«Устоз» десанг бас!

 

Талабалик даври ўтиб кетади,

Қанча ғам-аламни ютиб кетади,

Қалбдаги жароҳат битиб кетади,

Уни бир кўрганда, «Устоз» десанг бас.

 

 

Кимга имкон кулар, кимгадир омад,

Кимга қувонч берар, кимга даромад,

Шу қутлуғ даргоҳда чиқардинг савод,

Уни бир кўрганда, «Устоз» десанг бас.


Сендан сўрамайди олтину кумуш,

Бош кўкка етса-да, қилма фаромуш,

Вақтингни олса ҳам рўзғору юмуш,

Уни бир кўрганда, «Устоз» десанг бас.


Устозга шуҳрату шавкат керакмас,

Ичига қурт тушган савлат керакмас,

Муҳаббат кифоя, давлат керакмас,

Уни бир кўрганда, «Устоз» десанг бас.


Ногаҳон қоқилсанг тутар қўлингдан,

Гард юқмасин дейди ўнгу сўлингдан,

Қизғалдоқлар унсин юрган йўлингдан,

Уни бир кўрганда, «Устоз» десанг бас.


Мевада бор ҳатто нордону тахир,

Битта ҳарф бўлса-да ўргатган ахир,

Сенинг омадингдан туймоқда фахр,

Уни бир кўрганда, «Устоз» десанг бас.


Кибрни улоқтир, қулоқ тут бирпас,

Шукрки, нодону эмассан нокас,

Юрагим тубидан чиқмоқда бир сас:

Уни бир кўрганда, «Устоз» десанг бас.


Майли дунё кулсин, фарёд йиғласин,

Айбдор этиб қалбга наштар тиғласин,

Ягона илтимос эсдан чиқмасин,

Уни бир кўрганда, «Устоз» десанг бас!

 

Эркин Қудратуллоҳ