02:03 / 19.02.2014 · Кутубхона
Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875-1918)

Буюк маърифатпарвар адиб, аллома ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йили Самарқанд шаҳрида муфтий оиласида дунёга келди. Зиёлилар оиласидаги муҳит ундаги адабиётга, сиёсатга, маърифатга бўлган қизиқишини тезроқ рўёбга чиқишига етаклади. Унинг отаси ислом ҳуқуқшунослиги бўйича йирик мутахассис бўлиб, бу борада кўплаб китоб ва рисолалар яратган эди. Бу ўз навбатида Маҳмудхўжага ўз таъсириги ўтказмай иложи йўқ эди. Кейинчалик бу ҳақда у ўз мақолаларидан бирида отаси таълим берган «Ҳидоя» (Ислом ҳуқуқига шарҳлар) асарининг унинг тақдирида муҳим рол ўйнаганлигини бежиз қайд этмайди.

Маҳмудхўжа Беҳбудий адабиёт, тарих фанлари қатори сиёсатшунослик билан ҳам жиддий шуғулланади. Рўзнома ва ойпомалардан жаҳонда содир бўлаётган сиёсий воқеалар билан яқиндан танишиб боради. У Маккага бориш мақсадида араб тилини ўрганишга киришиб, ислом тарихи ва назарияси билан шуғуллана бошлайди. 1902 йилда Маккага бориб, хўжа ва муфти унвонларига эга бўлиб қайтади. Сўнгра Қозон ва Уфа шаҳарларида бўлиб, Оврўпо маданияти билан ҳам қизиқади. Ўша даврдаги Қозон, Оренбургда чиқадиган араб имлосидаги жарида ва рўзномалар билан ҳамкорлик қилади. Унинг қатор мақолалари ҳам мазкур рўзнома ва ойномаларда чиқа бошлайди. Мактаб, маориф, маданият, маърифатпарварлик ғояларининг тарғиботи ушбу мақолаларнинг марказида турарди.

Беҳбудий дунёқарашида Россиядаги энг нуфузли бўлган Кадетлар партиясининг аъзолари билан учрашув ва улар ҳаракатномаларининг таъсири катта бўлади. 1910 йилларга келиб, ўлкамизда «Шўрои Исломия», «Уламо», «Адолат», «Ёш бухороликлар» каби фирқалар пайдо бўлади. 1912-1913 йилларда Беҳбудий Самарқандда «Самарқанд» рўзномаси, «Ойна» жаридаси чиқишида жонбозлик кўрсатади. У 1914 йилда Туркия, Мисрга бориб, у ердан муҳим китоблар, ўқув қўлланмалари келтиради, янги усулдаги мактаб дастури устида ишлашга киришади. Бироқ, у турли тўсиқларга учраб, «жадидчилик» раҳнамоси, дахрий деб эълон қилинади. Шунга қарамай, татар мутафаккири Исмоил Гаспринлининг маърифатчилик борасидаги таълимотини қўллаб-қувватлаб, ўз ўлкасида ҳам шундай ишларни амалга оширишга киришади, кўп ўтмай маърифатпарвар сифатида ўз халқи ҳурматига киради. У бир қатор жаҳон тилларини билган юксак маданият соҳиби бўлиши билан бирга, умуминсоний маданятнинг толмас тарғиботчиси ҳам бўлган.

Беҳбудий адиб сифатида ўзининг «Падаркуш» драмасини яратган. Унда туркистонлик ёшларни Оврўпо илмгоҳларида ўқитишни тарғиб қилган. Мазкур асар ўз даврида А. Қодирийнинг «Бахтсиз куёв», Мирмуҳсин Фикрийнинг «Бефарзанд Очилдибой», Ҳамза Ҳакимзоданинг «Янги саодат» каби асарларининг яратилишига ҳам таъсир кўрсатган. Ҳатто у Американинг Калифорния дорифунунида таржима ҳам қилинган.

Бундан ташқари, Беҳбудий ўзбек ва тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар яратган. Жумладан, «Мунтаҳаби жуғрофияи умумий» (1903 йил, «Қисқача умумий жуғрофия»), «Китобул атфол» (1904 йил, «Болалар учун китоб»), «Мухтасари тарихи ислом» (1904 йил, «Ислом қисқача тарихи»), «Амалиёти ислом» (1905 йил), «Россиянинг қисқача географияси» (1908 йил) каби дарсликлар, китоблар ёзган. Унинг мақолалари 1901 йилдан бошлаб «Туркистон вилоятининг газети», «Тараққий», «Ҳуршид», «Шухрат», «Тужжор», «Осиё», «Ҳуррият», «Турон», «Садои Туркистон», «Улуғ Туркистон », «Нажот», «Меҳнаткашлар товуши», «Тирик сўз», «Таржимон», «Шўро», «Вақт», «Тоза ҳаёт», «Самарқанд», «Ойина» каби рўзнома ва ойномаларда чоп этилган.

Албатта, Беҳбудий қозонаётган бундай шуҳрат ҳоким синфлар ва амалдорларнинг ғашига тега бошлайди. Уни Бухородаги инқилобий кучларга хайрихоҳликда айблаб, Саид Олимхон томонидан 1918 йилда Қаршида қатл қилинади. Қарши шаҳри 20—30 йилларда Беҳбудий номи билан аталиб келинади. Маҳмудхўжа Беҳбудий 1956 йилга келиб оқланади. Ҳозирги кунда у қолдирган ранг-баранг адабий-маданий мерос ўз халқи хизматига кирмоқда.

Хуллас, С. Айний ёзганидек: «Жафокаш шоир Беҳбудийнинг номини мусулмон Шарқи ҳурмат билан тилга олади, чунки у 20 йил мобайнида оъзининг онги ва инсоний қадру қимматини билган барча мавжудотни эркин ҳаёт, нур ва маърифат учун курашга чорлаб келди».