Сўфи Оллоёр (1644-1724)

Сўфи Оллоёр (1644, Каттақўрғон беклиги Минглар қишлоғи — 1724, Денов) — тариқат арбоби ва мутасаввуф шоир. Шайхлар мактаби ва Бухородаги жўйбор шайхлари даргоҳида таълим олган. Ўз даврининг барча асосий илмларини эгаллаган, араб ва форс тилларини ўрганган. Бухоро хони Абдулазизхон томонидан бож маҳкамасига тўра этиб тайинланган. Дарвешона феъл, шоирона кўнгил соҳиби бўлган Сўфи Оллоёр бу лавозимдан тезда истеъфо бериб, ўз даврининг машҳур шайхи Наврўзга шогирд тушган, тарикат талабларини бажариб, шайхлик мартабасига кўтарилган, валиуллоҳ (каромат соҳиби) бўлиб етишган.
Туркий ва форсий тилларида ижод қилган Сўфи Оллоёр ижодининг асосий йўналиши ислом маърифатини кенг халқ орасига ёйиш ва тасаввуфнинг инсоний камолот билан боғлиқ ғояларини тарғибташвиқ қилишдан иборат. У «Маслак ул-муттақин» («Тақводорлар маслаги»), «Мурод ул-орифин» («Орифлар муроди»), «Маҳзан ул-мутеъин» («Итоаткорлар хазинаси») асарларини форсий, «Сабот ул-ожизин» («Ожизлар саботи»), «Фавз ун-нажот» («Нажот тантанаси») маснавийларини туркий тилда яратган. Форсий ва туркийда битилган бошқа шеърлари ҳам мавжуд. «Мевалар мунозараси» номли манзума хам унга нисбат берилади.
Сўфи Оллоёрнинг шоҳ асари «Маслак ул-муттақин» бўлиб, 12 минг байт, 135 та катта-кичик бобдан иборат. Илоҳий маърифатнинг бадиий талқинига бағишланган бу асар эл орасида шуҳрат тутганидан сўнг дўсту яқинлари ундан туркий тилда ҳам шундай бир китоб ёзишни илтимос қиладилар. Бунга жавобан у «Маслак ул-муттақин»ни бирмунча қисқартириб, ўзбек тилида назмда битган ва унга «Сабот ул-ожизин» деб ном берган. Ўзбек фалсафий дидактик адабиётининг етук намунаси бўлмиш ушбу асарда тасаввуф таълимотининг маънавий-ахлоқий масалаларини кенг ёритиш билан у туркий тасаввуф адабиёти ривожига катга ҳисса қўшган.
Асарларида ислом аҳкомлари, тариқат талаблари, инсоний комиллик шартларини бирма-бир таърифлаб берган. Ахлоқий-таълимий аҳамияти жиҳатидан, хусусан, «Маслак ул-муттақин» ва «Сабот ул-ожизин» асарлари мактаб ва мадрасаларда асосий дарсликлар қаторида ўқитилиб келган. Унинг диний-тасаввуфий руҳдаги панду ҳикматга йўғрилган асарлари нафақат Туркистон, балки Қашқардан тортиб Этел (Волга), Ёйиқ (Урал) дарёлари воҳалари, Ҳожитархон (Астрахан), Булғор, Оренбург ва бошқа минтақаларда яшовчи халқлар орасида ҳам кенг тарқалган. Улар кўп нусхаларда кўчирилган. 19-асрнинг охирларига келиб эса Тошкент, Қозон, Боку, Истанбул ва бошқа шаҳарларда тошбосма йўли билан бир неча марта босилиб чиққан.
Сўфи Оллоёр асарлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган, уларга бағишлаб шарҳлар ёзилган, луғатлар тузилиб, у қўллаган тасаввуфий истилоҳ-тимсоллар кенг шарҳланган.
Эргаш Очилов

* * *

Дил - ғамин, хотир - хазин, толеъ - қаро, пешона - шўр,
Қўл - қуруғ, матлаб - узоқ, душман - яқин, жонона - дур*.

Ёр - толиб, ишқи - ғолиб, хасб - монеъ, сабр - оз,
Даҳр - пуркулфат, жафо - кўб, лутф - кам, раҳмат - вўфур.

Зод - ақал, сенсиз - касал, ҳажми ҳаво - тавли амал,
Юз - таалуқ, минг - илал, ғам - бениҳоят, ғусса - зўр.

Ич - тугун, ҳолат - забун, ҳосил - ҳавас, савдо - жабун,
Йўл узун, аъдо - фузун, этмак - гумон, кетмак - зарур.

Умр - густу пеша суст,хавф - Ҳотам, ғам - нўхуст,
Эл - кучук, юк - нодуруст, водий - хатар, аз ман футур.

Феъл - чаб, ғафлат - ажаб, ғусса - маишат, ғам - тараб,
Тил - сучук, сар - мунқалиб, зоҳир - вараъ, ботин - фужур.

Чашм - тар, рухсора - зар, хуни жигар - оҳи саҳар,
Кош, бул фан бирла, Оллоёр музтар бўлса кўр.

* * *

Жон агар ҳамсуҳбати тандур, жаҳонда ғам ема,
Бул азиз меҳмон боринда ғуссаи олам ема.

Бир қаришлик йўлга кирсанг, қўйма бейўлдош қадам,
Бир мавиз оллингда ҳозир бўлса, беҳамдам ема,

Икки кунлик лаззати дунёйи бепоён учун
Фикр этиб ғам туъмасини, эй бани Одам, ема,

Тангдаст ўлдум деб, Оллоёр, кўб фикр этмағил,
Юз надомат бирла оламдин кетарсан, ғам ема.

* * *

Эй, хуш ул умреки, ўтса бир неча шайдо билан,
Танлари халқ ичра бўлса, диллари мавло билан.

Бағри бийрон, кўзлари гирён ёронларни қўюб,
Ҳайф ўшал умреки, ўтса бизнидек расво билан.

Жон фидойи ул биродарким, бу дунё мулкидин
Кўрмаса бир пул юзини, ўтса истиғно билан.

Аждаҳо бирлан тўқуш қилғон кишини эр деманг,
Эр ўшал эрдурки, турса бандалик тамғо билан.

Токи, Оллоёр, истарсан тириклик иззатин,
Қоч ўшал тандинки, фикри бўлмаса тангло билан.

* * *

Ҳожатим улдур, худоё, по ишим бош айласанг,
Мунда тавфиқ, онда имонимни йўлдош айласанг.

Илкима берсанг асойи ҳиммат, оғзима сано,
Кўнглума ишқ оташин солсанг, кўзум ёш айласанг.

Бор умидим: гарди исёнимни ювғай оби афв,
Варна йўқдур чораси қора тош айласанг.

Чеҳраи журмимни ёпғил пардаи исмат билан,
Онда мушкулдур гуноҳим халқ аро фош айласанг.

Гарчи Оллоёр эрур ноқобилу номустақим,
Лутф этиб бир муршиди комилға йўлдош айласанг.


* * *

Тешти кўксум, эзди бағрим доғи ҳижроним мани,
Бу оламда мунча ғамда чиқмаган жоним мани.

Дилда сабрим, юзда шармим, бошда ҳушим қолмади,
Кўзда ёшим, рангда қоним, танда дармоним мани.

Дардга тўлсам, ғамда сўлсам, телба бўлсам ишқида,
Ҳасратида мундоғ ўлсам, йўқдур армоним мани.

Ҳолатим бад, ҳасратим беҳад, фиғоним беъадад,
Қил мадад мандек йиқилғон қулга султоним мани.

Ғуссаи дил, қиссаи мушкулға қолдим ою йил,
Обу гил ичра хижил қолғон тану жоним мани.

Айтур Оллоёр йиғлаб зори ҳаф лайлу наҳор,
Тийри ишқи ёр тўкса кошки қоним мани.

МУНОЖОТ

Холиқо!
Қойилман ўз нуқсонима,
Кўб жафо қилдим ўзумни жонима.
Зоти покингдан иноят бўлмаса,
Ҳеч ишончим йўқ амал қилғонима.

Холиқо!
Қилдим фаоли кундани,
Қилмоғил расво мани - шармандани.
Сен агар раҳмат ниқобин ёпмасанг
Айби кўб,нуқсони кўбдур бандани.

Холиқо!
Тўктум ибодат тосини,
Сан тузарсан бандани кам-кўсини.
Қўлларинг булғонса исён лойиға
Оқизурсан мағфират дарёсини.

Холиқо!
Қилдим гуноҳи беадад,
Жон берар ҳолатда сан бергил мадад.
Нафси шайтон илкидин қутқормасанг,
Бўлди мушкул ҳолимизға,ё аҳад!

Холиқо!
Ё аввало,ё охиро,
Нафси шайтон жонима бўлди бало.
Гарчи Оллоёр Ўтарчидур ёмон,
Қўймоғил душман қўлида мубтало.

Холиқо!
Тутдим фароғат хобини,
Истадим дойим жаҳон асбобини.
Гарчи Оллоёр эрур ғарқи гуноҳ,
Оч анго ўлганда раҳмат бобини.

Холиқо!
Умр айладим фоний билан,
Энди банданг зор йилор жони билан.
Гарчи Оллоёр эрур зору забун,
Жонин ол нири имони билан.

Холиқо!
Поишларим бош айласанг,
Хирмани раҳмат манго чош айласанг.
Мунда тавфиқим,чироғим қўлга бер,
Онда имонимни йўлдош айласанг.

Холиқо!
Афв айла ўтган ёшима,
Яхши қулларни ато қил қошима.
Гўр ичинда келса икки сўрғувчи
Онда сен раҳм айла ёлғуз бошима.

Холиқо!
Дийдамға ашки зори бер,
Кўнглума доим муҳаббат ёри бер,
Оби кавсардин мани сероб этиб,
Ҳам манға кўпрук ўтарда ёри* бер.

Холиқо!
Лутф эт гадойи зоринға,
Бандадурман,зорман ҳар бир коринға.
Мағфират дарёсиға ғарқоб этиб,
Кўзларим шояста қил дийдоринға.

Холиқо!
Туз айлагайсан роҳимиз,
Мустажоб этгил дуои оҳимиз.
Тонгла ҳайрон бўлса халқ ўз ҳолиға,
Мустафони қил шифоатхоҳимиз.

ТЎРТЛИК

Одамийнинг қадри йўқ бир ерда юрганда омон,
Қадр ўтар аммо жудолиғ бўлса сандин бегумон.
Гарчи Оллоёр Ўтарчидур, эрур ул ҳам ямон,
Онинг ҳам қадри ўтар бир нечаға ўлган замон.