Муҳаммад Солиҳ (1455-1535)

Муҳаммад Солиҳ (1455, Хоразм — 1535, Бухоро) — шоир. Хоразм ҳокими амир Нурсаидбек оиласида туғилган. Бобоси Шоҳмалик Улуғбек саройида, отаси Нурсаидбек эса Улуғбек, Жўги Мирзо, Абу Саид саройларида эътиборли арбоблардан бўлган. Муҳаммад Солиҳ Хоразмда савод чиқаргач, Ҳиротга бориб, Абураҳмон Жомийдан илм ўрганган. Отаси вафот этгач, Ҳусайн Бойқаро ва бошқа темурийлар саройида маълум муддат хизмат қилган. Бироқ отасининг ўлимига сабабчи бўлган темурийзодалар билан ишлашни хоҳламай, 1499 йили Шайбонийхон хизматига кирган. Бухоро, Чоржўй, Нисо вилоятларига ҳокимлик қилган. «Амир ул-уламо», «Малик уш-шуаро» унвонларига сазовор бўлган. 1507—10 йилларда Ҳиротда яшаган. Шайбонийхон вафотидан сўнг Бухорога қайтган.
Муҳаммад Солиҳ туркий ва форсийда ижод қилган. Шеърлари ишқий, биографик, сиёсий мавзуда. Ўзбек адабиёти тарихида илк реалистик тарихий достон — «Шайбонийнома»ни ёзган. Достон 8880 мисра, 76 бобдан иборат. 15-аср охири — 16-аср бошларидаги воқеалар акс этган бу асар тарихий, этнографик, географик, лингвистик жиҳатлардан ҳам, бадиийлигига кўра ҳам муҳим аҳамиятга эга. Достоннинг асл нусхаси топилган эмас, аммо шоир ҳаётлигида Қосим котиб томонидан 1510 йилда кўчирилган қўлёзма нусхаси Венада сақланади. 1904 йилда Санкт-Петербургда (1904), Тошкентда (1961, 1989) нашр этилган.
Вамбери Муҳаммад Солиҳнинг «Лайло ва Мажнун» номли туркча гўзал достони борлигини хабар берган, лекин у топилган эмас. «Қомус ул-аълом» ва «Ноз ва Ниёз» манзумаси Муҳаммад Солиҳга нисбат берилган, бироқ Нисорий «Музаккири аҳбоб»да унинг муаллифини Бақоий деб кўрсатади.
Бегали Қосимов


Минг киши муттафиқ этса ишини,
Босар, албатта, бу юз минг кишини.

* * *

Иттифоқ аҳлига давлат келишур,
Иттифоқ аҳли ҳам они билишур.