05:21 / 21.01.2016 · Кутубхона
Хайрулла Ҳомидов. Самодаги ёр тўпламидан шеърлар

Дарахт шеър (аудио)

ШЕЪРИЯТ

Ҳис қилмоқ истасанг гўзал назмни,
Ичингда ёдлагин Усмон Азимни!

Эшитмоқчи бўлсанг юрак зарбини,
Яхшилаб ўқигин Рауф Парфини!

Ажратмоқчи бўлсанг яхши-ёмонни,
Сатрига тикилгин Шавкат Раҳмонни!

Тингламоқ истасанг асрий ситамни,
Маънисини чаққин Аъзам Ўктамни!

Дардин тинглар эсанг омонат жонни,
Изла шеъриятдан Омон Матчонни!

Нишонламоқ бўлсанг қалбий ҳайитни,
Назмига сайр айла Сирож Саййидни!

Кўрмоққа уринсанг дилкаш имзони,
Пичирлаб ўқигин Иқбол Мирзони!

Бари кўргуликка топгунг шоҳидни,
Агарда англасанг Эркин Воҳидни!

Ортиқ тополмадим, ишон, таърифни –
Ўқишдан тўхтама Абдуллорифни!


СИЗГА НИМА...

Сизга нима, кўзимдаги ёш,
Сизга нима, уни тўкишим...
Сизга нима дилга чўккан тош,
Сизга нима, қайғу чекишим?

Менга нима, дейсиз ҳамиша,
Менга нима, дейсиз, дардларинг.
Эшитилмас қалбим оғриши,
Дейсиз кулиб: Эссиз дардларинг...

Сизга нима, ғамлар меники,
Сизга нима йиғлаб, дардланиб...
Сизга нима, гар бўлсам кулги,
Кулиб оласиз-да шодланиб...

Менга нима, дейсиз, азизам,
Менга нима, бор, дейсиз, нари...
Кўз ёшларим шошар эсласам,
Севгим ошар куйганим сари...

Сизга нима менинг севмоғим,
Аниқ “суйдим” демаслигингиз...
Лек севишда давом этаман –
Менга нима севмаслигингиз!!!



МАРСИЯ
Шайх Муҳаммад Содиқ
Муҳаммад Юсуф хотирасига

Қасида ёзишга йўқдур ниятим,
Ва лекин ненидир ёзмаслик надир?
Кўзларим қаърида аччиқ тахайюл,
Буюк айриликдан юрак ёнадир.

Сиз кетиб, эсладим Расул ўтганин,
Ва келдим илк бора ушбу фикрга:
Қийин бўлган экан, жуда ҳам қийин
Ўша пайт, Ҳазратим, Абу Бакрга --

Пайғамбар ётибди... ҳозир кўмилар...
Асҳоблар ҳайрона... бу не синоат?
Ва демоқ шу алфоз: “Росулим кетди,
Аллоҳ мангу қолди, Унгадир тоат!!!”

Йўқ, сизни у қадар кўкка кўтармам,
Бу бобда хатарли бўлмоқ бехолис.
Лекин тан олмоққа мажбурдир ҳамма –
Сиз олим эдингиз, Росулга ворис.

Ана шу Олимлик даражангизда
Сизни суймоқликка маҳкумман бугун.
Бошимни эгишга ижозат этинг,
Кўтарганингиз-чун Илмнинг юкин.

Ҳа, бу ҳам Аллоҳнинг буюк тақдири –
Манзилга сездирмай етиб олдингиз.
Алғов-далғов фитна тўфонларидан
Нуҳнинг кемасида кетиб қолдингиз!

Бу ерда қолдилар минглаб шогирдлар,
Миллион мухлислар... кўзлари жиқ ёш.
Ойнинг нигоҳида алам кўрамен,
Аччиқ изтиробдан қизармиш қуёш.

Ҳа, Ҳазрат, бу миллат барибир буюк –
Ахир не зотларни етиштирмишдир,
Бир одамга шунча оғирлигу юк,
Ё Аллоҳ, Ўзи бир илҳом бермишдир.

Мен бир ноқис сўзбоп, нима ҳам дердим,
Бир кўлмак бўлолмам Уммон қаршида.
Биз-ку, суймасликка чорамиз йўқдир,
Зеро, Аллоҳ суйсин Буюк Аршида!

Мен не ҳам дердимки, Устоз, бу кеча,
Фаришталар қанот ёзиблар келмиш.
Балиқлардан тортиб гулларга қадар
Олимлар ҳаққига дуолар қилмиш.

Устоз, мен тақдирга отмагум тошлар,
Нечун, нима учун... демасман зинҳор.
Оқар бўлса бордир кўзимда ёшлар,
У ҳам муҳаббатим борига изҳор.

Мен бу гўзал юртни қаттиқ суяман,
Ҳа, севгим сабаби бисёр жуда ҳам.
Олимлар туғади асрма аср,
Дардлар улашару, ортидан малҳам...

Негадир ишонгим келади бугун –
Сиз ул Ён томонга сафар қилган чоғ,
Юртимнинг қайси бир тинч гўшасида
Туғилган бўлса не олим чақалоқ?!

Ахир айтишарку, Имом Аъзам
Кетган санасида мўжиза бўлиб,
Дунёга келгандир Имом Шофеъий
Илоҳий илмга булоқдек тўлиб...

Дингадир тўкилган жами ҳасратим,
Кўнглим ҳам ненидир кутади... жимдир.
Шундай бир ниятим кетди, Ҳазратим,
Ўрнингизни ёпсин дейман-да кимдир.

Ҳа, Аллоҳ буюк Зот, буюк чевардир,
Дуоларим холис, қасам Ўзига.
Авомнинг ҳолини ўнгламоқ учун
Олимлар керакдир Замин юзига.

Кўп улуғ Зотларга тўлмиш бу тупроқ,
Устида энди йўқ яна бир олим.
Қишнинг аёзида узилган япроқ
Кўпроқ тушунгайдир эзилган ҳолим.

Ҳазратим, мен Сизни кўп ҳам мақтамам,
Аллоҳ улуғласин дейман у ёқда.
Фақат инсонлигим тутиб қолади –
Жим йиғлаб қўяман аччиқ фироқда.

Дунёнинг беш куни ўтар-да бир кун,
Чалингай шубҳасиз Сурнинг овози.
Дийдор энди аниқ Маҳшарга қолди,
Биздан рози бўлинг, биз Сиздан рози...

###

Ачишар қон қалбим, ичдан бўзлайман,
Икки ойдан ошди дард сизар номсиз.
Тушларим қаърида сизни излайман,
Ҳазратим, хаёлим тубида ҳам -- сиз!

Юрак аламларга тўлиблар кетган,
Излайди ҳаловат аталган дўстин.
Атрофга аланглаб қарасам, дил танг,
Бир устун қулаган, улуғвор устун!

Бу устун ўрнини ким босар, хайҳот,
Сарсон айланаман уйнинг ичида.
Қанча узоқлашсам, кўнгил сезар бот
Боғланиб қолганим сезилар жуда.

Айрилиқ таърифи сўнгсиз, ишонинг,
Сизни қумсайверар ўзбек боласи.
Ҳатто беришга-да тайёрдек жонин,
Милтиллаб турибди кўзда жоласи.

Ҳа, шундоқ суяркан сизни бу ўлка,
Фироқ улуғлашган сайин сезяпман.
Маҳзун боқарканман сиз кетган йўлга,
Хаёлан боғларда сиз-ла кезяпман.

Ҳазратим, ишонинг, сизни бу диёр
Чин дилдан суяди, суйиб қолажак.
Ортингиздан бугун дуолар бисёр,
Холис гувоҳликлар берар келажак!

Лекин маъзур тутинг, одамлар ичра
Барибир чиқаркан ёмонлари ҳам,
Кетган одамларнинг ортидан неча
Ғийбатга ошиққан шайтонлари ҳам...

Узилган бўлса гар илоҳий парда,
Юрак айланаркан беҳис бир тошга.
Англаб бормоқдаман сўнгги пайтларда -
Илм бошқа экан, фаросат бошқа!!!

Кўз ёшлар оққан ул оғир санада,
Бутун эл дуода ёд этса сизни...
Сездириб қўйдилар - пана-панада
Кутиб ётганларин кетишингизни!

Сиз кетиб, яхшилар чекканда қайғу,
Улар фосиқ гаплар тарқатса, нетдим,
Майда ҳайвонларнинг табиати шу –
Шернинг ўлиги ҳам қўрқитса, нетдим!

Улар ким - диллари тош мутакаббир,
Ҳаётда муносиб ўч топмаганлар,
Тирик пайтингизда юзингизга бир
Қарши сўз деярга куч топмаганлар.

Улар ўз нархларин хўп яхши билар,
Шу боис, кураша олмас беаёв.
Ҳа, улар жанг пайти орқадан келар
Энг номард душмандир, энг ноқулай ёв!

Улар чидолмаслар ва кўролмаслар
Она юртда топган шарафингизни,
Диннинг ташналари – холис юраклар
Қуршаб олганларин атрофингизни.

Ҳатто ҳижронда ҳам хорликдан узоқ
Яшаганингизга куярлар улар,
Шу боис, боқийга риҳлат қилган чоғ
Кетганни чайнашни суярлар улар!

Сизнинг обрўйингиз – орзу уларга,
Биларлар – бу асли илоҳий тортиқ,
Сиздек илми уммон, файзли шайхларга
Бугун ўзлари ҳам муҳтожлар қаттиқ!

Ҳазратим, юрагим ачишди тинглаб
Фасодлар урчиган гапларни бул дам.
Букри туйғуларни бўларму ўнглаб,
Шунчалар бефаҳм бўлурму одам?

Наҳот еб қўйганлар азиз виждонни,
Титкилаб чарчарлар не бўлса ўтмиш.
Бир пайтлар хор қилган ҳасад шайтонни,
Бугун бошқаларнинг ёқасин тутмиш.

Кўзларим қаърига азоблар тўлар:
Қайдин туғилган бу ғўр кўрнамаклик?
Билмадим, билмадим, не деб аталар
Олимнинг ҳаққига бад сўз демаклик...

Не буюк уламо бир-бири билан
Тортишиб дин узра... сўнгра ҳаётда
Келишиб кетганлар қалб сири билан,
Фаросатли эди улар ғоятда!

Бу буюк туйғуни қаёқдан билсин
Илм уммонига шўнғимаган кас,
Уларнинг қиёси - устоз кўрмаган
Ҳар мақомга боққан машшоқ каби, бас!

Бир четда сездирмай, унсиз йиғлайман,
Бу жимлик маънисин илғар ҳар оқил.
Ё Аллоҳ, уларга инсоф тилайман,
Ҳиссиз қалбларини ўзинг ислоҳ қил!

Ҳар битта сўз учун ҳукм бор оғир,
Илоҳий чорловга бўйламасларму,
Ҳар ишнинг чигали ечилар охир,
Қиёмат баҳсини ўйламасларму?

Билмадим, уларнинг не эрур қасди,
Телба журъатларга ҳайрон ўтаман.
Бу гаплар охирин ўйласам, рости
Таъриф йўқ ҳолатда қўрқиб кетаман!

Ҳазратим, уларга нафратларим бор,
Улар ҳасадчидир қисматингизга.
Ва аниқ биламан, бу гаплар зинҳор
Соя сололмагай хизматингизга!

Қалбимиз қаърида буюк эҳтиром,
Сиз ходим эдингиз муқаддас динга!
Аллоҳдан сўраймиз - етказсин мудом
Сиздек олимларни бу гул заминга!

Олимлик рутбаси улуғдир, улуғ,
Очиб берар экан ҳасадчиларни.
Ҳатто ўлимингиз ибрат бўлди-ку,
Танитиб кетдингиз фасодчиларни!

Сизнинг ҳаққингизга қўллар дуода,
Аллоҳдан ёлвориб ўтингайдирмиз.
Сизни Ўзи учун суйгансиз, зеро,
Улуғ дийдоргача соғингайдирмиз.