12:19 / 17.02.2015 · Кутубхона
Махтумқули ижоди Ўзбекистонда

Улу­­ғ туркман шоири ва мутафаккири Махтум­қули 1724 йили Атрек дарёси бўйидаги Ҳожиговшан овулида туғилган. Унинг илк устози Озодий тахаллуси билан шеърлар ёзган отаси Давлатмамат эди. Оилада хат-саводини чиқарган бўлажак шоир тахминан олти ёшидан овул мактабида – Ниёзсолиҳ домла қўлида ўқий бошлайди. Ўткир зеҳни ва тиришқоқлиги билан ўқувчилар орасида алоҳида ажралиб турган Махтум­қули кейин Қизилоёқдаги Идрис бобо мадрасасида таҳсилини давом эттиради. Сўнг Хиванинг Шерғозихон мадрасасида илмини камолга етказади. Шунингдек, бир муддат Бухородаги Кўкалдош мадрасасида ҳам ўқигани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Махтумқули бадиий сўзни юксак қадрлаган ва ижодий қобилиятга эга маърифатли оилага мансуб. Атрек жанубидаги вилоятда туғилган бобоси (воқеан, унинг исми ҳам Махтумқули бўлган – шоирга бобосининг отини беришган) тирикчилик важидан туркманларнинг гўркўз қабиласига иш излаб келади ва уруғ бошлиқларидан бирининг қўлида ёлланиб ишлайди. Маълум муддат ўтиб, хўжайин уни ўз жиянига уйлантириб қўяди ва у алоҳида хўжаликнинг бошлиғига айланади. Деҳқончилик қилиш билан бирга, отга тўқим тикиш, қамчи тўқиш, юган ва айил ясаш орқали даромадини муттасил ошира бориб, Махтумқули Ёначи (тўқимдўз) номи билан довруқ таратади. Бўш қолган вақтларида у қўшиқлар тўқиган ва улардан бири бизгача етиб келган[1].

Отаси Давлатмамат ҳам алоҳида қобилияти билан ажралиб турар эди. У бошланғич маълумотни овулда олиб, сўнг Хива мадрасаларида ўқишини давом эттиради. Овулга қайтгач, болаларни ўқитиш билан бирга, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Агар бобоси учун шеър тўқиш шунчаки ҳавас бўлган бўлса, отаси ҳақиқий шоир бўлиб етишади. У Озодий тахаллуси билан кўплаб қўшиқ ва ғазаллар яратади. Унинг қарийб олти минг мисрадан иборат панд-насиҳат мазмунидаги «Вазъи Озод» («Озод вазъи») номли достони сақланиб қолган. Бу асарлар Озодийнинг форсий (воқеан, у яхшигина шоҳномахон бўлган) ва туркий адабиётдан, хусусан, Алишер Навоий ижодидан етарли даражада хабардорлигини кўрсатади.

Давлатмаматнинг оиласи катта бўлиб, Махтум­қули унинг учинчи ўғли ҳисобланади. Бўш вақт­ларида пода боқиб, отасига кўмаклашган Махтум­қули тўққиз ёшидан шеър машқ қила бошлайди[2].

Туркман халқи тарихининг энг нотинч ва оғир даврида яшаб ўтган Махтумқули оилавий ҳаётда ҳам ҳаловат топмади. Човдурхон бошчилигида Афғонистонга вакил қилиб жўнатилган акалари Абдулла ва Маматсафо душманлар томонидан шафқатсиз ўлдирилади. Катта хонадоннинг бутун оғирлиги Махтумқули елкасига тушади. У мударрислик қилиш, ота-бобосидан мерос ёначилик касбини давом эттириш билан бирга, темирчилик ва заргарлик ҳунарларини ҳам эгаллайди[3].

«Гўзал Шерғози» шеъридан маълум бўлишича, у Хивада таҳсил олаётган даврида бирин-кетин отаси ва онасидан жудо бўлган:

 

Бағрингда илм олиб, комил бўлибман,

Ғарибман – отамдан етим қолибман,

Каъбамдан – онамдан жудо бўлибман,

Кетар бўлдим, хуш қол, гўзал Шерғози.

Махтумқули шеърларида жуда кўплаб жой номларига дуч келамиз. Бу унинг кўп саёҳат қилганидан далолат беради. Сафарга оқ фотиҳа сўраб, отаси билан савол-жавоб йўсинида ёзган бир шеъри ҳам шоирнинг саёҳатга, дунёни кўришга ҳаваси кучли бўлганини кўрсатади («Ота-ўғил дардлашуви»). Шеърда «Кўнглим истар, сафар қилсак...», «Сайрон этсак неча тенгу тўш билан, Магар шунда ғамгин кўнглим хуш бўлар» каби мисраларни ўқиймиз.

Махтумқули кубравия тариқати шайхлари билан ҳам, хожагон-нақшбандия силсиласи пирлари билан ҳам яқин алоқада эди. Отаси Давлатмамат ҳам тасаввуф аҳлини дўст тутган[4]. «Шеърларидан отаси Махтумқулининг пири экани англашилади. Аммо у бошқа кўплаб муршиди комилларни ҳам зикр этган»[5]. Чунончи, Сарахсда нақш­бандия намояндаси Ниёзқули халифага мурид тушишни орзу қилган бўлса, Отаниёз охунга ҳам шогирдлик талабида бўлган[6]. Лекин шоир шеърлари ва туркман олимларнининг кейинги изланишлари унинг нақшбандияга ихлос-эътиқоди кучли эканлигини кўрсатади.

Шўро давридаёқ баъзи тадқиқотчилар Махтумқулининг тасаввуфга муносабати юзасидан айрим мулоҳазаларни билдирган эдилар. Жумладан, Г. Карпов ҳаётининг муайян даврларида Махтум­қулининг тасаввуф тариқатлари билан алоқаси бўлгани, бинобарин, ижодида сўфиёна оҳанглар мавжудлигига эътиборни қаратган[7]. П. Скосирев Махтумқулининг фалсафий шеърларида шоир яқин алоқада бўлган тасаввуф илмининг таъсири шундоққина сезилиб туришини таъкидлаган[8]. А. Мулкаманов эса Махтумқулининг тасаввуфдан ниҳоятда таъсирлангани, шеърларида «фано тупроғи», «аҳли ҳол», «фақр мулки», «ёр», «соҳибжамол», «дўст», «зулф» каби сўфиёна истилоҳ-тушунчалар кўп учраши, «Саташдим», «Кўрдингми?», «Ёр сендан», «Нимасан?», «Эй дўст», «Ошиқ бўлмишам» шеърларида сўфиёна руҳ кучлилигини қайд этган[9].

Албатта, диний-тасаввуфий мавзудаги шеърлар Махтумқули ижодида етакчи ўрин тутади. Афсуски, шўро мафкураси шоирнинг исломий маърифат ва тасаввуф ҳақиқатлари уфуриб турган асарлари мутолаасидан бизни бебаҳра қилган эди. Шунинг учун унинг асосан шу мавзудаги шеърларини танлаб таржима қилган таниқли шоир ва заҳматкаш мутаржим Мирзо Кенжабек ўз таржималарига ёзган сўзбошисида: «Махтумқули Фироғий ХVIII аср маърифий шеъриятининг буюк дарғаларидан бўлиб, бутун туркий халқлар учун тушунарли ва севимли шоир, маърифатли сиймо, ориф ошиқ, соҳиби ҳикмат бўлган валий зотдир. Унинг инсонпарварлик, халқ­парварлик, ватанпарварлик ғоялари билан йўғрилган шеъриятида пок исломий маърифат руҳи гуркираб, яшнаб туради»[10], деган фикрни билдиради.

Махтумқули «аҳли ҳол, аҳли сир, аҳли ҳикмат бўлган ориф зотдир. Маъно оламида унинг бир қанча азиз сиймолар билан иртиботи борлиги анг­лашилади. Бир қанча шеърларида у ҳақ пайғамбарлар, машҳур авлиёлар билан боқлиқ тушларини фараҳ ва шукрона билан баён этади»[11]. М. Кенжабек ҳатто у илми ладуний[12] соҳиби бўлган деб ёзади[13].

Бизгача Махтумқулининг 700 дан кўпроқ шеърлари ва 10 га яқин кичик ҳажмдаги достонлари етиб келган[14].

Махтумқули ижоди кўплаб чашмалардан сув ичган: булар – Қуръони карим ва унга ёзилган тафсирлар, Ҳадиси шариф ва диний адабиётлар, тасаввуф фалсафаси ва адабиёти, Шарқ мумтоз сўз санъати ва халқ оғзаки ижоди. Шунинг учун шоир ижодида исломий мавзуларни ҳам, сўфиёна руҳни ҳам, халқона оҳангларни ҳам, мумтоз адабиёт таъсирини ҳам кўрамиз – улар ўзаро омухта бўлиб, Махтумқули асарларининг юксак бадиияти, таъсирчанлиги ва умрбоқийлигини таъминлаган. Шоир шеърларида пайғамбарлар, саҳобалар, авлиёлар, тасаввуф пирлари, халқ қаҳрамонларининг номига кўп дуч келамиз.

Туркман халқининг тарихи, бугуни ва эртаси, урф-одатлари, анъаналари, даврининг муҳим сиёсий-ижтимоий ҳодисалари, шоирнинг дарду ҳасрат­лари бу шеърларнинг асосий мавзуи ҳисобланади. Шеърларда шоир ўз халқини севган, унинг дарду ҳасратлари билан ёнган, истиқболи учун қайғурган фидойи ватанпарвар сифатида намоён бўлади. Ватан ва халқ мавзуи – Махтумқули шеъриятининг ўқ илдизини ташкил этади. Қатор шеърларида тарқоқ туркман уруғларини бирлашишга, улар ўртасидаги ўзаро низоларни бартараф этишга даъват қилади. «Туркман адабиёти тарихи тадқиқотчиларининг таъкидлашларича, Махтумқули ўз даврида эл ва юрт қадр-қимматини оёқости қилиб келаётган иллатларни ҳаммадан кўра кўпроқ англаб етди. Шоир асарларида замондошларини даврда рўй бериб турган воқеаларнинг моҳиятини чуқур идрок қилиб иш тутишга чақирди»[15].

Махтумқули шеърларида халқ фалсафаси кучли, панд-насиҳат етакчи, у кўрган-кечирганларини қаламга олиб, улар юзасидан теран хулосалар чиқаради. Бу фикрларнинг ҳикмат каби жаранглаши шундан:

 

Ҳар йигитнинг аслин билай десангиз,

Даврада ўтириб-туришин кўринг.

Биров билан ошна бўлай десангиз,

Аввал ўз аҳдида туришин кўринг.

* * *

Номардлар ҳам ярамаслар, беорлар,

Тузинг ичиб, ишинг бўлса қочарлар,

Сирингни фош этиб, айбинг очарлар,

Қадринг билган улфатингдан айрилма!

 

Махтумқули халқ мақол-маталлари, ҳикматли сўзлари, образли ибораларини жуда яхши билади ва маҳорат билан шеърлари қатига сингдириб юборади. Айни пайтда, ўзи ҳам содда, ихчам, лўнда, теран ҳикматлар яратадики, улар нафақат туркман, балки барча туркий халқларнинг ҳикматли сўзлар хазинасидан жой олган:

 

Олимга ёндашсанг, очилар кўзинг,

Жоҳилга ёндашсанг, кўрдек бўларсан.

* * *

Одам бор, минг туман едирсанг оздир,

Одам борки, еган нонига етмас.

* * *

Дўзахнинг тимсоли бир ёмон хотин.

* * *

Яхшини олам орзулар.

* * *

Йигит қарир ёмон аёл учраса.

Халқ тарихи, адабиёти ва ҳаётини чуқур билган бу донишманд инсон теран фикрларни халқона содда ва лўнда бир тарзда шеърий мисраларга тизади. Бу шеърлар халқ донолигининг ёрқин намунасидир. Махтумқули асарларининг умрбоқийлигини таъминлаган энг асосий омил худди шунда. «Махтумқули ўз даврининг жароҳатларига ақл-заковатни, иймон ва эътиқодни, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни, аждодлар удумига асосланган ҳамдардлик ва адолатли курашни қарши қўяди ва бу туйғуни поэтик сўз қудрати билан маънавий қурол даражасига кўтаради»[16].

Шоир шеърларида яхши – ёмон, мард – номард, ҳалол – ҳаром, бой – камбағал, уруш – тинчлик каби ўзаро зид тушунчалар кўп учрайди. Хусусан, у кишиларни икки тоифага – мард ва номардга ажратади: унинг назарида мард – барча эзгу инсоний фазилатлар соҳиби бўлса, номард – ҳамма ёмон иллатлар тажассуми. Шунга мувофиқ, мардни кўплаб шеърларида улуғлагани ҳолда, номардни кескин танқид қилади. Бу иккисини икки қутбга қўйиб тасвирлайди.

 

Юз номард жойини босмас бир марднинг,

Чекар ташвишини мард элу юртнинг.

Қилган қилиғини кўринг номарднинг:

Жангми дея қочар туман учраса.

 

Ҳамидулла Ҳасанов шундай ёзади: «Махтумқули Фироғий ниҳоятда зўр, таъсирли, халққа ёқадиган, туркманга ҳам, ўзбекка ҳам ўз тилидек тушуниладиган шеърлари билан бутун Шарққа машҳурдир. Унинг асарларини Сурияда ҳам, Ироқда ҳам, Туркия ва Эронда ҳам, Афғонистон ва ҳатто узоқ Арабистонда ҳам туркманлар фахр билан куйлайдилар. Афғонистонда бир кекса туркман бахшиси борлигини эшитдим, у Махтумқули шеърларини маҳорат билан ижро этишда ном чиқаргани учун ўзини «Махтумчи» дер экан»[17].

Махтумқули ўзбек халқининг ўз шоирига айланиб кетган: унинг, хусусан, маънавий-ахлоқий мавзудаги теран панд-насиҳатга йўғрилган маънодор шеърлари кириб бормаган ўзбек хонадони йўқ, Махтумқули номини билмайдиган бирорта ўзбек топилмайди, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Махтумқули шеърлари ўзининг халқчил руҳи туфайли асрлар давомида халқ бахшилари, халфалари ва ҳофизлари томонидан куйланиб, шоирларга илҳом бериб, адабий давралар ва шеърият кечалари, гап-гаштакларда ўқилиб келган. Ўзбекнинг бирор тўй-тантанаси йўқки, у Махтумқули қўшиқларисиз ўтса! Қора Сейтлиев таъбири билан айтганда:

 

Ўзбекнинг уйида маъно сочилса,

Фироғийдан бошлар донолар сўзин[18].

 

Шубҳасиз, «бутун туркий халқлар учун тушунарли ва севимли шоир»[19] бўлган Махтумқули Ўзбекистонда ҳам энг машҳур, энг севимли, энг оммабоп шоирлардан бири ҳисобланади. Зеро, «Махтумқули шеърияти ўзбек маданиятининг қонуний бир бўлаги, эҳтиёж қисмига аллақачонлар айланиб улгурган. Бу шеърият ҳар бир ўзбек учун бир таълим Академияси»[20].

Махтумқули асарларининг ўзбек халқи орасида тарқалиши ХVΙΙΙ асрнинг 60-70йилларидан – у Хивадаги Шерғозихон мадрасасида таҳсил олиб юрган пайтларидаёқ бошланган[21]. У турли мушоиралар, адабий давралар, шеърият кечаларида қатнашиб, ўзининг ҳозиржавоблиги ва халқона теран маъноли шеърлари билан тез орада элга танилган, шуҳрати кенг ёйилиб, ҳали ҳаётлигидаёқ у ҳақда ўнлаб ривоятлар ҳам тўқилган. «Хива йўлида», «Айтишув», «Махтумқули ва Нури Козим», «Муносиб шогирдлар», «Ўкинч», «Хива кўчасида», «Сўфиларнинг ёмон нияти», «Махтумқули Хива хони ҳузурида», «Қайғули хабар», «Хивадан қайтиш» каби ривоятлар шулар жумласидандир. Чунончи, «Айтишув» деб номланган ривоятда ҳикоя қилинишича, Махтумқули Шерғозихон мадрасасида таҳсил олиб юрганида хивалик шоирлар бир куни уни ҳам ҳурматли меҳмон сифатида ўзларининг мушоира кечасига таклиф этишибди. Анъанага кўра, ҳар бир шоир ўзи битган янги шеърини ўқибди. Навбат Махтумқулига келганда, уларнинг шеърларини тинглаб хурсанд бўлган шоир ўзини мезбонлар томонидан азиз меҳмон сифатида кутиб олингани учун миннатдорчилик билдириб, қуйидаги тўртликни ўқибди:

 

Махтумқули, ўгит бергил сўз билан,

Эшитган тенг бўлмас кўрган кўз билан,

Мард чиқар меҳмонга кулар юз билан,

Номард қочиб қолар меҳмон йўлиқса.

 

Ҳамма қойил қолиб, якдиллик билан Махтумқулини мушоиранинг ғолиби деб эълон қилишибди. Махтумқули эса янги дўстлар орттирганидан хурсанд бўлиб, уларни мадрасадаги ҳужрасига таклиф этиб, хоразмча палов билан сийлабди[22].

Туркман халқи ҳам Махтумқулининг Навоийга муносабатини кўрсатадиган ривоятлар тўқиган. «Навоий тирик бўлганида...» ривоятида айтилишича, эътиборли кишилардан бири Махтумқулидан сўрабди:

– Агар ҳозир ҳазрати Навоий бўлганларида, сиз нима қилардингиз?

– Устоз Мир Алишер ҳаёт бўлганларида, – дебди Махтумқули, – мен у кишидан жиловдорликни тилаб олар эдим. Отларининг жиловидан тутиб, узангиларини ўпар эдим. Қўлларига сув қуйиб, сочиқ тутсам, ўзимни жаннати деб билар эдим[23].

«Махтумқулининг Хивада ўтказган ўқиш йиллари унинг йигитлик – 25-28 ёшига тўғри келади»[24]. Бу даврда Низомий, Саъдий, Жомий, Навоий, Фузулий асарлари Хива мадрасаларида асосий дарсликлар сифатида ўқитилган. «Бу эса Махтумқулининг ўзбек, форс-тожик ва озарбайжон адабиёти вакиллари ижодидан баҳраманд бўлишига қулай имконият яратади»[25]. У араб, форс ва ўзбек тиллари, Ислом дини асослари ва тасаввуф фалсафасини яхши билган.

Академик Самойловичнинг ёзишича: «Махтумқули даврида туркманларга, Махтумқулининг ўзига Хоразм ва Бухоро ҳам маданий таъсир кўрсатди»[26]. Унинг сўфиёна шеърлари Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Носируддин Рабғузийлар асарларидан илҳомланиб яратилган. «Махтумқулининг ғоявий суянч, руҳий таянч жойларидан бири Аҳмад Яссавий ижодиёти ҳисобланади, – деб ёзади Иброҳим Ҳаққулов. – Уни Яссавийдан ажратиш улкан чинорнинг ўқ илдизини заминидан суғуриб ташлаш билан теппа-тенгдир. Махтумқули Яссавий ҳикматларидан кўп ғоявий озиқ олган, хусусан, Яссавий тўртликларида қўлланилган ва доимий қайтарилган поэтик образлардан ижодий фойдаланган»[27]. Махтумқули ва Хива адабий муҳити мавзуида тадқиқот олиб борган Ҳамдам Абдуллаевнинг тахминича: «У Нишотий, Равнақ каби шоирларни шахсан билган ва улар билан яқин алоқада бўлган бўлиши мумкин»[28].

«ХΙХ асрдаёқ хоразмлик котиблар томонидан Махтумқулининг бир неча девонлари кўчирилган»[29]. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида Махтумқули шеърларини ўз ичига олган саккизта қўлёзма сақланади[30]. Жумладан, 3380-1 рақамли қўлёзмада Махтумқулининг бир юз йигирма тўққизта шеъри, 5341-111 рақамли қўлёзмада ўттиз олтита, институтнинг Ҳамид Сулаймон номидаги Қўлёзмалар фондидаги 35-рақамли қўлёзмада икки юз ўттиз бешта, 1667-рақамли қўлёзмада бир неча юзта, 2626-рақамли қўлёзмада юзга яқин шеъри мавжуд[31].

1870 йилдан Тошкентда нашр этила бошлаган «Туркистон вилоятининг газети»нинг 1907 йилдаги ўн тўққизта сонида Махтумқули шеърларидан намуналар босилган[32]. Таниқли «шарқшунос Н. П. Остроумов 1907 йилда Тошкентда Махтумқулининг кичик шеърий тўпламини нашрга тайёрлайди ва араб транслитерациясида чоп эттиради»[33]. Бир юз йигирма саккиз саҳифадан иборат бу тўплам эллик нусхада босилган. Марвлик Мирзоҳид Мирсиддиқ ўғлининг саъй-ҳаракати билан 1911 йили Тошкентдаги Орифжонов матбаасида «Ўттиз икки тухум қиссаси ва Махтумқули» деган шоир асарларидан иборат бир китоб босмадан чиқиб, кейинчалик у яна бир неча марта нашр қилинган[34].

Махтумқули шеърларининг халқ ичида кенг тарқалиши ва шуҳрат топишида бахши, халфа ва ҳофизларнинг хизмати катта бўлган. Ислом шоир Назар ўғли, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Бола бахши Абдуллаев, Матназар Жабборов, Абдулла Матниёзов, Умар бахши Сафаров, Берди Авазов, Абдусаттор Шомуродов, Рўзимбек Муродов каби халқ бахшилари, Онажон халфа Собирова, Онабиби қори Отажонова (Ожиза), Момо халфа, Жамила халфа сингари халфалар, Қутлимурод Ҳожиев, Бекжон Отажонов, Алижон Ҳасанов, Комилжон Отаниёзов, Мадраҳим Ёқубов (Шерозий), Ҳожихон Болтаев каби халқ ҳофизлари шоир шеърларини куйга солиб, халқ орасида ижро этиб келганлар. Жумладан, Ислом шоир Махтумқулининг «Кетувчи бўлма», «Айрилма», «Кўринг», «Яхшидир» каби шеърларини шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ юриб, худди ўзининг одатдаги термалари каби ижро этган»[35]. Ёки хоразмлик бахшилар «халқ достонларини бошлашдан олдин кириш термаси сифатида Махтумқули шеърини баланд овоз билан»[36] айтганлар. «Масалан, бахшилар «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам» ёки «Тоҳир ва Зуҳра» каби севги достонларини куйлашдан олдин Махтумқулининг ишқий-интим шеърларини кириш термаси сифатида куйласалар, «Гўрўғли», «Алпомиш», «Рустам» каби қаҳрамонлик достонларини айтишдан илгари кириш термаси сифатида Махтумқулининг мардлик ва номардлик ёки жасорат ҳақидаги шеърларини куйлайдилар. Булар кўпинча қисқарган шаклда бўлади»[37].

 

«Махтумқулининг адабий мероси, шуҳрати Ўзбекистонинг бошқа вилоятларига қараганда Хоразмда кенг ёйилган ва халқ қалбига чуқур сингиб кетган. Бунинг асосий сабабларидан бири Махтумқули шеърларининг Хоразмдаги ўзбек шевалари тилига яқинлигида, шоирнинг Шерғози мадрасасида таҳсил олиши ва асарларининг кўп қисмини Хоразмда ёзганидан бўлса керак. Шунинг учун ҳам машҳур хонанда ва бастакор Комилжон Отаниёзов айтганидек: «Хоразмни шоирнинг иккинчи юрти» деб бемалол айтиш мумкин»[38].

«Махтумқули шеърларининг бутун Ўзбекистон бўйлаб кенг тарқалишида машҳур хонанда ва бастакор, Ўзбекистон ва Туркманистон халқ артисти Комилжон Отаниёзовнинг хизматларини қайд этиб ўтиш керак. Махтумқули қўшиқлари ўзбек хонадонларига К. Отаниёзовнинг ёқимли овози, жарангдор куйлари орқали кириб келди десак, муболаға бўлмайди. Махтумқули шеърлари ҳали ўзбек тилига таржима қилинмасдан анча илгари Комилжон Отаниёзов репертуаридан ўрин олган. Хонанда буюк туркман шоири шеърларини оригиналида ҳам, ўз таржимасида ҳам ижро этади»[39].

Махтумқулининг «Кўринг», «Устозингдан айрилма», «Бўйларингга», «Бўлмас», «Айлар», «Эл яхши», «Айрилдим», «Тўхтамас», «Харидори бўлмаса», «Юргинг келади», «Намасан?», «Қариликдир, ёронлар», «Борми, ёронлар?», «Ўтиб борадир», «Кўзим тушди», «Керакмас», «Кўз кўрмаган ерда», «Бўлма», «Фош этар сени», «Ошиқ бўлмишам», «Бўлдим энди», «Бу дардни», «Бўларсан», «Изламайин бўларми?», «Дард бўлди», «Дилбарнинг», «Абад жомин сунганда», «Кетувчи бўлма», «Суҳбат яхшидир», «Ўлмасдан бурун», «Бевафолардан», «Ярашмас», «Беллидир», «Дунёсан», «Элин кўзлар», «Далолат яхши», «Йигитга», «Иқрорсиз эрдан», «Сафо бўлур», «Молига тенгмас», «Билинар», «Уялади-я», «Яйловлари бор», «Ёр бўлмагин», «Бечораман», «Фиғоним бор», «Ой-кунингиз ботмоққа», «Гирёна бўлдим», «Кўзга меҳмондир» каби юздан ортиқ шеърлари бахши ва халфалардан ташқари, Комилжон Отаниёзов, Коммуна Исмоилова, Қувондиқ Искандаров, Олмахон Ҳайитова, Отажон Худойшукуров, Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов, Муроджон Аҳмедов, Раъно Шарипова, Алижон Эркаев, Илёс Маллаев, Шермат Файзуллаев, Аҳмаджон Шукуров, Каримбой Раҳмонов, Комилжон Баратов, Аҳрор Усмонов, Оғабек Собиров, Муродбек Қиличев каби ҳофизлар томонидан севиб ижро этилиб келмоқда. Айтайлик, биргина Бола бахшининг ўзи Махтумқулининг юзга яқин шеърини қўшиқ қилиб куйлаган[40]. Бошқа ҳофизлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон халқ артисти Матёқуб Раҳимов Махтумқулининг асосан танқидий-сатирик мавзудаги шеърларини куйлаган[41]. Ўзбекистон радио ва телевидениеси орқали ҳар куни Махтумқули шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар янграб туради.

«Махтумқули асарлари кенг тарқалган Хоразмда шоир шеърларини ўз репертуарига киритмаган бирорта ҳам бахши ёки созанда йўқ. Айниқса, халқ бахшиларининг ижрочилик санъатида Махтумқулининг дидактик термалари ҳам кўпчиликни ташкил этади»[42]. Шу билан бирга, яна бир муҳим далилни келтириб ўтиш жоиз. У ҳам бўлса, «Махтумқули шеърларининг бахшилар репертуаридаги айрим вариантлари турли-тумандир»[43]. Айни пайтда, шоир шеърларининг Комилжон Отаниёзов ижросидаги матнида ҳам бир қатор тафовутлар учрайди. Бу ҳол Махтумқули асарларининг қўлёзмалари ҳамда бахши ва ҳофизлар репертуаридаги шеърларни қиёсий ўрганиш зарурлигини кўрсатади.

Махтумқули шеърлари асрлар давомида ўзбек шоирларига ҳам таъсир кўрсатиб, улар учун ўзига хос илҳом булоғи, маҳорат мактаби бўлиб келди. Чунончи, «Мунис, Огаҳий, Комил ва бошқа шоирларнинг Махтумқули чашмасидан бебаҳра қолиши мумкин эмас эди»[44]. «Ислом шоирнинг достончиликдаги талантининг шаклланишида Махтумқули шеърлари муҳим аҳамият касб этган»[45]. Ёки «Эргаш Жуманбулбулнинг қатор термалари билан Махтумқулининг «Суҳбат яхшидур», «Бўлма», «Керак», «Эл яхши», «Зар бўлмас» каби дидактик мазмундаги шеърлари ўртасида ҳам кўпгина муштаракликларни кўрамиз. Айниқса, Махтумқулининг «Кунларим» номли шеъри билан Эргаш Жуманбулбулнинг «Кунларим» термаси ўртасидаги ғоявий-тематик яқинлик, мазмун оҳангдошлиги, услубий ўхшашлик ўзбек халқ достончисининг Махтумқули шеъриятига ижобий маънода тақлид қилгани, унинг ижодидан илҳом олганига яхши мисол бўла олади»[46].

Сафо Муғанний, Нуриддин Қаландаров, Матёқуб Назаров (Муридо), Янгибой Қурбонниёзов (Орзу), Қурбон ота Исмоилов, Қаландар Қурбоний, Кенжа Худойберганов, Маҳмуд Юсупов, Болта Давлатов (Бодил) каби хоразмлик ижодкорлар «Махтумқули асарларини яхши билишган ва ундан ўрганишган, туркман шоири шеърларига ижодий эргашиб, термалар яратишган»[47]. Бу «асарларда Махтумқули анъаналарининг ижодий давом эттирилганини ва янги тушунчалар билан яна бойитилганини кўриш мумкин»[48]. Шайхзода, Миртемир, Шуҳратдан тортиб, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева, Мирзо Кенжабеккача бўлган барча авлод шоирларида улуғ шоир таъсирининг изларини кўрамиз. Ўзбек шеъриятида «Махтумқули йўлида», «Махтумқулиёна» ёзилган шеърлар кўпчиликни ташкил этади.

Махтумқулининг халқона услуб ва содда тилдаги шеърлари ўзбекларга ҳам тушунарли бўлганидан уларни таржима қилишга эҳтиёж сезилмаган, ҳатто 1960 йили нашр этилган «Ўзбек адабиёти» мажмуасининг тўртинчи жилди иккинчи китобида ҳам Махтумқули шеърлари асл шаклида берилган[49].

Махтумқули шеърларининг ўзбекча таржимаси биринчи марта таниқли адиб ва таржимашунос олим Жуманиёз Шарипов томонидан амалга оширилди. У таржима қилган шоирнинг уч юз ўн тўртта шеъри 1958 йили «Танланган асарлар» номи билан босилиб чиқди. Китобга атоқли шарқшунос Е. Э. Бертельс томонидан ёзилган сўзбоши ва профессор Г. О. Чориев қаламига мансуб «Махтумқули» номли ижодий портрет характеридаги каттагина мақола ҳам илова қилинган. Шоир шеърларига бениҳоят ташна ўзбек ўқувчилари талаб ва эҳтиёжларини ҳисобга олиб, бу таржималар 1960 ва 1963 йилларда бир оз қисқартирилган ҳолда катта ададларда қайта нашр этилди. «Махтумқули шеъриятидан» деб номланган шоир шеърларини ўз ичига олган тўплам эса 1976 йили 150 минг нусхада босилди ва тез орада тарқалиб кетди.

Мустақиллик йилларида Махтумқули шеърларининг янги таржималари пайдо бўлди. Истеъдодли шоир ва таржимон Музаффар Аҳмад улуғ туркман шоирининг етмишга яқин шеърини таржима қилиб, 1995 йили «Сайланма» номи билан нашр эттирди. Тошҳовузлик мактаб ўқитувчиси Олим Тўраев қардош халқ сўз санъаткорининг қирқ бешта янги шеърини ўзбекчалаштириб, «Ёр, жамолинг кўргали» номи остида эълон қилди[50]. Таниқли шоир ва моҳир мутаржим Мирзо Кенжабек эса буюк сўз санъаткорининг 170 та, асосан илгари ҳукмрон мафкура йўл қўймаган динийтасаввуфий мазмундаги шеърларини илк бор ўзбекчалаштириб, чоп қилдирди. Бу китоб ҳам «Сайланма» деб аталиб, ундан мутаржимнинг «Махтумқули – валий шоир» деган кириш мақоласи ҳам ўрин олган.

Бундан ташқари, турли нашрларда Жуманиёз Жабборов[51], Муҳаммад Али[52], Охунжон Сафаров, Носир Муҳаммад ва Абдунаби Ҳамро[53] каби шоирларнинг ҳам Махтумқули шеърларидан қилган таржималари эълон қилинди.

Биз Махтумқули шеърларининг Ж. Шарипов, Ж. Жабборов, М. Кенжабек ва М. Аҳмадлар томонидан ўзбек тилига ўгирилган энг яхши таржималарини саралаб, шу билан бирга, ўзимиз ҳам шоирнинг 45 та шеърини таржима қилиб, «Дунё ўтиб борадир» номи билан «Шарқ мумтоз шеърияти дурдоналари» рукнида эълон қилдик. Тўплам Ўзбекистондаги энг йирик ва нуфузли нашриёт – «Шарқ» нашриётматбаа акциядорлик компанияси томонидан 2007 йили беш минг нусхада нашр этилди.

2008 йили Абдумўмин Жумаев ва Жуманазар Зулпиевлар шоир шеърларининг янги таржимасини амалга оширдилар[54].

Биз ўз таржималаримизни давом эттириб, Махтумқулининг 700 дан зиёд шеърини таржима қилдик. Улардан гулдаста сифатида 150 та шеърдан иборат «Устозингдан айрилма» тўпламини чоп эттирдик[55]. Шунингдек, мутафаккир шоирнинг одоб-ахлоқ йўналишидаги панд-насиҳатга йўғрилган шеър ва мисралари асосида илк марта унинг «Ҳикматлар» тўпламини нашр қилдирдик (2013). Бизнинг таржимамизда таваллудининг 290 йиллиги муносабати билан унинг 400 га яқин шеърларинии ўз ичига олган «Асарлар» тўплами ҳам босилиб чиқди (2013).

Махтумқули ҳаёти ва ижоди ўзбек олимларининг ҳам ҳамиша диққат марказида бўлиб келган. Жумладан, хоразмлик таниқли адабиётшунос олим Ҳамдам Абдуллаев «Махтумқули ва ўзбек адабиёти» мавзуидаги номзодлик диссертациясини 1968 йили Ашхободда – туркман олимлари ҳузурида муваффақиятли ҳимоя қилган. У ўз тадқиқотида Махтумқули ва Хоразм адабий муҳити, шоир асарларининг Хоразм фольклорига таъсири ҳамда шеърларининг халқ бахшилари, халфалари ва ҳофизлари томонидан куйланиши масалаларини текширган.

Каримбой Қурамбоев бутун умр ўзбектуркман адабий алоқалари ва Махтумқули ижодини ўрганиб келади. Бу изланишларини умумлаштириб, у «Ўзбектуркман адабий алоқалари» (1978) номли салмоқли монографияси ҳамда «Махтумқули шеърияти Ўзбекистонда» (1984) деган рисоласини эълон қилди. Рисола буюк туркман шоирининг ҳаёти ва ижоди, адабий алоқа ва ўзаро таъсир, Махтумқули шеъриятининг халқчил асослари ва ўзбекча таржималари таҳлили масалаларига бағишланган. Яқинда бу заҳматкаш олим Махтумқули билан боғлиқ барча изланишлари натижаларини бир ерга жамлаб, «Махтумқули − илҳом чашмаси» номли салмоқли китобини ўзбек ўқувчилари эътиборига ҳавола этди[56].

Бундан ташқари, Воҳид Зоҳидов, Воҳид Абдуллаев, Натан Маллаев, Раҳмонқул Орзибеков, Қобил Тоҳиров, Раҳматулла Иноғомов, Баҳтиёр Назаров, Нажмиддин Комиловлар шоир ижодини ўзбектуркман адабий алоқалари нуқтаи назаридан ўрганган бўлсалар. Ғайбулла Саломов, Раҳматулла Баракаев, Машариф Сапаров ва М. Тайлақовалар шоир асарларининг ўзбекча таржималари юзасидан текширишлар олиб бордилар. Охунжон Собиров, Маматқул Жўраевлар Махтумқули ва ўзбек фольклори муносабатларини тадқиқ этган бўлсалар, Иброҳим Ҳаққул Махтумқули шеъриятининг мавзу кўлами ва образлар оламини таҳлил қилади, Аҳмад Яссавийнинг шоир ижодига таъсирининг айрим нуқталарини кўрсатиб ўтади[57]. Биз ҳам Махтумқули ҳаёти ва ижодининг Ўзбекистонда ўрганилиши ва шоир асарларининг ўзбекча таржималари бўйича бир қатор мақолалар эълон қилдик[58].

Географ олим Ҳамидулла Ҳасанов эса Махтумқули саёҳат қилган жойлар билан қизиқиб, унинг қаерларда бўлганини аниқлашга интилади. У шоир асарларида етмишдан ортиқ жой номлари учрашини санаб кўрсатади[59].

Мирзо Кенжабек Махтумқули ҳаёти ва ижодини Ислом ва тасаввуф нуқтаи назаридан ўрганиб, у забардаст сўз санъаткори ва қомусий аллома бўлибгина қолмай, ҳол ва ҳикмат аҳлидан бўлган ориф инсон, валий зотдир деган хулосани баён қилади[60] ва «Махтумқули ижоди Қуръони карим, Ҳадиси шарифларга, тасаввуф таълимоти, валийлар ҳикматига ҳамда Аллоҳ ўз ҳузуридан ато этган илми ладунийга асосланган»[61], деб ёзади.

Жуманиёз Шарипов, Асқад Мухтор, Содирхон Эркинов, Салоҳиддин Мамажонов, Суйима Ғаниева, Баҳодир Каримов кабиларнинг мақолалари асосан умумлаштирувчи характерга эга бўлиб, улар ўзбек ўқувчиларини улуғ туркман шоирининг ҳаёти ва ижоди, фаолияти, асарларининг асосий ғоялари билан таништиришга йўналтирилган. С.Шукруллаева Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган Махтумқули асарлари қўлёзмаларини тадқиқ этади.

Махтумқулига бағишлаб Шайхзода, Миртемир, Абдулла Орипов каби кўплаб шоирлар қатор шеърлар ёзишган, хоразмлик драматург Қурбонбой Матризоев тўрт парда, саккиз кўринишли «Махтумқули» мусиқали драмасини яратган. Шоирнинг мураккаб ҳаёт йўли ва ижодидан ҳикоя қилувчи бу драма 1967 йилдан буён Хоразм вилояти театрида қўйилиб келмоқда. «Бастакор Абдушариф Отажонов ўзбек ва туркман халқ куйларидан ижодий фойдаланган ҳолда асарларга оригинал куй басталаган»[62]. Драмадаги саккиз кўринишдан бештаси Махтумқулининг бевосита Хивадаги ҳаёти ва ижодига бағишланган. 2010 йили эса ёзувчининг «Махтумқули» романи ўқувчилар қўлига етиб борди.

Маълум бўладики, ўзбек бахши ва халфалари, ҳофиз ва бастакорлари, шоир ва олимлари, таржимон ва ноширлари Ўзбекистонда Махтумқули ҳаёти ва ижодини ўрганиш, асарларини таржима қилиш ва ўқувчиларга етказиш, панду ҳикмат билан суғорилган чуқур маъноли шеърларини куйга солиш ва куйлаш, халқ ичида кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш борасида катта ишларни амалга оширдиларки, сира иккиланмай «Ўзбекистонда ҳам махтумқулишунослик мактаби вужудга келди»[63], деб айтиш мумкин.

Ушбу мажмуани ташкил этган шеърлар таржимаси Махтумқулининг Ашхободда туркман олимлари томонидан чоп қилинган икки жилдлик «Сайланган асарлар»и (1983) ва уч жилдлик шеърлар тўплами (1992-1994) асосида амалга оширилган бўлиб (уларда йўқ баъзи шеърлар бошқа нашрлардан ҳам олинган), шоир таваллудининг 290 йиллиги муносабати билан таниқли адабиётшунос А. Аширов томонидан тайёрланган икки жилдлик «Асарлар тўплами»га (2013) қиёсланиб, илмий-танқидий матн мақомидаги мазкур нашрдаги тузатиш ва ўзгаришлар асосида қайта кўриб чиқилди ҳамда ундаги бошқа китобларда учрамаган юздан ортиқ янги намуналар ҳисобига тўлдирилди. Ўйлаймизки, бу шеърлар мутолааси ўзбек ўқувчиларига Махтумқулининг мутафаккир ва мутасаввиф шоир сифатидаги ҳозиргача биз билмаган янги қирраларини кашф этиб, унинг ҳақиқий ижодий қиёфасини яхлит тасаввур этишга имкон яратади.

Эргаш ОЧИЛОВ,

филология фанлари номзоди


[1] Бу ҳакда каранг: Б е р т е л ь с Е. Махтумкули // Махтумкули (Сборник статей о жизни и творчестве поэта). – Ашхабад, 1960. С. 121.

[2] Бу ҳақда қаранг: Б е р т е л ь с Е. Махтумкули. С. 121–122.

[3] Бу ҳақда қаранг: К о с а е в М. Махтумкули Фраги // Махтумкули (Сборник статей). С. 237–238.

[4] Бу ҳақда қаранг: К а р п о в Г. Истоки мировоззрения Махтумкули // Махтумкули (Сборник статей). С. 24.

[5] К е н ж а б е к М. Махтумқули – валий шоир (Таржимон муқаддимаси) // М а х т у м қ у л и. Сайланма. – Тошкент, 2004. 15-бет.

[6] Бу ҳақда қаранг: К а р п о в Г. Истоки мировоззрения Махтумкули. С. 24.

[7] Қаранг: К а р п о в Г. Истоки мировоззрения Махтумкули. С. 28.

[8] Қаранг: С к о с ы р е в П. Махтумкули (Фраги) // Махтумкули (Сборник статей). С. 145.

[9] Қаранг: М у л к а м а н о в А. Магтымгула нэхили душунмели? // Махтумкули – 250 (Научные доклады, статьи и сообщения о поэте). – Ашхабад, 1989. С. 41.

[10] К е н ж а б е к М. Махтумқули – валий шоир. 3-бет.

[11] К е н ж а б е к М. Махтумқули – валий шоир. 9-бет.

[12] И л м и л а д у н и й – саъй-ҳаракат билан эришиб бўлмайдиган, Аллоҳ томонидан ўзи хоҳлаган бандаларига бериладиган илоҳий илм.

[13] Қаранг: К е н ж а б е к М. Махтумқули – валий шоир. 8-бет.

[14] А ш и р о в А. Махтумқули Фироғий // М а х т у м қ у л и. Асарлар – Тошкент, 2013, 510-бет.

[15] Э р к и н о в С. Махтумқули // Буюк сиймолар, алломалар. Уч китобдан иборат. 3-китоб. – Тошкент, 1997. 55-бет.

[16] Э р к и н о в С. Махтумқули. 56-бет.

[17] Ҳ а с а н о в Ҳ. Ўрта осиёлик географ ва сайёҳлар. – Тошкент, 1964. 203-204-бетлар

[18] Кўчирма қуйидаги китобдан олинди: Қ у р а м б о е в К. Ўзбектуркман адабий алоқалари. – Тошкент, 1978. 7-бет.

[19] К е н ж а б е к М. Махтумқули – валий шоир. 3-бет.

[20] Ҳ а қ қ у л о в И. Шеърият – руҳий муносабат. – Тошкент, 1989. 101-бет.

[21] Бу ҳақда қаранг: А б д у л л а е в Ҳ. Махтумқули ва ўзбек адабий муҳити. – Тошкент, 1983. 30-бет.

[22] Қаранг: Қ у р а м б о е в Қ. Махтумқули шеърияти Ўзбекистонда. – Тошкент, 1984. 36-бет.

[23] Қ у р а м б о е в Қ. Махтумқули шеърияти Ўзбекистонда. 24-бет.

[24] А б д у л л а е в Ҳ. Махтумқули ва ўзбек адабий муҳити. 15-бет.

[25] Қ у р а м б о е в Қ. Махтумқули шеърияти Ўзбекистонда. 7-бет.

[26] Бу ҳақда қаранг: А б д у л л а е в Ҳ. Махтумқули ва ўзбек адабий муҳити. ­21–22-бетлар.

[27] Ҳ а қ қ у л о в И. Шеърият – руҳий муносабат. 100-бет.

[28] А б д у л л а е в Ҳ. Махтумқули ва ўзбек адабий муҳити. 16-бет.

[29] Қ у р а м б о е в К. Махтумқули шеърияти Ўзбекистонда. 35-бет.

[30] Бу ҳақда қаранг: М а м а ж о н о в С., Ғ а н и е в а С. Махтумқули ва ўзбек китобхонлари // «Ўзбекистон маданияти» газетаси, 1960 йил 26 ноябрь.

[31] Бу ҳақда қаранг: Ш у к р у л л а е в а С. И. Списки дивана Махтумкули Ташкентских фондов // Махтумкули – 250. С. 314–317.

[32] М а м а ж о н о в С., Ғ а н и е в а С. Махтумқули ва ўзбек китобхонлари.

[33] Қ у р а м б о е в К. Махтумқули шеърияти Ўзбекистонда. 55-бет.

[34] Ўша ерда.

[35] Бу ҳақда қаранг: Қ у р а м б о е в К. Махтумқули шеърияти Ўзбекистонда. 42–43-бетлар.

[36] А б д у л л а е в Ҳ. Махтумқули ва ўзбек адабий муҳити. 53-бет.

[37] Ўша ерда. 54-бет.

[38] Қ у р а м б о е в К. Махтумқули шеърияти Ўзбекистонда. 40-бет.

[39] Ўша ерда. 50–51-бетлар.

[40] А б д у л л а е в Ҳ. Махтумқули ва ўзбек адабий муҳити. 53-бет.

[41] Ўша ерда. 66-бет.

[42] А б д у л л а е в Ҳ. Махтумқули ва ўзбек адабий муҳити. 48–49-бетлар.

[43] А б д у л л а е в Ҳ. Махтумқули ва ўзбек адабий муҳити. 55-бет.

[44] А б д у л л а е в Ҳ. Махтумқули ва ўзбек адабий муҳити. 27-бет.

[45] Қ у р а м б о е в К. Махтумқули шеърияти Ўзбекистонда. 41-бет.

[46] Қ у р а м б о е в К. Махтумқули шеърияти Ўзбекистонда. 46-бет.

[47] Ўша ерда. 38-бет.

[48] А б д у л л а е в Ҳ. Махтумқули ва ўзбек адабий муҳити. 31–32-бетлар.

[49] Қаранг: Ўзбек адабиёти (Мажмуа). Тўрт жилдлик. Тўртинчи жилд. 2-китоб. – Тошкент, 1960. 108–124-бетлар.

[50] М а х т у м қ у л и. Ёр, жамолинг кўргали. – Урганч, 1999.

[51] М а х т у м қ у л и. Мард йигитлар баҳоси. Шеърлар // «Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 5-сон, 128–133-бетлар.

[52] А л и М. Севгим, севгилим. Шеърлар. – Тошкент, 1983. 309–310-бетлар.

[53] Ҳ а м р о А. Қишда очилган гул. Шеърлар. – Бухоро, 2008, 56–58-бетлар.

[54] М а х т у м қ у л и - Ф и р о ғ и й. Сайланма. – Тошкент, 2008.

[55] М а х т у м қ у л и. Устозингдан айрилма. − Тошкент, 2012.

[56] Қ у р а м б о е в К. Махтумқули − илҳом чашмаси. Тошкент, 2012.

[57] Қаранг: Ҳ а қ қ у л о в И. Шеърият – руҳий муносабат. 100–115-бетлар.

[58] Қаранг: О ч и л о в Э. Туркман булбули (Сўзбоши) // М а х т у м қ у л и. Дунё ўтиб борадир. – Тошкент, 2007. 3–19-бетлар; О ч и л о в Э. Махтумқули асарларининг ўзбекча таржималари // «Ўзбек тили ва адабиёти» журнали, 2008 йил, 5-сон, 13–23-бетлар; О ч и л о в Э. Изучение жизни и творчества Махтумкули в Узбекистане // Махтумкули и его эпоха. – Казань, 2008. С. 53–56; О ч и л о в Э. Ўзбекистонда Махтумқули ҳаёти ва ижодининг ўрганилиши // «Ўзбек тили ва адабиёти масалалари» (Мақолалар тўплами). – Наманган, 2009. 56–61-бетлар; О ч и л о в Э. Умрбоқий ҳикматлар // Махтумқули. Ҳикматлар. Тошкент, 2013. 3–12-бетлар ва бошқалар.

[59] Қаранг: Ҳ а с а н о в Ҳ. Сайёҳ олимлар. – Тошкент, 1981. 225-бет.

[60] Қаранг: К е н ж а б е к М. Махтумқули – валий шоир 3-бет.

[61] Ўша ерда. 8-бет.

[62] Бу ҳақда қаранг: Абдуллаев Ҳ. Махтумқули ва ўзбек адабий муҳити. 72–86-бетлар.

[63] Қ у р а м б о е в К. Махтумқули шеърияти Ўзбекистонда. 62-бет.