Алишер Навоийнинг туркий халқлар маънавий хазинасига қўшган ҳиссаси беқиёс. У зотнинг яратган шоҳ асарлари инсоният руҳий-маънавий дунёси намояндалари Жалолиддин Румий, Ҳофиз Шерозий, Данте, Вильям Шекспир, Лев Толстойлар ижод намуналари билан бир сафда туради. Агар қиёсласак, баъзи ўринларда Алишер Навоий асарларидаги юксак гуманистик ғоялар ифодаси “классик” дея эътироф этилган кўплаб Ғарб адиблариникидан кўра устунроқ эканлигига гувоҳ бўламиз. Шу маънода мустақил мамлакатимиз ёшларини баркамол инсон қилиб тарбиялашда ҳазрат Навоий асарлари муҳим аҳамият касб этади. Умуман, Алишер Навоий барчамизни руҳий поклашга, маънан юксалтиришга қодир безавол маънавий қудратдир.
Истиқлолгача бўлган даврда Алишер Навоий ижодига нисбатан тор маънода ёки сиёсийлаштирилиб ёндашилганлиги бугун сир эмас. Шоир асарларининг нотўғри талқинлари, уни динга салбий муносабатдаги шахс сифатида тасвирлашга уриниш, тадқиқотларда Навоийнинг ижодий фаолиятидан кўра ижтимоий ва сиёсий ишларига урғунинг қаратилганлиги халқимизнинг буюк маънавий меросдан узоқ вақт бебаҳра қолишига сабаб бўлди. Мустақиллик шарофати билан аллома ижодкорнинг асарлари кенг миқёсда ўрганила бошланди, ҳазрат Навоий ҳақида биз билмаган кўплаб ҳақиқатлар рўёбга чиқди, шоир асарларидаги дунёвий ва илоҳий ғоялар ва бадиий маҳоратга оид масалалар ҳар томонлама тадқиқ қилишга киришилди. Юқорида таъкидланганидек, мутафаккир шоирнинг ижодини ўрганиш ва ҳис қилишга барчамиз эҳтиёжмандмиз, демак, бу хайрли ишларни келажакда яна катта ҳафсала билан давом эттиришимиз керак.
Гарчи бугунги кунгача буюк шоир ижодига бағишлаб монография, илмий тадқиқотлар кўплаб эълон қилинган бўлса-да, турли қўлланма ва дарсликларда Навоий ижодига анчайин кенг ўрин берилса-да, Алишер Навоий ижоди яхлит қўлланма шаклида тақдим этилмаган эди. Шу маънода Д. Юсупованинг мазкур ишига навоийшуносликдаги илк тажриба сифатида ёндашилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Мазкур қўлланма Алишер Навоий ҳаёти, навоийшуносликнинг шаклланиши, ривожланиши ва шоирнинг ижодий мероси таҳлил этилган мавзулар ҳамда шу мавзуларни жадвал, чизмаларда акс эттирган икки йирик қисмни ўз ичига олади. Замонавий педагогик тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, талабага мавзуларни кўргазмали тарзда мультимедиа ва компьютер технологияларидан фойдаланиб тушунтириш кучли ижобий самарага эга. Қўлланманинг иккинчи қисмидаги жадвал ва чизмалардан айнан кўргазма, слайдлар тайёрлашда фойдаланиш мумкин.
Қўлланмада мустақилликдан кейинги Алишер Навоий асарлари талқинларида диний ва сўфиёна ёндашув, айни пайтда, турли ёндашувларнинг комплекс ҳолда, бир-бирини инкор қилмаган ҳолда олиниши алоҳида эътиборга молик жиҳатлардандир. Алишер Навоийнинг лирик мероси, хусусан, шоирнинг форсий шеърияти билан боғлиқ таҳлиллар, “Хамса” таҳлилида бешликдаги ҳар бир достон кириш ва хотима қисмларининг алоҳида кўриб чиқилганлиги, “Лисону-т-тайр” достонининг ғоявий-бадиий хусусиятлари борасидаги қарашлар, Алишер Навоийнинг ёдномалари, адабиётшунослик, тарих ва тилшуносликка, ислом фиқҳи ва тасаввуфга оид асарлари таҳлили қўлланманинг илмий қимматини оширган.
Умуман олганда, ўзбек мумтоз адабиёти тарихининг Алишер Навоий даврига бағишланган мазкур қўлланма ўзининг фактларга бойлиги, ўқувчига янги маълумотларни бера олиши, содда ва тушунарли услуби билан нафақат талабалар, балки соҳа мутахассислари, кенг аудитория вакилларининг қизиқишини уйғотишига умид билдирамиз.
Афтондил ЭРКИНОВ,
филология фанлари доктори