Тоғай Мурод (Менгноров) ўзбек миллий адабиётининг ноёб вакилидир. У 1948 йили Сурхондарё вилоятининг Денов тумани, Хўжасоат қишлогида туғилган. Шу қишлоқдаги 43-ўрта мактабии 1966 йилда тугаллаб, ўша йили Тошкент Давлат дорилфупунининг журналистика факултетига ўқишга кирган. 1972 йилда университетни муваффақиятли тамомлагач, республика радиоси «Ватандошлар» таҳририятида бўлим муҳаррири бўлиб, 1970 йилгача хизмат қилган.
Тоғай Мурод 1973—1974 йилларда собиқ Совет Армияси сафларида хизмат қилиб қайтди. 1976—1978 йилларда эса «Ўзбекистон физкултурачиси» рўзномасида таржимон, 1982—1984 йидларда «Фан ва турмуш» ойномасида бўлим муҳаррири бўлиб ишлади. 1985—1987 йилларда Москвада М. Горкий номидаги Жаҳон адабиёти олийгоҳида таҳсил олиб қайтди. Ёзувчи ўз ижодини 1976 йили «Юлдузлар мангу ёнади» қиссаси билан бошлади. Бу қисса ўзбек адабиётига туғма истеъдод эгаси кириб келаётганидан дарак берди. Қиссада Бўри полвон, Тиловберди, Абил полвон образларида ўзбек миллий кураши бадиий ифодасини топди. Адибнинг 1979 йилда битилган «От кишнаган оқшом» қиссаси бу умидни чинакам ҳақиқат, ишончга айлантирди. Асар бош қаҳрамони Тарлон от китобхон қалбига қадрдон бир одамдай кириб борди. Асар ноҳақ танқидга ҳам учради.
Ёзувчининг 1980 йили чоп этилган «Ойдинда юрган одамлар» қиссаси адибнинггина эмас, ўзбек миллий адабиётининг ноёб намунаси бўлди. Қисса қаҳрамонлари Қоплон ва Оймомо фарзанд орзу-илинжида кун, ой, йилларни бир-бирига улаб яшашади. Ҳали туғилмаган боланинг бобоси, момоси бўлиб зурриётни, бир-бирларини ардоқлашади. Асар қаҳрамонлари фожеаси умид ва ёруғликка тўла мунгли, ҳазин қўшиқ қилиб куйланади.
Тогай Муроднинг 1985 йили битилган «Момо ер қўшиғи» қиссаси ўз ғояси, адабий йўналиши билан ўзга қўшиқ-қиссаларидан ажралиб туради. Повестда миллий заминдан оёғи узилган, Ватан тупроғида яшаб, юрагида юрт туйғуси бўлмаган 80-йиллар мафкура қурбонлари «қаҳрамонлари» образлари Ғарб адабиёти сиғинди бандаси бўлиб қолган ижодкор мисолида ўзбекона киноя билан тасвир этилади.
Ижодкор истеъдодли таржимон ҳамдир. У 1974-1975 йилларда Ж.Лондоннинг «Бойнинг қизи» драмаси ва кўпгина ҳикояларини ўзбек тилига ағдариб нашр эттирди. 1989 йили Э.Сетон-Томпсоннинг ҳайвонлар ҳақидаги машҳур «Ёввойи йўрға» китобини маҳорат билан таржима қилди.
Тогай Мурод 1986—1992 йиллар давомида ўзининг илк романи «Отамдан қолгая далалар» асарини битди. «Отамдан қолган далалар»— рамзий роман. Унда бутун умр кетмон чопиб, мустамлака юртда косаси оқармай келган ўзбек халқи сиймоси Деҳқонқул образи тимсолида тасвир этилади.