10:33 / 19.05.2010 · Кутубхона
АЖАБ САОДАТ (Тоҳир Малик)

...Уларнинг жисмлари ҳибсда. Руҳлари эса озодликда. Ҳозир ўқлар узилади. Бедор юраклар уришдан тўхтайди. Жисм ҳаёт чоғида агар юрак фақат қон ҳайдаш билан банд бўлган бўлса, жон чиқиши билан у ҳам ўлар. Агар юрак эл ғамида, инсонлар ғамида яшаган бўлса, бир ўқ тегиши нима экан, қийма-қийма қилиниб зарралари олам аро сочиб юборилса ҳам ўлмайди, яшайверади...

1938 - мелодий, ўктабр ойининг тўртинчиси, куз кунларининг бири, қуёш аллақачон ботган, аммо теваракдан шом азони эшитилмайдир. Шаҳар марказидаги бу донгдор бино атрофида масжид йўқ. Нари маҳаллалардаги омон қолган масжидлардан қўрқибгина, титрабгина чиққан азон чақириғи тўрт-беш хонадон деворидан аранг ошиб ўтишга қурби етади. Донгдор бинода гуноҳлари нима эканини билолмай ҳайрон ётган маҳбуслар шом кирганини кичкина дарчадан тушиб турувчи нурнинг йўқолганидан биладилар. Озодликдан нишона бўлиб туюлувчи бу нурни ҳар тонг умид билан кутиб, тушкин ва эзгин кайфиятда узатадилар. Дарчадаги нур йўқолгач, кечлик овқат киритилади. Улар ўлимга маҳкум эканликларини сезишади. Очликдан ўлиб қолмаслик учун, «қонуний» йўл билан отиб ўлдирилишлари учун овқат ейдилар. Сўнг... бу бинода жонланиш бошланади. Аммо кишиларнинг дадил сўзлашишлари, хаҳолаб кулишлари бу иморатни кўкка кўтаргудек эмас. Бундаги товушлар ўзгача, бундаги ташвишлар бошқадир. Бунда дардли инграшлар ҳукмрон...
Бунда терговни кўпроқ тунда қиладилар. Кундузи одам овлаш билан машғул бўладиларми ёхуд туҳмат ва иғво тошларини тўплашдан бўшамайдиларми - бу ёлғиз Яратганга маълум - ҳар ҳолда терговга асосан кечаси чақиришади.
-Кадыри, на выход!
Айни чоқда бошқа эшиклар ҳам очилади:
-Сулейманов - Чулпан, на выход!
-Фитрат...
Ғофил бандалар... Бу сўнгги чақириқ терговга эмаслигини қайдин билишсин? Улар «терговчи уни сўраса, бундай жавоб қайтараман...» деган хаёл билан қўлларини орқага қилган муте бир ҳолда юриб чиқадилар. Улар билмайдиларки, сўроқлари кеча якунига етган. Бу тун отиладилар. Эртага, тонг отгач эса... ҳукм ёзилади. Уларнинг киндик қонлари турли жойларга, турли вақтда томган. Туғилган кунлари ҳужжат учун аниқ ҳам эмас... Фалон мучал, ўрик гуллаганда ёки ҳандалак пишиғида туғилган... Аммо... ўлим топган кунлари аниқ - 4 ўктабр... Аммо 5 ўктабр деб расмийлаштирилади... Юрак қонлари бир жойга тўкилади...
Буни билмайдилар, нима учун ҳовлига олиб чиқишгани ҳам улар учун номаълум. Дарича тугул бирон тирқиши ҳам бўлмаган усти ёпиқ автомобилга чиқиб, ёнма ён ўтиришади. Қоронғида бир-бирларини танимайдилар. Сўзлашиш мумкин эмас. Чурқ эта олмайдилар.
Автомобил қабиҳ манзилга етмоқни истамагандек ихраб-сихраб секин юради. Текис йўл тугаб, ўнқир-чўнқирлик бошланади. Автомобил ҳар силтанганида, чуқурга тушиб-чиққанида мувозанатни йўқотадилар.
Ниҳоят, автомобил тўхтади. Эшик очилиб, қоронғу ерга туташиб кетган юлдузли осмоннинг бир парчаси кўринади. Уларни жарлик ёқаси сари бошладилар. Шунда улар бир-бирларини танидилар. Шунда бу ерга нима учун келтирилганларини англадилар. Осмондаги кемтик Ой ёруғида кўзлар кўзларга тикилиб сўзлашади:
-Киши агар юз, агар минг яшаса ҳам охири ўлмак керак. Эслайсизми, «Бобурнома»да шоир:

«Агар сад сол мони в-ар яке рўз,
Бибояд рафт аз ин коҳи дилафрўз...»

- деган эди. Яъниким, агар юз йил ва агар биргина кун яшасанг ҳам, кўнгул очувчи бу қасрдан кетиш керак бўлур. Биз учун бу қасрдан кетмоқ вақти етубдур.
-Бу қасрдан кетишимдан мен афсусда эмасман. Армоним шуки, бу ҳаётдан бизни ўз дўстларимиз қувдилар. Аҳил-иноқ яшай олмадик. Биз-ку кетамиз, миллатнинг аҳволи не бўлур? Кун келурмики, миллат иттифоқда яшаса? Кун келурмики, қоронғулик чекинса, офтоб чиқса...

-«Тилинган тилларга қон югургуси,
Бўшанган инларга жонлар киргуси.
Тиканли боқчалар чечак кўргуси,
Ҳақ йўли, албатта бир ўтилгуси...»

-Гаплашилмасин!
Ҳар эҳтимолга қарши айтилган буйруқ эди бу. Ҳозир кўз кўзга тушиб, юрак юрак билан сўзлашмоқда эди. Юраклар сўзлашувини ҳеч ким ман этолмас. Уларнинг жисмлари ҳибсда. Руҳлари эса озодликда. Ҳозир ўқлар узилади. Бедор юраклар уришдан тўхтайди. Жисм ҳаёт чоғида агар юрак фақат қон ҳайдаш билан банд бўлган бўлса, жон чиқиши билан у ҳам ўлар. Агар юрак эл ғамида, инсонлар ғамида яшаган бўлса, бир ўқ тегиши нима экан, қийма-қийма қилиниб зарралари олам аро сочиб юборилса ҳам ўлмайди, яшайверади. Милтиқларини ўқлаганлар билишмайди буни. Уларга буйруқ берилса бас - тепки босилади... ўқ ҳавода ўтли из қолдириб бориб бедор юракка санчилади. Улар «маҳкумлар ўлди», деб изларига қайтадилар. Буларнинг қўлларига кишан уриб берган «дўст»лари ҳам «улар ўлди» деб ўйларлар. Уларнинг номларини ўчира бошларлар. Бирга тушган суратларини йиртарлар. Кўпчилик бўлиб тушилган суратларда уларнинг кўзларига игна тиқиб тешарлар... Булар милтиқ тепкисини босувчи, буйруқ бажарувчи аскарлар эмас. Улар ўзларини доно фаҳмлайдилар. «Алвасти кўприк» деб аталувчи жар ёқасида милтиқ тепкиси босилувини кутаётганларнинг юраклари тоабад тирик қолишини ҳам биладилар. Била туриб ўзларини фаҳмламаганга оладилар. Йўқ, улар бу юракларнинг ҳам жисмга қўшилиб тупроқ остида чиришини истайдилар. Шукрки, фақат истайдилар халос. Юракка кишан уриб беролмайдилар. Юракни чирита олмайдилар...
Жар ёқасида турган маҳкумлар нималарни ўйлашди? Кўзларидан дарё-дарё ёш оқизиб қолган оилалариними? Ёки бу дунёдан аллақачон кўз юмиб кетган ота-оналари, биродарлариними? Балки Самарқанд дарвозадаги шийпонда қурган суҳбатларини эслашар?
-Асрнинг ўн еттисида онадан қайта ҳур бўлиб туғилдик, деб адашибми эдик?
-Бизки адашдик, фуқаро не қилар?
-«Ҳалокат бўлишин билмай қулочни катта отдим-ку...»
...Милтиқ тепкиси босилунига қадар бир неча нафас вақт бор...
-Мен «дўст»ларимизга ачинаман. Вақти келиб бизнинг ҳақ эканимиз ойдин бўлганида бу дунёда қандай бош кўтариб юрар эканлар? Балки Худо уларни тирик қолдириб, узоқ умр бериб жазолагандир?
-Қиёматда юзма-юз бўлганимизда нима дейишар экан?
Тилга кўчган сўзлар шуларгина эди.
-Гаплашилмасин!
Буйруққа ҳожат ҳам йўқ эди.
Тепкилар босилди, ўлим ўқлари отилди.
Сўзлашмоқ қиёматга қолди.
Уларга ҳеч ким аза очмади. Жаноза ҳам ўқилмади. Чунки уларнинг ўлимидан бехабар эдилар. Ҳатто «дўст»лар ҳам бехабар эдилар. Шунча қилган хизматлари эвазига қувониш бахтидан бебаҳра қолдилар, бечоралар…
Орадан йиллар ўтиб эса... билдилар. Аммо энди кеч эди. Қувонишга асос йўқ. Улар халқ душмани эмас, чин халқпарвар эканликлари маълум бўлди. «Дўст»ларни биров айбламади. Ўзларидан ўтгани ўзларига-ю, Аллоҳга маълум.
Байт:

Бу гулшан ичраки йўқтур бақо гулиға сабот,
Ажаб саодат эрур, чиқса яхшилиқ била от.
(Ҳазрат Навоийдан)

2

Уларнинг жисман маҳв этилганларига эллик олти йил бўлибди. Ўшанда ҳазрат Абдулла Қодирий қирқ тўрт ёшда эканлар. «Ўтган кунлар» рўмонининг ёзилганига эса етмиш йил бўлди. Ёзувчи билан бирга асарга ҳам кишан урдилар. Асарни ҳам ўлимга маҳкум этдилар. Ҳақ йўлидаги асарни ҳеч қандай ҳукмдор ҳеч бир замонда маҳв этолган эмас. Абдулла Қодирий ҳам, у зотнинг асарлари ҳам тирик қолаверади.
Камина хизматкорингизнинг мақсади - «Ўтган кунлар» ҳақида уч-тўрт оғиз сўз айтиш эди. Гапни тўғридан тўғри шундан бошласам ҳам бўларди. Аммо Абдулла Қодирий ва унинг сафдошлари отилган кунни, онни эсламоқ зарур эди. Чунки уларнинг ўлимлари тасодифий эмас, улар охир-оқибат шу жар ёқасига келажакларини билганлар ва бу ҳолни асарларига сингдирганлар.
«Ўтган кунлар» ҳақида балки юзлаб мақолалар ёзилгандир. Танқид қилинган, таҳлил этилган, мақталган мақолаларнинг айримлари билан танишман. Мен адабиётшунос олим эмасман. Таҳлилларга нўноқман. Мен фақат Абдулла Қодирийнинг мухлисиман. Шу боис у мўътабар зотнинг асарларидан олган таассуротларимнигина баён қила оламан.
Абдулла Қодирий адабиёт оламида ўз мактабларини яратганлар. Мен шу мактабнинг бошланғич синфидаман. Фикрларим ҳам шу даражада - маъзур тутгайсиз.
Биз ўрта мактабда Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодини ўрганмаганмиз. Университетда ҳам ахборот тарзидаги маърузаларни тинглаганмиз. Ўрта мактабда «Гулнор ( ёки Зайнаб, Фарҳод, Мажнун...) - чин муҳаббат эгаси», деган мавзуларда инщолар ёзганмиз. Фарзандларимиз эса «Отабек (ёки Кумуш, Анвар, Раъно...) - чин муҳаббат эгаси», деган мвзуда иншолар ёздилар. Олимларимиз нашр этган айрим мақолаларда ҳам шу ҳолни учратишимиз мумкин. Бу масалада уларга жиддий эътироз билдирмоқчи эмасмиз. «Ўтган кунлар» рўмон тарзида (жанрида) ёзилган. «Ўтган кунлар»нинг пойдевори - Отабек билан Кумушнинг муҳаббати. Мен бу асарни шимолий уммондаги баҳайбат муз тоғига - айсбергга ўхшатаман. Маълумки, бу тоғнинг фақат чўққилари кўзга ташланади, асосий қисми эса кўринмайди - сув остида бўлади. Ҳар бир улуғ асарнинг улуғворлигини, умрини ана шу кўзга кўринмас қисми таъмин этади, деб ўйлайман. Абдулла Қодирий қўлга қалам олганларида икки ёшнинг оловли муҳаббатинигина баён қилмоқчи бўлганмикинлар? Агар мақсад шугина бўлса асар бу қадар улуғворлик касб эта олармиди? Ахир тарихимизда ишқий қиссалар кам эдими? Эслайлик: Абдулла Қодирий адабиётга муҳаббат куйчиси бўлиб кириб келмаганлар. Фикримизнинг далили учун «Жувонбоз» деб аталган ҳикояларини, «Бахтсиз куяв» деб аталмиш пъесаларини ёдга олиш кифоядир. Шунга кўра айтмоқ мумкинки, ёзувчи адабиёт майдонига халқ ғамида куйиб-ёниб кириб келганлар. Халқнинг тақдирини, келажагини ўйлаб қайғурганлар. «Ўтган кунлар» ёзишга ҳам ана шу миллат қайғуси ундаган бўлса керак.
Байт:

Юз жафо қилса манга бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо юз қатла фарёд айларам.

(Ҳазрат Навоийдан)

«Кумушни ўлдириб қўйдим», деб йиғлаган эканлар. Назаримда ёзувчи Кумуш исмли гўзал жувоннинг ўлимидан эмас, бошқа нарсадан куйиб, йиғлаганлар. Бу ҳақда бир оздан сўнг батафсилроқ мулоҳаза юритмоққа уриниб кўрамиз.
Фикри ожизимча, «Ўтган кунлар»нинг биринчи ва охирги жумласи асарнинг асл моҳиятини белгилайди:
«1269-инчи ҳижрия, далв ойининг 17-инчиси, қишқи кунларнинг бири, қуёш ботқан, теваракдан шом азони эшитиладир...»
«...Ўзбек ойим қора кийиб, таъзия очди.»
Шу жумлаларни кўп ўйлайман. Нима учун қиш куни? (Баҳор ёки ёз эмас?) Нима учун атрофдан шом азони (бомдод эмас!) эшитилади? Айтмоғингиз мумкинким, савдо аҳли кундузи иш билан машғул, карвонсаройга шу пайтда қайтади, Отабекнинг ҳузурига келувчи меҳмонлар шуни назарда тутганлар. Шундай десангиз сизга яна бир саволим бор: улар бомдодда келувлари ҳам мумкин эдими? Ёки, Марғилон катта шаҳар эмас, Отабекни биронта растада кундузи учратмоқлари ҳам эҳтимолдан ҳоли эмасдир.
«...Теваракдан шом азони эшитиладир...» Балки бунинг рамзий маъноси бордир. Балки ёзувчи айнан шом азонини таъкид этганида фақат намозга чақириқни эмас, бошқа нарсани ҳам назарда тутгандир? Ҳар ҳолда менга шундай туюлади. Шом - қоронғулик босиб келишидан бир дарак. Далвда кечалар узун, ёруғлик камроқ бўлади. Шом азони юрт бошига ёпирилиб келаётган қоронғилик, зулматдан огоҳ этувчи дарак эмасмикин? Донишманд адиб «Ҳой мўъминлар, кўзларингизни очингиз, остонангизда ғаним турибди. Иттифоқ бўлмас экансиз, ёруғ кунларингиз узун тун кечаларига айлангусидир», демоқчи бўлмаганмикинлар? Бу азон чақириғига эътибор берилмади. Ёзувчи азон чақириғини тилга олгач, унинг изидан «намоз ўқилди», демаганлар. Фақат чақириқни баён қилганлар. Ҳужрадагилар эса ўз ишлари билан машғуллар. Бу ҳам ноиттифоқликка бир ишорамикин? Асарда азон чақирилиши бир неча маротаба зикр этилади. Аммо бирон марта ҳам намоз тасвири берилмайди. Ажаб ҳол: азон чақирилгану ҳамма дунё ташвиши билан банд. Адиб “қора кунларнинг бостириб киришига диёнатсизлик сабаб”, демоқчи бўлмаганмилар?
Асарда нима учун Отабекнинг онасига «Ўзбек ойим» деб исм қўйилган? Ахир аёлларда «Ўзбек» деган исмни қарийб учратмаймиз-ку? (Шахсан мен ҳеч эшитмаганман.) Назаримда ёзувчи шу сўнгги жумла учун ҳам «Ўзбек ойим», деб қўйганга ўхшайдилар. ...Ўзбек ойим қора кийди... Юрт хавфдан огоҳ этувчи чақириққа эътибор бермади, ҳидоятдан чекинди ва оқибатда қора кийди, аза очди. Қоронғи тунларга кириб келди.
Юртнинг қора кийишига сабаб нима? Худоёрхоннинг ҳарбий жиҳатдан қолоқлигими? Йўқ! Халқ орасида тотувлик йўқлиги асосий сабаб бўлди. Ёзувчи тарихни тўғри англаб, тўғри таҳлил қилиб, ўз хулосаларини дам очиқ тарзда, дам рамзлар орқали ифода қилганлар. Асарнинг дамтлабки бобларида ўқиймиз:
«Менимча ўриснинг биздан юқоридалиғи унинг иттифоқида бўлса керак,-деди Отабек,- аммо бизнинг кундан кунга орқаға кетишимизга ўз аро низъоимиз сабаб бўлмоқда, деб ўйлайман... Орамизда бу қўрқунч ҳолатни баҳаққи тушанадирған яхши одамлар йўқ, билъакс, бузғучи ва низъочи унсурлар томир ёйиб, ҳар замон содда халқни ҳалокат чуқуриға қараб тортадирлар...»
Диққат қилайлик: бу гапларни йигирма тўрт ёшли йигит – Отабек айтяпти. Мазкур сатрлар ёзилаётганда адиб ҳам тахминан шу ёшда бўлганлар. (Тахминан, дейишимизга сабаб шуки, асар ёзиш ғояси Абдулла Қодирийда эҳтимол шу ёшларида туғилгандир. Ҳар ҳолда рўмон эълон қилинганида у зот ўттиз ёшларда бўлганлар. Отабек ва Кумушга ёш жиҳатдан яқин бўлганлари учун ҳам уларнинг дарду аламларини баён этишда бирга ёниб, бирга куйгандирлар. Шунинг учун ҳам асарда ёлғон дард йўқдир?)
Отабек (нима учун «Ота» «бек», буни ҳам мулоҳаза қилмоғимиз лозим.) - юртнинг келажаги. Лекин Отабек юртнинг келажагини ёруғликда кўролмайди.
«...Мозористонда «ҳайя ала-фалаҳ» хитобини ким ҳам эшитарди...»
«...Ўз ғарази йўлида истибдод орқали эл устига ҳукмрон бўлғувчилар йўқотилмас эканлар, бизга нажот йўқдир...»
Юрт мозористонга айланаёзган, шундай жойда «нажотга келинглар», деб минг бақиринг, ким ўрнидан туради. Ўликлар қандай нажотга келиши мумкин? Ёзувчи бунда жисман мурдаларни эмас, руҳи, миллий ғурури ўлганларни назарда тутмадилармикин?
Асар ёзилаётган дамларда 1937 йилда бошланган қирғинга ҳали кўп йиллар бор эди. Лекин бўлажак фожиа бўронининг шабадалари эса бошлаганини ёзувчи сезганлар. Чунки Беҳбудий ёки Мунавварқоридек миллат учун қайғурувчи маърифатпарварларнинг қатл этилишлари яхшиликдан нишона эмасди. Яқин келажакда қирғин бўлажагини билибми, «бузғувчи ва низоъчи унсурлар томир ёйиб» бораётганидан хавотирланадилар. «Бузғувчи ва низоъчи унсурлар»нинг томир ёйиши фақат Отабек яшаган давргагина эмас, балки ундан кейинги даврларга ҳам хосдир.
Ёзувчи асар бошланишида биз ҳозир «ижтимоий муаммо» деб айтаётган муҳим масалага эътиборни қаратадилар. Қора тунлар қаердан бошланишини кўрсатадилар. Сўнг бу муаммо гўё унутилгандай туюлиб, ишқий можароларга берилгандай бўладилар. Ишқий можаро ҳал этилгандай туюлгач эса яна ўша ижтимоий муаммога энди Юсуфбек ҳожи иштирокида қайтадилар. Қипчоқ қирғинини, ундан Отабекнинг қандай ларзага тушганини таҳлил этмай турайлик. Асосий эътиборни Юсуфбек ҳожи сўзларига қаратайлик. Ёзувчи энди дардларини Юсуфбек ҳожи тилидан қоғозга тўкадилар:
«...Буродарлар! Ўрус ичимиздан чиқадирған фитна-фасодни кутиб, дарбозамиз тегида қўр тўкиб ётибдир. Шундай маҳшар каби бир кунда биз чин ёвга берадирган кучимизни ўз қўлимиз билан ўлдирсак, сен фалонсан, деб қирилишсақ, ҳолимиз нима бўладир...
...Сиз ўз қипчоғингиз учун қабр қазиган фурсатда, сизга иккинчилар тобут чопадилар. Биз қипчоққа қилич кўтарганда, ўрус бизга тўп ўқлайдур...
»
Бунда қипчоққа қабр қазилди, унда эса тобут тайёрланди. Узоқ йиллар чиримайдиган қилиб тайёрланди. Бунда биродарга қарши қилич кўтарилди, унда миллатга қарши тўплардан ўқ узилди... Бу энди тарихий ҳақиқат. Тарихни нима учун ўрганамиз, тарихий воқеаларни нима учун эслаймиз? Бошқа бир халққа нисбатан адоват уйғотиш учун эмас, балки вақтида йўл қўйилган хатоларни англаш учун, бу хатоларни такрорламаслик учун! Дастлабки ноаҳиллик босқин билан тугади. Кейингиси ўттиз еттинчи йил қирғини билан... Ёзувчи ва у зотнинг сафдошлари шу ноаҳилликнинг қурбони бўлдилар...
Ўзбекнинг ҳовлиси қадимда иккига бўлинган эди. Ичкари ва ташқари. «Ўтган кунлар» рўмони ҳам шунга ўхшайди. «Ташқари» томони билан ота-бола сўзлари ёрдамида қисман танишдик. Энди «ичкари»га қарайлик-чи? Ўзбек ойимнинг қора кийишларига сабаб шу ичкаридан чиқар. Рамзларни, ишораларни тушунмоққа уриниб кўрайлик.
Аввало Кумуш... Абдулла Қодирий уни суйиб-суйиб ёзганлар. Кумушни Отабек кўпроқ севар эдими ё Абдулла Қодирий севар эдиларми, деган муаммога мен ҳануз аниқ жавоб топа олмайман. Ҳар ҳолда Абдулла Қодирийнинг севгилари буюкроқ бўлгандир. Йўқса, Отабек Кумушни бу қадар ўтли муҳаббат билан сева олмас эди. Ёзувчи Кумушда фақат гўзал малакни кўрганмилар? Мен ўзимча ёзувчи Кумуш тимсолида гўзал Ватанни кўрганлар, деб ўйлайман. Кумушга бўлган севгилари Ватанга бўлган севгилари эди, деб хаёл қиламан. Кумушни биз дастлаб кўрганимизда у хаста эди. Ажабки ўшал замонда юрт ҳам хаста эди. Отабекнинг муҳаббати Кумушга далда берди, шифо берди. Агар юрт ўғлонлари Ватанга шундай муҳаббатда бўлганларида эди, Ватан хасталикдан бош кўтарармиди...
«...қўл узатиб сувдан олди ва юзини ювди. Унинг юзини ўпиб тушкан сув томчилари билан ариқ ҳаракатга келиб чайқалди, гўёки сув ичида бир фитна юз берган эди... Иккинчи, учинчи қайталаб юз ювишида бу фитна тағи ҳам кучайди...»
Кумушнинг юз ювиши баёнида ҳам яширин маъно бормикин? Балки ёзувчи гўзал Ватан атрофидаги фитналарни айтмоқчи бўлгандирлар? Бу фитна фақат Кумуш замонасига хос эмас, ундан кейин ҳам давом этди. Ватанга эгалик қилиш учун бир неча мамлакат уринди. Ёзувчи шуларни назарда тутмадиларми экан?
Агар Кумуш тимсолида Ватанни назарда тутган бўлсалар, у ҳолда Кумушнинг ўлимидан изтиробга тушганлари, йиғлаганларининг сабаби ойдин бўлар? Ёзувчи бир гўзал малакнинг ўлимидан эмас, Ватан келажагининг захарланганидан қайғуга берилмадиларми экан? Кумуш ўлди. Аммо унинг ўғли тирик. Демак, Ватан келажагига умид бор. Ёзувчининг сўнгги сўзидан маълумки, Ёдгорбекнинг бир ўғли шўролар томонида, иккинчиси ўша дамда «босмачи» дейилганлар томонида экан. Бунда ҳам рамз бордек кўринади. Ўша йиллари юрт ўғлонлари ҳам иккига бўлинган. Бир қисми болшевиклар гапига ишониб, улар томонга ўтишган. Бошқа бир қисми эса қарши бўлган. Замон акани укага ғаним қилиб қўйган. Ёзувчи шуларни ўйлаб йиғламадиларми экан?
Кумушнинг ўлими... Захарланиш... Бу турмушда учрайдиган оддий кундош рашки оқибатими? Юртни бошқарувчи хон аҳли фуқарони бирдек кўрмади. Қипчоқ қирғинига фатво берди. Юсуфбек ҳожининг йиғлаб айтган сўзларини яна эслайлик. Отабек ҳар икки хотинига бир ҳил муносабатда бўлмай, рашк ўтининг аланга олишига шароит яратиб бермадими? Хон фуқаросини уруғга, қабилага ажратмай, иттифоққа даъват этса, ҳатто куч ишлатса-да, тотувликни барқарор сақласа юрт хароб бўлармиди? Отабек Зайнабдан меҳрини дариғ тутмаса, у Кумушга захар берармиди эди?

3

Асарга «ўзбеклар турмушидан тарихий рўмон» деб изоҳ берилган. «Севишган қалблар ҳақида» ёки «Муҳаббат фожеалари»... эмас, айнан «ўзбеклар турмушидан», айнан шом азони чақирилган дамдаги турмушидан. Шунинг ўзиёқ бизни айсбергнинг қуйи қисмини ўрганишга даъват этади. Бу вазифани таъбир жоиз бўлса, бир ҳамлада уддалаш мумкин эмасдир. Яъни бир мақола ёзиш билан уддалаб бўлмайди. Ҳамонки, сиз муҳтарам ўқувчининг диққатини жалб этишга киришган эканман, яна айрим қирраларини айтиб ўтишим зарур.
Рўмонда ортиқча тасвир, баён йўқ. Мен ҳар гал уни қўлга олганимда шуни ўйлайман. Асардан тушириб қолдириш мумкин бўлган жойни қидираман. Ёзувчи ёш, бунинг устига биринчи йирик асари, ҳаяжонга берилибми ё тажрибасизлик қилибми кераксиз саҳифаларни ёзгандир деб ўйлайман. Бир сафар уста Алимнинг ҳикояси ғоят чўзилгандек туюлди. Сўнг шу ҳикоя олиб ташланса нима бўларди, деб ўйладим. Кейин фикрлаб кўрсам, ёзувчи буни шунчаки ҳикоя сифатида ишлатмаган эканлар. Саодатнинг ўлими фақатгина уста Алимнинг қайғусини бериш учун олинмаган. Саодат ой-куни яқинлашганида қийналиб ўлди. Ана энди Кумушнинг ой-куни яқинлаган дамларини ва Отабекнинг ҳавотирларини эслайлик. Ёки Ҳомиднинг Сайфига (Саодатнинг укасига) ёмон назар, бузуқ ният билан қараши оқибатида уста Алимнинг янги дўкон қуриши, шу баҳонада Фарфининг келиши баён этилган саҳифаларни варақлайлик. Тугуннинг ечими шу саҳифаларда бошланмайдими? Демак, уста Алимнинг ҳикояси асарнинг икки муҳим нуқтасида иш беради.
Абдулла Қодирий асарларида ҳар бир жумланинг ўз хизмати бор. Асарнинг «Инқилоб» бобидаги бир жумлага эътиборингизни тортай: Азизбек халққа узр айтганда, узри қабул бўлмайди. Унга қарши айтилган гаплар орасида шундай жумла бор: «Ханжарингни хайф кўриб маҳаллаларга чаён солиғи солган, оғаларимизни чаён заҳари билан ўлдирган ким эди?» Мен неча марта ўқисам, шунча марта бу жумлага етарли эътибор бермабман. Аммо биродаримиз Рустам Тожибоев бу жумлага эътиборни қаратиб, кичик илмий тадқиқотни амалга оширибдилар. Тарихий асарларни ўрганиб, Тошкент ҳокими Азизбекнинг чиндан ҳам маҳбуслар устига чаён ташлаб қийнаб ўлдиргани, аҳолига чаён солиғи солгани, одамлар пахса деворларни бузиб чаён қидиришга мажбур бўлганларини аниқлабдилар. Қаранг, биргина жумла фақат Азизбекнинг ярамас қилиқларини баён эта қолмай, балки тарихий бир ҳақиқатни ҳам ўзига сингдирган.
Ёки... асар бошларидаёқ Ҳомиднинг шакли-шамойили, феъл-атворининг тасвирига алоҳида эътибор берилади. Ҳомид - ўттиз беш ёшлардаги кўримсиз одам. «...унинг шуҳрати нима учундир бойлиги билан бўлмай «Ҳомид хотинбоз» деб шуҳратланган». Ҳолбуки унинг иккита хотини бор. У замонларда кўпхотинлик айб эмас, суннат саналган. Нима учун Ҳомидга «хотинбоз» лақаби тиркалди, Мирзакарим қутидорнинг қизи ҳақида гап кетса нима учун «Ҳомиднинг чеҳраси бузилди... бир турли вазиятда жиянига қаради... Юзидаги бояги ҳолат яна ҳам кучланиб...» тоқатсизланди? Бу ҳолатлар баёни бекорга тилга олинмагани кейинроқ бориб маълум бўлади. «Бу кунгача икки хотин ўртасида туриб жанжалга тўймаган» Ҳомиднинг хотинни учта қилиш ўйи борлиги ҳам бекорга айтилмаган. Чунки учинчи хотин унинг ўйича - Кумуш бўлиши керак эди. Ҳомид мақсадига эришмоқ учун ҳеч нарсадан қайтмайди. Ҳомид ўттиз еттинчи йилдаги «холис хизмат қилувчи» «дўст»ларни эслатмайдими? Асарда Ҳомид енгилган эди, ҳаётда эса...

4

Асар нималари билан диққатга лойиқ? Энг аввало лутфи билан, қаҳрамонларининг одоби билан, шундай эмасми? Бир жумлага эътиборни қаратайлик: Раҳмат Отабекка қараб: «вақтсиз келиб сизни тинчсизладик», деганида Отабек: «...тинчсизламадинглар, билакс, қувонтирдингизлар... шаҳрингизга биринчи марта келишим бўлгани учун танишсизлик, ёлғизлик мени зериктирган эди», деб жавоб қилади. Шу ўринда «биринчи марта келишим», деган сўзларга диққат қилайлик. Отабек бу ерда шунчаки эмас, биринчи марта келгани учун зерикди. Агар шунчаки зерикдим, деса мезбонларга малол келар, балки уларга маломат, гина бўларди. «Шаҳрингиз зерикарли экан», деган маъно ҳам чиқарди. Отабек бу ерда ҳам лутф қилди, ҳам унинг Марғилонга биринчи келиши ўқувчига маълум бўлди. Ёки Отабек Ҳасаналига иш буюришдан аввал «тузукмисиз ота?» деб аҳвол сўрайди.
«- Баъзи ишларни буюрсам...
-Буюрингиз, ўғлим.
-Раҳмат ота, бўлмаса бизга чой қайнатиб берсангиз-чи.
-Хўб, бегим...»
Шу қисқа савол-жавобда одобнинг олий чўққиси кўринган. Отабек Ҳасаналига «ота», деб мурожаат қилганида у «ўғлим», деб жавоб берди. Отабек иш буюрганида эса «бегим», деди. Бу ерда фақат Отабекнинг лутфи эмас, Ҳасаналининг одоби, зийраклиги, фаҳми ҳам акс этган. Ёки, «бу киши кимингиз бўлади?» деган саволга Отабек дарров жавоб бермайди. «Ҳасаналини ҳужрадан узоқлатиб, сўнгра жавоб берди: - қулимиз».
Отабек бу ўринда тўғридан тўғри шундай деганида Хасанали ранжимас эди. Чунки у қуллигини унутган эмас. «Хўб, бегим», дейишининг ўзиёқ бунга далил. Отабек исломий одоб эгаси бўлгани учун ҳам Ҳасаналини ҳужрадан узоқлатиб айтди бу гапни.
Сўз ислом ва иймон ҳақида борар экан, айтмоқ жоизки, асарда иймонлилар (Отабек, Юсуфбек ҳожи...) ва иймонсизлар (Ҳомид, унинг шериклари, Азизбек) кураши мавжуд. Ёзувчи фалончи иймонли, фалончининг иймони суст, деган сўзни ишлатмайди. Буни қаҳрамонларнинг сўзлари, ҳаракатлари аён этиб туради. Ҳаётда чин мусулмон бўлиш, мустаҳкам иймон эгаси бўлиш жуда оғир. Намоз ўқигани билан дарров иймонли бўла қолмайди одам. Ҳомидлар, азизбеклар ҳам ўзларини мусулмон санашган, намозларини ўқишган, аммо иймондан узоқ бўлишган. Балки ўттиз еттинчи йилда дўстларининг қўлларига кишан уриб берганлар ҳам ўзларини мусулмон санашгандир. Балки кейинроқ гуноҳларини англаб, тавбалар қилишгандир... Балки...
Байт: Чанд боши зи маосий мазакаш,
Тавба ҳам бемаза нест би чаш.
(Маъноси: Қачонгача гуноҳ ишлардан завқ оласан, тавба ҳам бемаза эмас, ундан ҳам тотиб кўр. «Бобурнома»дан)

5

Ва ниҳоят, қатағоннинг умри тугади. Ёзувчининг номи оқланди, асарлари ҳибсдан озод бўлди. Қарийб йигирма йил Абдулла Қодирийнинг асарларини қўлга олиш ман этилди. Бу асарларни ўқиганлар жазога тортилди. Гуноҳдан қўрқмаганлар китобларни ёқиб юбориб, жон сақлашди. Кўпчилик эса китобларни сандиққа солиб, ерга кўмди. Қўшсинч девор орасига олиб суваб ташлади - ёқиб ташлашга кўнгли бўлмади. Айримлар эса ҳеч нарсадан қўрқишмади. Сақланиб қолган китоблар қўлма-қўл бўлиб ўқилаверди.
Ҳақиқат рўёбга чиқа бошлагач, Абдулла Қодирий ижодига муносабат ҳам ўзгарди. Иззат Султон биринчилардан бўлиб ёзувчи ижоди ҳақида мақола ёздилар. Ва... танқидга учрадилар. Абдулла Қодирий ижодига ҳаддан ташқари юқори баҳо беришда айбландилар. «Ўтган кунлар» Сарвар Азимов таҳрири остида китоб ҳолида нашр этилди. Нашрга жузъий ўзгартиришлар киритилди. Айрим жумлалар қисқартирилди. Ҳозир, орадан қирқ йил ўтиб, бемалол эркин фикрлашимиз, кимнидир, ниманидир айблашимиз осон. Шуни унутмайликки, эллигинчи йилларнинг ўрталарида бир доҳий ўлгани билан тузум яшамоқда, тузум янги доҳийни минбарга кўтармоқда эди. «Социалистик реализм», «миллий масала», «коммунизм»... деган тушунчалар аввалги доҳий даврида қандай бўлса, кейин ҳам ўша ҳолда кун тартибида турар эди. Яъни тузум иморати сақланган, фақат у ер бу ердаги кўчган сувоқ ўринлари қайта сувалаётган эди. Бу - биринчидан. Иккинчидан, Абдулла Қодирий ва унинг дўстлари қўлларига кишан уриб берганлар ҳаёт эдилар. Улар айбларини бўйинларига олиб, осонликча чекина олмасдилар. Шунга кўра асарни асл ҳолича чиқариш имкони у даврда йўқ эди. Бир неча жумла олиб ташланмаса, асар бутунлай чиқмасдан қолиши мумкин эди.
Ҳар нарсанинг вақти, соати бўлганидек, «Ўтган кунлар» ҳам вақти келиб,асл ҳолича, ёзувчи ҳаёт эканликларидаги нашрга асосланган ҳолда китоб қилинди. Бу ишни ёзувчининг набиралари, Ҳабибулло Қодирийнинг ўғиллари Хондамир Қодирий амалга оширди.
Алқисса...
«Ўтган кунлар» етмиш йил умр кўрди. Етмиш йил азобли, уқубатли умр кечирди. Етмиш йил бу асар учун синовли йиллар бўлди. Асар синовдан ўтди. Абадият мартабасини олди...
Маъзур тутинг, сўзим бир оз чўзилди. Мен илмий мақола ёзишга даъвогар эмасман. Асарни ўқиганда кўнглимдан кечган фикрларни баён қилдим. Абдулла Қодирий ижодини ўрганиш бўйича олимларимиз анча иш қилишган. Қилинган барча ишларни «дебоча» десам ранжимаслар. Хорижда суюкли ёзувчилари ижодини ўрганувчи махсус институтлар бор. Бу институтлар ҳар йили ёзувчи ижодига бағишланган китоблар, журналлар чиқаришади. Пушкин вафотидан кейин унинг ижодини ўрганиш билан шуғулланган олимлар сони саналса шоир яратган шеърий сатрлар саноғидан ҳам кўп бўлса эҳтимол. Шоир ижодига бағишланган китоблар тахлаб чиқилса, Кремлдан ҳм баландроқ бўлар...
Шуларни мулоҳаза қилиб ҳам ишларни «дебоча» дедим.
Худога шукр, Абдулла Қодирий музейи барпо этилди. Энди илмий кучлар шу музей атрофида тўпланса, келажакда «Қодирийшунослик институти» ҳам вужудга келар. Яхши ният - ярим мол. Яхши ният қилаверайлик.

1994 йил.

Изоҳ: Мазкур мақола «ХХ аср ўзбек романи» туркумида «Шарқ» нашриёт-матбаа концернининг Бош таҳририяти чоп этган «Ўткан кунлар» китобига сўнгсўз сифатида ёзилган эди. Мақола сўнгида яхши ният қилиб эдик. Бу ният умрини яна узайтирамиз шекилли. Чунки айтганимиз «Абдулла Қодирий музейи» ташкил этилди-ю, бир неча ойга бормай, ҳатто қаддини кўтаришга улгурмай йўқ бўлди. Адабиёт муҳиблари бу аччиқ ҳақиқатни билиб қўйишларини лозим деб топиб, мазкур изоҳни баён қилдик. (2006 йил.)

Ибрат мактаби
(иккинчи мақола)

Қалам аҳлининг пирларидан саналмиш Абдулла Қодирийнинг маҳоратлари ҳақида гап айтишга камина томонидан уриниш бўлиб эди, энди янгироқ фикр баён қилиш масъулиятини зиммамизга юклаб, қўлга қалам олмоққа яна журъат этдик.
«Қуёш бутун коинотга нур таратгани каби, унинг хазинаси ҳам тўққиз қават осмонни тутиб кетгандир. У жаҳон аҳлига шундай маънолар тўкканки, у хазиналар ўлмас ва абадийдир... Унинг коинот қадар кенг ва юксак табиатида осмон юлдузлари каби беқиёс маъно дурлари мавжуд. Бу осмонда мавқеи хуршиди тобондек бўлиб, у таратган нур оламда абадий сўнмайди. У ўзининг нур сочувчи қаламини тарашлаб олганда қуёшнинг юзига ажин тушган... Қалами гавҳар сочувчи бу шоир ўз сўзларини қоғозга ёзган эмас, йўқ, зар сочувчи қуёш бунга осмондан зарварақ сочиб турган...»
Ўқиганингиз бу сўзлар ҳазрат Алишер Навоий байтларининг бугунги насрий тилга кўчирилган маъноларидир. Низомий Ганжавий ҳазратлари улуғланган бу сатрлар билан Абдулла Қодирийни шарафлашни лозим топдик. Чунки пир даражасидаги устозни мадҳ этиш учун ҳам маҳорат керак. Бизнинг айтар мадҳ сўзларимиз эса денгиз юзига бир чизиқ тортган кабидир. Зотан, кўп қатори камина ҳам устозларнинг маъниларидан баҳраманд бўлиб юрган шогирддир, холос.
Улуғ адиб ижодий мерослари ҳусусинда сўз ёзиш эҳтиёжининг туғилишига нима сабаб бўлганини баён этай: ҳазрат Алишер Навоийнинг «Муншаот»ларида шундай рубоий бор:

Атодин хато келса кўрма хато,
Савоб бил, хато қилса доғи ато.
Атонинг хатосини билгил савоб,
Сени юз балодин қутқарғай Худо.

Ҳамонки, «Устоз - отангдек улуғ», нақли мавжуд экан, мазкурни «Устоздан хато келса кўрма хато...» қабилида талқин қилмоғимиз ҳам мумкин бўлар. Тўғри, устознинг мавқеи қанча улуғ бўлмасин, Аллоҳ ҳузурида ожиз бандадир. Хатодан, гуноҳдан ҳоли эмасдир. Айтган, ёзган сўзлари ҳам банданикидир, шу боис мутлақ ҳақиқат эмасдир. Аммо бу хатоларни излаб топиш, карнай чалиб элга овоза қилиш одобдан эмас. Гап шундаки, Абдулла Қодирийнинг беназир ҳисобланмиш боғларидаги меваларга нисбатан нохолис, баъзан нолойиқ фикрларни ҳам эшитиб қоляпмиз.
Абдулла Қодирийнинг адабий тил борасидаги маҳоратларини дурлар хазинасига қиёслашимиз мумкин. Адибнинг ҳикоялари, фелъетонлари, ҳажвияларини ўқиганингизда, бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз. Тошпўлат тажанг билан Калвак махзумнинг сўзлари бир-биридан тубдан фарқ қилади. Ёзувчи «Овсар» таҳаллуси билан бир фелъетон ёзса, «Думбул» таҳаллусида ёзилган ҳангамадан фарқланиб туради. Билмаган одам бу икки асарни икки одам ёзган, деб ўйлаши ҳам мумкин.
«Қара-қара, Маҳкам! Дўндуқ экан-ку, анавинг. Суяги борми, а?. Бир пиёла чойимиз бор, ҳов! Итдан туққанинг қарамади-ку... Ҳай ким, Салим каварнинг боласи эмасми, тўлишибди ўзиям. Сартарош ҳожи кўриб қолса, «ўлди», дегин. Бодом қовоқ, юпқа томоқ, додимга етсанг-чи... Ҳой-ҳой...» - Агар бу сўзларни мадраса кўрган Калвак махзум айтяпти, дейилса, ишонмайсиз. Тўғри, Калвак махзум ҳам аёлларга қарайди, кўнгли сус кетади, аммо у «Бир пиёла чойимиз бор», демайди, шундай эмасми? Буни фақат чапани Тошпўлат айтиши мумкин. Калвак махзум эса ўн икки яшар қизчани кўрган маҳалида сўрайди: «Отин ойинг борми?» «Бор.» «Отин ойингнинг эри нечта?» Мазмуни отин ойиси оғзини пишиғлаб қўйған шекиллик, жавоб бермай, ерга қаради. Мен ҳам сўзимни айлантирмай, ичимдан «етти-саккизта бордир», деб ўйладим. Қизи тушкур жажмондеккина экан, ҳайфки, бузилған-да... «Ўруснинг «Инжил»ини ўқиябсанми?» - деб сўраған эдим, бунга ҳам жавоб бергуси келмади. Энди ўзига яраша гапдан гапурай, деб сўрадим: «Эмчагинг олмадек бўлуб қолубдур, ўйнашинг ҳам борму?» Қизи тушкурнинг ҳали қитиқ пати ўлмаган экан, юзини чирт ўгуриб: «Ҳу, соқолинг кўксингга тўкулсун!» - деб қарғади ва йўлига югуриб кетди...» Кўриниб турибди-ки, икки одам - икки олам. Ҳар бири ўзига хос сўзлар билан ўз қиёфасини чизади. Ёзувчи фалончи ундай одам, пистончи бундай деб, таърифу тавсифлар бермайди.
«Жулқунбой» имзосида берилган «Қимматчилик ҳасрати» ёки «Думбаси тушиб қолган эмиш» ҳажвиялари эса бошқаларидан тамоман фарқ қилади. Ундаги захарли кулгуни, кинояни «Овсар» ёки «Мазлум» бу тарзда айта олмайди. Жулқунбой қимматчиликдан қийналаётган ўз оиласини бундай тасвирлайди: «...ош-нон емоқдан бошқага ярамаган бир чол отам ила бир кампир онам, ёлғиз сўз сўйлаш ила ош пиширишга яратилган бир хотунум бор. Кўчага юз карра чиқиб, ҳар уйга кирганида «Ойи, нон бер!»ни ўзиники қилиб олган бир қизим, топганини кўчада чиқим қилиб, эрта-кеч маним овқатимга шерик бўладирган бир иним бор. Булардан ташқари тағи бир яшар ўғлим бўлса ҳам, Худога шукур, ҳали тиши чиқғанича йўқ...» Бир неча жумлада оила аъзоларининг феъл-атворлари моҳирона чизилди. Бир яшар ўғилнинг ҳали тиши чиқмаганига шукур қилиниши эса аҳволнинг нақадар оғир эканини кўрсатиб турибди.
Шу ўринда ёзувчининг «Ўқиш - ўрганиш» сарлавҳали мақоласига диққатни тортишни истардим. Адиб унда рус ёзувчиси Антон Чехов маҳоратини таҳлил қиладилар. Айни таҳлилни биз Абдулла Қодирий ҳажвига нисбатан ҳам ишлатишимиз мумкин. Демоқчимизки, маҳорат бобида Абдулла Қодирий ўзлари шарафлаган зотлардан ҳеч бир кам эмаслар. Адиб Чеховни устоз ўрнида кўрган эканлар. Бу «Ёзишни Чеховдан ўрганган», деган гап эмас. Жуда кўп одам Чеховни ўқиган, жуда кўп одам уни устоз деб билиб, интилган. Бироқ, Абдулла Қодирий даражасига етиш барчага ҳам насиб этавермаган. Бу ўринда гап Чеховни устоз деб билишда эмас, гап - Худо берган истеъдодда! Ундан ташқари ўзбек адабиёти равнақини Европага боғлайвериш фикридан сал узоқлашиш ҳам керак. Худога шукур, йигирманчи аср ўзбек адабиёти қасри бошқа жойларга ўхшаб қуруқ саҳрода бунёд этилмади. Бу қаср бир бўстон бағрида қарор топди. Ўтмиш замонларни лол қолдирган, бугунга қадар ўз маҳобатини йўқотмаган мумтоз адабиётимиздан Европа ўрганган эди. Совет даврида Шарқни ўарбдан паст кўриш анъанаси бизнинг барча ютуқларимиз омилини Европага боғлади. Тўғри, Европа маданиятининг, хусусан адабиётининг ижобий таъсирлари бўлди, буни инкор этиш дуруст эмас. Аммо, айтайлик, ҳажвни ёзувчиларимиз Чеховдан ўрганган, дейиш ақлга сиғадиган гап эмас. Чунки мумтоз адабиётимиз тарихидан хажвни ўрганишга лойиқ ажойиб асарларни истаганча топишимиз мумкин. Афсус билан айтишимиз мумкин, ҳозирги авлод мумтоз адабиётимизни яхши билмайди. Абдулла Қодирий ва унинг замондошлари эса бу соҳада ҳам беқиёс бўлганлар.
Абдулла Қодирий кескин ўзгаришлар замонида яшадилар ва жамиятнинг нурли йўлда тараққий топишини истадилар. Ижодлари ҳам шу истак йўлида бўлди. Устоз замондошлари, фикрдошлари - жадидлар қаторида жамиятнинг таназзулини илмсизликда кўриб бидъат ва хурофотга қарши аёвсиз курашдилар. Ўша замонда ҳам, афсуски ҳозир ҳам бу ҳаракатни айрим биродарларимиз нотўғри англайдилар, фақат Абдулла Қодирийдан эмас, барча жадидлардан норози бўлиб, «улар динга тош отишган», қабилида сўз айтадилар. Уларнинг назарларида барча жадидлар, жумладан Абдулла Қодирий ҳам, шаккок, фосиқ, мунофиқ... Тақалаётган бу айблар «Уламо» жамияти вакилларининг даъволарини эслатади. Уларнинг фатвоси билан айрим зиёлилар эшакка тескари ўтқазилиб сазойи қилинган эканлар. Жадидларнинг, хусусан Абдулла Қодирийнинг асарларини синчиклаб, жиддий равишда ўрганган одам бу даъволарнинг бекорчи эканига гувоҳ бўлади. Абдулла Қодирий ҳеч қачон динга шак келтирмаганлар, аксинча динни ниқоб қилиб бемаза ишлардан қайтмайдиган диндорлардан юз ўгирганлар. Шу нуқтаи назардан қаралганда адиб диннинг покизалиги учун жон куйдирганлар. Қани ўйлаб кўрайликчи, динга ким кўпроқ зарар келтиради - кофирми ёки Калвак махзум, Совунак қорига ўхшаганларми? Кауфман ўлганида фотиҳага келиб «Таборак» сурасини ўқиган эшонни нима дейиш мумкин? Ёки «подшоҳ император ҳазрат Николай»нинг номини жумъа хутбасига қўшиб ўқиган имомларга нима демоқ лозим эди? Жимгина ўтиравериш лозиммиди? Бидъат ва хурофотга қарши сўз айтмакни динга қарши сўзламак, дегувчи нодондир. Қани, атрофимизга бир боқайликчи, ҳозир Совунак қори, Мағзава қорига ўхшаганларни кўрмаймизми, жаҳолат ботқоғига ботган, бидъат ва хурофот томоғидан бўғиб турган кимсаларни-чи? Динда асоси бўлмаган, динга ёқимсиз бўлган одатлар ҳақида ҳозир ҳам гапирилса айрим домлаларимиз сал олароқ қараб қўядилар. Шунда «Битта Жулқунбой етишмаяпти-да», деб армон қиламиз.
Йигирманчи йиллар матбуоти тарихи ҳақида сўз юритилса албатта Абдулла Қодирий билан ўози Юнуснинг ўзаро баҳслари тилга олинади. Баъзи ҳолларда бу баҳс шахсий адоват маҳсули эди, деган нотўғри хулоса ҳам баён қилинади. Мақолалардаги киноя, аччиқ пичинглар эҳтимол шу тушунчаларни уйғотар. Аслида эса ундай эмас. Кузатишимизча, ўша давр матбуотининг услуби шундай эди. Абдулла Қодирий ўози Юнус билан самимий дўст бўлганлар ва бу баҳсдан олдин ҳам у кишининг номини тилга олиб бир неча марта очиқ хат ёзганлар, танқид ҳам қилганлар. Лекин ўртада гина-кудурат бўлмаган. Ишонч билан шундай дейишимизга сабаб, ўози Юнуснинг ўғиллари Тўлқин ака каминага оталарининг уйда ҳибсга олинишлари тафсилотини сўзлаб берган эдилар. ўози Юнус эшикдан чиқар чоқларида «Абдулла акангникига югур, эҳтиёт бўлсин», деган эканлар. Шахсий адоватдаги одам бундай меҳрибончилик қилмайди, шундай эмасми? Ўзаро баҳснинг сабаби эса «Муштум» журналини яхшилаш масаласида бўлган. Ҳар икки томон ҳам ҳажвий журналнинг савияси баланд бўлмоғини хоҳлайди. Абдулла Қодирий кўпроқ кулги бўлишини истайди , Ғози Юнус эса жиддий танқид тарафдори. Ҳар иккови ҳам мутаҳассислар, хусусан ҳажвчи рассомлар етишмаслигидан куйинишади, чора излашади.
Абдулла Қодирий ҳақида ёзилган кўп мақолаларда у кишининг 1926 йилдаги судда, кейинроқ у кишига қарши ғоявий хужум кучайган пайтда мажбуран, тил учида айтган гапларига асосланиб, партиявий ақидада мустаҳкам чинакам совет ёзувчиси сифатида таърифлаб келишди. Шўро замонига нисбатан муносабатини адиб ўзининг ҳажвияларида кўрсатиб қўя қолганлар. У замонга киноя билан «диёри бакр», яъни покиза диёр деб ном бериб, бу тоза диёрнинг аслида қандай шалтоқ эканини турли услубларда таърифу тавсиф қилиб бердилар.
Абдулла Қодирий ёзган ҳар бир жумла қалам аҳли учун бир мактаб. Афзал томонлари ҳам, заиф кўринган жиҳатлари ҳам зеҳн билан таҳлил қилиниб ўрганилади. Ҳар қандай асарда сиз билан бизнинг кўзимизга камчилик бўлиб кўринган бирон воқеа баёни ёки жумла, ҳатто биргина сўз аслида шу асарнинг ҳуснидир. Шеъриятда мажоз санъати мавжуд бўлганидек, насрда ҳам рамзий маъноларни ўзига яширган сатрлар, саҳифалар бўлади. Билган одам денгиз тубидаги чиғаноқни кўриб «Ҳа, энди бу арзон-гаров садафда», деб ўтиб кетавермайди. Чиғаноқ паллалари ажратилса, гавҳар кўринади. Устоз адибларнинг асарларидаги сўз гавҳарлари ҳам шундай.
Русларнинг улуғ адиби Лев Толстойнинг ҳикматли гапи бор: «Ҳамма нарсани ўқийвериш ярамайди,- дейди у.-Дилда туғилган саволларга жавоб бера оладиган китобларнигина ўқиш керак.» Яна бир донишманднинг фикри ибратлидир: «Модомики, ҳаёт жуда қисқа, бўш вақт эса жуда оз экан, биз уни саёз китобларни ўқишга исроф этмаслигимиз керак», дейди у. У ёки бу асарнинг саёз эмаслигини аниқлаш осон эмас. Бунинг учун қизиқарли воқеа баёнигагина диққат қилмай, шошилмасдан, ҳар бир жумланинг маъносига тушуниб ўқиган маъқул. Бирон савол туғилса, асарнинг бирон ери хато туюлса ҳам жавобни бошқа бировдан эмас, айнан шу китобнинг ўзидан топишга интилган афзал. Садафдан кўз қамашмай, гавҳарни излаш жоиз. Устозларнинг чуқур мазмунли асарлари алдамайди: сизга маъно гавҳарларини тортиқ этади. Шарқ мумтоз шеъриятида бундай гавҳарларни кўп учратамиз. Мавлоно Жалолиддин Румийда бир маснавий бор:

Шубҳадан ким бўлди менга ёрлар,
Ич-ичимдан изламас асрорлар.

Мавлоно демоқчиларким, «ҳар ким ўз шубҳа-гумони боисидан менга дўст бўлди, ботиний сир-асроримни қидирмади. Мен инсонларга насиҳат қилгудек бўлсам, улар: насиҳатни англадик ва сўйлагувчи орифга дўст тутундик, дейишади. Баъзи инсонлар сўз ва фикран сўйлашади. Аммо ҳақойиқ ва асроримни изламайдилар. Сўзларимда яширин бўлган маънолар ҳақиқатини англамоқ учун феълан қодир эмаслар...»
Аввал айтганимиздек, назмдаги гавҳарларнинг насрда ҳам мавжудлиги асосан шарққа хосдир. Муҳаммад Авфий саккиз аср муқаддам тартиб берган ибратли ҳикояларни ўқиган киши, бу жумлаларга эътибор бергандир:
«...Сендан илгари ҳам кўп кишилар ушбу жомдан айрилиқ майини ичиб, охирида сабр либосини кийганлар.»
«...Қўлим ва қалбим дилдор оғзи каби тор, чўнтак эса худди ёрнинг хипча белидек нозик ва ингичка эди.»
«...Ваҳм ва қўрқув мендан устунлик қилиб, уйқу кўз зиёратига келмасди.»
«...Подшоҳларнинг отган ўқлари ҳамма вақт ҳам нишонга тегавермайди, иқбол ариғи ҳамма вақт ҳам тўла оқавермайди.»
«...Ишқ ўти сабр вилоятини хароб қилибди.»
Европа ёки Лотин Америкаси адабиётида бу каби латифлик йўқ, десам, балки кимдир фикримга қўшилар. Балки бошқа кимдир бу латифликни чучмаллик фаҳмлаб, ҳозир адабиёт бошқа, ҳозир лўнда ифодалар замони деб инкор қилар. Биз улар билан ҳамфикр бўлолмаймиз, маъзур тутгайсиз.
Юқорида келтирилган мисоллардан мурод шуки, Абдулла Қодирий асарларини синчиклаб ўқисак, шу каби латиф тасвирлардан беҳисоб даражада баҳраманд бўламиз:
«Кумушбиби хомуш эди. Бир нарса тўғрисида ўйлармиди ёки бош оғриғиси кучликмиди, ҳар ҳолда намозшом гул каби ёпиқ эди.»
«Юсуф савдосида беқарор Зулайҳо исмидан, Мажнун ишқида йиғлаган Лайли отидан - сизга бошимдағи сочларимнинг тукларигача беҳад салом. Мендан - ҳадду-ҳисобсиз гуноҳ, сиздан - кечириш.»
«- Ажаб қиламан,- деди Кумуш ва шапалоғи билан эрининг юзига секингина уриб қўйди.
-Бу ёққа ҳам...
-У ёққа Зайнаб урсин.
-Зайнабнинг... уришка ҳаққи йўқ...»
Бу сатрларга кўп маънолар яширинган. Шулардан бири - Кумушнинг дилида қоронғулик йўқ. Рашк бўлса-да, уни жиловлай олган. Кундоши билан иттифоқликда умр кечириш мақсади бор. Дастлаб Зайнабда ҳам шу тилак мавжуд эди. Хўш, у ҳолда Зайнабни захар солишга нима мажбур этди? Рашкми? Ёки бошқаларнинг гиж-гижлашими? Бизнингча асосий сабаблардан бири баён этилган сатрда: «Зайнабнинг... уришка ҳаққи йўқ.» Отабекнинг шу аҳди оқибатда Зайнаб қўлига захар тутқазмадими?
Кумуш мактубида «сочларимнинг тукларигача беҳад салом», деб ёзяпти. Бир қарашда «туклар» сўзи ноўрин, қўполроқ туюлар. «Сочларим толалари», дейилса балки латифроқ бўлармиди? Йўқ, бўлмасди. Ёзувчи «тола» сўзини эсдан чиқаргандир, деб ўйлаш ҳам ноўрин. Бунда «беҳад» сўзига эътибор бермоқ жоиз. Беҳад - яъни чексиз-чегарасиз. Соч толалари кўзга кўриниб туради. Аммо бошдаги майда тукларни кўз илғамайди - толалардан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Юборилаётган соғинч саломи ана шундай ақл бовар қилмас даражада, дейилмоқчи.
Ёки: «...шу вақт кўрпани қайириб ушлаган оқ нозик қўллари билан латиф бурнининг ўнг томонида, табиатнинг ниҳоятда уста қўли билан қўндирилган қора холини қашиди ва бошини ёстиқдан олиб ўлтурди», деган жумладаги «қашиди» сўзи латиф баёндаги доғ каби кўриниши мумкин. Балки «силаб қўйди» ёки «сийпади», дейилгани кимгадир маъқул кўринар. Йўқ, азизлар, яна бир ўйлайлик: силаш, сийпаш, қашиш - бутунлай бошқа-бошқа ҳолатларни англатади. «Ишшайди», «жилмайди», «кулимсиради», «тиржайди» сўзлари киши ҳолатини баён этишда бир-бирининг ўрнини боса олмагани каби юқоридагилардан ҳам маънодош сўз сифатида фойдаланиш мумкин эмас. Диққат қилайлик: адиб «қашлади» эмас, «қашиди» деб ёзяпти. Чунки «қашлади» янада ўзгачароқ ҳолатни, сиз билан биз ўйлаётгандек қўполроқ маънони англатган бўларди. Ёзувчи тасвиридаги гўзал қиз шунчаки юзини, қулоғи ёки бошини эмас, холини қашиди. Яна қандай хол денг, «латиф бурнининг ўнг томонида табиатнинг ниҳоятда уста қўли билан қўндирилган қора хол». Энди холдор одамлардан сўраб кўринг, хол қичишган чоқда шунчаки силаб қўйиш билан кифоя қилинармикин. Айни тасвирда эса ёзувчи хаста Кумушнинг табиатига хос ҳолатни беряпти.
Бугунги китобхон жаҳон адабиёти билан яхши таниш: Жек Лондон, Кафка, Платонов, Маркес, Кортасар, Камю... асарларини севиб ўқийдиганлар, улардан ҳам маъно дурлари терадиганлар кўп. Бу одат фақат таҳсинга лойиқ. Балки зукко китобхон ўқиганларини бир-бирларига таққослаб кўрар? Бу одатни кўп одамларда учратамиз. Биз бундай таққослашни тўғри одат, деб ҳисоблай олмаймиз. Айниқса Шарқ ва ўарб адабиётини бир-бирига солиштириб, тарози палласига қўйиш тўғри иш эмас. Ҳар бир одам ўзига яраша ақлли, ўзича чиройли бўлгани каби ҳар бир асар ўзича теран ёки аксинча, саёз бўлиши мумкин. Ахир биз олма дарахти билан теракни бир-бирига қиёсламаймиз-ку, тўғрими? «Ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига», деб бежиз айтишмаган.
Бугунги адабиётимизда ўарб, айниқса Лотин Америкаси адабиётига маҳлиё бўлишлик, улар каби ёзишга интилишлик бор. Бунга бизнинг эътирозимиз ҳам, ғайирлигимиз ҳам йўқ. Ҳар ким ўзига ёққан чўққини кўзлайди. Каминани бир оз ўйлантирган нарса - чет адабиётдан нусҳа кўчирилмоқчи. Ўзимизнинг бебаҳо мактабимиз эса четлаб ўтиляпти. Маркесларнинг мактаби - Лев Толстой, Достоевский асарлари бўлган экан. Улар рус ва бошқа романчилик мактабларидан фойдаланиб ўз халқларига оид мактаб анъаналарига суянган ҳолда дунёни лол қолдирувчи янгилик яратдилар.
Сиз айтишингиз мумкинки, «уларни дунё танийди, бизники фақат ўзимизда машҳур, даража шунга ярашами?» Бирон бир асарни дунё танимоғи фақат даражага боғлиқ эмас. Бу ўринда қойилмақом таржима муҳим. Абдулла Қодирий асарлари тақдирини эслайлик: неча йил тутқунликда бўлди? Сталин ўлимидан сўнг гўё озодлик берилгандай бўлди, аммо бу асарлардаги энг кучли тасвирлар, гаплар олиб ташланди. Бу асарлар мана энди асл ҳолича нашр этиляпти. Грузин ёки арманиларда она тилларидан рус ёки инглиз тилига тўғридан тўғри бадиий таржима қила олувчи ўз таржимонлари бор. Бизда-чи? Абдулла Қодирийнинг асарлари олтмишинчи йилларда қисқартирилган ҳолида аввал сўзма-сўз тарзда русчага «ағдарилиб» сўнг ўзбек тилини, тарихини, ҳаётини мутлақо билмайдиган одам томонидан «бадиий таржима» қилинган. Шарбати сиқиб ташланган анорнинг қадри бўлмагани каби, бундай таржимада чиқарилган асарга ким ҳам қарарди? Эсимдан чиқмайди, москвалик бир шоир «мошгуруч соқоллик қария» деган сатрни «старик с бородой маша и риса» яъни «соқоли мош ва гурунчдан иборат қария» деб таржима қилган экан. Бир неча йил аввал Абдулла Қодирий асарлари туркчага таржима қилинди. Турк адибларининг бизга айтишларича, шошма-шошарлик билан қилинган бу таржима анча саёз экан. Таъбир жоиз бўлса, зикр этганимиз «соқоли мошдан ва гурунчдан иборат қария»ни эслатаркан. Демак, улуғ адибнинг дунё миқёсида ўз мавқеига эга бўлишига тўсқинлик қилаётган омилларни ҳам назардан четда қолдирмаслик керак. Сиз балки «Кино-чи, кино ҳам машҳур бўлмади-ку?» дерсиз? Саволингизга савол билан жавоб берайин: «Сценарийси рус тилида ёзилиб, сўнг ўзбекчага таржима қилинган кинодан яна нимани кутиш мумкин? Романни охиригача ҳеч бўлмаганда бир марта ўқиб чиқмаган актёр қандай қилиб қаҳрамонлар ҳолатини тамошабинга етказиб бера олади?»
Шарқу ғарб хусусидаги сўзни нуктадон шоиримиз Эркин Воҳидов гўзал тарзда ифода этиб берганлар:

Менга Пушкин бир жаҳону менга Байрон бир жаҳон,
Лек Навоийдек бобом бор, кўксим осмон ўзбегим.

Агар кўзингиз тушган бўлса, туркманларнинг улуғ адиби Хидир Деряевнинг «Қисмат» деган романлари бор. Бизда «Ўтган кунлар» қандай қадрланса, туркманларда бу асар шундай эъзозланади. Бунинг сабаби - «Қисмат»ни ёзишга айнан «Ўтган кунлар»дан олинган таассурот туртки бўлган. Хидир Деряев Абдулла Қодирийни ўзига устоз деб билган, таъбир жоиз бўлса, Абдулла Қодирий мактабида сиртдан таълим олган. Шунга ўхшаш, қўшни халқларнинг атоқли адиблари ўзларини шу мактаб ўқувчилари ҳисоблаганлар. Уларнинг аксарлари Тошкентдаги олий ўқув юртларида таълим олганлар ва Абдулла Қодирий асарларини нўноқ таржимада эмас, аслиятда ўқиб-ўрганганлар. Ёзувчининг маҳоратидан лол қолганлар.
Қани, бир ўйлаб кўрайлик-чи, уларни қандай сатрлар ҳайратга солди экан?
«...унинг кўзлари мулойимғина сув устиға оғдилар. Ариқнинг мусаффо тиниқ суви ювошгина оқиб келар, Кумушбибининг қаршисига етганда гўёки, унинг таъзими учун секингина бир чарх уриб қўяр. ўз устида ўлтурган соҳиранинг сеҳрига мусаҳҳар бўлган каби тағи бир каттароқ доирада айлангач, оҳистагина кўприк остига оқиб кетар эди. Ариқ сувининг ниҳоятсиз бир ҳаракатини узоқ кўздан кечириб ўлтургач, қўл узатиб сувдан олди ва юзини ювди. Унинг юзини ўпиб тушкан сув томчилари билан ариқ ҳаракатга келиб чайқалди. Гўёки сув ичида бир фитна юз берган эди... Иккинчи, учинчи қайталаб юз ювишида бу фитна тағи ҳам кучайди.»
Мавлоно Лутфий ҳазрат Алишер Навоийнинг биргина байтларидан ҳайратланиб, барча ёзганларини шу байтга алмашишга тайёр эканликларини изҳор этган эканлар. Қондош халқларнинг адиблари қалбида ҳам муҳаббат уйғонишига балки айнан шу сатрлар сабаб бўлгандир? Аввал айтганларимизга қайтадиган бўлсак, Кумушнинг бу тасвири шунчаки гўзал баён эмас, балки асар юрагининг зарблари эди. Яъни «сув ичида бир фитна юз берганининг» қандай оқибатларга олиб келгани ишора қилинган эди.
Навбатдаги фикрни баён этишдан аввал яна бир асардан кичик лавҳани эсласак:
«Муз тагида лойқаланиб оққан сувларнинг ғамли юзлари кулди, ўзлари ҳорғин-ҳорғин оқсалар-да, бўшалган қул сингари эркинлик нашидасини кемира-кемира илгари босадилар... Бултур экилиб, кўп қошларни қорайтирган ўсма илдизидан яна бош кўтариб чиқди... Мулойим қўлларда ивиб, сувга айлангандан кейин гўзал кўзларнинг супасида ёнбошлашни мунча яхши кўрар экан, бу кўкат!»
Бу сатрлар яна бир улуғимиз Чўлпон ҳазратларининг асарларидан олинди.
Тошкентнинг эски шаҳар қисмида Юнус ота исмли табаррук отахон яшардилар. Муаллимликни касб қилган бу киши ёшлик кезлари Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпонлар билан суҳбатлашиш бахтига эришган эканлар. Юнус ота Москвада ўқиб юрган пайтларида Чўлпон билан учрашиб «Кеча ва кундуз» романи қодириёна ёзилибди», деб лутф қилибдилар. Шунда Чўлпон бош чайқаб: «Ундай эмас, Қодирийга етишга йўл бўлсин», деган эканлар.
Барчамиз ҳам устоз Чўлпон каби бўлолсак эди...
Энг юксак чўққи шу, бошқа йўл йўқ, дейилгувчи даъводан йироқмиз. Эҳтимол келгусида янада юқорироқ чўққига эришилар. Балки келажак авлод адабиётимизга биз кутмаган тарзда баҳо берар, валлоҳи аълам...
Абдулла Қодирий йигирманчи асрдаги янги романчилик мактабларидан бирининг асосчиси, деб тан олингани маълум. Шу ўринда бир нарсани фарқлаш зарур: баъзан «Ўзбек прозасининг асосчиси» деган иборани ҳам учратиб қоламиз. Шундай десак, ёзувчини улуғлаганимиз ҳолда, ўзбек адабиётини, ўзбек насрини қашшоқлаштириб қўйган бўламиз. Ўрни келганда айтайлик, ҳазрат Алишер Навоийни улуғлаганимизда «Ўзбек адабий тили мавқеини олий поғоналарга кўтарди», дейиш ўрнига, ўйлаб ўтирмай «ўзбек тилининг (ёки «адабий тилининг») асосчиси», деб юборамиз. У ҳолда Маҳмуд Қошғарий, Юсуф Ҳос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Лутфий ҳазратлари қайси тилда ижод қилишган? Улуғларимиз бизнинг ёлғон мақтовларимизга муҳтож эмаслар. Тўғри гапни ёзиш, айтиш жоиз.
Ҳамонки романчилик мактаби ҳақида сўз очдик, аввал «роман» атамасининг луғавий маъносини билиб олайлик: «роман» атамасини бировлар немис, бошқалар французларники деб ҳисоблашади. Бу атама истеъмолда бир неча маъноларга эга. Адабиётга хос маъноси: роман бирор воқеанинг эркин тарздаги муфассал баёнини англатади. Ўтган асрларда «роман» тарзи Европада «ишқий қисса» маъносини англатган. Икки севишганнинг арзи-ҳоли «роман» деб белгиланган. Маълумингизким, бу каби ишқий қиссалар ўзбек адабиёти тарихида кўп бўлган. Адабиётнинг жамиятга муносабати, жамият тараққиётига таъсири, аралашуви, фаоллашиши оқибатида роман, яъни ишқий қисса зиммасидаги вазифа ўзгарди - ишқ баёни ижтимоий масалалар билан бойитилди. Ишқий фожиалар сафига ижтимоий фожиалар, жамият, замонга доир фожиалар қўшилди. Ана шундай янги кўринишдаги романни ўзбек адабиётида биринчи бўлиб Абдулла Қодирий яратдилар. Яратганда ҳам мактаб даражасида, яъни бошқалардан қуруқ нусҳа кўчирмай, тақлид қилмай, яратдилар. Шундай асарлар борки, агар қайси тилдан таржима қилингани ёзилмаса қайси халқ ҳаёти ҳикоя қилинаётгани билинмайди. Бу асарларда миллий қиёфа бўлмайди. Насронийнинг бошига дўппи кийғизиб қўйганингиз билан у ўзбек бўлиб қолмаганидек, асар ўзбек тилида ёзилгани билан миллий роман бўла қолмайди. Асар фақат чиройли сўзлардан, жимжима баёнлардан иборат нарса эмас. Асарнинг ҳам вужуди, қалби бўлади. Унинг миллийлик даражасини айнан шу қалб белгилайди.
Мисол учун Кумушбиби билан Анна Каренина тақдирини олайлик. Икковлари ҳам гўзал, икковларида ҳам муҳаббат бор, икковлари ҳам севги қурбони. Ҳар икки асар ҳам бу лобарларнинг ўлимлари баёни билан ниҳоясига етади. Лекин уларнинг муҳаббатлари бир ҳилми? Анна - оилали аёл, бегона эркакни севади. Оқибатда ўзини халок қилади. Унинг бир гуноҳи икки бўлди. Кумушбиби - маъсума аёл. У эрига содиқ. Ҳатто уни кундошидан қизғанди. Балки қизғаниши, ишқнинг чегарасидан чиққани туфайли ўлим топгандир? Аннанинг севгилиси (эри эмас!) билан Кумушнинг кундоши - Зайнаб тақдирида қандай яқинлик бор? Ҳеч қандай. Кумуш -зайнаблар тақдирини Европа халқлари ҳаётидан излаб топиш мумкин эмас. Келинг, ўлимга доир икки баённи эслайлик:
«...яқиндагина ҳаёт жўш уриб турган, энди эса казарма столида, ёту бегоналар кўзида Аннанинг жасади ибосиз бир равишда қонларга беланиб ётарди: соғ қолган чаккалари, гажакли боши, оғир кокиллари орқага ташланган: гўзал чеҳрасида, ярим юмуқ қизғиш лабларида ачинарли, тиниб қолган очиқ кўзларида ваҳимали бир ифода бор эди: бу ифода уришиб қолишганда Вронскийга «Шошманг, ҳали пушаймон бўласиз», деган ўша даҳшатли сўзини айтиб турганга ўхшарди...»
Бу тасвирни, Анна Каренинанинг топгани фожиали ўлимнинг баёнини русларнинг дунё тан олган улуғ ёзувчиси Лев Толстой ёзган. Энди бу лавҳага эътибор берайлик-чи:
«...Ҳожи Кумушнинг бошиға келиб ўлтурди. Отабек ва онаси оёғ устида эдилар. Кумушнинг кўзи юмуқ, сочлари юзи устида паришон эди. Ҳожи ўз қўли билан сочларини тузатиб Кумушнинг кўкимтил товланған юзини кўрди ва манглайини босди...
-Ойим... Ойим!- деди Ҳожи. Кумуш кўзини очиб, бесаранжом унга назар ташлади ва таниб... қўзғалмоқчи бўлди.
-Қўзғалманг, ойим... қўзғалманг!
Кумушнинг кўз ёшиси чаккасидан оқиб тушди... Ҳожи ҳам ўзини тўхтатолмай, Кумушнинг ёшини артиб, бошини силади:
-Худо шифо берар, болам!
Кумуш жомга қўзғалди, Отабек келиб қўлтиқлади, Ҳожи ҳам унинг бошини тутди... Бу гал қусуқ қонга айланган эди, бурнидан ҳам бир неча томчи қон оқди... Қусуб ётғач, кўзи ярқиллаб очилиб кетди ва теварагига бетоқат қаранди:
-Ойи... дада... - сўнгра,- бегим, -деб ингранди... Эрининг юзини юзига қўйди, уялғансумон кўзини юмди...»
Бу эса улуғимиз Абдулла Қодирийнинг тасвирлари.Ўлаётган икки жоннинг бу дунёдаги икки ҳил кўриниши. Ана энди бу икки баёндаги номларни ўзгартириб кўринг-чи, ўхшармикин? Ҳа, мутлақо ўхшамайди. Нафис адабиётда миллийлик дегани ҳам айнан шу нуқтада кўринади.
Абдулла Қодирийнинг ўғиллари Ҳабибуллоҳ ака бир суҳбатларида диққатга лойиқ фикрни айтган эдилар: улуғ адиб «Ўтган кунлар»ни ёзгунга қадар Шарқнинг нодир адабиёти билан биргаликда Европа насрининг юксак намуналарини ўрганган эканлар. Бу айни тўғри гап. Улуғ адибнинг асарларида шарққа хос латифлик мавжуд. Ижтимоий масалаларни дадиллик билан асарга сингдириш эса ўарб адабиётига хос услуб.
Гарчи «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён» севги қиссасига ўхшаса-да, унинг замирида Ватан тақдири, Ватан қайғуси ётади. Адиб «бир вақтлар қудратли бўлган ота юрт нима сабабдан ночор ва ғариб ҳолга тушди?» деган саволга жавоб топмоқ учун тарихни таҳлил этади. (Бу ҳақда аввалги мақолада сўз юритган эдик. Мавзу диққатга лойиқ бўлгани сабабли таъкид ўрнида яна айрим фикрларни такроран баён қиляпмиз.) Адабиётда янги романчилик мактабини яратган адиб бу саволга жавоб топди, юртни бўғиб турган хасталикларни аниқлаб, бу ташҳисни қаҳрамонлари тилига кўчирди:
«Бизнинг идорамиз бу кунги тартибсизлиги билан кетаборса ҳолимизнинг нима бўлишиға ақлим етмай қолади», дейди Отабек. Мирзакарим қутидор эса «Амири Умархондек одил подшо бўлса биз ҳам ўрусдан ошиб кетар эдик», деган хомхаёлда юради. Ҳомид аҳволни ўз қаричи билан ўлчайди: «Худо кофирнинг дунёсини берган», дейди у. Зиё шоҳичининг фикри ҳақиқатга бир оз яқинлашади: «Бизнинг бу ҳолга тушишимиз ўз феъли хуйимиздан», дейди у. Айни тўғри хулоса Отабек тилидан баён қилинади: «Менимча ўруснинг биздан юқоридалиғи унинг иттифоқида бўлса керак. Аммо бизнинг кундан кунга орқаға кетишимизга ўз аро низоимиз сабаб бўлмоқда, деб ўйлайман... Орамизда бу қўрқинч ҳолатқа баҳаққи тушунадирғон яхши одамлар йўқ, билакс, бузғувчи ва низъочи унсурлар томир ёйиб, ҳар замон содда халқни ҳалокат чуқуриға қараб тортадирлар... Модомики, истибдод орқали эл устига ҳукмрон бўлғувчилар йўқотилмас эканлар, бизга нажот йўқдир, магар шундай ғаразчиларни, улар ким бўлсалар ҳам, иш бошидан қувлаш ва улар ўрнига яхши ва холис одамларни ўтқузиш - нажотимизнинг ягона йўлидир...»
Афсус шуки, нажотнинг ана шу ягона йўлидан юрилмади. Яқин ўтмишдаги бу ғофилликни адиб мозористон ҳолатига қиёслади ва Отабек тилидан «мозористонда «ҳаййа алал фалаҳ» хитобини ким ҳам эшитар эди», деган тўҳтамга келди. Дарвоқе, қабристонда «нажотга келинглар!» деб хитоб қилинса ким ҳам келарди... Тобелари бир-бирлари билан аҳил яшай олмаган жамият мозористон кабидир. Бу жамият аҳли гарчи тирик бўлиб кўринсалар-да, улар руҳан ўликдирлар. Ўтмиш воқеаларини таҳлил этган адибнинг хулосаси мана шу. Подшо зулмидан болшевик зиндонига ўтиш даврида миллат гўё бир уйғонгандек бўлди-ю, сўнг яна ғафлат уйқусини давом эттирди. Отабекни қайғуга солган ноиттифоқлик миллатни яна зиндонбанд қилди. Ёзувчи бу жараённи ўз кўзлари билан кўрди, кўра туриб руҳи фарёд этди ва бу фарёд ёзилмиш асарларига кўчди. Отабек асар бошланишида тилга олган ўзаро низо балоси роман давомида ўз аксини топа борди. Ҳомиднинг қилиғидан тортиб, Азизбекнинг фитнасига қадар, барчаси миллатни, Ватанни хорлик ботқоғига ботирувчи омил экани ўз аксини топди. Абдулла Қодирий Отабек тилидан гапириб, ғаразчиларни иш бошидан қувлаш, улар ўрнига яхши ва холис одамларни ўтқазишни орзу қилган эдилар. Ўтмишдан то йигирманчи асрнинг ўттизинчи йилларига қадар етиб келган ғараз оқими оқибатда миллат фахрларининг жонига қасд қилди.
Ёзувчининг буюклиги шундаки, йигирманчи йилларда бу ғараз, бу зулм оқимининг йўналишини кўра билди. Адибнинг асарларида миллатни уйғотишга, бу қора оқимни тўхтатишга чақириқ бор эди. Афсуски бу хитоб ҳам Отабек айтмоқчи, мозористондаги «ҳаййа алал фалақ» сингари бўлди.

Абдулла Қодирий яратган мактабнинг синфлари - бўлимлари кўп. Биз бир-икки бўлимига озгинагина назар ташладик. Адабий тилга доир маҳорат, ҳикматлар баёни, табиат тасвири... буларни ўрганиб, охирига етиш учун умр қисқалик қилар... Гапимиз бир оз чўзилиб кетганидан билингки, устознинг фикрни мухтасар тарзда, гўзал равишда баён этиш маҳоратларини етарли даражада эгалламабмиз.

Тошкентнинг эски шаҳар қисмида, “Самарқанд дарвоза» деб аталмиш ерда 37-уй бор. Эътибор берилса, уйларнинг тартиб рақамига кўра бу хонадон ўттиз еттинчи эмас. Дарвоза қошидаги «37» рақами 1937 йилдан, аниқроғи йил адоғи - 31 декабрдан дарак бериб туради. Айнан шу куни ёзувчини оиласи бағридан юлиб олганлар. Уларнинг мақсади адибни фақат оила бағридан эмас, халқ қалбидан юлиб олиш эди Улар бунга жисман эришдилар, халос. Руҳга, халқ қалбига таъсир ўтказишга ожиз эдилар.
Одатда одам вафот этгач, уни ювиб, кафанлаб, тобутга солиб, елкада кўтариб сўнгги манзил - қабрга элтадилар. Абдулла Қодирий ва у табаррук зотнинг биродарларига бу эҳтиром насиб этмади. Уларга бунданда улуғроқ саодат берилди - улар халқ қалбига мангуга кўчдилар.
Адабиёт ўткинчилик қонуниятларидан холидир. Фақат адабиётгина ўлимни тан олмайди.
Самарқанд дарвозадаги 37-хонадонда Абдулла Қодирий олиб чиқиб кетилган уй ҳали ҳам бор. Ўша даврнинг нуктадонлари суҳбат қурган шийпон ҳам сақланган. Шийпон атрофида, боғ ўрнидаги уйларда адибнинг авлодлари яшашади.
Самарқанд дарвозадаги 37-уйда ҳаёт давом этяпти.
Ҳақиқат йўлидан тоймаган устознинг қиёматда аъмол номаларини ўнг қўлларидан олмоқликларини Аллоҳ насиб этсин. Омийн!

2003 й.

Тоҳир Малик