Каримбек Камий — миллий уйғониш даври ўзбек адабиё-тининг йирик вакилларидан бири. Шоир Амонийнинг «Дар мадҳи жаноби мавлоно Камий Тошкандий» шеърида шундай мисраларни ўқиймиз:
Айлади Фарғонани бул дам мусаххар ҳар сўзи,
Балки Исломбулни олди қавли мавлоно Камий.
Камий сўзларининг Фарғонага етиб борганлигига шубҳа йўқ. Унинг шеърлари аср бошида бошқа бир хонлик ҳудудида — Когонда чоп этилган баёзларда учрайди. Хоразмлик шоир Илёс Мулла Муҳаммад ўғли Сўфининг Камий ғазалига ёзган мухаммаси бор. Шоирнинг «Мураббаъи дар таърифи мактаб» шеъри 1906 йилдаёқ Санкт-Петербургда чиқадиган «Улфат» газетасида босилган. Буларнинг барчаси Камий шеърлари асрнинг дастлабки йилларидаёқ Туркистон чегарасидан чиқа бошлаганини кўрсатади. Амоний айтмоқчи, мавлоно Камий сўзлари «балки Исломбулни олди». Дарҳақиқат, шундай. 1918 йил Истанбулда чоп этилган М.Ф.Кўпрулизоданинг «Турк адабиётида илк мутасаввифлар» китобида Камий ижодидан намуналар учрайди. Бу 10-йилларда шоир шеърларининг Туркияга қадар етиб борганига далолат қилади.
Ижодини ўрганиш тарихидан
Шоир Каримбек Камий ижоди ўз даврида ҳам эътиборсиз қолмади. Унга шеъриятнинг пасту баланд кўчаларида юрган кексаю ёш авлод ўз муносабатини билдирди. Шулардан бири Муқимийдир. Мавлоно Муқимий дўстига ёзган мактубларидан бирини «Биродари киромий мавлавий Камий» деб бошлайди. Бу ерда Муқимийнинг Камийга муносабати, қолаверса, унга берган баҳоси ўз аксини топган. Камийнинг шогирдларидан бири Сидқий Хондайлиқий ўз устозини «суханварлиқ иқлимида шуҳрабардору олийшон» деб таъриф этади. Ўшлик шоир Амоний эса шоир тавсифига алоҳида шеър бағишлади. Унда Камийни «хушфасоҳат иқлимига шоҳ», «лисонул-ғайб» дея васф этди. Унинг шоирлик фитратида «файзи илоҳийдан асар» кўрди.
Лекин шоир ижодига муносабат бир хилда бўлиб қолмади. Анбар Отин, Иброҳим Давронларнинг Камий ижодига нисбатан танқидий фикрлари ҳам борки, бу — улар орасидаги адабий-эстетик ва фалсафий қарашларининг турли хиллиги билан изоҳланади.
Шоир вафотидан кейин унинг ижоди ва шахсига баҳо бериш шўро адабиётшунослиги зиммасига тушди. Гъайри миллий мафкурага асосланган мазкур адабиётшунослик илми баъзи ҳолларда шоирни «Ватан хоини», «халқ душмани», «миллатчи жадид», «контрреволюдион» шоир сифатида баҳолаб келди. Натижада Камий ижоди ўнлаб йиллар халқ нигоҳи ва тадқиқотчилар назаридан четда қолиб кетди. Лекин ХИХ аср охири ХХ аср бошлари ўзбек адабиё-ти, мазкур давр маърифатпарварлиги ва айниқса, Тошкент адабий муҳити ҳақида сўз кетганда Камий ижоди ва унинг номини четлаб ўтишнинг иложи йўқ эди. Шу боис шўро мафкураси даврида ҳам баъзи холис адабиётшуносларимиз унинг шахсини оқлаб, ижодини ёқлаб чиқишга ҳаракат қилдилар. Адабиётшунос М.Б.Солиҳов шоирнинг «Солди беилмлиқ хатоларға» деб бошланадиган мухаммасини «Жадидизмнинг гўзал адабиёти»га киритди ва ўз китобидан (Ўзбек адабиётида миллатчилик кўринишлари. Т., 1932, 14-бет) жой берди. 1950 йили Москвада «Антология узбекской поэзии» мажмуаси босмадан чиқди. Мажмуада Камий ҳақида мухтасар маълумотнома ва С.Сомева таржимасида шоирнинг «Мураббаъи дар таърифи мактаб» шеъри киритилди. Маълумотномада «Камий Ўзбекистонда илғор фикрнинг намояндаларидан бири» дейилади. 1960 йил босмадан чиққан «Ўзбек адабиёти» мажмуасида (4-жилд 1-китоб) Камий ижодидан баъзи намуналар берилди. 70-йиллардан бошлаб Гъ.Каримов, Б.Қосимов, А.Жалолов, М.Ҳамидова, М.Зокировларнинг мақола ва тадқиқотларида Камий шахси ва унинг ижодига мў‘тадил ёндошиш бошланди. 90-йилларга келиб шоир ижодини махсус тадқиқ этишга киришилди. Вақтли матбуот саҳифаларида унинг ҳаёт ва ижод йўлига оид мақолалар, адабий меросидан баъзи намуналар чоп этила бошлади. Ниҳоят, 1998 йили Камийнинг 4500 мисрага яқин шеърлар мажмуаси «Дилни обод айлангиз...» номи билан нашр этилди. Бу билан шоир ижодини халққа танитиш, илмий муомалага олиб кириш ва адабиётдаги ўрнини белгилаш имкони яратилди.
Камий ижоди Миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг ажралмас бир қисми эканлигига ХХ асрда тузилган Мўминжон Тошқиннинг «Тошкент шоирлари» (1948), Пўлатжон Қайюмийнинг «Тазкираи Қайюмий» (60-йиллар) тазкиралари ҳам гувоҳлик беради. Буларнинг ҳар иккаласида ҳам Камий ижодига тўхтаб ўтилган. Айниқса, М.Тошқин тазкираси шоир ҳаёти ва ижодини ўрганишда асосий манба бўлиб турибди.
Таржимаи ҳоли Каримбек Камий 1865 йили Тошкент шаҳрида, чопонфуруш савдогарлар оиласида дунёга келди. Отаси Шарифбек замонасининг савдогар бойларидан бўлиши баробарида, илму маърифатга хайрихоҳ, адабиётга ихлосманд кишилардан эди. Оилада бўлажак шоирнинг ўқишига алоҳида эътибор берилди. Бошланғич таълимни Мозорхон маҳаллалик Мансурхон домладан олди. Мактаб ўқув дастури доирасида Ҳофиз, Навоий, Фузулий, Бедил, Сўфи Оллоёр шеърияти билан та-нишди. Бу - ёш, қизиқувчан Каримбек кўнглига шеър ишқини солди. Бошланғич мактабни тугатгач, «Бекларбеги» мадрасасига ўтиб ўқишни давом эттирди. Шу мадрасанинг машҳур мударриси Шомаҳмуд Охундда «хатми кутуб» қилди. Камий талабаликдан кейин ҳам шу мадраса ҳужраларида қолиб, фақирона ҳаёт кечирди. Оила ҳам қурмади. Шоирнинг:
Тўлмасинму ҳасрату ғамға ичу тошим менинг,
Ташлабон кетса пари рухсор йўлдошим менинг.
Кўз тутардим бир куни қилғай вафо деб, оҳким,
Бевафолиғ зоҳир этти ул қалам қошим менинг,—
байтлари ва яна бир неча ғазаллари унинг сўққабош ҳаёти сабабларини маълум даражада изоҳлайди.
90-йилларга келиб Камий устоз шоирлар қаторидан ўрин олди. Энди унинг ҳужраси замонасининг катта шоирлари ва шеър их-лосмандларининг марказига айланди. Бу ерда кўнгилочар адабий суҳбатлар қурилди, янги ижодий куч бахш этувчи шеърхонликлар ташкил этилди. Чунончи, Камийнинг:
Эдук афсурдатабъу тийрахотир неча муддатдин,
Кўнгил бўлди мунаввар, чашмимиз равшан бу суҳбатдин.
Очилди ғунчаи мақсуд, кўкарди сабзаи уммид,
Баҳори суҳбат, арбоби фазлу аҳли фитнатдин,-
байтларини ўз ичига олган ғазали мана шундай файзосо суҳбатлардан бири ҳақида бўлган эди.
Шоирнинг баъзи бир шеърлари ва айрим манбалар унинг 1899 йили Чимкент, 1911 йили Андижон ва Қўқон, 1912 йилда эса Чимкент, Сайрам, Авлиёота сафарларида бўлганлигидан далолат беради.
Шоир Камий 1922 йилнинг ёзида 57 ёшида вафот этди.
Ижодиёти
Камий сермаҳсул мумтоз шеъриятимизнинг ғазал, мураббаъ, мухаммас, мусаддас, рубоий, қитъа, фард каби жанрларида қалам тебратди. Ижтимоий-фалсафий руҳааги манзумалар ёзди. Адабий-ижтимоий ҳаётдаги энг муҳим воқеалар санасини ўзида дарж этган таърихлар яратди. Шоирдан 6000 мисрага яқинроқ адабий мерос қолган.
Камий шеърияти шаклан ва мазмунан хилма-хил. Шоирнинг жўшқин ишқий ғазаллари, заҳарханда ва дадил ижтимоий манзу-малари, миллат келажагига куюниб, унинг фарзандларини илм-маърифатга даъват этган шеърлари ўз даврида катта мавқега эга бўлган.
Камий ўз ижодининг дастлабки босқичидаёқ ўзига хос бадиий тафаккур тарзига ва ўз адабий эстетик қарашларига эга ижодкор эканлигини кўрсата олган. Шоирнинг 1894 йилги баёзидан ўрин олган:
Ўқинг ашъори бикру фикрни айланг тасарруфким,
Аторуд ташласун қўлдин қаламни кўкда ҳайратдин,-
мисралари мана шундай фикрга келишимизга асос бўла олади. У ўз замондош шоирлари олдига фикрни ўзгартирадиган, қотиб қолган тафаккурларни ислоҳ қиладиган мутлақо янги — бокира бир шеър ёзиш талабини қўяди.
Камийнинг ижодий мероси, аввало, ўз баёзлари ва шахсий архивидаги қўлёзма варақалар шаклида бизгача етиб келган. Қолаверса, кейинчалик тузилган қўлёзма ва тошбосма баёзлар ҳамда ўз даврида чиққан баъзи газета ва журналлар ҳам шоир адабий меросининг асосий манбаларидан бўлиб ҳисобланади.
Ишқий лирикаси
Камий ижодиётининг асосий қисмини ишқий лирика ташкил қилади. Хўш, шоир луғатида ишқ нима? Буни биз:
Ишқдир оламда бир роҳатфизой комил асар,
Мабдайи айни сиришку мазҳари оҳи шарар,-
мисраларидан англаб олгандек бўламиз. Унинг наздида ишқ барчани ҳайратга солувчи бир «комил асар». Кўз ёшининг манбаи ҳам у, ўтли оҳнинг мазҳари ҳам у. Айнан мана шу ерда азалий ва абадий ишқнинг табиати очилгандай. Шундай ишқ эгаси бўлмаган инсон - инсон эмас. Шунинг учун ҳам Камий:
Дилеким, онда йўқдур оташи ишқ
Ки, андин шамъ ила парвона яхши,-
дейди. Табиий, ишқ ҳар бир ошиқ қалбида бир бор янгиланади. Унда янгича кечинмалар уйғотади, оҳорли туйғулар туғдиради.
Бунга ўша ошиқнинг маъшуқаси, унинг феъл-атвори, ўзига хосликлари сабаб бўлади. Камийнинг ҳам шеъриятда ўз ишқий олами ва ўз маъшуқаси бор. Бу ёр ҳам ўзига хос суврату сийратга эга. У ҳусну малоҳатда шундай гўзалки, наққош Моний кўрган замон ҳайратдан қотиб, чизиб турган сувратини ҳам чизолмай қолади. Бу ёрнинг рухсори оламни ёритади. Ҳатто «ул зеб бул моҳи тобонларда йўқ». Бу ҳусн шундай тароватга эгаки, ундан ўзи маст қилиш хусусиятига эга бўлган шароб маст эмиш: «Маст эрмиш шароб ҳуснингдин». Унинг жамолига бир марта Ой билан Қуёш қарши келган эди, кўринг оқибатини: «Бирин рухсори доғ ўлди, бирин сорғорди сиймоси».
Камий бир маснавийсида суюкли ёр қиёфасини шундай чизади:
Эй, ғамзаси офати замона,
Ҳусн ичра жаҳонаро ягона.
Эй, қомати рашки сарву шамшод,
Эй, киприги тиғу чашми жаллод.
Эй, юзлари моҳу меҳри анвар,
Эй, хатлару зулфи мушку анбар.
Эй, лаблари айни оби ҳайвон,
Эй, сўзлари роҳати дилу жон.
Эътибор беринг, бу шеърий парчада ёрнинг ҳусни, қомати, киприги, хатту зулфи, лабларидан кейин гап унинг ширин тиллигига, сўзининг «роҳати дилу жон»лигига кўчяпти. Тил - кишининг маънавиятига алоқадор. Дарҳақиқат, Камий шеърларида ёрнинг нафақат зоҳирий суврати, балки унинг маънавий қиёфаси ҳам ўз аксини топган. У ғазалларидан бирида ёр табиатининг нозиклиги, гўзал ахлоқи, кўнглининг равшанлиги, боодобу боҳаёлигини шундай таърифлайди:
Нозанин хўю неку ахлоқ, эй равшан замир,
Шарму одобу ҳаё бобида йўқ сенга назир.
Камий ишқий шеърларининг аксари мана шундай ёрнинг таърифу тавсифига бағишланган. Шоир бу ёрнинг васлига муштоқ, лекин «балойи фироқи»га мубтало. У ҳажр шоми ўтиб, васл тонги отишини истайди, бироқ орзулари армонга айлана боради.
Хуллас, Камийнинг ишқий шеърияти, нафақат севимли ёрнинг суврату сийрати, балки ҳижронзада шоир қалбининг сўнгсиз изтироблари, ҳасрату аламларининг ҳам бадиий инъикосидир. Айни пайтда бу шеърият ўз ижодкорининг нозик таъб, ҳиссиётга тўла шоирона қалб эгаси эканлигига ҳам гувоҳлик беради.
Маърифатпарварлиги
Камийнинг маърифатпарварлик шеърияти гимназияни таништирувчи шеърлари билан бошланди. Бу жиҳатдан у Фурқат мактабининг давомчисига айланган эди. Лекин, шоир ижодида кейинчалик услубий ўзгаришлар юз берди. У, асосан, миллий мадрасаларимизнинг толиби илмларини илмга чақирувчи даъваткорона руҳ олди. Камийнинг «Дар таърифи тавсифи илм...», «Аё, эй, мулла Фозилжон қори», «Ҳар маконда бўлсанг, эй хоним, фароғат бирла бўл» шеърлари мана шулар жумласидандир. Шоир мазкур шеърларида илмни тар-ғиб қилар экан, унга икки дунё саодатининг калити деб қаради:
Обрўйи дину дунё илмдур, бешакку райб,
Касби илм эт, икки дунёда саодат бирла бўл.
Камий назарида инсонни эътиборли қиладиган ҳам, уни бах-ту иқболга, молу давлатга етиштирадиган ҳам илм. Унингча ин-сон молу дунё, наслу насабига қараб эмас, айнан илму одобига қараб азиз ва шарафли саналади:
Азизлик сонмангиз молу насабдур,
Шараф ҳосил этан илму адабдур.
Шоир «Дар таърифу тавсифи илм» шеърини «Толибони илма дастурул-амал» деб атаган эди.
Дарҳақиқат, Камийнинг бу давр маърифатпарварлик шеърияти илм толиблари учун ўзига хос дастур характерига эга. Масалан, шоир миллат фарзандларини илмга даъват қиларкан, шунинг баробарида фазлга, адабга, ҳаёга ҳам чақиради. Бир илм толибини васф этганда, унинг нафақат илмини, балки фазлини ҳам ибрат қилиб кўрсатади («Фазлу дониш ичра яктои замон Абдулғани»). Агар улардан бирини дуо қиладиган бўлса:
Камолу фазлу илмингни зиёда,
Базуди айласун Халлоқи Борий, -
дея Яратгандан унга илмгина эмас, фазлу камол ҳам сўрайди. Шоир назарида мактаб илм билан биргаликда «ҳаёву адаб»нинг ҳам кони. У файз чашмаси, фазл маскани... Бир сўз билан айтганда «фавки ҳар шай», яъни, ҳар нарсадан устун:
Мактабки, кони илму ҳаёву адаб эрур,
Мактабки, файз чашмасию фазли Раб эрур.
Мактабки, обрўю камола сабаб эрур,
Мактабки, фавқи ҳар шайю кулли насаб эрур.
Шунингдек, Камий маърифатпарварлик шеърияти илм толибларига илмни холислик ва пок ният билан ўрганишни тавсия қилади:
Бўлиб покизаву ҳам пок ният,
Ҳамиша жаҳд қилғил илм сари.
Албатта, шоир илмга даъват қиларкан, амални ҳам ёддан чи-қармади. У талабаларга қарата: Боамал бўл, боадаб бўл, беҳиял,— дея таълим берди. Зеро, амалсиз илм инсонни зиёну заҳматларга олиб бориши тайин.
Камийнинг маърифий қарашлари бўйича илм ўрганиш эркаклар сингари аёлларга ҳам шарт. Ҳатто бу Оллоҳнинг фарзи эканлигини шоир алоҳида таъкидлайди. Бу ҳақдаги машҳур ҳадисга ишора қилади:
Марду занға илм фарз ўлғонлиғи,
Барчага машҳур бу ширин масал.
10-йилларга келиб Камий маърифатпарварлиги янги босқичга кўтарилди. Энди унинг даъвати илм толибларига эмас, миллатга қаратилди. Уни миллий уйғонишга, тараққиётга чорлади, камчиликларидан, нуқсонларидан сўз очди:
Қилмағай илм сари кимса назар,
Халқ беҳуда касба майл айлар.
Қолмади ҳеч қадри илму ҳунар,
Кўрди беилм қавм неча зарар.
Дилки, миллат ғамидин қон ўлди,
Доимо судимиз зиён ўлди.
Наинки биргина фойданинг зиёнга айланиши, балки миллатнинг йўлдан озганлиги, балолар гирдобида бир хас сингари қолиб кетганлиги, ҳатто бировларга қарам бўлиб, бутун мол-мулки қўлдан кетганлиги ҳам, шоир наздида, илмсизлик оқибати эди:
Илмсизлик чиқорди туз йўлдин,
Олди қоплаб бало ўнгу сўлдин,
Бизда на қолди сарвату пулдин,
Кетди мол ила мулкимиз қўлдин
Гъарбийлар, яъни Ўвруполарға.
Давр шиддаткор ҳодисаларга бой эди. Феврал воқеалари юз берди. Чор ҳукумати ағдарилди. Миллат бошидан «жаҳаннамий зулумот» чекинди, «субҳи нажот» тобора яқинроқ кўрина бошлади. Мана шундай бир вазиятда ҳам Камий маърифатга содиқ қолди.
Миллат учун, Ватан учун нажотни илмда кўрди, маорифда деб билди:
Нажот истасанг илму маорифа ёпиш,
Ҳамиша илмни таҳсил айла-ёзу қиш -
Сенга улуму маориф керак, на зар, на кумуш,
Бу сўзни тингла, панди тамоми мазҳаби киш.
Чекилди уфқи Ватандин жаҳаннамий зулумот,
Уён Ватан, уён, ортиқ кўринди субҳи нажот.
Камий ҳаётининг сўнгги йилларига қадар маърифатга чорловчи шеърлар ёзди, мактаб-маориф ишларига фаол қатнашди. Ҳатто кутубхоналар ташкил қилиш ва мактаблар очишда зўр фаолият кўрсатганлиги ҳақида маълумотлар бор.
Ижтимоий шеърияти
Камий шеърларида чархнинг «равиши каж» лигидан то золим подшоҳнинг зулмигача, очлик йилларининг «суубату алами»дан Февралнинг су-руригача, Октябрнинг «ранжу зулми»дан бошлаб Туркистон мухториятини қонга ботирган болшевикларнинг «феъли бад»игача ўз ифодасини топган.
Шоирнинг мана шундай шеърларидан бири «Алҳазар, эй шоҳи золим, алҳазар» деб бошланадиган мухаммасидир. Мухаммас 25 мисрадан иборат бўлиб, золим шоҳни зулмдан сақланишга чақирувчи қуйидаги мисралар билан бошланади:
Алҳазар, эй шоҳи золим, алҳазар,
Раҳм қун бар ҳоли мазлумон нагар,
Ин сухан хуш гуфт он неку сар:
Оҳ урса пиру зан вақти саҳар,
Бўлғай андин юз туман зеру забар.
Хоҳ фармонингда бўлсун баҳру бар,
Хоҳ бўлсун санда жамъи молу зар,
Бас, керақдур зулмдин қилмоқ ҳазар,
Оҳ урса пиру зан вақти саҳар,
Бўлғай андин юз туман зеру забар.
Шеър мана шундай руҳда давом этади. «Шоҳи золим»ни «но-тавонлар ҳолидан хабар» олишга чақиради, «афтодалар»нинг «Ҳақ жанобиға ниёз айлаб» оҳ уришларидан, оқибатда эса бутун молу давлати «зеру забар» (остин-устин) бўлишидан огоҳ этади. Худди шу пайтлар мазлум Туркистон бир золим подшоҳ -Александр ИИИ нинг зулмидан қон ютмоқда эди. Асрлар давомида ўзига бек бўлиб яшаган ва аждодларининг қайноқ қонлари томирларида жўш урган бу юртнинг фарзандлари ҳали-ҳали мустамлакачиликнинг ҳақоратомуз сиёсатига кўниколмай келаётган эди. Шундан ҳар жой-ҳар жойда, тез-тез зулмга қарши қўзғолонлар кўтарилиб турди. Уларнинг энг даҳшатлиларидан бири 1892 йили Камийнинг кўз олдида юз берди. «Вабо қўзғолони», «Тошотар воқеаси» номлари билан тарихга кирган бу Тошкент қўзғолонида юзлаб маҳаллий халқнинг қони тўкилди, ўнлаб йўлбошчиларнинг боши кетди. Камийнинг мазкур мухаммаси мана шу қирғиндан кейин жабрдийда халқнинг Александр ИИИ га, мустамлакачилик сиёсатига нафрати ўлароқ дунёга келган эди.
1895 йили Русия императори вафот этди. Шу муносабат билан «Туркистон вилоятининг газети»да Камий қаламига мансуб таърих-марсия чоп этилади. Шўро адабиётшунослиги узоқ йиллар шоирни «оқ подшонинг маддоҳи» деб қоралаб келди. Лекин марсия мазмунига эътибор берсак, бу даъвога бутунлай тескари ҳолатнинг гувоҳи бўламиз. Келинг, матнга диққатни қаратайлик:
Тааммул бирла боқсоқ, дарҳақиқат,
Қани Искандару Доро била Жам?
Қани Кайхисраву Кайковус, Баҳман,
Қани Афросиёбу Золу Рустам?
Қани Баҳром - ҳафт иқлимни олғон,
Қани Қайсар, қани Фағфури Чин ҳам?
Қани Хисрав, қани Парвизу Ҳурмуз,
Қани Нўширавони одил, мукаррам?
Келиб ҳар бирлари навбат-банавбат,
Муаххар кетти, баъзиси муқаддам.
Билурмусиз қаён борди бу бари,
Бўлинг огоҳ, эй авлоди Одам.
Ажал соқийсидин нўш айладилар,
Фанонинг шарбатин бари, ба ҳардам.
Жаҳонни сар-басар тасхир айлаб,
Александр Александрувич ҳам.
Демак, Камий айтмоқчи, тариҳда дунёни сўраганлар кўп эди. Уларнинг бари кетди. Қай бири оддин, қай бири кейин, барибир, «ажал соқийси»нинг шарбатидан «нўш айладилар». Худди шунингдек, «Александр Александрувич ҳам». Демак, бу бевафо дунёдан кетишга барча маҳкум. Камий айтмоқчи: «Бале, ҳали ҳама шундоғ бўлғай, Агар шоҳу ва гар бўлғай гадо ҳам». Унда шоҳликдан нима маъни? Бутун дунёни забт этса-ю, бу дунёдаги барча «молу дирҳам»ларни тўплаб, уларнинг манфаати тегмайдиган бошқа бир дунёга кетаверса. Ундан нима қолади? Камий бунга: «Валекин қолғуси бир номи неку», — дейди. Демак, фақат яхши номгина қолиши мумкин. Шоир бунинг исботи сифатида: «Гувоҳи одил эрмасму бу сўзга, Бири Нўширавону бири Ҳотам», — деб Нўширавоннинг одиллиги-ю, Ҳотамнинг саховатпешалигини ибрат қилиб кўрсатади:
Керак эркан тариқи адл тутмак,
Олиб ибрат карамла, шоҳи олам.
Шоир «керак эркан» деб поэтик синтаксисда ўтган замон фор-масини танлади. Чунки буни дунёдан ўтган Александрга айтаётган эди. Камий давом эттириб:
Қаю шоҳ бу сифатга муттасиф йўқ,
Эшитгай то қиёмат таън ила зам,-
дейди. Дарҳақиқат, қайси шоҳ одиллик сифати билан сифатланмаган бўлса, у қиёматга қадар таънаю дашномга қолади. Умуман шундай. Лекин, бу Александр ИИИ га қарата айтилаяпти. Устига-устак бу марсия Шарқ шеъриятининг поэтик усулларидан анча-мунча хабардор бўлган Н.Остроумовнинг фармойишига кўра, унинг газетаси учун ёзилган. Мана шундай бир ҳолатда Камийнинг ўрис подшосининг золимлигию, унинг адолатсизлигини бунданда ошкорроқ суратда айтиши мушкул эди.
Камийнинг юқорида тўхталганимиз бир подшоҳ ҳақидаги икки шеъри қай вазиятда ва қай услубда ёзилишидан қатъи назар Туркистон халқи устига ёғдирган зулму бедодликларини ошкор этади.
Камий ижтимоий шеъриятининг бир қисми замона ва аҳли замонадан шикоят тарзида ёзилган. Шоирнинг «Муқаррар ҳар киминг бўлса камоли», «Ал-амон...», «Ё раб, замона халқи...», «Яхши», «Эй сабо, кел...», «Бир майхўр йигит хусусида» каби шеърлари мана шундай асарлар сирасига киради. 10-йилларга келиб Камийнинг бундай характердаги шеърлари миллий-маърифий руҳ билан уйғунлашиб, шоир ижодида миллатпарварлик шеъриятининг юзага келишига сабаб бўлди. Унинг «Аҳволи замона» шеъри шулар жумласидан:
Минг асаф, бир ажиб замон ўлди,
Яхши ким эрса, ул ямон ўлди.
Баъзи эл толиби занон ўлди,
Баъзиси мойили жавон ўлди.
Дилки, миллат ғамидин қон ўлди,
Дарду ҳасрат насиби жон ўлди.
1916 йили очарчилик бошланди. Бу ҳақда Завқий «Паямбар бўлса нон, ош авлиёдур», — деган эди. Камий бу даврдаги халқнинг аҳволини шундай тасвирлайди:
Очлик суубату алами чўқ ямон эрур,
Бир луқма ҳасратида юз оҳу фиғон эрур,
Бир нон аларнинг наздида гўёки жон эрур...
Дарҳақиқат, 1916-1919 йиллар ёмон келди. Очлик ва касалликдан халқ қирила бошлади. «Биз ҳозир шундай вақтга етиб келдикки, — деб ёзган эди ўша йиллари Турор Рисқулов, — ҳар куни ўн минглаб кишилар қирилиб кетмоқда ва шундай пайт келиши мумкинки, бутун бир миллат йўқ бўлиб кетади». Бундай очлик даҳшати Камий қалбини ларзага солди. У замона бойларига мурожаат қилиб, халққа мадад беришга чақирди.
Алғов-далғовли 17 йил ҳам кириб келди. Шу йилнинг 17 февралида чор ҳукумати ағдарилди. Иккинчи мартда Муваққат ҳукумат тузилди. Туркистон зиёлилари бу инқилобни хурсандчилик билан кутиб олдилар. Вактли ҳукумат бизга ҳуррият беради, деб қатъий умид қилдилар. Шулардан бири Камий эди. У «Нажот» газетасида инқилобни олқишлаб, шундай сатрларни ёзди:
Тулуъ айлаб бу кун бўрк Шарқдин офтобосо,
Мунаввар айлади олам, бўлай қурбони ҳуррият.
Ташаккурлар қилиб табрик айланг, эй мусулмонлар,
Нашаст этти адолат тахтига хоқони ҳуррият...
Бироқ юз берган Октябр воқеалари ва унинг оқибатлари шоирни қаттиқ тушкунликка солди. Бунинг мисоли сифатида унинг «Шикоятномаи Камий аз инқилоби замона ва аҳли за-мона» шеърини келтириш мумкин. Шоир сабога мурожаат этиб, шундай ёзади:
Етти де: ҳам замон, замон аҳлидин
Анга кўб ранжу зулм бирла малол.
Чунки бу иши замона, ҳам халқи
Мунқалиб, инқилоби ҳол-беҳол.
Инқилоби замона эрмасму,
Қилди олийни пастлар поймол.
Ё халойиқ йўқотти маслаҳатин,
Бўлди мундоғ бузуқ ҳама ақвол.
Наркушу модапарвар ўлмиш халқ,
Бу нечук шуғлу бу нечук афъол?!
Феврал инқилобидан кейин ерли зиёлилар Туркистоннинг истиқлоли учун ҳаракатда бўлдилар. Матбуот орқали ўз фикрларини халққа етказдилар ва шу маслаку маслаҳат атрофида бирика бошладилар. Шоирнинг «Ё халойиқ йўқотти маслаҳатин» мисраси мана шунга ишора қилади. Уларнинг саъй-ҳаракати ва фидойилиги боис 1917 йилнинг йигирма бешинчи ноябрида Қўқонда Туркистоннинг мустақиллиги ҳақида резолюдия қабул қилинди. 28 ноябрда бўлажак давлат тузилмасининг номи «Туркистон мухторияти» деб белгиланди. Лекин, афсуски, бу мухторият 81 кун умр кўрди, холос. Чор ҳукумати йиқитилган бўлса-да, энди болшевиклик ниқобини кийган рус шовинизми ерли халқларнинг мустақиллигига тиштирноғи билан қарши турди. Туркистон мухториятининг маркази хисобланган Қўқон 19 феврал куни улар томонидан вайронага айлантирилди. Туркистон Ўлка ҳарбий комиссари Перфилев барча замбараклардан Қўқон аҳолиси устига ўт очишни, бу ҳам етмагандек, ёндирувчи снарядлардан фойдаланишни буюрди. Шаҳар уч кун ёнғин ичида қолди, ерли аҳолидан ўн минг киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Камий «Хўқанд фожеъасина» бағишланган «Афсуснома» шеърида шундай ёзади:
Вой, юз войки, Фарғона хароб ўлди, дариғ,
Зулм ўқи бирла бу кун гарди туроб ўлди, дариғ,
Бу мусибатдин улус чашми пуроб ўлди, дариғ,
Ҳам бари катта-кичик бағри кабоб ўлди, дариғ,
Шаҳри обод эрди, чун дашти сароб ўлди, дариғ.
Шеърнинг илк бандиданоқ мисралар таассуфу дард ила ёзилганини пайқаш қийин эмас. Камий бир ўринда Фарғона халқи «Сулҳ дебон неча замон рус элиға кўз тутти», - дейди. Лекин, минг афсуски, мазлум халқнинг яна адданиши маълум бўлди. Сулҳ ўрнига улар устига қаҳру ғазаб ёғилди. Камий надомат билан буни «Болшивиклардин алар узра итоб ўлди, дариғ» шаклида ифодалайди. Шаҳар вайрон қилинди, халқ қириб ташланди, номуси поймол этилди. Бироқ, шунда ҳам болшевикларнинг кўнгли таскин топмайди. Мазлумлар мол-мулкини талон-торож қиладилар. Отнинг ўлими итнингбайрамига айланади. Уларнинг бу қиёфаси шоирнинг «Болшевикларнинг зулмиму, феъли бади, Зару ам-волларин қўймади, мундоғ талади, Бўлмайин қолмади торож гилему намади» мисраларида янада равшанроқ намоён бўлади.
Хуллас, Камий ижтимоий мавзудаги шеърларида мумтоз шеъриятнинг қай бир усулидан фойдаланмасин, мустамлакачи подшоҳнинг, истибдод тузумининг зулму бедодликларини фош этди. Ҳурриятни баралла олқишлади. Миллий давлатчилигимизга раҳна солганлардан ўз қаҳру ғазабини яшира олмади. Буларнинг барчаси шоирнинг истиқлолни нақадар орзиқиб кутиб яшаганлигидан далолат беради.
Хулоса
Камий ижоди Миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг ҳар икки даврига дахлдор. Унинг шеърларида янги маърифатпарварлиқдан Миллат қайғуси ва унинг муаммоларини кўтариб чиққан миллий наволар, бевосита Истиқлол ғояларигача бор. Уларда ижтимоий ҳаётдаги барча воқеалар мустамлакачилик сиёсатининг зулму бедодликлари, ваҳшиёна бостирилган миллий қўзғолонлар, Феврал сурури, Октябрнинг «ранжу зулм»лари, бешигидаёқ қонга ботирилган миллий давлат тузилмаси — Туркистон мухториятининг аламли изтироблари — ҳамма-ҳаммасини топиш мумкин.
Камий бу ҳодисаларнинг шунчаки кузатувчиси бўлиб қолмади, уларга миллат манфаатидан келиб чиқиб муносабат билдирди. Маърифатга даъват этаркан, миллат фарзандларининг ҳар томонлама мукаммал инсонлар бўлишини, ўз миллатини эса тараққий этган миллатлар қаторида кўришни орзу қилди.
Камий шоир сифатида шеъриятда анъанани давом эттиришга, унинг давомийлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор берди. Бой мумтоз шеъриятимизнинг жанрларидан, услуб ва усулларидан санъаткорона фойдаланди. Лекин шу билан чекланиб қолмади. У замондош шоирлари олдига миллат тафаккурини ислоҳ қиладиган шеър талабини қўйди. Ўзи ҳам шундай шеърлар ёзишга ҳаракат қилди.
О. Олтинбек тайёрлаган.
Ҳар кишида илму санъат бордур,
Бахту давлат ул кишига ердур.
* * *
Қилмаган илм сари кимса назар,
Халқ беҳуд касб майл айлар.
Қолмади ҳеч қадри илму ҳунар,
Кўрди беилм қавм неча зарар.
Бўлса гар илму ҳунардин холи ул,
Эй Камий, оламда билким, хордур.
* * *
Хуш улким, суҳбати ножинслардин,
Қочиб ултургали зиндона яхши.
Ҳаёю шарму одобу тавозеъ,
Эмас ҳайвонаким, инсона яхши.
Қариндош номувофиқ ошнодин,
Мувофиқ етти бегона яхши.
Муқаррар дўстеки бўлса нодон,
Ки андин душмани фарзона яхши.
Мусофир дили шикаста меҳмоннинг,
Дилини шод айламоқ меҳмона яхши.
Ҳакими ҳозиқу бодиёнат,
Жами аҳли беморона яхши.