“Фарҳод ва Ширин” достонининг тимсоллар олами

Алишер Навоий “Хамса”сидаги иккинчи достон “Фарҳод ва Ширин” деб аталиб, 1484 йилда ёзиб тугалланган. Навоийгача бу мавзу "Хусрав ва Ширин" шаклида машҳур эди. Афсонанинг бош қаҳрамони Хусрав Парвез аслида тарихий шахс бўлиб, милодий 590 йилда тахтга чиқиб, 628 йилда ўз ўғли Шеруянинг буйруғи билан ўлдирилган Эрон шоҳидир. Унинг оромий ёки арман қизи Ширинга бўлган муҳаббати кўпгина тарихий асарларда қайд этилган. Хусусан, Алишер Навоийнинг ўзи ҳам “Тарихи мулуки Ажам” асарининг сосонийлар тарихига бағишланган қисмида Хусрав Парвез ҳақида маълумот беради. Бадиий адабиётда Хусрав ва Ширин муҳаббати ҳақида биринчи бўлиб Фирдавсий ўзининг "Шоҳнома" достонида ёзиб қолдиради, Низомий эса уни алоҳида ишқий-саргузашт достон ҳолига келтиради. Низомийнинг "Хусрав ва Ширин" достони 1340 йилда Қутб Хоразмий томонидан туркий тилга таржима қилинган.

Алишер Навоий бу мавзудаги достони учун аввалги достонларда иккинчи даражали тимсол тарзида талқин қилинган Фарҳодни бош қаҳрамон қилиб олади. Аслида Фарҳоднинг бош қаҳрамон қилиб олиниши адабиётда илк бор ХIV асрда Озарбайжонда яшаб фаолият юритган Ориф Ардабилийнинг “Фарҳоднома” (1369) номли форс-тожик тилида ёзилган достони билан бошланади. Лекин унда тасвирланган воқеалар Навоий достонидан бутунлай фарқ қилади. Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонида бу мавзуда қалам тебратган ижодкорлар сифатида Низомий, Деҳлавий, Ашраф Мароғийларни эслаб ўтар экан, яна бир номаълум ижодкорга ҳам ишора қилиб ўтади:

Яна бўлғон экан бу нома марқум,

Вале роқим эмастур яхши маълум.

Адабиётшуносликда ушбу номаълум ижодкор айнан Ориф Ардабилий бўлиши мумкин деган фикр мавжуд.

Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони 54 боб, 5782 байтдан иборат. Шундан муқаддима 11 бобни ўз ичига олади. Достон анъанавий ҳамд – Аллоҳнинг мақтови билан бошланади. Достонда иккита ҳамд мавжуд. Биринчи ҳамдда Алишер Навоий яратувчининг қудратини таърифлаб, унинг иродаси билан қаламга олмоқчи бўлган ғоявий нияти ҳақида сўз юритар экан, биринчи мисрани арабча калима билан бошлайди:

Биҳамдик фатҳ абвоб ул маоний,

Насиб эт кўнглума фатҳ ўлмак они.

Яъни: Маънолар эшикларининг очилиши сенинг мақтовинг билан ва кўнглумга уларни забт этишни насиб қил.

Кейинги байтларда Навоий маънолар хазинаси қулфига қўлининг калит бўлишини, шу восита билан барча умидларига етишишни тилайди, ана шу маънолар хазинасидан олам аҳлини баҳраманд қилишни умид қилади.

Иккинчи ҳамдда шоир ёзишга киришаётгани “Фарҳод ва Ширин” достонининг умумий талқини, ундаги қаҳрамонларнинг мухтасар тавсифини беради, “дард боғи” деб таърифланган ишқ билан алоқадор барча ҳаяжон ва изтироблар ҳақида ёзади. Шоир Холиқ мақтовига киришар экан, энг аввало, у инсон кўнглини ишқ гулшани, бу гулшанда эса ишқни хазинага айлантирганлигини мадҳ этади:

Ки инсон кўнглин этти гулшани ишқ,

Бу гулшаннинг ҳаримин махзани ишқ.

А.Рустамовнинг “Навоийнинг бадиий маҳорати” китобида ёзилишича, Навоий қазони Фарҳодга, осмонни Фарҳодга алоқадор Бесутун тоғига, ақлни Чин хоқонининг вазири Мулкорога ва донишманд Суқротга, тунни Хусрав Парвезнинг оти Шабдезга, қадарни Фарҳоднинг дўсти Шопурга, ажални отасини ўлдирган Парвезнинг ўғли Шеруяга, замонни Парвезнинг созандаси Нигисога ўхшатган ҳолда “ширин”, “тилисм” сўзларини, Бесутун, Хусрав ва унинг ашулачиси Борбад номларини тилга олиб, муқаддимани достоннинг мундарижасига уйғунлаштирган. Шу билан бирга бу ўхшатишлар замирида шоир достон мундарижасида қаҳрамон ва тимсоллар фаолияти қайси кўламда кечиши, улар достонда қандай роль ўйнаши билан ҳам китобхонни таништиради.

Муножот (3-боб)да Алишер Навоий инсоннинг йўқликдаги ҳолати, дунёга келиши, гўдаклиги, ҳаёти тўғрисида баён қилади. “Лавҳи маҳфуз” (кишиларнинг яхши ва ёмон амаллари, тақдири азалдан битиб қўйилган тахта) ҳақида фикр юритар экан, инсон азалий қисмат ижрочиси экан, бунга уни гуноҳкор қилишни қандай изоҳлаш мумкин деган фикрларни айтади:

Ва гар ул лавҳ уза бўлса муҳаррар,

Азал тақсимидин бўлди муқаррар.

Не дерсен бас бу жамъи бенавоға,

Гуноҳе қилмайин қолғон балоға?

Кейинги байтлардаёқ Навоий бу фикрларни беҳуда даъво деб ҳисоблаб, ружуъ санъати воситасида бу даъвони инкор қилади ва Аллоҳдан унга марҳамат қилишини сўрайди:

Жунундин сўзга бир дам бўлмай огоҳ,

Гар ортуқ сўз дедим, астағфируллоҳ.

Илоҳий, боқмағил мажнунлуғумға,

Карамдин чора қил маҳзунлуғумға.

Достоннинг тўртинчи боби Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) мадҳига бағишланган. Боб пайғамбарнинг муборак чеҳраси тавсифи билан бошланиб, унинг ўқиш ва ёзиш билан шуғулланмаганлиги ажойиб бадиий санъатлар воситасида баён қилиб берилади. Хусусан, қалам пайғамбар унга майл кўрсатмаганидан, яъни уни қўлида тутмаганлигидан кейин ёқасини чок қилиб, кўз ёшларини тўкиб, афғон қилганлиги, унинг қўлини ўпайин деб қанча оғзини очмасин, унинг орзуси амалга ошмаганлиги ҳусни таълил санъати асосида келтирилганлигини кўрамиз:

Неча чоки гирибон қилди хома,

Тўкуб ашкини афғон қилди хома.

Очиб оғзин қилай деб дастбўси,

Муяссар бўлмайин бу орзуси.

Бобда “инсонлар пайғамбар белгилаб берган шариат қоидалари асосида яшасаларгина, ҳақиқий саодатга эришадилар” деган ғоя илгари сурилади.

5-боб меърож туни таърифига бағишланган бўлиб, пайғамбарнинг Буроқ оти ёрдамида Аллоҳ ҳузурига йўл олиши тасвири берилади. Бунда пайғамбарнинг 12 бурж ва 7 сайёраларни ошиб ўтиб, Ломаконга кўтарилганлиги, “қоба қавсайн” (икки ёй оралиғи) даражасида Аллоҳга яқинлашгани ва фоний бўлганлиги ҳақидаги фикрлар баён қилинади.

Анга бу сурма бўлғоч қурратул айн,

Насиб ўлди мақоми “қоба қавсайн”.

Ўзин гум айлабон, лекин топиб ҳақ,

Кўринмай кимса ҳақдин айру мутлақ.

Достоннинг 6-боби қалам таърифи ҳамда улуғ салафлар Низомий ва Деҳлавийлар мадҳини ўз ичига олади. Навоий дастлаб қаламга таъриф берар экан, уни Хусрав Парвезнинг тез учар қора оти Шабдезга, қаламни тутувчи бармоқларни шу от устидаги чавандозга, бармоқ бўғинларини чавандознинг белбоғига, тирноқларни эса унинг юзига ўхшатади:

Қаламким, раҳнаварди тезтакдур,

Азалдин манзили фавқул фалакдур.

Магар ваҳм адҳамидур тез рафтор,

Не адҳам, жардаи Шабдез рафтор.

Чиқиб устига бармоқ шаҳсувори,

Бўғун белбоғию тирноқ узори.

Ҳазрат Навоий Низомийни хазинадорга, унинг маъноларга тўла асарларини хазиналарга ўхшатиб таърифлайди. Хусрав Деҳлавийни у яшаган Ҳиндистон билан боғлиқ ҳолда ҳинду, тўти, булбул, қақнус, мушк ҳидли булутга ўхшатади. “Хамса” ёзиш анъанасини кураш майдонига ўхшатиб, ўзининг бугунги кунда ниҳоятда машҳур байтларини ёзади:

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,

Низомий панжасиға панжа урмоқ.

Тутайким қилди ўз чангини ранжа,

Неким урди анинг чангига панжа.

Керак шер оллида ҳам шери жанги

Агар шер ўлмаса, бори паланги.

Айнан шу бобдан бошлаб 2-3 байтли соқийномалар бериб борилади. Кўпинча бу соқийномаларда шоир кейинги бобда қаламга олинадиган воқеа ёки масалаларга ишора қилинади:

Кел эй соқийки, тушмиш жонима жўш,

Кетур бу икки ёди бирла бир қўш.

Алар ишқида нўш айлаб ики жом,

Тутай Жомий майи мадҳин саранжом.

7-боб “ҳазрати шайху-л-исломий мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий” мадҳидадир. Алишер Навоий Низомий ва Деҳлавийни иккита филга ўхшатгани ҳолда, Жомийни юз филга ўхшатади. Сўз ўйини воситасида уни ХI-ХII асрларда яшаган машҳур сўфий Зиндапили Жомийга қиёслайди, “фано тимсоли”, “жаҳони бегарон” (чексиз жаҳон), “олами кубро” (улуғ олам) деб атайди. Боб Жомий қўлидан бир жом ичиш умиди билан якунланади:

Кетургил, соқий ул жоми киромий

Ки, тутсун риндлар сархайли Жомий.

Чу пири дайр май қилди ҳавола,

Ичармен гар эрур гардун пиёла.

Навбатдаги боб достоннинг ёзилиш сабаби ҳақида. Бу бобда шоир достонни яратиш орзуси пайдо бўлгач, бепоён дурру гавҳарлар денгизига чўмганлигини, яъни кўп мутолаа қилганлигини, тинмай ўйлаганлигини айтади. Достонни ёзишга ундаган сабаблардан бири ўзининг муҳаббати, бу ишқнинг алам ва изтироблари эканглигини айтиб, у туфайли ўзига етишган азобу уқубатларни баён қилади. Шунда унга ғойибдан нидо келиб, ҳотиф (ғойибдан оқ фотиҳа берувчи) уни янги бир асарни ёзишга илҳомлантирганини, кейин Жомийнинг олдига борганида у ҳам шоирни дуо қилиб, бу ишда унга оқ йўл тилаганини ёзади.

9-боб асар режасини тузиб олгани, турли афсоналар, тарихий манбаларни кўриб чиққани, шу мавзуда ёзилган достонларда йўл қўйилган хатоларни тузатиб, ўз ғояларини қай тарзда ифода этмоқни ният қилгани баёнидадир. Бунда Навоий ёзилажак асари янги бўлиши лозимлигини, аввал шу мавзуда яратилган достонларни такрорламаслик кераклигини таъкидлайди:

Ани назм этки, тарҳинг тоза бўлғай,

Улусқа майли беандоза бўлғай.

Йўқ эрса назм қилғонни халойиқ,

Мукаррар айламак сендин не лойиқ.

Хуш эрмас эл сўнгинча рахш сурмак,

Йўликим, эл югурмиштур югурмак.

Достоннинг 10-боби Султон Ҳусайн Бойқаро таърифига бағишланган. Навоий уни султонлар ичида Шоҳ Ғозий, ғазот майдонида Али ибн Абу Толиб, шариат ривожида пайғамбар сингаридир деб улуғлайди ва уни адолатли, саховатли ҳукмдор сифатида мадҳ қилади.

11-боб шаҳзода Бадиуззамон Баҳодир мадҳига бағишланган. Навоий уни “Бадиу-д-даҳру Дорои замон” деб атаб, унинг исмини китобот (ҳарф) санъати асосида шарҳлаб ўтади. Шаҳзоданинг исми 10 ҳарфдан иборат бўлиб, Навоий унинг ҳар бир ҳарфига алоҳида маъно юклайди:

” – “бе” эҳсонда бирлик, ягоналикнинг далилидир, “” – “дол” давлатдан нишона бўлиб, дину диёнат ундан иқбол топади. “” – “йо” ҳарфи йумн (бахт, омад)дан дарак бериб, унинг қадами билан замона тинчийди. Тўртинчи ҳарф “” – “айн” бўлиб, адолатдан олингандир. “” – “алиф” ҳарфи ўз шакли билан унинг тўғрилиги, ростгўйлигини билдиради. “” – “лом” ҳарфи лутфдан воқиф этиб, латофат гулшанидан баҳраманд этади. “” – “зе” ҳарфи абжад ҳисобига кўра 7 рақамини англатади, бу Аллоҳ унга 7 иқлимни насиб айлашига ишорадир. “” – “мим” ҳарфи миллат кироми, мусулмонлик низоми ундан эканлигини англатади. “” – “алиф” ҳарфи Аллоҳ унинг ёри эканлигига далолат бўлса, сўнгги ҳарф “”– “нун” наср (мадад) Аллоҳдандир деган маънони билдиради.

Навоий юқорида достонни яратишдан мақсад “ишқ, яъни илоҳий ишқ дардини куйлаш” эканлигини айтиб ўтган эди:

Бу рангин саҳфа билким, дард боғи,

Аён ҳар лоласида ишқ доғи.

Бундан маълум бўладики, достондан бош мақсад илоҳий ишқ дардига мубтало бўлган солик (тариқат йўлига кирган ошиқ)нинг саргузаштларини тасвирлашдан иборатдир.

Достоннинг асосий қисми 12-бобдан бошланади. Воқеалар Чин хоқонининг фарзандсизлиги ва унинг изтироблари тасвири билан ибтидо топади. Ниҳоят унинг илтижолари қабул бўлиб, Тангри унга бир ўғил инъом этади. Навоий гўдакнинг туғилишидан тортиб улғайишигача бўлган ҳар бир жараённи алоҳида тасвирлайди, ҳатто гўдакка қўйилган исмга ҳам алоҳида маъно юклайди:

Анга фарзона Фарҳод исм қўйди,

Ҳуруфи маъхазин беш қисм қўйди.

Фироқу рашку ҳажру оҳ ила дард,

Бирор ҳарф ибтидодин айлабон фард.

Фарҳод болалигидан фавқулодда хислатлари билан атрофдагиларни ҳайратга солади. Ўн яшарлигида:

Жаҳонда қолмади ул етмаган илм,

Билиб таҳқиқини касб этмаган илм

даражасига эришади. Асарда Фарҳод ҳам чексиз жисмоний қудрат, беназир истеъдод эгаси, ҳам юксак фазилатлар соҳиби сифатида тасвирланади.

Фарҳод ёши улғайгани сари ҳазин ва хастадил бўлиб бўлиб боради. Хоқон Фарҳоднинг кўнглини очиш, ҳазин кайфиятини кўтариш учун йилнинг тўрт фаслига мослаб тўрт қаср қурдиради. Шу аснода Фарҳод Қорандан тош йўниш, Бонийдан меъморлик, Монийдан наққошлик сирларини ўрганади. Лекин у эгаллаган билимлар, ўрганган ҳунарлар зоҳирий (дунёвий) билимлар бўлиб, илоҳий сиру асрорни очишга кифоя қилмайди. Энди у пири комил таълимини олиши керак эди.

Фарҳоддаги ҳазинликнинг тарқамаганини кўрган хоқон унга тахтни таклиф қилади ва шу билан гўёки ўғлининг дардига даво топмоқчи бўлади. Аслида эса Фарҳоддаги бу ҳолат заминий, дунёвий бўлмай, илоҳий ишқнинг нишонаси эди. Шу ўринда Навоий илоҳий ишқ дардида ёнган инсон билан бундай саодатдан маҳрум фоний дунё кишилари орасидаги фарқни кўрсатиб беради. Фарҳод отасининг тахтни эгаллаш ҳақидаги таклифини салтанат ишларини ўрганиш, тажриба орттиришга ижозат сўраш билан ортга суради ва хоқон хазинасидаги беҳисоб бойликлар билан таниша бошлайди. Натижада яширин парда ортидаги хонада сақланаётган сирли сандиқ ва ундаги тилсимли кўзгуни кўриб қолади. Фарҳод ушбу кўзгунинг сеҳрини очолмай, Юнонистон сафарига, Суқрот ҳузурига отланади.

Суқротнинг ҳузурига бориш йўлини унга Суҳайло исмли ҳаким (донишманд) ўргатади. Н.Комиловнинг “Тасаввуф” номли китобида ёзилишича, Суҳайло Фарҳоднинг тариқат йўлидаги биринчи пири. У Фарҳод енгиб ўтиши керак бўлган тўсиқлар: аждарҳо ва девдан хабар беради. Тасаввуфда аждарҳо – нафс тимсоли, дев – салтанат тимсоли ҳисобланади. Суҳайло Фарҳодга аждарҳони енгиш учун самандарнинг ёғини беради. Самандар – олов ичида яшайдиган жонивор. У – ишқ рамзи. Фарҳод баданига самандар ёғини сурганда, аждарҳонинг ўти унга кор қилмайди, яъни ишқ оташи нафс ўтини сўндиради. Шунингдек, Фарҳодга кейинги манзилларда учрайдиган шер ва темир пайкарнинг ҳам рамзий маъноси бор. Шер – ғазаб тимсоли, илоҳий ишқ йўлига кираётган соликда эса ғазаб бўлмаслиги керак. Темир пайкар – рўё, ёлғон дунё рамзи. Солик дунё мўъжизаларига чалғимаслиги, уларга кўнгил қўймаслиги керак. Фарҳод темир пайкарни ҳам енгиб, ниҳоят Суқрот даргоҳига кириб боради.

Аслида Суқрот тимсолининг асар таркибига киритилиши тасодифий бўлмай, бош мақсадни очиб бериш йўлидаги муҳим воситадир. Н.Комиловнинг ёзишича, Суқрот пири комил тимсоли бўлиб, усиз Фарҳоднинг ўз мақсадига эришиши мумкин эмас эди. Навоий Суқротни қуёш каби порлоқ сиймо, жисми пок руҳ каби, шахси ақлнинг ҳайкали деб таърифлайди. У камолот чўққисини эгаллаган комил инсон, ўзи бир жойда ўтирса ҳам, руҳи бутун дунёни кезиб чиқади. Жамшид жоми, Искандар кўзгуси ҳам унинг кўнгил кўзгуси олдида хира. У Фарҳод билан яккама-якка суҳбатлашиб, уни ўз фарзандидай эъзозлайди. Чунки бу йигит сиймосида у ўз сулук (йўл)ининг давомини кўрган эди. У Фарҳодга шундай дейди:

Муни билким, жаҳон фонийдур асру,

Ҳақиқат аҳли зиндонийдур асру.

Агар топса Сикандар мулки зотинг,

Гар ўлса Нуҳ умрича ҳаётинг.

Бу байтда Навоий Суқрот тилидан тасаввуфнинг муҳим ғоясини баён этади. Яъни бу дунё ўткинчи, фонийдур, шу сабабли унга кўнгил боғлаш тўғри эмас.

Чу маҳбуби ҳақиқий улдурур ул,

Анинг васли сори қатъ айламак йўл...

Бу йўл ичраки беҳад дарду ғамдур,

Узоқ тортар, вале икки қадамдур.

Ким ул икки қадамнинг қатъи минг йил,

Киши урса қадам мумкин эмас бил.

Бири ўзлукни қилмоқ бўлди фоний,

Яна бир доғи топмоқ бўлди они

Ҳаққа етишиш йўли икки қадам масофадек гап, лекин бу икки қадамни босиб ўтиш учун минг йиллик машаққат сарфланиши керак. Бу икки қадамнинг бири ўзликдан воз кечиш, иккинчиси ўзликни топиш, яъни ўзликдан воз кечмай туриб, чин илоҳий ўзликни топиш мумкин эмас.

Инсон ўзликдан қутулмай, Илоҳга етолмас экан, демак, уни тезлаштирувчи чора – восита керак. Достонда мажозий ишқ тонг ёруғига, ҳақиқий ишқ қуёшга ўхшатилади:

Бу ўзлукдин қутулмоқ чорасози,

Нима йўқ, ўйлаким ишқи мажозий...

Мажозий ишқ бўлди субҳи анвар,

Ҳақиқий ишқ анга хуршиди ховар.

Фарҳод шу тариқа Суқрот ҳузурига борар йўлда тариқат мақомларини босиб ўтади, пири комил суҳбатидан баҳраманд бўлиб, илоҳий ишқнинг моҳиятини англай бошлайди. Чин мамлакатига қайтиб бориб, кўзгуда энди нафақат Ширинни, балки ўзини ва ўзи келгусида бошдан кечириши керак бўлган воқеаларни кўра бошлайди. Чунки кўзгу бу ўринда комил инсон Суқротнинг қалбидир.

Достонда илоҳий ишқдан бебаҳра фоний дунё кишиларидан бири Хусравдир. Муаллиф бу икки қаҳрамоннинг мунозарасини тасвирлар экан, икки хил ишқ – авом ишқи ва илоҳий ишқ ўртасидаги тафовутни кўрсатиб беради. Жами 25 байтдан иборат бу мунозарада деярли ҳар бир байтда муайян бадиий санъатнинг етакчилик қилишини кузатиш мумкин. Хусусан,

Дедиким: ишқ ўтидин де фасона!

Деди: куймай киши топмас нишона.

байтида “ўт” ва “куймоқ” сўзлари асосида таносуб санъати ясалганлигини кўрсак, кейинги байтда “а” унлисининг такрорланиши асосида вужудга келган ассонанс бадиий воситасини қўлланилганлигини кўрамиз.

Дедиким: куймагингни айла маълум,

Деди: андин эрур жоҳ аҳли маҳрум…

Хусрав савол-жавобда ҳам, жисмоний ҳаракатларда ҳам Фарҳодни енга олмайди, чунки дунёвий куч илоҳий қудратни енгиши мумкин эмас эди. Шунда у маккорлик йўлига ўтади: ёсуман кампир воситасида Фарҳоднинг ўлимига эришади.

Навоий тилидан Фарҳоднинг ўлими муносабати билан айтилган

Вужудин ўртаб ул сўзу гудози

Ҳақиқатқа бадал бўлди мажози

деган иқрорини Аллоҳ жамолига етишган ишқ аҳли ҳақидаги маънавий хулоса дейиш мумкин. Қуйидаги мисраларда шоир фикрини янада кучайтирганлигини, Фарҳод тимсолида илгари сурилган қарашларини ойдинлаштирганини кўриш мумкин:

Бақо шаҳрида султонлиққа етти,

Ҳақиқат мулкида хонлиққа етти.

Достон хотимаси икки боб (53-54) дан иборат бўлиб, 53-боб Султон Ҳусайн Бойқаронинг ўғли шаҳзода Абулфаворис Шоҳғариб Мирзо мадҳи ва унга бағишланган бир неча насиҳатни ўз ичига олади. Навоий Шоҳғариб Мирзога камолотга эришиш йўллари ҳақида гапирар экан, шаҳзодага Искандар Зулқарнайн, Мирзо Улуғбек каби ҳукмдорларни ибрат қилиб кўрсатади. Энг муҳим илмлар сифатида фиқҳ, ҳадис ва тафсирни эгаллаш зарурлигини уқтиради, шунингдек тиббиёт ва ҳикмат илмини ҳам ўрганишни тавсия этади:

Шаҳ улдурким шиори илми диндур,

Нединким илми дин илм ул-яқиндур...

Бу дин илмики хомам қилди таҳрир,

Эрур фиқҳу ҳадису сўнгра тафсир...

Валекин тиббу ҳикмат ҳам эрур хўб

Ки, сиҳҳатдур киши жисмида матлуб.

Якуний бобда Навоий Фарҳод тимсолини ўз замонасидаги барча шаҳзодаларга ибрат ҳамда ўрнак қилиб кўрсатади.

Фарҳод ва Ширин" ишқий саргузашт достонлар учун мўлжалланган ҳазажи мусаддаси маҳзуф вазни (рукнлари ва тақтиъи: мафоийлун мафоийлун фаувлун V– – – V– – – V– –) да ёзилган.


Адабиётлар:

1. Навоий Алишер. Фарҳод ва Ширин. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдлик. – Т.: Фан, 1991, 8-жилд.

2. Navoiy Alisher. Farhod va Shirin. – T.: G’.G’ulom nomidagi NMIU, 2006.

3. Навоий Алишер. Фарҳод ва Ширин (насрий баёни билан). Таҳрир ҳайъати: А.Қаюмов ва бошқ. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1989.- 246 б.

4. Комилов Н. Тасаввуф. – Т.: Movarounnahr – O’zbekiston NMIU, 2009.

5. Эркинов С. Навоий “Фарҳод ва Ширин”и ва унинг қиёсий таҳлили. – Т.: Фан, 1971.

6. Эркинов С. Шарқ адабиётида Фарҳод қиссаси. – Тошкент: Фан, 1985.

7. Қаюмов А. “Фарҳод ва Ширин” сирлари. Т.: 1979.

8. Рустамов А. Навоийнинг бадиий маҳорати. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1979.

9. Юсупова Д. Алишер Навоий “Хамса”сида мазмун ва ритмнинг бадиий уйғунлиги. – Тошкент: МУМТОЗ СЎЗ, 2011.

Дилнавоз Юсупова