Мураббий

Заҳириддин Бобур Навоий ҳақида сўз юритганда жуда кўп сифатлари қаторида битгасига — тарбия ва мадад берувчилигига алоҳида диққатни қаратган эди:
«Аҳли фазл ва ҳунарға Алишербекча мураббий ва муқаввий маълум эмаским, ҳаргиз пайдо бўлмиш бўлғай».
Бобурнинг ўзи шу ердаёқ буни тасдиқ этувчи қатор мисоллар келтиради. Дарҳақиқат, миллатнинг равнақ-камолини, шаъни-шарафини таъмин этувчи истеъдодларни тарбиялаш, уларга ҳомийлик қилиш чиндан улуғ ишдир. Бироқ барча буюк санъаткорлар сингари Навоий ҳам бу билан чекланмади. Элнинг, жамиятнинг мураббийси да-ражасига кўтарилди. Асарлари билан бутун-бутун авлод-ларни инсонларча яшашга ўргатди. Инсоният фарзанди бўлиб тарихга кирди. Юзаки қараганда, шоир асарлари замонасидан узоқдек, унда XV асрнинг акс садолари йўкдек. Лекин синчиклаб разм солсангиз, даврнинг бутун тўфонлари қатқатига сингиб кетган. Маъни-мақсад эса шарқона лутф-тавозега, сирлилик пардасига ўралган. Улар худци сеҳргарнинг тилла сандиқчасига ўхшайди. Очаверасиз, сандиқча ичи-дан сандиқча чиқаверади. Бордию, уларнинг ҳаммасини очишга куч ва иродангиз етса, энг сўнггиси ичида ўз қудратини, бурч-моҳиятини англаётган инсоннинг қандайдир мавҳум эмас, худди ўша Навоий замондошининг «мояи дард»и беркитилган бўлиб чиқади.
Букун аҳли жаҳондин хастахотирмен, жаҳондин ҳам,
Демон аҳли жаҳон бирла жаҳон, биллаҳки жондин ҳам,
— сатрларидаги «жон» (лирик қаҳрамон)нинг «жаҳон» (замон) ва «аҳли жаҳон» (замондошлар) билан бундай низоси са-бабларини давр ҳодисаларисиз тушунтириб бўлмас. Достонлари-чи?!
Бир томонда шоҳ — жамият пиллапоясининг энг олий мақомида турибди. Иккинчи томонда эса гадо — энг хор, энг ҳақир. Лекин шоир наздида, гадо шоҳцан афзал. Аслида чинакам шоҳ — гадо, фақат угина ҳамиша ўз ихтиёрида, ҳамиша эркин, ҳеч ким, ҳеч нарсага муте эмас. Шоҳ эса, мансаб-мартаба қули, тама гадоси. Бу ҳозирча, умумий қараш. Муқояса тафсилга кўчади, баҳо, муносабат пайдо бўлади; халқнинг молини эмас, йўқ, ҳатто бир синиқ игнасини бағрингни ёрувчи олмос бил. Халққа бир кичик ришта (ип) етказсанг, қатлингга бир илон ҳисобла. Лекин сен нималар қилмоқдасан?!...

Шоир масалани мана шундай қўйган эди.
Фарҳоднинг тарбиясига оид бобларни эслайсизми?

Шаҳзода балоғатга етди. Замонасининг бор илм-фанини эгаллади, ҳунарини ўрганди, лекин ой-кун сайин ғам-андуҳи ортиб борди. Тилаб-тилаб зўрға етган яккаю ягона фарзандининг бу аҳволидан хоқон ташвишда. Ўйлаб-ўйлаб тахтни инъом этсам, зора салтанат ташвишлари билан хаёли ёзилса, ғами тарқаса, деган фикрга келади. Ота ва фарзанд, шоҳ ва шаҳзода ўртасидаги бу суҳбат-баҳсда қанчалар ибрат-маъно бор. Ота ғоят назокат билан фарзандсизликнинг узоқ, аламли йилларини тилга олади, зимистон ҳаётини Ҳақ таоло у билан ёритганига, тилагига еткурганига шукрона айтади. Шундай ўғил билан ифтихор этажагини билдиргандан сўнг мақсадга ўтади. Узоқ далолат, тимсоллар билан кексайиб қолганлигини, кўнглида биргина армон келаётганини, кўзи очиқлигида ўғлини ўз ўрнида - тахтда кўриш эканлигини маълум қилади:

Манга шаҳлиқда қуллуқ ҳам қил эмди,
Атолиқ ҳам ўғуллуқ ҳам қил эмди.

Бунда ҳасрат ҳам йўқ, буйруқ ҳам. Фақат орзу бор. Комил фарзандни ўз ақли-иқтидорига муносиб ҳолда кўриш иштиёқи бор.

Фарҳод ҳам ақл ва мантиқ, эҳтирому эътиқод барқ урган жавоблари билан хоқоннинг кўнглига қанчалик ифтихор туйғусини солса, шунчалик безовталик ҳам олиб киради. Ота яна мурожаат қилади...

Бу муомала-муносабат бутун умри ўғилларига қарши кураш билан кечган Ҳусайн Бойқаро салтанатига, отаси тириклигидаёқ ўз номига хутба ўқитиб, пул зарб қилган Бадиуззамонга киноя эмасми?! «Сабъаи сайёр»нинг хотимасини эсланг. Шоир туш кўрганмиш. Уни шоҳ Баҳром сўратибди. Бағрига босиб зарра қадрини қуёшга етказибди. Шаҳаншоҳ тарихини пухта ўрганиб, сўна бошлаган овозасини қайта тиклагани, «қиссани ҳарфи-ҳарфига етиб» ёзгани учун миннатдорчилик билдирибди. Ва гап сўнгида «чархи сарир» Султон Ҳусайннинг кўп томонлари ўзига ўхшаб кетишини айтибди ва тақциридан хавотирини маълум қилибди.
Баҳром ким эди?
Бадиий адабиётдаги Баҳромнинг энг муҳим хусусияти маишатпарастлиги, айш-ишратга ўчлигидир. У ҳақдаги достонларнинг ҳаммаси марказий қаҳрамоннинг ҳалокати билан якунланади. Жумлацан, Навоийда улкан шикоргоҳ -«фалаквор марғзор»даги овда жала-ёмғиру беадад ов, қўшин туёқлари остида эски ботқоқнинг кўзи очилиб, Баҳром ва унинг атрофидагилар чўкиб кетадилар. Уларни ер ютади.
Қиёс учун Бобурнинг Ҳусайн Бойқаро ҳақидаги қайдларидан келтирамиз:
«Ҳеч кун йўқ эдиким, намоз пешиндин сўнг ичмагай... ўғлонлари ва жамъи сипоҳиға ва шаҳриға бу ҳол эди. Ифрот била айш ва фисқ қилурлар эди... кичиклардек қўчқор сахлаб, кабутар сахлаб, кабутар ўйнар эди, товуқ ҳам урушқа солур эди...
Султон Ҳусайн Мирзодек улуғ подшоҳ, Ҳиридек ислом шаҳрининг подшоҳи бу ажабтурким, бу ўн тўрт ўғлидин учи валадуззино (қонунсиз) эмас эди. Фисқ ва фужур ўзида, ўғлонларида ва эл-улусида асру шойиъ эди. Ушбуларнинг шоматидини эдиким, мундоқ хонвода (сулола)дин етти-саккиз йилда бир Муҳаммад Замон Мирзодин ўзга осор ва аломат қолмади».

«Ҳарроф ва хушхулқ» (Бобур), танти, чапдаст қиличбоз, «табъи назми» етарлик соҳибдевон шоир, форсий тил ҳамма соҳада устувор турган бир шароитда фармон билан туркий тилга юксак мақом берган Ҳусайн Бойқародай бир подшо учун бу нуқслар катта айб эди, албатта. Лекин буларни унга энг яқин, энг ишончли бир киши - «амирул муқарриб» Навоий томонидан гоҳ ишора ила, гоҳ ошкор айтилиши элпарварлик, юртпарварликка қанчалик ўрнак бўлса, касоратга ҳам шунчалик тимсол эди.
Алишер Навоий ижоди муайян давр, авлод доирасида қолмаган, барча замонлар, авлодлар, халқлар интилиш-орзуларига ҳамоҳанг бўла олган ҳодисадир. Унинг инсониятни яхлит бир силсила тарзида талқин қилувчи, унинг ҳар бир ҳалқаси собиту мустаҳкам бўлишини чин дилдан орзулаб, ўзаро бирдамликка, ҳамкорликка чорловчи:
Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизғаким, эрур ёрлиғ иш, —
деган сатрларидаги маъно эскириши мумкинми?!

Шоирнинг:
«Сўзчи ҳолин боқма, боқ сўз ҳолини,
Кўрма, ким дер они, кўргилким на дер, —
деган сатрлари, назаримда, бугун учун ёзилгандек.

Яна бир гап.
Шеър ҳамиша куй, мусиқа билан ёндош келган. Истеъдод билан ёзилган ҳар қандай шеър ўқувчига, албатта, таъсир қилади. Лекин у мусиқа билан қўшилса-чи? Ларзага солади. Таъсири ўн чандон ортади. Мумтоз шоирларимизнинг кўпчилиги мусиқа билан шуғулланганларки, бу бежиз эмас. Улуғ Навоий ҳам, табиийки, бундан мустасно қолмаган. «Яна мусиқида яхши нималар боғлабтур. Яхши нақшлари ва пешравлари бордур», — ўқиймиз «Бобурнома»да. Шу жиҳатдан улуғ шоиримизнинг тахаллуси чиндан ҳам сермаъно.
Афсуски, шеър билан мусиқа ҳамкорлигидаги бу яхши анъана, яъни ҳар бир шоирнинг мусиқа назарияси ёхуд амалиёти билан шуғулланиш ҳодисаси бугунги кунда йўқолиш даражасига етди. Шу ҳақда гап кетганда, хонанда дўстларимиздан бири гапириб қолди.
—    Сиз уни айтасиз, неча минг йиллик мусиқа маданиятимиз йўқолиб боряпти-ку!
Дарҳақиқат, ўзини маданиятли ҳисоблайдиган бугунги зиёлиларимизнинг неча фоизи «Дугоҳ»ни «Сегоҳ»дан, «Бузрук»ни «Рост»дан фарқларкин?! Юқорида тилга олинган «нақш» билан «пешрав»ни қўя турайлик. Умуман, уни ҳис қиладиган, завқ оладиган кишилар адади-чи?
Тўғри, ўтган 70 йилнинг энг катта хатоларидан бири «эски турмуш»га қарши кураш байроғи остида ўтмиш маданиятимизнинг қанчадан-қанча дурдоналари барбод қилингани бўлди.

Хаёлимдан республикамиз радиоси қошидаги академик Юнус Ражабийнинг ғайрат ва ташаббуси, фидойилиги билан майдонга келган ва бугун унинг муборак номини олиб келаётган мақомчилар ансамбли ўтди. Биз уларнинг қадрига етяпмизми? Асрий маданият билан бугунги кунни улаб бераётган, халқимизнинг унут бўлаёзган куй-қўшиқларини, оҳангларини биттама-битта териб ўрнига қўяётган бу санъат фидойиларининг қилаётган ишлари кўпчиликка етказиляптими?

1991 йил
Бегали Қосимов