Илк турк достоннависи Боласоғунда туғилган, қорахонийлар саройида хизмат қилган. Ҳижрий 462 (м.1069-70)да ёзиб тугалланган "Қутадғу билиг" ("Саодатга бошловчи билим") асари қорахонийлар давлатининг мустаҳкам қарор топишига хизмат қилган низомномадир. Уч нусхаси (Вена, Қоҳира ва Наманган) мавжуд. Нисбатан тўлиғи Наманган нусхаси бўлиб, 1923 йили Фитрат томонидан қўлга киритилган, у ЎР ФА ШИ да сақланади. 6329 байтдан иборат, маснавий (яъни арузнинг "мутақориби мусаммани маҳзуф") вазнида ёзилган
Давлат ва жамият қурилиши масалалари, комил инсон ва илм-маърифат тарғиботи асардаги тўрт рамзий қаҳрамон Кунтуғди (адолат), Ойтўлди (бахт), Ўгдулмиш (ақл) ва Ўзғурмиш (қаноат) тимсоллари орқали ифода қилинган.
Жаҳон туркологиясида асарга илк турк дидактик достони сифатида ёндашиш мавжуд (Иосиф Фон Хаммер, В. Радлов, А. Кононов, И. Стеблева). Мартин Хартман, А.Вамбери, Ф.Кўпрулу, Заки В.Тўғон, Рашид Раҳмати Арат в.б. томонидан нашр ва таржима қилинган. Ўзбекистонда асарнинг тўла матни изоҳ ва ҳозирги тилга таржимаси билан нашр этилган. Фитрат, Қ.Каримов, Ғ.Абдураҳмонов, Б.Тўхлиев в.б. олим тадқиқ этган.
Нашр қилинган манбалар:
Қутадғу билиг (Нашрга тайёрл. Қ. Каримов). –Т.: 1971.
Қутадғу билиг (насрий баён муаллифи Б.Тўхлиев). – Т.: 1990.
Илмий адабиёт:
Фитрат. Қутадғу билиг. "Танланган асарлар". (нашрга тайёрл.Ҳ.Болтабоев). 2-жилд. – Т.: Маънавият, 2000.
Кононов А. Слово о Юсуфе из Болосогуна и эго поеми "Кутадгу билиг". Журн."Советская тюркология". 1970. № 4.
Б.Тўхлиев. "Қутадғу билиг"нинг поетикаси масалалари. — "Ўлмас обидалар" тўпл. – Т.: 1989.
Б.Тўхлиев. Билим — эзгулик йўли. — Т.: 1997.
Қ. Каримов. Илк бадиий достон. — Т.: 1976.