Ёзувчи Зоҳир Аълам уруш даври фарзанди, у 1943 йили Тошкентда туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, кундузлари Тошкент трактор заводида ишлаб, кечқурунлари эса Тошкент Давлат дорилфунунида таҳсил олади. Олий ўқув юртини тугатгач, собиқ Совет Армияси сафларида хизмат қилади. Сўнгра Бухоро-Урал газ ўтказгич магистралида ишлайди. «Ўзбекистон» нашриётида, «Шарқ юлдузи» ойномаларида фаолият кўрсатди.
Зоҳир Аъламнинг ижоди, аниқрога биринчи китоби «Бахтли билет» номи билан 1972 йилда нашрдан чиққан. Ундаги кўпгина ҳикоя адиб кўрган, билган ҳаёт ва замондошлари образини чизишга қаратилган. Сўнгра 1978 йили «БАМ уфқлари» (1978) номли очерк ва ҳикоялар мажмуасини чоп эттиради. 1978 йилга келиб, унинг «Муқаддима» қиссаси яратилади. 1981 йилда «Кийик кўзи» номи билан ҳикоялар тўплами босидади. Ва ниҳоят, 1987 йилда «Афандининг қирқ бир пашшаси» номли қиссаси нашр бўлди. Мазкур ҳикоя, қиссаларида муаллиф ҳаёт ва одамлар, табиат ва жамият муаммолари ҳақида, имон ва диёнат, жаҳолат ва пасткашликлар ҳақида ҳикоя қилади. Яхшилардан, яхши нарсадардан ўрнак олишга, унинг учун курашга даъват этади.
У таржимон сифатида ҳам анча асарларни ўзбек тилига ўгирган. Булар орасида С.Залигиннинг «Комиссия» романи ажралиб туради.