Жаннатий, алпқомат ўғлонлар!

 


Оила тебратиш йўлида,

Ҳув олис қозоқнинг чўлида,

Жон берди ажалнинг қўлида,

Жаннатий, алпқомат ўғлонлар!

 

 

Ватанда беозор юргандинг,

Меҳнатга шай ҳолда тургандинг,

Уёққа қайданам боргандинг,

Жаннатий, алпқомат ўғлонлар!


Онангнинг юраги тўхтади,

Отанг-чи, ёмонам ўхшади,

Мотамда ўзбеклар қақшади,

Жаннатий, алпқомат ўғлонлар!


Етимлар чирқиллаб йиғлади,

Бевалар бағрини тиғлади,

Наҳотки, дунёга сиғмади,

Жаннатий, алпқомат ўғлонлар!


Қизчалар тентирар ота деб,

Ишонмас, ёлғон бу – хато деб,

Жаннатга йўл олган Худо деб,

Жаннатий, алпқомат ўғлонлар!

Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом

 

билим юрти мударриси