(кулги ҳикоя)
Кеч қолган бозорчилардан бир тўдаси отларига шўх-шўх қамчи бериб кўчадан ўтгач, камқатнов кўчанинг кўпда увалиб егмаган йирик чанглари ҳар томонни булутдек босди. Шундан кейингина масжид жиловхонасида ўлтурганлар кўзларини юмдилар. «Туркистон вилояти газети»ни уларга ўқиб бераётган Мулла Шамсиддин ҳам кўзини юмуб, газет билан бетини тўсди.
- Ҳа, ивирсимай ўлсин, қишлоқи, - деди у. - Номозшом бўлганда бозордан қайтаётир...
- Кеч қолгандан отга шошилиб қамчи беришини кўринг, - деди яна битта чол.
- Битта-битта юрса ҳам бир нави эди, ҳаммаси балодай тўдалашиб юради тағин.
Сўфининг шу сўзларидан кейин чанг бир оз тарқала тушиб, яна мирзанинг газет ўқуған овози чиқди.
Газетнинг энг қизиқ хабари Маскавдаги Виставка тўғрисида эди: у виставкага Санкт-Петербург шаҳридан оқпошшонинг ўзлари келар эмиш, виставкада ўз ҳунарини кўрсатган ҳар бир фуқаросига шоҳона инъомлар берар эмиш.
Дурадгор уста Тўхташ гараниш (пристуф) маҳкамасининг мирзаси бўлган Мулла Шамсиддинга юзланиб, виставкага аралашув тўғрисида маслаҳат сўради. Пияниста Шамсиддин негадир отахонлар муомаласини қилиб, уста Тўхташнинг виставкага атаб тайёрлайтурған муюмини ўз қўли билан пўчтага топширишга ваъда қилди. Шомга азон айтилгач, эрмакли қарашлар остида мачитга кираётган уста Тўхташнииг юзларида қунт қилган одам ҳалитданоқ ўюнда ютиб чиққан қиморвознинг нашъасини кўрарди...
Бир ҳафта ўтмасдан ичига каттакон бир ёғоч кавуш солинган иосилка - пўчта орқали - Маскавга жўнаб кетди. Ёғоч кавушни аслига қараганда икки-уч баравар зўр қилиб тайёрлаган ва бир пойининг бир ёғини елим билан наридан-бери ёпиштириб қўйган устанинг ўз дидлари ва чўтлари, шунга яраша умидлари бор эди.
«Оқпошшо кўради, - деб ўйлаган эди у. - Бу мамлакатдаги фуқароларнинг мунчалар йўғон оёқли бўлишидан қотиб-қотиб кулади. Эҳтимол, кийиб кўргиси келади. Кийиб кўради. Бир-икки қадам босар-босмас «тап» этиб йиқилади. Бир кулги беради... Шундан кейин инъом кавушнинг ўзидан ҳам катта бўлади».
Уста Тўхташнинг қора бахтига оқпошшонинг ўзи келмади. Ўз ўрнига аллақандай бир аъён (сенатор)ни юборади. Аъён ёнида Маскав губернатўри ва бошқалар бўлгани ҳолда виставкани қараркан, Туркистон бўлимида уста Тўхташнинг ёғоч кавшига хам диққат қилди:
- Нима бу? Калўшми?
- Шундай, тақсир. - деди бўлим бошлиғи.
- Аъло ҳазратнинг Туркистон ўлкасидаги қайси фуқаролари мунча зўр кавуш кияр эканлар?
- Сартлар бўлса керак, тақсир...
Аъён кулди:
- Сартларнинг оёқлари мунча йўғон бўлса, ўзлари қандай келар экан? - деди.
Кавушни олиб кўрди: анча оғир эди. Яна сўради:
- Бунинг саноатда аҳамияти қандай? Бизнинг «правўдник» калўшлари билан рақобат қилоладими?
Бўлим бошлиғи жавоб берди:
- Туркистонда бизнинг калўшларни туб жой халқ сира киймайди. Қишда ҳам мана шуни кияди...
- Ундай бўлса, ички Русиядаги саноат шаҳарларидан бирида шу калўшга атаб катта бир завўд очиш масаласини кўтарингиз. Ватандош саноат ривожлансин.
- Жуда яхши бўлади, - деди Маскав губернатўри, - ўрмонга бойроқ шаҳарларимизнинг бирида очайлик...
Аъён кавушни ҳали ҳам қўлида айлантиргани ҳолда:
- Буни кийиб кўрсататурған биронта одам йўқми? - деб сўраб қолди. Бу савол чақмоқ тезлиги билан бир неча оғизда такрор қилингач, бурун Туркистонда ишлаган аскарий тўралардан бири олдинга чиқди:
- Мен биламан, тақсир...
Катта аъёнларнинг мароқли назари олдида бу кичкина тўра қаддан ташқари зўр ва қўпол кавушни кийиб бир-икки қадам босар-босмас шоп-шалоплари билан гулдираб ерга йиқилди ва ҳамманинг тортинчоқ кулиши остида залдан чиқиб кетди.
Шунда қари аъён Маскав губернатўрининг қулоғига уста Тўхташга тегишли инъомни эшитдирган эди.
Шоҳона инъомни Маскав губернатўри Туркистон губернатўрига, у вилоят ҳарбий губернатўрига, у, ўз навбатида, уезд ҳокимига, у эса ярим кечага яқин телефўн билан иккинчи даҳа приставига эшитдирди. Бемаҳал уйқудан уйғотилиб уста Тўхташнинг уйига юборилган Жалол миршаб устанинг эшигини синдиргудай бўлиб тақиллатди. Устадан бурун қўни-қўшнилар уйғониб чиқдилар.
Уста Тўхташ кеча ярмида миршабни кўргач қўрқиб кетди.
- Севинчини катта беринг, уста, - деди Жалол миршаб. - Оқпошшонинг инъомини келтирдим!
Шундан кейин уста Тўхташ ваҳимаси босилиб, юзида ҳайрат аралаш бир севинч ҳосил бўлди. Лекин боши ҳали ҳам гаранг эди. Устанинг ёнидан бор пулини (олти тангани!) қоқиб олгандан кейин, Жалол миршаб унинг қулоғига эгилиб деди:
- Хизматингиз оқпошшога жуда маъқул бўлиб, сизга «испасиба» айтиб юборибдилар!
Уста Тўхташ миршабни жўнатиб, ташқарининг эшигини занжирлаб ичкарига кираётган вақтда кўзига бутун дунё қоронғи эди. Бунинг устига ичкарида тўполон бошланди. Оқпошшонинг инъоми келганини эшитган хотинлар (устанинг онаси ва хотини) талашиб, нари-бери гапга бориб қолдилар. Уста соқов сингари тилини сўзсиз қалдиратгани ҳолда икки аёлни мушт дўлайиб зўрға тинчитди.
Эрта билан гузардан йўлкирага лойиқ пул топиб, вилоят марказига келган уста Тўхташ вилоят губернатўрининг муовини томонидан қабул қилинди. Устанинг тилини ундан яхшироқ билатурған бу одамга Тўхташ арзини қисқа қилди:
- Тақсир, Оқпошшонинг бу катта инъомлари мендак фақир одамга оғирлик килиб қолди... Шу учун сизга олиб келдим...
Уста амалдор бу нозик пичингни англади ва таъсирланиб кулгани ҳолда «икки юз сўм берилсин» деган мазмунда бир фармойиш қоғозчасини уста Тўхташнинг қўлига узатди.
Катта инъомни катта амалдорга қолдириб, икки юз сўм пул билан юмшоқ вагўнда ўз шаҳрига қайтаётган уста Тўхташ шу топда товуқ катаги бўлиб турган ёпиқни даранглаган бир уйга айлантиришга қатъий қарорини берган, фақат кимнинг қизига совчи қўйишини билмай ҳайрон эди...