УЙҒОНИШ
Қуёшдан бир нурли кўчки қўзғотган,
Қишнинг муз чойшабин парчалаб отган,
Ғафлат уйқусидан ерни уйғотган,
Бу баҳор эмасми,
Саволим шулдир?!
Тонгга ўчоқбоши сингари шошиб,
Эшикка қўшқанот бағишлаб очиб,
Фарзандин уйғотган меҳрлар сочиб,
Бу она эмасми,
Саволим шулдир?!
Даврабоши бўлиб алдов, хиёнат,
Бурчакка қисилган пайтлар диёнат,
Виждонни уйғотган, солган қиёмат,
Бу имон эмасми,
Саволим шулдир?!
Олам бир ёқ, сени бир ёқ этолган,
Вафони юракка байроқ этолган,
Тунни юлдуз билан уйғоқ этолган,
Бу севги эмасми,
Саволим шулдир?!
Лекин бир халқ мудраб, ётинқираса,
Ҳар кимга ўз тинчи ёқинқираса,
Шоирлари қўрқиб босинқираса,
Халқни ким уйғотар,
Саволим шулдир?!
БИР ХИВА — ИККИ ҚАЛЪА
Хивада қалъа бор қалъа ичинда:
Бири Ичон қалъа, бириси Дишон.
Машҳурдир бирининг номи очунда,
Бири нураб ётар беназар, бешон.
Не сир бу? Бир ёнда мовий тафаккур
Қулф уриб турибди осуд, беозор.
Бир ён — тенгсиз жангда енгилган муғрур
Ботирнинг лошидек қаровсиз ва хор.
Ичон қалъа бугун — Хоразм фахри,
Баҳор нақш гумбазлар, минор, сардоба...
Шундадир ул буюк Маҳмуднинг қабри,
Шундадир шон, ғурур... Дишон — хароба.
Халқимнинг устивор руҳи — зўр даҳо
Мунгулик топгандир Ичон қалъада.
Уни бузмасин деб тур-турфа бало
Қалъа тикланилган Дишон — далада.
Азалий беомон бир ҳукмдир бу:
Одам — Дишон қалъа, орзуси — Ичон!
Оз яшаб кўп мушкул қўрса ҳамки у,
Руҳин қолдирмоги мумкиндир омон.
Мен бугун Хивада виқорли турган
Асрий ёдгорлардан туяркан маъни,
Дедим: умр ҳикматин бобонгдан ўрган,
Асрамоқни ўрган Ичон қалъани!
ТАРИХ МУЗЕЙИДА
Кўрганинг қолади деган бир гап бор,
Тарих музейига кирдик... кўргани.
Жаҳонни титратган соҳибқироннинг
Қизиқ-да, бирпасда маҳв бўлгани...
Мана эрк! Бир уйда шоҳ билан қулнинг
Забаржад тожию чипта ковуши!
Аммо «мсье!» дея хаёлни бўлар
Бошловчининг ҳиссиз, силлиқ товуши!
Ботирлар ишидан шод турсак, аммо,
Ҳушу хаёлларни бўғди бўлак ҳол,
Ҳамма нарса эркин бўлганда энди
Ўзимиз юролмай қолдик бемалол:
Бири «Ҳеч нарсага қўл теккизманг!» деб,
Биттаси «Секин юр!», «Жим!» деб дўқ урар.
Юриш-туришингни чекласа бири,
Бири гапиришни ман қилиб турар.
Чапга мумкин эмас, ўнгга сираям,
Ортиқча саволни жинлари суймас.
Узоқ қолдирмаслар бир ерда, аммо
Мундоқ илгари ҳам кетгани қўймас.
Ажабо! Битта халқ шунча жон чекиб,
Сўнгги, оғир жангни этганда тайин,
Зўрға ағдарганда битта подшони,
Ўрнига чиқибди мингта «хўжайин!»
ОҚШОМ. ГАВЖУМ ПАРИЖ.
Ярим тун.
Парижда беуйқу кезиб,
Гавжум бир ҳаётни кўрдим ногаҳон,
Гўё минг-минг рангли чироқлар чизиб,
Кўкдан ерга тушган эди Қаҳкашон.
Томоша, базмга шошилган олам
Парижни пойтахт этмиш чамаси.
Кун бўйи нурланган мавжларин бу дам
Кўчаларга солмиш Сена дарёси.
Бешарм фильмлар, шаҳват гуллари
Қадамда кўзларга зўрлик қилади,
Катта бир шаҳарнинг даҳа-йўллари
Гўё ҳаё учун торлик қилади.
Ҳеч тўй, ҳеч анжуман бўлмас беҳуда,
Нега парижликлар бедор бу чоғлар?!
Билсам, асл Париж ҳозир уйқуда,
Бу юрганлар эса — беғам сайёҳлар...
На деб изоҳлашни билмадим буни,
Лол кездим мен Париж кечаларида:
Қизиқ-да, ўз халқи уриб уйқуни,
Бошқалар сайр этса кўчаларида...
* * *
Боқдим жаҳон ишина, маъноси турли-турли,
Бир бошдаги тўфони, ғавғоси турли-турли.
Ҳар сорида қуёшнинг зиёси турли-турли,
Бу не мангу бозордир, савдоси турли-турли,
Ваъдаси бир либосда, вафоси турли-турли.
Кўп кўрдим мен замонда пок, мўътабар жонларни,
Илму давлат буржида порлоқ қаҳкашонларни,.
Мен шулардан олганман толеимга тонгларни,
Гарчи фалак беқарор, ҳавоси турли-турли,
Буюкларнинг турланмас сиймоси турли-турли.
Элда фидойи жонга «берсин тўзим» деганлар,
Қанча менга дуч бўлди «дунё ўзим» деганлар,
Қарқуноқдек ўз тухмин ўзи чўқиб еганлар,
Агар дунёга кимнинг парвоси турли-турли,
Бурди йўқ ул одамнинг, дунёси турли-турли.
На майдонга кирмишман — ҳар қадамим оташдир,
Ҳақ деб ёпдим, кўксимга ҳақнинг ўзи нур сочди,
Ҳақни мансаб, ризқ билиб, кўплар йўлдан алашди,
Гарчи ватаннинг тоғи, дарёси турли-турли,
Аммо бўлмас юракнинг худоси турли-турли.
Нетай, ҳиммат билмасалар мендан ҳиммат сўрсалар,
Ёзғутида хат йўқлар мендан ҳужжат сўрсалар,
Бошимдаги нурдан ҳам бирор иллат сўрсалар,
Нечун тақдир китобин иншоси турли-турли,
Саҳфаси турли-турли, имлоси турли-турли.
Гўзалларким вафони сочдек минг хил кесдилар,
Ойдек муқим йўл тутмай, ҳар эпкинга эсдилар.
Тоғ кўрганда туғишган саҳросидан бездилар,
Охир сарсон қолдилар, равоси турли-турли,
Юзда бўёғи турли, ридоси турли-турли.
Дўсту ёр, юрт омонми, Омон, сен ҳам омон бўл,
Эл ҳама яхши бўлса, майли сен бир ёмон бўл,
Лекин сен нур томон бўл, сен адолат томон бўл,
Кўнглинг бирдир — агарчи ошноси турли-турли,
Умринг шундан гўзалдир, навоси турли-турли.
* * *
Ой чиқди-ю, лекин қамар йўқ,
Ер кўринди, аммо самар йўқ.
Бугун кўплар тангридан сўзлар,
Лекин асл бир пайғамбар йўқ.
Миллат учун азиз жой қани,
Пойтахт бор, лекин шаҳар йўқ.
Булғанган чоғ Боғи Эрам ҳам
Ким айтади: «Сутда заҳар йўқ!?»
Ўз касбидан ким хордир, кўринг,
Унда илоҳийдан асар йўқ.
Бизга зулм қилғонлар қани,
«Агар» бору лекин «магар» йўқ.
Сувратга туш ёруғ дунёда,
Омон, ушбу бордир, дигар йўқ.
КЎҲНА ҲИКМАТЛАР
Шоҳларга зар йиғмоқ азал таомил,
Аммо эл доим зор, ғазнабон — жоҳил.
Одамнинг ўз ризқи асли бир ҳовуч,
Берсанг аммо доим олмоққа мойил.
Касбу корнинг сеҳри, қадри йўқ жойда
Давлат ишинда ҳам бўлмас такомил.
Ахмоқ миробларнинг касридан, кўрдик,
Уч девор ичинда нуради Бобил.
Рўшнолиғ бермаса деҳқонга даврон,
Лайлатулқадр ҳам бўлмайди восил.
Изма-из мушкуллар туғар кун ва тун,
Лозимдир ҳар мулкни бошқарса оқил.
Музлуғ довонлардан ўтган дарёнинг
Азмига муборак бўлди қўш соҳил.
Набилар наздида Биби Марям пок,
Ошиқлар оҳидин Масеҳо нозил.
Ёт иқлимдан келган не-не кўчатлар
Биҳиштга ўтқаздик, бермади ҳосил.
Даҳшат, қирғин этдинг, лекин ўлмадик,
Устивор миллатмиз, бас-да, эй қотил!
Ўзгалар нақдини қизгонар ҳосид,
Улусга бахш этар борини фозил.
Сўлинг ва соғингда, бўйнинг, бошингда
Лаинларнинг юки, бу не тағофил?!
Толе қуши тилар кафтингдан дона,
Фойдаву зиёнинг шунга муқобил.
Улуғ ўтмишингни ўзинг унутдинг,
Азал ҳаттотлари улашмас ой-йил.
Юз йил ўз гирдини қўргон этганлар
Титрарлар, эшикни қоқса азозил.
Анор ниҳон гуллар гарчи кўзлардан,
Баҳорда ғофиллар — кузда ҳам ғофил.
Ром этса ёлғонлар элнинг қулоғин,
Очилмас, бургусин чалса Исрофил.
Дунёда то битта қул халқ бор экан,
Замон одил бўлмас, имоним комил.
1986. КУЗ
Ойдин куз оқшоми. Бир хаёл суриб
Ненидир истадим кўкданми, ердан.
Гарчи билар эдим, бу кўҳна равоқ
Сирларин очмайди ҳаммага бирдан.
Юлдузлар! Бу қандай мавж?! Не ҳаракат?!
Ким у машъал тутиб келаётганлар?!
Демак, бор, ҳув олис сарҳадларда ҳам
Мен каби безовта бўлаётганлар.
Ҳақ мақсадли одам доим безовта,
Умиднинг йўллари бўлмас унга берк,
Гўё эски лип-лип кинода ота
Беиз кетган ўғлин илгаб қолгандек...
Кўзим куртагидан учган капалак
Дарҳол чаманларга ураркан ўзни,
Демак, бизларга ҳам интизорлар кўп,
Демак, кимдир севиб асрайди бизни.
Оламда кечиккан баҳорлар йўқдир,
Кечиккан виждон бор, чалажон матлаб,
Шу боис табиат муаммони минг,
Ечимини эса берар битталаб.
Одамда геолог олим руҳи бор:
Тоғларнинг гранит жилдларин титиб,
Миллион йилги япроқ изини излар,
Бугун олтин баргни жим босиб ўтиб...
Ойдин куз оқшоми. Хаёлга шундай
Минг хил ўй келади, минг турли сўзлар.
Аниқ бир ҳақиқат жамол очсин деб,
Тинмай игна урар тунга юлдузлар.
* * *
Дарахтлар ва гиёҳларнинг тарҳи-файзини
бир рксола этмоқ истаб,
созлаб баётин,
обдон боқсам ўз умримнинг қабатларига
мен яшабман ўшаларнинг рангин ҳаётин.
Ҳа-да!
Гоҳи, бўйтеракдек, дирдов қолибман,
на гул ва на мева тугиб, ўз-ўзим билан.
Сал булутга баргларимни гизлаб тескари,
сал шамолга қўпорилиб илдизим билан.
Гоҳ ўрикдек, мевамдан то мағзимга қадар,
юракларга малҳам, даво йигиб яшабман,
Гоҳ анордек, баҳорни «пов» ёниб қаршилаб,
сал ёт назар тегса гулим тўкиб ташлабман.
Мен ток бўлдим.
Зангларимга заминдан шарбат,
баргларимга оқ қуёшдан зиёлар солдим.
Ҳаёт барпо бўлгандаги алвон исёндан
кўнгилларга сархуш сурур, ҳаволар солдим.
Гоҳ шунчаки бир иҳота — чақир бутазор —
кўп йўлларни асрадим мен тўзса қор, довул.
Гоҳ ошиқлар талпингувчи мажнунтол бўлдим,
гоҳ барханлар кўчкисини тўсган саксовул.
Ё иқлимлар кескинлашган чоғи юртимда
юрагимга турфа қушлар қайғуси тушди,
уларни ёз оловидан, қора совуқдан
яширолдим — чўнг гужумлик бахти етишди.
Гоҳ тут бўлдим.
Олам ипак киймаги учун
гарданимга қайта-қайта каллак солдилар.
Гоҳ болалар лабида оқ марварид бўлдим,
гоҳ кўксимни танбур учун ўйиб олдилар.
Ўҳ-ҳу, агар санайверсам,
умрим шажари
боғлар қаён, тоғу қирга бойланиб кетар
ва қуш учар юксаклардан энди боқилса,
олам яшил майсазорга айланиб кетар.
Аҳолиси ниҳоят зич яшил салтанат —
ялпиз, анғиз, исмалоғу бинафша, буғдой...
Мавжланишим — денгизлардан қолган эсдалик,
не музликлар эригандир тафтимдан буғдай...
Тил чиқарсам гоҳ еримнинг дардин ёргали,
қатқалоқлар қисувидан озурда жонман.
Тонгнинг тиниқ дурларини тун чангалидан
омон олиб чиққанимдан — покман, омонман,
Мен — майсаман, қитиқлайман товонларини
болакайлар елкамда шод ўйнаган дамлар.
Ҳа, гиёҳман — пойандозман барра ва юмшоқ,
тупроғимга оғир ботмасин деб қадимлар.
* * *
Қайдан келиб қолдинг, қайин, оқ қайин
Бу турфа дарахтлар тиғиз ўрмонга?!
Нега керак экан нозик вужудинг
Бу қорлар мулкига, бу қаҳратонга?!
Бир ёқдан жодугар игнабарг арча
Чимчилаб-чақишга уринса зимдан,
Бир ёқдан чўнг эман зугм этар сенга,
Беҳаё қарағай яланғочлар тан.
Агар туғилганинг рост бўлса шунда,
Жиндак шаббодага титрарсан нечун?!
Қора тамға ўйиб кумуш баданга,
Нечун оқизарлар кўз ёшингни хун?!
Амир ҳарамида тутқун қиз рақсин
Қизлархон қайғули этгандек ижро,
Ўрмон саҳнасига сен — оқ раққоса
Биргина лаҳзага чиқдингмикан ё?!
Инжа ўхшатмалар кўпдир.
Лекин сен
Бу қора ўрмонда ёлқинсан мағрур!
Не сўз?!
Азалдан-да поклик, нафосат
Шундай шароитда яшашга мажбур.
* * *
Қор босган оқ-оппоқ далада кўрдим,
Қимир этмай турар тўп қора тулпор,
Қиш обдон бекитган чўнг қора тошнинг
Беш-олти жойида эригандек қор.
Тулпорлар, ҳой! Қора қирни уйғотинг,
Мудроқ хомрезани ёки қилинг бас,
Сизнинг ул учишлар бўлмаса, бу ер —
Кераксиз бўшлиқдир, беун ва бекас.
Қора тулпорларим менинг, қанотли,
Турманг, учинг-кўчииг тез бўлиб ўқдан!
Ўзни шундоқ оқланг, қир ҳам қутулсин
Бугун оқ кўринган қора совуқдан.
ЭШИГИНГДАН ЎТАМАН...
Куз ёйса ҳам йўлларга хазон,
Қор кўмса ҳам борлиқни бутун,
Кўклам келиб, урса ҳам хандон,
Эшигингдан ўтурман бир кун.
Сочларингга тушса ҳамки оқ,
Пешонамни босса ҳам ажин,
Кирганда ҳам гавдамга титроқ,
Эшигингдан ўтурман бир кун.
Майли, шунда танимасанг ҳам,
Ёки десанг, кўрмайин турқин,
Ёшим ютиб, бошим қилиб хам,
Эшигингдан ўтурман бир кун.
Мени демай юмсанг ҳам кўзинг,
Хонанг қолса зулматга тутқун,
Хотирангга шам бўлиб ўзим,
Эшигингдан ўтурман бир кун.
Вақтим етиб чиқса бу жоним,
Дардларимга ясалса якун,
Бу дунёни тарк этар оним
Эшигингдан ўтурман бир кун.
* * *
Кўзингда мунаввар дунёлар
Кўзингда севгининг диёри.
Кўзингда тазкира этилган
Азалий бир ишқнинг ашъори.
Лекин сен мен томон боқмайсан,
Билмадим нелар ғов йўлингга.
Ё Сукут исмли юлдуздан
Бир оғир тош тушган тилингга?!
Жимликда толдирма сен мени,
Кўзингдан муждалар учиргил.
Кўзингни — ул қора куррани
Мен ёнган меҳварга кўчиргил.
Топмасанг, адашсанг, тўхтасанг,
Боқ, ёвлар тийрлар отарлар:
Ўқларнинг изидан қарасанг,
Кўзларинг қалбимни топарлар.
* * *
Ўқий олмас бўлдим китоблар,
ҳарфлар кўзга аранг кўринар,
фақат сенинг чеҳранг кўринар,
сўзлар достонидан кетиб.
Чаман кезсам энди тинчим йўқ,
на капалак, на ранг кўринар,
фақат сенинг чеҳранг кўринар,
гуллар бўстонидан кетиб.
Оқшом кўзни юмсам ҳам шу ҳол,
кўкда ялт-ялт бир жанг кўринар,
фақат сенинг чеҳранг кўринар,
юлдуз осмонидан кетиб.
Муҳаббат деб келдим дунёга,
ошиққа ер-кўк танг кўринар,
фақат сенинг чеҳранг кўринар,
дунё ҳар ёнидан кетиб.
* * *
Қуёш тонг олдида қизарган каби,
Ғунчалар қисиниб юз ёрган каби
ийманиб келасан,
очилолмайсан:
«Анавилар бор-да, ўшалар...» дейсан.
Қўлингда Зуҳрадан гўё бир хат бор,
гўёки Лайлидан мерос қисмат бор,
минг йиллик ёзгутдан қутулолмайсан:
«Анавилар бор-да, ўшалар...» дейсан.
Азизам, юлдузлар фалакда бахтли,
инсон ўз қалбида —
юракда бахтли...
Сен сира ўзингни нурга солмайсан:
«Анавилар бор-да, ўшалар...» дейсан.
Гулим, «ўша»ларга ўчма-ўч очил,
сенинг учун бугун боглар бўш, очил!
Уларни қўявер, улар қолмаслар,
чунки бизлар каби сева олмаслар!
* * *
Соғиндим мен сени.
Кўргим келади,
Лекин айтолмайман ҳеч кимга буни.
Шаҳар ғуж тош ўрмон. Бошимга тушган
қуёшга талпинган огочнинг куни.
Соғиндим. Кун-тунлар қатланди қалбда
Рангин ипаклари соғинчнинг.
Агар
ёйсам йўллардаги симёгочларга
зорланиб етарди Самарқанд қадар.
Соғиндим, жаҳонда балки ҳеч бир тил
ҳижронни мукаммал ёзганмас ҳали.
Қадим ёзмалардек ул кунлар йитди,
бир сўзингни эслаш олам тасалли...
Дарахтман. Мен миллион япроғим билан
боқаман зор титраб сен келар кунга.
Соғиндим мен сени.
Кўргим келади,
Лекин айтолмайман буни ҳеч кимга.
* * *
Мен ишқимни айтолмасам ўзингга,
Булутларга топшираман қалбимни.
Улар кўзинг осмонида безовта —
Чақмоқ тахлит нақш этсинлар дардимни.
Мен ишқимни айтолмасам ўзингга,
Баланд тоққа бориб солар ҳаё-ҳу!
Пойинг узра дарё бўлиб тўлғонсин,
Чўққиларнинг бошидаги оқ уйқу.
Мен ишқимни айтолмасам ўзингга,
Вижир-вижир қалдирғочга айтайин:
Ҳар баҳорда шу зангори сўзлардан
Бўғотингда уя қурсин атайин.
Айтолмайин, чекиб оҳу нолалар,
Ерга кўксим қўяр бўлсам ногаҳон,
Юрагимдан хабар топган лолалар
Фарёд солиб қирга чиқсин бағри қон.
* * *
Сендан хабар келтирса
Мен ўпардим шамолни,
Йўқ бўлса ҳам лаблари,
Йўқ бўлса ҳам гаплари.
Сендан хабар келтирса
Амударё, Сирдарё,
Дердим, азиз диёрда
Менинг қўш бахтим бор-да!
Сендан хабар келтирса
Тилло патли қушчалар,
Ишқ ёд айлагусим,
Зўр қанот айлагусим!
Аммо орзуларимдан
Туннинг умри қисқадир,
Кўкка юлдузим қайтар,
Осмона изим қайтар!
* * *
Ўртамизда биргина олма —
Олам ичра юмалоқ илинж.
Ўртамизда биргина олма —
Балки ғам у ё балки севинч.
Ўртамизда биргина олма,
Ярми қизил, ярми оч-яшил.
Ҳаё туғёнидан қизил у,
У соғинчнинг рамзидир асил.
Ўртамизда биргина олма,
Бармоқ учи тегса товланар.
Алвон иффат, яшил ташналик
Бир сенга, бир менга довланар.
Ўртамизда биргина олма,
Гард тегмаган, бирам покиза.
Ҳозирча у рангин бир ҳавас,
Лаб тегса бошланар мўъжиза...
* * *
Кетишим шарт эди. На илож, кетдим,
ёлғизлик қаърида қолдириб сени.
Шу маъюс кўзларга жо бўлар энди
тун деган азобнинг бўйи ва эни.
Хуш дамлар ҳамдаминг — кўзгу бу кеча
тикка турган кўлдек ютишга тайёр.
Бир пайтлар бахтингдан шаҳодат берган
юлдузлар бу оқшом олис ва бекор.
Оқ ёстиққа бошни гамгин босасан,
оқликда илинжсиз тўлганар гавда.
Сочларинг юзингга айлана тортар,
тутилган қуёшдек қора, безовта.
Соат бирми-икки.
Туриб юрасан
ёстиқ сезмасин деб қалб санчигини.
Кулиб, жим қучасан ҳалигина мен
ўтирган курсининг суянчиғини.
Кўнглим, ўзингдан кўр: энди ҳеч тинмай
таъқиб этар сени ул маъюс нигоҳ —
аёлни тун билан ёлғиз қолдирмоқ
гуноҳлар ичида энг огир гуноҳ!
* * *
Яратганга шукр, сен яна келдинг,
Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.
Мен сенга узундан-узун от қўйдим:
«Эй, эски дардларни янгилатувчи!»
Бармоқлар бармоқлар учини сезди,
Кўнгил бир илоҳнинг кучини сезди,
Юрак алланенинг ўчини сезди,
«Эй, узоқ йўлларни яқинлатувчи!»
Яна икки кўздан сирқилди намлар,
Биллурни ювдилар покиза ғамлар.
Қани ул Сир, Аму мавж урган дамлар,
Эй сен, денгнз тубин долғалатувчи?!
Асли, қайда бўлма, мен кўнгли тўқман,
Кунчиқарим ишқдир — нур ўчса йўқман.
Биламан, кимгадир жуда суюкман,
Эй сен, хотирани поклаитирувчи!
Ким айтди, йўл анча ўтилди дея,
Келган кетди, кутган кутилди дея,
Шодман — яна менга дуч бўлди дея,
Ишқи омонларни яшартирувчи!
Яратганга шукр, сен яна келдинг,
Ҳамма қонунларнинг ўзгарди кучи.
Сенга мен узундан-узун от қўйдим:
«Эй, кўҳна дардларни янгилатувчи!»
* * *
Миллион жажжи фонус ёқди дарахтлар.
Камалак. Яшиллик, Ёмғир юз фоиз...
Имон келтиргайман аммо —
бу боғлар
ёруғдир бизнинг-да севгимиз боис.
Ҳар оғоч, ҳар шохни уйғотди наврўз,
гул билан қитиқлаб карахт танини.
У сени кўрсатди менга.
Ва билдим
юрагим қаерда жойлашганини!
Оҳ, баҳор! Заминнинг сўз эркинлиги!
Майсалар куйлашар кўкка ўрлашиб.
Шу буюк қувончга жўр бўлдик биз ҳам
лабларим лабларинг билан бирлашиб.
Умр нима ўзи?!
Имон келтирай,
ҳикмат бу, баҳордек қисқа ва аён:
Севги ила масъуд онларни ўйла,
асл умр шулдир. Қолгани — ёлғон...
БАҲОР АРАФАСИ
Учрашувимизга яқин қолди
Қишнинг таъқибидан қочиб
Дарахтин тарк этган япроқлар билан.
Учрашувимизга яқин қолди
Тошларини лола ёпиб, гизлаб,
Булут тўплаётган тоғлар билан.
Учрашувимизга яқин қолди
Ўзимиз билан ўзимиз, совуққон,
Орзиққан юракнинг ёнгинасида.
Учрашувимизга яқин қолди
Ўтмиш, Бугун билан юзма-юз
Шундоқ Келажакнинг ёнгинасида.
АЁЛГА МАҚТОВ
Шоирга йўл бўлсин, сизли чизай деб,
бўёқ қуюлтириб турар рассомлар!
Мукаммал ҳуснингиз ёғдуси учун
ой ҳам навбатчилик қилар оқшомлар!
Шоирга йўл бўлсин!
Куйлан дсб сизни,
бастакорлар юрар ёқа чок, тажанг:
торни темирчига топширворгудек,
ҳар жаранг устида қилиб неча жанг.
Эъзозингиз буюк!
Саркарда Бобур,
жувонмард руҳлари бўлгай зиёда,
қўшинда биргина от қолса, шунга
сизни ўтқазгандир,
қолиб пиёда...
Шоирга йўл бўлсин!
Сиздаги талъат,
нозиклик кимларни ўйга солмаган?!
Оққуш, сувдан чиқмай, таранавериб,
бежиз бир оёқда ухлаб қолмаган!
Сиздай ясанмоқни истаб, қиш битмай,
Изҳорга лаб жуфтлаб ҳар бир куртаги,
ўриклар чиқдилар — бир тонг тўла гул,
Нур кийди жаъмики боглар юртдаги.
Шоирга йўл бўлсин, кечикди шоир
бу инжа рақобат, нурли талошга:
Ҳа бизга ҳеч юмуш қолмабди энди
Сизни жуда қаттиқ севишдан бошқа!
ҚИЙИН МУҲАББАТ
Бу кўзлар неча йил, неча бўлгандир,
Тумор ёзувидек дилга жойланган.
Кунлар ёна-ёна кеча бўлгандир,
Тунлар ёна-ёна ойга айланган.
Бу қандай оташдир, мен сал дил ёрсам,
Очиқ кон топгандек, тўзди ганимлар.
Аммо очилмади уларга, эркам,
Фақат иккимизга аён тилсимлар.
Ҳар ким ўз билгича фасона айди,
Бизнинг ёнишларни, йўғу бор айлаб.
Ҳа, биз зардуштийлар посбони каби,
Бу ўтни асрадик ифтихор айлаб.
Бугун инсоф, имон тилга кирмишдир,
Жонсўз фарзандларин йўқлайди элим.
Сенинг ёна-ёна кўзинг қолмишдир,
Менинг ёнишимдан қолгани — шеърим.
* * *
Мен булут бағрига син солиб боқсам
Селлари кўзимда бир намча йўқдир.
Ваҳшати тун ёрган йилдиримнинг ҳам
Бардоши титраган бир шамча йўқдир.
Қадимда бир юртнинг нодон ҳоқони
Варрак кашф этганнинг тўкибди қонин,
Ёлғоннинг тахтдаги юз йил даврони
Ҳақиқат айтилган бир дамча йўқдир.
Тенглик йўқ жойларда ёмондир қисмат,
Тили омон бўлса ўлмайди миллат,
Дунёда ҳеч бир хил қуролда қудрат
«Тинчлик» сўзин ёзган қаламча йўқдир.
Табиат гўйиё биз билан сирдош,
Гулларнинг бағри доғ, оҳу кўзи ёш,
Дарёни опичиб турган тоғу тош,
Бари дард билган бир одамча йўқдир.
Жоним, бу одамлар бунчалар тажанг,
Олдинда-ку жанглар, орқада ҳам жанг,
Жаҳон йўлларини қилиб боқсак жам,
Иккимиз отган бир қадамча йўқдир!
ТУРҒУНЛИК ЙИЛЛАРИ
«Нега мен?!» достонидан парча
Дунёга синчиклаб тикилган кўзлар
Мушкул бир ҳолатни пайқашга тушди.
Қай томонга боқманг, бари — йўлсизлар,
Толелар айқашу уйқашга тушди.
Етмиш йил эл яшаб қуръон, тавротсиз,
Эрлар ночор қолди, аёл авратсиз,
Замон дурадгори, асбоб-яроқсиз,
Илма-тешик томни ямашга тушди.
Қор қора ёғмоқда, ёмғир заъфарон,
Дарёлар ўрнида оқмоқда армон,
Ҳар подшо ўзича чиқариб фармон,
Қолганлар бир-бирин булғашга тушди.
Ёқиб бўлакелдик газни, кўмирни,
Зимистон айлаймиз тез она-ерни,
Кўк ютар бундайин улкан қабрни,
Одамнинг сояси қуёшга тушди.
Ҳар ерда ҳоким ҳақ, арбоблар ғолиб,
Қонун шуларники, шуларда қолип,
Энг катта айбдор бир ёқда қолиб,
Жазони бошқалар ўташга тушди.
На майхона қолди юртда, на меҳроб,
На муқаддас қаср, на азиз китоб,
Не-не олтин бошлар кўролмай офтоб,
Надомат тунида мудрашга тушди.
Ҳайронман сен ўзбек деган миллатга,
Ерингни тўлдирдинг мараз, иллатга,
Не жавоб айларсан бундай кулфатга,
Қара, пойдеворинг нурашга тушди?
Қани элни яктан этган донолар,
Қани уй файзини тутган момолар,
Қани «Бирлаш! Тиклан!» деган нидолар,
Ғафлат оғусими ё ошга тушди?!
На шомда ишинг бор, на тонгда ёдинг,
Ароқ, уйқу бўпти бор эътиқодинг,
Жаҳон саҳнасидан ўчмоқда отинг,
Номингдан бошқалар сўзлашга тушди.
Кўкда йўқ Улуғбек очган юлдузлар,
Кўҳна Урганчингни емоқда тузлар.
Ер ости ганжларинг бегона кўзлар
Излаб, ковлаб, ташиб, гизлашга тушди.
Нечун қоралайсан сен ўз ўтмишинг,
Амир ҳам ўз кишинг, ҳон ҳам ўз кишинг,
Кўрарманми сенинг униб-ўсишинг,
Нечун парвоналар оташга тушди?
Бойқаронг қотилмиш, Темуринг хунхўр,
Мангубердинг зобит, хор, манглайи шўр,
Не хароб миллатсан, борми бирон зўр,
Устунлар тикланмай қулашга тушди?!
Жаннат Ўзбекистон, жаннатинг қани,
Шунча меҳнат қилдинг, меҳнатинг қани,
Сиғинган, суянган давлатинг қани,
Ҳар дайди ит сени талашга тушди?
Ҳеч ким ўз молига қўёлмас баҳр,
Бору йўғимизни билмайди дунё,
Ҳеч кимдан сўрамай-нетмай не юҳо
Бу юртдан қурбонлик ямлашга тушди.
Ўзинг бўлсанг эдинг ўзингга қози,
Ҳар оғир-енгилга бўлардик рози,
Етти ётлар қўйиб носоз тарози,
Оқу қорангни каж ўлчашга тушди.
Билганинг-кўрганинг пахта бўлибдир,
Ақлинг, тафаккуринг ахта бўлибдир,
Юз сариқ, жигаринг сўхта бўлибдир,
Наслинг шажараси бутрашга тушди.
Ўзин, элин, тилин нақд сотган ким у,
Бир танда уч сотқин яшагани шу,
Буни шараф билиб нечалар ёҳу,
Даврондан мукофот тилашга тушди.
Давр деворида Қодирий қони,
Шимолга қулади жануб Чўлпони,
Заҳр ичди биллур жом тутган Усмонинг,
Қонли базм соқийни сўрашга тушди.
Хўш, бугун-чи, йўқми ҳеч пок тийнат
Ўн жойга хатланар сал фаол инсон,
Ким у, ҳар сўқмоққа қўйиб юз қопқон,
Ҳар йўлни ким обдон боғлашга тушди?!
Киммиш! Ўзимизнинг булар палидлар,
Булар ўзимизнинг абдуллатифлар,
Юлдузлар таъмидан бебаҳра итлар
Ойни ялоқ билиб увлашга тушди.
Ким эмиш! Барин гоҳ сотган ўзингсан,
Бир-бирингни ғажиб ётган ўзингсан,
Ким бош тикласа тош отган ўзингсан,
Ахир, ўз бошинг ҳам шу тошга тушди.
Келди Маҳтумқули айтган бир замон,
Унутди «Яхшилик» сўзини ёмон,
Обрў талашмоқда қурт билан илон,
Филлар пашша билан савашга тушди.
Илм, бу аслида тангрининг нури,
Ҳаммага тенг аён эмасдир сири,
Кўпни олим этиб қамчининг зўри,
Шогирд устоз билан курашга тушди.
Кимнинг эри қаттол, кимнинг аёли,
Шундан бир-бирида эмас хаёли.
Ром этиб ўткинчи тулпорнинг ёли,
Кўпларнинг кўзлари ўйнашга тушди.
Азиз нимамиз бор аёлдан бошқа,
Куйиб бўлсалар-да ишда, қуёшда,
Нечун кирмакдалар яна оташга,
Қандай шармандалик бу бошга тушди?!
Тортилиш кучидан собитдир олам,
Қуёш теграсида сайёралар жам,
Аслида меҳрдан яралган одам
Бурч юкидан бўйин товлашга тушди.
Инсон бир туғилар, қайта туғилмас,
Азал бунёдкори қайта уринмас,
Асли рост нарсалар қайта қурилмас,
Ахир, сув бошқаю ўт бошқа тушди.
Не кўрдинг Сталин бўлганда «отанг»,
Не берди довдирбой, парфеъл Никитанг,
Гўё Брежнев ҳам сенинг ўз хатонг,
Тирноғингни кимлар ковлашга тушди?!
Руснинг уйига ҳам кирди дарз, алкаш,
Шунданми режалар, йўллар гоҳ чалкаш,
Шунданми ўз жойин ташлаб беоташ,
Қайда иссиқ кўрса тарқашга тушди.
Умидсиз шайтон деб такрорлаб оят,
Ёлғиз умид билан яшаш жиноят,
Чунки Ёлғон яна тўқиб ривоят,
Ўзин «янгилаш»га, бўяшга тушди.
Шунча сабоқ етар! Ўзингга ишон!
Ўз ақлинг, хулосанг, кўзингга ишон!
Сўнгги бор ўз ўғил-қизингга ишон!
Бугун шулар сени ўйлашга тушди!
Асли сендан зўрроқ қандай киши бор?!
Бугун Сайёрада «Ўзбек иши» бор!
Ҳали ўзбекнинг бир ҳайқириши бор,
Қара, томирларинг титрашга тушди!
Бузиб сарҳадларни, ғовларни олиб,
Бори дунё билан қилғил ошнолик,
Йўқса, ўтмишинг ҳеч кўрмай рўшнолик,
Келажак бир жойни топташга тушди.
Қаранг Янгиланиш деган пешани,
Артди у Халқ Руҳи маҳкум шишани,
Бугун қайта англаб Азал ишини,
Кўплар орқа-олдин ўнглашга тушди.
Замон бир Ленинга қайтсайди, дейман,
«Ҳаммангиз эркин!» деб айтсайди, дейман,
Планли зулмни отсайди, дейман,
Яна План элни қийнашга тушди!
Азизлар, дўстларим, қавму қардошим,
Истиқбол не бўлар, қотди-ку бошим,
Кўзимга ғилтиллаб келмакда ёшим,
Деманг: «Шоир яна йиғлашга тушди!»
Шоир жола тўкса ўпинг манглайин,
Унинг хабари бор бир гапдан тайин.
Кимнингки дийдаси қотгани сайин,
Билингки, қалби ҳам музлашга тушди!
Шеърдаги тушкунлик дил гавҳаридир,
Садаф мавқеи ҳам денгиз қаъридир,
Ким деса: «Бу гаплар мендан наридир!»,
Умрини бошқалар яшашга тушди.
Нега мен бу ўтга жонни тикамен,
Нега мен бу ўтии бекор титамен,
Ҳақнинг дийдорини ўтдан кутамен,
Ўзи олов кўнглим не ғашга тушди?
Истагим, бугунми-эртагами, бас,
Ўзбекнинг йўлими-қўлидами, бас,
Юрагим рангида бир не бўлса бас,
Кўнглим шуни фақат тилашга тушди.
ҚУЕШ ҚИЗАРИШЛАРИ
Нечун қуёш бир қизариб оладир,
Тонгда — ерга тушганида кезиши?!
Уни балки бу куйларга соладир
Тунда қилган баъзи гуноҳли иши?!
Нечун қуёш бир қизариб оладир —
Кечқурун-да, оловланиб яноқлар?!
Энди уни бу куйларга соладир
Бизнинг куппа-кундуздаги гуноҳлар...
ТЎРТЛИКЛАР
Тонг отди, оламда минг расм кўрдим,
Меҳрли кўзларни пок, маъсум кўрдим.
Ҳеч ким заҳар сепиб — бол йиққан эмас,
Гул кирган уйларда табассум кўрдим.
* * *
Бирлик — кўнгил билан гулнинг бирлиги,
Бирлик — виждон билан тилнинг бирлиги.
Бирлик — тўқсон икки бовли ўзбекнинг —
Эртандан умидвор элнинг бирлиги.
* * *
Эй зот, ханжар билан сен дам талашма,
Олам уйиндасан, олам талашма,
Менинг ўз дардимдир элимнинг дарди,
Ўз дардинг бўлмаса қалам талашма.
* * *
Танинг ҳеч тинмасин ўрганган ишдан,
Кўнглинг — ўзи суйган, ўртанган ишдан,
Ақлинг элаб турсин бори оламни,
Шунда умринг тинмас янгиланишдан.
* * *
Олам кўзгусида минг синар ёғду,
Ўзимники эмас, ҳатто туш, уйқу...
Бу нурларга тартиб ким берар экан,
Қачон бир идишга тушар бор оғу?!
* * *
Шимолда биз ёздан хазонга тушдик.
Бу — жануб. Яна «ё рамозон!»га тушдик.
Ғарбга кетдик — тубсиз қозонга тушдик.
Шарққа юрдик, яна озонга тушдик.
* * *
Йуқ дерлар иши бор бор билан йўқнинг,
Бўшлиқдан ўтарку йўли ҳар ўқнинг,
Кучлилар кучсизга қўл узатсалар,
Қадри ортар эди ҳар ёнган чўғнинг.
* * *
Бу йўлда биз неча қўрғондан ўтдик,
Адирлар, қумлардан, дарғондан ўтдик.
Шошмай, лекин қайтмай, ҳақ деб ҳар доим,
Биздан анча олдда борғондан ўтдик.
* * *
Сен мени ёлғончи дединг, эй аҳмоқ,
Шу сўздан ўлишим билибсан бироқ.
Ҳақ деб жон берурлар, сенинг мақсадинг
Ёлғончи дунёда кўпрак яшамоқ!
* * *
Деҳқон ўз хирмонин кўрмасин ҳеч кам,
Дўстлар йиғилсинлар эрта ҳам, кеч ҳам.
Ўз ер, ўз жойида яшасин эллар,
Ўз эркин бошқадан сўрамай ҳеч ҳам!
* * *
Қирқ биринчи хотинликка, Асилжон,
Сени келтирдилар Исфандиёрга.
Чидаб туролмади ҳеч бир тирик жон
Гурландан то Хева сен қилган зорга.
Нега мунча йиғи — ўйна, кул ахир,
Малика бўларсан улкан саройда!
Хонлар авлодига қонинг қўшилса,
Бир қўлинг юлдузда, бир қўлинг ойда!
Қовоғингни очгил энди, нозни қўй,
Хоннинг қучоғида кутсанг-чи, тонгни!
«Қизинг бўй эгмаса, осаман!» деб у —
Гаровга келтирди, ана, отангни!
Шунда ҳам кўнмадинг!
Бахмал тўшаклар
Бўри кирган уйдек тўзди шом-саҳар.
Сен таслим бўлмадинг.
Лекин хон тинди
Ногоҳ қўйганингда ўртага ханжар!
Хон тинди
Ва лекин мерос ғазаб, ўч
Уввос солиб кирди унинг қонига:
Отанг қатл этилди!
Сени отдилар
Хоннинг қайнаб турган дошқозонига!
Қачон бу воқеа эсимга тушса,.
Кўзимга ёш келар, синглим Асилжон.
Нимани сен бунча ҳимоя этдинг,
Нима деб соб бўлдинг, ўн беш ёшли жон?!
Ҳали на муҳаббат ҳавосин туйиб,
На оқу қарони фарқ этган қалбинг
Қандай илоҳий куч измин бажарди,
Жон бериб,
нимани қутқариб қолдинг?!
Табиат ҳар гиёҳ, ҳар бир жонзотнинг
Зотин пок сақлашга жо этган жавҳар
Исён кўтардими қалбингда ногоҳ,
Хондан шунинг учун қилдингми хазар?!
О ўзбек қизлари! Мужассам иффат!
Мужассам муҳаббат! Мужассами ор!
Сизнинг кўксингизнинг нурли зарбидан
Менинг толеимга жон риштаси бор.
Кўз бойловчи тақдир нақш олма каби
Ногоҳ тиг дамида ўйнатса сизни,
Ёки асир этса тўймас қора тун,
Биламан, асрайсиз юлдузингизни.
Лекин шуни билинг, ҳиссиз маҳрамлар
Бугун ҳам қайдадир қиз излар хонга!
Кимдир оҳ урмоқда бахтин чангаллаб,
Кимдир ўт ёқмоқда яна қозонга...
* * *
Умр ўтар, вақт ўтар,
Хонлар ўтар, тахт ўтар,
Омад ўтар, бахт ўтар,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг.
Баҳорда боғ на гўзал,
Қор тушса тоғ на гўзал,
Бу ёшлик чоғ яна гўзал.
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сўзсиз қарашларинг, ҳолим сўрашларинг.
Ой чиқар гоҳ заҳоли,
Дўстлар кўпдир вафоли.
Ҳаёт шундан сафоли,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Секин сўзлашларинг, пинҳон излашларинг.
Умр — йўл, қайрилиш кўп,
Учрашиш, айрилиш кўп,
Унутиш, айтилиш кўп,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Ўша кулишларинг, ўша келишларинг.