Лев ТОЛСТОЙ
АСОСИЙ ҚАҲРАМОНЛАРИМ — ҲАҚИҚАТ
(ХАТЛАР,КУНДАЛИКЛАРДАН,МАХФИЙ КУНДАЛИК)
Ортиқбой Абдуллаев таржимаси
Лев Николаевич Толстой [1828.28.8 (9.9), Тула губерняси Ясная Поляна қишлоғи — 1910.7 (20).11, Липецк вилояти, ҳоз. Лев Толстой бекати; Ясная Полянада дафн этилган] — рус ёзувчиси. Россиядаги кадимий дворянлар сулоласидан, граф. Петербург Фанлар Академияси мухбир аъзоси (1873), фахрий академиги. (1900). 1844—47 йилларда Қозон университетининг араб-турк ва ҳуқуқшунослик факультетларида ўқиган. 1851—53 йилларда Кавказда бўлиб, жангларда иштирок этган. 1854 йил Дунай армиясига юборилган; илтимосига кўра, қамалдаги Севастополга ўтказилган. Қрим урушида қатнашган. Толстой 1855 йилда Петербургга бориб, Н. А. Некрасовнннг «Современник» («Замондош») журнали ва журнал атрофидаги ёзувчилар (И. С. Тургенев, И. А. Гончаров, Н. Г. Чернышевский ва б.) билан ҳамкорлик қилган. Болалик кезларида рус ва араб халқ эртаклари, А.С.Пушкин шеърлари, шунингдек, Юсуф ҳақидаги Инжил ривояти таъсирида шеърлар ёзган. Биринчи йирик асари — «Инсон камолотининг тўрт даври» автобиографик асари («Болалик», 1852; «Ўсмирлик», 1852-54; «Ёшлик», 1855-57; «Йигитлик», ёзилмай қолган). Уруш лавҳалари ва аскарларнинг маиший турмуши Толстойнинг «Севастополь ҳикоялари» (1855) тўпламига кирган ҳикоя ва очеркларида ўз ифодасини топган.
50-йиллар Толстой руҳий ҳаёт лавҳалари ва маиший турмуш тафсилларини тарихий воқеаларнинг кенг манзараси, ҳаётнинг ахлоқий-фалсафий асослари тасвири билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилади. Толстой ижодида шакллана бошлаган бу ижодий тамойил «Казаклар» қиссаси (1863)да, айниқса, яққол кўринади. Бу асарда ўз инъикосини топган халқ ҳаёти мавзуи ва воқеликнинг эпик тасвири Толстойнинг 60-йиллар ижодида янада теранлашади.
Рус ва жаҳон адабиёти хазинасидан мустаҳкам ўрин олган «Уруш ва тинчлик» (1863—69) эпопеяси Толстойнинг 60-йилларда ижодий камолотга эришганидан шаҳодат беради. Айрим совет адабиётшунослари гарчанд бу асарни Толстойнинг ўз даври муаммоларидан қочиши, деб баҳолаган бўлсаларда, ёзувчи «Уруш ва тинчлик» романи билан ўз даврида рўй берган ва ўзи шахсан гувоҳ бўлган воқеаларга фаол муносабат билдирган. Энг муҳими, у Наполеоннинг 1805—07 ва 1812—14 йиллардаги ҳарбий юришлари мавзуига мурожаат этиб, кўплаб қаҳрамонлар иштирок этган эпик воқеалар билан бирга қаҳрамонларнинг руҳий тасвирлари илк бор катта маҳорат билан уйғунлашган тарихий роман жанрини яратди. Ҳолбуки, 19-аср ўрталарида эпик асарлар даври ўтди, деган фикрлар кенг тарқалган, 60-йилларда рус жамиятида куч ола бошлаган синфий зиддият ва курашлар эса «Уруш ва тинчлик»дек эпопеянинг майдонга келиши учун унумли замин бўла олмас эди. 1812 йилда Россиянинг Наполеон қўшинлари томонидан босиб олиниши мумкинлиги бир-бири билан келиша олмаган турли табақа ва синфларни душманга қарши кураш шиори остида бирлаштирдики, Толстойнинг рус халқи онгидаги ана шу уйғонишга мурожаат этиши «Уруш ва тинчлик» романининг юзага келиши учун ҳаётбахш замин вазифасини ўтади.
Толстойнинг 70-йиллар ижодида «Анна Каренина» романи алоҳида мавқега эга. «Уруш ва тинчлик»дан бу романни ёзгунига қадар бўлган даврда Толстойнинг рус жамиятидаги ижтимоий тенглик ва адолат тўғрисидаги орзу умидлари рўёбга чиқмади. 60-йиллардаги ислоҳот ёзувчи кутган натижани бермади. Мазкур романда Толстойнинг жамият ҳаётида кечаётган нохуш жараёнлар ҳақидаги изтиробли ўйлари акс этди. Романда Каренинлар, Облонскийлар ва Левинлардан иборат 3 оиланинг бир-бири билан чатишган, аммо мустақил сюжет чизиғига эга бўлган тарихи тасвир этилган. Толстой, аксар рус ёзувчиларидек, насроний динига катта эътиқод қўйган, ҳаётда рўй бераётган воқеаларга ва кишиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳам шу дин нуқтаи назаридан ёндашган. Унинг диний қарашлари жамият ва шу жамиятда яшовчи кишиларга, бинобарин, у ёки бу қаҳрамонига бўлган муносабатига, шак-шубҳасиз, таъсир ўтказган. Толстойнинг оила масаласига, чунончи, Каренинлар оиласида содир бўлаётган воқеаларга ёндашувида ҳам диний қарашлари сезилади. У жамият аъзоларида қандай чиркин хислатлар мавжуд бўлмасин, кишилар диний қонун-қоидалар доирасида ҳаракат қилишлари лозим, акс ҳолда жамият ҳалокат сари боради, деган фикрдан келиб чиқиб, қаҳрамонлар образини яратади.
70-йилларда руҳий изтироб иқлимида яшаган Толстой ўз ҳаёт йўлини қайта назардан ўтказди ва шу жараёнда ижтимоий келиб чиқиши, тарбияси ва ҳаёт йўли билан боғлиқ жамият қатламининг маънавий асослари ёлғонга асосланган, деган хулосага келди. Унинг бундай қарашлари «Иқрорнома» (1880) ва «Эътиқодим нимада?» (1884) асарларида ўз ифодасини топди. Толстойнинг шу даврда ёзган асарлари орасида «Иван Ильичнинг ўлими» (1886), «Крейцер сонатаси» (1889) қиссалари, айниқса, эътиборга лойиқ.
Толстой 80-йилларда драматургия жанрларида ҳам ижод қилиб, «Зулмат ҳокимияти» (1886) драмаси ва «Маърифат мевалари» (1890) комедиясини ёзади. Бу асарларда қишлоқ аҳлидаги жаҳолат, шаҳар маданиятининг қишлоққа кўрсатаётган салбий таъсири катта бадиий куч билан тасвирланган.
Толстой дунёқарашида тобора кучайиб бораётган зиддиятлар унинг сўнгги йирик асарларидан бири — «Тирилиш» романи (1889—99)да ўз аксини топди. Хдётда бўлиб ўтган оддий воқеа — бир суд жараёни асосида яратилган бу асарда Толстой ижтимоий адолатсизликка асосланган жамиятнинг ички, маънавий асосларини очиб ташлайди. Мазкур асардаги кишилар тақдири билан воқеаларнинг ўзаро чамбарчас боғликлиги масаласи «Ҳожимурод» (1896— 1904) қиссасининг ҳам асосини ташкил этган.
Толстой диндор ёзувчи сифатида кишилар руҳиятидаги зиддиятларни тасвир этибгина қолмай, ўзи ҳам жамият ва кишилар ҳаётидаги бундай зиддият ва майллардан жароҳатланиб яшаган. Ёзувчидаги мураккаб руҳий ҳолат унинг сўнгги асарлари («Тирик мурда», 1890; «Балдан сўнг», 1903 ва б.) да ҳам акс этган. Толстой ҳаётининг Ясная Полянадаги сўнгги кунлари руҳий изтироблар пўртанасида кечди. У яқин кишилари тўқиган иғво ва фасод тўридан қочиб, 1910 йил Ясная Полянадан бош олиб чиқиб кетади ва йўлда шамоллаб, вафот этади.
Ўзбекистонда Толстой ижодига қизиқиш у ҳаёт пайтлардаёқ бошланган. Унинг «Одамлар нима билан тирик?», «Худо ҳақиқатни кўрса ҳам тезда айта олмайди» макрлалари 1887—1902 йилларда «Туркистон вилоятининг газети»да ўзбек тилида нашр этилган. Толстой ҳақидаги «Россия мамлакатининг машҳур ёзувчиси» деган мақола эса 1889 йил шу газетада таникли маърифатпарвар Сатторхон Абдуғаффоров таржимасида босилган. Толстойнинг болалар учун ёзган қатор ҳикоялари Саидрасул Азизий («Устоди аввал», 1902), Алиасқар Калинин («Муаллими соний», 1903), Абдулла Авлоний («Биринчи муаллим», 1909; «Иккинчи муаллим», 1912) сингари жадид маърифатпарварларининг ўқув қўлланмалари ва дарсликларида эълон қилинган ҳамда усули савтия мактабларида ўқитилган.
Толстой нафакат буюк ёзувчи, балки адолатпарвар ва халқпарвар инсон сифатида ҳам ўзбек жадидларининг эътиборини ўзига жалб этган. Биринчи ўзбек адвокати Убайдулла Хўжаев 1909 йилда Толстойга унинг ёмонликка ёмонлик билан жавоб бермаслик ҳақидаги таълимоти юзасидан хат ёзиб, ўша йилнинг 5 июнида ундан жавоб олган. Ислом динининг таниқли арбобларидан бири Абдувоҳид Қориев эса 1910 йил Ясная Полянага махсус бориб, Толстой билан бир неча марта мулоқотда бўлган. Аммо ўзбек халқининг Толстой ижоди билан яқиндан танишиши 20-асрнинг 30-йилларидан бошланган ва унинг барча асосий асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.
1897 йил
С.А.Толстойга (жўнатилмаган)
19 май. Ясная Поляна.
Азиз ва қимматли Соня. Сенинг Танеев билан муносабатларнинг менга ноқулайлигидан ташқари даҳшатли даражада азоблидир. Шундай шароитда яшашда давом этар эканман, ўз ҳаётимни заҳарлаб, ўзим умримга завол бўламан. Мана, бир йил бўлдики, мен одамга ўхшаб яшаб, ишлай олмайман, фақат қийналаман. Сен буни биласан. Мен буни сенга аччиқланиб ҳам, илтимос қилиб ҳам айтдим, сўнгги пайтларда эса бутунлай индамай қўйдим. Мен ҳамма нарсани қилиб кўрдим, аммо ҳеч қандай нафи тегмади: сенинг яқин муносабатларинг давом этмоқда, ҳатто кучайиб бормоқда, кўриб турибманки, охиригача шундай бўлаверади.
Мен бунга ортиқ чидай олмайман. Охирги хатингни (1) олганимдан кейинги дастлабки кунларда уйдан бош олиб кетишга қарор қилдим. Уч кун давомида ана шу хаёл ичида яшадим ва сендан ажралиш не чоғли қийин бўлмасин, ҳар ҳолда бундай тубан шубҳалар ичида ўтаётган даҳшатли кунлардан, юракни бурдалаб ташлайдиган изтироблардан қутуламан ва умримнинг охирида барибир қилишим зарур деб ҳисоблаган ишни адо этиб, хотиржам яшашга муяссар бўламан деган қарорга келдим. Мен жўнаб кетишга аҳд қилдим, аммо сени ўйлаганимда, сендан ажралиш мен учун қанчалик оҚир бўлишини эмас, аксинча, сен қанчалик куюнишинг, азоб чекишинг, қийналишингни ўйлаб, сени розилигингни олмасдан туриб, бу ишни қилолмаслигимни англаб етдим.
Аҳвол шундай: ҳозирги ҳолатда жимгина яшайверишнинг деярли иложи йўқ. Нима қилиш керак? Буни ўзинг ҳал қил. ўзинг ўйла ва нима қилиш ҳақида бир қарорга кел. Менимча, бу аҳволга чек қўйиш йўллари қуйидагича: 1) энг яхшиси, бизни бир йилдан бери бўғиб келаётган даҳшатли расвогарчиликдан бира тўла қутилиш учун барча муносабатларни, ким нима дейишига эътибор бермасдан, бутунлай тўхтатишимиз керак. Учрашувлар, хатлар, болалар, портретлар, Анна Иванованинг (2) қўзиқоринлари, Померанцевлар фойда бермайди, Маша Зандердан, Таня Поповдан озод бўлгани каби, биз ҳам тўла озод бўлишимиз керак. Бу энг яхши йўллардан бири. Яна бир йўли шуки, сендан бутунлай ажралиб, чет элга кетишим керак ва ҳар биримиз ўзимизча мустақил ҳаёт кечиришимизга тўҚри келади. Бу йўл жуда қийин, аммо уни амалга ошириш мумкин ва у бизни бир йил ичида бошимиздан кечирганларимизга қараганда мен учун минг марта енгил туюлади. Учинчиси шуки, Танеев билан барча алоқаларни йиҚиштириб қўйиб, иккимиз биргаликда ҳорижга кетишимиз ва ҳамма дилхираликлар йўқолиб кетгунча у ёқда яшашимиз лозим…
Тўртинчиси йўл эмас, даҳшатли синов бўлиб, мен бу ҳақда ўйлаганимда ваҳимага тушаман ва қаттиқ афсусланаман, бу шундайки, ўтган йилдаги каби буларнинг ҳаммаси ўтиб кетади, бу ерда ранжийдиган нарсанинг ўзи йўқ, деб ўзимни ишонтиришим ва ҳозиргидек яшайверишим керак, сен ҳам буни сезмагандек, бизни боҚлаб турадиган ҳамма воситаларни излаб топиб, мен билан учрашишинг, мени назорат қилишинг, фаҳмлашинг ва азоб чекишинг лозим бўлади — бу ерда рашкка ўрин қолмайди, аслида шундай туйҚу ҳам бор, аммо у асосий нарса эмас.
Энг асосийси, бу ҳақда сенга айтганман, буларнинг ҳаммаси сен учун ҳам, мен учун ҳам уят, шармандаликдир. Бу туйғу мен Таня, Попов, Стаховичларга нисбатан бошимдан кечирганимга қараганда юз марта азоблироқдир. Сен таклиф қилаётган бешинчи йўл буларнинг ҳаммасига ўткинчи нарсалар деб қараш ва сен айтганингдек, бирон гап бўлган бўлса, ҳаммаси жойига тушиб кетишини кутишдан иборат. Бу бешинчи йўлни мен синаб кўрдим ва азоб чекишимга сабаб бўлаётган омиллар бутунлай йўқолмасдан туриб, бу оғир ўйлардан қутула олмаслигимга қаттиқ ишонч ҳосил қилдим…
С.А.ТОЛСТОЙГА
8 июль. Ясная Поляна.
Қимматли Соня,
Кўпдан бери ҳаётим билан эътиқодим ўртасидаги номутаносиблик мени азоблаб келади. Сени ўзим ўргатган яшаш тарзи ва одатларингни ўзгартиришга мажбур қила олмайман, шу пайтгача сени ташлаб кетишга ҳам журъатим етмади, кичкина болаларни, гарчи уларга таъсирим камлигини билсам-да, кўзим қиймайди. 16 йил мобайнида баъзан курашиб ва сенинг Қашингга тегиб, баъзан мени қуршаган муҳит таъсирида турли васваса хаёлларга берилиб яшаганим сингари ҳаёт кечиришим сенга малол келади, энди мен бунга тоқат қилолмайман ва кўпдан ўйлаб юрган режамни амалга оширишга — кетишга қарор қилдим, биринчидан, қариб-қартайиб бораётганлигим сабабли умр ўтказишим тобора қийинлашиб, ёлғизликни кўпроқ қўмсайдиган бўлиб қолдим ва иккинчидан, болалар улғайди, энди уйда уларга таъсир кўрсатишимга ҳожат йўқ, ҳаммангизни ўзига яраша қизиқадиган нарсангиз бор, шунинг учун менинг йўқлигим сизларга деярли сезилмайди.
…Агар буни очиқчасига қилай десам, илтимослар, баҳслар, шикоятлар кўпайиб кетиб, кўнглим бўшашади ва аҳдимдан қайтиб қолишим мумкин, ниятимни эса амалга оширишим муқаррар. Шунинг учун хатти-ҳаракатларим дилингизга азият етказса, марҳамат кўрсатиб мени кечирасизлар, энг муҳими, сен Соня, ўз хоҳшинг билан кетишимга рухсат бер ва мени қидирма, қарғама, қоралаб ўтирма.
Ҳузурингдан кетганим сендан кўнглим қолгани учун эмас. Биламанки, сен айнан менга ўхшаб, кўриш ва ҳис қилишга қодир эмассан, ҳа, шунинг учун ҳам турмуш тарзингни ўзгартириб, ўзинг англамаган мавҳум нарсалар учун ҳаётингни қурбон қилишга қурбинг етмайди. Шу туфайли мен сени қоралай олмайман, аксинча биргаликда ўтган 35 йиллик умримизни биринчи ярмида сен ўз табиатингга мос оналарча фидойилик кўрсатиб, бутун куч-қувватингни сарфлаганингни миннатдорчилик ва муҳаббат билан эслайман. Сен фидокорлик билан менга ва дунёга оналик муҳаббатини баҚишладинг, бунинг учун сени қадрламаслик кўрнамаклик бўлади. Аммо ҳаётимизнинг кейинги даврида, 15 йил ичида биз бегоналашиб кетдик. Бунга ўзимни айбдор деб билмайман, сабаби мен ўзимни ёки одамларни ўйлаб эмас, балки бошқача яшай олмаганим туфайли ўзгардим. Бу масалада менга ҳамдард бўлолмаганинг учун сени айбламайман, аксинча менга бағишлаган меҳринг учун миннатдорлик билдираман ва ҳамиша муҳаббат билан ёдда тутаман. Алвидо, қадирли Соня.
Сени севгучи
Лев Толстой
Мазкур мактуб Толстойнинг хотинига берилмасдан кабинетдаги креслолардан бирининг қопламаси тагига яшириб қўйилган. 1901—1902 йиллардаги оғир касаллик пайтида у Мария Львовнадан хатни олишни илтимос қилиб, конверт устига: “Таржимаи ҳолимга доир бу лавҳа кимнидир қизиқтирса, вафотимдан эллик йил ўтгандан кейин очилсин”, — деб ёздирган. 1907 йил май ойида Толстой хатни сўраб олиб ўз қўли билан: “Мен томонимдан махсус буйруқ бўлмаса, вафотимдан кейин Софья Андреевнага берилсин”, — деб ёзиб қўйган ва куёви Н.Л.Оболенскийга берган. У марҳумнинг топшириғини бажарган.
Д.П.МАКОВИЦКИЙГА
17 декабрь. Москва.
Қадрли дўстим Душан,
Хатни жўнатиб юборганингиз ва энг муҳими, ҳамма одамлар ардоқлаб севадиган яхши одам бўлганингиз учун сизга чексиз миннатдорчилик билдираман. Мен “Санъат нима?“ни тамомладим, “Фалсафа масалалари” журналига бердим ва бўлиб-бўлиб чиқаришига розилигимни билдирдим…
Унинг бу ерда босилиши инглизча нашрига ҳалақит бермайди деб умид қиламан. Мен уларга хат ёздим ва телеграмма жўнатдим, аммо ҳалигача жавоб олмадим.
Карпентерга ёзиладиган сўзбошига келганда, у мен учун кўп ноқулайликлар туғдирди. Бунга сиз ҳам ғайри ихтиёрсиз сабабчи бўлдингиз. Хотиним Гуревичга нисбатан ҳеч қандай сабабсиз, ғалати бир нафрат билан муносабатда бўлади, уни мендан беҳуда қизғанади. Бу аҳвол улар “Хўжайин ва хизматкор”ни босиб чиқаргандан бери давом этиб келади. Мен буларнинг ҳаммаси ўтиб кетади деб ўйлаган эдим, сўзбоши бунчалик ғалвага сабаб бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим ва бу ҳақда унга ўзим айтишга шайланиб юргандим. Сиз юборган хабар унга даҳшатли даражада таъсир кўрсатди, мен оғир кунларни бошдан кечирдим ва “Шимол хабарномаси”дан мақолани қайтиб олишимга ҳамда сўзбошини босиб чиқаришдан бутунлай воз кечишимга тўғри келади. Шунинг учун уни сизга юбормайман…
Сизни оғаларча қучиб,
Л.Толстой.
1898 йил
Л.Л. ва Д.Ф.ТОЛСТОЙЛАРГА
20 январь, Москва
Азизларим Дора ва Лёва, мен сизларни жуда кўп ўйлайман ва буни сизларга билдириб қўйишни хоҳлайман. Доранинг саломатлиги яхшими? Оилавий ҳаётингиз қандай ўтмоқда? Машғулотларинг-чи? Чамаси, яхши бўлса керак? Биздаги шаҳарга хос ғала-ғовурлар жонга тегди. Тоза қор ва тиниқ ҳаво қўйнида бўлишни доим қўмсаб юраман. Биз аҳил яшаяпмиз. Таня Петербургга кетди…(3)
“Вестник Европа” учун раҳмат. Боборикин ўта зийрак.(4) У таҳсинга сазовор. Мен эса Гейнени қайта ўқияпман…
М.Л.ОБОЛЕНСКИЙГА
13 февраль. Москва.
Азизим Маша, мендан бошқа ҳамма сени унутди. Тинимсиз сени ўйлайман, ёнимда йўқлигинг доим билиниб туради… Фақат ўзингга яхши қара, мабодо касалланиб қолсанг, тантиқланиб кетма, ҳеч кимга аччиқ қилма, аксинча, бемор бўлганинг учун ўзингни айбла. Танянинг Петербургдаги саргузаштлари мана бундай бўлди: самаралик молоканлар(5) ҳузуримга келган пайтда, у уйга қайтиши лозим эди. Мен унга телеграмма жўнатиб, яна бир оз қолишга даъват этдим. Телеграммани олгач, у Победоносцев(6)нинг ҳузурига боришга қарор қилади. Телефонда гаплашади, у эртага соат 11 да қабул қилишини айтади. Таня эрталаб қабулга отланган пайтда малоканлар мен подшоҳдан мадад сўраб ёзган хатни унга етказишади. Таня бу мактубни олиб Победоносцев ҳузурига боради. Уни шу заҳотиёқ қабулига киритишади. Таня мақсадини айтади ва подшоҳга ёзилган илтимосномани ўқиб беради. У: “Дар ҳақиқат Архиерей ҳаддидан ошиб кетибди. 16 нафар болани тортиб олган экан. Мен ҳозироқ болалар қайтарилсин деб губернаторга хат ёзаман”, — дейди. Столга ўтиб: “Исмлари нима?”— деб сўрайди. Таня: “Мен билмайман аниқлаб келаман”, — деб жавоб бериб, кетишга чоғланади. Шунда у: “Кимлигингизни айтмадингиз-ку”, — дейди, Таня: “Татьяна Львовна” деса, у: “Левнинг қизи, демак, сиз машҳур Татьяна экансиз-да”, — деб хайратга тушади. Таня эса машҳурлигимни билмас эканман, деб ўрнидан туради. Победоносцев у билан бирга келган молоканларга болаларни қайтаришга ваъда қилади ва бу ҳақда ёзиб ҳам беради (7) . Таня бу хатни муҳим ҳужжат сифатида сақлаб қўйган. Болалар қайтарилгани ҳақида ҳалигача хабар топмадим…(8)
С.А.СТАХОВИЧГА
11 март Москва.
Қимматли Софья Александровна.
Машъум қатл (9) тафсилотларини ҳозир эслай олмаяпман. Чамаси Тубецкийнинг қайдлари (унинг мактублари)(10) бор эди. Ишончли маълумотлар декабристларнинг ёзишмаларида эмас, замондошлари ва турли генералларнинг асарларида мавжуд. Стасов кўп нарсаларни билса керак. Бестужев билан Муравьёвнинг яқинлиги ҳақида мен Матв. И.В.Муравьёв— Апостол ҳикоялари орқали хабар топганман. Бестужевнинг шахси ва ташқи қиёфаси ҳақида Петербургда яшайдиган жияни, қурол заводининг директори Василий Николаевичдан маълумот олиш мумкин…
Л.Толстой.
1909 йил
В.Г.ЧЕРТКОВГА
31 август. Ясная Поляна.
Перно жўнаб кетганидан фойдаланиб бир-икки оғиз сўз — айнан бир-икки оғиз сўз ёзгим келди, сабаби ҳар куни олдингизга боришга имкон излайман. Бу икки-уч кундан кейин амалга ошса керак. Менга алоқадор одамларни ташвишга қўйишни хоҳламайман. ўз аҳволимни мендан кўра минг марта ёмонроқ аҳволдаги одамлар билан қиёслаб кўриб, ўзимдан уялиб кетаман. Кеча қаттиқ бетоб эдим. Шу аҳволда Перно (11) билан учрашдим. Ҳозир ҳар доимги ҳолатимдаман. Шу кунлар ичида — беш кундан бери жиддий иш қилганим йўқ. Турли-туман режалар кўп — кўп нарсалар айтгим келади, аммо қувватим кам, бу ҳол ҳалақит бермайди-ку, аммо ўз хоҳишимга ҳам қўймайди. Саша ёзув-чизувлар ва бошқа ишларимда яхши ёрдам беради.
Кўпинча баъзи қарияларга, айниқса маълум йилларда саҳрога чиқиб кетадиган буддавийларга ҳавасим келади.
Бу ерга Буланже келди, уни кўрганимдан хурсанд бўлдим. У Конфуций(12) ҳақида китоб тайёрламоқда. Мен Муҳаммад(13)дан ташқари Лаотзе(14)нинг ҳикматларини ҳам кичик муқаддима билан нашрга тайёрладим. Биз Иван Иванович билан биргаликда барча донишманд руҳонийлар ҳақида кичик китобчалар тайёрламоқчимиз…
1910 йил
С.А.ТОЛСТОЙГА
28 октябрь. Ясная Поляна.
Жўнаб кетишим сени қайғуга солади (15). Бунинг учун ачинаман, аммо тўғри тушун ва гапимга ишон, мен бошқа йўл топа олмадим. Менинг уйдаги аҳволим чидаб бўлмайдиган даражага етди. Буларнинг ҳаммасидан ташқари, мен бундан кейин шу пайтгача яшаб келганимга ўхшаб хашамат ичида яшай олмайман, одатда менинг ёшимдаги қариялар қиладиган ишга қўл урдим, улар дунё ишларига қўл силкиб, умрининг охирги кунларини ёлғизлик ва сокинликда ўтказадилар.
Марҳамат қилиб, буни тўғри тушун ва қаерда эканимни билганингдан кейин ҳам мени излаб борма. Сенинг шундай ташрифинг ҳар иккимизга ҳам зарар етказиб, аҳволимизни оғирлаштиради холос, аммо қароримни асло ўзгартирмайди. Мен билан 48 йил ҳалол яшаганинг учун сендан миннатдорман ва сенинг олдингда гуноҳларим бўлса, ҳаммасини кечиришингни илтимос қиламан, шу билан бирга, менинг олдимда биронта гуноҳинг бўлса, уларни чин дилдан кечираман. Менинг кетишим туфайли вужудга келадиган янги шароитга кўникишингни маслаҳат бераман, бунинг учун мен ҳақимда ёмон хаёлларга бориб ўтирма. Менга биронта гапинг бўлса, Сашага айт, у қаердалигимни билади ва дарҳол менга етказади; аммо қаерда эканлигимни айта олмайди, чунки буни ҳеч кимга билдирмаслик ҳақида онт ичган (16).
Лев Толстой
А.Л.ТОЛСТОЙГА
28 октябрь тонги, соат 6. Шчекино.
Яхши етиб келдик. Чамаси, Оптинага борамиз (17). Хатларни ўқи. Чертковга айтиб қўй, агар бир хафта ичида 4-числогача мен фикримни ўзгартирмасам, газеталарга эълон бераверсин (18). Азизам, марҳамат қилиб, мен қаерда эканлигимни билганингдан кейин, уни яқинда билиб оласан, — жўнаб кетишимни қандай қабул қилишгани ва бошқа ҳамма ҳодисалардан хабар бериб тур — қанча батафсил бўлса, шунча яхши (19).
А.Л.ТОЛСТОЙГА
28 октябрь. Козельск.
Менга русча, сиёҳ ва ўқиётган китобларимни: Монтень, Николаев (20), Достоевскийнинг 2-жилди )21), Мопассаннинг “Ҳаёт” романларини бериб юбор ёки ўзинг олиб кел.
Барча хатларни ўқи ва муҳимларини менга: Подборка (22). Шамардинога жўнатиб тур…
——————————-
1.16 майда ёзилган мактуб.
2. С.И.Танеевнинг яқин дўсти Маслова.
3. Т.Л.Толстая 18-29 январда “Посредник” нашриётига алоқадор ишлар билан шуғулланиш ҳамда ўзи тайёрлаган француз суратлари альбомини “тарғиб қилиш” учун Петербургга борган эди.
4. Толстой юборган журналда П.Д.Боборикининг “Тортишув” ҳикояси босилган эди.
5. 1897 йил апрел ойида молоканлар (XVIII асрда пайдо бўлган мазҳаб, улар черковни ва диний расм-русумларни тан олмаганлар) мазҳабига мансуб деҳқонларнинг болалари полициячилар томонидан тортиб олиниб, православ дини руҳидан тарбияланишлари учун мажбуран монастирга жойлаштирилган эди. Толстой ёрдам сўраб келган деҳқонлар қисматини енгиллаштириш учун астойдил ҳаракат қилган. У икки марта Николай IIга ҳат ёзган, матбуот орқали бошқа давлат арбобларига мурожаат этган.
6. Победоносцев К.П. (1827—1907) — ҳуқуқшунос, 1880—1905 йилларда синод обер-прокурори.
7. Т.Л.Толстая ўз кундалигида Победоносцев қабулидаги тафсилотлар ҳақида батафсил ёзган.
8. Самаралик малоканлар 23 февралда барча болалар қайтарилганини Толстойга билдирганлар.
9. Репиннинг илтимосига мувофиқ 8 марта Стахович ёзган хатга жавоб. 1898 йилнинг январида Москвада бўлган Репин Толстойдан расм чизиш учун бирон сюжет айтиб беришни сўрайди. 4 февралда Т.Л.Толстая кундалигига ёзган эди: Кеча дадам калласига бир сюжет келиб қолганини айтди… Бу декабристларни дор остига олиб боришга боғлиқ. Навниҳол Бестужев Рюмин Муравьев Апостолнинг ғояларидан кўра шахсини кўпроқ ёқтириб қолган ва ундан бир дақиқа ҳам ажралмасди. У қатл олдидан иродасизлик қилиб, йиғлаб юборади, Муравьев уни қучоқлаб олади ва дор тагига шундай борадилар. Толстой ҳикоя қилган бу сюжетни Стахович Репинга сўзлаб беради. Шу аснода декабристлар ҳақида ҳамда қатл тафсилотлари ёзилган маълумотларни аниқлаш эҳтиёжи туғилган эди.
10. С.П.Трубецкий. “Мактублар”. Толстойнинг кутубхонасида мактубларнинг биринчи нашри сақланади.
11. Перно Александр Яковлевич (1878—1916) —кимлигини аниқлаб бўлмади.
12. “Конфуций — хитой донишманди. Ҳаёти ва ижоди”. 1910 йилда Толстой таҳрири остида “Посредник”да нашр этилган.
13. Муҳаммаднинг Қуръонга кирмаган ҳадислари. Толстой томонидан танлаб олинган. “Посредник”, 1910.
14. “Хитой файласуфи Лао-Тзенинг ҳикматлари”. Толстой нашрга тайёрлаган ва сўзбоши ёзган. “Посредник”, М., 1910.
15. Толстойнинг жўнаб кетганидан хабар топган Софья Андреевна жонига қасд қилишга уринади.
16. Толстой эрталаб соат 7 дан 55 дақиқа ўтганда уйдан чиқиб, поездда Шамардинога — синглиси.М.Н.Толстаяникига йўл олган эди.
17. Оптина Введенский хилватхонаси — эркаклар монастири. Толстой бу ерда 1877, 1881, 1890 йилларда бўлган эди.
18. Адиб 1881 йилдан кейин ёзган барча асарларидан фойдаланиш ҳуқуқини халқ ихтиёрига беришга қарор қилган эди.
19. 29 октябрда Оптин хилватхонасига А.П.Сергиенко келиб Чертков ва А.Л.Толстойнинг мактубларини топширади. Мактубларда Толстой жўнаб кетгандан кейин Софья Андреевна ўзини қандай тутганини баён қилинган.
20. П.П.Николаевнинг Оламни яратган худо ҳақида тушунча Женева, 1910 асари.
21. “Ака-ука Карамазовлар” романи.
22. Калуга губерниясидаги почта бўлими.
1895 йил
3 январь. Никольское Олсуфьевларникида (1). Мўлжалланганидек 1-да йўлга чиқдик. Мен сўнгги дақиқагача “Хўжайин ва хизматкор” устида ишладим. Бадиий жиҳатдан эпақага келди, аммо мазмуни ҳамон заиф. Фотосуратга боғлиқ воқеа жуда мунгли. Ҳаммаси камситилган (2). Мен чертковга хат ёздим. Йўлга чиқишдан олдим тобим йўқ эди, тузалмай, дармонга кирмай туриб жўнаган эдик. Яхши етиб келдик. Кейинги кунда ва ҳозир ҳам ҳеч қандай иш қилмадим — фақат ўқидим, сайрга чиқдим, ухладим…
6 январь. Никольское. Батамом соғайдим, кеча ва бугун яна “Катехизис”ни ишлай бошладим. Мавзу ўзига тортади, кўнгилга яқин, аммо муносиб шакл тополмаяпман ва ўзимдан норозиман. Учинчи куни кечқурун ўзим ёзган ҳикояни ўқидим (3). Яхши эмас. Биронта ҳам харакат кўринмайди. Ҳозир нима қилишни биламан…
29 январь. Москва. Уч ҳафтадан кўп бўлдики, ёзаман. Олсуфьевларникида яхши яшадим. Кўпроқ ҳикоя билан банд бўлдим. Корректураси чиққанига қарамай, ҳали тамомлаганим йўқ. Мени ёмон аҳволга солиб қўядиган бир ҳодиса юз берди — бу подшоҳнинг кескин нутқи (4). Шаховский ўтказган йиғинда қатнашдим. Бекорга борган эканман. Ҳаммаси аҳмоқлик, бу ташкилот айрим одамларнинг шахсий иродасини фалаж қилиб қўяди. Уни ҳам корректурасини тузатдим. Яхши хатлар (5) ҳамда “Ватанпарварлик ва насронийлик” мақоласини олдим. Нималарнидир қораладим, ҳозир вақтим зиқ, кечқурун ёзишга ҳаракат қиламан.
7 февраль. Москва. Шу куни кечқурун ёзишга улгуролмадим. Бир хафтадан бери шу аҳвол. Бу вақт ичида Дрожиннинг таржимаи ҳолига кичкина сўзбоши ёздим (6) ва ҳикоя устидаги ишни давом эттирдим. Омадсиз ҳикоя. У кеча Сонянинг дарғазаб бўлиб, шиддатли бўрон қўзғашига сабаб бўлди. У соғлом эмас, мадордан қолган, ёқимтой Ванечка касаллангандан бери ҳаловатини йўқотган, менинг ҳам тобим келишмаяпти…
18 март. Тонг. Беш кун ўтди. Ҳеч нарса қилмадим. Эрталаблари “Катехизис” устида ўйладим. Бир марта “Сергей ота”га уриниб кўрдим, яхши чиқмади. Маша Ильяларникига кетди. Соня оғир қалб изтироблари билан янги ҳаётга қадам қўйди. Унга ўзинг мадад бер, тангрим. Шу кунлар ичида бошим оғрияпти, жуда мадордан қолганман. Кечқурунлари одамлар кўп келишади. Улар билан суҳбатлашиб ўтириш менга оғирлик қилади.
Ёзувчилик, айниқса бадиий ижод, мен учун тўғридан-тўғри маънавий зарар етказади. Мен “Хўжайин ва хизматкор”ни ёзаётган пайтимда шуҳратпарастлик майлига берилган эдим. Ҳозирги мақтовлар ва муваффақият буларнинг ҳаммаси бетайин иш эканини яхши кўрсатиб берди. Ҳозир мен маънавий жаҳатдан бир қадар уйғонгандайман. Бу уйғониш бундан икки кун аввал юз берди…
27 март, Москва. … Кеча Лесковнинг “Васият”и (7) ҳақида ўйлаб қолдим ва ўзим ҳам шундай нарса ёзишим кераклигини ҳис қилдим. Бунга ҳали эрта деб уни орқага суриб келаяпман, холбуки жуда яқин қолди. Бу шунинг учун ҳам яхши ва зарурки, у яқин кишиларни мурдага қандай муносабатда бўлиши ҳақидаги ташвишлар ҳамда иккиланишлардан халос қилади, айни замонда тобутдан чиққан товушни яхши эшитадилар. Яқинларига айтиладиган гаплар бўлса, дастлабки дақиқаларда билдириб қўйган яхши.
Менинг васиятим тахминан қуйидагича бўлади. Ҳозирча бошқасини ёзганим йўқ, у асосан шундай:
1) Мени вафот этган жойимда — энг ғариб қабристонга, агар шаҳарда бўлса, энг арзон тобутда, энг қашшоқ одамлар каби дафн қилишингизни сўрайман. Гуллар, гулчамбарлар керак эмас, нутқлар сўзлашга ҳожат йўқ. Иложи бўлса, руҳонийларсиз, жанозасиз қабрга қўйинглар. Мабодо бу дафн этувчилар учун ноқулайлик туғдирса, ҳамма қатори жаноза ўқилса ҳам майли, аммо у арзон ва дабдабасиз бўлсин.
2) Вафотим ҳақида газеталарда ёзилмасин ва некрологлар эълон қилинмасин.
3) Қоғозларимни кўздан кечириш ва саралаш учун хотинимга, В.Г.Чертковга, Страховга (қизларим Таня ва Машага) берилсин (кераксизларини ўзим йўқ қилганман қизларим овора бўлиб юришмасин). ўғилларимга бу вазифани топширмаганимга сабаб — уларни яхши кўрмаганимдан эмас (худога шукур, айниқса мен сўнгги пайтларда уларни жуда яхши кўриб қолдим), улар ҳам мени яхши кўришларини биламан, аммо улар мени банд этган ўй-хаёлларни етарли даражада билишмайди, уларнинг қандай пайдо бўлиб, қандай шаклланганини кузатган эмаслар, бу ҳақда ўз фикрлари, қарашлари бўлишига шубҳа йўқ, шу туфайли улар кераксиз нарсаларни олиб қолиб, сақланиши зарурларини йўқ қилиб юборишлари мумкин. Бўйдоқлик даврида ёзган кундаликларимдан энг зарур жойларини олиб қолиб, бошқаларини йўқ қилишларингизни илтимос қиламан, айни шу тарзда оилавий ҳаётим давомида ёзган кундаликларимдан ҳам, улар эълон қилинса, кимларгадир малоллик етказадиган ўринларини йўқотиш зарур. Чертков мен ҳаётлигимдаёқ бу ишни бажаришга ваъда берган. Унинг менга нисбатан улкан муҳаббатини вақтида қадрлай олмадим, юксак маънавий фазилатлар соҳиби бўлган бу инсон юқоридаги вазифани виждонан адо этишига ишонаман…
Умуман олганда, кундаликларимни шундай қолдирса ҳам бўлади. Ҳеч бўлмаганда, улар ёшлигимдаги ярамас, бемаъни ишларимдан ташқари оз бўлса-да худо ярлақаган одам бўлганимни ва жилла қурса кексайган йилларимни кўрсатишга хизмат қилади.
Бошқа қоғозларимни саралаб олиб, ҳаммасини эмас, одамларга нафи тегадиганларини нашр этишни илтимос қиламан…
4) Асарларимни нашр этиш ҳуқуқи аввалгидек қолади: уларнинг ўз жилди ва алифбени жамоатчиликка тақдим қилиш, яъни муаллифлик ҳуқуқидан воз кечишни меросхўрларимдан илтимос қиламан. Бу фақат илтимос, васият эмас. Бажарсаларинг яхши. Бу сизлар учун ҳам яхши бўлади, бажармасаларинг — ўзларинг биласизлар. Демак, шундай қилишни хоҳламайсизлар. Сўнгги ўн йиллар ичида асарларимнинг сотилиши — мен учун ҳаётимдаги энг оҚир ишга айланди.
5) Яна энг асосийси, сизлардан яқин ва узоқ қариндошлардан сўрайманки, мени мақташга зўр берманглар (мен шундай қилишларингизни биламан, ҳаётим давомида бу жуда нўноқ тарзда амалга оширилди, агар асарларимни тарғиб қилмоқчи бўлсангиз улар орасида худонинг хоҳиши билан адо этилган ва мен ҳаётим давомида амал қилиб келган ўринларга урғу беринглар. Худонинг иродасини тарғиб этаётганимни қалбдан ҳис қилган дақиқаларим кўп бўлган. Баъзан манфурлик қилиб, ўз хоҳиш истакларимга қул бўлган кезларимда ўзимдаги жаҳолат туфайли ана шу ҳаёт нури хиралашди, аммо бу ҳақиқат нури вужудимни доим ёритиб турди, бу умримдаги энг бахтиёр дамларимдир…
5 август, Ясная Поляна. Бир ой деярли ёзмадим. Ой яхши ўтди. Далада озгина меҳнат қилдим. Сули ўрдим. Коневский устида кўп ишладим. Қимирлаяпти. Бу вақт ичида Киднинг “Social Evolutsion”ини (8) ва ўзим ҳақимда “Wahrheit”да(9)ги мақола ва ҳоказоларни ўқидим. ўзинг ҳақидагиларни ўқиганда бутун дунё фақат сен қилаётган ишлар билан шуғулланаётгандек туюлади, аммо бу нотўғри Хилковнинг духобор таъқиб қилинадиган ҳақидаги мактуби келди. Мен инглиз газетасига мақола ёзиб жўнатдим. Ҳозир таржима қилинмоқда…
…Колпнеда бўронда қолиб кетдим. Мужикларнинг уйида ҳордиқ олдим. Улар бой экан, кечки овқат келтиришди: картошка, нон, бодринг иштаҳа билан ейилди. Рахитга чалинган болалар, оғир меҳнат чақиб ташлаган эркаклар, чойшабсиз ўрин-тўшак, пашшалар, ифлослик. Энг ёмони ,маънавий хотиржамликка ишонмаслик. Келажакдаги ҳаётини ўйламаслик, Исо Масиҳ сингари яшаш мумкинлигини тан олмасликдир…
————————————
1.Толстой 1-18 январда А.В. ва А.М.Олсуфьевларнинг Москва губернаси. Никольское — Горушкийдаги меҳмондорчиликда бўлган эди.
2. Толстой дўстлари билан тушган суратларни хотини негативлари билан йўқ қилган эди.
3. “Хўжайин ва хизматкор” ҳикояси.
4. Николай II земство ҳайъати аъзолари ҳузурида кескин нутқ сўзлаб, земствонинг ички бошқарув ишларида қатнашиш ҳақидаги гапларни “самарасиз орзулар” деб баҳолаган эди. Бундан дарғазаб бўлган либерал зиёлилар Д.И.Шаховский бошчилигида мажлис ўтказишади, Толстой ҳам унга қатнашган эди. У подшоҳнинг кескин нутқидан норозилигини “Беъмани орзулар” мақоласида баён қилади.
5. Фин ёзувчиси Арвид Ернефельт, Н.Н.Страхов, Г.Фаст ва бошқалардан келган хатлар.
6. Е.И.Поповнинг “Евдоким Никитич Дрожиннинг ҳаёти ва ўлими” асарига сўнгги сўз.
7. Н.С.Лесков 1895 йил 21 февраль кечаси оламдан ўтган.У “Менинг сўнгги илтимосим” деб номланган сўнгги мактубида “энг қашшоқ одамлар” мақомида дафн этишларини илтимос қилган эди.
8. Инглиз идеалист файласуфи Бенжамен Киднинг “Ижтимоий эволюция” китоби. Лондон, 1894 йил.
9. Немис журнали “Wahrheit” (1895 йил, 31-36-42-сонлар)да Толстойнинг дикит маърифат таълимоти ҳақидаги мақолалар эълон қилинган эди, (1895йил 31-36-42-сонлар).
1908 йил 2 июль. Ясная Поляна.
Ўзим учун махфий кундалик тутишга киришдим. Агар қилаётган ишларимдан кўнгиллар баҳра олаётганини англаб етганимда, агар оламни қалбга жойлаб яшаш мумкин бўлмаганда, ҳаётим жуда оғир кечарди.Мен ҳақимда кимдир у ҳашамат ичида умр ўтказади, ҳеч кимни йўлатмайдиган қоравуллари бор, хоҳласа деҳқонларини қамоқхонага ўтказиб қўяди, христианлик удумларини номига бажариб, хўжа кўрсинга гапириб юради, беш тийин садақа беради, ярамас ишларини қилиб қўйиб, хотининг орқасига яшириниб олган деб гап тарқатса — уни аблаҳ деб айблашга хаддим сиғмайди! Инсон зотига хос бўлган шон-шуҳрат туйғусидан халос бўлиб, фақат қалб учун яшамоққа шунинг ўзи кифоя қилади.
Василий Морозовнинг ҳикоясини таҳрир қилдим (1). Кўнглим азоб-уқубатга тўла. Бу дилимга ҳаловат беришини биламан, аммо бари бир оғир.
Ўз-ўзимдан сўрайман менга нима керак? Фақат қочиб қутулиш. Қаерга? Худога. Ўлимга. Ўзимга азоб бериб, ўлим тилайман.
Мана шу мулоҳазаларни ёзганимдан кейин Чертков мени суратга туширди (2) ва оқибатда англаб бўлмайдиган, қўпол, ваҳший томоша бўлиб ўтди. Индамай юраверганим яхши иш бўлаяптими ёки Буланже(3)га ўхшаб қочиб кетиб, яширинганим маъқулми, деган фикр миямга келади…
Ўзинг мадад бер, тангрим, мадад бер, мадад бер!!! Ўлиб қутулишдан бошқа яхши йўл йўқ.
3 июль. Ич-этимни еб, ўзим билан курашяпман, аммо ёмон курашаяпман. Бу ердаги — Ясная Полянадаги ҳаётим бутунлай заҳарланган. Қаерга борсам — уят ва шармандалик. Гоҳ қамоқхонадаги грумондлик мужиклар, гоҳ қоровуллар, гоҳ қария В.Суворов: “Гуноҳ, граф, оҳ, гуноҳ, графиня хафа бўлди”, дейишади. Ўйламасдан солинган йўл сабабли шундай бўлаяптими? (4) Оғир, билолмайман, кайфиятим шунинг учун ёмон ёки ҳаёт даҳшатлари туфайлими О, менга мадад бер, менинг сийратимга мадад бер…
4 июль. Аҳвол сал яхшиланди, аммо ҳамон оғир. Саша билан яхши гаплашдик. Жуда ғалати ҳолат — эркакларга отасининг ақли, онасининг феъл-атвори ўтади ва аксинча.
6 июль. Булар даҳшатли тақдир синовларими ёки ишқпарастлик учун берилган жазоми? Даҳшатли даражадаги оғир жазо. Ҳозиргина Чертков у билан бўлиб ўтган суҳбатни айтиб берди: “У дабдабали ҳаёт кечиради, яна буларни ортиқча ҳашамат деб ҳисоблайди”. Мен эса, ўзимни қурбон қилаяпман… ва ҳ.к. Менга мадад бер, раббим. Яна кетишни хоҳлаяпман. Аммо журъат қилолмайман. Воз кечолмайман ҳам. Энг муҳими: кетсам ўзим учун кетаман. Агар қолсам, бошқаларни деб қолган бўламан, буни яхши биламан. Фақат худодан мадад сўраш керак. Энди шундай қиламан.
7 июль. Кечаги кун жуда азоб билан ўтди. Пулларни тахлаб қандай кетишимни тасаввур қилиб кўрдим. Унга очиқ кўнгил билан қарай олмайман. Ҳозир аҳвол сал ўзгарди…
Ҳамма менинг таржимаи ҳолимни ёзиш билан овора. Уларда ўсмирликдаги қилиқларим ҳақида ҳеч нарса дейилмайди. 13-14 ёшдан то 15-16 ёшгача (бошқа оилаларда ахлоқий бузилиш неча ёшдан бошлангани билмайман) жинсий майилларимни ҳамда деҳқон қизи Аксинья билан алоқаларимни – у ҳозир тирик – ҳеч ким билмайди. Кейин уйланиш, хотинимга бирон марта хиёнат қилмасам-да, муҳаббат масаласида унга жинояткорона лоқайдлигим… Булар жуда муҳим, ўзим бу илатларимни англаб етганман, улар бошқаларга ибрат бўлиши жиҳатидан ҳам муҳим.
9 июль. Унга хат ёзишни ўйлаяпман. Худога шукур, ёмон ниятим йўқ. Фақат бир нарса: мен яшаётган муҳитдаги тасаввурга сиғмайдиган телбаларча ортиқча хашаматлар ва аслида йўқ қашшоқликдан шикоятлар.
Буларнинг ҳаммаси ёмондан-ёмон, оғирдан-оғир тарзда давом этмоқда. Уларни унутолмайман, кўришга тоқатим йўқ.
18 июль. Ёмон ўйлардан қутулдим. Кўнглим ёришди. Кеча иккита қочқин денгизчи келди (5). Пул бердим, дуо қилдим. Яхши ўйлаяпман. Кўнглим қувончи — Саша тўйдан қайтиб келди. Уни жудаям яхши кўраман. Оёғим оғрийди. Ҳамма нарсага бефарқ қарайман.
———————
1. Толстой яснополяналик деҳқон В.С.Морозовнинг “Бир оғиз сўз” ҳикоясини қайта ишлаб, сўз боши ёзиб берган эди.
2. В.Г. Чертков англялик фотограф Томас Тапселни олиб келиб, Толстойни суратга туширган эди. Чертковнинг бу иши Софья Андреевнада норозилик уйғотади.
3. П.А.Буланже давлат пулларини қиморга ютқазиб қўйиб, Кавказга қочиб кетган ва жонига қасд қилганди, деб гап тарқатган эди.
4. Ясная Полянага олиб борадиган янги йўл деҳқонларнинг манфаатига зарар етказган эди.
5. Қўзғолон кўтарган “Потёмкин” броненосецидаги матрослардан бўлса керак.