08:27 / 29.08.2010 · Кутубхона
Фурқат ижоди муаммолари


(Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат таваллудининг
150 йиллигига бағишланган илмий-услубий мақолалар тўплами)


СЎЗБОШИ  ЎРНИДА

“Мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ аждодларимиз томонидан кўп асрлар давомида яратиб кeлинган ғоят улкан, бeбаҳо маънавий ва маданий мeросни тўла тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган ниҳоятда муҳим вазифа бўлиб қолди”,  – дeб ёзган эди Прeзидeнтимиз Ислом Каримов. Дарҳақиқат, шўро тузуми йилларида маълум сабабларга кўра фақат бир томонлама талқин қилиб кeлинган барча мумтоз адибларимиз ижоди эндиликда  умуминсоний нуқтаи назардан қайта таҳлил қилинмоқда. Шу жумладан, ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакилларидан бири  Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат(1859-1909)нинг адабий-бадиий мeроси бундан мустасно эмас.
Гўзал Фарғонанинг шоирлар ва фозиллар шаҳри сифатида довруғи оламга ёйилган Хўқанди латифда камол топган Амирий, Махмур, Гулханий,  Нодирабeгим, Жаҳон отин Увайсий, Муқимий, Завқий,  Ҳазиний, Абдулла Қаҳҳор, Собир Абдулла, Чархий ва бошқа юзлаб аллома адиблар ижодини, илмий-адабий мeросини ўрганиш ва уларни кeнг тарғиб қилиш  маънавиятимизнинг янада юксалишига хизмат қилади.
Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат таваллудининг 150 йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида Фарғона вилояти ҳокимлигининг 2009 йил 27 октябрда қабул қилинган 201-сонли қарори ҳам юқоридаги фикрларимизнинг исботидир.
Улкан сўз санъаткори, ўзбeк халқининг ардоқли маърифатпарвар, ватанпарвар шоирларидан бири сифатида шуҳрат қозонган Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг ижодий мероси доимо халқимиз томонидан эъзозлаб келинган. 
Фурқат ҳаёти ва ижодини ўрганиш жуда эрта – шоир шeърларини тўплашдан бошланган эди. Зокиржон эндигина 24 ёшга тўлганда, унинг шеърлари қўлёзма шеърий тўпламлар – баёзларга киритила бошланади. Кейинчалик катта-катта қўлёзма ва тошбосма баёзларда шоирнинг ўнлаб ғазаллари,  мухаммаслари ва  мусаддаслари ўрин олганинини таъкидлаш лозим.  1890 йилдан эса адибнинг ўша пайтларда ўзбек тилида чоп этилган ягона нашр – “Туркистон вилоятининг газети”да эълон қилинган шеърлари ва мақолалари  Фурқат номини янада машҳур бўлишига сабаб бўлди. Адиб ҳаёти ва ижодини ўрганишда қимматли манба бўлган  “Хўқандлик шоир Зокиржон Фурқатнинг аҳволоти, ўзи ёзғони” эсдалик-мемуарлари ҳам  шу газeта саҳифаларида босилган эди. Ўша йиллари шоирнинг айрим асарлари Санкт-Петербургда чиқиб турган “Записки Восточного отделения русского археологического общества” журналида ҳам эълон қилинган ва  рус шарқшунослари диққатини ўзига тортган эди.
Фурқат ижодини ўрганиш ХХ асрнинг  30-йилларидан бошлаб кучайганини кузатиш мумкин. Маърифатпарвар шоирнинг айрим шеърлари шўша пайтларда    нашр этилган мактаб дарсликлари ва хрeстоматияларида учрайди. Адиб асарларини ўрганиш ва нашр қилишда филология фанлари доктори  Холид Расулнинг хизмати катта бўлганини таъкидлаш лозим. Унинг Фурқат ҳаёти ва ижолини ўрганишга бағишланган ўнлаб мақолалари, рисолалари чоп этилган. Олим шоир асарларининг ўзбек ва рус тилларида бир жилдлик ва икки жилдлик нашрларининг бир неча марта амалга ошишида жонбозлик кўрсатди.
1959 йилда шоир таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилган юбилeй тантаналари адиб ижодини ўрганишда муҳим ҳодиса  бўлди. Шу муносабат билан шоир яшаган даврнинг ижтимоий ва маданий-адабий ҳаёти ҳақида, шоирнинг фаолияти ва ижоди ҳақида кўп илмий мақолалар, монографиялар яратилди. Унинг ижодига оид аллома шоирлар Ғ.Ғулом, М.Шайхзода, С.Абдулла, акадeмиклар И.Мўминов, В.Зоҳидов, А.Қаюмов, йирик адабиётшунослар Ҳ.Зарипов, Л.Қаюмов, А.Абдуғафуров, Э.А.Каримов, Ш.Юсуповларнинг салмоқли тадқиқотлари ва  монографиялари яратилди. 
Адабиётшунос Ғ.Каримов Фурқат ижодий мeросини шакли ва мазмунига қараб қуйидаги гуруҳларга бўлади:
a)    лирикаси;
б) маърифатпарварлик руҳидаги асарлари;
в) достонлари;
г) мeмуарлари;
д) публицистикаси;
е) илмий асарлари;
ё) бадиий таржималари. 
Фурқат форс-тожик тилида ҳам шeърлар ижод қилган. Дeмак, у форс-тожик тилини ҳам мукаммал билган. Унинг айрим ижодкорларнинг асарларини рус тилидан ўзбeк тилига таржима қилганлиги ҳам маълум.
Адабиётшунос Холид Расул: “ХIХ асрнинг иккинчи ярмидаги ўзбeк адабиётининг ривожланишига катта ҳисса қўшган дeмократик йўналишнинг йирик сиймоси Зокиржон Фурқат маданият ва адабиёт тарихида янги саҳифа очди ва ўзбeк шeъриятини юксак босқичга кўтарди,”  – дeб ёзиши бeжиз эмас, албатта.
Маълумки, ХIХ асрнинг иккинчи ярмида Туркистонда ўз ҳукмронлигини ўрнатган  чор ҳокимияти ўзбeк халқи бошига катта кулфатларни солди. ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларидаги ижтимоий-мафкуравий воқeалар бадиий адабиётда ҳам акс этди. Бу даврда Туркистонга илғор фан ва тeхника ютуқлари ҳам  кириб кeла бошлаган эди. Ўрта Осиёда колониал ва миллий зулм авж олган бир даврда илғор янги мафкура пайдо бўлди ва бу илғор мафкура ўзбeк адабиётида илк бор Фурқат ижодида ўз аксини топди.
Фурқат ижодий фаолияти кўлами кeнг, сeрқирра ва маҳсулдор адиблар жумласига киради. У қолдирган ижодий мeроснинг ҳажман катта қисмини она-юртни мeҳр билан куйлаш, ишқ-муҳаббат, ғурбат ва ватандан жудолик каби мавзудаги лирик шeърлар ташкил этади. Шоирнинг маърифатпарварлик ва маънавиятни кўтаришга қаратилган асарлари эътиборга лойиқ. У ватанимиз болаларини – ёш авлоднинг маърифатли, илмли бўлишини истади. Илм ўрганишни ҳар нарсадан устун қўйган шоир   ўзининг илмсиз қолганидан пушаймонлигини билдиради:
Жаҳон басти кушоди илм бирла,
Надур дилнинг муроди – илм бирла.
Кўнгулларнинг сурури илмдандур,
Кўрар кўзларнинг нури илмдандур.
Кeрак ҳар илмдин бўлмоқ хабардор,
Бўлур ҳар қайси ўз вақтинда даркор.
Дариғо, Фурқатий, бeилм қолдим,
Ўзимни жаҳл зиндониға солдим. 
Бунда шоирнинг дунёвий илмларни ўргана олмаганидан афсусланаётганини сезиш қийин эмас.
Фурқат шeъриятимизнинг қадимий анъанавий жанрларида ижод қилди. Айни пайтда у – ҳаёт нафасини, давр руҳини санъаткорона очиб бeришда юксак маҳорат кўрсата олди. Унинг публицистик асарлари эса ўзбек адабиёти тарихида мутлақо янги ҳодиса бўлди.
Фурқат ўзбeк адабиётини дунё миқёсига олиб чиқишда алоҳида ўрида туради.
Фурқат қачон ва қандай шароитда бўлмасин, халқ бахти-саодатини кўзлаган халқпарвар, ватанпарвар шоир эди. У халқнинг бахтли кeлажагини, илм-фан маориф ва маданияти боғланган маърифатларвар шоир эди.
Фурқат Ёркeнтда яшаган даврида ҳам маърифатпарварлик фаолиятини давом эттирди, у ерда яшовчи халқлар ўртасида илм-маърифат тарқатишга астойдил ҳаракат қилди. У Ёркeнтда ижодий иш билан бир қаторда илмий иш билан ҳам шуғуллангани маълум. Шоирдан қолган матeриаллардан маълум бўлишича, у табобат билан ҳам  шуғулланган. Унинг ўт-ўланлар билан бeморларни моҳирона даволагани ҳақида ҳам, астрономия билан ҳам жиддий шуғуллангани ҳақида ҳам кўплаб маълумотлар етиб кeлган.
Фурқат ўз Ватанининг мустамлака кишанларидан озод бўлишини, янада гуллаб-яшнашини бутун вужуди билан истаган, лeкин бу ватандан тириклигида абадий жудо бўлган ижодкордир. Буюк маърифатпарвар ва  ватанпарвар шоирнинг ўлмас асарлари ва порлоқ хотираси миннатдор  авлодлар қалбида мангу яшайди.
В. Маҳмудов – институт рeктори


Фурқат ижодини “Мулоқот” тренингги асосида ўрганиш (М.Қодирова)

 

Ўзбек маoрифатчилик адабиётининг етук вакилларидан бири саналган Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат ижодини ўрганишга академик лицей дастурларида 3 соат ажратилган: Ўқитувчи уч соат мобайнида Фурқат ижодини ўрганишни шундай усул билан олиб бориши керакки, бу жараёнда Фурқат ҳаёти ва ижоди, унинг лирикасидаги асосий йўналишлар, хасби ҳол, анъанавийлик, маърифий фикрлаш ва қарашларнинг нечоғлик акс этганлиги борасида муайян тасаввурларга эга бўлмоқлари даркор. Шоир ижодини ўрганишда анъанавий методлар ҳам ўзини оқлаган. Бироқ ўқитишдаги янгича қараш ва янги ёндашувлар Фурқат маърифатчилигини шаклланиб бораётган янги педагогик технологиялар асосида ўргатишни тақозо этмоқда. Шунга кўра, биз шоир ижодини ўрганишни “Мулоқот” тренингги асосида ташкил этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Мазкур тренинг ўқувчиларга дарс жараёнида мустақил фикрлашга, ўз фикрларини эркин ҳолда баён эта олишга ҳамда уларда баҳслашиш маданиятини тарбиялашга қаратилган бўлиб, одатда бу методда дарслар аудиторияни кичик гуруҳларга бўлган ҳолда ўтказилса, кутилган самарани беради.
Дарсдан кутилган мақсад эса танланган мавзу, муаммо асосида тенгливчиларнинг диққатларини ҳамда ушбу мавзуга бўлган муносабатларини аниқлаш, мутақил ҳoлда умумий фикрларга келишларига аниқ хулосалар чиқаришларига кўмаклашиш, эркин ҳoлда баҳслашишларига ёрдам беришдан иборатдир.
Ўқитувчи “Мулоқот” тренинггини ўтгазишдан бир ёки икки ҳафта аввал ўқувчиларни мулоқот мавзуси, мулоқот ва баҳс-мунозара ўтказиш тартиби, уларга қўйиладиган талаблар, қоидалар билан таништиради, сўнгра ушбу тренинг босқичма-босқич ўтказилишини тушунтиради. Ана шу босқичма-босқич ўтказиш уч соат мобайнида маърифатпарвар шоир ижодини атрофлича ўрганиш имконини беради.
Тренингнинг 1 босқичида ўқувчиларга бир неча топшириқлар берилади. Улар дарс ўтадиган топшириқларни тўлиқ бажарган бўлишлари шарт. Бу топшириқлар ўқитувчи томонидан назорат қилиб борилади. Дарс бошлангунга қадар мавзу ва режа доскага ёзиб қўйилади. Хонанинг кўзга кўринарли жойига Фурқат ҳаёти ва ижодига доир кўргазма, деворий газета, ўқувчиларнинг шоир ҳаёти ва ижодига бағишлаб тайёрлаган ижодий ишларидан бурчак ташкил қилинади. Шу ўринда Фурқатнинг ҳаёт йўлини ифодаловчи хронологик жадвал, шоир портрети, асарлари, у ҳақида ёзилган китоблар, рисола ва мақолалар ҳам шу бурчакда жой олиши лозим. Айни чоғда, ўқувчилар ушбу кўргазмалар билан олдиндан танишган бўлсалар ёки вақт топиб ўқитувчи булар борасида ўқувчиларга қисман бўлса-да маълумот берган бўлса, тренингнинг жонлилиги ва самарадорлиги ортади. Хронологик жадвал қуйидагича тузилиши мумкин:
1859-1870йиллар - Фурқат Қўқон шаҳрида савдогар оиласида таваллуд топди.                                                                                  Дастлабки таълимни  маҳалласидаги  мактабдор Муҳаммад Олимдан олган. 6 ойда “Ҳафтияк”ни тамом қилди. “Чор китоб”ни ўтиб, “андак фурсатда” уни ҳам тамом қиладию 8 ёшида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достонини ёд олади. Сўнг Навоий асарларини ўрганишга киришади. Навоий бошлиқ улуғ шоирлар (Низомий, Жомий, Аттор в. б.) унинг тушига кириб, “Чор девон” (Навоий)дан имтиҳон қабул қиладилар ва Фурқатга “шеър машқига рухсат” берадилар. Ўн ёшида Фузулийни севиб ўқиган.
1870 йил                 -  Ашур Муҳаммад қоридан қироатини ўрганди.
1870-1871 йиллар   – Мударрис Пошшохўжа эшондан араб тилини ўрганиб, мадараса таълимига  тайёргарлик кўради.
1873 йил              -     Ўн тўрт ёшида мадрасага киради. Бироқ барча мадрасалар ёпилгани сабабли, Фурқат мадрасани тамомлай олмайди.
1879 йил  -                Янги Марғилон (ҳозирги Фарғона)да савдогарчилик билан шуғилланади. Хусусий муаллимдан сабоқ олади. Сал кейинроқ ўзи бошқаларга дарс беради.                            
Изоҳ: Шоирнинг “Фурқат” (айрилиқ) тахаллусини танлаши борасида уч ҳил қараш бор. Бири – унинг Қўқондан узоқда – Янги Марғилонда яшаганлиги, бири эса, ҳаётининг юрт, дўстлар дийдоридан йироқда ўтгазганида деб ҳисобланади. Аслида, “Фурқат” сўзи “Мантиқ ут-тайр” моҳияти таъсирида, Аллоҳ дийдоридан жудоликни назарда тутган ҳолда таҳаллус сифатида танлангани ҳақиқатга яқинроқ.
1880-1886 йиллар -  Қўқонга қайтади. Ижод билан шуғилланади: шеърлари муҳлислар орасида кенг  ёйилади. 21-22 ёшида “Девон” тузади. Фурқат ўзбек адабиётида энг ёш соҳҳиби девон бўлган.“Ҳаммоми ҳаёл” рисоласини ёзади, “Нуҳ манзар”, “Чор дарвеш”ни форсийдан таржима қилади.
1886-1887 йиллар -  Марғилонда яшайди
1888 йил -   Тошкент сафарига отланади. Хўжандга келганда, қон-томир касаллиги билан бетобланади.
1889 йил -   Тошкентга келади. Ҳожи Аъзам ёрдамида Кўкалдош мадрассасида яшайди.
1990 йил -   Тошкентда     “Туркистон вилоятининг газети” муҳаррири, Тошкент эрлар гимназиясининг директори Н. Остроумов билан танишади. Март ойида Н. Остроумов уни Тошкентнинг Янги шаҳар қисмига олиб боради, уни рус амалдорлари, руслар хизматида  ўзбеклар, хатто генерал-губернатор билан таништиради. Ушбу юришлар натижасида “Гимназия”, “Илм хосияти”, “Акт мажлиси хусусида”, “Наьма базми хусусида”, “Виставка хусусида”, “Суворов” каби шеърлари “ТВГ”да босилади.
1890-1891йиллар-  “ТВГ”га таржимон бўлиб ишга киради. Газетада “Саргузаштнома”, “Фурқатнома” номлари билан танилган насрий мемуари – “Хўқандлик шоир Зокиржон Фурқатнинг авлоди. Ўзи ёзғони” давомли босилади.
1891 йил 14 май-  Зиёли савдогар ва этнограф олим Мирзо Бухорий таклифи билан Самарқандга йўл олди.
1891 йил июл     Бухорога боради Когондан поездга ўтириб, Марв, Ашхобод, Боку,                               Ботум орқали Истамбулга йўл олади. Истамбулда Султонтепа деган такяга қўнади. 280 мисралик “Сабоға хитоб” маснавийси ана шу ерда ёзилган.
1891-1893 йиллар  Туркиядан Юнонистон ва Булғория саёҳат қилади. Миср ва Шом сафарида бўлади. Макка ва Мадинани зиёрат қилади. Сўнг Ҳиндистонга юзланади. 1892 йил сентябрда Бомбайга етиб келади. Ҳожи Аҳмад деган юртдошининг ўйида 6  ой яшаган, Кашмир томон юради. Тибет ва Хўтан орқали октябр ойида (1893)        Ёркентга етиб келиб, умрининг охиригача шу ерда қолиб кетади.
Шоир Қашқардаги Русия идорасида котиб бўлиб ишлаган. 1906 йилгача Туркистон “ТВГ” билан алоқасини узмаган. 
Шоир“Донгдор”қабристонигақўйилган.Адабиётшунос   Н.Абдулҳакимнинг аниқлашича, 1958 йилда зилзила туфайли кўчирилганда, Фурқат жасадининг бош қисми тириклигидаги ҳолда турган. Бу унинг ўзига хос шахс бўлганлигига ишорадир.
Дарс мусиқали дақиқа билан бошланади. Бундан хофиз Т.Қодиров ижро этган “Сайдинг қўябер сайёд”, “Фасли навбаоор ўлди...” қўшиқларидан парчалар эшиттирилса, мақсадга мувофиқ бўлади.Ўқитувчи тренинг умумий режасини қуйидаги тарзда доскага ёзиб қўяди:
1.    Фурқатнинг таржимаи ооли.
2.    Фурқатнинг лирик шеорлари.
3.    Фурқатнинг маорифий руодаги шеорлари.
4.    Фурқатнинг “Саргузаштнома”асари.  
Мазкур режа шоир ижодига ажратилган 3 соат давомида ўқувчилар гуруҳларга ажратилган ҳолда, баҳсу мунозараларга ўрин берилган тарзда тшкил этилади. Ушбу жараёнда ўқитувчининг роли алоҳида бўлиши лозим. Аввало, юқорида келтирилган жадвал асосида ўқитувчи Зокиржон Фурқат шахси, унинг ҳаётидаги муҳим нуқталар борасида маълумот беради ва шоирнинг маорифатчилик адабиётидаги ўрнига урғу қилади. Таҳлиллар олдидан шоирнинг салафлари Навоий, Фузулий, Лутфий ижодидан баҳраманд бўлгани уларнинг тажрибаларига суянган ҳолда ўзбек лирикасининг ифода имкониятларини  кенгайтира олишга эришгани ҳақида маълумот берилади. Айниқса, Фурқатнинг “Қосидо, айғил ўшал  дилдорға” деб бошланадиган  ғазали лирикасининг табиати, ундаги етакчи йўналишларни белгилашда муҳим ўрин тутганига ўқувчилар эътиборини қаратади. Мазкур ғазал зоҳиран дунёвий, ботинан эса тасаввуфий характер касб этганини  ўқувчилар онгига етказиш ҳам эътибордан четда қолмаслиги лозим. Шунингдек, шоирнинг Фузулий ғазалига тазмин қилиб ёзилган ва шартли равишда “Келинчак”деб номланган шеъри таҳлилида ҳам ҳаётийлик ва маърифийлик уйғунлигига ўқувчилар диққатини тортиш лозим. Айниқса, шу ғазалнинг:
Сурмадин кўзлар қаро,қўллар хинодин лоларанг,
Ғозадин юзларда тобу, ўсмадин қошлар таранг,-
Сатрларига эътиборни қаратиш, таҳлил жараёнида шоирнинг эстетик идеалини аниқлашга ҳаракат қилиш, тренингнинг кейинги босқичларида баҳс-мунозаранинг жонли чиқишини таъминлаб беради.
Фурқатнинг “Бормасмиз” радифли ғазалида ўз шахсиятини, умр баёнига даолдор жиоатлар кўпроқ кўзга ташланишини эътиборда тутиб, ўқувчига тушинтириш, тренинг сифатини оширади. Дарҳақиқат, мазкур ғазалда маърифатли инсон тақдири борасида сўз кетади. Шеърда комиллик йўлига кирган ориф шахс ҳаётий  қарашлари баён этилади. Ғазалнинг қаҳрамони ўз қадрини биладиган, инсонлик ғурурини бойлик ва манфаатдан устун қўя оладиган шахс:
Биз истиғноғли қичқирмаган маъвога бормасмиз,
Агарчандики, хирмон айласа дунёга бормасмиз.
Шоирнинг асосий шиори- малоллик келтирмай яшаш. У нафақат жамиятнинг, балки табиатнинг малолатига ҳам сабабчи бўлишни истамайди:
Агар лабташна қолсак, филмасал, саоройи оламда,
Малолат зоҳир этса, мавж урар дарёға бормасмиз.
Шоир эотиқодида собит. У бу ёлғон дунёдан кетгунча қарашларини ўзгартирмоқчи эмас. Шу тариқа шеърда ўз қадрини билган, эзгуликка интилган, ҳақиқатга астойдил етишмоқчи бўлган солик туйғулари самимий ифода этилган:
Эмасдур онча асбоби жаҳонга фикримиз, Фурқат,
Вале, кетгунча юз андишаи фардоға бормасмиз.
Бу ва бундан ташқари кўзда тутилган Фурқат шеърлари таҳлил қилинганда, улардаги тимсолларга ҳам алоҳида эътибор берилади. Дунёвий ва тасаввуфий тимсолларни моҳияти очиб берилади, булар ғазал мавзусидан ва фикрлар талқинидан келиб чиқилган ҳолда таҳлилга тортилади.
Шоир руҳиятидаги тўлғанишлар, пўртаналар билан табиатнинг уйғунлиги пейзаж лирикасининг гўзал намунаси “Фасли навбаҳор ўлди” ғазалида акс этганини уқтириш ҳам аҳамиятлидир.Зеро, унда кўклам келиши билан табиатда рўй бераётган гўзал ўзгаришларни ғоят синчиклаб кузатган шоирнинг қалб кечинмалари акс этган. Ўзбек тилининг ифода имкониятларидан маоорат билан фойдаланган шоир ўқувчига ахборот бериб қолмай, унда кучли ҳис-туйғу уйғотади:
Субҳидам тушиб шабнам, бўлди сабзалар хуррам,
Гул уза томиб кам-кам, ёғди абрў найсонлар.
Фурқат кўклам манзарасини ўз ҳолича тасвирламайди, уни жонлантиради. У атрофдаги ҳар бир унсурни дилга яқин кишига муносабати нуқтаи назаридан тасвирлайди. Уларда “ёронлар”, яъни ёр-жўраларга интизорлик, интиқлик кўради. Киши кўзини қувонтираётган баҳорий кўкатлар шунчаки гўзал эмас, балки яқинларни кутиб олишга ҳозирлик кўраётгинлиги сабаб гўзалдир:
Настарин ювиб юзни, ёсуман тузиб ўзни, 
Наргис очубон кўзни интизори ёронлар.
Қисқаси, шеърда шоирнинг табиат ҳақидаги қарашлари жамият ва инсон ҳақидаги қарашлари билан уйғунлашиб, шоирнинг лирик “мен”ини   ҳаётий шахс, ўзгалар тақдирини ўз қисмати билан бир кўрган маърифатли шахс қиёфасида кўришга имкон беради.
Фурқат маърифатчилик адабиётига ўз лирик шеърлари билан катта ҳисса қўшганини доимий таъкидлаб бориш ҳам ўқитувчининг зиммасига тушади. Зеро, шоирнинг дастлабки шеърларидан тортиб, умрининг сўнгига қадар яратган битикларида кишиларни маърифатга чорлаш, илмнинг аҳамиятини тарғиб қилиш устувордур. Фикрни янгиламай туриб ҳаётни янгилаш ҳам, яхшилаш ҳам мумкин эмаслигини англаб етган шоир “Илм хосияти”, “Гимназия”, “Виставка хусусида” ва бошқа бир қатор маснавийларида ҳамда кўплаб ғазалларида маърифатчилик қарашларини олдинга суради, илмнинг аҳамиятини уқтириб, кишиларни илм ўрганишга чақиришдан чарчамайди:
Дейин сўзни илмнинг хосиятидин,
Баён айлаб, анигнг моҳиятидин.
Бу сўзни гўши бор одам эшитсин,
Ўзида  хуши бор одам эшитсин.
Фурқат бу шеърида илмнинг аҳамияти, Искандардай жаҳонгир илм туфайли ўз номини тарихга битгани, Афлотун ҳам илми орқали “Муаллими аввал” рутбасига эришгани, илм ҳамма учун сув ва ҳаводек зарур эканини уқтиради. Ҳамма нарса илм орқали чиқишига ўқувчини ишонтиради:
Жаҳон басту кушоди илм бирлан,
Надур кушоди дилни муроди илм бирлан.
Шоирнинг “Фурқатнома” насрий мемуар асарида ҳам илмнинг инсон ҳаётидаги ўрнига катта эътибор билан қаралган. Айниқса, унинг ети ёшидан мактабга боргани, саккизда “Мантиқ ут-тайр”га ошно бўлгани, тўққиздан ҳазрати Навоий асарини ўқий бошлагани, ўн бир ёшида Қурҳони каримни ҳатм қилгани, устозлари ҳақидаги қимматли маълумотлар, рус илм-фани, маданияти ҳақидаги хабарлари алоҳида эътиборга лойиқ бўлиб, шоирнинг маърифатпарварлик қарашларига баҳо беришда булар анчагина қўл келади. Айниқса, Тошкентда кўрган босмахона, гимназия, музей, кўргазма, театр каби тушунчаларнинг яхшилаш мумкинлагига кишини ишонтиради.
Шоирнинг “Адашганман” ғазали ва шу радифдаги мухаммасида ички кечинмалар маҳорат билан очиб берилган бўлиб, унда ватан ёрқин бўёқларда кўрсатилган.
Хуллас, ўқитувчи ана шу мухтасар маълумотлар орқали Фурқат ижодига экскурсия қилади ва трснинг учун замин ҳозирлайди. Гуруҳларга бўлинган ўқувчилар танланган мавзулари бўйича иш бошлайдилар.
Тренингни ташкил қилишда гуруҳларни қуйидагича муаммолар билан банд қилиш зарурга ўхшайди:
1.    Фурқатнинг ўзбек маърифатчилак адабиётидаги ўрни. Ҳаёт йўли. Ижодининг йўналишлари.
Асос: “Саргузаштнома”. Фурқатнинг шеърий тўпламлари. Хронологик                    жадвал
2.    Фурқат – лирик шоир. Лирик шеърларида маърифатли шахс тимсоли. Шоир маҳорати муаммоси.
Асос: Фурқатнинг шеърий тўпламлари. Шоир ҳақидаги рисола ва мақолалар.
3.   Фурқат – Маърифатпарвар шоир. Соф маърифий шеърларида маърифатли шахс қайғуси.                                             
Асос: Фурқатнинг шеърий тўпламлари. Шоир ижоди ҳақидаги рисола ва мақолалар.

Навбатдаги бисқичда ҳар бир гуруҳдаги ўқувчилар ўз мавзулари бўйича керакли далиллар, мисоллар, аниқ фикрлар, ўз фикрларини тасдиқловчи кўргазмали материлалар, имкони бўлса, аудио-видео техника, мақолалар тайёрлайдилар. Гурухдан бир кишини ҳимоя учун танлайдилар, қолганлари эса ўз фикрларини қўшимча қилишлари мумкин. Ана шу жараёнда Фурқатнинг маърифатга интилишларига кўпроқ урғу бериш керак. Юқорида ўқитувчи томонидан баёнда келтирилган фактларга, шунингдек “Саргузаштнома ”га кўпроқ суяниш зарурлиги ўқитувчи томонидан уқтирилиши лозим. Айни чоғда, Фурқатнинг Тошкентдаги фаолияти, “ТВГ”да ишлаган пайтдаги кўрган-кечирганлари асосида ўқитувчи берган топшириқни ёритсалар мақсадга мувофиқ бўлади.  Шунингдек,Фурқатнинг қайси сабабга кўра Тошкентдан чиқиб кетганлиги, нима учун чет элларда қолиб кетганлигини баҳсу мунозарага айлантирилса, тренингнинг бу босқичи аҳамияти янада ошади.
Шу билан бирга, ўқитувчи бошқа гуруҳларга ҳам тайёргарлик кўришни шу гуруҳ тайёрланаётган вақтга нисбатан белгилаши лозим. Ҳимоя учун сўз берилган вақтда, бошқа гуруҳдагилар пассив тингловчига айланишлари лозим. Фаол тингловчи мақомида ҳимояланаётган гуруҳ аъзоларигина қоладилар.
Тренингнинг 3- 4-босқичида қолган гуруҳлар ўз мавзуси бўйича ҳимоя қилади. Ҳимоялар тугагач, ўқитувчи машғулотнинг кейинги босқичига ўтади. Ҳар бир гуруҳнинг ҳимояси вақтида  ўқитувчи иложи борича уларга халақит бермасликка, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмасликка, савол бермасликка ҳаракат қилади, ҳеч қайси гуруҳга ён босмаган ҳолда мулоқотни бошқаради, гуруҳлар ҳимояси вақтида тартиб сақланишига ва мулоқатни ўтказишга қўйилган талаб, қоидаларни тўлиқ бажаришига эришишга ҳаракат қилади. Бу босқичда, асосан, ҳар учала гуруҳ эркин, мустақил фаолият кўрсатишлари талаб қилинади.
Кўриниб турибдики, Фурқат ижодини ўрганишга бағишланган дарснинг дастлабки соати ўқитувчининг тренингга тайёргарлиги, шоир ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маърузаси, ўқувчиларни гуруҳларга ажратиш, уларнинг вазифаларини белгилаш билан ўтади. Гуруҳдошлар биринчи ва иккинчи соат оралиғида ҳимояга тайёргарлик кўрадилар. Демак, иккинчи соат ҳимояга сарф этилади. Учинчи соат тренингнинг бешинчи ва олтинчи босқичлари ҳисобланади.  Бунда гуруҳлар бир-бирларига савол беришни бошлайдилар. Гуруҳлар томонидан бериладиган саволлар улар ҳимояси вақтида айтилган далиллар, мисоллар, фикрларни янада ойдинлаштириш мақсадида шунингдек, оз гуруҳларининг фикрларини янада таъкидлаб, исботлаб, қолганларнинг ҳам шу фикрга қўшилишларини даъват қилиш учун берилиши мумкин. Чунончи:
1-гуруҳ саволлари намунаси:
1. Зокиржон Фурқатнинг болалик даврига хос хусусиятлар нималардан иборат деб ўйлайсиз?
2. Унинг болалигидаги кечмишлари унинг салафлари– Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий болалигидан қайси жиҳатидан фарқ қилади?
3.  Фурқат болалик ва ёшлик йиллари замондошлари Муқимий, Завқий, Аваз Ўтар ўғли ҳаётидан қайси томонлари билан фарқ қилади?
4. Фурқатнинг ҳаёт йўли билан ижоди орасида қандай боғлиқликни кўриш мумкин?
5.  Шоир саёҳатларининг дунёқарашига, дунёқарашининг эса ижодига кўрсатган таъсирлари нимадан иборат?

2-гуруҳ саволлари намунаси:
1. Фурқатнинг лирик шеърларининг мавзу йўналишлари нималардан иборат деб ўйлайсиз?
2. Фурқат шеърларидаги дунёвий ва сўфиёна белгиларнинг манбалари қайсилар?
3. Фурқатнинг лирик шеърлари қаҳрамонини “Маърифатли шахс” дейиш учун қандай тамойилларга таяниш мумкин?
4. Шоир шеърларининг бадиий хусусиятлари асосан, қайси тасвирий-таъсирий белгилар билан ўлчанади?
5. “На бўлди, нигоро”ва “Фасли навбаҳор ўлди” ғазалларидаги таъсирчанлик манбалари ғазалларнинг қайси ўринларида намоён бўлади?

3-гуруҳ саволлари намунаси:
1. Фурқатнинг маърифатчилик адабиёти ривожидаги ўрни қайси шеърлари мисолида белгиланади?
2.  Шоирнинг “Илм хосияти”маснавийсидаги:
Дариғо, Фурқати беилм қолдим,
Ўзимни жаҳл зиндониға солдим,-
мақтаси мутафаккирларнинг қайси ҳикматли сўзларини эслатади?
3.    Фурқат маърифатчилиги сўфийликдаги маърифатга чақиришдан қандай фарқланади?
4.    Фурқатнинг рус илм-фани, маданияти ютуқларига муносабатини қандай изоҳлаш мумкин?
5.    Фурқат ўз маърифий  ғояларини бериш учун қандай мақсадни кўзлаб айнан маснавий шаклини танлаган ва бу орқали шоирнинг бадиий маҳорати қай тариқа намоён бўлади?
Саволларга жавоб берган ўқувчилар эркин ҳолда ўзларининг чиқишлари билан  барчага таъсир кўрсатишга, ўз фикрларини маъқуллашга интилишлари лозим. Ўқитувчи бундай ҳолатда шароит, имконият яратади, бахс-мунозарани самимийлик билан бошқариши керак.
Тренингнинг сўнгги олтинчи босқичида ўқитувчи учала томоннинг ҳам бир-бирларига саволлари, айтадиган фикрлари, маъқуллайдиган сўзлари тугагач, бу фикрларни умумлаштиради ва ўзининг мазкур масала ҳақидаги фикр ва мулоҳазаларини  баён этади ва гуруҳ ўқувчилари томонидан тушган саволларга керакли жавобни беришга ҳаракат қилади.
Машғулот охирида ўқитувчи ҳар иккала гуруҳнинг машғулоти жараёнидаги фаолиятларини таҳлил этиб, уларга миннатдорчилик билдиради ва машғулотни якунлайди.


Фурқатнинг “Келинчак” ғазалини ўрганиш (Б. Абдураҳмонова)

Мактаб адабий таълимида адабий-назарий тушунчалар беришга алоҳида аҳамият берилган. 5-9-синфлар учун чиқарилган адабиёт дарсликларида қирқ олтита  назарий маълумотлар бериш режалаштирилган. Жумладан, 5-синфда ҳадис ҳақида, масал тўғрисида, ривоят ва афсона, шеър ҳақида, рубоий жанри тўғрисида, 6-синф адабиёт дарслигига эса қисса жанри, саргузашт асар, бадиий асар тили ҳақида маълумот бериш киритилган. Адабиёт  дастури талабига кўра ўқувчилар бадиий асар тили ҳақидаги илк маълумотга умумтаълим мактабларининг 6-синфида эга бўладилар. Абдулла Қаҳҳорнинг “Бемор” ҳикояси ўрганилгач, дастур талабига кўра бадиий асар тили тўғрисида тушунча бериш кўзда тутилган. Ўқитувчи болалардаги ана шу билимга таянган ҳолда юқори синфларда ҳам бунга эътибор қаратади. 9-синфда Фурқат  ҳаёти ва ижодини ўрганишга уч соат вақт ажратилган. Ўқитувчи шоир лирикасини ўргатиш жараёнида ғазалларининг тилини ўрганишга алоҳида аҳамият беради.
Дарс аввалида шоир ғазаллари ўқилади, сўнгра, ғазал таҳлилига ўтилади. Таҳлил жараёнида Фурқат шеърлари тилининг ўзига хослиги таъкидланади. Шоирнинг шеърларидаги сўзларнинг ҳозирги ўзбек тилига муносабати тўғрисида гапириб, орадан 150 йил ўтганлиги,  ундаги сўзларнинг айримлари бугунги кун ўқувчиси учун тушунарсиз бўлиб қолгани, баъзилари эса истеъмолдан чиққани ёки фонетик ўзгаришлар орқали бизга қадар етиб келгани тўғрисида маълумот берилади. Бироқ шунга қарамай шоир шеърлари мавзу ва ғоя жиҳатдан пухталиги билан бугунги кунда ҳам ўз мавқеини йўқотмагани айтилади.
9-синф адабиёт дарслигида Фурқатнинг “Тортадур”, “Бормасмиз” радифли ҳамда “Келинчак” ғазаллари ўқиш учун берилган. Шоирнинг “Келинчак” ғазали катта ахлоқий-таълимий аҳамиятга эга бўлиб, унда ўзбек келинчагининг маънавияти ва характер хусусиятлари очиб берилган.
Дарсда “Келинчак” ғазалини ўқитувчи ўзи ифодали ўқиб бергани ёки синфдаги иқтидорли ўқувчилардан бирига ўқитгани маъқул. Дарсни мустаҳкамлаш қисмида ўқилган шеърнинг таҳлили мукаммал бўлиши, уни  ўрганиш учун ғазалдаги сўзларни уч қисмга ажратиш мақсадга мувофиқдир. Ўқувчиларнинг адабиёт дафтарига қуйидаги жадвал чиздирилиб, уни тўлдириш вазифаси топширилади. Хуллас, матн устида ишланади. Ўқитувчи ғазал байтларидаги сўзларни жадвалга жойлаштиришларини топшириқ қилиб беради. Ўқувчилар топшириқни таҳминан қуйидагича бажаришлари мумкин:
Истеъмолдан чиққан сўзлар    Бироз ўзгариш билан қўлланадиган сўзлар    Ҳозир ҳам ҳеч ўзгаришсиз ишлатиладиган сўзлар
Ғоза, арғувон, нуқра.    Тоб, рўймол.    Сурма, ўсма, хино, билакузук.
Матн мазмунини тўла ва аниқ тасаввур этишлари учун дарсликда  берилган  “Ўзбек келинчаги Фурқат тасвирида” деб номланган 5-топшириқни ўқувчилар мустақил бажаришлари учун берилади.
Бунда қуйидаги жадвалнинг ҳар бир хонасини ғазалдаги уларнинг мазмунига мос келадиган тушунча ва номлар билан изоҳлаб, уларни гуруҳлаштириш топшириғи берилади.
Миллий оройиш ашёлари ва зеб-зийнатлар    Ташқи кўриниш ва кийимлари    Маънавияти ва характер хусусияти
Сурма, хино, ўсма, олтин узук, билакузук,  гавҳар    Қора кўз, юзларда тоб, қошлар таранг, заъфароний кўйлак, нозик панжа    Жилвалар билан юрур, таннозу сатанг, паритек силкинур, шўхи-шанг, жафожў
Бу усул ўқувчиларни матнга яқинлаштиради, ғазал мазмунини чуқур англашларига ёрдам беради, матндаги сўзларни гуруҳлаш эса Фурқат асарларининг тилини ўрганишларига хизмат қилади.  Дарсни бундай шаклда ташкил этиш ўқувчиларда мавзуни узоқ вақтга қадар ёдда сақлашларига имкон яратади.


Фурқат поэтикасининг бир қирраси (Барно Хасанова)

Шарқ шеъриятини манзур қилган жиҳатларидан бири уларда поэтик сўзга беназир ҳилқат сифатида қаралиб, уни илоҳийлик даражасида юксакликка кўтарилганлиги, маъно ва шаклларида алоҳида жилваланиш, алоҳида жозибадорликнинг намоён этилгани эканлиги кўп таъкидланган. Зокиржон Фурқат янги ўзбек адабиётининг сўзга чечан шоирларидан бири сифатида, шеърий сўзга меҳру-муҳаббат билан қараб, улар воситасида бир бирдан гўзал, такрорланмас ва таъсирчан тимсоллар тизимини яратган, анъанавий тимсол ва бадиий тасвир воситаларига янгича руҳ, бетакрор жозиба бахш этган. Мумтоз шеърият хазинасидан мустаҳкам ўрин олиб, асрлар оша ўтиб келган поэтик тимсоллар, шеърий санъатлар шоир яшаган даврнинг талаб ва эҳтиёжлари, Фурқатнинг шеърий маҳорати натижасида, бирқадар янгиланиш касб этиб, улар таъсирида хаёлий тасвирлардан ҳаётийлик томон катта силжишлар юз  берганини кузатиш мумкин.
Фурқатнинг “тортадур” радифли ғазали бор. Ҳажман каттагина - 10 байт. Анъанавий услубда яратилган: мураддиф ғазал, вазни - рамали мусаммани маҳзуф. Асосан, дунёвий маъшуқанинг таъриф- тавсифига бағишланган. Сўнгги байтлардагина ошиқ (лирик қаҳрамон) ўзининг мана шундай юксакликда турган маъшуқага қўли етмаслиги, натижада, ҳижрон дардидан бемисл эзилганлигидан шикоятларини беради. Матладаёқ маъшуқанинг кўзларига сурма тортиши, тортганда ҳам бежо тортиши, бунда дунё одамлари (даҳр эли - ошиқлар) орасида ғавғо кўпиши янгича бир талқинда берилади. Иккинчи байтда эса, ана шу маъшуқа – даҳр элини телбалантирган ҳилқатнинг портрети чизилади, тўғрироғи унинг кўзлари васф қилинади:
Қошлари остида гўё икки фаттон кўзлари,
Икки ҳинду баччадурким, ёндашиб ё тортадур.
Матла байтида радиф бўлган сўз жинос (тажнис) сифатида ишлатилиб, икки хил маънога ишорат қилган: сурма суртиш ва ғавғо тортиш (тўпалон чиқариш, жанжал қилиш). Кейинги байтда эса  “тотрмоқ” сўзи “камонни отиш учун ипини ортга чўзмоқ” маъносини бериб, матладаги  тажниснинг учинчи маъносини юзага келтирган. Гап бунда ҳам эмас, чунки бу каби усул анъанавий Навоийда, Бобурда учрайди. XVI асрда Ҳожа “кечадур” радифли ғазал битиб, мазкур сўзни 8 хил маънода қўллаб, ажойиб тажнис яратгани маълум. Ҳамма гап иккинчи байтдаги истиорада. Матлада шиор сўзни маъшуқанинг кўзини таърифлашдан бошлаган. Лекин бу ўринда айнан кўз эмас, балкиқора кўз, яъни маъшуқа асосий тасвир объекти асосий тимсол сифатида эътиборга олинган. Иккинчи байтда маъшуқа кўзлари истиоравий тимсол бўлган. Кўз тавсифи “икки ҳинду бача” – икки ҳинд боласи тимсоллари зиммасига юкланади. “Ҳинд” сўзи бу ўринда икки хил маънода –
айни ҳинд маъноси ва “қора” маъносини беради. Мазкур тимсолни ўз даврида Бобур ҳам ишлатган: “Ўз ерни қўйиб ҳинд сори юзландим...”  Унда ҳам ўз ва кўчма маънода, яъни “жуғрофий ҳудуд” ва “қора” маъносида ишлатилган. Чунки рубоийнинг кейинги мисраси юз қаролиги ҳақида. Бу паралеллик рубоийдаги маънони анчайин кучайтиришга сабаб бўлган. Фурқатдаги “икки ҳинду бача” тимсоли байтда кўз маъносини беришдан ташқари, яширин ташхис вазифасини ўтаган ҳолда, маъшуқанинг кўз қаролигига тўла урғу беряпти. Айни чоғда мумтоз адабиётда маъшуқанинг қошларини ёй(камон)га, киприкларини ўқ(пайкон)га, менгзаш муомалага жуда эрта кирган ташбеҳлардан. Бироқ Фурқат мазкур анъанавий ташбеҳларни бир жонлантириш доирасига олиб киради-ки, натижада маъшуқанинг, кўз, қош, қабоғ, киприклар ҳам ўта назокатли тасвир ичида намоён бўлади. Шу байтдаги “фаттон” сўзини “фитнакор” маъноси билан уйғунлашган “ўзига тортувчи” маъносидаги “мафтункор” сўзи ўрнида тушунмоқ маъқул. Чунки, матладаёқ маъшуқанинг мафтункорлигига урғу бериб ўтилган. Шу ғазалдаги “Кокулингдан бўй олган боғнинг тупроғидур, Боғбон сотмоққа доим мушки соро тортадур” байтини ҳам шоирга хос бир топилма деб санаш мумкин: кокул, мушк, тупроқ ташбеҳларининг таносуби шоирга хос янгилик.
“Кечалар” сўзини радиф қилган бир ғазалида, худди “тортадур” сўзига ўхшатиб, бу сўзни турли маъноларда ишлатган. 7- байтда эса, муболаға ва ташхисни уйғун ҳолда қўллайди, маъшуқанинг соч қаролиги ва шундан юзага келган ҳусн гўзаллигини ғоят таъсирчан ифодалашга эришган:
Йул адошиб кўкда ой ҳоли паришон ўлмасун,
Бир мурувват кўргазу тарқатма гису кечалар
Аввало, маъшуқа гўзаллигидан мутаассир бўлган кўкдаги ой ўз йўлида адашиб қолади. Бу ҳам етмаганидек, маъшуқа тун каби қаро сочлари (гису)ни
Шу қадар ёйиб (паришон қилиб) ташлайдики, соч қоралиги  олдида тун қорлиги ҳеч бўлиб қолади. Кўкдаги ой бу қаролик орасида ўзини тамомила йўқотиб, йўлидан адашади. Бу каби тасвир Фурқат салафлари шеъриятида деярли учрамайди ёки учраса ҳам, анчайин бошқача шаклда келади.
Фурқатнинг “Келинчак” деб шартли номланган Фузулийга тазмин ғазалида  ҳам янгилик сифатида баҳолашга арзигулик сўз-тимсоллар, тасвирий восита вазифасини ўтаган калималар талайгина учрайди. Матладаги анъанавий сўз – тимсоллар доирасида “ғозадин юзларда тоб” ифодасини қўллайди. Бир қарашда, бу ифода у қадар тушунарсиз туюлади. Лекин “ғоза” сўзини “пардоз-андоз” маъносида англашиладиган бўлса, фикр ойдинлашади: маъшуқанинг юзи пардоз-андоз туфайли силлиқлашиб, товланиб, ялтираб кўринади. Иккинчи байтда устига заъфароний  (сариқ, олтин рангда) кўйлак ва арғувоний (қизил, Шарқда қип-қизил гуллайдиган дарахтни “арғувон”дейишган ва бу сўз истиора сифатида илк бор “Қутадғу билиг” да ишлатилган. Фурқат бу ўринда от туркумидаги сўзни – ий қўшимчаси воситасида сифатга айлантириб ҳам оригинал сўз – тимсол яратишга эришган Б. Ҳ.) камзул кийган, рўмолини пешонасига танғиган келинчакни тасвирлайдики, булар ҳам Фурқатгагина хос бўлган янгича тасвирлар саналади. Айниқса, сўзга бошқача маъно юклаш Фурқатда кўп учрайди. Масалан, “танноз”, “сатанг”, каби сўзлар жонли сўзлашув тилида кўпроқ салбий маъноларда ишлатилади. Бироқ, Фурқат, бу сўзларга-да ижобий руҳ беради:
Ғамза бирла ўлтурур, гаҳ жилвалар бирла юрур,
Турфа бир ноз, офарин, пуришва таннозу сатанг.
Шуниси қизиқки, “танноз”, “сатанг”, сингари сўзлар ўзидан олдин ишлатилган “пуришва” сўзи таъсирида тамомила ижобийлик касб этган. Қолаверса, байтдаги бошқа сўзлар ҳам мазкурларнинг “ижобийлашувини” таъмин этган.
Хулоса қилиб айтганда, Фурқат сўзга чечан шоир сифатида ҳар бир шеърида янгича сўз-тимсоллар қўллагани, анъанавий тасвир воситаларига янгича руҳ бағишлагани унинг ардоқли шоир бўлиб етишуви ва эларо катта эътибор топганини таъминлаган, дейишга тўла ҳақлимиз.


Фурқатнинг бир тахмиси ҳақида (Ирмухамeдова Г. )

Тахмис – арабча сўз бўлиб, бeшталик қилиш, бeштага етказиш дeган маънони англатади. Мухаммаснинг бир тури ҳисобланади. Тахмис бандлари ҳам мухаммас сингари бeш мисрадан иборат бўлади. Тахмис бир шоиргагина боғлиқ бўлмай, балки икки шоирнинг мисраларидан ташкил топади: дастлабки уч мисра тахмис ёзаётган шоирга, кeйинги икки мисра эса тахмис ёзилаётган шоир ижодига мансуб бўлади. Тахмисда ҳар иккала шоирнинг бир бандни ташкил этаётган мисралари мазмун ва шакл жиҳатдан ўзаро мос бўлиши талаб этилади. Тахмисни одатда, бирор-бир шоирнинг ғазалига мухаммас дeб таъкидлаб ёзганлар. Ўзбeк мумтоз шeъриятида Мунис, Огаҳий, Амирий, Завқий, Нодира, Увайсий, Муқимий, Фурқатларнинг Навоий, Фузулий, Машраб сингари шоирлар ғазалларига ёзган тахмислари маълум. Тахмис ёзиш шоирдан катта маҳорат талаб этади, чунки тахмис яратувчи шоир ўзидан аввал яшаб ижод қилган шоирларнинг етук ғазалларини ривожлантириб, анъаналарини давом эттирганлар. Тахмиснинг сўнгги бандида шоирлар тахаллуслари эслатиб ўтилади. Фурқатнинг “Кавлама” номли мухаммаси ҳам тахмис асосида яратилгандир.
Фурқатнинг шeърий мeроси жуда ранг-барангдир. У жуда кўп ғазал, мусаддас, мустазод, мухаммас каби ўнлаб шeърий жанрларда ижод қилган. У Қўқонда яшаган пайтида жуда кўп мухаммас ёзади. Фурқатнинг шeърий мeросида тахмис жанрининг ўрни жуда катта. Фурқат асосан Навоий, Фузулий, Машраб ва бошқа қалам аҳллари яратган асарларни катта қизиқиш, ўзгача ҳурмат ва юксак эҳтиром билан ўрганади. Уларнинг асарларида мажозий ишқ, одамийлик, инсондаги барча эзгу фазилатлар Фурқатнинг диққат-эътиборини ўзига тортади ва уларнинг ғазалларига атаб кўплаб мухаммаслар ёзади.
Фурқат Машраб ғазалларига катта қизиқиш билан қараган. Унинг асарларини сeвиб ўқиган. Ўша асарлардан илҳом ва ибрат олган. Фурқатга Машрабнинг қаландарлик йўлини тутганлиги, Аллоҳга ошиқ бўлиб, дeвонага айланганлиги, кўп шаҳарларда бўлганлиги маъқул тушган. Машраб ғазалларида бош мавзу – Аллоҳга бўлган ишқдир. Фурқат Машраб ғазалларидан таъсирланиб, илҳомланиб, унинг ғазалларида баён этилган фикрларни, ғояларни қўллаб-қувватлаб, ушбу “Кавлама” номли тахмисини яратган.
Тахмиснинг ғоявий мазмуни – Аллоҳга бўлган ишқдир. Асар асосан, мажозий ишқ ҳамда ижтимоий, фалсафий, тасавуфий йўналишда яратилган.
Бундан ташқари, шоир асарда камтарлик, сабрлилик, тоза диллилик, одамийлик маърифатли бўлишликни, тўғри йўлдан боришликни илгари суради. Дарҳақиқат асарнинг бош ғўяси Аллоҳга бўлган ишқдир. Шундай экан ушбу мисраларга эътибор қаратайлик:
Ишқ савдоси тушиб бошимга, аҳволим хароб,
Жоним айлар тан аро сиймоб янглиғ изтироб,
Таъна қилма, зоҳидо, кўнглумда ғамлар бeҳисоб,
То кишиға дард тeгмай бўлмади бағри кабоб,
Дилда дардинг бўлмаса дарди саримни кавлама!
Диққат билан эътибор бeрсак, бу банднинг замирини, моҳият эътиборини Аллоҳга бўлган ишқ ташкил этади. Унда шоир Аллоҳга бўлган ишқи туфайли аҳволи хароб бўлганлигини, жони тан ичида сиймоб сингари изтироб чeкаётгани тасвирланган.
Тахмис ааааа, бббба, дддда тарзида қофияланган.
7-банди – Машрабга
7-банди – Фурқатга тeгишли
Тахмис аруз вазнида ёзилган.
Ошиқи дилдодадурман дилбаримни кавлама,
¬–  v  –  –    –  v  –  –    –  v  –  –    –  v  –  –
Ахгар олди ғам ўтида пайкаримни кавлама.
–  v  –  –    –  v  –  –    –  v  –  –    –  v  –  –
Фоилотун   фоилотун   фоилотун   фоилун
Рамали мусаммани маҳзуф
Асарда кўплаб бадиий санъатлар қўлланган.
1-бандга эътибор бeрайлик:
Сайр қилдим баҳру бар хушку таримни кавлама
мисраларидаги баҳру – бар, хушку – тар сўзлари орқали ўзаро зид маънони, яъни таъзод санъатини кўришимиз мумкин.
2-банднинг 4-5-мисраларидаги
Ҳар замонe Лайлидин мeнга китобатлар кeлур
Санки Мажнун бўлмасанг сардафтаримни кавлама!
жумлаларидаги Лайли ва Мажнун сўзлари адабий қаҳрамонни кeлтириш йўли билан таълмих санъати қўлланган.
3-банднинг 2-мисрасидаги
Йўқса мискин на билур шаҳзодаларни ҳолини
Жумласидаги мискин ва шъҳзода сўзлари орқали тазод санъати қўлланган.
3-банднинг 4-мисрасидаги
Хона вайронлар билур афтодаларнинг ҳолини
Мисрасидаги хонавайрон – афтодалар сўзлари бир-бирига мослиги билан таносуб санъатини кўришимиз мумкин.
4-банднинг 2-мисрасига эътибор қилсак:
Жоним айлар тан аро сиймоб янглиғ изтироб
мисрасидаги сиймоб сўзи орқали ташбиҳ санъати қўлланган.
3-банднинг 1-2-мисраларидаги:
Ғамдин озода билур озодаларни ҳолини,
Йўқса мискин на билур шаҳзодаларнинг ҳолини.
мисрасидаги озода орқали истиора, мискин орқали ташбeҳ қўлланган.
5-банднинг 1, 2, 4-мисраларидаги
Нeча кунлар ҳамдам ўзга ваҳшию тайр айладим,
Билмадим бу йўлда шар қилдим ваё хайр айладим,
Ламаконни шаҳрини бир ҳу била сайр айладим.
мисраларидаги ваҳшию тайр сўзи орқали очиқ ўхшатиш, яъни ташбeҳи мутлақ қўлланган.
2-мисрадаги шар ва хайр сўзлари орқали тазод санъатини, 4-мисрадаги Ламакон сўзи орқали шартли ўхшатиш – ташбихи машрут қўлланган.
6-банднинг 3-мисрасидаги
То шариатни тутиб қўйдим тариқатга қадам
жумласидаги тариқат ва шариат сўзлари ўзаро таносубни ҳосил қиляпти.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз лозимки, Фурқат ўзбeк тахмисчилигини ривожлантиришга, яна кўплаб шоирларни тахмис яратишига туртки бўлган ўзбeк драматургидир. Айниқса, шу тахмиси орқали ўзбeк тахмисчилиги ривожланишига катта ҳисса қўшган.


Фурқат ва Ғарибий (Зоҳидова Д.)

Ўзбек адабиёти тарихида Алишер Навоий ва Бобур, Мунис ва Огаҳий, шунингдек, Муқимий ва Фурқат каби ўз адабий мактабларида шогирд-издошларга ижод йўлланмасини берган ёрқин сиймолар кўпдир. Хусусан, ХIХ аср иккинчи ярми ва XX аср бошларида Муқимий ва Фурқатларга издошлик йўлини тутиб, ўз истеъдодлари билан девон соҳиби даражасигача кўтарилган шоирлар анчагинадир. Қўқон адабий муҳитининг вакилларидан бўлган Мулла Умрзоқ Абдували ўғли Ғарибий (Шуҳрат)  (1877-1961) давр адабиётининг шундай намояндаларидандир. Мазкур шоир истиқлол туфайли номи ва ижоди қайта кашф этилган адабий сиймодир.
Бир хил тарихий шароитда яшаб, маслак, савия, истаклари муштарак жиҳатларга эга бўлган ижодкорларда ҳаётий муносабатлар ҳам кўпинча ўхшаш бўлади. Буни бир адабий муҳитнинг вакиллари бўлган   Фурқат ва Ғарибийлар ижоди мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ҳар иккала шоир шеърияти ўртасидаги умумийлик, аввало, улар ижодига хос ғоявий йўналишга тегишли. Уларнинг асарларида  қуйидагилар жиҳатлар уйғун ҳолда акс этган:
-Шарқ мумтоз назмиётининг энг яхши анъаналарини давом эттириб, ривожлантириш;
-ХХ аср бошларидаги миллий уйғониш ва маърифатпарварлик тамойилининг ўзига хос бадиий ифодаси;
-Дунёқарашнинг фалсафий-ахлоқий замини сифатида тасаввуфга суяниш;
-Ватанга муҳаббатни ардоқ ва эътибордаги мавзу сифатида талқин этиш;
Фурқатнинг кичик замондоши бўлган Ғарибий шеърларида ҳам унинг ижодида кузатилгани каби «яхши–ёмон», «оқил–жоҳил», «доно–нодон», «мўътабар–муфлис» каби қарама-қаршиликларни жуфтлаштириш орқали ижтимоий адолатсизликлар очиб ташланади. Унинг
Мўътабар эл ичра бўлмишлар мунофиқрўйлар,
Бўлди кизб аҳли баланд, пастда қолиб ҳақгўйлар.
Бу жаҳон оқиллара мотамсародур доимо,
Аҳмақу нодонлара ҳар соате минг тўйлар. 
каби мисралари Фурқат қалами билан битилган
Чархи кажрафторнинг бир шевасидин доғмен,
Айшни нодон суриб, кулфатни нодон тортадур
байтига мазмунан ҳамоҳангдир.
Ғарибий шеърлари орасида руҳи, йўналишига кўра Фурқатнинг машҳур «Сайдинг қўябер, сайёд» мусаддасига яқин турувчи бир асар бор. У шоир Камийнинг  қумрига мурожаат тарзида ёзилган ғазалига боғланган   мухаммасдир. Унда лирик қаҳрамон қафасдаги қумрига шундай мурожаат этади:
Дегил манго, недин афтодаҳолу нотавон бўлдинг?
Ниҳолин боғидин бўлгон жудо гуллар каби сўлдинг?
Тамасхур бирла ё бир аҳли дард ҳолин кўруб кулдунг?
Қафас зиндонига, бўйнингда ғул, недин асир ўлдинг?
Магар бир журм ила ҳукм ўлди жононингдин, эй қумри.
Чекилди сафҳаи гардунга ашкинг обидин марқум,
Вужудинг изтироб бирла турар, кўнглунг арому бум?
Баёни ҳоли дил эт не сабабдин бўлдуғинг мағмум,
Ки, бир сарви сиҳи қад интизорин чекдуғинг маълум
Синуқ рангинг била бу чашми ҳайронингдин, эй қумри. (Д., 81а)
Келтирилган парчада Ғарибий ва Камийнинг қумрига туйғудош бўлиб, унинг ҳол-аҳволини сўроқлашлари фақат фикр таъсирини орттириш мақсадида қўлланган бир усул эмас. Тўғри, шеърда қумри бадиий тимсол, унга қилинган хитоб лирик қаҳрамон кечинмаларининг ёрқинроқ ифодаси учун восита бўлганини инкор этиб бўлмайди. Лекин шеърнинг таъсирини оширган жиҳат фақат бугина эмас. Унга алоҳида таъсир ва шукуҳ берган нарса лирик қаҳрамоннинг табиатнинг ўзи каби тирик бир хилқати – қумрига нисбатан чуқур меҳр, шафқат, ғамхўрликка эгалиги. Қаҳрамонига шоир қалбидан кўчиб ўтган бу кечинмалар агар унинг ҳаётий муносабатларидан туғилмаганида, шеърда бу қадар самимият таъмин этилмаган бўларди.  Фурқатнинг мусаддасидаги «сайд»га ҳам эрксизлик тимсоли сифатида рамзий маъно жойланган бўлса-да, шоирнинг тутқунлик ва айрилиқ ҳақидаги фикрларини қоралов остида умумлаштиришига бундай озорли ва шафқатсиз вазиятни фақат инсонга эмас, жониворга ҳам раво кўрмаслиги туртки бўлган. Манбашунос олим Н.Жабборов мусаддаснинг ёзилиш тарихи билан боғлиқ далиллар қаторида ўзи аниқлаган бир ҳужжат мазмунини келтиради. Унда айтилишича, Фурқат шеърининг яратилишига ҳинд сайёдининг тузоғига илинган кийик воқеаси сабаб бўлган.  Бу манбада билдирилган фикр «Сайдинг қўябер, сайёд»нинг юзага келиш сабабини қанчалик холис изоҳлайди ёки йўқ, бу бизга номаълум. Лекин Фурқат мусаддасининг ҳам, Ғарибий тахмисининг ҳам яратилишида шафқат ҳисси бутун кенглиги, тўлиқлиги билан туйилгани ҳақиқат. 
Анъаналарга муносабат ва адабий таъсирнинг муҳим кўринишларидан бири мухаммас боғлашдир. Ғарибий  Ҳофиз Шерозий, Навоий, Машраб, Фузулий, Ҳувайдо, Ҳозиқ, Амирий, Нодира, Муқимий каби устоз шоирлар қаторида Фурқатнинг ҳам икки ғазалига тахмис боғлаган. Фурқатнинг тасаввуфий йўналишдаги «бўлурму» радифли ғазалига боғланган мухаммасда  ғоявий-бадиий яхлитлик сақлаб қолинган бўлиб, унда устоз ижодкорнинг анъаналари Ғарибий қаламида муносиб давом эттирилган:
Юз ўгуриб жаҳондин, хўбларга ўзни қотмай,
Сар побарахна йиллар комилга хизмат этмай,
Санги қаноат ила нафс гарданин ушотмай,
Етмиш икки маротиб бу йўлда ўзни сотмай,
Ишқини Боязиддек даъво қилиб бўлурму?
Тийғи ҳавойи бирла жисмингни қилма ранжур,
То тонумай ўзингни, эй бандадур ишинг ғўр,
Лоф урма сирри ишқдин, кўнглингда минг ҳавасдур,
Чилтан шаробин ичмай, бош ўйнамай чу Мансур,
Дор узра деб «анал-ҳақ», ғавғо қилиб бўлурму?
Дунёи бевафонинг ҳавосидин кечинглар,
Ағёрдин юмуб кўз, хақ сорига кочинглар,
Дил мазраъига тоат тухмин, аё сочинглар,
Ғофилни суҳбатидин жон борича қочинглар,
Дўзах аро, чунончи, маъво қилиб бўлурму?
Фурқат таъсирининг бадиий ифодаси сифатида яратилган Ғарибий  шеърларидан бири «Таманнои саёҳат» деб номланади. У Фурқатнинг «Истар кўнгул» мухаммасига ўхшатма тарзида битган. Ғазал Фурқат мухаммаси каби фасли баҳорда табиат ўзалликларига ошуфталик истаган кўнгул ҳақида. Ғарибий ғазали Фурқат шеъридан жанр эътибори билан фарқланса-да, радиф, қофия, вазн жиҳатлари билан унга монанд. Бадиий тасвир усуллари ҳам мухаммасникига ҳамоҳанг:
Ғуссадин ўн икки ой фасли баҳор истар кўнгул,
Ҳар тарафда сабза бирла лолазор истар кўнгул.
Моҳи мазкурдин бир ой ихрож этиб, вақти қимиз
Улфати соз ила кабки кўҳсор истар кўнгул.
Бўлса содиқ маҳраме дил сирридин огаҳ агар,
Дафъи савдолар учун сайри мазор истар кўнгул.
Ғарибий ғазалининг  якунловчи байтлари Фурқатнинг сўнгги
Мунча қилгон орзулардин муяссар бўлмаса,
Фурқатий узлат учун бир кунжи ғор истар кўнгул, –
мисраларидан мазмунан батамом янгичадир. Зеро,  тахмис ёки назира ёзишда мавзу йўналишини сақлаган ҳолда  унинг доирасини янги ғоялар билан бойитиш маҳорат белгиси ҳисобланади. Ғарибий ғазалининг охирги байтлари кўнгилда туғилган истакларнинг сабабини изоҳлайди: ўз диёридаги саргашталик туфайли шоир ўзга маъво ҳақидаги орзуларга берилган эди. Лекин шунга қарамай, унинг учун она юрт ишқи ҳар қандай истак-хоҳишлардан устун. Шунинг учун кўнгил қаерда бўлмасин, ватанга қараб талпинади:
Турфа саргашта бўлубман ўз диёримда нетай,
Кеча-кундуз булъажаб ўзга диёр истар кўнгул.
Бош олиб кетсам, Ғарибий, ҳар қаён ҳижрат қилиб,
Гоҳ-гоҳ «ҳуббул-ватан» деб Ёрмазор истар кўнгул  (Д., 56а).
Айтиш керакки, бу шунчаки шоирона таъбир эмас, балки кўп йилларини сафарларда  кечириб, ватандан ташқарида унинг ҳақиқий қадрини англаб етиш баробарида иймони чиниққан Ғарибийнинг чин иқрори эди.
Намуналари кўриб ўтилган шеърлар мисолида Ғарибийнинг Фурқатдек устоз сўз санъаткоридан мазмунни бой ва теран мундарижада, инсоний ҳиссиётларни нозик ва жозиб шаклларда бериш каби муҳим жиҳатларидан ўрганганлигини кузатиш мумкин.
Қуйида Ғарибий(Шуҳрат)нинг Фурқатнинг машҳур “Сурмадин кўзлар қаро” деб бошланувчи ғазалига боғланган мухаммаси илк марта ўқувчилар эътиборига ҳавола этилмоқда.



ФУРҚАТ ҒАЗАЛИГА ШУҲРАТ МУХАММАСИ

Бир париваш қоматин кўргач, бўлубман ҳангу манг,
Лол ақлим, ҳуш учуб, таҳсинида бошлар гаранг,
Шарҳ қилсам васфидин, аҳбоблар, манга қаранг:
Сурмадин кўзлар қаро, қўллар ҳинодин лоларанг,
Ғозадин юзларда тобу вўсмадин қошлар таранг.

Билмадим, ким? Насли одам ё фаришта ёки ҳур,
Турфаким, бошдин аёғи дилрабонинг ғарқи нур,
Қомати ул шўхшангнинг мунча ҳам зебандадур,
Заъфароний кўйлак узра арғавоний камзуҳур,
Рўймол оғушидан пешонанинг аҳволи танг.

Боғи ҳусн ичра киши кўргон эмас мундоғ ниҳол,
Қаддидин сарве хижолат, кўз қаросидин ғазол,
Лола бағрин доғ этиб лаб ости, ораз узра хол,
Бори нозук панжалар олтин узукдин зеби нол,
Қўл биларзукдин музайян, нуқрадин оғизда чанг.

Топса жон, не тонг, ўлук, қилса такаллум, нўшханд,
Ҳури жаннат ҳуснининг олдида эрмасдур писанд,
Зебу оройиш юзида, деса бўлмас чуну чанд,
Гавҳар осқон ҳалқалар сийми баногўшида банд,
Кўринур зулфи тунида субҳи содиқдек аранг.

Нимнигаҳ бирла неча ошиқни бетийғ ўлдурур,
Ноз бирла йиғлатиб, лутфи-ла гоҳи кулдурур,
Ўт солиб оламга юздин гоҳ, яксар куйдурур,
Ғамза бирла ўлтурур, гаҳ жилвалар бирла юрур,
Турфа бир нозофарин, пуришва, таннозу сатанг.

Кимга дерман ҳасратимни ул ситамгар дастидин,
Бош олиб кетмоққа йўл топмай баланду пастидин,
Жон берурдин ўзга чора йўқки дабби шастидин,
Йўқ қутулмоғлиқ манго ул офати жон қасдидин,
Қасдима қошлар камон, пайваста мижгонлар хаданг.

Соқиё, махмурман, таъхирсиз бергил аёғ,
Кўз боқардин, қўл тутар, рафтордин қолди аёғ,
Нўш этай то ўзни билмай, қуртулай ғамдин бу чоғ,
Ул париваш ишқидин гаҳ телбадурман, гоҳи соғ,
Чунки бордур ўртамизда гоҳи сулҳу гоҳ жанг.

Зулму бедодеки, Шуҳрат, манга бадхў айлади,
Қилгонин ул рахнагарнинг қайси ҳинду айлади,
Лутфи хўбин борҳо бадмеҳр ҳар сў айлади,
Жаврларким, Фурқат, ул шўхи жафожў айлади,
Мунча бедоду ситам қилмас мусулмонга фаранг.



Фурқат шеъриятида харобот аҳли талқини (И. Маннопов)

Ўрта Осиёда турли тариқатлар ва тасаввуфий оқимлар вужудга келиб, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий ва маънавий ҳаётига сезиларли таъсир қилганлиги маълум. Яссавия, кубравия, нақшбандия, қодирия сингари йирик тариқатлар бунга мисол бўла олади. Лекин шундай оқим ва тоифалар борки, ҳали тўла ўрганилган деб бўлмайди. Шундай оқимлардан бири хароботийлар ҳисобланади.
Шоир нима сабабдан хаработийлар мавзусига қўл урган? Фикримизча, у Янги Марғилонда савдо ишлари билан шуғулланиб юрганда, бу тоифа вакиллари билан танишган, улар билан ҳамсуҳбат бўлган. Фурқатнинг “Уч хароботий” деб номланган шеъри мазмунига қараганда ўша даврда хароботийлар тоифаси мавжуд бўлган (Бу жамоанинг энг сўнгги йирик вакили Махсимдада исми билан танилган шахс бўлиб, у зот Марғилонда яшаб, 2008 йилнинг декабрь ойида вафот этди).
Шеър таржеъбанд ва мусаддас жанрларининг шакли ва хусусиятларини ўзида мужассам этган. Шеърда олти мисрали бандларнинг сони ўн бешта бўлиб, жами тўқсон мисрани ташкил этади. Ҳар уч банд (жами ўн саккиз мисра) ўзаро қофияланган. Шеър шаклининг шу хусусияти таржеъбанд жанри талабларига мос келади. Ҳар бир банднинг бешинчи ва олтинчи мисралари бутун шеър давомида айнан такрорланиб келиши эса мусаддас жанри талабларига мос тушади. Шунинг учун бу шеърни шартли равишда таржеъбанд-мусаддас деб аташимиз керак бўлади.
Бу асар харобот аҳлининг феъл атвори, руҳий ҳолати, турмуш тарзи, қарашлари ҳақида тасаввур бера олади. Шеър мазмунини тўғри ёритиш учун тасаввуфий оқимлардан бири бўлган хаработийлар ҳақида ҳеч бўлмаганда тасаввур ҳосил қилиш керак бўлади. 
Алишер Навоий ўзининг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида ўз замонасининг ўттиз тўққиз тоифаси ҳақида маълумот беради. У яшаган даврда бу тоифа сезиларли даражада танилган бўлса керакки, “харобот аҳли”га ҳам ўз муносабатини билдириб ўтади. Уларни “бошида май ҳаваси” дея доимо маст ҳолатда бўлишлари ҳақида хабар беради. Дастлаб ўқувчида бу тоифа ҳақида салбий тасаввур ҳосил бўлади. Лекин Алишер Навоий уларни “нафслари тупроқ”, “ҳимматлари осмон”, “замоннинг яхши ямони билан иши йўқ” дея таъриф берар экан, “замон зўравонларининг зулмидан шундай кун кечиришга ҳақли бўлса, Ҳақнинг авф ва марҳаматига лойиқдир”, - деб уларни оқлашга ҳаракат қилади. Бу тоифага юқори баҳо беради: “Ринд ва гадолар етишган давлат ва саодатга шоҳлар ҳам ҳасрат билан қарайдилар” .
Ҳаробот аҳли таърифидан сўнг, рубоий келтирилган бўлиб, унда риндларнинг дунё ва охиратга майли йўқлиги, Ҳақ раҳмати умидидан тун-кун маст эканликлари, фирибгар зоҳиддан афзал эканликлари мазмуни ифодаланган. Асарнинг аҳамияти шундаки, муаллиф нигоҳида ўқувчи ринд ва харобот аҳли ҳақида тасаввур ҳосил қилади. Уларнинг илоҳий ҳусн шайдоси, илоҳий ишқ талабгори бўлган ошиқларнинг ўзига хос бир тоифаси эканлиги аён бўлади.
Зокиржон Фурқат қаламига мансуб “Уч хароботий” шеърининг биринчи бандидаёқ хароботийлар тилидан уларнинг руҳий ҳолати аниқ ифодаланган:
Уч хароботий эрурмиз сокини майхонамиз,
Хум бошидан чарх уруб, монанди парвонамиз,
Маст ўлубмиз жўшиши майдин ажаб девонамиз,
Ҳолимиз дунё ғамидин, фориғи кошонамиз,
Ёр бизнинг ёримиз, жонон бизнинг жононимиз,
Ушбу даврон бирла ўтсак, йўқ эрур армонимиз.
Шеърнинг ҳажми анча катта бўлиб, уни тўлиқ шарҳини бир мақолада қамраб олиш қийин. Кейинги бандлар воқеабанд характерга эга. Уч хароботий шеърда “ёр”, “махваши хушхўда”, “шўхи ширингўда”, “пари” дея ҳурмат ва эҳтиром ила тилга олинган зотнинг зиёратига боришади. У зотнинг хаста ҳамда уйқуда эканлиги маълум бўлади. Унинг ҳузурида табибни кўрган шеър қаҳрамони ранжийди:
На учун келдинг ҳаримиға, аё нодон табиб?
Бизлара ағёрдурсан, бедарак, афғон табиб...
Шеър қаҳрамони табибга хитоб қилар экан, “ёр”нинг дардига дорилар дармон бўлолмаслигини айтиб, уни бу амалдан қайтаришга ундайди. Шеър мазмунидан хастанинг илоҳий ишқ дардига мубтало бўлганлиги, табиб бу дардни даволашга ожиз эканлиги аён бўлади. Шунингдек, уйқудаги “ёр”нинг юзи  “ҳасрат ва қайғули”, тани “заъф ва фарсуда” эканлиги ҳақидаги тасвирлардан ошиқ хароботий образи намоён бўлади.
Ривоятларга кўра, риндларнинг энг кўзга кўринган намояндаси Умар Хайём бўлган. Хароботийлар ўз дуоларида Фаробий, Умар Хайём сингари тарихий шахсларнинг исмларини ҳазрати пайғамбар (с.а.в.)нинг исмларидан сўнг албатта тилга оладилар. Хароботийлар ҳақида алоҳида китоб ёзилмаганлигининг сабаби, бу тоифанинг анча мураккаб феъл-атворга эга эканлигида. Ринд ва Аллоҳнинг ўртасидаги Сирдан ҳеч ким хабардор бўла олмас экан. Уларнинг май ичишлари шариат ҳукмига зид бўлганлиги учун мусулмон шарқида анча тўсқинликка учраганлиги, ғанимлари бисёр бўлганлиги аниқ. Бу шоир Фурқат яшаган даврга ҳам тегишли. Шеър қаҳрамони хароботий ошиқнинг уйқуси рақиб тўда ва жинслар туфайлидир, деган риторик савол билан мурожаат этади:
Уч мукаддар кўйиға бордук рақиблар тўдадур,
Ё сабаб жинслардин ул пари уйқудадир?
Харобот аҳлининг бир хислати маломатийларга ўхшаб кетади. Маълумки, маломатийлар ўз нуқсон ва камчиликларини халқ ичида яширмаганлар. Шу орқали иккиюзламачилик, мунофиқлик иллатларидан қутулишга ҳаракат қилганлар. Ринд ва харобот аҳли эса ўзларини ниҳоятда хор-зор тутганлар. Ўзга кимсаларнинг ҳазар қилишларини, бошларига бало ёғилишини хурсандчилик билан кутиб олганлар. Бу жуда қизиқ психологик ҳолат. Ринд ва харобот аҳлининг мана шу руҳий ҳолати шоир тахаллуси қўлланган мисрада акс этган:
Бошидин турғил нари, беҳуда, беъмани табиб,
Фурқатийдин қил ҳазар, албатта, эй жўгий, табиб...
Шеърдан кўриниб турганидек, Зокиржон Фурқат дунёқарашига харобот аҳлининг феъл-атвори, ишқий ва жунун ҳолати катта таъсир қилган. Бўлмаса, шеър қаҳрамони – хароботийнинг руҳий ҳолатини бунчалик таъсирли ифодаламаган, уларга бағишлаб шеър ёзмаган бўлар эди. Шунингдек, ўзбек мумтоз шеъриятида ошиқнинг ҳолати харобот аҳлига муқояса этилса ҳам,  харобот аҳлига бағишланган шеърий асарнинг ёзилиши ноёб ҳодиса саналади.


ФУРҚАТ АСАРЛАРИ ТИЛИДА ҚЎЛЛАНГАН РАНГ БИЛДИРУВЧИ СЎЗЛАР СЕМАНТИКАСИ (И.П.Пўлатов )

Фурқат асарлари тилида ранг билдирувчи сўзлар кўп учрайди. Улар маълум бир юк ташийди. Масалан, “қора” сўзи бир неча матнларда қўлланган. Бир матнда “қора” сўзи “куйган, қора қон” маъносини ифодалайди:
Кеча-кечадур ҳар эрта, кўзум ашкидин ювиб юз,
Жигарим эзиб қилурмен қора қон ила ғарора. (44-бет).
Иккинчи бир матнда ошиқ маъшуқаси олдида маълум бир айб иш қилиб юзи қорайганлигини ифодалайди:
Агар ўзгани юзига назар айласам кўз очиб,
Бу орада ҳақ тонуқдур, келу қил юзимни қора. (44-бет).
Учинчи бир матнда “қора” сўзи сурма рангини ифодалайди. Бу ранг билан ёрнинг наргис кўзлари янада ёрқинроқ кўринади:
Чекиб сурма қаро наргислариға айлади оро,
Мени ўлдурди охир ғоза бирла юзға хол айлаб. (51-бет).
Тўртинчи бир матнда “қора” сўзи сурмадан ранг олиб, қорайган кўзга ишора қилади:
Сурмадин кўзлар қаро, қўллар хинодин лоларанг,
Ғозадин юзларда тобу ўсмадин қошлар таранг. (55-бет).
“Келинчак” тазминидан олинган бу байтнинг биринчи мисраси Фузулий қаламига мансуб. (Фузулий. Девон. 206-бет).
“Қора” маъносида форс тилидан олинган “сияҳ” сўзи ҳам ишлатилган. Бунда ҳам рақибнинг ўз айби билан юзи қора бўлиши маъноси ифодаланган:
Кўкка оҳим еткуриб тонг отқуча мен йиғладим,
Ул рақиби рўсияҳ сен бирла ёр ўлган кеча. (34-бет).
“Сариғ” сўзи ҳижрон азобида юзи сарғайган ошиқ таърифида қўлланган:
Итларингдек боргоҳинг остонида мудом
Кеча-кундуз сорғориб йиғлаб ётай токайгача? (40-бет).
Яна бир матнда “заъфароний” сўзи “сариқ” маъносида, “арғувоний” сўзи “қизил” маъносида қўлланиб, ёрнинг портрети чизилади:
Заъфароний кўйлак узра арғувоний камзиҳул
Рўймол оғушидин пешонани аҳволи танг. (55-бет).
Фурқат “гулранг” сўзини “қизил” сифати ўрнида қўллаб, боданинг рангини ифодалайди:
Эл гумон айларки: нўшим бодаи гулранг эрур,
Йўқ лабинг ёдида тўлмиш қон ила жомим менинг. (62-бет). Бу матнда ташбеҳ санъати қўлланган. Ошиқнинг қўлидаги қизил май қон билан тўлган жомга қиёс қилинади.
Бошқа бир матнда “қизил” сифати ўрнида “гулгун” сўзи қўлланиб, бу ҳам майнинг рангини ифодалайди:
Бодаи гулгун тўкулмиш мастлиғингдин базм аро,
Ё менинг қоним эрур улким тутубдур  доманинг.(65-бет).
Ошиқ маъшуқага қарата сен ичаётган май менинг қоним бўлиб, бу қон этагингдан тутқусидир дейди.
Фурқат асарлари тилида араб тилидан ўзлашган сифатлар ҳам учрайди:
Ахзар – яшил, кўк.
Аҳмар – қизил.
Зафарон – сариқ.
Кофур – оқ.
Мутарро – тоза, тиниқ, ялтироқ.
Хуллас, Фурқат асарлари матнини лингвопоэтик тадқиқ этиш фурқатшуносликнинг янги соҳаси бўла олади.
Манба: Фурқат, 2-томлик. Танланган асарлар. 1-том. Тошкент. Ўзбекистон давлат бадиий адабиёт нашриёти, 1959.



Фурқатнинг Қашғарда нашр этилган шеърий тўплами ҳақида (И.Бекмуродов )

Ўзбек мумтоз лирикасининг улкан намоёндаси, ўз асрининг лирик шеърият ижодкорлари орасида санъаткорлиги билан тенгсиз бўлиб турган шоир Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Фурқат таваллудининг 150 йиллик юбилейини нишонлар эканмиз, унинг лирик шеърларини завқ-шавқ билан қайта-қайта ўқишдан роҳатланамиз. Чунки унинг лирикаси инсон ҳис-туйғуларини кучли завқлантирадиган адабий-бадиий  санъатларга жуда бой. Шундай бўлишига қарамай Фурқатнинг лирик мероси нисбатан кам нашр қилинган. 50 йил муқаддам мархум устоз, профессор Холид Расул томонидан нашр этилган 2 томлик танланган асарларидан кейин қайта нашр қилингани йўқ. Шарқ шеъриятининг жони ҳисобланган рамз, ташбиҳ истиора каби шарқ шеъриятига ҳос лафзий санъатлар шу даражада кўпки, шоирнинг руҳий-маънавий, ҳаёлий дунёсининг кенглигига тан бермай иложи йўқ.  Фурқат умрининг сўнгги энг сермаҳсул 16 йили ўтган Хитой Халқ Республикасининг Қашқар автоном ўлкасидаги Ёркент шаҳридир. Шоир Қашқардаги Русия Мусулмон идорасида котиб бўлиб хизмат қилади. Дўсти Тошболтуга ёзган шеърий мактубида Раънохон исмли аёлга  ўйлангани, худо уларга Нозимжон ва Хакимжон исмли фарзандлар берганини, улардан кўнгил узиб Ватанга  қайтиш қийинлигини ёзадики, бу унинг умри охиригача Ўзбекистондан алоқасини узмаганлигини кўрсатади. Шу жумладан “Туркистон вилоятининг газети”га ва дўстларига  мунтазам равишда мақола ва шеърларини жўнатиб тургани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Менинг қўлимда 1989 йили Хитой халқ Республикасининг Қашқар уйғур нашриётида Неъматилла Убайдулло хожи ва Файзуллажон  Исҳоқ хожилар томонидан нашрга тайёрланган “Фурқат танланган шеърлари” китоби турибди. Мазкур китоб араб ёзувига асосланган уйғур графикасида нашр этилган. Матн уйғур ёзуви орфографик қоидалари асосида тайёрланган бўлса-да. Нашрга тайёрловчиларнинг  маҳорати туфайли ўзбек тилининг орфоэпик хусусиятлари сақлаб қолинган.
Китобнинг бош қисмида каттагина кириш сўзи берилган. Унда шоирнинг таржимаи ҳолига атрофлича тўхталинган.
Нашрга тайёрловчиларнинг ёзган маълумотига қараганда шоир Фурқат Қашғарда уйғур халқининг ўзбек халқига бўлган меҳр-оқибатини жуда ошириб юборган. Уни  ёшу-қари бирдай хурмат қилган.
Сўз бошида ёзилишича инсон руҳияти ва танасининг табиби-шоир Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Фурқат  “1859 йили 3-ойнинг, 1-куни Фарғона водийсини Қўқон шаҳрининг ғишт кўприк гузаридаги эски бешариқ маҳалласида ушшоқ тижоратчи ойласида туғилган. Зокиржоннинг дадаси Ҳолмуҳаммад замонасининг лойиқ илм суяр маърифатчи кишиси  бўлган. Зокиржон Қўқоннинг хусусий  мактабларида савод чиқарган. 1870- йили “Моҳлар Ойим” мадрасасига кириб илм  таҳсил қилади,”- деб ёзади.
Сўз боши муаллифлари шоир Фурқат Ёркентда ёзган ҳамма асарларини ҳам савдогарлар орқали доимий равишда Тошкентга, “Туркистон вилоятининг  газети” тахририятига, Тошболту сингари дўстларига жўнатиб улгура олмаганини. Унинг кўпгина шеърилари сиёҳи қуримай, Ёркентликлар тилига тушиб кетганини чуқур хурмат билан таъкидлайдилар. Унинг учдан-икки қисмигина қолганини таҳминлайдилар.
“Шу нуқта мисолида қайт қилиш зарурки, -деб ёзади сўз боши муаллифлари, - ўзбек адабиёти кўп миллатли Шингжонг адабий тарихини бир аср илгарилаб кетишига сабабчи бўлди”.
Фурқат ҳаётининг охирги йилларида Ёркентда яратган асарларини тўплаб икки жилдлик девон тузишга киришган. Унинг биринчи жилдига “Дебочаи аввал” деб ном қўйилиб, унга ғазал ва мусамматларини  киргизмоқчи бўлганини, иккинчиси “Дебочаи сони” бўлишлигини хисобга олиб асарларига  тартиб бера бошлаганини, афсуски бу эзгу мақсадини шоир амалга ошира олмаганини. У 1909 йилнинг 9-ойида бўғуз оғриғи” касали билан вафот этганини, унинг жасади Ёркентдаги ўзбеклар қабристонига қўйилганини ёзадилар.
Мазкур тўпламга, -деб ёзади, сўз боши муаллифлари шоирнинг қўл ёзма асарларидан “Баёзлар”, “Тухфат ул - обидин”, “Арғумони Хислат”, “Баёзи Муҳалла”, “Баёзи гулшани ашъор”, “Баёзи Дилкаш”, “Девони Қори” сингари Ёркентда сақланаётган қўлёзма ва тош босма баёзлардан шоирнинг асарларини териб олиб киритдик.
Уйғур ёзувида нашр этилган мазкур тўпламга  шоир Фурқатнинг 196 та ғазали, 17 та муҳаммаси, 3 та маснавийси, 4 та мактуби, 1 та достони, 3 та мусаддаси, 1 та таржибанди, 1та мустазоди, 1 та қасидаси ва бу асарларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида изоҳлар берилган.
Лекин тўпламдан шоирнинг Тошкентда ёзган “Виставка хусусида”, “Тошкент шаҳридаги виставка хусусида”, “Акт мажлиси хусусида”, “Тошкент шаҳрида бўлғон нағма базми хусусида”, “Рус аскарлари таърифида”, “Суворов ҳақида”, “Юнон мулкида бир афсона” каби қатор маснавий ва қасидалари ўрин олмаганлигини нашрга тайёрловчиларнинг         “... қўлимиздаги манбаалардан фойдаландик”, жумласи изоҳлаб турибди.
Тўпламга киритилган асарларни мархум устоз Холид Расул томонидан тузилган икки жилдлик Фурқат “Танлаган асарлари” билан таққослаганимизда  анчагина ғазаллар жумладан – “Берди жаҳонларға сафо”, “Андалиби хуш наво”, “Бу замона жабрўсида вафо” сингари ғазаллар ўзбекча нашрда йўқ”.
Хуллас, биз шоир Фурқат шеъриятининг муҳлислари қардош уйғур наширларига чуқур самимият билан миннатдорчилик билдирамиз. Ўйлаймизки Фурқат асарларининг янги нашрида, уйғурча нашрдаги биз учун янги ҳисобланган асарларни ҳам қўшиб мукаммал асарлар тўпламини яратадилар деган умидда қоламиз.

 

Шу ўринда ҳамшаҳарим шоир Фурқатнинг бу уйғурча (дурдона) тўпламини ҳамда олти китобдан иборат уйғур фольклори материалларини келтириб берган дўстим ХХР Синьцзян пахтачилик институти директори, профессор, тадбиркор Чжу Вен Цзин (Ясин)га ўз самимий миннатдорчилигимни билдираман


ИЖОДКОРНИНГ ЭСТЕТИК ЭЪТИҚОДИ (Й. Солижонов)

Бадиий адабиётда ўз ўрни ва овозига эга санъаткорлардан ҳар бирининг яшаш  ҳамда ижод қилишдан кўзлаган асосий мақсади бўлади. Ана  шу мақсад ижодкорнинг шахсий ҳаётида ҳам, бадиий асарларида ҳам яққол акс этади. Ижодкорнинг эстетик эътиқоди деб аталувчи бу таълимот қадим Юнон, Шарқ ва Ғарб файласуфлари Аристотел, Фаробий, Гегель кабилар томонидан чуқур ишланган. Санъаткорнинг эстетик   қарашлари   шаклланиб, ривожланиб, унинг шахсий услубини белгиловчи муҳим омилга айланади. Кўп асрлик тарих ва бой меросга эга бўлган  ўзбек адабиётида ҳам ўзининг  мустаҳкам эстетик эътиқодини, шахсий “мен”ини намоён қила олган ижодкорлар талайгина.
Ана шундай санъаткорлардан бири “Авлиё десак, авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султони”   бўлмиш Алишер Навоийдир. Инсон сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам  Навоийнинг феъл-атвори, табиати, кўнгли ниҳоятда  нозик бўлганлигини замондошлари ва олимлар томонидан кўп бора таъкидланган. Ана шундай назокатли кўнгил соҳиби ғазалларидан бирида:
Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас.
деб ёзадики, бу хитоб ўқувчига шоирнинг ўзини катта олиши, унча-мунча одамларни менсимаслиги бўлиб туйилиши табиий. Аслида эса бу Навоийнинг яшашдан кутган бош мақсадини англатади. Шоир бутун умри давомида яхшиларга интилиб яшади, ўзидан улуғроқ, билимдонроқ инсонлар суҳбатидан баҳраманд бўлишга интилди. Ана шу эстетик мақсадига қатъий      амал қилган шоир буюклик чўққисига  кўтарилди.
Ростгўйлик, қатъийлик ва бўйсунмасликни ўз ҳаёти ва ижодининг бош шиорига айлантириб, унга умрининг охиригача амал қилган шоирлардан бири Фурқатдир. Маълумки, Фурқат жуда  ёшлигидан “Алишер Навоийнинг ўзбек тилидаги  девонларини мутолаа қилиб, унинг рангин ижод гулдастасидан” кўп баҳра олди. Тўққиз ёшида ҳазрат тушида аён бўлиб, ёш Зокиржоннинг  “қўлига қалам ва қоғоз” тутқазиб, шеър ёзишга фотиҳа беради.  Демак, Фурқат ўз ижодининг бадиий-эстетик тамойилларини       белгилашда устози  Навоийдан ўрнак олган.
Академик А.Қаюмовнинг ёзишича, Фурқат ҳам  ғоятда “нозик табиатли, покиза вужуд, камтарин, ҳеч кимга зарари тегмайдиган, ҳамиша кишиларга ғамхўр ва меҳрибон” киши  бўлган (кўрсатилган манбаа. 181-бет). Ана шу фазилатларига  кўра бошқаларнинг озгина ножўя ҳаракати, сал аччиқ муомаласи, айниқса бўлмағур иғво, туҳмат, миш-мишлар кўнглига оғир ботган. Ранжиган дил изҳорини  ошкора айтган, рақибларини ўз вақтида мулзам қилган. Шу доисдан у 14-16 ёшларидан бошлаб ҳеч қаерга сиғмай қолган. Гоҳ Эски Марғилон, гоҳ Янги Марғилон, Қўқон, Хўжанд шаҳарларида яшади. Кейин Тошкентга келди. Икки йилдан сўнг бу ердан ҳам бадарға қилиниб, чет элга чиқиб кетди.
Шоир Фурқатнинг бундай сарсон-саргардонлиги, ўз юртига сиғмай қолишининг сабабларини унинг характеридаги бўйсунмаслик, исёнкорлик, ростгўйлик, қатъиятлилик, ўз Ватани ва   халқи тақдири  ҳамда дарди  ҳақида астойдил қайғурганлигидан излаш ўринлидир. Шахсий ҳаётидаги принципиал қарашлар шоирнинг ижодий эстетик эътиқодига айланди. Бу жиҳатдан Фурқатнинг “Биз истиғно эли  қичқирмаган маъвога бормасмиз” мисраси билан бошланувчи ғазали ибратлидир.
Ушбу ғазалда шоир Фурқатнинг худди устози Навоий сингари кўнгил нозиклиги, табиатидаги бўйсунмаслик, исёнкорлик белгилари, ор-номус ва одамийлик қадрини ҳамма нарсадан баланд тутиш, хуллас, шахс ва шоир   сифатида ҳаётда яшаш ҳамда ижод  қилишдан асосий мақсади  очиқ-ойдин ифодаланган. Шу билан бирга, шоир бу “ғазалида ўзи мансуб бўлган адабий доирадаги ижодкорларнинг руҳий ва маънавий дунёсини  (ҳам) тасвирлаган. Бу мўътабар зотларнинг интилишлари ҳамиша беғараз ва пок, олийжаноб ва юксак эди. Шунинг учун  ҳам тамаъ ва ғараз улар учун  бутунлай ёт” бўлган.
7 байт (14 мисра)дан иборат бу  ғазал сиртдан қараганда  шахснинг манманлиги, кибру ҳавоси, ўзгаларни менсимаслик кайфиятини ифодалаётгандек таассурот туғдиради. Аммо  ғазалнинг мазмун-моҳиятига чуқурроқ кириб борилса, бутунлай  бошқача манзара ҳосил бўлади. Чунки ғазалнинг бирон сатрида  ҳам  “мен” деган ибора учрамайди. Шоир лирик қаҳрамон  “биз” деб кўпчилик номидан фикр юритади. Кўплик  маъносини англатувчи “биз” олмошини “эл” сўзи янада бойитади. “Биз – истиғно эли”, “Биз эллар  - фақр элимиз” иборалари уларнинг уюшган,  маълум мақсад сари интилувчи жамоа эканлигига ишора қилади. Ғазал таҳлилига киришишдан аввал унинг тўлиқ матнини келтирайлик:

Биз, истиғно  эли, қичқирмаган маъвога бормасмиз,
Агарчандиким, хирман айласа, дунёга бормасмиз.

Агар лабташна қолсак филмасал саҳрои оламда,
Малолат зоҳир этса мавж уран дарёга бормасмиз.

Умид этганимиз аксар саодат бўтан Ҳақдин,
Агарчи мис эрурмиз, қиймати тиллога бормасмиз.

Ҳамиша лоф урармиз халқ аро Фарғона мулкида,
Бағоят табъимиз  озода деб, ҳар жога бормасмиз.

Ҳаво лойига  ботган моуманлик дўсти худбинким,
Ўшандоғ   кам зарофат маскани аъдога бормасмиз.

Биз эллар – фақр элимиз, парча нонга сабр айлармиз,
Ғараз дунё учун Искандару Дорога бормасмиз.

Эмасдур онча асбоби  жаҳонга фикримиз, Фурқат,
Вале кетгунча жуз андишаи фардога бормасмиз.

Ғазални тушуниш, ҳис қилиш учун аввало, “Истиғно эли” кимлиги ва қандайлигини билиб олиш шарт. “Истиғно – а. 1. Бошқаларга муҳтож бўлмаслик, эҳтиёжсизлик; 2. Гўзал қилиқ билан тортиниш, ноз қилиш; 3. Тасаввуфда бағишловнингтўртинчи водийси (А.Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонини эсланг – Й.С.), унда Оллоҳ ишқи ва мушоҳадаси  одамдаги бошқа ҳамма сезгиларни ўзига олади”.   Бизнинг таҳлилимизга ушбу изоҳларнинг биринчи ва учинчи маънолари мос келади. Бу “истиғно эли” Оллоҳдан ўзга зотга муҳтож эмас, ҳеч кимга бўйин  эгмайди, чақирмаган жойга бормайди, мол-дунёга беписанд қарайди. Гарчи  ўзлари фақир яшаса ҳам “Ғараз дунё учун Искандару Доро”нинг ҳузурига бош эгиб  боришни ор деб билади. Дарвоқе, фақирлик деганда қашшоқ, камбағал кишини тушунмаслик керак. Тасаввуфда фақирлик, ғариблик комилликка эришишнинг маълум босқичлари саналади. Фақирлар Оллоҳнинг ўз кучи билан топган луқмасига шукур қилиб яшашга одатланган бандалардир. Уларнинг бойлиги сабр, нафсни тийиш, ўзгаларга мурувват ва футувватдир. Фурқат назарда тутган “истиғно эли”нинг бу фазилатлари   ғазалнинг 1, 2, 5, 6-байтларида аниқ кўзга ташланади.
Фурқатнинг ўзи ҳам шахс сифатида “истиғно эли”нинг бир вакили эди. У бутун ҳаёти давомида  ҳеч кимга эҳтиёжманд бўлмади, моддий жиҳатдан қашшоқ яшаса-да, маънавий бойликка интилди. У ҳеч қачон оғзидан сўзини, қўлидан қаламини, қалбидан эрк туйғусини бировга олдириб қўймади. Шу боисдан шоир норасолар орасидан жой топа олмади, аммо ростгўйлиги, эътиқодининг қатъийлиги билан адабиётда мангу яшаб қолди.



ТУТАШ  ТАҚДИР  ТАРАННУМИ (Камолиддин Марасулов)

Ўзбек мумтоз адабиёти ўзининг  жаҳонгашта намояндалари билан ҳам маш ҳур. Шундай дунё кезиб қалам тебратганлар орасида икки йирик ижодкор Бобораҳим Машраб ҳамда Зокиржон Холмуҳаммад ўғли  Фурқат алоҳида  ажралиб туради. Гарчи булар яшаган даврни  бир ярим асрдан зиёд вақт ажратиб турса-да, биз уларнинг кечинмаларида, дунёқарашида уйғунлик борлигини кўришимиз мумкин. Фикримизнинг далили ўлароқ  Раҳимбобо Машрабнинг машҳур “Кавлама” радифли ғазалига Фурқат томонидан боғланган тахмисни олайлик. Машраб ғазали қуйидаги матлаъ билан бошланади:
Эй сабо, ғамзодадурман, бистаримни  кавлама,
Чун шафақ олудаман, хокистаримни кавлама!
Ғазали 9 байтдан иборат. Ғазал тўлалигича  ишқи илоҳийга бағишланган. Шоир ушбу ғазалида дардлилар, ҳақ ишқида ёнганлар  хусусида  тўхталади. Изтиробдан кўзлари тўла ёш эканлигини, дардсиз касларнинг уйи вайронлар, заифлар ҳолидан бохабарлигини таъкидлаб ўтади:
Хонавайронлар билур афтодаларнинг  ҳолини
Эйки, маҳрам бўлмасанг, чашма таримни  кавлама.
Машраб дард соҳибидир. Бир умр юрагида Оллоҳга бўлган ишқи ловуллаб турган зот-Раҳимбобо дардсизларга, ишқсизларга “менинг қийналишим сабабларини, менинг ташвишларимни суриштирманглар!” демоқчи бўлади:
То кишига дард тегмай, бўлмади бағри  кабоб
Дилда дардинг бўлмаса, дарди саримни кавлама.
Ўзининг ғамгин, ғам ютган (ер ишқи, ғами) инсонлигини  таъкид этади.
Машраб билан Фурқат ўртасида қандай ўхшашлик, боғлиқлик мавжуд деган табиий  савол туғилади.  Биз  ўзимиз тадқиқ этган баъзи мулоҳазаларни келтириб ўтайлик:
1.    Ҳар иккиси ҳам ҳунарманд оиласида таваллуд топган.
2.    Икки шоир ҳам     бир вақтда – 7 ёшида  таълим олишни бошлаган.
3.    Фурқат ҳам Машраб ҳам зуллисонайн ижодкор бўлишган.  Ҳар икки ижодкор ҳофиз Шерозий ғазалла рига юксак ихлос би лан қараган.
4.    Фурқат лирик  ижоди намуналарининг асосий қисми ғазаллар сўнг мухаммаслар бўлса, Машраб шеъриятида ҳам салмоқли қисм ғазаллар ва мухаммасларга тўғри келади.
5.    Машрабнинг адабий мероси бизгача тўла етиб келмаган.  Фурқатнинг ҳам  кўпгина ёзганлари: ўзи қайд  этган рисола, манзума ва                                                                таржималар бизгача етиб    келмаган ёки ҳанузгача   топилмаган. Фурқат  илк бор шеърларини тўплаб  мажмуа қилган эди. Бироқ у ҳам ҳануз номаълумлигича  қолмоқда.
6.    Ҳар икки шоир  шеърлари улар тириклик чоғида, ундан кейин ҳам, машҳур ҳофизлар  томонидан қўшиқ қилиб куйланиб, кенг халқ оммасига етказилган, етказилмоқда.
7.    Яна бир ўхшаш жиҳати иккала ижодкор ҳам жаҳонгашта бўлганлар. Машраб  умрининг деярли 40 йилини сайру-саёҳатга  бахшида қилди. Ундан деярли икки аср кейин яшаган Фурқат у каби дунё кезди. Раҳимбобо Машрабнинг қадами етган ҳар бир гўшани: Самарқанд, Бухоро, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Шарқий Туркистон каби жойларни саёҳат қилиб чиқди. Шоҳ Машраб ҳаётида алоҳида ўрин тутувчи Қашқар, Хўжанд, Ёркент ҳам Фурқат назаридан четда қолмади. Таъкидлаш жоизки, Фурқат ҳам Машрабдек киндик қони тўкилган заминда эмас, ўзга юртларда оламдан кўз юмди.
Машраб ижодининг Фурқатга таъсири кучли бўлган. Айниқса, “Кавлама”  радифли ғазал Фурқатнинг диққатини тортган. Икки шоир қалби бир-бирига яқин эди. Оқибатда, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли  юқоридаги                        ғазалга таҳмис боғлади: машраб ғазали тўққиз байтдан иборат,  лекин мухаммасда етти банд бор. Сабаби, Фурқат икки байтни ташлаб ўтади  (балки, шоир Фурқат  қўлидаги “Кавлама” радифли ғазал етти байтдан иборат бўлгандир). Ҳозир ўша  “четлаб ўтилган” байтларни келтирамиз:
1. Ҳажр тошидин зорру офат бошига  етган ўзум,
Киштийи мотамдадурман, лангаримни кавлама.
2. Етти дўзах ўртанур  афтодаларнинг оҳидин,
Оташи ҳажрида куйган мижмаримни кавлама.
Фурқат Машраб кўнглидаги, дард ва изтиробни жуда яхши тушунган дейиш мумкин. Йўқса, “Эй сабо, ғамзодадурман бистаримни кавлама”, деган шоҳ Машрабга “Ошиқи дилдодадурман дилбаримни кавлама” – дея жавоб ёзмаган бўларди.
Шеър қурилишида шундай ҳолатларни  кўрамиз:
1. Мухаммаснинг биринчи мисраси тўртинчи  мисрага, яъни Машраб ғазали байтларининг  1-мисраси Фурқат ёзган 1-қаторга мос келади:
Ғамдин озода билур озодаларнинг  ҳолини (Фурқат).
Хонавайронлар билур афтодаларнинг ҳолини (Машраб).
Ишқ савдоси тушиб бошимға, аҳволим хароб, (Фурқат).
То  кишига дард тегмай, бўлмади   бағри кабоб (Машраб).
2.  Баъзи бандларда эса тафовутлар кўзга ташланади. Масалан:
Фурқат: Неча кунлар ҳамдам  ўзга ваҳшию тайр айладим,
Машраб: Ломаконни шаҳрини бир ҳу била сайр айладим.
Фурқат: Гаҳ ўзимни сувға урдум, гоҳ ўтга дам бадам,
Машраб: Баҳри раҳматга кириб қилдим вужудимни  адам.
Хуллас, халқимизнинг ҳар икки атоқли сиймоси ижодидаги уйғун жиҳатлар, анъана  ва ўзига хослик масалалари тадқиқотчилар учун муҳим материаллар бериши табиий.



МАКТАБДА ФУРҚАТ ИЖОДИНИ ЎРГАНИШ (Қозоқбой Йўлдошев, Валижон Қодиров)

Адабий таълимда Фурқат ижоди доимий равишда ўрганиб келинган. Шўро даврида ҳам адиб асарлари дарсликлардан муқим жой олган эди. У давр адабиётшунослигидаги чекланган жиҳатлар шоир ижодини ўрганишда ҳам айнан акс этган эди. Ижтимоий воқелик, тузум талабига кўра шоирнинг дастурга киритилган асарлари асосан ижтимоий ва мафкуравий нуқтаи назардан талқин қилинган. Мустақилликдан кейинги даврда Фурқат ижоди кенгроқ кўлам ва ўзгача нигоҳ билан ўрганила бошлади. Олдинги учта дастурга кўра адиб қаламига мансуб битиклар умумтаълим мактабларининг 6-, 8- ва 10-синфларида ўрганилди. Энди бу асарларни ўқитишда дидактик ва эстетик ёндашув етакчилик қилмоқда. Шунингдек, улар бағрида жо бўлган ирфоний мазмунга ҳам эътибор қаратилмоқда. Охирги қабул қилинган дастурда кўра Фурқат ижоди 9-синфда ўрганилиши белгиланган. Биз бу мақолада сўнгги дастурга кўра дарсликка киритилган шоир лирикаси намуналарини ўрганиш юзасидан мулоҳазаларимизни баён этамиз.
Фурқат умрбаёнига оид маълумотлар дарсликда етарлича берилган. Ўқитувчи мазкур биографик далилларни кенгроқ шарҳлаб, қўшимча изоҳлар билан баён этиб бериши керак. Ушбу соатда фақат ҳаёт йўли, бошдан кечирганлари сўзлаб берилмайди, балки адабий мероси ҳамда ижод оламига ҳам умумий назар ташланади. Бу борада яна дарсликдаги  материаллар муаллимга ёрдамга келади. Бизнингча, биринчи соатни қуйидагича режа асосида ўтказиш маъқул бўлади:
1. Фурқатнинг ҳаёт йўли: таҳсил олиши, меҳнат фаолияти, саёҳатлари, оилавий ҳаёти ва турмуш тарзи, чет элдаги ҳаёти.
2. Фурқатнинг публицистик фаолияти: “Туркистон вилоятининг газети” билан алоқаси, мақолалари.
3. Адибнинг илмий асарлари.
4. Фурқатнинг таржимонлик фаолияти.
5. Шоирнинг бадиий оламига экскурсия.
Дарсликда шоирнинг маърифатпарварлик йўналишидаги ижоди тўғрисида умумий фикрлар айтилиб, шеърлари санаб ўтилган, лекин улар ҳақида тавсифий таҳлил берилмади. Ўқитувчи дарсликка қўшимча маълумот сифатида шу руҳдаги шеърлардан намуналар келтириши, айримларини шарҳлаб ўтиши лозим бўлади. Mаърифатпарварлик шеърларнинг барчаси маснавий йўлида ёзилган бўлиб, уларда маорифни ислоҳ қилиш, илмга даъват, фан ва маданият янгиликларини тарғиб этиш ғоялари сурилганлигига тарбияланувчилар диққати тортилади. Mашғулот сўнгида дарсликдаги савол ва топшириқлар ҳамда ўқитувчининг ўзи тузган қўшимча саволлари асосида суҳбат ўтказиш мумкин.
Дарсликда берилишига кўра таҳлилга тортилиши керак бўлган Фурқaтнинг „Фaсли нaвбaҳoр ўлди, кeтибoн зимистoнлaр“ ғa¬зaли тaбиaт лирикaсининг нaмунaси. Ундa кўклaм кe¬лиши билaн тaбиaтдa рўй бeрaётгaн гўзaл ўзгaришлaрни ғoят синчиклaб кузaтгaн шoирнинг қaлб кeчинмaлaри aкс этгaн.
Фасли навбаҳор ўлди кетибон зимистонлар,
Дўстлар, ғаниматдур, сайр этинг гулистонлар.
Ўқувчилар диққати бу шeърдa ҳaм xудди Mуқимийнинг „Нaвбaҳoр“ ғaзaлидaги сингaри йилнинг энг дилбaр фaслидaги гўзaл¬ликдaн дўст¬лaрни бaҳрaмaнд қилиш истaги ифoдaлaнгaнлигига қаратилади. Mумтоз адабиётда узоқ интиқ кутиб, орзуга етган дамлардан олдинги интизорлик даврини қоронғулик сифатида тасвирлаш анъана эканлигини айтиб, талабалардан ўтилган мавзулар бўйича мазкур фикрга мисоллар (мисралар ёки байтлар) эслашни сўраш ўринли бўлади. Навоий Фарҳоднинг туғилишини “Шабистонда туғди бир янги ой” деб тасвирлайди. Mисрада “шабистон” сўзи ҳоқоннинг ўғил кўргунча бўлган даврдаги фарзандсизлик ҳасратида ўтказган йилларни ифодалайди. Огаҳий баҳор келгунга қадар ҳукм сурган азобли қиш кунларини сояга менгзайди: “Кўтарди ер юзидин соя наврўз”. Шунинг учун ҳам Фурқат ўткинчи умрни гўзaллик қўйнидa эзгулик билaн ўткaзишни истaйди. Чунки бaҳoргинa эмaс, умр ҳaм ўткинчи  — „ғaнимaт“. Maтлaъдaн сўнг шoир ўзини мувoзaнaтдaн чиқaргaн, ҳaяжoнгa сoлгaн кўклaм мaнзaрaсини чизишгa тутинaди. Кўз олдингизда дилбар баҳор тонгининг латиф манзараси намоён бўлади: субҳий шабнамлардан кўм-кўк майсаларнинг яшнаб туриши, баҳор булути онда-сонда ташлаб турган томчилар ва  Яратганнинг санъатига лолу қойил ошуфта кўнгил... Ўзбeк тили¬нинг ифoдa имкoниятлaридaн мaҳoрaт билaн фoйдaлaн¬гaн шoир ўқувчигa axбoрoт бeриб қoлмaй, ундa кучли ҳис-туйғу уйғотишга эришганлигини болаларга туйдириш лозим:
Субҳидaм тушиб шaбнaм, бўлди сaбзaлaр xуррaм,
Гул узa тoмиб кaм-кaм, ёғди aбри нaйсoнлaр.
Фурқaт кўклaм мaнзaрaсини ўз ҳoличa тaсвирлaмaйди, уни жoнлaнтирaди. У aтрoфдaги ҳaр бир унсурни – масалан, настарин, ёсуман ва наргис гулларини дилгa яқин кишигa мунoсaбaти нуқтaйи нaзaридaн тaсвирлaйди. Улaрдa „ёрoнлaр“, яъни ёр-жўрaлaргa интизoрлик, интиқлик кўрaди. Киши кўзини қувoн¬тирaётгaн бaҳoрий кўкaтлaр шунчaки гўзaл эмaс, бaлки яқинлaрни кутиб oлишгa  ҳoзирлик кўрaёт¬гaнлиги сaбaб гўзaлдир:
Нaстaрин ювиб юзни, ёсумaн тузиб ўзни,
Нaргис oчибoн кўзни интизoри ёрoнлaр.                                                                                                    
Кўклaмнинг энг сaрa чeчaклaри сaрa oдaмлaр — ёрoнлaрни кутиб oлишгa ҳoзирлик кўришaди. Фурқaт тaбиaтни тинимсиз ҳaрaкaтдa кўрсaтaди. Кўклaм мaнзaрaси динaмикaсини жoнли тaсвирлaйди:
Бир сaҳaр эдим уйғoқ: ўт тутaшди oлaмгa,
Тoғлaр чeкибoн лaрзa, титрaди биёбoнлaр.
Бу сaтрлaр ўз ҳoличa ўқувчи тaсaввур вa xaёлoтигa тaъсир кўрсaтaди, туйғулaрини бeзoвтa қилaди. Ўқитувчи ўртага шундай савол ташлаши мумкин: Байтда тасвирланган саҳар чоғида нима рўй берди? Сиз уни қандай тушунасиз ва тушунтирасиз? қабилида савол ташлаш мумкин. Ўқувчи нима  бўлиши мумкинлиги ҳaқидa ўйгa тoлaди. Кимдир кўклaм сaҳaридa мoмaқaлдирoқ гулдирaгaндир деса, бошқа ўқувчи чaқмoқ чaққaндир ёки учинчи бири ёмғирдaн сўнг чaрaқлaб қуёш чиққaндирки, oлaм ўтгa буркaнгaндaй бўлгaндир тарзида тушунар. Xуллaс, ҳaр бир ўқувчи ўз тaсaввуридaн кeлиб чиқиб, бу мисрaлaрни ўзгaчa шaрҳлaши мумкин ва ўз фикрини далиллай олар экан, уларнинг ҳар бири ҳақ.
Шeърнинг бeшинчи байтида қўлланган тақлидий сўзлар ғазал мусиқийлигини оширган, oлдинги мисрaлaрни кучaйти¬ришгa, янги тaфсилoтлaр билaн мустaҳкaмлaшгa xизмaт қилган. Ундa жoнли нaрсaлaр ҳoлaти тилгa oлинaди. Фурқатдан олдин ўрганилган сиймо – Огаҳийнинг ишқий ғазалларида бўлган каби саккиз байтли мазкур шеърда ҳам олтинчи байтдан ғaзaлгa ижтимoий мaънo кириб кeлaди. Тўғри, бу шунчaки aнъaнaвий рaмзлaр oрқaли ифодаланган, лекин йил бошидан ўқувчиларнинг мумтоз  матнлар тагмаъносини англаш малакалари шаклланганлигини унутмаслик керак:
Булбул ўқуғoч йиғлaб, субҳидaм xaзoн фaслин,
Ғунчa қoн ютуб, юз чoк этти гул гирибoнлaр.
Байтда ғунчанинг гул бўлиб очилиши жараёнини ҳусни таълил санъати воситасида ўзига хос тарзда тасвирланганлигига ўқувчилар диққат қилиши лозим.  Кўклaмнинг шундoқ фaрaҳли эртaсидa булбул xaзoн фaслини эслaб нoлa қилгaч, у қўнгaн гулнинг ғунчaси ҳaм қoн ютиб, ёқaсини юз жoйидaн йиртиб юборади. Ёқаси йиртилган ғунча ёзилиб кетади, яъни очилади. Нима учун булбул субҳидамда хазон фаслини эслайди? Бунинг сабаби еттинчи байтда очилади. Чунки дунёдан вафо аҳли кечганлар. Халқимиздаги азадорларнинг кўк кийиш удумидан шоир бу байтда унумли фойдаланган. Ғaзaлнинг мaқтaъсидa шoирнинг вaфo aҳлининг нoҳaқ рaнжитилишигa, қaдр тoпмaгaнлигигa куюнчaк мунoсaбaти aкс этaди:
Куймaсун бу сaвдoдaн нe учун димoғимким,
Рaнжу ғуссaдa дoнo, кeчсa шoд нoдoнлaр.
Aлбaттa, aдoлaтпaрвaр шoир дoнoлaрнинг ғуссa чeкиб, нoдoн¬лaрнинг шoд яшaшидaн oзoрлaнaди вa буни мурaккaб рaмзлaр вoситaсидa жoзибaли ифoдaлaйди. Шoир ўз дaври учун ғoят дoлзaрб бўлгaн aдoлaт вa мaърифaт муaммoлaрини фaқaт фaслнинг гўзaллигини куйлaшгa бaғишлaнгaндaй туюлувчи шeърнинг зaмиригa устaлик билaн сингдириб юбo¬рaди.
“Ул қаро кўз кўзларига сурма бежо тортадур” ғазалининг олдинги шеър билан умумий жиҳатлари кўп. Ҳар иккаласи ҳам мумтоз адабиётимизнинг энг сара асарларидан саналади. Ҳажм жиҳатидан катта – кўп байтли (бири саккиз, иккинчиси ўн байт) бу шеърлар лирик қаҳрамоннинг тасвир объектига (баҳор ва маъшуқага) идеал ёндашуви билан бошланади. 
Ул қaрo кўз кўзлaригa сурмa бeжo тoртaдур,
Бaлки aндин дaҳр эли oртуқчa ғaвғo тoртaдур.
Шoир мақтаъда тaжнис ва ҳусни таълил бадиий тасвир воситаларидан моҳирона фoйдaлaнaди. Биринчи мисрaдaги “тoртaдур” сўзи “қўймoқ” маънoсини бeрсa, иккинчи қaтoрдaги „тoртaдур“ сўзи „кўтaрaди“ маънoсидa кeлгaн. Бу – тажнис. Даҳр эли – дунёдаги одамлар орасидаги келишмовчилик, давлатлараро низо ва урушлар, умуман барча ғавғолар, шоир изоҳича, шу қаро кўз туфайли, уни талашиб юз бермоқда. Кeйинги бaйтдa қисм бутун oрқaли идрoк этилгaнлиги учун ифoдaнинг aниқлигигa эришилaди:
Қoшлaри oстидa гўё икки фaттoн кўзлaри,
Икки ҳинду бaччaдурким, ёндaшиб ё тoртaдур.
Ёрнинг кaмoн қoшлaри oстидaги фитнaкoр кўзлaри гўё ёй oтaётгaн икки нaфaр ҳинду бoлaсигa ўxшaйди. Ўқитувчи шу ўринда  Нима учун ёр кўзлари ҳинду боласига ўхшатилган? Нeгa улар “ёндашиб” деб тасвирланаётибди? Улар тортаётган ёй нима? Ўқлари-чи? каби йўналтирувчи саволлар бериб, таҳлилни жонли ва мукаммал бўлишига эришиши мумкин. Ўқувчилар маъшуқaнинг кўзлaри қoп-қoрaлигидан улар ҳинду болалaрга, кўзнинг жойлашиш шаклига кўра ёндашиб ётишга ўхшатилаётганлигини, улaрнинг ёйи ёрнинг қоши, ўқлари эса ғамзали боқишлари эканлигини болалар қийналмай изоҳлай оладилар.
Телбаланмиш зулфини савдосидин девоналар,
Қайға борса ўлтуруб ерға чалипо тортадур.
Ўқувчилар диққати ушбу байтда шoирнинг гўзaллик тaсвирида мaн-тиқий изчилликкa aмaл қилишига қаратилади. У ёр вужудининг ҳaр бир мучa (аъзо)сигa ҳaр жиҳaтдaн мoс кeлaдигaн вaзифa юклaйди. Шу сaбaб, унинг зулфи ҳaқидa гaпирaр экaн, oшиқлaрнинг тeлбa¬лaниб, дуч кeлгaн жoйгa бут рaсмини чизишлaрини тaсвир¬лaйди.  Яъни ёрнинг зулфидан ошиқлар шу даражада эс-ҳушларини йўқотадиларки, телбаниш ҳолатига тушадилар. Қайд этилган сабаб ва оқибат муносабати мантиқли ҳамда мароқли: ёр зулфи – пaри¬шoн, яъни тaртибсиз. Тaр¬тибсизлик эсa тeлбaликнинг илк бeл¬гилaридaн бири. Ғaзaл¬нинг тўртинчи бaйти тaсвир мурaккaблиги жиҳaтидaн aжрaлиб турaди:
Жoн илa кўнгил тaлoшур, эй сaнaм, дaрду ғaминг,
Бирни сoл кўнглумғaким, жoн бирни тaнҳo тoртaдур.
Ўқитувчи бу байтнинг таҳлилида ўқувчиларга ёрдамга келиши керак. Aксарият ҳолларда уларнинг ўзи бу мисраларни шарҳлашга қийналишлари тажрибаларда кўрилди. Сўздaги маънo нoзикликлaригa эътибoр қил¬инмaсa, бaйтнинг маънoсини aнглaнмaслиги, шoирнинг сaнъaт¬кoрлиги сeз¬мaй қолиши мумкинлигини тушунтириш лозим. Mашрабнинг “Ўртар” ғазалидаги “Ғамим бошқа, алам бошқа, юрагимни фиғон ўртар” мисраси мисолида “ғам” ва “алам” сўзларидаги маъно нозикликлар тўғрисида тўхталган эдик. Шуни эслатган ҳолда  бу ўриндa “дaрд” сўзи муҳaб¬бaт маънoсидa кeлгaнини ҳисoбгa oлиш лoзим. Шундa жoн билaн кўнгулнинг ишқ билaн ғaмдaн қaй бирини тaнлaшни билмaй тaлaшaётгaни тушунaрли бўлaди. Oшиқ маъшуқaдaн тaлaшилaётгaн икки нaрсaдaн биттaсини кўнглигa сoлишини сўрaйди. Ўшaндa жoн бoшқa биттaсини кўтaрa oлиши мумкин. Кейинги байтлар таҳлили шу тахлит давом этади.
Бу ғазалда ҳам мақтаъдан олдинги икки байтда шоир ижтимоий ва фалсафий мушоҳадалар билан чекиниш қилади. Фурқат уйғоқ виждонли кишилар каби чархнинг адолатсиз бир одати (шеваси)дан доғда: айшни нодон суради, кулфатни донолар тортади. Унинг олдинги ғазалдаги “Ранжу ғуссада доно, кечса шод нодонлар” мисраси билан яқинлигини болалар ўқитувчининг саволи орқали топа оладилар. Ғaзaлнинг тўққизинчи бaйтидa Фурқaт инсoннинг мoддий вa руҳий жиҳaтидaги бир бoғлиқликдaн жудa ўринли фoйдa¬лaнaди, яъни oдaм тaнaсидa сaфрo кўпaйсa, ундa жиннилик¬кa мaйл кучaйгaнидeк, бoйликкa ўчлик инсoн кўнглини қoрa қилишини таъкидлaйди. Шoир инсoнни бoйлик эмaс, ишқ улуғ¬лaйди дeб билaди. Шу бoис, ғaзaл мaқтаъсидa муҳaббaт aзoб¬лaрини eнгилтaк кимсaлaр тoртoлмaслигини oчиқ aйтaди:
Булҳaвaслaр тoртa oлмaс нoзaнинлaр нoзини,
Фурқaтийдeк бeкaсу шўридa, рaсвo тoртaдур.
“Булҳаваслар” ишқни ҳавас, айш воситаси деб билувчи енгилтаклардир. Шу ўринда талабаларга “Mуқаддам ўрганилган асарлардаги “булҳавас” образларни эсланг”, “Қайси тимсолларни “Фурқатийдек бекасу шўрида, расво тортган”лар сирасига киритиш мумкин?” каби топшириқ, саволлар бериш мумкин.
Шеъриятда инсон портретини сўз билан чизиб, гўзал санъат асари яратиш мумкинлиги шoирнинг „ Сурмaдин кўзлaр қaрo, қўллaр xинoдин лoлaрaнг“ сaтри билaн бошланадиган шеъри воситасида ўқувчиларга кўрсатилади. Фурқaтнинг бу мaшҳур ғaзaли устoз oзaр шoири Mуҳaммaд Фузулийга иқтибос сифатида яратилган. Ҳaттo шеърнинг биринчи мисрaси тўлиғичa Фузулийгa тeгишли бўлиб, Фурқaт уни ривoжлaнтириб, янги бaдиий мaзмун юклaгaн. Адабиёт муаллими ўзгa шoирнинг мисрaсигa тaянгaн ҳoлдa тaсвир қудрaти, ифoдa таъсир¬чaнлиги, чизгилaрнинг нoзиклиги жиҳaтидaн oлдингидaн бaлaндрoқ бaдиий нaтижaгa эришмoқ учун улкaн тaлaнт эгaси бўлиш кeрaклигини алоҳида урғу билан таъкидлаши лозим. Фурқaт шундaй истеъдoд сoҳиби бўлгaни учун ҳaм ёрнинг шеърий сурaтини ярaтaр экaн, ҳaр бир чизгигa муaйян бaдиий вaзифa юклaгaн. Шунинг учун ҳaм маъшуқa тaсвири дeвoргa илиб қўйилгaн сурaт эмaс, бaлки ўқувчининг кўнглидaн жoй oлгaн ҳaрaкaтдaги сурaтдир:
Сурмaдин кўзлaр қaрo, қўллaр xинoдин лoлaрaнг,
Ғoзaдин юзлaрдa тoбу, ўсмaдин қoшлaр тaрaнг.
Дaстлaбки сaтрлaрдa маъшуқaнинг гўзaллиги тaшқи oмиллaр туфaйли юзaгa кeлгaнлиги тaсвирлaнaди. Кўзнинг қoрaлигигa сурмa, қўлнинг лoлaрaнглигигa xинa, юзнинг гўзaллигигa элик, қoшнинг тaрaнглигигa ўсмa сaбaб. Mумтoз aдaбиётдa қoш дoим кaмoнгa ўxшaтилaди. Қoшнинг тaрaнг¬лиги кaмoннинг тaрaнглиги дeмaкдир. Яъни маъшуқaнинг эгмa қoши oшиққa қaрaтилгaн тaрaнг кaмoндир. Унинг кeйинги мисрaлaрдaги oғир қисмaти aнa шу ҳoлaтнинг нaтижaсидир. Кeйинги бaйтлардaги келинчакнинг кийиниши, миллий ороланиш ашёлари, тақинчоқ, безаклар, гўзалнинг ўзини тутиши, қилиқлари, ошиқ билан  муносабатлари, уларни беришда шоир қўллаган бадиий тасвир воситалари бир-бир шарҳланиши ҳамда изоҳланиши лозим. Савол ва топшириқлар моҳиятан миллий қадриятларга ҳурмат, миллий ўзликни англаш ва булардан ғурурланиш туйғуларини тарбиялашга қаратилган.
Дарсликда Фурқат умрининг маълум бир палласида тасаввуф йўлига мойиллик билдириб, ўткинчи дунё ғавғоларидан кўнгилни фориғ тутиб яшашга интилгани тўғрисида маълумот айтилиб, “Бoрмaсмиз” рaдифли ғaзaлидa шоир шaxсияти, унинг умрбaёнигa дaxлдoр мазкур жиҳaтлaр янaдa яққoлрoқ кўзгa тaшлaниши таъкидланган эди. Шеърдa кoмиллик йўлигa киргaн oриф шaxс ҳaётий қaрaшлaри бaён этилгaндeк бўлaди. Ғaзaлнинг қaҳрaмoни – ўз қaдрини билaдигaн, инсoнлик ғурурини бoйлик вa мaнфaaтдaн устун қўя oлaдигaн шaxс:
Биз истиғнo эли қичқирмaғaн маъвoгa бoрмaсмиз,
Aгaр чaндeки xирмaн aйлaсa, дунёғa бoрмaсмиз.
Шу шеър баҳонасида ўқувчиларга тасаввуфий истилоҳларни таништириш давом эттирилади. Истиғно – бу эҳтиёжсизлик. Худодан бошқа ҳеч кимга ва ҳеч нарсага муҳтож бўлмай яшашни уддалайдиган одамлар истиғно элидир. Aйтилмaгaн жoйгa бoрмaслик, xирмoн қилиб уюб қўйсa¬лaр-дa, бoйликкa интилмaслик лирик қaҳрaмoннинг қўлидaн кeлaди. Шoирнинг aсoсий шиoри – мaлoллик кeлтирмaй яшaш. У нaфaқaт жaмиятнинг, бaлки тaбиaтнинг мaлoлaтигa ҳaм сaбaбчи бўлишни истaмaйди:
Aгaр лaбтaшнa қoлсaк, филмaсaл, сaҳрoйи oлaмдa,
Maлoлaт зoҳир этсa, мaвж урaн дaрёгa бoрмaсмиз.
Ғaзaлнинг кeйинги бaйтлaридa лирик қaҳрaмoн яxшилик¬ни фaқaт Aллoҳдaн кутишини, фoйдa учун дуч кeлгaн oдaмникигa бoрaвeр-мaслигини, aйниқсa, димoғдoр, кибрли, кўнгил маърифaтидaн йирoқ кимсaлaргa яқинлaшмaслигини билдирaди. Тўртинчи байт таҳлилида нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам таҳлилда иккиланиб қолганликларига тажрибалар давомида гувоҳ бўлдик. Гап шундаки, “лоф урмоқ” бирикмаси ҳозирги кунда асосан “ёлғон сўзламоқ”, “ёлғон даъво қилмоқ” маъносида қўлланади. Агар шу маънода тушунилса, “Биз Фарғона юртида ўзимизни авлиёсифат кўрсатиб, ёлғон гапирамиз, шу лоф билан табъимиз нозик деб, ҳар жойга ҳам  боравермаймиз” деган ғазал матнига мутлақо тўғри келмайдиган маъно чиқади. “Лоф урмоқ” бўрттириб гапириш, қайта-қайта таъкидлашни ҳам англатади. Шу маъноларни билгачгина, байт мазмунини тўғри чақиш мумкин бўлади.
Ғaзaлнинг oлтинчи бaйтидa сўфиёнa руҳ яққoл нaмoён бўлиб, шoир кўздa тутaётгaн кишилaр фaқр элидaн экaн¬лигини aлoҳидa таъкидлaйди. Mаълумки, тaсaввуфдa кoмил¬ликкa эришиш учун бoсиб ўтилиши зaрур бoсқичлaр қaтoридa „истиғнo“, „фaқр“ ҳaм бoр. Лирик қaҳрaмoн aнa шу бoсқичдaн ўтиш истaгидa бўлгaнлaр нoмидaн  бoйлик учун жaҳoнгирлaр oлдигa ҳaм бoрмaсликлaрини сўзлaйди:
Биз эллaр — фaқр элимиз, пaрчa нoнғa сaбр aйлaрмиз,
Ғaрaз дунё учун Искaндaру Дoрoғa бoрмaсмиз.
Шoир — эътиқoдидa сoбит. У бу ёлғoн дунёдaн кeтгунчa ҳaм қaрaшлaрини ўзгaртирмoқчи эмaс. Шу тaриқa шеърдa ўз қaдрини билгaн, эзгуликкa интилгaн, ҳaқиқaтгa aстoйдил eтмoқчи бўлгaн сoлик туйғулaри сaмимий ифoдa этилгaн:
Эмaсдур oнчa aсбoби жaҳoнғa фикримиз, Фурқaт,
Вaлe кeтгунчa жуз aндишaйи фaрдoғa бoрмaсмиз.
“Асбоби жаҳон” инсонни дунёга боғлаб турадиган нафсоний истак ашёларидир. Фикри асбоби дунё бўлмаган кишининг мақсади ва интилишлари  Яратганнинг висоли бўлади. Бу маслакда яшовчилар ҳаргиз “жуз aндишaйи фaрдoғa бoрмaс”лар. Шу тaриқa ғaзaлдa кўнгил маърифaтигa эгa шaxслaр ҳoлaти жудa таъ¬сирли aкс эттирилгaн.
Шоирнинг “Mанам шўрида булбул” мухаммаси дарсликда қисман таҳлил қилинди. Ўқитувчи ҳар бир банддаги шоир ғариблиги сабаби ҳамда руҳиятидаги маҳзунлик ҳолатининг шарҳланишига эришмоғи керак. Mатн билан танишилгач, ўқувчилардан ўзлари англаганлари даражасида шеърдаги ғариблик, ғурбат маъноларини  изоҳлашлари, фикрларини матн асосида далиллашлари талаб қилинади. Изоҳлар турлича бўлиши мумкин: ёр (маъшуқа) ҳажри (“Бўлубман ошиқи шўридаи бир нозанин дилбар”); ўз яқинларидан айрилиқ ( “Киши ҳолимни билмас меҳрибонидин адошганман”); дўстлар соғинчи (“дўстонидин адашгонман”); ватанидан жудолик (“Ватансиз бенаводурмен, маконидин адашгонман”, “Ваё бир мурғи ваҳший ошиёнидин адашгонман”); маънавий устоз – тариқатдаги пири комилдан узоқлашиш (“бир соҳиб каромат остонидин адашгонман”); илоҳий макондан,  Яратган васлидан мосиво бўлиш (“Фано куйида кимки муътакифдур”, “Замон аҳли бу боисдин тахаллус Фурқатий дерлар, Неча йилдур бир ошуби замонидин адашгонман”).
Mазмунни шарҳлашга берилиб кетиб, шеърнинг бадииятини назардан соқит қилишлик тўғри эмас. Mухаммасдаги ҳасби ҳол учун қўлланган ташбеҳлар, ҳар бир банддаги сўзларнинг таносубий боғланиши, муболаға учун ишлатилган қиёслар устида ишланиши лозим.
Фурқатнинг “Сайдинг қўябер сайёд, сайёра экан мендек” мусаддаси адабиётшуносликда эрк ва ҳуррият қўшиғи деб таърифланади. Шеърда учта образ: лирик қаҳрамон, сайд – ов (оҳу) ҳамда сайёд образлари иштирок этган. Mусаддас бошдан оёқ лирик қаҳрамоннинг овчи тузоғига тушган оҳуга ҳамдардлик туйғуси билан тўлиб-тошган. Лирик қаҳрамон тузоққа тушган оҳунинг ҳолини хилма-хил ташбиҳлар ва муқоясалар билан тасвир этгач, овчига хитоб қилиб, уни банддан озод қилишни сўрайди. Лекин унинг ижтимоий мазмун юкланган тагмаъноси ҳам йўқ эмаслиги тарбияланувчиларга англатилиши ўринли бўлади. Ҳар қандай куюнчак миллат зиёлисининг юрагига ҳасрат доғини солган Туркистон юртининг қўлдан кетиб, эл ва юрт овдай бўлиб истило асрининг сайёди қўлига тушиши унга янги ижтимоий мазмун бағишлайди, яъни сайд – бу она Туркистон, сайёд – ғаддор мустамлакачилар. Айрим мутахассислар эса  ушбу мусаддаснинг юзага келишида шеърда номи зикр этилган Саъдулла ҳофизнинг ёмонлар томонидан фожиали ўлдирилишини ҳам бир сабаб қилиб кўрсатадилар. Бу шеър воситасида ўқувчида ўзгалар қайғусини англаш, ҳамдардлик ҳисси чуқурлаштирилади, Ватан тақдирига масъуллик туйғуси камол топтирилади.



ФУРҚАТ ҲАЁТИ ВА ФАОЛИЯТИНИНГ ГЕОГРАФИК ҚИРРАЛАРИ
(М. Мўйдинов)

Ўзбек адабиёти тарихида ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ асрнинг бошларидаги адабий ҳаракат муҳим ўрин тутади. Бу даврда Марказий Осиёнинг муҳим маданий марказлари - Қўқон, Бухоро, Хива, Тошкент, Каттақўрғон ва бошқа шаҳарларда кўплаб шоирлар ажойиб ижод намуналарини яратадилар.
Ўзбек демократик адабиётида маърифатпарварлик йўналишига асос солган ва бу йўналишнинг энг жўшқин куйчиси Фурқатдир. Мураккаб ва ўта зиддиятли даврда яшаб, ижод этган шоир Фурқат ҳаётида Қўқон адабий муҳитидаги Муқимий бошчилигидаги адабий гуруҳ катта рол ўйнайди. Шоирнинг 80 – йилларнинг бошларидан 1889 йилларгача бўлган Қўқондаги ҳаёти шоир дунёқарашини шакллантирди, ижодини камол топтирди. Фурқат ўз илмини ва бутун қобилиятини ҳалқ хизматига бағишлаб эркинлик, озодлик ва бахт куйини куйлаган маърифатпарвар шоирдир.
Ўзбек адабиёти тарихидан бизга маълумки, ёзувчилар орасида энг кўп саёҳат қилгани Осиё, Европа ва Африканинг кўп мамлакатларини ўз кўзи билан кўриб билган жаҳонгашта шоир Зокиржон Фурқатдир. Фарғона водийсининг кўп қишлоқ ва шаҳарларини кезиб, ахолининг турмуш тарзи, урф – одати, кундалик фаолияти ҳамда орзу - умидларини ўз асарларида  ифодалаган. Фурқат яшаган даврда ўта мураккаб, зиддиятли, ўзаро низолар авж олган эдики, бу ҳолатлар унинг ҳаётига, ижоди ва фаолиятига таъсир кўрсатди.
Фурқат ўша даврларда халқнинг оғир турмушини енгиллаштирадиган, амалдорларнинг зулмидан қутқарадиган ҳамда озод ва фаровон ҳаётга элтувчи йўл маърифат йўли эканлиги англаб этди ва бу йўлда тинмай меҳнат қилди ва курашди. Илм – маърифатни халқни озодликка олиб чиқувчи ёруғ машъал деб билди.
У Қўқонда яшаб турган даврида ҳукмрон доиралар орасидаги келишмовчиликлар, ўзаро низолар ва улардан меҳнаткаш халқнинг кўраётган жабр – зулмини ифодалаб “Туф” 
радифли шеърини яратади. Шоирнинг жўшқин ва исёнкор табиати яратган танқидий, ҳажвий шеър ва асарлари ўша замон ҳукмрон доираларига кўп ҳам ҳуш келмайди. Манбааларда қайд қилинишича 80 – йилларнинг охирларида Фурқат Марғилонга боради, у ерда бир неча вақт яшаб, адабий, ижодий ишлари билан шуғулланади, олимлар, шоирлар билан танишади, суҳбатлашади ва мушоиралар ўтказади.
1889 йилда Фурқат саёҳат қилиш мақсадида Марғилондан чиқиб Қўқон орқали Ҳўжандга келади. Бир неча вақт Ҳўжандда яшаганидан сўнг 1889 йилнинг июнь ойида Тошкентга келади, бу ерда қарийиб икки йил яшади. Бу ерда ҳам ҳақ сўзлари, танқидий асарлари учун таъқиб остига олинган маърифатпарпар ва тараққийпарвар шоир Фурқат ҳаёти таҳлика ва хавф остида қолган эди. Академик шоир Ғофур Ғулом Фурқатнинг Тошкентдаги ҳаёти тўғрисида ўз мулоҳазаларини шундай изоҳлаган эди: “Тарихдан шуниси аниқдирки, Фурқат отилмоқлиги ёки қамалмоқлиги турган гап эди. Ўз мудҳиш тақдирини англаган шоир қочишга мажбур бўлди”.  Ҳалқни ўйғотишга, тараққиётига ундовчи ҳақ сўзни ва инсоф – адолат  ҳимоячиси бўлган шоирни мустамлакачилар муҳити ҳам, унда лаганбардорлик билан кун кечираётган маҳаллий ҳокимлар муҳити ҳам сиғдирмайди. Натижада 1891 йилнинг май ойида Тошкентдан чиқиб Самарқандга боради. У вақтлар (1891 йилда) ҳали Ўрта Осиё темирйўли Тошкентга келиб етмагани учун Фурқат Самарқандгача от – аравада боришга мажбур бўлган. У ердан Закаспий темирйўли орқали Бухоро, Чоржўй, Ашхабоддан ўтиб, денгиз орқали Бокуга борган. Бокудаги маданий муҳитлар билан танишгандан кейин Тифлис (ҳозирги Тбилиси) орқали Ботум (ҳозирги Ботуми)га жўнаган (Боку – Тифлис – Ботум темирйўли 1883 йилда қурилиб бўлган эди). Ботумда пароходга тушган Фурқат Туркиянинг Қора денгиз бўйларини ва бу соҳиллардаги шаҳарларни (Трабзун, Самсун, Синопни) сайр этган. Босфор бўғозидан кириб Истамбулга тушган. У узоқ вақт Истамбулда турганини бир мактубида ўзи айтади:
Дегилким: - Эй Арастун замона,
Билурда набз ташхиси ягона:
Келибман олдидан меҳмонингизни,
Хўқандий, яъни Зокиржонингизни.
Юрубдур ўйнаб Истамбулда хушнуд,
Эрур аҳволи кундан кунга беҳбуд.
... Мижозиға мувофиқ Рум ҳавоси,              
Анингчун турмак ўлмиш истизоси. 
Фурқат Истамбулда турган маҳалларида яқин атрофдаги бирқанча шаҳарларга ва ўлкаларга ҳам сафар қилган. Унинг Булғористонда (ҳозирги Болгария) ва Юнонистонда (ҳозирги Грецияда) бўлганлиги асарларидан аниқ кўринади.
Фурқат шеърларига, асосан унинг жаҳонгашталик тақдирини кўз олдига келтирсак, тахминан унинг саёҳат маршрути қуйидаги нуқталардан иборат бўлган, деб ўйлаш мумкин.
Шоирнинг Юнонистон ва Булғориянинг қайси шаҳарларида бўлганлиги аниқ белгилаш қийин. Лекин унинг кейинги сафар манзилларини тахминлаш, умумий маршрутнинг асосий йўналишига қараб чамалаш мумкин. У Истамбулда Мармара денгизида вопур (пороходга) тушиб Дарданель (Чоноқ – қалъадан) ўтиб Оталар (Эгей) денгизига чиқади ва Шарққа қараб юрувчи пароходларнинг одатда тўхтайдиган манзилларини сайру томоша қилади. У Ўртаер денгизига чиқиб, Онатулининг Измир, Анталия, Мерсин шаҳарларини кўради, Искандарун (ҳозирги Искандрия)да тўхтайди. Ливан (Лубнон)нинг Байрут шаҳрида бир оз дам олади. У ердан Мисрга яқинлашиб Порт – Саидда тушади. Исмоилия, Қоҳира, Искандария, Ал – Мансураларни зиёрат қилиб қайтади. Сувайиш каналидан кечиб Қизил денгизда жанубга қараб юради. Йўлда Арабистон ярим оролининг,  аниқроғи Ҳижоз (ҳозирги Арабистон) ўлкасининг Жадда портига тушиб карвон билан Маккага боради (1892 йилнинг баҳорида). Кейин қайтиб яна пароход билан Қизил денгиздан Бобил – Мандаб бўғозидан Баҳри Уммон (ҳозирги Арабистон) денгизига чиқади(1892 йилнинг кузида), Аданни томоша қилади. Бу ердан тўғридан – тўғри Ҳиндистоннинг Бомбай шаҳрига келади.
Мен тарафдин сўрсангиз кайфияти ҳолат агар,
Қолмасин махфи кўнгулда айлайин наҳорлар.
Икки ойдурким, келибман Маккадан Бомбайдаман ,
Шодмен алҳамдулиллоҳ, кўрмадим озорлар. (“Бомбайдан хат”)                  
Фурқатнинг Ҳиндистонда қанча муддат турганини қатъий айтиш анча қийиндир. Аммо ҳар ҳолда унинг турли шаҳарларида бир қанча муддат туриб, кўп ҳодисаларнинг гувоҳи бўлганини унинг мақолаларидан биламиз. Жумладан, Кўҳисандиб (ҳозирги Цейлон ороли), Кашмир вилоятларида бўлади.   
Масалан: “Бомбайдан хат”нинг (“Фурқат шоир Бомбай шаҳридан Маҳмудхўжаға юборган назми ушбудир” деган сарлавҳа остида) “Туркистон вилоятининг газети”да 1893 йил 30 апрелда босилганини, инглиз мустамлакачи қўшинлари билан афғон қабилалари ўртасида бўлиб турган урушлар ҳақидаги хабари эса, ўша газетада 1897 йил 23 ноябрда эълон қилинганини ва бу хабар Ёркентдан юборилганлигини эътиборга олсак, Фурқат Ҳиндистонда тўрт йилдан ошиқ турганини айтишга тўғри келади. Шундан чиқдики, Фурқат Ҳиндистонга бормасдан олдин икки йилни (1891 – 1893 йиллар) Туркия ва Араб мамлакатларида ўтказган.
Фурқат Бомбайдан Деҳли, Мирут, Лоҳур, Гужранвало, Кашмир (Сринагар), Жамма орқали Чин (ҳозирги Хитой, 1893 йилнинг бошлари) тупроғига ўтиб Хўтанга ва у ердан Ёркентга борган. Фурқат Ёркентда Русия фуқароси сифатида ҳаёт кечирди. Ёркентда ҳам ўз маърифатпарварлик фаолиятини давом эттириб, Уйғур халқи ўртасида ҳам илм – маърифат тарқатиш борасида соҳасида қизғин кураш олиб борган. У бутун умри бўйи эзгу ниятлар билан яшаб, ўз орзуларига ета олмай 1909 йил Ёркент шаҳрида мухожирликда вафот этди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Фурқатнинг ўз ватанида, Фарғона водийсида яшаган даври 1870 йилларнинг ўрталаридан 1889 йилгача бўлган даврларни ўз ичига олади.
Бу даврда Фурқат асосан, лирик шоир сифатида ижод этади. Фурқатнинг Тошкентда яшаган даври 1889 – 1891 йилларни ўз ичига олади. Фурқатнинг ижодида бу давр маърифатпарварлик ғоялари билан характерлидир. 1891 – 1909 йиллар Фурқатнинг чет элларда яшаган давридаги ижодидир. Бу йиллар орасида Фурқат лирик ва маърифатпарвар шоир сифатида асарлар ёзишни давом эттиради. Унинг ижодида ватанпарварлик ғоялари асосий ўрин тутади.
Фурқат узоқ муддат чет элларда яшаган бўлса ҳам, ҳеч қачон ўз ватанини унутмади. У умрининг охиригача Қўқон, Тошкент, Андижон, Марғилон ва бошқа шаҳарлардаги дўстлари билан хат орқали алоқа қилиб туради; у “Туркистон вилоятининг газети” билан ҳам ўз алоқасини узмади. Унинг шеърлари, мақолалари, хабарлари бу газета саҳифаларида босилиб турди.



Фурқат ҳаёти ва ижодини мулоқот дарси усулида ўрганиш (М.Саидаҳмедова)

Мулоқот дарсини ўқитишдан бир ҳафта аввал ўқувчиларга бир неча топшириқ берилади. Улар дарс ўтиладиган кунгача топширикларни бажариб деворий газета ва бошқа кўргазмали қуролларни тайёрлашади. Дарс бошлангунга қадар мавзу ва режани доскага ёзиб қўйилади. Хонанинг бир бурчагига синф деворий газетаси – “Истиқлол”нинг Фурқат ижодига бағишланган сонини, ўқувчиларнинг шоир ижоди юзасидан ёзган ишларини Фурқатнинг ҳаёт йўлини ифодаловчи хронологик жадвал, Фурқат портрети, шоирнинг асарлари, у ҳақида рўзнома ва ойномаларда чиққан мақолаларни кўргазма сифатида осиб қўйилди. Дарс қуйидаги режа асосида ташкил этилади:
1. Мусиқали дақиқа.
2. Кириш сўзи.
3. Фурқатнинг ёшлик йиллари.
4. Фурқат янги Марғилонда.
5. Фурқат Тошкентда.
6. Фурқат чет элларда.
7. Фурқат ва унинг қўқонлик замондошлари Муқимий, Завқий ва Дилшод Барнолар билан мушоираси.
8. Мустақиллик мушоираси.
Мусиқали дақиқада Фурқатнинг “Сайдинг қўя Бер, сайёд” қўшиғи ёзилган пластинка эшиттирилади. Кейин Фурқатнинг ўзбек демократик адабиётида тутган ўрин ҳаида сўзлаб, фикр қуйидагича якунланади.
Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат ижодининг Айни гуллаган даврида рус генерал губернатори ва маҳаллий амалдорларнинг тазйиқи остида Ватанни тарк этишга мажбур бўлди. У киндик қони тўкилган она тупроғи меҳрига зор бўлиб, ўзга элларда армон билан кўз юмди. Энди сизлар билан Фурқатнинг ҳаёт йўли ҳақида фикрлашиб олайлик, деб қуйидаги саволларни ўртага ташланади.
1. Фурқатнинг ёшлик йиллари ҳақида нималарни биласиз?
2. Шоирнинг мактабда ёзган биринчи шеърини ёд айта оласизми?
3. Фурқат ёшлигида кимларнинг асарларини мутолаа қилди ва нималарга қизиқди?
4. Шоир қайси мадрасада ўқиди?
5. Фурқатнинг Муқимий билан муносабати қандай эди?
6. Унинг чет мамлакатларга кетишига нима сабаб бўлди?
7. Фурқат Ёркентда қандай ҳаёт кечирди?
8. Фурқат яшаган чет эллар билан мустақил Узбекистоннинг ҳозирги кунда алоқаси қандай?
Болалар саволларга дарслик ва синфдан ташқари ўқиган асарлари юзасидан жавоб беришади. Шундан сўнг Фурқат ва унга замондош бўлган қўқонлик шоирлар Муқимий, Завқий, Дилшод Барнолар қиёфасидаги ўқувчиларга навбат берилади. Улар бир-бирларига илтифот кўрсатиб, тахта ёнига чиқадилар ва диёдор кўришаётганликларидан шод эканликларини изҳор этадилар. Шундан сўнг Фурқат қиёфасидаги ўқувчи Абдулла Ориповнинг “Фурқат нидоси” шеърини ифодали ёд айтди.
Мен Ватандан кетмаганман
Айрим тушганман холос,
Ажрагандек сув кечганда
Бир нафас жондин либос.
Юрт у ёнда, мен бу ёнда
Ўртада ҳижрон сели,
Анча кўприк ташламакка
Байтларим бўлди асос.
Ўксиб-ўксиб йиғладим мен
Мисли тил билмас гўдак,
Онаизор кўкрагидан
Айрилиб қолган бехос.
Мен Ватанда Холмуҳаммад
Ўғли Зокиржон эдим,
Фурқатий деб ном қозондим,
Бунга ҳижрон иқтибос.
Шоирингни ёд этарда ўзбегим,
Сендан ўтинч:
Бир-бирингга қил мурувват,
Бир-биринг бағрингга бос!
Сўнгра ўқувчиларга: “Азиз болажонлар, сиз бугун севимли шоирииз Фурқат ва унинг замондошлари билан юзма-юз мулоқотда бўласиз” – дейди ўқитувчи. Мулоқот ўқувчиларнинг саволлари билан бошланади.
- Фурқат бобо, сиз хорижда яшаганингизда нима ишлар билан шуғулландингиз?
- Ҳиндистоннинг Бомбей шаҳрига борганимда Мавлавий Икромиддин деган бир саёҳ билан танишиб дўстлашдим ва иккаламиз Ҳиндистон вилоятларини кезиб чиқдик. Кашмирда бўлганимда Туркистон вилоятининг газетасига хат ёздим ва ватандошларимга шеърий мактуб йўлладим. Қашқар халқлари ўртасида маданият, маънавият, маърифат гулшанини барпо этишга интилдим.
- Нима учун шеърларингизда айрилиқ ва ҳижрон туйғулари катта ҳажмни эгаллайди?
- Мен 18 йил Ватанимдан жудо бўлиб, ғарибона ҳаёт кечирдим. Минг афсуски, Ватанимга қайта олмадим. Мусофирчиликнинг изтиробларини ғурбатнинг аччиқ заҳматини, дарбадарлик ва ёлғизликнинг оғир мусибатларини тортдим: Ичим қон бўлди, равон ғуссасидин. Бу даврон ичра ҳижрон ғуссасидин. – Нима учун Фурқат тахаллусини танландингиз?
- Бу тахаллусда менинг ҳаётим, юрак дардларим мужассамлашган. Фурқат – айрилиқ, фироқ демакдир, азиз набираларим.
- Сизнинг бизга қандай тилакларингиз бор?
- Ушбу дамда менинг ғариб руҳимни шод айлаб турган азиз набираларим сизга ягона тилагим шуки, сиз Ватандан айри тушманг, ғарблик кулфатларини кўрманг Ватанни шунчали кўзимизга тўтиё айланг. Бахтингизга Ўзбекистон мустақил бўлди. Бу сизга худонинг инояти Мустақилликни абадий асранг, азизларим. Хоки-пойи узоқларда қолган мендек ғариб бобонгизни ҳолин йўқлаб туринг.
- Мавлоно Муқимий, сиз Фурқат билан мулоқотда бўлганмисиз?
- Ҳа, албатта. Фурқат менинг энг яқин дўстим эди. Зокиржон дўстларининг қадрини баланд тутар эди. Тошкентдан, чет эллардан кўп мактублар ёзган эди.
- Мавлоно Муқимий, шу мактублардан бирортасини эслай оласизми?
- Ҳа, у мактубларни эсдан чиқариб бўлмайди.
Салом. Эй менга ёру ошонлар,
Қадронлар замин нурзиёлар...
Биҳамдиллоҳки, мандин сўрасангиз ҳол
Юрубдурман қилиб завқи сафолар
Салом ибоғидин тўртта Муқимо,
Мени сўрғонларга айтинг дуолар.
- Завқий бобо! Фурқат бобомиз билан сиз ҳам яқин дўст бўлган экансиз.
-Ҳа, яқин эдик. Зокиржан чет элга кетганида мактублар ёзиб, бир-биримизни йўқлар Эдик. Ёркент шаҳридан ёзган мактуби ҳамон эсимда:
Тилар эрдим саҳар тавфн чаман эсган саболардин.
Саломим еткуриб келтур хабар деб ошонлардин.
Олиб ёдига, сўрмас кимса Зокиржон Фурқатни
Агарчи айтадур доим дуо боди саболардин.
- Муҳтарам Дилшод Барно! Сиз шоир Фурқат ҳақида нималарни биласиз?
- Мен Фурқатни ғойибона таниганман, афсуски уни кўриш бахтига муяссар бўла олмадим, бунинг иложи йўқ эди. Лекин унинг ғазалларини жону дилим билан севиб ўқиганман.
Фасли навбаҳор ўлди кетибсан зимистонлар,
Дўстлар ғаниматдир сайр этинг гулистонлар.
Фурқат ва унинг замондошлари билан бўлган мулоқотдан сўнг дарс якунида мустақиллик мушоираси ўтказилади.
Шундан сўнг дарс якунланиб, ўқувчилар билими баҳоланади.



Фурқат  маънавияти ( Муқаддас Тожибоева)

Зокиржон Фурқат (1859-1909) қисқа умри давомида  кўп жиҳатдан ибратли, мукаммал ва мароқли ҳаёт йўлини босиб ўтди, унинг ҳаёти узун ёки қисқалиги билан эмас, балки мазмуни, моҳият-эътибори билан қадрли. Фурқат  ёшлигидан бошлаб қилган тинимсиз мутолааси ва юксак туғма истеъдоди, адабиётга, шеъриятга муҳаббати ва садоқати билан давр адабий ҳаракатчанлигининг энг фаол иштирокчисига айланди. У ўзбекларнинг илғор маърифатпарвар шоири ва биринчи журналисти бўлди, юқори савиядаги ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий мақолалари билан жамият ҳаётига фаол аралашди. Бир сўз билан айтганда, Фурқат оташин лирик шоир ва журналист, улкан сайёҳ ва тарихчи сифатида  бой маънавий мерос қолдирган йирик сиймо сифатида донг таратди.
Шоир лирик меросининг асосий қисмини ғазаллар ташкил қилади. Мутахассисларнинг белгилашича, ғазалларининг умумий адади  200 атрофида. Фурқатнинг ҳар бир латиф ғазалида соф муҳаббат мадҳи, беқарорлик ва бевафоликка нафрати, табиатнинг гўзал тасвири ифодаланар экан, ундаги тагмаъно жамият ва ҳаётнинг кўп масалаларига бориб тақалади. Шоир ғазалларида ички кечинмалар, фикр ва ҳислар, киши руҳининг энг нозик туйғулари ифода этилади, фалсафий- аҳлоқий йўналиш кўзга яққол ташланади.
Фурқат ўз асарларида комил инсонийликни  ва  кишининг  қадр-қимматини улуғлади, миллий ғурур ва миллатнинг юксак шаънини ҳимоя қилди. “Бормасмиз” радифли ғазали айнан шу  масалада. Бу ўринда таъкидлаш  лозимки, мазкур ғазал мусалсал ғазалнинг гўзал намунасидир. Яъни тубанда биз таҳлилга тортган шеър мусалсал ғазал талабларига кўра, ғазал таркибидаги лирик воқеа, манзара, фикр ва кечинмалар сатрлар силсиласида даражама-даража ривожланиб, ўсиб боради.  Ғазалнинг бошланмаси шундай:

Биз истиғно эли, қичқирмағон маъвоға бормасмиз,
Агар чандики хирман айласа дунёға бормасмиз.

Ғазалнинг матлаъсиданоқ шоирнинг мулоҳазакорликка даъвати сезилади, бутун асар учун етакчи бўлган инсон қадр-қимматини поймол қилинишига қарши кескин норозилик кайфияти ўз ифодасини топади. Байт  мазмунидан, чақирилмаган жойга бормаймиз деган маънони англаймиз. Бироқ бу шунчаки гап эмас, ўзига ишонган, ўз ғурури ва шаънини баланд тутган, иззати нафс туйғуси юқори бўлган назари тўқ  “аҳли истиғно”нинг таклиф қилинмаган жойга мол-дунёдан хирмон йиғилса-да бормаслик ҳақидаги қатъий қарори эди. Фақат мол-дунёгина эмас:

Агар лаб ташна қолсак, филмасал саҳройи оламда,
Малолат зоҳир этса, мавж уран дарёға бормасмиз.

Яъни: олам саҳросида ташналикдан, сувсизликдан лаблар қуриб қолса-ю олдимиздан мавж уриб турган дарё чиқса, дарёга заррача малол келганимизни билиб қолсак, шу дарёга бормаймиз.
Шоир кейинги байтларда матлаъдаги васф этилган  “истиғно эли” даражадаги камолатга эришган кишиларнинг етуклигини шундай далиллайди:

Умид этгонимиз, аксар саодат бўтаи ҳақдин,
Агарчи мис эрурмиз қиммати тиллоға бормасмиз.

Ҳамиша лоф урармиз халқ аро Фарғона мулкида,
Бағоят табъимиз озода деб, ҳар жоға бормасмиз.

Кўринадики, ғазалнинг барча байтлари бир-бири билан чамбарчарс  боғлиқ, мазмунан бир-бирини тўлдиради, чуқурлаштиради ва далиллайди. Келтирилан байтда ҳам етакчи ғоянинг янги қирралари очилади: асар қаҳрамонлари ҳарна саодатга эришишда Ҳақдан ўзгага умидвор эмас, ўзлари  “мис” бўлса-да, “тилла”нинг орзуманди бўлмайдилар, уларнинг таъби нозик, ҳар жойга-да боравермайдилар. Айниқса, шеърдаги  “мис”, “тилло” истиоралари лирик қаҳрамоннинг мақсадини янада ойдинлаштиради.
Навбатдаги байтда шоир зукко мушоҳада қилади, шоир наздида инсонни маънавий  камолати учун тузоқ бўлгувчи манманлик ва худбинлик иллати ҳар қандай инсоний муносабатларга ҳамиша раҳна солиб келган. Улар лойга ботган кибрлилар. Кибрлиларнинг турар жойи эса “маскани аъдо”, яъни  ёвлар, душманлар маскани.  Ва, албатта, бундай масканда “зарофат”  – зарифлик, хуштаъблик қай аҳволда бўлиши тайин. Шундай экан:

Ҳаво лойиға ботган манманлик дўсти худбинким,
Ўшандоғ кам зарофат маскани аъдоға бормасмиз.

Алоҳида таъкидлаб айтиш керакки, ана шундай маърифий-тарбиявий, фалсафий-аҳлоқий мавзуни кескин қирраларда жуда таъсирчан ифодалашда  Фурқатнинг бадиий маҳорати ва санъаткорлиги яққол намоён бўлади. Яъни  иккала мисрадаги тасвир ва тавсиф бир-бирига эш ва чамбарчарс боғлиқ. Шоир бунда таносиб санъатининг нодир имкониятларидан фойдаланиб, сабаб ва оқибатнинг диалектик таносубига эришади. Биринчи мисра байт мазмунидаги сабабни ифодаласа, иккинчи мисра оқибатини англатади.
Шоир мазкур байтдаги зукко мушоҳадани қуйида теран ҳаётий ўгит билан давом эттиради. Байтда шоирнинг ўзига ва ўзи кабиларга таскин – панд-насиҳат аралаш мурожаати, хитоби тарзида битилган. Маълумки, тарихда Искандар беқиёс бойлик ва давлат эгаси  бўлган, аммо рихлат қилар чоғида бу дунёдан ҳеч нарса олиб кетолмаган. Демак, қиссадан ҳисса шуки, қўлдаги “ғараз дунё”, бойлик -  булар бари ўткинчи, аммо қалб бойлиги инсонни абадий роҳатга элтгувчидир. Тубандаги байтда шу панднома таъкид янада қатъийлаштирилиб, бўрттириб ифодаланади, қадрсизланиш ҳолати билан асло келиша олмаслик туйғуси яққол намоён бўлади, норозилик оҳангги баралла эшитилади:

Биз эллар – фақир элимиз, парча нонға сабр айлармиз,
Ғараз дунё учун Искандар-у Дороға бормасмиз.

Байтдаги қўлланган мусажжаъ – ички қофиялар, талмиҳ (машҳур тарихий воқеалар, тарихий шахслар, афсоналар, абадий асарлар ва уларнинг қаҳрамонларига ишора) ва сифатлашлар аниқ ҳолатда жиддий маънавий вазифани бажаради, ғояни таъкидлаб, воқеликнинг моҳиятини аниқ  кўрсатади, ўқувчи шоирнинг мақсадини, фикрини, туйғусини ёрқинроқ тасаввур қилади, шунингдек, шеър оҳанггига  шиддат ва суръат бахш этиб, уни хитоб, даъват даражасига кўтаради.    
Ниҳоят, сўнгги байт, сўнгги нидо. Матлаъда бошланган хитоб, ҳал қилинган қарор мақтаъгача изчил ривожланди, ғоянинг тадрижи якун топди, шоир ўз ҳукмида қатъий қолди:

Эмасдур ончи асбоби жаҳонға фикримиз, Фурқат,      
Вале кетгунча жуз андишаи фардоға бормасмиз.
Ғазал мумтоз адабиётимизнинг энг ёқимли ўлчови бўлган “ҳазажи мусаммани солим”  (V - - - /    V - - -   /  V - - -  / V - - -) да ёзилган.
Фурқатнинг мазкур ғазали моҳиятан инсон қадр-қиммати ва шаънини поймол этилишига кескин норозиликни лирик воситаларда  ифодалайди. Ўзбек халқининг миллий руҳияти ва миллий ғурур-шарафини куйловчи шеър сифатида шоир ижодида муҳим ўрин эгаллайди.



Шоир ижодида Ватан ва Ватан соғинчи тасвири (Ҳошимова М. М.)

Фурқат ўз Ватанини жуда севар эди. Лекин уни айрим шароит Ватанини ташлаб чет элларга кетишга мажбур қилади. У ўз ватанида шодлик кўрмагандай, ўзга юртларда ҳам яхши ҳаёт кўрмади. Шоир Ватан муҳаббатини ва халқ қудратини, ўз Ватани табиатини тараннум этувчи шеърлар ёзди.
Адабиётшунос Ҳомид Расул: “Ўз ватанини эҳтирос билан севган буюк шоир ўзининг туғилиб ўсган ерини – Ўзбекистонни соғинади, ички кечинмалар, ғам, изтироблар ичида яшади”   - деб ёзади.
Фурқат лирикасининг мавзу мундарижалари билан танишар эканмиз, уни чин ватанпарвар, ватанни севувчи, ватан мадҳини моҳирона куйлаган шоир сифатида гавдаланади. Ҳақиқатан ҳам шоир ватан муҳаббатини ва халқ қудратини тараннум этувчи, ўз озодлиги учун курашган халққа юракдан кўнгли ачиди ва мадҳ этди. Ватанпарварлик мавзуси ёнида дўстлик, халқпарварлик каби мавзуларни ҳам юксак маҳорат билан куйлади. Шоир ёзади:
Ватаннинг иштиёқин тортарам ғурбат ғами билан,
Туруб эрдим қутулмай ғуссау ранжу инолардан.
Олиб ёдиға, сўнмас кимса Зокиржон Фурқатни,
Агарчи айтадур доим дуо боди саболардин.
Кўринадики, Фурқат ватандан айро яшагани учунми, ўз ватанини бир умр қўмсаб ватан васфини куйлаб ўтди.
У ўз ватани Туркистонни – Ўзбекистонни барча мамлакатлардан устун қўяди, унинг бетакрор манзараларини шеъриятга моҳирлик билан олиб киради. Севимли Ватани табиати тасвирига бағишланган кўпгина шеърларида баҳор мавсумининг тароватини куйлайди.
Фурқатнинг навбаҳор, баҳор айёми ҳақидаги жўшқин, эҳтиросли ғазаллари халқнинг аллақачон маънавий мулкига айланган. Шоирнинг “Баҳор айёмида”, “Фасли навбаҳор ўлди” номли ғазаллари севган юртидаги баҳор гўзаллиги, унинг инсон қалбида уйғотган бой кечинмаларининг тасвиридан иборат. Шоир она юрт табиатини куйлар экан, баҳор фаслига алоҳида тўхталади.
Фасли навбаҳор ўлди, кетибон зимистонлар,
Дўстлар ғаниматдир, сайр этиб гулистонлар.
Субҳидам тушиб шабнам, бўлди сабзалар хуррам,
Гул уза томиб кам-кам ёғди абри найсонлар.
Настарин ювиб юзни, ёсуман тузиб ўзни,
Наргис очибон кўзни интизор ёронлар (161-бет)
Фурқат бу шеърида ҳам табиат гўзаллигининг сеҳрли куйчиси сифатида кўзга ташланади. Гулистонлар сайри ғанимат. Навбаҳор чеҳра очди. Эрта тонгда тушган шабнамдан сабзалар яйраб-яшнадилар. Саҳар пайти табиат чиройига дил берган қаҳрамон настарин, ёсуман, наргис гулларининг юз кўрсатишини завқ билан кузатади. Момоқалдироқ гуриллайди. Яшин чақнайди, тоғлар ларзага келгандай бўлади. Қумри ва булбуллар нола чекадилар. Гуллар, сарвлар, уларга нозу ишва қилиб, улар фиғонини янада кучайтирадилар. Ҳаёт ўзининг рангбаранг чиройи ва сермазмун моҳиятини намоён этади. Бу мисоллардан кўринадики, Фурқатнинг хассос қалби табиат гўзаллигини чуқур сезар, хусусан навбаҳор навжувонлигидан жуда илҳомланар эди. Шоир таъсирли сайрларда мазкур фусункор чирой тасвирини яратди, уни улуғлади. Табиат манзараларини куйлаш шоир ижодининг турли даврларига тўғри келади. Шоир ўз ғазалларида табиат гўзаллигини нозик дид ва руҳий кўтаринкилик билан ифодалайди. Ўзининг илғор дунёқарашларига мувофиқ ҳолда одамийлик, гўзалликни юқори даражага кўтаради.
Ёвузликка қарши курашдаги ожизлик ва яккалик шоир қалбида чуқур ғамгинликни вужудга келтиради. Шу ғамгинлик Фурқатнинг ҳар бир шеърида, жумладан, Ватан чиройини куйловчи шеърларида ҳам ўз аксини топган.
Фурқат лирик шеърларининг каттагина қисмини чет элларда ёзган эди. Она юртдан чиқиб кетишга мажбур бўлган ватанпарвар шоир ижодида бу шахсий фожиа чуқур из қолдирди. Шеърларида Ватан, ватандошларини қўмсаш уларга интилиш, ғурбат азобларидан нолиш, ўзини ғариблигидан нолиш, ёлғизлик ўз ифодасини топади. Ватан ва ғурбат мавзуси шоирнинг “Кашмирда”, “Рўмолли қиз ҳикояти” шеърларида, чет элдан ёзган мактубларида кенгроқ тасвирини топган. Айниқса “Адашганман” радифли ғазал ва мухаммасларида ватандан адашганлик ва ғурбат мавзуи чуқур ишланганини гувоҳи бўламиз.
Шоир “Адашганман” радифли ғазалига боғланган иккинчи мухаммасда ғурбат мотивларини кўпроқ лирик либосда ишлашга ҳаракат қилиб, анъанавий лирик образларга мурожаат қилади, Ватан диёр тушунчасини ёр, маъшуқа образларида тасвирлайди. Ғурбат, ғарибликни ҳижрон, ҳажр ўти билан алмаштиради.
Қилиб ёд ўтган умримни чаман оби равонидин,
Муҳаббатномаларни ёд этиб савсан забонидин.
Тикан заҳмини англаб ғунчани қонлиғ деҳқонидин,
Ўқуб гул дафтарини бир варақ фасли хазонидин.
Жаҳон боғида булбулдек фиғонидин адашганман.
(243-бет)
Шоир ниҳоятда чуқур, сермазмун ва таъсирли образ яратади.
Шоир мухаммасларда ўз ҳис-туйғуларини, ватандан жудоликдаги ички фиғонини, ғариблик азоб-уқубатларини соғинч-интилишларини ҳаяжон ва таъсирчан ифодалайди. “Адашганман” радифли ғазалини, мухаммасларини бир томондан автобиографик дейиш мумкин.
Киши ҳолини билмас меҳрибонидин адашганман,
Ватан оворадурман, бўстонидин адашганман.
Ватансиз бенаводурман, маконидин адашганман,
Ғариби куйи ғурбат-хонумонидин адашганман.
Ва ё бир мурғи ваҳший-ошёнидин адашганман.
(241-бет)
Ўз ватанини ҳаддан ошиқ соғинган, ошёнидан айрилган, ватансиз бенаво, ғурбатда қолган ғарибликни бошидан кечирган, айрилиқдаги руҳиятини батафсил ифодалайди. Шеърлари ўқувчилар қалбидан чуқур ўрин олган. “Ватан овораси”, “Ғурбат кўчасида қолган ғариб”, “Ватансиз бенаво” шоир Ватандан жудоликни ўзига хос образли ифодалайди. Мухаммасларнинг асосий мавзуси ватандан айрилишнинг азоб-уқубатларини атрофлича ёритишдир.
Хуллас, маърифатпарвар шоир ўз Ватанининг гуллаб-яшнашини бутун вужуди билан истаган, лекин бу Ватандан абадий жудо бўлган ватанпарвар сифатида халқимиз қалбида яшаб қолади.



Шоир мухаммасларининг мавзу доираси. (Муродова У.)

Зокиржон  Ҳолмуҳаммад  ўғли  Фурқат  ХІХ асрнинг иккинчи ярмидаги  адабиёт  тараққиётида  муҳим  роль  ўйнади. Унинг  ижодида  лирик  шеърлар  катта  қисмни  ташкил  қилади. Шоир  лириканинг  турли  жанрларида  ижод  қилди. Мухаммас  жанрида  яратган  асарлари  бир  қисмни  ташкил  қилади. “Фурқат  лирикасида  табиат  манзараларини  муҳаббат, ҳаётий  ишқ  билан  боғланган  ҳолда  тасвирлаш  Фурқат  лирикасининг  энг  яхши  ҳусусиятларидан  биридир”,1- деб  ёзган  эди  фурқатшунос  Холид  Расул.
Фурқат  ўз  шеърларида  меҳнаткаш  халқнинг  фикр-ҳисларини, орзуларини  интилишларини  акс  эттирган  лирик  шоир  эди.
Фурқат  шеъриятида  ҳасрат  нолиш  мотивлари  ҳам  мавжуд. Бу  мотивлар  эса  шоир  билан  ижтимоий  муҳитнинг  ўзаро  келишмовчиликлари  натижасида  туғилган. Маълумки, Фурқат  яшаган  тарихий  даврдаги  мустамлака  қуллиги, ижтимоий  адолатсизликлар, шоир  мухаммасларида  ўз  ифодасини  топади. Шоир  ҳар  қадамда  унинг  умидлари  зарбага  учраб  турганини  кўради. Натижада, шоир  поэзиясида  жумладан  мухаммасларида  ҳам  нолиш, ҳасрат  ва  шикоят  мотивлари  ўрин  олади. Унинг  “Бири”‚“Этмадим”‚“Бу нечук савдо”‚ “Истар кўнгул”‚“Киши ҳолини билмас”‚ “Адашганман”, “Ўзингсан”‚ “Кўруб”‚ “Дўст”‚ “Васл орзуси”‚ “Садқаси”‚ “Кавлама”  каби мухаммаслари  шулар  жумласидандир. 
Бу  асарларда  шоир  билан  уни  ўраб  турган  ижтимоий  муҳит  ўртасидаги  келишмовчиликлар  натижасида  туғилган  руҳий  кечинмалар  ўз  ифодасини  топган.
Фурқатнинг  кўп  шеърлари  ўз  замонининг  реалистик, ҳаққоний  асарларидир. Шоир  ўз  шеърларида  воқеликни  ҳаққоний  акс  эттиради. Шоир  мухаммаслари  ичида  унинг  устозлари  Алишер  Навоий, Фузулий  ва  Машраб  ғазалларига  ҳам  мухаммас  боғлагани  кўзга  ташланади. Улуғ  устоз  Навоий  ғазаллари  Фурқат  учун  бадиий  маҳорат  мактаби  эди. Кўринадики, Фурқат  шеърияти  Навоий  ижодининг  таъсири  билан  суғорилган. Фузулий  услуби, тилида  шеър  ёзиш  ўзбек  шеъриятида  анъанага  айланиб  кетган. Ушбу  анъана  Фурқат  ижодида  ўз  аксини  топган. Унинг  ижодида  катта  ўрин  тутган  ҳасрат  ва  шикоят  мотивлари  “Бири” сарлавҳали  машҳур  мухаммасида  ҳам  яққол  кўзга  ташланади.
Шоирнинг  “Бири”  номли мухаммасида  одамлар  ўртасида  меҳр-оқибат  йуқолганини  акс  эттиради. У мухаммасда  ҳаксизлик  ва  адолатсизликдан  шикоят  қилади:

Даҳр аро мен чекмаган жабру жафолардан бири,
Қолдиму ҳам кўрмаган дарду балолардан бири,
Айласам зохир агар, ул ибтидолардан бири.
Тоқат этмас дарди ишққа мубталолардан бири,
Шарҳи ғам қилса, қани бағри адолардин бири…
… Бир сари бечоралиғдин кечалар бедор эдим,
Бир сари эл таънасидин сийнаси афгор эдим,
Чора топмай бу иковга зоҳир ҳам ночор эдим,
Алғараз доим бу қайғулар ила бемор эдим,
Ҳамдамим эрди… қаҳраболардин бири.     

Кўринадики, Фурқат  поэзиясидаги нолиш, ҳасрат, ғурбат  қилиш  ҳолатлари  унинг мухаммасларида  ҳам  акс  этган.
Шоир  мухаммасларида  лирик  қаҳрамон  жамиятнинг  эзилган  таъқиб  остига  олинган  табақасининг  типик  намояндаси  сифатида  гавдаланади. Шоир  ўзини  ҳам  шу  табақанинг  вакили  деб  санаб, ўзини  меҳнаткаш  халққа  яқин  тутади, уни  ўзига  дўст  деб  билади.

Мунисим – толе забунлар, ёр-бахти қаролар,
Ҳамдамим – тиғи аламдин сийнаси садпоралар,
Ғамгусаримдур – балийят даштида оворалар,
Маҳрами розим ўлуб мотамсаролардин бири (248 - бет)

Мазкур  мисралар  муҳим  ижтимоий  мазмунни  бадиий  ифодасидир  ва  етуклик  намунасидир.
У  чет  элда  юрганда  ҳам  ватанини, ўз  халқини  унутмади. Ёркент  иккинчи  ватанига  айланиб  қолган  бўлса  ҳам, Фурқат  ўзини  ғурбатда  ҳис  этди. Ўз  ватанини  эҳтирос  билан  севган  буюк  шоир  ўзининг  туғилиб  ўсган  ерини – Ўзбекистонни  соғинади, ички  кечинмалар, ғам, изтироблар  ичида  яшади. Ҳоким  гуруҳлар  уни  ватанига  қайтиш  йўлларини  ҳам  тўсиб  қўйган  эди. Чунки  у  бир  неча  бор  ҳукмдорга  Ўзбекистонга  қайтишга  рухсат  сўраб  мурожаат  қилган  эди, лекин  ҳар  гал  унинг  илтимоси  жавобсиз  қолган  эди. Шунинг  учун  ҳам  ғурбат  мавзуси  шоир  ижодида  кўпроқ  куйланган. Бу  жиҳатдан  унинг  “Адашганман” мухаммаси  характерлидир. Мухаммасда  шоирнинг  ўз  ватани  ҳақидаги  чуқур  ҳис-туйғулари  маҳорат  билан  ифода  этилади.
Манам шўрида булбул бўстонимдин адашганман,
Юзигул, қомати сарви равонидин адашганман,
Дилим ҳажри-ла қондур дилистонидин адашганман
Ваё бир мурғи ваҳший ошёнидин адашганман.
Қадимни ҳам кўронлар ишқ бори меҳнати дерлар,
Танимда нотавонлиқ боиси ғам хасрати дерлар.
Қаёнда бўлса бир ғурбаткашида улфати дерлар,
Замона аҳли мухлис, бу сабабдин Фурқатий дерлар,
Неча йилдур бир ошуби замонидин адашганман. (243-244-бетлар)
Фурқат  ғурбат  мотивида  ва  ватан  муҳаббатига  бағишланган  асарлари  билан адабиётимизни бойитди. Шоирнинг  мухаммасларида  ижтимоий  мазмун  устунлик  қилади.
Шоир  ўзи  яратган  “Адашганман” радифли  ғазали  асосида  мухаммаслар  яратди.
-Киши  ҳолимни  билмас, меҳрибонимдин  адашганман,- мисраси билан  бошланувчи  мухаммас  яратилади. Фурқат  адабий  меросида  ға-
риблик оҳанглари  шу  қофия  шу  радиф, шу  вазндаги 
-Менам шўрида булбул бўстонидин адашганман,- мисраси билан бошланувчи  яна  бир  мухаммас  яратилади  ва  унда  аввалги  мухаммасдаги  фикр  давом  эттирилади. Шоир  Ватанни  қумсаш  мавзусида  ёзган  бу  мухаммасларига  “Адашганман” радифи  муваффақиятли  чиққан.
-Киши ҳолимни билмас, меҳрибонимдин адашганман,- мисраси  билан  бошланган  мухаммас  ғоявий  бадиий  етуклиги  билан  алоҳида  ажралиб  туради. Ушбу  мухаммасда  Ватанни  улуғлайди, уни  муқаддас  деб  билади. Фурқат  она  юртни  “меҳрибон, дўстон, макон, хонумон, ошён” деб  атайди.
Ушбу  мухаммасларда  шоирнинг  лирик  қаҳрамоннинг  қалб  сўзлари ифодаланади. Шоир  айрилиқнинг  руҳий  азоб-уқубатини  ишонарли  тасвирлайди. Лирик  қаҳрамон  кўринишда  тирик  бўлса  ҳам  аслида  суврат  каби  жонидан  адашган  шахс сифатида гавдаланади:
Кезиб дашти биёбон баҳру барлар йиғласам, тонг йўқ,
Тўкуб ёш ўрниға кўздин гуҳарлар йиғласам, тонг йўқ,
Маломатзоҳир этманг, ҳамсафарлар, йиғласам, тонг йўқ.
Чекиб булбул каби афғон саҳарлар йиғласам, тонг йўқ.
Ки, келди фасли гул, мен гулистонидин адашганман.
Фурқат  ўзбек  шеърияти тарихида  ватанпарварлик  туйғусини  чуқур  самимият  билан  куйлаган  шоирлардан  эди.
Шоир  мухаммасларида  муҳаббат  мавзусига  ҳам  мурожаат  қилади  ва  оригинал  мисралар  яратади. Фурқатнинг  “Ўйнабтулар”, “Бу нечук савдо”, “Ўзингсан”, “Кўруб”, “Васл орзуси”, “Садқаси” каби  мухаммасларида  ёр  васли, унинг  малоҳати, ибоси  гўзал  мисраларда  ифода  этилади:
Кўнгулда орзуйи васли ул олийжаноб айлаб
Ётиб эрдим фироқ андуҳи жонимға азоб айлаб,
Баногоҳ гул юзига, сунбули зулфин ниқоб айлаб,
Тун оқшом келди кулбам саригул гулруҳ шитоб айлаб,
Хироми суръатидин юз уза тердин гулоб айлаб. (254-бет)
Шоирнинг  “Бу нечук савдо” мухаммаси  қалбидаги  аламли  туйғулар  изҳори  билан  тўлиб-тошган. Мазкур  мухаммасда  бахтсиз  севги  азоблари  ва  аччиқ  қисматдан  нолиш  оҳанглари  қоришиб  кетган. Аммо  замон  ва  тақдирдан  норозилик  овози, шоирнинг  бахтсиз  муҳаббат  ва  бевафо  ёрдангина  эмас, балки  зулм, ноҳақлик, ёвузлик  тўла  даврдан  шикояти  тўла  эшитилиб  туради.
Биродарлар, мени бошимға тушган бу нечук савдо,
Қарорим йўқ, қуюн янглиғ на менда манзилу маъво,
Биёбони тақай юртда қолибмен волау танҳо,
На ёру ҳамдамим бордур, на қўлда ҳосилу дунё,
Замона пурхатар, душман ададсиз, дўст бепарво.
Ушбу мисраларда Ватан, она  ердан  маҳрум  бўлиб, қуюн  сингари  тентираган, ҳеч  кими  йўқ, танҳо, саҳрода  адашган  бир  бенавонинг  образи  кўзга  ташланади:

Унинг на ёру ҳамдами, на бирор яқин ҳамдами бор
Унинг учун замона хавфу хатарга тўла, душманлари кўп, 
дўстлари эса бепарво.
Шоир мухаммаслари орқали нигор чиройи, унинг фазилатлари ва ҳаётдан баҳраманд бўлмоққа чақиради, замонанинг жафоларидан шикоят қилади.
Хуллас, Фурқат мухаммасларида ҳаёт ва ёр гўзаллиги, ватанпарварлик, юртни соғиниш мавзулари ўз ифодасини топди.



ШОИР ФУРҚАТ ЗИЁРАТГОҲИ (Нодирбек Абдулаҳатов)

Фарғона водийсидаги мавжуд  муқаддас зиёратгоҳлар Марказий Осиёдаги ислом дини тарихини ўрганишда ҳам муҳим тадқиқот объекти бўлиб хизмат қилади. Шу боис муқаддас зиёратгоҳлар тўғрисидаги тадқиқотлар ўзбек халқининг анъанавий маданиятининг тарихий асослари, тараққиёт йўллари ҳамда тенденцияларини ойдинлаштириш билан биргаликда ўша халқнинг турмуш тарзини яқиндан ёритишга ҳам кўмак беради . Кейинги йилларда тарихшунослик фанида халқларнинг анъанавий маданияти, урф-одатлари ҳамда маросимларини ўрганишга эътибор кучайганлигининг сабаби ҳам шунда. Жумладан, 2002–2007 йилларда Япониянинг “Нара Ипак йўли Тадқиқот Маркази” ва “Тойота” фондининг ҳомийлигида “Марказий Осиёдаги исломий муқаддас жойларни ўрганиш” (Фарғона водийси мисолида) номидаги илмий лойиҳаси бўйича Фарғона водийсида олиб борилган тадқиқотлар фикримизнинг яққол далилидир.
Бу ўринда М. Савада (Тойама университети), Ш. Ясуши (Чуо университеи), Я. Кавахара (Япония илмий тариққиёти жамияти) ва Ж. Сугавара (Токио университети) сингари бир гуруҳ япон олимларининг Ўш, Жалалобод (Қирғизистон), Сўғд (Тожикистон) Фарғона, Андижон, Наманган (Ўзбекистон), Қашқар (Хитой) сингари вилоятлардаги юздан ортиқ муқаддас зиёратгоҳлар ва улар билан боғлиқ мозор ҳужжатларига доир тадқиқотларини кўрсатиш мумкин.
Япониялик тадқиқотчиларнинг мазкур соҳада Фарғона вилоят ўлкашунослик музейи билан  олиб борган тадқиқотлари натижасида “Ўрта Осиёдаги ислом оид муқаддас жойларни тадқиқ қилиш: Фарғона ва Қашғар” номли Фарғона водийсидаги зиёратгоҳларга доир мақолалар тўплами, ҳамда  уч жилдик “Синьцзян ва Фарғонада топилган мозор ҳужжатлари (факсимеле)” нашри чоп этилди .
Фарғона водийсидаги муқаддас зиёратгоҳларни тадқиқ этиш чоғида уларни айримларининг тарихи бевосита Шарқий Туркистон билан боғлиқ эканлиги  бизни Қашқар вилоятидаги муқадддас мозорларни ҳам тадқиқ этиш зарурлигини кўрсатди. Шу сабабдан 2006 йилнинг август ойида Тойота фондининг ҳамкорлигида япониялик бир гуруҳ  олимлар билан Хитой Халқ Республикасининг Синьцзян (Шингжон) Уйғур автоном районининг Қашқар вилоятига ҳалқаро илмий экспедиция ташкил этилди.
Тарихий жиҳатдан дини ва турмуш тарзи азалдан жуда яқин бўлган Фарғона ва Қашқар халқларининг муқаддас зиёрагоҳларида ҳам умумий ўхшашликларни кўрамиз. Масалан, Етти азизлар, Қорасоқол ота, Қўчқор ота, Терак мозор, Оқ мозор, Кўктўнлик ота, Лангар мозор, Шаҳид мозор сингари зиёратгоҳлар шулар жумласидандир. Чунки Фарғона водийси ва Қашқар вилоятида ҳам айнан худди шундай ном билан аталувчи зиёратгоҳлар  бизнинг давримизга қадар сақланиб қолган. Ҳозирги кунда  Қашқар вилоятида марказий Қашқар шаҳридан ташқари 11 та ноҳиялар бўлиб уларда 100 дан ортиқ зиёратгоҳлар мавжуд. Қашқар шаҳрининг ўзида Султон Қутлуқ Ҳасан Юсуф Буғрахон, Арслонхон, Юсуф Ҳос Ҳожиб, Қилич Буғрахон, Офоқхўжам,  Зулайҳобегим, Шом Пошшо, Имом Раббоним, Динг қулоқ мозор, Қора соқал ота сингари машҳур зиёратгоҳлар жойлашган. Улар ичида албатта Офоқхўжам зиёратгоҳи ҳақида тўхтаб ўтиш лозим. Бинобарин, ўтмишда Қашқар ва Фарғона водийси халқларини Офоқхожага нисбатан юксак эҳтиромлари  туфайли унинг мозорини ҳаж зиёрати олдидан зиёрат қилиш  аънавий одатлардан бири бўлиб қолган эди. Алалхусус  ўша давр ёзма манбаларида ҳам бу  ҳол ўз ифодасини топган .  Жумладан, Ёркент Қашқарнинг кўҳна зиёратгоҳларга бой шаҳарларидан бири ҳисобланади. Бу ерда Абдураҳмон вонг, Мирзо Муҳаммад Ҳусайн Ҳакимбек, Етти Муҳаммад, Муҳаммад Шарип, Юсуф вонг, Бузрукворим, Мирзо Ҳайдар Кўрагон, Олтинхон сингари зиёратгоҳлар мавжуд бўлиб, улар ичида биз албатта ҳамюртимиз шоир Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Фурқатнинг зиёратгоҳи тўғрисида тўхталиб ўтамиз.

Ўзбек халқнинг севимли шоири Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Фурқатнинг зиёратгоҳи Ёркент(Ёрканд)нднинг Гулбоғ қишлоғини Терибоғ маҳалласидаги “Ўзбеклар мозори” деб аталувчи қабристонида жойлашган. Бу ҳақда уйғур олими Одил Муҳаммад Туроннинг “Қашқардаги қадимги излар” номли китобида қуйидаги маълумотлар келтирилган: “Фурқат қабргоҳи. Бу қабргоҳ Ёрканднинг Гулбоғ қишлоғи Тийрабоғ маҳалласида жойлашган бўлуб жуғрофий жиҳатдан ўрни шарқий мердиан билан 77015/31//  билан шимолий параллел 38025/2// га тўғри келади.  Қабргоҳ жойлашган ўрнинг теварак атрофида жамоат қабристони бор. Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Фурқат – ўзбек ва уйғур халқлари орасида таъсири улуғ бўлган классик шоирлардан бири. У 1858 йили Қўқон шаҳрида туғилган. 1896 йили Ёркандга келиб ўтроқлашиб қолган. Кейинги кунларини мана шу ерда ўтказиб 1909 йили Ёркандда вафот бўлган” . Албатта бу маълумотлар ўқувчига етарли эмас деб ўйлаймиз ва шу ўринда Фурқатнинг Ёркентдаги фаолияти тўғрисида мухтасар маъулумот бериб ўтсак.

Маълумотларга кўра,  Фурқат Ёркентда 16 йил яшаган. Унинг айнан Ёркентда яшаб қолганлиги сабабини Қўқондаги дўстларига ёзган мактубларининг бирида ўз ифодасини топган. Мактубда айтилишича, Ёркентнинг табиати, унинг об-ҳавоси ҳам Қўқон ўхшаган бўлиб, ёркентликларнинг хушчақчақ ва меҳмондўстлиги  Фурқатни ўзига ром этган. У Ёркандда яшаган кезлар умрини кишиларни саломатлиги йўлига бахшида қилган. Фурқат бу ерда  илми нужум ва табобат илми билан шуғулланиб одамларни бепул даволайди. Маълумотларга кўра, Ёркентнинг йирик бир амалдори ҳам Фурқат берган доридан шифо топганлиги учун унга махсус мулк ҳам ажратиб берган экан. Унинг ҳур доим озода ва тоза кийингалиги учун ёркентликлар орасида “Қўғирчоқ афандим” номи билан ҳам танилганлиги ҳақида маълумотлар учрайди. Кейинчалик Фурқат1909 йили куз фаслида касаллик туфайли 51 ёшида вафот этган. Фурқатнинг қабри дастлаб Ёркентнинг эски шаҳридаги Донгдор деган маҳаллада бўлган.
1957 йили  Фурқатнинг қабри шаҳарнинг шимол тарафидаги боҳаво яхши жойга,  ҳозирги “Ўзбеклар мозори” қабристонига кўчирилган. Шундан сўнг шоир қабрига гумбазли мақбара барпо қилинган.  Зиёратгоҳ битказилгач Ёркент аҳолиси иштирокида катта  йиғилиш ҳам ўтказилган. Тез орада унинг қабри зиёратгоҳ сифатида машҳур бўлиб кетган.
Афсуски кўркам ва баланд қилиб барпо қилинган ушбу мақбара 1963 йилда юз берган “маданий инқолиб” пайтида бузиб ташланган. Ачинарлиси шундаки, нафақат шоир мақбараси бузилибгина қолмай, унинг ўғиллари ва набиралари ҳам таъқиб остига олинган. Фурқатнинг кўлёзма асарлари эса ёқиб юборилган. Шундан сўнг Фурқат ижодини ихлосмандлари шоир қабрини бошқалардан ажралиб туриши учун алоҳида бир тахтачага Фурқатнинг қаерда туғилганлиги ва исмини ёзиб қўйишган.
Ёркент аҳли Фурқатга нисбатан бўлган юксак эҳтиромлари сифатида 1991 йили Фурқат қабрини яна қайта тикланганлар. Орадан ҳеч қанча ўтмай Фурқатнинг янги мақбарасининг зиёратига мустақил Ўзбекистонимиздан зиёратчилар кела бошлаганлар. Чунки мақбара ичига кирган чоғимиз бир гуруҳ ўзбекистонликлар номидан қўйилган гулларни кўриб кўнглимиз тоғдек кўтарилди.  Мақбара ичидаги деворларга шоирнинг ғазалари, жумладан:

Олиб ёдиға, сўрмас  кимса Зокиржон Фурқатни,
Агарчи айтадур доим  дуо боди саболардин,

деган мисралар билан тугалланган “Ёрканд шаҳридан Тошболтуға хат” номли мактуби ҳам туширилган. Афсуски экспедициямизнинг вақти чегараланганлиги туфайли Фурқатнинг Ёркентдаги авлодлари  тўғрисида маълумотлар олиш имконияти бўлмади. Бинобарин, ҳар бир зиёратгоҳни атрофлича ўрганиш учун бир неча ой эмас балки йиллар керак бўлади. Шундай бир неча кун мобайнида ўнлаб зиёратгоҳлар тўғрисида фақатгина айрим маълумотларни тўплаш мумкин холос. Ушбу ҳолатни назарда тутган ҳолда Қашқар зиёратгоҳларини ўрганиш бўйича уюштирилган ҳалқаро экспедиция аъзолари    сафар натижалари ўтказилган йиғилишда келгусида Ўзбекистон ва Хитой олимларининг ўзаро ҳамкорликда  муқаддас зиёратгоҳлар бўйича мунтазам равишда олиб борилажак тадқиқотлари тарихимизнинг бизга номаълум саҳифаларини очишда катта аҳамият касб этади деган якуний хулосага келдилар. Зеро, мазкур мавзу билан боғлиқ тадқиқотлар давом этиши шубҳасиз. Чунки Зокиржон Ҳолмуҳаммад ўғли Фурқат сингари улуғ аждодларимиз номи билан боғлиқ муқаддас жойлар, уларнинг ҳаёти ва ижодига бўлган эътибор халқларимиз ўртасида сўнмас экан, келажакда бундан-да қамровли мақола ва қизиқарли рисолалар ёзилаверади, албатта.



Фурқатнинг “Туркистон вилояти газети”да  босилган мактуб ва мақолаларида ўзлашма сўзлар (Н. Соатхўжаев)

Мумтоз адабиётимизнинг йирик вакилларидан бири Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат (1858-1909) ўзининг ижоди билан ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшган маърифатпарвар шоирлардан биридир.
Фурқат яшаб ижод қилган даврда ўзбек халқи ҳаётида кўплаб ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар рўй берган эди. Бу давр ўзбек адабий тили ҳам муайян ўзгаришларни бошидан кечирди. Бунда ўзбек шоирлари Фурқат, Муқимий, Аваз Ўтар, Завқий кабиларнинг улуши каттадир. Улар ўзбек адабий тилини форс-тожик, араб ҳамда рус тилларининг грамматик шакллари ва лексик унсурлари билан бойитдилар.
Маърифатпарварлик, илмга интилиш, Ватанга, ҳаётга муҳаббат ғояларини улуғлаш каби шеърлари билан шуҳрат топган шоир Фурқат ҳам ўз ижодида чет тиллари унсурларидан унумли фойдаланганини кўриш мумкин. Бу ҳолни унинг турли мавзулардаги шеърларида, “Туркистон вилояти газети”да босилган публицистик мақолаларида яққол кўриш мумкин. Фурқат ўзбек шоирлари орасидан чиққан биринчи публицист адиблардан бири ҳам ҳисобланади.
Фурқат ўзга халқлар ҳаёти билан танишиш, дунё кезиб уни билиш ва саёҳат қилиш мақсадида чет эл сафарларида бўлди. 1891 йилдан бошлаб шоир Туркия, Болгария, Юнонистон, Миср ва Арабистон каби Оврўпа ва Шарқ мамлакатларида бўлди. Бомбай(Ҳиндистон)дан Кошғарга ўтади ва ундан сўнг Ёркент шаҳрига келиб, тақдир тақозоси билан умрининг охиригача шу ерда турғун бўлиб қолади.
Чет элларда юрганида у дўстлари, шеърият аҳли вакиллари билан ҳамиша мактублари орқали мулоқотда бўлди. Шоир “Туркистон вилояти газети”га Истанбул, Самарқанд, Ёркент, Бомбайдан мақола ва хабарлар юбориб турган ва улар газетада чоп этиб борилган.
Фурқатнинг мактуб ва мақолалари турли мавзуларда бўлиб, улар ўзига хосдир. Уларда ўша давр учун янги бўлган сўзлар, иборалар кўп ишлатилган. Масалан, Истанбулдан юборилган мактубида станция, вокзал, старшина, конверт, телеграм, почтахона, газет  каби русча байналмилал сўзларни ишлатди. Поездни “Оташ ароба” деб атаган. Шоирнинг ижодида рус тили ва у орқали ўзлаштирилган сўзлар миқдори анчагина. Россия томонидан ўлкамизнинг босиб олиниши натижасида турмушнинг турли соҳаларида янгиликлар пайдо бўла бошлади. Бу ҳам ўзбек тили лексикасининг турли янги сўзлар билан бойишига сабаб бўлган. Гимназия, закун, акт, виставка, зал, театр, билет, мошина, бал, зовут, рапорт, генерал губернатор, военний губернатор, подполковник, градус, редакция, саёз(русча “Съезд” сўзининг бузилган шакли) сўзларини шоир ўз ижодида ишлатган.
Мақола ва мактубларнинг барчасида форс-тожик, араб тилларидан ўзлаштирилган сўзлар жуда кўплаб учрайди. Ёшлик пайтларидан форс-тожик шоирларининг ижоди билан яхши таниш бўлган шоир ўзининг асарларида бу тиллардан ўзлашган сўзларни, ибораларни турли мақсадларда қўллаган. Форс-тожик тилидаги феъл ўзакларидан ташкил топган сўзлар қатламига қуйидагиларни мисол қилиб келтириш мумкин: рафт-омад – борди-келди, хариду-фўрухт – олди-сотди, жўстужу – қидириш, гўфтўгу – гаплашиш, суҳбат, гузориш – ўтиш, сипориш - топшириқ  кабилар. Форс-тожик тилига хос изофий бирикмали сўз ва ибораларга мисоллар: махрами асрор – сирдош, каломи мухтасар – гапнинг қисқаси, андалиби хуш илхон – хушовоз булбул, боди сабо – тонг шамоли, ахбори дохилия ва хорижия – ички ва ташқи хабарлар, аҳли ислом – мусулмонлар; оддий сўзлар: чобукдаст – чаққон, эпчил, нахустин – аввал, биринчи, душвор – қийин, мураккаб, кўшиш – интилиш, паём – хат, нома  кабиларни келтириш мумкин.
“Туркистон вилояти газети”да босилган мактаб ва мақолаларда арабча сўз ва араб изофали бирикмаларидан ҳам шоир унумли фойдаланган. Унда сойир ун-нос – бошқа киши, ўзга, қадим ул-айём – қадим замонлар, байт ул-мақар – тўхташ жойи, қароргоҳ, вожиб ул-қатл – ўлимга маҳкум, толиб ул-илм – илм талаб қилувчи, фил жумла – жумладан, алассабоҳ – эрталаб каби “ал” аниқлик артикли билан келган сўзлар учрайди. Шунингдек, араб тилига хос бўлган кўплик шакли “синиқ” кўплик шаклидаги сўзлардан ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин: тужжор – савдогарлар, ҳужжож – ҳожилар, авқот – вақтлар, ағниё – бой кишилар, акноф, атроф – томонлар, тарафлар  ва бошқалар. Форсча, арабча сўзлар қатлами мумтоз адабиётимизнинг ажралмас қисми бўлиб келганлиги боис бу ҳолат Фурқат ижодида ҳам ўз аксини топган.
Хулоса қилиб айтганда, Фурқат ўзининг шеърлари, хабар ва публицистик мақолаларида чет тиллардан кириб келган сўзлардан кенг фойдаланган. Унинг асарларида туркий халқлар учун умумий бўлган сўзлар ва бошқа тиллардан кирган ва ўзлашиб қолган сўзлар кўп. Фурқатни ўзбек адабий тили ривожига ва уни янги сўзлар билан бойитишга катта ҳисса қўшган адиблардан бири деб ҳисоблаш мумкин.



Фурқат ижодида ишқ мавзуси (Н. Холматова)

Миллий уйғониш даври ўзбек адабиётида ўзининг ижоди билан катта ўрин тутган ижодкорлардан бири Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатдир.  Шоир ўз ижоди давомида кўплаб лирик шеърлар, ғазаллар мухаммаслар, мусаддаслар яратди.  Ҳижрон изтироблари барқ урган шеърий мактублар ҳам аҳамиятли. Шоир ўзбек адабиётида ҳаётий лириканинг ривожланишига баракали ҳисса қўшган ижодкордир.
Фурқат ўзи яратган асарларининг мазмуни ва жанр хусусиятлари ҳақида сўзлаб: “Ишқ тавсифи ва ҳусн таърифида ғазал машқ айлаб ва гоҳи қадимий шуаролар девонларидан бир шўх ғазални топиб анга ҳар қайсимиз алоҳида мухаммас “боғлар эдик” , - деб ёзади.
Лирика шоир ижодий меросида ҳажман катта.
Фурқат ижодида ғазаллар кўп ўрин эгаллайди. Унинг юксак бадиий даражага кўтарилган ғазаллари маълумки, уларнинг ҳар бир байти бир бадиий кашфиётдир. У шоирона тафсиллар билан иш кўриш, ҳар бир байтда, янги фикр ифодаланиши Фурқат ғазалларининг фазилатидир. Шоирнинг айрим ғазалларида маъшуқа ташқи сиймосининг сеҳрли тасвири берилади.
Фурқат лирикасининг табиатини, ундаги етакчи йўналишларни белгилашда ундаги етакчи йўналишларни белгилашда “Қасида айғил ўшал дилдорға”   деб бошланадиган ғазал алоҳида ўрин тутади. Ушбу ғазалдаги ишқ фақат мажозийгина бўлмай, илоҳий хусусиятга ҳам эгадир.
“Қасида, айғил ўшал дилдорға,
Бир тараҳҳум айласун мен зорға”
Шоир иккинчи байтда у маъшуқанинг раҳм-шафқатига зор эканини ёзади.
Тушти савдойи жудолиғ бошима
Юрмишам расво бўлуб бозорға” 
Жуда содда сўзлардан иборат бўлган бу мисраларда теран мазмун яширинган. Чунончи, “савдойи жодолиғ” сўзлар Оллоҳдан айрилиқни “бозор” эса дунёни англатади. Бу жудоликка ошиқ расволиги сабабдир.
Яратгандан жудолик ошиқ “расво”лигига сабабдир, деган хулосага келади. Кейинги байтда шоир ўз ҳолатини ўзгалар назари билан баҳолайди. Шоир ўз ғазалларининг мавзуси, характери ва мақсади ҳақида сўз юритар экан, қуйида мисраларни ёзишга ҳақли эди.
Эй муҳаббат аҳли рамзи ишқ фаҳм айлай десанг,
Ёзилган куни жигардин, Фурқат, ашъоримга боқ.
Фурқатнинг лирик шеърларида ҳаёт ва унга муҳаббат жўшқинлик билан суғорилган
У “Ул қаро кўз...”, “Сўрмадинг кўзлар қаро”, “Юзларингдин шарм этиб”, “Бир қамар сиймони кўрдим”, “Фасли гулдур”, “Чиройлик”, “Истар кўнгул” каби шеърларида ҳароратли ошиқ, гўзал маҳбуба образларини яратган.
Шоир лирикасига хос энг яхши жиҳатлар унинг “Чаман саҳнида дерлар сарв бирла ёсуман нозик”  сатри билан бошланган ғазалида ҳам кўринади.
Мазкур шеърда маъшуқанинг фақат бир сифати – нозиклиги тасвирланади. Шоир ташқи томонни кўрсатиш лозим бўлган восита ёрдамида маъшуқанинг ички дунёсини акс эттиради. У маъшуқа нозиклигини сарв билан қиёслайди.
Кийими юпқалигини гул нозиклигига ўхшатади. Ғазалнинг тўртинчи байтида бевосита маъшуқанинг ўзидаги бир дунё нозикликларини кўрсатишга бағишланади.
“Камолингдин ҳаловат топмоғи жонларни ондинким,
Даҳон нозик, забон нозик, ки лаб нозик, сухан нозик”
(101-бет)
Шоир кейинги байтларда қашу кўзнинг бир-бирига монандлигини гўзал воситалар орқали ифода этади.
Шоирнинг “Кошки” ғазали муҳаббат мавзусидаги бошқа шеърларига қараганда анча умидбахш асарлардан. Бу асарда ёрдан нолимоқ эмас, у берган азобларни санамоқчи ҳам эмас, балки хаёлан бўлса ҳам, ёр билан ҳаёт кечириш мумкин бўлган фарахбахш лаҳзаларни акс эттиради,
“Кошки бир ерда бўлсак эрди жонон иккимиз
Кўзи шум ағёрлардин анда пинҳон иккимиз” 
(82-бет)
Шоирнинг бу шеъри олдинги шеърларидан фарқи бўлиб, даврон маъшуқага ҳам вафо қилмайди. Шунинг учун ҳам давр келтирган жафолардан қутилиш ҳар иккови учун ҳам заруриятдир.
“Ҳар замон даврон жафосидин қилибон  бода нўш
Мастликдин айласак қайғуни яксон  иккимиз” (82-бет)
Шоир тасвирни маромида беради, унинг ҳаётийлигига кўпроқ эътибор бергани кўринади. Фурқат мазкур шеъри билан сўз санъаткори эканини яққол кўрсатди.
Фурқат “Ул қаро кўз...”деб бошланадиган ғазали тасвир маҳорати жиҳатидан шоирнинг энг сара асарлари қаторидан ўрин олган. Ғазалда шоир севги билан боғлиқ ҳолда ижтимоий масалаларни ҳам куйлайди. Ғазалнинг дастлабки бандларида гўзал ёр суврати, унинг қора кўзлари тавсифи билан бошланади. Бу гўзалнинг қора кўзларига сурма тортмоқлик не хожат. Улар шундай ҳам қоп-қора. Гўзалнинг кўзлари тасвири кейинги байтда ҳам давом эттирилади. Шу ўринда шоир кам қўллайдиган истиорадан фойдаланганлигини кўриш мумкин.
Иккала кўзнинг қоралиги туфайли шоир уларни қора ҳинду болага ўхшатади. Сўнг қайрилма қошлар тасвири берилади. Гўёки, икки ҳинду болалар ёнма-ён туриб ёй тортмоқдалар.
Ул қаро кўз кўзларига сурма бежо тортадур.
Балки ундин даҳр эли ортиқча ғавғо тортадур,
Қошлари остида гўё икки фатан кўзлари
Икки қошу баччадурким, ёндошиб ё тортадур
Шеърдаги образлар тизимининг бир-биридан келиб чиқиши ва бир-бирини тақозо этиши ажойиб бадиийлик ҳосил қилган.
Шоир тажниси сўз имкониятларидан усталик билан фойдаланади.
Фурқат анъаналарни янги босқичга кўтара олди ва шу билан ҳам лирик истеъдодини юқори босқичга кўтара олди. Мазкур шеърда маъшуқанинг фақат бир сифати-нозиклиги тасвир этилади.
Фурқат ўз ватанини гоҳ мўъжизали санамга, гоҳ қаердадир топталган меҳрибон ёрга ўхшатади.
Шоир моҳир рассом сингари ранглар уйғунлигига алоҳида эътибор беради. Кўз қош тасвиридан сўнг қора зулфингни таърифини беради. Шеърга Юсуф ва Зулайҳо образларини киритади.
Не билур Юсуфни, нозу ҳусн ила мағрурдур,
Ул қадарким ишқ дардини Зулайҳо тортадур.
Келтирилган байтда, шоир гўзалнинг ҳусну жамолини, қошу кўзларини таърифлашдан севги, ноз, дард мавзуларини ифодалайди.
Қуйидаги байт бутун ғазалнининг авж нуқтаси ҳисобланади. Бундай нуқта Фурқат асарлари ичида алоҳида ўрин тутади.
Кўринадики, шоирнинг кўп ғазалларида севги-ишқ мавзуси муҳим ижтимоий мавзулар билан қоришиқ ҳолда келади.
Фурқатнинг “Сурмадин кўзлар қаро” ғазалида ҳам маъшуқа гўзаллиги таъриф тавсиф этилади. Ёрнинг ташқи қиёфасини кўтаринки руҳда тасвир этиб, ғазални шундай якунлайди:
Жаврларким, Фурқат, ул шўхи жафожу айлади.
Мунча бедоду ситам қилмас мусулмонға фаранг.
Эй Фурқат, у жофокор сенга қилган жабру зулмларини фаранг  ҳам мусулмонга қилмайди, - демоқчи шоир.
Шоирнинг “Кашмирда” ғазалида ҳам ишқ, ёр тўғрисида сўз боради. Шоир томонидан тасвирланаётган қизнинг сеҳргар кўзларида юз хил жоду усуллари борлигини ифодалайди:
“Бир қамар сиймони кўрдум балдаи Кашмирда,
Кўзлари масҳуру юз жоду эрур тасхирда”
Шоир ўз шеърларида бадиий санъатлардан ҳам унумли ва ўринли фойдалангани кўзга ташланади.
Хуллас, шоир ижоди маъшуқа ва ошиқ севгисига бағишланган ғазаллар кўп учрайди ва улар ўзбек мумтоз адабиётининг бир қисми ҳисобланади.



Навоийни устоз билиб... (Ҳ.Отажонов)

Адабиётимиз тарихидан маълумки устоз Алишер Навоий ғазалларига мухаммас боглаш, назиралар битиш анъана бўлиб келган. Ҳамшаҳар шоиримиз Фурқат ҳам замондошлари Муқимий, Завқий, Мухсиний каби бу борада муваффақиятли қалам тебратган. Бу бежиз эмас албатта. Шоир ўзининг “Фурқатнома” асарида Навоий асарларини ёшлигида қизиқиш билан ўқигани, хатто тушида устоз билан учрашганини айтади: “Яъни бир кечаким – ул жумъа кечаси эрди – туш кўрдим. Бир чорбоғ  эмишдурким эрам гулшани андин нишон бўлғай. Сабзалар ва хуб тоза гуллар ҳавз яқосида суфаи дилнишин гуногун бисотлар бирла ороста эрди. Ман ул жаннатсаро гулистонда ҳар тарафга танҳо кезар эмишман...
Ногоҳ, бир зебосурат йигит... пайдо бўлиб пайғом еткурди. Дедиким: “Бир жамоат уламолар сизни суҳбатларига таклиф қилурлар... Ул азиз ишорати бирла бир киши мени олдимга бир китоб ёзиб қўйди. Ул китоб Амир Алишер Навоийнинг “Чордевон”лари эрмиш. Андин менинг қўлимга қалам ва қоғоз бериб ҳар қайсилари бир мисрадин байт айтдилар, мен ёзиб тамом қилдим, эрса ҳаммалари қўл очиб ҳақимда дуо қилдилар ва шеър машқига рухсат бердилар”.
Фурқатшунос олимлардар Х.Расул, А.Абдуғафуров ва бошқаларнинг махсус илмий тадқиқотларида ҳам Фурқат бадиий маҳорати шаклланишида, юксалишида ҳазрат Навоий асарлари таъсири катта бўлгани, Фурқат устоз асарларига ҳамоҳанг ижод қилгани алоҳида таъкидланган.
Ўзбек адабиётида эски ўзбек ёзуви харфлари маълум маънода маъшуқани тасвирлашда хизмат қилган. Ҳарф кўринишлари маъшуқага қиёс қилинганда “алиф” унинг тик қоматини, “ёй” қошини, “син” унинг тишини, “лом” сочини таърифлашга хизмат қилган. Бу борада Навоий алоҳида устунликка эга бўлган. Шоир нафақат харф кўринишларини, балки ёзилган сўзлар ҳақида ҳам моҳирлик билан байтлар битган: “Бармоғи ҳайрат била ким лаъли хандон ичрадур, Ул алиф янглиғ дурурким фил масал жон ичрадур”. Бунда шоир жон сўзини акс эттирмоқда.
Музейимиз намойишгоҳида Фурқат ҳаёти ижодига оид кўплаб экспонатлар қўйилган. Бўлимдаги қўлёзма, турли тошбосма экспонатлар билан бирга шоирнинг ғазалига ишланган “Кашмир гўзали” ҳам бор. У шоирнинг ватандан узоқда эканлигини тарғиб этади деб тушунтириш берилар эди:
Айди: “Эй бечора қилдинг на учун тарки ватан?”,
Ман дедим: “ Ғурбатда Фурқат бор экан такдирда.”
Бу суратда лаби устида холи бор қиз тасвир этилган. Ҳазрат Алишер Навоий лаб ҳақида шундай ёзганлар:
“Нуқта чун остин бўлур ҳар қайдаким ёзилса лаб,
Нуқтаи холинг нечун болдин ширин лабинг устидадур”.
Байтдан маълумки ёр холи лабнинг устида.
Фурқат ҳам Навоийдан илҳомланиб лаб ҳақида ажойиб сўз ўйини қилган:
“Нуқта лаб устида бежодур” дедим. Айди кулиб:
“Сахв қилмиш котиби қудрат магар таҳрирда.”
Бу байтни ўқувчиларга етмай қолишига байтдаги “котиби қудрат” сабаб қилиб кўрсатилиши мумкин. Мустақиллигимиз туфайли биз энди музей томошабинларига ёр лабига нуқта қўйган “котиби қудрат” ким эканлигини тушунтириб беряпмиз.
Келгусида Фурқатнинг ана шундай халқдан пинҳон тутилган асарлари ўқувчилар қўлига етиб боришида изланишлар давом эттирилади. Зероки, 2010-йил БАРКАМОЛ АВЛОД ЙИЛИ биздан шуни талаб қилади.



ФУРҚАТНИНГ ЎЗБЕК МИЛЛИЙ УЙҒОНИШ ДАВРИ АДАБИЁТИ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ ЎРНИ (Нурбой Жабборов)

Ўзбек миллий уйғониш адабиётини Зокиржон Фурқат ижодий меросидан айри тасаввур этиш маҳол.  Бинобарин, ХIХ аср иккинчи ярмида миллий ўзликни англаш, истибдодга исён, эрк ва озодлик ғоялари дастлаб унинг асарларида бўй кўрсатди. Шоир юртнинг “куффор банди ичра сонсиз тугунда қолган”идан, “охиру-л-амр ҳукумат гулшани хазон бўлиб, булбуллар ўрнини зоғлар эгаллаган”идан  изтироб чекди, бунинг боиси  “сиёсати Рус” эканини баралла айтишга жасорат топди. Ватан ва миллат бошига келган бу оғир мусибатга муолажа излади. “Ҳамани эмди кўз тутгони бир Соҳибқирон бўлди”, дея умид ва нажотни истибдод гирдобидан олиб чиқишга қодир йўлбошчининг тарих саҳнасига чиқишида кўрди. Миллатнинг бошига давлат ҳумоси қайтажагига ишонди.Фақат бугина эмас. Шоир ўзи мансуб халқнинг замона аҳволидан огоҳ бўлмоғини, жаҳолат уйқусидан уйғонмоғини, маърифатдан баҳра олмоғини орзулади. Русия гимназияси ҳақида шеър ёзар экан, миллат болаларининг шу сингари замонавий таълим масканларида ўқишини истади. Виставкани, театрни васф этар экан, шундай маданий ҳодисаларсиз тараққий этиш имконсиз эканини англади ва англатмоққа уринди. Русиянинг ўша даврдаги фан-техника соҳасидаги ютуқларини тарғиб этар экан, уларга “ўз нафъимиз учун мулоҳаза қилсоқ лозим”лигига урғу берди. Аниқроқ айтганда, ҳар бир ишда Ватан ва миллат манфаатини устувор билди.Фурқат миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг “кўп ва хўб” ижод қилгани билан алоҳида ажралиб турувчи сиймоларидан. Мумтоз шеъриятнинг деярли барча жанрларига мансуб қарийб ўн икки минг мисралик назмий мероси, “Аҳволот”, “Қавоиди Чин ва умуроти сиёсий” сингари салмоқли насрий, “Тўй хусусида”,“Аза хусусида”, “Гап хусусида” каби этнографик, арузга оид “Илми шеърнинг қоидаи авзонини баёни” асарлари, ижтимоий-сиёсий мавзудаги публицистик мақолалари бунинг далилидир. Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий давлат архивида сақланаётган дастхатлари Фурқатнинг моғир хаттот бўлганини кўрсатса, “Зубдату-л-ҳукамо” (“Ҳакимларнинг сараси”) дея шуҳрат қозонгани унинг фаолияти нечоғлик серқирра эканини, табобатда ҳам камолга эришганини тасдиқлайди.Шоирнинг хорижга кетиш ва юртга қайта олмаслик сабаблари шу пайтгача турлича талқин этилган. Бу ҳақда ҳеч қандай асоссиз, ҳужжат-далилсиз ҳар хил тахмину гумонлар ҳам билдирилган. Архив ҳужжатлари ва мавжуд манбалар тадқиқи Фурқатнинг чет элларга кетишининг икки сабаби бўлганини кўрсатади: 1) шоирнинг чор Россияси мустамлака сиёсатини очиқдан-очиқ қоралаб асарлар ёзгани; 2) Фурқат маърифатпарварлик фаолиятининг Ватан ва миллат манфаатларига асослангани. Русия мустабид сиёсати Туркистон халқлари ҳаётининг барча сиёсий, иқтисодий ва маънавий жабҳаларини бирдай исканжага олгани маълум. Табиийки, миллатпарвар зиёлилар, жумладан Фурқат ҳам бунга бефарқ қараган эмас. Ғафур Ғулом номидаги Қўқон Адабиёт музейи фондида 7050-рақами билан сақланаётган “Шарҳи рисолату-ш-шамсия ва аййана фийҳи-л-мантиқия” асари қўлёзмасининг ҳошиясига битилган “Муножоти мусаддас” асари бунинг ёрқин далилидир. 108 мисрадан иборат мазкур мусаддаснинг жорий имлодаги тўлиқ матни манбашунос А. Мадаминов томонидан тайёрланиб, доцент Р.Тожибоев сўзбошиси билан эълон қилинган. Яратганга илтижо, муножот руҳида битилган мусаддасда шоир бундай ёзади:
Зулматни гирдбоди тегди, ҳуюнда қолдук,
Тўфони ҳайрат, эйки, ғарқи жунунда қолдук, 
Ғафлат ила ўтуб умр, кулгу- ўйунда қолдук, 
Куффор банди ичра сонсиз тугунда қолдук,
Раҳм айлағил, Худоё, бечора, хасталарга,
Ранжуру зору маҳзун, кўнгли шикасталарга.
Фурқат “Зулмат гирдбоди, қуюн, тўфони ҳайрат, ғарқи жунун” каби тимсоллар, “Куффор банди ичра сонсиз тугунда қолдук” образли тасвири воситасида рус мустамлака сиёсатининг моҳиятини бутунлай фош этади. Зеро, бу истибдод сиёсати миллат ҳаётининг барча жабҳаларини бирдай асоратга олгани, миллий истиқлолга, нурли истиқболга элтадиган барча йўлларнинг батамом тўсиб қўйилгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Бинобарин, “...рус маъмурияти қонунларни ўзи истаганча ўзгартириб, маҳаллий аҳолининг иқтисодий, ижтимоий, диний ва сиёсий эркинликларини нақ 50 йил давомида поймол этиб келган”и ҳам бунинг далилидир. Мусаддаснинг қуйидаги мисралари ҳам истибдод исканжасида қолган юрт тақдирига куйиниш ҳисси билан йўғрилган:
Қозию муфти, аълам доим ҳазину маъюс,
Дин посини тутай деб зиндони ҳамда маҳбус,
Бечоралар на қилсун бўлса сиёсати Рус,
Қўймайди бир тарафдин халқ ичра нангу номус,
Раҳм айлагил, Худоё, бечора, хасталарга,
Ранжуру зору маҳзун, кўнгли шикасталарга.
Ушбу мисраларда мустамлака сиёсатининг адолатсизликка, зулмга асослангани, ҳатто қози, муфти, аълам каби ҳуқуқ посбонларининг ўзлари ҳам ҳақсизлик гирдобида қолгани ифодаланган. Уларнинг “Дин посини тутай деб ҳам зиндонида маҳбус” бўлиши сабабини Фурқат очиқ-ойдин кўрсатиб ўтади: “Бечоралар на қилсун бўлса сиёсати Рус?!” Хўш, ўша пайтдаги Рус сиёсати нимага асосланган эди? Манбаларда бу ҳақда қуйидагича маълумот берилади: “...чор ҳукуматининг золим генераллари Туркистон ўлкасига қўйилғон “миссионер”, яъни дин бузувчи Остроумовларнинг таклифлари бўйича, Туркистон ўлкасининг халқини кўр каби истибдод қоронғусида қолдирмоқнинг маслаҳатида “русский-туземний” мактаблар очмоққа киришдилар. Мадраса вақфларини боний, вақф қилғувчиларнинг авлодларига буюриб бериб, сотиб емоқларига фармойиш қилиб, мусулмонларнинг жума намозларида подшонинг номини (хутбага) қўйиб ўқимоқ, “Қуръон”нинг “ва-л-мушрикин” деган жойларидан “мушрик” иборатларини чиқармоқ каби беҳуда ишларни амр қилдилар. Шаҳар ҳокимлари, қози ва амалдорлар ҳам мактабдорларни чақириб, оҳ подшонинг номини жами одамларга билдириб, масжидларда, намозларда дуо қилдириш, ҳатто мактаблардаги ёш болалар ўқийдиган Эшон Сўфи (Сўфи Оллоёр)нинг “Чаҳор китоб”и деган савод китобларидаги “азоби қабр кофирларгадир, чун кўрар гўрнинг азобин баъзи мўмин”дек бўлғон байтларини ва “кофир”, “мушрик” деган иборатларини йўқотиб, янги босиладирғон китоб ва “Қуръон”лардан юқорида айтилган калималарни чиқаришдек фармойишлар қилдилар. Мусулмонларни ниғоят эзиб, қисиб, ҳатто кўчадан пристуф ўтиб ҳолса, ё беихтиёр кўрмай қолғон ва ўрнидан турмаган мусулмонлар бўлса, қайтиб келиб уриб, қамар эдилар”. Шоир мусаддаснинг бошқа бир бандида истибдод исканжасида қолган юрт иқтисодиёти ҳам инқирозга юз тутганини, аҳли бозор накбатга қолиб, тижоратнинг касодга учраганини чуқур изтироб билан тасвирлайди:
Уч йил бўлурки қолмиш накбатга аҳли бозор,
Кўрмас тижоратидин кўп нафъ хайли тужжор,
Аҳли ҳунарда ҳам йўқ чандоне равнақи кор,
Йўқдур Ўзунгдин ўзга бир меҳрибону ҳамхор,
Раҳм айлагил, Худоё, бечора, хасталарга,
Ранжуру зору маҳзун, кўнгли шикасталарга.
“Уч йил бўлурки ҳолмиш накбатга аҳли бозор” мисраси асарнинг Қўқон хонлиги рус қўшинлари томонидан босиб олинганига уч йил бўлган пайтда, яъни 1879 йили ёзилганини кўрсатади. Фақат бугина  эмас.  Шоирнинг  фикрича,  маънавият  бобида ҳам таназзул жараёни бошланган: “Заифалардин шарму ҳаё, ағниёлардин жуду сахо, бир-бирга ошнодин меҳру вафо йўқолган. Фақр  аҳлидан  қаноат, шайхдан  риёзат,  сўфидан  ибодат   тобора барҳам ўлган. Доно залилу нодон азиз бўлган. Элнинг феълу ҳўйи кетиб, гуфтугўйи фақат шикоят бўлиб қолган. Шунинг учун ҳам эл куффор аҳли ичра ҳайрон бўлиб қолган, на ҳукм қилса дарҳол буйруғини олган, олиқ-солиқ бериб толган”. Манбаларнинг гувоҳлик беришича,  мустамлака   маъмурияти узоқни кўзлаб иш тутган. Ўлкадаги энг эътиборли лавозимларга лаёқатсиз, жоқил, Фурқат таъбири билан айтганда, “На ҳукм қилса дарҳол буйруғини оладиган”лар қўйилган. “Рус мустамлакачилари ўзлари ишлаб чиққан “Туркистон ўлкасини бошқариш ҳақида Низом”да шариат қозиларини сайлаш масаласига алоҳида эътибор бердилар, – дейилади “Ўзбекистоннинг янги тарихи”да, – Хонлар замонида саводхон ва ниғоят билимдон одамлар қозиликка тайинланган бўлса, рус маъмурларининг қонунига кўра, саводсиз кишилар ҳам бу лавозимга сайланиши мумкин бўлди”. Фурқат мазкур асарида бу ҳолни мана бундай образли тасвирлайди:
Ҳар қайда сарфаёқлар қозишинос бўлди,
Барпо қилурға фитна бекаму кост бўлди,
Эл ичра қадр топти ким хушлибос бўлди,
Зоти бек ўтмаганлар соҳибасос бўлди,
Раҳм айлагил, Худоё, бечора, хасталарга,
Ранжуру зору маҳзун, кўнгли шикасталарга.
Шоир бу аҳволдан қаттиқ изтиробга тушади. Ёлғиз паноҳи – Оллоҳга муножот қилади, ундангина нажот кутади:
Биз Одам ўғли бўлсак, инсон иши хатодур,
Ҳар шайъ аслисиға рожиъ бўлуб кетодур,
Лутфу карамни сандин банда умид этодур,
Фурқат қулинг – гунаҳкор, сан соҳиби атодур,
Раҳм айлагил, Худоё, бечора, хасталарга,
Ранжуру зору маҳзун, кўнгли шикасталарга.
Фурқат муножотида эса ўзи мансуб бўлган миллат дарди қаламга олинади. Шоир муножотларини, таъбир жоиз бўлса, ўз кечмишидан узоқлашаётган, шу боис сиёсий, моддий ва маънавий инқирозга юз тутган миллатга ўз қилмишлари оқибатини кўриши, хулоса чиқариши учун тутилган кўзгу деб аташ мумкин. Чор ҳукуматининг манфур босқинчилик сиёсатини бутун моҳияти билан фош қилиш, миллатни огоҳ этишга бўлган интилиш, мустабид сиёсатга, жабру зулмга, адолатсизликка бўлган нафрат Фурқатнинг бошқа асарларида ҳам акс этган. Жумладан, “Бўлди” радифли мухаммасида шоир бундай ёзади:
Баҳор айёми ўтти, на гулу сарву суман қолди–
Ки, булбул бирла қумри ўрнига зоғу заған қолди,
На жоми марг ичмай лолаи хунинг, кафан қолди,
Чаманлардин нишон ҳеч қолмади, илло тикан қолди,
Зимистони ажални бодидин бори хазон бўлди.
Баҳор — тараққиёт рамзи. Шоирнинг ёзишича, у ўтиб бўлган. Шунинг учун ҳам булбул бирла қумри ўрнини зоғу заған эгаллаган. Бу – юртни Русия забт этганига ишора. Ажал зимистони – истибдод тимсоли. У бор мавжудликни хазонга айлантирган. Бинобарин, истибдод боис миллий анъаналар топталиб, миллат бошига қора кунлар тушган, унинг  ҳуқуқи, эрки поймол этилган. Шоир бу аҳвол сабабини аждодларнинг асрий анъаналари унутилгани, “Мусулмон халқимизнинг тўғри йўлдан адашиб, маъсият сори равон бўлгани, ато бирла ўғул ўртасида меҳру шафқат, ано бирла қиз орасида зарра ҳурмат, ағниёларда хайру саховат, фақиру бенаволарда сабру қаноат қолмагани” билан изоҳлайди. Кейинги изланишлар натижасида аниқлаганимиз – шоирнинг шу пайтгача маълум бўлмаган “Бегим” радифли дастхат шеъри ҳам бу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга. Ғазал матни бир варақ фабрика қоғозига бинафшаранг сиёҳда шикаста аралаш настаълиҳ хатида кўчирилган. Варақнинг ўнг томонида матнни ўқишга халал бермайдиган доғ бор. Ушбу 17 байтли шеър 1889–1891 йилларда Фурқат Тошкентда яшаган даврда ёзилган. Дастхат Х1Х аср хаттотлик санъатининг нодир намунаси сифатида ҳам аҳамиятлидир. Унда байтлар муайян мутаносиблик асосида жойлашган. Яъни, байтлар сони юқоридан қуйига ҳамда ўнгдан чапга  бир, икки, уч, тўрт, уч, икки, бир тартибида квадрат (мураббаъ) шаклида битилган. Мураббаънинг қайси тарафидан қараманг, айни тартиб амал қилади. Демак, фақат мазмундагина эмас, шаклда ҳам мукаммалликка эришилган. Шаклдаги ушбу мукаммалликни сақлаш учун шеърнинг сўнгги 17-байти ҳошияга кўчирилган. Қўлёзма Фурқатнинг юксак хаттотлик маҳорати намунаси сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Ғазалдан олинган қуйидаги мисралар шоирнинг мустамлака сиёсатига бўлган муросасиз муносабатига далил бўла олади:
Шўъбада изҳор этиб ногоҳ чархи ҳийласоз,
Бошлади афсун ила макру даҳосидин, бегим.
Ғунчаи давлатни гул янглиғ паришон айлади,
Тундбоди ҳодисоти можаросидин, бегим.
Охируламр ҳукумат гулшани бўлди хазон,
Келди зоғу қолди булбуллар навосидин, бегим.
Мазкур байтларда юртнинг тараққиёт қуёши сўниб, таназзул шоми бошлангани сўнгсиз ҳасрат билан ифодаланган. Зоғнинг макони эса – вайрона. Мустамлакадаги Туркистоннинг аянчли аҳволини Фурқатгача ҳеч қайси шоир бунчалик таъсирчан ифодалай олган эмас. Дастхат ҳошиясида “Камина Фурқат ва ҳожи Аъзам тарафидин чўх дуо ва саломлар вусулингиз ўлсун” сўзлари битилган. Савол туғилади: шеър кимга бағишланган? Фурқат ва ҳожи Аъзамнинг “чўх дуо ва саломлар”и йўлланган шахс ким? Ҳошиядаги қайддан буни аниқлаш имконсиз. Хўш, у ҳолда “бегим” дея ким улуғланмоқда? Унинг Фурқат ва ҳожи Аъзамга қандай алоқаси бор? Шоир мустамлака сиёсати билан боғлиқ изтиробларини ким билан бу қадар чин дилдан дардлашиши мумкин? Бу саволларга жавоб бериш учун, аввало, ушбу дастхат шеър матнига мурожаат этиш зарур. Хусусан, қуйидаги байт бу масалага ойдинлик киритиши мумкин:
Шаҳ ҳаёти дуржида бир дур эдинг, бўлдунг ятим,
Қадринг ошди даҳр атаб қўйғон баҳосидин, бегим.
Бу сўзлар унинг шоҳ фарзанди эканини кўрсатади. Фурқат қайси шоҳ зурёди билан яқин муносабатда бўлгани, кимга “бегим” дея мурожаат этиши мумкинлиги таҳқиқ этилса, унинг Худоёрхон фарзанди Фансуруллобек экани маълум бўлади. Зеро, шоир “Сабоға хитоб” дея номланган шеърий мактубида ҳам Фансуруллобекка “бегим” дея мурожаат этган:
Бегим, жоним, афандим Фансуруллоҳ,
Зиҳи шаҳзодаи зу-л-иззау-л-жоҳ.
На ман танҳо, улус шаҳзодасидур,
Ҳама шаҳзодалар озодасидур.
Қолаверса, Фурқат Тошкентда яшаган даврида Фансуруллобек билан жуда яқин муносабатда бўлган. Бу ҳақда профессор Ш. Юсуповнинг қуйидаги фикрлари, айниқса, диққатга сазовор: “Шеъриятга, шоирларга ихлоси баланд Фансурулло Фурқат Тошкентда яшаган йилларда 20-22 ёшлар орасидаги йигит эди. Ўзининг ҳамшаҳри бўлмиш забардаст шоир Тошкентда эканини билгач, табиийки, у билан танишиш, дўстлашиш, айниқса шеърият ҳақида суҳбатлашиш,  ўз  шеърий   машқларини   кўрсатиб,   ундан маслаҳатлар олиш истаги тез орада Фансуруллобекни Фурқат билан яқинлаштиради. Фурқат Истанбулга бориши биланоқ энг яқин дўстлари қаторида Фансуруллобекни соғиниб, “Сабоға хитоб”нинг салмоқли бир қисмини унга бағишлайди. Иккинчи томондан, Фансуруллобекнинг қайнотаси Жўрабек додхоҳ   ҳам Фурқат   билан   ғоят   яқин   муносабатларда   эдики, қайнотасининг қорасувдаги катта боғида бўлган суҳбатларда ҳам у Фурқат билан бир неча бор учрашган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас”. Дастхат шеърнинг қуйидаги мисралари Фансуруллобекка отаси Худоёрхон вафоти, “Чархи ҳийласоз”нинг шундан кейинги “Макру даҳо”лари, зулму ситамлари муносабати билан ҳамдардлик йўсинида ёзилган: 
Одам ўғли йўқ эрурким, арсаи олам аро, 
Бўлмаса озурдадил даврон жафосидин, бегим.
Кимса меҳр, ушбу жаҳондин, кўрдиким,
Кўз тутқомиз –  Бу жаҳон ичра жаҳон аҳли вафосидин, бегим?
Манго қилғон зулмини кўргилки, уйла бор эдим, 
Сен киби шаҳзодани хайли гадосидин, бегим.
Ушбу 17 байтли шеър шахсан Фансуруллобекка бағишланган бўлса-да, унинг теран мазмуни умуммиллий аҳамиятга эга. Шеър дуо мазмунида битилган қуйидаги байтлар билан якунланади:
Жонсипору қадрдонлиғдин бежуз бир туҳфа йўқ,
Ҳазратингга Фурқатий холис дуосидин, бегим:
Сояи Тангри насиб этгай санинг бошингга ҳам,
Зойил ўлмас бобақо давлат ҳумосидин, бегим.
Кўринганидек, ғазалда шоир тахаллусидан кейин ҳам бир байт келган. Шайх Аҳмад Тарозий фикрича: “..Ул байтеким, тахаллусдин сўнгра айтурлар, икки навъ бўлур. Бириси улким, тахаллус байти маънода нотамом қолур. Бир байт бирла они тамом қилурлар, они мутаммиму-л-анҳос ўқурлар. Ва бир навъи улким, бовужудким, тахаллуси тамомдур, бир байт масал тариқи бирла келтурурлар, андин тахаллус байтиға рабт ҳосил бўлур, они робита дерлар”. Маълум бўладики, мазкур ғазалда тахаллусдан кейин келган байт биринчи турга мансуб. Бинобарин, тахаллус байтида маъно тугалланмаган. Кейинги байт (“Мутаммиму-л-анҳос”) ғазал мазмунига якун ясаган. Фурқат яшаган тарихий вазиятда, ўша ижтимоий муҳитда мазкур сўзларни битиш чинакам жасорат эди, Ватан ва миллатга фидойилик намунаси эди. Фурқат мураккаб ва зиддиятли даврда яшаб ижод қилди. Ўз асарлари орқали илмнинг, маърифатнинг беқиёс аҳамиятини алоҳида таъкидлади, илму маърифатга миллатни муқаррар таназзулдан қутқарувчи ягона восита, “Кўнгулларни сурури, кўрар кўзларни нури” деб қаради. Шоир чор истибдодининг фожеий оқибатларини фош этиш баробарида миллат фарзандларини ўша пайтда нисбатан илғор бўлган рус маданиятини ўрганишга, ундан ўз манфаатимиз йўлида фойдаланишга чақирди. Шоирнинг Ватан ва миллат манфаатига асосланган маърифатпарварлик фаолияти мустамлака маъмуриятига маъқул келмагани аниқ, иккинчи сабаби шу. Зокиржон Фурқатнинг юртга қайта олмаслиги ҳам, бизнингча, икки сабаб билан изоҳланиши мумкин: 1) шоирнинг чет элларда яратилган асарлари моҳият эътибори билан чор ҳукуматининг мустамлака сиёсатига зид экани; 2) Фурқатнинг шахс сифатидаги фазилатлари. Фурқат ҳаёти ва ижодининг энг самарали ўн саккиз йили хорижда кечди. Унинг чет элларга сафари саналарини энг сўнгги илмий изланишлар асосида қуйидагича белгилаш мумкин: Туркия-Юнонистон сафари  1891 йил сентябрь – 1892 йил 24 февралгача, Араб мамлакатларига сафари 1892 йил 24 февралидан шу йил августигача, Ҳиндистон-Тибет сафари 1892 йил августидан 1893 йил сентябрига қадар давом этган. 1893 йил сентябрида у Ёркентга боради ва умрининг охирига қадар бу шаҳарда турғун бўлиб қолади. Шоирнинг “Қасида” асари ҳам мутахассислар ўртасида баҳсу мунозарага сабаб бўлган. Асар ҳатто Фурқатнинг чор мустамлака сиёсати моҳиятини тушунмаганига далил этилган. Аслида ҳам шундайми? Асар матни устида олиб борилган изланишлар бунинг зиддини исботлайди. Яъни, Фурқат бу асарининг ҳам тагматнига чор истибдодининг асл қиёфасини фош этувчи мазмунни маҳорат билан сингдириб юборгани кузатилади. Жумладан, шоирнинг “Қасида”га ёзган сўзбоши-изоҳи  унинг мазкур асарни ёзиш вақтидаги руҳий ҳолатини ҳис этиш имконини берувчи қуйидаги жумлалар билан бошланади: “Зимистони шабистонларким, сиёҳбахтлар рўзгоридек қаро ва соҳиби афкорлар андишаси янглиғ узун ва беинтиҳодур. Бу лайлату-д-дажода уйқу дуррожлари кўзлар ошёнасидин  рамида қилиб, хаёл насойими ҳар тарафға варзида қилур эрди...”. қарангки, “оқподшоҳ”га бағишланган қасиданинг дебочаси қандай тасвир билан бошланмоқда: “Сиёҳбахтлар рўзгоридек қоп-қора, зимистон тун”. Бу тасвир мазкур дебоча давомида “Жўши баҳори рашки гулистони Эрам” дея таъриф этилган Фарғона мамлакати, “Бу роҳими тасвидотнинг асл шажараи вужуди... обу ҳавоси обёрлиғи бирла тарбият топмиш бўлғон” Хўқанд гулшанининг истибдод зулматида қолганига ишора эмасми? Ушбу сўзлар замирига худди шу моҳият сингдирилган, назаримизда. Акс ҳолда подшоҳ мақтовига оид қасида бундай дард-алам ифодаси бўлган сўзлар билан бошланмас эди. Қолаверса, ушбу изоҳ-сўзбошининг давоми янада чуқурроқ мулоҳаза юритишни тақозо этади: “Арбоби назардин умид улким, ушбу   жаридаға   мунсифона кўнгул   бирла   мутолаа  ва  мулоҳаза айлагайлар. Мабодо хотирлариға хутур қилмағойким, ушбу сўзлар хушомадгўйлиқ юзидин адо топқон бўлғай деб. Чунки мақсудимиз асли бошқа ерга реша чекмаклиги кўнглумиз ганжинасида мактум ва музмардур. Вассалом”. Шоирнинг бу асарга инсоф юзасидан баҳо беришни сўраб ёзган ушбу сўзларидан кейин ҳам у ҳақда юзаки мулоҳаза юритиш арбоби назар – олимлар учун муносиб бўлмаган ҳол. Бевосита асар матнига мурожаат этамиз. Маснавий Яратганга ҳамду сано билан бошланади:
Жаҳонда ҳар наким этти — Худованди жаҳон этти,
Қилиб қудратнамолиқ замину осмон этти .
Камоли жуди ўн саккиз минг олам айлабон мавжуд,
Мукаррам халқ этиб одамни, сунъини аён этти.
Ҳама махлуқни, Борий, мутиъу зирдаст айлаб,
Оларға Одам ўғлин чиредасту қаҳрамон этти.
Ҳақиқий подшоҳеким, жаҳонни интизоми-чун
Мажозий подшоҳларни жаҳонға ҳукмрон этти. 
Мазкур ҳамд-байтларнинг сўнггиси, айниқса, тагматнда ифода этилган мазмуннинг теранлиги билан ажралиб туради. Яъни шоир “оқподшоҳ”га қарата: “Сен вақтинчалик мажозий подшоҳсан, сенинг ҳукмронлигинг ҳам ўткинчи. Ҳақиқий подшоҳ эса Тангри таолодир. У хоҳлаган куни худди аввалги подшоҳлар каби сенинг ҳукмронлигингга ҳам чек қўйишга қодир” деган ҳақиқатни образлар воситасида айта олган. Кўриниб турибдики, Фурқат ҳатто зоҳиран “оқподшоҳ” мадҳига бағишлангандек таассурот қолдирадиган асарида ҳам йўлини топиб мустамлака сиёсатига бўлган нафратини ифода эта олган. Бу эса, ўз навбатида, асосий фикрларини мисралар тагматнида бериш унинг хориждаги давр ижодида ўзига хос услуб даражасига кўтарилганини кўрсатади. Фурқатнинг Ватанга қайтиш йўллари ёпиб қўйилиши сабабларидан яна бири унинг собит эътиҳод эгаси бўлгани, деб ҳисоблаш мумкин. Ўзбекистон Марказий Давлат архиви Н. Остроумов фондида сақланаётган ҳужжатлардан бирида Фурқат машқур “Гимназия” шеърини ёзган пайтда Тошкент Эрлар гимназиясида таълим олган Степанов деган кимсанинг Ёркентга бориб, шоир ҳақида мана бундай маълумот юборгани қайд этилган: “Муҳтарам Николай Петрович, – деб ёзади Степанов, – мен сизга ушбу хат билан Ёркентда кўришганим Зокиржоннинг шеърларини ҳам юборяпман. Очиғини айтганда, Зокиржоннинг шеърлари менга ёқмади. Мен Фурқатнинг самимийлигига мутлақо шубҳа билан қарайман. Тан олиш керакки, у жуда ақлли, истеъдодли ва бениҳоя ёқимли инсон. У табобат билан шуғулланади, ерда ишлашни ёқтиради. Менинг ўйлашимча, у Россияни мутлақо севмайди. (Таъкид бизники – Н.Ж.) Эътиқодда бениҳоя собит. Мен унга шеър ёзишдан ташқари, бизнинг сартларимизни қизиқтириши мумкин бўлган маҳаллий мавзулар:  бу ернинг аҳолиси, урф-одатлари, саноати ҳақида ёзишни тавсия қилдим. Бу ердаги ақлга сиғмайдиган жаҳолат, шунингдек, рус зулмидан доимий равишда норози бўлган бизнинг Туркистон туземлилари фойдаланаётган қулайликларга алоҳида урғу беришни сўрадим” (Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архиви, фонд № 1009, 1-рўйхат, 135-иш, 42-43-бетлар). Степанов тўғри таъкидлаганидек, Фурқат мустамлакачиларни мутлақо севган эмас. Лекин, бу ерда масаланинг эътибор бериш зарур бўлган бошқа бир жиҳати бор. Мазкур ҳужжатнинг ўзиёқ кўрсатиб турибдики, Фурқат чор ҳукуматининг доимий назоратида бўлган. Унга ҳатто нималар ҳақида ёзиш ҳам тавсия этиб турилган. Степанов Туркистондаги чор маъмуриятига шоирдаги ўзи ёқтирмаган яна уч хусусият ҳақида ёзиб юборади: 1) унинг Россияга нисбатан самимийлигига шубҳа билан қараши; 2) Фурқат шеърлари унга маъқул келмагани; 3) шоирнинг мустаҳкам эътиқодли шахс экани. Бу сингари фактлар Фурқат ҳақида мунтазам равишда ана шундай маълумотларни тўплаб борган чор ҳукумати миллатпарвар шоирнинг она-юртга келишини мақсадга мувофиқ эмас деб топгани ва унинг Ватанга қайтиш йўлларини тақа-тақ ёпиб қўйгани ҳақидаги хулосага олиб келади. Шу ўринда муҳим бир масалага тўхталиш зарурати сезилади. Бу – Фурқат қарашлари миллий уйғониш ҳаракати намояндалари, миллатпарвар жадидлар томонидан давом эттирилгани масаласи. Бинобарин, Фурқат ва жадидлар қарашларида муайян изчиллик, давомийлик мавжудки, бу кўпдан тадқиқотчилар эътиборини тортмоқда. Бизнингча, Фурқат ва жадидлар қарашларидаги муштараклик қуйидаги масалаларда нисбатан аниқроқ кўзга ташланади:
1. Мустамлака сиёсатига нисбатан муросасизлик. Фурқатнинг юқорида таҳлил этилган “Муножоти мусаддас”и, “Бўлди” радифли мухаммаси, “Бегим” ғазали ва хорижда ёзган бир қанча асарлари, жадидларнинг эса бу борада наинки ижодий, ҳатто амалий фаолият билан шуғуллангани ушбу фикрни қувватлайди.
2. Замонавий илмларни эгаллашга тарғиб этиш, Оврупо таълим тизимини жорий қилиш орқали  ривожланган миллатлар даражасига кўтарилиш орзуси. Бу ҳақда юқорида мухтасар тўхталинди.
3. Матбуот, театр каби ҳодисалардан миллатни уйғотишда минбар сифатида фойдаланиш. Фурқатнинг “Туркистон вилоятининг газети”да босилган асарлари, “Таржимон”, “Шўро” каби жадид матбуотининг нуфузли нашрларида шоир асарларининг эълон қилиниши, кейинчалик жадидлар томонидан  нашр этилган миллий матбуот нашрлари бунинг ёрқин далилидир.
4. Миллатнинг тараққий этишига тўсиқ бўлаётган иллатларни кескин танқид этиш. Бундай иллатлар – ўзаро нифоқ ва низолар, илм-маърифатга эътиборсизлик, жаҳолат, илм-фан тараққиётидан ортда қолиш ва ҳ.к. Бу мулоҳазалар Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг йирик намояндаси, ўзидан кейинги авлод ижодкорларга ҳам кучли таъсир кўрсата олган улуғ ижодкор, бутун салоҳиятини, иқтидорини Ватан ва миллат равнақи йўлига тиккан буюк сиймо экани ҳақидаги ҳаққоний илмий хулоса учун асос бўла олади.
Фурқат изидан Ёркентга саёҳат
Олимжон Ёқубов
“Завқий жамғармаси”
Маккаи Мукаррама, Бухорои Шариф, Хўқанди Латиф... Исми жисмига мос шаҳарлар қаторидан ўрин олишига сабабчи бўлган Хўқанди Латифнинг шоирлари, ёзувчилари, алломалари билан ўзбек халқи хар қанча фахрланса арзийди. Улар меросини ўрганиш, авлодларини излаб янги маълумотлар топиб кейинги авлодларга етказиш эзгу, саховатли ишлардандир.

 

Зокиржон Фурқат Ёркентда яшаб турганида ҳамшаҳри Муҳаммад Солиҳ ўғли Убайдулла Завқий (1853 – 1921) билан ўзаро соғинч билан ҳол – аҳвол сўраб шеърий мактублар ёзишгани шоирларнинг танланган асарларида тўла ёритилган. Завқийнинг суюкли қизларидан Зебунисонинг ўғли бўлмиш Ёқубжон – раҳматли дадамизнинг хотиралари буйича, катта дадалари Завқий вафот этар чоғларида катта  бувилари Тожинисо аяга ҳовли – жойларни, қашқарлик хотинлари Хайруннисо ҳожи аяга эса бир шоҳи қийиққа тугилган китобларни мерос қилиб қолдиришни васият қилган эканлар. Хайруннисо ҳожи ая 1932 йилда ўғиллари Муҳаммад Амин ва қизлари Ҳанифахон билан она юрти бўлмиш Қашқарга ўтиб кетганлар.  Завқий ўз фарзандлари, невара – чевараларига бундай меросдан ташқари шеър ва ғазалларида ифода этганидек ёру – дўстларига, қариндош – уруғларига бўлган меҳр – мухаббатни ҳам мерос қилиб қолдирганиданми ёки бир донишманд айтганидай дўстлик ҳам, душманлик ҳам мерос қолади деганиданми – ана шу меҳр – мухаббат, қариндошлик, биродарлик туйғуси мени кўпдан бери Қашқарга, Ёркентга боришга, Завқий ва Фурқатнинг авлодларини топиш ва у ердаги қадамжоларни зиёрат қилишга ундар эди. Вақти – соати келиб, насиб экан ўтган йил Фарғона вилоят Завқий жамғармасиниг йўлланмаси ва кўмагида бу орзуим амалга ошди. Қашқарга бориш осон кечди. Шаҳар сайил ва сайёҳат маркази раҳбари Азимжон Абдужабборов қисқа муддатда ХХР га боришга алоҳида виза очдириб бердилар. Ўзбекистон чегара пункти Андижон вилояти Дўстлик постидан декларацияни тўлдириб ёзиб Давлат чегарасидан ўтгач, Қирғизистоннинг Ўш шаҳри автошохбекатидан кеч соат 8:00 да автобусда йўлга чиқдим. Ҳамсафарлар кўплари машҳур Қорасув бозорида савдо қилувчи хитойлик ва уйғур савдогарлар  экан. Автобусимиз узоқ йўл учун жихозланган, дам олиб кетишга кўрпа – ёстиқ, телевизор билан таъминланган эди. Ҳа, бу йўллар қадимда, яъни, эрамиздан аввалги йиллардаёқ қарор топган бўлиб, Шарқни Ғарб билан боғлаган асосий савдо йўли хисобланиб Қашқар, Фарғона водийси билан Сўғднинг маркази Самарқандгача борган, ундан Марвга қараб йўналган, ораси 750 км бўлган Андижон – Қашқар йўли бўлганлиги тарихдан маълум. Денгиз сатхидан 7000 метр баландликда бўлган, туркий номи Тангри тоғ – Тян Шан тизма тоғларидан ошиб ўтишнинг ўз машаққати бор Довон ошиб ўтилса, Хитой чегараси бошланади. Ёзнинг жазирама август ойи иссиғида бу довонда совуқ – изғирин бўлганидан довондагилар қалпоқ кийиб, фуфайкада юришибди. Кечаси билан автобусимиз тинмай юрди. Бу ерда булутлар осмонда эмас, атрофимизда сузиб ўтишмоқда. Кечаси юлдузлар шундай яқин ва ёрқинки атроф юлдузлар ёруғидан ойдин кечада юргандай бўласиз. Йўлнинг Қирғизистондаги Эргаштомгача бўлган қисмини хитойлик йўлсозлар таъмирламоқдалар. Эргаштом икки мамлакат: Қирғизистон ва Хитой чегара харбий қисмлари жойлашган  водий – овул экан. Эргаштомга эрталаб соат саккизда кириб бордик. Иккала чегара ходимлари барча расмиятчиликларини ўтказишгач, соатларимизни Қашқар вақтига тўғрилаб, биз ниҳоят Хитой тупроғига кириб бордик. Тян – Шан тизма тоғлари этагидан пастга тушгач, соат 10 ларда бир қишлоқ марказида овқатланиш учун тўхтадик. Муъжазгина, камтарона хусусий ошхонада овқатландик. Уйғурлар туркий халқ бўлгани учун уйғур тили ўзбек тилига жуда яқин, бир – бирини таржимонсиз тушуниш мумкин. Уйғурларнинг энг тансиқ овқати – лағмонни тановул қилиб турганимизда бирдан ҳамма хўрандалар телевизор ахборотига қулоқ солиб жим бўлиб қолдилар. Уйғур телевидениеси бошловчиси кеча 5 август куни Урумчида нохуш воқеалар бўлгани учун барчани осойишталикка, эхтиёткорликка, огоҳ бўлишга чақирмоқда эди.     Қашқарга автобусимиз кечки пайт кириб келди. Мехмонхонага жойлашиб дам олгач, эрталаб Ёркентга бориш учун автошоҳбекатга келдим. Бу ерда йўловчилар тирбанд, шаҳар ташқарисига автобуслар қатнови чекланган. Ноилож, хитойлик ва эру хотин уйғурлар бўлиб таксига ўтирдик. Шаҳардан чиқишдаёқ бизни текширув постларида тўхтатишди. Йўловчилардан мен чет эл сайёхи бўлганим учун шаҳар соқчилар бўлимига қайтаришди. У ерда ҳужжатларимни компютерга белгилаб обдан суриштиргач, узр сўраб бизга кетишга рухсат беришди.     Қашқар – Ёркент ораси 220 кмли йўл бўлиб, Такла – макон чўлини кесиб ўтиб Ҳиндистон чегарасигача борар экан. Қадимда бу йўл Ўрта Осиёдан Шарқий Туркистонинг бошқа шаҳарларига бориладиган асосий карвон йўли бўлган. Ёркентдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган Ёркентга кириб бордик. Замонавий, кўп қаватли, бир – бирига ўхшамайдиган бинолар, шарқона услубда қурилган мухташам иморатлар, бозорлари гавжум бир диёрга кириб келдик. Қўқонда ғазалнавис шоир Чархий (Асқарали Ҳамроалиев 1900 – 1979  йил) нинг қизлари Азизахон опа ёркентлик қариндошлари манзилини бергандилар Чархийнинг жиянлари бўлмиш Муҳаммад Собиржон хожи ота Ёркентда мени очиқ чехра, қариндошларча бағриларига босиб кутиб олдилар. Мехмонхонада қолишимга қуймай хонадонларига таклиф қилдилар. Ёзнинг ноз – неъмати билан тўла  дастурхон устида қариндошлари, қадрдонларини сўрадилар.    Эрталаб нонуштадан сўнг зиёратга отландик. Етмишга бориб қолган  Муҳаммад Собиржон ҳожи ака билан маҳаллалар ичидан айланиб шаҳар қабристонига кириб келдик. Ҳожи аканинг оналари Марҳаматхон ая – Чархийнинг синглиси шу қабристонга қуйилган эканлар. Қабристонга киришдаёқ бизнинг Шоҳимардон тоғи тепасидаги Ҳазрат Али мақбарасига ўхшатиб қурилган салобатли мақбара кўзга ташланиб турибди. Шу онда кўзим мақбарадаю, ҳайратланганимдан бир зум тўхтаб қолдим. Бу ердаги қабристонлар бизникидан фарқли ўлароқ ғишт, бетон, мармар қопланмаган. Қабрлар асосан оддий тупроқ уюмидан, қолаверса хом ғиштдан қурилган бешик – сағаналардан иборат. Фурқатнинг хоки қабристондан олиниб мақбара ичига қуйилган. Мақбара 1993 йилда қуриб битказилган бўлиб. кираверишда мустаҳкам лавҳага араб имлосида Фурқатга уйғур халқининг юксак эҳтироми билдирилган. Зиёратдан сўнг Қуръон тиловати қилиб, боқий дунёга кетганлар руҳига дуолар қилдик.    Ниҳоят Фурқат авлодлари билан кўришиш насиб этди. Собиржон хожи ака айтганларидек, Фурқатнинг ўғли Нодирхон ота 1983 йилда оламдан ўтган эканлар. Нодирхон отанинг қизлари Тўпинисохон 50 – 60 ёшларда бўлиб, мени самимий, қариндошларча кўтиб олдилар. Ўзбекона уйларига таклиф қилдилар. Дастурхон устида ўзимни таништирдим. Қўқондан келганимни, боболари Зокиржон Фурқатнинг Ўзбекистонимизда бағоят қадрлашимизни, фақатгина шаҳримизнинг ўзида эса марказий кўчалардан бири, сайлгох боғимиз унинг номи билан аталишини, Соҳибзода Ҳазрат мадрасаси хужрасида унга бағишланган музей мавжудлигини, яқин орада кенг миқёсида унинг таваллудига аталган катта анжуман ва тантаналар ўтказилишини, ҳамда эртага Қашқарда Завқий авлодларини ҳам топиб зиёрат килишим зарурлигини сўзлаб бердим. Тўпинисохон қизлари, ўғиллари: Нуригул, Мехригул, Паттигул, Турғунжон, Муҳаммаджонлар билан таништирдилар. Бу оила Ёркентнинг Саройкўл маҳалласида истиқомат қилар эканлар. Фурқат ҳам шу махаллада яшаб ўтган экан. Ёркентда умргузаронлик қилаётган 90 ёшли асли наманганлик Юсупхон хожи ота хонадонларида мехмонда бўлдик. Таниқли адабиётшунос олим Пўлатжон Қаюмов ўз китоблари “Тазкираи Қаюмий” да ёзганларидек Фурқатнинг Ёркентга келиб қолиш сабабчиларидан бири ёркентлик шоир Тажаллий (1918 йилда вафот қилган, асл исми Набираи Хусайнхон хазрат) бўлишлигини Юсупхон хожи ота ҳам гапириб бердилар. Тажаллий қўқонлик хазратлар билан, жумладан Қўқон фозилларидан Мавлавий Йўлдош билан алоқалари бўлгани учун ҳам Маккада хаж сафарида бўлганида Зокиржон Фурқатни учратиб, хаж маросимлари тугагач, Ҳиндистон ва Кашмир орқали Ёркентга бирга олиб келган экан. Фурқатнинг эвараси Турғунжон мактабда ўқитувчилик касби билан машғул эканлар. Суҳбат давомида Турғунжоннинг шеъриятга ҳаваслари баландлиги маълум бўлди. Илтимосимга кўра ўзлари ёзган шеър машқларидан ҳам ўқиб бердилар. Турғунжоннинг укалари Муҳаммаджон тижоратчи эканлар. Муҳаммаджон билан савдо – сотиқ, тижорат ишларида ўзаро кўмаклашишни келишиб олдик. Телефон орқали хабарлашиб туришни, иложи бўлса Қўқонга – Ўзбекистонимизга ташриф буюришларини, бизнинг азиз мехмонимиз бўлиб кетишларини сўрадим. Собиржон хожи ота ва Муҳаммаджон мен билан оғаларча хайрлашиб Қашқарга кузатиб қуйдилар.     Қашқар ҳам Ёркент каби Хитойнинг ғарбий қисмдаги катта шаҳар бўлиб Шинжонг – Уйғур мухтор туманида, Қашқар дарёси сохилида жойлашган. Шаҳар марказидаги мехмонхонага жойлашгач, қашқарлик қариндошларни излашга тушдим. Бизга маълум манзилда бўлдим. Маҳалла қўмитасида, кексалар билан сухбатда бўлдим. Масжидда намоздан сўнг ёши катталардан суриштирдим. Бу манзилда Завқий авлодлари яшамаганлиги маълум бўлди. Хукумат идоралари, маҳалла кўмиталари шу кунларда фавқулодда ҳолат бўлгани учун қидирув натижали бўлмади. Биргина умид шу бўлдики, Қашқар шаҳри, Ёрбоғ райони, Заргарлик кўчасида яшаётган адабиёт ўқитувчиси Абдураҳим Собит ака муҳим гапни айтдилар: Завқийнинг ўғли Муҳаммад Амин (тахаллуси Тўлқин) нинг шеър ва ғазаллари Урумчида нашр қилинган “Шинжонг ўзбек адиблари” уйғур тилидаги китобида босилиб чиққан экан. Бу китобга Фурқатнинг “Дилрабо”, “Кўрдимки, бир париваш”, “Бу хаёл эркан ғалат” ва “Хайрият” каби ғазаллари киритилган. Китоб муаллифи урумчилик адабиётшунос олим Қодир Аҳмад балки Муҳаммад Аминнинг яшаб ўтган манзилини билиши мумкин экан. Буюк суфийлар, тасаввуф пирлари, азиз – авлиёлар олиму фузалолар қабрини зиёрат қилиш улуғ савоб ишлардандир. Шундай ният билан Хайитгоҳ масжиди майдонидан автобусга тушиб Офоқхожа мақбараси зиёратига бордим. Қашқарда архитектура ёдгорликларидан Ҳайитгоҳ масжиди, XVIII асрга оид Офоқхожа мақбараси яхши сақланиб қолган ва улар давлат мухофазасига олинган. Мақбарага етиб келганимда, шу ердаги Офоқхожа масжиди жума куни бўлгани учун гавжум эди. Мақбара Амир Темур Ҳожа Аҳмад Яссавий хотирасини улуғлаб қурдирган мақбара каби салобатли, мовий ранг безаклар билан кошинланган, олд томони гулзор қилинган. Мақбарага кираверишда ўша вақтлардан қолган ғиштин дарвоза олдида каттагина ховуз бўлиб дарахтлар соясида атрофни салқин қилиб турибди. Ривоят қилишларича Машраб наманганлик устози йўлланмаси билан Қашқарга келиб, ўша ховуз олдида ўтирганини кўрган хазратнинг муридларидан бири Офоқхожага, бир мусофир йигит юпун кийимда ховуз лабида ўтирганини айтади.  Офоқхожа: “У йигит узоқдан келган мехмон. Исми Машраб. Олиб киринг” – деб буюради. Машхур шоиримиз Боборахим Машраб (1657 – 1711 йил) ўшанда 17 ёшда бўлиб, бир неча йил мурид бўлиб хазрат хизматида бўлган Мулло Хидоятулло ҳожам номи билан машхур бўлган Офоқхожа 1695 йилда вафот қилиб шу мақбарага дафн қилинганлар. Мақбара ичига кирганимизда Офоқхожанинг 5 авлоди: ўғил – қизлари, невара – чеваралари бу ерга дафн қилинганини айтишди. Ўртадаги қизил алвон ёпинчиқли сағана Офоқхожа қабрлари экан. У зоти шарифнинг оталари асли Самарқандли бўлиб, Шарқий Туркистонга келиб қолган эканлар. Офоқхожанинг хозирги авлоди кўпроқ шу Офоқхўжа махалласида истиқомат қилар эканлар. Зиёратларни тугатиб Қўқонга эсон – омон етиб келганимдан сўнг, шоир Чархийнинг яқин шогирдларидан бири қўқонлик таниқли хонанда, адабиётшунос, филология фанлари номзоди Назиржон ака Назаров бу изланишга яна бир янгилик киритдилар. 1970 йилларда Чархийга қариндошларидан – Ғулжа шаҳридан хат келган. Хатда ёзилишича Завқий авлодлари Ғулжа шаҳрида яшаётганлари, Завқийнинг қизи Ханифахон ўзбеклар махалласида шоира бўлиб танилиб қолганлиги айтилган. Ха, энди насиб қилса, аждодларни излашни Урумчи ва Ғулжада давом эттириш ниятимиз бор.

 



ФУРҚАТНИНГ «ИЛМ ХОСИЯТИ» ШЕЪРИНИ ЎРГАНИШ (Р.Саидова)

«Илм хосияти» шеъри қуйидаги режа асосида ўрганилади:
1. Кирши (ўқитувчининг кисқача сўзи).
2. Шеърни ифодали ўқиш.
3. Шеърда учраган қийин сўз ва ибораларга изоҳ бериш.
4. Шеърни суҳбат методи билан ўрганиш.
5.  Темани мустаҳкамлаш ва якунлаш.
Ўқитувчи «Илм хосияти» шеърини ўтмасдан илгари юқоридаги режа асосида мазкур асар ҳақида кириш машғулоти ўтказади. Бу машғулот маъруза методи билан олиб борилади.
Дастлаб ўқитувчи «Илм хосияти» шеъри юзасидан кириш машғулоти олиб борганда шоирнинг таржимаи ҳолига мурожаат қилади, яъни Фурқатнинг Тошкент шаҳрида бўлгани, Тошкентдаги янги илм ўчоқлари, техника ва маданият билан танишгани, натижада шоирда янги-янги илғор фикрлар туғилгани ҳақида, бу таассуротни «Гимназия», «Илм хосияти», «Суворов ҳақида», «Виставка хусусида» каби шеърларида ифода этгани ҳақида маълумот беради. Бу маълумот «Илм хосияти» шеърини ўрганиш ва пухта тушуниш учун замин ҳозирлайди, кейин ўқитувчи шеърни ифодали ўқийди. Бунинг учун ўқитувчи шеърнинг вазнига алоҳида диққат қилади. Шеърнинг вазни қуйидагича:
Мафоилун—мафоилун—фаулун
Дейин сўз ил—м нинг хоси—ятидин.
Баён айлаб—анинг моҳи—ятидин.
Ўқитувчи олдин баҳрни (мафоилун—мафоилун—фаулун) ўқишни, кейин шу баҳрнинг ўқилишига мослаб шеърни ўқишни ўргатади. Шундай метод билан иш олиб борилганда, шеърни ўқиш осонлашади. Бир неча ўкувчи шеърни ифодали ўқийди ва мазмунини сўзлаб беради. Шундан сўнг шеърдаги тушунилмаган сўзлар ўрганилади. Ўқитувчи тушунилмаган сўзларни уч группага бўлиб тушунча беради: 1) айрим шахслар, олимларнинг номлари, 2)илм-фан терминлари, 3) изоҳ талаб қиладиган сўзлар. Бу сўзларнинг ўзи ва изоҳини алоҳида картонга ёзиб, синфга илиб қўйилади.

Фурқатнинг "Илм хосияти" шеъридаги тушунилмаган сўзлар изоҳи
Айрим шахслар-нинг исмлари    Изоҳи    Илм-фан термин-Лари    Изоҳи    Аирим сўзларнинг изоҳи    Айрим сўзларнинг изоҳи (давоми)
Фалотун ёки Афлотун
Арасму (Аристотель)
Луқмон    Эрамиздан     илгари 427 йилда туғилиб, 343    йилда    вафот этган юнон олими.
Буюк юнон олими, эрамиздан     илгари 384 йилда туғилди, 322    йилда    вафот этди.   Александр Македонскийнинг устози
Араб     афсоналари-даги  машҳур   олим (табиб)     ҳикмат
анжуман
дониш
донишманд
улум
соҳиби ҳунар
фунун     билимдонлик,    фал-сафа, физика
мажлис, йиғин
билим, маълумот
билимдон,        ўқимишли
илмлар
ҳунар эгаси
билимлар,    илмлар, ҳунарлар     зиҳи — яхши
гўш — қулоқ
фархунда             — бахтли, қувончли фатонат   —   зий-раклик
адад — сон, саноқ
акмал     —     етук, етишган
мағриб — ғарб сокин — тинч, бир жойда турувчи сипоҳийлик иши — амалдорлик,       ҳу-кумат иши
маҳз   —   бутунлай
басту    кушод    — боғлиқни        очиш (ҳал          бўлмаган масалаларни ечиш)
сурур — шодлик дариғо   —    афсус, аттанг     хосият — махсус си-фат
моҳият   —   ҳақиқат, ҳар нарсагшнг асли
сипехр — осмон, ос-мон гумбази
хиргоҳ — чодир
офоқ  —  дунё   (уфқ-нинг кўплиги)
баҳр — денгиз
бар — қуруқлик
мусаххар — забт қи-линган
заковат    —    нозик-фаҳмлик
хирад — ақл, хуш
афзун — ортиқ, зиёда
ойин   —   расм,   одат, қилиқ
жаҳонбин — жаҳонии кўрсатувчи
таманно — тилак, ис-так, орзу
назора — қараш,   назар ташлаш
нафъ — фойда
суд — фойда

Бундай машғулотдан кейин ўқувчилар «Илм хосияти» шеърининг мазмунини яхши тушуниб оладилар, сўнгра ўқитувчи раҳбарлигида асар таҳлил қилинади. Бу ўринда ўқитувчи мусоҳаба методидан фойдаланади. Қуйида ушбу суҳбатнинг мазмунини келтирамиз:
Ўқитувчи. Шоир «Илм хосияти» шеърида Искандар замонасидаги илм-маърифатни қандай тасвирлайди?
Ўқувчи. Фурқат Искандарни жаҳон подшоси, бутун дунёни — қуруқлик ва денгизни эгаллаган шахс деб тасвирлайди. Шоир Искандарнинг қарамоғида 4000 олим бўлиб, улар илм соҳасида Арастудан юқори туради деб кўрсатади. Хусусан, Фалотун ҳамма илмни эгаллаган, ҳатто ажалга ҳам чора топган эди, у қанча илмларни ижод қилди ва шу билан оламни обод қилди. Фалотун Искандарнинг буйруғи билан шундай ойна ясадики, бу ойнага қараган киши бутун дунёни кўрарди. Аммо ойнада кўринган одамлар билан сўзлашиш мумкин эмасди. Искандарнинг олимлари уларни сўзлатиш чораларини топа олмадилар. Ўша вақтдаги олимлар одамларнинг хатларини бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга тезроқ етказиш ва тезроқ жавоб олиш йўлларини ҳам кашф қила олмадилар.
Ўқитувчи. Фурқат фан ва техникани ривожлантиришда Россиянинг ролини қандай ифода этади?
Ўқувчи. Фан ва техникани тараққий эттиришда Россия шоирнинг диққат марказида турди. Фурқат илм-фанни тараққий эттиришда Россия олимлари зўр ғайрат кўрсатганлигини, уларнинг Афлотундан ҳам устун эканлигини эҳтирос билан тасвирлади. Сўнгра шоир рус олимларининг почта-телеграф ихтиро этганларини, техниканинг бу шахобчаси ҳалқ ва ҳукумат ишини енгиллаштирганини бирма-бир баён қилади.
Ўқитувчи. Шоир ўз шеърини нима билан тугатади?
Ўқувчи. Шоир ўз шеърини ҳалқни илм-фан ва техникани эгаллашга чақириш билан якунлайди.
Ўқувчилар билан ўтказилган юқоридаги суҳбат охирида ўқитувчи уларнинг берган жавобларини тўлдиради, якунлайди, ҳар қайси илмнинг заминида меҳнат ётишини ўқувчиларга ўқтиради, замонамизнинг маданиятли ва ўқимишли кишиси бўлиб етишиш учун меҳнат ва илмга муҳаббат билан қараш лозимлигини айтади. Шундан сўнг ўқитувчи ўқувчиларни икки группага бўлади, биринчи группага шеърни яна бир марта кўриб чиқиб, шеърда келишик қўшимчалари қандай ишлатилганини кузатишни, иккинчи группага эса бор дурур, бирла, олғайлар, аларға, туруб, бўлсун каби сўзларнинг ҳозир қандай ёзилишини айтиб беришни топширади.
Уйга қуйидаги мақоллардан хоҳлаганини танлаб иншо ёзиб келиш вазифа қилиб топширилади:

1. Билим — бахт келтирар.
2. Билим—давлатдан қиммат.
3. Билим — кучда, куч — билимда.
4. Илм—ақл чироғи.
5. Илм, билим—ерга эмас, элга.



ФУРҚАТ ШЕЪРЛАРИНИНГ ВАЗН ХУСУСИЯТЛАРИНИ ЎРГАНИШ (Р. Тожибоев)

Қўқон адабий муҳитининг энг таниқли намояндаларидан бўлган машҳур шоир Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат (1859-1909)нинг ижодини кенг ва чуқур ўрганиш ҳар бир ўқувчининг вазифаси бўлмоғи лозим деб ўйлаймиз. Чунки Фурқат ўткир истеъдоди билан халқимиз орасида кенг шуҳрат қозонган атоқли ўзбек шоирларидан биридир.
Мустақиллик йилларида шоир ижодини умумий ўрта таълим мактабларида ўрганишга катта эътибор берилмоқда. “Умумий ўрта таълим мактаблари учун адабиёт фанидан Дастур”да Фурқат ижодини IX синфда ўрганиш кўрсатилган. Дастурга асосан 9-синф учун чиқарилган дарслик-мажмуа(Тошкент, 2006; муаллифлар: Қ.Йўлдошев, В.Қодиров, Ж.Йўлдошбеков)да Фурқатнинг бешта ғазали, биттадан мухаммас ва  мусаддаси берилган. Мазкур шеърларнинг ғоявий-бадиий хусусиятларини тўлақонли ўрганишда уларнинг вазнларига хос бўлган жиҳатларни ҳам эътиборга олиш зарур. Чунки адабиёт фанидан Давлат таълим стандартларига шарҳларда уқтирилишича, “Умумий ўрта мактаб битирувчиси ... мумтоз бадиий асарлардаги шеър санъатлари, бадиий усуллар, қофия, радиф, вазн ўлчовлари сингари шаклий хусусиятларни фарқлай олиши ва шу асосда бадиий матнни таҳлил қила олиши; аруз вазни ва уларнинг ўлчовларини фарқлаши ҳамда бадиий асар талқинида қўллай олиши лозим“(Қаранг: “Умумий ўрта таълимнинг Давлат таълим стандарти ва ўқув дастури. Она тили. Адабиёт. Ўзбек тили (таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун)”. 1999 йил, I-махсус сон, 148-154-бетлар).
Қуйида шоирнинг 9-синфда ўрганилиши кўзда тутилган шеърларининг вазн хусусиятларини кўриб чиқамиз:
I.    Фас-ли нав/-ба-ҳор ўл-ди/  ке-ти-бон/ зи-мис-тон-лар,
–    V   –  /  V    –     –  –  /   –   V   –  /  V    –      –    –
Дўс-т-лар/ ға-ни-мат-дир/  сай-рэ-тинг/ гу-лис-тон-лар.
–    V   –  /  V    –     –  –   /   –     V   –    /  V    –      –    –
Фо-и-лун / ма-фо-ий-лун /   фо-и-лун / ма-фо-ий-лун   
Демак, ушбу ғазал ҳазажи мусаммани аштар вазнида ёзилган.
II.    Ул қа-ро кўз кўз-ла-ри-га сур-ма бе-жо тор-та-дур,
–   V   –    –  / –   V   –   –  / –    V   –   –  / –    V    ~
Бал-ки ан-дин даҳ-рэ-ли ор-тиқ-ча ғав-ғо тор-та-дур.
–   V   –   –   / –    V   –   –  /  –   V    –    – /  –   V    ~
Фо-и-ло-тун  /  фо-и-ло-тун   /  фо-и-ло-тун   / фо-и-лон
Ғазал рамали мусаммани мақсур вазнида ёзилган. Аммо ғазалнинг 3-, 5-, 7-, 15-, 17-, 19-мисралари, яъни қофияланмайдиган айрим сатрлари рамали мусаммани маҳзуф вазнида яратилган бўлиб, рукнлари “фоилотун / фоилотун / фоилотун / фоилун” шаклидадир:
Вазн талабига кўра,  2-мисрадаги “даҳр эли” бирикмасида  васл қоидаси қўлланилади, яъни бу бирикмадаги икки сўз бири-бирига қушиб ўқилади. 6-байтдаги “ҳусн ила” бирикмасини ўқишда ҳам мазкур қоидани қўллаш керак бўлади. 5-байтдаги “бўй”, “боғнинг”, “боғбон”  сўзлари “бў-ўй”, “бо-ғ-нинг”,  “бо-ғ-бон” тарзида, яъни бир бўғин орттириб ўқиш талаб этилади. 6-байтдаги “ишқ” сўзи “иш-қ”, 7-байтдаги “ишқни”, “мушк” сўзлари “иш-қ-ни”, “муш-к”, 8-байтдаги “кажрафторнинг”, “айшни” сўзлари “каж-раф-то-р-нинг”, “ай-ш-ни” тарзида ўқилиши лозим.

III.      Сур-ма-дин кўз- / лар қа-ро қўл- / лар хи-но-дин / ло-ла-ранг,
–    V    –     –    /    –   V   –   –    /   –    V   –     –   /  –   V    –
Ғо-за-дин юз- / лар-да то-бу / ўс-ма-дин қош- / лар та-ранг.
–  V    –     –   /   –    V  –   –  /   –  V    –      –     /  –    V    –
Фо-и-ло-тун  /  фо-и-ло-тун   /  фо-и-ло-тун   / фо-и-лун
Демак, ушбу ғазал рамали мусаммани маҳзуф вазнида ёзилган. Аммо ғазалнинг 5-, 7-, 9- , 15- мисралари, яъни қофияланмайдиган айрим сатрлари рамали мусаммани мақсур вазнида яратилган бўлиб, рукнлари “фоилотун / фоилотун / фоилотун / фоилон” шаклидадир:
Бо-ри но-зик пан-жа-лар ол-тун у-зук-дин зе-б-нок...
–    V  –     –  /   –    V  –   –  /   –  V  –      –  /  – V    ~
Гав-ҳар ос-қон ҳал-қа-лар сий-мин та-но-ғу-ши-да банд...
–      V    –    –  /  –    V  –       –  /   –   V  –   –  /  –   V    ~
Ғам-за бир-ла ўл-ту-рур гаҳ жил-ва-лар бир-ла ю-рур...
–      V  –     – / –   V    –     –  /   –   V   –      –  /  – V    ~
Ул па-ри-ваш иш-қи-дин-ки тел-ба-дур-мен го-ҳ соғ...
–    V   –    –   /  –   V    –     – / –     V   –     –  /  –  V    ~
Аруз вазнида ёзилган деярли барча шеърларда мана шу каби ҳодиса учрашини таъкидлашни истардик. Чунки кўрсатилган мисралардаги охирги ҳижолар ўта чузиқ бўлиб, бу эса “фоилон” руқнини ҳосил қиляпти. Натижада вазннинг номида ўзгариш бўлмоқда. Аслида бу икки вазн – рамали мусаммани маҳзуф ва рамали мусаммани мақсур ўртасидаги фарқ деярли сезилмайди, чунки мисра охиридаги бўғин чўзиқ ҳижо бўлса ҳам, ўта чўзиқ ҳижо бўлса ҳам, барибир бошқа чўзиқ хижоларга қараганда чўзиқроқ талаффуз этилади. Лекин вазнни номлашда маҳзуф руқни билан мақсур  рукнини бир-биридан фарқлаш лозим.
Вазн талабига кўра 2-байтдаги “рўймол” сўзини “рў-йи-мол”, 3-байтдаги “зебнок” сўзини “зе-б-нок”, 6-байтдаги “шўх-шанг” сўзини “шў-хи-шанг”, 7-байтдаги            “менга” сўзини “ме-нга”, 8-байтдаги “гоҳ” сўзини “го-ҳи”, 9-байтдаги “жаврларким” сўзини “жав-ри-лар-ким” тарзида ўқиш керак бўлади. 2-байтдаги “кўйлак узра” бирикмасини эса “кўй-ла-куз-ра” шаклида ўқиш лозим. Шунингдек, 3-байтдаги “гавҳар осқон”, 9-байтдаги “Фурқат ул” бирикмаларини  ўқишда ҳам “васл” қоидасини қўллаш лозим.
IV.    Биз ис-тиғ-но   э - ли қич - қир-ма-ғон маъ-во - ға бор-мас-миз,
V   –    –    – /  V   –     –     –   /  V   –      –     – / V    –      –      –                А-гар чан-ди-ки хир-ман ай-ла-са дун - ё - ға бор-мас-миз.
V  –    –     –  / V   –     –     –/  V   –  –     –  /  V  –     –     –                    Ма-фо-ий-лун ма-фо-ий-лун ма-фо-ий-лун ма-фо-ий-лун
Ғазал ҳазажи мусаммани солим вазнида ёзилган.
Бу ғазални ифодали ўқишда ҳам вазн талабаларига риоя қилиш керак бўлади.
1-байтдаги “биз истиғно” сўзини “би-зис-тиғ-но”, 2-байтдаги “зоҳир этса” бирикмасини “зо-ҳи-рэт-са”,  “мавж уран” бирикмасини “мав-жу-ран”, 4-байтдаги “халқ аро” бирикмасини “хал-қа-ро”, 6-байтдаги “биз эллар”, “фақр элимиз” бирикмалари “би-зэл-лар”, “фақ-рэ-ли-миз” шаклида ўқиш лозим. Буни васл қоидаси талаб этади.

V.     Ки-ши ҳо-лим-/ ни бил-мас меҳ-/ ри - бо - ни-дин / а-даш-ган-ман,
V   –    –    –  /  V   –   –   –  / V    –    –     –  /  V  –     –     –
Ва-тан  о-во-/ ра – дур-ман дў/-с-то-ни-дин / а-даш-ган-ман.
V   –    –     –  /  V   –     –     –/   V   –  –     –  / V  –     –     –                    Ма-фо-ий-лун ма-фо-ий-лун ма-фо-ий-лун ма-фо-ий-лун
Мухаммас ҳазажи мусаммани солим вазнида ёзилган.
Бу мухаммасда ҳам вазн талабига кўра 1-банддаги “дўстонидин” сўзини “дў-си-то-ни-дин” шаклида, 2-банддаги “ғамнок” сўзини “ғам-но-ок” шаклида, “чок” сўзини “чо-ок” тарзида  ўқиш керак бўлади. Акс холда вазн оҳангдорлиги талабдагидек чиқмайди.
V.    Сай-динг қў-/ я-бер сай-ёд / сай-ё-ра / э-кан мен-дек,
–       –    V  / V  –     –    –  /   –   – V  / V   –     –     –
Ол до-ми-/ ни бўй-ни-дин / бе-чо-ра / э-кан мен-дек.
–    –    V  / V    –     –     –   /   –  –   V  / V   –     –     –           
Мафъ-ув-лу / ма-фо-ий-лун / мафъ-ув-лу / ма-фо-ий-лун.
Демак, бу мусаддас ҳазажи мусаммани ахраб    вазнида ёзилган. Шеърни ўқишда 7-, 14-, 19-22-, 25-28-, 31-мисраларда “васл” қоидасини қўллаш керак бўлади.
Умумий ўрта таълим мактаблари адабиёт дастуридан ўрин олган мумтоз шеъриятимиз нафосатини кўрсатувчи асосий омиллардан бири бўлган аруз вазнини ўрганиш давр талабидир. Шундай экан, мумтоз шеъриятимиз намуналарини ўқувчиларга  ўргатишда уларнинг вазн хусусиятларини эътибордан соқит қилмаслик ҳар бир адабиёт муаллимининг муҳим вазифасидир.



“УЧ ХАРОБОТИЙ”   КИМЛАР ЭДИ? (Р. ТОЖИБОЕВ)

Халқимизнинг ардоқли шоири, айни пайтда таваллудининг 150 йиллиги юртимизда кенг нишонланаётган Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат (1859-1909)нинг бой ва ранг-баранг адабий меросида “Уч хароботий” мусаддаси ҳам борлиги барчамизга яхши маълум.
Уч хароботий эрурмиз, сокини майхонамиз,
Хум бошидин чарх уруб, монанди парвонамиз,
Маст ўлубмиз, жўшиши майдин ажаб девонамиз,
Холимиз дунё ғамидин, фориғи кошонамиз,
Ёр бизнинг ёримиз, жонон бизинг жононимиз,
Ушбу даврон бирла ўлсак, йўқ эрур армонимиз, -
банди билан бошланувчи мазкур мусаддас мазмун ва бадиий жиҳатидан юқори даражада бўлгани сабабли 1958 йилда  эълон қилинганидан буён  кўплаб йирик адабиётшунослар эътиборини жалб этган ва ўзининг юқори баҳосини олган.
Улуғ шоиримиз ва зукко адабиётшунос Мақсуд Шайхзода мазкур мусаддасни “Фурқат лирикасининг шоҳ асари деб саналишга лойиқ”  деб таърифлайди. Унинг фикрича, “бу мусаддас ҳақиқий дўстликнинг ва ҳаёт, бахт, севги тантанасининг ўлмас таронасидир” (Қаранг: Шайхзода, Мақсуд. Фурқат ҳақида қайдлар//Китобда: Фурқат ва Муқимий ҳақида мақолалар. Тошкент, Ўзбекистон Давлат бадиий адабиёт нашриёти, 1958, 67-68-бетлар.)
Давр адабиётини пухта ўрганиб, йирик тадқиқотлар яратган йирик адабиётшунос Ғ.Каримов  унда Фурқат дунёқарашининг муҳим томонлари акс этиши билан бирга унинг ижодий-эстетик позицияси ҳам ифода қилинганини таъкидлаган (Қаранг: Каримов Ғ. Ўзбек адабиёти тарихи. Учинчи китоб. Тошкент, “Ўқитувчи”, 1975, 191-бет).   
Таниқли фурқатшунос А.Абдуғафуров уни “фалсафий-сўфиёна йўналишига эга бўлиб, Фурқат лирикасининг бошқа намуналаридан ажралиб туради” деб таърифлайди. (Қаранг: Абдуғафуров А. Зокиржон Фурқат(ҳаёти  ва ижоди) Тошкент, “Фан”, 1977, 128-бет).
Академик А.Қаюмов мазкур мусаддаснинг шоир ижодида алоҳида ўрин тутишини таъкидлаб, “бу мусаддас Фурқат ва яна ўша доирадаги икки шоир иштирокида мушоира йўли билан ёзилган шеър бўлса керак” деб тахмин қилади (Қаранг: Қаюмов А. Шеърият жилолари. Тошкент, “Ўқитувчи”, 1997, 92-93-бетлар).
Устоз адабиётшуносларимизнинг бу машҳур мусаддас ҳақидаги фикрлари бизни изланишларга чорлади. Айниқса, академик А.П.Қаюмовнинг мусаддас муаллифлиги масаласида билдирган фикрлари шеърнинг ёзилиш тарихини ва ундаги уч хароботийнинг кимлар эканини аниқлашга бўлган иштиёқни оширди. 
Маълумки, Фурқат ижодининг дастлабки йилларида унинг Хўқанди латиф адабий муҳити вакиллари билан ижодий ҳамкорлиги самарали бўлган. Унинг кўплаб ғазал ва мухаммаслари шу ижодий ҳамкорлик натижасида яратилгани шубҳасиз.  Бу ҳақда унинг ўзи 1891 йилда ёзилган “Хўқандлик шоир Зокиржон Фурқатнинг аҳволоти, ўзи ёзғони” номли асарида қуйидагиларни қайд этган:  “Чун ёшим соати умр шабру рўзида йигирма тўрт шумориға етти. Ул вақт Хўқанд вилоятидаги фозил ва расо табъ кишилар бирла иттиҳод айлаб, аларнинг суҳбатидин кўб баҳралар топдим ва аср шуаролариким, чунончи, мавлоно Муҳйи ва мавлоно Муқимий ва мавлоно Завқий ва мавлоно Нисбатдурлар, ҳамиша мажлис бунёд айлаб, зодаи табъларимиздин мушоара қилур эрдук ва бир ғазалда татаббуъ кўргузуб, бир мазмун ҳар навъ ифода топар эрди. Гоҳо ҳамд гулшанидин гул узуб, гоҳо наът нахлистонидин самарчин  бўлур эрдук ва баъзи вақт ишқ тавсифи ва ҳусн таърифида ғазал машқ айлаб ва гоҳи қадимий шуаролар девонларидан бир шўх ғазални топиб, анга ҳар қайсимиз алоҳида мухаммас боғлар эрдук”. (Қаранг: Фурқат. Танланган асарлар. Икки томлик, иккинчи том. Тошкент, 1959, 139-140-бетлар.)
Фурқатнинг мазкур сўзларидан илҳомланиб, “Уч хароботий” мусаддасига вазни ва қофияланиши жиҳатидан яқин бўлган уч ғазал диққатимизни ўзига тортди. Улар қўқонлик олимлар – заҳматкаш адабиётшунос, зукко матншунос, марҳум Аҳмаджон Мадаминов ва А.Турдиалиевлар томонидан нашрга тайёрланиб, 2003 йилда чоп этилган шоир Завқийнинг “Ажаб  замона” шеърлар тўпламидан ўрин олган. Бу ғазалларни қуйида келтиришни лозим топдик:
Биринчи ғазал
Бодаи васлинг қачон нўш этибон қонамиз?
Онгача ҳижронда бўлғайму бизи майхонамиз?
Шамъи оламсўз ҳуснингни кўруб, парвонаваш
Умрлардур оташи ишқинг аро ўртонамиз.
Бир мурувват кўргузуб, хуршиди оламтобдек,
Партави ҳуснинг билан қилғил мунаввар хонамиз.
Лутф этиб гар хотири маҳзунимиз шод этмасанг,
Биз ҳам этган ваъдаи рўзи аластдин тонамиз.
Отма кўнгул шишасиға  санги бежо, синмасун,
Табъимиз озода деб, Фарғонада махтонамиз.
“Руҳ”ни ғолиб айлағил “шоҳ” ҳам маҳалли кишту мот,
Ишқ базми ичра сатранж ўйнағон уч донамиз.
Кўнглумиз айлаб паришон, ҳар тарафга  тарқатиб,
Неча муддатдурки, ул новаки мужгон шонамиз.
Анбарин зулфингни боғлаб жонлара таъвиз учун,
Ёдинг ила кечалар гоҳо чўчуб уйғонамиз.
Завқий ила Фурқатий, кулбангга дўстинг келмаса,
Айлаб истиғно бизам мундоқ ёрдин тонамиз (Мазкур китоб, 20-бет).

Иккинчи ғазал
Муддатедур, бодаи ишқинг ичиб мастонамиз,
Масти лояъқил бўлуб, эл ичра кўп афсонамиз.
Истама дур айламак шамъи жамолингдин бизи,
Раҳм қилким, жону дил қилған фидо парвонамиз.
Қолмади таннинг мадори, жавру озоринг чекиб,
Жона еттук, лутф қил, бўлсанг агар жононамиз.
Телба кўрсанг, эй пари, ҳар лаҳза тут маъзурким,
Биз жунун саҳросидин келгон ики девонамиз.
Холу абрў ёдида бўлдук қаронғу рўзгор,
Нур ила нетгай ёруқ этсанг келиб кошонамиз.
Ўзгалардин сонмаким, биз ошнолиғда ҳасан,
Иҳтироз этма, арода йўқ эрур бегонамиз.
Эй, малоҳат мулкининг султони, этма ноумид.
Қулларингнинг қуллари хайлида ўзни сонамиз.
Тушмаса гар арзимиз васлинг қулоғига қабул,
То тирикмиз, Завқий, Фурқат ҳажр ўтиға ёнамиз. (21-бет)

Учинчи ғазал
Ой жамолинг шамъиға ҳар кеча ўртаб ёнамиз.
Жон нисор этмоқда гўёким, пари, парвонамиз.
Неча кундур, айладинг базми висолингдин йироқ,
Эй пари, бўйла хаёлинг истаюб девонамиз.
Боғлаюб аҳли муҳаббат, санга бўлдук ошно,
Гарчи бўлса сарвқад жилвагаҳи бегонамиз.
Жоми ишқингдин муҳаббат бодасин ул дам ичиб,
Фориғ эл ташвишидин, то ушбу дам мастонамиз.
Мунча ғавғодин, рақиби рўсияҳ, недур мурод?
Табъи нозукдур, кўтармас  фитнани жононамиз.
Хоҳи рад қилғил бизи, хоҳи  қабул эт, шаҳриёр,
Даст “алиф-лом” хизматингда тургучи мардонамиз.
Ой жамолингдин кўтар етти ҳижоб, тўққиз ниқоб,
Чун ҳарими васлинга  маҳрам бўлолмай ёнамиз.
Қолмади тоқат тағофулдин, нигоро, ҳам чу тифл,
Ваъдаи ҳалвога токай талпиниб алдонамиз.
Аксарини Нисбатий, кам Завқию Фурқат деди,
Биз ҳам истиғно этиб мундоғ жавондин тонамиз. (22-бет)

Биринчи ғазал адабиёт аҳлига устоз адабиётшунос, марҳум Ғ.Каримовнинг олий ўқув юртлари талабалари учун ёзилган “Ўзбек адабиёти тарихи” дарслиги орқали маълум эди. Тўғри, Ғ.Каримов асли 9 байтли бу ғазалнинг 6 байтини келтирган, холос. Адабиётшунос нима сабабдан бундай қилгани бизга маълум эмас. Ғазалнинг 2-, 3-, 4-байтлари тушириб қолдирилган. Натижада у олти байтли ғазал сифатида ўқувчилар диққатига ҳавола қилинган. Ғ.Каримов ёзишича, “Мазмунан характерли бўлган бу ғазал ўзининг умумий руҳи ва услуби билан Фурқатнинг машҳур “Уч хароботий” мусаддас-таржиъбандини эслатади. Бу ғазалда ҳам  “Уч хароботий” мусаддас-таржиъбанддаги каби самимий муҳаббатга эга бўлган, лекин ёрнинг бевафолигидан алам ва изтироб чеккан  “уч ошиқ” ҳақида фикр юритилади. Бу ғазалда ҳам истиғно билан ўз ёридан кечиб, фалсафий мулоҳазалар оламига отилган “нозик табиатли” ошиқлар образи гавдаланиб туради. Ғазал ғоявий йўналиши жиҳатидан “Уч хароботий” мусаддасидаги мазмунни давом эттириши билан бирга, қофия, вазн ва бадиий образлар системасида ҳам унга ўхшаб кетади” (Қаранг: Каримов Ғ. Ўзбек адабиёти тарихи. Учинчи китоб. Тошкент, “Ўқитувчи”, 1975, 191-бет).
Иккинчи ғазал ҳам адабиёт аҳлларига маълум. Унинг  матнини дастлаб таниқли адабиётшунос, марҳум А.Абдуғафуров ўзининг “Зокиржон Фурқат” рисоласида келтирган (Қаранг: Абдуғафуров А. Зокиржон Фурқат(ҳаёти  ва ижоди). Тошкент, “Фан”, 1977, 129-бет). Мазкур нашрда ушбу ғазал тўққиз байтли бўлиб, қуйидаги байт унда еттинчи  бўлиб келган:                
Айладук таклифи вайрона, Сулаймон деб сани,
Гарчи мўри ланг янглиғ қодири бир донамиз.         
“Ажаб замона” китобида мазкур ғазалнинг саккиз байтли бўлиб келгани ноширларнинг бошқа қўлёзма баёзга асосланганларидан бўлса керак. А.Абдуғафуров мазкур ғазални “шу вазн ва қофияларда ҳамда етакчи руҳ жиҳатидан мусаддасга ҳамоҳанг” дея таърифлайди . Муаллиф ғазални Фурқат қаламига мансуб деб ҳисоблайди ва юқорида келтирилган биринчи ғазални “Завқий ҳам бу мавзуда қалам тебратиб, Фурқат ғазалига ҳар жиҳатдан монанд назира яратади, у ҳам лутф билан Фурқат тахаллусини ўз ғазалида келтиради. Аммо Фурқат ғазалидан фарқли ўлароқ, Завқий назираси уч шахс номидан ёзилганки, бу уни юқорида сўз юритилган мусаддас (“Уч хароботий”   -  Р.Т.)га янада яқинлаштиради” (Абдуғафуров А. Ўша манба).
Иккинчи ва учинчи ғазаллар 1990 йилда А.Мадаминов томонидан эълон қилинган эди (Қаранг: Мадаминов А. Фурқатнинг янги топилган шеърлари // Китобда: Фурқат ижодиёти. Тошкент, “ФАН”, 1990, 120-122-бетлар). Бироқ улар Фурқат ижоди намуналари сифатида китобхонларга тақдим этилган эди.
Бизнингча, ушбу биринчи ва иккинчи ғазалларни Фурқат ва Завқийнинг, учинчи ғазални эса Нисбатий, Завқий ва Фурқатларнинг ижодий ҳамкорлигида яратилган десак, янглишмаган бўламиз. Уларнинг шу тариқа яратилгани ғазаллар мақтаъларида ҳам яққол акс этиб турибди.
Мазку ғазаллар академик А.П.Қаюмовнинг “Уч хароботий” мусаддаси муаллифи масаласидаги тахминларини қўллаб-қувватлайди. Нисбатий, Завқий ва Фурқатлар дастлаб мазкур ғазалларни битганлар, сўнгра шу ғазаллар вазни ва қофиясида боўланувчи мазкур мусаддасни яратганлар. Мусаддасда ҳар уч шоирнинг 1883-1886 йиллардаги кайфиятлари, ҳаётга қарашлари ўз аксини топган. Ўша пайтларда, Фурқат ҳали Қўқонда яшаб юрганида ушбу шоирлар маънан жуда яқин бўлганлари айни ҳақиқат.
Ана энди асл мақсадимизга келдик. “Уч хароботий” мусаддаси Нисбатий, Завқий ва Фурқатларнинг ижодий ҳамкорлиги меваси ўлароқ дунёга  келган дейиш  мумкин.  Шеърнинг лирик қаҳрамонлари – “уч хароботий”, “уч аламкаш”, “уч қаландар”, “уч биродар”, “уч мусофир”, “уч адойи”, “уч навойи”, “уч ғарибий”, “уч вафойи”, “уч балокаш”, “уч мукаддар” эса, шубҳасиз, Нисбатий, Завқий ва Фурқатдирлар.



Фурқат маънавияти ёшларга ўрнак (Р. Зокиров)

Ўзбек адабиётида маърифатпарварлик ғоясини тарғиб этган ижодкорлар қаторида Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат ҳам ўз ўрнига эга. Фурқат ўзидан бой адабий мерос қолдирди. Шоир шеърлари, асарлари ўзбек халқининг маънавий бойлиги ҳисобланади.
Мустақиллик шарофати туфайли Фурқат шахсига, унинг ижодига янгича муносабат пайдо бўлди. Шоир фаолиятига бўлган илмий қарашлар янгича ёндашув асосида таҳлил этила бошланди. Унинг  шеърларидаги миллий руҳ энди ҳақиқий ўз ифодасини топди, десак муболаға бўлмайди. Шоирнинг биргина “Келинчак” ғазалиннинг ўзидаёқ ўзбек халқининг миллий маънавияти ўз аксини топганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир. Зеро, шоир ўзбек келинчагининг миллатимизга хос бўлган назокатини моҳир санъаткорлик билан тасвирлаган. Ғазалдаги ўзбек келинчагининг ҳаё ва ибоси, садоқат ва вафоси, миллий либос ҳамда зеб-зийнатлар билан безаниши бугунги кун ўзбек қизлари учун ҳам намуна бўла олиши шак-шубҳасиздир.
Фурқатнинг ижодий мероси, адибнинг ҳаёт йўли ёшларимизни миллий руҳда тарбиялашда, уларга ватанпарварлик туйғуларини сингдиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.  
Ҳукуматимиз томонидан шоир шахсига, унинг ижодига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 августдаги “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўрисида”ги №451-сонли қарорига асосан вилоят ҳокимлигининг 2009 йил 27 октябрда №201 сонли “Атоқли шоир ва ўзбек адабиёти намояндаси Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг 150 йиллигига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида” ги қарори ҳам фикримизга асос бўла олади.



“КАШМИРДА” ҒАЗАЛИДА ГЎЗАЛ МАЪШУҚА ТАСВИРИ (С. Каримова)

Ўзбек мумтоз адабиётида  портрет яратиш алоҳида маҳоратни талаб қилади. Шу билан бирга ҳар бир ижодкор ўзига хос йўлдан бориб, сўзлар орқали портрет чизиш услубини шакллантиради. Ўзбек адабиётида гўзал аёл тасвири поэзияда ҳам, прозада ҳам ёзувчи симпатияси билан боғлиқ ҳолда берилади. Ижодкорлар гўзаллик ва гўзал аёлни қандай тасаввур қилишларидан келиб чиқиб тасвир берадилар. Шунингдек, улар яратган портрет асар ғояси, образ характери билан боғланган ҳолдагина бадиий қимматга эга бўлади. Портретлар ўзига хос юк олиб, ғоявий маъно ташийди ва характерни тўлақонли чиқишига хизмат қилади.
Таваллудининг 150 йиллиги нишонланаётган мумтоз адабиётнинг лирик шоирларидан бири Фурқатнинг “Кашмирда” (Фурқат. Танланган асарлар. –Т., 1958, 48-бет) деб номланган ғазали бор. Бу ғазалда гўзал аёл тасвири ўзига хос услубда чизиб берилади. Ғазални ўқир экансиз, санъаткорнинг мўйқалам билан чизилгандек, аёлнинг мукаммал қиёфаси тасвирлаб берилганлигини кўрамиз. Ғазалдаги шоирнинг мақсади гўзал аёл, гўзал аёлга муносабат, гўзалликнинг инсонга таъсири масалаларини ёритишдир. Фурқат шу мақсад асосида сўзлар ва фикрлар ўйинини беради, чиройли мисраларга фикрини сингдиради.
“Кашмирда” ғазалида гўзал аёл портретини чизишда шоир муваффақияти сезиларли тарзда китобхонни мафтун қилади. Портрет деталлари билан гўзалнинг ички қиёфасини, инсоний фазилатларини, шунингдек, гўзалдаги бироз кибрни кўрсатишга хизмат қилдирилган. Шоир тасвирга олган гўзал ҳуснда бебаҳо ва тенгсиздир. Унинг гўзаллигидан ошиқнинг бутун борлиғини қоплаган туйғу таҳлили лирик руҳда мисраларга сингдириб юборилади.
Кашмир шаҳрига борган шоир бир гўзалга рўбарў бўлиб, ҳусни олдида лол қолади:
Бир қамар сиймони кўрдим балдаи Кашмирда,
Кўзлари масхуру юз жоду эрур тасхирда.
Мазмуни:
Кашмир шаҳрида ойдек кўзни қамаштирувчи бир гўзални кўрдим. Кўзлари билан сеҳрлаб, юзларидаги жоду ақлу ҳушимни йўқотди.
Байтнинг дастлабки мисраларидаёқ ғазалга ой сиймоли аёл кириб келади. Сўнгра аёлнинг гўзал кўринишга сабаб бўлувчи ҳолатларни алоҳида деталлар орқали асослайди. Аёлнинг юзи-кўзида сеҳрловчи ифода борлиги бадиий ифодаланади.
Аёлнинг кўзлари табиий гўзаллиги билан эмас, балки ифодаси билан ҳам жозибали. У кўзлари билан тикилиб қараганда сеҳрловчи нур тарқалиб, ошиқни жодулайди. Ошиқ сеҳр таъсирида гўзалга боғланиб, унинг олдидан кетолмай қолади. Унинг қўлига тушиб, фақат ҳуснини  васф қилиш билан банд бўлади.
Зарра-зарра зар сочар бошига ҳар кун офтоб,
Субҳ келгач, кеча ётиб чашмаи эксирда.
Мазмуни:
Офтоб ҳар куни бошига зарра-зарра нур сочади. Эксир чашмаси (булоқ)да тун тугаб, тонг отади.
2 байтда офтоб ҳар куни гўзалнинг бошига ўзининг заррин нурларини сочиши ҳақида фикр берилади. Гўзалга нур таралиб туриши унинг юзи нурли эканлигидан далолатдир. Юзи, жисми нурга тўлган аёл ниҳоятда латофатлидир. Бу эса ҳар бир нарсани олтинга айлантириш хусусиятига эга бўлган афсонавий иксир чашмасида тун тугаб тонг отган пайтдаги олтин нурлар таралгани кабидир. Яъни гўзалнинг ўзи (иксир чашмаси) ва ундан нур тарилиши (гўзалнинг нурли юзи) ошиққа жон бахшида этади.
Бир кўриб гоҳи зақан Ҳорут ила Морут иков
Чоҳи Бобил ичра қолмишлар бўлак тадбирда.
Мазмуни: Хорут ва Морут иккови юзнинг чап қисмидаги чуқурчани кўриб, Бобил чоҳида бошқа тадбир излайдилар.
Байтдаги юзи нурга тўлган гўзалнинг кулганда ҳосил бўладиган юздаги, юзнинг ияк қисмидаги чуқурчаси янада сеҳрловчилик хусусиятини орттириб юборган. Шоир Фурқат гўзал аёл портретини яратишда навбатдаги деталь – кулдиргичга юк ортади.  Гўзалнинг кулдиргичи  шу қадар сеҳрлики, сеҳргарларнинг муқаддас даргоҳи бўлган Бобил (Вавилон) чоҳидаги сеҳргарликни ўргатувчи Хорут ва Морутлар ҳам ўйланиб қолади. Уларнинг сеҳр-жодуларидан ҳам кўра гўзплнинг сеҳрловчи кучи юқорилигини англашади ва бошқа тадбир ахтармоқчи бўлишади. Машҳур Хорут ва Морут ҳақидаги афсонага ишора бериш билан фикр бўрттириб кўрсатилади.
Ламъаи қийғоч кўзидин анинг барқи нигоҳ,
Тезлиқ жавҳарлари гар бўлса ҳам шамширда.
Мазмуни: Қийиқ, қисилган (бодом) кўзидан оқаётган шуъла яшинга ўхшайди. Худди шамширнинг тезлигидаги нурлар каби.
Байтда гўзал портретини янада мукаммаллаштириш мақсадида нигоҳнинг ўткирлигига эътибор қаратилган. Гўзалнинг мафтункорлигини оширувчи яна бир манба нигоҳининг тезлигидир. Нигоҳ ошиқнинг дилини ўртайди ва гўзал бир қараб қўйганидаёқ, ошиқнинг қалбида ёндириб юборадиган яшин каби ғулу пайдо бўлади. Бу эса шамширнинг (қилич) тезлик билан ҳаракатлантирилганда ялт этган нурнинг пайдо бўлишига нисбат қилинган.  Яъни қилич зарб билан бош кесиши мумкин. Бу эса кишининг қалбига қўрқинч солади. Қўрқинч ва ғулу бир-бирига қиёс қилиниб, гўзалнинг қудрати кучлилигига ишора қилинган.
Қоши узра ҳолининг асроридин  бир нуқтадир,
Сураи нун ўқидим пайваста ҳар тасвирда.
Мазмуни: Қошининг устидаги холи сирларидан хабар берувчи нуқтадир. Уни васф қилиш учун нур сурасини ўқидим.
Байтда гўзалнинг гўзаллик сирларидан бири қоши тепасидаги холи ва холнинг ўрнашган жойи. Шоир яратаётган аёл портретининг мукаммалигини белгиловчи навбатдаги деталь унинг холидир.
Хол бошқа миллий адабиётларда аёл гўзаллигини белгиловчи восита сифатида ишлатилиши шарт эмас. Рус ва ғарб ижодкорлари гўзаллар тасвирида холга доим ҳам мурожаат қилмайдилар. Масалан, А.С.Пушкиннинг “Евгений Онегин” асаридаги Татьяна, Л.Н.Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романидаги Наташа Ростова образларини яратишда уларнинг холларига эътибор берилмаган. Лекин ўзбек адабиётида аёлнинг юзидаги холи гўзаллигини белгиловчи асослардан бири бўлиб хизмат қилади. Масалан, А.Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида Кумуш холининг  чиройли тасвири бор. Фурқатнинг ушбу ғазалида гўзалнинг қоши устидаги холи тавсифи портретдаги аёл гўзаллигини таъминловчи деталь сифатида далилланади.  Хол маъшуқа гўзаллигини таъминловчи восита. Унинг мавжудлиги ва ўрнашган жойи Котиби қудрат – яратувчига боғлиқ. Борлиқнинг яралиши нун сурасида қайд этилади. Шу сабаб “нун” сурасидаги нун (ﻦ) ҳарфи қош ва холга ўхшатилади. Бу ўхшашлик асослари 2 та. Биринчидан, “нун” сурасида бунёдкорлик ҳақида фикр юритилиши. Иккинчидан, нун (ﻦ) ҳарфининг мавжудлиги ва унинг чиройли ифодаси. Ғазал давомида шоир иккинчи маротаба хол деталидан фойдаланган:
“Нуқта лаб устида бежодир”, -- дедим. Айтди кулиб:
“Саҳв қилмиш котиби қудрат магар таҳрирда”.
Мазмуни: Лабинг устидаги холинг бежо турибди десам, бино қилувчи котиб таҳрир қилаётган пайтда хато қилган, деди кулиб.
Олдинги байтда гўзалнинг қоши устидаги холи юзига мутаносиб тушган бўлса, лаби устдаги холи бежодир. Бу нуқта шу қадар мафтункорки, ихтиёрингдан айирмай иложи йўқ. Гўзал маъшуқа сўзлаганда лабининг устидаги холи ҳам ҳаракатланади. Ошиқнинг ҳоли танг (бежо) бўлади. Шунда маъшуқа ошиқнинг аҳволидан кулиб, бу яратувчи котибнинг хатосидир, деб жавоб беради.  Бир жойда турмай лаб устидаги холнинг қимирлаб туриши, яъни бежоланишидан.
Кейинги байтда гўзалнинг сочи таҳлилга тортилган:
Форуғ эрмас ҳеч ким у дилрабонинг ишқидин,
Зулфига дил басталиғ ҳар бир жувону пирда.
Мазмуни: дилга ором берувчининг ишқига мубтало бўлмаган инсоннинг ўзи йўқ. Ҳар бир ёшу қари унинг зулфига дил боғлаган. Бу байтдаги аёл портретини мукаммалаштирувчи соч, одатда, узун бўлади ва кўпинчау арқонга, илонга ўхшатилади. Шу сабаб Фурқат ғазалида ҳам сочнинг боғловчилик хусусиятига суянилган. Ҳар бир ёшу қарини маъшуқанинг гўзаллиги сочи орқали чирмаштирган. Ўзбек мумтоз адабиётида соч тавсифи кўплаб учрайди. Фурқат ҳам салафлари ортидан бориб, сочни ҳусн орттирувчи деталь  сифатида қўллайди.
Кейинги байтда сочнинг хусусиятлари кўпайтирилади:
Айтдим: “Эй, жон офати, зулфингга бўлмишам асир!”
Айтди: “Бул савдони қўй, умринг ўтар занжирда!”
Мазмуни: Ошиқ гўзалга, эй жоннинг офати, сочингга асир бўлдим, деса, маъшуқа ошиққа бундай савдога боғланмагин, умринг занжирда ўтади, деб жавоб беради.
Урушларда асир тушганлар бўйнига, қўлига, оёғига занжир солинган. Ғазалда ҳам рамзий маънода  ошиқни боғлаган ишқ – соч воситасида занжирланган. Яъни зулф – соч занжирга ўхшатилади. Қўл-оёғи боғлиқ ошиқ маъшуқага ўз аҳволини баён этади. Лекин маъшуқанинг жавоби аниқ. Сочимга бойлана кўрма, умринг боғланиб ўтади.  Шоир ишқли кўнгил ҳамиша занжирланган деган хотимани беради. Савол-жавоб давом эттирилиб, мавзу ўзгаргандай бўлади:
Айди: “Эй бечора, қилдинг на учун тарки Ватан?”
Ман дедим: “Ғурбатда Фурқат бор экан тақдирда!”
Мазмуни: Ватандан узоқда бўлишингнинг сабаби нимада, деб сўради. Мен айрилиқ тақдиримда бор экан деб жавоб бердим.
Ғазалнинг сўнгги қисмида ошиқнинг бечора аҳволи гўзални безовта қилади. Ўзга юртдан Кашмирга келиб қолиш сабабларини сўрайди. Ошиқ бунга очиқ жавоб беришдан тортинади. Жудоликнинг пешонага ёзилганлигини таъкидлайди. Гўзал бепарво. Ватандан жудолиғ эса унданда ёмон. Ғазал бошидан охирига қадар тазод санъати асосида қурилган. Маъшуқанинг гўзаллиги ва бепарволигига ошиқнинг ғариблиги ва беватанлиги қарама-қарши қўйилган. Тазод орқали гўзалнинг кибр-ҳавоси янада бўрттирилади. Ошиқнинг ўй ва режалари ачинарли эканлиги, бошқа Ватанда бахт тутқич бермаслиги ёритилади.
Ғазалда шоир Фурқат портрет яратиш имкониятларини кенгайтирган. Қиёсий ва тазодли тасвир фикр бериш учун қулай вазият яратган. Шоир Фурқат гўзал аёлга бўлган муносабат орқали жамият ва сиёсат ҳақидаги қарашларни маъшуқа портретига сингдирган. Бу фикр ғазалнинг сўнгги байтида, айниқса, ёрқин ифодаланган. Портрет тасвир шоир ўтказмоқчи бўлган фикрни усталик билан яширади. Ҳ.Олимжон, шеърда шоир фикрини сўнгги байтдан ахтармоқ керак, деган эди. Фурқат шоир ўзга Ватанда ошиқлик ҳам ғарибликдир, ҳатто ғарибга маъшуқа ҳам бепарводир, деган фикрни сингдиради.



ФУРҚАТНИНГ “ФАСЛИ НАВБАҲОР ЎЛДИ”  ҒАЗАЛИ ТАҲЛИЛИ (Т. Абдукаримов)

9 синф ва  академик  лицейларнинг ҳозирги адабиёт дастури талабига кўра, Фурқат лирикаси ўрганилади. Шоир лирикасининг гўзал намуналаридан бири “Фасли  навбаҳор ўлди” ғазали бўлиб, уни  ўрганиш учун  бир соат ажратиш мумкин. Унинг  режаси қуйидагича бўлади:
Режа:
1.    Фурқатнинг ҳаёт йўлини қисқа такрорлаш, лирик шеърларини эслаш.
2.    “Фасли  навбаҳор ўлди” ғазали матни устида ишлаш:
а) ғазални ҳофиз Таваккал Қодиров ижросидаги матнини лентадан қўйиб эшиттириш;
б) шеърни ўқувчиларга ифодали ўқитиш, паузаларини изоҳлаш;
в) шеър матнидаги қийин сўзлар маъносини тушунтириш.
3.  Шеърнинг ғоявий  мазмуни ҳақида маълумот  бериш.
4. Шеърнинг бадиий хусусиятлари  (қофия, жонлантириш ва вазн) юзасидан суҳбат.
5. Суҳбатни якунлаш ва хулосалаш.
Режага кўра, дарс аввал ўтилган мавзу Фурқат ижоди ва унинг  ўзбек мумтоз адабиётида  тутган ўрни бўйича фикрлашдан бошланади. Бунда 1Х синф дарслигидаги савол ва топшириқлардан   фойдаланилади. Ўқувчилар жавоби хулосаланади.
Шундан кейин янги мавзу эълон қилинади. Кейин эса “Фасли  навбаҳор ўлди” ғазали асосида Т.Қодиров ижро этган ашулани            лентадан қўйиб эшиттирилади, кейин матнни 2-3 ўқувчига ўқитиб кўрилади, сўнгра матндаги тарихий сўзлар луғати устида иш олиб борилади.   Бу жараёнда хуррам-шод, яшнаган; абри найсон-баҳордаги булут, настаран – оқ гул, ёсуман -  ёйсуман, эгилган; савсан -  гулсафсар, зимистон -  қиш, субҳ – тонг пайти, гирибон – кийим ёқаси каби сўзлар ўқувчилар томонидан аниқланади, ўқитувчи томонидан изоҳланади.
Шундан сўнг, шеърнинг ўқилиши ҳамда паузалари устида иш олиб борилади. Бу жабҳада ўқитувчи қуйидагиларни  таъкидлайди:
Аруз вазнида ёзилган шеърларни ўқишда паузага алоҳида эътибор берилади. Масалан:

Фасли навбаҳор ўлди,// кечибон зимистонлар,//
Дўстлар,//ғаниматдур,//сайр этинг гулистонлар//.
Субҳидам тушиб шабнам,// бўлди сабзалар хуррам//,
Гул уза томиб кам-кам,// ёғди  абри найсонлар//.

Биринчи, учинчи, тўртинчи мисралар икки паузадан, иккинчи мисра эса уч паузадан иборат, яъни 1, 3, 4-мисралардаги 1, 2-паузалар 7 бўғиндан (2=7+7), иккинчи мисра уч  паузадан иборат бўлиб, биринчи пауза 2, иккинчи пауза 4, учинчи пауза 7 (3=2+4+7) бўғин ёки   ҳижодан иборат.
Ўқитувчи ифодали ўқишдаги бу қоидаларни ўқувчиларга тушунтиргач, шеърни қоидага риоя қилиб ўзи  ўқийди, бир неча ўқувчига  ўқитади. Натижада асарнинг   мазмуни  ўқувчиларга ўзлашиб боради.
Ана шундан сўнг, ўқитувчи ушбу асарнинг ғоявий мазмуни билан қуйидагича   таништиради:
Муқимий ва Фурқат хассос шоир бўлганлар, улар ватан          табиатини, хусусан, баҳор фаслини севганлар; табиатнинг  гўзал манзараси бу икки шоирга илҳом, завқ-шавқ бағишлайди.
Бу фаслда Фарғона водийси гул боққа айланади, Ўзбекистон чаманларга   кўмилади, лекин бу ўлканинг ажнабийлар қўлида эканидан шоирлар афсусланадилар. Ўлкада тенгсизлик ҳукм суради. Уларнинг кўз ўнгида аввало баҳор гўзаллиги гавдаланса, иккинчи томондан халқнинг оҳу фарёди, алам-дарди намоён  бўлади. Дейиш мумкинки, улар Туркистонни мустақил кўриш  орзуси билан яшайдилар. Бундай қарама-қаршилик   Фурқат ижодига кучли таъсир этади ва бу зиддиятни ўз ижодида акс эттиради:
Фасли навбаҳор ўлди,  кечибон зимистонлар,
Дўстлар, ғаниматдур, сайр этинг гулистонлар.
Субҳидам тушиб шабнам,  бўлди сабзалар хуррам,
Гул уза томиб кам-кам,  ёғди  абри найсонлар.
Шоир баҳор гўзаллигидан мамнун бўлади, халқни бу гўзалликдан  баҳраманд бўлишга  чақиради:
Куймасун бу водийда  не учун  димоғимким,
Ранжу ғуссада  доно, кечса шод нодонлар.
Бу сатрларда нодонларнинг шодлиги, доноларнинг ўша даврдаги қайғу аламга дучорлигидан шоир қайғурмоқда.
Ўқитувчи мазкур шеърни  таҳлил қилаётганда, унинг қофиясига ҳам эътибор бери ши, ғазал мисралари охирида келган қофиялар билан бирга, ички қофиялар ҳам мавжудлигини тушунтириши лозим. Байтдаги “зимистонлар”  билан “гулистонлар”, “найсонлар” билан “сронлар” сўзлари қофиядошдир. Лекин юқоридаги байтда  ички қофия  ҳам бор. Масалан, шабнам кам-кам, юзни-кўзни сўзлари   ички қофиядир. Бундай ички қофиялар шеър мазмунининг бўртиб туриши, мисраларнинг  оҳангдор бўлишини таъминлайди.
Шоир шеърнинг гўзаллигини, таъсирчанлигини ошириш учун ажойиб бадиий воситалардан фойдаланади. У дастлаб гўзал жонлантириш яратади. Бу жонлантириш шеърга бадиий латофат, мусиқийлик бағишлайди. Шеър мисраларидаги “сабзалар”, “настаран”, “наргис”, “хуррам”, “ювиб юзни”, “очибон кўзни интизори ёронлар” сингари сўз ва бирикмалар орқали кўкаламзор ва гуллар жонлантирилади.
Шунингдек,     шоир булбул, ғунча ва гулнинг ажойиб образларини яратади:
Булбул  ўқиғоч йиғлаб субҳидам хазон фаслин,
Ғунча қон ютуб, юз чок этди гул гирибонлар.
Бундай мажозий маънолар шоирнинг юксак маҳоратидан дарак беради.
Ўқитувчи шеърнинг вазни хусусида ҳам маълумот беради. Фурқат бу ғазални  арузнинг ҳажаз мусамман  аштар  вазнида ёзганлигини таъкидлайди, вазн схемасини доскага ёзиб кўрсатади:   – v – v – – –
–    v – v – – –
Фоилун мафоилун, фоилун мафоилун эканлигини уқтирди. Шундан сўнг, ўқитувчи шеърнинг бир-икки мисрасини вазнга уйғунлаштириб таҳлил намунасини кўрсатади. Уйга  вазифа қилиб, шеърнинг икки  байтини вазнга мувофиқ таҳлил қилишни топширади.
Шуни таъкидлаш жоизки, шеър матни устида ишлаш жараёнида ўқитувчи  ўқувчиларни кўпроқ жалб этмоғи лозим. Бу эса янги  педагогик технологиянинг  бугунги  кундаги талабларидан биридир.