Хамсанавислик анъанаси ва Алишер Навоий “Хамса”си

Мусулмон Шарқи эпик поэзияси тарихи хамсачилик анъанаси билан чамбарчас боғлиқ. Даставвал ХII асрда вужудга келган хамса жанри саккиз асрга яқин вақт давомида юзлаб жавоб достонларга эга бўлди. Шарқ адабиётида биринчи бўлиб “Хамса” ёзган шахс буюк озарбайжон шоири Низомий Ганжавийдир. У 1170-1204 йиллар оралиғида бирин-кетин 5 та достон яратди, бу достонлар шоир вафотидан сўнг яхлит бир тўпламга бирлаштирилиб, “Панж ганж” (“Беш хазина”) деб атала бошланди ва кейинчалик хамса номи билан машҳур бўлди.

Низомий бешлигидаги биринчи достон “Махзану-л-асрор” (“Сирлар хазинаси”) деб аталиб, 1170 йилда яратилган. Низомий бу достонини ғазнавийлар ҳукмдори Баҳромшоҳ (ХII аср)га бағишлайди. “Махзану-л-асрор”нинг вужудга келишида ХII аср классиги Ҳаким Саноий “Хадиқату-л-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар боғи”) достонининг таъсири бор. Умуман, мусулмон Шарқида фалсафий-дидактик йўналишдаги достонларнинг ибтидоси ҳам бевосита шу достон билан боғланади.

Низомий бешлигидаги иккинчи достон “Хусрав ва Ширин” деб аталиб, тахминан 1181 йилда ёзиб тугалланган. Шоир бу достонини салжуқий ҳукмдор Тўғрул II (1174-1194) топшириғига кўра яратади. “Лайли ва Мажнун” достони эса 1188-89 йилларда Ширвоншоҳ Ахситан II топшириғига кўра яратилади.

Низомий бешлигидаги тўртинчи достон “Ҳафт пайкар” (“Етти гўзал”) 1196 йилда ёзиб тугалланади. Достон 4600 байтдан иборат бўлиб, ҳукмдор Алоуддин Кўрпа Арслон (1174-1207) топшириғи билан яратилган. “Ҳафт пайкар” асосий воқеа ва унга илова қилинган 7 та қолипловчи ҳикоятлардан иборат.

Низомий бешлигидаги сўнгги – бешинчи достон “Искандарнома” деб аталиб, икки қисм: “Шарафнома” ва “Иқболнома”дан иборат. Достон ҳажми 10000 байтдан ортиқроқ. Достоннинг аниқ қайси йилда яратилганлиги маълум эмас, адабиётларда унинг 1197 йилдан кейин ёзилганлиги ҳақида баъзи қайдлар учрайди.

Низомий бешлиги яратилгандан кейин орадан бир аср вақт ўтиб, Хусрав Деҳлавий (1253–1325) унга жавоб ёзди ва шу билан хамсанавислик анъанасини бошлаб берди. У 1299-1301- йилларда "Матлаъу-л-анвор" ("Нурларнинг бошланмаси"), "Ширин ва Хусрав", "Мажнун ва Лайли", "Ҳашт беҳишт" ("Саккиз жаннат"), "Ойинайи Искандарий" ("Искандар ойнаси") достонларини яратиб, Низомий ишини давом эттирди ва натижада адабиётда хамсачилик анъанаси пайдо бўлди.

Деҳлавийдан кейин бу анъана бутун Шарқ дунёсига тарқалди ва жуда кўп халқларда Низомий достонлари мавзуси ва сюжети асосида асарлар пайдо бўлди. Озарбойжон олими Ғ. Алиев жаҳон кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма ва манбаларни ўрганиб чиқиш асосида Низомий бешлигига муайян тарзда жавоб ёзган 300 га яқин ижодкорни аниқлади ва улар ҳақидаги маълумотларни умумлаштириб, “Темы и сюжеты Низами в литературах народов Востока” номли монографиясини яратди.

Хамсанавислик тарихида ХV аср Ҳирот адабий муҳити алоҳида ўрин эгаллайди. Изланишлардан маълум бўлдики, айнан шу давр ва шу муҳитнинг ўзида 20 га яқин ижодкор хамсанависликда ўз кучларини синаб кўрганлар. Гар чи бу ижодкорларнинг барчаси тўлиқ хамса яратмаган бўлсалар-да, лекин бешликнинг у ёки бу достонига жавоб ёзиш билан мазкур анъанага ўз муносабатларини билдирганлар.

Бу даврдаги Низомий мавзуларига мурожаат қилган ижодкорлар ҳақида Алишер Навоийнинг “Мажолису-н-нафоис” (1498), Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкирату-ш-шуаро” (1486), Ҳумомиддин Хондамирнинг “Макориму-л-ахлоқ” асарларида маълумотлар учрайди.

Ижодкорлар гуруҳини хамсанависликка билдирган муносабатига кўра шартли равишда уч гуруҳга ажратиш мумкин:

1. Тўлиқ хамса муаллифлари.

2. “Хамса”нинг баъзи достонларига жавоб ёзган ижодкорлар.

3. Битта достонга жавоб ёзган ижодкорлар.

Тўлиқ хамса муаллифлари

Жамолий

Темур ва Шоҳруҳ замонида яшаган бу ижодкорнинг таваллуд ва вафот этган йиллари ҳақида аниқ маълумот йўқ. Фақат Ғ.Алиев ўзининг “Темы и сюжеты Низами в литературах народов Востока” номли монографиясида унинг бешлиги 1402-1417 йй. оралиғида яратилган деган фикрни билдиради.

Жамолий “Хамса”си қуйидаги достонлардан иборат:

1. “Туҳфат ул-аброр” (“Махзану-л-асрор”га жавоб)

2. “Меҳру Нигор” (“Хусрав ва Ширин”га татаббуъ)

3. “Маҳзун ва Маҳбуб”. (“Лайли ва Мажнун”га татаббуъ)

4. “Ҳафт авранг” (“Ҳафт пайкар”га татаббуъ)

5. Достон номланиши аниқ эмас. Лекин воқеалар мазмуни ва қўлланилган вазн Низомий “Искандарнома”сини эслатгани учун уни Низомий бешлигидаги сўнгги достонга жавоб тарзида ёзилган деб ҳисоблаш мумкин.

Ашраф Мароғий

Шоҳруҳ замонида яшаганлиги ва 1450 йилда вафот этганлиги маълум. Унинг бешлиги 1428-1444 йй. оралиғида яратилган бўлиб, қуйидаги достонлардан иборат:

1. “Минҳож ул-аброр” (“Яхши кишиларнинг йўли”, 1428) йилда яратилган. Низомий достонидан бир оз фарқланиб, 21 мақолатдан иборат ва уларнинг ҳар бир-бирига иккитадан ҳикоят илова қилинади.

2. “Риёз ул-ошиқин” (“Севишганлар боғи”, 1432). Баъзи манбаларда “Хусрав ва Ширин” номи билан кўрсатилади.

3. “Ишқнома” (“Лайли ва Мажнун”га татаббуъ, 1438)

4. “Ҳафт авранг” (“Етти тахт”, 1440)

5. “Зафарнома” (1444) йилда яратилган. Номланишдаги ўзгачаликка қарамай, воқеалар баёни ҳам, қўлланилган вазн ҳам “Искандарнома”ни эслатади.

Мазкур гуруҳдаги яна икки ижодкор Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий “Хамса”лари ҳақида мавзу сўнгида батафсилроқ фикр юритганимиз сабабли бу ўринда уларга тўхталиб ўтирмаймиз.

“Хамса”нинг баъзи достонларига жавоб ёзган ижодкорлар

Котиби Туршизий

Бу ижодкорнинг Нишопурдан келганлиги ва 1434 / 36 йй.да Астрободда вафот этганлиги ҳақида Е.Э.Бертельс ўзининг “Навои и Джами” тадқиқотида маълумот келтиради.

Туршизий 10 га яқин маснавий-достонлар муаллифи, улардан фақат учтаси “Хамса” достонларига татаббуъ тарзида вужудга келди:

1. “Гулшан ул-аброр” (“Яхши кишиларнинг гулшани”).

2. “Лайли ва Мажнун”.

3. “Баҳром ва Гуландом”.

Абдуллоҳ Ҳотифий

1445/ 50-1521 йй. оралиғида яшаган. Манбаларда Абдураҳмон Жомийнинг жияни сифатида тилга олинади. “Хамса”нинг қуйидаги достонларига жавоб ёзганлиги маълум:

1. “Лайли ва Мажнун”.

2. “Ширин ва Хусрав” (1490)

3. “Ҳафт манзар” (“Етти манзара”) “Ҳафт пайкар”га татаббуъ тарзида яратилган.

4. “Темурнома”. “Искандарнома” вазнида битилган бу достон Амир Темурнинг зафарли юришларига бағишланган.

Кўринадики, Ҳотифий достонлари орасида фақат “Махзан ул-асрор”га жавоб тарзида ёзилган достон учрамайди.

Бадриддин Ҳилолий

Асли астрободлик бўлган бу ижодкор XV асрнинг 70-йилларида туғилган. 1529 йилда қатл этилган.“Хамса” достонларига жавобан ёзилган 2 та достони бор:

1. “Сифат ул-ошиқин” (“Махзан ул-асрор”га жавоб)

2. “Лайли ва Мажнун”.

Шаҳобиддин Жомий

Бу ижодкорнинг туғилган ва вафот этган йиллари ҳақида аниқ маълумот йўқ. Фақат Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ”да Шаҳобиддин Жомийнинг Алишер Навоий маслаҳатига кўра, “Лайли ва Мажнун” ва “Хусрав ва Ширин” достонларини ёзганлиги ҳақидаги маълумотига таянадиган бўлсак, муаллифнинг XV асрнинг иккинчи ярмида яшаганлиги маълум бўлади. Шаҳобиддин Жомийнинг бу икки достони бизгача етиб келмаган ёки ҳалигача топилмаган.

Битта достонга жавоб ёзган муаллифлар[1]

Бу гуруҳни ғоявий йўналишига қараб иккига ажратиш мумкин:

1) “Махзан ул-асрор” типида достон ёзган муаллифлар:

Осафий Ҳиравий, Наргисий, Ғиёсиддин Сабзаворий, Фосиҳ Румий, Саййид Қосимий.

2) “Лайли ва Мажнун” типида достон ёзган муаллифлар:

Шайхим Суҳайлий, Али Оҳий, Хожа Имод Лорий, Хожа Ҳасан Хизршоҳ, Заве Қозиси.

Хамсачилик тарихида форс-тожик адабиётининг йирик намояндаларидан бири Абдураҳмон Жомий (1414-1492) бешлиги алоҳида ўрин тутади. Жомий ижодкор бўлиш билан бирга сўфий ҳам эди, бу ҳолат у яратган асарларда ҳам намоён бўлади. Шарқшунос олим Конраднинг таъбири билан айтганда, “у – шоир, у – файласуф, у – филолог, у – мусиқашунос. Лекин шу билан бир қаторда у кўпроқ сўфий. Унинг учун борлиқни англашнинг икки кўриниши мавжуд – борлиқ сирлари ва ижод сирлари” (Конрад Н.И. Запад и Восток, 276-бет).

Адабиётшуносликда Жомийнинг “Хамса” ёзган-ёзмаганлиги билан боғлиқ баҳсли фикрлар мавжуд. Айрим адабиётшунослар Жомий достонларига “Хамса” тарзида эмас, балки еттилик –“Ҳафт авранг” (“Саломон ва Абсол” ҳамда “Силсилату-з-заҳаб” достонларини ҳам қўшган ҳолда) шаклида қараш зарурлигини таъкидлайдилар. Лекин Жомийнинг ўзи “Хирадномаи Искандарий” хотимасида ўз асарини “Панж ганж” деб атаганлиги учун Жомийни “Хамса” яратган ижодкорлар қаторига киритиш тўғрироқ бўлади.

Абдураҳмон Жомий “Хамса”сининг биринчи достони “Туҳфату-л-аҳрор” 1481 йилда яратилган. Фалсафий-ахлоқий масалаларга бағишланган бу достон Низомий “Махзану-л-асрор”ига жавоб тарзида вужудга келди. Достонлар номланишидаги оҳангдошлик, композицион қурилишдаги ўхшашлик ва қўлланилган шеърий ўлчов бу фикрни тасдиқлайди.

1482-83 йилларда “Хамса”нинг иккинчи достони “Субҳату-л-аброр” (“Яхши кишиларнинг тасбеҳи”) майдонга келди. Анъанага мувофиқ, хамсанинг иккинчи достони ишқий мавзуга бағишланиши керак эди. Лекин Жомий бу ўринда анъанадан бутунлай чекиниб, фалсафий йўналишдаги яна бир достон яратади. Лекин у биринчи достон каби 20 та мақолатдан эмас, балки 40 та бўлим – “иқд” (тасбеҳ донаси)дан иборат бўлиб, ҳар бир назарий қисмдан кейин алоҳида ҳикоят ва муножот илова қилиб борилади.

Абдураҳмон Жомий бешлигидаги учинчи достон “Юсуф ва Зулайҳо” деб аталиб, 1483 йилда яратилган. Низомий бешлигида бундай мавзу ва сюжетдаги достон учрамайди. Жомий “Хусрав ва Ширин” мавзусидаги анъанавий достон яратишдан воз кечиб, Қуръонда “аҳсан ул- қисас” – “қиссаларнинг сараси” деб таърифланган Юсуф қиссаси баёнига бағишланган “Юсуф ва Зулайҳо” достонини яратади.

Абдураҳмон Жомий “Хамса”сидаги тўртинчи достон “Лайли ва Мажнун” мавзусига бағишланган бўлиб, 1483 йилда яратилган. “Хамса”даги сўнгги – бешинчи достон “Хирадномаи Искандарий” ҳам Жомийнинг анъанага риоя этиши билан характерланади. Кўринадики, Абдураҳмон Жомий яратган маснавий-достонлар орасида фалсафий йўналишдаги достонлар етакчи ўринда туриши билан характерланар экан.

Форс адабиётида Низомий бешлигига биринчи жавоб битган ижодкор Хусрав Деҳлавий бўлса, Навоий бу вазифани туркий тилда адо этди. Навоий бешлигида хамсанависликнинг барча шартларига қатъий амал қилинганлигини кўрамиз. Чунки хамсанавислик анъанасидан бир оз бўлса-да чекиниш, туркий тилда хамсадек буюк асарни ёзиб бўлмайди деган фикрга олиб келиши мумкин эди. Навоий ўз “Хамса”си мисолида анъанавий шакл доирасида ҳам янги фикр айта олиш имкониятини, белгилаб берилган шаклларни жилвалантириш усуллари мавжудлигини кўрсатиб берди ва унинг бу асари умумжаҳон адабиётининг юксак чўққиси бўлиб қолди. Навоий "Хамса"си аждодларимиз маънавий ҳолатининг кўзгуси бўлиб, унда ўтмиш давр ижтимоий турмуши, халқ ҳаёти, урф-одатлари, дин-диёнат, ахлоқ-одоб ҳақидаги қарашлар ўз аксини топган. Навоий "Хамса"си бир-бири билан ич-ичидан мустаҳкам боғланган бешта достонни ўз ичига олувчи яхлит асардир. Буюк шоир унда замонасининг барча долзарб масалаларини қаламга олади. Мундарижавий достон бўлмиш "Ҳайрат ул-аброр"да шоир умр, унинг мазмуни, табиат, жамият ва инсон муносабатларига доир саволларни қўйса, кейинги достонларда муайян тақдирлар, воқеалар мисолида уларга жавоб беришга ҳаракат қилади. “Хамса” достонларидаги муқаддималар достонлар воқелигига шунчаки анъанавий кириш қисми бўлмай, балки достонлар мундарижаси учун очқич вазифасини ҳам ўтайди. Шу маънода муқаддималарда келтирилган фикрларга алоҳида эътибор бериш достонлар тагзаминида яширинган рамзий маъноларни очишга ёрдам беради. Айнан муқаддимада буюк мутафаккирнинг олам ва одам, табиат, кишилик жамияти, умр ва унинг мазмуни ҳақидаги фалсафий-ахлоқий қарашлари, ижодкор сифатидаги буюк салоҳияти у қўллаган бадиий тимсоллар, ташбеҳу тамсиллар воситасида бутун бўй-басти билан намоён бўлади.

Ўзбек мумтоз адабиётининг чўққиси бўлган Алишер Навоий “Хамса”си жаҳон адабиётининг ноёб ва ўлмас дурдонасидир.


АДАБИЁТЛАР:

1. Абдуғафуров А. Буюк бешлик сабоқлари. – Т.: Адабиёт ва санъат, 1995.

2. Ҳайитметов А. Темурийлар даври адабиёти. – Т.: Фан, 1996.

3. Исҳоқов Ё. “Хамса” поэтикасига доир //Ўзбек тили ва адабиёти.- 1986.-№ 1.

4. Алиев Г. Ю. Темы и сюжеты Низами в литературах народов Востока. – М.: Наука, 1985.

5. Валихўжаев Б. “Хамса” ёзиш анъанасига Алишер Навоийнинг муносабати // Ўзбек тили ва адабиёти.-1990.- № 1.

6. Эркинов А. С. Алишер Навоий “Хамса”си талқинининг XV-XX аср манбалари. Филол.фан.докт.дисс... – Т., 1998.

7. Юсупова Д. Алишер Навоий “Хамса”сида мазмун ва ритмнинг бадиий уйғунлиги. – Тошкент: МУМТОЗ СЎЗ, 2011.

8. Навоийнинг ижод олами (мақолалар тўплами). Т .: Фан, 2001.



[1] Аслида бундай номланиш ҳам нисбий бўлиб, бу ўринда фақат бизгача етиб келган достонлар ва улар ҳақидаги адабиётшуносликда мавжуд маълумотларга таянилди.

Дилнавоз Юсупова