоқ.
Итга — сўнгак,
ит олдидаги
хашакни от олдига қўймоқ.
Бор-йўғи шу,
чинданам жўн-а,
аммо ўлмак каби мушкулдир.
Шерикларим бу ҳолга кўнган —
қуллигини билмаган қулдир.
Шерикларим,
ўҳ, шерикларим,
бари сўзлар ўзимга қарши,
не қиласан ғалвани тариб,
бизга ўзи шундоғам яхши.
Кетаймикин дейман гоҳида
тош асрига бағрим вайрона.
Қўзғалсалар зора оҳимдан
одамзотдан қолган ҳайвонлар.
Қолганмикин бирор кентавр
ёки бирон шўрлик горилла.
От шўрликка бўлди-ку жабр,
ит бечора тинсиз ариллар.
Уйғонар дев,
не гўзал қушлар
димоғида инграб қайнайди.
Шерикларим бирма-бир ушлаб,
очқаган дев роса чайнайди.
Бир амаллаб қочаман ўзим,
яшринаман аллақайдадир.
Анча вақт дарбадар тўзиб,
қайтиб келдим дунё айланиб.
Қоратоғдай ухлаб ётар дев,
ит ва от ҳам ўша ҳолида,
қичқираман, шерикларим деб,
садо келмас —
бошлар солинган.
Ухлаётган девнинг ёнида
бошқа гуруҳ яшар семириб.
Чирик хашак — итнинг олдида,
тулпор эса — сўнгак кемириб.
Айни пайти, дейман уларга,
бари сўзлар ўзимга қарши, —
тошингни тер,
бу дев ухлаган,
бизга ўзи шундоғам яхши.
Эҳ, галварслар,
эҳ, галварслар-эй,
тўнкалардай оғир ва гаранг
Қаратоғдай ухлаб ётар дев.
От депсинар,
ит эса — ҳанг, ҳанг...

Ҳолдан тойдим,
ҳушимдан оздим,
жон олар чоғ ғолиб тушкунлик,
сўнг сўзимни қоним-ла ёздим,
тоштахтага ёздим ушбуни:
«Ишонаман,
бир кун дев ўлар,
жарга қулар сўқир ҳолида,
от хашаги охурда бўлар,
сўнгак бўлар итнинг олдида.
Оғир бўлур эндиги разм,
бу жаҳолат,
бу девни қўйгин.
Энг аввало, қаттол, бераҳм
галварсларнинг кўзини ўйгин».


ИККИ ДЎСТ

Бир куни икки бахтсиз
безиб моли ҳулёдан,
шайланибди бахт излаб
бахтиқаро дунёдан.
Сўйлашибди ушлаб нон:
«мудом бирга бўлармиз,
бахтли бўлсак — ёнма-ён,
ўлсак, бирга ўлармиз».
Хуллас, худди эртакдай —
зумда битар каму кўст.
Юк бўлиб бир эшшакка,
йўлга чиқар икки дўст.

У замонлар йўллар ҳам
ўнқир-чўнқир, тош экан.
Иккала дўст камбағал,
соддадил ҳам ёш экан.
Ўйлашибди бахт ҳақда,
баҳор-да ёз бўлибди.
Куйиб ётган бир даштда
шўрлик эшшак ўлипти.
Сўйлашибди ушлаб нон:
«мудом бирга бўлармиз,
бахтли бўлсак — ёнма-ён,
ўлсак, бирга ўлармиз».
Дўстлар яёв йўл босиб,
не-не довон, қир ошар.
Ёзнинг ёрқин либосин,
куйдирибди қуёш ҳам.
Бўшаб қопти хуржунлар,
кўзлари ҳам гўлайиб,
бод учирган юлғундай
судралишар сулайиб.
Шундаям ичарлар онт:
«мудом бирга бўлармиз,
бахтли бўлсак — ёнма-ён,
ўлсак, бирга ўлармиз».

Кун ботай деган чоқда
бир манзилга етдилар.
Барс изларин сўқмоқда
кўриб титраб кетдилар.
Янгигина эди излар,
келганча сўл томондан
тор сўқмоқдан, шубҳасиз,
кетган эди довонга.
Баландлик бор сўл ёқда,
ўнгда эса — тубсиз жар,
хатарли, қалтис роҳда
титрар икки биродар.

Бирови дер кўп ўйлаб,
очмиз, сира мадор йўқ,
бизни йўлбарс еб қўйса,
қўй, дегувчи садо йўқ.
Яхшиси, эс борида,
жонни асраб қолайлик,
анов тоғнинг ғорида
шу кеча дам олайлик.

Бошқаси дер, кўп ўйлаб:
очмиз, сира, мадор йўқ,
бизни йўлбарс еб қўйса,
қўй, дегувчи садо йўқ.
Бироқ ғорда нима бор,
қордан бўлак нима бор,
очлик, қўрқув, ўлимдан,
ордан бўлак нима бор?

Бирови дер, қўйсанг-чи,
шундоқ ўлмоқ шарафми.
Қарагин, деб кўрсатар
барс келган сўл тарафни.
Кўнглим сезар, шу ёқда
бир макон бор қандайдир.
оч йўлбарс ҳам ўшоқдан
ўлжа олиб қайтгандир.

Бошқаси дер, биродар,
бу гапларни қўяйлик,
барсга дуч келсак агар,
қарқиратиб сўяйлик.
Кўнглим сезар, довонда
бирон кулба, қишлоқ бор,
димоғимга бўй келар —
олов, бўза, пишлоқ бор.
Баҳслашади икковлон,
гезарганча лаблари.
Турмайдилар ёнма-ён,
қовушмайди гаплари.
Хуллас, бири довонга —
кетди йўлбарс изидан.
Йўлбарс келган томонга
бири кетди ғизиллаб...

Вақт ўтар,
кун ёришар
оламни шод этгани.
Турар довон бошида
барс изидан кетгани.
Ўнг тарафда қишлоқ бор,
худди ўзи айтгандай.
Йўлбарс эса сўл ёқдан
орқасига қайтганди...
Шамол урар димоққа
нон ва олов ҳидларин.
Ҳура бошлар йироқдан
қишлоқнинг дов итлари.
Ўнгга юрар,
эслар аммо:
«мудом бирга бўлармиз,
бахтли бўлсак — ёнма-ён,
ўлсак, бирга ўлармиз».
Мард эмасми,
пўстинсиз,
турса ҳамки изиллаб,
ўйлаб шўрлик дўстини,
қайтади барс изидан.
Бир гап қолган азалдан,
бир донишманд айтганмиш:
барс ов қилар маҳалда
битта йўлдан айланмиш...

...Мана, кенглик очилиб,
ногоҳ ҳушин йўқотар.
Кўз ўнгида сочилиб,
сўлга юрган дўст ётар...
Эй, воҳ,
қандай ёвуз дарс,
турар дўстдан айрилиб.
Ўлжасига ёвуз барс
қарамасди қайрилиб...
Қизғиш қорда бемадор
ётаркан барс чўзилиб,
тик қарайди бемалол
тирик одам кўзига.
Бир-бирининг сабрини
бирзум синов этарлар.
Сўнг жимгина қайрилиб,
ўз йўлига кетарлар.

Шундоқ қилиб жўмардга
жўмардлар тенг бўлади.
Хулоса шу, йўлбарсга
қўрқоқлар ем бўлади.


БИР МИНГ БИР ЮЗ БИР ШОИР

Юртдан омад юз бурмиш,
шоҳ саройи — сукутгоҳ.
Кеча-кундуз ўй сурмиш
адолатли, доно шоҳ.
Юрт тўлибди гадойга,
эл аҳволи оғирдир.
Шундай чоқда саройга 
қасидалар ёғилмиш.
Бари тўла ҳамд-сано,
бари ёлғон, ғамзада.
Тинглайвериб тасанно,
шоҳ бўлибди дарғазаб.
Вазирига, бермай сир,
бир кун кулиб доно шоҳ,
буюрибди, қани бил,
юртда неча шоир бор.

Жарчилар ишлапти соз,
бирор лаҳза олмай дам.
Юртнинг барча хушовоз
шоирлари бўпти жам.
Вазир, — улуғ шоҳим, — дер,
таъзим қилиб мулойим, —
юртингизда бор экан
бир минг бир юз бир шоир.
Вазирдан кулибди шоҳ
ҳам тағин жаҳли кепти.
Шоирларни ҳозироқ
зиндонга ташла, депти.

Бир йил ўтиб орадан,
шоҳ сўрапти вазирдан,
билгин, бахтиқоралар
шеър ёзарми ҳали ҳам.
Вазир зиндон айланиб,
шоҳга бир сўз айтибди,
мингта шоир, найлайин,
шеър ёзишдан қайтибди.
Қолганлари шам тутиб,
кезиб худди бемордай,
бор оламни унутиб,
ёзмиш ҳатто деворга.
Шоҳ кулибди мийиқда:
минг шоирни озод қил,
қолганларин сийлагин,
не истаса, бажо қил.
Кўчир сарой боғига,
майли, синов баҳона,
бирор йил бу шоирлар
яшаб кўрсин шоҳона.

Йил ўтибди,
доно шоҳ
дебди бир кун вазирга:
баҳра олсак бугуноқ
шоирларнинг назмидан.
Барча шоир жам бўпти,
давра ҳангу манг бўпти,
юзта пўрим шоирнинг
оғир боши хам бўпти.
Турар фақат бир шоир,
турар шоҳга тик қараб,
бир тараф бўпти дунё,
шоир эса — бир тараф.
Шеър айтганда қилвири,
имонсизлар титрабди.
Эл дардини билмаган 
виждонсизлар титрабди.

Қолмапти эл армони,
шўришлардан айтибди.
Зумда ҳақсиз дунёни 
бир айланиб қайтибди.
Титрабди дов овоздан
салтанатнинг садлари,
гулдирабди равоқлар,
кўпайибди дарзлари...
Дудоқлардан учар оҳ,
жимлик чўкар қасрга.
Ғолибона сўйлар шоҳ
ўсал бўлган вазирга:
бир пайтлар шошилиб,
менга хато сўйлардинг,
йиғсам барча шоирни,
ишонар, деб ўйладинг.
Аммо вазир
кўп бекор
шоирларнинг ҳисоби.
Юртда битта шоир бор
мана, сенга исботи:
мингта шоир шунчаки
шеър ёзарди эрмакка,
инжиқ қалбнинг кундалик
нафсига дам бермакка.
Мана, зиндон баҳона
синаб кўрдик кучини,
бир йилдаёқ зиндонда
маълум бўлди пучлиги.

Юзта шоир тақдирдан
аламзада шеър ёзган,
истеъдодни таҳқирлаб,
иззат-обрў деб ёзган.
Бердим унвон, эътибор,
тилло қилдим тошларин,
мана, бари бўлди хор,
қуйи солди бошларин.

Бироқ битта шоир бор,
турланмагай ҳар жойда,
асло ўзин қилмас хор,
зиндонда ҳам саройда.
Азалий ишқ, нафратдан
айтмоқ унга жоиздир.
Салтанатни ғафлатдан
огоҳ қилган шоирдир.
Демак, вазир, унутма,
бир умрга эслаб қол,
бундан буён бу юртда
бир шоиру бир шоҳ бор.

Шундоқ қилиб хаёлга
берилар шоҳ ниҳоят.
Худди мана шу жойда
тамом бўлар ривоят.
Хўш, шоир-чи, қаерда,
шоҳ ё меҳр қўйдими?
Бирон макр тайёрлаб,
қарқиратиб сўйдими?

Келинг, энди оҳ уриб,
ярашар бир жилмайсак.
Не қилайлик, охирин
ҳанузгача билмасак...


САВДОГАР ВА ТЎТИҚУШ

Қушларни суярди савдогар азал,
шундан топар эди кўнгил хушини.
Ҳамма қушларидан кўрарди афзал
одамдай гапирган тўтиқушини.
Яна бир эрмаги тижорат эди,
тевалар кўзғолиб қолди бир наҳор.
Савдогар қафасбанд тўтига деди:
«Ҳинд сори борурман,
не тилагинг бор?»
«Эй саховатли зот,
кўнглим хўб чоғдир,
биринчи тилагим — соғ-саломат қайт,
иккинчи тилагим — палон боғдаги
тўтилар қавмига мендан салом айт».

Йил ўтди.
Сафардан қайтар маҳалда
карвон тўти айтган макондан ўтди.
Бир кавсар эди-да,
товланиб лаълдай
шохларда тизилмиш минглаган тўти.
Хушфеъллик ҳамиша керакли хислат.
аввал салом айтди,
андин сўнг калом:
«Турон боғлариндан бир тўти сизга
камина орқали йўллади салом».
Ҳаво тўлқинланди чексиз оҳлардан,
ногоҳ ғуж оғочлар тўлғонди оғир —
тўтилар тўкилди зумрад шохлардан,
рангин шуълалардай
тўкилди бир-бир.

Бу ҳолдан кўзғалиб қолди тевалар.
савдогар қайғуриб-қайғуриб қайтар.
Бу ёмон хабарни
шўрлик беватан —
йўл қараб ўлтирган тўтига айтар.
Эй воҳ,
бу қандайин кўргилик бўлди,
савдогар ҳайратда —
ўнгими ё туш —
бу ёмон хабардан тўтиқуш ўлди,
ўлди саройини безаб турган қуш.
Савдогар бўзлади,
бўзлади ёмон,
кўнглини безаган қушни йўқотди.
Қафаснинг эшигин очгани замон
ўлган қуш ўзини осмонга отди.
«Эй саховатли зот,
кечиргил мени,
қушларнинг тилини фақат қуш билгай.
Уларнинг бир сирин очайин энди —
бири банди бўлса, бари йиқилгай...»

...Шу-шу узлат қилиб,
ҳаққа етгандай,
ҳалиям кўнглига сиғмай ҳатто зар,
ушбу воқеани ўтган-кетганга
гапириб юрармиш хушфеъл савдогар.


ҒОЙИБ БЎЛГАН БОШСИЗ

Курсига ёпишиб қолган бошлиққа
бошсиз кириб келди —
кийгандай пийма —
бурнини қоқаркан улкан ёшлиққа,
бошлиқ пўнғиллади:
Парфия нима?
Бошсиз талмовсирар,
қарар анқайиб
гўё етти қават ернинг тагидан.
Миясин қоқаркан бошлиқ бақрайиб,
тағин пўнғиллади:
Парфия нима?
Парфия... Парфия...
бошсиз шивирлар;
бирор матаҳ бўлса керак-да ноёб.
Курсидан нимадир аста ғимирлаб,
буюрар, кечгача парфияни топ.
Бошсиз қуллик қилиб,
узмай туриб кўз,
чиқаркан бошлиқнинг маҳкамасидан,
таниш бир жувоннинг исмидай бу сўз
тинмай айланади хом калласида:
Алё, бу базами,
...вич ...вич сўровди,
бирорта парфия топилармикин?!
Алё, бу бозорқўм,
ўртақ Нуровми,
силарда парфия сотилармикин?!
Парфия... парфия...
пилдирар бошсиз,
таниш-билишлардан сўрар суйкалиб.
Кифтин қисганларга дер, ҳали ёшсиз,
парфия нелигин билмайсиз ҳали.
Қўшнисин учратар,
кулгили ҳолда
кўчадан бораркан терлаб, зинғиллаб.
Не излаб юрибсиз, деган саволга,
ҳа, шу парфияни, деди минғирлаб.
Э, қўйинг ҳазилни, —
қўшниси кулар, —
бу қурғурни топиш ўзи қийин-да.
Бошсизга жон кирар,
тинмай уҳ-уҳлаб,
қанчага бўлсаям...
қўлланг, дер чиндан.
Қўшниси қичқирар
кулиб наридан:
Парфия қадимги давлатнинг номи.
Гўё етти қават ернинг қаъридан.
нес бўлиб чақчаяр одамнинг хоми.
...Шу-шу ғойиб бўлди
шаҳардан бошсиз,
биров, ўтди, деса,
биров дер, кўчди.
Хуллас, бу дунёдан калласиз, ёшсиз
кимсанинг овози бутунлай ўчди.
Хўш, қайга кетдийкин
бошсиз елкали?
Давомин ўзича тўқисин ҳар ким.
Чиндан Парфияни олиб келгани
қадимги замонга
кетгандир балким.


ҲАНГОМА

Ёз куни,
катта йўл.
Гўзал аланглар
гўёки нимадир етмаётгандай.
Қуёш имиллайди,
гўзални кўриб,
гўёки атайин кетмаётгандай.
Гўзал ороланар,
лабларин бўяр,
қийиқ кўзларига суради сурма.
Чаккада бир даста садарайҳони,
тирноғи бўялган қўлида журнал.
Мунчалар кўркамдир супермошинлар:
оқ, қизил, кўк, сариқ, жигарранг, мовий...
Қиличдай йигитлар бир зумга тўхтар,
гўзалга тикилиб жуда ижобий...
Оқ машина тўхтар: "Ойимқиз, кетдик".
ойимқиз бўялган лабларин бурар.
Яшили тўхтайди: "Оппоқ қиз, э ҳайй".
Оппоқ қиз қарамас —
гўё ўй сурар.
Ярқираб тўхтайди қизили, мана:
"Гаплашиб кетайлик, э майли, аттанг".
Товланиб тўхтайди мовий ранглиси:
"Мунча чиройлисан, жонингдан аканг".
Барига ноз-фироқ,
карашма қилар,
гўё мана, ҳозир йўлайдигандай.
Барини куйдириб, мазахлаб қолар,
гўё бир шаҳзода келадигандай.
Қуёш кетиб қолди зерикканидан,
бундай ланж томоша ёқмади чоғи.
Ўтар кулранг, носранг, қора мошинлар,
кўринай демасди аммо зўрроғи.
Энди нур ўйнамас шўх кўзларида,
бирпасда олам ҳам қолди торайиб.
Ой чиққан маҳали
силкиниб, тутаб,
бир бало кўринди кўзга қорайиб.
Гўзал қўл кўтарар ўзидан ўзи,
олдинги ўринга ўтирар шошиб.
Ҳайдовчи кексайди,
тағин кўсайди,
кал ҳам гаранг эди, шарпайди ожиз.
На илож,
кетиш ҳам керак эди-да,
лаблари сўлиган: юзида — сурма,
ўйида оқ, сариқ, кўк, қизил, мовий,
хиноли қўлида эзилган журнал...


ОВЧИЛАР

Қирчиллаган йигитлар
қўмсаб овнинг гаштини,
маст отларни ўйнатиб,
кезар дала-даштларни.

Кун найзага келганда
роса терга ботдилар,
гоҳо қуён, гоҳ читтак,
гоҳо чумчуқ отдилар.

Аммо бундай эрмакдан
кўнгиллари тўлмади.
Қайтишди кун ботарда -
«бўлмади ов, бўлмади».

Овчилардан кулгандай
бўларди тоғ тошлари.
Қайтар эди шўрликлар
қуйи эгиб бошларин.

Мана, ногоҳ овчилар
ҳайратдан лол қарайди:
жаннатдай бир маконда
туман қушлар сайрайди.

Гала-гала тустовуқлар,
кийик уйнар сайҳонда,
садо берар какликлар,
ғозлар учар осмонда.

Овчилар воҳ дейишар,
«воҳ» дейишар ўртаниб,
милтиқлари бор эди-ю,
соб бўлганди ўқлари...


ЙЎЛБАРС

Мангу қочар,
қочар тоғлардан,
ўрмонлардан, чангал, тўқайдан.
Дунёда кўп яшагани йўқ,
аммо бунча душмани қайдан?
Шўрлик йўлбарс
қайга қочмасин
фақат овчи йўлини тўсди.
У ҳеч қачон қочмасди, аммо
ўзига ҳам ёқарди пўстин.


- ҚОП-ҚОРА ЧЕЧАКЛАР -

ҚЎШИМЧА ҚЎРИҚ

Қуршовда
юртимнинг қабристонлари, 
қабрлар оғзида тўхтаган пахта, 
гўё шўрликларнинг арзон жонларин 
қутқариб қолгандай милёнлаб лаҳад. 
Шўрликлар
бир умр ёмғир, қор кечиб, 
фақат қабрлардан ҳаловат топди. 
Уялдим тунов кун кўйлагим ечиб, 
пахта экилмаган баданим қопти. 
Мен ҳам гўл одамман, 
биргад укалар,
пошшолар ухласин дейман хотиржам,
менгаям озгина беринг шу дарддан, 
энди пахта экинг баданимга ҳам. 
Фақат баданимга ишлатманг кимё, 
кимё кириб бўлган хону монимга, 
бутифос, катаран, 
қисқаси, сонминг 
заҳарли дорилар оқар қонимда.
Қўрқмасдан экворинг, 
тезроқ борасиз
юқори белгилаб берган мўлжалга, 
пахта очилганда ҳеч бир дорисиз 
баргларин тўкворар
эсли гўзалар.


ТУҲМАТ

Кеча ўғри бўлди,
бугун ваҳшийдир,
энди бутун дунё билар бу ҳақда.
Қандай мўмин эди,
қандай яхшийди
анқайиб жимгина терганда пахта. 
Қайта қуриш ўзи чиқди қайданам? — 
юксак қалъалардан боққан ўғрилар 
улкан мамлакатнинг бутун айбини 
содда ўзбекларга қўйди тўғрилаб. 
Шунда буюк денгиз чайқалиб кетди,
майдонларни босди бир ювош зулмат. 
Шоирлар уйғота олмаган элни 
уйғотиб юборди маломат, туҳмат.
Кеча ўғри бўлди, 
бугун ваҳшийдир, 
бўҳтонга кўмилиб турар асабий. 
Ўзин майдонларга сиғдира олмас, 
болалар қонига ўтар ғазаби. 
Яхшилик туғади, ёмонлик ҳам гоҳ, 
бўлмаса озгина қўйсалар мақтаб, 
бугун ҳам саҳардан қаро шомгача 
жимгина илжайиб терарди пахта.


УЙҚУ

Халойиқ ишонди,
кўзёшдан ийди, 
айбдор болтамас, 
айбдор кунда.
Қасосин олмоқдан ўзини тийди 
жаллодлар ниқоби йиртилган кунда. 
Қон қўлида сузар бедод салтанат, 
барча тафсилотин, қани, ким ёдлар? 
Бу содда халойиқ мунча алданар, 
пихиллаб кулади энди жаллодлар. 
Ўтар ошкоралик ҳаш-паш дегунча, 
келажак кўрсатар ким кулар, йиғлар, 
милён айғоқчилар далил тергунча 
қайралиб турса, бас, 
исфаҳон тиғлар.

Қайдадир
булбуллар толиқиб сайрар, 
ҳавода учгандай милён малойик. 
Бир четда жаллодлар тиғларин қайрар, 
уйқуни уради шўрлик халойиқ.


БАТТОЛ ОРЗУСИ

Халақит беради 
ҳамиша бу вақт,
бемалол ишлашга қўймас бизларни. 
Қанча чўлпонларни отувдик пақ-пақ, 
зўрға яширгандик қонли изларни... 
Аммо вақт очворди... 
биз гумдон қилган
ҳозирча... ўттиқ-қирқ милёнта мурда 
содда — гўл халқларга жи-и-ндай тешилган
калла чаноқларин кўрсатиб турар.
Хўш, мунча ваҳима... 
ахир сиёсат
вақти-вақти битан қон талаб қилар, 
ахир ҳурфикрлик деган риёзат 
ҳар қандай давлатни йиқита билар. 
Инсонпарварликдан қайтганимиз йўқ, 
ҳалиям тошларни кесар болтамиз. 
Агар керак бўлса, 
ўқларимиз кўп,
ҳаммани бир бошдан пақ-пақ отамиз. 
Чўлпон-пўлпон дейсиз,
ишимиз катта,
тарихга сиғмасдан турар ўжарлар, 
жаҳолат босган тўрт асрни ҳатлаб 
Бобурни олувдик энди мўлжалга. 
Аммо сал кечикдик... 
чала қолди иш,
вақт ҳам мудраб қолар — ҳали кўрамиз, 
Навоий мулла бор, тағин Яссавий, 
нарида Қошғарий, 
бор-ку Тўмарис...



ОРЗУГА АЙБ ЙЎҚ

Кеча давлат туздим,
унча каттамас,
турар метиндан-да қаттиқ тамалда —
мухтасар қонунлар фақат хатдамас,
бутун афзаллиги,
эрки амалда.
Гўё ким атайлаб сувга босган бир
коптокдай балқиди рангин савлати,
кўрди юксалганин бир фитна олғир
ўзи бўғиб қўйган ўзбек давлатин.
Аммо ғаразгўйлар тахмин қилгандай
гуркираб ўсмади юртда ваҳшийлик,
тўқнашиб қолганда кулди итлар ҳам,
шикор-қатағонга чиқмас даҳрийлик.
Ахир, ўзбеклар ҳам учалик гўлмас,
балиқ бошдан деган гаплар тўхтади,
раҳбарлар кўксини чангаллаб ўлмас,
пинҳона хусумат,
зарблар тўхтади.
Шоирлар нолимас,
сочлар оқарган...
Нотиқлар эсдалик айтар авлодга:
бир пайт, азизларим,
Маскўп орқали
бориб келар эдик қўшни афғонга.
Бундаги элатлар иззат-ҳурматда,
кўзлари чақчаймас яккатилликдан,
кўнгилга яқинроқ бўлди ғурбатлар,
ҳеч кимса ўлмайди мустақилликдан.

Етар шунча таъриф, 
нозик замонда
агар айтиб қўйсам таъриф адоғин,
ёниб кетишингиз мумкин армондан,
армон — бу оғир дард,
жудаям оғир.


ФИТНАЧИ ХУСУСИДА

Бу юртда
ҳамиша фитнадан
улуғлар йиқилур юзтубан,
пешобин оқизиб битмаган
фитначи ўтажак устидан.

Азалдан адолат ёритган
энг олий ҳақиқат йўлини, 
элатлар қонлари қоришар
фитналар зулмидан бўлиниб.

Хаёлнинг гулини сўлдирган, 
нуратган қанчалаб давронни, 
ҳар доим панадан ўлдирган 
муғамбир шайтонлар шайтони.

Самовий торлари кесилган, 
худога тенглайди ўзларин, 
заифлар кетидан эзитган 
усталдан ололмас кўзларин.

Разиллар нафасин ҳайдаган 
руҳларим, ҳурларим, қайдасиз? 
Дилларнинг тубидан таланган 
арғувон дурларим, қайдасиз?

Қаҳратон сувини симирган
соддадил жўралар, қайдасиз?
Мардликнинг пойига сиғинган
дарёдил жўмардлар, қайдасиз?

Қайдасиз?
Ер билан бир бўлиб, 
ётибсиз фитналар қурбони, 
фожиа сўнггида сир бўлиб, 
фитначи тебратар дунёни.

Умримиз узилган ёғдудай
офтобга эргашиб кетади, 
фитначи пиширган оғулар 
тириклик бошига етади.

Ёзилур бир куни тарихда 
даҳолар сийлиқлар олгани, 
кўмилган замонлар қатида 
фитналар очилмай қолгани.


ҚЎҚОН ШАМОЛИ ҲАҚИДА ЎТМИШДАН БИР РИВОЯТ

Эски ўзанлардан келди гулдираб 
улкан тўзонларнинг жинни ҳаммоли. 
Ўйлаб юрган эдик сени ўлди деб,
ҳалиям бормисан, 
Қўқон шамоли.
Энди вақт айланар бошқа ҳалқада, 
бошқа бир ҳалқада сузар ҳаловат. 
Ўйловдик сениям бир танг лаҳзада 
тирбарон қилди деб, 
ювуқсиз ётлар. 
Улар ҳам одамми, 
улар темирдан,
зулмат босқонлари эзмиш гулларни. 
Дилларда ниш урмиш эркин кемирган
оҳ, ўша кунлари, 
ўша кунлари...
Тошмайдон силкиниб кетди лаҳзада,
тўсатдан гуллаган нигоҳлар сўлди. 
Қарсиллаб урилган оний зарбадан 
ўсмирлар қонининг рангини кўрди. 
Атрофга додларни сочган азондан 
ларзага тушганда минг-минглаб даҳа 
бу қаттол осмон ҳам кулранг равоқдан 
бошларга сочворди машъум қаҳқаҳа. 
Юртми бу,
ғанимдан қолган маломат 
ё иғво қутиси, билмай ўтарман.
Бедодлик даштида қилиб каромат, 
ўсмирлар нигоҳи каби сўларман.
Бу қайси салтанат 
ялоқларидан
мағзава ялаган фитна итлари?! 
Қуртлаб, бижғиб ётар яроқларида
қурбонлик истаган ажал ҳирслари. 
Энди эрким учун роса етилдим, 
эй, шамол, энг эркин қўлингни бергин! 
Туҳмат чаёнлари чаққан бетимга 
қонли рўмолларнинг учлари тегди. 
Энди етим гуллар нафасларимас, 
ажал тўкиб кетган қон ҳиди елар. 
Энди иккимизнинг қаъримиздан ҳам 
оқ рўмол ёпинган
бир йиғи келар.


ҚУЛОҒИМДА ҚОЛГАН ЙИҒИ

Бир ёмон,
бир узун,
бир ўткир йиғи,
ҳали эр кўрмаган қизлар йиғиси.
Кўмилиб кетаркан тоғ ўкириғи
тўсатдан саннаса
минг қиз йиғилиб.
Момолар йиғлаган ерда йиғлайсиз,
оналар йиғлаган...
буям бир шараф.
Ёрма ўқ сингари тиним билмаган
бу бахтга болалар бўлар мушарраф.
Қўшкалла калхат бор ҳамон бошингда,
занжирлар шодаси чирир бўйнингда.
Яйраб кулганмидинг,
асрий дошингдан
яралган илонлар ўйнар қўйнингда?!

Бир ёмон, 
Бир узун,
бир ўткир йиғи
водий шамолида келар изиллаб. 
Бу ёз кечалари йилларнинг тиғи 
айланиб-айланиб юрар ичимда.

Кимга сиғиндингиз?
Кимни кўрдингиз?
Неча қатли омлар ўчдими ёддан?
Очилмай узилган гулдай сўлдингиз,
эрларни яширган ерни қучоқлаб...
Ҳали бор,
анча бор,
ҳали кўнгиллар
хўрликни қусгувчи кунларгача бор.
Ҳаром валатларни урчитган йиллар
жаврини йўқ қилур
битта улкан дод.

Бир ёмон,
бир узун,
бир улкан йиғи,
қайси бир жаврнинг аччиқ тортиғи.
Оҳ, мунча айланар,
мунча тўлғанар
ичимда йилларнинг занглаган тиғи.


ШОҲРУХ МИРЗО СУҲБАТИ

Ёлғонлар чекинди,
юксалди нафрат,
кеча шод кўзларни синдирди жола.
Дунёга келдиму кетарман қарғаб,
сиёсат энг катта қимордир, болам!
Жобир мустабидлар иродаси-ла
не сирлар инграйди машъум кенгликда.
Қотиллар сўз айтди биродарликдан,
ишонган йўқсуллар
қолди тенгликда.
Атрофга қарама,
кўзга ёш тўлар,
тузилмай турибоқ бузилган олам. 
Нечун Туронзамин чечакдай сўлар, 
бу замин бормиди бизларда, болам?! 
Эрк қани, 
эр қани, 
асил ер қани,
заҳарга қорилган аччиқ тиллар бор, 
тубан бир ҳалқада тинмай айланган 
ўзликдан бехабар қанжиқ диллар бор. 
Жавр шунча бўлур, сабр ҳам шунча,
томондан юксалар ёвуз бир нола. 
Темир пардаларни вақт сургунча
бут одам қолмапти бу уйда, болам! 
Вайрона... вайрона... 
Фақат вайрона...
бошлари қўрғошин тўла лашкарлар... 
ажал сиртмоқларин судраб сайрона
кезмиш қатор-қатор қаро жасадлар. 
Бу тубан ҳалқада борми бир маъни, 
қачон бу ҳалқадан чиқар бу одам? 
Гоҳ сенга суяниб ўлай дейман-у, 
жудаям бегуноҳ, 
ёлғизсан, болам!


КЕНГЛИК СОҒИНЧИ

Армоним улғайди... 
кеча сўйлардим —
қанийди бўлса деб бирорта мард дўст. 
Бугун қон йиғларман — 
денгиз бўлсайди,
бўлсайди улуғвор уммонларга йўл. 
Армоним улуғдир... 
кўзёшим улкан,
ўлсам, жасадимга юртим тўлажак. 
Сўнгги зурёдимни заҳарлар қуллар, 
сўнгги чечакларим айниб сўлажак. 
Эй, беклар,
заҳар ич — ўзбегинг қолиб, 
ўзгага бўйсундинг, 
ўлганинг шулдир.
Шунданми, бошида теридан қолип,
саксовул сингари майишган будун.
Бир саҳро...
самога тикилар банда...
эрюзли хотунлар...
хотун юзли эр.
Ўзликни ўстирай,
борми маҳзанда
хоинлар сийдиги сачрамаган ер.
Ҳой, одам, ким эдинг,
топган-тутганинг
бир бўлак ёмбимас,
қўрқинчли безак?!
Шоирлар сиғинган ўшал юрт қани?
Эрким деб тутарсан бир парча тезак.
Денгизга қуйшлмас бирорта дарё,
қумлар қамалида бижғиган диёр.
Бу йўлнинг сўнгида бир улкан фарёд,
бир ўлим, баҳайбат битта ўлим бор.
Йиғласанг йиғлагин
битта денгиздай,
жондан тўйган бўлсанг,
уммон каби ўл,
чунки бир денгиз йўқ тақир кенгликда, 
чунки йўқ улуғвор уммонларга йўл.


ГУЛ ЙИҒИСИ

Қачон гул ҳидловдим, 
қачон сувларда
ёғдулар рақсини томоша қилдим? 
Насимлар мавжида елган ҳурлардан
кўзларим узолмай қачон йиқитдим? 
Билмадим,
хаёлий дунёмидир бул, 
жудолиғ бағримни тугатди тамом,
яна бу тубанлиғ даштида мақтул
жисмимни унутиб излайман пайғом. 
Бу ерда ваҳшийлар йўл қарар эди 
тағин бир валламат қонини истаб, 
тунларнинг йиртилган кўлкаларида 
валилар сўнгагин ғажирди итлар. 
Очиқ мозорларнинг қирғоқларида 
тиллари иккига айрилган қуллар, 
вақтнинг сарғайган чирмобларида 
юраги ёрилиб ўлган булбуллар. 
Сувлар ҳам ириган, 
ириб ётар Шарқ
тунларни ёритган майхоналарда, 
ёвуз қон гирватин қаърига қараб, 
завжалар йиғларди вайроналарда. 
Осмон йироқ эди, 
ер эса қаттиқ,
тобора олислаб борар қуёш ҳам, 
бунда ғофилларнинг қисмати аччиқ,
бунда қаттолларнинг бошлари тошдан. 
Вой, куним,
маҳшарга тўқинган куним, 
сўнгги кўзларимдан эриганда ёш, 
Билолни чақирдим, эй, буюк қулим,
манов хоқонларнинг қулоқларин оч.
Аммоки Билол йўқ,
милён Жаҳл бор,
милён қўлларида қонсираган тош,
зулм зулматининг оғушида хор
битта гул,
ёлғизгул йиғларди, холос. 
Ёвуз бир дарбадар бор эди тағин, 
бор эди қўйнида интиқом тиғи, 
бор эди ёғдулар синган бетайин
дунёдан юксалган 
бир гўзал йиғи.
Дунёга келдимми ёки қайтдимми,
кимсасиз даштларнинг қаърида нечун 
илк бора англадим ёлғиз дардингни 
кечалар тубида йиғлаган, эй гул.


ҒАМГИН ШEЪР

Умр ҳам ўтгандай...
гўё бир кунда
настарин гулидай очилиб сўлдик.
гўё бир нафаслик равшан қуюнда
қалби сўқирларга асфсона бўлдик,
қушларни музлатган қора буюқда
соямиз қўшилиб девона бўлдик.

Мармари қўрғонлар оёқларида
умрини ёндирган дарвозабонлар...
қутурган жаҳолат таёқларидан
силласи қуриган дарёзабонлар...
дунёнинг қайроқтош табоқларида
кимларга йиғлади пари саболар.

Отларнинг чириган калласи каби
моҳият рафтори кўринган чоғлар,
ойларнинг увалиб тушган палласи,
юраклар гулини куйдирган доғлар,
кимларга аталган эди файласуф
қоялар бошида қорайган дорлар.

Иғво чечаклари...
фитна боғлари...
салтанат пойидан оққан базмлар,
туҳматни шопирган кунлар новлари,
раққос либосини кийган назмлар,
вақтнинг милёнта кар гўрковлари
эзилиб кимларга лаҳад қаздилар.

Умр ҳам ўтгандай...
наҳот бир кунда
настарин гулидай очилиб сўлдик?
Бир нафис гул кўрдик ёвуз жунунда,
орзулаб исмни армона қўйдик,
исми жисмига мос армона бўлди,
бу гулга тикилиб вайрона бўлдик.

Зулм мошинлари...
шайтон сорлари...
шаҳват гирдобида сузган садолар,
кўзлари тошлардай қаттиқ ёрлари
жавҳарин нишолда қилган гадолар...
валилар ўқчиган буюк тонгларни
қай гўрга яшириб қўйди разолат?

Дунёни тебратган зиёбонлар ҳам
кафанга бурканиб фалакка ўрлар,
ўтлардан чинқириб биёбонларда
ваҳшийлар оғзидай очилган гўрлар...
ҳақорат сойлари қўшилган жойда
токай қонимизни ичар қонхўрлар?

Саҳро эгалари —
ғам тепалари...
зулматда йиғлаган чечаклар дарди,
мозийга йўл солган кун тевалари,
юракнинг туйғудан ёришган қаъри,
вақтнинг шафқатсиз неваралари
қайларга оборар бизларни айриб?

Умр ҳам ўтгандай...
офтоб сўлгандай...
қайғули харсанглар хаёлни эзар,
жаннатни соғиниб ётган чўлларда
қашқирлар галаси қонсираб кезар.
Эй, гулим, 
кўзларга ёшлар тўлганда
соямиз қўшилган дамларни эсланг!


ТАРИҚАТ

Дунёга сиғмадим, 
сиғмади дунё
ғурбатдан торайган табиатимга, 
қоп-қора чечакдай сочилмиш ҳулё 
жўмардлар кўмилган тариқатимга. 
Майлига,
чечаклар қоп-қора бўлсин, 
йиқитса шу йўлда йиқитсин тақдир, 
қуртлаган истаклар шуъласи сўлсин, 
худойим сийлаган ҳурлигим яхши. 
Бичилган қулларнинг, 
қулзодаларнинг
малак сиймоларин ўйнатган дунё,
яралган лаҳзадан ҳур одамларни 
иблислар тилида сўйлатган дунё. 
Чиройли эрмаклар маҳзанидир ул, 
мағизи қайғудан, 
пўстлоғи зардан,
сарғарар очилмай туриб қизил гул, 
тупроғи жимгина қусган заҳардан. 
Чайқалар жаҳолат оғочларида 
неча минг Машрабу 
Мансури Ҳаллож... 
ҳамон юксалади йўл бошларида 
одамзот қонига тўймаган жаллод. 
Токай бу иблислик, 
токай бу ёлғон,
токай тиғ кўтарар қора гуруҳлар, 
токай бижғиб ётар ғариб аламон 
ичига тириклай кўмилган руҳлар. 
Зулфиқор руҳ керак, 
керак чин ёғду,
чин ишқ ёғдулари бағримга тўлсин, 
жисмимни тобласин фақат чин оғриқ, 
чечаклар қоп-қора бўлса-да бўлсин. 
Бағрикенг худойим
кечириб қўяр,
йиқилсам етмай ул ҳақиқатимга, 
кўмилсам, кўмилай ўлими гўзал — 
жўмардлар кўмитган тариқатимга.


ЭСКИ ШЕЪР

Буюк Турон кенгликларида 
кўмилиб ётибди ҳадсиз хазина, 
кўмилиб етибди йиллар қаърида 
хазинага туташ саноқсиз зина... 
Адашдим,
руҳимда парокандалик 
кўп сирли асрлар шабистонида, 
кезгандай бўламан азиз битиклар, 
донишманд элларнинг қабристонида. 
Халқлар инжуларни ўтмишларидан 
зарралаб-зарралаб терган пайтида 
биз ногоҳ шамолда очилиб қолган 
қанча жавоҳирни кўмдик қайтадан. 
Бу қуллик белгиси ёки кўрликми
ё банди бўлдикми ҳирс, таъмаларга,
ўзгага тутдикми жавҳар ўзликни,
қўрқдикми одамхўр маҳкамалардан?!
Ватаним дейман-у, бағрим қон бўлар,
бу қандай ватанки,
хоки бирикмас,
буюк Турон кенгликларида
уруғлар бир-бирин еди тириклай.
Бу қандай ватанки,
шоҳизиндалар
бир ғариб элининг орини сотса, 
шоирлар салтанат зиналарида 
мансабу мартаба тиланиб ётса. 
Эй, сиз, адашганлар... 
Элнинг қонида
наҳотки самовий чечаклар сўлган! 
Илож қолмадими жанг майдонида 
Оллоҳу акбар деб ўлишдан бўлак? 
Эй, элим,
қачондир бир гала бедил 
кўксингдан дилингни суғурган маҳал 
нега шол юзингни бурдинг тескари, 
нега тирик қолдинг ичмасдан заҳар?!
Буюк Турон кенгликларида 
кўмилиб етибди ҳадсиз хазина, 
кумилиб ётибди йиллар қаърида 
юксак бир оламга 
туташган зина.
Ҳали кўп йўловчи бу манзилгоҳдан 
айланиб-айланиб ўтар сағирдай. 
Ҳали узоқ ётар, 
узоқ ва узоқ
буюк хазиналар йиллар қаърида.


КАЙФИЯТ МАНЗАРАСИ

Далв ойи.
Атрофда бир ҳовуч қор йўқ.
Девона оғочлар кезмиш туманда.
Кўнгилнинг ҳолини сўрашга ёр йўқ,
Жўмард йўқ сўйлайин десам Турондан
Наҳрлар сўйилган,
қоннинг ранги йўқ,
ичимда бўридай увлар бир шамол,
қиличдай чарақлар ой нурида йўл,
кенгликда ухлайди улкан бир қарол.
Оловдан сўйлайми,
сўйлайми майдан,
дарбадар набидай ўқийми оят.
Бу сохта булбуллар намунча сайрар,
намунча пўйроздан оқар ҳақорат.
Қарол жим ухлайди бу қиш палласи,
бор-йўғин каламуш галаси ташир,
шамолда тебранган улкан калласин
талашиб-тортқилаб қашқирлар ғажир.
Валатлар
айниган дилларин кўриб,
ёпиқ дарчаларни муштлайди титраб.
Эй кўнгил,
пойингда бир тупроқ бўлдим, 
Кетмагил,
шу ерда баралла йиғла. 
Далв ойи.
Суронлар тўфонларидан 
қашқирлар тирқираб қочган бир онда 
ўлдим рўйжада хоб ўпқонларидан 
жонимни қийнаган ёвуз бир қондан. 
Қарғалар босди сўнг... 
чилпарчин ёруғ,
қоришди талваса — нур билан рўё, 
Турон кенгликлари сориғдан сориғ, 
улкан бир ўлакса ётгандай гўё...


ТУРКИЙЛАР

Қиличин ташлади беклар ниҳоят, 
босилди тулпорлар, 
тиғлар сурони,
урҳога ўрганган тилларда оят, 
туркийлар таниди комил худони. 
Қиличлар занглади... 
фалокат ҳушёр,
туркийлар қувватин берди ерларга. 
Ҳийлагар дўстлардай яқинлашди ёв 
комиллик қидирган жасур эрларга. 
Илвасин йигитлар, 
бобир йигитлар,
саждага бош қўйди ёвга терс қараб, 
ғулларни кемириб йиғлади итлар, 
буюк бошни кесди қилич ярақлаб. 
Туркда бош қолмади... қолмади довлар.
хотин-халаж қолди мотам кўтариб, 
«бизга тик қарама» буюрди ёвлар, 
ёвларга терс қараб яшади бари. 
Таланди самовий тулпор уюри, 
таланди зарлари, 
зебу забари,
терс қараб ўлинг деб ёвлар буюрди,
ёвларга терс қараб жон берди бари.
Лаҳадга кирдилар ўзларин қарғаб,
қолмади арабий,
туркий хатлари,
туғингиз деди ёв тескари қараб,
ёвларга терс қараб туғилди бари.
Туғилди,
туғилди,
туғилди қуллар,
қирқида қирилган — имдодга муҳтож,
ёвларга терс қараб итлардай ҳурар, 
бир-бирига душман,
бир-биридан кож.
Жўмардлар қирилган Туронзаминда
дўзахий тажриба палласин кўрдим: 
эшшак суврати бор қай бир қавмда, 
қай бирида тўнғиз калласин кўрдим. 
Бу ҳолдан буваклар бўғилиб ўлар, 
қул Билол эзилиб йиғлар фалакда...
Ўзларин ёндирар борлиқдан тўйган 
Бадахшон лаълидай асл малаклар. 
Мўминлар беш бора Аллоҳни эслар 
саждага бош қўйиб жаллод тошига. 
Ўгрилиб сал ортга қарайин деса, 
бошига урарлар,
фақат бошига. 
Борми эр йигитлар, борми эр қизлар,
борми гул бағрингда жўмард нолалар,
борми бул туфроқда ўзлигин излаб, 
осмону фалакка етган болалар.

Бор бўлса,
аларга еткариб қўйинг,
бир бошга бир ўлим демаган эрмас,
шаҳидлар ўлмайди,
бир қараб тўйинг:
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!


ШАРҲИ ҲОЛ

Шуҳрати сочилди бодияларга... 
зарбадан бештага бўлинди андуҳ.
Йилларга ем бўлган обидаларда 
тинимсиз айланар чирқираган руҳ. 
Бузилди азоб-ла қурилган диллар, 
илинждан ўзга бир туйғу сиғмади. 
Насабин билмаган шўрлик етимлар 
ғафлатда ухлади,
кимлар йиғлади
Фитналар домида пишган зулмдан 
айвсиз босилди қўзғолган ёдлар, 
ўзликни топтаган маккор илмдан 
кулгуга айланиб кетди фарёдлар. 
Ким қолди?
Иблиснинг макрига учиб, 
қирпичоқ бўлгувчи аламон қолди, 
юз йиллик адоват заҳрини қусиб; 
қонига ғарқ бўлган ғалаён қолди. 
Ким қолур?
Ҳаттоки сўнгги лаҳзада
кўзлари тўймаган жобирлар қолур,
ўлим-ла ўйнашган назм авжида
юраги ёрилган шоирлар қолур.
Туркистон —
тарихи ҳарбистонларда,
тўкилиб битдими буюк қоматлар?
Руҳи дод солмасди қабристонларда
қаддини кўтарса агар номардлар.
Буюк руҳ чирқирар...
Мудҳиш саройда
зинодан тўралган неча даҳрий зот 
урчитар малаклар туғилган жойда 
ўзаги айниган янги махлуқот... 
Демак, бор,
баҳайбат зулм бор ҳали, 
ҳали бор одамни қувган овчилар, 
шундан донишлари овсару далли, 
ўғрига айланган доно тожирлар,
шундан чумчуқюрак пошшолари гунг, 
фақирлар кўниккан бало, қаҳатга, 
шундан водийларда ўсиб ётар мунг, 
ҳаттоки булбуллар ўхшар калхатга. 
Туркистон —
тўзондай тўзган жигарлар, 
жигарлар йўлинда темир тиканлар, 
гадолик илмини ўргатар энди 
аждод-авлоди-ла босиб шилганлар. 
Бурғулар чириган... 
занглаган тиғлар... 
итлар томоқ ичар олтин тожидан,
мозийга тикилиб муғанний йиғлар, 
шеър ёзиб ўлтирар лашкарбошилар.


ЁНАЁТГАНЛАР

Валламат ғозийлар 
қабрида турди,
эртакда адашган танти ботирлар. 
Чинаккам эрлари қолмаган юртда 
ўзларин ёндирар бугун хотинлар. 
Қайга борадилар
ваҳший аланга
бағрида додларин кўтариб азот? 
Таскин топардилар кеча даладан, 
бугун излайдилар оловдан нажот. 
Гўёки мағрибга ғарқ бўлиб қуёш, 
садолар инларга қайтар фурсатда 
қуёшдан узилиб қолган бир қулоч 
аланга чинқириб қочар зулматдан. 
Фарёдлар гуркираб
ўсган бу замин
мунчалар дуч келди худо қаҳрига, 
юз йиллаб кўз юммай ётган ғаними 
аланга эккандай зулмат қаърига. 
Бадахшон лаълимас, 
гавҳару дурмас,
оддий бир инсоний қадрини излаб, 
чинаккам беклари қирилган юртда 
гулхандай ёнади неча гул қизлар. 
Бу исён — лаҳзалик, 
даҳшат солароқ
бир зумда ўтар-да дўзахий оғриқ, 
бироқ бу гуллардан бахти қорароқ — 
бир умр ёнгувчи гуллар-да бордир. 
Бу гуллар — 
сўзлаган онидан бошлаб, 
кўрмайин юлдузли осмон равоғин, 
қанотдай қўлларда ерни тарошлаб,
ўт билан сувлардан ясар жавоҳир.

Фаришта қўллари қорайиб куйган, 
кир дурра чирмаган олма юзларин,
ҳар бири Шерали ҳофизни суйган, 
кўзлари ғуссали, 
кичик жуссали,
кўксида армоннинг тумордай доғи, 
дейдилар гулилар юрти — Ҳиротда,
Зуҳросиз равзада турмаган Тоҳир, 
Лайли ва мажнунлар фақат китобда. 
Воҳ, нечук туғилиш... 
борми алардай
оловни тожларда кўтарган гуллар! 
Жаҳондан узилиб қолган далада 
мунчалар милтираб ёнар бу қуллар! 
Машриқдан мағрибга судралган ғамлар... 
манглайга ёзуқни битаркан дажжол, 
бу мудҳиш масканда милён санамлар 
бир умр изларми оловдан нажот! 
Ё худо,
денгизлар бунча узоқда! 
Бунчалар олисдир қайсар дарёлар! 
Жаҳондан узилиб кетган тупроқда 
милтираб ёнгандай ғариб маъволар...


БУЗИЛГАН ДЕВОРЛАР

Қадимда
мевалар етилган пайтда 
савоб деб яшаган комил аждодим
мусофир чанқоғин боссин деб атай 
бузиб қўяр экан боғлар деворин. 
Эрон даштларидан Хитойга қадар 
девори бузилиб ётган боғ эди, 
бу боққа мусофир кирган дафъада 
астойдил севинган элим бор эди. 
Бор эди
бу элнинг худо безаган, 
камолга туташган олтин чоғлари, 
қарғишлар қарғадай қўнган ерлардан 
қалтираб ахтардим ўшал боғларни.
Ахир, ер ютдими... 
комил инсонлар
қолдими сарғайган афсоналарда? 
Метин деворларда — чақиртиконлар, 
қулфлар шодаси — дарвозаларда. 
Бир қўлимни бердим, есин чаёнлар,
бошқасин узатдим каламушларга, 
юрагим гулларин отдим аямай 
кўзлари қотирма падаркушларга. 
Битта гул юзига юзимни босиб, 
оғринган чоғимни тоғлар кўрмасин. 
Энди бу ҳолимни мозийдан тошиб, 
девори бузилган боғлар кўрмасин. 
Гирватдай айланар зулм дунёси...
қаъридан анқирди қора тер ҳиди, 
гўёки бу қадим йўллар худосиз, 
гўёки бутун бир элим берк эди. 
Берк эди,
берк эди,
чексиз деворлар
ичида инграрди чексиз бир шўрлик, 
тинимсиз муштладим дарвозаларни, 
ошиқ қўлларимни қонатиб бўлдим. 
Ошиқ кўзларим ҳам.... 
ёвуз чақнаган,
кимнидир сўкаман, бандаи ғофил, 
ахир ўз еримда дайдиб, чанқаган 
шўрлик мусофирман, 
улуғ мусофир.



ХОМАШЁ ХУСУСИДА

Ортиқча сийлаган худо бу ерни, 
одамдан азизроқ пахта, пилласи, 
асал-қанд меваси, қоракўл тери, 
саҳролар қаърида ётган тилласи. 
Унутманг,
борлиғин қилганча миннат 
софлик обкелдик деб вайсаган каслар 
кўзларин ўйнатган фақат зеб-зийнат, 
арзон хомашёни ўйлаган дастлаб. 
Бу ернинг бирорта дарвозаси йўқ... 
Аммоки йўли кўп, 
харидори кўп,
элининг дили оч, аммо кўзи тўқ, 
энг муҳим хислати — хомашёси кўп.

Қайдаки сусайса эътиқод, имон, 
бузуқлик авжига чиқса қай жойда, 
ул элнинг бошига қўнмасмиш ҳумо, 
бўлмасмиш ул элнинг
фарқи гадойдан.

Ҳақиқат мендадир, 
қудрат ўзгада, 
фароғат ўзгада, 
ҳақорат менда...
сойлардай тирилур минг бир кўчалар 
Тошлардай чўнқайиб йиғласам селдай. 
Улуғ дард чайқалган жисмим бор холос, 
майдонларга борсам шиор кўтариб, 
ҳар ёндан гуриллаб босади восвос 
манқуртлар резинка тўқмоқ ўқталиб. 
Жоним жуда арзон... 
Жудаям арзон,
арзондир бул юртда тўкилган қонлар, 
сочилиб ётибди бамисли хазон 
тупроқнинг бағрида янги қурбонлар. 
Бу бошлар бош эмас, 
бу кўзлар кўзмас,
қулларнинг бошидир,
қулларнинг кўзи.
Дунё золимники...
Мен энди сўзмас,
фарёд-ла сўйларман ўзимга ўзим:
хўш, кимман, нимаман,
улкан бир қуртдай
ўрмалаб ўтарман замон тошидан,
бутун борлиғи-ла хомашё юртда
мен ҳам одамзотнинг хомашёсиман.


БИР СУВРАТ ТААССУРОТИ

Ҳалиям ўйнайди иғво таёғи, 
тугамас маломат қисирғалари, 
бошинг балчиқдаю кўкда аёғинг,
мунчаям кўп экан ганжиналаринг. 
Барига ганжина, 
ганжина сабаб,
ҳамиша шундай деб ўтган улуғлар, 
манглайи шўрларнинг додини асраб, 
бўғилиб ғўлдирар соқов қудуқлар. 
Ижозат бердилар, 
қидир дедилар,
кун сайин ганжина талаб қилдилар, 
тилло олдилар-у, заҳар бердилар, 
зиғирдай айбингни шохга илдилар. 
Музликни маскан қил, 
дедим неча бор,
йиғладинг шунда деб боболар қабри, 
қўлингни кўтариб дединг худо-ё, 
ниҳоят қўзидинг худолар қаҳрин. 
Қарагин,
хешларинг орасида жанг, 
элатинг тўс-тўсу ит-мушук бўлди, 
боланг фаросатсиз, 
хотининг гаранг,
қизларинг меҳнатдан эзилиб ўлди.
Чинданам худонинг қаҳри келибди, 
емишинг тўппаю ичмишинг заҳар, 
узоқ пайт ишламай миянг эрибти, 
итларинг йўталар, 
эшакларинг кал.
Эрта-кеч ўйлайсан ганжина ҳақда, 
метинни эритиб юборар сабринг, 
кўзингда юксалар ўзингдай қайсар 
тўқсонминг бобонгни нураган қабри. 
Вой, одам,
вой, итнинг калта ойғи, 
кўзингда қайнайди ажиналаринг, 
худодан сўрайман эс-ҳушим оғиб, 
тезроқ тугасайди ганжиналаринг...


* * *

Ёмғирдан кейинги атиргул каби 
кўзларни яшнатган бокира диёр, 
дурру жавоҳирга тўлайди бағри, 
эрлари соддадил, 
ёвлари маккор.

Ҳали заҳар-заққум тотини битмай, 
машриқдан мағрибга кўчган сабода, 
ҳарис нигоҳларни назарга илмай, 
ҳилолдай порларди кўм-кўк қабода.

Наҳот бу ўша ер, 
шуми ҳар лаҳза
минг битта туйғуни ўйнатган гўша, 
бор тиғин миллиард ниш билан чақар
баҳайбат зангори чаёндай ғўза. 
Ҳамон эрлар содда, 
ёвлар маккордир, 
ҳамон диллар ўти кўкка ўрлайди, 
азалдан бу ернинг хўжаси борми, 
валламат эрлари қайси гўрдайди. 
Тупроғи эланган, 
тоғи туйилган,
зарлари терилган заррама-зарра, 
фарқи йўқ чўяндан, тўқим урилган 
тинимсиз минилган қўтир бир хардан. 
Лаълмас, шўриш кўрдим шўр манглайида
гуландом, гулназар, гулрухсорларнинг, 
золимнинг зулмини тугал англадим, 
англадим қайғусин кўҳна торларнинг.
Буюк тупроқ ўлди, 
ўлди жимгина,
энди бу маконда битмас тозагул,
энди заққум-заҳар бағридан инграб, 
фақат юксалажак милён-милён қул. 
Вой, инсон қонига қорилган замин, 
тупроққа айланган жигарим, бағрим.
Чўнқайиб ўтирдим, ёлғиз бўриман, 
ишқимни ғажиган бўридир қаҳрим. 
Ичимдан анқийди тупроқнинг ҳиди, 
тупроқ соя солмиш ранги рўйимга. 
Тупроқранг кўзларим, 
тупроқранг тилим, 
тупроқ ҳазинлиги сингмиш ўйимга. 
Тупроққа ўхшайсиз дегувчи кўпдир, 
севинчдан сиғмаймиз зард теримизга, 
тупроққа ўхшаймиз... 
хўш, нима бўпти, 
ўхшасак ўхшабмиз ўз еримизга.


БОЗОРДАГИ АФҒОНБОЛА СУВРАТИ

Ғазабдан юзлари қорайиб кетган, 
қадди эгилмаган... 
эгилган бозор...
Гўёки бир сирнинг тагига етган, 
битта у жафокаш, 
бошқалар айбдор. 
Кулфат оловида қайралган кўзи, 
ўқраяр мусулмон тоғлар йўқсули. 
Дунё бир томонда, бир ёнда ўзи, 
одамнинг қулимас, 
Оллоҳнинг қули.
Яшнаган нигоҳлар нурин сўндирар 
кўзида ўн йилдир жамланган ғазаб, 
тутгандай катта бир иғво ўлдирган 
бир ярим милёнта афғонга аза. 
Энди бор кулфатга сўрагандай қон, 
минглаб нигоҳ аро совуқ ярақлаб, 
бу нигоҳ кўзингга тушгани заҳот, 
бутун бор тиғингни кетар чавақлаб.
Эй, афғон,
маломат кўпдир бошимда, 
юртингни босганлар, 
отганлар бошқа.
Бир халқнинг дилини ёқут тошидай
майдалаб-майдалаб сотганлар бошқа.
Одамзот қайнаган бозорда афғон, 
хўмрайиб турибсан мисли тирик дор, 
худди бошлагудек бирорта ғавғо, 
ичингда Гулбиддин Ҳикматёринг бор...

Балки бундаймасдир, 
балки бу бола
афғон даштларининг тирик суврати, 
таниш савдоларни хотирга солган
бозорга тикилиб ўйлар суради.
Оний суврат бўлар... 
ҳатто мен ўзим
кўпинча юрсам-да хоксору ғариб, 
гоҳида саломга узатган қўлим 
порлар-ку Алининг қиличи каби.


ЖЕЗ ОТЛИҚ

Ҳамон улуғ келбат, 
ҳамон боши тик,
ҳамон тоғни бўлар қиличин зарби, 
қутурган бу ҳанги айғир-да тетик 
дунёга ташланар кўзи оч ҳарбий. 
Икки юз йилдирки 
улашиб шўриш,
мағлублар бошида қаҳқаҳа отар, 
ҳаттоки мангу эрк тимсоли бўлмиш 
осмон ҳам кўникиб қолди бу зотга. 
Озми бу денгизлар, 
озми бу ерлар,
озми тожларини узатган юртлар, 
ўз қонин симириб чириган эрлар, 
байланган ҳурлару таланган дурлар. 
Туёқлар янчмаган нималар қолди, 
айтарми қайтадан тиритган ёдлар, 
Турондай сарғаймиш от пешобидан 
самовий хитоблар, 
азиз китоблар.

Бас, телва сувори, 
ҳаддингдан ошма,
қутурган айғирнинг жиловини торт, 
икки юз йилдирки эллар бошида 
туёғини қайрар бу даҳшатли от. 
Адолат изладим сўнган йиллардан, 
агар шундай бўлса зиёпарварлик, 
қайдан униб чиқди милён дилларда
ҳасаду хусумат, 
хиёнат, ғарлик.
Жез отлиқ ўзини уради ҳар ён — 
машъум салтанатнинг соҳибқирони, 
чайқалар бўғилган бир баҳри фарёд, 
бўридай эргашар эл интиқоми. ...
Саҳрода кўринар тағин Тўмарис, 
тағин бир қўзғатар сабр тошини, 
бу сафар мешгамас, 
қон денгизига
отар бу зобитнинг оғир бошини...


ЁМҒИР

Бир ёмғир истарлар...
чексиз зулматдай
чексиз ёғадиган ёмғир истарлар.
Ялаб соб қилмади буюк ғурбатда
очилган қонларни този итлар-да.
Бир ёмғир истарлар...
ювса ғассол сув
тақирдай ёрилиб ётган мозийни, 
бузилган баҳрдай қўзғолмаса руҳ, 
кўтариб милёнлаб қонсиз ғозийни.
Бир ёмғир истарлар...
келмас ул қайсар,
жимдир кўп синоат гувоҳи — осмон,
қуёшдан отилган милярд найзалар
ҳали тегмасидан пориллайди қон.
Ёнар қон...
ёнар қон...
ёнар фақат қон...
Ботқоқдай товланиб ёвуз чайқалар, 
қўрқинчли сувратин қилур намоён 
жаллод қароргоҳи бўлмиш салтанат. 
Темир дарвозалар... 
темир пардалар...
чўян кундаларни беркитган садлар, 
хаёл дурбини ҳам етмас қаърларда 
қонли тиллоларни ўйнар муртадлар. 
Бўғилган ўрмонлар, 
синган дарёлар
саслари шиддат-ла қилганда меърож, 
тағин-да қизарар унган фарёддан 
сўзамол ҳукмдорнинг бошида ол тож.. 
Бир ёмғир истарлар... 
ғассол истарлар...
ювиб олмоқ учун қонли қўлларни, 
қалъалар ғиштлари тағин бистарлар, 
мармар зиналарда битган йўлларни. 
Илтижо қилди кўп саноқсиз қассоб, 
қолмасин мозийнинг бу қизил доғи. 
Топди кўп синоат гувоҳи — осмон 
қайси бир кунжидан озгина ёмғир. 
Осмон тешилгандай... 
замин чайқалди,
бир неча кун ёғди ёққандай қўрга. 
Дунёнинг ёмғир битта ҳайкалнинг 
чанг босган юзини ювганди зўрға...


ХИРГОЙИ

Ҳаммамиз қуёшда куйган жиззамиз,
қачон тиз чўкувдик, 
ҳамон иззамиз,
сирқираб оғрийди шишган тиззамиз, 
ўриндан озгина турсак майлиму?

Ўтганлар бари бек, 
қолган жавдирар,
гардинда кўринмас ғуллар шалдирар, 
меҳнатдан ёрилган қўллар қалтирар, 
ўз беким ерида юрсак майлиму?

Насимлар гулламиш озод тоғларда, 
озодлик муждаси сўлу соғларда, 
боболар қийналиб тиккан боғларда 
ағанаб бир хаёл сурсак майлиму?

Неча минг аллома, жўмардлар ўлган,
тасраккур сасиган, 
руҳлари сўлган,
уруғлар айниган тап-тақир чўлда 
ўз беким давлатин қурсак майлиму?

Юз эллик йилдирки мана шу ҳолат, 
ҳануз давом этар маккор тижорат,
билмадим, қаердан ушбу жаҳолат, 
нега сиз бўлмайсиз сира хижолат? 
Нега мен сўрайман сиздан ижозат?!


ОРОЛ ДЕНГИЗИНИ САҚЛАШ БОРАСИДА ОЛИЙ РАҲБАР МАСЛАҲАТИ

Тадбиркор бўлайлик,
ўзни тергайлик,
калови топилса ёнармиш қор ҳам,
эртадан ҳар томчи сувни тежайлик,
ўлётган денгизга берайлик ёрдам.
Қанийди ҳар кимса киришса қаттиқ
ахир тома-тома кўл бўлур дерлар,
ахир кўкариши,
гуллаши шартми
пахта экилмаган бекорчи ерлар.
Олайлик, узоғйил қор кўп ёғганди,
қор тагида колди Фарғона тараф,
ўн минг булдозерда ўша қорларни
сурсак бўлмасмиди Оролга караб.
Сираям камайтиб бўлмас пахтани,
янги имконларни кўрайлик ўйлаб,
чўмилмай йилда бир марта баданни
артсак бўлмайдими сочиқни ҳўллаб.
Халқимиз меҳнатга хўп чидайдиган,
истаса, кўп ишлар бўлиб кетар ҳал,
қанийди бир ойлаб сув ичмайдиган
туянинг хислатин ўзлаштирса халқ.
Қанийди,
ҳаммамиз ишлатмасак сув,
пахтамиз йигирма милён бўларди,
қисқаси, омманинг онги ўсган кун
Орол ҳам, албатта, сувга тўларди.

Отангизга балли,
таклифлар создир,
бошингиз тилладан бўлсин-э, раҳбар,
қўйдай халқ фаҳмида саёзлик бордир,
шу оддий нарсани билмапти, аҳмақ.
Раҳбарлар амрига лаббай деганмиз,
қани, енг шимариб тушайлик ишга,
бирорта фуқаро, тирик эканмиз,
журъат қилолмайди сув-пув ичишга.
Бўлди, нос чекарлар,
раҳбар сўзлайди,
оғзингни чайгину Оролга тупур,
сен ҳам, эй намозхон,
ол-да кўзани
таҳорат олгани Оролга югур.


ҚАЙСАР БУЛБУЛ

Зоғлар орасида булбулни кўрдим,
беш-ўн қўтир зағча бошин чўқиган,
юраги ёрилиб ўлсин деб шўрлик,
булбул ҳақида кўп иғво тўқилган.

Эмишки, 
хониши доим аразли,
йўқотиш керакмиш сохта булбулни,
саҳар чоғларида вайсаб ғаразли,
атай ухлатармиш неча қизгулни.
Бу ҳам етмагандай комил замонда
салтанат қасрига пешоб тўкармиш,
тағин ул миллатчи эмиш ашаддий,
қайда сайраса эл исён кўтармиш.

Иғволар ёғилур,
беш-ўн қўтир зоғ
янги арслоншоҳга тинмай хат ташир.
Шотирлар ишидан юрар кайфи чоғ
қора кўзойнакни таққан каттаси.

Арслоншоҳ алмашар,
вазир алмашар,
борлиқни қайтадан қурмоқда авом.
Зоғлар қағиллашиб бирам яйрашар,
тағин иғвохатлар ёзилар равон.

Эмишки,
бу булбул айбин яширар,
ҳар наҳор ўн каклик гўштини ермиш,
палон йил писмадон кавакда бирдан
саккизта айиқни зўрлаган эмиш.
Тағин бир айби бор,
ўқирмиш намоз,
ислом байроғига қилармиш сажда,
ҳар қандай жазони берсангиз ҳам оз,
ҳаммани қон қилиб бўлди бу аждар.

Иғволар ёзилур,
беш-ўн қўтир зоғ
янги арслоншоҳга тинмай хат ташир.
Шотирлар ишидан юрар кайфи чоғ
қора кўзойнакни таққан каттаси.

Ажаб ҳангомалар бўлар қайтадан,
зоғларнинг кўзида қайнар ажина.
Зоғлар орасида сайрар атайлаб,
бу булбул ўзиям жуда ғажир-да.
Ҳой, булбул,
Ўзингга бир оз раҳм қил,
бўлмасми дамингни чиқармай турсанг.
Ахир қайта қуриш...
бўлмасми бир йил
зоғлар орасида зоғ каби юрсанг...


ОММАНИНГ АҲВОЛИ

Қандай давр ўтди,
ҳамма бахтиёр —
бошини урарди ҳайкал пойига,
байрам кунларида осарди шиор
ҳаттоки нураган халажойига.
Кун кўзин очмасдан очиқ пайкалда
баравар энкайиб турарди ҳамма,
ҳамду саноларни айтиб ҳайкалга,
бир хилда севиниб қиларди нағма.
Ким нишон оларди,
ҳамма-чи — пишон,
шалдироқ қарсаклар оларди тағин,
тилидан оқарди фақат шараф-шон,
жилпиллаб сайрарди бир тўп андалиб
«Осмондаги юлдуз»ни айтарди қизлар
вайрона тунларда вайроналардай,
эрлар қайтар эди итларни сизлаб,
оталар чириган майхоналардан.
Давр ўзгардими?
Қўзғолди омма,
ҳайкал обрўсиям бўлди бир пуллик, 
кентлар кундасига ҳаттоки ёрма 
ўқлардан ҳайиқмай бош қўяр қуллик. 
Бу дунё маккордир... 
бир-икки сўздан
қариндош элатлар ит-мушук бўлар, 
гул каби ўсмирлар ётар юзтубан, 
ўн йилга етгулик мозорлар тўлар. 
Уйи куйган омма тўяди эркдан, 
тўйдирар ғойибдан келған адоват,
мол-жони таланиб, 
номаълум ердан 
қидириб топмайди сира адолат.
Оқибат, жимгина ҳайкал пойига 
қайтару барини қайтадан бошлар, 
камаяр номаълум аршдан ёғилган
туҳмату иғводан ясалган тошлар. 
Хуллас, ушбу қолар янги даврдан: 
тағин тут тагида бувак биғ-биғлар, 
ҳамманинг ҳолига ҳар ёқдан қараб, 
эшаклар кулару
хўтиклар йиғлар...


МАЙДОН ТАЪРИФИ 

Ҳеч қачон ишонма —
бу майдон маккор,
неча хил ғалаён тарихин кўрган,
адолат қидириб бош урган хоксор
милёнлаб инсонни жўнатган гўрга.
Қандай маҳобатли!
текис сатҳи ҳам
қатл кундасидай қорамтир порлар, 
қурбонлик соатин санаб хотиржам, 
сеҳрли гирдобдай домига чорлар. 
Чорлар,
жодуланган кўйи бир овсар 
қудратдай йиғилиб келар ғалаён, 
майдонлар дунёга сафсата сотар, 
урди деб бошини тошга аламон... 
Ҳеч қачон ишонма —
майдонга борма
кўксингни ёрсаям дарду ҳасратинг! 
Бу маккор майдонлар сергак ҳар доим, 
салтанат қасрини шундоқ асрайди. 
Атвонлар — ажойиб, 
ҳаммаси — ёлғон, 
бу ерга инсонмас, келар жонивор, 
майдонлар тошида қорайиб қолғон 
милёнлаб алданган одам қони бор. 
Майдонлар қонхўру аламон — анди,
илдизи майдонда — яшнаб турар тож. 
Бу ерда ясанган оғочлар банди, 
гар банди бўлмаса ўсмасди оғоч...


ГИРЯ

Бу осмон осмонми,
темир пардами,
бу ёғду синчлари тизизлган дорми?
Мунчалар эгилди қора гардани...
жувонмарг бўлгурлар,
жўмардинг борми?!
Бу замон кимники,
макон кимники,
қатрон-ла ёпилган йўллар кимники?!
Анордай сочилган қонлар кимники,
бу қонли билаклар,
қўллар кимники?!
Ваҳшат кечасида диллар тўкилди,
юзминг бағри вайрон бирдан ўкирди,
жасадга ёлғондан кафан тўқилди,
жувонмарг бўлгурлар,
жўмардинг борми?!

Мовийранг равоқли зиндон аршидан
оятлар маржони узилиб кетди,
тағин қон сачраган туннинг авжида
чирқираб йиғлади бир тўда етим.
Вақтнинг шарпадай гунг ғассоллари
сойларнинг йўлларин буриб юборди,
тарқади тамуғнинг шум дажжоллари,
жувонмарг бўлгурлар,
жўмардинг борми?!
Ғафлатда кулганлар,
кўксин керганлар,
ёрларин зулматга қўйиб берганлар,
фаришта буваклар кулин терганлар
номус доғин ювар майхоналарда.

Мол-дунё ишқида чандон ўлганлар,
ишратдан юзлари салқиб сўлганлар,
занглаган кишанга меҳр қўйганлар,
димоғин хушлайди райҳоналардан.
Имоним деганлар,
Миллат деганлар,
ёвга терс қараган иллат деганлар,
ўзликка хиёнат қилма деганлар
зор қақшаб йиғлайди вайроналарда.
Йиғласин —
сўнгаклар қисирлаган пайт —
даҳшатдан сарғайган ўт-ўланлардай,
жон қуши байланган иссиқ лабларда
лаҳзани музлатган гўяндалардай.
Тўрт фасл қоришиб ўтди ёруғдан,
бағримни чаёнлар чақди андуҳим,
жўмардлар деганим кечган оғриқдан
дарвешга айланди зулфиқор руҳим.
Неча бор муножот қилдим худога,
нечун сен мунчалар ёлғиз яратдинг,
дилимга бахш этиб тошдай ирода,
кўзимни баҳайбат дардга қаратдинг.
Нечун ўзгаларнинг шандир хаёли —
настарин очилган,
сайрар қумрилар?!
Нечун етимларнинг ўткир фарёди
шажардай чайқалур тасаввуримда?!

Тўрт фасл —
осилган кулфат аршига,
гўёки мудҳиш бир манзилга келдим.
Куйган кечаларнинг қалтис авжида
чирқираб йиғлайди бир тўда етим.


СИНОВ МАЙДОНИ

Улуғвор даранглар
даврон соати,
соатлар милларин унга тўғрилар. 
Қизил шинаклардан чўчиб боқади 
ҳалокат шамолин сезган ўғрилар. 
Бу шамол ёмондир, йиллар қаърида
кўмилган милёнлаб мурдани очар, 
сочар жиноятнинг милён сирларин, 
лаънатлар ёғилар, қарғишлар босар. 
«Сиёсат қилинмас тоза қўл билан, 
курашда ҳар қандай усуллар яхши. 
Тағин бир чидайди аввал ўқ билан, 
кейинроқ дўқ билан олинган машриқ».

Шундоқ бошланувди кеча фалокат, 
сиёсий фитналар гувоҳи — холиқ, 
сассиқ бир жаладай босди маломат, 
тағин бир чидади шўрлик халойиқ. 
«Буҳронга дуч келди иқтисодиёт, 
тақчиллик кучайди, 
қадри йўқ пулнинг, 
маблағни тўплаган ички савдо бор, 
сувнинг хлори кўп,
ҳиди йўқ гулнинг. 
Калбаса йўқолди, 
қолдик ғафлатда, 
гуриллаб ёнади қипчоқ даштлари, 
бостириб келмоқда буюк давлатга 
марғилон дўппилик Темур лашкари». 

... Шўрлик халойиқнинг ярми қамалар, 
кун сайин кўпирар ўзбеклар иши, 
номусдан ярмиси ўлар қамалда 
бошга қон қуйилиб, 
жигари шишиб.
Фош бўлиб қолганда қора жиноят,
қизил шинаклардан боққан ўғрилар,
тағин бир найрангни топиб ниҳоят 
Ўзбеклар бошига қўяр тўғрилаб. 
Сиёсат —
ўзингга келган зарбани
ўзгага бурвормоқ санъати бўлса,
қулдай халқ бошига тушган ғалвани
қайси бир ёвига бурворсин, кўрсат!
Ёвлик ёвлик чорлар,
қаҳат — қаҳатни,
ҳаттоки болалар давлатни сўкар,
ўзбеклар ўғрилар отган ахлатни
ошириб-тошириб марказга тўкар.
Начора... уйғониш...
ғафлат ғафлат-да,
зўр келса манглайга кифоя бир ўқ.
Минг афсус, яшаймиз шундоқ давлатда
жиноятлар кўпу жиноятчи йўқ.


КУТИЛМАГАН СИЙЛИҚЛАР

Бегона ўлкага келгандай эдим, 
севинган етимдай кўзим ёшланди. 
Сираям ўзгариш бўлмайди дердим, 
ёритди зулмнинг метин тошлари. 
Зиндонлар очилди, сочилди сирлар,
темир пардалардан омоч қуйилди, 
тошларга айланиб қолган ботирлар 
наъраси қулоққа келиб урилди. 
Ёпирай,
ҳамманинг бор экан тили, 
кечаги читтаклар бўлди қаҳрамон, 
ҳамманинг ичига шайтонлик қилиб, 
кирганга ўхшайди маккор Ахрамон. 
Мулойим гул тутар зулм жинлари, 
музлаган ичингдан қайноқ ёш келар, 
гўёки минг бошли аждар сингари 
қон ичиб тўймаган хоқонлик ўлар. 
Тарихин сўйлайди бузилган ўлка, 
даҳшатдан тош қотар зиёратчилар, 
отилган, 
чопилган, 
бузилган бўлса,
қаерга гум бўлди жиноятчилар?! 
Чексиз ҳурмат билан 
сўйлашдан олдин
ким гўштдор қўлини қўяр елкангга, 
гўёки отангни ўлдирган қотил 
бошқача ниқобда таскин бергандай. 
Ғалати бир ҳолат, 
жўшар ёш қонлар 
бу янги доҳийлар сўзлар айтганда, 
гўёки молингни талаб қочганлар 
бошқача ниқобда тағин қайтгандай. 
Умидсиз шайтондан ҳаргиз алҳазар, 
мардларга не учун бўлмай дарёдил, 
одамий қадрим деб йиғласам агар,
кўзимнинг ёшини артар жаллодим. 
Қонунлар кўпайган вайрона юртда, 
қонуний кунлардан юрагинг ўйнар, 
истаган томонга тайёр бошпутлар, 
истасанг Олмонга, 
Парижга жўна.

Мендайин фақирга шунча манзират 
ва тағин исмимга қўшадилар бек. 
Воҳ, шунча сийловдан буткул гангиган 
фақирни ўлдириб қўймаса бу эрк. 
Чинданам, бундай эрк оғирмасми кўп 
одамга эргашиб қаттиқ алданган, 
ўлимдан ўзга бир насибаси йўқ, 
бир умр қамоқда ётган одамга...


* * *

Душманим кўпайди, 
ҳатто, ўликлар
баҳорни соғинган қутлуғ ойлари, 
хилватда йиғилиб юрди шўрликлар 
чангалда бўҳтону иғво лойлари. 
Одамдай яшаса бўлар-ку яйраб, 
уларни қийнарди ғалати бир дард, 
бирорта марди йўқ кўзингга қараб, 
юрагинг тагига тиғ урувчи мард. 
Бор айбим,
ҳақиқий ёвни кўра бил,
адолат тобласин дедим бурдларни,
Шайбоний лашкари сингари бедил,
ўзимга ташланди миллат қуртлари.
Булар обрўй излар,
манфаат излар,
иғволар тўқиру кутар баракат,
йўқса бир шоирни туҳматлар билан
оғзини ёпишга мунча ҳаракат,
неча бор ўзимга
ғазабингдан кеч,
пасткашлар арзимас дедим ўйлашга, 
аслида, худодан ҳақим борми ҳеч 
бирорта муносиб душман сўрашга. 
Ахир кимман ўзим, мангуликка сал
агар қиёсласак Шавкат Раҳмон ким? 
Ким дея борлиқдан сўрайман ҳар гал, 
макон жим,
замон жим, парвардигор жим.


МУНОЖОТ

Фақат ишқ... 
Фақат ишқ... 
Бошқаси сароб,
бошқаси шамолнинг оний сурони.

Қирқта тар гулимни айладим хароб, 
қирқта қул кўзи-ла кўрдим дунёни. 
Қирқта қора қул ётар мозийда, 
қирқта черигини йўқотган бекман. 
Абадий айрилдим қирқта ғозийдан, 
бошимни тошларга урсамми дейман. 
Бу дунё нимадир? 
Барини кўрдим,
султону гадонинг қаърини кўрдим, 
Ғаззолий сиғмаган тубан оламда 
шайтондан тўралган ғайирни кўрдим. 
Фақат ишқ... 
Ишқ гули... 
Самовий гулим...
бир нафас дилимга посибон бўлсин, 
токим шул нафасда қирқ биринчи қулнинг 
ёруғ лабларида хўрсиниқ сўлсин. 
Туҳмат мурдалари қалашиб ёттан, 
иғволар қуртлаган шўрлик диёрда 
замону маконин буткул йўқотган 
бир улуғ фарёднинг 
боласи зорман. 
Ай, қиличдай туйғу, 
ай, қотил туйғу,
бас, ортиқ қийнама кимсасиз даштда,
юзимга юзини қўйсин ўшал гул,
дилимнинг қаърини чавақлаб ташла!


ИҚРОР

Рубобий шеър ёзсам...
қайтсам бир нафас...
ҳамиша мусаффо чашмани кўрсам,
қорайган чўққилар қорига қараб,
бир нафас хаёлчан ўснирга дўнсам.
Воҳ, ўшал лаҳзалар...
ўтдими буткул
гунафша атирли тансиқ туйғулар,
саҳарги боғларни уйғотган булбул,
ойларнинг нурларин элаган сувлар.
Яшил шажар эдим...
Қандоқ соғиндим...
кўзимни яшнатса рубобий ранглар.
Қайси бир дунёга бунча оғриндим,
дилимни қаритди бесамар жанглар.
Мен жангчи эмасдим,
мен шоир эдим,
ниҳоят шоирдан кўра зобитман,
ҳар нафас мусулмон миллатим дедим.
нафсига куйганлар келди оқибат.
Ҳаромни хуш кўрган малакфурушлар
зиғирдай ҳимматин қилганда миннат,
япроқдай сарғордим буюк урушда
мусулмон йўқ эди,
йўқ эди миллат.
Бас, қушлар сайроқи,
япроқлари мўл
яшил шажар каби турай мушаккал,
илҳомим ҳақида сўйласинлар хўб,
заҳарли тилимдан тўкилсин шаккар.
Рубобий саболар руҳимдан эсинг,
қайтадан уйғонсин илоҳий туғён.
Воҳ, яланг шохларим қиличдай кескир,
бир япроқ қолмаптир шивирлайтурғон.


ЭНГ ОХИРГИ ШЕЪРЛАРИДАН

* * *

Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
олис-олис воҳалардан
тоғларимни чақиринг,
осмон тўла ҳаволар
фақат менга етмайди.

Нодиражон, Шоиражон
танам қимир этмайди,
кўзимда бир томчи ёш,
сойлар ювса кетмайди.

Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
пешонамнинг шўридан 
бино бўлган бу дарё...
осмон тўла ҳаволар
фақат менга етмайди.

Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
боринг, қорли тоғларга:
бир шоир ётибди денг,
Худонинг ҳовлисида...
Осмон тўла ҳаволар
фақат менга етмайди...


* * *

Айт, эй, хаста булбулим,
Ўшга қачон етамиз?
Яшил боғлар сарғарди,
Мағиз бўлди ғужумлар.
Оҳ, вой, мунча йўл оғир,
Булбулим...
Улкан соат ўртасида
Мадорим йўқ юрмоққа,
Қашқирлар даврасида
Судраламан турмоққа.
Шунда қолиб кетсам гар
нетамиз?
Абадият оралаб 
Ўшга қачон етамиз?
Қорли тоғлар бағрида
Бегим — Ўшим кўринди,
Султон — Ўшим кўринди...

1996 йилнинг сентябрь ойи.

Жамоатчи муҳаррирлар:
Набижон Боқий
Асқар Маҳкам