Аё мўъмин, киргил йўлға мурод истаб,
Жон баҳридин ўтгин Раҳим Раҳмон учун.
Гуноҳингга пушаймон бўл сидқинг бирла,
Тавба қилғил раҳм этгувчи Ғуфрон учун.
Танда жонинг меҳмон эрур неча кунлар,
Қон йиғлағил қайғу бирла узоқ тунлар.
Нечук бўлғой ҳолим дебон йироқ йўллар,
Шояд қабул қилғой сандек ҳайрон учун.
Лутф айласа, мушкул ишлар бўлур осон,
Уғон Изим бандам деса қолмас армон,
Неъмат берур дунё ичра турлук алвон,
Бино қилди саккиз беҳишт меҳмон учун.
Зоҳид қуллар тақво қилиб намоз ўқур,
Насиб қилса анда бориб ҳурлар қучур,
Ошиқ қуллар Мансур янглиғ жондин кечур,
Қурбон бўлур дор устида жонон учун.
Ҳаром эрур ошиқларға ғайр аз Худо,
Хато эрур талаб қилса ҳар ду саро.
Муҳаббатсиз тоатларинг – боди ҳаво,
Мағрур бўлма дунё, уқбо, ризвон учун.
Ё Раббано, хўб билурсан жумла асрор,
Кўбтур мунда журму исён, қилма изҳор,
Қаҳр айлама ман осийга Изим Жаббор,
Бағишлағил ул ҳурмати Фурқон учун.
Қул Хожа Аҳмад, лоф урубон айдинг муни,
Лоф урурсан муҳаббатдин, аҳдинг қани?
На эранлар бу дунёдин бўлди фоний,
Нафс илгида ўлдунг мисли ҳайвон учун.
2
Ошиқлари зикрин ойтиб ҳормас эрмиш,
Борғон сори йигит бўлур, қормас эрмиш.
Ҳалқа топса, ошиқ ишга ҳормас эрмиш,
Каҳф итидек ориф сўнгидин қолмас эрмиш.
Ориф сўнгиға эришгонлар мазо топти,
Мазо топиб, Ҳақ йўлида ризо топти.
Жисму жонин фидо қилиб ғизо топти,
Чин ошиқлар урса-сўкса тонмас эрмиш.
Қитмир итдин ибрат олғил ошиқ эрсанг,
Оқсоқланиб йўлдин қолма содиқ эрсанг.
Эрлар севур яхши қулға лойиқ эрсанг,
Лойиқ бўлғон қуллар йўлда қолмас эрмиш.
Тавфиқ тилаб эранларға ёвуқланғил,
Кўнгул узуб тааллуқдин совуқланғил.
Дунё қўюб, охиратға озуқланғил,
Озуқ олғон аро йўлда қолмас эрмиш.
Ошиқ қуллар жафо тортса, қонлар ютар,
Ҳарна жафо тегса, ани роҳат тутар,
Меҳнат тортмай, жафо чекмай қачон етар,
Бу ҳолатда бўлғон ошиқ қолмас эрмиш.
Ошиқ қуллар ингроюрлар тун-кун тинмай,
Зор инграбон наъра урор бағри толмай,
Зокир қуллар арра тортор доим ҳормай,
Суҳбат топса жон ўйнотиб ҳормас эрмиш.
Эргашгонлар яхшиларға зоеъ қолмас,
Сидқи бирла чин ихлослиғ топмай қолмас,
Чин йўлларға қадам қўйғон урса қойтмас,
Толиб қуллар матлубидин қолмас эрмиш.
Қул Хожа Аҳмад, орифларға мойил бўлгил,
Ҳарна деса, бўюнсуниб қойил бўлгил,
Хизмат қилиб югруб юруб сойил бўлгил,
Хизмат қилғон муродина етор эрмиш.
3
Охир замон шайхларидин сўзлойин,
Иймон-ислом билмай шайхлиқ қилор эрмиш,
Илм ўрганмай, амал қилмай, маъни уқмай,
Охиратда қаро юзлук бўлор эрмиш.
Шайхман тею меҳроб ичра ўлтурғойлар,
Ҳалқа ичра халқға заҳмат еткургойлар,
Ҳойу Ҳу деб сармастлиғин билдургойлар,
Ондоғ жоҳил қандоғ шайхлиқ қилор эрмиш.
Мундоғ шайхнинг қиёматда юзи қаро,
Нодонлиқда шайхлиқ қилур иши риё,
Рўзи маҳшар расво бўлур, кўзи аъмо,
Аввал-охир залолатда бўлор эрмиш.
Шайх бўлмоқға жамъ ул-жамъ адно мақом,
Ҳозир бўлуб, огоҳ бўлсанг алад-давом,
Пир хизматин неча йиллар қилса тамом,
Йўқ эрса, золу музилл бўлор эрмиш.
Оми шайхлар қулоқ, думсиз ҳимор бўлғой,
Ҳимматлари дунё молин йиғор бўлғой,
Халойиқни йўл озғуруб кетор бўлғой,
Ондоғ шайхлар баҳойимдин батар эрмиш.
Ўзларини халқлар аро тутқой улуғ,
Ботинлари ичра йўқтур зарра фуруғ,
Ман ортуқ, деб юргонларни жойи тамуғ,
Дўзах ичра қоттиқ азоб тортор эрмиш.
Айбин ойтса, оччиғланиб урушқойлар,
Ўзи билмай ямон ишга юрушгойлар,
Қаро юзлук маҳшар куни турушқойлар,
Надоматда боши қотиб юрур эрмиш.
Эй мўъминлар, ўшал шайхни баёнини,
Ман ойтойин, яхши тингланг аёнини,
Қиёматда юклар мурид гуноҳини,
Сирот узра титраб-қақшаб турор эрмиш.
Мундоғ шайхнинг оқилини дегил аҳмоқ,
Омилиқда шайхлиқ қилур эрмиш мутлоқ.
Ботин ичра анга тегор доим тўқмоқ,
Қиёматда ҳасрат қилиб юрор эрмиш.
Чин шайх бўлса, дунё молин суймас, билинг,
Тонгла борса, дўзах ичра куймас, билинг,
Аллоҳ дебон кечаларда уймас, билинг,
Юзин кўрсанг, тўлғон ойдек бўлор эрмиш.
Қўлин тутсанг дунё меҳри дилдин кетор,
Ҳалқасида моуманлик жумла кетор,
Назар қилса, икки олам ишинг битор,
Ондоғ муршид ломаконда юрор эрмиш.
Шайхлиқ отин анга қилмоқ эрур вабол,
Жон берорда иймониға хавфу завол.
Охиратда анга бўлур ҳар дам накол,
Раҳмон эгам мундоғ қулдин безор эрмиш.
Одам эрсанг, тўғри йўлда юро кўргил,
Пайғамбарни қилмишларин қило кўргил,
Жону дилда табиатин ойто кўргил,
Бу йўл юргон мақсудиға етор эрмиш.
Қул Хожа Аҳмад, агар бўлса ақлинг салим,
Қуруқ отқа такя қилмоқ хуни азим.
Тавба қилсанг, шояд қабул қилғой Раҳим,
Тавба қилсанг, Худо раҳмат қилор эрмиш.
4
Ақлим кетти, бошим қотти, нечук ойтой?
Раҳмон эгам, аро йўлда қолдим мано.
Умрум ўтти, вақтим етти, қойда борай?
Раҳмон эгам, аро йўлда қолдим мано.
Во дариғо, тонг отқунча кўпуб ёттим,
Шайтон билан ишрат қилиб, диним соттим,
Бу оламда Ҳақни суймай беғам ўтдум,
Раҳмон эгам, аро йўлда қолдим мано.
Гуноҳимдин тоғу тузлар ҳазар қилди,
На ер кетой, ёзуқларим малак билди,
Котиблари шоҳид бўлуб, хатға олди,
Раҳмон эгам, аро йўлда қолдим мано.
Гуноҳим кўб ёлборойин даргоҳинга,
Яқом тутуб, йиғлаб борой боргоҳинга,
Саттор эгам, йўл кўрсатгил гумроҳинга,
Раҳмон эгам, аро йўлда қолдим мано.
Тавфиқ берса бўйнум эгиб йўлға кирай,
Хизмат қилиб эранлардин йўлни сўрай.
Сенсан мени паноҳимсан, қойда борай?
Раҳмон эгам, аро йўлда қолдим мано.
Ё Қодиро, гуноҳимдин шармандаман,
Илгим олиб афв этмасанг, дармондаман,
Ожиз қулман, ҳарна қилсанг – фармондаман,
Раҳмон эгам, аро йўлда қолдим мано.
Гуноҳим бор бениҳоят, санга маълум,
Лаб ташнаман, қиёматда қилма маҳрум,
Қўл қовшуруб узрим ойтой ғариб, мазлум,
Раҳмон эгам, аро йўлда қолдим мано.
Юз минг-юз минг гуноҳимдин лутфунг баланд,
Шайтон лаин йўлдин урса, қилмам писанд,
Минг бир отинг тасбеҳ қилсам, оғзимда қанд,
Раҳмон эгам, аро йўлда қолдим мано.
Гуноҳимдин уётлиғман, отинг Раҳим,
Раҳматингдин қатра берсанг, отинг Карим,
Даргоҳинга йиғлаб келдим, Ҳаййу Қадим,
Раҳмон эгам, аро йўлда қолдим мано.
Қул Хожа Аҳмад, гуноҳкорман бошим қуйи,
Рўзи маҳшар пок этмаса кавсар суйи,
Осий, жофий, тарсо, жуҳуд феъли хўйи,
Раҳмон эгам, аро йўлда қолдим мано.
5
Ишқим тошти, бағрим шишти, руҳум қочти–
Йиғламайму, жон маҳрамин тобмасмано?
Ақлим шошти, ўпкам шишти, ҳаддин ошти–
Йиғламайму, жон маҳрамин тобмасмано?
Муҳаббатнинг жомин ичиб девонаман,
Мажнунсифат хелу хешдин бегонаман.
Эй ёронлар, шамъин кўруб парвонаман,
Йиғламайму, жон маҳрамин тобмасмано?
Юрак пора, кўнглум ёра, ақлим ҳайрон,
Дийдор излаб фано бўлғон хонавайрон,
Қойда борсам, мотам тутуб кўзум гирён,
Йиғламайму, жон маҳрамин тобмасмано?
Ишқ ўтиға куйгон ошиқ билмас ўзин,
Беҳуш юрар, халойиқға ойтмас сўзин.
Ҳаққа боқар, дунё сори солмас кўзин,
Йиғламайму, жон маҳрамин тобмасмано?
Тонг отқунча ёшим оқор, ҳолим хароб,
Кўнглум синуқ, рангим сориғ, бағрим кабоб,
Ҳақ сориға банда бўлсанг қилғил шитоб,
Йиғламайму, жон маҳрамин тобмасмано?
Бахтим қаро – бир қатра май тотолмадим,
Аҳлу иёл, хонумондин ўтолмадим,
Жондин кечиб пир этогин тутолмадим,
Йиғламайму, жон маҳрамин тобмасмано?
Шум толеъман, тегмас қўлға мани жомим,
Тоатим йўқ, аъмо сифат тобмам йўлум,
Булбул сифат нола қилдим, келмас гулим,
Йиғламайму, жон маҳрамин тобмасмано?
Во дариғо, шавқ ўтиға куймай ўтдум,
Дунё тилаб ялғуз Ҳақни суймай ўттум,
Ғафлат бирлан пир этогин тутмай ўтдум,
Йиғламайму, жон маҳрамин тобмасмано?
Турлук-турлук аломатлар бўлди, дўстлар,
Ростлиқ кетиб, ялғон даъво тўлди, дўстлар,
Ҳақ Мустафо ойғонлари келди, дўстлар,
Йиғламайму, жон маҳрамин тобмасмано?
Ҳақ Мустафо ойғонларин бил насиҳат,
Ҳайф одам, бир-бирини қилмас иззат.
Масжид кириб, тоат қилмай қилур ғийбат,
Йиғламайму, жон маҳрамин тобмасмано?
Қул Хожа Аҳмад, қулман дерсан, сўзунг ялғон,
Бу дунёда сендек йўқтур йўлда қолғон,
Ҳақдин кечиб, шайтон билан улфат бўлғон,
Йиғламайму, жон маҳрамин тобмасмано?
6
Тавба қилиб Ҳаққа ёнсам бўлормукин,
Тавбасиздин ўлуб кетсам, нетгум мано.
Пири муғон мани йўлға солормукин,
Йўлға кирмай ўлуб кетсам, нетгум мано?
Ямон сўздин бу тилимни эмди йиғсам,
Эгри йўлға киргонларни уруб-сўксам.
Намоз ўқуб, риёзатда белим буксам,
Белим букмай ўлуб кетсам, нетгум мано?
Тавба қилсам, пири муғон тортормукин?
Кундин-кунга тоатларим ортормукин?
Нафсим мани ёмон йўлдин қойтормукин,
Қойтормайин ўлуб кетсам, нетгум мано?
Тавба қилсам, Хожам қабул этормукин?
Ҳама нодон бу дунёдин ўтормукин?
Ҳасрат билан ғафлат тонги отормукин,
Тонг отмайин ўлуб кетсам, нетгум мано?
Азроил бир кун келса жон олғоли,
Ул ҳолатда мажол бўлмас сўз ойғоли.
Азроил қўймас сани дам урғоли,
Дам уролмай ўлуб кетсам, нетгум мано?
Аҳлу иёл, хонумонинг туруб қолур,
Барчасини ҳисобини сандин олур.
Ҳолинг нечук кечор эрмиш – Тангрим билур,
Бу ҳолатда ўлуб кетсам, нетгум мано?
Имонлиқ қул ўлуб борса, жаннат киргой,
Жаннат кириб, ҳурлар билан ишрат қилғой.
Ҳар ёнидин Ризвон келиб салом қилғой,
Жавоб ойтмай ўлуб кетсам, нетгум мано?
Ҳақ бандасин номаларин қўлға берур,
Хос бандалар қўлға олиб ани ўқур.
Учор қушдек парвоз қилиб қанот тўқур,
Парвоз қилмай ўлуб кетсам, нетгум мано?
Қул Хожа Аҳмад, тавба қилғил ўлмас бурун,
Ҳақ таоло сўрўғ-савол қилмас бурун.
Рўзи маҳшар тарозусин қурмас бурун,
Амал қилмай ўлуб кетсам, нетгум мано?
7
Орифларни суҳбатидин баҳра олғон,
Худойиға яқин бўлди, билдим мано.
Пири комил мукаммилга хизмат қилиб,
Ихлос билан сир-асрорин билдим мано.
Сир-асрорин билгонларга – раҳмат инъом,
Хос бандам деб Ҳақ юбормиш минг йўл салом,
Ондин сўнгра Ҳақдин келгой анга паём,
Ҳозир туруб Арш устида кўрдум мано.
Арш устида намоз ўқуб, тизим буктум,
Розим ойтиб, Ҳаққа боқиб ёшим тўктум,
Ялғон ошиқ, ялғон сўфий кўрдум, сўктум,
Маъшуқимға минг бир савол қилдим мано.
Саволимға Ҳақдин келди яхши жавоб,
Рўзи маҳшар аъмолингни қилмам ҳисоб,
Қудрат бирлан котиб битиб берди хитоб,
Ҳақ "кул!" деди, таъзим билан кулдум мано.
Йўлсиз эрдим, улуғ бобом қилди мадад,
Дуо қилиб, хос бузруглар берди қувват,
Хизр бобом ҳозир бўлуб, қилди шафқат,
Шафқатидин хосиятлар кўрдум мано.
Хосиятни сизга ойтой халқи жаҳон,
Бандасиға нидо келди, Ҳақдин пинҳон,
"Кел абди!" деб саҳар чорлар Ҳақ меҳрибон,
Елиб-югруб, эранлардин сўрдум мано.
Қаю толиб ҳикматимни тутса азиз,
Қойда борса, боши – азиз, сўзи – лазиз,
Яхши сўзни фаҳм айламас ҳар бетамиз,
Ул сабабдин доно излаб юрдум мано.
Майхонаға киргон билур май қадрини,
Ишқдин хабар олғон билур най қадрини,
Ҳар ножинсдин сўрсанг билмас ишқ қадрини,
Ишқ қадрини билгонлардин сўрдум мано.
Мен дафтари соний ойдим, солғил қулоқ,
Қон ёш тўкуб йиғламаслар мисли булоқ,
Банда бўлсанг, дунё уқбин қилғил талоқ,
Талоқ қилиб дийдорини кўрдум мано.
Ҳақ таоло ошиқларға берди ишқин,
Толибларға туҳфа берди шавқу завқин,
Каззобларға шайтон берди риё далқин,
Риёлиқни сўзлар билан урдум мано.
Риё қилғон шайхни кўрдум – безор бўлдум,
Зарра бўйи тегди менга, бемор бўлдум,
Ҳақ йўлида сармаст эдим, ҳушёр бўлдум,
Онинг учун душман тутуб юрдум мано.
Қул Хожа Аҳмад, тоат қилсанг, пинҳон қилғил,
Лаб номаҳрам, дам номаҳрам, ўзунг билгил,
Балки дил ҳам номаҳрамдур, ҳозир бўлғил,
Ҳақдин ўзга талабларни сурдум мано.
8
Аввал санинг ҳамдинг ойтой, Қодир Худо,
Сан забоним жорий қилғил ҳозир илоҳ.
Гунаҳ дарди бемор қилди, бергил даво,
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
Гуноҳимни баён қилсам, ерга сиғмас,
Сандин ўзга кимга борой, қўлум олмас,
Ҳодий ўзунг, сансиз ҳеч ким йўлға солмас,
Гуноҳимдин йиғлаб санга келдим мано.
Гунаҳкорман, ҳарна бўлсам санга бўлдум,
Раҳмон эгам, юз ўгурма, сиғниб келдим.
Аё маҳбуб, лутф этмасанг, йўлда қолдим,
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
Ё Илоҳо, гуноҳимдин дармондаман,
Санга лойиқ амал қилмай армондаман.
Ҳарна қилсанг, ўзунг қилғил, шармандаман,
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
Гуноҳимни ҳар ким кўрса, мандин безор,
Лутфу карам ўзунг қилсанг, ҳама бекор.
Гиёҳ унмас ерга боқсанг, бўлур гулзор,
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
Сан озодлиғ баротини берсанг осон,
Раҳмат дарё қатра томса, ҳолим хандон.
Файзу футуҳ тўло берсанг жоним қурбон,
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
Тавба қилиб, гуноҳимдин санга йиғлай,
Муҳаббатни ўти бирлан юрак доғлай.
Ҳақ йўлида бошим бериб, иймон ўйнай,
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
Банда бўлсанг, тавба қилғил ҳоло фурсат,
Йигитликда риёзат қил, дам ғанимат.
Қариб-чўкуб қилолмассан Ҳаққа тоат,
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
Икки олам бандангдурман, Ғаффоримсан,
Шайтон лаин йўлдин урса, ғамхоримсан.
Ерга сиғмас гуноҳ қилдим, Сатторимсан,
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
Бу йўлларни уқбаси кўб бошим қотти,
Йиғламайму, ғарибликни ўқи ўтти.
Мандин бурун борча толиб Ҳаққа етти,
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
Жоним гувоҳ – жисмим гуноҳ, дилим гуноҳ,
На тил бирлан мунда ман дей санга, илоҳ.
Ман йиғламай ким йиғласун, ҳолим табоҳ?!
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
Таним исён, сўзум ялғон, корим хато,
Гуноҳим кўб беҳад эрур, во ҳасрато.
Раҳмат лутфунг қамуғ қилсанг бизга ато,
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
Раҳмон эгам нафсни бердинг манга, ло-ло,
На тил бирлан ойтой санга ҳамду сано.
Даргоҳингга йиғлаб келдим, бергил даво,
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
Эй ёронлар, кофир нафсга олтмиш бош бор,
Ҳар бошида юз минг шайтон лашкари бор.
Хос бузурглар нафс илгида туфроқдин хор,
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
Риёзатни қирқ кун чекиб бир бош кетти,
Субҳи содиқ боқиб кўрди: унуб чиқти.
Ғариб Адҳам нафс илгида турфа шошти,
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
Илгин очиб, муножотин Ҳаққа қилди,
Жону дилда тавба қилиб, бехуд бўлди.
Надоматда сочу сақол юлуб олди,
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
Ғариб Адҳам нафс илгида дод айлади,
Тахтдин кечиб, Раҳмонини ёд айлади.
Ғариб, етим кўнглин овлаб, шод айлади,
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
Даргоҳингга йиғлаб келди Қул Хожа Аҳмад,
Умидим кўб, қиёматда қилсанг раҳмат.
Парвойим йўқ шайтон лаин қилса заҳмат,
Гуноҳимдин санга йиғлаб келдим мано.
9
Ишқ дардини ошиқларға туҳфа берди,
Шавқ ўтида ўртаб-ёниб куйдум мано.
Муҳаббатни шаробини тўё берди,
Сармаст бўлуб рақсу самоъ урдум мано.
Ишқи тушти ғариб бошға, туролмадим,
Халқ ичинда тоқат қилиб юролмадим.
Мажнун сифат хелу хешим кўролмадим,
Биёбонни ватан қилиб юрдум мано.
Биёбонни қумларини кўзга сурттум,
«Жондин кеч!» деб нидо келди жондин ўттум.
Бу дунёда юз минг турлук жафо торттум,
Биҳамдиллоҳ вафосини кўрдум мано.
Кўзум очтим, Лайли демай Аллоҳ дедим,
Дунё демай охиратни ғамин едим.
Шак келтурмай бирлигингга бўюнсундим,
То ўлгунча бир аҳдимда турдум мано.
Ихлосимни кўруб маъшуқ қўлум олди,
Файзу футуҳ тўла бериб йўлға солди.
Бўйнум эгиб моуманлик яксон қилди,
Туфроқ бўлуб ўлмас бурун ўлдум мано.
Ошиқларға ишқин бериб ошиқ қилди,
Раҳмон эгам ўз йўлиға содиқ қилди,
Чин толибни даргоҳиға лойиқ қилди,
Лойиқ бўлуб тариқатга кирдим мано.
Ишқ ханжари кўксум тешти, қилди хароб,
Йиғламайму, шавқ ўтида бағрим кабоб.
Меҳнат торттим ҳеч бермади (манго) шароб,
Чўллар аро ҳасрат қилиб юрдум мано.
Хос ишқидин баҳра олғон ҳайрон бўлур,
Расво бўлуб, халқ ичинда вайрон бўлур.
Дийдорини талаб қилиб гирён бўлур,
Йиғлай-йиғлай бўйи Худо олдим мано.
Ишқ ғулбаси бағрим ичра макон қилди,
Ғаму шукри ақлим олиб пайҳон қилди.
Кимдин йиғлай, ҳарна қилди, жонон қилди?!
Жононимға арз олғали келдим мано.
Қул Хожа Аҳмад, ойғон сўзунг болдин ширин,
Кўзунг ёшлиғ, кўнглунг синуқ, сўзунг ҳазин.
Иншааллоҳ, бўлғунг охир Ҳаққа яқин,
Сажда айлаб даргоҳиға келдим мано.
10
Аллоҳ, Аллоҳ, субҳаналлоҳ, қаён кетай?
Ёзуқларим ерга сиғмас кимга ойтой?
Саттор эгам, айбим ёбсанг ўлуб кетай,
Қаро ернинг оросинда қолдим мано.
Сочу соқол хўб оқорди, кўнгул қаро,
Тонгла борсам ё пучакман ёхуд саро.
Ким «аласту би раббикум» демиш вақто,
Билолмасман қаю жамъдин бўлдум мано.
Ғарибликни ўқи тегди бошим қотти,
Эссиз, умрум ғафлат билан зоеъ ўтти.
Кофир нафсим туғён қилиб мани ютти,
Во ҳасрато, на юз бирла борғум мано.
11
Муҳаббатнинг дарёсиға ўзум оттим,
Раҳмат суйи – улуғ дарё чўмуб боттим.
Минг олтунлиқ қийматимни бирга соттим,
Банда бўлуб тегди қуллуқ йўли манго.
Кичикликда қилғон ишдин эмди ёндим,
Тавба тўнин кийдим, тавфиқ қурин тонгдим.
Нафс қофини маркаб қилиб, тепиб миндим,
Ондин тегди тариқатни йўли манго.
Тирикликда ҳайрон ўлуб йўлда қолдим,
«Рабби» дею кеча йиғлаб, кундуз кулдум.
Бошдин сочу юздин сақол анда юлдум,
Ондин сўнгра руҳлар салом қилди манго.
Кеча Аллоҳ, кундуз Аллоҳ дедим мунда,
Субҳон Азим, Субҳон Аллоҳ дедим мунда.
Саккиз учмоҳ қабул қилиб турди анда,
Очиб салом қилди беҳишт ҳури манго.
Қул Хожа Аҳмад, кундек ёрур кўнглум нури,
Ҳолатим йўқ, қоним йўқ, рангим сори.
Қудрат қанот берди, учтум Аршдин нори,
Рўзи қилди даргоҳида борин манго.
12
Иродатқа келдук эрса, эй ёронлар,
Каломидин хуш ажойиб сирни кўрдум.
«Муту қабла ан тамуту» хабар берди,
Ул сабабдин неча йиллар йўлни кўрдум.
Ҳавзи Кавсар тўрт буржида тўрт чаҳорёр,
Юзларидин оқиб турғон нурни кўрдум.
Аршдин фаршга учор ул дам ҳайрат ичра,
Лавҳ ул-маҳфуз тахтасида дурни кўрдум.
Жон булбули сайраб қўбти сўзни бошлаб,
Бу сўзларни дафтар қилғон дурни кўрдум.
Ошиқларни киргузурлар беҳишт ичра,
Кеча-кундуз боқиб турғон ҳурни кўрдум.
Кўзум ёши равон бўлди чашма янглиғ,
Ғурбат ичра иродатни қоршу кўрдум.
Ҳақ ризосин билгонларга ҳамроҳ бўлдум,
Эранларни хизматида ҳурни кўрдум.
(Қул) Яссавий, кеч уйғондинг деб ойдилар,
Эранлар(ни) пандин олиб, йўлни кўрдум.
13
Ишқсиз юруб тоат қилур нодон зоҳид,
Бетуз ошдек тоатингни мазоси йўқ,
Ошиқман деб даъво қилур ялғон ошиқ,
Валлоҳ-биллоҳ, чин ошиқни ҳавоси йўқ.
Ишқ ўтида куюб-ёниб тоат қилғил,
Оқил эрсанг, йиғламоқни одат қилғил,
Тунлар қотиб, меҳнат тортиб, роҳат кўргил,
Меҳнат тортмай санго лутфи аълоси йўқ.
Халқ ичинда тоат қилдинг, барча риё,
Аё зоҳид, қилғон ишинг бори ҳаво,
Ҳеч нафъи йўқ ушбу тоат, балки риё,
Мундоғ ишга Ҳақни асло ризоси йўқ.
Пинҳон юруб тоат қилғил, Худо билсун,
Кўз ёшингни дарё қилғил, раҳми келсун,
Ондин сўнгра Ҳақ дардинга даво қилсун,
Аё дўстлар, кўз ёшини риёси йўқ.
Тасбеҳ, таҳлил ушбуларни ҳавоси бор,
Тонгла борса юз минг офат-балоси бор,
Ёшдин бўлак барча ишни риёси бор,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Банда бўлсанг, Ҳақ қаҳридин қўрқмасмусан?
Ҳар тун, саҳар надомат деб турмасмусан?
Даргоҳиға ёшинг тўкуб бормасмусан?
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Кўп нодонлар кўз ёшини қадрин билмас,
Ҳақ қошида кўз ёшидек туҳфа бўлмас,
Тасбеҳ, таҳлил кўз ёшиға тенг келолмас,
Йиғлаб юргил кўз ёшини риёси йўқ.
Бу оламда Ҳақ Мустафо йиғлаб ўтган,
Йиғламоқдин кўзларининг нури кетган,
Йиғлай-йиғлай муродини ҳосил этган,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Неча йиллар йиғлаб ўтти Одам ато,
Ондин сўнгра раҳм айлади боқиб Аллоҳ,
Кўзда ёшин қурутмади Ҳақ Мустафо,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Кўб эранлар йиғламоқдин тобти мурод,
Неча осий дуосидин тобти нажот,
Яхши билсанг, кўз ёшидур оби ҳаёт,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Етти минг йил ул Азозил тоат қилди,
Мағрур бўлуб тоатига, ҳаво қилди,
Риё қилиб даргоҳидин мардуд бўлди,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Ғариб Мансур бир тун, саҳар кўб йиғлади,
Ҳолин кўруб эранлар раҳм айлади,
Ондин сўнгра чилтан боқиб шароб берди,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Тонгла бўлса қиёмат кун, аё дўстлар,
Пайдо бўлғой турлук-турлук аломатлар,
Юз минг қайғу, доғу ҳасрат, надоматлар,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Ўшал вақтда малоикка фармон бўлғой,
Аввал-охир барча халқни ҳозир қилғой,
Бир-бирини, яхши-ямон ҳолин сўрғой,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Аввал бошлаб хос қуллардин уламони,
Олиб келгай даргоҳиға ушбуларни,
Тангрим дегай: «Олиб келгон туҳфанг қони?»
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
«Тинмай юруб олимлардин илм ўргондук,
Ҳарна билгон илмимизга амал қилдук,
Ё Қодиро, улуғ зотинг англаб билдук...»
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Аллоҳ айди: «Бандам, муни ялғон айдинг,
Қачон Мени ризом учун илм ўргондинг?
Ётсанг-турсанг ҳозир эрдим, ҳар иш қилдинг...
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Айтиб эрдинг илм ўрганиб улуғ бўлсам,
Халқ ичинда онча иззат-ҳурмат кўрсам,
Дунё йиғиб есам-ичсам, ўйнаб-кулсам...»
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Ондин сўнгра шаҳидларни олиб келгай,
Даргоҳиға барчалари боқиб турғай,
Олиб келгон туҳфанг бўлса келтур, дегай,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
«Дин толошиб кофир бирлан уруш қилдуқ,
Баъзиларни ўлтурубон ғозий бўлдуқ,
Баъзиларин имон-ислом йўлға солдуқ,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Охир қўймай кофир олди жонимизни,
Бошни кесиб ерга тўкди қонимизни,
Сарф айладук ҳам йўлингда молимизни...»
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
«Аё бандам, бу сўзларни бари ёлғон,
Кўнгул сиррин мендин тутуб бўлмас пинҳон,
Зоҳир-ботин ҳар ишингдур менга исён,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Ҳолларингни, бандаларим, хўб билурман,
Қайда бўлсанг, санинг билан ҳозирдурман,
Дилингдаги неку бадни мен билурман,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Айтур эрдинг, кофир билан уруш қилсам,
Уруш қилиб ғозий бўлуб бошин олсам,
Улуғларни инъомини тўла олсам...»
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Ондин сўнгра олиб келгой зоҳидларни,
Тангрим дегай: «Олиб келгон туҳфанг қани?
Иззат-ҳурмат билан туттум ман силарни...»
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Зоҳид айтур: "Ризонг учун тоат қилдуқ,
Тонг отқунча намоз ўқуб қиём турдук,
Кеча намоз кундузлари соим бўлдуқ...»
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Қачон тоат қилдинг мени ризом учун,
Халқ ичинда иззат-ҳурмат кўрмоғ учун,
Халқни йўлдин уруб молин олмоғ учун,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Ондин сўнгра ғанийларни олиб келгай,
Дунё молин онча санга бердум дегай,
Менга қани олиб келгон туҳфанг, дегай,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Ғаний айтур: «Ризонг учун хайр қилдуқ,
Таом бериб яхшилардин дуо олдуқ,
Фақир, мискин, етимларни ҳолин сўрдуқ...»
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Аллоҳ айтур: «Ори, қилдинг хайру сахо,
Халқ ичида қилдинг ҳама, барча риё,
Риё ишни, валлоҳ, қабул қилмам асло...
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Эшитиб, ўқуб олим пандин олмадинглар,
Пинҳон юруб хайру эҳсон қилмадинглар,
Дунёда ҳеч ризолиғим тобмадинглар...»
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Ондин сўнгра келгой ҳама девоналар,
Ҳақ ишқида жону тандин бегоналар,
Дийдор излаб ҳар тарафга жўёналар,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Ошиқларни даргоҳиға олиб борғай,
Бари Ҳақдин қўрқуб яна йиғлаб тургай,
Уғон Изим туҳфанг бўлса келтур дегай,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Ошиқ айтур: «Туҳфамиз йўқ ғайр аз гуноҳ,
Қилғонимиз доим эрур журму хато,
Лутфунг билан афв этмасанг ҳолим табоҳ,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Барчалари йиғлаб айтур: «Сен билурсан,
Иззинг улуғ, ҳарна қилсанг, Сен эрурсан,
Лутф айласанг, йўлсизларға йўл берурсан,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Қай кун бизга ишқинг тушти, ошиқ қилдинг,
Фаҳму хирад ақлимизни тугал олдинг,
Кайфийятни жомин бериб беҳуш қилдинг,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Аллоҳ айтур: «Ошиқларим, рост айтурсиз,
Мендин қўрқуб бағрингизни қон қилибсиз,
Ҳасрат қилиб, кўзларингдин ёш тўкубсиз,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Кўз ёшидин менга яхши туҳфа бўлмас,
Мундин яхши даргоҳимға ҳадя бўлмас,
Фаришталар тоатлари тенг келолмас,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Кўз ёшини шиша узра қуюб олғай,
Малоиклар ғассол бўлуб, ани ювғай,
Ҳақ таоло амри билан ани ювғай ,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Кўрдунгузму, малоиклар, бандам, дегай,
Бу ошиқдур, мен маъшуқман, билинг, дегай,
Ҳурлар қаршу чиқиб анга салом қилғай,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Туйдунгму, деб ошиқларға нидо келгай,
Кимни кўрсанг шафоатни сен қил, дегай,
Гоҳи беҳишт, гоҳи Аршқа учуб қўнғай,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Ҳуру жаннат Худойиға арз айлағай,
Ушбу азиз кимдур, баён қилғил, дегай,
Бир соатки бизга меҳмон бўлсун дегай,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Нидо келгой илоҳимдин "дўстум" деди,
Бағри куюб, ёшин тўкуб, кўб йиғлади,
Хорлиқ, зорлиқ, машаққатни роҳат билди,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Ондин сўнгра Буроқ, ҳулла кетургойлар,
Бошига тож, ҳулла, Буроқ миндургойлар,
Тахти беҳишт узрасига қўндурғойлар,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Банда бўлсанг, ишққа қадам қўймасмусан,
Ишқдин улуғ тоат йўқтур, кўрмасмусан,
Ҳасрат қилиб, бағринг эзиб юрмасмусан,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
Қул Хожа Аҳмад ишқ дардидин айди муни,
Неча улуғ китоблардин олди муни,
Ҳасрат қилиб, йиғлар эрди туни-куни,
Йиғлаб юргил, кўз ёшини риёси йўқ.
14
Эранлар тубсиз дарё ичра пинҳон,
Текма ғаввос андин гуҳар олғони йўқ,
Ошиқлари ул тенгизға чўмуб ўйнар,
Жондин кечмай, ул гуҳарни олғони йўқ.
Тариқатнинг бўстонидур хуш гулистон,
Толиблари булбул сифат қилур жавлон.
Муяссар бўлғойму деб дурру маржон,
Ихлослик қул маҳрум бўлуб қолғони йўқ.
Бу йўлларнинг жафоларин ҳар ким тортса,
Тош ёстониб, пир эшигин сақлаб ётса,
Субҳ янглиғ кўнгул тонги ногоҳ отса,
Ихлослиқ қул маҳрум бўлуб қолғони йўқ.
Қул Хожа Аҳмад, савдо қилғил бозор ўтмай,
Ажал куни туғиб, ногоҳ ойи ботмай.
Мавт шаробин Азроилдин ногоҳ тотмай,
Ихлослиқ қул маҳрум бўлуб қолғони йўқ.
15
Қудрат билан фармон қилса бандасиға,
Бу оламда ҳеч ким ўлмай қолғони йўқ,
Бу омонат жонни берди Мавлом бизга,
Қобиз келиб ани олмай қўйғони йўқ.
Қобиз келиб азиз жонни қўймай олғай,
Дунёпараст ножинс одам ғофил қолғай,
Жонин келиб қабз эторда тавба қилғай,
Тавбасини Хожам қабул қилғони йўқ.
Сиҳатликда тавба қилғил, мақбул бўлсун,
Саҳарларда зори қилғил, қўлунг олсун,
Эранларга хизмат қилғил, йўлға солсун,
Хизмат қилмай ҳеч ким йўлни билгони йўқ.
Қулоқсизга оят, ҳадис, ҳикмат ҳаром,
Эссиз, ҳикмат ич-қорнимда бўлсун тамом,
Нодонларға токай айтиб, йиғлай мудом,
Дод айласам, ҳеч ким қулоқ солғони йўқ.
Ер остиға кириб едим хуни жигар,
Имон-ислом қўлға олиб қилдим сафар,
Шайтон лаин қилолмади менга зарар,
Мункар, Накир мендин савол қилғони йўқ.
Мункар, Накир ҳадди бўлмас қилса савол,
Имон-ислом ҳозир туруб тобса камол,
Гўр ичинда Ҳақ кўрсатса менга жамол,
Ондоғ қуллар икки олам ўлгони йўқ.
Сўзни айтгил сўз қадриға етгонларга,
Ихлос билан сўзга қулоқ солғонларға,
Сўзни чайнаб мазосиға етгонларга,
Беихлослар сўз қадриға етгони йўқ.
Сўзга етмас бехабарга эссиз маъни,
Сўзни айтсанг, доноға айт, дурни кони,
Хизмат қилмай етгон борму, билсанг муни,
Хизмат қилмай эранларға етгони йўқ.
Дур конини мендин сўрсанг шайхи содиқ,
Ондоғ қулни хулқи хуши Ҳаққа лойиқ,
Кўнгли восиъ, жони масиҳ, ўзи ошиқ,
Ондоғ эшон Ҳақдин маҳрум қолғони йўқ.
Ондоғ эшон пайдо бўлса, жонинг бергил,
Ҳар бир босқон изларини кўзга сургил,
Пири комил мукаммилдур, бешак билгил,
Гиларўлар пир қадрини билгони йўқ.
Гиларўни ёмон-яхши ҳар ким пири,
Ихлоси йўқ пирга маълум доим сири,
Неча айтсам, кетмас андин кўнгул кири,
Гиларўлар пирдин улуш олғони йўқ.
Ҳарён боқсанг Худо ҳозир гиларўлар,
Аллоҳ ёдин баланд айтиб йиғласанглар,
Ялғону чин Ҳаққа маълум, рост йиғланглар,
Ялғон гиря Ҳаққа мақбул бўлғони йўқ.
Чин дарвишлар тош устида тоат қилди,
Қоттиқ ерни бистар қилиб, одат қилди,
Юз минг бало бошқа тушса, тоқат қилди,
Тоқат қилмай Ҳақ васлиға етгони йўқ.
Тавбам қабул бўлсун десанг, саҳар йиғла,
Жондин кечиб, молдин кечиб, белинг боғла,
Муҳаббатнинг ўти билан юрак доғла,
Мундоғ бўлмай Ҳаққа восил бўлғони йўқ.
Хос дарвишлар Ҳақни излаб жондин кечти,
Риёзатни қоттиқ тортиб, кўксин тешти,
Ондин сўнгра ваҳдат майдин тўё ичти,
Ялғончилар ваҳдат майдин тотқони йўқ.
Ишқ пояси Аршдин баланд қўлунг етмас,
Ваҳдат майдин тўё ичгон таом тотмас,
Ишқ сояси тушгон ошиқ халққа боқмас,
Ялғончидур мен деб эшитиб кўргони йўқ.
Майхонаға киргон толиб ҳоли ўзга,
Оят, ҳадис баён қилсанг, етар сўзга,
Аҳлин тобса, изин олиб, сурар кўзга,
Ондоғ ошиқ бу оламда турғони йўқ.
Ҳақпарастлар ҳар ён боқиб Ҳақни кўрар,
Жазба келса, ҳар тарафга ўзин урар,
Ялғончилар кўрдум дебон дўкон қурар,
Кўрдум дерлар, Аллоҳ ҳаққи, кўргони йўқ.
Ялғон дарвиш баёнини ойтор санга,
Қўлда тасбеҳ, дилда – ҳийла, фикр – танга,
Оқил эрсанг, ихлос қилма зинҳор анга,
Ул нодондин ҳеч ким баҳра олғони йўқ.
Ҳақни тобқон туфроқ бўлуб йўлда ётор,
Туфроқ сифат олам ани босиб ўтор,
Манманликлар бошин босиб, тебиб кетор,
Бош кўториб анга сухан қилғони йўқ.
Қул Хожа Аҳмад, ҳарна бўлсанг фақир бўлғил,
Қойда борсанг, бўйнунг қисиб, ҳақир бўлғил,
Ошиқ бўлсанг, ишқ илгида асир бўлғил,
Асир бўлмай ҳеч ким мурод тобқони йўқ.
16
Ошиқлари ўйнаса, бу ҳалқанинг ичинда,
Ҳу-Ҳу тею жон берса, бу ҳалқанинг ичинда.
Ишқ ўтиға қойнаса, ақлу ҳуши ўйнаса,
Аллоҳ тею жон берса, бу ҳалқанинг ичинда.
Жоми шароб ичилур, дурру гуҳар сочилур,
Жонни кўзи очилур, бу ҳалқанинг ичинда.
Ишқ баҳриға чўмсам мен, нола-фарёд қилсам мен,
«Ҳу-Ҳу» тею ўлсам мен, бу ҳалқанинг ичинда.
Руҳи ҳолат зикруллоҳ, ла илаҳа иллаллоҳ,
Исми аъзам ҳуваллоҳ, бу ҳалқанинг ичинда.
Ҳар кимига завқ ҳола, бўлса бўлур бу вола,
Соқий сунар пиёла, бу ҳалқанинг ичинда.
Зокир қуллар жамъ бўлуб, фарёд уруб, жон узуб,
Соқий юрор ўргулуб, бу ҳалқанинг ичинда.
Куйса-ёнса, кул бўлур, ўлса, учса, ўз бўлур,
Конға тушса, туз бўлур, бу ҳалқанинг ичинда.
Хизру Илёс ҳозир ул, ғавсу ғиёс нозир ул,
Ботин кўзи зоҳир ул, бу ҳалқанинг ичинда.
Толибларни муршиди, Қул Хожа Аҳмад деб ойди,
Бош ўйнағил сен деди, бу ҳалқанинг ичинда.
17
Ошиқлари доим тилар дийдорини,
Саҳарларда ғафлат бирла ётмас бўлур.
Нодонлардин ушбу сирни пинҳон қилиб,
Жоҳилларға ошиқман деб ойтмас бўлур.
Ориф, ошиқ дунё учун ғам емади,
Бу дунёда иззат-ҳурмат бер демади.
Кеча-кундуз кўз ёшидин ойрилмади,
Ғафлат бирла ғамлариға ботмас бўлур.
Орифларнинг даргоҳидур гуҳар кони,
Ул тенгизда лаълу гуҳар йўқ имкони,
Ҳисобини билур анда Ишқ Султони,
Ошиқларни ақли анга етмас бўлур.
Ошиқлари ғаввос бўлуб чўмса дарё,
Чиқса андин улуғ дурлар бўлур пайдо.
Жондин кечмай жонон юзин кўрмоқ қойда?
Эмгак бирлан тобғон қўлдин кетмас бўлур.
Фоний фано бўлмай кўрмас фано мулкин,
Ошиқ бўлса, пинҳон қилур вужуд кўркин.
Ҳасрат тонги ҳасрат бирла ўтормукин?
Ғам тоғидин эмгонмайин ўтмас бўлур.
Ул уқбадин ҳиммат бирла ошомағинг,
Тўрт юз қирқ тўрт ёшинг (бирла) ёшомағинг,
Уч юз олтмиш банди боғинг бўшомағинг,
Меҳнат тортмай роҳат тонги отмас бўлур.
Қул Хожа Аҳмад эранларни ёд айлабон,
Ҳикмат ойтиб, ушбу сўзни қилди баён,
Тинглангизлар, ушбу сўзни, барча ёрон,
Ялғон сўзни халойиқға ёймас бўлур.
18
Кеча-кундуз Ҳақ ёдини ойғон ошиқ,
Маъшуқ ёдин тилдин ҳаргиз қўймас бўлур.
Хорлиқ-зорлиқ машаққатни роҳат билгон,
Бу дунёнинг иззатини суймас бўлур.
Фикру зикри Ҳақ эгамни саносидур,
Дийдор талаб қилиб юргон гадосидур,
Ҳақни зикри жумла дардни давосидур,
Дунёлиғдин қўлға зарра олмас бўлур.
Раҳм айласанг, бўстон қилғунг тоғу чўлни,
Ё Аллоҳим, ёрлиқағил жумла қулни.
Йўлдин озғон гумроҳларға кўргуз йўлни,
Ошиқларни изин излаб қолмас бўлур.
Аё ошиқ, кеча-кундуз Ҳақни изла,
Зоҳир юруб, ботинингда Аршни кўзла.
Ҳикмат ўқуб оят-ҳадис сўзин сўзла,
Хазон янглиғ қизил юзи сўлмас бўлур.
Домлар қўюб халойиқни йўлдин ургон,
Ялғон ошиқ бўлуб (даву) дўкон қурғон.
Кеча-кундуз ишрат қилиб даврон сургон,
Дунё молин кўруб кўзи тўймас бўлур.
Саҳарлари эрта қўпуб зори қилғон,
Яхшиларга хизмат қилиб дуо олғон.
Пири муғон сори юруб хизмат қилғон,
Пири муғон этогини қўймас бўлур.
Пири муғон – Ҳақ Мустафо бешак билинг,
Оти чиқса, дуруд ойтиб, таъзим қилинг.
Суннатларин маҳкам тутуб, уммат бўлунг,
Уммат бўлғон шаръ йўлидин ёнмас бўлур.
Ошиқ бўлсанг, саҳарларда тинмай йиғла,
Ғарибларни изин излаб, кўнглин овла.
Дунёпараст ножинслардин бўюн товла,
Чин ошиқлар бу дунёда кулмас бўлур.
Қул Хожа Аҳмад, ошиқ бўлсанг, зори қилғил,
Ҳалқа қуруб ким зикр ойтса, ёри бергил.
Зикрин ойтиб, суҳбат ичра дурлар тергил,
Гуҳар олғон ҳаргиз ғофил бўлмас бўлур.
19
Ориф-ошиқ жон мулкида алам тортса,
Етти аъзо тоқат қилмай ларзон бўлур.
Ишқ дарёси вужуд ичра жўш айласа,
Бехуд бўлуб гирдоб ичра ҳайрон бўлур.
Ғаввос керак ул дарёға ўзин солса,
Қармоқ солиб наҳангларин сайд айласа,
Дурру мақсуд андин кейин қўлға олса,
Ондоғ муршид халқ ичинда пинҳон бўлур.
Тариқатнинг йўли узоқ қилсанг сафар,
Кими етар, кими етмас, кимга хатар.
Излаганлар эранларға охир етар,
Эр назари теккон киши мардон бўлур.
Йўлун топқон мардонларға хизмат қилур,
Кўб анжуман оросида хилват қилур.
Аҳлу иёл, молу мулкдин узлат қилур,
Мушкул ишлар билмон нечук осон бўлур.
Ҳар ким кийса маломатнинг хилъатини,
Ботин ростлаб, вайрон қилса суратини.
Ҳеч тортмаса махлуқотнинг миннатини,
Мундоқ ошиқ борса, анда султон бўлур.
Оқил эрсанг, тўғри йўлға қадам урғил,
Мардонларни суҳбатидин баҳра олғил.
Асҳоби Каҳф итин кўруб, ибрат олғил,
Ибрат олғон хос қуллари жонон бўлур.
«Ё Раббано, фағфирлано, зунубано!»,
Гуноҳимға иқрор бўлуб келдим мано.
Қаҳр айласанг, қоҳир сано, қодир сано,
Лутф айласанг, юз минг осий хандон бўлур.
Қул Хожа Аҳмад, узоқ йўлда ҳайрон бўлдунг,
Амалинг йўқ, кундин кунга гирён бўлдунг,
Эранларга ета билмай сарсон бўлдунг,
Анда борсанг надоматлар чандон бўлур.
20
Ҳақ Мавломнинг назари кимга тушса,
Нодон бўлса, бир лаҳзада доно бўлур.
Уч юз олтмиш томурлари нурга тўлур,
Тўрт юз қирқ тўрт сўнгаклари бино бўлур.
Ондин сўнгра ваҳдат майдин тўё ичор,
Аҳлу иёл, хонумондин тугал кечор.
Аллоҳ дею қойда борса, шайтон қочор,
Етти аъзо ҳамдин ойтиб гўё бўлур.
Ваҳдат майдин ичгон ошиқ бехуд бўлар,
Мансур янглиғ жондин кечиб дорға минар.
Ихлос бирла пир этогин маҳкам тутар,
Пири муғон назар қилса гўё бўлур.
Жисмим: «Раббим - жон Аллоҳ» деб йўлға киргил,
Жону дилим бир Аллоҳ деб саҳар турғил.
«Ма фи қалби иллаллоҳ» деб йиғлаб юрғил,
Йўлсизларға Ҳақ Мустафо ҳудо бўлур.
Ишқ баҳриға чўмгон ошиқ гуҳар олур,
Булҳаваслар ошиқман деб йўлда қолур.
Текма нодон, хомтамаълар нени билур?
Гуҳар олғон чин ошиқлар дарё бўлур.
Дунё суйгон ғофил одам Ҳақни суймас,
Бу йўлларни уқбаси кўб ҳаргиз билмас.
Саҳарларда чорзарб уруб ҳаргиз қўймас,
Тонгла борса охиратда хандон бўлур.
Ҳақға ошиқ бўлғон киши жондин кечор,
Бехуд бўлуб, шавқ шаробин тўё ичор.
Рўзи қилса жаннат кириб ҳурлар қучор,
Ла илаҳа иллаллоҳ деб шайдо бўлур.
Феълинг озди, халойиқдин шафқат кетти,
Лаънат ёғди, кундин кунга раҳмат кетти.
Хожа, мулло, яхшилардин иззат кетти,
Турлук-турлук аломатлар пайдо бўлур.
Мунофиқлар фисқ этибон ўзни билмас,
Анинг учун яхшиларни кўзга илмас.
Кўнгли қоттиғ, яхши сўзга қулоқ тутмас,
Қиёматда Ҳақ қошида расво бўлур.
Кунда юз минг Аллоҳ десанг, анга ёқар,
Кўз ёшингни дарё қилсанг, маъшуқ боқар.
Бағринг ичра дардинг бўлса, ёшинг оқар,
Аллоҳ ўзи чин дардликка даво бўлур.
Қул Хожа Аҳмад, меҳнат қилғил, олам куйсун,
Фаришталар сандин келиб улуш олсун.
Аршу Курси, Лавҳу Қалам нурға тўлсун,
Нурдин баҳра олғон кўнгул сафо бўлур.
21
Ишқ тажалли қилса кимни вужудинда,
На қилурин билмай тун-кун ҳайрон бўлур.
Зикри фикри Ҳақ висоли бўлур мудом,
Ёш ўғлондек икки кўзи гирён бўлур.
Дунё бирла қолмас ани зарра иши,
Зикрин ойтса, нурга тўлур ичи, таши.
Аллоҳ дегач, равон бўлур кўзда ёши,
Ишқ ўтида куюб-ёниб, бирён бўлур.
Моуманни, нафсу ҳаво, ҳирсни қўйса,
Пири муршид мукаммилға ўзин солса.
Адҳамлайин кўнгул мулкин сиво қилса,
Барча мушкул иши ани осон бўлур.
Шариатдин тариқатга қадам қўйгон,
Дунё ишин тарк айлабон Ҳақни суйгон.
Ҳақиқатнинг асроридин маъно олғон,
Маърифатни майдонида урён бўлур.
Мундоғ бўлғон ошиқларни нишони бор,
Ҳақ ёдини тун-кун ойтиб қилмас қарор.
Умид этмас бу дунёдин молу дунё,
На сўзлагон сўзи анинг имон бўлур.
Қайси ошиқ ҳалқа ичра жонин берса,
Жондин кечиб, шаҳодатнинг тўнин кийса.
Зуҳд айлабон ўз нафсини кўзин ўйса,
Эранларни қаторида мардон бўлур.
Қул Хожа Аҳмад, минай десанг қушдек буроқ,
Нодонлардин этгил мудом ўзунг йироқ.
Қайғу бирла ҳажру меҳнат, тортгил фироқ,
Фироқ тортгон ошиқ тонгла султон бўлур.
22
Эй дўстларим, орифлар холис суҳбат эторлар,
Ул суҳбатда маърифат дурларини сочорлар.
Суҳбат вақти ҳозир бўл, эранларға нозир бўл!
Ул ҳолатда эранлар, эрга назар қилурлар.
Ҳолат вақти эранлар дарёларға юзланса,
Тобонлари нам бўлмай, дарёларни кечорлар.
Мурид бўлсанг муршидға, маҳкам бўлғил, эй толиб,
Муридларин муршидлар ҳар боб билан синорлар.
Ҳиммат тутса эранлар кўзни юмуб очқунча,
Дарёларни букарлар, тоғларни ҳам кесорлар.
Тангри суйгон кишининг, иши анинг биландур,
Ҳар кимни Ҳақ суюбдур, борча ани суёрлар.
Ўзларининг муродин чин ошиқлар тиламас,
Маъшуқининг муродин доим алар тиларлар.
Қул Хожа Аҳмад, воқиф бўл, файзу раҳмат эшигин,
Зикру тоат вақтида, фаришталар очорлар.
23
Кўнгул ичра кириб жавлон қилдуқ эрса,
Ишқ отлиғ султонини кўрдуқ эрса.
Сониъ қудрат илоҳимға боқтуқ эрса,
Ўшал ерда ҳол илмини кўрунг, дўстлар.
Ишқ султони ғорат қилди ақлимизни,
Ҳам қувлади нафсу шайтон, кибримизни.
Шукру лиллаҳ, билдук эмди раббимизни,
Илҳом бирла берор маъно, сездук, дўстлар.
Илҳом инди Ҳақ таоло раҳматидин,
Хожам сунди ушбу ваҳдат шарбатидин.
Бўлдуқ эмди ул Муҳаммад умматидин,
Қол илмимиз ҳолға бадал бўлди, дўстлар.
Аввал фано, охир фано, бўлмоқ фано –
Ул мақомға етгон ошиқ қилмас сано .
Жононимиз жамолини ҳақдур кўрдук,
Жон жонга уланди, билдук, дўстлар.
Жонимиз жамоли ҳақдур кўрдук,
Жон ичра билинур эмди таҳқиқ билдук.
Илҳом етти Субҳонимдин, эмди сездук,
На ким келса, Ҳақдин илҳом билдук, дўстлар.
24
Аё дўстлар, хабар бериб шариатдин,
Тариқатда Аллоҳ ёдин ойтинг, дўстлар
Ориф жонлар хабар берур ҳақиқатдин,
Аллоҳ тею Ҳақ зикрини ойтинг, дўстлар.
Эр – ул турур, қулман тею қуллуқ қилса,
Қўрқуб Қаҳҳор отидин ул фармон тутса.
Етти тамуғ учқуниға қаршу келса,
Аллоҳ деса андин қайтар, билинг, дўстлар.
Кимки Аллоҳ деди, анда ўзин тобти,
Ҳақиқатнинг сўзин сўзлар ўлар вақти.
Неча йиллар Шаддод, кўрунг, учмоҳ ёпти,
Киролмади, андин ибрат олинг, дўстлар.
Борму эран, ондоғ ишдин рози бўлса?
Инонмасун дунёсиға Қорун бўлса.
Минг яшағон Луқмон ҳаким ўлар бўлса,
Йўқтур ўлмай қолғон мунда, билинг, дўстлар.
Учмоҳ ичра ўрун бергай қаю жонға,
Кимки тоат бирла ишлаб чиқса тонгға.
Исрофилни сури кирса қаю жонға,
Биз Муҳаммад умматимиз, билинг, дўстлар.
Қул Хожа Аҳмад, Ҳақ зикрини ойсанг мудом,
Раҳмат ёғор бошинг узра алад-давом.
Эранларнинг хизматида бўлсанг мудом,
Озод қилса, дорус-салом борур, дўстлар.
25
Ошиқлари қолни ўқуб ҳолға кирса,
Ҳол баҳриға чўмса, ғарқоб бўлор, дўстлар.
Қол бирла ҳол бир кемадур, муни билса,
Қолсиз, ҳолсиз ул дарёдин ўтмас, дўстлар.
Бу ҳол йўли нозик йўлдур, хатари бор,
Олим қолсиз қадам урса, уқбалар бор.
Пири комил-мукаммилсиз ўтмак душвор,
Қол илмини билгон амон ўтор, дўстлар.
Ушбу йўлда раҳбарсизлар бисёр эрур,
Шайтон лаин кашф кўрсотиб кўб озғурур.
Беилм одам бу нисбатга мағрур эрур,
Онинг учун аро йўлда қолор, дўстлар.
Қуллуқ улдур Қуръон ўқуб амал қилса,
Қолни ўқуб, ҳолни ўзга дарбар қилса,
Пири комил мукаммилга хизмат қилса,
Икки дунё чароғи деб ойтинг, дўстлар.
Беилм одам шайхлиқ қилса, ривож тобмас,
Нозук йўлдур, беилм ҳаргиз билса бўлмас.
Эй дўстларим, шайх бўлмақлиқ осон эмас,
Раҳбар тею шаръ йўлида юрунг, дўстлар.
Пири комил ҳар толибга бермас иршод,
Толиб бўлса тун уйқусин қилса барбод.
Кўб пойгада ўзуб келмас ҳар яхши от,
Риёзатни қоттиқ чеккон ўзор, дўстлар.
Жумла толиб ибодатқа ожиз келгой,
Таҳажжудни вақти бирла тузолмағой,
Нисфи шабдин туруб вирдин қилолмағой,
Пири комил анга рухсат бермас, дўстлар.
Аллоҳ дегон бандаларни инояти,
Талабида юргон банда Ҳақ раҳмати,
«Фазкуруни азкурукум» Ҳақ ояти,
Дам ғанимат, Аллоҳ зикрин ойтинг, дўстлар.
Марду занга, ўғул-қизга илм фарз деди,
«Талаб ул-илми фаризатун» деб расул ойди,
«Ма яжузу биҳис-солат» илм зарурий,
Тирик борсиз, то ўлгунча ўқунг, дўстлар.
Мулло бўлуб, маъно ўқуб, китоб ойтса,
Йўлни топиб, ямон йўлдин ростга қойтса,
Пир этогин маҳкам тутуб хизмат этса,
Тоатлик қул ўлса армон қилмас, дўстлар.
Ушбу йўлға риёзатлик толиб керак,
Нафс-ҳавони қўюб тоат қилмоқ керак,
Жафо тортиб пир нисбатин тутмоқ керак,
Риёзатсиз Ҳаққа восил бўлмас, дўстлар.
Беилм шайхлиқ даъвосини қилиб бўлмас,
Асо бўлмай қаронғуда юруб бўлмас,
Кўрмас бўлса, чуқур ерни кўруб бўлмас,
Қудуқ ичра тушгон омон қолмас, дўстлар.
Пири муршид қилса мудом амри маъруф,
Мурувватлик, ширин сўзлик, яхши хўйлук,
Кеча-кундуз риёзатни чекса ул хўб,
Ондоғ пирни хизматида юрунг, дўстлар.
Ҳаққа ошиқ бўлуб айди Қул Хожа Аҳмад,
Аллоҳ кафил дардимизга, қил ибодат,
Қолу ҳолни жондин тортиб қил риёзат,
Тоатлик қул жамолини кўрор, дўстлар.
26
Қаро отига минмагунча, қаро кўрмас,
Қаро лочин қўнмагунча, сирни кўрмас.
Сирни кўргон орифлари мунда турмас,
Саҳар вақтда жонни қийнаб турунг, дўстлар.
Қаро лочин қайрилибон қанот қоқар,
Ошиқ улдур, тан-жонини ўтқа ёқар.
Пири муғон назар қилиб анга боқар,
Шунқор янглиғ қанот қоқиб учар, дўстлар.
Давлат янглиғ шунқор қуши кимга қўнар,
Лочин янглиғ ҳалқа ичра ўзин урар.
Жонни қуши парвоз қилиб ҳозир турар,
Ҳозир бўлуб тавба қилиб юрунг, дўстлар.
Аё дўстлар, охир бўлди замонамиз,
Ҳеч қолмади бу дунёда нишонамиз.
Хабар берди «адувван» деб жононамиз,
Аллоҳ зикрин тинмай ойтиб юрунг, дўстлар.
Рўзи «наҳну қасамно»да улуш берди,
Улуш олғон бандалари йўлға кирди.
Шамъин кўруб парвонадек ўзин урди,
Жонни жонға пайванд қилиб юрунг, дўстлар.
Ҳақ расулнинг ойғонлари келди, бўлғой,
Охир замон нишонаси бўлди, бўлғой.
Фисқу фасод дунё ичра тўлди, бўлғой,
Турлук-турлук даъво ишни кўрунг, дўстлар .
27
Олимни тутқил иззат, қилғил икром,
Олимни Қуръон ичра ўгор, дўстлар.
Олимлар очор жумла мушкулотни,
Жоҳиллар жаҳлини ким тўкор, дўстлар.
Ҳақ-ноҳақ(ни) баёнини олим билур,
Ҳалол-ҳаром фарқин оми қойдин билур?!
Олимлардин омилар кўб фойда олур,
Бу дунёда яхши отин қўллар, дўстлар.
Жоҳил авом олим сўзин ҳеч тингламас,
Текма жоҳил ўзини ҳеч ўнгламас.
Олимни Аллоҳ омиға тенг айламас,
Ҳар олим юз минг омиға етор, дўстлар.
Бўлмаса олим авом нега ярор,
Қилмас эрди еру кўк, олам қарор.
Қилмиши учун олим ёзуқ кўрор,
Кўк табо ошмас ерда турор, дўстлар.
Дину дунё олим билан бўлур ҳосил,
Ибодат қилса қабул, Ҳаққа восил.
Эътиқод қил, керак бўлса ариғ насл,
Чин ошиқ бир сўзга бош эгор, дўстлар.
Авом тандур олим эрур танда жонтек,
Шоҳ Ҳусайн бўлса олим керак ҳам тек,
Инсу жинда олим-малак оми жинтек,
Тутмангиз ишкал зинҳор инкор, дўстлар.
Олимларни хор кўрмак эрмас раво,
Хор кўрмагой ул ҳам яна ер-кўк, ҳаво.
Нечаким фақир, мискин ул бенаво,
Олимни хор кўрмангиз зинҳор, дўстлар.
Олимни хор кўрса ул куфру нифоқ,
Насс ҳадис бор инсу жин бил-иттифоқ,
Олимни суйгон мўъмин юзи оффоқ,
Саволи йўқ ёзуқидин инкор, дўстлар.
Хожа Аҳмадга илҳом берди ойсун тею,
(Ҳар) олимни эъзозини билсун тею,
Ҳар ким билса, муни амал қилсун тею,
Олим иззатин қилғон жаннат кирор, дўстлар.
28
Саҳар сайрар булбуллар, гул ёдидин ҳар замон,
Сен сайрасанг на бўлғой, Ҳақ ёдидин ҳар замон.
Ҳар қурту қуш ойтодур ҳар навъ бирла санони,
Қурту қушча бўлмадинг, Ҳу демадинг ҳар замон.
Субҳидамда турғойлар, роз ойтушур Ҳақ билан,
Санда ҳиммат бўлмади, роз ойтмадинг бир замон.
Дунёға ғарқоб бўлдунг, куфру исёнға тўлдунг,
Эмди ўзунгга келдинг, фикр қилғил ҳар замон.
Қўйғил дунё фикрини, қилғил Ҳақни зикрини,
Бузгил шайтон мулкини, зокир бўлғил ҳар замон.
Чин ўларсан бегумон, бузулур бу хонумон,
Неча ўқусанг Қуръон, имон этгил бир замон.
Қул Хожа Аҳмад, белингни икки ердин боғлагил,
Келса ажал қўймасдур, жонинг олур шул замон.
29
Келинг, дўстлар, пир хизматин баён айлай,
Эшитиб, уқунг, хизмат қилинг, дўстларимо.
Хорлиқ-зорлиқ, машаққатни аён айлай,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Урса-сўкса пир этогин маҳкам тутгил,
Аё толиб хизмат ичра қонлар ютгил.
Жон бер деса ихлос бирла жондин ўтгил,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Толиб бўлсанг, йўл остида бўлғил туфроқ,
Вақти кузда дарахтлардин тушгон яфроқ.
Ошиқ бўлсанг, дийдориға бўлғил муштоқ,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Чин толибға пирдин тегар кунда сончиқ,
Зоҳир сончиқ ботин ичра болдин тотлиқ.
Жазби ҳолат инъом қилғой ишқи қоттиғ,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Ингронмағил пирдин текса ҳар дам жафо,
Дийдор талаб икки олам сурмас вафо.
Рўзи маҳшар дилларини қилғой сафо,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Пиру комил мукаммилни таний десанг,
Хуни жигар егил, агар толиб бўлсанг.
Ғозий дер(лар) бул мақомда ўлуб борсанг,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Пиру комил мукаммилни фарқи бўлғой,
Пиру комил хулқлар бирла қўлунг олғой.
Мукаммал (пир) ботин ичра йўлға солғой,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Пир амрини тутмагонни валлоҳ кўрдим,
Дўзах ичра нечуксан деб ҳолин сўрдим.
Малоиклар ура берди, мен ҳам урдим,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Бу оламда яхшилардин қочиб ўттум,
Ҳақдин кечиб шайтон сўзин маҳкам туттум.
Эй ноинсоф, дунё учун қонлар юттум...
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Пир хизматин қилғон киши нури равшан,
Дийдорига Аллоҳ ўзи ваъда қилғон.
Шак келтуруб, ялғон толиб йўлда қолғон,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Пир хизматин қилғонларни бўйни синуқ,
Хизмат қилғон толиблардин қочғой тамуғ.
Пир таърифин ҳеч туганмас, ойтсам қамуғ,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Пир хизматин қилғон киши дасти дароз,
Ул сабабдин дунё бирла доим ароз.
Ашки сурхи, ранги, зарди Ҳаққа ниёз,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Хизмат қилғон етор охир Худойига,
Пири муғон зомин бўлди гуноҳига.
Пир еткургой Ҳақ таоло паноҳига,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Пир хизмати, эй толиблар, осон эмас,
Толиблари пир олдида мисли магас.
Адаб сақлаб, пир олдида таом емас,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Пирни лутфи Ҳақни лутфи тариқатда,
Ҳақ инъоми пирга етар ҳақиқатда.
Ҳодий бўлуб йўлға солғон маърифатда,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Пир хизмати – Ҳақ хизмати адаб қилунг,
Саҳар вақтда назар қилур, огоҳ бўлунг.
Эй толиблар, бедор бўлуб йўлға киринг,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Хизмат қилғон толиблари Ҳаққа яқин,
Кимни кўрса тавозеълиқ, сўзи ҳазин.
Иншааллоҳ, ондоғ толиб Ҳаққа яқин,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Пиринг – ғассол, мурид – мурда сўзлаёлмас,
Кўнгул бергон пирдин ўзга кўзлаёлмас.
Ҳақни тобгон Ҳақдин ўзга излаёлмас,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Пирсизларнинг баёнини ойтой сизга,
Рўзи маҳшар ранги рўйи бўлғой ўзга.
Толиб бўлсанг, қулоқ солинг яхши сўзга,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Зори қилиб кимга борса, қўлин олмас,
Ҳидоятда дод айласа, йўлға солмас.
Андоғ қулда иймон-ислом дини бўлмас,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Ҳодийман деб шайтон лаин йўлға бошлар,
Ит суратлик бўлуб ани қопиб тишлар.
Ҳайбат қилиб, дўзах ичра элтиб ташлар,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Дўзах ичра во вайлато, надомато,
Нола қилғон, қачон бўлғой қиёмато.
Ҳаққа қуллуғ қилмадим деб надомато,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Хуни жигар ютуб айдим сизга ҳикмат,
Дуо қилай, сизларни ҳам қилғой раҳмат.
Ғайрат қилиб, Ҳақ сорига боғланг ҳиммат,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
Қул Хожа Аҳмад, содиқ бўлуб пирга боргил,
Этагига юзинг суруб, улуш олғил.
Илиг-аёғ қоим қилиб ҳозир тургил,
Эшитиб, уқуб, хизмат қилинг, дўстларимо.
30
Йиғламайму тавба қилмай ҳаддин оштим?!
Шайтон лаин макри бирла турфа шоштим.
Назар қилди пири муғон сори қоштим,
Тавба қилиб, дийдор кўрунг, дўстларимо.
Ҳақ расулнинг инояти бўлди манго,
Оят-ҳадис сўзин баён қилдим санго,
Тобеъ бўлуб, ойтгонларин қилғил анга,
Тобеъ бўлуб, дийдор кўрунг, дўстларимо.
Уммат бўлсанг, дуруд ойтиб тобеъ бўлғил,
Оти чиқса, дуруд ойтиб таъзим қилғил,
Ризқу рўзи ҳарна берса қонеъ бўлғил,
Қонеъ бўлуб, дийдор кўрунг, дўстларимо.
Ҳақиқатлик бандаларга рўзи берди,
Ейиб-ичиб неъматларин ёдин олди.
Отин эшитиб, адаб қилиб таъзим қилса,
Таъзим қилиб, дийдор кўрунг, дўстларимо.
Ҳақ таоло бўйин олгон мунда турмас,
Жоҳил қуллар ўзин кўрар-айбин кўрмас.
Жинси одам ошиқлиқда дам уролмас,
Ошиқ бўлуб, дийдор кўрунг, дўстларимо.
Чин умматлар жондин кечиб дийдор кўрди,
Нав толибдек ҳалқа ичра ўзин урди,
Қойда борса ишқ дўконин анда қурди,
Дўкон қуруб, дийдор кўрунг, дўстларимо.
Умматман деб тилда ойтур, дилда – ялғон,
Нафси учун ўз жонини ўтга солгон.
Шайхман тею киши молин зўр(ла) олгон,
Назрин олмай дийдор кўрунг, дўстларимо.
Қул Хожа Аҳмад, дунё кўрсанг, қочо кўргил,
Қанот қоқуб ҳаво сори учо кўргил.
Аҳлу иёл душман санго, кечо кўргил,
Жудо бўлуб, дийдор кўрунг, дўстларимо.
31
Хилват кириб, дўстларим, ёд этолук доимо,
Муҳаббатни шаробин нўш этолук доимо.
Муҳаббатнинг шаробин ҳеч кишига бермаслар
Бағир қонин оқузуб, ошиқ ичор доимо.
Муҳаббатнинг шаробин ичгон ошиқ нишони,
Вола бўлғон булбулдек, фарёд қилур доимо.
Мурид – мурда, пир – ғассол, ўқуб юрур ҳасби ҳол,
Кўрай дебон ул жамол, жавлон қилур доимо.
Муридларин тарбият, кунда юз минг хосият,
Ўзларин чўпон сифат, чўпон қилур доимо,
Ҳалқа қуруб эранлар, Ҳу зикрини бошласа,
Ул Зикриё пайғамбар ҳозир бўлур доимо.
Ондин сўнгра Ҳақ нурин зокирларга сочарлар,
Малоиклар саф тўлуб, арра бошлар доимо.
Муҳаббат шаробини қўлға олиб Муҳаммад,
Зокирларға сунубон, соқий бўлур доимо.
Муҳаббатни шаробин ичгон учун Хожа Аҳмад,
Арш устига қўнубон, парвоз қилур доимо.
32
Маърифат бўстони ичра кириб,
Аввал тавҳид дарахтини кўрдум анда.
Ул дарахтнинг ҳар шохида меваси бор,
Субҳон Изим рўзи қилди олдим мано.
Ул дарахтнинг аслин билсанг, «Ҳу»дин эрмиш,
Тафрид, тажрид чашмалари сувдин эрмиш.
Ул дарахт ошиқларнинг ери эрмиш,
Мушоҳада қилдуқ, дўстлар, ҳазратида.
Текма нодон ул дарахтнинг ери эрмиш,
Нафсим дегон ул мевадин ҳаргиз емас.
Хомтамаълар нафси учун нелар демас,
Нафсдин кечгон яқин бўлур қурбатинда.
Нафсдин кечдим, жон ҳижоби ўтру келди,
Жондин кечтим, жоним жонға қоршу келди.
Ғайбға тушуб, ғайбға кириб ғойиб бўлди,
Ҳасрат узра ҳасрат ўти ғурбатинда.
Аввал ҳиммат мақомиға киргил деди,
Азаматлиқ подшоҳлиғим кўргил деди.
Ул тавҳид мевасидин егил деди,
Лутфи бирлан едурди ишқ неъматинда.
Кимга бахшиш берди эрса, бўлсун қутлуғ,
Сад ҳазорон жоним бўлса, бўлсун булуғ.
Ул дарахтнинг сифати(дур), дўстлар, улуғ,
Шукрин ойтур, қуллуқ қилсун хизматинда.
Ул дарахтнинг соясинда ўлтургойлар,
Шавқ шаробин ичиб руҳин қондургойлар.
Мосуводин ўзни тамом йиғдургойлар,
Қарор қилмас ишқ тилаю ҳимматинда.
Дўст тилагон ул бўстонда қарор қилмас,
Ҳақиқатлик ошиқлари ишқсиз бўлмас.
Кўнгул мулкин берса анга кўзга илмас,
Тақво қилур ичор набот шарбатинда.
Дўст(и) учун дунё уқбо мулкин солиб,
Мавт ўти ичра кириб куюб-ёнуб,
Неча қувса даргоҳидин қоршу келиб,
«Арини!» деб зор йиғлаюр ҳазратинда.
Қул Хожа Аҳмад кирди кўрунг майдон ичра,
Кўрди тавҳид дарахтини бўстон ичра.
Ул дарахтнинг сифати(дур) Қуръон ичра,
Хабар берди ул Иброҳим сурасинда.
33
Огоҳсизин кечти дўстлар эссиз умрим,
Во дариғо, бориб анда на ойғойман.
Фазли бирла ҳукм қилса – давлат манго,
Адли бирла сўрор бўлса, на ойғойман?
Ўттуз ошти, қирқға етти ёшим мани,
Билмасманким, нечук кечти умрум мани.
Тонгла куни нечук бўлғой ишим мани,
Мискин бўлуб қаён сори қойрилғойман?
Маъсиятни дарёсиға ғариқ бўлуб,
Юрумишман шайтон бирла рафиқ бўлуб.
Тун-кун йиғлаб, кўзда ёшим ариғ бўлуб,
Расво бўлуб бориб анда на ойғойман?
Озуқсиз(ин) йўлға киргон ўлмоғи бор,
Кўксиз дарахт чечакланиб сўлмоғи бор.
Мужрим қуллар борса анда сўрмоғи бор,
Сўрар бўлса, ман қул анда на ойғойман?
Бу дунёни мунгу йўқин эмди билдим,
Бу асиғ ишларимдин эмди ёндим.
Қул Хожа Аҳмад, даргоҳингға сиғниб келдим,
Қўрқадурман қаю сўзға тутулғойман.
34
Саҳарларда чорзарб уруб Раббим десам,
Даргоҳида Хожам қабул қилармукин?!
Ҳасратида бошдин аёқ вирд айласам,
Даргоҳида Хожам қабул қилармукин?
Тунлар қўпуб даргоҳиға сано қилсам,
Бошим қўюб ҳазратиға дуо қилсам.
Қон ёш тўкуб кўзларимдин, бағрим тилсам.
Даргоҳида Хожам қабул қилармукин?
Аллоҳ учун мардонавор жоним берсам,
Зор инграюб зокир бўлуб Раббим десам.
Аҳлу иёл, хонумоним ятим қилсам,
Даргоҳида Хожам қабул қилармукин?
Мансурдек "Аналҳақ" деб йиғлаб юрсам,
Шиблийдек ошиқ бўлуб самоъ қилсам.
Боязиддек тун-кун тинмай Каъба борсам,
Даргоҳида Хожам қабул қилармукин?
Яхшиларни суҳбатида қоим бўлсам,
Ҳу-Ҳу тею зикрин айтиб доим бўлсам.
Ошиқлардек чарх урубон жоним берсам,
Даргоҳида Хожам қабул қилармукин?
Айюб сифат қурт ранжиға собир бўлсам,
Яҳё сифат кўзларимдин қон ёш тўксам.
Мусо сифат Тур тоғида тоат қилсам,
Даргоҳида Хожам қабул қилармукин?
Юнусдек дарё ичра балиқ бўлсам,
Юсуфдек қудуқ ичра тун-кун қолсам.
Яъқубдек Юсуф учун қон йиғласам,
Даргоҳида Хожам қабул қилармукин?
Аё дўстлар, ҳеч қилмадим яхши амал,
Эранларни изин излаб қилмай жадал.
Бехабарман, шармандаман рўзи азал,
Даргоҳида Хожам қабул қилармукин?
Мен дафтари соний айдим дардга даво,
Туфроқ сифат босиб ўтса мани раво.
Йиғлаб келдим эшигингга ман бенаво,
Даргоҳида Хожам қабул қилармукин?
Тили билан умматман деб ялғон сўзлар,
Ваъзин айтиб халойиққа, дунё излар.
Киши молин олмоғ учун ҳар ён дарлар,
Даргоҳида Хожам қабул қилармукин?
Аллоҳ тею сидқим билан тавба қилсам,
Ғийбат қилғон тилларимни юз минг тилсам.
Ҳақдин қўрқуб дунё ишин ортқа солсам,
Даргоҳида Хожам қабул қилармукин?
Ҳикмат ўқуб ихлос қилиб йўлға киргон,
Яхшиларни изин излаб дуо олғон.
Булҳаваслар ошиқман деб йўлда қолғон,
Даргоҳида Хожам қабул қилармукин?
Қул Хожа Аҳмад, ҳикмат ойғил ошиқларға,
Сидқ билан йўлға киргон содиқларға,
Ихлос билан Ҳақни дегон лойиқларға,
Даргоҳида Хожам қабул қилармукин?
35
Субҳон Изим ҳидоятни рўзи қилди,
Телим ҳижоб кўнглимиздин кетормукин?
Туни-куни ҳазратига Аллоҳ десам,
Мунглуғ банда мақсудиға етормукин?
Маърифатнинг бўстонида булбул бўлуб,
Ҳақ ёдида доим мудом машғул бўлуб.
Қуллуқ қилсам ҳазратиға чин қул бўлуб,
Бу ҳолатда риҳлат тонги отормукин?
Эгри йўлға юрдум, доим хато қилдим,
Эмди билдим, ўз жонима жафо қилдим.
Даргоҳинга яқом тутуб яно келдим,
Лутф айлабон тавбам қабул этормукин?
Эранларни изин излаб йўлға кирсам,
Остонангда дуо қилиб юзум сурсам.
Ғарибларни кўнглин овлаб дуо олсам,
Бу иш бирлан мани ишим битормукин?
Надоматда туни-куни ёшим тўксам,
Худойимға зори қилиб арз айласам.
Яхшиларни ҳазратиға шафиъ бўлсам,
Қул ниёзи бениёзға етормукин?
Аҳмад, сани эссиз умрунг елдек ўтти,
Дунё тилаб охиратни шамъи ўчти.
Маъсият(ни) паймонаси тўлди-тошти,
Раҳмон Тангрим гуноҳимдин ўтормукин?
36
Қоронғу тун ичинда йўл адаштим,
Ёруғлиғ тонги ногоҳ отормукин?
Қуловузсиз йўлға кириб турфа шоштим,
Сайқал берсам зангорларим кетармукин?
Аё дўстлар, бу йўлларда ҳайрон бўлдум,
Бошим қотти, ақлим озди, сарсон бўлдум,
Икки олам барбод уруб урён бўлдум,
Отқон тонги ғафлат билан ботармукин?
Эранлар ушбу йўлда жондин кечти,
Зикрин айтиб саҳарларда бағрин тешти,
Жафо тортиб бу дунёнинг заҳрин ичти,
Ондоғ ошиқ роҳат билан етармукин?
Ошиқлари тунлар қўпуб зори қилғон,
Муҳаббатнинг дарёсидин гуҳар олғон,
Булҳаваслар ошиқман деб йўлда қолғон,
Боязиддек ўзин бир кун сотармукин?
Кеча-кундуз самоъ қилиб йиғлағонлар,
Хизмат қилиб ишқ сиррини англағонлар,
Ҳиммат қурин белга маҳкам боғлағонлар,
Шундоғ бўлмай ваҳдат майдин тотармукин?
Жафо чекмай, меҳнат тортмай вафо йўқтур,
Жафо тортқон ошиқларни кўнгли тўқдур,
Жафо тортмай, меҳнат кўрмай роҳат йўқтур,
Ғофиллар(и) ҳасрат билан ўтармукин?
Аё ошиқ, кеча-кундуз тинмай йиғла,
Муҳаббатнинг фўтасини белга боғла,
Чор зарб уруб саҳарларда юрак доғла,
Ошиқлари роҳат билан етармукин?
Во дариғо, ўтти умрум, тўймай қолдим,
Бу дунёнинг муҳаббатин қўлға олдим,
Дунё излаб дин ишини ортқа солдим,
Тавба қилсам Хожам қабул қилармукин?
Аё дўстлар, саҳарларда нола қилғил,
Кўз ёшингни оқузубон жола қилғил,
Ҳақ зикрини айтиб ўзунг вола қилғил,
Вола қилғон Ҳақ васлига етармукин?
Қул Хожа Аҳмад, кечаларда қоим бўлғил,
Тоат қилиб кундузлари соим бўлғил,
Мансур янглиғ "Аналҳақ" деб доим бўлғил,
Ошиқ бўлғон боши дорда кетармукин?
37
Раббим Аллоҳ дебон кўздин ёшим сочсам,
Қулум дебон манинг ҳолим сўрғоймукин?
Юз минг турлук гуноҳимдин тавба қилсам,
Раҳми келиб тавбам қабул қилғоймукин?
Тилим билан Аллоҳ зикрин жорий қилсам,
Саҳар вақтда қўпуб йиғлаб зори қилсам.
Ҳиммат қилиб кеча-кундуз кори қилсам,
Даргоҳида Хожам назар солғоймукин?
Масжид кириб намоз қилсам зоҳидлардек,
Ишқ ўтиға куюб ёнғон ошиқлардек.
Ялғон сўзни тилга олмай содиқлардек,
Орифлардек Ҳақга восил бўлғоймукин?
Пир этогин тутуб Ҳақдин қилғой талаб,
Ҳар мақсудум бўлса пирдин қилсам талаб.
Ушбу йўлда доим пирдин мадад тилаб,
Мадад бўлса, ишим равон бўлғоймукин?
Ё Раббано, ёдинг билан бўлсам мудом,
Бори умрум зикринг билан бўлса тамом.
. . . . .
Талаб қилсам ҳожат раво бўлғоймукин?
Қўл кўториб пирдин дуо олсам дерман,
Белин боғлаб хизматида турсам дерман.
Ҳиммат қилиб рост йўлиға кирсам дерман,
Кўнгул бориб анда нишон бўлғоймукин?
Ҳар кечани қадр билиб уйғоқ турсам,
Хизр билиб кимни кўрсам, дуо олсам.
Қули бўлуб маъно сўрай, кимни кўрсам,
Ушбу ишдин мурод ҳосил бўлормукин.
Ғайрат қилиб даргоҳ сори қадам қўйсам,
Эрта саҳар ғафлатдаман ётмай турсам.
Сиво бўлуб барчасидин Ҳақни сўрсам,
Сиво бўлсам Ҳақдин мадад бўлғоймукин?
Қул Хожа Аҳмадни ушбу сўзи орзу эрур,
Орзусиға етолмайин қайғу еюр.
Тақлид қилиб Ҳу зикрини ойтиб юрур,
Ҳу-Ҳу десам соҳибдилон бўлғоймукин?
38
Ишқ кимёйи аҳмар, олам дўкон эмасму?
Марди Худоға маълум, уста дўкон эмасму?
Кўнглумда ишқ Тури, тушти тажалли нури,
Ҳар бир отинг зуҳури, шамъи жаҳон эмасму?
Сартосари жаҳонға, боқса балойи тўфон,
Эй қавми Нуҳ қўрқинг, Ҳақ киштибон эмасму?
Эман дарахтидинким Мусоға ўт кўрунди,
«Инни аналлоҳ» ойтур, асрори жон эмасму?
Исойи руҳпарвар, тарки тааллуқ айлар,
Кўк саҳнида қаландар, яхши макон эмасму?
Яҳёни йиғи тутти, Одам ўзин унутти,
Юнусни наҳанг ютти, бу имтиҳон эмасму?
Хуш ҳар Ҳаййу Субҳон, хуш қудрат, хуш илҳон,
Жаннат ичинда Ризвон, бир боғбон эмасму?
Ошиқ муроди дилбар, зоҳидни майли минбар,
Жоми хуррамни истар, Ҳақ ломакон эмасму?
Айни саҳардадур гул, ошуфта мисли булбул,
Кўргоч ани қизил гул, рухсори қон эмасму?
Зинҳор, эй сухан вар, беҳуда тўкма гавҳар,
Кўнгул хазонасиға тил, посбон эмасму?
Махдуми покбози, парвози шоҳбози,
Соҳиб хуруж ғозий, чун Арслон эмасму?
Махмур олди дилу жон, қуйди майи арғувон,
Султон Сотуқ Буғрохон, пири муғон эмасму?
Даргоҳлари кибриё, ислом очиб бериё,
Сарҳалқаи авлиё, соҳиб Қуръон эмасму?
Авлоди анбиёдур, сардори авлиёдур,
Марди раҳи Худодур, олий нишон эмасму?
Давр даври Аҳмад, хойр ул-башар Муҳаммад,
Дунёву динға сармад, шаръи баён эмасму?
39
«Муту қабла ан тамуту» ҳадиси бор,
Ул олами фахри расул ойтмадиму?
Мустафонинг сўзин эмди ўқумадинг,
Сен уқмасанг, бурунғилар уқмадиму?
Уқой десанг, пир этогин маҳкам тутқил,
Тавба қилиб дунё молин ортқа солғил,
Уруб нафсни шайхинг учун ўзунг сотқил,
Шундоғ пирга мурид ўзин сотмадиму?
Эрга илгинг бергил, жонинг фидо қилғил,
Юрма йироқ, бўлма ноҳақ, бери келгил,
Ўлмак ҳақдур, ўлмас бурун тавба қилғил,
Кўб кишилар тавбасизин ўтмадиму?
Ўлса, вале нафси ўлар, руҳи ўлмас,
Сир сўзини нодонларға ойтса бўлмас.
Сир сўзини нодон, жоҳил қабул қилмас,
Бўлса маҳал оқил қабул қилмадиму?
Ҳақиқатлиқ эр сўзини нодон билмас,
Қилу қолдин сўз сўзласа, мажоз эмас.
Янча чобсанг, қилич бўлса, тошқа ўтмас,
Лойға чобсанг, қилич анга ўтмадиму?
Берса илиг, тутса этак, сўзга етор,
Юз минг анинг ҳаловати бекор ўтор.
Пирни суйгон дунё молин тошлаб кетор,
Охиратлиғ дунё тошлаб кетмадиму?
Етгоймукин тириклигим ёзу кузга,
Келгой хазон ели янглиғ ажал бизга.
Жонимизни танимиздин ойрур ўзга,
Ким ул жонни ойриб тандин кетмадиму?
Тавба билан тириклигин қилса бу қул,
Қилса тоат, этса тавба доим бу қул,
Нафсу ҳаво бу шайтонға бермаса йўл,
Тавба йўлин яхши қуллар тутмадиму?
Қул Хожа Аҳмад, тавба қурин боғлағил сан,
Нафсу ҳаво душманларни қувлағил сан.
Сан, Тангрини хос қулидек йиғлағил сан,
Йиғлағон қул Ҳақ дийдорин кўрмадиму?
40
Аё дўстлар, умрум тонги отор бўлди,
Эмди излаб, ё Раб, сани топарманму?
Жоним тандин ойрилибон ётор бўлди,
Эмди излаб, ё Раб, сани топарманму?
Бешдин ўнға кирдим эрса ёшман дедим,
Йигирмада тахт устида султон бўлдум.
Ўттуз ёшни олиб қўлға ўтру турдум,
Эмди излаб, ё Раб, сани топарманму?
Қирққа кириб, қанот қоқиб қойрилмадим,
Гуноҳ(лар)им тўлди-тошди, ойрилмадим.
Исён қилиб ўлоримни ман билмадим,
Эмди излаб, ё Раб, сани топарманму?
Эллик ёшаб ёшим манинг бўлди тамом,
Ғаниматдур, билсанг, ани ҳар хосу ом.
Мўъмин қулнинг қулоқиға будур калом,
Эмди излаб, ё Раб, сани топарманму?
Олтмиш учдур пайғамбарнинг ёшин билсанг,
Фарзу суннат буйруғини адо қилсанг.
Қазо етса, охиратқа сафар қилсанг,
Эмди излаб, ё Раб, сани топарманму?
Қул Хожа Аҳмад, қўйғил эмди дунё фикрин,
Жаҳд айлагил, тинмай ойғил Ҳақни зикрин.
Ҳозир бўлуб ўлорингни эмди билгин,
Эмди излаб, ё Раб, сани топарманму?
41
Билдим эмди ҳазратинға кўб ёзмишман,
Қамуғ дўст-ла бу йўл ичра (кўб) озмишман.
Қуловузсиз қаронғуга йўл озмишман,
Кўнглум тонги отиб, кўруб қўбмайинму?
Кўнгул тонги отти эрса, қурди бозор,
Тафаккурни дарёсиға кириб сўзлор,
Шавқ шаробин ичсам деюб кўнглум сезор,
Сир шаробин қуё берди, қўймайинму?
Қамуғ, дўстлар, кечти, кўрунг, келди сазо,
Юрумишман телбалардек йўлдин озо.
Сир шаробин ичтим эрса берди мазо.
Охиратни асбобини қурмайинму?
Охиратни асбобини қурди ёрон,
Ҳақ расулни суннатини тутти ёрон.
Қани аввал сиздин бурун ўтгон карвон,
Ман аларни изин излаб, етмайинму?
Во дариғо, кечти умрум ғафлат бирлан,
Савол сўрса, жавоби йўқ ҳужжат бирлан.
Бермагойсиз ўтру келса, меҳнат бирлан,
Эмди музлаб, қордек эриб, оқмайинму?
Во дариғо, кечти умрум, қолди боқо,
Йигитлигим елдек ўтти, сувдек оқо.
Мискинликни мақомида йиртиб яқо,
Тутуб тавба ўти бирлан куймайинму?
Қул Хожа Аҳмад етти ишқни бисотина,
Иншааллоҳ, Ҳақ еткургой нийятина.
Ишондим ман Ҳақ каломи оятина,
Бўлдим рафиқ, ўтгулардин ўтмайинму?
42
Ҳақ расули ўлмас бурун ўлунг деди,
Дийдор учун ўлмас бурун ўлмайинму?
"Муту қабла ан тамуту" бўлунг деди,
Дийдор учун ўлмас бурун ўлмайинму?
Аё дўстлар, дийдор учун адо бўлдум,
Бу дунёда меҳнат тортиб гадо бўлдум,
Фано бўлуб хонумондин жудо бўлдум,
Дийдор учун ўлмас бурун ўлмайинму?
Муҳаббатнинг дарёсида чўмуб ботиб,
Ғаввос каби ул дарёдин гуҳар топиб,
Жоним бериб шавқ шаробин тўё ичиб,
Дийдор учун ўлмас бурун ўлмайинму?
Аввал-охир хўблар кетти, қолдим ялғуз,
Нодонлардин эшитмадим бир яхши сўз,
Дилим йўқтур, тилим йўқтур, қулоқ ҳам кўз,
Дийдор учун ўлмас бурун ўлмайинму?
Анбиёлар ўлмай туруб тирик ўлди,
Бу дунёда жафо тортиб нурға ботти,
Кофирлардин кўб маломат, жафо тортти,
Ўлмас бурун дийдор учун ўлмайинму?
Авлиёлар бу оламда гадо бўлди,
Кечиб аҳлу иёлидин, сиво бўлди,
Жондин кечиб дийдор учун, фано бўлди,
Дийдор учун ўлмас бурун ўлмайинму?
Муҳаббатнинг бозорида савдо қилсам,
«Фақру фахри» маломатин анда тортсам,
Икки олам савдосини кўздин солсам,
Ўлмас бурун дийдор учун ўлмайинму?
Қул Хожа Аҳмад . . . . .
"Муту қабла ан тамуту" ўқуб эриб,
Ҳақ Мустафо ҳадисини маҳкам тутуб,
Дийдор учун ўлмас бурун ўлмайинму?
43
Деди олим Қуръон ўшал Тангри сўзи,
Қул кўнглиға солди назар Ҳақ кундузи.
Ул мақомни ҳар дам кўрар кўнгул кўзи,
Кўзум кўрди, кўнглим иқрор қилмайинму?
Пир келгон сўнг ўн саккиз минг олам муқирр,
Етти қат ер, етти қат кўк тасбеҳ ўқур.
Заиф қулман, ўзум мунглуғ, мискин, фақир,
Бўлдум охир, дунё орқа солмайинму?
Заиф ўзум ёнарқудек қудрат била,
Мажоз ўзум қушдек учар ҳиммат била.
Кечти умрум, келди, кўрунг, навбат била,
Дўстларимға сўзум ёдгор қўймайинму?
Ойтадурман Изим Аллоҳ ёди бирлан,
Ичим-ташим нурга ёрур ёди бирлан.
Эҳсон қилди Аллоҳ кундуз фазли бирлан,
Ташим гуҳар харидорга сотмайинму?
Заиф ўзум Изим Ҳақни каломина,
Кўз очибон боқма дунё ҳаромина.
Кекурдилар майи ишқинг ўтоғина,
Кириб анда ҳазор достон ойтмайинму?
На берурлар охиратда қуруғ сўзга,
Қилмиш феълинг уйрулмасун ёрдин ўзга.
Узоқ сафар келиб турур эмди бизга,
Кейин қолдим ул карвонға етмайинму?
Хулқлиқ қилиб йиғлағунча куйсанг керак,
Эгри бўлуб юругунча ўлсанг керак.
Қул Хожа Аҳмад, тавба бирла ўлсанг керак,
Асал янглиғ ул дам заҳрин тотмайинму?
44
Субҳон Изим хос ишқини қилди инъом,
Ошиқ бўлуб пок ишқида куймайинму?
Ўздин ўзга талабларни қилди ҳаром,
Банда бўлсам ялғуз ўзин суймайинму?
Қаю банда ялғуз суйса подшоҳ қилай,
Ўн саккиз минг олам ичра ифшо қилай,
Халойиқлар тожи, сарой иншо қилай,
Бу сўз эшитиб онга жоним бермайинму?
Ҳақ таоло ошиқларға берди хилъат,
Жон берорда ёғиб ўтти оби раҳмат,
Ошиқларни ҳар мўйида минг хосият,
Меҳнат тортиб хосиятлар кўрмайинму?
Аллоҳ айди: "Раҳматимдин ишқ яраттим",
Онинг учун ошиқларни кўб йиғлаттим,
Дарду бало, меҳнатларга бел боғлаттим,
Белим боғлаб ишқ йўлида ўлмайинму?
Ошиқларға ваъда қилди дийдорини,
Ўзи билур дийдор учун беморини,
Тунлар қотиб кўб йиғлағон бедорини,
Бедор бўлуб Ҳаққа қуллуқ қилмайинму?
Дунё талаб ҳарисларни бандам демас,
Рўзи маҳшар йўлдин озса йўлға солмас,
Сувсаб, чанқаб дод айласа, қўлин олмас,
Дунё тебиб охиратни суймайинму?
Хожам айди: «Чин бандага берой улуш,
Шарти улдур манга сори қилса юруш,
Нафсдин кечиб шайтон билан қилса уруш...
Нафсдин кечиб риёзатда сўлмайинму?
Раҳматимдин умид тутсанг, саҳар турғил,
Кеча ётмай, кундуз йиғлаб Ҳақни тобқил,
Ондин сўнгра ариғ бўлуб нафсни тебгил...
Нафсни тебиб Ҳаққа қуллуқ қилмайинму?
Сирот кечмай банда бўлсанг, қаҳ-қаҳ кулма,
Жаннат кирмай бу дунёда хуррам юрма,
Дийдор кўрмай йиғламақни зинҳор қўйма»,
Мунда йиғлаб охиратда кулмайинму?
Эссиз умрум Ҳаққа ёнмай бежо кетти,
Муҳаббатнинг жомин ичмай вақтим етти,
Кимга ойтиб, кимга йиғлай, бошим қотти,
Надоматда сочу соқол юлмайинму?
Осий, жофий қулунг ичра ман гунаҳкор,
Гуноҳимни афу айласанг, ўзунг Ғаффор!
Раҳмат билан айбим ёбсанг, отинг Саттор,
Умид тутуб даргоҳинга келмайинму?
Ҳақ таоло раҳмат бирлан манга боқти,
Раҳмат суйи кўзларимдин тинмай оқти,
Ошиқларға ишқ чақмоқин ёқиб чоқти,
Ишқин ўқуб халойиқға ёймайинму?
Қуллуқ ичра одат қилай қилсанг қабул,
Йўқлуқ ичра адо бўлсам мисли расул,
Бу оламда ҳеч ким йўқтур мандек малул,
Ғариб бўлуб остонангда ўлмайинму?
Лутфу карам эҳсон қилди, билолмадим,
Шокир бўлуб анинг шукрин қилолмадим,
Парвонадек минг тасаддуқ бўлолмадим,
Парвонадек куюб ахгар бўлмайинму?
Тун саҳарлар бедор қилди йиғласун деб,
Ёшин тўкуб ишққа белин боғласун деб,
Ўртаб-куюб юрак бағрин доғласун деб,
Доғин олиб Ҳақ қошиға бормайинму?
Ваҳдоният дарёсидин хабар берди,
Аллоҳ ўзи Ҳодий бўлуб йўлға солди,
Дўзах ичра қолмасун деб қўлум олди,
Жону дилим ондоғ Ҳаққа бермайинму?
Аллоҳ айди: "Жонни бердим тоат қилғил,
Юз минг бало санга солсам тоқат қилғил",
Мани излаб йиғламақни одат қилғил,
Балосиға собир бўлуб юрмайинму?
Ҳақ таоло салом айди куйгонларга,
Қонлар тўкуб икки кўзин ўйғонларға,
Жонни жонға пайванд қилиб юргонларга,
Ханжар олиб кўзларимни ўймайинму?
Ҳақ партави кимга тушса, доно қилур,
Кўнгли ёруб ботинларин бино қилур.
Маърифатни ойтиб ўзин гўё қилур,
Гўё бўлуб Ҳақ йўлларин оймайинму?
Салом айди дўстлариға Ҳақ меҳрибон,
"Мунда йиғланг, охиратда қилай хандон".
Ҳақ йўлида ошиқларни жони қурбон,
Бу сўз эштиб юз минг жоним бермайинму?
Ман дафтари соний ойдим дардга дармон,
Биру борим бандам деса қолмас армон.
Ҳарна қилса, Ўзи қилур, Ҳақдин фармон,
Фармонида ҳозир бўлуб юрмайинму?!
Қул Хожа Аҳмад, бу дунёда беғам ўтдунг,
Ҳақдин қўрқмай тонг отқунча кўпуб ётдинг.
Дунё тилаб Ҳақ зикрини тошлаб отдинг,
«Атубу илайка» ўқуй-ўқуй ўлмайинму?!
45
Ўлум элчиси келди, яроғинг нега қилмассан?
Соқол-сочинг оқоруб, яроғинг нега қилмассан?
Танингда қолмади қувват, вужудинг борчаси заҳмат,
Алардин олмайин ибрат, яроғинг нега қилмассан?
Ўлумни элчиси келди, санго эмди хабар берди,
Санго на бўлди, келиб яроғинг нега қилмассан?
Қамуғ ёронларинг кетти, кўрсатти бўйини тутти,
Келиб ер қўйнида ётти, яроғинг нега қилмассан?
Бу дунёни нега суйдунг, ғалат қилдинг, хато қилдинг,
Қани уқбоға на қилдинг, яроғинг нега қилмассан?
Бу тандин жонинг олмоққа, малак келди ойирмоққа,
Сани қўймас дам урмоққа, яроғинг нега қилмассан?
Қул Хожа Аҳмад, на иш қилдинг, ўзунг асрагу қилдинг,
Бу дунё жирканиб йиғдинг, яроғинг нега қилмассан?
46
Шаки йўқтур, қиёмат кун келур, дўстлар,
"Ла уқсиму би явм ил-қиямаҳ" деб ойтмадиму?
Ўзин боқий, ўзгаларни фоний билинг,
"Куллу шайъин ҳаликун" деб ойтмадиму?
Жумла жонлар ер қўйниға охир киргой,
Мангу, боқий Уғон Изим ўзи қолғой.
Замона охир бўлса, кўк ёрилғой,
"Изас-самаъун шаққат" деб ойтмадиму?
Қиёматнинг аломати бисёр кечгой,
Каломуллоҳ маъно кетиб, хати ўчгой.
Булут кукраб, ер теброниб, тоғлар кўчгой,
"Явма таржуфур-рожифаҳ" деб ойтмадиму?
Аллоҳ билур кимга роҳат, кимга азоб,
Уғон Изим қози бўлуб сўрғой ҳисоб.
Во ҳасрато, банда нечук бергой жавоб,
"Явма яқум ул-ҳисаб" деб ойтмадиму?
Қул Хожа Аҳмад ойтур тун-кун, ё Раб, сани,
Зор йиғлағил ишқинг билан туни-куни.
Топар банда юрса доим истаб сани,
"Фатлубни тажидни" деб ойтмадиму?
47
Дунё суймак хатоларни боши турур,
Ул Мустафо бизни огоҳ қилмадиму!?
«Ал-фақру фахри» тею Тангри расул(и),
Уғонидин дарвишликни олмадиму?..
Қўймади Мустафодек неча ёрон,
Абу Бакр, Умар, Али, билгил, Усмон.
Тахти бирла учор эрди ул Сулаймон,
Бу ўлум чангалига олмадиму?
Умар эрди дини ислом йўлин очғон,
Али эрди кофирларнинг бўйнин чобқон.
Шерон илги бирлан (Хайбар) бобин очқон,
Ул ҳам ажал шаробидин тотмадиму?
«Фатубу илаллоҳ»ға бўюнсунғил,
Маъсиятға боқмағил, кўзинг юмғил.
Насуҳдек олам ичра отинг қўйғил,
Тилаклик қул тилагини олмадиму?
«Аласту бираббикум» демиш вақтда,
Аҳд қилиб «қолу бало» дедим Ҳаққа.
Агар сен тонар бўлсанг ал-мийсоқа,
Ўрнунг санинг жаҳаннамда бўлмадиму?
Уғоним фосиқларға урди масал,
«Улаика кал анъом балҳум азалл».
Тўрт аёғлиқ чорполардек юрур алар,
Телим эрлар андин ибрат олмадиму?
Олам фахри Кабутарга масжид дегон,
Муҳаммаднинг ҳазратидин бол тилагон.
Ушру закот бергил деса хўб кўрмагон,
Дунё учун динин елға сотмадиму?
Сиғмас Қорун мол(и) анинг ёбон ёзи,
Олам ичра машҳур турур анинг сўзи.
Дунё молин йиғиб олса тўймас кўзи,
Бир овуч туфроқ бирла тўймадиму?
Эр ул бўлур ўлмас бурун молин берса,
Қорун турур ўшал киши ғофил турса.
Ялғузгина шумлуғидин ўшал Исо,
Тўрту(ла)нчи кўкда ялғуз қолмадиму?
Қул Хожа Аҳмад, бедор бўлғил тоат қилиб,
Телим ёзуқ ишларингдин ибрат олиб.
Ишонмағил йигитликка фасод қилиб,
Телим очилиб қойтиб яна суймадиму?
48
Аё дўстлар, кетмак учун мунда келдук,
Келиб кетмак боисини билдингизму?
Асли ватан улдур, мунда мусофирсан,
Савдо учун келиб савдо қилдингизму?
Карвонбоши хабар берди кулли жонға,
Савдо қил деб буюрдилар ҳар қаёнға,
Савдосини қилди зиён кўб нодонға,
Суду зиён қилғонини билдингизму?
Оқил қуллар савдосини қилдилар тахт,
Савдосини қилғон қуллар бўлур некбахт.
Бозорини қилиб боғлар юкларин сахт
Тайёр бўлди, сиз ҳам тайёр бўлдунгизму?
Сардори карвонбоши қилса хабар,
Савдо қилғон, озуқ олғон қилур сафар,
Юк тонгуғлиғ шоду хандон (йўлға тушар),
Жаҳду жадал қилиб юкни тонгдунгизму?
Баъзи нодон кирди бозор олди дўкон,
Ҳамроҳ бўлди ул нодонға анда шайтон,
То қуруғлиғ ўлтурдилар шоду хандон,
Ўшал дўкон дунё эрур, билдингизму?
Савдо қилой деса шайтон қўймас, билгил,
Ойтур анга қўйғил бугун, тонгла қилғил.
Умрунг узоқ, дам ғанимат, ишрат қилғил,
Ойтур анга, ишрат қилиб тўйдунгизму?
Бу сўз бирла нақди умрин қўлдин бергой,
Умрунг бўлди бу дўкондин чиққил дегой.
Во дариғ деб қўлин тишлаб афсус егой,
Савдо учун эмди афсус едингизму?
Бу ҳолатда амир карвон келгой етиб,
Юругил деб асл ватан ҳукмин ойтиб.
Савдо қилмай мунча ўтдунг нетак ётиб,
Озуқ олмай йўлға кириб елдингизму?
Қул Хожа Аҳмад, савдо қилғил бозор ўтмай,
Умрунг куни битмас, ажал куни етмай.
Ногаҳон(да) ажал келиб яқонг тутмай,
Ажал келур вақтин, дўстлар, билдингизму?
49
Аё шайхо, толибларга йўлни кўргуз,
Шариатнинг баёнини қилмасмусан?
Тариқатда қуловузсиз йўлға кирса,
Ҳақиқатнинг йўлларини ойтмасмусан?
Шайхман тею улуғ тутдинг ўзинг доим,
Кўнглунг кибру манлик билан, тилинг соим.
Нафсинг учун узун тунлар туруб қоим,
Ўқуб Қуръон ҳеч ўзунгга келмасмусан?
Шайхман тею золимларга хизмат қилдинг,
Мулозамат пеша айлаб иззат қилдинг.
Неъмат берса жонинг бирла ҳурмат қилдинг,
Жоҳил бўлуб золим сифат бўлмасмусан?
Маъни Қуръон туз билмадинг ҳаво бирлан,
Тоат қилдинг халқ ичинда риё бирлан,
Зангор босғон кўнгул йўқтур зиё бирлан,
Маъно ўқуб риё қурин солмасмусан?
Фақир бўлуб маломатни тўша қилғон,
Дунё солур охиратни пеша қилғон.
Дил айвонин хилват қилиб гўша қилғон,
Ондоғ эрнинг хизматида бўлмасмусан?
Қул Хожа Аҳмад, кимга айдинг ушбу сўзни,
Хўб билурсан, ҳеч билмассан роҳи тузни.
Билур қариб йўл билгучи қуловузни,
Гарди пойин қаро юзга суртмасмусан?
50
Умрунг ўтти, аё ғофил, зоеъ мунда,
Ғафлат кўзин очиб бедор бўлмасмусан?
Ётур еринг тор лаҳаддур ялғуз гўрда,
Ўлмас бурун фикрин мунда қилмасмусан?
Ажаб йўлдур борур еринг, хатар бисёр,
Қароқчилар доим анда турур тайёр,
Ҳиммат қилиб бу дунёдин айлаб гузор,
Охиратнинг яроғини қилмасмусан?
Юрдунг доим шоду хуррам, сурур бирлан,
Мағрур бўлдунг ҳою ҳавас, ғурур бирлан,
Единг шубҳа-ҳаромларни макруҳ бирлан,
Дўзах ичра жазосини тортмасмусан?
Мўъмин дегон бўлур доим тафаккурда,
Фикр айлаб зикрин айтур узоқ тунда,
Бўлмас манлик бир заррае вужудинда,
Ондоғ эрни этогини тутмасмусан?
Аро йўлда пайдо бўлур икки манзил,
Ондоғ қулға қилғил мунда жонинг сабил,
Солғой сани яхши йўлға ёри қобил,
Хизмат қилиб жаннат мулкин олмасмусан?
Жон олғони бир кун келур малакул-мавт.
Ўлмас бурун ўлум бирла бўлғил улфат,
Узоқ йўлға озуқ олғил – торт риёзат,
Иззат рахтин сотиб, хорлиқ олмасмусан?
Ошиқ бўлсанг, маломатдин қилғил ватан,
Ғам тиғидин захм айласун мулки бадан,
Ҳам очилсун ботинингда турлук чаман,
Жондин кечиб дийдорини кўрмасмусан?
Роҳат топар меҳнат сори қадам қўйғон,
Зоеъ қўймас хизмат қилсанг пири муғон,
Хизмат қилмай даъво қилсанг бари ялғон,
Қул Хожа Аҳмад, пир олдида ўлмасмусан?
51
Аё дўстлар, бу йўллардур қоронғулуқ,
Шайтон йўлин ўздин йироқ солмасмусан?
Банд этибон шайтон сани гумроҳ қилур,
Ҳақ қошида юзи қаро бўлмасмусан?
Тамаъ қилма хожаман деб эшикларда,
Ақл йўқтур ихлос қилғон кишиларда.
Шарму ҳаё кетти улуғ-кичикларда,
Охир замон нишонасин билмасмусан?
Шайхман тею маърифатни қилди баён,
Зоҳир-ботин, аввал-охир қилса аён.
Шунқор янглиғ руҳи анинг қилса тайрон,
Мундоғ бўлуб мурид йўлға солмасмусан.
Туни-куни тоат қилди Саййид аброр,
Емай-ичмай ёшлиғида яхши кирдор.
Уммат учун қайғу бирла бўлди бедор,
Расулуллоҳ табъиятин билмасмусан.
Тонг отқунча икки аёқ тамом шишти,
Ото-оно, Иброҳимдин тақи кечти.
Тилаб уммат қайғу бирлан ақли шошти,
Аё шайхо, кўруб ибрат олмасмусан?
Қул Хожа Аҳмад, бу йўлларни осон билма,
Ҳақ раҳмати бисёр етиб мағрур бўлма.
Хавфу ражо ичра турғил, кўнгул қўйма,
Қаҳр ичинда лутфин англаб юрмасмусан.
52
На муҳаббат эрмиш, ман ўторимни билмасман,
Шайдо қилди ишқ мани, қойда борғум билмасман.
Куёр бағрим тошлари, оқор кўзум ёшлари,
Аё Ҳақнинг дўстлари, қойда борғум билмасман.
Ўт на бўлур ёлинсиз, сув на бўлур жилосиз,
Мани дардим давосиз, излаб дору тобмасман.
Дардим билар табиб йўқ, ҳолим сўрор рафиқ йўқ,
Мандек мунглуғ ғариб йўқ, мунгу зорим оймасман.
Ўтларни сув ўчирур, бу ўт сувни куйдурур,
Ўтлар ўти бу эрур, ялғон тею оймасман.
Ким киш кияр, ким чопон, ким подшоҳдур, ким чўпон,
Ким туз юрур, ким ямон, муни асло билмасман.
Қул Хожа Аҳмад, ҳақирман, ёзуқумни ўқурман,
Дўстум гуҳар, фақирман, фақирлиқдин тонмасман.
53
Ё илоҳим, ишқинг солиб ошиқ этгил,
Тонгла маҳшар ошиқларни Аллоҳ чорлар.
Ошиқ бўлсанг, аё толиб, меҳнат тортгил,
Тонгла маҳшар ошиқларни Аллоҳ чорлар.
Меҳнат тортгон ошиқлардин Худо рози,
Ошиқларни Аршга етгой, бил, овози.
Ул ошиқдин Аллоҳ ўзи бўлди рози,
Тонгла маҳшар ошиқларни Аллоҳ чорлар.
Аё толиб, ошиқ бўлсанг, бўзлаб юргил,
Даргоҳига етгунг охир излаб юргил.
Сан сиррингни нодонлардин асраб юргил,
Тонгла маҳшар ошиқларни Аллоҳ чорлар.
Ошиқларни кўзларидин қони оқар,
Кўзни қонин кўруб анда маъшуқ боқар.
Маъшуқ ўзи ошиқларға ўтлар ёқар,
Тонгла маҳшар ошиқларни Аллоҳ чорлар.
Аллоҳ суйгон ошиқлари инграб юрар,
Орифларни суҳбатиға ўзин урар.
Меҳнат тобса ошиқлари жавлон қилар,
Тонгла маҳшар ошиқларни Аллоҳ чорлар.
Ошиқларни маъшуқ ўзи чорлағуси,
Қойдасан деб, қойдасан деб ингранғуси.
Аллоҳ дардин тортиб ошиқ бўзлағуси,
Тонгла маҳшар ошиқларни Аллоҳ чорлар.
Аллоҳ суйгон ошиқ тонгла буроқ минар,
Буроқ миниб маҳшаргоҳда жавлон қилар.
Ҳуру қусур кўзламаслар, дийдор тилар,
Тонгла маҳшар ошиқларни Аллоҳ чорлар.
Маҳшаргоҳда ошиқларни бўйнида ғул,
Ғул тоқилғон ошиқ иши Ҳаққа мақбул.
Ул ошиққа Аллоҳ ўзи кўрсатур йўл,
Тонгла маҳшар ошиқларни Аллоҳ чорлар.
Малойиклар занжир тақиб олиб юргой,
Ул ошиқни аҳволини Аллоҳ сўргой.
Аллоҳимга ошиқлиги мақбул бўлгой,
Тонгла маҳшар ошиқларни Аллоҳ чорлар.
Меҳнат тортгон ошиқларни Аллоҳ суйди,
«Кел бери» деб ул ошиққа шароб берди.
Шароб ичгон ошиқларни Аллоҳ суйди,
Тонгла маҳшар ошиқларни Аллоҳ чорлар.
Қул Хожа Аҳмад, ошиқларга ўзунгни қот,
Кеча-кундуз меҳнат қилиб аламлар торт.
Орифларни бозорида ўзунгни сот,
Тонгла маҳшар ошиқларни Аллоҳ чорлар.
54
Ошиқларга Тангрим ўзи қилғой раҳмат,
Қабр ичра партав солиб қилғой шафқат.
Жаннат кириб, дийдор кўруб, айшу роҳат,
Лутфу карам ато қилиб юрур бўлғой.
Ошиқлари қойда борса хилват истар,
Эрга ҳожат эрмас яхши болин бистар.
Ҳақни топмай йиғлаб юруб бўлуб музтар,
Ишқ боғида наво қилиб юрур бўлғой.
Ошиқ куёр, жондин тўёр, Ҳақни севор,
Аллоҳ учун дунё, уқбо талоқ қўёр.
Бағрин тешиб, бошдин аёқ қонға бўёр,
Ошиқ ўзи якто бўлуб юрур бўлғой.
Эй ёронлар, ишқ элини сомони йўқ,
Даво сўрманг, ишқ дардини дармони йўқ.
Бу йўлларда ошиқ ўлса, товони йўқ,
Жонин тандин жудо қилиб юрур бўлғой.
Жони жудо ўтда куйгой тани ўзга,
Кимни кўрса, изин олиб суртор кўзга.
Ҳикмат ўқуб, толиб бўлуб, етса сўзга,
Ақлу ҳушин доно қилиб юрур бўлғой.
Булҳавасни тани куйса, жони куймас,
Ани учун ишқ қадриға етиб бўлмас.
Яхшиларни суҳбатидин баҳра олмас,
Ризқи дуо риё қилиб юрур бўлғой.
Бу оламдин сиво қилғон Аллоҳ ўзи,
Эй умматлар, Ҳақ Мустафо ойғон сўзи.
Рўзи маҳшар равшан бўлғой халқға юзи,
Дилларини сафо қилиб юрур бўлғой.
Чин ошиқлар тирик ўлғон жони бежо,
Парвоз қилиб учай деса сахлар Худо.
Ичмиш-емиш, талаблари дарду бало,
Ишқин бошқа бало қилиб юрур бўлғой.
Қул Хожа Аҳмад, дарвиш бўлсанг, бедор бўлгил,
Жавру жафо, дарду меҳнат, ғам истагил.
Юз минг бало бошға тушса, ингронмагил,
Аллоҳ ўзи жафо қилиб юрур бўлғой.
55
Ҳақни тобгон девоналар беҳуш сўзлар,
Дарду ҳолат пайдо қилиб юрур бўлғой.
Мақомлари баланд мақом, Аршни кўзлар,
Халққа ўзин расво қилиб юрур бўлғой.
Элдин қочиб тоғу чўлни қилғой ватан,
Чўллар аро ҳамроҳлари зоғу заған.
Кетор бўлса чурук энги анга кафан,
Туйур ваҳший ҳамроҳ қилиб юрур бўлғой.
Мундоғ бўлмай жон маъшуқин таниб бўлмас,
Бу йўлларни уқбаси кўб, ошиб бўлмас.
Жондин кечмай ваҳдат майдин тотиб бўлмас,
Май нўш этиб, самоъ қилиб юрур бўлғой.
Жононани тобгон киши ўзи билмас,
Оми халқи толиб бўлса, қочиб келмас.
Юз минг носиҳ бўлса, андин пандин олмас,
Элга ўзин гумроҳ қилиб юрур бўлғой.
Юз минг ошиқ куйса-ёнса бўлур хуррам,
Ҳақ ёдини ҳар ким ойтса бўлур ҳамдам.
Рўзи маҳшар дийдориға бўлур маҳрам,
Жони имон фидо қилиб юрур бўлғой.
Аллоҳ учун жонин бергон зоеъ қолмас,
Икки олам анга бўстон ҳаргиз бўлмас.
Чин ошиқни сирри ниҳон халқ билолмас,
Кўз ёшини гувоҳ қилиб борур бўлғой.
Ошиқ ўлмас, қурби сўлмас, ишқи жавон,
Халқ ичида оғзи хандон куяр пинҳон.
Чўллар кезиб бўзлаб юрур Ҳақ ломакон,
Ҳақ ишқини сано қилиб юрур бўлғой.
Ишқ боғини кезгон ошиқ ўзин билмас,
Кеча-кундуз масту ҳайрон ўзга келмас.
Гўша истар халойиққа улфат бўлмас,
Ҳақ васлини фано қилиб юрур бўлғой.
Чин дардликларни дардлик кўзга илмас,
Зоҳид, обид, соликларни тилга олмас.
Қайда кўрса ишқсизларни назар қилмас,
Чин дардликка даво қилиб юрур бўлғой.
Ошиқларни билгонларин халқ билолмас,
Ҳуру ғилмон жумла малак хайл келолмас .
«Сақоҳум раббуҳум»ни орзу қилмас,
Дийдориға вафо қилиб юрур бўлғой.
Ҳуру қусур ан-таҳурдин олиб келгой,
Ризвон малак қадаҳ сунуб, таъзим қилғой.
Ошиқлари кўзи юмуб беҳуш бўлғой,
«Вошуқо!», деб қир ичинда юрур бўлғой.
Ҳақ томоша қилиб, анга раҳмат қилғой,
Нур ичинда партав солиб, шафқат қилғой.
Етмиш фариқ малоикни улфат қилғой,
Лутфи карам ато қилиб юрур бўлғой.
56
Одам ўғли ўлгуси, ер остиға киргуси,
Ким яхшидур ким ямон, анда маълум бўлғуси.
Мунда ўзин билгонлар, Ҳаққа қуллуқ қилғонлар,
Ҳақ йўлиға киргонлар, ёруғ юзлуқ бўлғуси.
Манман, қулман дегонлар, ер юзига келгонлар,
Ҳаром-ҳариш егонлар бир-бир жавоб берғуси.
Мунда ўзин билмагон, насиҳатни олмагон,
Беш вақт намоз қилмағон, анда расво бўлғуси.
Агар оқил бўлсангиз, насиҳатни олсангиз,
Беш вақт намоз қилсангиз, анда фойда бўлғуси.
Қуллуғ қилғил қулиға , киргил Ҳақни йўлиға,
Ёрлиқоғон қулиға, ҳурлар қоршу келгуси.
Ҳақдин фармон бўлғонда, Азроил жон олғонда,
Сўруғ-савол қилғонда, анда ҳайрон қолғуси.
Ҳайрон бўлмас ул киши, оқса кўзини ёши,
Ҳақ билан бўлса иши, жавоб осон бўлғуси.
Тоат қилғил қишу ёз, Қул Хожа Аҳмад, бўл гудоз,
Юзи қаро бенамоз, анда расво бўлғуси.
57
Шариатнинг шароитин тарк этмайин,
Тариқатнинг ишларини адо қилсун.
Тариқатда парҳез қилиб тақво қилғон,
Кўруб, билиб, ҳалолидин жудо қилсун.
Ҳақиқатнинг дарёсидин гуҳар олғон,
Маърифатнинг майдонида жавлон қилғон.
Куюб-пишиб ич бағрини ўтқа солғон,
Ондоғ ошиқ алиф қаддин дуто қилсун.
Қиёматнинг шиддатидин мотам қурсанг,
Нав толибдек халқа ичра ўзунг урсанг.
Қиёматнинг шиддатидин наъра тортсанг,
Маҳшаргоҳда кўз ёшини гувоҳ қилсун.
Ушбу йўлға киргон ошиқ жондин кечар,
Жондин кечиб шавқ шаробин тўё ичор.
Риҳлат қилса чурук эгнин кафан бичар,
Фарёд уруб эшикларда садо қилсун.
Қиёматнинг шиддатини билмаганлар,
Ғариб, фақир кўрса кўзга илмаганлар.
Амри маъруф, наҳй мункар қилмағонлар,
Хос бўзурглар сани на деб дуо қилсун?!
Ҳақ зикрини ойғонларни душман тутқон,
Манлик қилиб яхшиларни босиб ўтгон.
Ҳалол-ҳаром фарқин қилмай олиб ютқон,
Ул фосиқни дилин на деб сафо қилсун.
Такаббур манлик билан ҳаво қилғон,
Халқ ичинда ҳарна қилса риё қилғон.
Кеча-кундуз дунё учун савдо қилғон,
Ул бандани охиратда гадо қилсун.
Халқ ичинда тасбеҳ қўлға олиб юргон,
Шайхмен тею нодонларға ваъзин ойғон.
Назрин олиб келгойму деб қараб турғон,
Пир ул турур зоҳир, ботин сафо қилсун.
Кеча-кундуз Ҳақдин қўрқуб турғон киши,
Ўзин билур ўзга билан йўқтур иши.
Ондин сўнгра нурға тўлур ичу таши,
Ҳақдин қўрқуб кўзда ёшин равон қилсун.
Қулман тею Ҳақ амрини қилмағонлар,
Насиҳатни қулоқиға олмағонлар.
Суду зиён бўлғонини билмагонлар,
Ул фосиқлар Ҳаққа на деб вафо қилсун.
Ҳикмат эштиб, йиғламағон одам эмас,
Кўнгли қаттиғ, кўзи анинг намлиғ эмас.
Бешак билинг, дини анинг маҳкам эмас,
Қон йиғлағил, кўзинг ёши даво қилсун.
Аё ғофил, нодон билан улфат бўлма,
Нодонларни суҳбатиға ўзунг урма.
Ҳақ қаҳридин қўрқуб йиғла ҳаргиз кулма,
Қул Хожа Аҳмад ошиқлардек наво қилсун.
58
Ҳақ таоло тавфиқ берса ҳиммат қилиб,
Саҳарларда тинмай ёдин айғум келур.
Жунбуш қилиб аъзоларим дард айласа,
Тавба қилиб ҳазратиға ёнғум келур.
Толиб бўлуб, ихлос қилиб йўлға кирсам,
Бедор бўлуб, Ҳақ дийдорин тўё кўрсам,
Парвонадек шамъин кўруб ўзум урсам,
Йўқ эрса тирикликни отқум келур.
Ошиқларни давосидур Ҳақни ёди,
Зокирларни муродидур Ҳақ дийдори,
Кеча-кундуз йиғлаб қилур Ҳаққа доди,
Чин дардликдин дарду меҳнат тортқум келур.
Тариқатга киргон ошиқ Ҳақни излар,
На сўзласа ҳол илмини сўзин сўзлар,
Саҳарларда ёдин айтиб Аршни кўзлар,
Боязиддек бир кун ўзум сотқум келур.
Ҳақиқатни дарёсиға чўмғон ошиқ,
Ул дарёдин гуҳар олиб чиққон ошиқ,
Гуҳар олғон даргоҳиға бўлур лойиқ,
Лойиқ булуб гуҳар олиб чиққум келур.
Фано бўлуб бу дунёдин йиғлаб ўтсам,
Ҳақ шаробин ичорман деб ташна кетсам,
Шиблий янглиғ ошиқ бўлуб, самоъ қилсам,
Мундоғ бўлуб шавқ шаробин ичгум келур.
Қул Хожа Аҳмад, ошиқлардек жондин кечгил,
Жондин кечиб шавқ шаробин тўё ичгил,
Толибларга ҳикмат айтиб, дурлар сочқил,
Пири муғон этогини тутқум келур.
59
Аё дўстлар, таваккулни қиличини,
Белга боғлаб йўлға қадам қўйғум келур.
«Ла тақнату» раҳматидин умид тутуб,
Маваддатнинг гулзоринда елгум келур.
Ошиқлари жавлон қилор ул майдонда,
Илон қамчи қилиб минор ул арслонға,
Сир сўзини ойтиб бўлмас ҳар нодонға,
Сир сўзини доноларға ойғум келур.
Ориф бўлуб ошиқ бўлса доно кетор,
Ондоғ ошиқ дийдор учун жонин берор.
Ондоғ қулға тонгми отор, кунми ботор,
Туни-куни тинмай зори қилғум келур.
Нишонаси улдур, ани ранги сориғ,
Ондоғ киши бу дунёдин бўлур фориғ.
Мосиводин йиғиб, ўзни кўнгли ёриғ,
Маърифатлар анга рахтин сотқум келур.
Аё дўстлар, тариқатда бозор кўрдум,
Рахтим тобиб ул бозорда дўкон қурдум.
Ғофил кўнглум, ўзум анда бедор бўлдум,
Рўзи берса, тун-кун савдо қилғум келур.
Ошиқлари Ўзи бирла бозор қилур,
Жоҳил қуллар мўъмин кўнглин озор қилур.
Ғофиллардин Худо, расул безор бўлур,
Ҳозир бўлуб, Ҳақ зикрини ойғум келур.
Сидқ бирлан ғофил ҳаргиз тавба қилмас,
Эссиз умрин ғофил кечрур ҳаргиз тўймас.
Фоний умрунг минг ишонсанг боқий бўлмас,
Тавба тею тавба тўнин кийгум келур.
Қул Хожа Аҳмад, кечти умрунг, ғофил турма,
Нафсинг сўзин қилибон анга юрма.
Жаҳд этиб тун-кун зинҳор жоҳил юрма,
Ҳозир бўлуб, Ҳаққа қуллуқ қилғум келур.
60
«Ё Аҳмаду, абди» дегон Субҳон Изим,
Бордур ани шарбатлари сонсиз телим.
Ошиқ қуллар ичсун деди ани Мавлим,
Ошиқ бўлуб ул шарбатдин ичгум келур.
Кеча-кундуз ушбу жондин ошиқ бўлмас,
Ошиқларни кўзда ёши ҳаргиз тинмас.
Жон аяса яхши йўлға кирса бўлмас,
Жондин кечиб жононаға борғум келур.
Ҳиммат қурин мардонлардек белга боғлаб,
Мансур сифат жондин кечиб дорда ўйнаб.
Ошиқлар(дек) суҳбат ичра қонлар йиғлаб,
Субҳон Изим даргоҳига борғум келур.
Қолдин кечмай ҳол тилини билса бўлмас,
Муҳаббатни шаробидин ичса бўлмас.
Маърифатни бозорига кирса бўлмас,
Қолдин кечиб бўстон ичра киргум келур.
Ошиқ бўлмай вафо найни чолса бўлмас,
Ҳозир бўлмай Ҳақ зикрини ойтса бўлмас.
Чангу рубоб созларини тузса бўлмас,
Созин тузуб ҳамду сано ойгум келур.
Садаф янглиғ ишқ ўрнида гуҳарларинг,
Мўъмин қулга яқин турур раҳматларинг,
Ошиқ қулга роҳат турур заҳматларинг,
Меҳнат тортиб, Хожам, санга боргум келур.
Ошиқлари ҳар гўшада ғавғо қилур,
Қатра-қатра кўз ёшини дарё қилур,
Ул дарёда ишқ гуҳари сонсиз турур,
Ғаввос бўлуб ул гуҳардин олгум келур.
Қул Хожа Аҳмад, узун тунлар уйғоқ бўлгил,
Жоҳиллардин доим йироқ қочо кўргил,
Кўз ёшингни сориғ юзга сочо кўргил,
Ёшим сочиб ҳамду сано ойғум келур.
61
Ҳақ таоло ҳабиби, ё Мустафо Муҳаммад,
Дардликларни табиби, ё Мустафо Муҳаммад.
Изҳор қилди Одамға, Одамдин то Хотамға,
Нури тўлди оламға, ё Мустафо Муҳаммад.
Маҳбуби пок сирдон, матлуби шоҳи мардон,
Махдуми кулли инсон, ё Мустафо Муҳаммад.
Меърож йўлиға ошқон, . . . дек улашқон,
Уммат учун талашқон, ё Мустафо Муҳаммад.
Етим қолди отодин ҳам меҳрибон онодин,
Тақдир бўлди Худодин, ё Мустафо Муҳаммад.
Етим бошин силади, тева бўлди Муҳаммад,
Жонни жонға улади, ё Мустафо Муҳаммад.
Етти ёшар ёш ўғлон, дур қадрини билди,
Олти ёнғоққа сотти, ё Мустафо Муҳаммад.
Тева бўлди «аф» деди, умматини тилади,
Жаброил етиб келди, ё Мустафо Муҳаммад.
Бу дунёни суймади, фарча нонға тўймади,
Ҳақ қуллуғин қўймади, ё Мустафо Муҳаммад.
Тиламади отосин ҳам меҳрибон оносин,
Қилди уммат дуосин, ё Мустафо Муҳаммад.
Тангри(си)ға талабгор, кеча-кундуз йиғлар зор,
Бўлди умматга мухтор, ё Мустафо Муҳаммад.
Муҳит дарёга тушти, Арши аъло(ни) ошти,
Мавлосига розлашти, ё Мустафо Муҳаммад.
Шариатни сўзлади, тариқатни излади,
Ҳақиқатни кўзлади, ё Мустафо Муҳаммад.
Сабр айлади қаноат, тақво айлаб қиловат.
Кеча-кундуз ибодат, ё Мустафо Муҳаммад.
Ичиб кавсар суйини, узуб жаннат гулини,
Излаб ани йўлини, ё Мустафо Муҳаммад.
Қул Хожа Аҳмад, қил тоат, тинмай ойтгил саловот,
Расулуллоҳ бўлғой шод, ё Мустафо Муҳаммад.
62
Аё дўстлар, юрак бағрим бўлди кабоб,
Ишқсиз одам ишқ қадрини билгон борму?
Туни-куни ғурбат тортиб ишқ йўлида,
Бевосита Ҳақ дийдорин кўргон борму?
Тошқин тургон дарёлардек қайнаб юргон,
Дунё молин кўруб, анга мағрур бўлғон.
Ҳою ҳавас, моуманлик даъво қилғон,
Қорун янглиғ дунё молин кўргон борму?
Ишқ шиддати бошқа тушса ошиқ билар,
Бегоналар тошлар отиб анга кулар.
Девона деб бошин ёриб қонға бўяр,
Мансур янглиғ ишқ дориға мингон борму?
Ошиқ Мансур "Аналҳақ" деб ёши оқти,
Чилтан бирла ҳамроҳ бўлуб қабуғ қоқти.
Юрак бағри кабоб бўлуб эриб оқти.
Ғор ичинда чилтанларни кўргон борму?
Шайх Шиблий самоъ қилиб доим юрди,
Тахту бахтин ташлаб Адҳам дўкон қурди,
Парвонадек шамъин кўруб ўзин урди,
Парвонадек ахгар бўлуб куйгон борму?
Лайли тею саҳроларда Мажнун ўтти,
Лайлини кўрган замон ҳуши кетти.
Ҳайрон бўлуб, сарсон бўлуб, боши қотти,
Ўтган ошиқ эранларни кўргон борму?
Ширинни деб тоғлар қазиб ошиқ Фарҳод,
Ширинни кўрган замон қилди фарёд.
Ақлу ҳушин тарож қилиб берди барбод,
Ошиқ бўлуб ўлмай туруб ўлгон борму?
Зуннун Мисрий ўз шаҳридин чиқиб кетти,
Шайх Боязид етмиш йўли ўзин сотти.
Ўзин билмай вола бўлуб боши қотти,
Ондоғ эрлар даъвосини қилғон борму?
Иброҳим ўз ўғлини қурбон қилди,
Исмоил дийдор тею жонин берди.
Кўзин очиб Ҳақ жамолин ҳозир кўрди,
Исмоилдек Ҳақ жамолин кўргон борму?
Кўб ошиқлар бу дунёдин ўтуб кетти,
Гўрустон манзилиға бориб етти.
Аҳлу иёл, хонумонин тошлаб отти,
Ибрат олиб қизил юзи сўлғон борму?
Қул Хожа Аҳмад, дардсиз ўтти умрунг, англа!
Хизмат қилиб, эранларни сўзин тингла.
Надоматда ёшинг тўкуб, тинмай йиғла,
Мунда йиғлаб охиратда кулгон борму?
63
Бу ғариблиқ душвор эрмиш, аё дўстлар,
Ҳеч ким келиб, ғариб ҳолин сўрғон борму?
Туни-куни ғурбат тортиб ишқ йўлида,
Ичи куюб, ҳасрат бирла тўлғон борму?
Ғурбат ичра кечор эрмиш ғариб ҳоли,
Ҳеч қолмади кўнгул ичра қилу қоли.
Ҳар бир кунда ўлор эрмиш юз минг йўли,
Намозу шом, ғариб ҳолин сўрғон борму?
Ғариблиғда юрдум ман айши нохушға,
Душвор эрмиш такя, ёстуқ анда бошға.
Мунглуғ бўлуб ото-оно қориндошға,
Раҳим қилиб, ғариб ҳолин сўргон борму?
Қориндошлар ҳасратинда бўлдум хароб,
Юрак-бағрим куюб-ёниб бўлдум кабоб.
Ғарибларға раҳм айласанг, кўбтур савоб,
Аё дўстлар, бу дардимға даво борму?
Давом ўртор кўринг, мани ғурбат ўти,
Ғариблиғда топмадим ман ҳаловати.
«Ман мота ғарибан» деб ҳадис ойтти,
«Фақод мота шаҳидан» деб ўлғон борму?
Ғариблиғда юрурдум ман ғурбат тортиб,
Маломатлар бирла халқдин сўз эштиб.
Тенги тўшум кўнгул ёрутуб мажол тортиб,
Дийдор учун жонин фидо қилғон борму?
Дийдор учун жонин фидо қилди эрса,
Туни-куни Ҳақ зикрини айди эрса,
Қул Хожа Аҳмад, бу ғурбатга тушти эрса,
Эшитинг, дўстлар, ўлмасликка имкон борму?
64
Ошиқларнинг сўроғи, содиқларнинг яроғи,
Анбиёлар чароғи, хоксор бўлғон Муҳаммад.
Ўзин солиб меҳнатга, турлук-турлук заҳматга,
Осий, жофий умматга, кавсар бўлғон Муҳаммад.
Отодин етим қолиб, ўзини ғамга солиб,
Хадича молин олиб, чокар бўлғон Муҳаммад.
Рози бўлгон қазога, розин ойтгон Худога,
Кўкдин келгон балога, собир бўлғон Муҳаммад.
Ҳиммат қурини боғлаб, юрак бағрини доғлаб,
Саҳар вақтида йиғлаб, бедор бўлғон Муҳаммад.
Ҳақни қуллуғин қилиб, Ҳақ амрини халққа ойтиб,
Кофир, жуҳудни қўрқутуб, аждар бўлғон Муҳаммад.
Анбиёлар хотами, сир-асрори маҳрами,
Мискинларни ҳамдами, ёдгор бўлғон Муҳаммад.
Кундуз рўзаю намоз, кечаси ажзу ниёз,
Тилаб умматни қиш-ёз, музтар бўлғон Муҳаммад.
Шому саҳар йиғлар зор, уммат учун дилафкор,
Халқи оламға ёдгор, яксар бўлғон Муҳаммад.
Мискинларға ёр бўлғон, (уммат) тилаб зор бўлғон,
Болсизларға (бол) бўлғон, шаҳпар бўлғон Муҳаммад.
Мунглуғ бўлғон музтарга, ҳозир бўлғон гумроҳга,
Етим бўлғон ғарибга, сарвар бўлғон Муҳаммад.
Қул Хожа Аҳмад мискиндур, мискинлардин маъно сўр,
Мискинлиқ кони ҳузур, басар бўлғон Муҳаммад.
65
Тонг отқунча ғафлатдаман ҳайрон қолғон,
Ё Мустафо! Илгим олинг йўлда қолдим.
Во ҳасрато ичу ташим исён тўлғон,
Ё Мустафо! Илгим олинг, йўлда қолдим.
Уммат бўлуб уммат ишин қилолмадим,
Бедор бўлуб Ҳақ йўлиға киролмадим.
Ялғон уммат хизматида бўлолмадим,
Ё Мустафо! Илгим олинг, йўлда қолдим.
Саҳарларда жоним қийнаб, қон йиғламай,
Аллоҳ ойтуб, қонлар ютуб, зор инграмай.
Елиб-югуруб, эранлардин сир онгламай,
Ё Мустафо! Илгим олинг, йўлда қолдим.
Ё Муҳаммад, ёмон қулни маҳрум қўйманг,
Осий, жофий умматларни йўлда қўйманг.
Рўзи маҳшар осийлардин юз ўгирманг,
Ё Мустафо! Илгим олинг, йўлда қолдим.
Банда бўлсам, ялғуз Ҳақни суймасмудим?
Уммат бўлсам, йўлға қадам қўймасмудим?
Қонлар тўкуб, кўзларимни ўймасмудим?
Ё Мустафо! Илгим олинг, йўлда қолдим.
Уммат дебон ҳеч ухламай ўтти расул,
Осий, жофий уммат учун бўлди малул.
Ҳақ таоло қилғойму деб бизни қабул,
Ё Мустафо! Илгим олинг, йўлда қолдим.
Қиёматда термултурғой уммат дегил,
Мағзи сиррим қойнағонда қўлум олгил.
Ожиз қулунг йўл одошса, йўлға солгил,
Ё Мустафо! Илгим олинг, йўлда қолдим
Гуноҳимға тоғу тошлар тоқат қилмас,
Тарсо, жуҳуд, кофир мандек гуноҳ қилмас.
Ҳақ қошинда шармандаман ҳеч ким билмас,
Ё Мустафо! Илгим олинг, йўлда қолдим.
Рўза, намоз қазо қилиб, Ҳақни билмай,
Яхшиларни хоки пойи бўлуб юрмай.
Эранларни дуосини мунда олмай,
Ё Мустафо! Илгим олинг, йўлда қолдим.
Ё Муҳаммад, гуноҳимдин шармандаман,
Ё Муҳаммад, илгим олинг, дармондаман.
Яхши тоат қилолмадим, армондаман,
Ё Мустафо! Илгим олинг, йўлда қолдим.
Бу дунёда қилмишларим фисқу фужур,
Уммат дебон лутф этмаса садру судур.
Ул сабабдин борсам сори аҳли қубур,
Ё Мустафо! Илгим олинг, йўлда қолдим.
Умматман деб лоф урарман қони амал?
Аллоҳ учун ман қилмадим ҳаргиз жадал.
Отим уммат, қилғон ишим жумла зарар,
Ё Мустафо! Илгим олинг, йўлда қолдим.
Қул Хожа Аҳмад, амалим йўқ қаён борай?
Пири муғон хизматида кўксум ёрай.
Тақсир ойтиб кеча-кундуз ҳозир турай,
Ё Мустафо! Илгим олинг, йўлда қолдим.
66
Аё дўстлар, тун-кун тинмай зикрин ойтинг,
Зикрин ойтиб қуллуғинда бўлмоқ керак.
Қуллуқ қилиб такбир ойтиб суҳбат қурса,
Ҳарна бори бўлса Ҳақдин кўрмак керак.
Ишққа қадам қўйғонлари мурод тобти,
Кимни кўрса сиррин кўруб айбин ёбти.
Ғариб бўлуб яхшиларни изин ўбти,
Шому саҳар хизматида турмоқ керак.
Муҳаббатни шаробини андин ичиб,
Манманликни қилғонлардин йироқ қочиб.
Ҳар ким кирса ушбу йўлға жондин кечиб,
Хоки пойин кўзларига сурмоқ керак.
Йўлға киргон эранлардин йўлни сўрмай,
Ҳарна келса рози бўлуб Ҳақдин кўрмай.
Ижозатсиз йўлға қадам қўюб юргай,
Ишқ дўконин ёзиб анда қурмоқ керак.
Ушбу йўлға киргон толиб бўлди оқил,
Ғафлат бирла куюб-ёниб бўлмас оқил.
Умрин зоеъ кечургонлар бўлди жоҳил,
Ишқ лашкарин тутуб мудом қармоқ керак.
Саҳроларда чорзарб уруб зикрин бошла,
Ҳою ҳавас, моуманлик йироқ ташла.
Кеча-кундуз такбир ойтиб тинмай ишла,
Зикрин ойтиб сидқи бирла турмоқ керак.
Баҳр ичинда одам нафси жавлон қилур,
Очлиғидин . . . турса афғон қилур.
Дунё тилаб дин ишини вайрон қилур,
Йилон янглиғ ҳалқумидин қирқмоқ керак.
Қул Хожа Аҳмад, нафсдин улуғ бало бўлмас,
Еру кўкда тўъма берсанг ҳаргиз тўймас.
Туфроқ бўлуб йўлда ётсанг, кофир ўлмас,
Пири муғон хизматида турмоқ керак.
67
Ориф улдур, Ҳақ амрини пос айласа,
Мосиводин нафсин йиғиб хос айласа.
Шариат ҳама беш ҳуруфдур рост айласа,
Андин сўнгра тариқатга кирмоқ керак.
Тариқат ҳама беш ҳуруфдур, агар билсанг,
Таъайюн билиб, шароитин адо қилсанг.
Беш кўчасин сайрон қилиб, елдек ўтсанг,
Андин сўнгра ҳақиқатга кирмоқ керак.
Ул ҳам беш ҳарф яхши билса Ҳаққа етар,
Моуманлик замиридин бешак кетар.
Билса қилса, ибодатга йўқтур хатар,
Маърифатнинг майдонига кирмоқ керак.
Ул беш ҳуруф майдонида жавлон қилур,
Зоҳир ботин бетаваққуф нолон қилур.
Етти аъзо кўзларини катон қилур,
Муршид бўлуб, иродатга кирмоқ керак.
Тўрт майдонни бўстонида на ишлар бор,
Айтсанг, адо бўлмас анда демишлар бор.
Ҳар дамида юз минг шайх(дин) емишлар бор ,
Мундоғ инъом лаззатини билмоқ керак.
Бу йўлларни тай қилмайин муршид бўлса,
Фосиқ, жоҳил мурид бўлуб, қўлин олса.
Мундоғ афъол тонгла анда мардуд бўлса,
Маҳшаргоҳни халқи тамом кулмоқ керак.
Беш кун ўтар дунё учун қўлин олса,
Кўруб-билиб нафси учун ўтқа солса,
Йўл тобмағон назрин олиб қўлин олса.
Во ҳасрато, надоматлар демоқ керак.
Қул Хожа Аҳмад, бу ҳикматни нечук айдинг,
Бир ҳарфини билмай ўзунг халққа ёйдинг.
Рост йўллардин ботил йўлға эрта ёндинг,
Хавф-хатар ичра нечук этмоқ керак.
68
Ошиқлар майдонида илми ҳикмат билинур,
Эранларни домиға шунқор, лочин илинур,
Минг нафасни бир нафас, қилса ҳиммат қилса шавқ,
Сир эшиги очилиб, жумла арвоҳ кўрунур.
Саҳар бўлса йўл олар, сир ичинда сир кўруб,
Андоғ суҳбат қилғонлар, беихтиёр билинур,
Қутб ул-ақтоб дарвишлар, хос суҳбатга келурлар,
Алар бўлғон суҳбатда шавқ бисёр бўлунур.
Суҳбат барор тобқойлар ул дарвишлар келгонда,
Кимга назар солсалар, қулфи дили очилур,
Ҳалқа ичра Ҳақ ёдин, ойтиб тилдин қўймаслар,
Туғён қилиб руҳлари ломаконға уланур.
Ул суҳбатда эранлар ҳалқа (ичра) ўлтурур,
Кимга назар қилсалар, қуфли дили очилур,
Ҳарчанд алар ўлукдур, зоҳир кўзга кўринмас,
Ғойибдурлар ва лекин ботин кўзга кўрунур.
Сен сақласанг одобни, эранларни олдида,
Билгил, алар қошида сонсиз маъно билинур,
Дарвишларга ихлос қил, бергил аларға қўлунг,
Ҳар ким кирса бу йўлға, таҳқиқ домға илинур.
Ишқ домиға тушмағон, сир маъносин билмагон,
Дунё меҳрин қўймағон, тонгла расво бўлунур.
Қул Хожа Аҳмад Яссавий, тинмай эмди йиғлағил,
Кўз ёшингни оқузсанг, тонгла борсанг, билинур.
69
Малул бўлди бу кўнгуллар, аё дўстлар,
Тингласангиз розин сизга очорбизо.
Вафоси йўқ ялғончидур ушбу дунё,
Кўнгул кезиб боқий сўзни очорбизо.
Уғон Изим ушбу жонға қилди фармон,
Бўюнсунмай тақдирга, анга надур дармон,
Оқшом тушуб саҳар бўлса кўчор карвон,
Ул карвонни сўнгин олуб кўчорбизо.
Биздин бурун барча карвон кўчуб турур,
Боқиб турсак бизга навбат етиб турур,
Малак ул-мавт қадаҳ шарбат тутуб турур,
Навбат келса ул шарбатдин ичорбизо.
Телим нодон эрман тею тузди бўрклик,
Эр ул бўлур иймонини қилса кўрклук,
Қилдин йингичка, қиличдин тез Сирот кўфрук,
Уғон Изим рўзи қилса кечорбизо.
Неча ёқсанг, ёнмас чироғ ёғин ерда,
Жонлар чиқиб танлар ётур қаро ерда.
Дил чироғи шуъла урор ошиқларда,
Руҳ бўлубон билмам қаён учорбизо.
Яқин эрур ушбу ўлим эрмас йироқ,
Эр ул бўлур охиратға минса буроғ,
Неча боқсанг, оқибат ул ўчор чироғ,
Ул чироғдек бир дам ёниб ўчорбизо.
Во дариғо, ўтти умрум ўйнаб-кулуб,
Оҳ урармен надоматда қонлар ютуб,
Қул Хожа Аҳмад, бу ҳасратдин жоним куюб,
Кўз ёшини сориғ юзга сочорбизо.
70
Аё дўстлар, шунқор қушум учурдум ман,
Қанот қоқиб қайси тараф равон бўлди.
Гаҳи гаҳи орқасидин ундай қолдим,
Давр олибон кўзларимдин ниҳон бўлди.
Аёқ боғин маҳкам тутмай қочурдум ман,
Силаб-сийфаб тобин тобмай учурдум ман.
Надоматда қолди умрум кечурдум ман,
Эмди манинг ишим оҳу фиғон бўлди.
Сўроғ сўрсам топилғойму ўшал қушум?
Топилмаса душвор эрур манинг ишим,
£àñğàòèíäà òèíìàé îқîğ êўçäà ¸øèì,
Эмди манинг қилғон судум зиён бўлди.
Пирим мадад қилса, қайта қўлға олсам,
Ҳар бир юнгин кўзларимға сурма қилсам.
Яхши тоблаб қоз, ўрдакка қоршу солсам,
Биҳамдиллоҳ эмди соҳиб Қуръон бўлди.
Мундоғ туҳфа илгингдадур, қўйма зинҳор,
Аёқ боғин маҳкам тутуб турғил бедор.
Охир бир кун кўрсатгуси санго дийдор,
Дийдор кўргон қулни ўрни жинон бўлди.
«Аллоҳумма ё молик ар-риқоб» ўқуб,
Озодлиғ бароатини излаб топиб.
Тавба дебон эгри йўлдин ростқа қойтиб,
Тавба қилғон қуллар анда меҳмон бўлди.
Қул Хожа Аҳмад, ўзунг ғофил, ақлинг зойил,
Амалинг йўқ, дунё сори кўнглунг мойил.
Бул аёқинг остидадур чоҳи Ҳобил,
Йиқилурин билгон киши омон бўлди.
71
Тўлди умр паймонаси, ман йиғламай ким йиғласун?!
Шайтон кўнгул ҳамхонаси, ман йиғламай ким йиғласун?!
Қилмас насиҳат ҳеч киши, исён била бўлди ишим,
Мундоғ кечиб ёзуқ ишим, ман йиғламай, ким йиғласун?!
Қоттиғ гуноҳ бўлди ишим, жаҳаннамда бўлди ерим,
Охир ғазаб қилса Карим, ман йиғламай, ким йиғласун?!
Қуръон хатин кўрмас кўзум, оят-ҳадис эрмас сўзум,
Қулман десам, ялғон ўзум, ман йиғламай, ким йиғласун?!
На мундадур рўза-намоз, на хайр, эҳсону ниёз,
Йўқ ҳақиқат, хайри ниёз, ман йиғламай, ким йиғласун?!
Нафсим мани ўтқа солур, ҳар лаҳза тандин жон олур,
Дардим даво тобмай қолур, ман йиғламай, ким йиғласун?!
Шайтон ғанимдур манго, нечук айлай ё Раббано,
Ё Раб, сиғинурман санго, ман йиғламай, ким йиғласун?!
Йигитлик қуввати кетти, қарилиқ навбати етти,
Келди яқин марги ажал, ман йиғламай, ким йиғласун?!
Тутқой ўлум жоми шароб, хонумон қилғон хароб,
Ё ҳасрато, алал-абад ман йиғламай, ким йиғласун?!
Агар юз йил муҳлат берур, ажал охир қоршу келур,
Жонға қаро кунлар солур, ман йиғламай, ким йиғласун?!
Дунё иши(дур) бир сори, нафсим эрур (душман) бори,
Уқбо эрур ҳасрат ери, ман йиғламай, ким йиғласун?!
Қилдим басе, фисқу фужур, қолдим нетай маҳруму дур,
Кўнглумда йўқтур зарра нур, ман йиғламай, ким йиғласун?!
Ҳақдур Карим ё акрам, Қул Хожа Аҳмад, ема ғам,
Дармондалик дамбадам, ман йиғламай, ким йиғласун?!
72
Каъба сори кетор бўлдуқ иншааллоҳ,
Эй ёронлар, яхши қолинг, то кўргунча.
Қойда борсоқ Аллоҳ ёди бизга ҳамроҳ,
Эй ёронлар, яхши қолинг то кўргунча.
Кетой дермиз хонумондин жудо бўлуб,
Аҳлу иёл, хонумондин сиво бўлуб,
Дунё уқбин тошлаб, баҳри Худо бўлуб,
Эй ёронлар, яхши қолинг то кўргунча.
Йўлға қадам қўёй дермиз Ҳақни излаб,
Еру кўкда, ойу кунлар Ҳақни излаб,
Аршу Курсий, Лавҳу Қалам Ҳақни излаб,
Эй ёронлар, яхши қолинг то кўргунча.
Аҳлу иёл, хонумондин жудо бўлуб,
Сиво этиб, хотунларни меҳрин бериб,
Сафар қилдуқ васли учун жондин безиб,
Эй ёронлар, яхши қолинг то кўргунча.
Арш истасанг, мўъмин қулни кўнгли ичра,
Ишқ тиласанг, мўъмин қулни кўнгли ичра,
Кўрор бўлсанг, мўъмин қулни кўнгли ичра,
Эй ёронлар, яхши қолинг то кўргунча.
Айб этмангиз, Ҳақни излаб юродурмиз,
Хосиятлик Каъба сори бородурмиз,
Хўблар кўруб, йўлда ибрат олодурмиз,
Эй ёронлар, яхши қолинг то кўргунча.
Шояд кўрсак бориб Каъба жамолини,
Хизмат қилсак йўлда соҳиб камолини,
Истойдурмиз доим васлу висолини,
Эй ёронлар, яхши қолинг то кўргунча.
Банда бўлсоқ Хожамизни изламак хўб,
Шому саҳар хизматида кизламак хўб,
Етим қолғон бўталардек бўзламак хўб,
Эй ёронлар, яхши қолинг то кўргунча.
Қул Хожа Аҳмад, маъбудиға кўнгул бериб,
Ҳақ васлини тилар доим жавлон қилиб,
Ишқ йўлида мандек йўқтур ҳеч ким ғариб,
Эй ёронлар, яхши қолинг то кўргунча.
73
Аё ғофил, кўзунг очгил, кетибдур жумла ёр эмди,
Жаҳон кўҳна работидур, ки билсанг роҳ гузор эмди.
Кўзунгни равшани эҳсон, дилингни қуввати имон,
Бу дунё бевафо ялғон, кеторсан бемадор эмди.
Кеча-кундуз жадал айлаб, бу дунё иззатин излаб,
Тун-кун беҳуда сўзлаб, юрурсан шармисор эмди.
Гўристонлар аро боқғил, халойиқни томошо қил,
Бори ҳасрат қилиб йиғлар, ётибдур хору зор эмди.
Нидойи «иржиъи!» келса, на келтурдунг аё бандам?
Бўлурсан сарнигун ул дам, турурсан устувор эмди.
Жаҳонға эътимод этма, тилинг Ҳақ зикридин қўйма,
Бу дунё айшини сурма, бўлурсан номдор эмди.
Саҳарларда туруб йиғла, ибодатға белинг боғла,
Имонингни ариғ сақла, бўлурсан обдор эмди.
Бу дунё завқидин кечгил, муҳаббат жомидин ичгил,
Боридин бир йўла кечгил, юрурсан шоҳсувор эмди.
Халойиқ барчаси ўтти, бори ер қўйниға етти,
Ўғул-қизин етим этти, бузулди рўзгор эмди.
Хожа Аҳмад Яссавий, узлат, тун-кун ютгони ҳасрат,
Саҳарлар тортибон меҳнат, қила кўр гашти кор эмди.