Дунё эпик шеъриятининг гултожларидан бири «Маснавии маънавий» мингдан зиёд ана шундай ибратомуз ҳикоятлар мажмуаси бўлиб, 25 минг байтдан иборат. Унинг муаллифи буюк мутафаккир, файласуф шоир Жалолиддин Румий ёки Мавлавий Румийдир. Бўлажак санъаткор Жалолиддин 1207 йили Балхда зиёли оиласида туғилади. Унинг отаси Баҳовиддин Валад сўфизм ва фиқҳ донишмандларидан бўлиб, замонасининг энг обрўли алломаси эди.
Шунинг учун ҳам Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ (1199-1220) уни саройга даъват этади. Лекин Валад бу таклифни рад этиб, мактабдорлик ҳамда илмий-ижодий ишлар билан машғул бўлади. Унинг обрўси кундан-кунга ошиб, турли ўлкалардан шогирдлар оқиб кела бошлайди. Буни кўролмаган Хоразмшоҳ саройда унга нисбатан бўҳтон тарқатади. Султон ғазабидан қўрққан Валад Жалолиддинни 6 яшарлигида 400 шогирди ва оиласи билан олиб Маккага қараб сафарга жўнайди. Баҳовиддин Валад йўлда Хуросону Эроннинг кўп шаҳарларида яшаб, замонасининг буюк донишмандлари билан ҳамсуҳбат бўлади. Жумладан, Нишопурда Фаридуддин Аттор ҳузурида бир неча ой яшайди. Аттор ёш Жалолиддинга меҳр қўяди, кейинчалик «Асрорнома» достонини унга бағишлайди. Жалолиддин Дамашқ ва Бағдод мадрасаларида, буюк олимлар ҳузурида илм ўрганишни давом эттиради, Ҳалабда ҳадис, тарих, фалсафа, калом ва илми бадеъ алломаларидан бўлмиш Умар бинни Аҳмад бинни Ҳиббатуллоҳ устози Саид Бурҳониддиндан дарс олади. Румийнинг шахс сифатида камолга етиши ва шаклланишида Бурҳониддиннинг таъсири кучли. Ана шу йиллардан бошлаб у «Румий» тахаллуси билан шеърлар ёза бошлайди. Шундан сўнг Жалолиддин Румий Туркиянинг Кунё шаҳрига келиб, муқим яшай бошлайди ва мадрасаларда дарс беради.
ҲИКОЯТ
«Кунлардан бир кун қурбақа анҳор бўйига сувдан сакраб чиқса, уясидан чиқиб турган сичқон салом берибди, қурбақа алик олибди. Икки орада дўстлик пайдо бўлибди. Сичқон дўсти билан суҳбатлашиб тургиси келаркан. Аммо қурбақа сувга шўнғиб кетавераркан.
— Мен сен билан чақчақлашиб юргим келади. Сен бўлсанг бир сония суҳбатлашмасданоқ сувга тушиб кетаверасан, — дебди сичқон ўпкалаб.
— Ундай бўлса, узун ип топайлик-да, бир учини сенинг белингга, иккинчи учини эса, менинг белимга боғлаб қўяйлик, қачон керак бўлсам, ипни тортсанг, чиқиб келавераман, — маслаҳат берибди қурбақа.
Шундай қилишибди ҳам. Иттифоқо бир куни сичқон уясидан чиқиб, офтобда тобланиб ётган экан, учиб бораётган Лочин таппа чангаллаб, осмону фалакка кўтарилибди. Ипнинг иккинчи учида қурбақа ҳам жон ҳовучлаб бораркан. Нодон ва ножинс дўстнинг ақлсиз маслаҳати икковини ҳам овчи домига гирифтор этибди».
Барча манба ва тадқиқотларда Жалолиддин Румий камолотида буюк шоир ва шайх Шамси Табрезийнинг ҳам таъсири кучли эканлиги таъкидланади. Румийнинг ўзи бир шеърида «Агар Аттор менга руҳ бахш этган бўлса, Шамси Табрезий тилсим калитини тутқазди», дейди. Зероки, 1245 йили Шамси Табрезий Кунёга келади ва Румий уч йил давомида ундан муттасил дарс олади: фалсафани, хусусан, сўфизм таълимотини мукаммал эгаллайди ва батамом унинг руҳиятига ўтиб кетади. Шунинг учун 1247 йилги бир исён пайтида Шамси Табрезий бедарак йўқолгач, Румий ўз ғазалларида «Шамси Табрезий», «Шамс» тахаллусларини қўллай бошлайди. Шарқда бу мулоқотлар ҳақида кўплаб ривоятлар тарқалган. Шоир ғазалларининг «Шамси Табрезий девони» номи билан шуҳрат қозонишининг боиси ҳам шунда. Жалолиддин Румий 1273 йили вафот этган.
Жалолиддин Румийдан бизга қадар шеърлар девони, «Макотиб», «Фиҳ мо Фиҳ» ҳамда «Маснавии маънавий» китоблари мерос бўлиб қолган. «Фиҳ мо Фиҳ» насрий асар бўлиб, олимнинг турли мажлис ва суҳбатлардаги фалсафий нутқларининг мажмуасидир. «Макотиб» эса муаллифнинг замондошлари ва устозлари билан бўлган турли ёзишмалари - мактубларидан иборат. Ҳар икки китобда ҳам муаллифнинг ижтимоий-фалсафий, ахлоқий-таълимий мушоҳадалари ўз аксини топган. Шоир девони 25 минг байтдан зиёд шеърларни ўз ичига олган.
Жалолиддин Румий мажозий ишқ билан илоҳий севгини шу даражада юқори пардада тасвирлайдики, профессор Р.Ҳодизода таъкидлаганидек, «ўқувчи ғазалларнинг сўфиёна маъносини батамом унутиб, уларни лирик шеъриятнинг тенгсиз намуналари» сифатида қабул қилади. Шоир аксарият шеърларида айрилиқ дардини ҳам, ошиқнинг ёрига илтижоси-ю ҳусну камолини ҳам ажиб бир жозибада тасвирлайди:
Аз рузу лаб гулшакар бисёр дорад ҳусни ту,
Кошки бифрўхти, то пораэ бихаридаме.
(Сенинг ҳуснинг - юзингу лабларинг гулшакар манбаидир, кошки сотсанг эди, бироз харид қилган бўлардим.)
Шунинг учун ҳам ўтмишда яратилган кўп ишқий қиссаларда гоҳ ошиқ тилидан, баъзан маъшуқа нутқидан Румийнинг ғазаллари кўплаб келтирилади.
Шоирнинг рубоийлари ҳам мавзу жиҳатдан ранг-баранг, ғоявий йўналиши, бадиий қудрати нуқтаи назаридан ғоятда мумтоз ва жозибадордир. Уларда ишқ-муҳаббат, ахлоқ-одоб, ижтимоий-фалсафий масалалар теран бир тарзда ифодаланган:
Дури зи бародари мунофиқ беҳтар,
Парҳез зи ёри номувофиқ беҳтар.
Хоки қадами ёри мувофиқ, ҳаққо,
Аз хуни бародари мунофиқ беҳтар.
(Мунофиқ биродардан йироқ юрган яхши, номувофиқ ёрдан кўнгил узмоқ яхши. Худо ҳаққи, содиқ ёрнинг хоки пойи мунофиқ биродар қонидан яхши.)
Буюк мутафаккирга оламшумул шуҳрат келтирган асар «Маснавии маънавий» китобидир. Зероки, бу маснавийнинг ўзига хос яратилиш тарихи бўлгани каби, унда ифодаланган масалалар қамрови ҳам ҳад-ҳудудсиз. Етти жилд (дафтар)дан иборат асарнинг дастлабки қисмларини шогирди Ҳисомиддин Чалабий устози оғзидан ёзиб олиб, кейин таҳриридан ўтказган. Чалабий вафотидан сўнг Румий асар давомини ўн йилда ёзиб тугатди. Китоб ўз вақтида ва кейинчалик ҳам муаллиф номи дунёга кенг тарқалишига сабаб бўлади. Чунки, биринчидан, Жалолиддин Румий маснавийда Шарқу Ғарб олимларининг, ҳатто, антик дунё файласуфларининг фалсафий қарашларини кенг ўқувчилар оммасига тушунарли ва содда бир услубда шеърий йўл билан таърифлаб беради, шарҳлайди; уларни исломий аҳкомларга йўғириб, Қуръон ва Ҳадислардан истифода этади. Тадқиқотчилар «Маснавии маънавий»да Румий Қуръони Каримга 760 маротаба мурожаат этганини аниқлашган. Иккинчидан, у ўзининг ижтимоий-фалсафий, диний, сўфиёна қарашлари бадиий ифодаси жараёнида жуда кўп ҳикоят, афсона, масал ва латифалардан фойдаланади. Саноий ва Аттор каби шоирлардан фарқли ўлароқ, Румий ҳикоятларида илоҳий ва ирфоний тафаккур инъикоси билан бирга ҳаёт ҳақиқатига яқинлик аниқ сезилади; уларнинг ҳар бирида қиссадан ҳисса тарзида алоҳида ҳикматомуз хулосалар, панду танбеҳлар мавжуд. Масалан, «Баққол ва тўтининг ёғни тўкиб юбориши», «Савдогар ва унинг тўтиси», «Саховатда Ҳотами Тойдан ўтган халифа», «Қазвинийнинг кураги остига нақш тушириши», «Карнинг бемор қўшнисини кўришга боргани», «Луқмон ва қуллар», «Муҳтасиб ва маст» сингари юзлаб ҳикоятларда Жалолиддин Румий ношудлик, ғирромлик, туҳмат, калтафаҳмлик, такаббур, судхўрлик, баднафслик сингари ғайриинсоний хатти-ҳаракатларни қаттиқ қоралаб, ақлу фаросат, сабру қаноат, ростгўйлигу ҳалоллик, камтарлигу саховатпешаликни тарғиб этади. «Мен етмиш икки миллат билан иттифоқда ва бирликдаман», деган Румий жуда кўп ҳикояларида инсон қадрини улуғлайди, инсонпарварлик ғояларини исломий ақидалар билан чамбарчас боғлаган ҳолда тарғиб ва ташвиқ
этади.
«Уч ўғри ва боғбон», «Лўли бола», «Туя ва ҳаммом», «Муаллим ва шогирдлари» сингари бир туркум ҳикояларида Румий ҳаётий иллатлар, инсонларда учрайдиган салбий хислатлар устидан лутф билан кулади, ҳажвий ҳолат яратади. Муаллимнинг лоқайдлиги, ўз касбига бефарқ қараши, камфаросатлилигидан фойдаланган ўқувчилар «устоз, бугун рангингиз сарғайиб қолибди, кўзларингиз қаърига тортиб кетяпти» деб ваҳимага солиб, ўзларига қўшимча «озод кун» олишга муваффақ бўладилар. Умуман, китобда Румий ҳақиқий ишқ ва ислом маърифатини буюк бир санъаткорликда тараннум этишга эришган.
Истанбул шаҳридан 200 чақиримчалик ғарбий-шимолда Кунё шаҳри жойлашган. Бу кўҳна маънавият манзилгоҳига яқинлашганингизда кўз олдингизда осмонўпар нилий гумбазли Жалолиддин Румий мақбараси намоён бўлади. Обида рўпарасига келсангиз, унинг юз хил нақшу нигорли зийнати кўзни қамаштиради. Унга ганч ўймакорлиги, ёғоч ва мис кандакорлиги санъатининг қилқалам усталари қадимий услубда зеб берган. Бутун пештоқлар, деворлару устунларга, ҳатто дарча панжараларига Қуръони Карим оятлари сабт этилган. Уларни ўқишга «тишингиз ўтмаса» ҳам моҳиятини мақбара гумбазининг қайси бир гўшасидан таралаётган най садоси вужудингизга сингдириб юборади.
Ҳамиджон Ҳомидий