Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий узбек маданиятининг йирик намояндаларидан бўлиб, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Авлоний, Боту, Ғулом Зафарий каби атоқли санъаткорлар билан бир сафда туришга муносиб ижодкор. Ҳамза ҳам улар каби халқнинг миллий уйғонишида, янги узбек адабиётини барпо этишда катта жонбозлик кўрсатган ва улар каби мустабид тузумнинг курбони бўлган.
Тўғри, унга "миллатчи", "пантуркист", "халқ душмани", "буржуа мафкурачиси" деган тавқи лаънатлар ёпиштирилгани йўқ; уни маъмурий идораларга чақириб сўроқ қилмадилар, таҳқирлаб, қийнокларга дучор қилиб, дўзах азобини бошига солмадилар. Ҳамма энг сара зиёлилар қатори сургун қилингани ёки НКВД ертўлаларида отиб ташлангани йўқ. Аксинча, 1929 йилда Шоҳимардонда кўзи қонга тўлган ваҳший оломон қўлида ҳалок бўлганидан кейин кўп ўтмай Ҳамза йирик шўро ёзувчиси сифатида улуғлана бошлади. Ҳаётлигида етти ухлаб тушига кирмаган иззат-икромни у ўлганидан кейин кўрди. Эллик йил мобайнида унинг шаънига айтилмаган мақтов қолмади. Бу ҳамдусаноларга қараб ҳукм қилса, Ҳамзанинг малоикалар сафидан ўрин олишига бир баҳя қолганди — бунинг учун унинг икки кураги устига бир жуфт канот қўндириб куйса кифоя эди. Мабодо мўъжиза рўй бериб, Хамза тирилиб қолса, театр саҳналарида, кино экранларида, бадиий асарлар саҳифаларида ўзини кўриб, "илмий" тадқиқотлар, китоблар, мақолалардаги баландпарвоз гапларни ўқиб, ўзини таниёлмай қолиши муқаррар эди. Шу зайлда шўро мафкураси Хамзани оқкигизга ўтқазиб, эгасиз колган адабиёт тахтига чиқариб қўйди. Хўш, нега энди Хумо куши келиб-келиб айни Хамзанинг бошига қўнди? Бунинг сабабини англамоқ унча қийин эмас. Большевиклар ҳокимият тепасига келгач, зиёлиларга нисбатан алмисоқдан қолган "қамчи ва ширин кулча" сиёсатини қўллади. Бу сиёсатга кўра зиёлиларнинг бир қисми кувғинга учради, зиндонларга ташланди. Оммавий қатлиом қилинди, мамлакатдан кувилди, иккинчи қисмининг эса пешонаси силанди, турли-туман рағбатларга, шўровий имтиёзларга кўмилди. Биронтаси бехосдан "Қирол яланғоч-ку!" деб юбормаслиги учун шўро ҳукумати уларни алдаб-сулдаб, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиришга мажбур эди.
30-йилларнинг ўрталарида Октябрь инқилобининг 20 йилдигини нишонлашга тайёргарлик бошланди. Бирок маълум бўлдики, мафкура соҳасида зудлик билан бартараф қилмаса бўлмайдиган ўпқонлар бор экан. "Инқилоб ҳамма миллатларга янги ҳаёт олиб келди, уларнинг адабиёти, санъатини яшнатди" деб жар солинади. Албатта, ўзбеклар ҳам бундам бенасиб қолгани йўқ. Аммо қани ўша гуллаб-яшнаган янги адабиёт? Қани уни барпо этаётган удабо-ю шуаро? Дзержинский шоввозлари енг шимариб ишга киришмасии экан — азаматлар қизишиб кетиб, вазифаларини юз чандон ошириб бажаришипти: бошқа халқларники каби ўзбек адабиётида ҳам уч-тўртта ёш-ялангни айтмаса, ёзувчи зоти қирилиб кетипти. Ахир, инсоният тарихи-да янги саҳифа очган Октябрь инқилоби ғалаба қилган бўлса-ю, биронта ўзбек шоири уни қувонч билан қарши олиб, олқишламаган бўлса, шўролар шаънига икки оғиз илиқ ran айтмаган бўлса? Буни қандай изоҳлаш мумкин? Ҳолбуки, хар бир миллий адабиётда халқ номидан Октябрни қутлаган ИНҚИЛОБ КУЙЧИСИ бўлмоғи керак. Бунақа куйчи бўлмаса, уни янгидан ясаш керак... Хуллас, ўша йилларда бу ролга Ҳамзадан муносиброқ одам топилмади. Шундай қилиб, шоирни ўзлигидан махрум қилиб, оддий бир қўғирчоққа айлантириш жараёни бошланди. Бошқача айтганда, ўз вақтида омади келиб, шўроларнинг қатли омидан омон қолган Ҳамза кейинчалик ҳукмрон мафкура манфаатлари йўлида қурбон қилинди.
30-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ҳамза хақида кўплаб китоблар ёзилди, юзлаб мақолалар пайдо бўлди, беҳисоб маърузалар ўқилди, нутқлар ирод этилди. Албатта, уларнинг теранлиги, савияси ҳар хил эди, лекин уларни бир-бириға яқинлаштирадиган муштарак томони ҳам бор эди: уларнинг ҳаммасида Ҳамза шаънига айтилган мақтовлар муттасил кўтарилиб борарди. Аммо таассуфли томони шунда эдики, мактовларнинг аксарияти реал заминга эга эмас эди. Албатта, эллик йил мобайнида ҳамзашунослар шоир ижодини ўрганишда муайян самараларга эришди — Ҳамза биографияси батафсил ўрганилди, архиви тавсиф этилди, мероси аниқланди, йўқолган ҳисобланган баъзи асарлари топилди. Аммо шу билан бирга Ҳамза ҳақида кўплаб мифлар, ҳақиқатдан узоқ афсоналар, ёлғон-яшиқ гаплар ҳам тўқилдики, уларда Ҳамзанинг асл қиёфаси батамом бузиб кўрсатилди. Табиийки, бу ёлғоннинг энг каттаси шоирнинг Октябрь инқилобига муносабати масаласида тўқилган эди. "Бир ёлғонда қирқ ёлғон" деганларидск, Ҳамза тўғрисидаги бошқа ёлғонлар шундан бошланган. Турли шаклларда, турлича эҳтирос ва жўшқинлик билан олға сурилган қарашларга кўра Ҳамза инқилобдан олдиноқ коммунистик дунёқараш тугал шаклланиб етган изчил марксист бўлган, большевиклар сиёсатини чуқур англаб, уни ўз эътиқодига айлантирган. Аммо Ҳамза ҳақидаги асарларнинг ҳеч қайсисида шоирнинг марксистик дунёқараши моҳиятан нималарда намоён бўлиши ва қайси манбалар асосида шакллангани ҳақида лом-мим дейилмайди. Дарҳақиқат, инқилобдан олдин (ва ҳатто инқилобдан кейин ҳам) Ҳамза Маркс асарларини мутолаа қилганми? Мутолаа қилган бўлса, қайси тилда? Уларни қаердан олган? Ленин асарларини-чи? Ёки шоирдаги коммунистик эътиқод кўча намойишларида, митингларда айтилган хитоб ва шиорлар таъсирида шаклланганми? Бундай дейилса, Ҳамзанинг инқилобдан олдин биронта намойиш ёки митингда қатнашгани ҳақида бирон бир материал йўқ. Савол кўп, лекин тадқиқотчиларнинг ҳеч қайсиси бунақа саволларга жавоб беришга уринган ҳам эмас. Улар учун Ҳамзанинг инқилобдан олдиноқ изчил марксист бўлиб етилгани шубҳа туғдирмайдиган факт. Шундоқ бўлгач, Ҳамза, албатта, Октябрни биринчи қадамлариданоқ зўр шодиёна билан кутиб олади-да! Тадқиқотчилар бу билангина чекланмайди. Уларнинг таъкидлаши-ча, Ҳамза умрининг охиригача шўро шоири сифатида садоқат билан ижод қилган ва ҳатто ўзбек адабиётида биринчи бўлиб социалистик реализмни жорий этган. Шўро адабиётшунослигида бу қараш шу қадар илдиз отиб кетган эдики, ҳатто ошкоралик ва қайта қуриш йилларида коммунистик мафкура остин-устун бўлиб кетган шароитда ҳам сира ўзгаргани йўқ. Ҳамза таваллудининг юз йиллиги муносабати билан тайёрланган ва 1988 йилда чоп этилган "Ҳамза Ҳакимзода ижоди проблемалари" деган китобда шундай дейилади:
Ҳамза "ижтимоий фаолияти ҳам бадиий ижоди билан социалистик революцияни олқишлаган янги тип санъаткор ва шу характери билан совет ёзувчиси қанақа бўлиши кераклигини ёрқин намойиш қилувчи ажойис шахс эди".
Муаллиф давом этиб, фикрини чуқурлаштиради: "Коммунистик партия сиёсатини Октябрь инқилоби арафасидаёқ ўзининг ижтимоий эътиқоди деб кабул қилган шоир умрининг охиригача унга содиқ колди ва бутун кобилиятини Ленин партиясининг адолатли ишига башлади".
Ҳамза ҳақидаги бундай қарашда илмдан кўра сиёсат кучли, мантикдан кўра эҳтирос ва ҳаяжон устун. Бу қараш илмий умумлашмадан кўра минбардан туриб қўлни паҳса қилиб айтиладиган шиорга ўхшайди. Аслида ҳам шундай — у юқоридан туширилган партиявий кўрсатмадан ўзга нарса эмас, бинобарин, унга шак келтириб бўлмайди, уни тахлил қилиш эмас, балки қимматли дастуриламал сифатида қабул қилиш керак. Шунинг учун ўзбек адабиётшунослари бу кўрсатмани бемустасно ҳамзашуносликнинг "бисмилло"сига айлантириб олдилар, яъни уни Ҳамза ижоди билан боғлик ҳамма муаммоларни ҳал қилиб берадиган методологик калит қилиб бўйнига осиб олганлар. Улар Ҳамза ижодининг қай муаммоси ҳақида мулоҳаза юритмасин, бутун тахдилни Шу тезисга мослаштиришга ҳаракат қилишарди. "Ҳамза — инқилоб куйчиси" деган гan ярим аср давомида такрорлана-такрорлана бадан-баданларимизга шу қадар сингиб кетдики, "Ҳамза инқилобчи шоир бўлган эмас" деган гапни эшитиш биланоқ ич-ичимизда унга қарши алланечук норозилик уйғонади, ҳар қандай мантиқий далиллардан кўз юмамиз-да, ўзимиз учун ардокли бўлган эски ақидаларимизни ҳимоя қилиш йўлларини излай бошлаймиз. Аммо ҳаётий фактлар асосида объектив фикр юритадиган бўлсак, ўша даврдаги ҳақиқий вазиятдан келиб чиқиб ҳукм қиладиган бўлсак, бир қатор сабабларга кўра Ҳамза Ҳакимзода ва нафақат Ҳамза, балки ўша йилларда қоматини тиклаб олган бошқа кўпгина ўзбек зиёлилари ҳам Октябрь инқилобининг "оламшумул" аҳамиятини, меҳнаткаш омма такдирида ўйнаган "ижобий" ролини англаб етиши мумкин эмас эди. Шундоқ экан, ўзбек зиёлилари Октябрь инқилобини биринчи қадамлариданоқ чексиз шод-хуррамлик билан кутиб олиб, унинг шаънига олам-олам ҳамду санолар ўқиши, мадҳиялар ёғдириши мумкин эмас эди. Мен бу билан ўзбек зиёлиларини камситмоқчи, ижтимоий фаолиятларини ерга уриб, иқтидорларини, акл-заковатларини шубҳа остига олмоқчи эмасман. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори, Фитрат, Абдулла Авлоний, Убайдуллахўжа Асадиллахўжаев, Сидқий Хондайлиқий каби зиёлилар ўзларининг теран ва илғор фикрли одамлар эканини, ижтимоий ҳаётдаги тамойиллар ва йўналишларни тўғри идрок эта билишларини неча марталаб исбот қилишган. Масалан, Мунаввар қори 1905 йилдаёқ матбуотда эълон қилинган мақолаларида социал-демократларнинг синфий кураш ҳақидаги қарашларини кескин қоралаб чиққан ва бу назария фақат биродар-кушликка олиб бориб, жамиятни боши берк кўчага киритиб қўйишини таъкидлаган эди. Ёки Сидқий Хондайлиқий 1917 йилда "Русия инқилоби" деган достон ёзиб, унда чоризм тузумини чуқур таназзулга олиб борган ижтимоий сабабларни очиб берган, турли тоифалар ўртасидаги сиёсий кураш манзараларини ҳаққоний чизиб берганди. Шуларга қарамай, Мен ўша даврда ўзбек зиёлилари "большевиклар ғояларини қабул қила олмас ва Октябрни қабул қилаолмас эди" деяётган эканман, бунинг боиси бор, албатта.
Аввало бир саволга жавоб берайлик, хўш, большевиклар партияси инқилоб арафаларида ва бевосита инқилоб кундарида халқ ўртасида кенг шухрат қозонган, омма томонидан, яъни "эзилган меҳнаткашлар" томонидан қўллаб-қувватланган партия эдими? У турли ижтимоий табақалар ўртасида обрў қозониб, бирон салмокли мавқега эга бўлганми? Бу савол айрим одамларга ғайритабиий туйилиши мумкин — ахир, шу ҳам савол бўлдими? Большевиклар биринчи қадамданоқ халқ манфаатлари учун курашган, шунинг учун бутун Россия империясида кенг халқ оммаси томонидан қўллаб-қувватлангани ҳаммага маълум-ку! Уларнинг шуҳрати зўр бўлганига шубҳа қилиш керак эмас. Бироқ бундай қараш шўро замонида ҳамманинг қулоғига мажбурлаб қуйилган гапларнинг оқовасидан, эскича фикр юритиш оқибатидан ўзга нарса эмас. Маълумки, 1938 йилдан бошлаб ёшу қари барча совет халқи тарихни "ВКП(б) тарихи. Қисқа курс" деган китоб бўйича ўқиб ўзлаштиришга мажбур эди. Китоб Сталиннинг кўрсатмаси билан ёзилган ва унинг таҳрири остида чоп эттирилган бўлиб, унда партия тарихи очикдан-очиқ сохталаштирилган эди. Аммо бу ҳақиқат ошкоралик даврида — 80 йиллар ўртасидагина аён бўлди. 60 йилларга қадар эса бу китоб шўроларнинг муқаддас китобига айланган, одамлар унга сажда қилишга мажбур этилган эди. Унинг ҳар бир жумласи мутлақ ҳақиқат ҳисобланарди. Ҳукмрон мафкура фақат бу китоб эмас, бошқа воситаларни ҳам ишга солиб, одамларда большевиклар партиясининг улуғлиги ҳақидаги тасаввурни сусайтирмасликка ҳаракат қиларди. "Ленин Октябрда", "Ленин 1918 йилда" каби фильмлар ва яна бошқа юзлаб бошқа жанрдаги асарлар шу мақсадга хизмат қилган. Ана шундай ашаддий ва узлуксиз ташвиқот тазйиқида фикри шаклланган одамлар большевиклар партияси инқилобдан аввал ҳам, инқилоб йилларида ҳам, ундан кейин ҳам умумхалқ муҳаббатини қозонган, катта обрў-эътиборга эга бўлган деб ўйлашган. Ҳолбуки, кейинги 15 йил ичида эълон қилинган тарихий ҳужжатларнинг гувохлик беришича. кенг халқ оммаси 1917 йилнинг 25 октябрига қадар большевиклар партияси тўғрисида деярли ҳеч нарса эшитган эмас, уларни қўллаб-қувватлашни эса етти ухлаб тушларида ҳам кўрган эмас. Бу фикрни тасдикдовчи ўнлаб далиллар келтириш мумкин. Биргина мисол билан чекланаман.
"Адабиёт қомуси"нинг биринчи нашрига Бош муҳаррир бўлган, ҳозиргача илмий-марифий қимматини йўқотмаган ўнлаб тадқиқотлар муаллифи, кейинчалик НКВД ертўлаларида махв этилган йирик адабиётшунос В.П.Полонский 1929 йилда чоп этилган "Инқилобий давр адабиёти очерклари (1917—1927)" деган китобида ёзишича. 1917 йил июнь ойида Советларнинг Биринчи қурултойида Ленин нутқ сўзлаб, "ҳозирги пайтда ёлғиз большевиклар партиясигина давлат ҳокимиятини қўлга олишга қурби етади" деганида бутун зал қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборган экан. Мажлисни бошқараётган Ф.А.Керенский анчагача зални тинчитолмагач, Лениннинг гапига "бунақа партия йўқ" деб изоҳ берган экан. Тўғри, орадан беш ой ўтар-ўтмас кўпчиликка унча таниш бўлмаган бу партия қуролли тўнтариш оқибатида ҳокимият тепасига келади. Аммо бу ҳол ўша пайтда большевиклар партияси жамиятда катта нуфузга эга бўлганидан эмас, балки Вақтли ҳукуматнинг уқувсизлиги, журъатсизлиги ва бекарорлигидан далолат беради, холос. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг — инқилобдан 4—5 ойгина олдин империя пойтахтида яъни Санкт-Петербургда кўпчиликка яхши таниш бўлмаган бир партияни Россиянинг авлоқ ўлкаси ҳисобланмиш Туркистонда шоирлар билиб, ғояларини ўзлаштириб, қуролли тўнтаришини шоду хуррамлик билан кутиб олиши мумкинмиди? Юқорида номи зикр этилган Сидқий Хондайлиқий "Русия инқилоби" деган достонида инқилобни келтириб чиқарган сабаблар, уни амалга оширган ижтимоий кучларни кенг кўрсатган. Шоир, айниқса Русия империясидаги 1916—1917 йиллардаги вазиятни батафсил тасвирлайди, ҳатто рус давлатини бутун Европа назарида шармандаи шармсор қилган Григорий Раступиннинг кирдикорларини ҳам четда қолдирмайди. Аммо жамиятдаги хар бир салмоқли ҳаракатни сезгирлик билан илғаб олган бу синчков шоир достонида большевиклар ҳаракати тўғрисида тузукроқ маълумот бермайди. Шу фактнинг ўзиёқ большевикларнинг "шухрати" қандоқ бўлганини яққол кўрсатиб турипти. Шунинг учун Ҳамза ва бошқа ўзбек зиёлилари "инқилобдан олдиноқ унинг ғояларини қабул қилган ва инқилобни зўр мамнуният билан кутиб олган" деган фикрда ҳақиқатдан кўра муболаға кучли. Умуман, Ҳамза Ҳакимзоданинг 1917 йил мобайнида большевиклар томонида туриб, инқилоб ғалабаси учун кураш олиб борганини тасаввур қилиш анча қийин. Тўғри, бундай қараш тарафдорлари Ҳамзанинг 1917 йил сентябрь ойида ўтган Таъсис мажлисига сайловда фаол қатнашганини ва унда тўртинчи рўйхатга овоз беришга тарғиб қилганини айтишади. Маълумки, ўша сайловда большевиклар тўртинчи рўйхат орқали ўтиш-ган. Бироқ айни шу рўйхатда большевиклар билан бирга мусулмон меҳнаткашлар иттифоқи ҳам қатнашган эди. Хўш, ўшанда Ҳамза тўртинчи рўйхатдаги большевиклар номзодини қўллаганмиди ёки мусулмон меҳнаткашлар иттифоқи учун овоз беришга даъват этганмиди? Бу саволга аниқ жавоб йўқ.
Шу ўринда яна бир нарсага эътиборни жалб қиламан — ҳадемай содир бўладиган Октябрь инқилобини "шоду хуррамлик билан" кутиб олиши керак бўлган Ҳамза 1917 йилнинг октябрь ойида инқилобий фаолият майдонини тарк этади ва алғов-далғовлардан анча нарида бўлган Туркистон шаҳарига кетади. Тадқиқотчи Ғ.Мўминовнинг аниклашича, Ҳамза Туркистонда 1918 йил март ойининг охиригача хусусий муаллимлик билан шуғулланади. Албатта, ҳаётдаги бирор ҳодисага муносабат билдириш учун, уни қувватлаш ёхуд рад этиш учун одам бу воқеалар жараёнида шахсан иштирок этиши шарт эмас. Ҳамза ҳам олисдан туриб, Октябрь инқилобини "шоду хуррамлик билан" кутиб олиши мумкин эди. Аммо Ҳамза архивида сақланиб қолган ҳужжатларда ва бошқа материалларда буни исбот қиладиган ишончли далилни учратмаймиз.
Маълумки, большевиклар Тошкентда ҳокимият тепасига 1917 йил 31 октябрь куни келган. Бироқ совет ҳокимияти учун курашда Ҳамза Ҳакимзода бевосита иштирок этмаганидек, бошка ўзбек зиёлилари ҳам қатнашган эмас. Кейинчалик большевиклар шуни рўкач қилиб, бир неча муддат мобайнида маҳаллий миллат вакилларини давлатни бошқаришга яқин йўлатишган эмас.
Хуллас, большевиклар қуролли тўнтаришда ғолиб чиққан бўлсалар-да, бу уларнинг довруғига довруғ қўшгани йўқ — ўзининг тирикчилиги билан андармон бўлган халқ оммаси яна анча вақтгача уларга нисбатан лоқайд ва бефарқ қолаверади.
Шунинг учун "ўзбек шоирлари ва биринчи навбатда, албатта, Ҳамза Ҳакимзода биринчи кунданоқ инқилобни севинч билан кутиб олди ва зўр кўтаринкилик билан унинг ғояларини тараннум этди" деган гапни кейинчалик ҳукмрон мафкура тазйиқида тўқиб чиқарилган афсона деб қараш керак.
Шу ўринда китобхонда жиддий эътироз туғилиши мумкин — ахир, Ҳамзани "инқилоб куйчиси" деб атайдиган адабиётшуносларнинг ҳаммаси ўз фикрини исботловчи далил сифатида шоирнинг маълум ва машҳур инқилобий шеърларини келтиради-ку? Ахир, Ҳамзанинг ўзи ўз оғзи билан "Яша Шўро!", "Битсин золим бойлар!", "Қурамиз янги турмушни жаҳон ичра" дея ҳайқирган-ку? Унинг чиндан ҳам инқилоб шоири бўлганига бундан ортиқ яна қандай далил керак? Дарҳақиқат, бу эътироз ғоят асослидай, ҳеч нарса билан рад қилиб бўлмайдигандай кўринади. "Яша Шўро", "Ҳой, ишчилар", "Ишчилар, уйғон!", "Биз ишчимиз", "Ҳой, ҳой отамиз" каби шеърларда муайян инқилобий руҳ бор — шоир чинданда "эзилган мехнатчилар"-нинг ёруғликка чиқишини истайди. Бунинг учун уларга ўз эркини қўлга олишга, "қонхўр қорин бойлар"га қарши курашга чақиради. Бундай чақириқлар инқилоб хитобларига ҳамоҳанг. Хўш, шундоқ экан, бу шеърларни ҳеч иккиланмасдан Хамзанинг большевикларга муҳаббати ва янги тузумга садоқатининг рамзи деб қараш мумкин эмасми?
Бир қарашда бу саволга ижобий жавоб бериш мумкиндай кўринади. Бироқ масалага Ҳамзанинг ғоявий эволюцияси нуқтаи назаридан қаралса, "инқилобий шеърлари"ни алоҳида ажратиб олмай, лоақал уч-тўрт йиллик ижоди бағрида текшириладиган бўлса, аён бўладики, юқоридаги саволга дабдурустдан ижобий жавоб бериш қийин.
Гап шундаки, халқнинг оғир қисматини ўйлаш, унинг эркин ва фаровон келажагини қўмсаш, шу олижаноб ниятни амалга ошириш йўлларини излаш Ҳамза ижодида инқилоб йилларида эмас, анча олдин намоён бўлган. Қолаверса, бундай ғоявий йўналиш биргина Хамза эмас, балки жамики жадид шоирларининг ижоди учун ҳам характерли эди. Улар, айниқса. халқни мислсиз асоратга солган, жаҳолат ва нодонлик зулматида тутиб турган чор амалдорларидан қаттиқ нафратланар эдилар. Шунинг учун тараққийпарвар узбек зиёлиларининг ҳаммаси оқ подшони тахтдан воз кечишга мажбур қилган феврал инқилобини халққа чинакам ҳуррият олиб келган инқилоб деб ўйладилар. Аммо уларнинг умидлари рўёбга чиқмади — Керенский бошлиқ Муваққат ҳукумат даврида моҳиятан ҳеч нарса ўзгармади — халқнинг кўкрагига шабада тегмади. Зиёлилар яхши кунларни кутишда давом этдилар. Ниҳоят, 1917 йил 25 октябрда большевиклар ҳокимиятни қўлга олди. Улар даври-даврон сурган кезларда халқ кўзидан яшириб келган ғаройиб хислатлари бор экан — ўз хокимиятларини мустаҳкамлаш йўлида большевиклар ҳеч қандай фирибгарликдан, ҳар қандай виждонсизликдан қайтмас экан. Улар хеч қанча хижолат чекмай, ўзларини меҳнаткаш халқнинг якка-ю ягона ҳомийси ва ҳи-моячиси деб атадилар, биронта халқ вакили билан маслаҳат қилмай, уларнинг хоҳишлари-ю қарашларини назар писанд қилмай, ҳамма ишларини халқ номидан қилдилар, шўро ҳокимиятининг бирдан-бир мақсади халққа бахт-саодат келтириш, уни тўқ ва фаровон қилиш деб эълон қилдилар. Ҳатто бу йўлда дастлабки паллаларда одамларнинг орзу-истакларига мос келадиган декретлар ҳам эълон қилдилар. "Ер — деҳқонларга! Завод, фабрикалар ишчиларга! Халкларга — тинчлик! Мазлумларга — озодлик!" Нақадар жозибадор гаплар! Ҳаётини ана шу олижаноб идеалларга бағишлаб келган, бу йўлда қанчадан-қанча таъқибларга учраб, муҳтожликлар кўрган зиёлилар учун бу декретлар айни муддао эмасмиди? Айни шу ниятлар билан ижодини нурлантириб келган Ҳамза нечук "Яша шўро!" демасин? Нечук ишчиларни уйғотишга, ўз эрки учун курашга чақирмасин? Шуни ҳам айтиш керакки, бу хитоблар сеҳрига учраган биргина Ҳамза эмас эди. Ҳатто Чўлпон ҳам ўша йилларда ишчиларнинг қонидан қизарган қизил байроқни алқаб оташин шеърлар яратди. Ҳа, шоирлар ҳам одам — улар ҳар қанча зийрак, ҳар қанча зеҳни ўткир, зукко бўлмасин, баъзан алданадилар, устомонлик билан қурилган макр тузоғига илинадилар. Ўйлайманки, кўп йиллар давомида бизга "инқилобий шеърият" тарзида такдим этиб келганлари аслида Ҳамзанинг ана шундай мудҳиш алданиши оқибатида туғилган эди. Ҳамзанинг олижаноб идеаллари, миллатнинг истиқболи ҳақидаги ўйлари 1917 йилда большевикларнинг шиорларига, баландпарвоз хитобларига мос келиб қолди ва шу туфайли шоир бир даста "инқилобий" шеърларини яратди. Албатта, улар ҳали сўз санъатининг ноёб намуналари даражасига кўтарилган эмас эди, аммо муайян даражада юракдан чиққани, яъни самимият билан ёзилгани учун таъсир кучидан ҳам маҳрум эмасди.
"Ҳамза ва инқилоб" муаммосида шўро адабиётшунослиги олға сурган қарашларда эътироз туғдирадиган яна бир жиҳат бор. Бу шундаки, гўё Ҳамза "Октябрни севинч билан қарши олгандан сўнг" умрининг охиригача унга содиқ қолган ва унинг ғалабаларини мустаҳкамлаш учун фидокорлик билан курашган эмиш. Бу фикрга ҳам қўшилиб бўлмайди. Бу қараш ҳам ҳар нима қилиб бўлса-да, Ҳамзадан намунали шўро шоири ясаш учун тўқилган ва шоирни ўзлигидан маҳрум қилишга қаратилган.
Далилларга мурожаат қилайлик. Большевиклар давлат тепасига келгач, халқ оммаини ўз ҳокимиятини тан олишга мажбур қила бошладилар. Бунинг учун улар зўравонликни ишга солди-ар, халқни қўрқитиб, иродасини синдириш учун оммавий қирғин йўлидан бордилар. Большевиклар авж олдирган "кизил" террор зиёлиларнинг кескин норозилигига сабаб бўлди. A.M.Горький, Г.В.Короленко, И.Н.Бунин каби дунёга танилган адиблар большевиклар сиёсатини қаттиқ қораладилар. Рус зиёлиларининг аксарияти норозилигини билдириш ва қонли қирғиндан сақланиш учун тарки ватан қилиб хорижга қочди. Туркистонда ҳам шу аҳвол юз берди — большевиклар ҳокимият тепасига келгандан кейин икки-уч ой ўтмасданоқ уларнинг ҳақиқий башараси фош бўлди — улар тилидан бол, қамчисидан қон томадиган, ҳокимиятни қўлдан чиқармаслик учун ҳеч канака ёвузликдан, ҳатто жиноятдан кайтмайдиган одамлар экани кўриниб қилди. Масалан, инқилобнинг биринчи кунларида Лениннинг тили билан Туркистон халқларига озодлик ва мустақиллик ваъда қилган большевиклар 1918 йилнинг бошидаёқ Туркистон мухториятини ваҳшиёна тор-мор келтирди, уч кун давомида Қўқонда мислсиз қирғин ясаб, тинч аҳолидан ўн минг кишининг ёстуғини қуритди, кейин бошланиб кетган фуқаролар урушида Фарғона кўчаларида халқ қони дарё бўлиб оқди. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бундай ваҳшийликларни кўрган шоирлар шундан кейин ҳам большевиклар шаънига мадҳия ўқиб, олқишлар ёғдириши мумкинмиди? Халқнинг аҳволи чоризм давридагига қараганда мутлақо ўзгармаганини, Туркистон ҳамон тутқинлик ва эрксизлик асоратида эканини, большевиклар маҳаллий аҳолини назар писанд қилмай, унга паст назар билан қараб, шовинистик сиёсат юргизаётганини кўриб, кўпгина адиблар ва шоирлар аксилинқилобий мазмунда асарлар ёза бошладилар. Ҳамза Ҳакимзода ҳам бу тамойилдан бутунлай четда қолмади.
1918 йил 11 январь куни, яъни инқилоб ғалабасидан икки ярим ой ўтар-ўтмас "Улуғ Туркистон" газетасида Ҳамзанинг "Туркистон мухториятина" деган шеъри босилиб чикди. Қирқ беш мисрадан иборат бу шеър мухаммас шаклида ёзилган бўлиб, ҳар бандининг сўнггида
Қутлуғ бўлсин Туркистон мухторияти!
Яшасун энди бирлашиб ислом миллати!
деган хитоб нақорат тарзида такрорланиб келади. Шеърнинг бирон жойида Октябрь инқилоби, Шўро ҳукумати ёки большевиклар партияси ҳақида бирон оғиз гan йўқ. Аксинча, Туркистон мухторияти "кўнгилларни дилшод" қилгани, энди "вайроналар обод бўлиши", "Темурдек шохлар арвоҳи" турк ўғлини курашга чорлаётгани кўтаринки рухда айтилади ва "ислом давлати"ни бир санжоқ остида бирлашишга даъват этилади:
Келинг энди бирлашинг ислом миллати!
Кетсин сунний, шиалик, нифоқ иллати!
Бир санжаққа тўплансун, ислом давлати!
Қутлуғ бўлсин Туркистон мухторияти!
Яшасун энди бирлашиб ислом миллати!
Инқилобий ғоялар чинакамига шоир эътиқодига айланиб улгурган бўлса, социалистик идеални аллақачон ўзи учун дастуриламал қилиб олган бўлса, ҳар бир қадамини инқилоб қаричи билан ўлчаб қўяётган бўлса, Ҳамза Ҳакимзода она юрти Туркистоннинг ўтмишдаги шону-шавкатини тиклашга ундовчи, буюк соҳибқирон амир Темур руҳига тавалло қилувчи шеър ёзармиди?
Эҳтимол, бу шеър Ҳамза ижодида тасодифан пайдо бўлгандир? Эҳтимол, у Ҳамзанинг "ношўровий" мазмундаги якка-ю ягона асаридир? Балки Ҳамза қай бир сабаб билан ўткинчи кайфият таъсирида бу шеърни ёзиб қўйиб, кейин пушаймон еб, бунақа"куфрона" шеърлар ёзишни йиғиштириб қўйгандир? Йўқ, бу фаразимиз ҳам тўғри эмас. 1919 йил 21 май куни "Иштирокиюн" газетасида Ҳамзанинг "Ким йиғлар?" деган 14 мисралик ғазали эълон қилинган. Бу шеъри мазмунига кўра Чўлпоннинг бир-икки йил кейин яратилган "Гўзал Фарғона, сенга не бўлди?" деб бошланадиган машҳур шеърини эслатади, чунки ҳар икки шеърда ҳам Фарғона бошига тушган шўришлардан алам чеккан юракнинг изтироблари, унда қайнаб-тошган ғазаб-нок туйғулар ифодаланган:
Эй мардуми Фарғна, аҳволингга ким йиғлар?
Бадбахтлиға юз тутган иқболингга ким йиғлар?
Иффат или номусинг кимлар қўлида барбод?
Қурбон ўлан маъсумлар, аҳволингга ким йиғлар?
Қон йиғлатса афлокни отингни хаёлоти.
Дарвоқе шу фурсатда аъмолингга ким йиғлар?
Ҳамза Ҳакимзода "намунали шўро шоири" бўлмаганига ишонч ҳосил қилиш учун шу икки мисол кифоя эмасми? Кифоя бўлмаса. Ҳамзанинг 20-йиллар бошида яратган тўрт қисмли "Фарғона фожиалари" деган драматик асарини эсланг — унинг номидан ҳам кўриниб турибдики, асарда Фарғона халқининг улуғ инқилоб неъматларини шодонлик билан кутиб олган эмас, балки фуқаролар уруши туфайли Фарғонанинг бошидан кечган қонли воқеалар тасвирланган. Бу асарнинг бизгача етиб келмай йўқолиб кетгани бежиз бўлмаса керак. Уни "йўқолиб кетган" эмас, "йўқотиб юборилган" деса, эҳтимол, тўғрироқ бўлар. Баъзи бир ҳамзашунос тадқиқотчилар бу асарнинг мазмуни унчалик "шўровий" эмаслигига, унда "ғоявий хатолар" мавжуд эканига ишора қилишган. Асарнинг матни етиб келмаган бўлса-да. ўша пайтларда эълон қилинган тақризларда мазмуни қисқача баён этилган "Қахрамон Ўғиз" пьесаси ҳам Ҳамзанинг "намунали шўро ёзувчиси" бўлишдан йироқлигини кўрсатувчи асарлар сира-сидандир. Умуман, Ҳамза 1920 йилдан кейин "шўровий" рухда асар ёзишдан тўхтайди деса ҳам бўлади. Тўғри, у маҳаллий сайловлар, ер-сув ислоҳоти, хотин-қизлар озодлиги каби "шўровий" мавзуларда бир қатор шеърлар, манзумалар, саҳна асарлари ёзган, бироқ улар тор-ташвиқий мақсадларни кўзлаган, бадииятдан маҳрум, умри қисқа асарлар эди. Бундан ташқари, уларнинг аксарияти ҳажвий характерда бўлиб, шўро тузумини улуғлашдан, большевиклар сиёсатини кўкларга кўтаришдан узоқ туради. Албатта, Ҳамзанинг 20-йиллардаги ижоди ва, айниқса, драматургияси анча ранг-баранг ва теран ҳаётий мазмунга эга. Уларнинг ҳаммасини ҳамзашунослар сира иккиланмасдан шўро адабиётининг юксак намуналари деб ҳисоблашган ва ҳатто соииалистик реализм методи асосида ёзилган деб баҳолашган. Ҳолбуки, "Майсаранинг иши" ёхуд "Паранжи сирлари" каби драматик асарларда ҳам "мана, ман" деб кўриниб турадиган шўровий мазмун йўқ. Биз мақоламиз давомида Ҳамзанинг 20-йиллардаги ижодига яна тўхтаймиз, ҳозирча эса бир фикрни таъкидлаш билан чекланамиз? 1917—1918 йиллар давомида бир даста "инқилобий" шеърлар ёзиб, "совет шоири қандай бўлиши кераклигини" гўё кўрсатган Ҳамза Ҳакимзода 20-йилларда бу мартабасини бирон бир салмоқли асар билан тасдикдашга уринмади ҳам.
Сезиб турибман — китобхон мулоҳазаларимни ўқияпти-ю, лекин кўнглида алланечук эътироз ғимирлаб, тинчлик бермаяпти. У менга қараб: "Бу ёғи қандоқ бўлди? Сиз Ҳамзани "шўро шоири эмас" деб даъво қиляпсиз. Ҳолбуки, унинг шўро одами бўлгани, инқилоб йилларидан бошлаб умрининг охиригача маориф ва маданият соҳасида турли шўро идораларида ишлагани маълум-ку!" деяётган бўлиши муқаррар. Ҳа, бу эътироз тўғри. Мен Ҳамзани шўро шоири бўлган эмас деяётган эканман, бундан у "аксилшўровий унсур бўлган, шўроларга қарши курашган, уни ағдариб ташлашга чақирган" деган маъно келиб чиқмайди. Биз бу масалада ҳам жўнроқ, юзакироқ фикр юритишга ўрганиб қолганмиз. Назаримизда шундайки, бирон ижтимоий тузум муҳитида яшаб ижод этган одам, албатта, шу тузумнинг муҳиби бўлади ва уни, албатта, шу тузумнинг куйчиси деб аташ керак. Бундай қарашни адабий жараённинг умумий қонунияти даражасига кўтарсак ва адабий ҳодисаларни шу қонун асосида ба-ҳолайдиган бўлсак, кўпгина ғайри табиий ва сохта ху-лосаларга келамиз. Маълумки, шўро замонида социалистик реализм шўро адабиётининг асосий ижодий методи деб хисобланарди. Бунга кўра шўро замонида яшаб ижод этган ижодкорлар социалистик реализм адабиётининг вакиллари ҳисобланарди. Аммо ҳаёт деган нарса ўжар бўлар экан — у одамлар тўқиб-бичган қолипларга тушавермас экан. Ҳатто шўро даврида ҳам кўпгина шоир ва адиблар бор эдики, сиз хар қанча тиришиб-тортишманг, уларнинг асарлари социалистик реализм қолипига сира тўғри келмас эди. Масалан, рус адабиётида М.А.Булгаков, Б.П.Пастернак, А.А.Ахматова, М.Цветаева каби ёзувчи ва шоирлар шулар жумласидан. Ўзбек адабиётида эса Абдулла Қодирий ижоди, унинг машҳур "Ўткан кунлар" ва "Мехробдан чаён" романларигина эмас, ҳатто "Обид кетмон" қиссаси ҳам социалистик реализм қолипига сира тушмади. Хўш, нима қилиш керак? Бу ижодкорларнинг ҳаммаси дунёга танилган, адабиётда мактаб яратган ижодкорлар — шунинг учун улардан юз ўгириб, воз кечиб бўлмайди. Хўш, нима қилиш керак? Шунда коммунистик мафкура дарғалари шўро «шариати»дан йўл топиб, шундай фатво беришди: "совет адабиёти" деган тушунча "социалистик реализм" тушунчасидан кенг. Бу гan, умуман, тўғри эди, лекин етарли эмас эди. Унинг мутлақо тўғри бўлишини таъминлаш учун жиндайгина ўзгартириб, "адабиёт" деган тушунча "совет адабиёти" деган тушунчадан кенг бўлади" демоқ лозим эди. Дарҳақиқат, биз 20-йилларда рус адабиётида ҳам, бошқа миллий адабиётларда ҳам, узбек адабиётида ҳам кўпгина ёзувчиларни кўрамизки, улар шўро ҳудудида истиқомат қилган, шўро паспортига эга бўлган, шўро идораларида ишлаган бўлсалар-да, роман ва қиссалар, ҳикоя ва достонлар, шеърлар ва драмалар ёзган бўлсалар-да, "шўро ёзувчиси" ёхуд "шўро шоири" бўлган эмаслар. Бунинг энг ёрқин мисоли сифатида Сергей Есенинни кўрсатиш мумкин. У, албатта, шўро фуқароси эди, лекин уни "шўро шоири" деб атасак анча-мунча сунъийликка йўл қўйган бўламиз. Негаки, у шўро ҳудудида яшагани билан шўро воқелиги унинг учун ижодий материалга айланган эмас, қолаверса, у ҳали шўровий тафаккур малакаларини эгаллагани йўқ, шўровий дунёқараш ҳам унинг онгига сингиб кетган, унинг яшаш тарзида янгича иқлимни вужудга келтирган эмас. Шу аҳволни Ҳамза масаласида ҳам аниқ кўриш мумкин — ҳеч шубҳасиз, у шўро фуқароси бўлган, шўро идораларида ишлаган, уларнинг турли топширикдарини бажарган, сайёр драма труппалари тузган, улар билан бирга фуқаролар уруши фронтларига борган, кейин эса турли вилоятларда бўлиб, халқ онгини ёритишга ҳаракат қилган, хурофот ва бидъатга қарши курашган, янги ҳаётни жорий қилишга уринган. Ҳамза шўро мафкурасининг қай бир жиҳатларига хайрихоҳ ҳам бўлган бўлиши мумкин. 20-йилларнинг бошида унинг партияга аъзо бўлиб кирганини шу билан изоҳласа бўлади. Лекин буларнинг ҳеч қайсиси ҳали Ҳамзани "шўро шоири" деб таърифлашга асос бўла олмайди. Нега? Гап шундаки, ҳали революцион воқелик ва революцион мафкура Ҳамза учун ижодий воқеликка, ижод фактига айланиб улгурган эмас. Албатга, ҳаётдаги воқеаларнинг акс-садоси сифатида майдонга келган уч-тўртта шеър ҳали "шоир учун бутун инқилобий воқелик ижод фактига айлан-ди" деб хулоса чиқариш учун етарли эмас. Бошқача айтганда, инқилобий воқелик, инқилобий дунёкараш шоир онгига чуқур сингиб, унинг вужудини қамраб олиб, унинг учун ҳаёт-мамот масаласига айланиб, ижодининг моҳиятини ташкил қиладиган даражага етгани йўқ. Шунинг учун Ҳамза шўро фуқароси сифатида яшашда ва фаолият кўрсатишда давом этган ҳолда ҳали шўро шоирига ёхуд шўро адибига айланиб улгурмаган эди. Бутун 20-йиллар давомида Ҳамзанинг ижодида ҳам худди Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Сулаймон ижодида бўлгани каби жадидчилик руҳи устувор бўлиб қолган.
* * *
Жадидчилик зиёлилар ўртасида XX аср бошларида авж ола бошлаган ижтимоий-сиёсий ва маърифий-маданий ҳаракат бўлиб, умумтуркий характерга эга эди ва ўз олдига туркий халкларни ижтимоий ривожланишнинг янги, замонавий, самарали йўлларига олиб чиқишни мақсад қилиб қўйган эди. Жадидчилик, айниқса, Туркистонда миллий уйғониш жараёнининг бошланишига қудратли туртки бўлди. Бу жараён мил-атнинг бир ёқадан бош чиқаришини, аҳил бўлиши-ни, яхлит бўлиб бирлашишини тақозо қилади. Жадид-лар ўз асарларида "Ватан", "миллат" тушунчаларини олдинга сурдиларки, бу тушунчалар ўша шароитда кишиларни, фикрловчи унсурларни жипслаштиришга қодир омил бўлди. Жадидчилик ҳаракати XX аср бошларида Туркистонда том маънодаги инқилобий ҳаракат бўлган эди, фақат унинг инқилобийлиги зўравонлик йўли билан қон тўкиб, қирғинлар ясаб ижтимоий тартибларни ўзгартиришга йўналтирилмаган, балки маориф-маданият тарқатиш йўли билан халқнинг онгини уйғотиб, қўзини очиб, тинч-тотув тарзда ҳаётни янгилаш мақсадига қаратилган эди. Жадидлар учун қуролли тўнтарувлар эмас, тинч ислоҳотлар муҳим эди. Лекин шундай бўлса-да, бу ҳаракат майдонга келиши биланоқ чор ҳукуматининг таъқибига учради. Большевиклар ҳокимият тепасига келгандан сўнг улар ҳам аввал енг ичида, кейин эса очикдан-очиқ жадидларга қарши кураш бошлаб юбордилар. Ҳукмрон мафкура жадидчиликка муносабатда ғалати босқичларни бошидан кечирди. Шўро даврида 20-йилларнинг ўрталаридан бошлабоқ Мунаввар қори, Тиллахон Салимхонов, Убайдулла хўжа Асадуллахўжаев, Саид Ахрорий каби зиёлилар ҳибсга олиниб, маъмурий қамоқ жазоларига мустаҳиқ қилинган бўлсалар-да, баъзи бир илмий асарларда ҳали жадидларнинг тарихдаги ижобий роли ҳақида гапириш мумкин эди. 30-йилларнинг ўрталарига келиб эса улар "буржуа мафкурачилари" деб эълон қилинди. Шунга кўра "жадид" деган кимса бирон жиҳатдан ижобий бўлиши мумкин бўлмаган сиймога айланди. Ойбек "Қутлуғ қон" романини битириб, биринчи марта муҳокамага қўйганда, айрим нотиқлар Абдишукур образида жадидларнинг реакцион моҳияти "етарли" фош қилинмаганини таъкидлашди. Адиб уларнинг танқидини инобатга олишга мажбур бўлди. Аммо биз хоҳлаймизми-йўқми, жадидлар ичида миллатнинг равнақи йўлида чинакамига жонбозлик кўрсатиб, ўз ёнидан мактаблар қурган, дарсликлар ёзган, халқ болаларини бепул ўқитган, босмахоналар қуриб газета-журналлар чиқарган, китоблар чоп этган, турли тўгараклар ташкил этиб, маърифат тарқатган фидойи одамлар кўп эди. Шунинг учун баъзан-баъзан йиғилишларда ёхуд айрим мақолаларда "жадидлар орасида тараққийпарварлари ҳам бўлган" деган маънодаги гаплар айланиб қоларди. Аммо бунақа гаплар қўллаб-қувватланмас, деворга айтилгандай беоқибат қолиб кетар эди. Журъат қилиб бу гапни ошкора айтганлар эса расмий доираларнинг кўзига хунук кўриниб қоларди. Ниҳоят, бу масала 60-йилларнинг охирига келганда узил-кесил "ҳал" қилинди. Ўша пайтларда Ўзбекистон Компартияси Марказқўмининг Биринчи котиби бўлиб ишлаган Шароф Рашидов ҳузурида бўлган кичикроқ йиғилишлардан бирида қаҳр билан столни бир муштлаган-у, "жадидлар босмачиларнинг мафкурачиси бўлган, бу ҳақда бошқа гan бўлиши мумкин эмас" деб чўрт кесган. Шундан кейин "жадидларнинг тузуклари бор" дейдиганларнинг дами ичига тушиб кетган ва ижодини инқилоб йилларида бошлаган ўзбек ёзувчиларининг ҳаммаси жадидлардан бутунлай айириб олинган. Ҳамза Ҳакимзода ижодини баҳолашда, унинг ғоявий-ижтимоий эволюциясини белгилашда ҳам адабиётшунослик ана шу қинғир кўчаларга кириб чиқишга мажбур бўлди. 30-йилларнинг биринчи ярмида ҳеч ким ҳеч қанча тортинмай, Ҳамзанинг инқилобдан аввал жадид бўлгани хақида гапираверар эди. Ҳатто ўша пайтда чиққан баъзи дарсликларда Ҳамза жадид адабиётининг вакили сифатида талқин қилинган. Кейинчалик бу гаплар барҳам топди-ю, унинг ўрнига "Ҳамза ижодига жадидларнинг таъсири" тўғрисида гапира бошланди. Ниҳоят, шундай замонлар ҳам келдики, Ҳамзани жадидлардан бутунлай айириб олдилар. Бу қийин масала эди, бунинг учун бақрайиб туриб оқни қора демоқ керак эди. Айрим адабиётшунослар ҳар қандай тарихий фактлардан кўз юмиб, ўзларининг кулгили аҳволга тушиб қолганларига парво қилмай, бу борада роса "жонбозлик" кўрсатдилар. Масалан, улар Ҳамзанинг инқилобдан аввал ёзган маърифатпарварлик рухидаги асарларини жадидларникидан ажратиб олиш учун ўта бемаъни сафсаталарни олға сурдилар — эмишки, жадидлар болаларни китоб ўқишга чақирганда бой-бадавлат одамларнинг фарзандларини кўзда тутган, Ҳамза Ҳакимзода эса улардан фарқ қилароқ, камбағал, қашшоқ, меҳнаткаш халқ фарзандларини илм олишга даъват этган эмиш. Хуллас, Хамзани "намунали совет шоири"га айлантириш жараёни уни жадидчилик ҳаракатидан ажратиб олиш билан қўшилиб кетди. Аммо Ҳамзанинг ким эканини унинг асарлари яққол айтиб беради-ку! Шунинг учун айрим ҳамзашунослар бу борада ҳам шоир ижодини қалбакилаштириш, Ҳамза ҳақидаги ҳақиқатни кенг китобхонлар оммасидан яшириш йўлидан борди. Бир мисол келтирай:
Урушдан кейинги йилларда Ҳамза Ҳакимзоданинг танланган асарлари бир неча марта нашр этилди. Бироқ уларнинг ҳаммаси таркибига кўра бир-биридан деярлик фарқ қилмас ва Ҳамзанинг ҳақиқий ижодий қиёфаси тўғрисида тугал тасаввур бермас эди. Бу китобларга Ҳамзанинг оқ подшога таъзим билан "содиқ фуқарочилик" руҳида ёзган айрим шеърлари ёҳуд инқилобдан кейин, юмшатиб айтганда, ғайри инқилобий рухда ёзилган баъзи бир асарларигина эмас, ҳатто "Заҳарли ҳаёт" ҳам киритилган эмас.
1957 йилда Октябрь инқилобининг 40 йиллиги муносабати билан Ҳамза Ҳакимзоданинг танланган асарлари ҳам нашр қилинадиган бўлди. Ўшанда мен бир неча муддат Адабиёт ва санъат нашриётида бўлим мудири бўлиб ишлаган эдим. Табиийки, китобни нашр этиш масъулияти менга юклатилган эди. Мен янги нашрнинг аввалгиларидан жиндай бўлса-да фарқ қилишини истардим, шунинг учун китобни тўпловчи Юсуф Султоновга "Заҳарли ҳаёт" драмасини киритишни таклиф қилдим. "Бу асар 30-йилларда ҳам адабиёт хрестоматияларида нашр қилинган. Ҳамза ҳақидаги ҳар бир мақолада унинг тўғрисида илиқ гаплар айтилган; ҳозир бу асар ўқув дастурларига ҳам киритилган, аммо ўқувчилар ва талабалар асар матнини тополмай кўп қийналишяпти" деганга ўхшаш далилларни қалаштириб ташладим. Назаримда, бу далилларга эътироз билдириш амри маҳол эди. Бундан ташқари республикада ҳамзашуносликнинг пешволаридан ҳисобланган Юсуф Султоновнинг ўзи Ҳамза асарларини кенгроқ тарғиб қилишдан манфаатдор бўлмоғи керак эди.
Домланинг қовоғи уюлди. Қошлари чимирилиб, пешонасидаги ажинлар қуюқлашди. Бироз сукутдан кейин у комил ишонч билан худди ҳукм ўқиётган судядек шартта-шартта кесиб гапирди:
— Ҳамза бизнинг ифтихоримиз, у фақат янги ўзбек адабиётининг яловбардори эмас, бутун совет адабиётининг асосчиларидан бири. Кўп миллатли драматургиямизга бағишланган, Москвада рус тилида нашр этилган ўн жилдлик мажмуа "Бой ила хизматчи" драмаси билан очилган. Шундоқ бўлгандан кейин биз жуда эҳтиёт бўлмоғимиз керак. Ҳамзанинг шаънига доғ туширадиган иш қилиш ярамайди. Ҳамзага қарши пичоғини қайраб турган ғоявий душманларимизга баҳона бериб қуймайлик. Бу ишда сиёсий ҳушёрлик керак.
Бу гапларни эшитиб ҳайрон бўлдим — Ҳамзанинг ўзи ёзган тузуккина асар эълон қилинса, бу қандай қилиб унинг шаънига доғ тушириши мумкин? Нима учун Ҳамзани Ҳамзанинг ўзидан ҳимоя қилиш керак? Нега энди Юсуф Султон Ҳамзага оқловчи бўлиш вазифасини ихтиёрий равишда бўйинларига олиб, уни қандай тарғиб қилиш борасида фармонбардорлик қилишни жоиз деб биладилар? Мен бу гапларни айтиб, домлага эътироз билдиришим мумкин эди, лекин айтмадим, андиша қилдим, тўғрироғи, ўзбекчилик килдим. Чунки у пайтларда "сиёсий ҳушёрлик" масаласи ўртага тушиши биланоқ ювошгина бўлиб, бошни қуйи солиб, қўлни кўкракка қўйиб таъзим бажо келтиришдан ўзга илож қолмасди.
Ҳамзанинг асарлари китобхон қўлига тўлароқ етиб бормоғи учун яна ўттиз йилдан ортиқ вақт керак бўлди. Шунда ҳам қайта қуриш бўронларида коммунистик мафкуранинг шарти кетиб, парти қолмагунча бу ишни амалга ошириб бўлмади.
Ниҳоят, коммунистик устунлар қулади, Ўзбекистон мустақил ривожланиш йўлига қадам қўйди. Замоннинг ўзгариши бошқа соҳалар каби адабиётшунослар олдига ҳам янги вазифалар қўйди — шўролар замонида ҳукмрон мафкура қолипига мослаб ёзилган кўпгина бадиий ва илмий асарларимизни қайта кўриб чиқиш зарурати туғилди. Айниқса, қатлиом қилинган, асоссиз қораланган ёхуд асоссиз мақталиб кўкларга кўтарилган ижодкорларнинг ҳақиқий қиёфасини холисона очиб бермоқ зарур эди. Албатта, бу ишни биринчи бўлиб ҳамзашуносларимиз бошлаб беришса яхши бўларди. Улар ҳукмрон мафкура тазйиқида қанақа ғайри илмий йўллар тутишганини, Ҳамзани ўзлигидан махрум қилиш учун қандай сафсаталарни, ёлғон-яшиқларни қалаштирганларини элу-юрт олдида очиқ айтиб, Ҳамза аслида ким-у, қандай ижодкор бўлганини кўрсатиб берсалар, фойдадан холи бўлмас эди. Аммо, афсуски, ҳали ҳеч ким бу ишга қўл урганича йўқ. Нима ҳам дейиш мумкин — ҳеч кимни мажбурлаб тавба-тазарру қилдириб бўлмайди, бу иш ҳар кимнинг виждонига ҳавола. Лекин масаланинг нохуш томони шундаки, айрим ҳамзашунослар холислик ва илмийлик йўлини тутиш ўрнига яна Ҳамзани янги шароитларга мослашти-ришга ҳаракат қилишмокда. Мен якинда "Ўзбекистан адабиёти ва санъати" ҳафталигида Ҳамза тўғрисида бир мақола ўқидим. Унда Ҳамзани ислом динининг изчил тарғиботчиси сифатида кўрсатишга уриниш бор. Менимча, Ҳамза ижодига бундай ёндашиш ҳам бир томонламаликдан бошқа нарса эмас. Тўғри, Ҳамза эътиқодли мусулмон бўлган, ислом динини яхши билган, ҳаж қилган одам. Шеърларида ҳам, албатта, унинг диний эътиқоди қай бир даражада ўз ифодасини топган. Лекин шунга қараб, уни динга муккасидан кетган, ашаддий художўй одам сифатида ёки исломнинг фидойи тарғиботчиси сифатида таърифлаб бўлмаса керак. Мен Ҳамзанинг ҳаёти ва ижоди ҳақида билганларим асосида қатъий ишонч билан айта оламанки, у шўролар пайтида айтилганидек, динга қарши фаол курашган атеист ҳам эмас ва ҳозир айрим ҳамзашунослар эълон қилаётгандек Хувайдо ва ёки Ҳазиний каби диний шоир ҳам бўлмаган. У ижодининг биринчи қадамлариданоқ жадид бўлган, унинг ижодий эволюцияси ҳам жадидчилик мафкураси ҳудудида содир бўлган. Бироқ бу — унинг ижоди ҳар қандай қусурлар ва адашишлардан холи бўлган деган маънони билдирмайди. У изланган, адашган, хато қилган ва шу изланишлари билан бирга қимматлидир. У жадид сифатида нафақат китобни, янги мактабни, янгича маданият ва янги психологияни тарғиб қилган, айни чоғда у ватанининг истиқболини ҳам ўйлаган, унинг ривожига, миллат равнақига ҳисса қўшишга ҳаракат қилган. Унинг жадидлиги 1917—1918 йилларда энг юксак нуқтага кўтарилди, лекин кейинги йилларда ҳам йўк бўлиб кетгани йўқ. Табиийки, бу мулоҳазалар ҳали атрофлича тадқиқотни талаб қилади.
Энг муҳими эса шундаки, бугунги мустақиллик мафкураси кечаги кунда эришган маънавий ютукдаримиз-дан механик тарзда кўз юмишни тақозо этмайди, кечаги маданият ва адабиёт намояндаларидан юз ўги-ришни талаб килмайди, аксинча, маънавий-маданий меросимиздаги ҳар қандай бойликни авайлаб-асрамо-ғимиз, ҳар қандай ёрқин сиймони эҳтиёт қилмоғимизни талаб қилади. Шу сиймолар қаторида аслида Ватан равнақи учун курашган, кейин ўзи бехабар ҳолда шўро адабиётининг яловбардорига айлантирилган Ҳамза Ҳакимзода ҳам бор.
Озод Шарафиддинов, 2000