09:14 / 01.12.2015 · Кутубхона
«ҚУТУЛИШ ЮЛДУЗИ» ЙЎҚЛИККА КИРМАС…

Чўлпоннинг дин ва миллат ҳурриятига умид боғлаганлигини исботловчи энг характерли далиллардан бири – унинг  1922 йил 4 августида шаҳид кетган Анвар пошога бағишланган  «Балживон» номли шеъри ҳисобланади. Хориждаги олимлар ушбу шеър ҳақида тез-тез фикр айтган бўлсалар-да, ўзбек адабиётшунослигида унинг номи ҳам деярли тилга олинмай келинган. Ҳолбуки, «Балживон» Чўлпоннинг «Гўзал Туркистон», «Гўзал Фарғона» шеърлари сингари қўлдан қўлга ўтиб, «турку каби» севиб ўқилган.

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон Туркистоннинг буюк мужоҳид шоири эди. Шунинг учун унинг шеърларида Ватан истиқлоли учун кураш дин ва имон ҳуррияти учун курашдан ажралмагандир. Чўлпон мусулмонликнинг хароб аҳволига қаттиқ куйингани туфайли ҳам бир шеърида «Мўминларнинг оқ виждони, имони, Шам сўнгандай тинсизгина сўндими?», деган саволга эътиборни қаратган эди.

Чўлпоннинг дин ва миллат ҳурриятига умид боғлаганлигини исботловчи энг характерли далиллардан бири – унинг «Балживон» номли шеъри ҳисобланади. Хориждаги олимлар ушбу шеър ҳақида тез-тез фикр айтган бўлсалар-да, ўзбек адабиётшунослигида унинг номи ҳам деярли тилга олинмай келинган. Ҳолбуки, «Балживон» Чўлпоннинг «Гўзал Туркистон», «Гўзал Фарғона» шеърлари сингари қўлдан қўлга ўтиб, «турку каби» севиб ўқилган. Қолаверса, ўзбек шеърияти тарихида мазмун-моҳияти жиҳатидан «Балживон»га ўхшаш ёки унга яқин келадиган иккинчи бир шеър йўқдир.

Чўлпон шеъриятининг Туркиядаги тадқиқотчиси Ҳусайн Ўзбойнинг таъкидлашича, шоирнинг «Бузилган ўлкага», «Ёнғин», «Қўзғалиш», «Бас энди» сингари 1920 йилдан кейин ёзилган шеърлари қатори «Балживон» шеърини ҳам эътиборга олмасдан, Чўлпон адабий шахсияти ва ижодиётига тўғри баҳо бериш мумкин эмас. Бу таъкидда жон бор, албатта. Чунки, биринчидан: «Чўлпоннинг асл адабий фаолияти 1920 йилдан бошланган ва у 1920-1926 йиллар орасида янги ўзбек адабиётининг мукаммал шеърларини яратган. Иккинчидан, мазкур шеърларни назардан соқит қилиб, нима учун Чўлпон кўнглида ИСЁН («Мен кучли, мен-да исён, Мен тўлқун: мен-да туғён, Кўпирурман: тошарман. Чегарамдан ошарман…», ҚАСОС «йиқитгувчи, ағдаргувчи қўзғалиш. Яқиндаги зўр курашнинг бошидир…») туйғулари бу қадар кенг ўрин ишғол қилганлиги ва у нега собит эътиқодда «буюк қўзғалиш руҳи» билан қалам тебратганлигини чуқур англаб ҳам, ҳаққоний изоҳлаб ҳам бўлмайди.

«Балживон» – жами йигирма олти мисрали бир шеър. Аммо унинг бағрига яширинган тарихий маъно, очиқ фарёд ва толесизлик аламини ўнлаб достонлар таркибига ҳам сиғдириб бўлмайди. Ундаги ҳар бир сўз, ҳар бир сатр оралаб АЙРИЛИҚ ва ЖУДОЛИК изтироби мавж уради. Ундаги ОҲАНГ ўз улуғворлиги, теранлиги ва таъсирчанлиги билан қадимги туркларнинг фиғону фарёдга тўлиқ марсия оҳангларини эсга солади.

Фарёдим дунёнинг борлиғин бўғсин,
Умиднинг энг сўнгги ипларин узсин!

Шеър «дунёнинг борлиғин» бўғиб, «умиднинг энг сўнгги ипларин» узишга йўналтирилган ана шундай кучли фарёд билан бошланади. Бу ФАРЁДнинг сабаби нима? Сабаби: «ғазабдан титраган ёш бир йигит»нинг дунёдан бемаҳал кўз юмиши:

Ғазабдан титраган ёш бир йигитнинг
Тошдан сийнасига ўқлар ўрнашмиш.

Аслида бу «ўқлар» – ЭРК ва ОЗОДЛИК, ДИЁНАТ ва ФИДОЙИЛИК сийнасига санчилган ғаним ўқлари эди. Шу боис ҳатто:

Тоғларда эрк учун юрган кийикнинг
Қора кўзларига мотамлар кирмиш.

Гап шундаки, «тоғларда эрк учун юрган кийик» – бу айни пайтда ўша марҳум йигитнинг тимсолидир. Чунки, уни олис диёрларда бўй чўзган азим тоғлар бағрига ЭРК ва ҲУРРИЯТ маслаги бошлаб келганди. Бироқ, қисмат унга кулиб боқмади. Дарёлар ва тўлқинларни титратган бу ЭР парокандалик, ожизлик, сотқинлик ва қўрқоқлик қурбони бўлди. Натижада:

Дарёлар, тўлқинлар титратган бир Эр,
Зарбалар қаҳридан йиқилмиш, толмиш!
Қутулиш юлдузи йўқликка кирмиш,
Сенинг сўнг жонингни ёвларинг олмиш.

Худди шу ўринда табиий савол туғилади: шоир «қутулиш юлдузи»нинг сўнишини унинг тақдири билан боғлаган у жасур, у ёвқур нажот дарғасининг ўзи ким? Бу халоскор кимни кимдан ёки нимадан халос қилишга қасд қилган эди?

Бундай саволларга шеърда очиқ жавоб йўқ, лекин бошдан-охир очиқ ишоратлар бор. Ва уларнинг ҳар бири алғов-далғовли, қонга беланган муросасиз тарихий воқелик, шу воқелик марказида қўлида қилич ўйнаган қудратли тарихий бир ШАХС қисматига эътиборни жалб этади.

Бундан уч-тўрт йил муқаддам Чўлпон номини Анвар Пошо номи билан ёнма-ён қўйиш, камида, ари уясига чўп суқиш билан теппа-тенг эди. Мустақиллик мафкураси чўчимасдан оқни оқ, қорани қора дейиш ҳуқуқини берди. Жумладан, Анвар Пошога ҳам муносабат ижобий томонга ўзгарди, жумҳуриятимиз матбуотида унга бағишланган ва ҳақиқатни ёритишга хизмат этувчи бир неча мақолалар чиқди. Йигирманчи йилларда Анвар Пошонинг Туркистонга келиши ва сиёсий фаолиятининг тарихий аҳамиятини ҳаққоний баҳолаш учун эса бошни кундага қўйишдан ҳам қўрқмаслик керак эди. Чўлпон шундай журъат ва шижоат соҳиби бўлганлиги учун ҳам Анвар Пошо ўлими муносабати билан «Балживон» шеърини ёзганди. Бу шеър Анвар Пошонинг жасур сиймосини гавдалантирувчи сўздан яралган шеърий бир ҳайкал деса асло муболаға бўлмайди.

Дарвоқе, Анвар Пошонинг кимлигини Чўлпон билмасмиди? Наҳотки, у бу ҳарбий зотнинг «инглиз империалистларининг жосуси», Шарқ халқларининг «ашаддий душмани» эканлигини била туриб, унинг ўлими учун шу қадар қайғурган бўлса? Ҳа, Чўлпоннинг англатгани, узоқ йиллар биз алданган ёлғон ва бўҳтон эмас, балки ҳақиқат эди. Демак. «Балживон» шеърини таҳлил қилишдаги дастлабки талаб ва зарурият – Анвар Пошо маънавий сиймоси ва сиёсий ҳаракатини улкан ёлғон, туҳмат ҳамда уйдирмалардан ажратиб, мухтасар тарзда бўлса ҳамки, ҳақиқатни сўзлашдан иборатдир. Унга тегишли чин ҳақиқат эса мана бундай эди: «Анвар Пошо Турк дунёсида бўлганидек, Ислом оламида ҳам кенг танилган мард ва фидойи бир инсондир». Биринчи жаҳон урушигача у Туркиянинг нуфузли сиёсий ва ҳарбий арбобларидан бўлиб, курашнинг энг қалтис ва машаққатли йўлларини босиб ўтди. Тарихдан маълумки, Анвар Пошо 1920 йилнинг бошларида Москвага келган. Ленин билан учрашган. Кейинроқ Москвада бир партия тузиб, уни «Мусулмонлар Интернационали» деб эълон қилган.

Анвар Пошо 1921 йилнинг кузида Бухорога келган. Бу ҳақда Бухоро жумҳурияти Марказий Ижроия қўмитаси раиси Усмон Хўжа шундай дейди: «Анвар Пошо Москвадан бошланган узоқ бир сафарнинг сўнгида – 1921 йил октябрь ойининг охирларида Бухорога келди. Шунда мен Шарқий Бухорода эдим… Бокуда ўтказилган Шарқ миллатлари қурултойида катта бир нутқ ирод этган Анвар Пошо Бухорода ҳароратли тазаҳуррот-ла кутиб олиниб, кўп ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлгандир» (Усмон Хўжа. Анвар Пошо Бухорода қолса эди… «Яқин тарихимиз», 78-бет).

Анвар Пошо ва бир неча сафдошлари шаҳардан сал ташқаридаги муҳташам «Дилкушо» қасрига жойлаштирилади, Файзулла Хўжаев эса Усмон Хўжага сим қоқиб, «Бағоят буюк, бағоят муҳтарам Анвар Пошо»нинг келганлиги, унга барча шарт-шароитлар яратилганлигини маълум қилади…

Рожи Чақирўз, Анвар Пошонинг Бухорога келганлиги хабари «халқ орасида тарқалгач, одамлар уни кўрмоқ учун тўпланишди. Пошо кўп халойиқ йиғилган майдонга келди ва у ерда бир нутқ сўзлади…– дейди («Турк дунёси тарихи» журнали, 1982, 9-сон). Анвар Пошо Бухоро заминида туриб, Туркистон элига мурожаат қилар экан, жумладан, бундай фикрларни баён қилган эди: «Орқадошлар! Туркистоннинг муқаддас даъвоси йўлида олиб бораётган мужодалага мен ҳам қўшилгали келдим. Ичингизда биз билан бирга курашмоқни хоҳловчилар бўлса, таклиф этаман, онт ичишсин! Лекин орангизда бола-чақаси руслар қўл остида бўлганлигини ўйлаб, андиша ва тараддуд қилувчилар бўлса, очиқчасига айтишсин…». Йиғилган мужоҳидлар Туркистон озодлиги учун баробар мужодала этмакка онт ичадилар. Кўп ўтмай бу «онт» асоси сустлиги ҳам равшанланиб қолади.

Анвар Пошонинг Бухорога келиши Москов ҳукумати раҳбарияти учун маъқул эмасди. Аксинча, Пошонинг ташрифи унинг сиёсий мақсад ва фаолиятига мутлақо зид эди. Шунинг учун рус элчихонаси Анвар Пошо Бухорода бўлган дастлабки кунларданоқ унга қарши ҳийла ва найранг ишларини бошлаган. Шу маънода Анвар Пошонинг 1921 йил 2 ноябрда хотини Нажиба Султонга йўллаган хатидаги қуйидаги сўзлари эътиборга моликдир: «…Эрталаб рус элчихонасининг таржимони келди. Жамол Пошодан бир телеграмма келтирди. Унда менинг Московга қайтишим талаб қилинарди. Лекин ундаги тарих туҳоф-ғалат эди. Телеграмма Московдан тунда жўнатилган. Ҳолбуки, Бухорога келиш қайди икки кун аввални кўрсатарди… Руслар Бухоро ва Хивада сарбаст қолмоқ шарти ила Афғон ва Ҳиндни инглизларга бермоқчилар… Ўзлари бутун ҳирслари ила Туркистон ва Кафказияга ёпишганлар» (Шавкат Сурайё Ойдемир. Македониядан Ўрта Осиёга. Анвар Пошо. 3-жилд, 639-640-бетлар).

Орадан бир кун ўтиб рус элчихонасининг таржимони яна Пошо ҳузурига келади. Жамол Пошодан келган иккита, Чичериндан олинган битта телеграммани кўрсатиб, зудлик билан унинг Москвага жўнашини талаб қилади. «Яқин кунларда, албатта, кетаман», дейди унга Пошо. Бунгача у «Когонда рус консули Юренов билан учрашган. Жамол Пошонинг Афғонистонга қачон келишини сўраган, элчи унга: «Жамолга йўл бериш у ёқда турсин, Сизнинг ҳам бу ерда нима ишлар билан шуғулланишингизни жуда яхши биламиз», деб жавоб берган. Пошо буни тўғридан-тўғри қўрқитув чораси деб тушунган. Хуллас, у ўйлаб-ўйлаб, «Бухородан кетиш керак!» — деган қарорга келади. Ва Шарқий Бухорога томон йўлга ҳозирланади. Пошо Бухородан кетаётиб, бир гуруҳ мужоҳидларни йиғиб кўрсатмалар беради, уларни истиқлол йўлида жон фидо айлашга даъват этиб дейди: «Туркистон учун курашмоқ керак. Ҳақ иши учун ўлимдан қўрқсанг, ўзингни ҳам ит ҳолида яшашга маҳкум қиласан. Агар бу ишга қатъий киришмасак, келажак авлодларнинг лаънати оғир бўлур. Қутулиш йўлини излаб, ўлсак ҳам ўзимиздан кейин келадиган авлодларга озодлик ва истиқбол йўлини таъминлаган бўламиз».

Анвар Пошо Бухоро шаҳри билан мангуга хайрлашган кун – 1921 йилнинг 8 ноябри. Шу куни «Аввало, амирнинг шаҳар ташқарисидаги саройи яқинидаги милиция биносига бордик, – дейди Пошо. – Бир рус милтиғи ва юзта ўқ олдим. Йўлга тушдик. Ниҳоят чўлга чиқиб, асл йўлга етишдик». Анвар Пошо учун бу йўл – роҳатсизлик, азоб ва руҳий қийноқлар йўли эди. Бу йўлдан у мағлубият ва шаҳидликка томон бораётганди. Унинг учун бу кунлар – бағоят зиддиятли, ўйловли, кўнгилни гоҳо тушкунлик қуюни қуршаб олган армонли кунлар эди. Бухорога у жуда улуғ ният, юксак орзу-умидлар билан кириб келганди. Қондош ва диндош қардошларини бир байроқ остида бирлаштириш, уларга бош бўлиб, шон ва зафарлар қучиш, бу табаррук заминни босқинчилар қўлидан халос айлаб, асрий эркинлигини қайта тиклаш истаги уни Бухоройи Шарифга чорлаганди. Бухорони Пошо кўрди: бузилган, қарийб бир вайронага айлантирилган шаҳар жуда маҳзун ва чалажон бир аҳволда эди. Пошо бухороликларнинг аҳвол-руҳияти ва сиёсий-ижтимоий ҳаракатларини ҳам яқиндан кузатди. Тўғри, халқ орасида юрт истиқлоли учун жон тиккан идроки ойдин, имони бутун кишилар ҳам кўп эди. Шундай кишиларнинг йўлбошчилари маҳаллий ҳукумат номига: «Сизлар ўз биродарларингиз бўлган рус большевиклари билан Бухоро тупроғига кириб, миллат қонини тўкдингиз, унинг мулки бўлган олтин ва ғаллани йўқ қилиб ташладингиз, хуллас, халқнинг барча зарур мулкини йўқотдингиз, мачит ва мадрасалар каби табаррук жойларни оёқ ости қилдингиз… Бухоронинг мустақиллиги қуруқ сўз бўлиб қолди, ҳақиқатда ундан дарак йўқ…

Бир ярим миллион кишидан иборат бўлган Бухоро аҳолиси чўл ва тоғларда ўзининг иссиқ қонини тўкиб, қўлига қилич олиб, миллат хоинлари билан жанг қилаётганлигини ҳозирги кунда кўриб турибмиз. Биз ҳам ватанимизнинг ҳақиқий фарзандлари билан бирга мамлакатимиз мустақиллиги ва равнақи учун сиз, коммунистларга қарши курашаверамиз. Бизлар босмачилар эмасмиз, балки миллатимизнинг ҳақиқий ва итоатли ходимларимиз. Душманларимиз бўлган русларни ватанимиздан ҳайдаб чиқарамиз…», деган эътирозномалар битган.

Лекин омма орасида большевикларнинг макри ва пуч ваъдаларига учиб сиёсий хурофотдан мияси ғовлаган кимсалар кўпайиб қолганлиги ва кўпаяётганлиги Анвар Пошони барибир ҳайрон қолдирди. Нега бундай? Бу нечук маслаксизлик? Одамлар руҳан нечук бунчалик майдалашган? Наҳотки, «исломий мутелик» халқ онгида шу қадар кенг томир ёзган бўлса? Иродаси темир, юраги арслон Турон ўғлонлари қани? Пошо бу саволларга дафъатан жавоб тополмасди. Дунёда кўп нарса ўзгаришга маҳкум бўлганидек, ўша замонларда кўпдан-кўп бухороликларнинг руҳи ва қонида аждодларидан қолган меросий хислатлар – ватаний ахлоқ, жасурлик, жанговорлик, ғурур, маъруфий ҳурлик сингари ҳиссиётлар анча сусайган эди. Пошо охири ана шуни аниқ билди. У Бухородан жўнаб кетар экан, «Сиз туркистонликларнинг миллий курашга тайёргарлигингиз йўқ, яқин вақтларда ҳам тайёрлана олмаяжаксизлар», – дея кўнглидагини яширмасдан, очиқ айтганди. Ахир у илк баҳоргача Бухорода қолмоқчи, бу қадим шаҳарда Туркистон мужоҳидларидан вакиллар тўплаб, улкан бир анжуман ташкил қилмоқчи эди. Бу ҳам ниятлигича қолди.

«Анвар Пошо Бухорода қолиб ишларимиз билан шуғулланганда эди, — дейди Усмон Хўжа, – бутун Туркистон миллий қувватларини ислоҳ қилиб ва янгидан оёқлантириб, ҳақиқий бир армияни яратган бўлурди. Чунки ўша кунларда у ердаги турклар орасида Анвар Пошо даражасида лаёқатли, тажрибали ва шуҳратли бир қўмондон ҳатто, Афғонистон, Ироқ, хуллас бутун ислом оламида ҳам йўқ эди. Масалан, 1921 йил декабрида руслар билан орамиз бузилганда, «Оҳ, ҳозир Анвар ёнимизда бўлсайди, бизга улуғ маънавий қувват бўлиб қолмасдан, биз уни дарҳол бош қўмондон этиб сайлардик, деб куйинган эдик».

Ҳақиқатда ҳам Анвар Пошо ўша давр ва мураккаб шароитда Туркистон аскарий ишлари учун зарур Шахс эди. Аммо унинг Туркистонга келиши фақат совет маъмурлари, муаррихлари томонидан эмас, бошқа ғанимлари томонидан ҳам нотўғри талқин этилиб, бу борада жуда кўп туҳмат ва ёлғонлар тўқилгандир. У Балживондан хотинига ёзган охирги хатида шу тўғрида ҳам тўхталган: «Сен билурсанки, маним ҳақимда туҳмат ташвиқотлар тарқатиб юрган бадбахт кимсаларнинг иддао этганларидек, бу олис диёрга (яъни Туркистонга – И.Ҳ.) мол-дунё ахтариб, бой бўлмоқ ёки ўз ҳокимиятимни қурмоқ учун келганим йўқ. Мени сендан узоқлаштириб, бу жойларга келтирган Жаноби Ҳақнинг зиммамга юклагани бир вазифадир…».

Рус – совет босқинчилари зулмидан туркистонлик қон-қариндошларини халос айлашдек муқаддас курашга ўз ҳиссасини қўшиш Анвар Пошо учун Виждон амри эди. У Фарғона, Шарқий Бухоро, Хива қўрбошиларини ягона бир жабҳада бирлаштирмак ва большевикларга қарши умумий, кучли ҳаракатни ташкил қилмоқ мақсадида Туркистонга юз бурганди. Шу учун ҳам «Анвар Пошонинг Бухорода Туркистон тупроғига қадам қўйиши, Туркистоннинг ҳар томонида бўлганидек, Фарғонада ҳам қўрбошилар ва халқ орасида қизғин меҳр билан қаршиланди, истиқлол мақсадини буюк мақсад ҳаракатига айлантирди» (Али Бодомчи, 1917-1934 йиллар Туркистон миллий истиқлол ҳаракати ва Анвар Пошо, 1-жилд, 380-бет.)

Пошо Шарқий Бухорога келгач, Фарғонада бўлган турк зобитларидан Исмоил Ҳаққибейни ёнига чақиради. Унгача Пошонинг Бухорога келганлигини Афғонистон почта ходимлари орқали эшитган Фарғона қўрбошиларининг бош қўмондони, Амири лашкар Шерматбек Исмоил Ҳаққи билан биргаликда Анвар Пошога ўз эҳтироми ва боғлиқлигини билдирмоқ учун Музаффархон мингбоши раҳбарлигида бир ҳайъатни Шарқий Бухорога юборади. Анвар Пошо ундан Фарғона миллий мужодаласи ҳақида барча маълумотларни олгач, уни Кўлоб қўрбошиси Давлатмандбек ҳузурига жўнатади. Шу тарзда, унинг ташаббуси билан Бухоро ва Фарғона қўрбошилари ўртасида илк яқинлашув ва учрашув бошланади.

1922 йил февраль ойида Анвар Пошо Шерматбекка махсус мактуб жўнатади. Хатда шундай сўзлар битилган эди:

«Муҳатарам фидокор мужоҳид орқадошлар!
Жаноби Оллоҳнинг ёрдами билан дину имон душмани бўлмиш большевикларни Душанбе, Шўрчи, Сариосиё, Денов ва Қабодиёндан қувиб чиқардик… Большевик қўшинларининг катта қисми Бойсун гарнизонида ўрнашиб олган. Бунга қарши Дарбоз, Боботоғ, Денов, Қоратоғ аскарларидан таркиб топган қўшинларимиз Бойсунни муҳофаза этишга тайёрланмоқдалар. Бойсунда мухораба давом этаётир. Иншооллоҳ, яқин орада бу туманни ҳам озод этажакмиз…» (Али Бодомчи, ўша асар, 384-бет).

Бундай зафарли юришлар совет ҳокимиятини, албатта, саросимага солиши табиий эди. Тарихий манбаларда қайд қилинишича, Анвар Пошонинг Туркистон мужодала майдонига дадил ҳаракатга киришиши давлатининг Шарқ ва Туркистонда юритаётган сиёсати таназзулининг бошланғичи эди. 1922 йилнинг апрель ойига келиб, совет ҳокимияти Анвар Пошога сулҳ тузишни таклиф этади. Бу сулҳга биноан Анвар Пошо Дарвоз, Қоратегин, Кўлоб, Душанбе, Ҳисор сингари шаҳар ва туманларни бирлаштириб, ўз хоҳишига мувофиқ шаклда бир давлат барпо қила олиши эътироф этилганди. Фақат битта шарт – Пошо Туркистон масаласига бошқа аралашмаслиги керак эди. Анвар Пошо совет элчисига «Бутун рус аскарлари Туркистон тупроғидан чиқиб кетгандан сўнг сулҳ хусусида гап бўлиши мумкин», деб жавоб қайтаради.

У 1922 йил 19 майда совет давлатига Озарбайжон совет жумҳуриятининг раиси Наримон Наримонов орқали ультиматум юборади. Унда ҳам Туркистондан рус армияси зудлик билан олиб чиқиб кетилиши талаб қилинади. Аммо совет Иттифоқи Коммунистик партияси марказий комитети бир кун олдин, яъни 1922 йил 18 майда Туркистон ва Бухоро масалалари тўғрисида янги бир қарор қабул қилади. Унда миллий истиқлол курашига қарши ҳарбий тадбирлар билан бирга, аҳоли орасида ташвиқот-тарғибот ишларини кучайтириш, шунингдек, Анвар Пошони инглизларнинг жосуси, Шарқ халқларининг душмани сифатида тарғиб қилишга кўрсатма берилади. Лекин бу ёлғон ва бўҳтон тарғиботлардан кўра, Иброҳим лақайнинг бадгумонлиги, субутсизлиги ҳамда Фарғонадаги фидойи кучларнинг вақтида етиб кела олмаганлиги фақат Анвар Пошонинг эмас, умуман, Туркистон миллий озодлик кураши тақдирига ниҳоятда салбий таъсир кўрсатади. Шерматбек укаси Нурмуҳаммадбек бошчилигида икки минг кишилик қўшинни Анвар Пошога ёрдам учун Шарқий Бухорога юборади. Аммо шу воқеадан ўн икки кун ўтгандан кейин Шерматбекка укасидан хабар келади. Бу хабар қўрбошиларни ғам-ғуссага чўктирадиган бир машъум хабар бўлиб, унда Анвар Пошонинг Балживонда шаҳид бўлганлиги айтилган эди.

Ушбу воқеа Шерматбек хотираларида бундай ҳикоя қилинади: «Шарқий Бухоро бизга 8 кунлик масофа эди. Нурмуҳаммад Шарқий Бухоронинг Лахши қишлоғидан йўллаган хабардан Анвар Пошонинг шаҳид бўлганлигини билдик. Лекин мен ишонмасдим. Чунки бундан аввал ҳам 14 маротаба айни шундай гап тарқалган эди. Лекин бир мунча фурсат ўтгач, Бухоро ила Фарғона ҳудудида Нурмуҳаммад билан кўришгач, бу машъум хабар ҳақиқат эканлигига ишондим. Аччиқ Олма деган жойда хатми Қуръон этиб, фотиҳалар ўқиб, катта-кичик ўртасида Пошонинг хотирасига ҳурмат бажо айладик. Ғам-кулфат наинки бизни, тошу тупроғни ҳам қуршаб олганди. Йигитларимизнинг фиғони кўкларга юксалди. Негаки, бизнинг раҳнамомиз ўлиб, умид юлдузимиз сўнганди. Толесизлигимизнинг аччиғидан кимни дуоибад этишимизни, кимнинг бағрига ўзимизни ташлашни билмасдик…
Толесиз ватаннинг, толесиз Туркистоннинг изтироблари не замон тинажак, юзи не замон кулажак, тўккан қонлари не замон қурияжак?…
Туркистоннинг озодлиги Анвар Пошо билан баробар Балживонда кўмилди…»

Ана шу жойдан «Балживон» шеърининг юқорида бошланган таҳлилини энди давом эттирса бўлади.
1922 йил 4 август Қурбон байрамининг иккинчи куни Анвар Пошонинг Балживонда шаҳид бўлиши фақат Шерматбекка ўхшаш қўрбошилар ёки «босмачилик» курашига бош қўшган мужоҳидларни зор қақшатганмиди? Истиқлол учун жангу жадал майдонларида от сурган кишиларгина унинг ўлимини умид ва озодлик юлдузининг сўниши сифатида қабул қилганмидилар? Йўқ, албатта. Рус-совет империяси зулмидан халос бўлишни орзу қилган ҳар бир виждони уйғоқ миллатпарвар ва эрксевар туркистонлик Анвар Пошони «XX аср Туркистон тарихида битилажак «Истиқлол ишқи»нинг рамзи» деб билган ва тан олгандир. Халқнинг илғор қисми онгида айни шундай ишонч пайдо бўлмаганида Чўлпон ҳеч қачон Анвар Пошонинг шаҳидлигини назарда тутиб, «Қонлар йиғлатди бизни бу хабар» демасди. Ва Балживонда тўкилган қонларни – «Тарихнинг рангини» ўзгартирган қон дея ҳукм чиқармасди:

Тарихнинг рангини кўп қонлар билан
Қарайтган, тўлдирган бироқ Балживон
Энг сўнгги умидни қонга бўяган,
Оҳ, қандай ҳайрсиз замонлар келган!

«Энг сўнгги умид» – бу нимага дахлдор умид? Ҳеч шак-шубҳа йўқки, бу – Чўлпон нигоҳида қонга бўялган, унинг учун АРМОН бўлган «хайрсиз замонлар» ортда қолиб, бизнинг кўз ўнгимизда реал ҳақиқатга айланган ИСТИҚЛОЛ ва МУСТАҚИЛЛИК умиди эди. Тарих чиндан ҳам ИСТИҚЛОЛ орзуси ва МУСТАҚИЛЛИК умидини қонга белаганди. Лекин шу муқаддас орзу, шу буюк умид ўлмаслиги учун ўзбекнинг минг-минглаб жасур фарзандлари қонидан, жонидан кечди.

Хуллас, «Шаҳидлар юзига томғувчи нурлар» қанча замон ўтса ҳамки, кўнгилга илоҳий бир ёруғлик ато этади. Хотирада наинки жафокаш Балживон, балки йироқ «Мармара бўйлари, эдирна йўли… Карпат чўққилари, Траблус чўли, Берлин кўчалари» ҳам.

Иброҳим Ҳаққул, “Бухоро ҳақиқати”, 1995 йил, 27 декабрь.