“Садди Искандарий” достонининг ғоявий-бадиий хусусиятлари

Бу асар дунёдаги буюк сиймолардан бири, уч соҳибқироннинг энг машҳури жаҳонгир Искандарга бағишланган бўлиб, "Хамса"нинг якунловчи достонидир. Шарқда у Искандар Зулқарнайн (икки шохли ёки кун чиқиш ва кун ботиш ҳукмдори) номи билан машҳур. Дастлаб Искандар мавзуси Фирдавсийнинг “Шоҳнома” достонида қаламга олинган. Кейинроқ Низомий Ганжавий у ҳақда махсус “Искандарнома” деган достон ёзади. Хусрав Деҳлавий бу достонга жавоб тарзида “Ойинайи Искандарий” асарини ёзган бўлса, Абдураҳмон Жомий ўз достонини “Хирадномайи Искандарий” деб атайди. Алишер Навоий эса бу мавзуни туркий тилда қайта ишлаб, ўз асарига “Садди Искандарий” (“Искандар девори”) деб ном беради.

Садди Искандарий Хамсадаги энг йирик достон бўлиб, 89 боб ва 7215 байтдан ташкил топган. Достоннинг муқаддимаси 14 бобни ўз ичига олади.

1- боб анъанавий ҳамд – Аллоҳнинг сифатлари таърифига бағишланган. Навоий ушбу бобда тасаввуф таълимоти асосида оламнинг яратилиш тарихига тўхталиб ўтади: 9 қават осмон, сайёралар, юлдузлар таркумининг ҳар бирига алоҳида таъриф беради. Яратганнинг буюклигига ҳамду сано айтади. Буларнинг барчасидан мақсад энг олий зот Одамни яратиш эканлигини таъкидлайди:

Карам бирла халқ айлагай оламе,

Бу оламда мақсуд анга одаме.

Ғараз одаме анга олам туфайл,

Неким ғайри оламдур, ул ҳам туфайл.

2-боб муножотни ўз ичига олади. Навоий бобда Аллоҳнинг карами кенглиги ҳақида гапирар экан, банда зоти мавжуд экан, унинг гуноҳ ишлар қилиши табиий деган ақидани илгари суради:

Илоҳий, аларким гунаҳкор экин,

Сен ўткармаган не гунаҳ бор экин?

Чу ҳар мужримеким, сен эттинг карам,

Сўрулмас ҳамул журм ила ўзга ҳам.

Агар афв бирла карам будурур,

Бори халқнинг журми маъруфдурур.

Муножот сўнгида Навоий қуёш ерни ўз нурлари билан мунаввар қилган чоғда зарралар орасидаги фарқни фаҳмлаб бўлмаганидек, зарраларга карам қилган чоғингда Навоийга ҳам бир зарра каби карам айлагил, унинг гуноҳларини кечиргил деб илтижо қилади:

Ёрурда қуёш партавидин саро,

Қачон фарқ ўлур фаҳм заррот аро.

Қилур вақт бу зарраларға карам,

Навоийға лутф айла бир зарра ҳам.

Сазо андин ар журму пиндор эрур,

Сен ул қилки сендин сазовор эрур.

Хато айлаганни ҳисоб айлама,

Хатосиға лойиқ азоб айлама.

Достоннинг 3-боби “саййид ул мурсалин” (пайғамбарлар улуғи) расули акрам васфи (наът)дан иборат. Навоий дастлабки байтларда пайғамбарлик нури ҳақида гапирар экан, Одам Ато унга ўғил, қолганлар набира қаторидадир дейди ва барча муқаддас китобларда унинг хусусиятлари баён қилинганлигини таъкидлайди. Расули акрамнинг туғилиши гўё кўкда яна бир қуёшнинг порлашига ўхшатилади:

Сенинг туғмоғинг равшан айлаб жаҳон,

Анингдекки, туққай қуёш ногаҳон.

Анъанага мувофиқ, наътдан сўнг меърож туни таърифи келади. Навоий бу бобда пайғамбаримизнинг бирин-кетин 9-осмонга кўтарилганлари, сайёраларнинг бу ҳолатни кўриб, ҳайратга тушгани, ниҳоят Ломакон оламига сайр қилиб, 70 минг қават парда кўтарилиб, Жаноби Ҳақ билан дийдорлашганлари жараёнини кучли пафос билан тасвирлайди. Уларнинг ерга қайтишлари ҳам фалак аҳли ва малойиклар томонидан чуқур ҳайрат билан кузатилгани бетакрор бадиий санъатлар воситасида баён қилинади:

Фалак аҳли ичра алоло тушуб,

Малак хайлиға шўру ғавғо тушуб.

Малоик тутуб йўл бошин жавқ-жавқ,

Тамошосида борча кўнглида шавқ.

Жамолиға чун кўзларин очибон,

Табақ нурлар бошиға сочибон.

Анга нур сочмоққа монанд бу

Ки, сочқай киши Баҳри Уммонға сув.

Достоннинг 5- боби “Хамса” такмили (мукаммал битказиш) хусусида бўлиб, Навоий бу бобда унда “Хамса” ёзиш ҳаваси анча илгари, Низомий ва Деҳлавий “Хамса”ларини ўқиб юрган чоғларидаёқ уйғонганлигини баён қилиб, улуғ устозлари руҳидан мадад сўрайди:

Бу водий аро Хизри роҳим бўлинг,

Қаён юз кетурсам паноҳим бўлинг.

Бурундин чу кўргуздунгуз ёрлиқ,

Басе етти сиздин мададкорлиқ.

Кичик эрканимдин бўлуб қошима,

Улуғ муддао солдингиз бошима.

6-боб сўз таърифи, Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавий мадҳига бағишланган. Навоий бу бобда дастлаб сўзга таъриф берар экан, уни ўз аҳамияти билан инсон идрок этган ҳамма нарсадан юқори деб баҳолайди, уни “жавҳари жон”, “оби ҳайвон” деган сифатлашлар билан мадҳ қилади:

Бийикрак мақом ичра афлокдин,

Не афлокдин, ваҳму идрокдин...

Башар зотида жавҳари жон ҳам ул,

Ўлук жисмида оби ҳайвон ҳам ул.

Навоий сўз хазинасига эга бўлганларнинг нодири яктоси сифатида Ганжада парвариш топган зот Низомий Ганжавийни тилга олиб, котибларнинг ҳомийси Аторуд (Меркурий) унинг хизматкоридир дейди. Шунингдек, бу бобда Низомий бешлигига муносиб жавоб битган Хусрав Деҳлавий ҳам мадҳ этилиб, унга сўз жодугари, илм ҳикмат билимдони деб таъриф берилади. Сўз авжида Низомий қуёш бўлса, Деҳлавий Муштарий кабидир дейилади:

Сўз авжида гар ул маҳи ховарий,

Бу гар йўқ маҳи ховарий, Муштарий.

7-боб Низомий ва Деҳлавийнинг назмдаги издошлари Нуриддин Абдураҳмон Жомий мадҳига бағишланган. Навоий китобот (ҳарф) санъати воситасида Жомийнинг тахаллусига ишора қилиб, унинг назмини “жом” ва “май” деб таърифлайди ва бу назмдан еру кўк эли масту нотавон бўлганини айтади:

Дема жом ила майки, назми равон,

Еру кўк элин айлади нотавон.

Шунингдек, Навоий ушбу бобда Жомийнинг ғазалу маснавий жанрларида эришган ютуқларига ҳам тўхталиб ўтиб, унинг “Хамса” таркибига кирувчи достонларини номма-ном санаб ўтади:

Ғазал дарду сўзини, ваҳ-ваҳ, не дей,

Деса маснавий, Аллоҳ-Аллоҳ, не дей...

Бўлуб жилвагар табъи кўзгусида

Ки, сабт айлади “Хамса” ўтрусида...

Бурун жилва айлаб аён “Туҳфа”си,

Бериб олам аҳлига жон туҳфаси.

Яна “Субҳа” жон риштасин тор этиб

Ки, ҳар муҳра бир дурри шаҳвор этиб.

Чу Юсуф сўзин ошкор айлабон,

Зулайҳо киби элни зор айлабон.

Чекиб хома “Лайлию Мажнун” сари,

Юз офат солиб тоғу ҳомун сари.

Бу дамким қилиб хомасин дурфишон,

Сикандар ҳадисидин айтур нишон.

Бу маълумотлар адабиётшуносликдаги Жомийнинг “Хамса” ёзган-ёзмаганлиги билан боғлиқ баҳсларга ҳам муносиб жавоб бўла олади.

Достоннинг 8-боби – “Иноят қуёши васфи ва ҳидоят булути таърифида” деб аталиб, бу бобда Навоий кимгаки бахту иқбол ёр бўлса, унинг ҳамма ишида зафар бўлади, тикан ушласа ғунча, тупроқ олса олтин бўлади, буларнинг барчаси Худодан, шундай экан унга шукрона билдириш керак деган фикрларни келтирар экан, Аллоҳ унга назм ёзиш фазилатини тақдим қилгани учун унга шукрона айтади ва назмнинг турли синф (жанр)ларида шуҳрат қозонганини фахр билан баён қилади:

Ғазал тарзиға аввал айлаб ситез,

Жаҳон ичра солдим улуғ рустахез.

Ўқур вақти аҳли саломат муни

Кўруб олам ичра қиёмат куни...

Ҳар аснофи зикри эмас шаънима,

Билур ҳар киши боқса девонима.

Шунингдек, Навоий назмдаги бу муваффақиятларига қаноат қилмай, улуғ муддао “Хамса” ёзиш ниятида эканини, бу йўлда Низомий ва Деҳлавийларнинг нуроний руҳига, Жомийнинг илоҳий қувватига “Қуръон”тиловат қилиб, фотиҳа ўқийман деб ёзади:

Аларнинг равони пур анвориға,

Бу бирнинг доғи қуввати кориға.

Қилиб фотиҳа хатми ихлос ила,

Кўзум баҳрида жисми ғаввос ила.

9-боб Шоҳ Ғозий Ҳусайн Бойқаро таърифига бағишланган. Навоий бу бобда муболаға санъати воситасида Муҳаммад (с.а.в) пайғамбарлар орасида алоҳида мавқеда бўлса, Султон Ҳусайн Бойқаро ҳам барча шоҳлар ичида шундай мақомдадир деб ёзади. Шунингдек, унинг жанггоҳдаги маҳоратини тасвирлар экан, достон мазмуни билан боғлиқ равишда душманларига нисбатан садди Искандарийдек ғов чекади, агар жаҳонда Искандардек улуғсифат зотни топиш керак бўлса, Султон Ҳусайндан бошқаси мос келмайди деб ёзади.

Достоннинг 10- боби шаҳзода Бадиуззамон Баҳодир мадҳидадир. Навоий унга донишмандлик боғининг сарви, замона аҳлининг шаҳзодаси деб таъриф берар экан, зоти ҳам, сифати ҳам малак (фаришта)га ўхшашини айтиб, тавзеъ (бир товушни бир неча марта такрорлаш) ва такрир (бир сўзни байтда икки ва ундан ортиқ ҳолда такрорлаш) санъатлари воситасида унинг бошдан-оёқ яхшилик ва яхши хислатлардан иборат эканлигини баён қилади:

Йиғиб яхшилиқ бирла яхши қилиқ,

Қилиқдек бошингдин аёқ яхшилиқ.

11-14 бобларда қадимги форс-эрон шоҳларининг тўрт табақаси: пешдодийлар, каёнийлар, ашконийлар ва сосонийлар тарихи ҳақида маълумотлар келтирилади.

Достоннинг асосий қисми 15-бобдан бошланади. Асосий қисм ўзига хос композицияга эга. Уни шартли равишда қуйидаги 4 қисмга бўлиш мумкин:

1) Искандар воқеаси – Искандар ҳаёти билан боғлиқ бирор воқеа ёки ҳодиса баёни;

2) назарий масала – муайян ахлоқий муаммонинг таърифи;

3) ҳикоят шу ахлоқий масалага доир ҳикоят;

4) ҳикмат – Арасту ва Искандарнинг суҳбати.

Биринчи қисм лирик хотимага ҳам эга. Бу соқий, муғанний ва Навоийга мурожаат тарзидаги байтлар бўлиб, Низомийда “Искандарнома”нинг биринчи қисми бўлмиш “Шарафнома”да соқийга, иккинчи қисм “Иқболнома”да мутрибга мурожаатни кўрсак, Деҳлавий достонида ҳам соқий, ҳам мутрибга мурожаат мавжудлигини кузутамиз. Навоийда эса соқий ва мутрибдан сўнг, ўз-ўзига ҳам мурожаат қилинганлиги кўринади. Хусусан, 15-бобнинг лирик хотимаси қуйидагича:

Аёғчи, бер ул жавҳари ғамзудо,

Дема ғамзудо, жоми мотамзудо.

Ки, андин сумурсам ғамим қолмасун,

Ато сўгидин мотамим қолмасун.

Муғанний, қилиб соз руди нишот,

Анинг бирла тузгил суруди нишот.

Ки, сўз тахтида бўлдум оромгир,

Бўлай таҳният базмида жомгир.

Навоий, жаҳоннинг фирибин ема,

Хирад оллида нақшу зебин дема.

Чу даврон иши бевафолиқдурур,

Фузун шоҳлиғдин гадолиқдурур.

Асосий қисм воқеалари Искандарнинг туғилишидан бошланади. Рум мамлакатининг шоҳи Файлақус тангридан фарзанд сўрайди. Бир куни овдан қайтар экан, шаҳарга кираверишдаги вайронада янги туғилган чақалоқ ва ўлик онани учратади. Шоҳ ўликни дафн эттириб, чақалоқни ўзига фарзанд қилиб олади ва унга Искандар деб ном беради. Шоҳ Искандарнинг таълим-тарбиясига катта эътибор беради ва Арастунинг отаси Нақуможисни унга устод қилиб тайинлайди. Искандар тож-тахт ва бойликка эмас, балки илм-фан ва олижаноб фазилатларга муҳаббат руҳида улғаяди.

Достон билан танишиш жараёнида Навоий шунчаки Искандар тарихини ёзишни эмас, балки у билан боғлиқ воқеаларнинг маъносини очишни мақсад қилганлигини кўрамиз. Буни юқорида келтирганимиз муайян ахлоқий масаланинг таърифи, ҳикоятлар, савол-жавоб ва лирик хотималарнинг ўзаро алмашиниб келишидан ҳам сезиш мумкин.

Файлақус вафот этгач, валиаҳд сифатида тахтни Искандар эгаллаши керак эди, лекин у тахтга чиқишга ошиқмайди. Халқ унинг шоҳ бўлишини қаттиқ талаб қилиб туриб олгандан кейингина Арасту унга тож кийгизади. Искандар халқ олдига шарт қўйиб, кимнинг арз-доди бўлса, шоҳни ўзи билан тенг кўриб, аҳволини айтишини сўрайди:

Ки, берди манга додгарлик Илоҳ,

Бор эрса халойиқ аро додхоҳ,

Келиб оллима арзи ҳол айласун,

Ўз аҳволини қийлу қол айласун!

Искандар тахтга ўтиргач, адолат билан мамлакатни бошқара бошлайди. Халқни икки йиллик хирождан озод этади. Достонда шу ўринда адолатнинг таърифи берилади. Бу таъриф ҳадислар воситасида тушунтирилади. Масалан, бир соатлик адолат фаришталарнинг, дунёдаги барча инсонларнинг тоатидан афзал деган ҳадис келтирилади. Сўнг шоҳ Масъуднинг бир куни тушида отаси Маҳмудни нурга ғарқ бўлган ҳолда жаннат боғларида юрганини кўргани ва отасидан бу ҳолга қандай сазовор бўлганини сўраганида, отаси Ҳиндистонни эгаллаш вақтида элга қилган биргина адолати туфайли Аллоҳ унга шундай мартабани лойиқ кўргани ҳақида сўзлаб берганига доир ҳикоят илова қилинади. “Ҳикмат бобида эса Искандарнинг Арасту билан адолат ҳақидаги савол-жавоби келтирилади. Арастунинг фикрича, шоҳ ҳар бир ишда адолат мезони асосида иш тутса, унинг мулку мамлакати обод, халқи бадавлат бўлади. Халқ бадавлат бўлса, аскарларнинг маоши ҳам ортади ва қўшин ҳамиша ғолиб бўлади.

Шу тариқа Искандар адолат мезони асосида кўплаб мамлакатларни эгаллайди, сув тубига тушади. 23-бобдан достонга Доро образи кириб келади. Навоий Дорога тавсиф берар экан, унинг Каёнийлар сулоласи вакили эканлигини, жаҳон подшоси сифатида Кайхисраву Кайқубодларнинг авлоди эканлигини, унинг давлатни бошқаришида Лухросбнинг тартиблари, қўшинида Гуштосбнинг қонунлари устувор эканлигини баён қилади. Доро ва Искандар орасидаги хирож можароси бу икки шоҳ ўртасида ихтилофнинг пайдо бўлишига олиб келганлигини афсус билан таъкидлайди.

Уруш бошланади. Аммо тез орада Доронинг ноиблари хиёнат қиладилар ва Доро ярадор ҳолда Искандар қўлига асир тушади. Ўлими олдидан хиёнаткорларни жазолаш, унинг қариндош-уруғларига озор бермаслик ва қизи Равшанакка уйланишни Искандарга васият қилади. Искандар Доронинг барча васиятларини ортиғи билан адо этади, Дорони иззат-икром билан дафн қилади. Шу ўринда Искандарнинг жаҳонгир шоҳ бўлиш билан бирга чексиз меҳр соҳиби эканлиги ҳам ғоят моҳирлик билан тасвирланади.

Искандар Эронни эгаллагач, жаҳонни фатҳ этишга киришади. Кўплаб ўлка подшоларига хат ёзиб, мамлакатда адолат ва осойишталик ўрнатмоқчи эканлигини ва шунга мос ҳолда ўз ихтиёрлари билан унга таслим бўлишларини сўрайди. Аксарият подшолар унга бўйин эгиб келадилар. Фақат Кашмир, Ҳинд ва Чин хоқонларигина унга бўйсунишни истамайдилар. Искандар Кашмирга юриш қилишга мажбур бўлади ва мамлакат шоҳи Маллуни бўйсундиради. Унинг васиятига биноан қизи Меҳрнозга уйланади, ўғли Ферузни Кашмирга подшо қилади. Ҳирот ва Самарқанд шаҳарларини барпо қилади. Тез орада Ҳинд ва Чин хоқонлари ҳам Искандарнинг шаъну шавкатига тан бериб, унга жангсиз таслим бўладилар.

Искандар ер юзини эгаллагач, денгиз сирларини ҳам билиш учун узоқ сафарга чиқади. Шишадан сандиқ ясаб, уммон тубига тушади ва кўплаб ажойиботларни кўради. Аммо сафардан қайтишда хасталанади ва тутинган онаси Бонуга ўғилликни ўрнига қўя олмаганидан узр сўраб, мактуб ёзади. Мазкур мактуб бутун дунёни забт этса-да, охир-оқибат у дунёга ҳеч бир нарсасиз, очиқ қўл билан кетаётган, бу оламга шоҳ бўлгандан кўра онадек буюк зотга қуллик қилиш шарафи юксакроқ эканлигини англаган улуғ жаҳонгирнинг иқрорномаси эди:

Бошимға тушуб ҳарза андешае,

Дедим олам очмоқ эрур пешае.

Не қилғон хаёлим бори хом эмиш,

Ҳавас жоми кўнглумга ошом эмиш.

Керак эрди, то кирди мағзимға ҳуш,

Хирад токи солди димоғимға жўш.

Демон қилсам эрди ўғуллуқ санга,

Қабул айласам эрди қуллуқ санга.

Санга айлабон хоки даргоҳлиқ,

Анинг отин айтсам эди шоҳлиқ.

Асосий қисмнинг сўнгги бобида етти файласуф ҳаким: Афлотун, Суқрот, Балинос, Буқрот, Ҳурмус, Фарфинюс ва Арасту Искандарнинг онасига таъзия билдиргани келадилар ва шу билан Искандар воқеаси поёнига етади.

Достон бошқа достонлардан фарқ қилиб, каттагина хотима билан якунланади. Хотима 6 бобдан иборат бўлиб, “Садди Искандарий” достонини тугаллаш билан муайян маънода “Хамса”га ҳам якун ясайди. Хотима қуйидаги бобларни ўз ичига олади:

84- боб – Ҳусайн Бойқаро ва унинг фарзандлари таърифи

85- боб – Ҳакимлар (донишмандлар) таърифи

86- боб – Гадонинг шоҳга насиҳати хусусида

87- боб – Сўз гавҳари хусусида

88- боб – Дарвешалига насиҳат

89- боб – Хулоса.

Достоннинг сўнгги бобида Навоий унга бахт-давлат раҳнамолик қилиб, ниҳоят “Хамса”ни якунлаганини ёзар экан, “Ҳайрату-л-аброр” достони ёзилишидан бошлаб “Садди Искандарий” якунлангунча бўлган жараённи бирма-бир эслаб ўтади. Навоий тонг отиб кеч киргунча эл-юрт ташвиши билан банд бўлгани ҳолда салафлари узоқ муддат ёзган “Хамса”ни жуда қисқа муддатда – икки йилда якунлаганини, агар бевосита фақат ёзиш учун кетган вақт ҳисоблаб чиқилса, олти ойга ҳам бормаслигини фахрия тарзида баён қилади:

Сангаким йўқ эмгакда ғоят падид,

Улус меҳнатида ниҳоят падид.

Қилиб тонгдин оқшомғача қийлу қол,

Юзунгга етиб ҳар нафас юз малол.

Ўзунг тинмайин халқ ғавғосидин,

Қулоғинг халойиқ алолосидин.

Бу меҳнатлар ичра чекиб сўзга тил,

Замондин камо беш ўтуб ики йил.

Чекиб хома бу нома итмомиға,

Етургайсен оғозин анжомиға

Ки, ақли муҳосиб шитоб айласа,

Дейилган замонин ҳисоб айласа.

Йиғиштурса бўлмас бори олти ой

Ки, бўлдунг бу раъноға суратнамой.

Навоий ўз бешлиги китобхонлар томонидан қандай баҳоланишини билиш учун устози Абдураҳмон Жомийнинг ҳузурига боради ва унга “Хамса”ни тақдим этади. Жомий асарни бирма-бир варақлаб, шоирга лутф билан муносабатда бўлади ва бир қўлини шоирнинг елкасига қўяди. Устоз ва пир Жомийнинг қўли елкасига теккач, шоир бир лаҳза ҳушини йўқотади ва тахаййул оламига ғарқ бўлади: Навоий ажойиб бир гулистонда сайр қилиб юриб, бир гуруҳ суҳбатдошларни кўриб қолади. Улардан бири шоир томонга келиб, ўзини форс-тожик шоири Ҳасан Деҳлавий деб таништиради ва даврадагилар шоирни кўрмоқчи эканликларини айтади. Навоий ҳаяжон билан давра аҳлига яқинлашади. Ҳасан Деҳлавий даврадагиларни Навоийга таништиради. Ўртада Низомий Ганжавий, унинг икки ёнида Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомий, уларнинг атрофида ўтирганлар эса Фирдавсий, Унсурий, Саъдий, Саноий, Ҳоқоний ва Анварийлар эди:

“... Ўртодағи пири фаррухжамол

Ки, васфида келди хирад нутқи лол,

Эрур ҳазрати Шайх, огоҳ бўл!

Ниёз айлабон хоки даргоҳ бўл.

Ўнг илги сори анга пайравдурур,

Жаҳон офати – Мир Хусравдурур.

Яна бир ён устоду пиринг сенинг,

Рақамхони лавҳи замиринг сенинг

Чу Саъдию, Фирдавсию, Унсурий,

Саноию, Хоқонию, Анварий”...

Даврадагилар Навоийни кўришлари билан ўринларидан турадилар. Унинг бир қўлидан Хусрав Деҳлавий, иккинчи қўлидан Абдураҳмон Жомий тутиб, Низомийнинг ёнига ўтқизадилар. Навоий Низомийга таъзим бажо келтириб, унинг ёнига ўтиради. Низомий Навоийнинг “Хамса”сига юксак баҳо беради ва Жомийдан шоир ҳаққига дуо ўқишини сўрайди...

Шу онда Навоий тахаййул оламидан қайтиб қараса, Жомий қўлини унинг елкасидан олган ва унга қараб турган экан. Жомий Навоийни улуғ муддаога етишганлиги билан қутлаб, Тангрига шукрона келтиришга чорлайди. Ниҳоят Аллоҳдан мадад сўраб, илоҳий жумла билан ибтидо топган “Хамса” буюк Яратганга шукроналик билан якун топади:

Навоий, қилиб Тенгри коминг раво,

Санга рўзи этти ажойиб наво.

Узот Тенгри шукри навосиға тил,

Наво ортуқ истар эсанг, шукр қил!

“Садди Искандарий” мутақориб баҳрининг мутақориби мусаммани маҳзуф (рукнлари ва тақтиъи: фаувлун фаувлун фаувлун фаул V – V – V – V – ) вазнида ёзилган.

Адабиётлар:

1. Алишер Навоий. Садди Искандарий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1993. 11-жилд.

2. Navoiy Alisher. Saddi Iskandariy. – T.: G’.G’ulom nomidagi NMIU, 2006.

3. Навоий Алишер. Садди Искандарий (насрий баёни билан). Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1991.

4. Бертельс Е.Э. Роман об Александре и его главной версии на Востоке / Избранные труды. Навои и Джами. – М.: Наука, 1965.

5. Қаюмов А. “Садди Искандарий”. - Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1975.

6. Эркинов А.С. Навоий – пейзаж устаси. - Т.: Фан, 1988.

7. Ўзбек адабиёти тарихи. Беш жилдлик. 2-жилд (XV асрнинг иккинчи ярми). – Т.: Фан, 1977.

Дилнавоз Юсупова