Алишер Навоийнинг олим сифатидаги фаолияти унинг нафақат тилшунослик, адабиётшунослик, балки тарихшуносликка доир асарлари билан ҳам белгиланади. У ушбу фан тараққиётига ўзининг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” ҳамда “Тарихи мулуки ажам” асарлари билан улкан ҳисса қўшди[1].
Алишер Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” рисоласи ислом дини манбаларига асосланган асар бўлиб, пайғамбарлар – расул ва набийлар ҳамда ҳаким зотлар – алломалар тарихига бағишланган. Шу маънода асарни шартли равишда икки қисмга бўлиш мумкин:
1. Анбиё – пайғамбарлар тарихи.
2. Ҳукамо – ҳаким зотлар тарихи.
Даставвал, Одам Ато (а.с.) қиссаси ҳикоя қилинади. Унда Одамнинг яратилиши, Иблиснинг Олий Даргоҳдан қувилиши, сўнг Одам ва Момо Ҳаввонинг ер юзига туширилиши билан боғлиқ ҳикоялар келтирилади.
Ҳазрат Навоий пайғамбарларни анъанага биноан икки гуруҳга бўлади: расул ва набийлар. Расулларга Аллоҳ китоб ва саҳифа нозил қилган бўлиб, улар “мурсалин” номи билан аталади. Набийлар эса фақат ваҳий олган пайғамбарлар бўлиб, уларга китоб нозил қилинмаган (туширилмаган).
Алишер Навоий пайғамбарлар ҳақида сўзлаб, уларнинг яшаган даврларига тўхталади, аниқ йилларни келтиради (Масалан, Маҳойил бинни Қинон 865 йил яшаган). Шунингдек, пайғамбарларнинг аҳли аёли, фарзандлари, касбу кори ҳақида маълумот берилади. Пайғамбарзодаларнинг ҳаммасига ҳам пайғамбарлик мақоми берилмаган, уларнинг баъзиларигагина Аллоҳдан ваҳий тушган. Масалан, Одам Атонинг невараси Ануш, унинг ўғли Қинон кабилар бу шарафга ноил бўла олмаганлар. Шу тариқа муаллиф олтмишдан зиёд пайғамбар ва пайғамбар авлодларининг ҳаёти, таржимаи ҳолини батафсил ёритади.
Зикр этилганлар сирасида “Қуръон”да номи тилга олинган барча пайғамбарлар, Луқмони Ҳаким, Зулқарнайн каби ваҳий тушган ё тушмагани ихтилофли бўлган валий зотларни ҳам кўришимиз мумкин. Мазкур асарда бир замонда бир неча пайғамбарлар яшагани ҳам айтилади. Масалан, Исҳоқ (а.с.) вафот этган йили Юсуф а.снинг Миср ҳокими бўлгани ва ҳоказо. Шунингдек, “Қуръон”да тилга олинган “Асҳоби каҳф” қиссаси ҳам мазкур асардан ўрин олган.
Пайғамбарлар қиссаси ҳажман ўзаро фарқланади. Баъзи пайғамбарлар, масалан, Хизр (а.с.) ҳақида қисқа маълумот билан чекланилса, Юсуф (а.с.), Иброҳим (а.с.), Мусо[2] (а.с.) ва Исо (а.с.)ларнинг ҳаётига доир жуда кўп воқеалар баён қилинади. Алишер Навоий Юсуф (а.с.) ҳақидаги қиссани баён қилишга киришаркан, Фирдавсий Тусий ва Абдураҳмон Жомийлар ҳам мазкур мавзуда достон ёзганларини айтиб, ўзининг ҳам туркий тилда маснавий ёзиш нияти борлигини билдириб ўтади.
Мазкур қисмда келтирилган маълумотларнинг бош манбаси Қуръони карим бўлиб, муаллиф ўз фикрларини асослаш учун муайян оятларни ҳавола қилиб боради. Яна бир эътиборли жиҳати, Алишер Навоий пайғамбарларнинг иймони, сабри ва юксак фазилатларини алоҳида тасвирлайди. Масалан, Айюб (а.с.)нинг бошига тушган ташвиш ва балолар ҳам уни Аллоҳга ибодат қилишдан тўсмаганини айтаркан, бу билан севги ва дўстликнинг собит бўлиши ҳақидаги ғояларини баён қилади.
Асарда ҳар бир пайғамбар қиссасидан сўнг муайян шеърий парчалар келтирилади. Шоир уларни “маснавий”, “рубоий”, “байт”, баъзан эса “шеър” ёки “назм” номлари остида бериб боради. Мазкур шеърий парчаларда қиссаси ҳикоя қилинган пайғамбар номи тилга олинади ва фалсафий хулосалар чиқарилади.
Алишер Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарининг иккинчи қисми ҳукамолар тарихига бағишланган бўлиб, бу қисм умумий асарнинг тахминан тўртдан бир қисмини ташкил этади. Ҳукамолар тарихи анбиёларникига нисбатан қисқа бўлиб, умумий маълумотлар билан чекланилган. Алишер Навоий Луқмони ҳаким, Фишоғур (Пифагор), Жомосб, Буқрот (Гиппократ), Буқротис, Суқрот (Сократ), Афлотун (Платон), Аристотилис (Арасту), Балинос, Жолинус (Гален), Батлимус (Птолемей) каби юнон файласуфлари ва Содиқ, Бузургмеҳр каби форс ҳакимларининг, жами ўн уч нафар олимнинг тарихини қисқача ёритади. Ҳар бир ҳикоядан кейин анъанавий тарзда бир байт шеър илова қилиб борилади.
Биз мазкур асардаги пайғамбарлар билан боғлиқ анъанавий воқеаларни “Қисаси Рабғузий” ва “Шажарайи турк” каби туркий тилда яратилган бошқа кўплаб асарларда ҳам учратамиз. Умуман олганда, Алишер Навоийнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асари дин тарихига бағишланган асар бўлиб, бу ўринда муаллиф дин тарихи ҳамда юнон фалсафаси билимдони сифатида намоён бўлади.
Алишер Навоийнинг “Тарихи мулуки Ажам” (“Араб бўлмаган шоҳлар тарихи”) асари ўз даври нуқтаи назаридан илмий далилларга асосланган рисола ҳисобланади. Асарда Эрон ва Турон мулкида ҳукмронлик қилган тўрт сулола: пешдодийлар, каёнийлар, ашконийлар, сосонийлар тарихи батафсил ҳикоя қилинади.
Анъанага мувофиқ тарих Одам Ато (а.с.) даврига боғлиқ равишда талқин қилинади. Алишер Навоий мазкур асарда “Низому-т-таворих”, “Жомеу-т-таворихи Жалолий”, “Насиҳату-л-мулук”, “Жовидон хирад”, “Одобу-л-араб ва а-л-фурус”, “Гузида”, “Мунтаҳаб”, “Девону-н-насаб” каби манбалардан фойдаланади ва Банокатий, имом Муҳаммад Ғаззолий, Табарий, Бу Али Мискавайҳ, Қози Барзовий каби тарихчи олимларнинг номларини келтириб, маълумотларни уларнинг асарларидан олганини айтиб ўтади. Шоирлардан Абулқосим Фирдавсий ва унинг “Шоҳнома”сига кўпроқ мурожаат қилади. Искандар ҳақидаги қиссада эса хамсанавислар Хусрав Деҳлавий, Низомий Ганжавийларнинг қарашларини келтириб ўтади.
Алишер Навоий масалага нуктадон муаррих – тарихчи олим сифатида ёндашар экан, ҳар бир маълумотнинг аниқ ва асосли бўлишига алоҳида эътибор қаратади.
Алишер Навоий пешдодийлар сулоласига мансуб 11, каёнийлар сулоласидан 9, ашконий сулоласидан 15, сосонийлар сулоласидан 28, жами тўрт сулоладан 63 ҳукмдорнинг номлари, уларнинг таржимаи ҳоли, ҳаёти ва юритган сиёсатига доир маълумотларни тақдим этади. Деярли ҳар подшоҳ қиссасидан кейин анъанага мувофиқ “шеър” номи остида қисса мазмунига уйғун байтлар илова қилади. Бундан ташқари, тўрт сулола ҳукмдорлари ҳақидаги қиссаларнинг сўнггида ҳам умумий якунловчи маснавийлар мавжуд.
Алишер Навоий мазкур асарида тарихга оид жуда қизиқарли ва аҳамиятли кўплаб маълумотларни беради. Балх, Бобил, Нишопур, Марв, Самарқанд ва яна ўнлаб шаҳарларни бунёд қилган шоҳлар, Наврўз байрамининг келиб чиқиши, рўзанинг пайдо бўлиши, бутпарастликнинг сабаблари билан боғлиқ воқеалар шулар жумласидандир.
Ҳазрат Навоий шоҳлар ҳақида сўзлар экан, адолатли султонларни олқишлайди, уларнинг хайрли тақдирини мамнуният билан ҳикоя қилади, золим ва мустабид ҳукмдорларга салбий муносабат билдириб, уларнинг аянчли кечмишига ибрат назари билан боқишга ундайди. Масалан, Жамшид ҳақидаги ҳикояда шоҳ Жамшид дастлаб адолатли ҳукмдор бўлганлигини, кейинчалик эса ўз қудратига ишониб, кибру ҳавога берилганлигини ва одамлардан ўзига сиғинишини талаб қилганлигини қоралайди.
Алишер Навоий Нўширавони Одил ҳақида маълумот берар экан, унинг сосонийлар сулоласига мансуб ўн тўққизинчи ҳукмдор эканлигини, отасининг исми Қубод бўлганлигини айтиб, Нўширавоннинг адолатига алоҳида урғу беради ва бир қатор машҳур ҳикоятларни илова қилади. Ҳикоятлардан бирида айтилишича, Нўширавон даврида бир киши боғ сотиб олади. Бу боғдан хазина топиб олгач, боғ сотган кишининг олдига бориб, олтинларни унга бермоқчи бўлади. Боғни сотган одам: “Боғга қўшиб, ерни ва ундаги ҳамма нарсани сенга сотганман, олтинлар сенга тегишли”, – деб жавоб беради. Уларнинг бу “можароси” Нўширавоннинг қулоғига ҳам етиб боради ва у икки кишини чақириб, қуда бўлишни ва хазинани барпо этилажак янги оилага беришни маслаҳат беради. Бу ҳикоятда ҳукмдор адолатли бўлса, халқда ҳам инсофу иймон бўлади, деган фалсафий хулоса мавжуд.
Алишер Навоий Искандар ҳақида тўхталар экан, унинг тарихи ихтилофли эканлигини айтади ва гарчи, у каёнийлар сулоласи вакили сифатида келтирилса-да, бу борада ҳам турли тахминлар мавжуд, деб таъкидлайди. Шоир Искандар ва унинг туғилиши, насл-насаби тўғрисида гапира туриб, Хусрав Деҳлавийнинг “Ойинайи Искандарий” ва Низомий Ганжавий “Искандарномаси”даги маълумотларни ўзининг “Садди Искандарий”сида келтирган маълумотлари билан қиёслайди. Ўртадаги фарқларни айтиб ўтади. Самарқанд, Ҳирот, Марв ва Исфаҳонни Искандар бунёд қилгани билан боғлиқ маълумотларни ҳам келтириб ўтади.
Навоий номларини келтирган 63 ҳукмдор ичида уч аёл подшоҳ исми ҳам зикр этилган бўлиб, улардан бири каёнийларнинг олтинчи ҳукмдори Ҳумой ёки Ҳумондур. У каёнийлар ҳукмдори Баҳманнинг аёли бўлиб, шоҳ вафот этганда ҳомиладор эди. Баҳман жон бериш пайтида тожини аёлининг қорнига қўяди ва оламдан ўтгач, аркони давлат Ҳумойни подшоҳ қилиб кўтаради. Ҳумой ўғил фарзанд кўргач, салтанатга меҳри зўрлиги ёки ўғлининг хавфсизлигини ўйлаб, уни сандиққа солиб дарёга оқизади ва сандиққа ўғлининг подшоҳзода эканини англатувчи ёқутларни ҳам солади. Тақдир тақозоси билан ўғли улғайиб, онасини топади. Ҳумой унга давлат бошқарувини топширади.
Алишер Навоий тилга олган кейинги икки аёл подшоҳ сосонийларнинг 27- ва 28-ҳукмдорлари Турондўхт ва Озармдўхтдир. Шоир уларнинг тахтга чиқиши ва ҳукмдорлик даври билан боғлиқ қизиқарли фактларни келтиради. Бу икки аёл подшоҳ опа-сингил бўлиб, 23-подшоҳ Хусрав Парвизнинг қизлари эди.
Алишер Навоий “Тарихи мулуки Ажам” асари орқали тарих билимдони қиёфасида намоён бўлади. Асардаги юзлаб географик номлар, юзлаб шахсларнинг исми-шарифи ҳамда юзлаб воқеалар муаллифнинг кучли хотирасидан ҳам дарак беради.
Асарнинг хотимаси маснавий тарзида бўлиб, 50 байтдан иборат. Унда Навоий бевосита Шоҳ Ғозий – дўсти Султон Ҳусайн Бойқарога мурожаат қилади. Унинг адолати ва саховатини, инсон сифатидаги юксак хулқини мадҳ қилади. Шоҳни ягона жавҳарга қиёслайди ва шунинг учун ҳам унга “Назму-л-жавоҳир” асарини бағишлаб ёзганини айтади. Ва айнан Ҳусайн Бойқаро тарихини битиш нияти борлигини билдиради:
Вале азмим эмди будурким худой,
Агар бўлса умрумға муҳлат физой.
Чекиб турфа тарихингга хомани,
Қилиб нуктаға тез ҳангомани...
...Валодат кунидан тутуб то бу дам,
Борин шарҳ ила айлагаймен рақам.
Шу тариқа хотима-маснавийнинг сўнгги байтларида Навоий шоҳсиз жаҳонга омонлик бўлмаслигини айтиб, Ҳусайн Бойқарога яхши тилаклар билдиради, дуосини йўллайди ва ўзи ҳам дуолардан умидвор эканини айтиб, асарни якунлайди.
Хуллас, Алишер Навоийнинг “Тарихи мулуки Ажам” асари шоирнинг тарихчи олим сифатидаги яна бир муҳим қиррасини очиш билан биргаликда Шарқ халқларининг тарихидан кенгроқ хабардор бўлиш имкониятини беради.
Алишер Навоий ўзининг уч устозига бағишлаб уч ёднома – маноқиб яратган. Маноқиб юксак фазилатли, валий ва ўзига хос хислат эгаларининг таржимаи ҳоли, сийрати ва сажиясини акс эттирувчи мумтоз жанр ҳисобланади.
Шундай асарлардан бири Навоийнинг пири, устози Абдураҳмон Жомий хотирасига бағишланган “Хамсату-л-мутаҳаййирин” (“Беш ҳайрат”) асари ҳисобланади. Муаллиф кириш қисмида асар мундарижасини келтиради. Унга кўра, мазкур асар муқаддима, уч мақолат ва хотимадан иборат.
Асар муқаддимасида Алишер Навоий Абдураҳмон Жомийнинг насл-насаби, болалиги, умр йўли ҳақида тўхталади. Шунингдек, Жомийнинг хизматига қачон келганлиги ҳақида ҳам хабар беради. Шоир муқаддимада Абдураҳмон Жомийнинг болалиги ҳақида ҳикоя қилиш асносида қизиқ воқеани келтиради. Бир куни замонасининг пири муршидларидан ҳисобланмиш Фахриддин Луристоний Жом вилоятига – Абдураҳмон Жомийнинг уйларига келади. Ўша пайтларда тўрт-беш ёшлар атрофида бўлган Абдураҳмон жуда сезгирлик билан улуғ муршиднинг ҳаракатларини кузатади ва шайх бармоқлари билан “Умар” ва “Али” сўзларини ҳавога ёзса, илғаб олиб, ўқиб беради. Буни кўриб, Фахриддин Луристоний боладаги зийракликдан ҳайратга тушади. Ҳазрат Навоий Жомийнинг умр йўли билан боғлиқ маълумотларни келтириб, устозининг Шоҳрух Мирзо замонидан Абусаид замонигача Ҳирот шаҳрида яшаганлигини айтади. Сўнг авлиё Саъдиддин Кошғарий мозори қошида маскан тутади. Шундан сўнг умрининг охиргача шу ерда яшайди.
Асарнинг иккинчи қисми “Аввалғи мақолот” деб аталиб, ҳазрат Навоий ўзи ва устози ўртасида бўлиб ўтган қизиқ ва ибратли воқеалар, маънавий суҳбатлар хусусида маълумот беради. Мазкур қисмда Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий иштирокидаги ўн тўрт воқеа келтирилган. Уларнинг барчаси турли вақт ва ҳолатларда рўй берган бўлса-да, устоз ва шогирднинг, балки икки дўстнинг меҳру муҳаббати, садоқати, ҳамфикрлилиги ҳақидаги хулосаларни беради. Масалан, Навоий келтирган воқеалардан бирида котиб Абдуллоҳнинг Алишер Навоийга шайх Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг “Илоҳийнома” китобини кўчириб келтирганлиги қаламга олинади. Котиб китобни ташлаб кетгач, Алишер Навоий бир варақлаб кўриш баҳонасида икки қисмдан иборат йирик асарни бир ўтиришда ўқиб тугатиб қўяди. Эртаси куни котиб Абдуллоҳ шоирдан китобни қайтаришини ёки ҳақини тўлашини сўрайди. Шунда атрофдагилар унга Алишер Навоий китобни қўлига олиб, бир зарб билан ўқиб тугатганлигини айтадилар. Ҳайратга тушган котиб: “Кеча китобни ҳазрати Махдуми Нуран – Абдураҳмон Жомийга ҳам элтиб эдим, ул зот ҳам худди шу тарзда уни хатм қилиб эдилар”, - дейди.
Шунингдек, яна бир қизиқ воқеа келтирилади: Бир мажлисда Удий исмли ҳофиз Хожа Ҳасан Деҳлавийнинг ғазалини куйлайди. Шунда ғазалнинг
Мисоли қатри борон сиришки ман ҳам дур шуд,
Чунин асар диҳад, алҳақ, тулуи чун ту суҳайле
“Менинг ёмғир томчиси каби кўзёшларим инжуга айланди, ҳақиқатан, сенинг суҳайл юлдузидай чиқишинг шундай таъсирлантиради” байтига келганда мажлис аҳли мисрадаги “дур” сўзидан кўра кўзёшни қонга ўхшатилганлиги бадиий таъсирчанликни оширади, дейишади. Ҳамма шундай фикр айтиб, Навоийдан ҳам фикр сўрайдилар. Шоир ғазалдаги ифоданинг ўзи чиройли, лекин буни исботлаб беролмайман, келинглар, бир кишини ҳакам қиламиз, у тўғри фикрни айтсин, гаров ўйнаймиз, дейди. Ҳамма рози бўлади ва ғазал байти Абдураҳмон Жомийга юборилади. Байтдаги “дур” ёки “хун” (“қон”) сўзларининг қайси бири маъқул эканлигини сўрашади. Шунда Жомий:
Сухан дурр асту тааллуқ бу гўши шаҳ дорад –
“Сўз – дур, шоҳнинг қулоғига тегишли” мазмунидага бир мисрани битиб юборади. Давра аҳли жавобнинг нозик ва қисқалигидан, Навоий ва Жомийнинг шу қадар ҳамфикр эканлигидан ҳайратга тушадилар. Бу воқеа бутун Ҳиротга тарқалиб кетади, мажлисларда узоқ вақт айтиб юрилади.
Яна бир воқеада бир қурилишга сарв дарахтлари кесилиб олиб кетилаётгани билан боғлиқ ҳолат тилга олинган. Аравада қурилишга сарв дарахтларини олиб кетилаётганини кўрган Жомий аравакашдан сарв дарахт қолдими, нечта ёғоч олиб кетяпман, деб мутойиба билан савол берса, бир юз тўртта дейди. Навоий адад, ахир, сарв ёрнинг қаддига қиёсдир, “қад”[3] сўзининг адади ҳам бир юз тўртдир дейди. Жомий Навоийнинг заковатига қойил қолади.
Асарнинг иккинчи мақолати Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий бир-бирига ёзган хатлари хусусида. Бу мактублар Жомий ҳам, Навоийнинг ҳам баъзи асарлари таркибишга киритилган. Айнан шу қисмда Алишер Навоий ўзининг “Туҳфату-л-афкор” қасидасининг ёзилиши тарихига ҳам тўхталиб ўтади. Мақолатда ёзилишича, бир куни Алишер Навоий ва Жомий суҳбатлашиб ўтирганларида Хусрав Деҳлавийнинг “Дарёйи аброр” қасидасидан сўз кетади. Сўз асносида Навоий Хусрав Деҳлавийнинг “Агар афлок ҳаводиси ва рўзигор навойибидин менинг борча назмим замона саҳифасидан маҳв бўлса ва бу қасидам қолса, менг басдир, невчунким, ҳар киши ани ўқиса билурким, назм мулкида менинг тасарруф ва иқтидорим не мартабада эркандур” мазмунидаги фахриясини эслаб ўтади. Бироз вақт ўтиб Жомий Маргва равона бўлади. Ҳазрат Навоий Жомий ҳузурига борганида Жомий “Дарёйи аброр”га татаббу тарзида ёзилган “Лужжату-л-асрор” қасидасини Навоий эътиборига ҳавол қилади. Навоий қасидани ўқиб, ғоят таъсирланганлигидан йўлда бу қасидага татаббу тарзида матлаъни битиб, агар Жомийга маъқул келса, уни давом эттириши мумкинлигини айтади. Жомийга бу матлаъ маъқул келиб, уни якунлашга Навоийни илҳомлантиради.
“Учинчи мақолат”да Жомий яратган асарлар таърифига бағишланган бўлиб, мазкур фаслни жомийшуносликнинг пойдевори деб айтиш мумкин. Унда Навоий Жомийнинг 38 асарининг номини келтирган.
“Хотима”да Навоий устози Жомий ҳузурида ўқиган асарлари рўйхатини келтиради. Бу асарларнинг баъзилари Абдураҳмон Жомий қаламига мансуб бўлса (“Рисолаи қофия”, “Рисолаи муаммо”нинг иккинчи дафтари, “Рисолаи аруз”, “Лавоеҳ” (“Ялтироқликлар”), “Лавомеъ” (“Равшанликлар”), “Шарҳи рубоийёт”, “Нафаҳоту-л-унс” (“Дўстлик таровати”), “Ашиъату-л-ламаот” (“Порлоқ шуълалар”), “Шавоҳиду-н-нубувват” (“Пайғамбарлик шоҳидлари”), “Ҳафт авранг”), қолганлари Хожа Муҳаммад Порсонинг “Қудсия”, Фахриддин Ироқийнинг “Ламаот”, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг фақр ва фано тўғрисидаги рисолалари, Абдуллоҳ Ансорийнинг “Илоҳийнома” асари ва бошқалар эди. Шунингдек, хотимада Жомийнинг хасталиги, вафоти, давн қилиниш тафсилотлари ҳам келтириб ўтилади. Абдураҳмон Жомий вафотидан бир йил кейин Навоий устози қабри устига катта мақбара қурдиради, Султон Ҳусайн Бойқаро иштирокида катта маросим ўтказиб, бу маросимда ўзининг вафотига бағишлаб ёзган таърих ва марсиясини ўз даврининг машҳур нотиғи Мавлоно Ҳусайн Воиз Кошифийга ўқиттиради. Мазкур марсия кейинчалик “Девони Фоний” таркибидан ўрин олган.
“Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” маноқиби Саййид Ҳасан Ардашер вафотидан икки йил кейин – 1490-91 йилларда яратилган. Алишер Навоий Саййид Ҳасан Ардашер билан биринчи марта ҳижрий 860 йил – милодий 1455-56 йилларда Султон Иброҳим Мирзо тахтга ўтирган йили учрашиб, танишган. Буюк шоирнинг бу зотга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан қараганлигини йигитлик даврида унга бағишлаб шеърий мактуб – маснавий битганлиги, унинг номини “Мажолису-н-нафоис”, “Насойиму-л-муҳаббат” асарларига киритганлиги, “Хазойину-л-маоний”даги таркиббанд-марсияни буюк зот вафотига бағишлаганлиги, “Соқийнома”да унинг номини алоҳида эслаб ўтганлиги ҳам кўрсатади.
Навоий бу зотнинг сарф (морфология), наҳв (синтаксис), луғат, араб тили, мантиқ, калом (эътиқод илми), фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги), ҳадис, тафсир (Қуръон оятлари шарҳи), муаммо ва таърих илми, нужум илми (астрономия), адвор (мусиқа назарияси) соҳаларида мукаммал билимга эга бўлса-да, ғоят камтарлик ва одоб юзасидан мажлисларда сукут сақлаб ўтиришларини чуқур ҳурмат билан қайд этади. Саййид Ҳасан Ардашер Лутфий, Атоий, Муқимий, Навоий, форсигўй ижодкорлардан Хожа Ҳофиз Шерозий, Саъдий Шерозий, Фаридиддин Аттор асарларини севиб мутолаа қилган. Айниқса, ҳазрат Навоийнинг қуйидаги байтларини такрорлаб юришни хуш кўрган:
Фурқатингдин заъфарон узра тўкармен лолалар,
Лолалар эрмаски, бағримдин эрур парголалар...
Ул паривашким, бўлубмен зору саргардо анга,
Ишқдин олам манга ҳайрону мен ҳайрон анга.
Навоий бу зотни риндлар шоҳи деб атар экан, Саййид Ҳасан Ардашер саховат, шафқат, лутфу тавозе, одоб, ҳилм (юмшоқ табиатлилик), таҳаммул (сабрлилик), дунёга бефарқлик каби бошқа ҳамма риндларга ҳам насиб этавермайдиган кўплаб нодир фазилатлар эгаси бўлганлигини таъкидлайди. Саййид Ҳасан Ардашернинг бу каби фазилатларини Навоий бир неча воқеалар мисолида исботлаб беради. Масалан, Султон Ҳусайн Бойқаро ҳам Саййид Ҳасан Ардашернинг жуда чуқур ҳурмат қилиб, саройда вазир сифатида ўз ёнида бўлишини истаган. Бироқ “риндлар шоҳи” бўлган Саййид Ҳасан Ардашер розилик бермайди ва шоҳнинг раъйини қайтармаслик учун лашкарда оддий навкар бўлиб икки йил хизмат қилади. Лекин султон бу билан у зотга зулм қилаётганлигини англайди ва хизматдан озод қилади. Ҳусайн Бойқаро ўз фарзандларига Саййид Ҳасан Ардашерни ҳамиша ўрнак қилиб кўрсатган.
Асарда Саййид Ҳасан Ардашернинг пок эътиқоди, Ҳаққа муҳаббати, Аллоҳнинг тақдирига ҳамиша рози эканлигини таъкидлар экан, Навоий бир воқеани келтиради. Унга кўра, Саййид Ҳасан Ардашернинг Саййид Муҳаммад исмли ўн тўрт ёшли яккаю ягона ўғли вафот этганида ҳамма ғаму қайғуга тушганида бу зот “Аллоҳнинг иродаси”, дея сабр билан мусибатни енгади, ҳатто, бошқаларга таскин беради.
Ҳазрат Навоий ва Саййид Ҳасан Ардашер жуда яқин дўст эдилар. Улар ҳамиша, ҳар куни бир-бирларига маънавий-руҳий эҳтиёж сезардилар. Алишер Навоий бу ҳолатни шундай ифодайди:
“ ...бир кун алар мулозаматиға етмасам эрди, сабру тоқатим қолмас эрди ва алар ҳам келиб аҳвол сўрарлар эрди: “Ташвише бўлмамиш бўғайким, букун сендин хабар топа олмадуқ”.
Сайид Ҳасан Ардашер ҳажга боришни ният қилар эди, лекин кўп монеъликлар бўлиб бу ниятига эришолмайди. Навоий давлат юмуши билан Ҳиротдан ташқарида эканлигида Сайид Ҳасан Ардашер етмиш тўрт ёшида вафот этади. Бундан буюк шоир чуқур қайғуга ботади, Ҳирот шимолидаги тоғ этагида дўсти ва устози ҳисобланмиш бу зотнинг қабри устига сағана қурдиради. Кейинчалик Сайид Ҳасан Ардашернинг бошқа яқин инсонларининг хоклари ҳам бу ерга келтирилиб, шу ерга дафн этилади. Эл орасида бу жой “Азизлар ҳазираси” – “Азиз зотлар хилхонаси” деб ном олади.
“Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” якунида бу зотнинг вафоти санасига бағишланган таърихни илова қилади, унга кўра бу сана “Жаннати покаш макон бод”[4] (“Макони пок жаннатда бўлсин”) жумласида намоён бўлади.
Хулоса тарзида шуни айтиш мумкинки, Алишер Навоий Саййид Ҳасан Ардашерни комил инсон сифатида тасвирлайди. Асарни ўқиш жараёнида Саййид Ҳасан Ардашернинг маънавий-руҳий дунёси билан яқиндан танишар эканмиз, улуғ шоир бу зотни бежиз комил инсон сифатида танламаганлигига гувоҳ бўламиз.
Ҳазрати Алишер Навоий учун ҳам дўст, ҳам ота, ҳам устоз мақомида бўлган зотлардан бири Паҳлавон Муҳаммад эди. Бу зотнинг вафотидан сўнг улуғ шоир “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад” асарини ёзади. Асарда Паҳлавон Муҳаммаднинг эзгу амаллари, барчага бирдек ёқимли феъл-атвори, кучли салоҳияти ҳақида сўз боради.
Навоий Паҳлавон Муҳаммад ҳақида сўз бошлар экан, аввало, унинг жисмоний жиҳатдан забардаст ва кучли бўлганлигини айтади. Ҳатто, унинг каби кучли инсон беш юз, минг йилларда ҳам туғилмайди, дейди. Сўнг унинг юксак илмий истеъдод ва иқтидори ҳақида тўхталиб, унинг мусиқа, тиббиёт, шеърият, қофия, аруз, бадиий санъатлар, илми нужум (астрономия), фиқҳда кенг маълумотга эга бўлганлигини таъкидлайди. Айниқса, мусиқа борасида жуда иқтидорли бўлиб, бир неча ғазалларга куй боғлаган эди. Масалан, Устод Муҳаммад Хоразмий, Мавлоно Нуъмон, Мавлоно Соҳиб Балхий, Шайх Сафойи Самарқандий, Хожа Юсуф Андижоний каби моҳир созанда ва бастакорлар йўлида яратган куйлари тингловчилар томонидан илиқ кутиб олинган. Айниқса, Мир Бузург Термизийга бағишлаб кашф қилган “Чоҳоргоҳ” куйи бутун Хуросонда, ҳатто, Самарқанд ва Ироқда ҳам бағоят машҳур бўлиб, уни куйламаган бирор ҳофиз бўлмаган.
Муаммо илми борасида ҳам Паҳлавон Муҳаммад тенгсиз бўлиб, “Куштигир” тахаллуси билан бир қанча муаммолар яратган.
Паҳлавон Муҳаммад ғоят хушахлоқ инсон бўлиб, уни Ҳиротда барча таниган-билган инсонлар яхши кўриб, ҳурмат қилганлар: “Такаллуфсиз ва муболағасиз подшоҳдин гадоғача ва аҳлуллоҳдин яҳуд ва тарсоғача Паҳлавонни севмас ва тиламас киши йўқ эрди”.
Шунинг учун ҳам, Паҳлавон Муҳаммад султон ҳузурида юксак мавқега эга бўлиб, шоҳнинг ҳар бир мажлисида иштирок этган.
Навоий Паҳлавон Муҳаммад билан боғлиқ хотираларини эсларкан, Абу Саид Мирзо даврида Машаҳадда бўлган қизиқарли воқеани келтиради. Мафосил (бод, ревматизм) билан оғриган ёш Алишер Навоийни табиб Мавлоно Абдуссалом Шерозий муолажа қилиб, уқалаш лозим эканлигини айтади. Паҳлавон Муҳаммад меҳрибонлик кўрсатиб, ўзи бу ишни бажаришини айтади ва суҳбат орасида ёш шоирдан туркий шоирлардан қайси бирини кўпроқ маъқул кўришини сўрайди. Навоий аввалига ҳамма шоирларни ҳурмат қилишини айтади. Лекин Паҳлавон Муҳаммад барибир улар орасида тафовут бор, ўзингга энг маъқулини айт, деб туриб олгач, Навоий Лутфий, дея жавоб беради. Шунда Паҳлавон Муҳаммад нега Сайид Насимийни айтмадинг, дейди. Алишер Навоий Лутфий мажоз билан сўз айтади, Насимий эса ҳақиқат йўлидагилар каби Ҳақ ишқни ошкора куйлайди, сен мендан мажоз йўли билан ижод қиладиганларни сўрадинг, дейди. Паҳлавон Муҳаммад ундай эмас, Насимийда ҳам ишқни мажоз билан ифода этиш бор дейди ва шу куни Навоий тонгда ёзиб, ҳали ҳеч кимга кўрсатмаган ғазалини ўқиб беради ва унинг мақтаъсидаги Навоий сўзи ўрнига Насимийни қўяди:
Гар Навоий сиймбарлар васлин истаб кўрса ранж,
Йўқ ажаб, невчунки, хом этган киши ранжур эрур.
Навоий бундан ҳайратга тушади. Ғазал ёзилган қоғозини текширса, ўз жойида. Эртаси тонгда Паҳлавон Муҳаммад уч-тўрт кишини етаклаб келиб, бу ғазални ўн икки йил бурун Абулқосим Бобур мажлисида “тинглаб, ёд олганини” исботлаш учун уларни гувоҳ қилади. Улар ҳам бу ғазални ўша мажлисдан эшитганмиз, деб ғазални ёддан айтиб берадилар. Навоий эса янаям ҳайрон бўлади. Кейинчалик маълум бўладики, шу куни ёш шоирнинг либосларини тикаётиб, Паҳлавон Муҳаммад янги ғазални топиб, олиб ёд олади ва жойига қўяди. Сўнг эса биз юқорида кўриб ўтган ҳолатни уюштиради. Шундан сўнг Алишер Навоий беморликдан қутулади.
Бу ерда биз Паҳлавон Муҳаммаднинг беғубор ҳазилига гувоҳ бўлиш билан биргаликда оёғи боддан азият чекаётган Навоийнинг касалини даволаган ҳам дея оламиз. Чунки ўзи ёзган ғазални бошқа шоирга нисбат бериб ўқилганидан кейин Навоий бу ҳолатни таҳлил қилиб, оёқ оғриғини ҳам унутиб юборади. Бу эса оёқдаги касалликни бош орқали чиқариб юборишдир, эҳтимол.
Навоий ва Паҳлавон Муҳаммад қирқ йил давомида дўсту ҳамсуҳбат бўладилар: “Қирқ йилға яқин бу фақир била мусоҳиби жоний, маҳрами рози пинҳоний эрди”.
Навоий Паҳлавон Муҳаммаднинг вафот этганини чуқур алам ва ғам билан тасвирлайди. Бир куни Паҳлавон Муҳаммаднинг шогирдларидан бири унинг аҳволи оғирлашиб қолганлигини айтадилар. Навоий табиб юборади. Бироздан сўнг табиблар етиб боргунларича Паҳлавоннинг вафот этганлиги тўғрисида хабар келади.
Паҳлавон Муҳаммад Султон Ҳусайн Бойқаро унинг учун атаб махсус қурдирган Неъматободдаги даҳмага дафн этилади. Шоир унинг хотирасига бағишлаб ёзган таърихида Паҳлавоннинг вафоти санаси “баъди Махдуми ба як сол”[5] (“Махдумдан бир йил кейин”) жумласида аниқланади. Чунки Паҳлавон Муҳаммад махдуми нуран – Абдураҳмон Жомийдан бир йил ўтиб, бу фоний дунёни тарк этган эди.
“Муншаот” асари Алишер Навоийнинг турли вақтда турли шахсларга йўллаган мактубларидан иборат тўплам бўлиб, Мусулмон Шарқи иншо санъатининг туркий тилда яратилган юксак намуналаридан ҳисобланади. Мазкур асар устида адабиётшунос олимлар С. Ғаниева, Ю. Турсунов ва Қ. Эргашевлар илмий изланишлар олиб бориб, “Муншаот”нинг хос хусусиятларига доир тадқиқот ва мақолалар яратганлар.
Хусусан, Ю. Турсунов 2001 йилда “Муншаот”ни бугунги кун ўзбек тилига мослаб, нашр эттирди[6]. Олим мазкур китобнинг сўзбошисида асарнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўхталиб, “Муншаот”ни нашрга тайёрлаш жараёнида асарнинг бир неча қўлёзма нусхалари қиёсан ўрганиб чиқилганлигини ва улар таркибидаги мактублар сон жиҳатдан фарқланишини таъкидлайди. Ю.Турсунов Санкт-Петербургдаги Давлат Халқ кутубхонасида 588-тартиб рақами билан сақланувчи “Муншаот” таркибида 60 та, бошқа кўплаб нусхаларда 90 та атрофида, ниҳоят Алишер Навоийнинг ўзи тузган “Куллиёт”га киритилган “Муншаот”даги мактублар сони 104 та эканлигини маълум қилади. Олим бу ҳолатни Алишер Навоийнинг мактублари турли даврларда яратилганлиги ва кейинроқ ёзилган хатлар асосида “Муншаот” таркиби тўлдириб борилганлиги билан изоҳлайди. Ю. Турсунов амалга оширган “Муншаот” нашри Истанбулдаги Тўпқопи саройи кутубхонасида 808-рақам остида сақланаётган Алишер Навоий асарлари куллиётининг қўлёзма нусхаси асосида бўлиб, мазкур нусхадаги “Муншаот” бошқаларига нисбатан тўлиқроқ ҳисобланади, яъни 107 мактубни ўз ичига олади[7].
Мусулмон Шарқида мактуб иншо санъатини ўзида намоён қилиб, унда мактуб битувчининг бадиий салоҳияти, нуктадонлиги, сўзга ҳассослиги акс этган ва бу хатларда махсус ахборот етказишдан кўра чуқур мазмуннинг мавжудлиги устувор ҳисобланган. Алишер Навоий “Муншаот” муқаддимасида бу ҳақда тўхталиб, форсий тилда ёзилган мактублардаги жимжимадорлик, нозиклик, мазмунан теран байтларнинг туркий тилда битилган мактубларда мавжуд эмаслигини, аксинча, туркий тилдаги хатларнинг бадиийликдан йироқ бўлганлигини таъкидлаб, турли шеърий парчалар билан безалган гўзал мактубларни туркий тилда ҳам ёзиш мумкинлигини исботлаш мақсадида ўзи ёзган хатларни тўплаб, тақдим этаётганлигини маълум қилади. Ҳақиқатан ҳам, Алишер Навоий “Мунашот”и таркибига кирган мактублар моҳияти билан танишиш натижасида шу нарса маълум бўладики, ҳар бир мактубда турли бадиий санъатлар: ўхшатиш, истиора, ташбеҳ, муболаға ва сажъ усулидан жуда кўплаб ўринларда фойдаланилган. Бундан ташқари, деярли ҳар бир хатда Қуръон оятлари, ҳадислар, рубоий, байт, маснавий, шеърий парчалар келтирилган бўлиб, улар хат юборилган инсонга фикрни янада таъсирчан тарзда етказишда хизмат қилган.
Алишер Навоийнинг “Муншаот” асаридаги мактублар турли воқеа-ҳодисалар муносабати билан шоирнинг дўсти Султон Ҳусайн Бойқарога, шаҳзодаларга ва бошқа шахсларга йўлланган бўлиб, улар мазмунан насиҳат, йўл-йўриқ кўрсатиш руҳидадир. Хатларда турли тарихий шахслар номлари, уларнинг ҳаёти билан боғлиқ ибратли жиҳатлар тилга олиниб, Алишер Навоий бу орқали мактуб йўлланаётган одамни тўғри йўлга чақиради.
Умуман олганда, Алишер Навоийнинг “Муншаот” асари Мусулмон Шарқи иншо санъатининг юксак намунаси бўлиш билан бирга ўз даврининг ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий ҳаёти ҳақида хабар берувчи муҳим манба сифатида ҳам ғоят қимматлидир.
“Маҳбуб ул-қулуб” (“Кўнгилларнинг севгани”) ҳазрат Навоийнинг умри поёнида ёзган сўнгги асари бўлиб, 1500 йилда яратилган. Асар ахлоқий-таълимий мазмунда, буюк мутафаккирнинг бой ҳаётий тажрибаси ва хулосалари асосида яратилган, Навоийнинг ўзи бу ҳақда асар муқаддимасида шундай ёзади:
“...Бу навъ асҳоб ва аҳбобға интибоҳ қилмоқ ва аларни бу навъ ҳолатдин огоҳ қилмоқ вожиб кўрундики, ҳар тоифа хисолидин вуқуфлари ва ҳар табақа аҳволидин шуурлари бўлганки, муносиб эл хизматиға шитоб қилғайлар ва номуносиб эл суҳбатидин ижтиноб вожиб билгайлар ва бори эл била махфий розларин сўзлашгайлар ва шаётин ва инс макру фирибдин бозий емагайлар. Ва ҳар навъ эл суҳбат ва хусусиятики, аларга ҳавас бўлғай, бу фақирнинг тажрибаси аларға бас бўлғай”.
“Маҳбубу-л-қулуб” асари 3 қисмга бўлинади. Биринчи қисм “Халойиқ аҳвол ва афъол ва ақволининг кайфияти” деб аталиб, 40 фаслни ўз ичига олади. Унда султонлардан тортиб дарвешларгача бўлган 49 ижтимоий табақа ва гуруҳларнинг тавсифи келтирилади. Навоий биринчи фаслда аввалги асарларида бўлгани каби ҳукмдор энг аввало адолатли бўлиши керак деган масалани қўяди ва одил подшо Аллоҳнинг фуқарога юборган раҳматидир, унинг адолати мамлакатга омонлик ва фаровонлик олиб келади дейди:
“Одил подшоҳ ҳақдин халойиққа раҳматдур ва мамоликка мужиби амният ва рафоҳият”. Навоий ана шундай одил подшо сифатида Султон Ҳусайн Бойқарони мадҳ этади:
Бори бенаволар навосози ул,
Ҳамул навъким, Шоҳ Абулғози5 ул,
Келиб айни инсону инсони айн,
Жаҳон вориси Шоҳ Султон Ҳусайн
Ки, то бўлса гардунға давворлиқ,
Анга боқий ўлсун жаҳондорлиқ.
Шунингдек, биринчи қисмда вазирлар, ноиблар, муфтийлар, котиблар, табиблар, шоирлар, деҳқонлар каби турли тоифа вакиллари таърифлари ҳам келтирилганки, бу фикрлар бугунги кун учун ҳам ибратли бўлиб, жамият кишилари учун дастуриламал бўла олади.
Асарнинг 10 бобдан иборат иккинчи қисми “Ҳамида афъол ва замима хисол хосиятида” деб номланиб, ахлоқий масалаларга бағишланган. Мазкур қисм “Ҳайрату-л-аброр” достони сингари муайян ахлоқий масаланинг тавсифи ва унга илова қилинган ҳикоят баёнидан иборат. Хусусан, биринчи фасл “Тавба зикрида” деб аталган. Маълумки, тавба тасаввуф мақомларидан биринчиси бўлиб, бунда солик Ҳаққа етишиш йўлида ғов бўладиган жамики нарсалардан юз ўгиришга қатъий жазм қилади, бутун интилиши, таважжуҳини Аллоҳга қаратади, аввалги ҳаёт тарзидан бутунлай воз кечади. Навоий тавбага таъриф бериб, шундай ёзади:
“Тавба мужрим банданинг вақти кўзгусин исён зангидин оритур ва ниёз мусқили билан ёритур... Бу мартаба тариқат аҳлининг аввалғи гомидур ва мақсад водийсининг аввалги манзилиға ҳомийдур...”.
Таърифдан сўнг Навоий тавба мақоми билан боғлиқ ҳикоят келтиради. Ҳикоятга кўра, буюк Шайх Абдулло Муборак (ваф. 171/787—88) бир канизак ишқига гирифтор бўлади. Қиш кечаларидан бирида тонгга қадар маъшуқа девори остида туради. Қор ва совуқда қолади. Саҳар намози азонини хуфтон деб ўйлайди. Ўзига келгач, дейди: - Эй Муборакнинг номуборак ўғли, сенга уят эмасми? Агар Имом намозда узунроқ сура қироат қилса, толиқардинг. Энди нафсинг ҳавосига тонг отқунча мундоғ азоб тортарсен». Шундан сўнг Абдуллоҳ Муборак тавба қилиб, сулукка берилади.
Шунингдек, мазкур қисмда яна зуҳд, таваккул, қаноат, сабр, тавозуъ ва адаб, зикр, таважжуҳ, ризо, ишқ каби ахлоқий масалалар таърифи ва уларга илова қилинган ҳикоятлар баёни ҳам келтирилган.
Асарнинг учинчи қисми “Мутафарриқа фавойид ва амсол сурати” деб аталиб, турли фойдали пандлар ва ҳикматларни ўз ичига олади. Асарда улар “танбеҳ” номи билан аталиб, жами 127 та танбеҳ келтирилган. Танбеҳларнинг аксарияти ҳадислар мазмуни билан уйғунлик касб этади. Хусусан, 30-танбеҳ
“Сизлардан ҳеч бирингиз ўзига раво кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча, чин мўъмин бўлолмайди” ҳадисига мазмунан яқинлигини кўриш мумкин:
“Ҳаркимки, биров била ёрдур ёки ёрлиғ даъвийси бордур, керакким, ўзига раво тутмоғонни ёриға раво тутмаса, кўп нимаким, ўзига ҳам раво тутса, анга тутмаса. Бас машаққатким, андин руҳға алам етар, киши
ани ўз жисму жониға тажвиз этар. Аммо ани ёриға тахайюл қила олмас, агар тахайюл қилса, ваҳшатидин ҳаёти қолмас.
Қитъа:
Ёр улдурки, ҳар нечаким ўзига
Истамас, ёриға ҳам истамагай.
Ўзи истарки, ёр учун ўлгай.
Ани мунда шарик айламагай.
Алишер Навоийнинг “Маҳбубу-л-қулуб” асари бадиий жиҳатдан ҳам юксак савияга эга. Асарда қўлланилган сажъ (насрий қофия) усули асарга мусиқий оҳанг бағишлаб, унинг таъсирчанлиги ва бадиий жозибасини оширган. Асарда келтирилган кичик ҳажмли ҳикоялар, шеърий парчалар, мақоллар қўйилган масалаларга якун ясаш, “қиссадан ҳисса” чиқариш вазифасини бажарган. Умуман олганда, Навоийнинг мазкур асари буюк мутафаккир меросининг муҳим ва қимматли ёдгорлиги бўлиб, XV асрдан кейинги бадиий наср тараққиётига самарали таъсир кўрсатди.
Адабиётлар:
1. Навоий Алишер. Маҳбуб ул-қулуб. Муншаот. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. 14-жилд. – Т.: Фан, 1998. – Б.5-230.
2. Навоий Алишер. Хамсат ул-мутаҳаййирин. Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер. Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. 15-жилд. – Т.: Фан, 1999. – Б.7-122.
3. Навоий Алишер. Тарихи анбиё ва ҳукамо. Тарихи мулуки Ажам. МАТ. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 2000. 16-жилд. – Б.99-260.
4. Маҳбубул-қулуб / Насрий баён муаллифи И.Махсумов. -Т.: Адабиёт ва санъат, 1983.
5. Муншаот (Мактублар) / Изоҳли баён муаллифи: Ю. Турсунов. – Т.: Маънавият, 2001.
6. Алишер Навоий ижодий ва маънавий меросининг оламшумул аҳамияти (халқаро илмий-назарий анжуман материаллари). – Т.: O‘zbekiston, 2011.
7. Комилов Н. Тасаввуф. – Т.: Movarounnahr – O’zbekiston NMIU, 2009.
8. Қаюмов А. Дилкушо такрорлар ва руҳафзо ашъорлар. – Т.: MUMTOZ SO’Z, 2011.
9. Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 2-жилд (XV асрнинг иккинчи ярми). – Т.: Фан, 1977.
[1]Академик Азиз Қаюмов бу асарларни аслида умумий тарих китобининг бўлаклари деб ҳисоблайди. Олимнинг фикрича, Навоий яшаган даврда тарихшуносликда мавжуд анъанага кўра муайян ҳукмдорнинг тарихини ёзишдан аввал пайғамбарлар тарихи, сўнгра 4 Ажам сулолалари тарихи, Ислом даври тарихи, ундан сўнггина замон тарихига ўтилар эди (Бу ҳақда қаранг: Қаюмов А. Дилкушо такрорлар ва руҳафзо ашъорлар)
[2]Асар билан танишиш жараёнида баъзи пайғамбарлар қиссалари билан бошқа халқлар ижодида мавжуд эпос ёки ҳикоятлар билан ўхшаш ҳолатларни учратамиз. Масалан, арман эпоси “Довуд Сосуний”да тилга олинган Миср шоҳи Малик, унинг аёли Хондут хотун ҳамда унинг асраб олган ўғли ҳақидаги воқеалар билан Мусо (а.с.)ни Фираъвннинг аёли Осия асраб олгани билан боғлиқ ҳолатларда жуда аниқ ўхшашликлар кўзга ташланади (Бу ҳақда қаранг: Наири Зарьян. Довуд Сосуний. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1976. – Б. 114.).
[3] “Қад” сўзи абжад ҳисобида 104 рақамини ҳосил қилади. Бунда ﻖ - 100, ﺪ - 4 ни билдиради.
[4] Абжад ҳисобида бу сана ҳижрий 894, милодий 1488 ёки 1489 йилга тўғри келади.
[5] Абжад ҳисобида бу сана 899 ҳижрий, 1493 милодий йил чиқади.
[6] Навоий Алишер. Муншаот: (Мактублар) / Изоҳли баён муаллифи: Ю. Турсунов. – Т.: “Маънавият”, 2001 – 152 бет.
[7] МАТнинг 14-жилдига киритилган “Муншаот” таркибида 103 та мактуб келтирилган.
Дилнавоз Юсупова