Шоира Турсуной Содиқова нозик таъб, ўткир дидли, нафосатли адибаларимиздан бири. У 1944 йили Тошкентда таваллуд тонган. Уруш даври фарзанди. Бинобарин, ҳаётнинг аччиқ чучукларидан бохабар. Шунинг учун ҳам унинг шеърларида умид, эътиқод, яхши одамлар ва яхши кунларга ишонч бош ўринда туради.
У ўрта мактабдан сўнг 1961 — 1966 йилларда Тошкент Давлат дорилфунунида таҳъсил олган. Дастлабки машқлари шу ерда пайдо бўлган. Бўлғуси шоира аввал мактабларда, сўнгра ёшлар ташкилотларида ишлаган. Ҳозирги кунда эса Андижон Давлат Тиллар институтида талабаларга сабоқ бермоқда. Филология фанлари номзоди. Ували-жували, вилоят ва республикада яхши танилган, эътиборли жамоатчи ҳамдир.
Унинг биринчи шеъри 1961 йилда «Ленин учқуни» рўзномасида босилган. Ҳозиргача бешдан ортиқ тўпламлари чоп этилган. «Қизлар дафтари» (1973) шеърий туркумининг ташкилотчилари ва муаллифларидан биридир. Шоиранинг биринчи шеърий гулдастаси «Куй» номи билан 1978 йилда чоп этилган.
Ҳа, чиндан ҳам яхши шеър — оромбахш куйдек кишига ҳузур бағишлайди. Туйғуларни қитиқлаб, орзу-ўйларга, хаёлларга етаклайди. Турсунойнинг ушбу |«Куй»ини ўқисанг, тингласанг арзийдиган куй. Куй бўлганда ҳам оромбахш куй. Тўпламдаги шеърлар бир-биридаги фикр ва ғояни тўлдириб боради. Энг муҳими янги-янги фикр бўлиб туғилади, фикрларга, туйғуларга етаклайди. «Кўзларим» шеърига қулоқ солинг-а:
Қарашларим ҳуморида эмиш аллаким,
Кимларгадир ором бўлиб қўнар кўзларим.
Аллакимни тентиратар ҳасад тунида,
Дўст қалбида кундуз мисол ёнар кўзларим,—
деса, «Ўқувчимга» шеърида эиди юқоридагидек мафтункор ва афсункор, жозибали ва садоқатли ёр тимсолида эмас, балки меҳрибон мураббий, кечиримли она сифатида намоён бўлади. Тўпламдаги кўпчилик шеърлар катта бир дард билан, зўр зарб билан ёзилганлигини ҳис этиш қийин эмас. Маълумки, она мавзуи муҳаббат мавзуи каби боқийдир. Шоира она ҳақида куйлар экан, ҳеч кимни, ҳатто ўзини ҳам такрорламайди. Лоақал унинг «Армонларим» шеъридаги сўнгги: «Учрашмаган учрашувлар қолди йўлларда...» мисрасига эътибор беринг-а?! Ҳа, бу мисрада қанча армонлар, ўйлар, туйғулар бор?
Хуллас, Турсуной шеърлари гоҳ ўйноқи, шўх, шалолалардек завқли, қудратли, баъзи шеърлари оғир, вазнин, ўй-хаёлга толдирувчи, инсон, ҳаёт, муҳаббат ва тақдир ҳақида яна ҳам чуқурроқ ўйлашга даъват этувчидир. У «Фироқ» деган бир шеърида дарёга мурожаат этиб: «Бетоқатсан, тошқин оқасан» деган эди. Шоиранинг кейинги «Иқбол» (1984), «Дил гавҳари» (1985) шеърий тўпламларидаги кўпчилик асарларида ҳам ана шу ҳолат кўзга яққол ташланиб туради. Мазкур тўпламларнинг биринчисида агар инсоний ҳис-туйғулар, ғурур, инсон ве эзгулик, олийжаноблик ва чин муҳаббат куйланса, кейинги гулдастасида лирик, фалсафий оҳангдорлик етакчилик қилади. Биз бу борада унга омад тилаймиз.