Қуёшни ҳам кулдириб,
Қалбга сурур тўлдириб,
Дўстларни суюнтириб,
Рамазоним келмоқда!
Саҳар туринг ёронлар,
Хатм қилинг Қуръонлар,
Дод деворсин шайтонлар,
Рамазоним келмоқда!
Ғафлат ойи эмас бу,
Овқат ойи эмас бу,
Раҳмат ойи демак бу,
Рамазоним келмоқда!
Сергаклик вақти бўлган,
Мўъминнинг аҳди бўлган,
Исломнинг фатҳи бўлган,
Рамазоним келмоқда!
Енг шимаринг тоатга,
Иймоний ҳаловатга,
Эришинг саодатга,
Рамазоним келмоқда!
Иймон кучга тўлади,
Шайтон қулфланади,
Руҳул Қудус инади,
Рамазоним келмоқда!
Рамазонда cабр бор,
Етти юз қат ажр бор,
Минг ойга тенг Қадр бор,
Рамазоним келмоқда!
Бу ой Марду майдондир,
Кутиб турган Райёндир,
Суму, деган Раҳмондир,
Рамазоним келмоқда!
Савоб ишда илдам бўл,
Тур, ётма пешқадам бўл,
Аброр сен ҳам маҳкам бўл,
Рамазонинг келмоқда!
Қуёшни ҳам кулдириб,
Қалбга сурур тўлдириб,
Дўстларни суюнтириб,
Рамазоним келмоқда!...
Аброр Мухтор Алий