Вақт деганда кўз ўнгингга нима келар?
Вақт бу ўша ортда қолган болалигинг.
Оёқ яланг кўча-кўйда ўйнаб кулиб,
Ташвишларсиз ўтган ўша бебошлигинг.
Вақт дегани нима ўзи? Вақт бу дўстим,
Ота-онанг юзидаги ҳар бир ажин.
Ватқ бу шаррос оқаётган умр йўлинг,
Ва бўйнингга тушган рўзғор, олахўржин.
Вақт, сени деб тунларин бедор ўтказган,
Онажонинг сочидаги ўша оқлар.
Ўзи емай, ўзи киймай болам деган,
Отажонинг қўлидаги шу қадоқлар.
Вақт бу нима? Кечагина бешикдаги,
Фарзандингнинг униб-ўсиб улғайиши.
Умринг ўтиб қариганда қучоғингда,
Ширин-шакар набиралар кўпайиши.
Вақт бу нима? Умрнинг бир ҳисобчиси,
Раҳм-шафқат деган туйғу ундан йироқ.
Бир кун олдин гулзор узра учиб юрган,
Капалакнинг аҳволига бугун бир боқ.
Энди уни ахтарсанг ҳам тополмайсан,
Кечаги кун ортга асло қайтиб келмас.
Қир-адирда маъраб юрган бир қўзичоқ,
Чўпонига ем бўлишин балки билмас.
Вақт бу нима? Даладаги бободеҳқон,
Меҳнат қилиб эккан ўша олтин буғдой.
Мана бугун дастурхонинг безаб турган,
Азиз нонни шу буғдойдан ёпди новвой.
Вақт дегани нима ўзи? Тирикми у?
Йўқ. У жонсиз, тилсиз ҳамда шафқатсиздир.
Нега бунча фақат олдин интилади?
Балки ажалнинг ердаги шарпасидир.
Вақт бу надур? Кечагина бутун дунё,
Қўлимда деб ўйлаган шу хонлар, бироқ.
Бугун вақт улар устидан ҳукмрондир,
Топганлари енгсиз кийим, қаро тупроқ.
Вақт бу нима? Биров эккан дарахтларга,
Ўйинқароқ бўлиб чиққан ўша даминг.
Белдан кучинг кетиб қолиб шу дарахтдан,
Ясалган бир ҳассага сен таянганинг.
Вақт бу дўстим оёқларинг остидаги,
Тупроқ бўлиб ётган ўша аждодларинг.
Бир бордингми ўтганларнинг мозорига?
Шу тупроқда юрар бир кун авлодларинг!
Бухоро шахридан Мухриддин Яхёев.