Шоир, драматург, жамоатчи Ҳабиб Саъдулла 1942 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Аввал алоқа техникуми билим юртида ўқиб, Тошкентдаги экскаватор заводида электро пайвандловчи бўлиб ишлаган. Собиқ совет Армияси сафларидан қайтгач, «Муштум» ойномасида хизмат қилади. Сўнгра «Ленин учқуни» рўзпомасида адабий ходим, «Наманган ҳақиқати» вилоят рўзномасида муҳаррир ўринбосари бўлган. 1973 йилдан 1990 йилгача Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг Наманган вилояти бўйича масъул котиби вазифасида ишлаган. Ҳозирги кунда у Наманган внлояти Маданият бошқармасининг бошлиғидир.
У 1971 йилда Тошкент Давлат дорилфунунининг журналистика бўлимини сиртдан тугатади. Унинг биринчи шеърлари 50-йилларнинг охирларида Наманган вилоят газеталарида кўринади. 1969 йилга келиб унинг биринчи шеърий тўплами «Денгиздан шабада» номи билан нашр этилади. Шундан сўнг унинг «Баҳор билан суҳбат» (1975), «Мулоқот», «Яна остонангдаман» каби бир қатор шеърий туркумлари пайдо бўлади. Сўнгра унинг Улуғ Ватан уруши фожеаларини ифодаловчи уч достони — «Онажоним», «Мен туғилган йил», «Тирик қурбонлар» яратилади. Шунингдек, шоирнинг «Усмон атлас» деган достони ҳам нашр бўлади. Шоирнинг мазкур тўпламлари, шеърий гулдасталари, достонлари ва ғазалларида жонажон она юртини, меҳрибон, меҳнаткаш ва саховатли хадқини улуғлайди. Чин муҳаббат, муҳаббатга вафо, садоқат туйғулари баралла янграйди.
У шоир, ғазалнавис ва қўшиқчигина эмас, драматург сифатида ҳам маълум. Ҳабиб Саъдулла яратган «Юсуф ва Зулайҳо” драмаси кўп йиллардан буён Андижон драма театри саҳнасидан тушмай келади. Унда муаллиф Юсуф ва Зулайҳолар муҳаббати орқали ёшларни чинакам инсоний севгига, садоқат ва меҳрга чорлайди. Унинг нияти шеър ёзиш,
Бир шеър ёзмоқчиман, биттагина шеър,
Ўша шеърни истаб келдим дунёга, — деб орзу қилади шоир. Биз ҳам ўша, шоир истаган шеърнинг яратилишига тилакдошмиз.
Унга 1992 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими фахрий унвони берилган.