01:01 / 10.12.2014 · Кутубхона
Маънодан узилган ҳарфлар тилсими

Миллий маънавиятимизнинг ўн тўрт асрлик тарихини исломсиз тасаввур этиб бўлмайдики, мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръони Карим асрлар оша аждодларимиз ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келган. Қуръон одамлар унинг оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз (Аллоҳ – З.И.) сизга нозил қилган муборак китобдир[1]. Агар Қуръондан аввал нозил қилинган Таврот, Забур, Инжил бир қавм, бир шаҳар ёхуд бир миллатга жўнатилган бўлса, Қуръон барча миллат ва барча мамлакатларда яшайдиган одамларни тўғри йўлга бошлаш учун жўнатилган.

Қуръонда “...оятларнинг таъвилини фақат Аллоҳгина билур”[2] дейилган. Қуръонни тафсир қилишда Аллоҳ каломидан сўнг энг ишончли манба пайғамбар суннатидир. Қуръонни Муҳаммад с.а.в.дан кейинги билувчироқ зотлар саҳобалар[3], улардан кейин тобеъинлар[4], улардан сўнг тоба тобеъинлар[5] эдилар. Абу Мансур Моторудий “тафсир саҳобалар учун, таъвил эса фақиҳлар учундир” деб ёзган ва ўз фикрини мустаҳкамлаш учун қуйидаги далилларни келтирган: “Саҳобалар Қуръоннинг тушишига шоҳид бўлган кишилар бўлиб, уларнинг сўзлари Қуръонни ўзича тафсир қилиш эмас, кўрган ва билганларини баён қилишдир. Саҳобалардан кейинги замон олимларининг сўзларини “тафсир” деб бўлмайди. Улар қандай фикр билдирсалар ҳам, кўрганларини эмас, ақллари етганини сўзлайдилар. Бу ўзбошимчаликдир”. Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилишларича, Муҳаммад с.а.в. “Ким Қуръон ҳақида билмасдан бирон нима айтса, жойини дўзахдан тайёрлаб олсин” дедилар. Демак, Қуръонни билмаган киши уни ўзича таъвил қилишга ҳаққи йўқ. Мусулмонлар оятларни тўғри тушуниш учун тафсирга муҳтож бўлишган. Қуръон илмининг билимдонлари бўлган муфассирлар томонидан амалга оширилган тафсирлар Қуръон оятларини маъноларини англашга йўл очган.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, барча муфассир ва уламолар 23 йил давомида нозил бўлган Қуръон фасоҳат ва балоғат илмида бемисл ажабтовур илоҳий фазилатга эга бўлганини таъкидлаганлар. Бунинг изоҳи Қуръон нозил қилинган даврдаги арабларнинг шеърият, балоғат ва сўзамолликда баркамол бўлганликлари, ҳаттоки йўлда кетаётган ёки жанг қилаётган вақтларида ҳам беихтиёр шеър тўқиб юборганликларида англашилади.

Жоҳилият даврининг фасоҳат ва балоғат илми ривожланган паллада ёзиш ва ўқишни билмайдиган Муҳаммад с.а.в.га барчани ожиз қолдирадиган Қуръони карим оятлари нозил бўлиши албатта буюк мўъжиза эди.

Қуръонда илм-фан ҳали кашф қилишга улгурмаган ва инсон ақл-заковати етмаган мўъжизалар бисёр. Бугунги ҳайратимиз эртага оддий ҳол бўлиб қолгани ҳолда эртадан сўнг қандай кашфиётлар кашф қилиниши ёлғиз Ўзига аён. Шу ўрнида Қуръоннинг мўъжизаси ҳақида тўхталсак: Қуръон 77439 калима, 340740 та ҳарфдан, 6236 оятдан (баъзи манбаларда 6204, 6219, 6226 дейилган – З.И.) 114 сурадан, 30 жуздан, ҳар бир жуз 10 варақдан жами 300 варақдан ташкил топган. Сонлардан 1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9, 10, 11, 12, 19, 20, 30, 40, 50, 70, 80, 99, 100, 200, 300, 1000, 2000, 3000, 5000, 50000, 100000 рақамлари келтирилган. Қуръонда 19 рақами билан боғлиқ жуда кўп мўъжизалар борки, инсоннинг ақли шошади. “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” лафзи 19 ҳарфдан иборат. Илк нозил бўлган “Алақ” сураси 19 оятдан иборат ва ҳаказо. Аллоҳ сўзи 2698 марта, “кун” сўзи 365 марта, “кунлар” сўзи 30 марта, “ой” сўзи 12 марта, “ҳаёт” ва “ўлим” сўзлари 145 марта, “кофирлар” ва “дўзаҳ” сўзлари 154 марта, “дунё ва охират” сўзлари 115 марта, “закот” ва “баракот” сўзлари 32 марта, “қийинчилик” ва “сабр” сўзлари 102 марта, “Қуръон”, “намоз” ва “нажот” сўзлари 68 марта, “зикр” сўзи 21 марта, “исм” сўзи 19 марта, “хиёнат” сўзи 16 марта, “фурқон” сўзи 7 марта, “осмон” сўзи 7 марта такрорланган. Осмоннинг етти қават экани етти ўринда, “айтдилар” ва “айтди” сўзлари 332 марта, “ҳуруфи муқоттаъот” – маъноси узилган ҳарфлар билан бошланган суралар сони араб алифбосидаги ҳарфлар сони билан тенг, яъни 29 ўринда келган[6].

Маъноси узилган ҳарфлар Аллоҳнинг мўъжизасидир. Уларнинг тафсири борасида ҳаттоки Муҳаммад с.а.в. дан ҳам бирон ҳадис ривоят қилинмаган. Бу ҳарфлардан мурод Аллоҳнинг Ўзигагина аён. Орифлардан бири “Ҳар бир самовий китобда Худонинг сири бор ва Қуръон ҳарфлари ҳам илоҳий сирдир” дегани ҳолда, баъзилар бу ҳарфларни Пайғамбар с.а.в.нинг номи деб таъкидлашади. Яна бошқа фикрга кўра, мазкур ҳарфлар Худонинг улар воситасида қасамёд келтиришидир.

Муқаддас илоҳий китоб бўлган Қуръони карим ўзида жам этган мавзулар кўлами ва мазмунлар мундарижасини тўла ўрганиш кишидан юксак билим ва салоҳият талаб этади. Шу билан бирга Қуръоннинг инсон ҳаётидаги ўрни, уни билиши ва ўқиганларига амал қилиши лозим бўлган жиҳатларини эътиборга олинса, Қуръонни тафсир ва талқин этиш ва халққа истеъфода этиш муфассирлар зиммасига жиддий масъулият юклаган. Буюк ватандошларимиз Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ат-Тамимий ад-Доримий[7] (ваф. 869 й.), Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий[8] (ваф. 870 й.), Абу Исо ат-Термизий[9] (ваф. 892 й.), Абу Мансур Моторудий[10] (ваф. 944 й.) Абуллайс Самарқандий[11] (ваф. 1003 й.), Маҳмуд Замахшарий[12] (ваф. 1144 й.), тафсирлари ҳозирга қадар аҳамиятини йўқотмаган.

Муфассирлар томонидан таълиф этилган ҳар бир тафсир ёзилиш услуби, оятлар шарҳига ақлий ва нақлий далиллар билан ёндашиш шакли, ҳадис ҳамда уларга алоқадор ривоятлар билан мустаҳкамлаш, саҳоба, тобеъин, тоба тобеъинларнинг сўзлари билан шарҳлаш билан фарқланган бўлса ҳам, тафсирлар ўртасида ихтилоф йўқ. Аксинча, бир тафсир иккинчисини тўлдириши, янги-янги манбалар билан бойитилиши муҳим аҳамият касб этган.

Қуръон тафсирларида “Ҳуруфи муқоттаъот” ҳақидаги фикрлар барчани қизиқтириши табиий. Тафсир илмида машҳур бўлган алломалар, муфассирларнинг[13] бебаҳо қўлланмаларига таянилган кўплаб шарҳлар мавжуд. Жумладан, Маҳмуд Замахшарий ўзининг “Кашшоф” китобининг муқаддимасида “Агар Қуръонни нозик нукталарини кашф этмаганимда Қуръон ёпиқлигича қолиб кетган бўлар эди” деб ёзган ва маънодан узилган ҳарфлар ҳақида “Алиф, лам, мим. Алиф, лам, мим ва хо мим, алиф, лам, мим, сод ва сод калитлардир. Шу ҳарфлар билан Аллоҳ Қуръонни очди”[14] деб тафсир этиш билан кифояланган.

Исмоил ибн Касир (ваф. 774 й.)нинг “Тафсир ул-Қуръонил азийм” ҳуруфи муқоттаъот ҳақида шундай ёзади: Кўплаб муфассир олимлар йигирма тўққиз сура аввалида келган кесик ҳарфлар ҳақида ихтилоф этдилар. Улардан бирлари Қуртубий ҳазратлари ўзларининг Абу Бакр Умар ва Усмон ва Али ва Ибн Масъуд р.а.лар тарафидан қилинган тафсир китобларида айтадиларки, бу ҳарфлар шундай ҳарфларки, илмига фақат Аллоҳ эгадир. Бас, у ҳарфлар илмини Аллоҳга ҳавола этдилар ва тафсир этмадилар. Демак, тўрт халифа ва расули акрам (с.а.в.)дан умрлари охиригача ажралмаган ва доим у зот билан бирга бўлган Қуръон ва ҳадис илмига моҳир Ибн Масъуд р.а. ҳуруфи муқоттаъот илмини Аллоҳга ҳавола этсалар яна бу ҳақда қандай изоҳ ва қандай қўшимчалар керак!?[15].

Муҳаммад Сулаймон Абдуллоҳ ал-Ашқор “Зубдат ул-тафсир мин фатх ил-қодир” номли китобида шундай ёзган: “Қуртубий ўз тафсирларида суралар аввалида келаётган ҳарфлар Қуръон ичидаги Аллоҳнинг сирри. Бундан нимани ирода қилганини Аллоҳнинг Ўзи билади деб айтдилар. Ва яна айтдиларки, уламолардан кўплари бу ҳарфлар ҳаққида баҳс олиб бордилар. Улар маъноси узик ҳарфлар ҳаққида сўзлашни яхши кўрамиз ва кошки у ҳарфлар замиридаги фойдаларга ва улардан чиқиб келаётган маъноларга эга бўлсак”дедилар. Уламолардан баъзилари айтдиларки, бу ҳарфлар ҳижойи ҳарфларга ишорадир. Араблар Қуръонга нисбатан беодоблик билан бу бизнинг сўзларимизга бино қилинган ҳарфлардан ҳосил бўлган оддий шеър деганларида Аллоҳ уларга билдириб қўйдики: Алиф, лам, мим. Сизлар ҳам қўлларингиздан келса бирор оят тузингларчи!? Токи уларнинг бирор оят тузишдан ожиз эканликлари ўзларининг зарарларига ҳужжат бўлишликда таъсирлироқ бўлсин. Чунки у ҳарфлар ҳам араб каломидан ташқарида эмас эди[16]. Мусанниф “Бақара” сурасидаги “Алиф, лам, мим”га изоҳ берган ва қолган йигирма саккиз сура аввалидаги ҳуруфи муқоттаъотга ҳеч қандай изоҳ бермаган. Зеро, ақл эгаларига сўз эмас, ишора кифоя этади.

Саййид Маҳмуд Тарозий Олтинхон Тўранинг Қуръон тафсирида шундай ёзилган: “Ҳуруфи муқоттаъа, яъни узик ҳарфлар Қуръони каримда 29 сура аввалида келғондур. Бу ҳарфларға жумҳури уламо маъно бермайдурлар, балки, “Аллоҳ аъламу бимуродаҳу” деб кетарлар. Чунки бу ҳарфлар асрори Қуръониядиндур ва Аллоҳ таоло ўз асрорин ўзи яхшироқ билур”[17].

Шайх Муҳаммад мулло Рустам ўғли Қўқондий – Мавлавий ҳожи Ҳиндистоний ўзининг “Баён ул-Фурқон фий таржимат ил-Қуръон” тафсирида “Бақара” сурасидаги биринчи оятдаги “Алиф. Лом. Мим.”га “Бу ҳуруфларни маъносиға Аллоҳ таолони Ўзи донодур” деб, “Ол-и Имрон” сурасидаги муқоттаъот ҳарфларга “Бу ҳуруфлардан Парвардигорни муроди нима бўлса, Ўзи биладур” деб, “Аъроф” сурасидаги муқоттаъот ҳарфларга “Бу ҳуруфлардан Аллоҳ таолони муроди нима бўлса, Ўзи биладур” деб, “Тоҳо” сурасидаги муқоттаъот ҳарфларга “Парвардигор бул калимадин нимани ирода қилғон бўлса, Ўзи биладур” деб, “Намл” сурасидаги муқоттаъот ҳарфларга “Бу ҳуруфларни маъниси Парвардигорга хосдур” дейиш билан чекланган. Баъзи суралардаги муқоттаъот ҳарфларга изоҳ берилмаган.

Алоуддин Мансур эса муқоттаъот ҳарфларга қуйидагича изоҳ берган: “Қуръондаги бир неча сура ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланади. Кўпчилик ислом уламолари наздида мазкур ҳарфлар “хуруфи муқоттаъот”, яъни маънодан узилган ҳарфлар саналиб, уларнинг маъноси ягона Аллоҳгагина маълум. Илоҳий мўъжиза бўлган бу Китоб одамлар осон ўқиб-англаб амал қилишлари учун улар яхши танийдиган ҳарфлар билан осон тушуниладиган қилиб юборилган. Лекин одамлар орасида “алиф” – Аллоҳ, “лом” – Жаброил (Аллоҳ билан пайғамбар ўртасида воситачи фаришта), “мим” Муҳаммад с.а.в. деб ҳарфларга маъно берувчилар ҳам бор”[18].

Ушбу масала юзасидан Абдулазиз Мансур Қуръони Карим маъноларининг таржимасида шундай ёзган: “Қуръонда 29 та сура ҳижо (алифбо) ҳарфлари билан бошланади. Уларни “ҳуруфи муқоттаъот”, яъни таркибдан ажратилган ҳарфлар деб аталади. Бу ҳарфларнинг мазмуни ёки нималарнинг аломати экани тўғрисида баҳс юритиш ман этилган. Уларниг маъносини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади, деб эътиқод қилиш зарурдир. Лекин баъзи муфассирлар ўз тафсирларида уларни изоҳлашга ҳам уринганлар”[19].

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф муқоттаъот ҳарфларга муносабат билдиришда сукутни афзал кўриб, “Тафсири Ҳилол” китобида фақат “Бақара” сурасидаги биринчи оят ҳақида тўхталиб ўтганлар ҳолос. Унда қуйидаги фикрлар билдирилган: Қуръони Каримнинг йигирма тўққиз сураси Алиф. Лом. Мим. га ўхшаш ҳарфлар билан бошланган. Бу ҳарфларга турлича ном берилган: баъзилар “Ҳуруф ул-муқотттаъот” кесик ҳарфлар десалар, бошқалари “Ҳуруф ул-ҳижои” – алифбо ҳарфлари дейдилар. Учинчилари эса “Фавотуҳ ус-сувар” – сураларни очувчилар дейдилар. Бу ҳарфларга турлича ном берилганидек, баъзи сураларнинг улар ила бошланишидан кўзланган мурод ҳақида ҳам ҳар хил фикрлар айтилган. Бу ҳақда махсус баҳслар ҳам бор. Баъзи уламолар бу ҳарфларнинг сиррини Аллоҳга ҳавола этадилар, бошқалари “Бу – Аллоҳ билан Пайғамбар алайҳиссалом ўрталаридаги сир” дейдилар.

Ихтилофнинг асосий сабаби улар ҳақида на Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларидан, ва на саҳобаи киромлардан бирорта ҳам ривоят йўқлигидир. Шубҳасиз улар бу ҳарфлардан мурод нималигини яхши билганлар, шунинг учун ҳам бир-бирларидан сўрамаганлар ва ривоят қилмаганлар. Саҳобаи киромларнинг одатлари – билмаган нарсаларинигина сўрардилар. Улар улуғ зотлар бўлиб, елкаларида Ислом динини бутун дунёга тарқатишдек улкан масъулият ётганини тўлиқ тушунар эдилар ва асосий эътиборни шунга қаратардилар. Билган нарсалари ҳақида тортишувларга тоқатлари ҳам, вақтлари ҳам йўқ эди. Кўпгина тафсирчилар, айниқса, тафсирчиларнинг кейинги авлоди баъзи сураларнинг мазкур ҳарфлар билан бошланиши, арабларга “Қуръон сизлар ишлатиб юрган “Алиф”, “Лаам”, “Мийм”га ўхшаш ҳарфлардан тузилган, қўлингиздан келса, сизлар ҳам шунга ўхшаш нарса тузингларчи” деган маънони билдиради, деганлар[20].

Авлиё ва ориф зотлар илоҳий амр ва ҳукмларнинг бажарилишига масъул “Аллоҳ кўзларидан бир кўз”[21] бўлиб, Саййид Неъматуллоҳ Валийнинг (1330-1431) “Биз (авлиё) Худони халққа танитмоқ учун дунёга келдик”[22] деган сўзлари валийларнинг ҳаётий маслакларини аниқ ифодалайди. Улар ахлоқий поклик, руҳий қудрат, заковат, кишилар қалбига йўл топиш, исломий аҳкомларни бажариш, ҳақгўйликда намуна кўрсатганлар. Айниқса, илоҳий ҳикматларга йўғрилган Қуръон оятларининг ботиний маъноларини очишга эътибор қилганлар. Шу ўринда тасаввуф алломаларидан бири “Пири Хирот” номи билан машҳур бўлган Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг Қуръони каримнинг адабий-ирфоний тафсиридаги “Қуръон муташобиҳоти” бўлган суралар бошидаги рамзий ҳарфлар хусусида тўхталсак: “Билгилки, ёлғиз (тоқ) ҳарфлар воситасида қилинган хитоб дўстлар сири ва суннатидир. Ҳақиқатда, бир дўстнинг дўстга рақиб огоҳ бўлиб қолмаслиги учун қилган сирли розидир”. Алиф. Лом. Мим. Рамзи билан дейди: Эй Дўст! Жаброил пардаси, воситасини бир дам тарк айлагил, токи ишқ сифати иззат ниқобини кўтарсин, токи пинҳоний ҳайратлар ва ғайбий заҳиралар сенга юз кўрсатсин. “Алиф” ҳарфларнинг пешвоси – олди ва маъруфи. У бошқа ҳарфларга қўшилмайди, ҳарфлар унга келиб қўшилади. “Алиф”нинг ҳеч бир ҳарфга ниёзи йўқдир, барча ҳарфларнинг “Алиф”га ниёзи бор. “Алиф” аввалда ва охирда бирдир, тўғридир ва бир рангдадир. Бошқа ҳарфлар эса ранг-баранг. Бас, уч ҳарфнинг ҳар бири бир нурдан ёришган чироқдир, ҳақиқат машриғидан бош кўтариб, ғайрат осмонида тараққий этган Қуёшдир. Башарият сифатлари ва халқ кудуратлари. Ҳижоб нурдир, токи хижоб бордир нурнинг тугаши хатодир[23].

Энди Қуръоннинг 36-сураси бўлган “Ёсин” сураси ҳақида тўхталсак:

“Ёсин” сураси ўзининг илк ояти “Ё, син” ҳарфлари билан аталган бўлиб, унинг Қуръони Каримда тутган ўрни-мартабаси ҳақида Пайғамбар с.а.в.дан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: “Албатта ҳар бир нарсанинг қалби бордир. Қуръоннинг қалби “Ёсин”дир. Мен бу сурани умматимдан ҳар бир кишининг қалбида бўлишини истар эдим”[24].

Олтинхон Тўра “Ёсин” сурасини шундай тафсир қилади: “Ёсин” калимаси икки ҳарфдан иборатдур. Аксар тафсирчилар бу калимага таржима ва тафсир ёзмаганлар. Баъзилари маъниси “ё Муҳаммад”, “ё инсон”, “ё Саййид”дур дебдирлар. Муроди саййиди олам пайғамбаримиз бўлурлар”[25].

“Авроди Қуръоний”да ҳам юқоридаги фикрлар тасдиқланган: 1. Ёсин (Эй, комил инсон – ҳабибим, Ҳазрати Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам!)[26]. “Тафсири Табарий”дан келтирилишича, “Ёсин”нинг ҳақиқий маъносини Аллоҳ ва унинг расулигина билур. Баъзи муҳаққиқлар уни “Эй, Муҳаммад” дегани” деганлар. Баъзилари “Эй, комил инсон” дея таъвил қилган бўлсалар, баъзи орифлар наздида “Эй, Саййид” маъносидадир. “Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.: “Ёсин Қуръоннинг қалбидир. Уни бир бор тўлиқ ўқимоқлик Қуръонни ўн бор бошдан охир ўқимоқлик билан тенг”[27] деб марҳамат қилганлар.

“Тафсири Насафий”да келтирилишича, “Ҳадиси шарифда бу хусусда қуйидагича баён берилган: Муҳаққиқки, Аллоҳ таоло мени (Муҳаммад с.а.в. – З.И.) Қуръонда етти исм билан номлади: Муҳаммад, Аҳмад, Тоҳо, Ёсин, ал-Музаммил, ал-Муддассир ва Абдуллоҳ. Шунингдек, баъзилар “Ёсин”нинг маъносини “Ё Саййид” деганлар”[28].

Ислом энциклопедиясида ёзилишича: “Сура аввалида “йа” ва “син” ҳарфларидан ташкил топган “ёсин” калимаси сурага ном бўлиб қолган. “Ёсин”нинг фазли ҳақида кўпгина ҳадисларда ривоят қилинган. Уларнинг аксариятида бу суранинг Қуръоннинг қалби экани таъкидланган[29].

Қуръони Каримнинг рус тилидаги нашрида шундай ёзилган: “Й.с. В арабской азбуке первую из этих букв називаются я, вторую син. Поэтому Мохаммедане называют эту главу “Я син”[30].

Қуръон илоҳий китоб. Инсонни ҳидоятга етакловчи, ўқиб амал қилиш лозим бўлган буюк ахлоқ китоби. Юқорида кўриб ўтганимиз шундай мўътабар Қуръон тафсирларида муфассирлар ҳиссиётга берилмай, маънодан узилган ҳарфлар изоҳида сукут сақлашлари Оламлар эгаси ва унинг расулига бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиромлари намунасидир...

Дунё миқёсида Амир Темур шахсига жуда кўп марта мурожаат қилинган, тарихий романлар, қиссалар, илмий бадиҳалар ёзилган. Унинг жаҳон маданиятида тутган ўрни илмий таҳлил қилиниб, юзлаб тадқиқотлар қилинган ва бу жараён давом этмоқда. Муҳтарам юртбошимиз И.Каримов эътироф этганларидек, “Амир Темур шахсини идрок этиш – тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш – ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш – тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир”[31].

Улуғлашга лойиқ инсон, саркарда ва давлат арбоби, тарихий мавзудаги асарлари билан ҳам машҳур бўлган Марсель Брион (1895 йилда туғилган)нинг “Менким, соҳибқирон – жаҳонгир Темур”[32] китоби ҳам Амир Темур шахси, унинг ҳаёти, фаолияти, сиёсий ва ҳарбий соҳаларда тутган йўлига оид маълумотларни қамраб олган.

Асардаги диққатимизни тортган жиҳат Амир Темурга Қуръон ўқишдан таълим берган устози шайх Шамсиддин билан боғлиқдир. Асарнинг 13-14-бетларида Амир Темур қандай қилиб устози шайх Шамсиддиндан Қуръон сураларини ёд олгани баён қилинади: “... Устоз “Ёсин” сурасини жуда ҳам ифодали ва чиройли тажвид билан қироат қилди. Фақат дастлабки “Йа син. Вал Қуръанил ҳакийм” оятидан сўнг бир муддат тўхтаб, “Йа син”нинг маъносини билиш-билмаслигимни сўради. Мен (Амир Темур – З.И.) билганимча жавоб қилдим. “Йа” арабчада бировга мурожаат қилинганда ёки бировни чақирганда ишлатиладиган товуш эканини, аммо бу ўринда “син” сўзи қандай маънога эга эканини билмаслигимни айтдим. Устоз уқдирди: “Син” инсон маъносини беради, аммо ҳар бир кишига эмас, муҳим кишига нисбатан ишлатилади... Мен ҳақиқатан ҳам араб алифбосидаги биргина ҳарф “Син” – “инсон” маъносини беришини билмас эдим. Шу боис бу ҳақда устозимга айтдим. “Назарий жиҳатдан сен ҳақсан. Тўғри таъкидладинг”, – дея мени маъқуллади устоз, “Син” ҳарфи бошқа ҳарфлар сингари бир товуш, у алоҳида ҳолда маъно-моҳиятига эга эмас. Бироқ бу ҳарф “сирра” маъносини беради. Кўрдингми, Аллоҳ ўз расулини шу қадар севадики, уни “Эй райҳон” деб мурожаат қилмоқда”[33].

Фикримизча, Марсель Брион Қуръон тафсири одобларини четлаб ўтиб, Амир Темурнинг устози тилидан “Ё син”ни таъвил қилган. Ваҳоланки, биз кўрган тафсир китобларида “Йа син”ни “Эй райҳон” деган тафсири учрамади. Шунингдек, исломий эътиқод эгаси бўлган шайх Шамсиддин ҳам “Ёсин” сурасини тафсири ҳақида ҳеч бир монеликсиз сўз юритиши мантиққа зид. Зеро, Қуръон ҳақида, унинг оятлари ҳақида, “ҳуруфи муқоттаъот” ҳақида фикр айтиш учун муфассир даражасига эга бўлиш талаб этилар эди. Шайх Шамсиддин ҳам бу чеклашлардан хабардор бўлган. Албатта, Марсель Брион китобни янада ўқимишли, қизиқарли ва эътиборни тортадиган воқеалар билан тўлдиришга ҳаракат қилгани кўриниб турибди. Ваҳоланки, Амир Темур ҳақида ёзилган асарларнинг аксарияти унинг жанговар юришлари ва ҳарбий сиёсати ҳақида батафсил маълумот берса ҳам, буюк соҳибқироннинг болалик йиллари тўла акс этган асар йўқ ҳисоби.

Аллоҳ ҳидоятга бошлаган инсонни ҳеч ким йўлдан адаштира олмайди ва Аллоҳ адаштирган кимсани энди ҳеч ким ҳидоятга етаклай олмайди. Лекин бир лафз, бир сўз туфайли ихтилофлар келиб чиқиши, диний саводсизлик авж олиши, фирқачиликка замин яратилиши, мутаассибликка йўл очилиши, бидъат ва ҳурофот кенг ёйилишига, ҳаттоки, кишиларнинг диндан йироқлашуви, динга шубҳа билан қарашларига олиб келиши мумкин. “Марсель Бриондек ёзувчи маънодан узилган ҳарфни таъвил қилиши мумкин экану, нега бизга мумкин эмас” дейдиган чала муллалар Қуръонни ўз билганича, ботил ниятини амалга ошириш, динни бузиш учун тафсир қилмаслигига ким кафолат беради?

“Менким, соҳибқирон – жаҳонгир Темур” китоби биринчи нашрдан сўнг қайта нашр қилинган бўлса ҳам эътиборсизлик ёки унча аҳамият берилмагани сабабидан “Ёсин” сураси билан боғлиқ воқеа яна босилиб чиққан. Фикримизча, Марсель Брионнинг ушбу китоби қайта нашр қилинишидан аввал эътиқод масалаларига жиддий ёндашиш, лозим бўлса икки бетнинг баҳридан ўтиш – ҳам Қуръони каримнинг, ҳам шайх Шамсиддин Кулол шахсининг, ҳам Амир Темур шахсининг, ҳам Марсель Брионнинг ҳурматлари сақланган бўлар эди.



[1] Қуръони карим. Ўзбекча изоҳли таржима. Сод сураси, 29-оят. / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур. – Т. Чўлпон, 1992. 422-бет.

[2] Қуръони карим. Ўзбекча изоҳли таржима. Ол-и Имрон сураси, 7-оят. 45-бет.

[3] Саҳоба – Муҳаммад (с.а.в.)нинг сафдошлари, у зот билан мулоқотда бўлган ёҳуд ғазотларида қатнашган кишилар “саҳоба” (“тарафдор”) деб аталган. Кейинчалик Муҳаммад (с.а.в.)ни лоақал бир маротаба, гарчи гўдаклик чоғида бўлса ҳам кўрган барча кишилар ҳам “саҳоба” дейилган. Саҳобаларнинг олий қатлами муҳожирлар ва ансорлардан иборат бўлган. Улар дастлабки ҳалифаларни сайлашга таъсир кўрсатганлар, улар ноиблик ва олий даражадаги лашкарбошилик мансабига тайёрланган. Халифа Умар (634-644) даврида саҳобалар ўн минг кишини ташкил этган.

[4] Тобеъин – арабча қарам, издош деган маънони англатади. Ислом тарихида саҳобалардан кейин уларнинг ишини давом эттирган илоҳиётчилар.

[5] Тоба тобеъин – тобеъинлардан кейинги даврдаги илоҳиётчилар. “Табаъа тобеъин”, яъни “тобеъинларнинг тобеъинлари” деб аталган.

[6] “Ҳуруфи муқоттаъот”нинг жами 78 та. Маънодан узилган ҳарфлар келган суралар қуйидагилар: Бақара сураси (Алиф, лом, мим), Ол-и Имрон сураси (Алиф, лом, мим), Аъроф сураси (Алиф, лом, мим, сод), Юнус сураси (Алиф, лом, ро), Ҳуд сураси (Алиф, лом, ро), Юсуф сураси (Алиф, лом, ро), Раъд сураси (Алиф, лом, мим, сод), Иброҳим сураси (Алиф, лом, ро), Ҳижр сураси (Алиф, лом, ро), Марям сураси (Каф, ҳа, йа, айн, сод), Тоҳа сураси (То, ҳа), Шуъаро сураси (То, син, мим), Намл сураси (То, син), Қасос сураси (То, син, мим), Анкабут сураси (Алиф, лом, мим), Рум сураси (Алиф, лом, мим), Луқмон сураси (Алиф, лом, мим), Сажда сураси (Алиф, лом, мим), Йасин сураси (Йа, син), Сод сураси (Сод), Ғофир сураси (Хо, мим), Фуссилат сураси (Хо, мим), Шўро сураси (Айн, син, қоф, хо, мим), Зуҳруф сураси (Хо, мим), Дуҳон сураси (Хо, мим), Жосия сураси (Хо, мим), Аҳқоф сураси (Хо, мим), Қоф сураси (Қоф), Нун сураси (Нун).

[7] Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ат-Тамимий ад-Доримий. “Сунани Доримий”. Ушбу ноёб асар 1996 йилда Байрутнинг Дор ул-кутуб ал-илмиййа” нашриётида икки жилд қилиб чоп этилган.

[8] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Қуръон тафсирига оид “Ат-тафсир ал-кабир” номли асар ёзган. Бу тафсир бизгача етиб келмаган. Мўътабар манбаларда зикр этилган бу китоб қайсидир кутубхона ёки музейда сақланаётган бўлса ажаб эмас – З.И.).

[9] Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Заҳҳок Суламий Буғий ат-Термизий. “Сунани Термизий”. – Т.: 1999.

[10] Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Моторудий. “Таъвийлот ал-Қуръон”. ЎзР ФАШИ Қўлёзмалар фонди. 5126-рақамли қўлёзма.

[11] Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим ас-Самарқандий. Баҳр ул-улум. Қуръон тафсирига бағишланган ушбу асар Миср Араб Республикаси ҳамда Буюк Британиянинг Эйденбург шаҳри кутубхонасида сақланади.

[12] Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад аз-Замахшарий. “Ал-кашшоф ан ҳақойиқ ит-танзийл ва уйун-ил-ақовийл фий вужуҳ ит-таъвийл”. (“ал-Кашшоф” номи билан машҳур бўлган).

[13] Имом Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарийнинг “Жомиъ ул баён фи тафсир ил-Қуръон”, Исмоил ибн Касирнинг “Тафсир ул-Қуръонил азийм”, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Қуртубийнинг “Ал-жамиъ ли аҳкамил Қуръан”, Ал-Фаҳрур Розийнинг “ат-Тафсир ул-Кабир” ва шу каби Қуръон тафсирлари қимматли манба сифатида эътироф этилган.

[14] Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад аз-Замахшарий. Ал-кашшоф ан ҳақойиқ ит-танзийл ва уйун-ил-ақовийл фий вужуҳ ит-таъвийл. Байрут, Лубнон. 1983.

[15] Исмоил ибн Касир. “Тафсир ул-Қуръонил азийм”. Лубнон. 1980. 132-саҳифа.

[16] Муҳаммад Сулаймон Абдуллоҳ ал-Ашқор. Зубдат ул-тафсир мин фатх ил-қодир.

[17] Ал-Қуръон ал-карим / Таржимон ва тафсир қилувчи Саййид Маҳмуд ибн Саййид Назир ат-Тарозий ал-Маданий – Олтинхон Тўра. Нашрга тайёрловчи ва сўз боши муаллифи Исматуллоҳ Абдуллоҳ. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1994. 13-бет.

[18] Қуръони карим. Ўзбекча изоҳли таржима. Бақара сураси, 1-оят. / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур. – Т. Чўлпон, 1992. 6-бет.

[19] Қуръони карим маъноларининг таржимаси / Таржима ва изоҳлар муаллифи Абдулазиз Мансур. – Т.: Тошкент ислом университети нашриёти, 2001. 2-бет.

[20] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Тафсири Ҳилол”. Биринчи жуз. Бақара сураси, 1-оят. 14-бет.

[21] Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. Мукаммал асарлар тўплами. Йигирма жилдлик. Ўн еттинчи жилд / Нашрга тайёрловчилар С. Ғаниева, М.Мирзааҳмедова. Арабча ва форсча матнларни таржима қилиб, нашрга тайёрловчи ва масъул муҳаррир С.Рафиддинов. – Т.: Фан, 2001. 127-бет.

[22] Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. 429-бет.

[23] Абдуллоҳ Ансорий. Қуръони Каримнинг адабий-ирфоний тафсири // Сино журнали. 2003. 11-сон. 5-6-бетлар.

[24] Қуръони карим. Ўзбекча изоҳли таржима. Ёсин сураси / Таржима ва изоҳлар муаллифи Алоуддин Мансур. – Т. Чўлпон, 1992. 307-бет.

[25] Ал-Қуръон ал-карим. Ёсин сураси, 1-оят. / Таржимон ва тафсир қилувчи Саййид Маҳмуд ибн Саййид Назир ат-Тарозий ал-Маданий – Олтинхон Тўра. Нашра тайёрловчи ва сўз боши муаллифи исматуллоҳ Абдуллоҳ. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти, 1994. 369-бет.

[26] Авроди Қуръоний. Ҳафта кунлари давомида ўқиладиган Қуръоний зикр-дуолар / Мусанниф Муҳаммад Зоҳир ибн Иброҳим ал-Бурсавий. Таржимон, шарҳ ва изоҳлар муаллифи Баҳриддин ибн Сафар ан-Нурий ал-Ҳанафий. – Т.: Мовароуннаҳр, 2005. 15-бет.

[27] Авроди Қуръоний. Ҳафта кунлари давомида ўқиладиган Қуръоний зикр-дуолар. 15-бет.

[28] Авроди Қуръоний. Ҳафта кунлари давомида ўқиладиган Қуръоний зикр-дуолар. 15-бет.

[29] Ислом. Энциклопедия. – Т.: Ўзбекистон Миллий энциклопедияси давлат илмий нашриёти, 2004. 76-бет.

[30] Коран. Глава (36-ая) Ис, стих 1 / Коранъ. Перевод с арабского языка Г.С.Саблукова. Третье издание. Казань, Центральная типография, 1907. 823-стр.

[31] Каримов И. Азалий буюклик маскани. И.Каримовнинг Самарқанд шаҳрида Амир Темур ҳайкалининг очилиш маросимида сўзланган нутқ. 1996 йил, 18 октябрь / Амир Темур жаҳон тарихида. Масъул муҳаррир Ҳ.Кароматов. – Т.: Шарқ, 2001.

[32] Брион М. Менким, соҳибқирон – жаҳонгир Темур / Таржимон Ф.Рўзиев, Ф.Тилавов. Қайта тузатилган нашр. –Т.: Янги аср авлоди, 2013. – 572 бет.

[33] Брион М. Менким, соҳибқирон – жаҳонгир Темур. 13-бет.


Замирахон Исақова, ф.ф.н., доцент

Наманган давлат университети