Чўлпон XX аср ўзбек шеъриятининг энг йирик вакили. У ўткир шеърияти, юксак таржималари, кучли драмалари, мумтоз романи ва куюнчаклик билан ёзилган публицистик мақолалари ҳамда жанговар ижтимой фаолияти билан ўзбек адабиёти, ўзбек маданияти ва ўзбек миллий тафаккури ривожига ўзининг улкан ҳиссасини қўшди. Адабиётга маърифатпарвар сифатида кириб келган Чўлпон озодлик, тенглик, адолат, мустақилликнинг қўрқмас куйчиси ва зулм, ёвузлик, босқинчилик, талончиликнинг ашаддий душмани сифатида шуҳрат қозонди, ҳатто, «чўлпончилик» деган йўналишнинг сардорига айланди (совет мафкурачилари «чўлпончилик» иборасини аслида салбий, яъни «миллатчилик» маъносида қўллаган, ҳақиқатда эса у миллатпарварлик, адолатпарварлик тушунчасини ифодалаган).
Чўлпон шоирнинг тахаллуси бўлиб исми-фамилияси Абдулҳамид Сулаймоновдир. У 1897 йилда Андижон шаҳрининг Қатортерак маҳалласида дунёга келди. Шоирнинг синглиси Фоиқа ая, «Абдулҳамиднинг йили сак эди, демак, 1898 йилда туғилган», дейди. «Садои Туркистон»-нинг 1914 йил 18 апрель сонида Абдулҳамид имзоси билан «Туркистонлик қардошларимизга» ва 24 сентябрь сонида «Маорифпарвар» бобомиз муҳтарам Исмоил Гаспиринский ҳазратлари ҳақида таъзияномамиз» деган шеърлари босилади. Биринчи шеър остига Абдулҳамидни 15 ёшда, иккинчи шеър остига 16 ёшда, деб қўйилган. В. Ян томонидан «Катта совет қомуси» учун ёзилган мақолада (улар дўст бўлишган, мақоладаги далилларни бевосита Чўлпондан сўраб ишлатган) ва НКВД ҳужжатларида 1897 йилда туғилган дейилган.
Чўлпоннинг отаси Сулаймон Мулла Муҳаммад Юнус ўғли ўз даврининг илғор, ўқимишли зиёлиси бўлган. У аввал деҳқончилик билан шуғулланган бўлса-да, кейинча савдо-тижорат ишлари билан машғул бўлган, Сулаймон баззоз деб ном чиқарган. Гарчанд у руҳоний бўлса-да, жаҳолатга қарши турган, вақтли матбуотни мунтазам ўқиб борган, шеърлар битган, ғазалларига «Расво» тахаллусини қўйган. Абдулҳамидни ҳам мулла қилмоқчи бўлади, эски мактабда, сўнгра мадрасада ўқитади. Бўлғуси шоир рус-тузем мактабида таълим олиб, рус тилини ўрганади. Абдулҳамиднинг онаси Ойша аянинг саводи бўлмаса-да, ўткир зеҳнли, халқ ижодини яхши билган шуурли аёл бўлган. Чўлпон ўша вақтда Тошкентда, Самарқандда, Қозонда, Бокуда ва Туркияда чиқиб турган газета, журналларни ўқиб борган. Исмоил Гаспиринский, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Ҳамза, айниқса, Фитрат асарларини, уларнинг ижтимоий-сиёсий қарашларини ўрганади, улардан руҳланади. «Улуғ ҳинди» мақоласида ёзишича, Чўлпон, Навоий, Лутфий, Ҳусайн Бойқаро, Машраб, Умархон, Фазлий, Фурқат, Муқимийдан тортиб Боту, Ғайратий, Олтой, Ойбек, А. Қодирий, Авлоний, Тавалло, Сиддиқий, Ҳамзагача ҳар хил даражадаги ва йўналишдаги ижодкорларни, шунингдек Тўқай, Ҳ. Жовид, Алиф Сайфи, Ризо Тавфиқ, Яҳё Камол, Тагор каби ҳинд, озарбайжон, турк, татар ёзувчиларини ўқийди-ўрганади. Булардан Ризо Тавфиқ, Яҳё Камол, айниқса, Тагор дилига яқин туюлади.
Чўлпоннинг сиёсий онги, ижтимоий қарашлари ва миллий бадиий тафаккурининг ўсишида унинг ижтимоий ҳаётда фаол иштироки муҳим аҳамиятга молик бўлди. Барча вақтли матбуотларда ўз мақолалари, фельетонлари, шеърлари билан иштирок эта бошлайди. Аҳмад Закий Валидий Чўлпоннинг 1917 — 1918 йилларда Бошқирдистонда ҳукумат раисининг котиби бўлиб ишлаганини айтади. 1919 йилда Фарғонада чиқадиган «Янги Шарқ» газетасида ишлайди. 1921 — 1922 йилларда «Ахбори Бухоро» газетасида муҳаррирлик қилади. 1923 йилда Андижонда «Дархон» газетасида масъул муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлайди. 1924 йилда Москвада ўзбек маориф уйида ўзбек театр студияси ташкил этилади. Унда А. Ҳидоятов, Л. Назруллаев, Уйғур, Е. Бобожонов, М, Муҳамедов, С. Эшонтўраева каби ёшлар таълим олишган. Чўлпон шу студияда раҳбар, адабий эмакдош сифатида ишлаган, «Ревизор», «Маликаи Турандот» асарларини таржима қилиб берди ва ўзбек артистлари уларни саҳналаштирди. Студия талабалари 1927 йилда ўқишни тамомлаб Тошкентга қайтишди. Москвада катта ижодий муҳитда сиёсий онги ва эстетик диди ўсиб, камол топиб келган Чўлпон большевиклар учун янада хавфлироқ туюла бошлади. 20-йиллар бошларида Чўлпонга қарши бошланган кураш энди авжига чиқди, матбуотда кетма-кет уни миллатчидан олиб миллатчига солишди. Олим Шарафиддинов «Чўлпон йўқсул халқнинг шоири эмас. У — миллатчи, ватанпараст, бадбин зиёлиларнинг шоиридир», деди. 1927 йил 4—5 октябрда Ўзбекистон маданияти ходимлари II қурултойи бўлади, унда Чўлпонни ҳатто Акмал Икромов ҳам танқид қилади, қурултойдан у ҳайдаб чиқарилади. Чўлпон шу қурултой раёсатига мактуб ёзиб, «ўз хатоларимга ўзим тушундим. У ёзган нарсаларим ва сўзлаган сўзларим камбағал ва йўқсуллар душманларининг фойдасига хизмат қилганини билдим», деб йўқ айбини бўйнига олади ва театр соҳасида ишлар қилиб «айбини ювишга» ваъда беради. 1928 йилда «Замона хотини», яъни «Муштумзўр» пьесасини шу ваъдасини устидан чиқиш учун ёзган эди.
Чўлпонга бўлган хуруж, тазйиқ кучайса кучаядики, лекин сусаймайди. У Файзулло Хўжаев маслаҳати бўйича 1932 йилда Москвага кетади ва у ерда СССР Халқ Комиссарлари Кенгашида таржимон бўлиб ишлайди. Чўлпон 1923 йилда Солиҳа деган қизга уйланган эди, шоир ўзидан фарзанд бўлмаслигини аниқлаганидан сўнг унга жавоб беради ва 1932 йилда Москвада Екатерина Ивановна деган аёлга уйланади. Солиҳа бошқага турмушга чиқиб, тўққиз фарзанд кўради.
Чўлпон шеър ёзадими, пьеса ёзадими ёки романми — нима ёзса, матбуот уни дўппослайверади. Ҳатто унинг маҳорат билан таржима қилган «Ҳамлет» ёки «Она» романларини ҳам қадрламайдилар. 1937 йил 7 — 8 апрелда Ўзбекистон ёзувчилар Уюшмасининг мажлиси бўлади. Чўлпон сўзга чиқиб имкони борича меҳнат қилиб, янги асарлар ёзгани, кўплаб таржималар қилгани, бироқ улар адолатсизларча танқид қилинганини айтиб, «мен миллатчи эмасман», дейди. Бу вақтда Чўлпон Ҳамза театрида адабий эмакдош эди. «Муштум»да ҳам адабий ходим эди. Чўлпон совет тузумини, компартияни, Ленинни мақтаб «Соз» тўпламини чиқарди, «Жўр» тўпламини нашрга топширди, «Кеча ва кундуз» романида ўтмишни фош этди, «Борис Годунов», «Она» каби асарларни таржима қилди, «Замона хотини» пьесасида аёллар озодлиги масаласини ҳимоя этди. Лекин уринишлари уни фожиадан сақлаб қололмади. 1937 йилда уни ҳибсга олишди, 1938 йил 4 октябрда отиб ташлашди.
Чўлпонда ижод туйғуси эрта уйғонди. Ҳали талабалик йилларидаёқ унинг шеър, мақола, фельетон ва ҳикоялари матбуотда кўрина бошлайди. 1914 йилда унинг-«Бизнинг халқ» шеъри, «Қурбони жаҳолат» ҳикояси, «Дўхтур Муҳаммадёр» ҳикояси («Садои Туркистон») ва «Мадрасаларимиз аҳволи» («Садои Фарғона»), «Мактаб» («Садои Туркистон») каби мақола, хабарлари босилди. Буларда маърифатпарвар ёзувчи сифатида кўринади. Чўлпон бадиий адабиётнинг вазифаси халқни жаҳолат уйқусидан уйғотиш, жамиятнинг ривожига ва инсон баркамоллигига халақит берувчи иллатлардан халос бўлиш — руҳий, маънавий фориғланишдан иборат деб билди. У «Садои Туркистон» газетасининг 1914 йил 15-сонида босилган «Адабиёт надур?» мақоласида «Бас, масала бу тариқ экондур, ҳаётимизнинг бетўхтов ҳаракат қилиб турмоғи учун сув, ҳаво нақадар зарур бўлса, кундалик маишатимиз йўлида руҳимиз ва вужудимизни заҳматкаш фалакнинг қора кирлари, аччиқ қурумларидан ювиб турмоқ учун адабиёт шу қадар зарурдир», дейди. «Қор қўйнида» ҳикоясида қари чолга учинчи хотин қилиб берилган ўн етти яшар Шарофатнинг қора куни — қора тақдирини кўрсатади. Тўй бўлиб ўтган кўчани «қоп-қоронғи жимжит бир гўристон», «бу кеча худди эшон бобонинг кўнглидек бўлиб қолган», деб таърифлайди. Мамат қоровул бу фожиали ҳолни «Дунё ўзи шу қадар тескари дунё экан... лоланинг устига қор ёғди», дейди. Чўлпон ижодига фожиали мавзу шу ҳикоясидан кириб келди ва охир-оқибатда ижодининг ўқ томирига айланди. Фожиали вазият, фожиали муҳит ва шароит, фожиали қаҳрамонни тасвирлаш унинг шеъриятию, ҳикоя, пьеса ва романининг марказий масаласига айланди. «Қурбони жаҳолат»ни ёзганда Беҳбудийнинг «Падаркуш» пьесаси юртда жуда машҳур эди. «Падаркуш» фарзанднинг ўғирлик йўлига кириши ва оқибатда ўз отасининг қотилига айланишининг сабаби жаҳолат ва илмсизликка боғланган эди, бир ўринда қурбони жаҳолат бўлди, дейилади. Чўлпон ҳикоясида ҳам ўғрилик қилган йигит, унинг касофатига айбсиз йигитнинг ўзини ўлдириши ҳақида ҳикоя қилинади. Шу жаҳолат қурбони Эшмурод «Биз одам бўлмаймиз... Битамиз... Инқироз бўламиз... Оҳ жаҳолат. Жаҳолат, битдук, битдук. Ўлдук... тирилмайман....», деб фикрлайди. Чўлпон кейин ҳам «Ойдин кечалар» (1922), «Новвой қиз» (1927) каби ҳикояларни ёзди. Булар бадиий жиҳатдан пишиқ. Аммо илк катта ҳикояси «Дўхтур Муҳаммадёр» ҳикоясида қолоқлик, жаҳолат танқид қилиниб, илм орқали бахт-саодатга эришиш мумкинлигини кўрсатувчи бу ҳикоя эса бадиий жиҳатдан суст. Унда публицистик тафаккур устун, ёзувчи ғояси қаҳрамон тақдирига, образ мағзига сингдирилмаган. Албатта, бу ҳикоя Чўлпон ижодининг илк даври, илк босқичига мансуб.
Дарвоқе, Чўлпон ижодий йўлини бир неча босқичга бўлиш мумкин. Ҳаётдаги воқеалар, таъсирида унинг дунёқараши, нуқтаи назарида ўзгаришлар юз бериб турди. Биринчи босқичи ўша маърифатпарварлик, жадидчилик руҳидаги асарларини ўз ичига олса, иккинчи босқичи Октябрь тўнтариши кунларида ёзган шеърларидир. Чўлпон Октябрь инқилоби халққа орзу қилинган озодликни, тенгликни, мустақилликни беради, деб умид қилди ва ишонди. Унинг «Қизил байроқ» (1917), «Шарқ нури», (1918), «Қизил байналмилал» (1920) каби шеърлари шу руҳга йўғрилган. Кўп ўтмай ўйлаган орзулари сароб бўлиб чиққанлигини англади. Юртда мустамлакачиликка қарши озодлик ҳаракати авж олди. Чўлпон бу курашдан ғоят руҳланди, зулм, босқинчилик, тенгсизликни фош этиб, чин озодликка чақирди. «Пўртана», «Ёруғ юлдузга», «Тортишув тонги», «Халқ», «Мен қочмадим», «Бузилган ўлкага» (булар 1920-1921 йилларда ёзилган шеърлар бўлиб, шу йўналишдадир). Тўртинчи босқичдаги шеърлари 1921-1923 йил ўрталарига тўғри келади. Бу даврда босмачилик ҳаракати мағлубиятга учрай боради. Шундан сўнг Чўлпон «Амолимнинг ўлими», «Ёнғин», «Кураш», «Виждон эрки», «Қўзғалиш», «Кўнгил», «Бас энди» каби шеърларини яратади. 1923 йилга келиб Туркистонда «босмачилик» ҳаракати тор-мор этилади, шу туфайли Чўлпон руҳий таслим йўналишидаги шеърларини ёзади. «Сомон парча», «Хазон» (1923) шеърлари мана шу бешинчи босқичга доир. Шоир ижодининг олтинчи босқичи эса, унинг совет позициясига ўтиши, «қизиллашиши» давридир. «Созим», «Мен шоирман», «Ўн олти», «Октябрь», «Яна олдим созимни», «Янги мен» каби шеърлар ана шу руҳдаги асарлардир.
Ҳақиқий ижодкор яратган образларда қалбининг таржимаи ҳолини ҳамда у мансуб бўлган халқнинг ҳаёт йўлини ўқиш мумкин. Агар Чўлпон образларига назар ташланса, Октябрь инқилобига болаларча самимий ишонишидан туғилган романтик шеърларидан тортиб, то умидларининг сароб бўлиб чиққан пайтларидаги мунгли, фожиавий руҳдаги шеърларигача, халқни ёвдан ўч олишга, эзгу ният учун жонини қурбон қилишга чорловчи ва ниҳоят руҳий тушкунликка тушган муҳит, замон — тузум ҳукмига таслим бўлган онларидаги кайфияти — ҳолатигача билиш, сезиш мумкин. Чунки Чўлпон ўзини халқнинг бир зарраси, унинг дилинйнг ифодачиси ва унинг халоскори деб ҳис этар эди. У ниҳоятда таъсирчан, эҳтиросли, қайноқ, ёниқ шоир эди. Унинг ўз ибораси билан айтганда, «туйғуси сел шоир» эди, инсоннинг «руҳига кириш»га муваффақ бўларди. Чўлпоннинг ҳамлетона руҳдаги — «Улуғ, қаттиқ ағдарувчи бир кураш. Ё бор бўлиш, ё йўқ бўлиш: йўқ яраш», деган мисралари эътиборга лойиқ. Чўлпон ўз виждонини «илоҳий виждон», севгисини шунчаки муҳаббат эмас, балки «илоҳий муҳаббат», дейди, юртини, халқини шунчаки яхши кўрмайди, балки «фақат Мажнун бўлиб севади» ва «бошимни у учун дорга қўяман», дейди, душманининг қудратини ҳам яхши билади ва шунинг учун «улуғ ёв» дейди. Чўлпон воқеликдан, ҳаётдан қандай қаттиқ таъсирланган, қандай ҳолатга ва кайфиятга тушган бўлса, айтайлик ё қаттиқ қаҳрланса, ё чексиз изтиробга тушса, ё руҳи инқилоб қилса, шу ҳолатини, шу кайфиятини борлиғича шеърга кўчиришга эришади. «Мен шоирми?» шеърида «Шундай гўзалликни, аттанг, агар мен рассом бўлсам эди, чизиб берардим», «ҳар бир тушунчамни ёза олмагач, рассомдек хаёлга чиза олмагач», «шоирлик менда бир соями дейман», дейди. Аслида Чўлпон инсоннинг руҳий ҳолатини равшан чизиб берувчи, ҳар бир тушунчанинг ҳам суратини ола билувчи буюк рассомдир. Шеърларининг ўқувчини сеҳрлаб, мафтун қилиб қўйишининг боиси шу ерда. Унинг аксарий шеърлари ё ўзининг — «Мен»нинг бевосита дардини изҳор этади ёки кўпроқ иккинчи шахсга қаратилиб, ҳам унинг, ҳам сўзловчининг руҳияти, кайфиятини ифодалайди. Шунинг учун очиқ, самимий, рост ва гоҳ сўроқ, гоҳ мурожаат, гоҳ ундов, гоҳ суҳбат оҳангини олиб туради. Такрор ва синонимлар, ҳар хил таъкидларнинг кўплиги ҳам шу туйғуни, ниятини мукаммал бермоғидан, «Қиз қўшиғи» шеърида банднинг бешинчи мисрасида «Қора кунлар тушди менинг бошимга» деган жумланинг фақат биринчи сўзи алмаштирилиб, ҳар сафар такрорланиб келади (ёмон, оғир, қийин, қонли, ўтли, ёрсиз кунлар тушди менинг бошимга) ва қиз ҳолатини бор бўйича гавдалантиради. «Қизил байроқ»да, «Энди қора яқин келмас нурлар сачратган оққа», деган мисра бор. Чўлпон зулмни, адолатсизликни, тенгсизликни, бахтсизликни қора рангда ва эзгулик, поклик, бахтиёрлик, адолатни оқ рангда идрок этади. Бу шеърни ёзган пайтида Октябр инқилоби халқни қора кундан — ўтмишдан, бахтсизликдан халос этди, деб тушунган эди. Кўп ўтмай бу шодлиги шунчаки бир сароб, хаёл бўлиб чиққанини сезади ва энди ўзбек халқининг қайтадан бахтсиз бўлиб қолганини ифодаловчи «кўланка», «булут», «парда», қисқаси «қора» образи янгича маънода фаоллашади, бу образлар то «Кеча ва кундуз» романи ёзилгунча шу маънода қўлланади. Бу роман ёзилган пайтда Чўлпон руҳий енгилган, совет тузумига таслим бўлиб, яна ўтмишни қоронғу, яъни кеча тусида идрок этишга мажбур бўлган эди. Чўлпон романни «Кеча ва кундуз» деб, «Кема» қисмида ўтмишнинг қоронғу манзарасини чизган бўлса (ёзувчилик таланти билан чоризмнинг мустамлакачилик башарасини ҳаққоний очган ва ўзбек халқи орасида миллий уйғониш юз бераётганини кўрсатган бўлса), ёзилмаган ёки ёзилган бўлсада топилмаган «Кундуз» қисмида, эҳтимол, халқнинг Октябрь инқилобидан кейинги ҳаётини бахтиёр кўринишда бермоқчи ва шу йўл билан ўзини таъқиб-сиртмоқдан сақлаб қолмоқчи бўлгандир. Чўлпон «Кеча» романида ўша тузумни «сиқиқ муҳит», «кишанли жамият», «қоронғи муҳит» дейди, бир қаҳрамони «кеча-кундуз ишлаб қорнинг тўймаса, бу қандай замон бўлди?» дейди. Чўлпон «Қизил байроқ» шеъридаги Октябрь инқилоби халқнинг қора кунини ёруғ қилди, деган фикрдан тезда қайтади: юртда авж олган талончилик, қирғин, бузғунчилик, адолатсизлик, тенгсизликни кўргандан кейин икки ўт ичида қолади, ўртанади, ёнади, йиғлайди. Энди «ўшал эски, жароҳатли қалбини сатрларнинг наштарила тилади», «йиғловчи чолғувлари-ла» ўша фожиали муҳитни таҳлил қилади:
Бир кўз йўқми қонли ёши томмаган,
Бутун кўнгил умидсизми, синиқми?
(«Ёнғин»)
Ёки:
Кўз ёшимда ювсам
Юртнинг бағрини,
Тилим билан сўрсам
Оққан қонини...
Қонли кунлар тушди менинг бошимга.
(«Қиз қўшиғи»)
Чўлпонни ўша 20-йиллари йиғлоқи шоир, деб тилини қисишган, ижодини бўғишган. Ёнаётган юртини кўриб туриб, халқ бошига тушган катта фожианинг гувоҳи бўла туриб, фожиавий шеърлар ёзмасдан иложи йўқ эди.
Чўлпон Тагор тўғрисидаги мақоласида унинг бошига тушган кулфатни — аввал биродарининг хотини, кейин ўзининг хотини, икки қизи, икки ўғли ва отаси ўлганини айтиб туриб, бундай дейди: «Тагорга ўлимнинг зарбаси ҳам жуда қаттиқ бўлғон. Шунинг учун унинг асарларида ўлим тўғрисида кўп учратиларди». Мана, Чўлпон ўз кўз ёшларининг сабабини — ижодининг фожиавий пардада бўлганлигининг сабабини қандай равшан очиб беради. Чўлпон халқни бир жигаридек ҳис этган ва унинг фожиаларини ўз бошига тушган фожиа деб билган. Чўлпон «Менинг ўйимми қора? Ёки юрт кўкида булут?» «Йўқса унга мангуликми қора тун?» деяр экан, ўз танқидчиларига жавоб бергандай бўлади, яъни уни йиғлатган юртдаги аҳвол эканлигини таъкидлайди. Шоир зулмга бутун халқ қаршидир, яъни «халқ истаги: озод бўлсин, бу ўлка, кетсин унинг бошидаги кўланка» дейди. Чўлпон халқни озодликка, мустақилликка чақирувчи жарчига айланади: янги тузумни бир кишан ва халқимизни қул тарзида идрок этади.
Тириксан, ўлмагайсан,
Сен-да одам, сен-да инсонсан,
Кишан кийма,
Бўйии эгма,
Ки сен ҳам ҳур туғилгансан.
(«Кўнгил»)
Чўлпоннинг «Гўзал Фарғона», «Бузилган ўлкага» шеърлари шу қадар халқ орасига кенг ёйилдики, унга шу қадар катта руҳий мадад бердики, совет тузумининг ҳимоячилари бу асарга қарши қанчадан-қанча шеърлар, мақолалар ёғдиришди (Ғайратийнинг «Тузалган ўлка» каби). Бироқ шеър озодлик мадҳиясига айланиб кетди. Боймирза Ҳайит бундай ёзади:
. «Миллий қўмита (Олмонияда тузилган Миллий Туркистон Миллий қўмитаси — С.М.) Чўлпоннинг «Гўзал Фарғона» шеъри ва унинг куйи асосида бироз ўзгартиш билан миллий Туркистон миллий маршининг пайдо бўлишига ташаббусчи бўлди. Бу «Гўзал Туркистон» бугунги кунда чет мамлакатларда яшаган муҳожирларимиздан бугунга қадар ажралмаган севикли бир миллий куй бўлиб хизмат этмакдадир...»
Чўлпоннинг образлари орасида «бўри», «қарға», «бой-қуш», «шайтон» каби рамзлар тез-тез учраб туради. Қаранг: «Бўрилардан омон кутмак тентакларнинг ишидир», «Кўнглим каби йиқиқ уйлар, қишлоқлар бойқушларга бузуқ кўксин очганми?». Бу образлар остида шоир рус халқини эмас, балки рус босқинчиларини, большевикларни, чоризм сиёсатини давом эттирувчиларни фош этмоқчи. Чўлпон рус халқи, рус адабиёти ва маданиятини ғоят севар, қадрлар эди: рус тилини зўр билган, рус ёзувчиларининг шоҳ асарларини ўзбекчага ағдарган, рус аёлига уйланган. «Кеча ва кундуз» романида рус аёлининг ижобий образини яратган ва ҳ.к.
«Аслида большевизм Чор Русиясининг Туркистон сиёсатини мураккаб равишдаги давомидир, — деб ёзади Боймирза Ҳайит. — Биз бу ерда нима учун бундай фикрда бўлмоқдамиз, дейилган саволга жавоб бериш ўрнига мужоҳид ва шаҳид шоиримиз Чўлпон шеърларидан бир байтини хотирласак, масала аниқ бўлса керак, деб ўйлаймиз: Чўлпон шундай ёзган эди:
На исён, на тўлқин, на тўфон, на ўт.
Кўзимда оғир бир таслим нури бор.
Эй ўтли кечмишим, юзингни беркит,
Сенда шайтонларнинг ҳақсиз зўри бор.
Миллатимиз Чўлпон орқали билдирилган туйғуни кўп вақтдан бери англаган эди. Миллатимиз шайтонларнинг зўрлигидан қутулмоқ йўлига кирди. Туркистон Русияни истило этмади, аксинча Русия Туркистонни ишғол этди. Бунинг билан икки халқ орасида тарихий рақобатлар бошланди. Рус миллати империалист эмасдир. Аммо унинг империалистик табиатини ташиган вакиллари бутун дунёдаги империализмнинг устозларидир. Русиянинг шундай бир тўдаси Русиянинг ҳам ҳокимидир. Туркистон Русиянинг Салтиков-Шчедрин айтганидек «абадий ейдиган, лекин тўймаган» («вечно жирюших, но не сытых») табиатидан қутулмоқни истайди. Туркистон ҳеч бир вақт рус халқининг душмани бўлмагандир».
Чўлпон худди шу позицияда турди. Чўлпон ҳам рус халқининг душмани бўлмаган, аксинча унинг маданиятини, эркиилик руҳини ўзбеклар орасида тарғиб этган. Аммо босмачилик даврида золим большевик руслар элни шафқатсиз қирди, талади. Туркистон Халқ Комиссарлар Кенгашининг раиси Қ. Отабоев 1922 йил 18 июлда Туркистон коммунистларининг тўртинчи пленумида қилган докладида Қўқонга дашноқлардан тузилган отряд юборилганини айтади. Улар савдогарлардан тортиб шаҳарнинг оддий косибларигача ҳаммасининг бор-будини тортиб олади, ўзларини отиб ўлдиради, мачит-мадрасаларни, Куръони Каримни ёндириб юборадилар, ҳатто намоз ўқиётганларни ўққа тутадилар, хотин-халажларни зўрлайдилар, қози-уламоларни ҳибсга оладилар, деҳқонларнинг овқатидан тортиб уруғликларигача ҳаммасини тортиб оладилар. Шу туфайли «бутун омма совет тартибига қар-ши қўзғолон кўтарди», дейди Отабоев. Чўлпоннинг большевизмга, рус босқинчиликларига қарши исёни қонуний ва адолатли эди:
Қўлимда сўнгги тош қолди,
Ёвимга отмоқ истайман.
Кўзимда сўнгги ёш қолди,
Амалга етмоқ истайман.
Бу қаҳрамон, жасур шоирнинг рост сўзлари эди. Ҳаёт, воқелик шу қадар қайноқ, алғов-далғовли эдики, бу ҳолат Чўлпон шеърларида «денгиз», «тўлқин», «пўртана», «қиёмат» каби образларни туғдирди. «Қанот» образида эса эрксизлик ва озодлик учун интилиш туйғусини беради: «Менда қанот бор, лекин боғланган», «Чарчаган қанотим куч сезди» дейди. Шоирнинг «чечак», «кўклам», «баҳор», «гул» образларида ҳам унинг олий орзу-армони — озодлик, мустақиллик туйғуси ётади. Маҳмудхўжа Беҳбудий хотирасига ёзган шеърида «Азиз отам, қўлимдаги гулларнинг мотам гули эканини билмайсан, шодлик гули кўпдан бери сўлганин», дейди «Кўклам билан юртимга ҳам бир кўкариш келсайди», деб орзу қилади. Шоирнинг «тилак юлдузи», «нажот юлдузи», «чиқадиган қуёш» иборалари остида ҳам унинг умиди ётади.
Чўлпоннинг қалби, орзу-армони шеъриятигагина эмас, балки бутун ижодига синггиб кетган эди. Ҳатто «Ҳамлет» ёки «Она» романи таржимасида ҳам Чўлпоннинг эрк, адолат, одамийлик ва ҳақиқатга бўлган чексиз ташналиги мавж уради. Зероки, бундай асарлар худди шундай руҳ билан Чўлпонни мафтун этган эди.
Чўлпон ўнлаб драмалар ёзди, кўплари ўз вақтида саҳналаштирилди. Афсуски, уларнинг талайгинаси босилмаган эди, қўлёзмалари ҳам йўқ бўлиб кетган. «Бой», «Ҳалил фаранг», «Чўпон севгиси», «Чўрининг исёни», «Узун қулоқ бобо» каби саҳна асарларини ёзган. «Ўртоқ Қаршибоев» пьесаси қўйилганда матбуотда қизғин мунозаралар бўлган. «Ёрқиной» пьесаси нашр этилган, 1992 йилда Чўлпоннинг «Замона хотини» (ўз вақтида «Муштумзўр» сарлавҳасида саҳналаштирилган) асари топилиб нашр этилди. Чўлпон В. Яннинг «Ҳужум» пьесасини ўзбек тилига таржима қилиш ва қайта ишлаш, тўлдириш орқали ҳам ўзбек театри шуҳратини Москвада ёйилишига ўз улушини қўшди (1930 йилда Москвада ўзбекистонлик артистлар уни намойиш қилди ва ижобий баҳоланди). В. Ян ўз «Кундалиги»да «Ҳужум»ни биз Чўлпон билан бирга ёзганмиз», деб таъкидлаган. Асар тили ғоят жозибали, халқ қўшиқларига бой, ҳазил, мутойиба, аскиялар сингдирилган унга. 1921 йилда саҳна юзини кўрган «Ёрқиной»ни танқидчилик найза билан кутиб олган ва ҳатто «бугундан бошлаб пролетариат саҳнасидан кўтариб ташлансин», деб ҳукм қилинган эди матбуотда. Аслида эртак асосида ёзилган бу асарда зулм, адолатсизлик, эрксизлик, қонхўрлик қаттиқ танқид қилиниб, унга қарши фаол курашган одамлар улуғланган, адолатли, фозил тузум, адолатпарвар шоҳ, чин севги-садоқат идеали олға сурилган эди. Ёрқиной ва Пўлатлар адолат учун курашчилар тимсоли сифатида берилади. «Замона хотини» (1928) пьесасида аёллар эрки ва уларнинг жамиятни бошқаришдаги иштироки масаласи кўтарилган бўлса-да, асар моҳиятида адолатли тузум, ҳақиқатпарвар ва инсонпарвар жамият орзуси етади. Бош қаҳрамони Раҳима хола тили орқали Чўлпон «Билингки, ҳукумат чироғ: сизнинг қўлингизда ўғирликка ишласа, менинг қўлимда тўғриликка ишлайди», деб ёзади. Қаҳрамонлардан бири «Қандай қилайлик шуларнинг қўлида қул эканмиз», бошқаси «илоҳим, ер ютсин большовойни. Ҳаммани қон қақшатиб кетди. Бу ҳукумат ўзининг амалдорини ҳам ҳеч аямайди. Қанча катталарни ўзи отиб юборди» дейди. Кўриниб турибдики, Чўлпон ўша тузум, ўша тартибга жуда танқидий ёндашади, ўзи қаттиқ тазйиқда бўлса ҳам ҳақиқатни айтишдан қайтмайди. Чўлпоннинг жамият, тузум қандай бўлиши керак, халқ қандай яшаши кераклиги ва зулм, зўравонлик, тенгсизлик, мустақиллик хусусидаги қарашлари унинг «Кеча ва кундуз» романида янада кенг, атрофлича ўртага ташланди. Биринчи жаҳон уруши пайтидаги Туркистон халқининг аҳволини, турмуш тарзини, чоризм мустамлакачилигининг мудҳиш оқибатларини, чор амалдорларининг маънавий бузуқлигини ва халқнинг зулмга, зўравонликка қарши исёни, маърифат, нурга интилишини акс эттирган бу роман Чўлпон талантининг яна бир ёрқин қиррасини намойиш қилади. Романдажадид Шарафиддин Хўжаев Мирёқубга чор амалдорларини назарда тутиб: «Биз буларни ёмон кўрамиз. Булар — бизнинг душманлар», «Бизнинг мамлакатимизга рус ҳукумати бир «мустамлака» деб қарайди, яъни мамлакатларнинг ўгайи сингари... Шу учун бу ерга яхши амалдорларни юбормайди», дейди. Чоризм вакили Нойиб тўра ҳам чоризмнинг инқироз сари юз тутганини ҳис қилади. У «буюк империя даҳшатли тўлқинлар ичида зулматга, белгисизликка, йўқликка қараб кетаётир», дейди. Мирёқуб империянинг нима эканлигини сўраганда, Тўра подшоҳнинг девордаги суратини, сўнгра ўзини ва елкасидаги погонини кўрсатади. Чўлпон романда шу империянинг ҳалокат сари йўл тутганига китобхонни ишонтиради: биринчи жаҳон урушида Россиянинг толиқиши, мустамлака ўлкаларда маҳаллий халқнинг чор зулмига қарши исёнлар кўтаришини кўрсатади. Тўра юзлаб одамларни қириб ташлайди, қамоққа олади, сургун қилади, қишлоқларни ер билан яксон этади, оддий халқни одам ўрнида кўрмай, бой-амалдорларга ён босиши, миллат манфаатини ўйламайдиган лаёқатсиз, қўғирчоқ одамларни (Акбарали каби) раҳбар қилиб тайинлаши, ахлоқий тубанлиги (Тўра ҳам бузуқ, хотини эса хизматкор Зуннун, кейин Мирёқуб билан ишрат қилади) ва ҳ.к. Ҳатто кундошлар можароси билан тасодифан заҳарланиб ҳаётдан кўз юмган Акбарали мингбоши ўлимини (унинг учинчи хотини Султонхон Зебини заҳарлаш учун тайёрлаган сувни тунда Зеби билмасдан эри Акбарали мингбошига чириб қўяди) ҳам Зебини суд қилаётганда прокурор «Руия давлатига ва подшога садоқат билан танилган одами» қасддан ўлдирган деб сиёсий тус беради ва Зебини ўлимга ҳукм қилинишини талаб қилади.
Романда Чўлпон ўлканинг мустақилликка эришиши оясини («Кичкина миллатлар мустақил бир ҳукумат қуриб» яшаётганини айтади), туркий халқларнинг бирлашишида «тилда, фикрда, ишда бирлик» керак дейди ва иқтисодий бирдамликка эришиш учун шахсий ташаббусга, ишбилармонликка кенг йўл очиб бериш, эркин савдони ривожлантириш лозимлиги тўғрисида фикр юритади. Бу фикр-армонларни жадид Шарафуддин Хўжаев образи орқали, Мирёқуб тақдири орқали олға суради. Илгари Акбарали мингбошининг суянчиғи, айтиш мумкин, ақли, тили-забони бўлган, ниҳоятда эпчил, ишбилармон, аммо ахлоқий бузуқ Мирёқуб жадид Шарафуддин Хўжаев билан суҳбатлашгач, жадидликни англайди, «кўзим очилди», дейди ва бундан кейинги ҳаётини жадидлар каби миллат манфаатига бағишлашини айтади. Ёзувчи Мирёқубни унинг виждони орқали тергов қилади. Мирёқуб барча қилмиш-қидирмишларининг сабабларини айтади. Шу тергов ва кундалик дафтари орқали Мирёқубнинг, Марямнинг руҳиятида содир бўлаётган ўзгаришларни кўрсатиб беради. Бундай ўринлар драмага ўхшаб кетади. Дарвоқе, романда кўрсатиш, ҳаракат, саҳнавийлик кучли. Ҳамма воқеа ва қаҳрамонларнинг ҳолати, хатти-ҳаракати, кураши бевосита кўз олдингизда намоён бўлади. Роман мустақил, аммо бир-бирини тақозо этиб турган саҳналардан ташкил топгандай. Бу саҳналар ўткир Драматизм билан суғорилган. Роман заминида фожиавийлик ётади. Асар бошиданоқ, табиат ҳам, Зебилар ҳам эркинликка талпинишади. Ёзувчи Зебини тутқун — қафасдаги қушга ўхшатади. У бир оз озодликка чиққан қушдай қишлоқда озод нафас олади ва худди шу ерда тузоққа илинади — Акбарали мингбошига тўртинчи хотин бўлиб, кундошлар жанжалининг ўпқонига тушади. Бойнинг учала хотинининг тақдири ҳам фожиали, ўша тузум уларни ахлоқий майиб қилган. Зебининг суд қилиниши жараёни романнинг энг юксак нуқтасидир. Мустамлакачилар Зебини сиёсий жиноятчига чиқариб, Сибирга сургун қилади. Зеби ўзининг айбсиз эканлигига қаттиқ ишонади, бу содда қиз суд қўйиб юборганда уйга қандай кетишини ўйлаб ўтиради. Ҳукмни эшитгач, лол, карахт бўлиб қолади ва уларга бўлган бутун ишончини йўқотади. Отаси Раззоқ сўфи аёлларга паст назар билан қарар ва бойлар, амалдорлар, айниқса, пири эшонларнинг соясига салом берар эди. Зеби тақдирини эшитиб, эшонга ёрдам сўраб боради, у ашула айтиб, хурсанд ҳолда кутиб олади, далда бериш ўрнига уни сургун қилмаганликлари учун афсусланади. Шунда Раззоқ сўфининг кўзи очилади, унга қарши қўл кўтаради. Эшон уни дарра билан савалатиб, музлаган ҳовузга ташлатади. Кейинча сўфи барибир эшонни ўлдириб кетади. Зеби ҳажрида онаси ҳам жинни бўлиб қолади. Зебининг илк муҳаббати ҳам ғунчалигидаёқ ер билан яксон бўлади. Ёзувчи фожиалар ўтмиш — «кеча» туфайлидир, демоқчи бўлади.
Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романи А. Кодирийнинг «Ўтган кунлар» ва «Меҳробдан чаён» романларидан кейин ўзбек адабиётида яратилган етук романлардан бўлиб қолди. Чўлпон шеърияти, прозаси, драматургияси ва бебаҳо таржималари доим маҳорат мактаби бўлиб қолади.
АМАЛНИНГ ЎЛИМИ
Кўнглимда йиғлаган малаклар кимлар?
Шарқнинг оналари, жувонларими?
Қаршимда йиғлаган бу жонлар кимлар?
Қуллар ўлкасинг инсонларими?
На учун уларнинг товушларида
Ўтган асрларнинг оҳанги йиғлар?
На учун ёзмишнинг ўйнашларида
Ҳар юриш кўнглимни наштардек тиғлар?
Кенглик ҳаёллари учдими кўка
Бутун умидларни ёвларми кўмди?
Мангу тутқунликка кирдими ўлка?
Хаёлда порлаган шамларми сўнди?
Кечанинг жон олғич қоронғулиги,
Нажод юлдузини хаёлми билди?
Шунча тутқунларнинг ҳаққи, ҳақлиги
Бир ҳовуч тупроққа қурбонми бўлди?
Оҳимнинг ўтидан чиққан шуълалар,
Шарқнинг кўкрагида бир топмасми?
Кўксимдан қисилиб чиққан наъралар,
Уҳлаган дилларга кулиб боқмасму?
КЎНГИЛ
Кўнгил, сен мунчалар нега
Кишанлар бирла дўстлашдинг?
На фарёдинг, на додинг бор,
Нечун сен мунча сустлашдинг?
Ҳақорат дилни оғритмас,
Тубанлик мангу кетмасми?
Кишанлар парчаланмасми,
Қиличлар энди синмасми?
Тириксан, ўлмагансан,
Сен-да одам, сен-да инсонсан;
Кишан кийма, бўйин эгма,
Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсан!..