Бугун эмас балки эрта қиёмат

 

"Кечанг ўтмиш, бугунинг совға, эртанг мавҳум".

 

Саволлар қуршови узра ўтар ҳар кун,

Ер юзида тирик кўпми, ёки марҳум,

Кечанг ўтмиш, бугун совға, эртанг мавҳум,

Бу дунёда бари дўстим омонатдир,

Бугун эмас, балки эрта қиёматдир...

Қай томонга бормоқдадур бизнинг замон,

Замон эмас ўзгармоқда асли инсон,

Яхшилардан кўра кўпроқ нега ёмон?

Ҳар қадамда ёвузлигу жаҳолатдир,

Бугун эмас, балки эрта қиёматдир...

 

Виждон ҳиси айримларни қийнамаса,

Қилган қилмишларин наҳот ўйламаса,

Ота-она сўзин фарзанд тингламаса,

Айтинг дўстлар бу не сиру-синоатдир,

Бугун эмас, балки эрта қиёматдир...

 

Яқин дўстлар ит-мушукдек талашарлар,

Бир-бирига ёв-душмандек қарашарлар,

Ака-ука бир парча ер тортишарлар,

Ўйлаб кўринг бу қандайин фалокатдир,

Бугун эмас, балки эрта қиёматдир...

 

 

Қайда қолди ору-номус, иффат-ҳаё.

Кимлардир ўзбек номини қилар қаро,

Наҳот бу сиймолар ўтган ўша дунё,

Кимлар учун ўтмиш бугун ривоятдир,

Бугун эмас, балки эрта қиёматдир...

 

Қани энди одамийлик меҳру-вафо.

Садоқат ўрнин эгаллаб жабру-жафо,

Қайга боқманг айшу-ишрат, кайфу-сафо.

Ҳар қадамда бир-бирига хиёнатдир,

Бугун эмас, балки эрта қиёматдир...

 

Бозорларда сотилмоқда қадру-қиммат.

Инсон онгин қоплагандек гўё зулмат,

Пайғамбарга қолдимикин бугун уммат,

Айтинг дўстлар бу қандайин аломатдир,

Бугун эмас, балки эрта қиёматдир...

 

Гоҳ аёллар давогардур эркакликка,

Гоҳ эркак қилмиши тортар аёлликка,

Тил бормас уларни инсон демоқликка,

Билмам дўстлар бу нимадан далолатдир,

Бугун эмас, балки эрта қиёматдир...

 

Эркакман деб ғийбат борин қилишарлар,

Ҳақиқатни тан олмай юз буришарлар,

Кўкрак кериб ғурур билан юришарлар,

Ҳар қадамда фисқу-фасод, маломатдир,

Бугун эмас, балки эрта қиёматдир...

 

Эй одамзот бас шайтоннинг ниқобин еч,

Иймон ҳисси хаёлингга келдиму ҳеч,

Қиёмат тонги отганда бўлгуси кеч,

Қўлингдан келгани тоат-ибодатдир,

Бугун эмас, балки эрта қиёматдир...

 

Бухоро шахридан Мухриддин Яхёев.