БОБУР ФАҲМИДАГИ “ҚАСИДАИ БУРДА”
Омонуллоҳ Тўхтаохунд ўғли,
Шокирхон Шодмонхўжа ўғли
Пайғамбаримизни улуғлаб айтилган ва битилган қасидалардан бири “Қасидаи бурда” деб номланади. Суриялик араб тадқиқотчиси Абдул Ол Ҳамомисийнинг “Бусирий Пайғамбарни мадҳ этган энг буюк шоир” номли рисоласида берган таърифига кўра: “Агар Пайғамбаримиз мадҳ этилган юзлаб қасидаларни бирма-бир кўриб чиқсак, шак-шубҳасиз, мадҳ услубида чексиз меҳр-муҳаббат ва комил имон билан араб шеъриятига хос иқтидор билан санъат даражасига етказиб ижод этилган қуйидаги уч буюк қасидани кўрсатиш мумкин:
Биринчиси – илк Ислом даврида (милодий VII аср) Каъб ибн Зуҳайрнинг Расулуллоҳ ҳузурида тараннум қилиб айтган – “Бонат Суъоду”, яъни, “Суод узоқлашди” деб бошланадиган қасидаси[1];
Иккинчиси – Исломнинг ўрта асри (ҳижрий VII аср ёки милодий XIII аср)да битилган Бусирийнинг – “Ал-кавокибуд-дурриййа фий мадҳи хойрил-бариййа” – яъни, “Яралмиш жонзотларнинг энг яхшисини мадҳ этувчи порлоқ юлдузлар” номли қасидаси;
Учинчиси – шоир Аҳмад Шавқийнинг (1868 – 1932) – “Наҳжул бурда” яъни, “Бурда изидан” номли қасидаси”.
Тарихий манбаларда ушбу қасидаларни тушунишда турли ноаниқликлар рўй берганига дуч келдик. Масалан, “Бобурнома”нинг 935/1528 йил воқеалари баёнидаги ушбу сатрларга эътибор қилайлик: “Сешанба кечаси, сафар ойининг йигирма еттисида[2] ҳазрат Хожа Убайдуллонинг “Волидия” рисоласини назм қилмоқ хотиримға кечти. Ҳазратнинг руҳиға илтижо қилиб, кўнглумға кечурдумким, агар бу манзум ул ҳазратнинг мақбули бўлур, худ нечукким, соҳиби “Қасидаи бурда”нинг қасидаси мақбул тушуб, ўзи афлаж маразидин халос бўлди, мен доғи бу оризадин қутулуб, назмимнинг қабулиға далиле бўлғусидур. Ушбу ният била “рамали мусаддаси махбуни аруз ва зарбгоҳи махбуни маҳфуз” вазнидаким, Мавлоно Абдурраҳмон Жомийнинг “Субҳа”си ҳам бу вазндадур, рисола назмиға шуруъ қилдим, ҳам ўшал кеча ўн уч байт айтилди”[3].
Бу парчада Бобур Мирзо қайси “Қасидаи бурда”ни ва унинг соҳиби деганида кимни назарда тутган бўлиши мумкин? Бу ҳақда тадқиқотчилар нима дейишган?
“Бобурнома”нинг ўзбекча нашрларида бу хусусда на шарҳ на изоҳ берилган. Аммо русча нашрларида “Қасидаи Бурда”га бундай изоҳ берилган: “(Касида в честь Мухаммада – “ал-Бурда”) – хвалебная ода, написанная современником Мухаммада (VII век) поэтом Каъб ибн Зухейром”[4].
Хўш, далилларга асосланиб кўрайлик-чи, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақиқатан ҳам “соҳиби Қасидаи бурда” деганида Каъб бин Зуҳайрни кўзда тутган эдими?
Бобур Мирзо ижоди билан кенгроқ танишиш бу жумла бошқа асарга, бошқа муаллифга алоқадор эканини кўрсатади. Унинг “Мухтасар” асаридан бир парчага эътибор берайлик: “…нечукки, Қасидаи бурданинг бу икки байти мужтасс баҳридадур:
“Ам ҳаббатир рийҳу мин тилқои козиматин,
Ва авмазал барқу физзалмои мин изами.
Фамо лиъайнайка ин қултакфуфо ҳамато.
Ва мо ли-қалбика ин қултастафиқ яҳими.”[5]
Бобур ушбу икки байтни шеър вазни ҳақида баён этмоқчи бўлган фикрига мисол қилиб келтиради.
Шарқшунос Михаил Салие (рус тилида Салье) таржимасидаги изоҳга асосан бу икки байтни “Қасидаи бурда”дан қидирдик: Каъб ибн Зуҳайрнинг 59 байтли қасидасида Бобур Мирзо “Мухтасар”ида назарда тутган байтлар учрамади. Солиштириш натижасида бу икки байт Муҳаммад ибн Саид Бусирийнинг 163 байтдан иборат “Қасидаи бурда” асарининг биз “Далоилул хайрот”да учратган матнидаги иккинчи ва учинчи байтлари экани маълум бўлди.
Ушбу қасидалар орасида Бусирийнинг “Қасидаи бурда”си минтақамизда маълум тарихий сабаб ва баъзи ижтимоий омилларга кўра неча замонлардан буён машҳур бўлиб келмоқда. Ўзининг икки асарида бир қасидани эслагани ва ҳар икки ҳолатнинг касаллик билан боғланиши Заҳириддин Муҳаммад Бобур “соҳиби Қасидаи бурда” деганида Муҳаммад ибн Саид Бусирий ва унинг қасидасини назарда тутгани аён бўлади. Бу ўринда муаллифнинг зикр этилмаслиги, фикримизча, маърифат аҳли орасида ушбу қасида ҳам, муаллифи ҳам машҳурлиги учун Бобурнинг изоҳ бериш шарт эмас, деб ҳисоблаганидан бўлса керак.
[1] Ўша даврда шеър, байт ва қасидаларга алоҳида ном қўйилмас ва одатда, улар биринчи байтнинг аввалги бир-икки сўзи билан аталар эди.
[2] “Uconvert” маълумотига кўра, ўша сешанба 1528 йил 10 ноябрига тўғри келаркан.
[3] Заҳириддин Муҳаммад Бобур. “Бобурнома”. “Шарқ”, 2002.
[4] Бабур-наме. Записки Бабура. Перевод Салье. Издание второе, доработанное. Ташкент.: Главная редакция энциклопедий. 1993. 339, 404, 346-С.; Захириддин Мухаммад Бабур. “Бабурнаме”. Ташкент.: “Шарк” 2008. 238-С.
[5] Заҳириддин Муҳаммад Бобур. “Мухтасар”. Нашрга тайёрловчи Саидбек Ҳасан. Т.”ФАН”, 1971. 33-б.