БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
МЕҲРИБОН ВА РАҲМЛИ АЛЛОҲ НОМИ БИЛАН
Зиҳи исминг Азим, раҳмонлиқ ва раҳимлиғинг – вожибут-таъзим. Исм – Сенинг исминг ва раҳмонлиқ ва раҳимлиқ – Сенинг қисминг, Сен – ганжу, офариниш – тилсиминг.
Азим исминг қандай гўзал! Раҳмонлигинг ва раҳимлигинг таъзимни тақозо қилади. Исм Сенинг исминг, раҳмонлик ва раҳимлик Ўзингга хос. Сен бир хазинасану, йўқдан бор қилиш Сенинг тилсиминг!
Изоҳ:
Раҳим – раҳмли.
Раҳмон – меҳрибон.
Азим – буюк, улуғлиги чегара билмас.
Муаллиф муножотни Аллоҳ таолони улуғлаш, У Зотнинг буюклигини васф қилиш, неъматларини эътироф этиш, У Зотнинг олдида ўз хокисорлигини изҳор қилиш билан бошламоқда. Бу анъана дуо одобларидан бўлиб, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан саналади, у зотнинг жуда кўп дуоларида айни шу ҳолат устувордир. Бу ҳақда ҳадис ҳам айтилган.
Имом Абу Довуд ва Имом Термизий Фузола ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг намозда Аллоҳ таолони улуғламай, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмай дуо қилаётганини эшитиб қолдилар ва: «Бу шошиб қўйди», дедилар. Кейин унга: «Қачон бирингиз намоз ўқиса, Робби жалла ва аззани улуғлаб, У Зотга мақтовлар айтиш билан бошласин. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтсин. Сўнгра хоҳлаганини сўраб дуо қилсин», дедилар».
Ҳазрат Навоий ҳам муножотини айнан ушбу ҳадисга мувофиқ равишда бошлайди.
Исминг жамъи сифати – асмои ҳусно, раҳмонлиқ ва раҳимлиғингға юз минг ҳамду сано. Раҳим ҳам Сен, Раҳмон ҳам Сен, Азим ҳам Сен, Субҳон ҳам Сен.
Исмингнинг бори сифатлари асмои ҳусно – гўзал исмлардир. Раҳмонлигинг ва раҳимлигинг учун Ўзингга юз минг ҳамду сано! Раҳим ҳам Ўзинг, Раҳмон ҳам Ўзинг, Азим ҳам Ўзинг, Субҳон ҳам Ўзинг.
Изоҳ:
Азим – чексиз буюк, беҳад улуғ.
Субҳон – ҳар қандай нуқсондан пок.
Субҳоналлоҳ, не кибриёву азаматдурким, Сендин ўзгага вужуд итлоқи бўҳтон ва туҳматдур. Зотинг – қайюми барҳақ, вужудунг боқийи мутлақ. Сендин ўзга мавжуд кўрунганлар намуди бебуд, балки нобуду номавжуд, вужуд ва мавжуддин Сен мақсуд. Таоло шаънука ва амма эҳсонука ва ло илоҳа ғайрука. Ё Вадуд ва Маъбуди Вожибул-вужуд.
Субҳаналлоҳ! Бу қандай улуғлик ва буюкликки, Сендан бошқани «мавжуд» деб мутлақ айтиш ёлғон ва туҳматдир! Зотинг ҳақиқий Қайюм, мавжудлигинг мутлақ боқий. Сендан бошқа бор кўринганлар борлиғи йўқ кўринишлардир, балки умуман йўқ ва мутлақо мавжуд эмасдек. Шон‑шарафинг юксак, яхшилигинг қамровли, Ўзингдан ўзга илоҳ йўқ! Эй Вадуд! Эй Вожибул‑вужуд Маъбуд!
Изоҳ:
Қайюм – сабабсиз мавжуд ва мавжудотга сабаб. Доимо мавжуд.
Вадуд – ўта шафқатли.
Вожибул‑вужуд – борлиги зарурий, йўқ бўлган бўлиши ва йўқ бўлиши мумкин эмас.
Маъбуд – ибодатга лойиқ, ибодат қилинадиган.
ҲАМД
Илоҳий, азамат ва жабарут Сенинг шаънингдадур ва мулку малакут[1] – Сенинг ҳукму фармойингда, азалиятингға бидоят йўқ ва абадиятингға ҳадду ниҳоят йўқ.
Ҳамду сано:
Илоҳим! Буюклик ва ҳукмронлик Сенинг ишинг, мулку малакут Сенинг ҳукму фармонингдадир. Азалийлигингга бошланиш йўқ, абадийлигингга чегараю ниҳоя – тугаш йўқ!
Изоҳ:
Ҳамд – Аллоҳ таолога мақтов сўзларини айтиш, У Зотнинг инсонга етган ва етмаган неъматлари учун шукр ва мадҳ бажо келтириш.
Мулк – подшоҳлик, ҳукмронлик.
Малакут – мутлақ тасарруф, мутлақ подшоҳлик. Сўфийлик истилоҳига кўра, «мулк» – шаҳодат олами, яъни зоҳирий, ҳиссий олам, «малакут» – ғайб олами, яъни ҳис қилиш аъзолари билан билиб бўлмайдиган олам.
Даҳр гулшанида ҳар гиёҳу яфроғ – Сенинг ҳамдинга зокир ва сипеҳр анжуманида ҳар ҳарфу авроқ – Сенинг неъматингға шокир.
Дунё гулшанидаги ҳар бир гиёҳу япроқ Сени ҳамду сано билан зикр қилади, юксак йиғинлардаги ҳар бир ҳарфу қоғоз неъматларинг шукридадир!
Изоҳ:
Ҳамд – Аллоҳнинг эриштиргану эриштирмаган неъматлари учун Унга мақтов ва ташаккур изҳор қилиш, шукр – фақат ўзига етган неъматлари учун Аллоҳга мақтов ва ташаккур айтишдир. Ҳамд ва шукр сўзда ҳам, амалда ҳам бўлади, сано фақат сўзга хос.
«Юксак йиғин» деганда улуғ инсонларнинг мажлиси ҳам, фаришталар жамоаси – «ал-малаил-аъло» ҳам назарда тутилган бўлиши мумкин.
Жамолиятинг бўстонида секиз учмоқ – бир райҳони дилнавоз ва жалолиятинг зиндонида етти тамуғ – бир самуми жонгудоз.
Жамолий сифатларинг олдида саккиз жаннат дилни овутувчи бир райҳондек, жалолий сифатларинг қошида етти дўзах жонни куйдирувчи бир ўтли шамолдек!
Изоҳ:
Жамолий сифатлар – Аллоҳ таолонинг марҳаматини билдирувчи меҳрибонлик, раҳм‑шафқат, гўзаллик, кечиримлилик, ҳалимлик каби сифатлар.
Жалолий сифатлар – Аллоҳ таолонинг буюклигини, қудратини билдирувчи қаҳҳорлик, жабборлик каби сифатлар. Қаҳҳор – тўла ҳукмрон, Жаббор – мавжудотни Ўз измига юргизувчи Зот дегани.
Ҳашматинг боргоҳида бир шамма – меҳри мунир ва санъатинг коргоҳида бир лавҳа – сипеҳри асир. Юз бу оламча мавжуд этай десанг, «кун фаякун» иборати анга кофий ва минг ончани маъдум этай десанг, «ҳабоан мансуро» ишорати анга вофий.
Улуғворлигинг борлиғидаги бир арзимас нарса нурсочар қуёшдир, санъатинг ишхонасидаги бир лавҳа – асир, яъни юксак осмондир. Бу борлиқдан яна юзтасини пайдо қилмоқчи бўлсанг, «кун фаякун» лафзи кифоядир, бундай оламдан мингтасини йўқ қилмоқчи бўлсанг, «ҳабаан мансурон» иборасида ишора қилинган маъно унга етарлидир.
Изоҳ:
«Кун фаякун» – «Бўл!» дейди, бас, бўлади». Бу ерда Бақара сурасининг 117‑оятига ишора қилинмоқда: «Бирор ишни ҳукм қилса, унга: «Бўл!» дейди, холос, бас, у бўлади».
«Ҳабаан мансурон» – «Сочилган тўзон». Бу Фурқон сурасининг 23‑оятидан иқтибос: «Қилган амалларига келиб, уларни сочилган тўзон каби қилиб юборамиз».
Ваҳдоният сифатида шарику вазирдин мубарро ва фардоният сийратида волиду валаддин муарро. Илминг дарёсидин ҳар гавҳар нужум дураридин покрок, мулкунг саҳросидин ҳар лола қуёш машъалидин оташнокрок.[2] Бемонандлиғингға «лайса камислиҳи шайъун» гувоҳи содиқ, бепайвандлиғингға «лам йалид ва лам йулад» далили мувофиқ. Ҳар негаким ташбиҳ қилилса[3] ўхшамассен, яхши боқилса ул Сендин дурур ва Сен ул эмассен. Ҳамдингда такаллум аҳли тили қосир, сипосингда мутакаллимлар ажздин мутаҳаййир. Бу бобда «ло нуҳси саноан алайка» мазкур бўлур, ҳар неча балоғат лофин урган дам урмаса, маъзур бўлур.
Ёлғизлик сифатингда шерик ва вазирдан холисан, ягоналик жиҳатидан ота‑онаю фарзанддан поксан! Илминг дарёсидаги ҳар бир гавҳар осмондаги юлдуз дурларидан-да покроқдир. Мулку салтанатингдаги ҳар бир лола қуёш машъалидан кўра куйдирувчироқдир. Ўхшаши йўқ Зот эканингга «лайса камислиҳи» ояти чин гувоҳлик беради, боғлиқсизлигингга «лам йалид ва лам йуулад» ояти далил бўлади.
Сени бирор нимага солиштирса, ҳеч нарсага ўхшамайсан, яхшироқ қаралса, у Сендан бўлади‑ю, Сен у бўлмайсан. Ҳамду санойингни айтишга сўз усталарининг тили қосир, мақтовингни сўзлашга сухандонлар ожизликдан ҳайрону лол! Бу бобда «Ло нуҳси саноан алайка»ни айтишга тўғри келади, ҳар қанча балоғат даъвосини қилган одам нафасини ютса, узрлидир.
Изоҳ:
«Лайса камислиҳи» – Шууро сурасининг 11‑оятидан иқтибос: «У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир».
«Лам йалид валам йуулад» – Ихлос сурасининг 3‑оятига ишора: «У туғмаган ва туғилмаган».
«Ла нуҳси саноан алайка» – «Мақтовингни айтиб адо қила олмаймиз». Бу ибора имом Муслим ва Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳимо Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларидан иқтибос.
Имом Термизий ривоят қилишича, Умар розияллоҳу анҳу: «Дуо ер билан осмон орасида тўхталади, то Набийинг соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтмагунингча, ундан бирор нарса кўтарилмайди», деганлар. Худди шу маънодаги сўз ҳазрати Алий розияллоҳу анҳудан ҳам нақл қилинган. Шунга кўра, ҳазрат Навоий ҳамду санодан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга наъту салавот айтиш билан дуо қилишнинг ушбу одобини ҳам қойилмақом қилиб бажо келтиради.
НАЪТ.
Улки, «Кунту набийян ва Одаму байнал‑мои ваттин» мазмуни ила анбиёға муқаддамдур, «Раҳматан лил-оламин» ва «Хотимун-набиййин» мантуқи била аларға муаххар ва хотамдур, ҳабиби Ҳазрати Илоҳ Муҳаммад Расулуллоҳ[4] соллаллоҳи алайҳи васалламдур. Юз йигирме тўрт минг[5] анбиёи мурсал хилқатидин мурод ул ва барча анга хайл ва ўн секиз минг олам ихтироъидин мақсуд ул ва офариниш анга туфайл. Нубувват тахтида ҳумоюн фарқи узра тож, анбиёву русул хайлида соҳибмеърож, аввалийну охирийн халқи анинг шафоатиға муҳтож. Буроқи иноят анинг маркаби улви хироми ва Жибрили ҳидоят анинг пайки барқгоми, лайлатул-меърож анинг шабистони ва «ли маъаллоҳи вақтун»12 анинг мақоми. Салавотуллоҳи алайҳи ва ало олиҳит-таййибин ва асҳобиҳит-тоҳирин.
НАЪТ. «Одам ҳали сув билан лой орасида эканида мен Набий бўлган эдим» ҳадисининг мазмунига кўра, анбиёларнинг биринчиси бўлган, «Оламларга раҳмат», «Набийларнинг сўнггиси» деган оятларнинг маъносига биноан, пайғамбарларнинг охиргиси бўлган зот Аллоҳ таолонинг суюклиси Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Бир юз йигирма тўрт минг набий ва расулнинг яратилишидан мурод, у зотдир, ҳаммалари у зотнинг лашкаридир. Ўн саккиз минг оламни йўқдан бор қилишдан мақсад ҳам у зот, яратилиш у зотнинг сабабидандир.
У зот пайғамбарлик тахти устида шараф боши узра тождирлар, набий ва расуллар орасида ягона меърож эгасидирлар, олдину кейин ўтган барча халқлар у зотнинг шафоатларига муҳтождирлар. Иноят Буроқи у зотнинг самоларга сайр қиладиган уловларидир. Ҳидоят фариштаси Жаброил алайҳиссалом эса у зотнинг яшиндек тез юрар хабарчиларидир. Меърож кечаси у зотнинг хос тунларидир. «Менинг Аллоҳ билан бўладган хос лаҳзам бор» деган ҳадислари мақомларидир. У зотга, олийжаноб оилаларига, покдомон саҳобаларига Аллоҳ таолонинг салавотлари бўлсин!
Изоҳ:
Наът – мақтов, васф. Истилоҳга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни васф қилиш, мақташдир.
«Одам ҳали сув билан лой орасида эканида мен Набий бўлган эдим» ҳадиси – имом Саховий, имом Заркаший, имом Суютий каби олимлар мазкур лафздаги ҳадис аслида йўқ эканини айтишган.
Уламолар айтишади: «Одам ҳали сув билан лой орасида эканида мен Набий бўлган эдим» матни лафз жиҳатидан ҳам тўғри эмас, чунки лой ўзи сув билан тупроқнинг аралашмасидан ҳосил бўлади. Бинобарин, «сув билан тупроқ орасида» дейилганда мазмунан тўғри бўлар эди. «Сув билан лой орасида» дейиш мантиқан ҳам хато ҳисобланади».
Аммо маъно жиҳатидан бу ерда кўзда тутилган мақсадни ифодаловчи бошқа саҳиҳ ҳадис бор. Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда шундай дейилади: «Эй Аллоҳнинг Расули, сизга набийлик қачон вожиб бўлган?» дейишди. У зот: «Одам ҳали руҳ билан жасад орасидалигида», дедилар».
Бошқа бир ривоятда «Сиз қачон Набий бўлгансиз?», яна бир ривоятда «Сиз қачон Набий деб ёзилгансиз?» деган лафзлар билан сўралган. Жавобда: «Одам ҳали руҳ билан жасад орасида эканида мен Набий бўлганман» ёки «Одам ҳали руҳ билан жасад орасида эканида мен Набий деб ёзилганман», дейилган.
«Руҳ билан жасад орасида» дегани ҳали руҳи жисмига қовушмаган, деганидир. Бу эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги пайғамбар бўлишлари Аллоҳ қадимдан белгилаб қўйган қадар эканини билдиради. У зотнинг пайғамбарларнинг аввалгиси бўлишлари маънан деб тушинилиши керак, жисмонан эса сўнггисидирлар.
«Оламларга раҳмат» – муаллиф бу ерда Аллоҳ таолонинг ушбу оятига ишора қиляпти: «Сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик» (Анбиё сураси, 107‑оят).
«Набийларнинг сўнггиси» – муаллиф Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятига ишора қилмоқчи: «Муҳаммад сизлардан биронта эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир» (Аҳзоб сураси, 40‑оят).
Меърож – луғатда «юқорига кўтарилиш» деган маънони англатади. Шариатда эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Байтул‑Мақдисдан Сидратул‑Мунтаҳога – Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилишлари меърож дейилади. Меърож ҳодисаси ҳақида саҳиҳ ҳадисларда кўплаб маълумотлар келган.
Буроқ – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро кечаси минган улов. У ё ўта тезлиги, ёки ўта оппоқ бўлгани учун шу номни олган. Чунки бу сўз «чақнаш», «ялт этиш», «жилваланиш» деган маъноларни билдирувчи «барқ» сўзидан ясалган. Унинг айрим сифатлари ҳадисларда зикр қилинади. Унинг тўлиқ васфи Аллоҳга маълум.
Жаброил алайҳиссалом – ваҳий фариштаси.
«Менинг Аллоҳ билан бўладиган бир вақтим бор» ҳадиси – Бу ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича: «Менинг Аллоҳ билан бўладиган бир вақтим бор, унда на бир муқарраб фаришта ва на бир юборилган набий сиғмайди».
Бу ҳадисни Мулла Алий Қорий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Ал‑Маснуъ фи маърифатил‑ҳадисил‑мавзуъ» китобида 259 рақами остида келтириб, «ҳадис эмас», деган. Муҳаммад Амир Моликий ҳам «Ан‑Нухбатул‑баҳийя фил‑аҳадисил‑макзуба ала хойрил‑барийя» асарида 278 рақами остида мазкур матнни келтирар экан, «суннатда маълум эмас», деб изоҳ берган.
Имом Муновий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу гап қабул қилинган тақдирда ҳам, бу ердаги «хос вақт»дан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқийдиган пайтлари тушунилиши мумкинлигини таъкидлаган.
Шайх Анборий «хос вақт»ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хос ҳолатда ва хос вақтда Аллоҳ таолога бўлган қурбатнинг энг юқори нуқтасида бўлган лаҳзалари деб тушунтиради.
МУНОЖОТ.
Илоҳий, акрамул-акрамин – Сен ва мен гуноҳкор. Илоҳий, арҳамур-роҳимин – Сен ва мен тийрарўзгор.
Илоҳим! Сен карамлиларнинг карамлисисан, мен эса гуноҳкорман! Илоҳим! Сен раҳмлиларнинг раҳмлисисан, мен эса ҳаёти зулматда қолган одамман.
Илоҳий, агарчи журму исёндин ўзга ишим йўқ, аммо Сендин ўзга ҳам кишим йўқ.
Илоҳим! Гарчи гуноҳ ва осийликдан бошқа ишим йўқ, аммо Сендан бошқа ҳеч кимим ҳам йўқ!
Илоҳий, йўқ эрдим, бор эттинг, тифл эрдим, улуғлар жиргасиға қоттинг, аммо нафсу ҳаво елидин зуҳдум ниҳолин ушоттинг ва офиятим хайлин ёзуқ сипоҳи турктозидин тарқаттинг.
Илоҳим! Мен йўқ эдим, бор қилдинг, гўдак эдим, катталар сафига қўшдинг. Бироқ, нафсу ҳавойим шамоли билан зоҳидлик кўчатларимни парчалаб ташладинг, офият‑саломатлик лашкаримни гуноҳкорлик ҳужумкор қўшинлари билан тирқиратиб юбординг!
Изоҳ:
Бу ерда муаллиф инсон балоғатга етгач, унда нафсу шаҳват истаклари юзага келишини назарда тутмоқда ва бу ҳам Аллоҳ инсон табиатига жо қилган қонуниятлардан эканини ёдга олмоқда.
Илоҳий, ямон афъолимдин паришонлиғим чўқтур ва шум нафсимда пушаймонлиқ йўқтур, мундоқ балодин қутулурға умидим Сендин ўқтур.
Илоҳим! Ёмон ишларимдан жуда ҳам паришонман, шум нафсим эса пушаймон эмас, бундай офатдан қутулишга умидим фақат Ўзингдандир!
Илоҳий, ўзлук ёмонлиғидин ўзлугум била ўта олмайдурмен ва яхшиларнинг этагин ёмонлиғим уётидин тута олмайдурмен.
Илоҳим! Ўзлигим ёмонлигидан ўзимча ўта олмайман, ёмонлигимдан уялганимдан яхшиларнинг этагини ҳам тута олмайман!
Изоҳ:
«Ўзлик» деганда тасаввуф аҳли инсондаги «МЕН»ни назарда тутадилар. Инсон шу «МЕН»идан кечмагунича Аллоҳга етиша олмайди.
Илоҳий, йиллар ибодат қилғонни рад қилсанг, ҳеч ким дахл қила олмас ва қарнлар исён қилғанни қабул қилсанг, ҳикматин ҳеч киши била олмас.
Илоҳим! Йиллар ибодат қилган бандани даргоҳингдан қувсанг, ҳеч ким орага туша олмайди, асрлар осийлик қилган одамни ҳузурингга қабул қилсанг, ҳеч ким бунинг ҳикматини била олмайди!
Илоҳий, Одам хилофат тахтининг муставжиби ўзиму бўлди? Сенинг тақдиринг бўлмай шайтон мухолафатининг сўзиму бўлди?
Илоҳим! Одам Сенга халифа бўлиш мавқеига ўзича эга бўлибдими? Сен тақдир қилмай, шайтоннинг терс сўзи бўлибдими?
Изоҳ:
Одамнинг Сенга халифа бўлиши Ўзингнинг ҳукминг билан, шайтоннинг унга қарши қилган ишининг амалга ошиши эса Ўзингнинг тақдиринг билан бўлгандир.
Илоҳий, бергучи Сенсен ҳам фисқу фужурни, ҳам зуҳд, ҳам вараъни, аларнинг туҳматин бир неча ожизға боғламоқ не яъни?
Илоҳим! Фисқу фужурни ҳам, зуҳду тақвони ҳам Ўзинг берасан. Шундай экан, буларни бир неча ожизга тўнкаш нимаси энди?!
Изоҳ:
Фисқ – очиқ‑ойдин гуноҳ, баралла гуноҳ қилиш. Фужур – журъат билан гуноҳ қилиш, осийликни ёйиш. Зуҳд – қалбнинг дунё матоҳларига эътиборсиз бўлиши. Тақво – Аллоҳдан қўрқиш.
Навоий бу ерда бандаларнинг амалларини Аллоҳ яратишини, уларни бандаларнинг ўзига нисбат бериш нотўғрилигини, инсон ўз амалини ўзи яратишдан ожиз эканини таъкидламоқчи. Аммо бу дегани гуноҳни ҳам, савобни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи қилдириб, кейин бандани жазога тортади, дегани эмас. Ақийда илмидан маълумки, банданинг амалларини Аллоҳ яратиб беради, банда ўша амални ният қилгани, танлагани, ўшанга қасд қилганига яраша жазо ёки мукофот олади.
Илоҳий, иноятингға умидворменким, гуноҳим беҳаддур ва раҳматингға сазоворменким, хатову саҳвум беададдур.
Илоҳим! Гуноҳим кўп, шунинг учун иноятингдан умидворман, хато ва камчиликларим кўп, шу боис раҳматингга ҳақлиман!
Илоҳий, дарди ҳолимни ҳар кимга айтсам, рад қилса, Сенга таважжуҳ эткаймен ва агар Сен рад қилсанг, неткаймен ва кимга кеткаймен?[6]
Илоҳим! Агар арзу дардимни бирортага айтсам-у, у рад қилса, Сенга юзланаман, аммо Сен рад қилсанг, кимга бораман, нима қила оламан?!
Илоҳий, Санинг йўлунгда туфроғ етса, тўтиёдур ва кесак йўлуқса, кимёдур, ғайрингдин қизил олтун қаро туфроғдек беқадру камбаҳодур.
Илоҳим! Сенинг йўлингда менга тупроқ тегса, мен учун у тўтиёдир, кесак тегса, кимёдир, аммо Сендан ўзга тарафидан қизил олтин берилса ҳам, қадрсиздир, баҳоси пастдир!
Илоҳий, ёмонлиғимдин агарчи кўп аламим бор, ғамхорим Сен бўлсанг, не ғамим бор.
Илоҳим! Агарчи ёмонлигимдан жуда ҳам аламдаман, аммо Сен ғамхўрим бўлганингдан кейин, нима ғамим бор?!
Илоҳий, дунё майли риштасин кўнглумдин уз ва нафсоният тийралиғида ҳидоят шамъи била ўзунг сори йўл кўргуз.
Илоҳим! Дунёга бўлган рағбат ипларини кўнглимдан узиб ташла, нафс зулматида қолганимда ҳидоят шами билан Ўзингга олиб борадиган йўлни кўрсат!
Илоҳий, ул узун йўл ва қотиғ водийда иноятинг била йўлда ва анинг қатъида аёғим тойилса, дастгирлиғинг била қўлда.
Илоҳим! Ўзингга элтувчи бу узун йўл, машаққатли водийларда мени Ўз иноятинг билан йўлга сол, бу йўлни босиб ўтар эканман, оёғим тойилса, Ўз ёрдаминг билан мени қўлла!
Илоҳий, бу йўл сайрида шайтонни теграмга ёвутма, агар ул адув йўл урса, зуҳдумдин не келгай, иноятингни ўксутма.
Илоҳим! Бу йўлда борар эканман, шайтонни яқинимга ҳам келтирма, агар бу ёвуз душман йўлдан урадиган бўлса, зоҳидлигим нима ҳам қилиб берарди?! Ўз иноятингни дариғ тутма!
Илоҳий, тақвое берки, нафси ғаддор анга забун бўлсун, вараъе насиб қилки, шайтони нобакор боши анинг аёғида нигун бўлсун.
Илоҳим! Менга шундай бир тақво берки, алдамчи нафс унинг олдида мағлуб бўлсин, бир парҳезкорлик насиб этки, нобакор шайтоннинг боши бу парҳезкорлик оёғида эгик бўлсин!
Илоҳий, ғафлат уйқусидамен, бедор қил ва жаҳолат мастлиғидамен, ҳушёр қил.
Илоҳим! Ғафлат уйқусидаман, мени уйғоқ қил, жаҳолат – илмсизлик мастлигидаман, ҳушимга келтир!
Илоҳий, ул бедорлиғни огоҳлиққа еткур ва бу ҳушёрлиғни беиштибоҳлиққа уландур.[7]
Илоҳим! Ўша уйғоқлигимни огоҳлик даражасига етказ, ўша ҳушёрлигимни шубҳасизлик даражасига туташтир!
Изоҳ:
Банда иймоний ҳақиқатларни англаб етгани сари ўзининг аввалги ҳоли ғафлат эканини билиб бораверади ва инсон ўзини ғафлатда деб билиши билан ғафлатдан узоқлашиб бораверади.
Илоҳий, душмандур шайтони ҳийланамой манга ва нафси худройдур корфармой манга, бу варталарда дастгир бўлмасанг, вой манга.
Илоҳим! Шайтон менга найрангбозлик қилади, ўзбошимча нафсим менга буйруқбозлик қилади, мени бу тўсиқлардан Ўзинг ўтказмасанг, ҳолимга вой бўлади!
Илоҳий, агар хислатим эгридур, ниятим туздур, бу жиҳатдин агар қўрқунчум бирдур, аммо умидим бирга юздур.
Илоҳим! Хислатларим нотўғри бўлса ҳам, ниятим тўғридир, шунинг учун қўрқинчим бир миқдор бўлса, умидим ундан юз баробар кўпдир!
Илоҳий, агар афъолимға боқсам, уёт ўлтурур ва Сенинг карамингни соғинсам, умид танимға жон келтурур.
Илоҳим! Агар қилган ишларимга қарасам, уят мени ўлдиради, аммо Сенинг карамингни ўйласам, умидворлик танимга жон бахш этади!
Илоҳий, Сендин ёмонлиғ келмас ва мендин яхшилиғ, Сен яхшисен ва мен ёмон. Ҳар кимга[8] ўзига муносибдур қилиғ. Тикан иши санчилмоғ учун ани куйдурмак муносибдур, баҳор файзи ом учун анга гул мусоҳибдур.
Илоҳим! Сендан ёмонлик келмайди, мендан эса яхшилик. Сен яхшисан, мен ёмонман. Ҳар кимнинг иши ўзига яраша бўлади. Тиканнинг иши санчилиш бўлгани учун уни куйдириш керак бўлади, баҳор фасли бутун оламга файзу барака олиб келгани учун унда гуллар очилади!
Илоҳий, туфроғдин эл кўзига тийралик етар ва қуёш ашиъъа била олам аҳли кўзин равшан этар.
Илоҳим! Тупроқдан одамларнинг кўзига қоронғулик етади, қуёш эса нурлари ила олам аҳлининг кўзини ёриштиради!
Изоҳ:
Алллоҳим! Мени тупроқдан яратибсан, тупроқлигимга бориб, хатою гуноҳларга ботдим. Аммо Сен Нурсан, энди Сенга менинг тупроқлигим ортидан қилган хатоларимни аритиш муносибдир.
Илоҳий, чун[9] ҳар не қилилур,[10] Санга тақдирдур, қилғучиға қилмоқта не тадбирдур?!
Илоҳим! Нимаики қилинса, Сенинг тақдиринг билан экан, қилувчининг қўлидан нима тадбир келарди?!
Илоҳий, тақдир қилғанингни қилурға не ихтиёр, қилмасмен демакка кимнинг ҳадди бор?!
Илоҳим! Сен бир ишни тақдир қилсанг, қилмасликка ихтиёр қолармиди?! «Қилмайман», дейишга кимнинг ҳам ҳадди сиғар эди?!
Изоҳ:
Бу ерда муаллиф Ўзини буткул Аллоҳ таоло қаршисида ҳис этиб, У Зотга арзи ҳол қилмоқда. Ўзини худди ёш боладек тутиб, болаларча узрхоҳлик этмоқда. Қилмишларини «тақдирда бор экан, қилиб қўйдим», дейиш билан ўзининг камоли ожизлигини эътироф этиб, ёлворишни энг юқори чўққисига олиб чиқмоқчи. Бу ҳолни ўша мақомдаги кишиларгина англай биладилар, аммо уни таърифлашга тил ожиз, қалам ноқисдир.
Бу ерда ошиқларга, яъни Аллоҳга тамоман боғланиб, валоят топган зотларга хос эркалик ҳам бор. Аммо буни зоҳирий маънода, яъни гуноҳни тақдирга тўнкаб, ўзини беайб деб билишга йўйиш тамоман жоҳилликдир.
Ҳазрат Навоийга ўхшаш улуғ кишилар каттаю кичик гуноҳлардан тамоман узоқ бўлсалар-да, ўзларининг Аллоҳ таолога бандалик бажо келтиришдаги нуқсонларини катта айб деб биладилар, бир зум ғафлатда бўлишни оғир гуноҳ санайдилар. Улар айтарли гуноҳ қилмаган ҳолда ўзларини гуноҳкор деб аташ билан Аллоҳ таолонинг олдида бандаликларини, ожизликларини намоён қиладилар.
Илоҳий, агарчи залолатқа тушубмен, аммо ҳидоятингға талабгормен ва агарчи тамуғ ўтиға тушкали ёвушубмен, аммо раҳматингдин умидвормен.
Илоҳим! Гарчи адашувга кетган бўлсам ҳам, ҳидоятингга талабгорман, гарчи дўзах ўтига тушишга сал қолган бўлсам ҳам, раҳматингдан умидворман!
Илоҳий, умидимни карамингдин маъдум қилма ва раҳматингни халойиққа ом қилғанда мени ҳам маҳрум қилма.
Илоҳим! Фазлу карамингдан бўлган умидимни йўқ қилма, бутун халойиққа раҳматингни туширганингда, мени ундан маҳрум қилма!
Изоҳ:
Аллоҳим! Фазлу караминг беқиёс. Гарчи гуноҳкорман, ёмонман, аммо карамингдан умидворман, ноумид қўйма! Аллоҳим! Сен бутун махлуқотга раҳматингни сочасан. Раҳматинг шунчалар бепоёнки, у яхшию ёмонни айирмай қамраб олади. Ана ўшанда мен ёмонни ҳам маҳрум қилмай, раҳматингга дохил қил!
Илоҳий, агар дастгир Сен бўлмасанг, асо ҳамону ит ғунжиси ҳамон ва агар пардапўш Сен бўлмасанг, ридо ҳамону эшак арғамчиси ҳамон.
Илоҳим! Агар Ўзинг қўлловчи бўлмасанг, ҳасса ҳам бир, итнинг халқаси ҳам бир. Агар Ўзинг тўсмасанг, ридо ҳам бир, эшак арғамчиси ҳам бир!
Изоҳ:
Маълумки, сўфийликнинг асосий белгиларидан бири ҳасса тутиш бўлса, яна бири ридо, жанда кийишдир. Аммо бу нарсалар зоҳирий бир кўриниш бўлиб, Аллоҳ таолонинг бандага инояти бўлмаса, улар ҳеч қандай маъно касб этмайди. Мана шу тушунчадан келиб чиқиб, муаллиф бу ерда шундай демоқчи: «Эй Аллоҳ! Агар бандани Ўзинг қўллаб‑қувватламасанг, сўфийнинг тутиб олган ҳассаси итнинг халқасидек гап (яъни итнинг бўйнига қимматбаҳо ҳалқа осилиши ҳеч нарсани ўзгартирмаганидек, сўфийлик аломати бўлмиш ҳассани тутиб олишнинг ўзи билан киши ҳеч нарсага эга бўла олмайди). Агар банданинг айбу нуқсонларини Ўзинг тўсиб, яшириб турмасанг, унинг кийган ридоси эшакнинг арғамчисидан фарқ қилмайди».
Илоҳий, тоатингға ҳавасим бор, аммо нафсқа[11] забунмен, ибодатингға мултамасим бор, аммо гирифтори ишқу жунунмен.
Илоҳим! Тоатингни қилишга ҳавасмандман, аммо нафсга мағлубман, ибодатингни қилишни истайман, бироқ ошиқлигу мажнунликка мубтало бўлганман!
Изоҳ:
Бу ҳақиқий ориф инсоннинг гапидир. Ўзининг кимлигини англаган банда ҳар қанча ибодату итоатда бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг буюклигини мушоҳада қилганда У Зотга лойиқ ибодат қила олмаётганини тўла ҳис этади, ожизлигини англаб етади. Шу боис, у қанча кўп ибодат қилса, бу борадаги камчиликларидан шунча кўп ўкинади. «Ундай ибодат қилдим, бундай зикр қиляпман», деб ўтирмайди, аксинча, инсоний ноқисликларини тан олади. Ҳар қанча тоат-ибодатда бўлса ҳам, Аллоҳнинг қаршисида ўзини худди ибодат қилмагандек тутади, ҳарчанд итоатда бўлса ҳам, ўзини осийдек фаҳмлайди, ноқисликларининг боиси бўлган инсоний нафс ва камчиликларнинг тўсқинлигидан Аллоҳнинг Ўзига арз қилиб ёлворади. Шунинг учун ҳам орифлардан баъзилари: «Истиғфорларимизнинг ўзи кўп истиғфор айтишимизга муҳтождир», дейдилар.
Бу маънолардан ҳазрат Навоийнинг нақадар улуғликларини, қанчалар буюк қалб ва юксак мақом соҳиби эканларини англаш мумкин. У киши бандаликнинг гўзал ва юксак намунасини ифода этувчи илтижоларида яна шундай давом этадилар:
Илоҳий, лаҳву ҳаво майидин мастмен, ужбу риё жомидин майпарастмен, бу дастовизлар била шайтонға ҳамдастмен.
Илоҳим! Нафсу ҳаво ва ўйин‑кулгилар майи билан маст бўлганман, ужбу риё косасини тутган майпарастман, бу туҳфалар билан шайтонга ҳамкорман!
Изоҳ:
Ужб – ўзига баҳо берши. Риё – хўжакўрсинга амал қилиш.
Ориф банда Аллоҳнинг зикридан бир дам узилишни ўзига нуқсон деб билади ва мана шу камчилигини катта айб санаб, бунинг учун Аллоҳга тавба, арзу илтижо қилади. У қилган ибодату зикрларига ҳам баҳо бермайди, уларни паст санайди, ўзини риёю ужуб каби камчиликларга йўл қўйганликда айблаб, Аллоҳнинг олдида тазарруънинг юксак намунасини кўрсатади.
Бу муножотда «Банда гуноҳини қанчалик кичик билса, у Аллоҳнинг қошида шунчалик улкан саналади, аксинча, қанчалик катта фаҳмласа, Аллоҳнинг қошида шунчалик кичик битилади. Банда ибодатини қанчалик катта санаса, у Аллоҳнинг қошида шунчалик қадрсиз бўлади, қанчалик кичик билса, шунчалик қадр топади», деган ҳикмат ўз аксини топган.
Илоҳий, париузорларға мени девона қилдинг ва шамърухсорларға[12] кўнглумни парвона қилдинг, бу сабаблардин[13] расволиқ[14] била оламға афсона қилдинг.
Илоҳим! Париюзлиларга мени девона қилдинг, шамчеҳраларга кўнглимни парвона қилдинг, мана шу сабаблар билан мени оламга афсона қилдинг! [15]
Изоҳ:
Париузорлар, яъни гўзал юзли ёрлар.
Ёр – шуҳуд олами, яъни Ҳақ таолонинг Зотини мушоҳада қилиш, Аллоҳни қалб кўзи билан кўриш.
Шам – соликнинг қалбини куйдириб ташлайдиган илоҳий нурлар. Шунингдек, шуҳуд даражасига эришган орифнинг қалбини ёритадиган ирфон нури. «Илоҳий шам» деганда, Қуръони Карим ҳам тушунилиши мумкин. «Шамчеҳралар» деганда ана ўшандай нур ва ирфон эгаси назарда тутилган бўлади.
Аллоҳим! Мени Ўзингни қалб кўзи билан кўришга муштоқ қилдинг, Сенинг нурларинг ва маърифатингни ўзида мужассам этган зотларга кўнглимни ошиқ қилдинг, бу билан мени бутун дунёга афсона қилдинг!
Илоҳий, неча мусалсал зулф савдосидин бўйнумда занжир бўлғай ва муанбар хол хаёлидин кўнглум асир, Санга тақдир бу навъ эрса, манга не тадбир?!
Илоҳим! Қанча ўрим сочларнинг савдоси бўйнимга занжир бўлди, хушбўй хол ўйига кўнглим асир бўлди, Сен шуни тақдир қилган бўлсанг, менинг нима чорам бор?!
Изоҳ:
Зулф (соч) – зулмат ва куфрга ишора. Куфр эса истилоҳда «тафриқа» оламининг қоронғилигини билдиради.
Сўфийликда «жамъ» ва «тафриқа» деган атамалар бор. Руҳ Аллоҳ таолонинг жамолини кўрган пайтда ақл ва тафаккур қобилияти тўсилиб, Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч нарсани кўрмай, англамай қолади. Мана шу ҳолат «жамъ» дейилади. Аллоҳ таолонинг жамоли руҳдан тўсилиб, руҳ зоҳирий оламга қайтиб, ақл ва тафаккур ўз қобилиятига эга бўлган пайтда инсон ташқи оламни кўриб, англай бошлайди. Бу ҳолат «тафриқа» дейилади.
Хол – ваҳдат нуқтаси. Баъзилар уни «Ҳақиқати муҳаммадийя» дейишади. Сўфийлик истилоҳидаги бу тушунча Аллоҳ таоло дастлаб Ўз нуридан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нурларини яратди, кейин ўша нурдан бутун мавжудотни халқ қилди, деган эътиқоддан келиб чиққан. Мазкур нур «Ҳақиқати муҳаммадийя» деб аталган.
Шунингдек, «хол» деганда гуноҳ зулмати, маъсият қоронғилиги ҳам тушунилади. Бу ўринда гуноҳ, маъсият деганда тоатнинг камлиги, Аллоҳ таолога қилинаётган ибодатнинг озлиги, зикрни етарлича қилмаслик ҳам тушунилади. Чунки бу ҳолат бандани илоҳий нурлардан тўсувчи парда бўлиб, қалб зулматига сабаб бўлади. Бу ерда мана шу иккинчи маъно назарда тутилган.
Аллоҳим! Руҳимдан жамолинг тўсилиб, руҳнинг ташқи оламга аралашиши бўйнимга занжир илингани бўлди. Кўнглим эса нафсга ёқадиган гуноҳ, ғофиллик зулматига мубтало бўлди. Сен шуни тақдир қилган бўлсанг, мен нима ҳам қила олардим?!
Илоҳий, кўнглум кишвари қаро кирпиклар ясоли яғмосидин бузуқтур ва сабрим уйи гулранг узорлар хўйи селидин йиқуқтур.
Илоҳим! Кўнглим мамлакати қора киприклар қўриқчилари ҳужумидан бузилиб кетган, сабрим уйи эса гулранг чеҳралар феъли‑атвори селидан йиқилиб битган!
Изоҳ:
Киприклар – сўфийлар истилоҳига кўра, соликнинг махфий ёки ошкор амаллар хусусида фикр қилиши сабабли валийлик йўлида тўғри келган тўсиқлар. Ошиқлар истилоҳига кўра эса, маъшуқнинг ғамзасидан ошиқ қалбига етган ўқ ва найза. Ҳатто ошиқ бу жароҳатдан лаззатланиб, хурсанд бўлганидан қичқириб юборай дейди. Ғамза эса камолот ҳосил қилган муршидларнинг таважжуҳи. Шунингдек, ғамза деганда илоҳий иноят нигоҳи ҳам назарда тутилиши мумкин.
Гулранг узор – гулранг юз, яъни қизил юз. Қизил ранг истилоҳда илҳомли нафсга ишора. Чеҳра – соликнинг қалбига ўзидан ғойиб бўлган ҳолатида Ҳақ таолодан бўладиган тажаллиётлар.
Аллоҳим! Муршидларнинг таважжуҳи сабабидан кўнглим синиқ, хоксор, дардли бўлиб бўлган, илҳомбахш тажаллиётлар тоқатимдан ташқари бўлиб кетган!
Илоҳий, ҳар оташин лаъл менинг ўт тушкан жонимдин намудор ва ҳар сероб ғунчада менинг кўп пайкон еган кўнглум шакли падидор. Бу офатларнинг иложи Сенга осондур, менга душвор.
Илоҳим! Ҳар бир оташин лаъл менинг ўт тушган жонимдан бир намуна, ҳар бир серсув ғунчада менинг кўп ўқ еган кўнглимнинг шакли акс этган. Бу офатларни бартараф қилиш Ўзингга осон, менга қийин!
Изоҳ:
Аллоҳим! Ҳар қандай оташнафас сўз менинг муҳаббат ўтида куйган руҳимдан бир намойиш, ҳар бир сувга тўлиб турган ғунчанинг шакли-шамойилида мажруҳ қалбим ҳоли акс этган! Мени бу қийин ҳолатдан Ўзинг чиқаргин!
Илоҳий, шўхи чобукларға жавлонда[16] ҳар ён шитоб солурсен ва аларнинг ҳар ён шитобидин менинг ошуфта кўнглумға ҳар дам[17] изтироб солурсен.
Илоҳим! Тезкор шўхларга жавлон урганларида ҳар тарафда шитоблик берасан, уларнинг ҳар томон урган шитобларидан менинг девона кўнглимга изтироб соласан!
Изоҳ:
Шўхлик – соликдаги қалбий таъсирланиш ва мослашишни юзага чиқариш учун кетма‑кет таважжуҳ бўлиши.
Аллоҳим! Қалбимдаги таъсирланиш, ўзгаришларни юзага чиқариш учун кетма‑кет таважжуҳ қилган пирларнинг бу саъйи ҳаракатларини таъсирчан ва тез қилиб қўясан, уларнинг бу ишларидан менинг кўнглимга изтироб соласан!
Илоҳий, аларға ул шитобдин қарор йўқ[18] ва менга бу изтиробда[19] ихтиёр йўқ. Аларнинг дилраболиғи ҳам Сендин ва ошуфта кўнгулнинг мубталолиғи ҳам Сендин.
Илоҳим! Улар мазкур шитобликдан тинмаслар, мен эса мазкур изтиробимда ихтиёрсизман. Улардаги қалбни ром этиш ҳам Ўзингдан, девона кўнгилнинг уларга ошиқу мубтало бўлгани ҳам Ўзингдан!
Аллоҳим! Таважжуҳлар бу тезкорликдан тўхтамайдилар, мен ҳам изтиробни тўхтата олмайман. Уларга Сени қалб билан кўриш малакасини ҳосил қилувчи қувват берган ҳам Ўзингсан, муштоқ кўнглимнинг уларга мубталолиги ҳам Ўзингдан.
Илоҳий, бирав ҳуснига малоҳат берурсен ва анинг тузин менинг кўнглум жароҳатиға сепурсен.
Илоҳим! Бировнинг ҳуснига малоҳат берасан‑да, унинг тузини менинг кўнглим жароҳатига сепасан!
Изоҳ:
Малоҳат – ҳеч ким ета олмайдиган илоҳий камолот. «Малоҳат» сўзи луғатда «милҳ» (туз) сўзидан келиб чиққан бўлиб, тотлилик, ёқимлилик маъносини билдиради. Муаллиф ана шу ўзакка ишора қилиб, «тузини жароҳатимга сепасан», деб сўз ўйини қилмоқда.
Яъни: Аллоҳим! Сени қалб билан кўрган кишига ҳеч ким ета олмайдиган илоҳий камолотни кўрсатасан, ўша илоҳий камолот ишқида кўнглим алам чекади!
Илоҳий, биров мижаси нишин заҳролуд этарсен ва анинг нўгин менинг яралиғ бағримға санчарсен.
Илоҳим! Бировнинг киприк ништарини заҳарли қиласан‑да, унинг учини менинг ярадор бағримга санчасан!
Изоҳ:
Комил муршидларнинг таважжуҳларини нафсни ўлдирувчи қиласан ва уни менинг маънавий бемор бўлган қалбимга қадайсан!
Таважжуҳ ботиний ҳол бўлиб, қалб билан назар солишни билдиради. Бу албатта ҳар кимга ҳам муяссар бўладиган ҳолат эмас, бунинг учун қалб мусаффо бўлиши, юксак мақомларга эга бўлиши керак. Муршиди комил инсоннинг таважжуҳи муриднинг қалбига таъсир ўтказади, ундаги кирликларни кетказади, маънавий дардларини аритади. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошлаб умматнинг тарбияткунанда олимлари сийратида бардавом бўлиб келаётган хусусиятдир. Саҳобаи киромларнинг фазилатлари бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таважжуҳларининг самарасидир. Шунинг учун ҳам у зот билан ҳамсуҳбат бўлишнинг ўзи алоҳида бир мақом ҳисобланади. Бу саҳобалик мақомидир.
Илоҳий, шамъ ҳусни безанмаги ҳам Сендин ва парвона жони ўртанмаги ҳам Сендин.[20]
Илоҳим! Шамнинг ҳусни гўзал бўлгани ҳам Сендан, парвонанинг жони ўртангани ҳам Сендан!
Изоҳ:
Бу байтни зоҳирий тушуниш ҳам, ботиний маънода тушуниш ҳам мумкин. Зоҳирийси маълум. Ботинийсига келсак, у қуйидагича: «Солик қалбида тажаллий қилган Сенинг нурингнинг гўзаллиги, албатта, Сендандир, ўша нурга ошуфта бўлган солик қалбининг талпиниши ҳам Ўзингдандир».
Илоҳий, гул узориға дилафрўзлуқ ҳам Сен бердинг ва булбул фиғони зориға жигарсўзлуқ[21] ҳам Сен бердинг. Агар қайси шамъи гулрух ишқи ўтинким кўнглумға солдинг, парвона ва булбулдек сабру қароримни олдинг.
Илоҳим! Гулнинг юзига кўнгилни ёриштириш хусусиятини ҳам Сен бергансан, булбулнинг фиғону зорига жигарни ёндирадиган таъсирни ҳам Сен бергансан. Қайси бир гулюзли шамнинг ишқу муҳаббати ўтини кўнглимга солган бўлсанг, парвона ва булбулда бўлганидек, сабру қароримни олиб қўйдинг!
Изоҳ:
Бу муножот олдингисининг узвий давоми ва унинг биринчи қисмини икки хил – зоҳирий ҳамда ботиний маъноларда тушуниш мумкин, кейингиси эса фақатгина ботиний мазмунга тўғри тушади.
Илоҳий, агар ишқи суубатидин базм туздум ва май сели офатидин тақво ва зуҳдум уйин буздум. Ул не май ичмак ва аёғ тутмоқ эрдиким, аёғ‑аёғ қон ютмоқ эрди.
Илоҳим! Ишқининг қийинчилигидан базм туздим, мен ичган майлар кўплигидан гўё сел бўлиб, тақво ва зоҳидлигим уйини бузиб юборди. Бу қандай майхўрлик, не ажиб қадаҳ кўтариш бўлдики, қадаҳ‑қадаҳ қон ичиш бўлди!
Изоҳ:
Май – соликнинг қалбидан отилиб чиқадиган, уни хурсанд ва бахтиёр қиладиган завқу шавқ. Май илоҳий ишқ‑муҳаббат маъносида ҳам ишлатилади.
Тақво ва зуҳд – бу ерда сўфийлар наздида «зуҳди хушк», яъни қуруқ зоҳидлик деб юритиладиган зоҳидлик ва тақводорлик назарда тутилган бўлиб, истилоҳга кўра, кишини маънавий камолотга олиб бормайдиган, қалбдан балқиб чиқмаган юзаки тақводорлик, зоҳидлик, бошқача қилиб айтганда, шариатга муҳаббатсиз амал қилишдир.
Аёғ (қадаҳ, коса, май идиши) – ғайбий нурларни мушоҳада қиладиган, маъноларни идрок этадиган восита, яъни ориф қалби.
Қон – илоҳий нафҳа. «Раҳмон нафаси» деб ҳам таъбир берилади.
Яъни: Аллоҳим! Қалбимга муҳаббатини солганинг гулюзли маъшуқнинг ишқи машаққатларини зиммамга олганим учун завқу шавқинг, муҳаббатинг қалбимга шундай ёғилдики, юзаки амалларим йўқ бўлиб кетди. Бу шавқу завқ шундай ажойиб бўлдики, қалбга илоҳий файзу футуҳлар, раҳматлар қуйилди.
Илоҳий, агар ҳажри шиддатидин туганлар ўртадим, дину Исломим[22] мазраъида хирманлар ўртадим.
Аллоҳим! Агар унинг ҳажри қаттиқлигидан яра‑доғлар орттирдим, диндорлик, мусулмончилигим экинзоридан чиққан ҳосил‑хирмонларни куйдириб юбордим!
Изоҳ:
Ҳажр, ҳижрон – зоҳирда бўлсин, ботинда бўлсин, Аллоҳдан ўзгага бурилиш, юзланиш, Аллоҳнинг зикридан ғафлатда бўлиш. Шунингдек, маъшуқдан, яъни қалбда муҳаббати ўрнашган гулюзли ёрдан маънан узилиш, айрилиш.
Аллоҳим! Ўша гулюзли ёрдан айрилиш сабабли нуқсонлар, маънавий касалликлар пайдо қилдим, бу билан диндорлигим, мусулмончилигимни ҳам пайҳон қилиб қўйдим!
Илоҳий, ҳар туган саводидин офиятим рухсорин қаро қилдим ва анинг дудидин иймоним рўзгорин қаро қилдим.
Илоҳим! Ҳар бир яра‑доғнинг қоралиги билан офиятим юзини қора қилдим, унинг тутунидан иймоним ҳаётини ҳам қоронғи қилдим!
Илоҳий, агар ҳавасидин[23] бош-аёғ яланг ҳар ён югурдум, бошдин-аёғим ёмон эрканин халойиққа билдурдум.
Илоҳим! Унга иштиёқмандлигимдан бошяланг, оёқяланг ҳар тарафга югурдим, бу билан бошдан‑оёқ ёмон инсон эканимни халойиққа намойиш қилиб қўйдим!
Илоҳий, агар шавқи[24] жунунидин кўксумга тош урдум, ул тош била нангу номусум шишасин синдурдум.
Илоҳим! Унинг шавқида телбалигимдан кўксимга тош билан урдим ва бу тош билан ор-номусим шишасини синдирдим!
Изоҳ:
Аллоҳим! Унга муштоқлигим мени мажнун қилиб, бу мажнунлик кўксимга тош бўлиб урилди, натижада ҳеч нимага парво қилмайдиган, ўзгаларнинг гап‑сўзларидан таъсирланмайдиган ҳолга тушдим.
Илоҳий, гоҳи бу жунундин атфол тошин бошимға ёғдурдум, гоҳи аҳбоб маломати нишин кўнглумга еткурдум.
Илоҳим! Баъзан бу мажнунлигим билан ёш болалар бошимга тошлар ёғдиришига сабаб бўлдим, баъзан дўстлар маломати игналарининг кўнглимга санчилишига боис бўлдим!
Изоҳ: Аллоҳим! Бу мажнунлик, телбалик сабабли ақли ёш одамлар бошимга балолар ёғдирди, гоҳида эса яқин кишиларим мени кўнглимни оғритадиган даражада маломат қилишга тушди!
Илоҳий, қайси исён тийралиғи[25] билаким, офиятим юзи қорормади?! Қайси бедод суубатиким, мен қаро юзлукка бормади?!
Илоҳим! Қора доғи офиятим юзини қорайтирмаган қайси гуноҳ қолди?! Қийинчиликлари мен юзи қарога етмаган қайси зулм қолди?!
Илоҳий, йигитлиғим бу навъ ҳам қатиғ ўтти, ҳам ачиғ, қарилиғда юз қатла ўзумни ўлтурсам, не асиғ?
Илоҳим! Йигитлик даврим шунчалар қаттиқ ва аччиқ ўтди, энди қариганда ўзимни юз марта ўлдирсам ҳам, нима фойдаси бор?!
Илоҳий, эмди ҳамким, барчадин кечмак хаёлин қилурмен, ўзлугум била кеча олмон, яқийн[26] билурмен.
Илоҳим! Ҳали ҳам бўлса ҳаммадан кечсам, деган ўйдаман, аммо ўз куч-қудратим билан кеча олмайман, буни аниқ биламан!
Илоҳий, андоқки, бу балоларға солдинг, қутқор ва андоқким, бу ибтилоларға киюрдунг, чиқор.
Илоҳим! Мени бу балоларга солганингдек, улардан Ўзинг қутқаргин, бу синовларга киритганингдек, улардан Ўзинг чиқаргин!
Илоҳий, мен банда[27] тавба қилдим дегандин не суд, Сен тавба бергилки, ҳам Таввобсену ҳам Маъбуд.
Илоҳим! Мен бир қулман, тавба қилдим, деганимдан не нима фойда?! Сен тавба насиб эт, чунки Таввоб ҳам, Маъбуд ҳам Ўзингсан!
Изоҳ:
Таввоб – тавбаларни кўп қабул қилувчи.
Маъбуд – ибодат қилишга лойиқ, ибодат қилинадиган Зот.
Илоҳий, намозеки, эл бўлмағунча қилмағаймен,[28] худнамойлиғдур ва ул намоз учун хирқаву ридо худоройлиғ.
Илоҳим! Одамлар боридагина ўқийдиган намозим ўзимни намойиш қилишдир, бу намоз учун хирқаю ридо кийимини кийиш эса ўзини безашдир!
Изоҳ:
Нақадар гўзал мақом! Аллоҳ таолога ибодатни бажо келтириб туриб, уни ноқис, яроқсиз деб санаш билан Аллоҳнинг олдида ўзини хокисор тутиш бандаликнинг ҳақиқий намунасидир. Ибодат қилганда нафсу шайтон хуруж этиб, «Сен ибодатни жойига қўйдинг, жуда яхши одамсан-да?» деб васваса қилса, солик банда бунга қарши нафсини маломат қилади: «Йўқ. Бу ибодатимда ихлос етишмади, шунда ҳам қалбимда хўжакўрсинлик ҳисси сўнмади. Кўринишимдан тақводорман, аслида эса қалбимда бу поклик йўқ», дея ўзини танқид қилади, амалини оз санайди, ўзини хокисор тутади ва Аллоҳнинг олдида амалларини паст санаб, яна У Зотнинг Ўзига илтижо қилади:
Илоҳий, ул намойишу оройишдин кўнглумни мубарро қил ва бу навъ шайтон либосотидин[29] пайкаримни муарро этгил.
Илоҳим! Бундай намойиш ва безанишдан кўнглимни пок қил, бундай шайтон кийимларидан танамни холи қил!
Илоҳий, тоатқа тавфиқ берсанг, риёдин асра ва ибодатқа йўл кўргузсанг, хатодин асра.
Илоҳим! Тоатга тавфиқ берсанг, риёдан сақла, ибодатга йўл кўрсатсанг, хатодан сақла!
Изоҳ:
Аллоҳим! Риёкорлик билан булғанган амал керакмас, ибодатингга тавфиқ бердингми, энди мени риёдан ҳам сақла, акс ҳолда амалим менга фойда эмас, зарар келтиради. Аллоҳим! Ибодатингни насиб этар экансан, Ўзинг қўлимдан тут, хато қилиб қўйишдан асра, акс ҳолда ибодатимдан ҳеч фойда йўқ!
Илоҳий, ул тоатки, ужб келтургай, кўнглумга ёвутма ва ул маъсиятким узрға еткургай, тилимдин йироқ тутма.
Илоҳим! Ужбга олиб борадиган ибодатни кўнглимга яқин келтирма, тавбага олиб борадиган гуноҳни тилимдан узоқ қилма!
Изоҳ:
Ужб – ўзига баҳо бериш.
Ўз ибодатига баҳо бериб, ғурурга кетган кишининг ибодати ўз эгасига фойда эмас, балки зарар манбаидир. Бир оз амал қилган киши бўлиб, кейин адашиб кетганлар қанча! Шу боис солик доимо Аллоҳдан ужбсиз амал сўраши, қалбини ужбу риё иллатларидан асраши лозим. Тасаввуф аҳли: «Бундай адаштирувчи ибодатдан кўра кишининг тавбасига сабаб бўладиган гуноҳ яхши», дейдилар. Чунки ужбга йўғрилган ибодат кишига гуноҳ эшигини очса, тавбага олиб борадиган гуноҳ инсонни ибодат чўққиларига олиб чиқади.
Илоҳий, беилож дардқа алил қилма ва бемурувват номардқа[30] залил қилма.
Илоҳим! Давосиз дард билан касал қилма, одамгарчилиги йўқ номард олдида мени хор қилиб қўйма!
Илоҳий, беасллар мазаллатидин асра ва бедиёнатлар туҳматидин асра.
Илоҳим! Бетайинлар тубанлигидан асра, диёнатсизлар туҳматидан сақла!
Илоҳий, жоҳил суҳбатиға побанд этма ва арозил ҳашматиға ҳожатманд этма.
Илоҳим! Илмсизга ҳамсуҳбат бўлишга мажбур қилиб қўйма, пасткашларнинг дабдабасига муҳтож қилма!
Илоҳий, носипослар маломатидин йироқ тут ва ҳақношунослар[31] хусусиятидин қироқ[32] тут.
Илоҳим! Ношукрлар маломатидан йироқ қил, ҳақиқатни, яхшиликни билмайдиганларнинг хусусиятларидан узоқ қил!
Илоҳий, кўнглумни дарду шавқунг[33] муҳаббати била овут ва кўзумни надомат ашки селоби била равшан тут.
Илоҳим! Ўзингга бўлган муштоқлигу дардмандлик муҳаббати билан кўнглимни овут, надомат кўз ёшлари тошқини билан кўзимни равшан эт!
Илоҳий, тилимни неъмати беқиёсингға шокир айла ва кўнглумни ҳамду сипосингға[34] зокир айла.
Илоҳим! Тилимни беқиёс неъматларингга шукр келтирувчи қил, кўнглимни ҳамду санойингни айтувчи қил!
Илоҳий, қаламимға[35] ҳамдинг рақамиға машғуллуқ бер ва рақамимға халойиқ кўнглиға мақбуллуқ бер.
Илоҳим! Қаламимни ҳамду санойингни битишга машғул қил, битганларимни халқ кўнглига мақбул қил!
Илоҳий, замиримға худписандлиғни ёвутма ва хотиримни эл нафю[36] айбжўйлуғиға[37] тутма.
Илоҳим! Манманликни кўнглимга яқин келтирма, хотиримни одамларнинг инкор қилишларию айблашларига қаратиб қўйма!
Илоҳий, хаёлимни ниёзу дард аҳлиға мойил тут ва ниёзим кўзин дардмандлар аёғи туфроғи била ёрут.
Илоҳим! Қалбимни дарду илтижо аҳлига мойил қил, илтижоларим кўзини дардлиларнинг хоки пойи ила равшан эт!
Илоҳий, подшоҳи Исломни муслимин бошиға тутқил бардавом, яъни бандаларнинг устиға кўланкангни қил мустадом, то шоҳу гадоға дуогўйлиқ[38] қилмиш бўлғаймен, вассалом.
Илоҳим! Ислом подшосини (яъни Ҳусайн Бойқарони) мусулмонлар бошида бардавом қил, яъни бандаларинг устида соянгни давомий эт, токи шоҳу гадонинг ҳаққига дуо қилай, вассалом.
[1] «С»да: Мулку милк – подшоҳлик ва эгадорлик, дейилган, яъни маънан бир‑бирига яқин.
[2] С. Ғаниева матнида: «покроқ», «оташнокроқ».
[3] «С»да ва С. Ғаниева матнида: «қилса».
[4] «С»да: «Мумҳаммад Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам».
[5] «С»да: «Бу йигирма тўрт минг».
[6] «С»да: «Санга», «этгайман», «нетгайман», «кетгайман».
[7] «С»да: «огоҳлиқ», «беиштибоҳлиқ».
[8] «С»да: «ҳар ким ўзига».
[9] «С»да: «чун» йўқ.
[10] «С»да: «қилур».
[11] «С»да: нафсға.
[12] С. Ғаниева матнида: «шамъи рухсорларға».
[13] «С»да: «сабабдин».
[14] «С»да: расволиғ.
[15] Муаллиф бу ерда сўфийлар адабиётида қўлланадиган мажозий атамаларни ишлатган. Бу ўша даврларда сўфийлик адабиётида удумга айланган эди. Шу ўринда, фурсатдан фойдаланиб, мазкур атамалар ҳақида қисқача тушунча бериш лозим деб ўйлаймиз.
Биз ўрганаётган «Муножот» асари, кўриб турганингиздек, буюк шоирнинг Аллоҳ таолога қилган дил илтижоларидан иборат. Бинобарин, бу ўринда айтилаётган жумлалар Аллоҳ таолога хитобан айтиш муносиб бўлган сўзлардан иборат бўлиши аниқ. Буюк алломанинг шундай қилиши табиий ҳам. Шу мақомдаки, «приузор»лар, гўзал «қош»у «кўз»лар ҳақида сўз борар экан, демак, бу сўзлардан одатий юзаки маънолар тушунилиши мумкин эмас. Зотан, гуноҳини Аллоҳ таолога васф қилиб бериш ҳеч бир ҳаё эгасидан содир бўлмайди! Хўш, у ҳолда гап нима ҳақида боряпти? Биз ана шу саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Ҳар бир илмнинг, ҳар бир соҳанинг ўз истилоҳлари – атамалари бўлганидек, тасаввуф илмининг ҳам ўз истилоҳлари бор. Маълум соҳага тааллуқли адабиётни ўқимоқчи бўлган киши ўша соҳанинг атамаларини билиши шарт. Акс ҳолда у ўқиган илмидан ҳеч нарсани тушуна олмайди ёки нотўғри тушунади. Ҳар қандай илмнинг атамалари ўша соҳанинг вакиллари, намояндаларидан олинади. Шу боис тасаввуф аҳлининг истилоҳларини ҳам сўфийлик уламоларидан олиш лозим. Хусусан, тасаввуф илми иситлоҳлари ҳақида гап борганда, масала яна ҳам таъкид олади. Чунки тасаввуф илми қалб, руҳ илми бўлгани, ундаги истилоҳлар ҳиссиёт ва туйғуларга ҳамда ғайбий оламга алоқадор бўлгани учун бу тўғрида жуда ҳам дақиқ, эҳтиёткор бўлиш талаб қилинади.
Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам тасаввуф йўлини тутган тақволи олимлардан бўлган. Ўз ижодида давр анъанасига мувофиқ, тасаввуфий истилоҳларни кенг қўллаган. Шу жумладан, қўлингизда турган «Муножот» асарининг ҳозир ўзингиз ўқиб турган жумлаларида ҳам ўша истилоҳларни ишлатган. Биз мазкур истилоҳларни тасаввуфий манбалар асосида изоҳлашга ҳаракат қилдик. Бунда аллома Муҳаммад Алий Таҳонавийнинг «Кашшафу истилаҳатил‑фунуни вал‑улум», Абдурраззоқ Қошонийнинг «Истилаҳатис‑суфийя», Абдурраҳмон Жомийнинг «Ашиъъатул‑ламаъат», Рафиқ Ажамнинг «Мустолаҳатит‑тасоввуфил‑исламий», Суад Ҳакимнинг «Ал‑муъжамус‑суфий», Доктор Чебечи ўғлининг «Тесаввуф теримлери ве дейимлери сўзлугу» асарларидан фойдаландик.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, бу ерда айтилаётган «тасаввуф истилоҳлари» мутлақ маънода эмас, яъни барча тасаввуф йўналишларининг умумий якдил атамалари эмас. Балки асосан «фалсафий тасаввуф» йўналишига доир истилоҳлардир. Шу билан бирга, ҳар бир атамага муаллифнинг дунёқараши, услуби, у яшаган давр ва минтақадан келиб чиқиб ёндашиш мақсадга мувофиқдир.
[16] С.Ғаниева матнида «жавлон» сўзи «чевилан» деб берилган.
[17] «С»да: «ҳар дам» йўқ.
[18] С.Ғаниева матнида «нўқ».
[19] С.Ғаниева матнида «изтиробидин».
[20] «А»да «ва парвона жони ўртанмаги ҳам Сендин» жумласи тушиб қолган.
[21] «С»да: «дилафрўзлуғ», «жигарсўзлуғ».
[22] С.Ғаниева матнида «ислом».
[23] «С»да: «ҳавосидин», яъни муҳаббатидан.
[24] С.Ғаниева матнида «шавқ».
[25] «С»да: «тасарруфи».
[26] «С»да «яқийн» йўқ.
[27] С.Ғаниева матнида «банда» сўзи йўқ.
[28] «С»да: «қилмаймен».
[29] С.Ғаниева матнида: «либосидин».
[30] С.Ғаниева матнида: «дардға», «номардга».
[31] С.Ғаниева матнида: «ношунослар» бўлиб қолган.
[32] С.Ғаниева матнида: «йироқ».
[33] С.Ғаниева матнида: «шавқинг».
[34] С.Ғаниева матнида: «сипосингга».
[35] «С»да «қаламимни» бўлиб қолган.
[36] С.Ғаниева матнида «нафъу» бўлиб қолган.
[37] С.Ғаниева матнида «айбжўлиғиға» бўлиб қолган.
[38] «С»да: «дуогўйлуқ».
«НАВОИЙДИН ЧУ ТОПҚАЙЛАР НАВОЕ» китобидан