Саккокий (XV аср)

Саккокий (15-аср) шоир. Исми, туғилган ва вафот этган йиллари номаълум. Самарқандда Халил Султон (1405-09) ва Улуғбек ҳукмронлиги даврида яшаб, ижод этган. Алишер Навоий Саккокий ижодига юксак баҳо берган: «Туркий алфозининг булағосиндин Мавлоно Саккокий ҳам Лутфийларким, бирининг ширин абётининг иштиҳори Туркистонда бағоят ва бирининг латиф ғазалиётининг интишори Ироқ ва Хуросонда бениҳоятдудур» («Хутбаи давовин»).
Саккокий халқининг бой оғзаки ижодини, салафлари асарларини пухта ўрганган ва ижодий озиқланган. Туркий тилда асарлар яратиш, унинг бой ички имкониятларидан фойдаланиш борасида кўп иш қилган. Асарларида инсон муҳаббати, орзу-тилакларини, дард-аламларини, табиат гўзалликларини тасвирлаган. Ғазалларида маъно ва шакл бирлигини сақлаб, сўз ўйинлари ва қочиримлардан унумли фойдаланган. Унинг лирикасида жаҳолат ва нодонликка қарши адолатпарварлик ғоялари илгари сурилган. Бундай ғоялар Саккокийнинг қасидаларида очиқроқ намоён бўлган.
Саккокий ўзбек адабиётида қасида жанрига асос солган шоирлардан. Хожа Муҳаммад Порсо, Халил Султон, Улуғбек ва Арслон Хожа Тархонларга бағишлаб қасидалар ёзган. Қасидаларидан бирида Улуғбекни халқнинг меҳрибон ҳукмдори, маърифатпарвар ва буюк олим сифатида улуғлайди. Шундай маърифатпарвар подшоҳ билан замондош бўлганидан фахрланади ва:
Фалак йиллар керак сайр этсаю келтирса илкига,
Менингдек шоири турку сенингдек шоҳи донони,
деган мисрларини ёзган.
Саккокийнинг адабий фаолияти замондошлари Лутфий, Гадоий, Атоий каби Навоий ижодига ҳам катта таъсир кўрсатган; ўзбек дунёвий лирикасини ҳам мазмун, ҳам шакл жиҳатдан бойитган. Шоир ғазаллари ва қасидалари девон қилиб тўпланган бўлсада, тўлиқ нусхаси бизгача етиб келмаган. Саккокий девони Лондонда, Британия музейида ва Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида (инв. № 7685) сақланади.


* * *

Бўюнгтек бутмади бўстон аро сарви равон, эй жон,
Юзунгтек ҳам очилмади чаманда гулистон, эй жон.

Ўқунгузнунг бошоқинға кўнгул муштоқ, кўз ошиқ,
Булар толашмоқин бўлди ул икки ора қон, эй жон.

Агар Рум аҳлина зулфунг ҳабашнинг лашкарин солса,
Кўнгул илгинда ул соат топилмас ҳеч амон, эй жон.

Сенинг лаълингдин уфтониб қизорур лаъл қон ичра,
Ҳасад элтур менинг юзум кўрибон заъфарон, эй жон.

Юзунг давринда кўзларим гаҳи лаълу, гаҳи лўлу,
Чиқорур кўрса бу санъат,уёлур баҳри кон, эй жон.

Фалак Сакокига букун қулунмен дер, жиҳат зоҳир,
Тун ахшом итларинг бирла ўтурмуш бир замон, эй жон.

* * *

Қаро кўз бирла бир ғамза қилиб юз минг жафо қилма,
Карашма бирла оламни менингтек мубтало қилма.

Менинг бу хаста жонимға сенинг дардинг эрур марҳам,
Қиёматга текин ҳаргиз бу дардимға даво қилма.

Мени,эй ой,қўрқармен қилиб дунёда саргашта,
Эшикинг тупроқин кўзга топилмас тўтиё қилма.

Фироқинг бўтаси ишра қонимни сизғирур ҳар дам,
Юзумни олтун этколи ғамингни кимиё қилма.

Ахир, бегона деб гирён эшигиндин қувар бўлсанг,
Кулар юз кўргузуб аввал кишини ошино қилма.

Бағир қон айладинг жавру жафолар бирла, султоним,
Кўзум ёши била ҳар дам юзумдин можаро қилма.

Э Сакокий, бу шах қобқин ганимат тут,чу зулфиға
Аёқин боғлагон қушсен,учарға ҳеч ҳаво қилма.

* * *

Кўруб гултек юзунг жон пора-пора,
Жигар ҳам қилди ул қон пора-пора.

Жоним кўрган жафонинг мингда бирин,
Бўлур гар кўрса сандон пора-пора.

Куларда кўрса оғзи бирла тишин,
Бўлур гулнори хандон пора-пора.

Нетонг мунда ўзин чок этса ғунча,
Анингтек бўлди чандон пора-пора.

Бағир қон қилди амриндину бўлди,
Кўзумда лаълу маржон пора-пора.

Сақоқин киш яқоси ўпканидин
Жоним чоку гирибон пора-пора.

Кўнгул Саккокийтек жон бирла рози,
Жигарни қилса ул жон пора-пора.

* * *

Фурқатингда, эй пари,тан куйди-ю жон йиғлади,
Дамбадам худ қайғудин икки кўзум қон йиғлади.

Ҳеч даво йўқ дардким жонимда бор,они кўруб
Тўнин чок этти табибу дору дармон йиғлади.

Дур тишинггу гул юзунг васфидин кечти ҳадис,
Жамъ ҳайрат ўтина ёнди-ю сўзон йиғлади.

Эшикингда ит бикин бостим неча йил қоврулуб,
Ушбу ҳолимни кўруб кофир,мусулмон йиғлади.

Йиғлади ҳатто рақибнинг келғондан раҳми манга,
Бори ул қаттиқ кўнгуллук чинму ёлғон йиғлади.

Билдилар юздин кўруб Саккокий ҳолин сўрмайин,
Хосу ому шаҳру деҳ,донову нодон йиғлади.

* * *

Кам эрмас ул ой мубталоси,
Ёлғуз менга йўқ анинг балоси.

Тушти бу заиф жонимға дарди,
Ўлмактин изин йўқ ул давоси.

Бергуси ғариб бошимни елга,
Рухсораву зулфининг ҳавоси.

Ким кўрса анинг юзини айтур:
ЪНе турфа эрур бу турк балоси?ъ

Туркона ир ирлағунча,онинг
Куйдурди мени ялай-булоси.

Ойина сенинг юзунг кўрубон
Лоф урса,юзунда йўқ сафоси.

Дарду ғаму ранжу мену ўлмоқ
Саккокийга бўлди жон азоси.

* * *

Агар қошимда ўшал гул узор бўлса эди,
Ғаме йўқ эрди,ғамим гар ҳазор бўлса эди.

Жоним фидоси анинг,кошки менинг бу таним
Оти туёқидин учқон ғубор бўлса эди.

Кўзум бағир қонидин юз нигор қилмас эди,
Агар кўнгулга мувофиқ нигор бўлса эди.

Бирор кўнгул ғамидин бўлса эрди воқиф дўст,
Не қайғу,душман агар сад ҳазор бўлса эди.

Ўларда қолмағай эрди кўнгулда бу ҳасрат,
Рақиб ит бикин эшикда зор бўлса эди.

Жонимға саҳл эрур эрди жафоси ағёрнинг,
Агар кўнгул била ул ёр ёр бўлса эди.

Рақиб тишламас эрди сени, эй Саккокий,
Анинг итича санга эътибор бўлса эди.

* * *

Центек жаҳонда кўзлари айни бало қани?
Ментек анинг балоси била мубтало қани?

Ирнинг ақиқи гарчи жаҳонда ягонадур,
Чеҳраи менгизли ҳам яна бир қаҳрабо қани?

Кўзни ғубор тутти фироқингда йиғла-ю,
Изинг тўзиндан ўзга анга тўтиё қани?

Лаълинг шароби бўлди кўнгул дардина даво,
Бу дард жонға етти,вале ул даво қани?

Юзумни олтун этти сенинг ишқинг, эй санам,
Мундоқ бақирни олтун этар кимиё қани?

Қадду ҳадингға сарву гул ўзин тутар шабиҳ,
Ўнла бўю юзинда бу обу ҳаво қани?

Ҳуснунг закотин бергали бир қибла изласанг,
Саккокитек бу дунёда бир бенаво қани?

* * *

Жон ҳажр ўтина тушти,яна бизни унутма,
Зулфунг беки қад бўлди дуто,бизни унутма.

Қурбон бўлубон васлинг учун шукр ўтагайбиз,
(То) бу маҳалдин,санамо, бизни унутма.

Йўқ эрди ризо кетгали бир лаҳза қошингдин,
Сендин чу йироқ солди қазо, бизни унутма.

Нортек янгоқинг фурқати ичра кўнгулу жон,
Ул куйди жудову бу жудо, бизни унутма.

Исо дамининг бор асари ҳар нафасингда,
Жон дардина,эй хулқи даво, бизни унутма.

Ҳижрон эвининг кунжин олиб кечаву кундуз,
Зулфу юзинга тилда сано, бизни унутма.

Саккоки ул ой манзилина худ эта билмас,
Сен етсанг агар анда, сабо, бизни унутма.

* * *

Эй ҳусн ганжи, бу заиф кўнглумни вайрон айлама,
Юз уза зулфунг тоғитиб,умрум паришон айлама.

Ҳар нокасу кас юзуна хуш тоза гул янглиғ кулуб,
Бағримни ҳар дам ғунчатек ҳасрат била қон айлама.

Нортек янгоқинг шуъласин сен кўргузуб ағёрға,
Ғайрат ўти ичра ёна бағримни барён айлама.

Барча халойиқ тўп бикин ташлар аёқинг уза бош,
Бу ишга зулфунг дол эрур,сен они чавгон айлама.

Бўлса қиёмат барчадин қилғон ишини сўрғуси,
Оз қил жафоу жаврни,мунча фаровон айлама.

Зулму ситамни зулфунгу кофир кўзунгга ўгартиб,
Бу кенг жаҳонни сен манга бир тор зиндон айлама.

Эй йинжу тишлик дилбарим,лаъли гуҳарборинг ҳақи,
Саккокининг икки кўзин ҳар лаҳза уммон айлама.