Элбек (Юнусов Машриқ) 1898 йилда Бўстонлиқ тумани Хумсон қишлоғида туғилган. «Хоний» мактаби (1911), сўнг Авлонийнинг «усули савтия» мактаби (1914)да ўқиган. Дастлабки ше’рлари «Ўзбек ёш шоирлари» (1922) тўпламида босилган. «Армуғон» (1921, 1923), «Ёлқинлар» (1925), «Кўзгу» (1926), «Сезгилар» (1927), «Баҳор» (1929), «Меҳнат куйлари», «Ғунчалар», «Чирчиқ бўйларида» (1935), «Болалар қўшиғи», «Ше’рлар тўплами» (1936), «Ше’рлар» (1937) сингари шеърий тўпламлар, «Аноргул» (1926), «Гўзал қиз» (1927), «Туркистон» (1928), «Ўтмишим» (1929), «Мерган» каби достонлар, «Тозагул» (1934) ше’рий романи, «Қўшчи Турғун» (1925), «Дадамат» (1936) ҳикоялар китоби муаллифи. ХХ аср ўзбек адабиётида биринчи бўлиб ше’рий роман жанрини бошлаб берган. 2-, 4-синф ўкувчилари учун бир қатор ўкув қўлланмалари ва мажмуаларни яратган («Гўзал ёзғичлар», 1925 ва бошқа). Халқ оғзаки ижоди материалларини тўплаб, китоб ҳолида нашр эттирган («Ашулалар тўплами», 1934—35; «Лапарлар» ва «Ертаклар», 1935). Унинг «Ўзбекча шаклдош сўзлар» луғати (1934) ўзбек тилидаги дастлабки омонимлар луғатидир. Элбек 1937 йилда қатағон этилиб, 10 йиллик жазо муддатини ўташ учун Магаданга жўнатилган ва ўша ерда 1939 йил 11 февралда вафот этган.
САҲРОДА
Юлдузлар кўқда порлар,
Саҳро жимгина ухлар.
Тевалар секин-секин
Кўлкадек олға босар.
Тарқалар қўнғироқдан
Бир товуш умид тўла.
Акс этиб кириб узоқдан,
Дерки: «наридан сўра!»
Кўб йўллар ортда қолди,
Кетиш, сурулиш яна.
Мени ким йўлға солди?
Интилиш бор кўнгилда.
Чарчамайди тевалар,
ЙЎқмидир йўл сўнг-боши.
Сўйлар алланималар
Юлдузларнинг қароши.
КЕЧҚУРУН
Қуёш секин бекинди
Қаршимдоғи тоғларда.
Борлиқни кўзи тинди
Ёлғиз дам шу чоғларда.
Қир тумон-ла бурунди –
Тоғдан тушди сурувлар.
Ўйноқ қиздек бурулиб
Оқарди пастда сувлар.
Сўнгра кўкни ёритиб
Чиқди сориқ бир чечак.
Оқшом кўнглин овутиб,
Аллаларди шаршарак.
КЎКЛАМ ЧОҒИДА ЯПРОҚЛАР
Кўкарган япроқлар оғочлар узра
Жилмайиб, қувониб яйраб турурлар;
Тўхтовсиз эскучи - кучли шамоллар
Буларни аяшиб, секин урурлар.
Оғочлар ям-яшил япроқлар ичра
Кўмилиб, жимгина пусиб ўлтирар:
Кўкламнинг ёмғури ёққач буларга,
Кўзлардан оққучи ёшдай милтирар.
Ким билур, бу ёшлар балким чинданам
Оғочлар кўзидан чиқиб томадир:
Кўкламнинг бу эркин мазгилларини
Доимий эмасин яхши биладир...
Кузнинг у қоп-қора, совуқ туслари
Балким оғочлара ёмон кўринар;
«Кошки кўрмасайдик!» - деб шу кунларни,
Бояқиш япроқлар ғамдан сарғаяр.
Қайғурмоқ ярашмас, бўшдир қайғурмоқ!
«Кўклам бир келмас», эй гўзал япроқ!..
ТИЛ
Мунгли қушим, сайраб-сайраб кел, англат,
Кимлар эрур Турк тилини сотғучи?
Булбул каби сайраб турган бу тилни
Уялмайин бу ўлкадан отгучи?
Болдай тотли, жондан азиз туркчани
Тушунмайин, хўрлаб-хўрлаб ётғучи?
Мунгли қушим, уларни қўй, сен сайра!
Турк тилининг донғин чиқар кўкларга!
Қўй уларни, улар йўлдан озсинлар,
Ел ичида бўш бўғузлик сотсинлар!
ҚАЛБИМ
Хаёлим қўлимдан капалак каби
Учқиниб йўқолди, билмадим қайга,
Уни ахтараркан, қалбим назари
Ташланди ялтираб турувчи ойга.
Ҳой, сўйла ой! Менинг хаёлим қайда,
Ё сен ўғирлаб олиб қўйдингми?
Ҳой қалбим, айтгил сен, у қайси жойда?
Ёки сен ҳам ахтаришдан тўйдингми?
Англадим, тушундим, хаёлим менинг
Шу чиройли ойнинг қўйнига қочган.
Балки қалбим сенга, кўзларинг сенинг
Уни кўра олган, ой сирин очган.