18:38 / 19.09.2010 · Кутубхона
Ўйларим... (Масъуд)

Тинчлик истамайди жонсарак қалбим,
Мудом эмас танда бир ҳил ҳарорат.
Ҳаёл тиним билмас, туролмайди жим,
Юрак ҳам тополмас тўзим-ҳаловат.

Кечиккан ёшликнинг дардини туйиб,
Мўжаз дунёимни безайди ҳазон.
Ҳаёт шаробидан ичолмай тўйиб,
Тарқатдим ё сотдим сувдан-да арзон.

Лабларда табассум, ўзгалар ҳурсанд,
Бахтини топишган аллақачонлар.
Уларнинг юзида қувончни кўрсам,
Баҳрим очилади, яйрайди жонлар.

Биридан олганман завқланиш ҳиссин,
Яна бошқасидан жиндеккина ғам.
Кимдир тақдим этган ҳурлик нафасин,
Шундан, мана, тирик вужудим, танам.

Тақдирим жуда ҳам моҳир тикувчи,
Ундаги Одамлар барча-барчаси.
Бир бутун матони ташкил этувчи,
Сермазмун умримнинг битта парчаси

***

Куз...
Қалбда қандайдир жимлик ўй сурар,
Мудраб қолгандайин ҳаёт севгиси...
Деразам ортидан уйимга қарар
Кўчада баргларнинг хазонрезгиси.
Қуёш узоқлашиб борар заминдан,
Учиб кетаётган қушлар сингари.
Кундуз қисқа бўлиб боради тундан
Дарахт либос ташлар кун ўтган сари.
Сойлар шарқирамай оқмоқдадирлар,
Тоғлар хоҳламайин кутади қорни...
Сариқликни кийган кўҳна адирлар,
Лолани соғиниб қўмсар баҳорни.
Тонг билан туш вақтни ажратиш қийин.
Хаёлим мисоли тўзғир ер-осмон.
Шамол олиб келган ғуборни кейин
Ёмғир ювиб кетар аллақай томон...
Лекин кетармикин бу билан ғашлик?
Кўнгил махзунликка бўлганми сургун?
Ахир ғаниматдир бебаҳо ёшлик,
Кетдик, қалб, истиқбол тарафга юргин!

Атрофни эгаллаб олгани етмай,
Дилга ҳам хазинлик келтирмоқда куз...

***

Кетяпман келажак остонасига,
Қўлда дард туфайли сарғайган дафтар
Кетяпман тақдирим кошонасига,
Яшаган кунимдан бўлиб минг мустар…

Кетяпман…
Ортимга қарагим келмас,
Йўлимда ғам-ташвиш – сочилган тикон.
Ҳаёт тўсиқлари асло кор қилмас
Изимдан изтироб йиғлаяпти қон…

Кетяпман, узоққа… бироқ ёнимдан
Оққан сув қадрини билмасдан, забун…
Исмим ҳам чиққандек бўлар ёдимдан,
симга солади илоҳий бир ун.    

Кетяпман…
Баҳорни ташлаб фироққа,
Ва сенга айтмасдан бирор оғиз сўз…
Кетяппан бу ердан жуда йироққа,
Шерикка олмасдан бирота ҳам дўст…

Кетяпман, сўргани умр – бу нима?
Сочимга оқ нега оралар бевақт…
Билгани ёлғоннинг уйин ким қурган?
Не учун мухтасар келар экан бахт…

Кетяпман…
кўзларим очиқ бўлса-да,
Кўрмасдан ёнимдан ўтган одамни.
Қолдириб ортимдан бир мисра шеъру,
Ёлғонга кўмилган  нурсиз оламни…

Кетяпман…

***
Узоқ бир нуқтага термулганча жим
Мўйсафид ногаҳон кўзларин ёшлар…
“Замон ўзгардими, одамлар…  балким…
Не учун бебошроқ ҳозирги ёшлар?

Билмайди, оддий бир “салом” сўзини,
Қўллари кўксининг висолига зор.
Уялиш тарк этган чақноқ кўзини,
Маънисиз сериаллар айлаяпти хор.

Китоб дунёсидан йироқдир улар,
Навоийдан битта сатр билмайди…
Қизиқиб асарлар ўқишмас тунлар,
Насиҳатга асло қулоқ илмайди…   

Вақт бекор ўтгандан ачинмайди ҳеч,
Аниқ мақсадидан йўқдир нишона…
Тушунар эканми бўлганини кеч,
Деворга урилган чоғда пешона?...

Узоқ бир нуқтага термулганча жим,
Мўйсафид кўзлари тўлади ёшга
Чин дилдан истайди, имконин топиб,
Айлашни насиҳат ҳар битта ёшга:

“Ёшсан…
Қувватинг бор…
Шижоат бисёр…
Билим ол!
Илм ўрган!
Оллоҳни тани!
Қалбингни пок айла, бўлмасин ғубор,
Эгам ҳам, ҳақ йўлда қўллар бандани…

Жигарим!
Авлодим!
эртам, индиним!
Имонни бут айла,
Эътиқодни дўст!
Миллатнинг шаънини бошингга қўйиб,
Шу Юртга муносиб фарзанд бўлиб ўс!”

Мўйсафид узоққа термулар, бесас…

***
Ўзбек қизлари...

Рўмолни бозорда сотмай қўйишди,
Излайман совғага зарур кезлари.
Ё балки нархими шунчалик ошди?
Нега тақмай қўйди ўзбек қизлари?

Катталар ҳурматин айтмайин майли,
Ерга қарашни ҳам билмас кўзлари
Сақичин эринмай чайнайди кулиб,
Қаёққа кетяпти ўзбек қизлари?

Қаерда юрмасин хаёлда сериал,
“Упа-элик, кийим....”- шулдир сўзлари.
Билимга, зиёга хаттогина сал,
Қизиқмай қўйишди ўзбек қизлари.

Терс жавоб қайтарар, нени сўрсангиз,
Уятдан қизармас гулгун юзлари.
Тарбия сўзидан йўқ бирон бир из
Шаддодроқ чиқдими ўзбек қизлари?

Саҳарлар қўймайди ўсма қошига,
Ҳовлидан келмайди райҳон ислари.
Каломи мос эмас асло ёшига,
Мозийни эсламас ўзбек қизлари...

Балки танқидларим , ранжитди бироз,
Ҳурмат этгум, албат қалбнинг хисларин.
Гапларим барисин этманг эътироз,
Чини ҳам бор жиндек, ўзбек қизлари.

Йўқ, аввали Оллоҳ инсофни берсин,
Кўзимга суртаман босган изларин
Ҳаё, ибо, иффат, одоб дунёсин,
Қайтадан забт этса ўзбек қизлари.

...Рўмолни баҳона қилдим, аслида,
Аччиқроқ туюлар дўстнинг сўзлари
Миллатнинг шаънини тутмоқ васлида
Уни қалбга ўранг, ўзбек қизлари!

***

Ёлғизоёқ йўлда ҳорғин, ўй суриб,
Барча хўрликларни дилдан олиб тан,
Ҳақиқат шаҳридан қадамин буриб,
Тубанлик сориға кетмоқда Ватан.

Гарданда юк катта... Паймонаси лим,
Ортига қарашга юрак бетламай,
Танбеҳ, ҳақоратга қулоқ солиб жим,
Ҳар онда заққумни ютмоқда Ватан

Уфқ-чи, ҳеч кўринмас....Ҳукм сурар тун,
Қоқ саҳро бозорга айланмиш, хайҳот!
Сотувчи – фирибгар, харидор - малъун.
Қадрини арзонга сотмоқда Ватан

Гуллашни ўрнига, ҳар баҳор сўлиб,
Томирдан бир қатра сув ҳам келмасдан,
Фақат Яратгандан умидлар қилиб,
Ҳақиқий эгасин кутмоқда Ватан

***

Сен кимсан?
Ҳеч ҳисоб бердингми ўзинг
Ҳаққа - Яратганга...ё виждонингга?
Ё соқов бўлишга қилдингми қарор?
Тегдими олам ғамлари жонингга?

Сен Кимсан?
Туну кун тиним билмасдан,
Ишлайсан ўқийсан одамийликка.
Баъзида илож йўқ кўзни юммасдан,
Баъзан ҳақиқатга боқасан тикка...

Сен кимсан?
Тарихинг йиғлайди ортдан.
Чанг босган китоблар айланди гунгга.
"Зиё" каломи ҳам рангин йўқотган,
Оналар алласи айланди мунгга.

Сен кимсан?
Аёлни чиқариб бозор,
Орни ҳам бир йўла туҳфа этдингми?
Ёки даюсларга эгилиб ҳазор,
Номус дунёсидан чиқиб кетдингми?

Сен кимсан?
Тарбия аталмиш қонун,
Қўлланма бўлмайди ўғил қизингга.
Шунчалар маккорми наҳотки, шайтон?
Хатто тик қарайди фарзанд кўзингга...

Сен кимсан?
Қўлингда қуръонинг борми?
Қалбингда бахт нури - имонинг борми?
Сени қийнамасми миллат тақдири?
Айт!
Жавоб бер саволга!
Забонинг борми?

Сен кимсан?
Ўзингга бердингми ҳисоб???

***
Заҳар оқар томирим узра,
Нафасимни сиқади ҳаво.
Рухим, билмам, қайларда кезар,
Ўз дардига тополмай даво...

Ўз ўзимни қўйдим унутиб,
Нафсу, бойлик билан йўқолдим...
Бу дунёнинг қўлидан тутиб,
Гуноҳларга ўралиб қолдим...

***
Дунё ташвишларин зумга унутиб,
Тикилмоқ истайман оппоқ саҳарга,
Ва шу он вужудда урган туғённи,
Ҳаттоки алишмам дунё жавҳарга.

Тингламоқ қўмсайман сокин тун сасин,
Ойдинда орзулар тиламоқ дилдан.
Чин қалбдан туяман баҳор нафасин,
Шундан, ҳаётимни севгум кўнгилдан.

***




Қалбим қийналади…
Тинч турмайди жон,
Ҳаволар етишмас нафас олгани...
Эриниб оқади
томиримда қон,
ичимдан сезаман юрак толганин...
Саҳрода сувсаган муҳожир мисол,
зўрға қадам ташлар
кўкракдги мушт.
Гуноҳга кўмилган танамни алҳол,  
тортиб бораяпти ўйчан ва хомуш...
Алам кемирмоқда умрим дарахтин,
хазин куй чалади дилда изтироб...
Бир зумга кўз юмиб,
олмоқ бўлсам тин
минг турли ўйларим
беришар азоб...
Кейин...
топгандаяман дардимга даво,
май тўла шишани шошиб очаман...
(Не қипти, нафасга етмаса ҳаво?)
Саҳаргача тўйиб-тўйиб ичаман...
Ичаман сипқориб...
қуяман яна,
пиёла қўлимдан тушмайди бир он,
атроф ёришганда, нурдан ўртана,
кўзимга бошқача
кўринади тонг...
Танам осмонларда учиб,
Нурафшон қуёшнинг
нурларини жо қилиб олди
Ва қийноқ сўзини унутиб бу жон,
Азобу изтироб буткул йўқолди...

Руҳим танҳо қолгандай гўё...

***

Ҳар бошда чарх урар турфа муаммо,
Ҳар кўнгил хоҳишда ўзгача маъно...
Билмадим, кимлардир ёқтирар, аммо,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Билмайман, ким дўсту, ким эрур душман,
Бировга ўлжаман, кимга улушман,
Бозордан йироқда ҳур, эркин қушман,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Ким айтар, "шу экан замона зайли",
Кас нокас бўлди-ку, замон туфайли,
"Отанг, онанг бозор," десинлар, майли
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Ажаб, бешигини шайтон аллалар,
Тутруқсиз гаплар-у, ёлғон яллалар,
Залолатни кўпроқ ўйлар каллалар,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Кўзга тик қарашиб, алдайди сизни,
Сўкишлар, қарғашлар ол этар юзни,
Хуллас инсоният унутар ўзни,
Мен бозорни жуда ёмон ко раман.

Ҳалол луқма нима, билмас кўпчилик,
Харомни номлашар  - бу “тирикчилик”
Раҳмонмас, шайтонни айлашар шерик,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Шарм йўқ, ҳаё йўқ пулнинг дастидан,
Оқибат бир чақа емиш қасдидан,
Ёлғон онт ичишар чақа устидан,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

“То рози” ҳукмидан кўнгиллар нари,
Кўз ўйнар тарози тоши сингари,
Алдашга интилар ҳам ёш, ҳам қари,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Ерга қарасангиз, кўзи маюслар,
Осмонда эса-чи, "мағрур" даюслар,
Тик боқишга йўл бермас номуслар,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Разолат ҳукм этган маконлар кўпдир,
Бири бошқасидан ўтадир, хўпдир,
Бунда-чи, барчаси, барчаси тўпдир,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Гарчи қорани-да, кўрсатади оқ,
Пок қалбдан қанчалар бўлса ҳам йироқ
Таажжуб... дунё унга интилар!?
Бироқ,
Мен бозорни жуда ёмон кўраман.

Ҳаммамиз ҳар куни шошилиб борган,
Лойини жаҳолат ҳокидан қорган,
Аёлу-эркакни бузиб юборган,
Бозорни жудаям ёмон кўраман.

Жудаям жудаям ёмон кўраман!

***

Ишқ ҳидидан бўлиб девона,
Кўклам исин туйдим ўртаниб.
Ва Оллоҳга айтдим шукрона,
Ватанимга келганда баҳор

Бойчечакни олиб мўйсафид,
Кўзга суриб олади мадор.
Гўзалликка бўласиз шоҳид.
Ватанимга келганда баҳор

Қизлар ясар сочпопук толдан,
Қушлар сайраб тоймайди ҳолдан,
Бўлинг энди фориғ хаёлдан,
Ватанимга келганда баҳор

***

Маюс термуламан; кузак шамоллар,
Хазонрезги баргни айлар чирпирак.
Чалкашиб кетади орзу-хаёллар,
Ва бирдан йиғлашни бошлайди фалак.

Олислаб боради қушлар жаранги,
Қалбимдек хирадир осмоннинг ранги,
Умримнинг бошланди яна бир тонги,
Субҳидам нафасин туймайди юрак.

Қайдадир чалинар “Чўл Ироқ” куйи,
Теграмда чарх урар келажак ўйи,
Барглар тўкилмоқда сарғайган куйи,
Дардини айтолмай жони минг ҳалак.

Шудрингдан намланар томларнинг ости,
Яшилни сариқлик уммони босди,
Сиқилиб кетибсан, сўйлагин ростин,
Қайларда бўзладинг, малласоч малак?

...Ҳисларим ҳазон-ла уйғун: бемажол,
Само қовоқ уяр, қуёш ҳам беҳол...
Йўқолиб бормоқда кўкдаги ҳилол,
Меҳрга ташнадир у ҳам мен каби...

Маюс термуламан кузак шамолга...

***

Куз нафаси хаёл айлар паришон,
Бошимни чулғайди турфа сўроқлар.
Соғиниш хиссидан беради нишон,
Эриниб узилган хазон япроқлар.

Кўриниш бермайди, қийнайди дилим,
Парда ортидаги соғинч шарпаси.
Балки шу дақиқа топарман йўлим,
Балки ҳозир тўхтар юрак зарбаси.

Дарахтлар мен каби титрар нажотсиз,
Ва қуёш нуридан топишар илинж...
Мен-чи, умидсизман,  кўнглим саботсиз,
Ёт бўлган туйғулар: қувонч ва севинч.

Тушунмам ўзимга; ўздамас ҳушим,
Тушимда ўнгимдек бўлиб қоламан.
Ва кейин қийналиб, тўлғаниб тунда,
Тушимда тўсатдан ўлиб қоламан...

Билмам... сабаб кузми ёки...ишқсизлик.
Дардимга бўлмайди ҳеч нарса малҳам.
Ўтиб ҳам бормоқда беқарор ёшлик,
Ҳамонки бахт учун ёқмадим бир шам...

...Эҳ, бу хаёл қурсин, нималар дедим?
Бунча тушкунликка солибман ўзим?
Балки қаердадир ўйланганча жим,
Кимдир қалб изҳорин пичирлар менга...

Хаёлим паришон кузнинг дастидан...

***



Менга қанот беринг, халқим дардларин,
Олиб бориб ташлай тоғлар ортига.
Рутубат ҳукм этган тунларнинг барин,
Йўлатмай яшайин мардлар юртига.

Менга қанот беринг. Эркин қуш мисол,
Жаннатдек боғларим кўз-кўз этайин.
Элимга жилмайса кўкдаги ҳилол,
Минг йиллик орзулар рўёси тайин.

Қанот беринг, учай, Ўзбек ойим ҳам,
Ҳузурига мени чорлар куюниб.
Бугунги ўзбегим қизин тарбия
Этмоқлик истагин айтар суюниб.

Бесалом, бесавод ёшларга қараб,
Мўйсафид хўрсиниб силкитар бошин.
Ғамингиз берингиз менга отажон,
Дунёлар кўрмасин кўзингиз ёшин.

Қанотга муҳтожман, Ватаним каби,
Аждодлар руҳлари бизларга ҳамроҳ.
Бизларким – улуғлар насл-насаби,
Букун осмонлардан излаймиз паноҳ.


***

Дафтарим четида ғалат ҳошия;
Эслай ололмайман нега қўйганим.
Бир қувноқ кунимдан балки хотира?
Балки белгисидир илк бор севганим?

Балки дўстларимнинг аччиқ ҳазилин,
Ҳазм қила олмай қўйганман уни?
Балки ҳаётимнинг силсиласини,
Ўзгартирмоқ бўлган мақсадим куни?

Илк бор қаршиликдан умидсизланиб,
Ҳаётдан тўйганим нишонидир у?
Ё келган омадимданми, руҳланиб,
Ифодалаб қўйган бир ажиб туйғу?

Дафтарим четида бу ғалат чизиқ.
Не бўлса ҳам уни эслаб юраман.
Ширин орзуларим рўёсин тузиб,
Фақат бахтдан дея умид қиламан

***

Баҳор гулларига қиламан ҳавас,
Жамалак сочларга тақишса қизлар.
Баҳор гулларига қиламан ҳавас,
Тўйиб ҳидлаганда юзи қирмизлар.

Баҳор гулларига қиламан ҳавас,
Келинчак мисоли безанган гўё.
Оқ ҳарир либос, у - ипакдан эмас,
Кўкламой қўлида яралган зиё.

Баҳор гулларига қиламан ҳавас,
Оламни тўлатар муаттар ислар.
Мусаффо ҳавода оламан нафас,
Жунбушга келади яширин ҳислар.

Баҳор гулларига қиламан ҳавас,
Кўзларга бир фараҳ бахш этади у.
Ва кўнгил розига ҳеч бўйин эгмас,
Юрак туб-тубидан отилган туйғу.

Баҳор гулларига қиламан ҳавас,
Ифори тарқалар йироқ-йироққа.
Мўйсафид кўзига суртганича жим,
Шукрона айтади яратган Ҳаққа.

Баҳор гулларига қиламан ҳавас,
Бахтлидим ўхшолсам уларга шояд.
Юз минглаб дилларга шодлик улашиб,
Сўнг кетсам ҳаётдан, розийдим ғоят.

Баҳор гулларига қиламан ҳавас...

***

Жимжитлик...

Жимжитлик. Тун ойдин. Ҳаво мусаффо,
Кечаги қор сабаб Дарахтлар оппоқ.
Гўзаллик ошино мурғак қалбимга,
Уйқусиз тун берар ўзгача мароқ.

Жимжитлик - тун бирла уйғун тасаввур,
Шу сабаб асаблар бироз олар тин,
Кун бўйи инсонни қийнаган ташвиш,
Не ажаб, тун сабаб ростлар нафасин.

Жимжитлик.
Қалб ҳамон тиним билмас лек,
Нимадир тирнайди, бермайди тинчлик,
Талпиниб танамга сиғмайди сира,
Юрагим,воажаб, тура олмас тек.

Жимжитлик. Атрофдан эшитилмас сас,
Овозсиз йиғлайди сон мингта юрак.
Хорғин ҳислар ила олса-да нафас,
Жимжит эмас экан диллар жонсарак.

Жимжитлик ўтади.Ўткинчи бу тун,
Умидлар рўёси эртанги кундан.
Фақат бир тилагим: эртанги куним,
Жимжит бўлмаслигин сўрайман сендан.

Жимжитлик. Тун ойдин. Ҳаво мусаффо,
Кечаги қор сабаб Дарахтлар оппоқ...

***

Ўзбек Ойимга...

"Киярмиди Ўзбек ойим эгнига қора?
Гар фарзандлар бир-бирларин заҳарламасалар"
ТоҳирМалик

Нечун ҳомуш тортасан бугун?
Кипригингда икки томчи ёш?
Хаёлинг ҳам паришон, забун,
Бунда нега балқмагай қуёш?
Эгнингга сен кийибсан қора,
Кимга яна мотам тутасан?
Фарзандингни ўйлаб сен зор-а,
Қачонгача уни кутасан?
Отабегинг қайдадир ёниб,
Ҳақиқатни излаб юрибди,
Тошкентга лек ўтмагай қўниб,
Чунки Кумуш қабри турибди.
Гарчи Сенга ботса-да оғир,
Айтиш менинг бурчи ҳалолим,
Ўғлингни сен кўрмайсан йиллар,
Кўрингунча кўкда ҳилолим.
"Зайнаббегим" ҳар кун қошингда,
Телбалигин қилади кўз-кўз.
Шартми, ахир, Сенинг ёшингда,
Душманингга гапирмоқ бир сўз.
Қора кийиб, азадор бўлиб,
Доғлармидинг шу улуғ дилни?!
Фарзандларинг бир- бирларига,
Бермаганда заҳри қотилни??!!!
2003

Яна Ўзбек ойимга...

Кишан кийма бўйин эгма,
Ки сен ҳам ҳур туғулғонсен...
Чўлпон
Бахтиёр кўрмоқни истадим сени,
Кутиб яшаяпман неча замонлар.
Шукрки дунёда тирикдир инсон,
Борлиги туфайли сендек аёллар.
Сен борки - умидлар сира ўлмайди,
Сен сабаб - ғамларни ичга ютамиз.
Сен ҳаёт - сабабсиз қон тўкилмайди,
Қуёш чарақлашин дилдан кутамиз.
Кутамиз юртимга келишин баҳор,
Бодом гулларига кўнгиллар интиқ.
Кутамиз зулматда келишин саҳар,
Кутмасак - не бордир яшашдан мантиқ?
Мантиқ излагувчинг - фарзандларингмиз,
"Излаган топади" - бу кўҳна оят.
Биз, билсанг, кўзларда ёрқин нурингмиз,
Қоронғу ҳисларга этди ниҳоят...

***
Қалбим фарёди

Ёшлигимдан шу менга одат,
Кузатаман қуёш чиқишин.
Ҳар кун тонгда тоғлар ортидан,
Офтобимнинг бош кўтаришин.

У қалбимга солиб зиё-шуур,
Юксакларга мени етаклар.
Юракларга бағишлаб сурур,
Очажакдир дилда чечаклар.

Нимагадир кўп кундан бери,
Кўкда шамсим чарақламайди,
Юзин тўсган қора булутлар,
Ортидан у ярақламайди.

Тоғлар устин қоплаган булут,
Кўланкаси ҳамон кетмайди.
Дилим ғашлаб, кўзларим ёшлаб,
Висолига ҳеч йўлатмайди.

Нурсиз қолди қалбим кўчаси,
Қиё боқмас унга одамлар.
Кундузлар ҳам мисли кечаси,
Босолмайман шаҳдам қадамлар.

Эй, қалбимнинг мудроқ овчиси,
Булутларни ҳайдагин кўкдан!
Бир умрлик шеърим куйчиси-
Қуёшимни қутқаргин ундан!

Орзиқади уни кўрмоққа,
Симобдайин типирлар кўнгил.
Қачон уни яна кўраман ???
Тонгда туриб, тўлқинланар дил???

***

Қафасдаги қуш ноласи

Олтин қафас менга керакмас,
Тутқин нафас меҳрим тўлатмас,
Гулгун ҳавас дардим қулатмас,
Қаердасан, мусаффо осмон?

Нега керак анвойи гуллар?
Ўртар юрак, орзиқиб диллар,
Мовий фалак истар кўнгиллар,
Юлдузларим қани нурафшон?

Сайраш қалбга бермагай ўтинч,
Яшаш -- фақат нолаю ўкинч,
Кураш наҳот ўтмас сира тинч,
Озодлигим кўраман қачон?

Қорним қўйгин, майли, оч-наҳор,
Келмасин мен туфайли баҳор,
Чангалзорда бўлайин ҳор-зор,
Фақат эрким бўлсин бегумон.

Ардоқлама, майли эт нафрат,
Қилма ҳеч ҳам жонимга шафқат,
Ўлимга ҳам тайёрман. Фақат-
Эрк умидин сўндирмасанг бас…

***
Ўзга дунё қидириб...

Ўзимнинг оламим бир четда қолиб
Ўзга дунёларда яшамоқдаман.
Гоҳ узоқ қоламан ўйларга толиб,
Нимага қайтмайман ўзимга ҳамон?

Турли сарҳадлардан турфа дунёлар,
Янада сирлироқ кўринар қалбга...
(Бир юлдуз чақнаса бири йўқолар)
Кўнгил хоҳишини буюрманг айбга.

Аждодлар юртига кетаман гоҳи,
Бир миллат ҳақида ичдан куяман.
Букун ёшларининг нима гуноҳи,
Барини бир зумда дилдан туяман...

Улар чун Навоий бегона бир зот,
Ҳайёмдан рубоий ўқишмас тунлар.
Фузулий ғазалин этишмайди ёд,
Машрабни осгандан сўрашмас хунлар.

Чўлпон, Қодирийдан топишмайди ранг,
Муқимий Фурқатни эслашмайди бир.
Китоб қўлга олмас, минг сўкиб, терганг,
Барига айбдор “бечора тақдир”...

Келажак авлодлар олами томон,
Кейин хорғин тарзда юраман ҳафа.
Менга дуч келади сўнгсиз оломон,
Четроққа чиқаман айни шу даъфа.

У асло халқ эмас – бир гурух, бир тўп,
Қайга етакласа, кетар мақсадсиз.
Уларга боқаман сиқилиб, ёниб,
Қўрқаман, қолмаса саводсиз, хатсиз...

Ҳақиқат изласам айбдорман бугун,
Маломат тошлари “келар” номимга.
Шундан ўзим маюс, кўзларим ғамгин,
Шундан қайтолмайман ўз дунёимга...

***

Ёмғир...куз барглари ювилиб кетар,
Сарғайган юзларнинг эшитиб оҳин.
Гўё ёмонликнинг куни ҳам битар,
Авф этиб одамзот қилган гуноҳин.

Ёмғир шаррос қуяр; ҳамма ҳар томон,
Минг  турли ўй билан югурар, шошар.
Дунёнинг ишлари тугамас ҳамон,
Ташвишу ғам билан тинмайди башар.

Ёмғирга фарқи йўқ...аямай ёғар,
Охири йўқдайин осмон уммонин.
Она ер хўрсиниб олар бағрига,
Инсоннинг қалбидан барча ёмонин...

...Ёмғир бор – инсонлар йиғлар дилидан,
У сабаб қалбларда мангу муҳаббат.
Эзгулик ошино шодон кўнгилда,
Ёмғир кайфияти яшасин абад...

***

Куз...
Қалбда қандайдир жимлик ўй сурар,
Мудраб қолгандайин ҳаёт севгиси...
Деразам ортидан уйимга қарар
Кўчада баргларнинг хазонрезгиси.
Қуёш узоқлашиб борар заминдан,
Учиб кетаётган қушлар сингари.
Кундуз қисқа бўлиб боради тундан
Дарахт либос ташлар кун ўтган сари.
Сойлар шарқирамай оқмоқдадирлар,
Тоғлар хоҳламайин кутади қорни...
Сариқликни кийган кўҳна адирлар,
Лолани соғиниб қўмсар баҳорни.
Тонг билан туш вақтни ажратиш қийин.
Хаёлим мисоли тўзғир ер-осмон.
Шамол олиб келган ғуборни кейин
Ёмғир ювиб кетар аллақай томон...
Лекин кетармикин бу билан ғашлик?
Кўнгил махзунликка бўлганми сургун?
Ахир ғаниматдир бебаҳо ёшлик,
Кетдик, қалб, истиқбол тарафга юргин!

Атрофни эгаллаб олгани етмай,
Дилга ҳам хазинлик келтирмоқда куз...

***

Ичаман, қуй майдан бўлайин сармаст,
Дардларим тарк этиб ором олайин.
Қалбимда қолмасин заррача араз,
Фақат ўзим билан ёлғиз қолайин.

Ичаман, вужудим ёнмоқда шу дам,
Ўртаниб, танамга сиғмайди руҳим.
Сезмайман ҳеч нарса; юмуқ кўзлар ҳам,
Унутдим ғуссаму, ғамим, андуҳим.

Ичаман тўйгунча, яшаб чарчадим,
Токи шароб сабаб бироз олай тин.
Ажралиб бутунлай барча-барчадан,
Майнинг ишқи билан охир ўлайин.

Ўлсам...безовта ҳам бўлмайман бошқа
Балки ҳеч ким келмас ҳолимни сўраб.
"Яшамаган", - деб ёз қабрим тошига,
Кузатгин “ишқ” деган кафанга ўраб!

***

Сўнган оловларни ёқмоқ ишқида,
Юрагим чақмотош каби ишқалаб,
Кимсасиз оролнинг баланд кўшкида,
Келмас ёр васлини кутиб ўтдим мен.

Ҳазонрезги куздек паришон ҳаёл,
Атрофда минг одам...Қарайман бефарқ,
Барчага табассум қилсам-да ҳиёл,
Дардларим ичимга ютиб ўтдим мен.

Тонг саҳар қўл очиб, минг қилиб дуо,
Ўзимни унутиб, йиғлаб, хўрсиниб,
Кўзимда бор меҳрим дилдан этиб жо,
Қалбимни қўлимда тутиб ўтдим мен.

Танамда қолмади заррача мадор,
Силлам ҳам қуриган... Умид бор фақат
Имоним ўзимда тутиб барқарор,
Бошқасин арзонга сотиб ўтдим мен

***

Сиқилиб, дардлардан бўлганда маҳзун,
Йўқолиб кетганда умид ҳисларим.
Бўлса тор йўлларим узундан-узун,
Мени ёлғиз қўйманг, азиз дўстларим.

Армонлар дилимни тирнаган онда,
Дунёлар эшитмас бўлса сўзларим.
Меҳрга ташна бу фоний жаҳонда,
Мени ёлғиз қўйманг, азиз дўстларим.

Ҳаётдан гўзаллик истайман холос,
Олтин тоғни ҳавас қилмас кўзларим.
Ҳар қачон, ҳар жойда Сиздан илтимос,
Мени ёлғиз қўйманг, азиз дўстларим.

Сиз сабаб ногаҳон омадим кулса,
Офтобдек чароғон этса  юзларим.
Мўъжаз бу юрагим қувончга тўлса,
Мени ёлғиз қўйманг, азиз дўстларим.

Ҳаммамиз отлансак боқийлик томон,
Қалбларни безаса эзгулик иймон,
Жаннат гўзаллигин ҳис қилган замон,
Мени ёлғиз қўйманг, азиз дўстларим.

***



Дўстлар мусибатда ёнингга келмас,
Ёринг азобларинг дилдан хис қилмас,
Олами боқийда ҳеч тенги бўлмас.
Дуо олганлардан дуо ол, болам.

Дунёнинг ташвиши адо бўлмайди,
Ҳеч кимса сен учун фидо бўлмайди,
Дуо олган шоҳ-ки, гадо бўлмайди,
Дуо олганлардан дуо ол, болам.

Фано ҳаммамизга азалий қисмат,
Кимга мансаб керак,кимгадир ҳурмат,
Қонимиз жон эмас, жондир охират,
Дуо олганлардан дуо ол, болам.

Яқинлар омонат, ошно омонат,
Омонатга асло этма хиёнат.
Зиёни улашиб яшаш матонат,
Дуо олганлардан дуо ол, болам.

Яхшилик бошингда ярқираган тож,
Ёмондан сақлангин, ёмонликдан қоч,
Оллоҳдан эзгулик сўраб қўлни оч,
Дуо олганлардан дуо ол, болам!

***

Дунё юзин кўрсa чaқaлоқ,
Оқ йўргaккa уни ўрaймиз.
Қулоғигa чaқириб aзон,
Худойимдaн умр сўрaймиз.

Кўз олдидa ўсaди рaвон,
Онa сутин эмaди тўйиб.
Сут-лa ривож топaди иймон,
Ҳaқ мeҳр-лa боқaди суйиб.

Тeтaпоя қилaди aстa,
Тилaр чиқaр; сўзлaр поймa-пой.
Мaктaб ёшгa eтгaндa эсa,
Оқ кўйлaги бeрaркaн чирой.

Оқ истaклaр дилигa туйиб,
Дилдaн билим олaр ёш юрaк.
Кeлaжaккa қaдaмин қўйиб,
Ўсиб борaр қaлблaр  жонсaрaк.

Етукликнинг ҳужжaтин олиб,
Дорилфунун чорлaгaн онлaр.
Сувдeк тиниқ ўйлaргa тўлиб,
Оқ йўл тилaр мeҳри жaҳонлaр.

Ҳaрир либос кийиб, қилиб ноз,
Куёв билaн кeлсa кeлинчaк.
Пойгa ёзиб оппоқ пояндоз,
Оқ фотиҳa ҳaмроз этлaжaк…

…Ҳaёт дaвом этaр. Ўтaр кун,
Оқ орзулaр поклик дунёдa.
Боқийликкa сaфaр этгaндa,
Оққa ўрaб кузaтaрлaркaн.

***

Дўстларимга...

Букун бaхтиёрмaн, қувончдaн шу дaм,
Қaлaмим қўлимгa тутқaзди ҳислaр.
Қaлблaрни ҳaмишa этгувчи хуррaм,
Дўстлaрим, доимо бор бўлингизлaр.
Сизгaдир зaвқ-шaвқим, сизгa бaётим,
Топгaним, умидим сизники бaри.
Кeрaк бўлсa тaқдим этгум ҳaётим,
Сиз - тотли умримнинг дуру гaвҳaру.
Ёлғиз эмaслигим бaхтимдир бутун,
Сиз-лa бўлсaм фориғ бўлгум гуноҳдaн.
Тонг сaҳaр дуогa қўлим очгaн он,
Дилдaн тинчлигингиз сўргум Оллоҳдaн...


***

Куз...
Хазон япроқлар...
Булутли осмон...
Шамол хазонларни юзга уради.
Ўзини-ўзи ҳам тушунмай хайрон
Қайдадир бир инсон
Жим ўй суради.
Хаёли паришон
Кайфият тароқ,
Гўё хотираси ўчиб кетмоқда...
Ширин умидлари бўлишиб йироқ,
Бир-бир қушлар каби учиб кетмоқда...
Хазонрезги фасл баргларни тўкар,
Тўка олмайди у аммо дардларин...
Чангини енг билан артиб сўнг очар
Қайғудан сарғайиб кетган дафтарин...
Варақлаб кўради...
Ёзувлар ўша,
Аммо қалби унинг ўша-ўшамас,
Қачонлар ишқидан тўлиб-тоша
Ўзи ёзганига сира ўхшамас...
Ҳа,
Эслади
Унда навбаҳор эди...
Ундан сўнг хаттоки ёз бўлди меҳмон.
Энди-чи, мавҳумликка қалин дўст бўлиб...
Жим хаёл сурмоқда ўйчан бир инсон

Куз...
Хазон япроқлар...
Булутли осмон...

***

Соғинч...(туркум шеърлар)

Сени ўйлаяпман...
Қайдадир сен ҳам,
Олис юлдузларга
Термуласан жим...
Кимнидир кутасан
Интиқиб шу дам.
Мен ҳали билмаган,
Дилгир малагим.

Кичик бир нуқтада,
Жамулжам хаёл...
Йўл қараб чарчаган
Нигоҳинг ғамгин.
Толиққан қарашда
Сон мингта савол,
Ораста қалбингга.
Бермаяпти тин.

Ичинг анор каби.
Қизилликка ғарқ,
Ҳар битта донаси –
Азобинг, дардинг.
Айт нега жим тилинг,
Сарвинози Шарқ,
Бунчалик сабрни
Қаердан олдинг?

Битмас матонат-у
Туганмас тоқат,
Ва жиндек табассум,
Кўзларингда жо.
Юрагинг ақлингдан
Истайди шафқат,
Ҳар битта зарбаси –
Юзта илтижо.

Бас, етар!
Қийноқли дамларинг
Ортда,
Унутиб ғамларни,
Шодон куламиз.
Эзгуликка тўла
Кўркам ҳаётда,
Албатта иккимиз
Бахтли бўламиз...

Соғиниб, ўртаниб,
Энтикиб ёниб,
Сени ўйлаяпман...

***
Ёлғиз тунларимда ухламай чиқсам,
Тонгда қуёш кутиб босса ҳаяжон.
Меҳримни кўз ёшдан битталаб йиқсам,
Юборгим келади Сизга онажон!

Дилимда гапларим тўпланиб қолган,
Ҳеч кимга айтмаган сирларим бисёр.
Ҳаттоки юрагим уришдан толган,
У Сизга талпинар, мушфиқ онажон.

Бошимга кечалар ёстиқар ботса,
Ишонган дўстларим сотсалар мени.
Саратонда ёшим киприкда қотса,
Дардлашгим келади Сиз-ла , онажон.

Дунё ташвишидан тўлди бардошим,
Қўл силтаб барига, кетайми, дейман.
Тиззангизга қўйиб сўнг дардли бошим,
Ухлагим келади, мунис, онажон

Меҳрибон табассум кўзим ўнгида,
Ухласам қулоқда аллаларингиз.
Ҳар қачон дуоим бош-у сўнгида,
Албатта, Сиз борсиз, азиз онажон.

Қалбингиз мисоли бир оҳанрабо,
Ўзингиз кўкдаги порлаган қуёш.
Овозингиз майин, саҳарги сабо,
Жудаям соғиндим, Сизни онажон.

***

Аввал тонг ўз кўркини пайсалга солиб,
Симириб олди-ку, томчи шабнамни.
Сўнгра қуёш кўкдан буткул йўқолиб,
Мавҳумликка ботиб, тирнар ярамни...

Кўзларим сўнётган юлдуз мисоли,
Қовжираб бормоқда юрак томирим
Саробга айланди кўклам висоли,
Саратон бир жойда қотиб қолди жим...

Сочилган хаёлим тўпламай туриб,
Ҳушимга келишлик вақтин кутмасдан.
Ҳаётимга келдинг чақмоқдек уриб,
Ва... кетдинг бирорта сўзинг айтмасдан...

Охирги қарашинг эслаганда зум,
Умрнинг тақвими тинмайин ёнди...
Тоғлардек сервиқор юксалган қалбим,
Мунғайиб...
муштумдек тош бўлиб қолди

***

Букун кўнгил хижил, дардларим дунё,
Бошқа севмасликка қилгандайман аҳд.
Кунлар ҳам зулматга қул бўлган гўё –
Ўзгага ёр бўлиб, кутаяпсан бахт.

Ҳаққим йўқ бўлса-да тинч қўймайди рашк,
Дилимдан тилимга кўчади оҳим.
Етим бола мисол қолиб кетди ишқ,
Айт менга, не эди менинг гуноҳим.

Кечалар уйқусиз, кундузлар нурсиз,
Бир сўзсиз, изҳорсиз севганлигим рост.
Юрагимдан чуқур қолдирб бир из,
Фақат ёнгинамда бўлмайсан холос.

Ўйинг билан яшаб, кун кўраяпман:
эрталаб ишга бор... кечқурун уйга.
Шу куйи бегона бўлиб боряпман,
Муҳаббат аталган махзун туйғуга...

Ёлғиз одимлайман ҳаёт сўқмоғин.
Ўтгану кетганлар қарамайди бир.
Кетказа олмайди юракнинг доғин.
Шундай экан тақдир, шу экан тақдир...

***

Дард - кўнглим тарк этмас хазин тарона,
У менга тутқазди қоғозу қалам.
Дардсизлик бўлмаган менга ҳамхона,
Дардим кўплигидан қилмайман алам.

Алам - бедор тунлар битилган ашъор,
Алам - ишқ куйида чекилган азоб.
У - наво битмасдан синиб қолган тор,
У - махзун кунлардан аччиқ изтироб.

Изтироб - туйғулар нурсиз хонаси,
У сабаб яшаймиз, тирикдир шу жон.
У севгим биринчи очган шонаси,
Ҳам билак томирда уриб турган қон.

Муҳаббат - юракка яширилган сир,
Ҳаётга гинам у, кўкларга додим.
Муҳаббат - илинжим умрим бўйи бир,
Ҳам дардим, ҳам алам, ҳам изтиробим!

***

Ардоқлаш қалбларга берар ҳарорат,
Илиқ кўнгилларда ғубор бўлмайди.
Беғубор юраклар ишқни этса жо,
Мангулик ғунчаси абад сўлмайди.

***

Сени ўйинг билан
Ўтибди бир йил,
Тўрт фасл юмшатиб
Қўйибди дийдам.
Кунларим кетма-кет
Тугар бир зайл,
Жуда соғиняпман
Сени, азизам!

Ҳаққим йўқ, биламан,
Бундай дейишга,
Сенга ҳам керакдир
Ҳузур ҳаловат.
Не қилай, қўлларим
Бормаса ишга?
Тинчим эгаллаган
Афсус-надомат.

Сендайин тушунмас
Мени ҳеч инсон,
Иккинчи ўзимни
Топиб йўқотдим.
Бир жаҳон азобни
Ўзга олди жон,
Сўнг…жуфт йўл бошида
Тош каби қотдим.

Бири эсдаликка
Кўмилган олам,
Унинг охирида
Ғам-ғусор қасри.
Иккинчиси эса
Янги умидлар,
Ва янги ишқимнинг
Келажак асри.

Киши хотирадан
Кечолмас экан,
Чунки у дардларингни
Eтар ифода.
Лекин хатоларим билиб,
Олиб тан,
Шу дамдан ўзимда
Топдим ирода.

Ҳаёт фалсафаси
Жуда мураккаб,
Мен мудом на гуллаб,
Ва на сўламан...
Бефафо дунёда
Қидириб вафо,
Кўрасан,
Сенсиз ҳам бахтли бўламан!

***

Яшашга умидим бормоқда ошиб,
Туғёнлар қалбимдан чиқишар тошиб.
Кимга талпинади бу юрак шошиб?
Нима у? Наҳотки, кечиккан севги?

У ёқиб куйдирмас қалб ила жонни,
Бийрон ҳам қилмайди ожиз забонни.
Ларзага солмайди жумла жаҳонни,
Лек руҳим банд этди кечиккан севги.

У тотли қўшиқ ҳам хазин куй-наво
Гулдурос бўрон-у, ёқимли сабо.
Боғи Эрамданми келган бир садо?
Ҳаёт дарсига сал кечиккан севги...

У ҳоли оламнинг ғавғоларидан,
Сув ичар истиқбол дарёларидан.
Дилдаги умидлар рўёларидан,
Яралган эканми кечиккан севги?

Йўқ, севги кечиккан эмас аслида,
Эртароқ дунёга келган мен ўзим...

***

Сенсизликка, мана ўрганиб қолдим,
Сатрларим гувоҳ, айтади, сўра.
Қоғозу қаламдан аламим олдим,
Тушкунлик бағрида ётгандан кўра.

Қадрдон кўчани ёлғиз кезаман,
Қара, ўзгармабди мағрур чинорлар.
Таниш шабаданинг сасин сезаман
Сен ҳақда сўрайди сўнгсиз саволлар…

Кунлар ўтиб кетди биринма- кетин,
Ҳар куннинг ташвиши яккама дукка.
Энди висолингни ҳавас қилмайман,
Кўникиб ҳам қолдим эсламасликка.

Ҳафталар, ой, фасл, ўтсалар йиллар,
Битиб кетар экан ишқнинг яраси.
Енгиллик тортгандай бўлади диллар,
Вужудни забт этар ёшлик нафаси…

Умидларим тилаклардан зиёда,
Бу кун омад кулиб боқар йўлимдан.
Бахтлиман сен каби мен ҳам дунёда,
Сенсиз яшаш келар экан қўлимдан!!!

***

Сени эслайман-у, хўрсинаман жим,
Қалбимда куз фасли ҳукм суради.
Ҳаётдан зериккан хассос юрагим,
Билмайман қайдан куч олиб уради.

Умид юлдузларим милтирар элас,
Юзим-чи, хазон барг каби заъфарон.
Сен билган мен энди асло мен эмас,
Сен билган кошона кўнгил ҳам вайрон.

Ўзимни бахтиёр кўрсатиб, кулиб,
Тушкунлик хиссидан қочсам-да йироқ.
Дил аёзда қолган гул каби сўлиб,
Қиш томон тобора бўлар яқинроқ...

Кўнглим жуда совиб кетади баъзан,
Шунда мен аламим майдан оламан...
Гар шароб тугаса, билмайман ҳолим,
Менимча, совуқдан музлаб қоламан...

Кетаман мангуга... исинмоқ учун

***

Биламан, дардларга тўлган гул қалбинг,
Кимгадир ёрилмоқ истайди мудом.
Биламан, кимлардир билмади қадринг,
Ҳалиям азобинг этмоқда давом...

Биламан... ҳаётга қарайсан бефарқ,
Ёлғиз фарзандинг чун яшаб юрибсан.
Кўзларинг қайғуга бўлишибди ғарқ,
Гарчи мардонавор кулиб турибсан.

Биламан, бу дунё сенга зимистон -
Шам ёқиб, ёритиб бўлмайди ичинг.
Зиё авваллари этганди макон
Энди йўқолибди юздан кулгичинг.

Биламан, ҳаммасин... мен нима деяй,
Бу - тақдир, бу – қисмат ва бу пешона.
Жажжи қизалоғинг шўх табассуми,
Келажак бахтингдан эрур нишона.

Биламан... бир четда ўй сураман жим,
Кўзимда аралаш бўлар кун ва тун
Умримни беришга ҳам тайёр эдим -
Битта хўрсинишинг билмаслик учун

Қанийди билмасам...


Мени “бевафо”, деб
Айблама, гулим,
“Меҳрингиз қаттиқ”,-деб
Солма юзимга.
Тошга қиёслама
тирик вужудим,
Тўр солма
ҳар куни босган изимга.

Ширин ўйларингни
Қилма дастурҳон,
Бу таом туюлар
Мисоли заққум.
Кўзларингга қараб
Eзилади жон,
Сен-ла қололмайман.
Йўқ бунга ҳаққим!

Виждоним йўл қўймас,
Қалбим қийналар.
Дардим қанчалигин
Билмайсан, гулим.
Пичоқсиз сўйилар,
Тиғсиз тирналар,
Ипсиз осилади
Нотавон дилим.

Бўлди.
Кетаяпман.
Умидингни уз!
Бир нарса тўсиқдир
Пок ниятингга:
Кўксимда илк севгим
Яшайди ҳануз.
Мен лойиқ эмасман
Муҳаббатингга.

***



Сени кутиб-кутиб чарчадим ғоят,
Соғинмасдан қўйдим висолингни ҳам.
Армонларни туйиб, мана, ниҳоят,
Тақдирга тан бердим. Кўзларимда нам.

Кўзим эмас, менинг йиғлайди қалбим,
Юрак ҳам бир меъёр урмайди сира.
Сенга аён эмас сўнгсиз дардларим,
Билмасдинг эканинг хислар бокира.

Севгандим...Иложсиз ишқимдан кечдим,
Ҳаётга қизиқиш йўқолди тугал.
Севганим – гуноҳим, умидим – айбим,
Ноумид хаёллар бошимда чигал.

Сен бошқа келмайсан – бу менга аён,
Сени эслаганда дардга тўламан.
Кун келиб сен мени қўмсаган чоғинг,
Хижрон азобида ўлган бўламан.

***

Киприкка тонг саҳар бехос қўнган нам,
Юрагу бағримни тиғсиз тиғлайди...
Ажаб, ҳеч нарсадан топмайин малҳам,
Қайдадир бир кўнгил унсиз йиғлайди.

Йиғлайди, йилларки ёлғизлигидан,
Атрофда ҳеч кимса бўлолмас далда.
Хатто ўз ўзини тушунмай қолган,
Меҳрга жуда ҳам ташна маҳалда.

У сузиб кетади хаёл кўкида,
Қушга айланишни ўйлайди гоҳи.
Ёлғонга кўмилган дунё кўшкида,
Чин ишқин қидирар ўтли нигоҳи.

У кутар...
У ютар изтиробларин,
Азобин ёстиққа тунлар сўзлайди.
Гарчи оҳларини эшитмаса-да,
Кўнгилчан ва дилкаш қалбни излайди.

Излайди, ўзига яқин жуфт кўзни,
Сабрдан жон ясаб, бардошидан қон.
Ҳеч кимга айтмайди дилдаги сўзни.
Маюс қарашидан қийналади жон.

Йўқ, бундай қарама, дилим ўртанар!
Дийдамни юмшатма, дийдоринг йироқ.
Ичимда нимадир оловсиз ёнар,
Жудаям қийнади бу ўтли фироқ

Не қилай, тушда ҳам сени йўқласам?
Дардинг ҳам ўзиман, қувончинг ўзим.
Кўрасан, қачондир, худо хоҳласа,
Йиғлаган кўнглингдан топаман тўзим

***

Нега қайғуларга берасан имкон?
Нега кўз ёшларинг асло тинмайди?
Ғурбат дунёсини  этибсан макон,
Қалбинг умид хиссин асло билмайди?

Рухингни чўктирма, бос олға қадам,
Дунё гўзаллиги – қалбингга далда.
Ғамлардан қувонч-ла олгин сен алам,
Ва ҳаёт бошлагин айни шу дамда...

Мен эса...
Билмайман қайда бахтсизлик,
Бахт билан чегара жойда туради.
Тушунмам қалбимни хатто ўзим ҳам
Нима у, кўксимда доим уради???

***

Баҳор гулларидек тўкилиб кетдим,
Қуёш нурларидан қовжирар танам,
Оёқ ости бўлдим... жизғанак бўлдим,
Лек қалбда битта хис, кўзда эса нам...
Сени соғиндим...

Ҳар кеча хижроннинг янги бир йили,
Охири йўқдайин тотли азобим.
Қийналиблар кетдим...
Бу умр йўли - Шундаймикин-а,
Айтгин,
офтобим?
Сени соғиндим...

Хаёлим юради тунда тентираб..
Туби йўқ кўчанинг чиқар бошига.
Бақириб, чақириб, сизлаб, сенсираб...
Пойингни қидирар, излар, ошиқар...
Сенга.

Неча ойдан бери дардли изтироб,
дастидан бир зумга қалбим тинчимас
Атрофда одамлар –
ҳаммаси сароб...
Қара, уларнимас,бошқаларнимас -
Сени соғиндим...

Чидайман... умидим висол лаҳзаси,
Юрагим осмоннинг энидан ҳам кенг,
Балки шудир асли ишқнинг лаҳжаси
Ажаб...ғалати...
Сен мени эмас,
мен -
Сени соғиндим....
Жуда соғиндим...

***

Сени кутиб-кутиб чарчадим ғоят,
Соғинмасдан қўйдим висолингни ҳам.
Армонларни туйиб, мана, ниҳоят,
Тақдирга тан бердим. Кўзларимда нам.

Кўзим эмас, менинг йиғлайди қалбим,
Юрак ҳам бир меъёр урмайди сира.
Сенга аён эмас сўнгсиз дардларим,
Билмасдинг эканинг хислар бокира.

Севгандим...Иложсиз ишқимдан кечдим,
Ҳаётга қизиқиш йўқолди тугал.
Севганим – гуноҳим, умидим – айбим,
Ноумид хаёллар бошимда чигал.

Сен бошқа келмайсан – бу менга аён,
Сени эслаганда дардга тўламан.
Кун келиб сен мени қўмсаган чоғинг,
Хижрон азобида ўлган бўламан.

***

Гоҳи ўйлаб, чарчаб кетаман,
Хотиралар билмас охирин ...
Не ажабки дилдан кутганда
Қалбим менга ёрмайди сирин...

Ўйларимдан толган юрагим,
Ҳеч нарсадан топмайди тўзим...
Имкон бўлса сен ҳақингдаги,
Хаёлимни ўчирар эдим..

***

Нечун, жоним, кўзларингда нам?
Нечун йиллар қийнадинг ўзинг?
Дардларингни кўрамиз баҳам,
Ҳақиқатдан юммагин кўзинг.

Қанча кутдим гоҳида чидаб,
Гоҳи сендан қилиб андиша.
Мажбур бўлдим ўзимни алдаб,
Яшаб юрдим кулиб ҳамиша.

Қалбим-чи, у йиғлар эди жим,
Қайғуларин этмасди ошкор.
Фақат розинг кутди юрагим,
Қадамингга бўлиб интизор.

Кўзларингни яширма мендан,
Сўзинг тинглаб, қараб тўймайман.
Меникисан. Энди ҳеч қачон,
Ҳеч кимсага бериб қўймайман.

***
Сир

Мен Сизга изҳорим этмайман ошкор,
Юрак-юрагимдан кулмайман ортиқ.
Дунё юзин кўрмас беҳисоб ашъор.
Қучоқ гуллар бошқа қилмайман тортиқ.

Тушларим бугундан сизники эмас,
Тўлин ой кечалар келтирмас илҳом.
Кўзингиз сеҳрига қилмайман ҳавас,
Самимий сўзингиз этолмайди ром.

Маҳлиё бўлмайман ҳуснингизга ҳам,
Майли Сиз дунёда якка-ягона.
Дардингизга ҳатто қўймайман малҳам
Шу кундан бизлармиз буткул бегона.

Сабаби  айтмайман...сўраманг асло,
Хиссиз кўнглингизги қийнаб нетаман? 
Оллоҳим билгувчи бу сирни танҳо,
Ўзим-ла қабрга олиб кетаман...

**
Ошиқсан?
Наҳот тушунасан севги каломин?
Қалбинг муҳаббатга бўлмиш ошино?
Музлик дунёсини тарк этиб бугун,
Сўзлайсан бевафо эканин дунё?

Кечирим сўрамам – қалбим покиза,
Севганим эмас-ку, ахир гуноҳим.
Воз кечиб ишқингдан, меҳрибонгинам,
Бошқадан топгумми энди паноҳим?

...Севиш, севилишдан бўлганман маҳрум,
Билмам...недан юрак ишққа совуққон?
Шеъримда уни мен этиб тараннум,
Аслида бегона яшайман, ҳайрон....

...Ҳаётим бугунин сўзладим, мана,
Эртасин қуришини ўйлайман махзун,
Ишқнинг китобини оламан яна,
Яна мен Фарҳодман...Яна мен Мажнун!

***

Яна қиш…яна қор…яна изғирин,
Дарахтлар ўй сурган маюс келинчак.
Қуёш ҳам эриниб сочади нурин,
Гўё ёруғликни қарз берган фалак.

…Ҳеч ким тушунмайди қалбим тилини,
Баъзида ўзим ҳам қоламан ҳайрон.
Қўлдамас белгилаш тақдир йўлини,
Бугун гуллаб турса, эртага вайрон.

Кўнглим бузилган уй, хароба мисол.
Ҳеч ким йўламайди… Ҳувиллаб қолган…
Гоҳи ўз-ўзимга бераман савол:
“Нимадир ҳаётим бу куйга солган?”

Билмам нима истар бу мўъжаз юрак,
Кимга у сабрсиз талпинар тинмай.
Ёлғизлик хиссидан ёки бу дарак,
Унум йўқ кунимда, нима иш қилмай.

Балки “соғиниш”,  деб аташар буни,
Ёр васли шу кеча хаёлим олди.
Соғиниб, энтикиб кунию туни,
Танам ҳам юракка айланиб қолди.

***

Бинойидек юриш-туриши,
Суҳбати ҳам сермазмун жуда.
Гоҳи мафтун қилар  кулиши,
Ром  этади хатто уйқуда.
Киприкларин ёйи қалбингиз
Тўғри нишон олади бехос.
Кўнгли, - дейсиз  - каттакон денгиз,
Дарёсидан қуйилади ноз.
Кокиллари мисли мажнунтол,
Қуёш янглиғ табассумлари.
Сўзидан чак-чак  томади бол,
Гул баргида шабнам сингари.
Рўмолини қўймас бошидан,
Узун кўйлак қоматин безар.
Ўсма қўйиб етти ёшидан,
Буюк санъат асарин чизар.
Қултум сув-ла ютаман дейсиз,
Бунча гўзал бўлмаса, Худо!
Фақат битта айби бор, эсиз...
Унга юрак этмаган ато!

***

Ботинни қўриқлар метин зоҳиринг,
Зоҳиринг оламни олмаяпти тан.
Нима, сен аслида жумбоқмисан, айт?
Қалбинг яралганми сир-синоатдан?

Кўзларинг ортига яширинган мунг,
Гоҳ дилинг ошкора этмоқликка шай.
Иста, дардларингни ўзимга олиб,
Сенинг азобинг-ла ёнма-ён яшай.

Э, воҳ, яшашимга берганди изн,
Қалбимни яратдинг бунча таъсирли?
Бир савол қийнайди туғилганимдан:
Аёл муҳаббати бунча ҳам сирли?

***

Қизга фарқи йўқдек кетяпти кулиб,
Йигит ваъда берди унутишликка.
Ўртада муҳаббат қадди букилиб,
Тақдирнинг кўзига боқмоқда тикка.
Чой тўкилган қоғоз каби заъфарон,
Юзлари бир кунда тўлди ҳасратга.
Қай тараф кетишни билолмай ҳайрон,
Висолни кузатмоқ бўлди рихлатга.
Энди фақат ундан қилишар гина,
Энг катта гуноҳкор бўлиб қолди-ку?
Оҳ, бечора севги, бечорагина,
Аросатда қолиб сўлиб қолди-ку?
Сўлма, парваришлай, сен айбдормас,
Кўрасан барчаси тушади изга.
Фақат раҳмим келар сени тушунмай
Яшаган йигитга, бевафо қизга…

***
Ошиқлик кўнгилда, зоҳирда тилсим -
Қандайин сирларга қалбинг ўралган?
Гунча лаб сўз жуфтлаб очилади ним,
Менимча, дилинг ҳам гулдан яралган...

Шабнам томчисига интиқиб саҳар,
Кутмоқлик ишқида яшайди ғунча.
Умид-чи гулзорда тинмайин кезар,
Бахти топилгунча - гул очилгунча.

Ҳар битта гул барги - орзунгми сенинг?
Ҳар битта тиконинг - ишванг, нозингми?
Муаттар исларинг пиёласиз май -
Ё боғда таратган шўх овозингми?

Бунча чиройлисан – нафис капалак,
Бир зумда инсоннинг ақлин оласан...
Фақат битта тилак - фақат бир истак:
Музга талпинмагин - музлаб қоласан!

***

Қайтгим келар болалигимга,
Сой сувидек беғубор, тоза.
Чанг кўчада югуриб, елиб,
Бахтим этар эдим овоза.
Дўстим билан ўйнардик чиллак,
Зув-зув, дея, кулишиб, яйраб
Гоҳ адирда учириб варрак,
Гоҳи қушдай чуғурлаб, сайраб.
Боғлар аро айлардик “сафар”,
Меваларга тўлдириб қўйин.
Боғбон билса, қувса Олапар,
Бизлар у –ла ўйнардик ўйин.
Зовурларда балиқ тутардик,
Капалакдан қилардим тўплам.
Тол шохидан от ясаб дик-дик,
Тулпор мисол босардик қадам.
Эрта тонгдан намозшом қадар,
Онажоним қидирар кўча.
Кенг даладан топиб мен “тўзим”,
Югурардим ҳолдан тойгунча.
Ёмғирларда обдон чўмилиб,
Усти-бошим хўлу шалоббо.
Гоҳ чаманда гулга кўмилиб,
Бошлар эдим яна бир ғавғо.
Суяр эдим ҳар бир япроқни,
Ялпиз ҳиди этар эди маст.
Сезмасдим мен чангу тупроқни...
Катталарга қилардим ҳавас.
...Йиллар ўтди, хотира –тарих,
Ҳаёт ўтар қайтмайди ортга.
Энди билдим, қалблар беғубор,
Энди дилим қўмсар болалик...

***



Агар муҳаббатни сувга қиёс қилсак, эркак муҳаббати дарёга ўхшайди... қанча ердан оқиб ўтмасин борар жойи денгиз... Аёл муҳаббати эса тубсиз денгизга ўхшайди... У дарёдан сув олса-да, ўзининг қанча сув олишини дарёга билдирмайди... Туб-тубида сон-саноқсиз марварид ва дурларни сақлайди... Уларни шўнғиб кириб, юқорига чиқариш учун дарё сувининг шашти етармикин, валлоҳу аълам...

Дунё синоатдан яралгани рост
Уларни тушуниб бош эгамиз жим...
Фақат биттасига йўқ жавоб ҳолос,
Фақат битта сирни билолмас ҳеч ким:
Қалбларни қийнаган - нимадир оти?
У, шаксиз, аёлнинг пок муҳаббати

Дунё гўзалликдан яралган - бешак,
Қалбларга ҳаяжон солажак ҳам у.
Баъзан беъхтиёр кўзга ёш олсак,
Киприк тўйинтирган беқарор нам - у
Нима ўртантирар ёш-қарини тенг?
У, шаксиз, аёлнинг пок муҳаббати.

Дунё яралганми, сабрданми ё?
Қаноат асабга ягона малҳам.
Бардош кўнгилларга бахш этар зиё,
У сабаб қалбларда акс этмайди гаъм...
Лекин коинотда энг катта сабр -
Бу, шаксиз, аёлнинг пок муҳаббати

"Дунё шафқат устин этгандир макон",
Деса ҳам кимлардир, этмам эътироз.
Аслида меҳрга ташна ҳар инсон,
Мурувват нури-да чин одамга ҳос.
Оллоҳнинг башарга битта шафқати:
Бу шаксиз аёлнинг пок муҳаббати.

***

Ҳаққинг бор, Лайлидек ошиқ бўлишга,
Шириндек бўлиш ҳам ўз ихтиёринг.
Яшнаса яшнашга, сўлса сўлишга,
Ўлса ҳам ўлишга,беқарор ёринг!

Мен эса...билмадим, лойиқманмикин
Мажнундек куйгани, ишқингда беун?
Фарҳод ҳам чиқмайди мендан...Гапим чин,
Чунки қалбим қашшоқ, юрагим юпун!

***

Тун...
бунда рутубат...
Атроф зим-зиё,
кўкда булут тўсган ой-юлдуз йироқ..
Бир кичик умидни этади рўё
узоқдан милтираб бир ажиб чироқ....

У – дилим севинчи, меҳр қуёши,
кўнглим ҳам у сабаб топади тиним...
У дардли оламнинг мунгли кўз ёши,
ва сирли оламим: сиртим, ботиним...

Ҳаётим чиқмоқда зулматни енгиб,
ғалати хислардан порлайди кўзим.
Мангу осмонларни нурафшон этиб,
Бўл менинг порлаган ёрқин юлдузим...

***

Кимнидир ўйлайман. Хаёллар тубсиз
Жарликлар уммонин силсиласида,
Тинмай чарх уради излаб тоғлардан,
Тополмай ноумид берар акс садо.

Кимгадир юракдан ёзилиб, қувнаб,
Суҳбат қурмоқликни насиб этсайди.
Сўнг майли, руҳимни айириб тандан,
Мангу оламга-да олиб кетсайди.

Кимдандир умидвор бу қалбга наҳот,
Топилмас заррача юпанч каломи?
Ўтинч бўлолмасми тоабад менга
Беғубор кўнгиллар алик-саломи?

Кимнингдир юраги балки менингдек,
Бир оғиз ширин сўз, суҳбатга зордир.
Бир зум бир нуқтадан кўз олмай, жимжит,
Мени ҳам ўйлаган инсонлар бордир.

Мен уни кутганман, ҳамон кутаман,
Қанча умрим бўлса шунча чидагум.
Ҳаётим сўқмоғин дадил ўтаман,
Розини айтгунча мурғак юрагим.



Танишув...
Суҳбатлар...
Кўникиш...
Кутиш...
Муҳаббат...
Чин изҳор...
Синовлар...
Хижрон...
Аламлар...
Қийноқлар...
Хатто, қон ютиш...
Сўнг, кечирим???
Айт, сўзларинг эканинг ёлғон!!!
“Ёлғон”,  де,
Беҳуда тўкилган ёшинг!
Ишонтир,
Юрагинг безовта эмас!
Азобдан наҳотки
Оқарди сочинг?!
Нега бу икки кўз
Ҳеч нарса демас?
Сўйла,
Ишқимизга нелар бўлди ғов?
Вақтми ёки сабаб
Иккиланишга?
Сенсизлик юракка
Ёқади олов,
Чидайман:
Тишимни қўяман тишга...
...Сени деб дунёда
Ўтаман танҳо.
Ёнингда фироқда
Яшамоқдаман.
Кўзимга қоронғу
Кўринар дунё,
Зиёни қидирар
Руҳим покдамон...

Ҳеч узр сўрама
Кетиш олдидан
Кечириб бўлганман
Севиб қолган чоғ!!!

***
Юрагим тубидан ҳайқирар нидо,
Туғёнлар қалбимга беролмай бардош.
Бақириб сўзласам чиқмайди садо,
Гўзалим, соғиндим, сени жуда ҳам.

Не қилай? Дилимга қилолмам амр.
Умрбод айрилиқ биз учун, наҳот...
Борлиғим, вужудим руҳимсан ахир,
Соғинчни яшириб бўларми, ҳайҳот.

Соғиниб яшайман, сени ҳар нафас.
Соғиниб, охири кетгум дунёдан.
Севгимиз хотирин сақлаб муқаддас,
Висолинг топгум-ми арши-аълодан.

Сенинг номинг билан тирикман фақат,
Соғинчим, асалим, шеърим , ғазалим.
Сен мен чун умидсан, абад-ул абад,
Қалбимнинг эгаси-эрка гўзалим.

***

Дилимда тасвирлаб бўлмас бир сурур,
Ўзгача завқ берар олган нафасим.
Зуҳро юлдуз мисол таратгувчи нур
Табассум юзларга келар ҳавасим.

Борлиқ гўзаллигин атрофга сочган,
Ифорлар келтириб эсади насим.
Хаёлим ўғирлаб ойларга қочган,
Зулфинг торларига келар ҳавасим.

Ўйланиб қоламан...Гоҳ ўйим рўё,
Гоҳида нуқтага тикиламан жим.
Ҳаётдан миннатдор, ҳам меҳридарё,
Қалби бутунларга келар ҳавасим.

Юрагим орзиқиб, ўртанар жоним,
Қувончли кунларим ёдга солиб зум...
Бу ёруғ оламда ҳеч йўқ армони,
Бахтли инсонларга келар ҳавасим.

Юзландим неча бор минг турли кўзга,
Зор бўлдим бир оғиз дармонли сўзга,
Ҳар эрдан изладим, топмадим ўзга,
Сенинг кўзларингга келар ҳавасим...

***

Сизни билиш менга кутилмаган бахт,
Сиз билан учрашиш - буюк тасодиф.
Шу кундан қалбимда қилиб қўйдим аҳд, 
Ўшал тасодифни кутавераман.

Майли, фаслларга боқмайман асло,
Йилларни қадамлаб ўтавераман.
Бир мақсад доимо дилимга ошно:
Қанча керак бўлса, кутавераман.

Кўз тикиб, интиқиб, йўлингиз пойлаб,
Дардларимни ичга ютавераман.
Ҳар бир учрашувни ҳафталаб, ойлаб,
Орзиқиб, энтикиб, кутавераман.

Ҳижрон азоблари қийнайди дилни,
Соғинч уммонига ботавераман.
Мен учун яралган беғубор гулни,
Бир умр кутаман, кутавераман.

Мингта бўлмайди-ку тасодиф, жоним,
Сиз ҳам ягонасиз, мен ҳам биттаман.
Ҳаётим мазмуни, жумла-жаҳоним,
Исмингиз тилимда тутавераман,
Ёниб, васлингизни кутавераман.

***

Кутяпман...
Фақатки, вақт кутмас экан,
Йиллар армонимга қўшади армон.
Ҳаёт махзунлигин олмаса-да тан,
Кўникиб бормоқда бу хисларга жон...

Кутяпман кимнидир, интиққанча, жим...
Узоққа термулиб, тун ўтар бедор.
Ҳеч ким тушунмаган дилдаги дардим,
Айтолмай юрагим йиғлаяпти зор...

Кутяпман, шу хаёл ҳеч этмайди тарк,
эрталаб ишга бор, кечқурун уйга...
Умрим ҳам куздаги мисли ҳазон барг,
Ўрганиб бормоқда тушкун туйғуга.

Кутяпман... Кутганман... кутаман яна,
Кўникиб ҳам қолдим кун ўтган сайин...
Соғиниб, энтикиб қалбим ўртана
Шу зайл дунёдан ўтмоғим тайин...

***
Майли, кулаверинг туйғуларимдан,
Мажнунга чиқаринг номим майлига.
Мен эса ҳеч кимга билдирмай зимдан,
Бош эгиб яшайман қалбим амрига.

Олган нафасимда шукрона айтиб,
Шу оппоқ кун учун ёд этиб Ҳақни.
Ҳар тонг умид ила қайта ва қайта,
Янгидан очаман оппоқ варақни.

Тирикман, илинж-ла яшайвераман,
Баҳор гулларига бўлиб маҳлиё.
Кўрасиз, бу хислар гуллайди чаман,
Туйғулар жўш урар мисоли дарё.

Яратган берган нур – йўлимда маёқ,
Бахш этган ғайрати – ёрқин машъалам.
Кўнглимда имоним тутиб ки байроқ,
Бир зумга бўлса-да тортмайман алам

(Яна ҳайрон бўлманг, бошқалар шеърим
Ғалати чиқди, -  деб хандон кулсалар.
Тўгри-да, ишқ нима қаёқдан билсин,
Завқнинг нималигин билмас кимсалар.)

Афсус надоматдан йўқ энди зарра,
Изтироб, ғамларни  кўмдим тупроққа.
Дарду азобимнинг устидан чизиб,
Қолган ҳаётимни кўчирдим оққа

Энди ишонч билан, нафосат билан,
Дилимда қуёшдек ҳарорат билан,
Юракда эҳтирос, тароват билан,
Олдинга қадамим ташлайвераман...
Мен барибир шодон яшайвераман.

Майли кулаверинг...

***

У қизда юрак ҳам асли бўлмаган...
Йигит эса билмас ишқнинг отини...
Гўзалликни шам деб кўрган парвона,
Қайдан ҳам биларди гулнинг тотини?

Уларга муҳаббат керакмас асли,
Бир-биров устидан турар кулишиб...
Нургамас, оловга талпиниб охир,
Ҳудди парвонадек қолар куйишиб...

***

Бинойидек юриш-туриши,
Суҳбати ҳам сермазмун жуда.
Гоҳи мафтун қилар  кулиши,
Ром  этади хатто уйқуда.
Киприкларин ёйи қалбингиз
Тўғри нишон олади бехос.
Кўнгли, - дейсиз  - катта бир денгиз,
Дарёсидан қуйилади ноз.
Кокиллари мисли мажнунтол,
Қуёш янглиғ табассумлари.
Сўзидан чак-чак  томади бол,
Гул баргида шабнам сингари.
Рўмолини қўймас бошидан,
Узун кўйлак қоматин безар.
Ўсма қўйиб етти ёшидан,
Буюк санъат асарин чизар.
Қултум сув-ла ютаман дейсиз,
Бунча гўзал бўлмаса, Худо!
Фақат битта айби бор, эсиз...
Унга юрак этмаган ато!

***

Бугун Сени кўрдим баногоҳ,
Шул он юрак тўхтади зумга...
Мунгга тўла эканми нигоҳ?
Ўтиб кетдинг боқмай кўзимга...

Ўн йил ортга қайтгандай ҳаёт.
Қийнар қалбни эски дардларим.
Айт-чи ростин, этмайсанми ёд,
Йўқотганинг ёшлик дафтарим?

Қайда қолди шод, ҳазилкаш қиз?
Қани ўша шўхчан табассум?
Қаён учди порлаган юлдуз?
Қани ўша қарашлар-маъсум?

Жиз этди-ю, ичимдан бир тор,
Хушим йиғмасимдан узилди…
Онда этиб дилимни абгор,
Кўнгилгинам ёмон бузилди…

Бугун Сени кўрдим баногоҳ,
Тўхтатгани топмам тоқатим...
Бошқа сафар учрармисан ё,
Кўришмасмиз, илк муҳаббатим?

***

Соғинмаган дилда муҳаббат қани?
Соғиниш – кўнгиллар боғловчи ришта.
Не афсус яшайди хис қилмай буни,
Беҳиштда беармон юрган фаришта.

***

Бошни чулғаб олар хаёллар,
Ўйлашимга бермайин имкон.
Чалкаш шохлар каби саволлар,
Сочларимни этибди макон.

Қайга кетдинг? Нима қиляпсан?
Қай аҳволда экансан ҳозир?
Қайси боғда ҳандон куляпсан?
Ёки кимга айтаяпсан сир?

Қачон қуёш бўлиб улгурдинг?
Қандай чиқдинг қалбим тўрига?
Сен қандайин сўқмоқда юрдинг?
Зор этдинг-ку шамсинг нурига.

Кимларгадир тикилиб зимдан,
Қаерлардан излайсан паноҳ?
Ё тўйдингми тергашларимдан?
Қидиришим санама гуноҳ.

Баъзан шундай қилиқларим бор,
Ранжимагин сўроқ-сўзимдан.
Чунки севгум жонимдан бисёр,
Рашк қиламан ҳатто ўзимдан!

***

Минг турли хаёлга бормангиз эркам,
Мен Сизни жудаям яхши кўраман.
Ҳадя дастрўмол-чи, жудаям кўркам,
Доимо кўксимда олиб юраман.

Шу кичик совғага бори меҳрингиз,
Бағишлаб, сўнг кейин тикканмидингиз?
Четига сув мисол жило беридсиз,
Ё ипга кўз ёши тўкканмидингиз?

Ёки араз қилиб, менга айтмай сўз,
Бу ажиб матога ёрдингиз кўнгил?
Ёки қувончданми намланиб жуфт кўз,
Рўмолча баҳона ором олди дил ?

Унга тўлдирибсиз юрак тасвирин,
Қалбингиз ташнами, меҳрга шунча?
Айтингиз яширин ишқингиз сирин,
Гулзорда очилмай сўлмасин ғунча...

Шубҳалар ўринсиз, тергашлар бекор,
Кез келди изҳорим айтайин юзга.
Сўнг қўшиб мана шу дастрўмол турган,
Чап кўксим бутунлай берайин Сизга!

***

Қалбимни дастурхон этдим ёнингга,
Ҳаётим айладим пойга пояндоз.
Баъзан ҳазилларим тегар жонингга,
Баъзида сўзимга бўларсан ҳамроз...

Гоҳи устозимсан, қалб – меҳрирадё,
Гоҳда-чи гапимга кирмас шогирдсан.
Дилинг ҳам рўмолга оръанган,
Гўё
Ҳеч ким тусунмаган бир ажиб сирсан...

Кимнинг қалб ашъори кимларга таниш,
Ахир шеър бўптими кўнгил тўлмаса?
Наҳотки мумкиндир оловсиз ёниш?
Сирларинг бунчалар қаттиқ бўлмаса?

Очил...
Баҳор ахир, кўрмаяпсанми?
Кейин мендан қилиб юрмагин гина
Ягона тилагим, ёлғиз тилагим:
Хисларинг музлатиб қўйма қизгина!

***



Тақдирингдан бугун кетаман абад,
Бошқа йўлга буткул бўлгум равона.
Юрак ҳисларига этмай итоат,
Шу кундан мен сенга тамом бегона.

Ҳа! Севаман. Буни этмайман инкор,
Беҳуда эмасди кўнгил изҳорим.
Шубҳалар ҳаммаси, ҳаммаси бекор,
Сабаби бу эмас қатъий қарорим.

Бугун тушундим мен тақдир ҳазилин,
Бугун менга аён зим-зиё сирлар,
Бугун билдим тенгинг эмаслигимни,
Бугун кўз ёшларинг қалбимни тирнар.

Йўқ! "Тақдир" аталмиш муҳташам сарой,
Бизлар иккимиз чун кўтармаган қад.
Баҳор ҳам шунчалар берса-да чирой,
Бирга кўролмайди бизларни фақат.

Узр сўрамайман кетиш олдидан,
Чунки севиш, ахир, эмас-ку гуноҳ,
Бош олиб бу ердан, сенинг васлингдан,
Қаердан, билмайман, топаман паноҳ?!

Хўп, майли, уз энди севгинг риштасин,
"Ўз бахтинг топгин", -деб қиламан нидо.
Ягона тилагим: Қайғу нелигин,
Билмасдан яшагин.
Хайр! Алвидо!!!             

***

Мен сени бахтиёр кўрмоқ истайман,
Қувончдан кулишинг, яйрашинг чиндан.
Кўнглимда барини бермоқ истайман,
Эзгу ниятларим айтиб кунгилдан.

Мусаффо осмоннинг мовий рангини,
Ва туннинг малаги ойнинг - янгини,
Тоғлар шалоласин шўх жарангини,
Сенда мужассамлигин туймоқ истайман.

Кўнгил кўчаларим, йўлим шаҳримни,
Бағишлаб дилимда бори сеҳримни,
Бир ака берганча бериб меҳримни,
Ўзимнинг синглимдек суймоқ истайман.

Ҳаётнинг мушкулин енгиб ҳамнафас,
Ноумид ўйларга қўйиб мен қафас,
Бахтли инсонларга қилиб чин ҳавас,
Сен бирла бир йўлдан юрмоқ истайман.

Доимо маст бўлиб бахт суруридан,
Ажратиб жой сенга юрак тўридан,
Қуёшнинг энг азиз, ёрқин нуридан,
Қалбингда жаннатни қурмоқ истайман.

Мен Сени бахтиёр кўрмоқ истайман...

***

Ҳар тонг қуёш уфқдан чиқиб,
Нур улашса олам кулади.
Термуламан унга интиқиб -
Сизни жуда кўргим келади.
Соғинаман...хўрсиниб бесас, 
Чарх уради бошда минг савол.
Гоҳ чақириб тушда уйғонсам,
Илинжимни учирар шамол.
Уйқу келмас саҳаргача то,
Хонам зулмат… чироқ ёқмайман.
Асаблар ҳам бўлгандир адо.
Энди бир зум мижжа қоқмайман.
Пешонамни қўлимга тираб,
Тунда узоқ ўтираман жим.
Қайлардадир унсиз тентираб
Талпинади Сизга юрагим.
Майли менга битта сўз айтманг,
Имо қилманг хатто кўз билан.
Ҳеч бўлмаса бегоналардек,
Дийдорлашгим келар Сиз билан.

***

Бошим олиб дуч келган ёққа,
(Ўзим билмам хатто қаёққа),
Хуллас кетмоқчийдим узоққа,
Кўзингизни кўзим қиймади.

Мудраб қолган қалбим уйғотган,
Йиллар юрак тубида ётган,
“Соғиндим”, деб оҳиста айтган,
Сўзингизни кўзим қиймади.

Хаёлимдан кетмайсиз нари,
Фақат орзу бўлмасин бари,
Кўз тикканим қанчадан бери -
Изингизни кўзим қиймади,

Изтироблар тўла оламда,
Хижрон жуда қийнаган дамда…
Кулиб турган кўнглингиз ҳамда
Юзингизни кўзим қиймади.

Қорачиқда умрим мужассам -
Кўзингизни кўзим қиймади…

***

Қалбим вужудимга тутмайди қулоқ,
Вужуд эса кузнинг мудроқ парчаси.
Совуқ тун ёлғизлик ҳиссидан сабоқ,
Елвизак хаёллар чиқиш дарчаси.

Ўйларим юлдузлар қўйнида хорғин,
Зулмат дарпардаси тўсган кўзимни.
Ёруғлик, қанисан, мен билан юргин.
Келмасанг унутгум буткул ўзимни.

Ярқ этган нур - йўлим ёрутгувчи шам,
Рутубат зулмидан хаста юрагим.
Муҳаббатга ташна киприкларда нам,
Гўёки ҳеч кимга йўқдир керагим...

Васлингни кутгандим асрлар, йиллар,
Азобу қийноқлар одатий ишим.
Чидаму бардошдан супурги қўллар,
Сенинг нафасингдан иборат ҳушим.

Қоронғулик ичра машъала бўлиб,
Ўтли нигоҳларинг минг куйга солди.
Ва кейин танам ҳам нурларга тўлиб,
Умрим ҳам қуёшга айланиб қолди

***