Одамизот

 

Бани Одам, эшитгайсан Сенга айтар сўзим бордур,

Яралмишсан икки ҳарфдин бири «коф»у бири «нун» дир.

Худо айтмиш Сани касбинг мудом қуллик ибодатдур,

Аслинг хоку ҳақир сувдин, кибринг қайдин одамизот.

Шарафлисан лойин қормиш Холиқ Худо қудратидин,

Жон пуфламиш ҳам танинга Қодир Аллоҳ ўз руҳидин.

«Аҳсани тақвим»,- демишдур бу сўз Анинг Каломидин,

Ҳам тақвою ҳам фужурни илҳом қилмиш одамизот.

Таъзим айлаб сажда қилди малоиклар илмимг сабаб,

Кибр қилди, малъун бўлди шайтон шу дам қилмай адаб.

Неъмат берди санга бисёр адоғини бўлмас санаб,

Ибрат ўлсун ҳоли шайтон сажда қилгин одамизот.

Каломида эълон қилмиш « халифам»,- деб бизу сизни,

Кўтармишдур икром ила бўйсундириб хоку сувни.

Тоййиб рисқни ҳалол қилди , ҳаромидин сақла ўзни,

Бари буюк мақомотдур қадринг билгин одамизот.

Анбиёу авлиёлар бари санинг наслингдандур,

Фитрати Ислом эътиқод, иймон санинг аслингдадур.

Ё Раб Жаннат эмас даркор, талаб Сенинг васлигдадур,

Тутиб «Арқон» васлига ет Худойингни одамизот.

Барча инсон хусрондадур Аср билан айтди қасам,

Илло иймон келтирганлар солиҳ амал қилса ҳардам.

Ҳаққа чорлар ҳам сабрга бўлса ҳолинг сенда не ғам,

Эй, Насимжон тавфиқ сўра сен ҳам асли одамизот.

  • * *

Қалблар сукунатни қайдан топсинлар,

Ахир гуноҳлардан қорайгани ҳақ.

Вужуд ҳам руҳини танимас гўё,

Зулматдан қидирар зарра нур шафақ.

Эй нафсим қўй энди тинчгина яшай,

Ўлим бор бир куни келмоқлиги ҳақ,

«Куллу нафсин заиқотул мавт»,

Демишдир Танзилда Худойи барҳақ.

Албатта Аллоҳим мўминларга дўст,

Аларни зулмотдан нурга чиқаргай.

Тоғутчи кофига минг нағма ила,

Зулматда мавж урар кўрсатиб нурдай.

Эй иймон келтирган содиқ бандалар,

Юракни бўшатинг шайтон фикридин.

Билингиз топмишдур чин ҳаловатин,

Қаллоб қалб доимо Аллоҳ зикридин.

Арабдур ажамдур бари бир асли,

Баъзисин баъзидан бўлолмас устун.

Агарчи мукаррам кўрсатур васли,

Тақвоси қилибдур Холиққни мафтун.

Кун борки зийнатинг дирҳаминг бўлмас,

Жисминга наслинга ишонма ҳеч ҳам.

Амал хуш қалбинг соф бўлмаса бўлмас,

Насимжон шу онни ғамин қил ҳар дам.

Насимжон Олимов

Рамазон.

Ғубор босган бу қалбларни ювдингми зилол,

Мўмин қалблар масрур бўлур кўрганда ҳилол.

Саҳарларда азон айтар гўёки Билол,

Масрур этиб барчамизни келдинг рамазон.

Ҳаром қолур бир томонда ҳалолдан тийиб,

Қалблардаги масрурликни фазлингдан бериб.

Мўмин қуллар қўлларига Қуръонни бериб,

Масрур этиб барчамизни келдинг рамазон.

Саккиз Жаннат эшикларин очибон шаҳдам,

Жаҳаннамнинг эшикларин ёпибон маҳкам.

Шайтонларнинг қўлларига солиб минг кишан,

Масрур этиб барчамизни келдинг рамазон.

Хатми Қуръон таровеҳлар файзингдан бир нур,

Нафсига қул осийларни озод этиб ҳур.

Яна Маҳшар Қиёматда қўлда тутиб дур,

Масрур этиб барчамизни келдинг Рамазон.

Тақво билан поклаб келдинг руҳларимизни,

Эҳсон билан софлаб келдинг молларимизни.

Асрагайсан маҳшар кунда жонларимизни,

Масрур этиб барчамизни келдинг рамазон.

Қадринг билган сойимларга очибон Райён,

Мағрур туриб ўн бир ойнинг устида султон.

Тўлдурурмиз бедор бўлиб кечалар хирмон,

Масрур этиб барчамизни келдинг рамазон.

Қудумингдан бу бандалар бўлурлар шодон,

Фироқингдан ҳайитларда ёш тўкса нольон.

Гўё бугун байрам дейсан бўлингиз шодон,

Масрур этиб барчамизни келдинг рамазон.

Малакмисол кундузлари юрурлар сойим,

Расулуллоҳ суннатлари кечалар қойим.

Кел, Азроил Қадрларда чиқсайди жоним,

Масрур этиб барчамизни келдинг Рамазон.

Мадҳинг бирлан фазлингни гар айласам баён,

Сухандонлар сўз тополмас, мен ожиз сарсон.

Умидим шул Насимжонга очилсин Райён,

Масрур этиб барчамизни келдинг рамазон.

Насимжон Олимов

Насиҳат.

Тингла фарзанд агар отанг қошингдадур,

Билгин мулки жаҳон санинг бошингдадур.

Ҳаёт эрса агар шу чоғ онаи зор,

Оёғин ўп Жаннат анинг пойидадур.

Бирин ой бил бирини билгин қуёш,

Кўзларидан аларни тўкизма ёш.

Худо айтар ёзиб раҳмат қанотингни,

Демайсан уф , карам сўз айт, эгурсан бош.

Зажр қилма, қаҳр қилма аларга сен,

Агар кўнгли ўксиса оқ бўлурсан сен.

Шарт эмасдур оқ қилдим деб демоқлиги,

Ранжиса бас гунаҳкори азимдурсан.

Эй, Насимжон, хизматин қил чин ихлосдин,

Ризо исташ алардин бил ки иймондин.

Бир дуоси бўлур парда Жаҳаннамдин,

Бир дуоси маҳрум этгай Жаннатингдин.

Насимжон Олимов

Илм

Яшасанг дунёда яша бўлиб олим,

Жаҳлни тарк этиб талаб қил илм.

Лоақал олимни севгувчи бўлгин,

Мудом анинг суҳбатин топгувчи бўлгин.

Ҳеч замон илмдан бўлмагин йироқ,

Жаҳолат хор этиб этгуси ҳалок.

Илм бир нурдурки ёритгай йўлинг,

Ўтса ҳам минг йиллар сақлагай номинг.

Жон чиқиб номалар ёпилгай шу он,

Меросинг гар илм манфаат ҳар он.

Тенг эмас ҳеч замон олиму жоҳил,

Бириси денгиздур бириси соҳил.

Набийлар илм-ла набий бўлиптир,

Валийлар илм-ла ҳаққа етиптир.

Қай киши эргашса ҳаво нафсига,

Янглишиб тойилур юрган йўлида.

Олимни эҳтиром қилар малаклар,

Ҳаттоки гуноҳин сўралар наҳанглар.

Эй, Роббим, Насимжон сўрайди Сендин,

Бизни ҳам айлагин аҳли илмдин.

То абад илмни кўтарма биздан,

Бул сабаб бизларни чиқарма издан.

Насимжон Олимов